Поиск
kembdridj (458x542, 86Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси


Нийят


Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Тўлин ой порласа пайкалга қараб.
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.

Сокин увотларда бўзрайса фонар,
Оқшом юлдузларни бирма бир ёқса.
Оғзини ланг очиб ойдин далалар,
Ойнинг қўрғонига ағрайиб боқса.

Сувлар жилдираса, пушталар тўлиб,
Кўршапалак учса шодон, овозсиз.
Ўлтирсанг порлаган ойга термулиб.
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.

Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир - ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.



7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1 дан 56 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.


Куз ёмғири



Ўйланасан кузги кечада,
Чеки борми дея фироқнинг.
Эси оғар бўм -бўш кўчада,
Маюс ўйга ботган чироқнинг.

Тўлар сирли шивирга ҳаво,
Руҳинг каби мусаффо, тоза.
Наҳот севги айлади қазо,
Ёмғир кимга очмоқда аза?..

Осмонларга элагин тутар,
Фонус ғамгин нурин элаклаб.
Бўм -бўш шаҳар уйқуга кетар,
Куз ёмғири қуяр челаклаб.


27 май, 2014 йил.
Тунги соат 10 дан 49 дақиқа ўтди.
Канада.


Кузги қайин



Хазонларни учирмоққа шай,
Кузнинг ўйчан, латиф шамоли.
Автоулов чумолихўрдай,
Ишга шошган авом -чумоли.

Чирпирайди етим япроқлар,
Куз келтирди баргларга қирон.
Хазон эмас, тилла титроқлар,
Қўрқитади уларни бўрон.

Ўйламайди бу ҳақда қайин,
Кокилларин ёйиб насимга.
Йўл бўйида шовуллаб майин,
Қайта -қайта тушар расмга.


27 октябр,2014 йил.
Эрта билан соат 9 дан 1 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.


Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги




Ёғар куз ёмғири майдалаб, эзиб,
Ёмғирда ювилган ойнадай туйғу.
Ҳиёбонда ёлғиз юрарман кезиб,
Кўлмаклар кўзида исмсиз қайғу.

Сув юзида ғамгин кумуш халқалар,
Шивирлар қамишли соҳиллар лаби.
Бир юпун мажнунтол ёлғиз чайқалар,
Унсиз йиғлаётган паризод каби.

Охир тамом бўлди ёмғир кўз ёши,
Табиат йиғидан тўхтади, тинди.
Ёмғирда ювилган соҳиллар тоши,
Борлиққа мусаффо ҳаловат инди.

Тортинчоқ ялонғоч боғлар бир ёнда,
Ойнадек ялтирар боғлар йўлаги.
Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.



9 июль, 2011 йил.
Тунги соат 2 дан 36 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.


Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши




Ёмғирларда ялтирайди тош,
Қарар ўйчан табиат ромдан.
Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
Кўзларингдан дувиллаб томган.

Сен кетасан соябон қўлда,
Олислайсан мисоли рўё.
Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
Чўккан каби кўзгуга гўё.

Сенсиз энди юрак қийналар,
Эриб борар изларингда қум.
Сен кетасан, ғамгин ойналар,
Одам каби йиғлайди юм - юм.



31 июл, 2011 йил.
Кундуз соат 1 дан 29 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Кузги хазонларга кўмилди йўллар




Ловуллаб ёнганча кузги гулханда,
Гувиллар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
Телба гирватларга термулган чоғлар.

Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинаркан аёлга ўхшаб.

Дарёнинг лабида қамишлар найи,
Хазонга кўмилар йўлаклар, томлар,
Кўча фонусига тираб манглайин,
Йиғласа мўридай қорайган шомлар.

Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?



13 август, 2011 йил.
Кундуз соат 3 дан 23 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

 

 
e401e36e5e689e8eab81fb4101f43f27 (450x280, 93Kb)

Ойдиннисо

Ойдиннисо, биринчи шеърингиз сўнгида "Ва нечун жимсан?" деб ёзиб қўйганингизда шеър янада кучаяр эди.Лекин шундоқ ҳам шеър ёмон эмас.Бошқа шеърларингиз ҳам шахсан менга маъқул бўлди.

