avtor (146x180, 31Kb)

Фахриддин Парпиев

 

Истеъдодли ёзувчи, "Олтинкўл" газетасининг редактори.

Бировнинг ҳаққи

(ҳикоя)



birovning_haqi (303x329, 83Kb)



Ёз кунларининг бирида хизмат сафари билан Тошкент шаҳрига борадиган бўлиб қолдим. Эрта тонгда йўлга чиқиш мақсадида машиналар турар жойига келдим. Бу ерда одам гавжум, машиналар ҳам кўп эди. Ҳали ичкарига кирмасимдан бир йигит ёнимга келди-да «Ака, Тошкентгами?» деб сўради.

–Машинада учта йўловчи бор. Сиз чиқсангиз бўлди, кетамиз,–деди у. Биз йўлкира баҳосини келишдик-да машинага чиқдим. Ҳалиги уч йўловчи дегани эр, хотин ва уларнинг ёш боласи экан. Машинанинг орқа ўриндиғига жойлашдилар. Мен эса олд ўриндиққа, ҳайдовчи ёнига ўтирдим.
Биз Аллоҳдан сафаримиз бехатар бўлишини тилаб йўлга тушдик. Тез орада гавжум шаҳар ортда қолиб, далалар бошланди. Атроф гўзал. Ям-яшил пахтазорлар ўтиб боради. Ойнадан кираётган майин шаббода сочларни ўйнайди. Радиодан ёқимли оҳанг таралади. Машина салонида кўтаринки кайфият ҳукм сурарди.
–Исмим Икромжон, Андижон шаҳрида яшайман,–гап бошлади ҳайдовчи йигит. –Тирикчилик мақсадида мана шу машинани ижарага олганман. Худога шукр, шуни орқасидан рўзғор тебратяпман.
–Яхши-да ука,–деди орқа ўриндиқда келаётган киши,–одамларнинг узоғини яқин қилар экансиз.
Шу тариқа суҳбат бошланиб кетди. Икромжон очиққина йигит экан, турли қизиқарли воқеалар, ҳангомаларни сўзлаб берди. Суҳбат билан олис йўл ҳам яқин бўларкан. Биз бу пайтда Наманган шаҳридан чиқишдаги ёнилғи қуйиш масканига келиб қолган эдик.
–Мана шу жойдан бензин қуйиб олсак,–деди Икромжон. Бизнинг розилигимизни олгач, машинани шахобча томонга бурди.
–Энди акалар, менда пул озроқ эди, пулдан бериб туринглар,–илтимос қилди у.
Мен йўлкирага ажратиб қўйган пулимни узатдим. Орқадаги ака ҳам йўл ҳақини тўлади. Икромжон машинага бензин қуйдириб, ҳисоб-китоб қилди ва биз яна йўлга тушдик. Суҳбат узилиб қолган эди. Шунда мен:
–Икромжон, Шералининг кассетаси борми?–деб сўрадим. У «ҳа, бор эди», деб қидира бошлади. Лекин, кассета ҳеч кўзга ташланмас эди.
–Балки бу ёққа қўйгандирман,–ҳайдовчи шундай деб машина ғаладонини очди. Fаладонда бир боғлам беш юз сўмлик пуллар ётарди. Икромжон пулнинг остида ётган кассетани олди-да магнитофонга солди. Менинг кўнглим ғаш бўлиб қолди. «Пули бор эканку, нега ёлғон гапирди? Ёки бизда пул борлигига ишонмадими?» дея ўйланиб қолдим. Мендаги кайфиятни сезди шекилли, Икромжон хижолат бўла бошлади. Биз анча жойгача сукутда кетдик.
–Ака, сезиб турибман «пули бор экан, ёлғон гапирди-я», деб ўйлаяпсиз,–гап бошлади Икромжон йўлдан кўзини узмай. –Тўғри машинада пул бор, лекин у меники эмас, ишонинг.
Мен ҳам нимадир деган бўлдим. Орага яна жимлик чўкди.
«Бу воқеага икки йил бўлди,–шошилмай сўз бошлади Икромжон. Унинг овозида дард, мунг бор эди.
