Поиск

 

 

 

 

Мен диёру ёрисиз

 

( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)

 

 

Тегмагай кўз оразига, юрса ҳам тумморисиз,
Менга дўзахдир ҳаёт ул кўзлари ҳумморисиз.
Бепоён саҳрода қолдим кулбаю деворисиз,
Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёрисиз,
Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзорисиз.



Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз?
Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз.
Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз,
Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсорисиз.



Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман,
Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман,
Интизор, васлингни излаб на тирик на мурдаман,
Тонг эмасдур, гар диёру ёрисиз озурдаман,
Ким эмас булбул, гулу гулзорисиз, озорисиз.


Чўғ каби алвон лабингдин  сачрагай қонимға ўт,
Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт,
Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимга ўт,
Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,
Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдорисиз.



Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча,
Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча,
Жилмайиб сиймин боғичлардин майин сочинг еча,
Май чу  бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
Ким хуш  эрмас  муғ била ичмак қадах  зуннорисиз.



Бу умр из тушмаган қорли, салобатли довон,
Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон,
Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон,
Топмадуқ гул  ранги  жоми  бехумор  эй  боғибон,
Вахки бу  гулшан  аро  гул  бутмас  эрмуш хорисиз.


Бу  кеча  ой нуридан  бўлмиш  чароғон  соғу сўл,
Навбаҳор  оқшоми  сокин,  яшнагай  саҳрою  чўл,
Қақраган  даштлар  аро  Вулқон  ҳаёт дарёси бўл,
Аҳли  зухд  ичра Навоий топмади мақсадға  йўл,
Вақтингизни  хуш  тутинг  эй  жаъмиким  хумморисиз.

 

 

 

 

Холдор Вулқон
9 март, 2009 йил. Кундуз соат 4:45. Торонто шаҳри.

 

 

 

 

 

Ой кемада

 

 

( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)

 

 


Ёр кетар чоғинда маъюс жилмайиб жоним олур,
Кетма ёр – деб изларинда термулиб кўзлар толур.
Чарх уриб соҳилда дарё қушлари йиғлаб қолур,
Ҳар қачонким кемага ул ой сафар рахтин солур,
Мавжлуғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур.

 


Мен овутгайман ўзимни эй кўнгил, ғам ема деб,
Қайтарур ул кемани тез ортга тўлқин тева деб,
Чун товуш қўзғотмасинким, кемани сўз дема деб,
Йиғлама эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб,
Ким ёшинг дарёсидир ҳар сориким эл кўз солур.

 


Қўрқамен эрк бергали бир лахза бир он оғзима,
Чинқириқ бўғзимда оғриб, келса ҳам қон оғзима,
Шул сабабдин элу халқ термулди ҳайрон оғзима,
Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима,
Тунд ел тахрикидин ҳар дамки дарё чайқалур.

 


Соқчи тўхтат, кор – ҳол юз бермасин, ҳой, кемада,
Юрса бўлмас киприги ўқ, қошлари ёй кемада,
Қайтаринглар ёрни, йўқ деб кетгали жой кемада,
Сабр кўнглимда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, бориб телмуриб кўз, мунграйиб жоним қолур.

 

 

Кўзларимдан оқди ёш селдек, етибман ўлгали,
Йўқ жаҳонда мендаги феълдек, етибман ўлгали,
Чўлда бир бор эсмаган елдек, етибман ўлгали,
Дам тутулғондин ўлар элдек етибман ўлгали,
Сурмасун деб кемасин баским, нафаслар асролур.

 

 

Жон ипинг тортиб таранг чалганда даврон удким,
Жилва айлаб этса маржон дур сени махдудким,
Эҳтиёж кашкулидин оламни босса дудким,
Кирма савдо бахриға оламдин истаб судким,
Сийми нақди тушса лекин умр нақди сийғолур.

 

 

Йиғлама бағримни ўртаб, яхши бор, эй ёр, ҳайр,
Гул юзин сўнг бор кўрай ел, тим қаро сочин қайир,
Рашк ўти Вулқонни қийнар ёрга ҳамрохдир ғайр,
Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин эй, пири дайр,
Илкига чунким Навоий бода киштисин олур.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Темур  тиғи  етмаган  жойни,
Қалам  билан  олди  Алишер.

 

Абдулла  Орипов

 

 

 

 

Ғалаба  муборак,  қадрли  Исажон  Султон!