(Х.В.)

* * *


Мен сени соғиндим!
Сен кимсан ўзи –
Кўнгилни муттасил зориқтирганим?
Мен сени севаман!
Сен кимсан ўзи –
Эй, мени ўзимга йўлиқтирганим?

Сен кимсан?
Ҳар лаҳза кутаман сени,
Қамишман – най бўлмоқ менга қаноат.
Сен эса кифтимга ортиб дунёни,
Дунёлар устида қоқтирдинг қанот!

Юрсам, сенга юрдим шахдам одимлаб,
Дилимда хиргойи, кўзда ҳайқириқ.
Ҳар лаҳза бир орзу чорлади имлаб,
Ҳар лаҳза ўртади мумтоз айрилиқ.

Чорласам, ёнимга довонлар келди,
Нафасим дунёни тебратди, эссам.
Яна сени эслаб, борлигим билдим,
Яна сени қўмсаб йиғладим –
Кимсан?!



* * *


Ибтидонинг интиҳоси бор,
Тугайди-ку бошланган ҳар не.
Нега менинг кўнглимда баҳор
Давом этаверар, тинмайди.

Деразани ёпиб ташлайман,
Бекинаман парда ортига.
“Эй ҳис, бир зум тин!” деб чидайман,
Димиққан уй зарда-додига.

Бир жарангдор куй янглиғ офтоб
Юрагимга ботар ярқираб.
Гуллайверар қайтадан истак,
Оқаверар ҳислар шарқираб.

Ураётган юрак эмас, йўқ,
Кўксим тўла қушлар сайроғи.
Вужудимга кирар бостириб,
Баҳорларнинг беором боғи.

Кўзни юмиб санайман, минглар,
Миллионлар қуволмас ўйни.
Гўё олам узлуксиз тинглар
Шовиллаган баҳорий куйни.

Гулбаргларни узаман бир-бир,
Санайман: “Севади, севмайди”.
Дунёда бир шу буюк иш бор,
Қолган бари туюлар майда.

Яшаш эмас, севиш бор мудом,
Ҳар толаму ҳар заррам сезги.
Ҳечам севиб тугатолмадим,
Тугатарми ё мени севги?


Подробнее...

 

kembdridj (458x542, 86Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

 

Яхшилик


Собиқ совет замонлари эди.Мен туғилиб ўсган Маслахат қишлоғи марказида жойлашган юқумли касалликлар бўлими маҳаллий аҳоли хаётига жиддий хавф туғдира бошлади.Сариқ касаллар даволанадиган бу маскандан учиб чиққан пашшалар элнинг дастурхонига қўнса, қушлар узум, анжир ва гилосларни чўқир, сариқ касалларнинг қонини сўрган искабтопарлар ташқаридаги соғлом ҳамқишлоқларни чақиб инфекция тарқатар, ит –мушуклар ҳам болаларга бу мудхиш касалликни юқтирар эди.

Натижада аҳолининг ишга яроқли қатлами жигари шишиб, секин аста яроқсизлана бошлади.Сариқ касали билан ўлган болалар ва катталар сони кўпайиб, вазият дахшатли тус ола бошлади.

Ҳатто касалхона ёнидан ўтаётиб димоқни ёргувчи мурдалар хидини сезадиган бўлиб қолдик.

Менинг бу масалада ёрдам сўраб бормаган жойим деярли қолмади.Охири, тўйда, омма олдида сўзга чиқиб, элга вазиятни тушунтирдим ва эртага ҳамма кундуз соат 12 да сариқ больница олдида ўтказиладиган норозилик митингига чиқишларини илтимос қилдим.

