Поиск

Холдор  Вулқон


Халқимиз  ҳикматларига  амал  қилайлик!

 

Биз  ўзбекларнинг  ўзаро  бирлашолмаслигимизга,    парокандалигимизга  асосий   сабаб     халқимиз  ҳикматларга  амал  қилмаслигимиздир.

Халқимизда  "Буғдой  нонинг  бўлмаса  ҳам,  буғдой  сўзинг  бўлсин"  деган  ажойиб бир  ҳикмат  бор.

Яъни  одамларга  фақат  нон  билан  эмас,  яхши  сўз  билан  ҳам  меҳр- мурувват  кўрсатиш  мумкин - дейилмоқда.

Яна  "Яхши  гап  билан  илон  инидан  чиқади,  ёмон  гап  билан  қиличлар  қинидан  чиқади"  дейдилар.

Ўзаро  бирлашишнинг  калитини  узоқлардан  ахтариб,  терлаб  - пишишнинг,  унниқиб - зўриқишнинг  сира    зарурати  йўқ.

У  калитни  бизга  Ота - боболаримиз  ўз    ҳикматларида  қолдириб  кетганлар.

Сиз  бирон  интернет  сайтда  мақола,  ҳикоя  ёки  шеър  ўқисангиз,  остига  иложи  борича  яхши  сўзларни  ёзинг.

Ҳатто   асар  сизга  маъқул  келмаса  ҳам.

Ниқоблар  остида  турли  хақоратлар  ёзишдан  тийилинг!

Бировнинг  устидан  кулиб,  роҳатланиш  ҳам  нафс. Нафсингизни  жиловланг,  ўзингизни  тўхтатинг,  шайтон  васвасасига  учиб,  бир  инсон  дилига  озор  етказманг,  гунохга  ботманг!

Сиз  ниқоб  остида  кимнингдир  дилига  озор  етказиб,  менинг  кимлигимни  билолмай  роса  қон  ютяптида,  бояқиш - дея  севинманг.

Негаки,  бу  қилмишингизни  Худо  ва  унинг  фаришталари  кўриб -  билиб,  номаи  аъмолингизга  тиркаб  турибди.

Бу  умр  деганлари  нима?  Кўз  очиб  юмгунча  ўтади  ва  қиёмат  куни  барчамиз  ҳар  бир  зарра  ёмонлигимиз   учун    Жаноби  ҲАҚ  олдида,  ҳеч  ким  зўравонлик  қилолмайдиган, беркинолмайдиган,  алдолмайдиган   жойда  жавоб  берамиз!

Агар  сизда  эътиқод  бўлмаса,   табиат  қонунларига  боқинг. Бу  дунёда  бирон  сир  ошкор  бўлмай  қолмайди  ва  бу  қасосли  дунёда  нимаики  ёмонлик  қилган  бўлсангиз,  миллион  баробар   катта  куч  билан  бир  куни  ўзингизга  қайтиб  келиб,  пешонангиздан  дарча  очиб  қўяди.

У  қайтиб  келган  илоҳий  қасос  бумеранг  эмаски,  чапдаст  абариген  каби  тутиб  қололсангиз.

Йиллар  ўтиб,  интернетдаги  ҳар  қандай  яширин  ниқобнинг  эгаларини  топадиган техникалар  ишлаб  чиқарилади,  ҳамда  ҳар  қандай  ниқобни  рековеред  қиладилар.

Ниқоб  остида  хақоратли  сўзларни  ёзаётганлар  нафақат  мақола, ҳикоя  ёки  шеър  эгасига  озор  етказади,  балки  бу  ишга  умуман  алоқаси  бўлмаган,  беайб одамларни  ҳам  шубҳа  остига  қўядилар,  қуруқ  тухматларга  гирифтор  этадилар.

Яъни  изох  катагига  хақоратлар  ёзган  одам   ўзининг  ножўя  ҳаркати  билан  икки  баробар  оғирроқ  гунохга  ботади.

Яна  ҳам  соддароқ  қилиб  айтсак,  бир  онлик  хурсандчилигини  оғир  охират  азобларига  алмаштириб  олади.

Бу  оғир  гунохларга  ўша  вебсаҳифа  эгалари  ҳам  шерик.

Мана  шунинг  учун  ҳам  мен  "Мувозанат"  сайтида  изох  ёзиладиган  катакларини  беркитиб  қўйганман.

Демократия  яхши. Аммо,  изохлар  ёзиб,  бир - бирларини  хақоратлаш  демократия  эмас!

Аксинча,  бу  иллат  ўзбекларни  бирлашишга  монеълик  қиладиган  диктаторларнинг  ёвуз  қуролидир.

Агар  сиз  ҳақиқатан  ҳам   маълум  доиралар  манфаатига  хизмат  қилмаётган  бўлсангиз, ўзбекнинг  пароканда  бўлишини  истамасангиз,  ўз  халқингизни  севсангиз,  бировларнинг  асарлари  остига  бундай  хақоратли  изохларни  ёзишдан  тийилинг,  золимларга  хизмат  қилманг!

