Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ой порлаган оқшомлар

(қисса)


16 боб

Тишсиз арра



Қиличбек Қоплонович қизи Илтижога тўйдан бир неча кун аввал шундай деб насихат қилган эди.

-Қизим, биз сени ҳеч нарсадан кам қилмай, авайлаб ўстирдик.Сен бизнинг ёлғиз, эрка фарзандимиз, кўрар кўзимизнинг нури, оқу қаросисан.Мана, вояга етиб, катта ҳаётга қадам қўйяпсан.Ўзинга муносиб, Ашрапилло деган ўқимишли, маданиятли, тадбиркор куёвни топдик.Илоё қўшганинг билан қўша қари.Ўзларингдан кўпайиб, бахтли бўлинглар.Лекин қизим бу ҳаёт деганлари жуда мураккаб жараён.У дунёда оловли лава булкиллаб қайнаб турган жаҳаннам жарлиги узра тортилган пулсирот бор деб эски китобларда келади.Билсанг, ўша қилдан ингичка, қиличдан ҳам ўткир пулсирот бу дунёнинг ўзида ҳам бор.Тубсиз ҳалокат жарлари устига қурилган, туғилишдан ўлимгача таранг тортилган бу сиротнинг номи ҳаётдир!Кимки нозик кўприкдан ўтаётиб, нотўғри қадам ташласа, ўша тубсиз ҳалокат жарлигига қулайди.Ҳам жисмонан, ҳам маънавий ҳалок бўлади.Жисмоний ҳалокат оқибатида киши нари борса, жони узилиб, оламдан ўтар.Лекин маънавий ҳалокатга йўлиқса, қалби ўлса, у абадий азоб уқубатларга маҳкум бўлади!Чунки жисм муваққат, руҳ билан қалб эса абадийдир!Бу дунёни бевафо ёлғончи дея хақоратлаш ҳам гунох!Негаки одам боласи у дунёдаги мангу ҳузур -ҳаловатни ҳам, абадий жаҳаннам азобини ҳам шу дунёда, ўзи ҳали ўлмай туриб топади, тайёрлаб қўяди.Шунинг учун бизнинг бу дунёда фақат тўғри юришдан бошқа йўлимиз йўқ.Тўғри йўлдан адашма, қизим.Борган жойингда тиниб, тинчи.Қайнона, қайнотангни ҳурмат қил!Куёвингнинг измидан чиқма.Уларга гап қайтарма.Сендан илтимосим, агар бизни рози бўлсин десанг, у оиладан бу уйга гап кўтариб келма.Чунки “деди деди” сўзлари билан оилалар вайрон бўлади.Қуда андалар ўртасига совуқлик тушади.Сенинг энг ашаддий душманинг ҳам, энг яқин дўстинг ҳам ўз тилинг.Тилга ҳушёр бўл, болам.Ёмон гаплардан, ғийбатлардан тийилиб, одамлар ҳақида фақат яхши гапларнигина гапиришни ўрган.Жон бор жойда жанжал бор дейдилар.Ҳатто подшоларнинг уйида ҳам ўзаро тушинмовчиликлар, муаммолар, оилавий можаролар бўлиб туради.Бу табиий.Ҳамма гап ўша юз бериши мумкин бўлган жанжалнинг олдини олишда, муаммоларни қизишмай, яхши гаплар билан ҳал қила билишда, муросаи мадора билан оила мувозанатини сақлаб қолишда.Жамият тинч –тотувлигини, одамлар ва халқларнинг ўзаро аҳиллигини аввало жамиятнинг энг кичик ячейкаси ва модели бўлмиш оиладан бошлаш керак, оилада аввал тартиб -интизомни ўрнатиш ва уни мустахкамлаш керак.Бу шунчаки чиройли гаплар эмас, бу ҳикмат!Мен шу пайтгача бировга насихат қилмаган эдим.Бугун сенга насихат қилмоқдаман.Чунки сен менинг жигарбандимсан.Шу гапларимни доимо ёдингда тут –деди у.Дадасининг ўша гапларини ёдида сақлагани учун ҳам Илтижо эрининг ва қайнонасининг зулмларига чидаб, тош тишлаб яшайди.Табиатан ўта жиззаки ва инжиқ қайнонаси ҳар куни нимадандир камчилик топиб, тўхтовсиз жағиллайверади, йиғлаб, қарғаб, Илтижонинг жисму жонини эговлайди.

