Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Бадиий асарлар кўзгусида тарихлар акс этади



 

Бадиий асарлар сеҳрли кўзгу - афсонавий  Жаҳонойна каби бизга асрлар  хроникасини намойиш қиладилар.

Ҳазрати Алишер Навоийнинг:


Юзни гуллардин безабму бизни қурбон айладинг,

Ё юзинга тегди қонлар бизни қурбон айлагач.


дея ёзган мисраларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Юқоридаги байтлари  билан Алишер  Навоий  ўша олис замонларнинг жаллодлари одамларни қай йўсинда қатл этганини, жаллод юзларига қурбоннинг қони сачраши каби  машъум манзаралар  воситасида қилич  билан  омма  кўзи  ўнгида амалга оширилган қатл  сахнасини авлодларга етказади.

Шоир  ёрининг ғамзалар  қиличи билан бошини танасидан жудо қилганда ул гўзалнинг юзларига мақтул ошиқ, яъни ўзининг қони сачрагани ва шу сабаб маъшуқанинг юзлари гулдай қизарган  ҳолатни   ифодаларкан, сўз  билан  ишланган  маҳобатли полотнони тамоша қилаётган одамдай ғазал қаршисида ҳайратдан бир лахза қотиб қоласиз.

Навоий бу гўзал қатлнинг азоблари роҳат эканига ишора қилиб, мутлақ, мангу жаннатга ҳукм қилинган шуҳадо каби севинади.

Шу ўринда қатл сўзининг кўплиги “Қутул” эканини мухтарам ўқувчи бизданда  яхшироқ  билса керак."Қатл" ва "Қутул" сўзлари ўзакдош.Луғотимиздаги арабий "Қутул" сўзи фақат дунёвий зулмдан, ёвдан ҳалос бўлиш маъносини англатибгина қолмай, балки охират азобларидан қутулишга ҳам ишорат берадир.

Энди кейинги байтни қаранг. У байтни ўқир эканмиз, қадимда бир ўлкани босиб олган хукмдор , ўша ўлканинг вайрон қилинган шаҳарлари ўрнини омочда шудгорлатиб, уруғ эккани тўғрисидаги фактларни билиб оламиз.

Ғазал мисраларининг қатламларида қадимги замонларнинг суратлари динозавр суяклари каби диққатимизни тортади. Айни пайтда Алишер Навоий ёрнинг нозу истиғнолари, соғинчли қийноқлари хунрез ҳанжар ва найзалар каби обод кўнглини харобага айлантиргани, ҳижрон омочларида шудгор қилиб, соғинч уруғини экиб, яна у экинларни яшнатиш учун кўз ёшлари билан суғораётганидан ҳайратланади.


Тийғ ила пайконларинг етди, кўнгил бўлгач хароб,

Сув қуйиб тухм экдинг ул кишварни вайрон айлагач.


"тухум" дегани уруғ деган маънони англатади.Ҳамма мавжудод тухмдан,  уруғдан вужудга келади.Яъни ҳамма нарса тухмдан чиқади.Жумладан одам боласи ҳам.

Ғазалда пиримиз Навоий ҳазратлари буғдой ё арпа уруғини назарда тутганлар албатта.

Энди навбатдаги мисраларга назар ташланг.


Қон эмаским ёпди гулгун хулла жаннат хозини,

Иишқ мақтулин қатл айларда урён айлагач.


Қатл этилган мақтулнинг аввал урён, яъни ялонғочлантирилиб сўнг қатл этишдек машъум  манзарани сўзлар елкалари  яғир  ҳаммоллар  каби асрлардан асрга олиб ўтар эканлар, шоир мақтул қонини унинг танаси устига ёпилган ҳуллага, Жаннатда ҳурлар кийиб юргувчи ҳарир матога ўхшатади. Ғазалда акс этдирилган мудхиш манзара воситасида қатлдан сўнг мақтул қонининг ҳурлар киядиган ҳарир мато - хулладай қизариши  беихтиёр кўз олдимизга келади.

Яна бир мисолни Девонаи Машрабдан келтириш мумкин. Бобораҳим Машраб “Йиғларман” номли ғазалида :


Алололар этиб бутхона йиғларман


– дея ёзади.

