Поиск
18556067_655306154673872_7858684750911065544_n (100x100, 4Kb)

Зохиджон Олов

1986 йили туғилган.Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

“Оламвор орзулар”, “Севаман” шеърий китоблари чоп этилган.Зомин семинари иштирокчиси.

Зохиджоннинг Нобель мукофоти соҳиби, америкалик шоир, ёзувчи ва қўшиқчи Боб Дилан ҳақида ёзган фикрларига қўшилмаймиз.

Боб Дилан нафис лиризм ва ноананавий оҳангларга тўла, юксак дидли инсонни ҳайратга соладиган шеърлари билан замонавий жаҳон адабиётида янги йўналиш, янги поэтик тил, янги иқлим яратди.

Унинг "Тарантул" яъни "Қора бева" романини ўқиб чиққан одам Боб Диланнинг ижоди Нобел мукофотига лойиқ эканига тўла амин бўлади.

Бобнинг калитга чақмоқтош билан ўт қўяётган сурати эса, унинг йўлдан озган инсониятга нисбатан аччиқ кинояси, ишорати сифатида одамни ўйга толдиради.

Боб Дилан Нобель мукофотига интилмади.Аксинча, Нобель мукофоти ўз замонасидан юз, икки юз йил илгарилаб кетган Бобни қувлаб етди.

Нобель мукофоти сенга муборак бўлсин, Боб!


Холдор Вулқон

Олисдаги бахт изтироблари


317250 (700x408, 75Kb)



Болалик – беғуборлик. Ҳар қандай орзулар, ўй-хаёллар шу фаслга ярашади. Шунинг учун ҳам ёши катта бўлса-да, хаёлий нарсаларни кўзлаётган одамни кўрсак, ичимизда “Ҳалиям улғаймабди шўрлик”, деб қўямиз. Мен ҳам қўлимга қалам олиб, илк қоғоз қоралаган пайтларим, ул-бул машқларим билан уч-тўрт кишининг, масалан, ота-онам, опа-сингилларим эътиборини қозонганимда, бола эканман-да, завқим ичимга сиғмай, ҳайқириб юборибман: “Бир кун келиб Нобель мукофотини оламан!”.

Йиллар ўтди. “Мактаб”, “Университет” деган бекатлар оралаб ҳаёт дарёсининг серқатнов ўзанига қўшилдим. Қанча зарра, қанча пуфак, қанча нуқталар. Кўпинча ўзим билан ўзим овора бўлиб, болалик орзуларини, борингки, беғуборлигини унутдим. Аммо ҳар йили Нобель мукофотига сазовор бўлган адабиёт вакилига зориқиб қарайман. Худди тенгдошининг қўлида музқаймоқ кўриб, тамшанган болакай каби…

Бу сафар ҳам британиялик адиб Казуо Ишигуро номини ўқидим-у, ўша таниш ҳолатга дуч келдим. Асли Япониянинг Нагасаки шаҳридан бўлган бу улкан ёзувчи суратидаги нигоҳларни бир қарашда тушуниш мушкул. Олис йўл, ватандан айролик ва омонат бахт изтироби акс этган қарашлар… Наҳот бу нуфузли халқаро соврин висоли киндик қон тўкилган муқаддас заминдан айролиқни тақозо этади? Йўқ, дейман. Ясунари Кавабата, Кэнзабуро Оэ кунчиқар юртда яшаб, ўша ерда ижод қилиб, бу “марра”га ета олган. Йўқ-йўқ! Бунин, Бродский, Пастернак, Солженицин деган рўйхатни тузиш шарт эмас. Ҳаммаси жойида. Сизнинг шуурингиздан ўтган “ноҳалол ўйин” тушунчаси Казуо Ишигурога асло тегишли эмас. Айтиш жоизки, ушбу улкан эътироф чинакам соҳибини топди.

 

 

 

Подробнее...

 
timthumb.php (150x120, 5Kb)

Шоим Бўтаев

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

 

 

Маҳаллийчилик, миллатчилик, ирқчилик ва диний - дунёвий бўлгинчилик, тараққиёт оёқларига тушовдир.

Ундай зарарли иллатлар мавжуд бўлган беқарор жамиятга сармоядорлар сармоя ётқизгани қўрқадилар.

