Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

maxresdefault (700x393, 47Kb)


Кўнглима орзулар солган қишлоғим,

Олис олисларда қолган қишлоғим.

Келиб қоларми деб ҳар саҳар ҳар шом,

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.

 


Ўзбекнинг энг ёрқин талантли, лирик шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз шеъри.

Бу шеърни халқимизнинг энг севимли ҳофизларидан бири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозов ажойиб, дардли қўшиққа айлантирган.


Қадрдон қишлоқ

 


 

Дадам раҳматли шу соҳилдаги шолипоямизда шоли экар, мен ўтин чўпларни териб, гулхан ёқиб, дадамга қумғонда чой қайнатар эдим.Кейин иккаламиз жийда соясида ўтириб, индамай чой ичар эдик.Ён -веримизда дайди капалаклар сассиз - садосиз, беғамгина учиб юрар, мен узоқ узоқларга боқиб, завқланар эдим.(Х.В.)

 

Тоска по реке

(Светлой памяти моего отца Абдусаламова Саййид Усман Али)



Освещает мне память пляшущим огнём,
Далекий костер, полыхаясь, шаля.
Помню, как с моим отцом мы вдвоем,
Работали молча на рисовых полях.

За куйганярским мостом поездов гудки,
Волна катилась на берег за волной.
Крякая торопливо пролетали утки,
Качался на ветру тростник хмельной.

Будто анекдоты рассказывал костер,
Метая искры, похожие на звезд.
На костре, словно чумазый шахтер,
Хохотал смуглый чайник до слез.


02/03/2015.
8:12 ночи.
г.Бремптон, Канада.




 

Қорадарё соҳили.Манашу кенгликларда мол боқиб катта бўлганмиз. "Мизхаппарнинг мактублари" асаридаги воқеалар, асар персонажлари Қурумбой, Мизхаппар, Мамадиёр, Йўлдашвўйларнинг кулгили саргузаштлари бир пайтлар шу соҳилда жойлашган чўчқахона харобаларида кечади.

(Холдор Вулқон)

 

Тасодифий учрашув



Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.

Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.

Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?

Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?

Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...

Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Улкан эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, олис шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.



25 апрел, 2014 йил.
Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.
Канада, Кембридж шаҳри.


Нийят



Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Тўлин ой порласа пайкалга қараб.
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.

Сокин увотларда бўзрайса фонар,
Оқшом юлдузларни бирма бир ёқса.
Оғзини ланг очиб ойдин далалар,
Ойнинг қўрғонига ағрайиб боқса.

Сувлар жилдираса, пушталар тўлиб,
Кўршапалак учса шодон, овозсиз.
Ўлтирсанг порлаган ойга термулиб.
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.

Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир – ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.



7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1 дан 56 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

Маслахат қишлоғидан оқиб ўтувчи анҳор.Болалик пайтларимиз қирғоқдан югириб келиб, бақадай сакраб, шу анҳор сувларига калла урар эдик.(Х.В.)

 

 

Маслахат қишлоғидаги бизнинг ховли.Қаровсиз қолган уйимизнинг аҳволини қаранг. Мен эккан оқ ўрик катта бўлиб кетибди.(Х.В.)

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Шахсий фикр


Сўкмак ўтганлар ишин нотовонлар расмиким...

Омон Матчон



Биламан, бугунги ўзбек ёш ижодкорлари бизнинг насихатларимизга мухтож эмаслар.Аммо бу ёзаётганларим насихат эмас, балки бир дўстона маслахат.


Ҳурматли, ёш ижодкорлар!


Ёзган асарларингиз жаҳон адабиёти ғалвирларида, инсоният тарихида мангу қолсин десангиз, асарларингизни ўткинчи, муваққат, яъний вақт ўтиши билан ўз таъсирини, мазмун - мохиятини йўқотадиган, ўзгарувчан ижтимоий - сиёсий мавзулар билан кир қилманг.


Қофияли гаплар, қора қарғиш тўла ёзғавалар хандаги, гўру кафан, доду фарёд ва ғийбатдан иборат одми, примитив сўзлар йиғиндиси ҳеч қачон санъат асари бўла олмайди.

Мангу ўлмас, боқий мавзуларда ёруғ, сувли селли асарлар ёзиб қолдирмоғимиз керак.

Айтилавериб, ёзилавериб увадаси чиқиб кетган сийқа гаплар дидли ўқувчининг медасига тегади ва ғашини келтиради ва ё кулгисини қистайди.Ўз шеърида ҳали биров ишлатмаган янги ташбеҳлар билан инсонлар шуурида ҳайрат уйғота олган ижодкоргина ҳақиқий шоир ҳисобланади.

Ким билади, балки қофияли гаплар ва енгил - елпи лапар ёзиб юрган, адабиётимиз қонини миққа - миққа сўриётган каналар ўзларининг саёз ЁЗИНДИлари билан ёш авлоднинг, халқимизнинг бадиий дидини ўтмаслаштириб, туйғуларини ўлдириб, руҳсизлантириб, шуурсизлантириб, ўзлари сезмаган ҳолда ёвларга зимдан хизмат қилаётганларини балки билмаслар ва бу хатти ҳаракатлар миллат олдидаги кечириб бўлмас оғир жиноят экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаслар?

Бадиий адабиёт - бу сиёсатдан юқорида кечадиган илоҳий жараёндир.

Ҳақиқий санъат асарлари, юксак шеърият эса - инсон қалбидаги ойдин туйғуларнинг сўз ёрдамида ишланган гўзал шакли шамоилидир.