–Ўша пайтларда ҳам машина минардим. Тошкентга бормаган кунларим шаҳар ичида таксистлик қилаверардим. Бир куни ҳозир сиз билан учрашган жойда Тошкентга борсамми ёки шаҳар ичида юравераймикан, деб ўйланиб турсам бир йигит шошилиб келиб қолди. Унинг шевасидан қайсидир тумандан келгани сезилиб турарди.
–Ука, болалар касалхонасига элтиб қўйинг,–деди у. Мен рози бўлдим. Ўша йигитни айтилган жойга олиб бориб қўйдим-да машинани ювдирмоқчи бўлиб, шаҳар четига йўл олдим. Машина ювувчи болага калитни топширишдан олдин салонни бир қур кўздан кечириб чиқдим. Шунда ҳалиги йигит ўтирган жойда қолиб кетган бир даста пулга кўзим тушди. Олиб санасам – роппа-роса эллик минг сўм. Мен гумроҳ ўшанда жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки, менга пул жуда зарур эди. Ҳамкасблар билан ўтиришимизда шунчадан пул йиғиларди. Ўша куни машинани ювдирдим-у уйга кетдим. Керакли пулни топган эдим. Шунинг учун яна ишлагани эриндим.
Эртаси куни ишга чиқдим, машинани кечаги жойда қолдириб нонушта қилгани кетдим. Қайтиб келсам, кеча мен касалхонага олиб бориб қўйган ўша йигит машинам олдида турарди. У мени кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Афтидан кеча машина рақамини эслаб қолмаган-у шунчаки тахмин қилиб кутаётган эди. Биз саломлашдик.
–Ука, мени танияпсизми? Кеча болалар касалхонасига олиб борган эдингиз,–деди у. Яхши таниб турсам-да худди эслолмаётгандай елка қисдим. У кеча неча пулга келишганимизни, қўлида қанақа юк халтаси бўлганини айтди. Мен «эслагандай» бўлдим, бироқ, безрайиб туравердим.
–Кеча машинангизда пулим қолиб кетибди. Мен буни аниқ биламан. Илтимос, қайтариб беринг,–деди у. Мен ҳеч қанақа пулни кўрмаганимни айтдим, чунки уни қайтариш ниятим йўқ эди. Йигит ялинишга тушди. У деди, бу деди, мен эса ўша алфозда туравердим.
–Қизим касал, жон ука, менга пул жудаям зарур,–унинг кўзида ёш йилтиради. Сездимки, у ҳозир йиғлаб юбориши мумкин».
Икромжон чуқур «уф» тортди. Сездирмасликка ҳаракат қилиб кўзларининг ёшини артиб олди-да давом этди.
«Лекин, мен беэътибор сигарет тутатиб туравердим. Кейин жаҳлим чиқди:
–Эй, менга қаранг. Нима, менинг қўлимга пул бердингизми ёки манави пул сизда турсин, деган жойингиз борми? Нимага менга туҳмат қиляпсиз. Қани гувоҳингиз?–дедим.
У ҳеч нарса дея олмай қолди.
–Агар тезда бу ердан кетмасангиз, ошналаримни чақираман. Улар сиз билан ҳисоблашиб ўтиришмайди,–дедим-да машинага ўтириб олдим. У ўша ерда туриб-туриб кейин кетди. Мен ундан қутулганимдан хурсанд эдим. Эсимда, ўша куни Тошкентга бориб қайтадиган мижоз топдим-да йўлга тушдим.
Эртаси куни эрта тонгда машиналар бекатига келсам, яна ўша йигит турарди. У кечаси уйга ҳам бормай касалхонада қолган шекилли, кўриниши жуда ҳорғин эди.
