халима-ахмедова1 (200x267, 11Kb)

Ҳалима Аҳмад

Шеърлар



Ишқ ранги



Шовуллайди боғлар қалби нотинч исёнкор
Ва олисда лопиллайди чироқ шуъласи.
Борлиқ кўнглин топтаётган тун қадамида
Ёрилади аллақандай сирлар яраси.

Мен уйғоқман. Деразамни ялар изғирин,
Юрагимни титкилайди соат миллари.
Кўп беҳузур бўлар кўнглим вақт овозидан
Ва ўйлайман, бахтлимидим анча илгари?

Бахтлимидим, о, нақадар бачкана бу сўз
Ва хотира ортидаги тундай ноаён.
Чалкаштирдим ҳаётимни бегона йўлда,
Гарчи уфқ орзулари эди бепоён.

Ғижирлайди дарахтларнинг қовурғалари,
Музлаб қолган ой сояси синиб тушади.
Изғиринли тун ичида тентираб юрган
Умидсиз нур толасидан дил увушади…

…Қайси кундир чорраҳада жавдираб турган –
Болакайнинг кўзидаги қўрқувда эдим.
Гарчи умрим бир нотаниш йўлларда кечди,
Ҳар бир лаҳза армон севган орзуда эдим.

Мен уйғоқман, изғиринли шамоллар билан,
Қонимда муз хандасини сезаман такрор.
Гўё менинг вужудимда ўзга бир одам,
Нафас олар, судралади бемордан-бемор.

Яна, яна илдамлайди соат миллари
Ва етаклар телба руҳим қайси томонга?
Ғижимланган хотиралар нигоҳи билан
Мактуб ёзиб жўнатаман олис осмонга

Ишонаман, бир кун менга жавоб келади,
Лайлакқорлар ёхуд ёмғир шивирлашида
Ахир, менинг қисматимнинг зеру забари
Таҳрир этиб қўйилганку унинг аршида.

Ва биламан, мен учун ҳам аталган кун бор,
Бахту бахтсизликдан айро шаффоф кун.
Фақат ҳозир не учундир дилгирман жуда,
Фақат ҳозир не учундир юрагим юпун.

Аммо, ҳозир енгилсам гар, ютқазсам агар,
Қайда қолар менинг ўша Ҳалималигим.
Ва Ҳақ менга ишонган шу қисмат олдида,
Ҳақиқат, айт, менга, ахир, ким бўламан, ким?

Ва ҳайдашим керак қондан умидсизликни,
Кет деб, айтай ичимдаги мажҳул беморга.
Кўнглим тутай ўқигин деб, ошиқ сингари,
Кўкдан келган жавоб ёмғир ё лайлак қорга,

Янги бир куй излагайман ишқ қўшиғига,
Болалигу ёшлик завқи қўшилган наво.
Токи, менинг ҳар бир куним, ҳар бир лаҳзамни,
Ошиқ этсин тўлқинига илоҳий дарё….

(Сезаяпман), зумрад ҳислар келаяпти соғинч юртидан,
Қиш туни ҳам тек қотди ва тишлади лабин.
Нимагадир зориқдими титраб қўйди бир,
Ошиқликдан айро тушган бечора қалбим?

Эй, сен мени сўлим кунлар ёдига тортган
Соғинчингни асраганман айтмай бировга.
Мен ҳаётни севаяпман, исиниб бу тун,
Қачонлардир юрагингда ёнган оловга.

Зумрад ҳислар, ўтган кунлар ҳурмати учун
Тунни моҳир пайвандчидай улайман тонгга
Ва шодликнинг борлигига имон келтириб,
Бу дунёни бўягайман ишқ деган рангга.

 

 

* * *


Куйган булутлардек куйди нимадир,
Нимадир ғижимлаб отди жонимни.
Ва сўнгра армонга ўхшаган ҳаво
Ўраб олаверди тўрт томонимни.

Теграмда судралиб юрар эди вақт,
Гўёки сайдини пойлаган сайёд.
Умримни совурган хоин дўст каби
Мендан кўзин олиб қочарди ҳаёт.

Ўйладим, наҳотки, тугади бари,
Наҳотки, мен шундай топаман якун?
Ташқарида эса эски ковушда
Боғларни кезарди қайғузода тун.