Эртасига ўзим биринчи бўлиб касалхона ёнига келдим.Соат 11 ярим бўляпти ҳамки одамлардан дарак йўқ.Мен асабийлаша бошладим.Лекин соат 12 деганда касалхона тамонга ҳамқишлоқларим дарёдай оқиб кела бошлади.Негадир бирдан хўрлигим келиб, кўзларим аччиқ ёшга тўлди.Лекин буни ҳеч кимга сездирмадим.Туйнукка назар ташласам, Аллакпар деган духтир ва бошқалар оқ халатларини хилпиратиб, оёғи куйган товуқдай визиллаб юришибди.Ўшалар телефон қилганми, валлохи аълам, бир зумда район хокимлигининг мутасаддилари, милициянинг катталари оператив группа билан етиб келишди.Улар орасида ўша пайтдаги ижроқўм раиси, ўзимнинг амаким Назиржон Саидов ҳам бор.Мўминов деган райкомнинг биринчи ўринбосари, гарчанд негалигини ўзимиздан кўра яхшироқ билсада, билмаганга олиб, тўпланганимиз сабаби билан қизиқа бошлади.Мен унга тушунтирдим.

-Ука, сиз билан касалхонага кириб, юзма юз ўтириб, шу муаммо юзасидан гаплашиб олсак бўладими? –деди у.Бу гапни эшитиб, хамқишлоқларим гурр этиб мени ўраб олишди ва Абдумалик ака деган одам: -Йўқ, Холдор Вулқон бизнинг бошлиғимиз!У ҳеч қаёққа кетмайди!Шу одам тўплан деса тўпланамиз, тарқал деса, тарқаламиз! –деди.

-Менинг халқдан яширадиган сирим йўқ.Нима гап бўлса, шу ерда гаплашаверамиз.Бизнинг талабимиз бир хафта ичида сариқ больницани қишлоғимиз марказидан кўчириш!Касалхона кўчирилмагунича митинг давом этаверади! –дедим мен қатъий.Назиржон Саидов бўлса: -Сен билан бизнинг томиримизда оқятган қон битта, тўғрими?Ҳеч йўқ менинг гапимга кирарсан? –дея мени ўз позициямдан қайтаришга урина бошлади.У ёқда сариқдан ҳамқишлоқлар пашшадек қириляптию, унинг, ўз ҳамқишлоғимизнинг, кап - катта раҳбарнинг гапини қаранг.Улар сариқ больницани кўчириш учун фалонча пул кетади, сиз буни тушунасизми ўзи?! -дейишди менга.

-Тушунаман, лекин наҳотки ўша сиз айтаётган сумма одамларнинг, аҳолининг, сариқдан ўлаётган болаларнинг ҳаётиданда қимматроқ бўлса? -дедим мен.

Шу маҳал Фозил ака деган ҳамқишлоғимиз мотоциклда етиб келиб, тўхтар экан, кўйлагини ечди.Сўнг уни мотоцикл бензобакига тиқиб бензинга чийлар экан, чўнтагидан зажигалкасини олдида, менга қараб: -Холдор!Айт, ука, бир оғиз “огонь!” десанг бўлди, шартта банисасига ўт тортвораман! –деди касалхонага яқинлашиб.Мен уни тўхтатдим.Муаммони уруш –жанжал билан эмас, тинч музокара йўли билан ҳал қиламиз! –дедим.Шундан кейин, келган катталар бу масалада бир хафта мухлат беришимизни сўраб, машиналарига ўтириб, жўнаб кетишди.Митинг тугагач, юз метрлар нарида митинга қўшилмай воқеани зимдан кузатиб ўтирган эхтиёткор одамлар менинг ёнимга келиб, “Холдорбек, бопладингизда ўзиям” дея мени табриклай бошлади.Шунда кимдир мийиғида кулиб қўйди.Сабабини сўрасам, у табрикловчилар митинга қўшилмай, “Ҳозир шу болани ит тутгандай тутиб кетишади” дея башорат қилиб ўтиришганини, энди бўлса мени табриклаётганларини айтиб берди.Майли, у одамларнику тушунса бўлар.Лекин ўша пайтдаги раҳбарларчи?Ахир бу иш билан мен эмас, мандатли депутатлар шуғилланишлари керак эдику?