Бировнинг  ёзган  асари  остига  хақоратлар  ёзиш,  муаллифнинг  устидан  кулиб,  тахқирлаш  -  ЗУЛМДИР!

 

 

7  апрель,  2012  йил.

Кундуз  соат  3  дан  13  минут  ўтди.

Торонто  шаҳри,  Канада.

 



 

 

 

 

Холдор Вулқон

 

 

 

 

Куз  илҳомлари

 

 

Воҳ,  кузги  дарахт  шаклида  ҳайронани  кўрдим,

Ёлғиз  ва  ғариб,  бир  дили  вайронани  кўрдим.

 

Жим - жит  кўчада    ўйнади   раққоса    шамоллар,

Чарх  урди  ҳазон  гирвати,  парвонани  кўрдим.

 

Дарчам  ёнидан  ўтди  учиб  ёввойи  ғозлар,

Ҳижрон  тўла  дил   аксида    девонани  кўрдим.

 

Қушлар  уясин   тутди   дарахт   шохида,  ё,  Раб,

Инларга  боқиб  ғам  тўла  паймонани  кўрдим.

 

Заъфар  капалаклар  каби   учганда  хазонлар,

Баргларга  кўмилган  кўча ,  остонани   кўрдим.

 

Йўлларга  хазонлар  тўшади  кузги  Торонто,

Боққанча  чинор  баргига  Фарғонани   кўрдим.

 

Қалбимда  Худо,  Каъбага  ўхшайди  вужудим,

Сипқоргали  ишқ  бодаси - майхонани  кўрдим.

 

Дўст  топмади  Вулқон  бу  жаҳон  мулкида  излаб,

Ҳар  ерда  ғаним,  вахшати  бегонани  кўрдим.

 

 

 

 

 

 

 

26  октябрь,  2010  йил.

Тонги  соат  7  дан  35  минут  ўтди.

Торонто  шаҳри,  Канада.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Аъло мамлакатнинг аъло фарзанди,

Билиб қўйки, сени Ватан кутади!


Ғафур  Ғулом


Яхши нийят

 

МУРОСА  деган сўзни ўқибоқ, афти бужмайиб, юзлари учиб, аллергияси қўзийдиган кимарсалар МУРОСА ғоясининг нақадар муҳим, улуғ ғоя эканлигини тушунмайдиган буюк фанатлар ва ғафлат босган, ғайратсиз, ялқов, сиёсий бангилардир.

Ундайларга бу ҳикматли гапларимиз ҳайф.

Биз бу мақолани улар учун ёзаётганимиз ҳам йўқ.

Мазкур мақола Муроса ғояси афзаллигини англай олишга қодир, теран  тафаккурли, соғлом ақл эгалари учундир.

МУРОСА  деган ғоя моҳиятини чуқурроқ англаш учун жамиятларини МУРОСА  ғояси устига қурган мутараққий мамлакатлар ҳаётига назар ташлашнинг  ўзи  кифоя.

Такрорлашдан чарчамайман.

Америка, Канада, Европа  давлатлари, Россия, Болтиқбўйи ўлкалари, Япония, Хитой каби МУРОСАЛИ мамлакатларнинг мухолифатлари ташқарида эмас.

Яъни бу мутараққий ўлкаларнинг ҳукуматлари ўз мухолифатларига тоқатли.

У мамлакатларнинг мухолифатлари ҳам ўз навбатида, айланиб ўтиш мумкин бўлган мустахкам темирбетон тўсиқни "бизникилар" каби пешонаси билан уриб дарча очишга чоғланмаган.

Уларнинг мухолифатида музокарага кириша олиш журъати билан бирга музокара жараёнида ўзини тутиш, ўзаро ҳурмат, камтаринлик ва одоб каби сиёсий маданият етарли.

 

Қолаверса, мен юқорида номларини зикр этган мутараққий давлатлар ўз мухолифатини ўзига қарши қўллашлари учун кўзга кўринмас учинчи кучлар қўлига козырная қарта қилиб тутқазиб қўядиган даражада содда эмаслар.


Номи "Ўзбек мухолифати", аммо ўзи пароканда, бир - бирига  ёв, касалхонадан эндигина чиққан одамдай заиф, юрса боши  айланиб, кўзлари  тиниб кетадиган қувватсиз, майда - чуйда гурухлар, маҳаллийчи  гурухбозлар Ўзбекистоннинг ер остки ва устки бойликлари хўжасизларча  талон - тарож  қилинаётгани ҳақида дунёга жар солишни яхши кўрадилар.

Мухолифат деб аталадиган бу гурухлар ўша фитналарга ўзлари ҳам  билвосита сабабчи эканликларини, ўзлари билмаган ҳолда улар Ватанимиз ер остки ва устки  бойликларига кўз тиккан писмиқ ёғийлар қўлидаги қўрқитки қуролга, дўппи тор келганда ишлатиладиган ричагка айланиб  бораётганларидан афсуски бехабарлар.

