Поиск

Умр бўйи ўзгаларга бронзадан ҳайкал ўрнатган Равшан Миртожиев ўзига эзгуликдан ҳеч ким йиқитолмайдиган мухташам ҳайкал қўйиб кетдилар.



Андижоннинг эски шаҳарида шундоққина Хўтанариқ бўйида машҳур кабобхона бўларди.У жойда ўрама кабоб деб аталадиган емак барра қўй гўштидан пишириларди.Мен бир беморни йўқлаб қўймоқ учун беш -ўн сих кабоб билан тўртта оби нон олай деб ўша ошхонага бордим.Кабобга буюртма бераётсам, кимдир мени чақирди.Бундай қарасам, раҳматли Равшан ака Миртожиев эканлар.Равшан ака билан мени рассом Одилжон Нишонов таништириб қўйган эди.У маҳаллар Равшан ака Андижондаги рассомлар цехида ишлардилар.Унинг ҳайкалтарошлиги кейинроқ намоён бўла бошлади.Ҳуллас, биз кўришдик.Равшан ака ўша кунлари Андижонга Чўлпоннинг ҳайкалини ўрнатиш учун келган эканлар.


-Холдоржон, қалай ишлар?Яхши юрибсизми?Ижодлар қалай?-дедилар ҳол аҳвол сўраб Равшан ака.


-Ёмон эмас, юрибмиз, ака, Худонинг панохида.Янги янги шеърлар ёзаяпман -дедим мен.


-Ҳа, яшанг.Қачон бизга дастхат ёзиб, китобингизни совға қиласиз? -дедилар яна Равшан ака раҳматли, менга чой қуйиб узатиб, овқатга таклиф этарканлар.


-Китоб чиқариш бироз қийин бўляптида.Ҳозирги замонда шоирлар ўз китобини шахсий маблағи эвазига ёки спонсор ёрдамида чиқаришмоқда -дедим мен.


Равшан ака бир зум ўйланиб тураркан, ноқулай жимликка бархам бериш учун графинга узандилар: -Юз грамм кетадими? -деди у.


-Йўқ, Равшан ака, мен ичишни ташладим.Бу аблах ичкилик ижод қилишимга халақит беряпти.Ичсам, ялқов бўлиб қоляпман -жавоб бердим мен.


-Бир хисобда тўғри қиласиз.Мен ҳам ичкиликни йиғиштирмоқчиман.Ичкилик ижодкорни хароб қилади -дедилар Равшан ака.Кейин давом этдилар.


-Лекин сиз, жуда тушкунликка тушманг.Сиз китобингиз нашрига кетадиган харажат ҳажмини калькуляция қилиб, менга телефон орқали айтинг.Агар жуда кўп бўлмаса, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.Ахир, сиз билан биз ижодкорлармиз.Ижодкорлар эса бир бирларига ёрдамлашиб яшашлари керак -дедилар.


Равшан аканинг бу кутилмаган гапидан мен бир лахза ҳайкалдай қотиб қолдим.Кейин  ўзимга келиб, унга миннатдорчилик билдирдим.Лекин, гапнинг тўғриси, мен Равшан аканинг китобимга спонсор бўлишига ишонмадим ўшанда.Ҳа, энди, шунчаки айтдиларда -дея ўйладим.Аммо, бутунлай умидимни ҳам узолмадим.