Дарвоқе, бир хафта ўтгач, сариқ касаллар даволанадиган касалхона қишлоғимиз марказидан Олитнкўл тамонга, аҳоли яшамайдиган чекка жойга кўчирилди.

Ҳох ишонинг ҳох ишонманг, қишлоғимизга қўшни Қораянтоқ маҳалласининг аҳолиси ҳатто мустақилликдан кейин ҳам қабристон йўқлиги сабаб, яқин яқинларгача ўз марҳум маҳалладошларини қўшни қишлоқларга дафн этиб юришар экан.Бу масалада ёрдам сўраб бечораларнинг бормаган жойи қолмабди.Охири менга мурожаат этишди.Мен раису ҳокимлар билан бўғишиб юриб, ўша қишлоққа қабристон ажраттирдим.Қораянтоқликларнинг қувонганларини, дуо қилганларини бир кўрсангиз эди.Бир куни Андижоннинг эски шаҳарида бир Абдурахмон ака деган қораянтоқлик билан учрашиб қолдик.У мен билан қучоқлашиб кўришиб: -Ука,сизга катта раҳмат.Қабристонимизга ҳар гал марҳум дафн қилинганда, халойиқ албатта сизнинг ҳаққингизга ҳам дуо қиляпти –деди.Балки ишонмассиз.Лекин у гаплар мен учун миллиард доллардан ҳам қиммат эди.Элга яхшилик қилиб, унинг қувонганини кўриш дунёда энг катта бахт эканини ҳис қилганман ўшанда.Анашу дуоларга, яхшилик қилиш гаштига мазахўрак бўлиб, кўп қишлоқларнинг газлаштирилишига, тоза ичимлик суви билан таъминланишига сабабчи бўлдим, Худога шукур.

Бу гаплар кимгадир мақтаниш бўлиб туюлиши мумкин.Аммо мен ўша эзгу ишларимдан, менга нон туз бериб катта қилган элга озгина бўлса ҳам фойда келтиришга улгурганимдан фахрланаман.

Бундан бир неча йил аввал бир ҳамқишлоғим билан телефон орқали тасодифан гаплашиб қолдик.У ҳам эл қатори Россияда тирикчилик қилиб юрган экан.У телефонда: -Холдор ака, қачон Ватанга қайтасиз? Ҳамма ҳамқишлоқлар сизни кутяпти. Сизни жуда соғиниб кетдик –деган эди, “мен ҳам сизларни жуда соғиндим” демоқчи бўлдиму, лекин томоғимга тош тиқилгандай гапиролмай қолдим.Кўзларим аччиқ кўз ёшлардан хиралашиб кетди.Ахир у менинг қариндошим ёки укам, жигарим эмас, ҳамқишлоғим эди ҳалос.Мени ҳамма унутди деб юрган эдимда.Унутишмабди.Эсимда, бир маҳаллани газлаштиришда ёрдамлашаганим учун ўша маҳалла вакиллари тунука табличкаларга “Холдор Вулқон кўчаси” деган ёзувни ёзиб, бу ҳақда менинг фикримни билиш учун уйимга келишибди.Бу нарса бир тамонда бироз кулгилироқ бўлса, иккинчи тамондан ўша маҳалла аҳолисининг менга билдирган эҳтироми эди.Бир куни ўша кўчадан ўтиб кетаётсам, бир кампир чиқиб: -Ўғлим, маҳалламизга сиз туфайли газ келди.Ҳар гал газга чой қўйганимизда, қозон осганимизда дарров сиз ёдимизга тушасиз ва оиламиз билан сизнинг ҳаққингизга дуо қиламиз –деган эди.