Баъзи ёмон нийятли, ғаюр мақсад эгалари юртимиз бойликларини талашга  йўл қўймаётган раҳбарлар билан мулоқотга киришиб, суҳбат орасида ғоят усталик  билан, айнан шу, номи бору ўзи йўқ хисобидаги "Мухолифат"  мавжудлигини, ва  уларнинг ёвуз кучлар эканига ишора  қиларак, уларга  қарши биргаликда курашмоқ зарурлигини яхшилаб уқтирадилар.

Сўнг жилмайганларича турли иқтисодий, дейлик фойдали қазилмаларни  қазиб чиқариш, қайта ишлаш бўйича улкан лойихаларни столга қўяркан,  шуни бир имзолаб юборсалар, иқтисодий  ҳамкорлигимиз янада гуллаб  яшнаган бўларитти - дейдилар,таъвозе билан қўл қовуштириб.

Бу нозик ишорани ақл - фаросатли одам дарров тушиниб етади ва ўшандай  ёвуз қора кучларга қарши биргаликда курашсак, бу жуда яхшику  - дея, лойихаларни имзолаши ҳам ҳеч гап эмас.

Баъзи ёмон нийятли тамонларнинг юртимизга нисбатан иқтисодий ва сиёсий интервенцияси шу тарзда икки тамонлама ўзаро иқтисодий муносабатлар фонида кун тартибига чиқиши мумкин.

Биз Ўзбекистонликлар ҳаммамиз бир оила фарзандларидай ҳамжихат бўлсак, Ватанимиз тараққийси, Халқимиз турмуш даражаси юксалиши  йўлида ўзаро тил топишиб ишласак, бу ҳамжихатлик мухолиф фикрлилар деб аталадиган гурухлар учун ҳам, амалдаги Ҳукумат учун  ҳам, энг муҳими, ХАЛҚИМИЗ учун ҳам фақат ва фақат фойда келтиради.

Яъни уруш жанжал бархам топиб, қон тўкилмайди, элимиз бесаранжом бўлмайди, иқтисодиёт издан чиқмайди, шаҳарлар вайрон бўлмайди,юртимиз ер ости ва устки бойликлари "уруш" бахона ит эгасини танимайдиган тўс тўпалонда Сурия нефти каби хомталаш қилиниб, ташиб кетилмайди.

Бор муаммоларни фақат ва фақат сиёсий музокара йўли билан ҳал қилишда, Ватанимиз тинчлигини, осойишталигини, Халқимиз ҳотиржамлигини, минтақа барқарорлигини сақлаш йўлида биз, ўзбекистонлик зиёлийлар бошқаларга қараганда кўпроқ бурчлимиз, масъулмиз, ва ҳатто жавобгармиз.

Ёв юртни эгалламоқчи бўлса, бироз маблағни масруф қилиб, энг биринчи  мамлакатда тўпалон уюштиришга, халқни бир - бирига гиж - гижлашга,  барқарорликни издан чиқаришга киришади ва бу хуфя ишда чўғни  юртдошларимиз қўли билан ушлайди.

Ўлса, ўшалар ўлиб, қирилиб кетаверади.

Кейин яна ўша "ўзимизникилар" воситасида қарама - қарши тамонлар қўлига зимдан қурол тутқазадида, жамиятга ўт тортиб, оловга киши билмас керосин қуядилар.

Ватандошларим, азиз Ўзбекистонликлар, биз ҳаммамиз Ватанда бўлсак, мақсадларимиз муштарак бўлса, ўзаро талашиб тортишмасак, муаммоларни музокара йўли билан хал этиш санъатини эгалласак, маданиятсизларча ёқалашиб, бир биримизни хақоратлаб, бутун дунёга кулги бўлмасак, Болтиқбўйи Республикалари каби жимгина, ахил яшасак, Соҳибқирон Амир Темур ворислари бўлган биз Ўзбекистонликларни ҳеч қандай куч, ҳеч қачон енголмайди!

Шунда серсалом, сертабассум айёр ва маккор кучлар "Ўзбекистонда демократия йўқ! Инсон ҳуқуқлари топталмағда экан! Биз  халқаро қонунлар доирасида ўзбекистонлик мазлумларга ёрдам беришимиз  керак!" деган предлоглар остида юртимизга иқтисодий - сиёсий интервенция "ТЕЗ  ЁРДАМ"и кира олмайди.

Юртимиз ер остки ва устки бойликларини хомталаш қилишга "сабаб" топа  олмайдилар.

Муроса шундай ҲИКМАТЛИ ғоядир.

Чундилангма?

Энди, мақола сўнгида бир гап.

Раҳматли Ҳожибой Тожибоев айтганидек, яна ўзларинг биласизлар.

Айтиб -дейиш биздан.

 

 

 

2  апрель,  2012   йил,

Кундуз  соат  5  дан  12  дақиқа  ўтди.

Торонто  шаҳри,  Канада.

 

 

 

 

 

 

Ўзбек халқининг энг  севикли ҳофизи

Шерали  Жўраевнинг

баҳор ҳақида айтган гўзал, бетакрор қўшиғи


 


 
Еще статьи...