Энг ёмони, ёғийлар у хатарли жамиятнинг қарама қарши қутбларидан нодон кимсаларни топиб, уларнинг қўлига бир канистр керосин билан гугурт тутқазадилар ва у юртга осонгина ўт қўядилар.Сўнг ёнаётган мамлакат оловида исиниб, тиржайганларича қахва ичиб ўтираверадилар.

Шундай экан, мамлакатимизда яшаётган барча халқлар миллатидан, ирқидан ва динидан қатъий назар ягона оила фарзандларидай аҳил иноқ яшамоқлари керак.

Шундай йўл тутилса, Ўзбекистонимиз нафақат қўшни ва қардош мамлакатлар билан, балки бутун дунё халқлари билан уйғунликда яшайди, дўстлари кўпайиб, тез орада дунёнинг энг мутараққий мамлакатларидан бирига айланади.

Ёзувчи Шоим Бўтаевнинг фикрлари юқорида биз айтган ўзаро ахилликка, тинчлик - тотувликка чақиргувчи умуминсоний ғояларга, халқ ва Ватан қайғуларига ҳамоҳанг.

 

Холдор Вулқон.

 

Тарих сабоғи ёхуд Шахс ўрни




Ўзидин элга дарё — қатраосо,

Вале элдин ўзига қатра — дарё.

 

Алишер Навоий


Бобомиз ҳазрати Алишер Навоий юқоридаги байтларида: -Одамзод ўз халқига бир томчи меҳр берса, у меҳр томчиси улкан дарёга айланиб, ўша одамнинг ўзига қайтиб келади -демоқдалар.

Бу байтда ҳазрати Навоий бир сўзни икки хил маънода ишлатганлар.Бирида "қатра" сўзини "томчи", иккинчисида "яна бир марта" - бир қатра, бир бора мазмунида ёзганлар.

 

(Холдор Вулқон шархи)

 

"Бир бандасини шоху жаҳон васф этмиш"



Янги йил арафаси. Пойтахтимиздаги «Наврўз» давлат қабуллар уйининг муҳташам залида ижод аҳли жамулжам бўлишди. Барчанинг чеҳраси очиқ, юз-кўзларида табассум жилваси. Айниқса, аксарият ҳолларда иш устида дуч келавериб одатланиб қолганим учунми, ўзларига оро бериб келишган аёлларимизнинг кўпчилигини ҳатто таниёлмай қолганим рост — уларнинг ортда қолган заҳматли меҳнатлари гўзалликларини чандон ошириб юборгандек туюлади. Ҳамма бир-бири билан ҳамоғуш бўлиб кўришган, ҳол-аҳвол сўрашган, узоқ йиллар дийдорлашмаган қавму қариндошлар катта тўй устида тасодифан бир жойга тўпланиб қолишгандек. Аммо бу асло тасодиф бўлмай, Президент топшириғи шундай бўлган экан. Янги йил олдидан ижодкорларимизнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб уларнинг олдига дастурхон ёзинглар, байрам қилиб беринглар қабилида шаҳар катталарига топшириқ берган эканлар. Ижодкор — кўнгил одами, илиқ бир сўз гадоси эмасми, шу муносабатнинг ўзи ҳам ҳар биримиз учун катта байрам бўлди.
Сўзга чиққанлар бу ҳақда очиқ-ойдин айтишди. Назаримда, ҳар бир ижодкор Президентнинг ўзи билан бир стол атрофида ўтиргандек ҳаяжонли таассурот оғушида эди. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мени шунчалик турфа ҳиссиётлар чулғаб олган эдики, хаёлларим гоҳ мол боқиб юрган болалигимга, гоҳ ортда қолган йилларимга, гоҳ йўлда учратган турфа феълли яхши-ёмонларга кетиб қолар эди. Умримнинг ўтган йиллари тимсоллари…Хайрият, яхши одамлар кўп экан, Навоий бобом лутф этганларидек, “Бир бандасини шоҳи жаҳон васф этмиш”.



Президентимиз Мирзиёев ўшанда ўттиз уч ёшда эди.


Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошланиши эди. Ўтиш даврида хўжаликлардаги халқ мулки бўлган миллион-миллион чорва моллари, минг-минглаб гектарлаб боғ-роғлар, тайёр техникалар ўз-ўзидан дуч келган корчалоннинг чангалига тушиб оддий одамлар соддадиллик билан оғзини очиб қолаверди. Назаримда, мулкчилик масаласида уларнинг йиллар давомида қотиб қолган онги билан жамиятда кечаётган ҳодисалар ўртасидаги номутаносибликдан фойдаланиб қолишга интилган соядаги кучлар туйқусдан бош кўтариб, вазиятни ўзларига мос томонга йўналтиришга қулай фурсат топишган эди.
Тарих сабоғи ҳам бундай пайтларда энг аввало зиёли қатлами азият чекиб, уларга тааллуқли барча нарсани шаклланмаган жамият манфаатлари четга суриб қўйишини исботлаб келган. Олиму уламолар, шоиру ёзувчиларнинг аста-секин илгариги обрў-эътиборлари йўқола бориб, уларни ҳифзу ҳимояга олмоққа интилган ташкилотлар, инчунин, ижодий уюшмалар ҳам аввалги куч-қувватини қўлдан бой бериб қўйди. Қўлимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган йўлланма билан Куйбишев райони(ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) ҳокимияти биносига борганимда, шу нарсага амин бўлдимки, у ердаги тўрачилик, манманлик, таъмагирлик кўзларни кўр, қулоқларни кар қилишга аллақачон улгуриб бўлган, қисқа фурсат орасида адабиёт-санъат ва маънавиятдан, китобдан минглаб чақирим олислаб кетган жайдари-тўмтоқ чиновниклар уюшмани ҳам энди назар-писанд қилмай қўйишганди. Бир сўз билан айтганда, ҳокимият теварак-атрофи сув билан ўралиб юксак қоядан жой олган Иф қалъаси мисоли халқдан олислашиб кетган, уни забт этиш учун қандай йўл билан бўлмасин тил топиш зарур эди. Хуллас, бу тарихи узун гапнинг қисқаси, мен батамом умид узиб бўлиб, қишлоққа қайтиб кетиш тадоригида эканимда туманнинг номи ўзгариб, янги ҳоким тайинланганини эшитдим ва устозларнинг, яхши одамларнинг тавсияларига кўра яна у ерга йўл олдим.
Янги ҳоким – серғайрат ва шижоатли Шавкат Миромонович ўрнидан туриб, очиқ чеҳра, ўзига ярашган ҳамишаги табассуми билан мени қарши олиб, маҳкам қўл сиқиб кўришдилар. “Дунёнинг сарҳисоби бор” деб номланган илк китобчамга у кишига дастхат ёзиб бергандим, хурсанд бўлдилар.
— Сиз ижодни маҳкам қилинг, — дедилар қатъий ишонч билан. — Бу ёғини бизга қўйиб беринг.
Кейин тегишли кишиларни чақириб, уларга менинг ҳузуримда топшириқлар бердилар. Ҳоким хонасида анча фурсат ушланиб қолдим. Кейин қанот чиқарган қушдек енгил, ўз уйига кўчиб ўтган ижаранишиндек оғзим қулоғимда мамнун чиқиб кетаётсам мени олти ойдан буён эрта-индин деб оворайи сарсон қилиб юрган, ҳаммага отнинг қашқасидек бўлиб кетгани билан отнинг қашқасичалик хислати бўлмаган туманнинг уй-жой масалалари билан билан шуғулланувчи тўраси эшик оғзида қаршимдан чиқиб қолди.
— Нима қилиб юрибсиз? — деди томдан тараша тушгандек, чамаси ҳозиргина ҳоким йўқлагани учун жойида бўлмагани аламини у мендан олмоқчи эди.
Бу гапдан сўнг нима деяримни билмай туйқусдан довдираб қолдим.
— Ҳоким олдига кирганим билан дарров масалам ҳал бўлиб қолади деб ўйладингизми? – деди у очиқчасига.
Бу таҳдид мени адойи тамом қилди. Вазият чигаллашди. Қайтиб кирай десам, бу нусха қасдма-қасдига ёмонлик қилиб орамизни бузиб қўймасин деб хаёл қиламан. Ҳалиги кайфият-ку…ўзингиз тасаввур этинг.
Шу-шу яна ўз ёғимга ўзим қоврилиб юргандим, бир куни “Болалар дунёси” магазини олдида Шавкат Миромоновични ҳокимият томон яёв кетаётганларида учратиб қолдим. Кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Чайналиб, иккиланиб турганимдан ниманидир пайқаб қолдилар шекилли:
— Ордер олдингизми? — деб сўрадилар.
—Йўқ.
Соатга қараб, фалон вақт олдимга киринг, дедилар. Айтилган вақтда боряпману, яна ўша эшик оғзида учратганим чиқиб қолмасин дейман. Шавкат Миромонович дарҳол бировни чақиртиргандилар, ўша, ҳаммага отнинг қашқасидек бўлиб кетгани билан отнинг қашқасичалик хислати бўлмаган мансабдорнинг қораси кўринди. У эшик оғзида қўл қовуштирганча чайналиб, ниманидир баҳона қилиб, бу масалани ортга сурмоқчи эди, ҳокимнинг қаттиқ танбеҳ-дашномини эшитди. Бу танбеҳ, айниқса, менинг ҳузуримда бўлгани учун у нима қиларини билмай гоҳ қизарар, гоҳ бўзарар, ўзини қўярга жой тополмасди. Ўша куниёқ чўнтагидан чиқаргандек менга ордер ёзиб беришга мажбур бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўшанда ўттиз уч ёшда эдилар.