Ишонсизликнинг асосий сабаби, менинг ўша пайтлари Салай Муҳаммадаминовни ўз маслагидан ўлса ҳам воз кечмайдиган ҳақиқий демократ, манфаатга қул бўлмаган ишончли сиёсий лидер деб ўйлаб, унинг ортидан ахмоқларча эргашиб юрган пайтларим китобим нашр қилинишига сира ишонмасдим.Бунга ҳукумат асло йўл қўймайди дея ўйлардим.Равшан акам билан эса, ҳеч қачон сиёсат ҳақида суҳбатлашмаган эдик.Гурунгларда фақат тасвирий санъат ва адабиёт ҳақидагина суҳбатлашардик.Яъни Равшан ака менинг сиёсий позициямдан мутлақо беҳабар эдилар.Аммо мен ёзган шеърларнинг ашаддий муҳлисларидан бири эди, буни билардим.Ўша пайтда Равшан ака спонсорликни ўз зиммасига олган тақдирда ҳам китобим нашриётда нашрдан тўхтатилса керак деган фикр мени қийнарди.Лекин ҳаммаси бошқача бўлди.Мен Тошкентга бориб,  Ўзбекистон халқ шоири раҳматли Нормурод Нарзуллаевга учрашиб, "Янги асар авлоди" нашриётингизга спонсор орқали пул ўтказсам, китобим чиқадими? -дея сўрадим.


Нормурод ака ҳам мени ҳайратда қўйиб: -Э, нага чиқмасакан, шоири замон, албатта чиқадиде.Сандай шоирнинг китобини нашрдан чиқармасак, яна кимнинг китобини чиқаришимиз керак? -десалар бўладими.


-Э товба, нималар бўляпти ўзи? -дейман ўзимга ўзим ишонмай.Ҳулласи калом, спонсор ҳам нашриёт директори ҳам ўз вадасининг устидан чиқдилар.Ҳукумат ҳам қаршилик қилмади."Тунги лайлакқор" номли китобим Тошкент шаҳрининг "Қатортол" кўчаси 60 уйга жойлашган "Янги аср авлоди" нашриётида Нормурод Нарзуллаев сўзбошиси билан чоп этилди.


Китобларни нашриётдан олиб чиқиш учун шартномага спонсор ҳам имзо чекиши керак экан.Мен Равшан акага қўнғироқ қилиб, муддаони айтдим.Равшан ака "Мерседес" русумли машинасида Қатортолга етиб келдилар.Шартномани имзолар эканлар, мен китоб сотилгач, спонсорлик харажатларини тўлиқ қайтараман -дедим, яна хужжатга имзо чекмай қўймасинлар деган ҳавотирда, шоша пиша.Бир маҳал Равшан ака бошқа бир қоғозга: -Мен Миртожиев Равшан, Холдор Вулқоннинг "Тунги лайлакқор" номли китобига ўтказилган маблағдан тўла воз кечаман.Холдор Вулқоннинг менда ҳеч қандай қарзи йўқ" мазмунида тилхат ёзиб, имзо чекиб берсалар бўладими.Мен нима дейишни, Равшан ака Миртожиевга қандай миннатдорчилик билдиришни билмай эсанкираб қолдим. -Раҳмат, ака, бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман -дея қўлини қисаман нуқул.


Равшан ака бўлсалар:-Э, қўйсангизчи, Холдоржон, бир биримизга ёрдам бериш ижодкорлик бурчимизку -дедилар жилмайиб.Ўшанда, бу дунёда шунақа яхши инсонлар ҳам бор экан деб, кўзларимдан ёш чиқиб кетган.

Ахир ўзингиз ўйланг, сизга биронтаси бир цент берса, эртасига сўраб келадиган, бир центини юзминг доллар қилиб қайтарасан дейдиган фойизхўрлар изғиб юрган ёвуз жамиятда бир шоирнинг китобини чиқариб бериб, яна (Ўша пайтда, 2004 йил.300 минг сўм!Ҳозир у пул курси қанча, билмайман) харажатдан батамом воз кечиб юбориш учун одам боласи камида БУЮК ИНСОН бўлиши керак.


Бугун ўзбек жамияти мана шундай қалби тоза, меҳрибон ИНСОНдан,буюк бир ижодкордан жудо бўлди.


Илоҳим, Равшан ака Миртожиевнинг ҳаёти дунёда билиб билмай қилган гунохлари бўлса, Парвардигори Олам мағфират қилсин.

Марҳумнинг Жойлари Жаннатдан бўлсин!

