город Бремптон (202x216, 31Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Тасодифий учрашув



Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.

Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.

Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?

Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?


Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...


Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Гигант эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, улкан шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.




25 апрел, 2014 йил.
Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.
Канада.

 

 

 

Най

(Буюк найчи созанда ва яхши инсон Абдулаҳад Абдурашидовга)



Дарёларнинг лабида ҳамон,
Нола қилар соҳил найлари.
Чалар беғам созанда шамол,
Бўртиб бўйин томир пайлари.


Шовуллайди, оҳ чекади най,
Шамолларга тўлганда қўйни.
Хоразмлик раққосалардай,
Бошда жиға, ингичка бўйни.


Тинглайверсанг ёмғирда ивиб,
Шовулласа қамишлар оҳи.
Соҳилларда ёмғирпўш кийиб,
Қармоқ ташлаб ўлтирсанг гоҳи.


Ёлғиз ўзинг хаёлга ботсанг,
Уйга кетмай хафталаб, ойлаб.
Тунлар қамиш чайлада ётсанг,
Ойнинг балқиб чиқишин пойлаб.




22 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 11 дан 34 дақиқа ўтди.
Канада.

 

 

Қалдирғоч

 

Кузда кетганингни сезмай қолар эл,
Ҳаттоки ортингдан юрса ҳам пойлаб.
Кўкда қанотларинг ивитсада сел,
Уммонлар устидан учасан ойлаб.

Бўронлар ҳам сени тўсолмас йўлдан,
Гоҳо сени қуюқ туманлар ютар.
Уй олиб Маслахат ё Олтинкўлдан,
Биз каби бир жойда яшасанг нетар?

Ҳар баҳор халлослаб қайтиб келасан,
Қишласангда Миср ва ёки Чинда,
Чуғур чуғур сайраб, завққа тўласан,
Лойлар маржонидан қурилган инда.

Лойни ийлармишсан сўлагинг билан,
Бу қандай гувалак, айт, қандай усул?
Кўлмакларда гоҳо айтганча ўлан,
Чўмиласан, гўё қилгандай ғусл.

Бу йил яна излаб яшамоққа жой,
Эшитдим, қалдирғоч, келибсан қайтиб.
Яна ин қурибсан, тумшуғингда лой,
Бизни хашарга ҳам қўймабсан айтиб.

 

 

24 май, 2014 йил.

Тунги соат 1 дан 17 дақиқа ўтди.

Канада.



Болалик

(Тўбо хола ҳотирасига)



Четан чавра билан ўралган боғлар,
Боғда гилосларнинг бағри қонайди.
Юлғинзорда шамол тентиган чоғлар,
Какку менинг қолган умрим санайди.

Ғуриллайди толзор тамонда ғуррак,
Трактор кемадай ташлайди лангар.
Бўйнин чўзиб ханграр яйловда эшак,
Овози кенг дала даштларда янграр.

Қуймоқ пиширади қуёшдан июнь,
Ғир ғир эсиб ўтар дайди шабада.
Узоқ увотларда рақс тушар қуюн,
Тракторчи ухлаб ётар капада.

Дала йўлда мопед қўйгандай пойга,
Тириллар, кўтариб қияликда чанг.
Тепаликда элни чақириб чойга,
Ошпаз Тўбо хола ура бошлар занг.



Танг! Танг! Танг! Танг!

 

 

1989 йил, Июль.Маслахат қишлоғи.

 

"Болалик" номли шеърнинг лирик қаҳрамони - тўладан келган, ўрта бўйли, оқ сариқ юзли қувноқ аёлни ҳамма Тўпа хола деб чақирар, Тўпа хола эркагу аёлга ҳазиллашиб: -Ҳа, тирик етим, юрибсанми? -дея муомала қилар, лекин ундан ҳеч ким хафа бўлмасди.

 

Қайтага хурсанд бўлиб кулишарди.


Қишлоғимизда у аёлнинг обрў ҳурмати жуда юқори эди.


Гарчанд Тўпа хола табиатан қувноқ бўлсада, ғам қайғу, хасратларини табассум ва кулги ортига беркитарди.


Мен авваллари Тўпа холамнинг исмлари Тухфахон бўлса керак деб юрардим.


Кейин билсам, ўша болалик хотираларимга мухрланган меҳнаткаш, меҳрибон, камтарин ва қувноқ аёлнинг исми  Жаннатда ўсадиган "Тўбо" дарахти билан боғлиқ экан.


Илоҳим, ўз исмининг луғовий маъносини англаб етмай оламдан ўтган соддагина Тўбо холамнинг жойлари  ўша Тўбо дарахтлари ўсадиган Жаннатдан бўлсин.(Х.В.)

 

Садоқатли чирилдоқ



Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан,
Хонанг деразасин боғларга очиб.
Менчи киприк қоқмай туравераман.
Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.


Эсингдами, сени фироқ ўтида,
Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб.
Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга.
Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб.


Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар?
Ё бугун байрамми, гуллар сайлими?
Севгилим, шу гуллар очилиб ётган,
Ховлингда чириллаб юрсам майлими?




1999 йил, август,

Тошкент, тунгги соат 12 ярим.

Дўрмон. Ёзувчилар ижод боғи.

1 – корпус, 3 – қават, 52 – хона.

