Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Гўзаллик, покликдан уялиб,
Қисиниб, қимтиниб турасан.
Қоп - қора деворга суяниб,
Ёп -ёруғ хаёллар сурасан.


Шавкат Раҳмон.

 

Шавкат Раҳмон ҳотирасига

 

"Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди."

Шавкат Раҳмон.

 

 

Хато қилғай деса кимки вабо ўлдирди шоирни,

Деманг тилло кумуш оҳанрабо ўлдирди шоирни.

 


Лабинда ғунчадек нозик табассум, қўйнида ҳанжар,

Бахил, қалби қаро "дўст - ақрабо"  ўлдирди шоирни.

 


Яёв, ёлғиз кезаркан бир ўзи ойдин чаманларда,

Саҳар ғир -ғир эсиб ўтган сабо ўлдирди шоирни.

 


Муҳаббат дардига топмай даво, шеър ёзди у бедор,

Кийиб гулгун қабо, нозик адо ўлдирди шоирни.

 


Келиб кўклам, чақин чақнаб, чопиб ёмғир аро шодон,

Шалоббо кўйлаги бир дилрабо ўлдирди шоирни.

 


Хазонлар рақсига термултириб бўм - бўш хиёбонлар,

Самода турналар айтган видо ўлдирди шоирни.

 


Ялонғоч дов дарахтлар беркиниб сокин туманларга,

Хазонли боғдаги шарму ҳаё ўлдирди шоирни.

 


Назм бўстонига келтирди соф муздек ҳаволарким,

Бу не қисмат, қаранг, охир ҳаво ўлдирди шоирни.

 

 

 

05/08/2015 йил.

Кечки соат 6 дан 36 дақиқа ўтди.

Канада, Онтерио.