Ким, билади, балки баланд уйнинг учинчи қаватидан бетонга йиқилиб ҳам ўлмаганимнинг, яна отдай соғайиб кетганимнинг, икки тилда роман, повестлар ва шеърий китоблар ёзиб, бахтли яшаётганимнинг сабаби ҳам аслида элнинг дуосидир.



24/08/2017.

Кундуз соат 4:41 дақиқа ўтди.

Канада, Онтерио.

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси,

Халқ ёзувчиси.

 


Ҳа, устоз Муҳаммад Али ҳақ гапларни ёзибдилар.Бугун мамлакатимизда буюк ижобий ўзгаришлар юз бермоқда.

Виртуал қабулхоналар, жойларда раҳбарларнинг оддий халқ билан очиқ мулоқоти ўз ўзидан инсон ҳақ - хуқуқлари ҳимоясини таъминлаётгани ҳам ғоят қувонарли.

Нафақат иқтисодиётда ва ижтимоятда, балки ташқи сиёсатда ҳам улкан ислохатлар олиб борилмоқдаки, қардош ва қўшни давлатлар билан чегара ҳамда сув муаммоларни ўзаро келишилган ҳолда хал қилиш бўйича амалга оширилаётган улкан ҳайрли ишлар Марказий Осиё минтақасида тинчликни, барқарорликни сақлашга ҳизмат қилиши табиий.

Вақтлар келиб, юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айнан шу минтақада тинчликни, барқарорликни сақлаш бўйича олиб бораётган одилона ва оқилона ташқи сиёсатлари учун халқаро Нобел Мукофотига сазовор бўлсалар ажаб эмас.

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси,

Халқ ёзувчиси.


Халқ ичига борайлик!



Яқинда  бир танишим, мамлакатимизда юз бераётган оламшумул(бу сўзни билиб ишлатаётирман!) ўзгаришларни кўриб: “Яхши англай олмаяпман, кунлар қанот боғлаб ўтяптими,  замон тезлашиб кетяптими? Ҳамма жойда ўзгаришлар, мўъжизалар, қурилишлар, янгиликлар  рўй бермоқда. Ҳаммаси янгича – ишга муносабатлар ҳам, яшаш тарзи ҳам, масъулият ҳисси ҳам… Ҳеч бунақасини кўрмаган эдик…” деб қолди. Бошқалардан ҳам эшитган жойларим бўлди. Рост, барининг сабаби, бизларнинг аввало онгимизда, тафаккуримизда ўзгаришлар содир бўлаётганидадир. Халқимизда ўзликни англаш жараёни жиддий паллага кирмоқда. Биз дунёга бошқача кўз билан қарай бошладик. Алалхусус, ўзимизда қанчалар теран имкониятлар мавжудлигини билиб бормоқдамиз. Бу жараённинг яхши самаралар бераётганини жумла жаҳон кўриб турибди.

2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев инсон манфаатларини баланд мақомда тутиб, халқ билан мулоқот қилгани мамлакатимиз ҳудудларига сафарлар уюштирмоқда. Сирасини айтганда, Юртбошимиз ҳамма нарсага қизиқади, ҳаётимизнинг қизиқтирмаган соҳасининг ўзи йўқ. Сафар чоғида ҳамма жойда бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижроси жараёни билан яқиндан танишади, ислоҳотларни олис ҳудудларга олиб бориш йўлларини кузатади, тадбиркорлар билан учрашиб, уларга тавсиялар, кенгашлар беради, оддий фуқаролар уйларига кириб боради,  уларнинг ҳовли ҳаётини ўз кўзи билан кўради, хулосалар қилади, Халқ қабулхоналари фаолиятини назардан ўтказади… Энг муҳим жиҳати, бу мулоқотлар халқимизни руҳлантирмоқда, уни янгидан-янги ғалабаларга даъват этмоқда, кенг кўксига ғурур жойламоқда, эртанги кунга  катта умидлар билан қарашга чорламоқда. Ҳамма жойда халқ  ­Юртбошимизни катта ҳурмат ва эъзоз билан кутиб олаётганини кўрамиз. ­Ибрат намунасига айланаётган бу сафарларни ойнаи жаҳонда томоша қилишнинг ўзи бир роҳат, бундай кунларни интиқлик билан кутиш оиламизда одат тусига кириб қолганини ҳам айтиб ўтай. Ҳамма хонадонда ҳам шундай эканлигига шубҳа йўқ.