Шеър - бу ходиса ва у юз беради.Астойдил ўтириб, ўйлаб ёзиладиган нарса эмас у.Туйғу эса илоҳий. У илми ладун каби ақлга бўйсунмайди. Ақл билан ёзилган асар руҳсиз жасад кабидир.Бундай "асарлар", қофияли гаплар менда ҳам мавжуд эди.Худога шукур, мен уларнинг ҳаммасини битта битта териб, ўз вақтида ахлат қутисига улоқтирганман.

Устоз шоир Ҳамид Олимжоннинг "Ўрик гуллаганда", "Кўм -кўк" шеърлари ва "Кўлга отилган кесак парчаси каби уфқлар бир карра липиллаб қолар " дея поезд ойнасидаги оний манзарани буюк маҳорат билар акс этдирган Ғафур Ғулом шеърлари адабиётимизда ёруғ туйғу лирикасига асос солган эди.Туйғу лирикаси Рауф Парфи, Рўзимат Отаев, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон, Усмон Азим, Абдували Қутбиддин, Равшан Файз, Ҳалима Аҳмад, Азам Ўктам, Эшқобил Шукур, Зебо Мирзаева, Хосият Рустамова, ва "Икки кўзим бўм -бўш уя, Бу уяга икки севги сиғмаскуя.Оч тўлқинлар ғаюр эди, Сени еди , мени еди, Ҳайр дединг, ҳайр дедим" дея шеърлар битган Ғулом Мирзо каби қатор истеъдодли шоирларнинг шеърларида мавжудлиги ғоят қувонарли.

Биз шундай шоирларга эргашмоғимиз, лекин ўз овозимизда, ўз услубимизда куйламоғимиз даркор.

Ёш ижодкорларга яна бир муҳим маслахатим шуки, улар ичкилик кўчасига яқин йўламасинлар.Ижодкор деган дарвеш бўлади, ичкилик ичса илҳом келади, у ўз асарлари билан сиёсат майдонида жавлон уриб, курашиши керак деган кимсалар ижод аҳлининг ашаддий душманларидир.Негаки, ичкилик ижодкор ҳотирасини заифлаштириб, тафаккур кўзгусини хиралаштиради ва охир -оқибат унинг соғлигига путур етказаркан, кафангадо қилади.Ичкилик ичган ижодкор маишатнинг қулига, шиша ғарибига айланиб, ялқовланади, баракали ижод қилолмайди.Ундай "ижодкор" оила аъзоларининг боши кулфатдан чиқмайди, бири икки бўлмайди, косаси оқармайди.Ёзилган асарлар бирёқлама бўлиб қолмаслиги учун эса, миллатчилик, ирқчилик ва фанатизмнинг ҳар қандай кўринишидан узоқроқ юрмоқ жоиз.

Ҳукмдорларнинг сиёсий фаолиятидаги камчиликларни эса, фақат факт ва рақамлар билан асослаб, ҳадеб қоралайвермасдан, яхшисиниям айтиб, холисона, адолат меъзонида, сиёсий одоб ва ахлоқ нормалари доирасида, шахсига тегинмай, орқаворотдан ғийбат қилмай, тириклигида юзига айтиш санъатини ўзлаштирмоғимиз, сиёсий маданиятни ўрганмоғимиз даркор.


Устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон айтганлари каби, нотовонлардай ўтганлар ишини сўкманг.

 

Сўкмак ўтганлар ишин нотовонлар расмиким


дея ёзадилар Омон Матчон.


"Нотовон" сўзи, балки кимларгадир оддий сўз бўлиб туюлар.Аммо бу сўз замирида ҳикматли ва ибратли мазмун ётибди.

Қадим замонларда ўзгалар молига тажовуз қилган, ёки, дейлик бировни ноҳақ ўлдирган одам, ё қатл этилган, ё ундан жабр кўрган одамлар учун қозият ҳукмига кўра, катта миқдорда тавон тўлатдирилган.

Товон тўлашга арзимайдиган одам ўлса, унинг яқинларига бир дирхам ҳам товон пули тўланмаган.


Ҳудди харом ўлган хайвонга товон тўланмагани каби.

Нотовоннинг маъно -мазмуни шу.


Ўзбек халқининг донишманд шоирларидан бири Омон Матчон ўзининг Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз ғазалига боғланган муҳаммасида мана шундай улуғ ҳикматли ва ибратли сўзларни ёзганлар.


Энди марҳамат қилиб, АҚШ, Канада, Европа ва Осиёдаги мутараққай мамлакатларга қаранг.Уларнинг биронтасида ўтган ҳукмдорларини сўкадими? Сўкмайдилар.Танқид қилсалар, ҳукмдорнинг тириклигида, фақат сиёсий фаолиятини ҳолисона, шахсини тахқирламай, адолат билан танқид қиладилар.

Мен бу сўзларим билан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга адвокатлик қилмоқчи эмасман.

Ваҳоланки унинг фаолиятидаги камчиликлари ҳақида биз бугунги тили чиқиб қолган "қаҳрамонлар" дан фарқли ўлароқ, тириклигида юзига баралла айтганмиз.


Ҳа, у қаттиққўл президент эди.


Лекин у Ўзбекистонни уруш ўчоғига, қурол бозорига айланишига йўл қўймади.

Мамлакатда яхшими ёмонми, қўлидан келганича автомобил саноатига асос солди.

Тоғларни тешиб, водию вохаларимизни пойтахт билан боғлайдиган замонавий йўллар қурдирди.

Рекету қуролли тўқнашувларнинг, қонли урушларнинг, қирғин баротнинг, вайронагарчиликларнинг олдини олди.

