Поиск

НОСИР

 

 

 

 

 

Кимдир салом деди эшигим очиб,
Банд эдим — китобдан кўтармадим бош.
Менга маъқул эди тақдирдан қочиб,
Шу хилват хонада дарвешдек яшаш.

Сездим, қимтинганча ўзига суриб,
Омонат ўтирди эски стулга
Ва ҳамма аёллар каби иш кўриб,
Бирров разм солди юпун устимга.

Сўнг нигоҳи кўчди деворимдаги
Бўёғи униққан кўҳна суратга.
Уни ҳайрон қилди бир энлик чанги,
Менинг лоқайдлигим солди ҳайратга.

Сездим, тақдиримнинг ўзи эди у,
Шу ғариб хонага юборилган бахт.
Мен қанча тунларда билмасдан уйқу
Китоблар ичидан топган буюк дард.

Аммо, минг афсуски, ҳатто бир лаҳза
Унга боқмоқ учун қизғандим вақтдан.
Айни шу пайт қалбга солганча ларза
Ремарк жаноблари ошарди ҳаддан.

Айни шу лаҳзада йиғлади Робби,
Патрица жон берди...
Мен дилгир эдим.
Кимдир хайр деди, эшигим ёпди,
Унинг юзларига қарай олмадим.


* * *


Ҳар кунгидай қозон бошида
куймаланиб юрган бир тақдир
қўлларини артди-ю келиб
оқ кўйлакка бўйинбоғ тақди.

Кўйлак йўлга тушди ҳилпираб —
ишга бориш керак вақтида,
автобусдан тушгунича то
ўйлаб кетди тақдир ҳақида.

Ҳар кунгидай қозон бошида
вақтни зўрға ўтказган тақдир
қўлларини артди-ю келиб
туш пайти кимгадир сим қоқди...

Ва шу билан ҳикоя тамом,
ўша куни - етмасдан шомга
оқ кўйлакнинг ёқасидаги
тугмалари тўкилди полга.


* * *


Тақвимни девордан юлиб отаман,
Агар ўтган бўлса бир куним дардсиз.
Балки бутун умрим билан хатоман,
Аммо мен ҳеч кимман хотираларсиз.

Гул дедим, бу ҳаёт бир чаман берди,
Гуллар сувдек оқди анҳорларимда.
Менда ўйлаш учун фурсат бор эди
Қайта-қайта келган баҳорларимда.

Бироқ ҳаётимдан ясадим ўйин,
Гулдек хазон қилдим ҳар ўтган кунни.
Энди ечмоқ қийин, унутмоқ қийин
Юрагимда қолган эски тугунни.

Бугун шивирлайман ўзимга секин:
Майли, келгусим ҳам ўтмасин дардсиз.
Эҳтимол, бахтиёр бўларман, лекин
Мен ким ҳам бўлардим хотираларсиз.

 

 

* * *


Шамол олиб келар уйимга
уфқдаги сариқ боғларни,
сўнг эринмай ҳар битта шохни
устунларга бир-бир боғлайди.

Худди мўмин болалар каби
одоб сақлар бир ҳовли дарахт,
аммо ҳали замон уларнинг
оёғидан ўта бошлар зах.



ЁШЛИККА МАКТУБЛАР


1

Мен ўзим кузатдим
Қўлидан тутиб,
Мени ардоқловчи
Одамлар кетди.
Ҳамма гуноҳим
Чин дилдан унутиб,
Айбимни оқловчи
Одамлар кетди.

Ўтмишим ҳаддимдан
Сал ташқарида,
Билмайман кимларни
Эслашни тағин.
Чиройли қизларнинг
Йиғлашларидан
Бўлак хотира йўқ
Кўнглимга яқин.

Ўжар, қайсар эдим
Ва бироз шоир,
Тан олмай яшадим
Ҳаёт шартини.
Тушунсам, бир томон
Айланаркан ер,
Бошқачароқ экан
Яшаш тартиби.

Такрор сўз ўзимнинг
Жонимга тегар.
Энди ким гапимга
Қулоқ солади.
“Ҳар ким ўзи учун
Ўзи жавобгар”—
Шу бўлди умримнинг
Хулосалари.