-Э, картошканинг пўчоғини ҳам шунча қалин арчадими одам?!Кеча сиз арчган пиёз пўчоғини қайта ажратиб, бир паловга етгулик пиёз паррак йиғиб қўйдим!Ашрапилло болам бечоранинг қийналиб топганини бундай ҳавога совуриб, исроф қилаверсангиз, эртага бори буддимиздан айрилиб кафангадо бўламизку!Э, Худо!Шунақаям келин учрайдими бизга!Бою босомон, амалдор одамнинг қизи деб алданиб, қаёқдан ҳам шу сиртини силаган, молфахм қизни келин қилдима!Вой пешонам қурсин манинг, пешонам қурсииин!Ҳа, аттанга!Аттаааанг!Менинг ўғлимга кимлар қизини бермасди!Бу жодугар ўлгур онаси билан бахши пархон қилиб югириб, сеҳру жоду қилиб, охири ўғлимниям мендан совутди.Боламнинг бурнидан ип ўтказиб олди, жувонмарг.Биламан, биттани бекорга туққани йўқ бу писмиқ!Боламнинг бошини айлантириб, бор бойлигини ўзига хатлатиб, охири ўғлим иккаламизни кўчага хайдамаса гўрга эди!Э, ҳамма айб ота онада! Уйда боласига тарбия бермаса қийин эканда!Унақа одамларнинг бойлиги, гариллагани итнинг кетига!Бу яшшамагур кечаси нима билан шуғилланади билмайман, қачон қарасанг ухлагани ухлаган!Оламни сув босса, тўпиғига чиқмайди!Ҳа, келин деган саҳарда туриб, ховлини, кўчани ёғ тушса ялагундай қилиб супуриб қўймайдими!Онаси супурги ушлашни ҳам ўргатмаган эканда!Ҳамма ёқни чангитиб, шатиллатиб супириб, сотиб олганимизга ҳали бир йил ҳам бўлмаган ойим супургини асфальтга ишқаб, ейилтириб, адойи тамом қилибдия! Э бу келинмас, бизнинг оиламизни хонавайрон қилиш учун келган ёвуз душман экан! Шу зодинга ўт тушкур шумқадам келдию оиламиздан барака кўтарилди!Вой, менинг ўғлимга кимлар қизини бермас эдия!Бундай шошилмай, ҳокимлар, банкирлар ва бошқа казо казолар билан қуда анда тутинсам бўлмасмиди?! Хапгина сани!Қараб тургин!Яқинда думингни тугиб, ўғлим Ашрапиллога онаси ўпмаган 15 яшар қизни олиб бераман, рашкдан куйиб, жизғанак бўлиб, тўппа тўғри жаҳаннамга равона бўласан!-дея тинимсиз жаврайди у.

Бир гал ҳатто ўғли Ашрапиллога: -Сен сўтак, эр эмас, латта экансан, латта!Бўш қўйсанг бу жувонмарг эртага бошинги чиқиб олади!Эркак деганнинг сал қамчисидан қон томиб туриши керак!Хотинини итоатда ушлаб туриш учун уни ҳеч йўқ бир кунда беш ўн дарра уриб туриш керак!Э, ётқизволиб қорнига тепмайсанми?!Ҳе, ўғил бўлмай ўл, хайвон!Хотининг мени урсаям қараб тураверасанми?! –дея йиғлаган эди, ғазабдан Ашрапиллонинг тепа сочи тикка бўлиб, кўзлари қонга тўлди ва шахд билан Илтижога юзланди.