Мен бу гапларни фақат одамгарчилик, инсоф ва диёнат юзасидан ёзмоқдаман, гарчанд экспрезидент Ислом Каримов мени ноҳақ фуқароликдан махрум этган бўлсада.

Демократия шаббодалари эса бошлаган бугунги кунларда, Ўзбекистон президенти жаноб Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга нисбатан ҳам онда сонда танқидий фикрлар билдирилмоқда.Аммо у танқидлар бир ёқлама ва ноҳолис.Масалан баъзиларнинг:

"Нега президент Мирзиёев мамлакатда фундаментал сиёсий ислохатлар ўтказмаяпти?" дейиши, худди янги экилган дарахт ниҳоли нега мева бермаяпти? - дегандай янграйди гўё.


Инсоф билан айтилса, бугун Ватанда журналистларимизнинг оёқ - қўлларидаги кўринмас кишанлар секин - аста ечилаётгандай.

Турли оммавий ахборот воситаларида ижтимоий ҳаётдаги, сиёсатдаги хато ва камчиликлар қўрқмасдан баралла айтилаётгани, кишига мамлакатимизда демократия эпкинлари эсмоқда дея хулоса қилиш хуқуқини беради.


Президент Мирзиёев мамлакатимизда бошланган демократик ислохатларни босқичма босқич ривожлантириб, ноҳақ фуқароликдан жудо қилинган Ўзбекистон фарзандларининг фуқаролигини қайта тикласа, уларни ватанга қайтарса,фундаментал сиёсий ислохатларни амалга оширса, Ўзбекистонни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқса, унинг номи инсоният тарихидаги одил президентлар рўйхатига олтин харфлар билан ёзиб қўйилади.

Мен бунга ишонаман.



16/07/2019.
11:01 дня.
Канада, Онтерио.

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ой порлаган оқшомлар

(қисса)


1 боб

Кузги дала



Холбўри 20 ёшлардаги ўрта бўйли, сочлари қора, аммо кўз қорачиқлари яшил, қирғийбурун, қалин лаблари устида мўйловлари сабза урган рассом йигит.Гарчанд рассомчилик ўқув юртларини тамомламаган эсада, у олийгохни хатм қилган тажрибали рассомлардан сира кам эмас.Холбўри мойбўёқда ҳам, акварельда ҳам бирдай, рангларни кир қилмай, табиат манзараларини қойиллатиб ишлар, биронта гўзал этюд яратиш ишқида кун бўйи жийдалар, юлғунлар ўсиб ётган дарё соҳилида, шамолларда шаршарадай шовуллагувчи толзорларда, каккулар оҳ чекаётган далалар этагида худди ўлжа излаган овчи каби этюднигини елкасига осганича дайдиб юради.Баъзан тонг саҳарда уйғониб, соҳил тамон йўл оларкан, шудрингли бедазор сўқмоқлари аро ғира - шира сўлим субҳи содиқ сукунатида бири қўйиб, бири сайраётган беданалар овозига қулоқ тутганича: - эх беданалар, муздек шудрингларни ичиб, томоқни шамоллатиб қўйибсизларку.Қаранглар, тинмай йўталяпсизлар –дея ўйлайди ва ўзича жилмайиб қўяди.Соҳилга етгач, ёйилиб оқаётган Қорадарёнинг кўзгу каби ялтираган теран ва сокин сувларига термулганича, одамлар ҳали донг қотиб ухлаётган, машиналар ва қушлар шовқини тинган тоза ҳаволи сукунатда асабларини созлайди, шу ҳолатда баланд жарликлар узра тик туриб, тонгни қарши олади.
Тонги қоронғуликда, узоқ узоқларда хўрозлар қичқиришга тушаркан, уларнинг ўткир ва ўктам овозлари олмос ойнакесгич каби тонгнинг мусаффо кўзгусини кесиб юборгандай таасурот қолдиради.
Кейин эса, осмон этаклари оҳиста оқаришиб, рангпар парқу булутлар дақиқалар ўтган сайин, оч сариқ тусга кирганича, бора бора уфқ ранги йўлбарс терисидай кўриниш касб этади.Бу илоҳий манзарани жимгина кузатиш Холбўрининг энг севимли машғулотларидан бири.
Кўп ўтмай, тонги сокинлик, теварак - жавониб қушлар сайроғидан жаранглай бошлайди.Қушлар сайроғи урилган тонг жимлиги тоғ ўнгирлари каби акс садо қайтараркан, кўп ўтмай, далалар этагидан кўзни қамаштиргувчи баҳайбат қуёш кўтарилади ва тўрғайлар шўх -шодон чийиллаб, тонги далалар устида муаллақ сайрай бошлайдилар.
Далалар узра сайраётган тўрғайлар тонги оппоқ булутларга кўринмас иплар билан осиб қўйилган қўнғироқчалардай жарангдор товушлари билан одамзод юрагини қувончга, шодликка тўлдириб тоширади.
Ҳозир "Қовункапа" қишлоғида куз кезиб юрибди.Ўтлоқларда ўт -ўланлар қувраб, қовжираб, қўнғир -қизғиш ранга кирган, пахтазорлар чаман бўлиб очилган пахталардан қордай оқариб ётибди.Далалар четидаги тут дарахтларининг, толзордаги қари бужур, букри тол ва азим адл теракларнинг барглари қахрабодай сарғайиб, махзун пичирлаб, тўкиларкан, кузнинг ўйчан шамолларида чирпираб учиб, заъфарон капалаклар галаси сингари енгил, оҳиста - оҳиста ерларга қўнар, суви қуриб қолган ариқларнинг ўзанига, дарахтларнинг ўйчан соялари акс этган кўзгудай тиниқ анхор сувларига ёғилар, йўллар ва сўқмоқлар гўё сариқ ва қирмизи хазон кўрпасига ўраниб ухлаётгандай.Ҳадемай далалар қуюқ кимсасиз сокин туманлар билан қопланади.Холбўри совуқ куз кечалари чироғи ўчирилган хонасида ётаркан, тунги далаларда, туманлар қаърида наъра тортиб, ер шудгорлаётган ёлғиз тракторнинг ҳасратли товушига қулоқ тутганича то кўзларига уйқу илингунга қадар хаёл суриб ётади.Оҳ, бу далаларни қишда кўрсангиз эди!Чирпираб айланиб, рақс тушаётган қорқуюнга термулиб, қорли далаларнинг яйдоқ кенгликларида бўғзигача қорга ботган чўкиртакларнинг, қамишларнинг совуқ изғиринда аччиқ изиллаган, ғувиллаган товушларига қулоқ тутсангиз эди.Ромга таранг тортилган мато каби оппоқ қордан тундрадай оқарган теварак атрофнинг кундуз каби ёп -ёруғлигини, машиналар шовқини тинган қорли сукунатда далалар кимсасизлигини тасаввур қилиб, лаззатланмоқ, ҳузурланмоқ бахти ҳар кимга ҳам насиб этавермас? Ҳа, ҳозир бу ерларда куз ҳукмрон. Холбўри бундай паллалар уйда ўтиролмайди.У уч оёқли этюднигини дала четига ўрнатиб олиб, қахрабо ҳазонлар ёғилаётган теракзорлар, соҳилдаги толзорлару илонизи сўқмоқлар, кузги кимсасиз дала йўлларини матога мойбўёқда акс этдириш билан банд.Ҳаво очиқ бўлгани учун узоқдаги уфқларга туташ пахта далалари ортида Тянь -Шань тоғ тизмаларининг қорли чўққилари аниқ кўриниб турар, пахтазорда одамлар эгатлар оралаб энкайганларича пахта териб юрардилар.Холбўри пахтазорлар устидан гувиллаб учаётган чуғурчуқларнинг безовта галаларига термулганича, қўлидаги мўйқалам бўёғини латтага артиб, бир зум осмонларга термулиб қолди.Чуғурчуқлар галаси ҳавода парвозини тез тез ўзгартириб, дарё соҳилидаги бошоқлари олтиндай товланиб пишган шолизорлар тамон учардилар.Бу кузги чуғурчиқ ва чумчуқларнинг улкан галалари узоқдан шамол ипларини узиб, қаёқларгадир учириб бораётган парашютларга ўхшайди.Холбўри яна этюд ишлашда давом этди.У шу қадар берилиб ишлардики, ҳатто шаҳарлик хашарчи қизнинг шундоқ ёнида туриб, яратилаётган гўзал картина эскизига ҳайрат билан тикилиб турганини ҳам сезмасди. Агар этюдга масофадан назар ташлаш мақсадида ортига тисарилмаса ва қизга урилиб кетмаса, у ҳамон ҳайратдан донг қотган биринчи тамошабиннинг келганини ҳам сезмай ишлайверган бўларди.