Мен ўзим кузатдим
Қўлидан тутиб,
Мени ардоқловчи
Одамлар кетди.
Бошқа бағирда ҳам
Бир мени кутиб,
Бир мени хоҳловчи
Одамлар кетди.

Сунбула. Олмалар
Таранглашган кез.
Қовунлар ҳидига
Тўлганда ҳовлим.
Ўзим билан ўзим
Дардлашиб ёлғиз,
Бундан сиқилишни
Сира кутмовдим.

Кузнинг салқинини
Соғинган кўйи.
Ётаман.
Ёнимдан ўксиб олислар.
Қўлида мен бехос
Жон беpиб қўйиб
Ниятга етмаган
Чиройли қизлар.


2

Ёш эдим, ғўр эдим,
Эҳтимол ёшим
Ўн етти-ўн саккиз
Ораламаган.
Ҳали айланмаган
Севгидан бошим,
Қўлим ҳали бир шеър
Қораламаган.

Ўшанда райҳонни
Атардим райҳон,
Ўшанда қизғалдоқ
Қизғалдоқ эди.
Бир қиз ҳаётимга
Кирди ногаҳон,
Билмадим, у кезлар
Қиз қандоқ эди.

Ўша қиз қоп-қора
Сочларин ёзиб,
Менинг вужудимни
Чирмади бирдан.
Шунда бутун борлиқ
Ақлдан озиб,
Бир хил овоз келди
Осмону ердан.

"Сизни билмадим, мен
Сизни севаман!"
Шунча бўларми бир
Сўзнинг қудрати?!
Бир ўлиб-тирилдим
Бу иқрордан ман
Муҳаббат ҳаққи-ю
Кўнгил ҳурмати.

Кейин кунлар кечди
Рангсиз, файзи йўқ.
Тунимда липиллар
Хира шамчироқ.
Қиз кетди (тўғри-да,
Мендан қарзи йўқ.
Қайтанга қарз берди
Бўса ва титроқ).

Қарийб ўн йил ўтди
Бир кун дардида -
Илтифот кўрсатган
Қизнинг куни у.
Айтсам, минг тўққиз юз
Тўқсон олтида
Хазонларга тўлган
Кузнинг куни у.

Энди хумор қилар
Май билан бирга
Шамолда ўйнаган
Сочларнинг бўйи.
Соқоллари ўсган
Ғариб шоирга
Оғирлик қиляпти
Хотира куйи.

Титиб ўлтираман
Кундалигимни,
Эҳтимол, у кунлар
Менга дарс эди.
Ўшанда бўларди
Севсам ҳам кимни,
Ўшанда муҳаббат
Муқаддас эди.


Бир пул бўлганида
Энди ҳаммаси,
Ўзимча муҳаббат
Ҳақида ёздим.
Аммо адашибман,
Билсам, чамаси,
Ахир мен ўн йилни
Бекор ўтказдим.


3

Тавқи лаънат билан,
Қарғишлар билан
Шеър ёзиб дилингиз
Оғритган менман.
Жабрдийда, юзи
Сарғишлар билган
Юзларга тортилган
Сўнгги оминман.

Феруза кўзлардан
Қараманг менга,
Биламан, сиздаги
Ҳаёт бокира.
Мен қайсар одамман,
Шоир кўнглимга
Ёлғизлик ёқади
Сиздан ҳам кўра.

Мен сизни севаман,
Севганим шунча -
Бир кунда бир марта
Салому алик.
Бироқ туғилгандан
Ўла-ўлгунча
Сизни севолмайман
Битта сўзчалик.

Астойдил эътибор
Бермай бахтимга,
Йўлимда яратдим
Шунча изтироб.
Сизни қучиш учун
Кетган вақтимга
Ёзсам тугар эди
Ёстиқдай китоб.

Йигирма йил зиёд
Яшадим шодон,
Одамлар улашган
Ҳарорат билан.
Бундан буёғига
Шодлик даргумон
Битта қиз қолдирган
Ҳақорат билан.


