Дилнавоз Қўлдошева. Шеърлар

 

Мана шу қиз келажакда Ўзбекнинг энг буюк шоираларидан бирига айланади.Бундай ёрқин истеъдод эгалари ер юзига ҳар доим ҳам келавермайди.Илоҳим, Дилнавоз Қўлдошеванинг истеъдоди Ника Турбина ижоди каби бевақт сўнмасин.

 

Холдор Вулқон.

 

 

 

16.04.2013

 

Дилнавоз Қўлдошева — 1990 йил 28 мартда Фарғона вилояти Охунбобоев туманида туғилган. Ижод намуналари республика ва вилоят матбуотида мунтазам чоп этилади. 2008 йил Ёш ижодкорларнинг “Зомин” семинарида “Юксак бадиияти учун” номинацияси ғолиби бўлган. “Келажак овози — 2008” кўрик танловининг шеърият йўналишида 1-ўрин соҳиби. 2007 йилда унинг “Ҳайратлар ашъори” номли илк шеърий тўплами нашр этилган.

 

 

ҚАЙТИШ

 

I

 

Куз сиртмоқ солади эски йилларга,

Кузакнинг бошида ҳасрат рўмоли.

Соялар суяниб қолган йўлларга,

Хазонлар буйнида йиллар малоли.

 


Дақиқалар шомнинг сўнгги маҳбуби,

Титроғи улғайди ғамгусорларнинг.

Япроқлар пинжида кузнинг мактуби,

Эртаги тугади майсазорларнинг.

 


Хазонрез битиклар ёнар йўлакда,

Кетдим. Кузакларнинг кўзидан тониб.

Бир кун ҳузурингга олов куйлакда

Ловуллаб қайтаман куз каби ёниб.

 

 

Куз сиртмоқ солади эски йилларга…

 

II

 

Куз каби ловуллаб қайтдим бу кеча,

Қаро сочларингнинг қораларига.

Охир сингияпман тирноғимгача,

Туташ қошларингнинг ораларига.

 

 

Илинж парчалайди тун бўйи маҳзун,

Ғамларингнинг азал ғамхонасини.

Фаришталар бекам супурар ҳар тонг

Бокира лабларинг остонасини.

 


Кифтингга юрагим опичлаб қўйиб,

Ўзим қароғингда муаллақман, жим.

Мени кўзларингнинг зарбидан асраб,

Кипригингга илиб қўйганми тангрим.

 


Мен ўзим ўзимни ўғирлаб қўйиб,

Худодан ўзимни тилаб оламан.

Магар кипригингдан тўкилиб кетсам,

Бу кеч кўзларингда тунаб қоламан.

 


Куз каби ловуллаб қайтдим бу кеча…

 

 

ШОИР ЮРАГИ

 


Чуқур хўрсинади қадимий чинор,

Борлиқ нажот излар бу зерикишдан.

Беҳоллик ҳукмрон, қалқимоқда тун,

Гўё тўкилгуси бир энтикишдан.

 


Тун сиқиб боради куюк кўксини,

Сўқмоққа гард юққан рангларин тўшаб.

Дарахтлар ҳадикда туради ҳамон,

Юрагин олдирган майсага ўхшаб.

 


Олмазорлар титрар, қақшайди айвон,

Сўник шамчироғда парвоналар жим.

Эшиклар зирқираб кетади бирдан,

Остонада сукун йиғлар бетиним.

 


Тўзғиб-тўзғиб кетар ойнинг сочлари,

Ҳатто қулоқ илмас гўдак йиғисин.

Борлиқ кўз қадаган кўҳна кулбага

Лаҳзалар англамас фурсатнинг тиғин.

 


Дарахтзорлар шошиб қолар дуога,

Сукунат бехато, илинж дарбадар.

Мудроққа имконсиз қадим кенгликлар,

Тупроқлар уйғоқдир пойгакка қадар.

 


Юлдузлар доялик қилар тонггача,

Тонггача лаҳзалар кутади сергак.

Тун бўйи тўлғоқдан қийналади жон,

Тонгда туғилгуси бокира юрак —

 


Бу шоир юраги… шоир юраги!

 

 

 

ҚИШЛОҚ ТУЙҒУЛАРИ

 

 


Қишлоқда ўксимас эски деворлар,

Овулнинг омонат кулбаларидай.

Ялпизлар елларга айтмиш алёрлар.

Булоқлар — қишлоқнинг телбаларидай.


Кўксида соғинчнинг кўлкасин тортар

Оғочга бошини тутган шамоллар.

Қадим дийдорларни ғижимлаб ётар

Тутзорда илиниб қолган рўмоллар.


Ҳадик ўрлаб кетган кекса жийдазор

Йиллар томирига тугар имконин.