-Э, ахир одам деган сал йўталиб - нетиб келадида.Юракни ёрай дедингизку, оппоқ қиз -деди Холбўри, жўрттага жиддийлашиб.

-Кечиринг, рассом ака.Чизаётган картинангизга хушим кетиб... -деди қиз, айбдорларча бош эгиб, гоҳ рассом йигитга, гоҳ этюдникка ер остидан ўғринча назар ташлаганича, уялиб.

-Ҳечқиси йўқ, оппоқ қиз, хазиллашдим.Ҳавотир олманг, ҳаммаси жойида.Юрагим ёрилгани йўқ.Ишонмасангиз кўксимга қулоқ солиб, юрагим ураётганига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин -деди Холбўри самимий жилмайиб.

-Товбаааа, сиз рассом экансизда а? Далаларни, дарахтларни, тоғларни худди ўзига ўхшатиб қўйибсиз.Қандай ажойиб! -деди қиз ҳамон ҳайратини яширолмай, ҳаяжон ичра.

-Чизаётган этюдим сиздай соҳибжамол қизга ёққани учун ўзимни худди асари Париждаги Лувр музейидан ўғирлаб кетилган бахтли рассомдай ҳис қилаяпман -деб қўйди Холбўри, ишлашда давом этиб.Кейин қизга ярим ўгриларкан: -Менинг исмим Холбўри - деди у, ўзини таништириб.

-Менинг исмим бўлса Илтижо - деди қиз, уялибгина.

-Исмингиз ҳам ўзингизга ўхшаб ғоят чиройли экан.Агар камондай қайрилма қошларингиз бўлмаса, худди машҳур италян рассоми Леонардо да Винчи чизган портретдаги Монна Лизага ўхшаркансиз.Сиз билан танишганимдан хурсандман - деди Холбўри.

-Мен ҳам -деб қўйди қиз, ҳамон этюдникдан кўзларини узолмай.

-Сизни авваллари ҳеч учратмаган эканман.Кўринишингиздан шаҳарлик қизларга ўхшайсиз.Бу ёқларда нима қилиб юрибсиз, дайдиб? Ё қариндошларингизникига меҳмонга келдингизми? - сўради Холбўри, мўйқаламдаги бўёқни латтага хафсала билан артиб.