Мен сизни севаман,
Ичимда айтиб
Юрган шеърларимдан
Кўп бўлмаса ҳам.
Ўша шоирликдан
Бир зумга қайтиб,
Севиб туриш керак
Баъзида одам.

Ёзув столимга
Кўзёш тўкилар,
Бугун иродаси
Сал ожиздекман.
Мени кўриб қолинг,
Кейин кеч бўлар
Машҳур бўлиб кетсам
Чорасизликдан.

Мен сизни севаман,
Севганим шунча...

---------------------------------------------------

Манба: "Ёшлик"  журнали

 

 

 

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси


Ҳазрати Алишер Навоийдан то Эркин Воҳидовгача бўлган устозларимиз ғазалларида

муҳаббат ва фалсафий мавзулар қойил қилиб тараннум этилди.

Энди аруз вазнимизга манзара лирикасини олиб кириш ҳақида ҳам ўйламоғимиз керак.

 

Холдор Вулқон

 

Куз илҳомлари

 

 

Воҳ, кузги дарахт шаклида ҳайронани кўрдим,

Ёлғиз ва ғариб, бир дили вайронани кўрдим.

 

Жим жит кўчада ўйнади раққоса шамоллар,

Чарх урди ҳазон гирвати, парвонани кўрдим.

 

Дарчам ёнидан ўтди учиб ёввойи ғозлар,

Парвозию фарёдида девонани кўрдим.

 

Қушлар уясин тутди дарахт шохида, ё Раб,

Инларга боқиб, ғам тўла паймонани кўрдим.

 

Заъфар капалаклар каби учганда хазонлар,

Баргларга кўмилган кўча , остонани кўрдим.

 

Йўлларга хазонлар тўшади кузги Торонто,

Боққанча чинор баргига Фарғонани кўрдим.

 

Ишқ бодасидан масту аласт шому саҳар дил,

Узлат уйида хилвати майхонани кўрдим.

 

Дўст топмади Вулқон бу жаҳон мулкида излаб,

Ҳар ерда ғаним, вахшати бегонани кўрдим.

 

 

 

26 октябрь, 2010 йил.

Тонги соат 7 :35 .

Торонто шаҳри, Канада.

 

 

Kuz ilhomlari




Voh, kuzgi daraxt shaklida hayronani ko‘rdim,
Yolg‘iz va g‘arib, bir dili vayronani ko‘rdim.


Jim jit ko‘chada o‘ynadi raqqosa shamollar,
Charx urdi hazon girvati, parvonani ko‘rdim.


Darcham yonidan o‘tdi uchib yovvoyi g‘ozlar,
Parvoziyu faryodida devonani ko‘rdim.


Qushlar uyasin tutdi daraxt shoxida, yo Rab,
Inlarga boqib, g‘am to‘la paymonani ko‘rdim.


Za'far kapalaklar kabi uchganda xazonlar,
Barglarga ko‘milgan ko‘cha , ostonani ko‘rdim.


Yo‘llarga xazonlar to‘shadi kuzgi Toronto,
Boqqancha chinor bargiga Farg‘onani ko‘rdim.


Ishq bodasidan mastu alast shomu sahar dil,
Uzlat uyida xilvati mayxonani ko‘rdim.


Do‘st topmadi Vulqon bu jahon mulkida izlab,
Har yerda g‘anim, vaxshati begonani ko‘rdim.




26 oktyabrь, 2010 yil.
Tongi soat 7 :35 .
Toronto shahri, Kanada.

 

 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Шоирнинг сурати маърифатимиз жонкуярларидан бири Давронбек Тожиалиевнинг "Зиё.Уз" сайтидан олинди.


Дўст ёди


Равшан Файз қисқа умр кечирган бўлсада, жисман ҳалок бўлган эсада, унинг юракка яқин, дардли, лирик шеърлари мангу сўнмас чироқлар маржони каби шеъриятнинг бепоён дала даштлари ортида маюс порлаб, шууримиз зулматларини ёритаверади.

Унинг шеърларини ўқиган инсон руҳияти тозаради, қалб кўзи равшанлашади.