-Нима?!Вой харомией!Сен ҳали онамга қўл кўтарадиган бўлдингми?!Мени туғиб, дунёга келтирган, ўзи емай едириб, киймай кийдириб улғайтирган меҳрибонимга, муқаддас Каъбамгая?!Вой онагинангни осма кўприкка осиб... сука!Мен онамнинг олдида сендақаларнинг миллионтасидан кечиб қўяман! Хотин йўлда, фарзанд белда, онам эса битта! -дея Ашрапилло Илтижога ташланди ва уни уриб, ерга йиқитиб, дуч келган жойига дод дегизиб тепаверди.Илтижо зорланиб: -Ашрапилло ака!Мен онангизни урганим йўқ!Бу тухмат!Худо ҳаққи урганим йўқ!Менинг бу бақувват аёлга кучим ҳам етмайди!Етган тақдирда ҳам ўз онамни ураманми?!Наҳотки мени шундай пасткаш деб ўйласангиз?!Мен ахир, онажонни сиздан ҳам қаттиқроқ ҳурмат қилман!Ишонинг! –деса ҳам, ялиниб ёлборса ҳам тўхтамади.У бечора Илтижони чарчагунича дўппослади.

-Қанақа тухмат, а, қанақа тухмат!Вей, беш вақт номоз ўқийдиган, рўза тутадиган менинг иймон эътиқодли онажоним сочлари оқарганда ёлғон гапирадиларми?Ҳозир талоқ паттангни қўлинга тутқазайми а?!Қумталоқ қўйиб ташлайми?!Вой аблах ношукур, нонкўўўўр!Еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлса, сенга яна нима етишмаяпти а?! -дея бақирарди у ҳамон Илтижони тепкилаб.

-Урса дедим, ахмоқ! Ургани йўқ ҳали! Қўл тегизиб кўрсинчи, ўзим уни уриб, оёқ қўлларини синдириб ташлайман! –деди Илтижонинг қайнаси.

Шундан кейингина Ашрапилло уришдан тўхтади.

 

 

 

Подробнее...

 

Ўзбек халқининг севикли шоирларидан бири

Шукур Қурбон

Чинобод чироқлари


Чинободликлар адабиётсевар, санъатсевар ҳалқ.Кўхна Чинобод устоз шоир Шукур Қурбон билан, марҳум истеъдодли шоир Аҳмаджон Далиев билан, ҳофизлар Фаттоххон Мамадалиев, ака -ука Исроилжон ҳамда Исмоилжон Вахобовлар ҳамда Сирожиддин Маннонов бошчилигидаги "Сўтақўзи" сайёр театри ва Зуҳриддин Исмоил каби қатор шоир ёзувчилари, қолаверса, марҳум биринчи тоифали юрист, профессионал, ҳалол адвокат, садоқатли дўст, яхши инсон Анваржон Хайдаровлар билан ҳақли равишда фахрланади.


Чинобод соғинчи Шукур Қурбоннинг ойдин шеърларида ўз аксини топган.

Шоир олис болалигини қўмсаб, Чинободнинг тупроқ кўчаларида ўз кўйлакларининг қўйнини тупроққа тўлдириб, икки қўлини қанотдай ёзганларича: -биз дори сепар самолётлармиз!-  дея тупроқ тўзғитиб, чопиб юрган болалар образи орқали мустамлака замонларида пахта далалари устидан учоқларда заҳарли меркаптапос, пестидцид оғуларини меҳнаткаш халқимиз бошига ёғдирган ёвуз кучларга ўз исёнини ўша пайтлардаёқ жасорат ва журъат билан изҳор эта олган, дахшатли фожеа кўламини ишоратлар билан кўрсатиб беролган эди.


Одатда қинғир -қилвир йўллар билан китоблар чиқаришни,  ялтоқланишни билмайдиган, унвон, дача, қалам ҳақи талашиб, уюшма раиси билан ёқалашиб, бўғишиб юришни ўзларига эп кўрмайдиган камтарин шоир -ёзувчилар баъзан бироз четда, сояда қолиб кетадилар.Шу призмадан қараб, адолатли баҳо берилса,Шукур Қурбон ўзининг одам қайта қайта ўқиса ҳам зерикмайдиган, медага тегмайдиган, мусиқага ўхшаш лирик шеърлари билан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби шоирлардан сира кам эмас.


Унинг она ҳақида, севги -муҳаббат мавзусида ёзган лирик шеърлари, "Соғинч дорвозаси" номли шеърий туркуми ҳақиқий санъат асарларидир.


Шукур ака, яхши юрибсизми?Келин аям, жиянлар тинчми?Уларга салом айтинг.Иброхим Пайдога ҳам.


Энди ажойиб шоир Зуҳриддин Исмоил ҳақида икки оғиз сўз.


Бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи Зуҳриддин Исмоилнинг асли касби тиш дўхтирлик бўлиб, унинг ишхонасидан тишини пармалатаётган мижозлар оҳ -фарёди, осмонларни тилка пора қилгувчи чинқириқлари бот бот эшитилиб туради.Агар Зуҳриддин Исмоилнинг мижозлар милкидан суғирган тишларини бир жойга тўпласа, дунё харитасида янги тоғ тизмалари пайдо бўлар эди.(ҳазил).


Жиддий айтадиган бўлсак, шифокор шоир Зуҳриддин Исмоил ҳам яхши шеърлар ёзади.

Унинг ҳикоялар ёза бошлагани эса, табрикласа арзигулик қувончли воқеа.


Бугун шоирнинг битта митти ҳикоясини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.



Холдор Вулқон

 

27/02/2018.

Кеч соат 7:31.

Канада, Онтерио.

Зуҳриддин Исмоил

 

Ёмоннинг бир қилиғи

(Ҳикоя)



- Ароқни эр-р-как киши ичади,- виқор билан писанда қилди ўтирганлардан бири.

- Албатта...Лекин хотин киши ҳам ичиши мумкин, - ҳиққ, -

унинг гапини зўр бериб маъқуллади иккинчиси.

- Ошналар, тушунсангларчи, мени жигарим оғрийди, - тушунтира бошлади учинчиси.

- Ме-н-нинг туғилган кунимда ичмаган... душманим. Ичасан! Ё душманиммисан, а?

- Қўзитой - мужик, ҳиққ, - гапини икки қилганларни ём-м-он... кўради. Отиб юбор, кўзингни юмиб, - ҳиққ, - қўшилди икинчиси яна.

- Кейин қийналаман-да, қўйинглар энди, - росмана ялинишга тушди Тўлашбек.

- Вей, менга қа-р-ра. Сенга ҳеч ким билмайдиган даволаш усулини ўргатаман. Қарабсанки, от, йўқ, эш-ш-акдек бўлиб кетмасанг, Қўзитой отимни...Совлиқтой қўяман, ҳа. Шуни билгинки, ҳамма касаллик совуқдан, шамоллашдан бўлади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ кесади. Ўзи.. сени ҳамма ёғинг совуқлик бўлиб кетган. Бўлмаса...хотининг тўртта ҳам қиз туғадими, дўст?

- Қўзитой бўлмаса, ҳиққ...Нима ҳам қилардинг, галварс, ҳиққ...Раҳмат демайсанми, - Ҳалим ошнаси ҳар доимгидек Қўзитойни мақташдан чарчамасди.

Орият қўзғалдими ё янги даволаш усулининг дарагини эшитиб Тўлашбекда озгина умид учқунлари пайдо бўлдими, ўша сабил бир пиёла охири томоқдан ўтди.

Кечаси билан Тўлашбек ухламади. Ухлаёлмас эди ҳам.

Чунки қарийб йигирма йилдан бери азоб берадиган ўнг қовурғасининг остидаги аждаҳо яна уйғонган эди-да. У тонггача икки букилиб, юриб чиқди.

Эртаси куни чошгоҳда Қўзитойга юзланди. Янги даволаш усули уни барибир озгина бўлсада қизиқтириб қолганди.

Кун ўтиб, саҳармардонда Тўлашбек уйи олдидаги Ташлама сойига охиста тушди. Ноябрь ойи бўлгани учун бу осон кечмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетди. Аъзои бадани кўкариб, жағлари бир-бирига уришиб, юролмай қолди. Бир амаллаб, сувдан чиқиб олди-да, уйига эмаклаганича кириб кетди.

Куни бўйи ўраниб ётди. Зўрға нафас оларди. Барибир исимади, оғриқ уни тарк этмасди.

Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Бироқ энди совуқ унча билинмади. Фақат сувдан чиқиши бир оз қийинроқ кечди. Яна уйига эмаклади.

Бу кеча тонг отиши Тўлашбек учун бутун бир асрга тенг бўлди. Оғриқ энди қутуришни бошлади. Тўлашбекнинг назарида дард бутун дунёдаги барча ёр-биродарларини меҳмонга чақириб, Тўлашбекнинг сабр-тоқатини синашга бел боғлаганди.