-Мен тиббиёт институтининг 3 босқич талабасиман.Курсимиз билан пахта йиғим теримига кўмаклашиш учун келдик.Биз ёрдамчи хашарчилармиз - тушунтирди қиз.

-Тушунарли -деб қўйди Холбўри.Кейин яна ишга киришаркан, давом этди:

-Эшитишимча бошига қоп кийган махсус жаллодлар пахта териш нормасини бажармаган талабаларни карнай - сурнай ва ноғораи калон садолари остида дала шийпонининг пешхорисига намоишкорона осиб, қатл қилармишлар, шу ростми? -деди у.

Бу гапларни эшитиб, қиз бўйнидаги харир рўмоли билан оғзини тўсганича, нозик елкаларини силкитиб, астойдил кула бошлади.

Кейин: -Товба, сизни рассом десам, қизиқчи ҳам экансизда а? Ҳеч жаҳонда пахта териш нормасини бажармаган талабани ҳам дорга осадиларми? -деди у, кулишда давом этаркан.

-Энди, йигит кишига етмиш хунар оз дейишадику машойихлар.Хар тўкисда бир айб деганларидай, шунақа ҳазил - мазах деса томдан ташлайдиган қизиқчилик одатим бор.Зерикмай ҳазиллашиб турайлик дедим –да, оппоқ қиз. Лекин, керак бўлса, пахта теришда сизга ёрдамлашишдан ҳам тоймайман.Ёрдамчиларга ҳам ёрдам керак ахир.Медицина тили билан айтсак, "тез ёрдам" - деди Холбўри.

-Э, Худо сақласин. Ҳеч бандани тез ёрдамга мухтож бўлгулик қилмасин -деди қиз.

-Яхши. Унда тез эмас, сал секинроқ ёрдамлашаман - деди Холбўри илжайиб.

Қиз яна кулди. Кейин худди муҳим бир нарса ёдига тушгандай, ялт этиб йигитга қараркан: -Кечирасиз, Холбўри ака, сиз одамнинг суратини ҳам чизасизми? Бизнинг шаҳарда рассомлар хиёбонларда ўтириб олиб, ўтган - кетган одамларнинг суратини чизиб беришади.Мен ҳеч суратимни чиздирмаганман.Агар сиз чизиб берсангиз, портретимни дугоналаримга кўрсатиб, мақтаниб юрардим - деди Илтижо.

-Яхши - деди Холбўри ва мато қопланган ромлардан бирини олиб, этюдникка махкамларкан, қизга қилт этмай, кулиб туришни буюрди.

-Аввал кўмир билан қоралама қиламиз, кейин... деди у қизнинг дўндиққина оппоқ юзларига, шахло кўзларига, ғунчадек лабларию, оққушникидай силлиқ бўйинларига бир зум ўйчан термулиб.

Холбўри чизишни бошлаши билан қиз лунжларини шишириб, кутилмаганда кулиб юборди.

-Ие, кулмангда.Ахир қилт этмай ўтиринг дедимку сизга -деди Холбўри, гоҳ қизга қараб, гоҳ ромматога кўз югиртириб, бадиий кўмир билан тез тез қоралама қиларкан.

-Кулгим қистаб кетяптида -деди Илтижо, яна қайта жиддийлашишга тиришиб.

Холбўри бир зум чизишдан тўхтаркан, битта оппоқ бўлиб очилган пахта чаноғини банди билан узиб, қизнинг қуюқ ва майин сочларига, чаккасига қистириб қўйди.Сўнг яна ишга шўнғиди.

Илтижо қилт этмай ўтирсада, ҳамон кўз қири билан этюдникка қараб турар, суратининг қай йўсинда чизилаётганини билгиси, матодаги тасвирга қарагиси келарди.

-Яхшилаб чизяпсизми? Яна карикатурамни чизиб қўйманг! -деди у. Сўнг сабрсизланиб: - Ҳали узоқ ўтиришим керакми? Бўйним толиб кетдику -деди.

-Ҳечқиси йўқ, сабр қилинг. Кечаси бўйнингизга тахта боғлаб ётсангиз, эрталабгача дардингиз мусаффо бўлиб кетади, Худо ҳохласа - деди Холбўри.

 

 

 

Подробнее...

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ой порлаган оқшомлар

(қисса)


16 боб

Тишсиз арра



Қиличбек Қоплонович қизи Илтижога тўйдан бир неча кун аввал шундай деб насихат қилган эди.