–Икромжон (у отимни ҳайдовчилардан сўраб билган бўлса керак), қизимни операция қилишлари керак. Ука, яхшилаб эслаб кўринг,–деди. Мен унга кечагидан ҳам совуқроқ муомала қилдим. Бечора менга тикилганича туриб қолди. Унинг кўзлари кечагидек эсимда. Йигитнинг нигоҳида чуқур қайғу ва чексиз нафрат бор эди. У бошқа ҳеч нарса демади. Шартта бурилиб, кетиб қолди. Мен одатдагидай йўловчилар билан Тошкентга отландим. Ўша сафар қайтишга одам бўлмади. Мен пойтахтда қолиб кетдим. Эртаси куни кечга томон Андижонга келдим. Автовокзал ёнида бир таниш ҳайдовчи мени тўхтатиб, кечадан бери уйимиздагилар қидираётганини айтди. Хавотирланиб  қолдим. Чунки, деярли доим йўлда бўлишимни билгани учун авваллари ҳеч қидиришмас эди. Шошилиб уйга бордим. Уйда аям менга қизим Мафтунанинг касал бўлиб қолгани ва кечадан буён касалхонада ётганини айтди. Энди уни кўргани кетмоқчи эдим, аям «тўхтаб тур, овқатни солиб олай, бирга борамиз», деб қолди. Аямни кутиб туриб ўтган беш-ўн дақиқа ичида жуда сиқилиб кетдим. Мен тезроқ бориб Мафтунани кўришни хоҳлардим. Хавотирим тобора кучаярди. Қизчам икки ёшга кирган бўлиб, жуда ширин, энди гапира бошлаган вақтлари эди. Уни ҳаддан зиёд яхши кўрардим. Ниҳоят, аям тайёр бўлди. Биз касалхонага жўнадик. Палатага кирганимизда Мафтунанинг кўзлари юмуқ, иситмаси баланд эди. Аяси уни кўтариб олганича йиғлаб юрарди. Мен уни қўлимга олдим, чақирдим. Лекин у кўзини очмас, аҳён-аҳёнда сесканиб кетарди. Унинг юрак уриши шунчалик тез эдики,  мен қўрқиб кетдим. Аяси унга нима бўлганини билмаслигини айтди. Мен даволовчи врач ёнига кирдим. Ёш врач йигит Мафтунага аниқ ташхис қўя олмаётганлари, бироқ, барча керакли чоралар кўрилаётганини айтди.
–Қанақа дори-дармон керак бўлса айтинг. Ҳаммасини топиб келаман,–дедим мен. Врач хотиржам овозда деярли лоқайдлик билан ҳозирча ҳеч нарса керак эмаслигини айтди.
У шунчалик бепарво эдики, мен уни ёмон кўриб кетдим. Эртаси куни мен Мафтунани текширтиришга кучлироқ врач топиб келишимни айтганимда унинг жаҳли чиқди. Биз тортишиб кетдик. Касалхонадан чиқиб, жаҳл билан машинага ўтирдим-да қаёққалигини ўзим ҳам билмаган ҳолда жадал юргизиб кетдим. Мен хаёлан анави врач йигит билан олишардим. «Намунча аблаҳ бўлмаса. Бировнинг боласига заррача ачинмайди-я», деб ўйлардим. Таниш шифокорларни бирма-бир эслай бошладим. Аксига олиб бирорта ҳам жўяли фикр келмасди калламга. Мен жуда ҳаяжонланардим. Рулда эканим эсимда ҳам йўқ. Ўша пайтда ҳаракат қоидаларига риоя қилмай кетаётган эканман. Бир вақт кучли сигнал товуши қулоғимга кирди. Мен газни босдим... Тормоз овози эшитилди... Бошимни кўтариб қарасам, рўпарамда каттакон юк машинаси кўндаланг турарди. Мен тормоз босдимми ёки йўқми, эслай олмайман. Қарсиллаган овоз ва синган ойналарнинг жаранглаши эшитилди. Кейин яна нимадир қарсиллади. Бирдан ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Миям худди ишламаётгандай ҳеч нарсани ўйламасдим. Орадан қанча вақт ўтди, билмайман. Бир