 

 

Подробнее...

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Янги йилингиз муборак бўлсин, азиз ватандошлар!


Илоҳо, кириб келаётган янги 2018 йил барчамизга бахт -саодат, омад, мустахкам соғлик, юртимизга тинчлик, элимизга ҳотиржамлик ва фаровонлик келтирсин!


Янги йилда Ўзбекистон Республикасининг президенти Шавкат Мирзиёев фақат ва фақат озод демократик жамиятни, сўз эркинлигини, ҳурфикрлиликни истагани учунгина аввалги президент Ислом Каримов тамонидан қувғин қилинган, таъқибу тазйиқларга, сиёсий сургунга учраган, фуқаролиги ноҳақ бекор қилинган чет элдаги ўзбек шоир ёзувчиларининг, журналистларининг, зиёлийларининг фуқоролигини қайта тикласин, уларни реабилитация қилиб, ўз туғилиб ўсган тарихий ватани Ўзбекистонга қайтарсин!


Уларга сайлаш ва сайланиш хуқуқини қайтариб берсин.


Қўлбола кандидатлар ёрдамида ўтказиладиган анъанавий сохта сайловларга, сиёсий найрангбозликларга чек қўйсин, ҳақиқий муқобилдаги сиёсий партияларнинг рўйхатдан ўтишига йўл очиб, уларнинг сиёсий фаолиятларига тўсқинлик қилмасин!


Ўзи ҳам устози Ислом Каримов каби умрбод президентлик курсисини эгаллаб ўтиравермай, жуда борса икки президентлик муддатидан кейин ўз номзодини президентлик сайловларига қўймай, курсисини адолатли демократик сайловда ғалаба қилишга қодир муносиб кандидатга тантанали равишда топширсин.


Шундагина Шавкат Мирзиёев номи мустақил Ўзбекистон тарихи солномаларига ҳалол ва адолатли президент сифатида мангу мухрланажак!


2018  йил ўзаро тотувлик, миллий муроса, бирлашиш, хатоларни тузатиш, тозариш, юксалиш, ҳалоллик, инсоф ва диёнат йили бўлсин!



Холдор Вулқон

Ёзувчи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

 


0_db616_85cd08cb_XXL (568x518, 187Kb)


 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

maxresdefault (700x393, 47Kb)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Номозов ҳақида


Мен азалдан маҳаллийчиликни, миллатчиликни ва ирқчиликни жинимдан бадтар ёмон кўраман.

Айниқса "Водий -Воҳа" дея ажратган одамни шартта бўғиб ўлдириб қўйгим келади.

Маҳаллийчи бўлмаганим учунми, менинг Қашқадарёда ҳам Сурхондарёда ҳам, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразму Жиззах тамонларда ҳам дўстларим жуда кўп.

Университетда ўқиб юрган кезларим самарқандлик Абдурахмон, Зокир бахши, Луқмон каратист по Тайквандо, навоийлик Зиёд, бухоролик Нажмиддин, шоир Сокин, қашқадарёлик Муроджон, Шербек, ургутлик Очилбек(Рабғузий), жиззахлик Шавкатбек каби ва яна жуда кўп дўстларим, ажойиб курсдошларим бор эди.