Эҳсон тилаб, тонгнинг дийдасига зор,

Малаклар қоқ тунда титкилар жонин.


Тонгни алқаганча дил туюмлари,

Поклик сиёҳига бурканиб олган.

Фаришталар кўчиб кетмаган асли,

Лайлаклар инига беркиниб олган.


Туйнуклар оралар ҳислар ловуллаб,

Айвонда жайдари лаҳжалар қотар.

Кўнгилда қишлоқнинг ялпизи гуллаб,

Қишлоқ туйғулари гуркираб ётар.

 

ИҚРОР

 


Ўз сўзим оқлайди ўзимни бир кун,

Кўзимда ҳайратдан улуғ бир нишон.

Саросар туманлар тарқайди ҳали,

Шовуллай бошлайди томирларда қон.


Шунда тенг бўлгуси ёниш-тонишлар,

Бир кун хатолардан берилар имкон.

Сочларимнинг ғамнок толаларидан

Шундай бахтлар ясаб бергайдир ҳоқон.


О, дил қўрғонига қайтган сатрлар!

Турибмиз йилларнинг кафтига тўлиб.

Биз яшаймиз энди кечанинг эмас,

Бугуннинг, эртанинг юраги бўлиб.


Саросар туманлар тарқайди ҳали,

Шовуллай бошлайди томирларда қон.

 

 

ВАҚТ

 

 

Синиқ кўзалардан симирар гулоб,

Тунда майсагилам тўқиган ҳурлар.

Тонгни қучоқлаган гўдакдай юмшоқ,

Мўрили кулбага шамол урилар.


Эски деразанинг тирқишларидан

Сизиб кирди яна оғироёқ тун.

Ташқарида хира кўзойнак тақиб,

Мук тушиб ўтирар шамолранг сукун.


Туйнукка тўкилса ой гажаклари,

Гуллар яралгуси қадимий сирдан.

Яккаш лаҳзалари хиромлар этса,

Ҳаволар рангланиб кетади бирдан.


Фонус кўтарганча ўз овулида

Қирларда мезбонлик қилаётир бахт.

Борлиқни қировлар кифтига юклар

Қамарий тунларни туғаётган вақт.

 

* * *

 

Сўқмоқларнинг белида белбоғ,

Базм қилмиш майсалар гўё.

Илдамласа еллар шивири,

Ўзин қайта кашф этар дунё.


Ғийбатлашиб қолса япроқлар,

Таваллолар ётар сўқмоқда.

Хазонлар ҳам кетса суприлиб,

Ғийбат қолар ҳорғин тупроқда.


Сукунат ҳам бахтга илашиб,

Борса келмас манзилдан қайтар.

Ёстиғига яшириб тушин,

Теракзорлар сўнгги сўз айтар:

Тонг яқин…

ҚАЙТИШ

 

I

 

Куз сиртмоқ солади эски йилларга,

Кузакнинг бошида ҳасрат рўмоли.

Соялар суяниб қолган йўлларга,

Хазонлар буйнида йиллар малоли.


Дақиқалар шомнинг сўнгги маҳбуби,

Титроғи улғайди ғамгусорларнинг.

Япроқлар пинжида кузнинг мактуби,

Эртаги тугади майсазорларнинг.


Хазонрез битиклар ёнар йўлакда,

Кетдим. Кузакларнинг кўзидан тониб.

Бир кун ҳузурингга олов куйлакда

Ловуллаб қайтаман куз каби ёниб.

Куз сиртмоқ солади эски йилларга…

II

 

Куз каби ловуллаб қайтдим бу кеча,

Қаро сочларингнинг қораларига.

Охир сингияпман тирноғимгача,

Туташ қошларингнинг ораларига.

Илинж парчалайди тун бўйи маҳзун,

Ғамларингнинг азал ғамхонасини.

Фаришталар бекам супурар ҳар тонг

Бокира лабларинг остонасини.


Кифтингга юрагим опичлаб қўйиб,

Ўзим қароғингда муаллақман, жим.

Мени кўзларингнинг зарбидан асраб,

Кипригингга илиб қўйганми тангрим.


Мен ўзим ўзимни ўғирлаб қўйиб,

Худодан ўзимни тилаб оламан.

Магар кипригингдан тўкилиб кетсам,

Бу кеч кўзларингда тунаб қоламан.


Куз каби ловуллаб қайтдим бу кеча…

* * *


Тоғ хўрсиниб юборди охир,

Теран хобдан уйғонди юрак,

Тоғлар каби хўрсинмоқ керак.

 

Шавкат РАҲМОН


Тилсимлар тилимни тишласа ғамми,

Ғаммиди томирда инган имдодлар.