 

 


Мен  бир  пайтлар  болалар  учун  революционер  қумурсқа  ҳақида  "Қоратаппак"  деган  асарга  ўхшаш  бир  нарса  ёзган  эдим.( Ҳозир  энди  у  ёзғавани  асар  дегани  ҳам  тортинаман)Лекин  ўша  нарса  ҳам  шоир - ёзувчилар  орасида  анча  шов - шув  бўлиб, шоира  Ойдин  Ҳожиева  ташаббуси  ила "Гулҳан"  журналида  истеъдодли  рассом  Ҳуршид  Зиёхонов  ишлаган  рангли,  ажойиб  суратлар  билан  эълон  қилинган  эди. Айниқса  Ҳуршид  ака  Зиёхонов  асарнинг бош  қаҳрамони  Қоратаппак  деган  қумурсқа  эгнига  тўн,  бошига  дўппи  кийдириб  қойил  қилиб  чизган  эдилар. Косип  номли  каламушни,  Пиёлакўз  деган  ниначини,  Қоратаппакнинг  севгилиси  Хипчабелни  ҳам  сочний  акварель  бўёқларда  шундай  ишлаган  эдиларки, беихтиёр  рассомнинг  махоратига  қойил  қолганман. Айниқса  революция  амалга  ошмай,  Қўнғизхоннинг  мулозимлари  Қоратаппакни  қамаб  қўйган  холатини  алохида  махорат  билан  тасвирга  келтирган  эдилар.Қоратаппакнинг Ниначи  Пиёлакўзни  самолет  қилиб  миниб  кетаётгани,  сел  ёғаётган  маҳал  анхорорти  мамлакатига  ўқишга  кетаётган  Қоратаппакнинг  писта  пўчоғидан  ясалган  қайиғида  сузиб  кетаётган  ҳолати  акс  этган  у  ажойиб  расмлар  бир  умр  ёдимдан  чиқмаса  керак.

Ўша  нарсани  ёзиб   юрган  пайтларим   ёзувчи  укам  Исажон Султон  билан  Тошкентдаги  журналный  центрда   учрашиб  қолдик.Исажон  менга : - Холдор  ака,  шу  Қоратаппак  севгилиси  Хипчабелга  ёзган  мактубини, баргками  ё  пўстлоққами  битган  бўлса янада  қизиқроқ  чиқар  эди - дея  маслахат  берди. Бу  таклиф  менга  мақул  бўлди  ва  мен  шундай  қилдим.Кейин  ўша  нарса  "Гулҳан"  журналида  тўлиғича  эълон  қилинди. Мен  ўшанда  Исажон  Султондаги  ноёб  истеъдодни  илғаганман.

Ҳа,  укамиз  Исажон  Султоннинг  ёзган  асарларидаги    адабий  қаҳрамонлари  тирикдай, сўзлар  бадиий, мазмунан  теран, бошқаларнинг  асарларига  ўхшамайдиган,  руҳ  билан  ёзилган  ўзига  ҳос асарлардир.

Исажоннинг  асарларида  вазмин  бир  донишмандликни  кўрдим.

Баъзи  ўзини  ёзувчи  ё  шоир  хисоблаб  юрган шонталаб самозванецлар истеъмол  қиладиган, миллионлаб,  балки  миллиардлаб  ёзувчилар  ишлатавериб  увадаси  чиқиб  кетган  сийқа сўзлар, медага  тегувчи қайтариқларни  Исажоннинг  асарларидан  топа  олмайсиз.Исажоннинг  асарлари  ўқувчисини  ушлаб  қола  олади. Унинг  асарларида  ҳали  ҳеч  қайси  ёзувчи  истеъмол  қилмаган янги  образларни, тасвирларни  кўрасиз.

Мен  мухолифатга  ҳам, ҳукуматга  ҳам  ён  босмайдиган, ҳақиқий  журналистларга  ҳос   ҳолис фаолият  олиб  боргувчи  "Озодлик"  радиоси ўзбек хизматининг сайтига  кириб,  бир  хабарни  ўқидиму, жуда  қувониб  кетдим. Табрик - хабарда  ёзишларича, шу  кунларда  Ўзбекистон  Ёзувчилар  Уюшмасининг  аъзоси, истеъдодли  ёзувчи  укам  Исажон  Султон  "Қисмат"  ҳикояси билан  Американинг   Чикаго  шаҳрида  нашр  қилинадиган  "Лексикон"  журнали  тамонидан  уюштирилган    танловда  қатнашиб  учунчи  ўринни  эгаллабди.