“Алололар этиб” дегани Бутхонадаги насронийларнинг Хочга чормих қилинган ўз пайғамбарлари “Иисус Христос қайта тирилди” маъносидаги “Аллелуя! Аллелуя!” дея ҳайқиришларига ишорадир. Яъни Машраб Оллохнинг ишқида ўзини йўқотиб, эси оғиб, девона бўлиб, ҳатто ўз динини ҳам унитиб,  бутхоналарга кириб, "аллелуя!" дея элнинг таънаю маломатларига учрагани ҳақида зорланмоқда. Бу мисрадаги сўзлар қадимги ота – буваларимиз ҳам бошқа диний урф – одатларни, удумларни жуда яхши билишгани ҳақида, ва ўша замонларда ҳам диний бағрикенглик бўлганидан дарак беради.Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин дея ўйлайман. Сўзлар ҳам архиологик қазув чоғида топилган кўхна буюмлар каби тарихлардан сўйлайди, улар мозийнинг хилват ҳазиналарини ой каби ёритадилар.

Энди яна Ҳазрати Алишер Навоийга қайтамиз. Ҳазрат ўзининг “Топмадим” радифли ғазалидаги мисрада:


Бир камон абрўда тузлукдин нишоне топмадим


- дея ёзади. Бу қарама - қарши маъноли сўзлар ўйинидан иборат мисра Аруз вазнидаги "Тазод", яъни зидлаш санъатининг гўзал намунасидир.

Шоир тазод санъатини қўлларкан, камон абрў, яъни эгма қош эгрилигини туз, яъни тўғриликка зидлайди, қошлари эгма, аммо қалби эгри, хиёнаткор, сатанг аёлларда тузликдин - тўғриликдан ҳатто нишона ҳам топмадим – дейди.

Шу маънода соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг китобига "Темур тузуклари" дея ном берилиши ҳам мазкур китоб тузликка, яъни тўғриликка етаклайдиган қўлланма эканига ишорадир.

Энди, закий ўқувчиларда : "Тўғри" маъносини англатгувчи сўзнинг биз истеъмол қилгувчи неъмат бўлмиш тузга нима алоқаси бор?" деган савол туғилиши табиий.

Бу ўринда "Туз" сўзи овқат таъмини тўғриловчи мазмунида истеъмол қилинади.

Ўзбеклар боласига баъзан: - Қилиғингни тузат! - деб қўядики, бу ҳам қилиғингни тўғрила, яъни феълингни тузат деганидир.

"Тузлиқ" сўзи билан "Тузлук" сўзлари маъно жихатидан фарқли бўлсаларда, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтаргувчи, таомни еб, дастурхонга кетини артиб кетадиган кимсанинг туз сақланадиган қутига туфлаши, тўғриликка туфлаш маъносида уйғундир.

Тўғрилик эса туз каби зарур ва муқаддас тушунча.

Мен "туз" сўзининг асл маъносини сақлаб қололган шаклини араб ва форс сўзлари интервенцияси унчалик кучли таъсир қилмаган, деградацияга учрамаган қирғиз тилида кўрдим.

Тақдир тақозоси билан Бишкек шаҳрида яшаб юрган вақтларим, бир куни кўчада кетаётиб, бир қирғиз йигитдан: "Тўгўлўк мўлда кўшеси қай жерде?" дея йўл сўрадим.Қирғиз йигит: -Светофордан қайрилиб, туз басасиз, байке -деди.Туз басасиз деганда у тўғри юрсангиз, Тўгўлўк мўлдў кўчасига чиқасиз деган маънода гапирди.Туз қирғиз тилида тўғри деган маънони ташийди.

Тузатиш - тўғрилаш мазмунини билдирса, "Тузум" сўзи тўғри сиёсат олиб боргувчи тизим, яъни қонун доирасида ишлайдиган сиёсий ва ижтимоий система маъносига эга.

Агар тузум туз бўлса, яъни тўғри бўлса яхши.

Ҳа, сўзлар вақтнинг ойдин саҳролари аро  залворли юкдан туялари бўкириб бораётган вазмин карвонлардир.

 

 


11/08/2010.

Кундуз соат 4 дан 55 дақиқа ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.


Шоир ПОЙИДА. Яъни жойида...