пайт мени машина ичидан кимлардир тортиб олаётганини билдим. Улар нималардир дейишар, мен эса ҳеч нарсани эшитмас эдим. Атрофимни одамлар ўраб олди. Мен карахт бўлиб қолган эдим. Кейин бирдан «Эй, Худо, нима қилиб қўйдим?» деб ўйладим. Машинам ёдимга тушди. Не кўз билан кўрайки, яқинда кредитга олган яп-янги машинам пачоқ бўлган эди. Кейин яна ҳушимни йўқотдим. Ҳеч нарсани англамас эдим. Шунда бирдан қизим Мафтунанинг касаллиги ёдимга тушди-да ўзимга келдим. Энди тезроқ бу ердан кетишни хоҳлаб қолдим. Ўша кунги умрим бир совуқ тушдай ўтди. Аввал шифокорлар, сўнгра милиция ходимлари мен билан суҳбатлашдилар. Кейин англадим-ки, энг гавжум чорраҳада светофор чироқларига амал қилмаганим учун юк машинаси остига кириб кетган эканман. Бу ҳам камлик қилгандай, ўнг томондан келаётган машина менинг машинамга урилган экан. Лекин ўзимга ҳеч нарса бўлмаган эди.
Шом вақтида касалхонага етиб бордим. Қизим ҳамон ўзига келмаганди. Шифокор кириб аямни олиб чиқиб кетди. Бироздан сўнг аям қайтиб кирди-да ҳаммамиз уйга кетишимизни айтди. Мен, хотиним ҳам ҳайрон бўлдик. Аям кўзимизга қарамасдан нарсаларни йиғиштира бошлади. Мен Мафтунани кўтардим. Биз уйга етиб келганимизда қоронғу тушган эди. Йўлда аямга «машинани устахонада қолдирдим», дедим. Лекин, уйга келгач, дадамга тўғрисини айтдим. Мафтунанинг оғир касаллиги боис машина ҳақида ҳеч ким оғиз очмади. Бу вақтга келиб, Мафтуна сесканмай қўйган, анча тинчиб қолганди. Бир кунда бошимдан ўтган оғир уқубатлар чарчатганми, ухлаб қолибман. Йиғи овозидан уйғониб кетдим...»
Икромжон йиғлар, кўз ёшларини яширишга уринмай ҳам қўйган эди.
«Мафтуна шу ухлаганича, қайта уйғонмади. Кетма-кет зарбалардан эсанкираб қолдим. Мен учун ҳаёт ўз маъносини йўқотган эди. Анчагача ўзимга келолмадим. Тушларимда Мафтунани кўтариб юрсам машина бостириб келаверарди. Қизим бечорани ҳар куни янгидан йўқотгандай бўлардим. Шундай кунларнинг бирида бирдан «қизим касал, жон ука...» деган ўша йигитни эслаб қолдим. Шу билан гўё барча бахтсизликларим сабабини топгандай эдим. Ич-этимни ея бошладим. Лекин кеч эди.
Тирикмисан, демак ҳали мағфират эшиклари очиқ, деганларидек, аста-секин ўзимни қўлга олдим. Кейинчалик танишларим мана бу машинани ижарага беришди. Биринчи ишлаб топган пулларимдан эллик минг сўм жамғариб, машина ғаладонига солиб қўйдим. Мақсадим ҳалиги йигитни топиб, пулини қайтариш. Ҳалигача мана шу пул ёнимда юради, бирор тийинини ҳам ишлатмайман. Чунки... чунки, у бировнинг ҳақи. Мен буни тушундим. Лекин ўша йигитни тополмаяпман».
Бу вақтда машина тоғлар оралаб юқорига кўтарила бошлаганди.
Икромжон ҳикоясини тугатди-ю сукутда қолди. Орқа ўриндиқда келаётган аёл йиғлар эди. Мен ҳам хаёлан ўз ўтмишимни тафтиш қила бошладим.


2005 йил.

Манба: -"Олтинкўл" газетаси.


6 (700x466, 127Kb)

 

Олтинкўл туман маркази.