Тиниқ эшитиларди олис самода –
Исмсиз юлдузнинг шивирлагани.
Ва мавҳум афсунга тўлиб тошарди –
Муҳаббатсиз ойнинг тилло лагани.

Жонимни кафтимга олиб титрадим
Ва нажот истадим одам наслидан.
Куйган умид ҳиди уфурди бирдан,
Кўнгилнинг қаҳратон деган фаслидан.

Мен чиқдим, ўзимдан отилиб чиқдим,
Армон ҳаволари кетди титилиб.
Ташқарида дарахтларнинг юраги
Тупроққа қоришган эди йиртилиб.


Тун қалбида маъюс куй оқар эди,
Сездим, жоним фалак тушига кирган
Ва кимдир соғинчнинг нафаси билан
Яна мен томонга дилин ўгирган.

Тентирадим туннинг кўчаларида
Руҳини йўқотган девонасимон.
Сўнгра, нажот истаб қўлларим чўзсам
Бармоғим учига қунишди осмон.

Ҳар бир ҳужайрамда сен эдинг пинҳон,
Ҳар бир нафасимда борлигинг ошкор.
Шунча ишқим билан, шунча ишқ билан,
Оёғинг остида абгорман-абгор.

Бас, қайғу, мен сендан узаман кўнгил
Ва қоронғи тунлар васвасасидан.
Бир либос тикаман кўнглимга бу кеч,
Умид нафасидан, гул нафасидан.

Энди мен нур сари бораман яккаш
Ва қалб титроғини ишққа тикаман.
Кўзим дарчасига урилаётган
Саҳарлар ҳуснидан маст энтикаман.

Гар, ҳозир устимдан куласан ҳаёт,
Минғирлайсан, сендан чиқмайди ёғду.
Қачондир дилингга нурдай югурар,
Жоним ковагида асраган орзу.

Бир куни оломон жунбишда дейди:
“Гарчи тирикликнинг кўчасида қор,
Қаранг, бир телбаваш аёл келаяпти,
Ўнг қўлида қуёш, сўлида баҳор …”

…Орзули тун каби ёришар недир,
Нимадир эркалаб суяр жонимни
Ва сўнгра умидга ўхшаган ҳаво
Чулғаб олаверар тўрт томонимни.

 

 

* * *


Бошим айланади, айланади ер,
Шамоллар судрайди тириклик туғин.
Осмон шаффоф қўлин қуёшга чаяр,
Кўзларимга экиб соғинч уруғин.

Бинафшаранг умид соясида жим
Мизғийман, тушимга киради ҳаёт
Ва ногирон кўнгил васвасасида
Кимдир эснаганча мени этар ёд.

Уйғониб боқаман, рангсиз мавога,
Боқаман, умидсиз, абгор, беилинж.
Фақат олти томон сукутин бузиб,
Кўзларимда маъюс шивирлар соғинч.

Биламан, бу сенинг нафис шивиринг,
Мани ёлғонлардан этгувчи айро
Ва ҳислар тўлқинин мавжлантирувчи
Биламан, бу сенинг соғинчинг, Худо!

Аммо, мен қаердан, қаерга келдим,
Билмайман, қай фасл домонидаман?!
Гоҳ ғамнинг энг чуқур қудуғидаю
Баъзан беҳушликнинг осмонидаман.

Кимга қараб келдим, кимдан кетаяпман,
Нечун орзуларим ғарибдан-ғариб?
Баҳорлар оёғи остида гўё
Ётибман, узилган баргдай сарғайиб.

Қандайдир аланга жоним ичида
Ловуллар, чирсиллар девонасимон.
Жонимни қақшатган шу алангага
Художон хиёнат қилдим мен қачон?

Бугун унутилган ўтмишман, балки
Хаёлим сиғмайди ҳеч битта рангга
Мудроқ босган эски боғдайин жимман,
Жонимда куйлайди фақат аланга.

Раббим, чарчаганман. Ва соғинганман,
Кенглик нафасини, ёмғир сасини.
Олиб кетсин, айтгин ўша одамга
Жонимга яширган алангасини.

 

 

Манба: Шарқ юлдузи журналининг интернет саҳифаси.