Поиск

muvozanat.info

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 


Одамзод бу дунёга айланиш учун келади



Маълумки, ҳеч ким, ҳатто манаман деган академик олим ҳам ҳеч қачон оддий халқдан донишимандроқ бўлолмайди.


Исбот учун халқ оғзаки ижодини олиб кўрайлик. Халқ оғзаки ижоди намуналарига басталанган шундай қўшиқлар борки, уларни анча мунча шоир ёзолмайди.


Ўзбек халқ мақоллари эса, минг  - минг йиллар элагида қолган олмос доналар, ота буваларимиздан мерос бебаҳо ҳазиналардир.


Бу мақоллар шуниси билан азизки, улар бизнинг миллий зехниятимиз билан чамбарчас боғлиқ, турмуш тарзимизга, урф -одат ва маданиятимизга уйғун.


Халқимизнинг оддий "Айланиб кетай сандан" деган гапининг ўзиёқ, доимий айланиб турадиган коинот билан, космик туманликлар ҳаракати билан боғлиқ экани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?


Буни қарангки, одамзод ихлос билан бетоб фарзанди атрофида айланса, хасталик ўзига ўтиб, боласи соғайиб кетар экан.


Сўфийларнинг гир айланиб зикр тушишлари ҳам айнан коинотнинг айланма ҳаракати билан боғлиқ.


Ҳа, олам айланади.


Бугун энди "олам айланмайди" деган одамни осий дея эълон қилиб, гулханда куйдиришлари ҳам ҳеч гапмас.


Гоҳ у шаҳарга, гоҳ бу шаҳарга бориб, айланиб, яна уйига қайтиб келаверадиган, айлана шаклда муттасил ҳаракатланиб, оламлар билан бирга чирпираб, чарх урадиган, тупроқдан бунёд этилган одам яна тупроққа айланаверади.

Оддий, яғир дўппи кийган ўзбекдан: -Ҳа, нима қилиб юрибсан? -дея сўрасангиз, у соддагина қилиб: - Айланиб юрибман -дея жавоб беради.


Ҳа, одамзод бу дунёга айланиш учун келади.

Ё жаннатийга ё дўзахийга.


Менинг энг қойил қоладиган нарсам, ота боболаримиз ҳали ер қуёш атрофида, қуёш системалари эса, яна қайсидир марказ теварагида айланиши тўғрисидаги гипотеза пайдо бўлмаган замонлардаёқ оламни "ЧАРХ", яъни айланиб тургувчи дея атаганлар.


Бунга қадимий шеъриятимиздаги чарх, чархи кажрафтор (терс айланувчи олам) сўзлари далил ва дастак бўла олади.


Кейинчалик маълум бўлдики, олам ростдан ҳам чарх каби айланиб турар экан.


Шу маънода халқимизнинг русларни "Ўрислар" дея аташи ҳам шунчаки айтилмагандай, халқимиз "ўрис" деганда Ўғиз маъносини назарда тутгандай туюлаверади менга.


Ким билади, балки ўрислар ҳам биз каби қадимий Ўғизларнинг авлодларидирлар?


Албатта бу бир гипотеза.


Балки бу ҳақда ҳам чуқурроқ ва жиддийроқ ўйлаб кўриш керакдир?

"Ўзбек" атамаси ҳам менимча Ўғиз беклари деган тушунчадан ташкил топиб, Ўғизбекларга айланиб, ЎҒИЗБЕК тушунчасидан эса, кейинчалик ЎЗБЕК атамаси пайдо бўлганов.

Яна Валлохи аълам.

Менинг бу шахсий фикрларимга ҳайрҳох бўлмаган баъзи кимсалар дарров бу гапларимдан гула кўтаришга шошилмасликлари учун бир ажойиб ўзбек ватандошимиз билан кечган суҳбатимизга тўхталмоқчиман.


Даврада ўзбеклар жуда кўп эди ва улар фалон саркарда ҳам, фалон олим ҳам ўзбек бўлган дея ўзаро бахслашар, тортишар эдилар.


Табиатан камгап, камтарин, аммо ғоят донишманд суҳбатдошим эса, менга секингина: -Одам Ато ҳам ўзбек бўлган экан, ҳаа -деди ва елкаларини силкитиб кула бошлади.


Менинг ҳам кулгим қистади.


Иккаламиз роса кулдик.


Дарҳақиқат, инсон боласи қайси ирққа, қайси миллатга, қайси динга қарашли бўлишидан қатъий назар, аслида бир оиланинг аъзоси, Одам Атонинг зурриёди хисобланади.


Шу маънода нафақат Ўзбекистонимизда мавжуд барча халқлар ва элатлар, балки бутун дунё халқлари миллатидан, динидан, ирқидан қатъий назар бир оила фарзандларидай аҳил иноқ яшашлари керак.


Кимда ким Одам Атонинг Худо тамонидан яратилганини инкор қилса, у одам мусулмон бўладими, насроний бўладими, иудей ё буддавий бўладими, имони шубҳа остида қолади.


Негаки, барча динлар Одам Атонинг Худои Таоло тамонидан яратилгани тўғрисидаги ҳақиқатни инкор этмайди.


Демоқчиманки, агар биз Ўзбекистонликлар жонажон мустақил Ватанимизда доимо тинчлик -омонлик, ҳотиржамлик бўлишини истасак, жамиятда чаёндай овозсиз ўрмалаб, секин аста фашизмни оёқлантирадиган, ўзаро жанжалларга, қонли урушлару қирғин баротларга сабабчи бўладиган ирқчилик, миллатчилик каби жирканч иллатлардан йироқроқ яшашимиз керак.


Ҳазрати Алишер Навоий бу ҳақда фақат дунё ҳалқларига эмас, ҳатто олам аҳлига қарата:

 

Олам аҳли, билингиз, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлинг бир бирингизғаким, ёрлиғ иш.

 


дея таълим берганлар.


Энди, Алишер Навоийдан ҳам донишмандман деган кимсалар бўлса, ўзлари билади.


Мен шунчаки айтдим, қўйдим.




23/05/2018.
Кундуз соат 12:28.
Канада, Онтерио.


 

Обновлено (06.07.2018 23:44)