Учинчи куни саҳарда Тўлашбек бир оз иккиланди ҳам.

Оғриқнинг зўри, чеккан азоблари, орқасида мўлтираб турган қизлари ва аёлини ўйлаб, таваккал қилди, сувга тушди.

Бу сафар аҳволи янада оғирлашди. Сувдан чиқолмай қолди.

Тепада қўрқинч ила қараб турган хотини ва қизлари уни минг азоб билан тортиб чиқаришди. У юра олмади, юқорига бир қараб қўйди-да, хушидан кетди.

"Дўсти"нинг "фойдали маслаҳати" кўзлаган мақсадига етганди. Бу қийноқларга чидай олмаган бечора юрак уришдан тўхтади.

Сой сувлари қилиб қўйган ишидан бехабар ҳар доимгидан янада кўпроқ лойқаланиб, важоҳат ила кўпирганича оқишда давом этарди.

Андижон вилояти, Чинобод қишлоғи.

Манба: "Иқбол" сайти.


x_15d42282 (604x453, 162Kb)

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 


Жасоратли журналист Муҳаммад Бекжоннинг "Алвидо, Жаслиқ!" китоби тўғрисида



Аслида бир икки жумласига кўз югиртирилиши биланоқ, дарров у ёки бу асарнинг қай даражада ёзилгани, ёзувчининг бадиий диди, истеъдод даражаси тўғрисида аниқ ташхис, тасаввур ҳосил бўлади ва у асарни ўқиш ё ўқимаслик қарори олинади.


Олтиндан ҳам қиммат вақтини ва кўз нурини бехуда сарф қилмаслик учун, ё муаллифнинг истеъдод даражаси ўртамиёнадан ҳам пастлиги сабаб, ё дейлик "асар" диний ёки дунёвий фанат тамонидан бирёқлама, зерикарли ёзилгани учунми, дидли уқигувчи дуч келган асарни ўқийвермайди.


Аммо узоқ йиллар "Жаслиқ" қамоқхонасида ўтириб, руҳан синмаган журналист Муҳаммад Бекжоннинг қамоқхоналарда чеккан ўз жабру жафолари ҳақида ёлғон қўшмай, самимий ёзган "Алвидо, Жаслиқ!" китоби бундан мустасно.


Мен бу асарни ўқиб чиқиб, нафақат асарнинг ўзи, балки унинг номиёқ ижодкор инсон табиатини, қалбини ва бадиий дид даражасини белгилайдиган бир сирли кўзгу эканига амин бўлдим.


Эътибор беринг.Муҳаммад Бекжон ўз асарини "Алвидо, Жаслиқ!" дея номлабдилар.


Одатда одам бирон қадрдон дўсти ёки яқинлари билан мангуга хайрлашаётибгина "алвидо!" дейди, видолашади, видо айтади.


Бу ерда китоб номи икки ҳил маънони англатади.


Бири ўзининг узоқ йиллик қадрдони - дахшатли қамоқхона билан ҳайрлашаётгани бўлса, иккинчиси қамоқхоналарда ўтган навқирон ёшлиги (қорақалпоқ тилида Жаслиғи)билан видолашиш.


Бошига мусибату азобу уқубатлар ёғдирган қамоқхона билан видолашаётган Муҳаммад Бекжон китобининг номи менга беихтиёр Бобраҳим Машраб мисраларини эслатди.

 

Аҳволи дилим айтғали бир маҳраме топмай,

Зулмингни қариндошу ғамингни падар эттим.

 


дея ёзади Шох Машраб.


Шоирнинг юқоридаги байтини ҳис қила олган одамнинг кўзларидан ёш чиқиб кетади.


Э, Худойим!Менга жамолингни кўрсатмай қилаётган зулмингни ўзимга қариндошдек яқин олдим, ҳажрингда ғамгин бўлган бўлсам, ўша ғамни ўз отамдай эъзозладим -деган маънолар бор бу байтда.


Ҳа, журналист Муҳаммад Бекжон ҳам ўзига етган қийинчиликларга тоқат билан сабр қилди, қамоқдан қутилиш учун қамоқхона мулозимларига зимдан хизмат қилмади.Амницияга тушиш илинжида қамоқхона маъмуриятига ва катталарга ёқадиган гапларни айтишдан ўзини тийди.