 

 

 

10/02/2015.

Кундуз соат 10:55.

Бремптон шаҳри, Канада.

 

Андижон шаҳридаги "Чўлпон" истироҳат боғига ўрнатилган Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ҳайкали.

Равшан Миртожиев асари.Бронза.

 

Мана шу китобимни Равшан ака Миртожиев ўз маблағлари хисобига нашрдан чиқариб берганлар.(Холдор Вулқон)

 

 

Огоҳлик ҳақида


Ҳазрати Алишер Навоийнинг:

 

“Агар сен шоҳсен- огоҳсен сен,

Агар огоҳсен - шоҳсен сен”


ҳикматли мисраларини ҳар ким ҳар -хил таҳлил,тадқиқ ва тадбиқ қилади, бу табиий.


Мисол учун мамалакатда турли диний дунёвий фитналар қойим бўлмаслиги учун аҳоли орасида огоҳликни кучайтириш ва шу тариқа ноҳушликларнинг олдини олиш маъносида.

Бу ҳам тўғри.


Аммо, Алишер Навоий раийятга, улусга эмас, айнан шохга, ҳукмдорга мурожаат қилмоқда ва унга: - СЕН ХАЛҚНИНГ АҲВОЛИДАН ОГОҲ БЎЛСАНГИНА ШОҲСАН -демоқдалар.


Мана, ОГОҲЛИК энг аввало қайси соҳада бўлиши керак экан.


АГАР шох ХАЛҚ АҲВОЛИДАН ОГОҲ БЎЛМАСА, ХАЛҚ ХОР БЎЛИБ, БИР КУНИ ПАЙМОНАСИ БАТАМОМ ТЎЛАДИ ВА шохга ҚАРШИ ҚЎЗҒОЛИБ, ИСЁН КЎТАРИБ, ЎША шохниТАХТИДАН УЛОҚТИРИШИ МУМКИН -деган ишора бор, огоҳлантириш бор Ҳазрати Навоийнинг юқоридаги байтида.


Навоий бобонинг ҳикматларини инсоф билан, тўғри шархламоқ керак.


Дарҳақиқат, агар шох, яни ҳукмдор ХАЛҚ АҲВОЛИДАН ОГОҲ БЎЛСА, АҲВОЛНИ ЯХШИЛАСА, халқ дардини айтганларни араватутди қилиб қувиб, ўлдириб, ўз қўлини қўлтиғигача қонга ботиришга, кейин бир чўқиб, юз қараб, ўз келажагидан ҳавотирланиб, шит этган товушдан юраги ўйнаб, теваракка олазарак қараб, ҳар дақиқа, ҳар он игна устида ўтиргандай қўрқув ичра яшашига ҳожат қолмайди.Унинг адолатли сиёсатидан ҳамма рози бўлади, ҳатто унинг сиёсий рақиблари ҳам.


Мана, Ҳазрати Алишер Навоийнинг битта байтидаги бутун бошли халқ ҳаётини белгиловчи, тартибга солувчи буюк ҳикматлар, беминнат насихатлар.


Агар Инсоният ўз Яратган Парвардигори тамонидан тўртта муқаддас китоб билан огоҳлантирилганини эсласак, ОГОҲЛИК гуноху маъсиятларнинг,зулмнинг,қатағону исёнлар, норозиликлар ва урушларнинг, беҳуда қон тўкилишларнинг олдини оладиган улуғ неъмат эканлиги аён бўлади ва Алишер Навоий айтган ҳикматнинг қадри янада ортади.

Ҳалқ аҳволидан огоҳ бўлайлик, унинг дардини тинглайлик, ҳаётини яхшилайлик, аҳолини иш билан таъминлайлик, элнинг оғирини енгил қилиб, дуосини олайлик!

Ўлсак,  бутун бошли халқ биздан рози бўлиб,чин юракдан юм-юм йиғлаб, сўнги сафаримизга кузатиб қоладиган эзгу ишларни қилиб ўтайлик!