-Қизим, биз сени ҳеч нарсадан кам қилмай, авайлаб ўстирдик.Сен бизнинг ёлғиз, эрка фарзандимиз, кўрар кўзимизнинг нури, оқу қаросисан.Мана, вояга етиб, катта ҳаётга қадам қўйяпсан.Ўзинга муносиб, Ашрапилло деган ўқимишли, маданиятли, тадбиркор куёвни топдик.Илоё қўшганинг билан қўша қари.Ўзларингдан кўпайиб, бахтли бўлинглар.Лекин қизим бу ҳаёт деганлари жуда мураккаб жараён.У дунёда оловли лава булкиллаб қайнаб турган жаҳаннам жарлиги узра тортилган пулсирот бор деб эски китобларда келади.Билсанг, ўша қилдан ингичка, қиличдан ҳам ўткир пулсирот бу дунёнинг ўзида ҳам бор.Тубсиз ҳалокат жарлари устига қурилган, туғилишдан ўлимгача таранг тортилган бу сиротнинг номи ҳаётдир!Кимки нозик кўприкдан ўтаётиб, нотўғри қадам ташласа, ўша тубсиз ҳалокат жарлигига қулайди.Ҳам жисмонан, ҳам маънавий ҳалок бўлади.Жисмоний ҳалокат оқибатида киши нари борса, жони узилиб, оламдан ўтар.Лекин маънавий ҳалокатга йўлиқса, қалби ўлса, у абадий азоб уқубатларга маҳкум бўлади!Чунки жисм муваққат, руҳ билан қалб эса абадийдир!Бу дунёни бевафо ёлғончи дея хақоратлаш ҳам гунох!Негаки одам боласи у дунёдаги мангу ҳузур -ҳаловатни ҳам, абадий жаҳаннам азобини ҳам шу дунёда, ўзи ҳали ўлмай туриб топади, тайёрлаб қўяди.Шунинг учун бизнинг бу дунёда фақат тўғри юришдан бошқа йўлимиз йўқ.Тўғри йўлдан адашма, қизим.Борган жойингда тиниб, тинчи.Қайнона, қайнотангни ҳурмат қил!Куёвингнинг измидан чиқма.Уларга гап қайтарма.Сендан илтимосим, агар бизни рози бўлсин десанг, у оиладан бу уйга гап кўтариб келма.Чунки “деди деди” сўзлари билан оилалар вайрон бўлади.Қуда андалар ўртасига совуқлик тушади.Сенинг энг ашаддий душманинг ҳам, энг яқин дўстинг ҳам ўз тилинг.Тилга ҳушёр бўл, болам.Ёмон гаплардан, ғийбатлардан тийилиб, одамлар ҳақида фақат яхши гапларнигина гапиришни ўрган.Жон бор жойда жанжал бор дейдилар.Ҳатто подшоларнинг уйида ҳам ўзаро тушинмовчиликлар, муаммолар, оилавий можаролар бўлиб туради.Бу табиий.Ҳамма гап ўша юз бериши мумкин бўлган жанжалнинг олдини олишда, муаммоларни қизишмай, яхши гаплар билан ҳал қила билишда, муросаи мадора билан оила мувозанатини сақлаб қолишда.Жамият тинч –тотувлигини, одамлар ва халқларнинг ўзаро аҳиллигини аввало жамиятнинг энг кичик ячейкаси ва модели бўлмиш оиладан бошлаш керак, оилада аввал тартиб -интизомни ўрнатиш ва уни мустахкамлаш керак.Бу шунчаки чиройли гаплар эмас, бу ҳикмат!Мен шу пайтгача бировга насихат қилмаган эдим.Бугун сенга насихат қилмоқдаман.Чунки сен менинг жигарбандимсан.Шу гапларимни доимо ёдингда тут –деди у.Дадасининг ўша гапларини ёдида сақлагани учун ҳам Илтижо эрининг ва қайнонасининг зулмларига чидаб, тош тишлаб яшайди.Табиатан ўта жиззаки ва инжиқ қайнонаси ҳар куни нимадандир камчилик топиб, тўхтовсиз жағиллайверади, йиғлаб, қарғаб, Илтижонинг жисму жонини эговлайди.

-Э, картошканинг пўчоғини ҳам шунча қалин арчадими одам?!Кеча сиз арчган пиёз пўчоғини қайта ажратиб, бир паловга етгулик пиёз паррак йиғиб қўйдим!Ашрапилло болам бечоранинг қийналиб топганини бундай ҳавога совуриб, исроф қилаверсангиз, эртага бори буддимиздан айрилиб кафангадо бўламизку!Э, Худо!Шунақаям келин учрайдими бизга!Бою босомон, амалдор одамнинг қизи деб алданиб, қаёқдан ҳам шу сиртини силаган, молфахм қизни келин қилдима!Вой пешонам қурсин манинг, пешонам қурсииин!Ҳа, аттанга!Аттаааанг!Менинг ўғлимга кимлар қизини бермасди!Бу жодугар ўлгур онаси билан бахши пархон қилиб югириб, сеҳру жоду қилиб, охири ўғлимниям мендан совутди.Боламнинг бурнидан ип ўтказиб олди, жувонмарг.Биламан, биттани бекорга туққани йўқ бу писмиқ!Боламнинг бошини айлантириб, бор бойлигини ўзига хатлатиб, охири ўғлим иккаламизни кўчага хайдамаса гўрга эди!Э, ҳамма айб ота онада! Уйда боласига тарбия бермаса қийин эканда!Унақа одамларнинг бойлиги, гариллагани итнинг кетига!Бу яшшамагур кечаси нима билан шуғилланади билмайман, қачон қарасанг ухлагани ухлаган!Оламни сув босса, тўпиғига чиқмайди!Ҳа, келин деган саҳарда туриб, ховлини, кўчани ёғ тушса ялагундай қилиб супуриб қўймайдими!Онаси супурги ушлашни ҳам ўргатмаган эканда!Ҳамма ёқни чангитиб, шатиллатиб супириб, сотиб олганимизга ҳали бир йил ҳам бўлмаган ойим супургини асфальтга ишқаб, ейилтириб, адойи тамом қилибдия! Э бу келинмас, бизнинг оиламизни хонавайрон қилиш учун келган ёвуз душман экан! Шу зодинга ўт тушкур шумқадам келдию оиламиздан барака кўтарилди!Вой, менинг ўғлимга кимлар қизини бермас эдия!Бундай шошилмай, ҳокимлар, банкирлар ва бошқа казо казолар билан қуда анда тутинсам бўлмасмиди?! Хапгина сани!Қараб тургин!Яқинда думингни тугиб, ўғлим Ашрапиллога онаси ўпмаган 15 яшар қизни олиб бераман, рашкдан куйиб, жизғанак бўлиб, тўппа тўғри жаҳаннамга равона бўласан!-дея тинимсиз жаврайди у.