Одам ажратмаганим учун ҳам дўстларим менинг ҳурматимни жойига қўйишар, бирон жойда зиёфат бўлса, мени ҳам қўярда қўймай судрашар, мен бу сафар боролмайман десам, улар, сен бормасанг, биз ҳам бормаймиз дейишарди.

Мен адабиётда ҳам шоир -ёзувчиларни вилоятларга ажратмаганман.

Жумладан санъаткорларни ҳам.

Мен барча ўзбекистонлик санъаткорларни бирдай ҳурмат қилган ҳолда, бугун Маҳмуджон Номозов шахсига тўхталмоқчиман.

Бу дунёда шундай кимсалар борки, улар гарчанд қишлоқда туғилган бўлсаларда, ўзини маданиятли қилиб кўрсатиш учун бошқаларни алдаб, Шаҳарликман дейди.

Шевасини ўзгартириб:- Ҳўв манге қарагин!Ма, борку, нақ шаҳарри киндигиде Кўкча дахаде туғилганман, чунвоссами?!-дея одамнинг кулгисини қистайди.

Маҳмуджон Номозов бўлса, бунинг акси.Ўзининг қишлоқда туғилганини яширмайди.Қайтанга фахрланиб, ўзи туғилиб ўсган қадрдон қишлоғи ҳақида жўшиб, ўзини унитиб, қўшиқ куйлайди.Шунчаки эмас, дурдона санъат асарларини яратади.Бу табиий ҳатти ҳаракатлар унинг ростгўйлигидан, қалби тозалигидан далолат беради.

Дўстлардан илтимос қилардимки ўзбек халқининг энг севимли ҳофизларидан бири Маҳмуд Номозовга менинг номимдан миннатдорчилик билдириб қўйсалар.

Мен Маҳмуджоннинг "Қишлоғим" қўшиғини қайта қайта тинглаб, маза қиламан.Ўз қишлоғимни эслаб, уммонлар ортида кўзларимга ёш келади.

Раҳмат, Маҳмуджон!Қўшиғингиз шеърини ёзган шоирга ҳам раҳмат!

 

Кўнглима орзулар солган қишлоғим,

Олис олисларда қолган қишлоғим.

Келиб қоларми деб ҳар саҳар ҳар шом,

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.


 

10/12/2017.

5:21 вечера.

Канада, Онтерио.

 

Холдор Вулқон


Тасодифий учрашув


Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.

Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.

Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?

Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?

Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...

Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Гигант эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, улкан шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.



25 апрел, 2014 йил.
Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.
Канада.


Изох: -Чўчқахона деса ҳайрон бўлиб юрмаларинг.Гап шундаки Қорадарё соҳилига жойлашган қишлоғимиз четида, дарёнинг 10 -15 метр чуқурликдаги ҳайбатли жарликларига яқин жойда чўчқахона харобалари бўлар, азим тераклар ва танасига қулоч етмас толлар шамолларда шаршарадек шовуллаб ётгувчи хуторда болалик пайтларимиз, то қоронғи тушиб, тўп кўринмай қолгунча югириб, қора терга ботиб, футбол ўйнардик."Мизхаппарнинг мактублари" асаридаги Қурумбўй, Мизхаппар, Мамадиёр, Йўлдашвўйларнинг саргузаштлари айнан ўша чўчқахона харобаларида кечади.Хозир у чўчқахона ўрнида Тўхтасин аканинг фермер хўжалиги бор.

 

 

 

Дилмурод-холдоров (500x517, 14Kb)

Дилмурод Холдоров

Дилмурод Холдоров 1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Адабиётшуноснинг қирққа яқин адабий-танқидий мақолалари хорижий ва республика нашрларида чоп этилган.