Соғ бўлинглар.

Кўпроқ ёзмоқчи эдим, аммо, афсус, вақт зиқ.


Рус тилида сиёсатдан йироқ, муҳаббат ҳақидаги улкан бир романни ёзиш билан овораман.


Оллох Ўзбекистонимизни урушлардан, бесаранжомликлардан, қирғин -баротлардан ўз панохида асрасин.

Навоий бобомизнинг жойлари Жаннатдан бўлсин.

 

 

 

09/02/2015.

Тонги соат 8:44.

Бремптон шаҳри, Канада.

 

 

Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, муҳтарам устод!


Ҳақиқий маънодаги гигант шоирларнинг тафаккури уммонлар қадар теран, дунёқараши оламлар каби бепаён бўлади.


Навоий ҳазратлари "Олам аҳли билингиз,иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир бирингизғаким, эрур ёрлиғ иш" дея бутун дунё халқларига, инсониятга қарата, ўзаро урушларни йиғиштириб, биргаликда, ёру биродар бўлиб,аҳил яшанглар дея насиҳат қилмоқдалар.


Славянлар, арийлар, ёки дейлик қандайдир туркий деб аталадиган қавмга қарата мурожаат этмаяптилар.Ҳатто дунё аҳли ҳам эмас, ОЛАМ АҲЛИга мурожаат қилмоқдалар.Ваҳоланки, дунё билан оламнинг фарқи бор ва ОЛАМда бошқа мавжудодлар ҳам бўлиши мумкин.


Фикр юритишда бобомиз Ҳазрати Амир Алишер Навоийдан ибратланайлик.

Қуйидаги муҳаммасда баён этилган ватансизлик армони инсон боласининг  шоми гадоми, уриниб - суриниб, туртниб -суртиниб, яшриниб -беркиниб, ғам -ҳасрат чивинларига таланиб, тентираб, хориб - чарчаб, охири йиқилиб, судралиб, сулайиб, яна қайтиб борадиган ота макони - бир пайтлар Худо тамонидан бадарға этилган, қувилган ОДАМзоднинг асл ВАТАНИ - Жаннатни, Худони соғиниш маъносидадир.

 

Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,

Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдоорсиз.

 

Равза ашжори - Жаннат дарахтлари мен учун бир ўтиндир, Жаннат гуллари эса жонимни тешиб ташлайдиган чўғлардир,агар у Жаннатда бир нафас Ёр бўлмаса демоқда Навоий.

Яъни агар Худонинг жамолини бир нафас кўрмайдиган бўлсам, менга ҳатто Жаннатнинг ҳам қизиғи йўқ демоқдалар.

Мана, Парвардигори Оламни қандоқ севиш керак, қандоқ соғинмоқ керак!


Навоий бобонинг руҳлари шод бўлсин!

 

(Х.В.)

Изох:

Сўфийликдаги май тушунчаси -энг тоза ва юксак МУҲАББАТ рамзидир.



Мен диёру ёрсиз

( Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)



Масжидим майхона ҳар дам кўзлари ҳуммоорсиз.

Шуълалар янглиғ майин, ҳуш, бўйи гул аттоорсиз,

Бепоён саҳрода қолдим кулбаю девоорсиз,

Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёорсиз,

Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзоорсиз.




Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз?

Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз.

Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз,

Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз,

Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсоорсиз.




Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман,

Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман,

Интизор, васлингни излаб, на тирик на мурдаман,

Тонг эмасдур, гар диёру ёоорисиз озурдаман,

Ким эмас булбул, гулу гулзоорсиз, озоорсиз.




Чўғ каби алвон лабингдин  сачрагай қонимға ўт,

Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт,

Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимға ўт,

Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,

Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдоорсиз.




Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча,

Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча,

Жилмайиб, сиймин боғичлардин майин сочинг еча,

Май чу  бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,

Ким хуш  эрмас  муғ била ичмак қадах  зунноорсиз.