Андижон вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари гоҳ Андижон шаҳрида, гоҳ Хонободда, гоҳ Бўзда, гоҳ Асакада, гоҳ Улуғнорда — кўп туманларда халқ билан кўришар экан, жамиятимизнинг турли вакиллари билан учрашди, самимий суҳбатлар қурди. Уларнинг ичида тадбиркор ҳам, фермер  ҳам, зиёли ҳам, қурувчи ҳам, шифокор ҳам  бор эди. “Боғи Бобур”ни  зиёрат чоғида масканни яна ҳам обод қилиш зарурлигига диққатни қаратиб, Президентимиз бундай деди: “Ўзликни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз!”

 

Подробнее...

 

132221451_gorod_Brempton (202x216, 31Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

Рўза муборак!



Ёшликда рўза ойи келиши биланоқ қишлоғимиз болалари гала гала бўлиб шом қоронғусида рамозон айтиб юрардик.Тўртта бола пахта терадиган этакнинг тўрт учидан ушлаб олдинда юрар, қолганларимиз ортда, ҳеч кимдан уялмай кўчани бошимизга кўтариб, рамозон айтардик.

 

Рамозон ё рамозон эшигинга байрам озон!

Рамозон айтиб келдик эшигинга!

Худойим ўғил берсин бешигинга!

Рамозон айта айта хоридимо!

Соқолим чиқмай туриб қаридимо!



У вақтлар дорвозалар тамбаланмас, биз тўғри одамларнинг ховлисига кириб бориб, ёруғ шуъла ёғилиб турган пастак дераза ойналари, ё эшик олдида, то уй эгаси жонидан тўйиб уйидан чиқмагунча, нимадир бермагунча баралла бақириб, жўр бўлиб рамозон айтаверар эдик.


Шундай оқшомлардан бирида бир маҳалладошимиз бизни алдаб, қоронғуда этакка нимадир ташлади.


Бизга у нарса обиноввот қовундай туюлди.Шундан кейин биз ҳалиги кимсани дуо қилиб, кўчага чиқдик.Симёғочда порлаб турадиган кўча чироғи остига бориб, бундай қарасак, этакда қовун эмас, гувала ётган экан.


Гоҳ ғазабимиз қўзғаб аблах кимсани болахонадор қилиб сўксак, гоҳ гувалага қараганимизча ўзимизни тутолмай кулдик.


Шу маҳал кимдир гувалани шартта олиб, қилиғи совуқ кимсанинг уйига қарата қулочкашлаб  отиб юборди.


Гувала пахса девор оша ховлига учиб ўтаркан, кутилмаганда "дуп!" этган товуш ва  "их!" деган овоз эшитилди.


Гувалак нишонга, яъни зиқна одамнинг калласига бехато теккан эди.


Шу маҳал ўз гуваласи ўзига қайтиб келган аламзада кимса занжирда ётавериб озиб, туллаб кетган "Қораш" деган қопоғон итини қўйиб юборса бўладими.


Ура қочдик.


Аммо "Қораш" Шаҳоб деган дўстимизни қувлаб етиб, оёғини ғажиб қўйди.


Ўша кеч Шоҳобни елкамизда кўтариб, уйига элтиб қўйганмиз.


Саяқ юрган таяқ ейди деб жуда топиб айтган экан эски ота буваларимиз.

Рўза муборак, азиз Ватандошлар!




30/05/2017.

Тунги соат 10:57.

Канада, Онтерио.

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 
Еще статьи...