Равшан Файз гарчанд Тошкентда истиқомат қилсада, доимо ўз она қишлоғини соғиниб, унга талпиниб яшади, соғинчини ўз лирик шеърларида акс этдирди.

Унинг шеърларини ўқир экансиз, Самарқанд билан Жиззах орасидаги Нурота тоғларида тумшуқларини тошларга қайрагувчи какликларнинг, Қўшработ далалари этагидаги жийдазорларда сайраётган каккуларнинг хасратли оҳи, ботиш шуълаларига йўғрилган шомги теракзорларда қулоқни батанга келтириб сайрагувчи қушлар шовқинини ва ойдинда чириллаётган чигирткаларнинг товушларини эшитаётгандай бўласиз гўё.

Равшан Файз шундай ажойиб шоир эди.У мен почта орқали юборган бир дона шеъримни ўқиб, Холдоржон, тезлик билан 10 та шеърингизни машинкалаб, журналга юборинг дея менга жавоб мактуби йўллаганди.

Шеърларим "Ёшлик" журналида суратим билан эълон қилинди.Аммо тақдир тақазосими, менга Равшан билан учрашиш насиб этмади.

Равшан оламдан ўтиб кетди.Худо раҳмат қилсин.

У газетавий техник қуруқ сўзлардан иборат бақир чақирни, фисқу фасодни, шундай оғзаки айтиб қўйса ҳам бўладиган оддий, одми гапларни кимгадир етказиш учун шеърни овора қилмайдиган, илоҳий сўз санъати қадрини баланд тутадиган юксак дидли, лирик шоир эди.

Равшан бир умр ойдин, боқий, мангу ўлмас мавзуларда туйғули лирик шеърлар ёзиб ўтди.

"Ёшлик " журналида узоқ йиллар адабиёт бўлимини бошқарган бу шоир адабиётимизга сидқидил, ҳалол хизмат қилди.

Равшан Файз маҳаллийчиликни, ғийбатни, макру ҳийлани, қитмирликни, бахилликни, хасадгўйликни, дилозориликни билмасди.

Ҳаммага яхшилик истаб, доим бошқа ижодкорларга қўлидан келганича ёрдамлашарди.

Жойинг Жаннатдан бўлсин, дўстим!


 

 

Холдор Вулқон


Дўст

(Ўзбекнинг энг ёниқ шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз ҳотирасига)

 


Гуллар ернинг табассумлари,

” Қайда ? ” – дея берма саволлар.

Саф чекар дов - дарахт лашкари,

Гувиллайди вахший шамоллар.

 


Бошланаркан буюк булут босқини,

Шаррос қуя бошлар шиддатли жала.

Ариқлар лабида сувлар тошқини,

Кўринмай кетади ёмғирда дала.

 


Куз келади сўнгра бизга сездирмай,

Кимсасиз йўлларда хазонлар рақси.

Ботаргохда эса шом қушларининг,

Муросасиз шовқини, бахси.

 


Қушлар ташлаб кетар инларин сўнгра,

Турналар фарёди узундан узун.

Боғларда шамоллар йиғлайди хўнграб,

Ёмғир шудгорлайди ойналар юзин.

 

 


2003 йил , 27 ноябрь . Тунги соат

9 дан 30 минут ўтди. Андижон.

 

 

 

Холдор Вулкан

Член Союза писателей Узбекистана

Занятая линия

(Памяти моего друга, великолепного узбекского поэта Равшан Файз)

 


В летнем сумраке сходит с ума,
Комариный рой, берег пологий.
Ослепительно сияет яркая луна,
Освещая безлюдные дороги.

Кисти созревшей черешни в крови,
Хор лягушек песню заводит.
Чтобы не сбивать росу с травы,
Ветер на цыпочках бродит.

Бродят по полям ветры долин,
Луна над полями сияет и тает.
Короткие гудки сверчков на линии,
Трубку никто не поднимает.



16/08/2015.
11:11 дня.
Канада, Онтерио.



cc5f0c5ce00463f63803c31d61bc7092 (220x300, 14Kb)

 

Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Қўралос  қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). “Мен шамолни тутволдим” (1992) болалар учун шеърий тўплами, “Ухлаётган одам” (1989), “Ташриф” (1990), “Кел, эй кўнглим”(1997) каби китоблари нашр этилган. 1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида (автоҳалокат туфайли) вафот этган.