Бу умр из тушмаган қорли, салобатлиғ довон,

Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон,

Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон,

Топмадуқ гул  ранги  жоми  бехумор  эй  бооғбон,

Вахки бу  гулшан  аро  гул  бутмас  эрмуш хоорсиз.




Бу  кеча  ой нуридан  бўлмиш  чароғон  соғу сўл,

Навбаҳор  оқшоми  сокин,  яшнагай  саҳрою  чўл,

Қақраган  даштлар  аро  Вулқон  ҳаёт дарёси бўл,

Аҳли  зухд  ичра Навоий топмади мақсадға  йўл,

Вақтингизни  хуш  тутинг  эй  жаъмиким  хуммоорсиз.

 

 

 

9 март, 2009 йил.
Кундуз соат 4:45.
Торонто шаҳри.

 

 

Шоир пойида, яни жойида...

 

 

Истеъдодли шоир, иқтидорли ёзувчи Шерзод Комил Ҳалил ҳақида.



Баъзилар бозор иқтисодиёти шароитида замонавий адабиётимиз ўлмоқда, шоир -ёзувчилар китобни шахсий пулларига нашр қилиб, китоб сотувини ҳам нашриёт ўз зиммасига олмаяпти -дея айюҳаннос соладилар.Аслида эса, асарларнинг китоб ҳолида нашр қилиниши эмас, уларнинг санъат даражасида ёзилиши муҳимроқ.Шерзод Комил Ҳалилнинг руҳ билан ёзилган шеърларини ўқиб, адабиётимиз ўлмаётганини, қайтага яшнаётганини кўрдим ва қувондим.

Унинг шеърлари қахрли қорлар бағридаги бойчечакларга, қалин асфалтни ёриб, қуёшга талпинаётган гиёхларга ўхшайди.

Шерзод Комил Ҳалилнинг прозаик асарларини ҳам ҳеч иккиланмай санъат асари дейиш мумкин.

Мана, мен айтди дерсизлар, агар боши омон бўлса ва изчил, тинимсиз ишласа, бу шоир, бу ёзувчи укамиз вақтлар келиб, ўз асарлари билан жаҳон адабиётини забт этади ва дунёнинг энг нуфузли мукофотларига сазовор бўлади.Негаки, унинг қиличдай ўткир истеъдоди асарларида ярақлаб турибди.

Шерзод Комил Ҳалилнинг яна бир хислати мени ҳайратлантирди.У баъзи майда -чуйда эъжодкаллар каби миллатчилик ботқоғига ботиб қолмаган.Миллатчилар рус адабиёти орқали дунё адабиётидан баҳраманд бўлдилар.Ҳатто: -Москувага ўқиганман, эхх, қаннай ажейиб дамлар эдия ўша дамлар! - дея хўрсиниб қўядилару, яна шу ондаёқ миллатчилик тутқаноғи хуруж қилиб, икки оёғини бир этикка тиқиб, бир бирларидан ўзиб, гуппа -гуппа сакрай бошлайдилар.Ёзган нарсаларини озгина ўқиб, чарчаб, бўғилиб кетади одам.

Хақорату қарғиш, ғийбат, фисқу фасодга тўла қоп -қора фарёд ҳеч қачон бадиий асар бўла олмайди.Бундай саёз тафаккурли кимсалар миллатчилик ва бошқа бўлгинчиликлар кўчасига кирган халқлар, худудий парчаланишга, қирғин, вайронагарчилик ва қашшоқликка юз тутаётганлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар.Ўзлари миллатчи бўлса ҳам майли, энг ёмони, улар ўша уруш олови гувиллаб ёнаётган жаханнам хандагига, тубсиз жарликларга бошқаларни ҳам чорлайдилар.