"Э, халойиқ, мени ўлдиришяпти йиттиришяпти, дубина билан товонларимни уриб ёриб ташладилар!" қабилида фарёд кўтармади.

Бошига тушган дахшатли кулфатларга сабр билан, миқ этмай чидади.


Ундан ҳам ҳайратланарлиси, Муҳаммад Бекжон ўз акаси, шоир Муҳаммад Солих, Салай Муҳаммадаминовга:

-Ҳаммасига аслида сен айбдорсан.Сенинг касофатинга оиламиз хонавайрон бўлди.Биз қамоқларда чиридик.Сен эса, ўз жонингни эхтиётлаб, хорижда ялло қилиб юрибсан.Ҳеч йўқ укаларимни демасанг ҳам, Каримовга қарата: -қамоқларда ноҳақ азоб чекаётган махбусларни қамоқдан озод қилиб, БМТ ихтиёрига топшир, уларнинг ўрнига мен ўз ихтиёрим билан бораман дейишга ҳам ярамадинг -дея таъна -маломат қилмади.


Шу маънода Муҳаммад Бекжон метин иродали, ҳалол , жасоратли журналист ва яхши инсондир.


Илоҳим "Жаслиқ" қамоқхонаси энди фақат ва фақат инсонларнинг мудхиш қисматларидан ҳикоя қиладиган, келажакда бундай машъум воқеалар содир этилмаслигини инсониятга эслатиб турадиган тарихий музейга айлансин!


Бундан кейин озод ва обод юртимизда одамлар ҳеч қачон қонунга зид равишда қамалмасин, азобланмасин!


23/02/2018.

Кундуз соат 10 :51.

Канада, Онтерио.

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ташаббуси билан Абдулла Қодирий ҳотирасига боғ - музей ташкил этиладиган бўлди.

 

Абдулла Қодирий ўзбек адабиётининг энг ёрқин, унитилмас сиймоларидан, яъни символларидан биридир.

Шу кунларда "Озодлик" хорижий радиоси Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ўзбек романчилиги асосчиси атоқли ёзувчимиз Абдулла Қодирий ҳовлисида боғ - музей ташкил этишни ваъда қилгани ҳақидаги қувончли хабарни тарқатди.

Дину диёнатсиз осий жамият далаларимизни пестицид оғусига бўктириб, халқимиз генофондига жиддий зарар етказгани, денгизимизни кўлмакка айлантиргани ҳам оздай, адабиётимиз, маънавиятимиз ўқ томирига ҳам болта уриб, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби шоирларни, Абдулла Қодирий каби буюк ёзувчиларимизни ноҳақ қатл қилди.


Абдулла Қодирий қатл этилмаганида, у Мопассан, Стендал, Александр Дюма, Жюль Верн, Лев Толстой, Эрнест Хемингуэй, Кобо Абе, Габриэль Гарсия Маркеслар қатори ўзининг "Ўткан кунлар" романиданда буюкроқ санъат асарлари яратган бўлар эди.


Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг Абдулла Қодирий ҳотирасига бағишланган мухташам боғ-музей ташкил этиш тўғрисидаги қарори барча ўзбек ёзувчилари қатори мени ҳам беҳад қувонтирди.


Ҳа, бўғзигача қонга ботган худосиз жаллодларнинг қонхўр тўдаси Абдулла Қодирийни ноҳақ отувга ҳукм қилиб, жисман қатл этдилар.


Аммо улар халқимиз юрагидан жой олган Абдулла Қодирийни, унинг мунаввар ҳотирасини маҳв эта олмадилар.


Мусофирнинг дуоси нақд дейди донишманд халқимиз.Шундан умидланиб, мен ҳам бугун  устозимиз Абдулла Қодирий ҳотирасига боғ-музей ташкил этиш қарорини олган давлатимиз раҳбарларини ўз эзгу мақсадларига, яхши нийятларига етсин дея чин юракдан дуо қиламан.


Озод ва обод Ватанимиз тинч, адабиётсевар, камтарин халқимиз мангу омон бўлсин!

 

 

Холдор Вулқон


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

 

20/02/2018.

Кундуз соат 4:06.

Канада, Онтерио.


