132221451_gorod_Brempton (202x216, 31Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

Рўза муборак!



Ёшликда рўза ойи келиши биланоқ қишлоғимиз болалари гала гала бўлиб шом қоронғусида рамозон айтиб юрардик.Тўртта бола пахта терадиган этакнинг тўрт учидан ушлаб олдинда юрар, қолганларимиз ортда, ҳеч кимдан уялмай кўчани бошимизга кўтариб, рамозон айтардик.

 

Рамозон ё рамозон эшигинга байрам озон!

Рамозон айтиб келдик эшигинга!

Худойим ўғил берсин бешигинга!

Рамозон айта айта хоридимо!

Соқолим чиқмай туриб қаридимо!



У вақтлар дорвозалар тамбаланмас, биз тўғри одамларнинг ховлисига кириб бориб, ёруғ шуъла ёғилиб турган пастак дераза ойналари, ё эшик олдида, то уй эгаси жонидан тўйиб уйидан чиқмагунча, нимадир бермагунча баралла бақириб, жўр бўлиб рамозон айтаверар эдик.


Шундай оқшомлардан бирида бир маҳалладошимиз бизни алдаб, қоронғуда этакка нимадир ташлади.


Бизга у нарса обиноввот қовундай туюлди.Шундан кейин биз ҳалиги кимсани дуо қилиб, кўчага чиқдик.Симёғочда порлаб турадиган кўча чироғи остига бориб, бундай қарасак, этакда қовун эмас, гувала ётган экан.


Гоҳ ғазабимиз қўзғаб аблах кимсани болахонадор қилиб сўксак, гоҳ гувалага қараганимизча ўзимизни тутолмай кулдик.


Шу маҳал кимдир гувалани шартта олиб, қилиғи совуқ кимсанинг уйига қарата қулочкашлаб  отиб юборди.


Гувала пахса девор оша ховлига учиб ўтаркан, кутилмаганда "дуп!" этган товуш ва  "их!" деган овоз эшитилди.


Гувалак нишонга, яъни зиқна одамнинг калласига бехато теккан эди.


Шу маҳал ўз гуваласи ўзига қайтиб келган аламзада кимса занжирда ётавериб озиб, туллаб кетган "Қораш" деган қопоғон итини қўйиб юборса бўладими.


Ура қочдик.


Аммо "Қораш" Шаҳоб деган дўстимизни қувлаб етиб, оёғини ғажиб қўйди.


Ўша кеч Шоҳобни елкамизда кўтариб, уйига элтиб қўйганмиз.


Саяқ юрган таяқ ейди деб жуда топиб айтган экан эски ота буваларимиз.

Рўза муборак, азиз Ватандошлар!




30/05/2017.

Тунги соат 10:57.

Канада, Онтерио.

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)