Лекин бугунги авлод ахмоқ эмас.Яъни улар энди ким етакласа кетавермайдилар.Ўйлаб иш тутадилар.Ёш авлод халқимизни дунёдаги барча халқлар билан биргаликда, уйғун яшашини ҳохлайди.Бугун мен шоир ва ёзувчи Шерзод Комил Ҳалил мисолида ёш авлоднинг ёрқин вакилларидан бирини кўрдим.Шерзоднинг рус шоири Андрей Вознесенский вафоти муносабати билан ёзган шеърини ўқиб, тўғриси, кўзимдан ёш чиқиб кетди.

Andrey Voznesenskiy xotirasiga

Шерзод Комил Ҳалил Соҳибқирон Амир Темур туғилган юрт - Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманида 1982 йили дунёга келганлар.

Сўзимиз сўнгида Шерзод Комил Ҳалилга айтадиган гапимиз, у бизга ўхшаб сиёсат кўчасига кирмасин, адашиб, тентираб юрмасин.Сиёсатдан йироқ, инсониятни ҳайратлантирадиган ёруғ санъат асарлари яратаверсин.

Шерзоднинг асарларини зудлик билан бошқа тилларга таржима қилмоқ бурчи рус инглиз француз ва бошқа тилларни мукаммал биладиган барча ўзбекистонлик ватандошларимизнинг, зиёлийларнинг, ижодкорларнинг зиммасидадир.

Бундай, ер юзига минг йилда бир келадиган ёш истеъдод эгаларига ҳамма қўлидан келган ёрдамини кўрсатмоғи жоиз.

Замонавий адабиётимизда яна бир буюк ижодкор пайдо бўлганидан беҳад қувониб,

 

Холдор Вулқон

Бадиий адабиёт бўйича халқаро "Наследие" мукофотининг номзоди

 

Шерзод Комил Ҳалил

Шаҳар жимжит эди...




Шаҳар жимжит эди, ўлик сукунат,
Гўё кўчаларда қўйганди танда;
Зулматларни йиртиб ҳайқирдим нолон,
Мен ёруғ дунёни унутган банда.



Атрофда ҳеч ким йўқ , дирдираган шом,
Бундан кетгим келар йироқ-йироқлар;
Мени меҳмон қилмас, мени чорламас,
Қаватли уйларда ёнган чироқлар.



Тунги кўчаларда дайдиган руҳдек,
Олис кўчаларда жимгина кездим;
Дунё, мен ҳаётдан топмадим мазмун,
Дунё, мен яшашдан жуда ҳам бездим.



Аллақаёқларга кўтариб кетди,
Шамоллар хазонлар рутубатини.
Ахир ким кўтаргай ва ким тинглагай,
Менинг юрагимнинг уқубатини?!



Узоқларда ёниб ўчган оловдек,
Милтиллаб-милтиллаб сўнаяпман мен;
Исёнкор даҳойим топмасдан камол,
Тақдирнинг ҳукмига кўнаяпман мен!



Ҳолбуки, бир пайтлар, тунлар самода,
Юлдузлар ёқарди миллион машъала;
Букун атрофимда сўррайган осмон,
Букун атрофимда қоронғу дала.



Ва жимжитлик аро ўлик сукунат,
Кўчаларда буткул қўйгандек танда;
Қоронғу дунёда ҳайқиргим келмас,
Мен ёруғ дунёни унутган банда...

 

 

2009

 

Яшил кнопкани боссангиз саҳифанинг давоми очилади ва Сиз Шерзод Комил Ҳалилнинг "Туман ажинаси" номли ҳикоясини ўқийсиз.Ўқинг, жуда қизиқ ҳикоя.Тавсия этамиз.

 

Подробнее...

 

Холдор Вулқон

Бадиий адабиёт бўйича халқаро "Наследие" мукофотининг номзоди

Читать произведения Холдора Вулкана онлайн в электронной библиотеке lib.2-all.com.

Самимият ва жиддият ҳақида

 

Сиз бирор кимсанинг адолат, ҳақиқат ҳақидаги оғиз кўпиртиришлари самимийми ё йўқлигини билмоқчи бўлсангиз, унинг тафаккур даражасига, фикрлаш усулига разм солинг, вассалом.