Бир гал ҳатто ўғли Ашрапиллога: -Сен сўтак, эр эмас, латта экансан, латта!Бўш қўйсанг бу жувонмарг эртага бошинги чиқиб олади!Эркак деганнинг сал қамчисидан қон томиб туриши керак!Хотинини итоатда ушлаб туриш учун уни ҳеч йўқ бир кунда беш ўн дарра уриб туриш керак!Э, ётқизволиб қорнига тепмайсанми?!Ҳе, ўғил бўлмай ўл, хайвон!Хотининг мени урсаям қараб тураверасанми?! –дея йиғлаган эди, ғазабдан Ашрапиллонинг тепа сочи тикка бўлиб, кўзлари қонга тўлди ва шахд билан Илтижога юзланди.

-Нима?!Вой харомией!Сен ҳали онамга қўл кўтарадиган бўлдингми?!Мени туғиб, дунёга келтирган, ўзи емай едириб, киймай кийдириб улғайтирган меҳрибонимга, муқаддас Каъбамгая?!Вой онагинангни осма кўприкка осиб... сука!Мен онамнинг олдида сендақаларнинг миллионтасидан кечиб қўяман! Хотин йўлда, фарзанд белда, онам эса битта! -дея Ашрапилло Илтижога ташланди ва уни уриб, ерга йиқитиб, дуч келган жойига дод дегизиб тепаверди.Илтижо зорланиб: -Ашрапилло ака!Мен онангизни урганим йўқ!Бу тухмат!Худо ҳаққи урганим йўқ!Менинг бу бақувват аёлга кучим ҳам етмайди!Етган тақдирда ҳам ўз онамни ураманми?!Наҳотки мени шундай пасткаш деб ўйласангиз?!Мен ахир, онажонни сиздан ҳам қаттиқроқ ҳурмат қилман!Ишонинг! –деса ҳам, ялиниб ёлборса ҳам тўхтамади.У бечора Илтижони чарчагунича дўппослади.

-Қанақа тухмат, а, қанақа тухмат!Вей, беш вақт номоз ўқийдиган, рўза тутадиган менинг иймон эътиқодли онажоним сочлари оқарганда ёлғон гапирадиларми?Ҳозир талоқ паттангни қўлинга тутқазайми а?!Қумталоқ қўйиб ташлайми?!Вой аблах ношукур, нонкўўўўр!Еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлса, сенга яна нима етишмаяпти а?! -дея бақирарди у ҳамон Илтижони тепкилаб.

-Урса дедим, ахмоқ! Ургани йўқ ҳали! Қўл тегизиб кўрсинчи, ўзим уни уриб, оёқ қўлларини синдириб ташлайман! –деди Илтижонинг қайнаси.

Шундан кейингина Ашрапилло уришдан тўхтади.

 

 

 

Подробнее...

 

Ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири

Шукур Қурбон

Чинобод чироқлари


Чинободликлар адабиётсевар, санъатсевар ҳалқ.Кўхна Чинобод устоз шоир Шукур Қурбон билан, марҳум истеъдодли шоир Аҳмаджон Далиев билан, ҳофизлар Фаттоххон Мамадалиев, ака -ука Исроилжон ҳамда Исмоилжон Вахобовлар ҳамда Сирожиддин Маннонов бошчилигидаги "Сўтақўзи" сайёр театри ва Зуҳриддин Исмоил каби қатор шоир ёзувчилари, қолаверса, марҳум биринчи тоифали юрист, профессионал, ҳалол адвокат, садоқатли дўст, яхши инсон Анваржон Хайдаровлар билан ҳақли равишда фахрланади.


Чинобод соғинчи Шукур Қурбоннинг ойдин шеърларида ўз аксини топган.

Шоир олис болалигини қўмсаб, Чинободнинг тупроқ кўчаларида ўз кўйлакларининг қўйнини тупроққа тўлдириб, икки қўлини қанотдай ёзганларича: -биз дори сепар самолётлармиз!-  дея тупроқ тўзғитиб, чопиб юрган болалар образи орқали мустамлака замонларида пахта далалари устидан учоқларда заҳарли меркаптапос, пестидцид оғуларини меҳнаткаш халқимиз бошига ёғдирган ёвуз кучларга ўз исёнини ўша пайтлардаёқ жасорат ва журъат билан изҳор эта олган, дахшатли фожеа кўламини ишоратлар билан кўрсатиб беролган эди.


Одатда қинғир -қилвир йўллар билан китоблар чиқаришни,  ялтоқланишни билмайдиган, унвон, дача, қалам ҳақи талашиб, уюшма раиси билан ёқалашиб, бўғишиб юришни ўзларига эп кўрмайдиган камтарин шоир -ёзувчилар баъзан бироз четда, сояда қолиб кетадилар.Шу призмадан қараб, адолатли баҳо берилса,Шукур Қурбон ўзининг одам қайта қайта ўқиса ҳам зерикмайдиган, медага тегмайдиган, мусиқага ўхшаш лирик шеърлари билан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби шоирлардан сира кам эмас.


Унинг она ҳақида, севги -муҳаббат мавзусида ёзган лирик шеърлари, "Соғинч дорвозаси" номли шеърий туркуми ҳақиқий санъат асарларидир.