 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

maxresdefault (700x393, 47Kb)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Номозов ҳақида


Мен азалдан маҳаллийчиликни, миллатчиликни ва ирқчиликни жинимдан бадтар ёмон кўраман.

Айниқса "Водий -Воҳа" дея ажратган одамни шартта бўғиб ўлдириб қўйгим келади.

Маҳаллийчи бўлмаганим учунми, менинг Қашқадарёда ҳам Сурхондарёда ҳам, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразму Жиззах тамонларда ҳам дўстларим жуда кўп.

Университетда ўқиб юрган кезларим самарқандлик Абдурахмон, Зокир бахши, Луқмон каратист по Тайквандо, навоийлик Зиёд, бухоролик Нажмиддин, шоир Сокин, қашқадарёлик Муроджон, Шербек, ургутлик Очилбек(Рабғузий), жиззахлик Шавкатбек каби ва яна жуда кўп дўстларим, ажойиб курсдошларим бор эди.

Одам ажратмаганим учун ҳам дўстларим менинг ҳурматимни жойига қўйишар, бирон жойда зиёфат бўлса, мени ҳам қўярда қўймай судрашар, мен бу сафар боролмайман десам, улар, сен бормасанг, биз ҳам бормаймиз дейишарди.

Мен адабиётда ҳам шоир -ёзувчиларни вилоятларга ажратмаганман.

Жумладан санъаткорларни ҳам.

Мен барча ўзбекистонлик санъаткорларни бирдай ҳурмат қилган ҳолда, бугун Маҳмуджон Номозов шахсига тўхталмоқчиман.

Бу дунёда шундай кимсалар борки, улар гарчанд қишлоқда туғилган бўлсаларда, ўзини маданиятли қилиб кўрсатиш учун, бошқаларни алдаб, шаҳарликман дейди.

Маҳмуджон Номозов бўлса, бунинг акси.Ўзининг қишлоқда туғилганини яширмайди.Қайтанга фахрланиб, ўзи туғилиб ўсган қадрдон қишлоғи ҳақида жўшиб, ўзини унитиб, қўшиқ куйлайди.Шунчаки эмас, дурдона санъат асарларини яратади.Бу табиий ҳатти ҳаракатлар унинг ростгўйлигидан, қалби тозалигидан далолат беради.

Дўстлардан илтимос қилардимки, ўзбек халқининг энг севимли ҳофизларидан бири Маҳмуд Номозовга менинг номимдан миннатдорчилик билдириб қўйсалар.

Мен Маҳмуджоннинг "Қишлоғим" қўшиғини қайта қайта тинглаб, маза қиламан.Ўз қишлоғимни эслаб, уммонлар ортида кўзларимга ёш келади.

Раҳмат, Маҳмуджон!

Қўшиғингиз шеърини ёзган шоирга ҳам раҳмат!

 

 

Кўнглима орзулар солган қишлоғим,

Олис олисларда қолган қишлоғим.

Келиб қоларми деб ҳар саҳар ҳар шом,

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.


 

(Ўзбекнинг энг ёниқ, ёрқин шоирларидан бири, раҳматли Равшан Файз ёзган шеърдан бир банд)



 

10/12/2017.

Кеч соат 5:21.

Канада, Онтерио.

 

Холдор Вулқон

Тасодифий учрашув



Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.

Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.

Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?

Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?

Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...

Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Гигант эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, улкан шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.



25 апрел, 2014 йил.

Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.

Канада.


Изох: -Чўчқахона деса ҳайрон бўлиб юрмаларинг.Гап шундаки Қорадарё соҳилига жойлашган қишлоғимиз четида, дарёнинг 10 -15 метр чуқурликдаги ҳайбатли жарликларига яқин жойда чўчқахона харобалари бўлар, азим тераклар ва танасига қулоч етмас толлар шамолларда шаршарадек шовуллаб ётгувчи хуторда болалик пайтларимиз, то қоронғи тушиб, тўп кўринмай қолгунча югириб, қора терга ботиб, футбол ўйнардик."Мизхаппарнинг мактублари" асаридаги Қурумбўй, Мизхаппар, Мамадиёр, Йўлдашвўйларнинг саргузаштлари айнан ўша чўчқахона харобаларида кечади.Хозир у чўчқахона ўрнида Тўхтасин аканинг фермер хўжалиги бор.

 

 

 
Еще статьи...