Қодирийшунослик қирралари


Адабиёт деб аталмиш буюк тафаккур уммонига қўшилган ҳар томчининг қадри ўз вақтида англанмаслиги табиий. Фақат унинг нечоғлиқ қимматга эга эканлигини кузатиб турганлар ёки ҳис қилганлар билишлари мумкин. Абдулла Қодирий ижоди ҳам адабиёт уммонига ўз вақтида томган ва уммонда ўзига хос тўлқинлар ҳосил қилишга сабабчи бўлган ҳодиса эди. Салкам бир аср оралиғида ҳаваскор адабиётшунослардан тортиб, қалами тобланган мунаққидларгача барчаси томчидан пайдо бўлган тўлқинчалар залворини англашга интилдилар. Ва ҳар ким олган таассуротларини ўз ҳиссий олами кўламидан келиб чиқиб шарҳлади. Зеро, англанишга мансуб бўлган қадриятгина йиллар қаъридан эскирмай ўзининг мавжудлигини намоён қилаверади. Абдулла Қодирий ижоди мафкуравий тазйиқлар гирдобида турлича талқин қилинган бўлса-да, унинг асл бадиий қимматидан ҳеч ким кўз юмолмади. Совет даври адабиётшунослари ёзувчи ижодига сиёсий тус берган бўлсалар, мустақилликдан кейин адиб ижодининг соф бадиий эстетик томонлари талқин қилина бошланди.

Адабиётшунос Баҳодир Карим “Қодирий қадри”, “Қодирий соғинчи”, “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин” каби китоблари ва бир қатор залворли мақолалари билан қодирийшуносликда янгича талқин усулларини намоён этган.

Яқинда олимнинг узоқ изланишлари ҳосиласи бўлмиш “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” китоби нашрдан чиқдики, бу ҳам қодирийшуносликда изланишлар изчил давом этаётганидан дарак беради.

Мунаққид Абдулла Қодирий ижодининг талқини мисолида бугунги бадииятга ёндашиш концепциясига тўхталади. Абдулла Қодирий ижодига дунё адабиётшунослари томонидан эътироф этилган бадиият тамойилларидан келиб чиқиб муносабат билдиради. Шўро танқидчиларининг Абдулла Қодирий ва унинг салафлари ижодига бирёқлама баҳо берганлигига ўзининг салбий муносабатини билдиради. Бир “онг” томонидан яратилган матн бир “субъект” орқали илмий тилга кўчирилишини шарҳлар экан, “Бадиий асар матнини тўғри, ўз ҳолича, ҳеч қандай мафкуравий-сиёсий таъсирларга берилмасдан тушуниб олиш натижасида, унда тасвирланган воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғулар”ни англаш, мунаққиднинг асосий вазифаси эканлигини таъкидлайди. Бадиий адабиётга синфийлик нуқтаи назаридан ёндашиш, ёзувчининг мақсади ва ниятини тушунмаслик, адабиётнинг мафкуравий қуролга айлантирилиши оқибатида пайдо бўлган салбий иллатлар 30-йиллар адабиётида, хусусан, Абдулла Қодирий ижодига нечоғлиқ таъсир этганлигини далиллар билан исботлайди. Олим тўғри таъкидлаганидек: “Асарни жиддий таҳрир этишга чанқоқлик, ёзувчининг дунёқараши билан ҳисоблашмаслик, сўз санъатининг нозик ва нафис спецификасини назар-писанд қилмаслик, ҳар қандай адабий воқеликка фирқанинг сиёсий-мафкуравий позициясидан синфий ёндашиш, ўзгани хатокор, ўзни мутлоқ ҳақгўй дея тасаввур этиб, бошқага йўл кўрсатиш ва ақл ўргатишга иштиёқмандлик – буларнинг барча-барчаси вульгар социологизм иллати негизидаги бирёқлама сиёсий талқинларнинг асосий хусусиятлари эди”. Етакчи мафкура билан қуролланган тадқиқодчилар Фитрат, Чўлпон ижодига қандай ёндашган бўлсалар, Абдулла Қодирий ижодига ҳам шундай муносабатда бўлганлари бугун барчага аён.

Баҳодир Карим Абдулла Қодирий ижодига, хусусан, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларига муносабат билдирган Михаил Шевердин, Сотти Ҳусайн, Ойбек, Миён Бузрук Солиҳов, Иззат Султон каби адиб ва олимларнинг тадқиқодларига тўхталар экан, уларнинг қарашларидаги ижобий ва чегараланган фикрларни холислик билан таҳлил қилади. Адабиётга мафкуранинг кириб келиш босқичлари, шўро сиёсати ва аста-секинлик билан бадииятнинг сиёсийлашуви далиллар билан очиб берилади. “Ёзувчининг эстетик идеалини ҳам, асар моҳиятидаги нафосатни ҳам аниқ-тиниқ тушунган ҳолда, сиёсатнинг монеликлари туфайли уларни тушунтиришнинг имкони бўлмаса, албатта, ғайритабиий талқинлар” айтилишини юқорида номлари тилга олинган мунаққидлар фикрлари асосида далиллайди.