Мисол учун биронтаси: - мен мухолифатчи эмасман, мен мустақил журналистман - дедими, тамом, унинг қолган гаплари барчаси қип -қизил ёлғон ва ўта кулгили.

Нега? -дея савол берсангиз агар, мен гапимни факт билан қувватлантираман.

Чунки, одамни қўятуринг, бу оламда мухолиф бўлмаган бирон жонзоднинг ўзи йўқ.

Мана сиз вирусга қарши рақобатдаги антивирус ўрнатилган компьютерингиз экранига қараб, мақолани ўқиб ўтирибсиз.

Ёнингизда девор.

Ўша деворга бошингизни уриб кўринг.Девордан дуп! этган овоз чиқадида, манглайингиз оғрийди.Яъни девор сизга ўз қаршилигини кўрсатади, норозилигини билдиради.

Девор - оппозиционер.

Дераза шамолу ёмғир қор, совуқ елвизакларга қарши туради.У ҳам ашаддий мухолиф.

Дарахтлар эса шамолга оппозиционер.Синиб кетса ҳам ғўддайиб тураверади.То илдизлари билан қўпорилиб кетмагунича.Улар ҳам рақиб.

Куз ёзга, баҳор қишга, кундуз зулматга, тирик балиқлар оқимга, сув оловга, ўлим ҳаётга, ҳаёт ўлимга қарши рақобатда.

Ё сизнинг томирингиздаги қизил қон таначалари оқ қон таначаларига нисбатан доимий рақобатда ҳаракатланмайдими?

Ҳатто кўзга кўринмайдиган майда микроблар инфузориялар туфелькалар ҳам нимагадир қарши рақобатда, ихтилофатда, мухолифатда, оШпозицияда, оппозицияда.

Энди одамзод кўзини гўлайтириб туриб, мен мухолифатчи эмасман, мен фақат, анақа, бор йўғи бир мўстақил жўрналистман ҳалос -десаю, яна кимларгадир қарши гапирса, мухолифлик позициясини намоиш этса, унинг сўзлари бироз кулгили туюлмайдими Сизга?

Бундай кимсаларнинг ҳатти ҳаракати ножиддий, носамимийдир.

Каримовнинг машҳур  ибораси билан мурожаат этадиган бўлсак, ҳой, барака топкур, кимгадир, нимагадир қарши гапиряпсанми, демак сен мантиқан (по логике)мухолифсан, демак сен рақибсан, рақобатчисан, яъни ҳохлайсанми, йўқми, оппозиционерсан.

Шуни ҳам англаб етолмаган, ўзи қип -қизил мухолифатчи бўлатуриб, мен оппозиционер эмасман деган кимсанинг гаплари, хатти ҳаракати жиддий ёда самимий бўла оладими?

Бундай тафаккури аянчли даражада саёз кимсаларни мамлакат бошқарув аппаратига яқинлаштириш у ёқда турсин, мактаб завхозлиги тугул, ҳатто қоровулликка ҳам тайинлаб бўлмайди.Унақа кимсалар кечаси харидор топиб, мактабнинг кўмирини сотиб юборишлари мумкин.

Ҳаракатлари табиий бўлмаган, ўхшатадиган, доимо кимнидир алдашга, лақиллатишга тиришадиган, йўлини қилиб, ўз ишини ими - жимида битқазиш пайидаги пихини ёрган фирибгар, носамимий, бунинг устига саводи чала одамларнинг қадами етган жой тиканзорга, харобага, вайронага айланади, сувлар лойқаланади.

Ўзбек жамияти ундай носамимий, кимсалардан ғоят эхтиёт бўлмоқлиги жоиз.

 

 

20/01/2015.

12:10 дня.

г.Бремптон, Канада.


Роман Холдора Вулкана "Жаворонки поют над полем" в крупной электронной библиотеке PROFLIB.

 

 

 
Еще статьи...