Биз  "Мувозанат"  сайти  муҳлислари  номидан  истеъдодли ўзбек  ёзувчиси  Исажон  Султонни  бу  юксак  ғалаба  билан  чин  қалбдан  муборакбод  этамиз  ва  бундан  кейин  янада  катта  халқаро  мукофотларга  сазовор  бўлишини  Яратгандан  тилаб  қоламиз.

 

 

 

Холдор  Вулқон



7  февраль,  2012  йил.
Тунги  соат  8  дан  51  минут  ўтди.
Торонто  шаҳри,  Канада.

 

 

 




 

 

 

 

 

Исажон  Султон

 

Қисмат

(Ҳикоя)



Кичик ўғил

 

 

Айвон. Устунлар вақт ўтиши билан тўқ жигарранг-қорамтир тус олиб, узунасига ёрилган. Баъзи ёриқларида майда чумолилар ўрмалашади. Каттароқ бир ёриққа сариқ арилар ин қурган. Улар кўп эмас, саккизта ёки тўққизта. Эрталаб ҳали ҳавода нам кўп маҳали ғуж бўлиб турадилар, қанотлари қуригач, учиб кетадилар. Қаноти нам арининг ғўнғиллаши бўғиқ ва паст бўлади. Қаноти қуруқ ари зириллаган овоз чиқариб учади.

Буларнинг чақиши эрта баҳорда кучли бўлмайди. Ёз бўйи куч тўплайди. Заҳри кузда ўткирлашади. Чумолилар билан арилар бир-бирларига тегмайдилар. Гўё ҳар бири ўзининг ташвиши билан овора.

Ҳовли шўрлашган, оқариб қолган. Ҳар ер-ҳар еридан шўралар ўсиб чиққан. Битта-иккита ажриқ ҳам кўзга ташланади, лекин улар заиф, сарғайиб илвираб қолган. Тошни суриб-ёриб, дуч келган ерда ўсиб кетаверадиган бу безбет ўт шўрни нимагадир ёқтирмайди, сув сепса ҳам ўсмайди, илдизларини йиғиштириб олиб, қуёшда тобланиб ётади. Шабада қуриб-енгил бўлиб қолган илдизни сургалаб, бошқа жойга олиб кўчиради, шунда намни сезган илдиз дарров томир отади – тўрт-беш кунда маҳкам ўрнашволиб, урчиб кетаверади.

Айвонда чўпсават. Чўпсаватда нон. Жуда ширин, суви қочгани ундан ҳам ширин. Лекин энам тўйиб егани қўймайди. Нон сўрасак, бир бурдагина беради. Баъзан нонпалов пиширади. Нонпаловга сабзи ҳам қўшади, сабзили нонпаловни мен ёмон кўраман, фақат нонларини териб ейман.

Умуман, нонни жуда қизғанади энам. Овқат еб бўлинганида, ушоқларни қунт билан тўплайди, кейин акамга, баъзан менга беради. “Ол, полвон бўласан”, дейди.

 

 

 

 

 

Подробнее...

 

132221451_gorod_Brempton (202x216, 31Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

 

 

 

"ТУЗ" сўзининг асл луғовий маъноси ҳақида


"Туз"  сўзи  тўғри  деган  маънони  англатади.

Биз  овқатнинг  таъмини  тўғриловчи  моддани "Туз"  деб  атаймиз.

Ҳазрати  Алишер  Навоий  бир  ғазалида "Бир  камон  абрўда  тузлукдин  нишоне  топмадим"  дея  ёзади.

Шоир  камон  абрў,  яъни  эгма  қош сатангларнинг биронтасида  тузлукдин,  яъни  тўғриликдан  нишон ҳам  топмадим  дея  камоннинг  эгрилигини  енгилтак  аёллар  феълида  мавжуд  бўлмаган тўғриликка  қиёслаб  сўзларни   ўйнатади.

"Туз"  сўзининг  "тўғри"  маъносини  англатажагига  яна  бир  мисол,  қирғиз  тилида  сақланиб  қолган "Туз"  сўзидир.