Равшан Файз

 

 

ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ



Эй ота юрт, эй туғишган эл,
Мен бир ўсмир, мен битта гулни
Орзу-ҳавас деган танти ел
Қай бир баҳор бағрингдан юлди.


Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,
Ўшал юксак орзумга етдим:
Тиним билмас девона, дайди
Шамолларга айланиб кетдим.


Улангандим юрагим билан
Асли сенинг жону жисминга.
Энди яна бу дунё бир кам –
Орзуйим йўқ, армоним мингта!


Энди тунлар юрагим оғрир,
Соғинаман сени, қишлоғим,
Даштларингни эслайман оғир
Қояларга урилган чоғим.


Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой,
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!

 

Қишлоғим

 

Бу шеърни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Номозов ажойиб қўшиққа айлантирган.

 


Кўнглима орзулар солган, қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим.


Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим.


Менинг мақсадимдан кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўқдир.


Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адоғи йўқдир.


Айтгил, сенмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элтмасмиди мен танлаган йўл.


Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлаган йўл.

 

Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом,
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим.

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 

Подробнее...

 

 


Фаслий навбаҳор ўлди

 


( Фурқат ғазалига Холдор Вулқон ёзган муҳаммас)


 


Сайради саҳар булбул, тинглади гулистонлар,

Баргига қўниб шудринг тақди дури маржонлар,

Чўл каби ғариб умрим бўлди булбулистонлар,

Фаслий навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,

Дўўстлар ғаниматдир, сайр этинг гулистонлар.

 


Тоқида униб майса тому пахсалар хуррам,

Ёнди лолақизғалдоқ, боғу равзалар ҳуррам,

Ғарбда ой сузиб сокин отди ғамзалар хуррам,

Субҳидам тушиб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,

Гул уза томиб кам - кам ёғди абри найсонлар.

 


Чиқса аввало ботир бойчечак ёриб музни,

Аҳли дил қалам ушлаб ахтарур нафис сўзни,

Қиз - жувон кийиб атлас, шармисор этар бўзни,

Настаран ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,

Наргис очибон кўзни интизори ёронлар.

 


Бодаи муҳаббат қуй соқиё пиёламға,

Бўлмағай бу олам ғарқ дийда ашки жоламға,

Берди акс садо ўнгир, қоялар бу ноламга,

Бир саҳар эдим уйғоқ ўт туташди оламға,

Тооғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.

 


Қаҳратон йироқ кетмиш чун хазор, туман фарсах,

Пахса ортидан оппоқ гул тутар ўрик ваҳ - ваҳ,

Тонги боғ аро гуллар кулдилар отиб қах - қах,

Қумрилар қилиб ку - ку, булбул айлабон чах - чах,

Сарви гул уза доим тортар оху афғонлар.

 


Топмадим сабодин шом ахтариб анинг васлин,

Ҳурми ё башар билмам шўхи дилрабо аслин,

Қийнамас бирон золим бунчалар одам наслин,

Булбул ўқуғоч йиғлаб субҳидам ҳазон фаслин,

Ғунча қон ютиб, юз чок этди гул гирийбонлар.

 


Чор тараф чароғонким, тортадур кўзим равшан,

Чўлда ҳам биёбонда ниш уриб ўсар ёвшан,

Сен нечун, дилим, айтгил, йиғлаган ҳазин найсан?

Кечдилар вафо аҳли қолмайин тутиб савсан,

Кийди кўк қилиб сунбул зулфиний паришонлар.

 


Тинмагай кеча - кундуз кўзда ёш булоғимким,

Ўчмагай мудом Вулқон ёр кутиб чироғимким,

Фаҳру ифтиҳорим кўз остида ямоғимким,

Куймасин бу савдода не учун димоғимким,

Ранжу ғуссада доно, юрса шоод нодоонлар.

 

 

 

 


7 июнь, 2010 йил.

Тунги соат 12 дан 40 минут ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.