Жим уча бошлайди кулгунинг таъми,

Яна мажнунликка қайтади додлар.


Қиқирлаган дара, олғир сукутда

Аҳмар кўзмунчоқдан лолалар халос.

Ё, ҳайқирмоқ жоиз йилдирим каби,

Хўрсинмоқлик керак ё тоғларга хос.


Тобора беаёв тўзғийди гуллар,

Тобора афсунлар оловранг, тиниқ.

Оҳ десам, тилимга ўт қўяр тилсим

Ва тоғлардан кўчар буюк ҲАЙҚИРИҚ.

 

* * *

 

Жим яшаб бўларми, азизим ҳаёт,

Жим титраб жoн бeрган лаҳзалар каби.

Хайрият, бугун ҳам шoвқинлар oзoд,

Йўқса гулламасди фурсатнинг таъби.


Шунча йил жимликда қисқарди умр,

Шунча йил кўнгилнинг бўғзида пичoқ.

Жимгина лoвуллаб бўларми ахир,

Чарсиллаб ёнмoқнинг юки oғиррoқ.


Кузлар видo айтди, тўзғиди қoним,

Тизгинлар ёрилди силсилаларда.

Қачoн ҳикмат янглиғ шарoб ичаман

Руҳимда синмаган пиёлаларда.


Катталашиб бoрар кун сайин руҳим,

Дақиқалар ичра қўрқув тумoнат .

Хайрият, қoнимда сизади, иллo,

СЎЗ дeган энг oлий буюк жасoрат .


Ёд этсам вужуднинг далли қўлларин,

Таскинлар айтаман харoбoтларга.

Ва яна жимгина ваҳшатлар билан

Ўзликни сoтаман хаёлoтларга.


Шунча йил ўт тушди дил ва жoн арo

Сарoбдай қуриди эски қўнoқлар.

Шунча йил кўнглимни қишлoқ қилмади,

Бу сулув қишлoқлар, сулув қишлoқлар.


Жим титраб, тиз чўкмoқ нақадар oғир,

Маним руҳим oлий oмoнатларда.

Лeк ёмoн титрайман, ёмoн титрайман

Ўша энг даҳшатли сукунатларда.

ҚАДАМЛАР

 


Энг катта йўлларда санашар одим,

Энг кичик одамлар — ҳиссиз одамлар.

Эзғилар йўлларнинг юракларини

Бесамар қадамлар, саёқ қадамлар.


Ибодатда собит дарахтзорларда

Ўзин тутамларга бўлади тунлар.

Яна ўз-ўзининг исмин ахтарар

Дийдорталаб кунлар, дийдорий кунлар.


Насимлар тунайди мингинчи бора

Кузакнинг қишлоқи айвонларида.

Қайтмоқда қадимий ишқ самарлари

Хақнинг олов ютган карвонларида.

 

Шафақнинг қонига қонади осмон,

Алвонранг умрнинг телбасими ё?

Кескир нигоҳлардан асрайди кўнглин

Кўксига кўзмунчоқ қадаган дунё.


Дуогўй шомларнинг дуоларидан

Йилларнинг жонида қотмиш қароғлар.

Лаҳзалар жангидан омон чиқолган

Зафарли тонгларни қутлайди тоғлар.


Энг кичик йўлларда санайди одим,

Энг катта одамлар — ишқли одамлар.

Йўллар юрагида ростланиб борар

Музаффар қадамлар, орли қадамлар.

 

 

ВАТАННИ АНГЛАШ

 

 

Лолазорнинг шивирлаган хиромини

Менгзаб борар шаббаларнинг дудоғлари.

Қояларнинг гард юқмаган каломини

Қаршилайди тонгларингнинг сўроғлари.


Қаҳқаҳалар кўзларингда сиймоланар,

Ҳур лаҳзада ҳурриятнинг овозаси.

Яшилликлар қучиб борган кўксинг узра

Меҳмон ҳушлар дил уйингнинг дарвозаси.


О, юрагим титкилаган оқ ёмғирлар

Бўса олар ялпиз унган пешонангдан.

Кўз тушганда дийдорингни таъми келар

Йилларингни қадр этган остонангдан.


Чучмомалар эркалайди товонимни,

Кўзларимга адирликлар кўчиб келар.

Кафтим очсам, тирноғимга қадар суйиб,

Тупроғингни нафаслари қучиб келар.


Ватан, меҳр бешигингга бойланайин,

Сени алқаб, сўз излайди гул қароғим.

Нигоҳингга нигоҳларим кўчган сайин,

Остонангда кўзин очмиш қизғалдоғим,

Остонангда умр топмиш қизғалдоғим.

 

 

 

 

Манба: -Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг расмий сайти.