Мен  Бишкек  шаҳрида  бир  қирғиздан  йўл  сўрасам, у: - Байке, Тоголок  мўлдў (Юмалоқ мулла демоқчи)  кўшесинен  сўлға  қайрилиб, анан  туз  басасиз - деган  эди.

"Туз  басасиз" дегани  "Тўғрига юрасиз" маъносини  англатар  экан.

Овқатга солинадиган  тузни  эса қирғизлар "Тус"  дер  экан.

Кейинчалик  "Туз"  сўзини  мен  Амир  Темурнинг  тузукларига  ва  Ҳазрат  навоийнинг ғазалидаги тузлук  сўзига  солиштирар  эканман,  қирғиз  тили  араб  ва  форс  сўзлари  аралашмаган,  ўзида  қадимий  чиғатой тили сўзларни  сақлаб  қололган  ягона тил  эканини  англаб  етдим.

Ҳа,  биз қондош  ва  қариндош халқлар заифлашиб  қолмайлик  десак, ўзаро душманлашмаслигимиз, ўзимизга  душманларни  эмас,  дўстларни  кўпайтиришимиз  керак.

Ўшанда  Амир  Темур  бобомиз  тузган тузумнинг ТУЗларига ТУЗУКларига,  яъни  тўғри  ҳикматларига  амал  қилган  бўламиз.

 

 

 

Эркин Қодиров

 

 

Аросат  саҳросида  адашган  миллат

 

 

(Абдулазиз Маҳмуднинг “Ўтмиш ва келажак оралиғида” ҳужжатли фильмини  тамоша  қилиб)



Кўпчилигимизга  дину иймон, албатта, аждодларимиз  саъи ҳаракатлари  билан  оғзаки етказилган. Қуръонни билган,  аммо, салла ўраб, қироат кетидан рўзғор тебратганлар  ҳам  бўлгани тарихимизда бор. Оддий халққа маънавият ва дин   ҳикояту ривоятлар айтган боболаридан, энагаларидан ўтганди. Момоларимиз ҳикоя қилиб берганларича, дўзах ва жаннат ўртасида аросат деган саҳро, биёбон бор экан. На у ёқлик-на бу ёқлик.  Мунофиқлар  ана шу аросат саҳросида қиёматгача тентираб юрарканлар.

“Ўтмиш ва келажак оралиғида” фильмининг адабий сценарийсини ўқиганимда ана шу нарса ёдимга тушди. Рост ва ёлғон орасида, ёвузлик ва эзгулик орасида, шайтон ва Раҳмон ўртасида, олдинга юрай деса, ўтмиш оёғидан ортга тортаётган бир халқ кўзга ташланади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Подробнее...

 



Холдор  Вулқон

 

 

 

 

 

 

Куз  илҳомлари

 

 

Воҳ,  кузги  дарахт  шаклида  ҳайронани  кўрдим,

Ёлғиз  ва  ғариб,  бир  дили  вайронани  кўрдим.

 

Жим - жит  кўчада    ўйнади   раққоса    шамоллар,

Чарх  урди  ҳазон  гирвати,  парвонани  кўрдим.

 

Дарчам  ёнидан  ўтди  учиб  ёввойи  ғозлар,

Ҳижрон  тўла  дил   аксида    девонани  кўрдим.

 

Қушлар  уясин   тутди   дарахт   шохида,  ё,  Раб,

Инларга  боқиб  ғам  тўла  паймонани  кўрдим.

 

Заъфар  капалаклар  каби   учганда  хазонлар,

Баргларга  кўмилган  кўча ,  остонани   кўрдим.

 

Йўлларга  хазонлар  тўшади  кузги  Торонто,

Боққанча  чинор  баргига  Фарғонани   кўрдим.

 

Қалбимда  Худо,  Каъбага  ўхшайди  вужудим,

Сипқоргали  ишқ  бодаси - майхонани  кўрдим.

 

Дўст  топмади  Вулқон  бу  жаҳон  мулкида  излаб,

Ҳар  ерда  ғаним,  вахшати  бегонани  кўрдим.

 

 

 

 

 

 

 

26  октябрь,  2010  йил.

Тонги  соат  7  дан  35  минут  ўтди.

Торонто  шаҳри,  Канада.

 

 

 

 

 
Еще статьи...