Абдулла Қодирий ижодини ҳар давр мунаққидлари сиёсий-мафкуравий посонгидан туриб талқин қилганлиги, ундан сиёсатга оид маънолар чиқаришга уринганлари ва нималарнидир кашф этганликлари ҳолда, асарнинг соф эстетик моҳиятини инкор этолмаганлари тарихий ҳақиқат. 30-йиллар танқидчилари Абдулла Қодирий ижодидан синфийлик аломатларини қидирган бўлсалар, 60-80-йилларда адиб социализм тарафдорига айлантирилди.

Мунаққидлар Абдулла Қодирий ижоди ҳақида гап кетганда, аксарият ҳолларда, ёзувчининг романларини эсга оладилар халос. Унинг жаҳон ҳажвиёти билан бўйлаша оладиган ҳажвий асарлари четда қолиб кетаверади. Баҳодир Карим Абдулла Қодирийнинг сатирик асарларига ҳам кенг тўхталади. Китобнинг “Сатирик талқин қирралари” деб номланган бўлимида адиб қўллаган тахаллуслар, ижодкор табиатидаги воқеликка танқидий муносабат таҳлил қилинади. Унда “махфий тахаллусларни қўллаш” натижасида пайдо бўлган айрим чалкашликларга аниқлик киритилади. Жумладан, “20-йилар адабий жараёнида, илмий ҳаётида фаол бўлган Чўлпон, Ғози Юнус, Ашурали Зоҳирий, Вадуд Маҳмуд каби ижодкорлар”нинг шартли имзолари натижасида “асарнинг қайси ижодкорга тегишли эканлиги”, “бировнинг асари бошқага нисбат берилиш” ҳолатлари аниқланади. “Вов” тахаллуси билан “Туркия матбуоти” мақоласини ёзган Абдулла Қодирий эмас, балки Вадуд Маҳмуд эканлиги фактлар асосида илмий изоҳланади. Олимнинг таъкидлашича: “Шу пайтгача Абдулла Қодирийга нисбат бериб келинган ва адибнинг “Тўла асарлар тўплами”ни нашрга тайёрлаш муносабати билан шубҳа остига олинган яна бир имзо бор: Шапақ махзум. Мазкур биринчи жилддаги “Изоҳлар”га кўра “Кичик асарлар”га киритилган “Лаҳми қадид”, “Ғирвонлик Маллавой”да эълон этилган “Лаҳми қадид”, “Иҳий, базмимиз тарала гижданг!”, “Жойинг жаннатда бўлсин”, “Бечора Розиқбой ака”, “Маймунларимиз” деган беш ҳажвия Абдулла Қодирий қаламига мансуб эмас. Шапақ махзум имзоси билан битилган бу беш ҳажвиянинг китоблардан ўрин олиши хато” эканлиги таъкидланади.

Баҳодир Карим адибнинг ҳажвий асарлари талқинидаги матности маъноларига эътибор бермаслик натижасида пайдо бўлган юзаки қарашлар, “ҳажвий қаҳрамонларнинг салбий эканликларини таъкидлаганлари ҳолда, Абдулла Қодирийни ҳам фақатгина янги жамият йўлидаги курашчи, социалистик жамият тарғиботчиси, эски жамият, дин-диёнатнинг ашаддий душмани” сифатидаги қарашларга янгича мезонлар асосида фикр билдиради.

Маълумки, Абдулла Қодирий асарлари методини аниқлаш 30-йиллардаёқ адабиётшуносларда қизиқиш уйғотган. 60-80-йилларда бу жараён анча фаоллашган. Олим баҳс-мунозаралар тафсилотини шарҳлар экан, давр адабиётшунослари устидан ҳукм суриб турган мафкуравий сиёсатнинг таъсирини унутмайди. У асосий диққатини баҳслар баҳона “Абдулла Қодирийнинг дунёқараши, ижтимоий фикри, қаҳрамонларининг ҳолати, тасвирлаш санъатидаги етакчи хусусиятлар борасидаги фикр-мулоҳазалар”га қаратади. Бадиий асар талқинидан кўзланган асосий мақсад ҳам шунда-да. Ижод намунасини маълум бир методга менгзаш, маълум бир назариялар қолипига тиқиштиришлар ўзини оқламаганлиги дунё адабиётшунослигидан ҳам маълум-ку!