Шукур ака, яхши юрибсизми?Келин аям, жиянлар тинчми?Уларга салом айтинг.Иброхим Пайдога ҳам.


Энди ажойиб шоир Зуҳриддин Исмоил ҳақида икки оғиз сўз.


Бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи Зуҳриддин Исмоилнинг асли касби тиш дўхтирлик бўлиб, унинг ишхонасидан тишини пармалатаётган мижозлар оҳ -фарёди, осмонларни тилка пора қилгувчи чинқириқлари бот бот эшитилиб туради.Агар Зуҳриддин Исмоилнинг мижозлар милкидан суғирган тишларини бир жойга тўпласа, дунё харитасида янги тоғ тизмалари пайдо бўлар эди.(ҳазил).


Жиддий айтадиган бўлсак, шифокор шоир Зуҳриддин Исмоил ҳам яхши шеърлар ёзади.

Унинг ҳикоялар ёза бошлагани эса, табрикласа арзигулик қувончли воқеа.


Бугун шоирнинг битта митти ҳикоясини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.



Холдор Вулқон

 

27/02/2018.

Кеч соат 7:31.

Канада, Онтерио.

Зуҳриддин Исмоил

 

Ёмоннинг бир қилиғи

(Ҳикоя)



- Ароқни эр-р-как киши ичади,- виқор билан писанда қилди ўтирганлардан бири.

- Албатта...Лекин хотин киши ҳам ичиши мумкин, - ҳиққ, -

унинг гапини зўр бериб маъқуллади иккинчиси.

- Ошналар, тушунсангларчи, мени жигарим оғрийди, - тушунтира бошлади учинчиси.

- Ме-н-нинг туғилган кунимда ичмаган... душманим. Ичасан! Ё душманиммисан, а?

- Қўзитой - мужик, ҳиққ, - гапини икки қилганларни ём-м-он... кўради. Отиб юбор, кўзингни юмиб, - ҳиққ, - қўшилди икинчиси яна.

- Кейин қийналаман-да, қўйинглар энди, - росмана ялинишга тушди Тўлашбек.

- Вей, менга қа-р-ра. Сенга ҳеч ким билмайдиган даволаш усулини ўргатаман. Қарабсанки, от, йўқ, эш-ш-акдек бўлиб кетмасанг, Қўзитой отимни...Совлиқтой қўяман, ҳа. Шуни билгинки, ҳамма касаллик совуқдан, шамоллашдан бўлади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ кесади. Ўзи.. сени ҳамма ёғинг совуқлик бўлиб кетган. Бўлмаса...хотининг тўртта ҳам қиз туғадими, дўст?

- Қўзитой бўлмаса, ҳиққ...Нима ҳам қилардинг, галварс, ҳиққ...Раҳмат демайсанми, - Ҳалим ошнаси ҳар доимгидек Қўзитойни мақташдан чарчамасди.

Орият қўзғалдими ё янги даволаш усулининг дарагини эшитиб Тўлашбекда озгина умид учқунлари пайдо бўлдими, ўша сабил бир пиёла охири томоқдан ўтди.

Кечаси билан Тўлашбек ухламади. Ухлаёлмас эди ҳам.

Чунки қарийб йигирма йилдан бери азоб берадиган ўнг қовурғасининг остидаги аждаҳо яна уйғонган эди-да. У тонггача икки букилиб, юриб чиқди.

Эртаси куни чошгоҳда Қўзитойга юзланди. Янги даволаш усули уни барибир озгина бўлсада қизиқтириб қолганди.

Кун ўтиб, саҳармардонда Тўлашбек уйи олдидаги Ташлама сойига охиста тушди. Ноябрь ойи бўлгани учун бу осон кечмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетди. Аъзои бадани кўкариб, жағлари бир-бирига уришиб, юролмай қолди. Бир амаллаб, сувдан чиқиб олди-да, уйига эмаклаганича кириб кетди.

Куни бўйи ўраниб ётди. Зўрға нафас оларди. Барибир исимади, оғриқ уни тарк этмасди.

Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Бироқ энди совуқ унча билинмади. Фақат сувдан чиқиши бир оз қийинроқ кечди. Яна уйига эмаклади.

Бу кеча тонг отиши Тўлашбек учун бутун бир асрга тенг бўлди. Оғриқ энди қутуришни бошлади. Тўлашбекнинг назарида дард бутун дунёдаги барча ёр-биродарларини меҳмонга чақириб, Тўлашбекнинг сабр-тоқатини синашга бел боғлаганди.

Учинчи куни саҳарда Тўлашбек бир оз иккиланди ҳам.

Оғриқнинг зўри, чеккан азоблари, орқасида мўлтираб турган қизлари ва аёлини ўйлаб, таваккал қилди, сувга тушди.

Бу сафар аҳволи янада оғирлашди. Сувдан чиқолмай қолди.

Тепада қўрқинч ила қараб турган хотини ва қизлари уни минг азоб билан тортиб чиқаришди. У юра олмади, юқорига бир қараб қўйди-да, хушидан кетди.

"Дўсти"нинг "фойдали маслаҳати" кўзлаган мақсадига етганди. Бу қийноқларга чидай олмаган бечора юрак уришдан тўхтади.

Сой сувлари қилиб қўйган ишидан бехабар ҳар доимгидан янада кўпроқ лойқаланиб, важоҳат ила кўпирганича оқишда давом этарди.

Андижон вилояти, Чинобод қишлоғи.

Манба: "Иқбол" сайти.


x_15d42282 (604x453, 162Kb)

 

 
Еще статьи...