80-йилларнинг охири, 90-йиллар бошларидаги янгиланиш шабадалари адабий танқидда ҳам бўй кўрсата бошлади. Энди санъат асарлари талқинига мафкуравий тазйиқлар остидан эмас, бевосита матн орқали ёндашиш, янгича тамойиллар асосида қараш кучайди. Мазкур китобнинг “Бадиий-эстетик тафаккурнинг янгиланиши ва қодирийшунослик” бўлимида ана шу ўзгаришларга муносабат билдирилган. Унда Матёқуб Қўшжонов, Умарали Норматов, Абдуғафир Расулов, Муртазо Қаршибой, Хайриддин Султоновларнинг талқинлари, фикрлар хилма-хиллиги, баҳсталаб таҳлилларга муносабат билдирилган. Мунаққиднинг: “Абдулла Қодирий ижоди юзасидан янгидан-янги талқинларнинг майдонга келишини, уларнинг тасдиқланиши ёки инкор этилишини, улар устида баҳс-мунозараларнинг авж олишини илм оламидаги табиий ҳодиса сифатида қабул этмоқ жоиз”, – деган фикрларидан англашиладики, олим, баҳс-мунозараларга билдирган фикрларини мутлоқ ҳақ дейишдан йироқ. Адабиётшуноснинг ҳам, талқинчининг ҳам этик савияси бунга изн бермайди. Бадиият кўнгил мулки экан, у турфаликни ёқтиради. Баҳодир Каримнинг Абдулла Қодирий асарлари талқинида санъат асарларига янгича ёндашиш тамойилларини кузатиш мумкин. Ижодкорнинг муҳаббат тасвири талқини, вақт бирлиги, асардаги замон ва макон тушунчаси, замин ва давр манзараси, шарқона одоб маданияти акс этган тасвирлар таҳлили ўта назокат билан талқин қилинган.

Баҳодир Карим китобнинг кириш қисмида герменевтика истилоҳи ҳақида сўз юритади. Герменевтика “тушуниш”, “тушунтириш” маъноларини бажарар экан, бу ҳолат бевосита матн билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Матнга чуқур кираолмаслик ёки матндан чиқиб кетиш тушунтирувчини янглиштиради. Матн ижодкорнинг хусусий мулки экан, талқинчи унга кириш учун, албатта, унинг ҳасбу ҳолига разм солишга мажбур. Дунё адабиётшунослигида биографик методга қайта-қайта мурожаат қилинаётганлиги ҳам беъжиз эмас. Олим тўғри ёзганидек: “Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг маънавий-ахлоқий дунёсини адибнинг эстетик оламидан айрилган ҳолда тасаввур этиш қийин”. Китобда адибнинг яқинлари, ўғли Хондамир Қодирийнинг “Отам ҳақида” китоби, матбуот материалларидаги кичик деталлар ҳам инобатга олинган ва ишга жалб қилинган. Айниқса, Абдулла Қодирий ижодини хорижда ўрганилишига доир маълумотлар қодирийшуносликда янгича қарашлар бошланаётганлигидан дарак беради. Эден Наби (АҚШ, Колумбия), Христафор Майкел Мурфи (АҚШ, Вашингтон), Ингеборг Балдауф, Зигрид Клайнмихел (Германия, Гумбольд) каби олимларнинг ўзбек адабиёти, хусусан, Абдулла Қодирий ижоди ҳақидаги тадқиқотларига батафсил тўхталган. “Хориждаги олимларнинг бу хизматлари ўзбек адабиётини, Абдулла Қодирий ижодини дунё адабий жамоатчилигига таништиришда катта аҳамият касб” этганлигига эътибор қаратилган.

Баҳодир Каримнинг “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” китоби халқимизнинг маънавий мулкига айланган санъат дурдоналарининг турли даврлардаги талқинлари, уларга бугунги кун нуқтаи назаридан ёндашганлиги ва келгусидаги қодирийшунослик олдида турган долзарб муаммоларни илм аҳлига ҳавола қилганлиги билан аҳамиятлидир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 1-сон.


__________________

Манба: Давронбек Тожиалиевнинг "Зиё.Уз" сайти.

 

qodiriy2 (514x700, 105Kb)

 

 
Еще статьи...