 

Шу "Садоқатли чирилдоқ" номли шеърни қия очиқ дераза ёнидаги столга мук тушиб ёзаётганимда чирилдоқлар чириллаб ётган Дўрмон ёзувчилар боғи сукунат қаърига чўмган, Тошкент осмонида сон саноқсиз юлдузлар чарақлаб ётар, узоқ узоқлардан тун итларининг бўғиқ акиллаган овозлари қулоққа чалинарди.


Бир маҳал адабиётимиз оқсоқоли, раҳматли Сайид Аҳмаднинг дачаси тамондан одамнинг акса урган товушлари эшитилди.


-Қария Сайид Аҳмад аристократларга ўхшаб тамакини бурнаки қилиб, акса уряпти чоғи -дея ўйларканман, ўзимга ўзим жилмайиб қўйгандим ўшанда. (Х.В.)

 

 

Қуюқлашар кузги далада туман



Бир юпун мавжудод енглари узун,
Дала адоғида ўйларга ботар.
Сояси акс этган кўлмаклар юзин,
Ёмғирлар аёвсиз чимчилаб ўтар.


Шоирларга ўхшаб хаёлга чўмган,
Яйдоқ кенгликлардан излар тепани.
Ёлғизлик ва жимлик ёқади унга,
Ёқади сукунат, қорлар кафани.

 

Далаларга кузги туманлар тушса,
Пахталик шим кийиб, латтахоч тақар.
Мусофир қушларнинг галаси учса,
Уларга узоқдан мунғайиб боқар.

 

Қиш эди, қорларга туртиниб, бордим,
Ҳавога ўрлади қарғалар юзлаб.
Кўрдим қўриқчини, узоқдан кўрдим,
Аёзли далада қолибди музлаб.



26 июль, 2012 йил.
Тонги соат 7дан 55 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

 

Товуш



Ёмғир ёғаверсин йўлларни ювиб,
Ёғду ёғаётган ёмғирнинг ёғи.
Шамол қанотлари шалоббо ивиб,
Учолмай қайдадир ётибди чоғи.

Бораман, туманли шомларда кутгил,
Қорайганда куннинг оппоқ бўзлари.
Йўлларимга боқиб, мунграйса буткул,
Пастак деразангнинг хорғин кўзлари.

Фонус ёруғида ёмғирли йўлак,
Кўлмаклар жимирлаб ўйларга ботар.
Сен ҳам ёмғирларга термулсанг керак,
Хиёбон руҳимдай хувиллаб ётар.

Кимсасиз йўллардан одимлайман жим,
Сукунат туманга сингиган они.
Эшитдим жимликда, аниқ эшитдим,
Чирт этиб япроқнинг узилди жони.




28 октябр, 2014 йил.
Тунги соат 9 дан 33 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.

 

 

Баҳор оқшоми



Кўз ёшдай тўкилар гилос гуллари,
Сўнади уфқларда оташи сўзон.
Ҳаловат тўшалган боғда тунлари,
Нафис ой шуъласи, гўзал гул тўзон.


Оппоқ гул ёғади мисоли рўё,
Қалдирғоч ухлайди тумшуқлари лой.
Кул билан ювилган идишдай гўё,
Сокин ховузларга чўкиб кетар ой.



13 май, 2014 йил.
Кундуз соат 10 дан 24 дақиқа ўтди.
Канада.



Хазонларга кўмилди йўллар



Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинаркан аёлга ўхшаб.


Ловуллаб ёнганча кузги гулханда,
Гувиллар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда
Телба гирватларга термулган чоғлар.


Ойдинда дарахтлар сояси майин,
Оҳиста хазонга кўмилса томлар.
Кўча фонусига тираб манглайин,
Йиғласа мўридай қорайган шомлар.


Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?



13  август,  2011  йил.
Кундуз  соат  3 дан  23  минут  ўтди.
Торонто  шаҳри,  Канада.



Нийят



Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Тўлин ой порласа пайкалга қараб.
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.


Сокин увотларда бўзрайса фонар,
Худо юлдузларни бирма бир ёқса.
Оғзини ланг очиб ойдин далалар,
Ойнинг қўрғонига ағрайиб боқса.


Сувлар жилдираса, пушталар тўлиб,
Кўршапалак учса шодон, овозсиз.
Ўлтирсанг порлаган ойга термулиб.
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.


Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир – ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.



7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1 дан 56 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.



Куз ёмғири



Ўйланасан кузги кечада,
Чеки борми дея фироқнинг.
Эси оғар бўм -бўш кўчада,
Маюс ўйга ботган чироқнинг.


Тўлар сирли шивирга ҳаво,
Руҳинг каби мусаффо, тоза.
Наҳот севги айлади қазо,
Ёмғир кимга очмоқда аза?..


Осмонларга элагин тутар,
Фонус ғамгин нурин элаклаб.
Бўм -бўш шаҳар уйқуга кетар,
Куз ёмғири қуяр челаклаб.



27 май, 2014 йил.
Тунги соат 10 дан 49 дақиқа ўтди.
Канада.




Қорли кеча ва ёруғ нийят



Қоронғу зулматда қўнади сокин,
Қорларнинг учқуни елкамга юзлаб.
Наҳот -дейман - совуқ булутлар ҳоким,
Осмондан юлдузлар тушмоқда музлаб?


Бўронларда маҳзун мусиқа бордай,
Боғлар қор қўйнида ётгандай ухлаб.
Севаман - десайдинг, шивирлаб қордай,
Совқотган қўлларинг иситсам кухлаб.


Соямиз туташса, учқунлар тинмай,
Тўзғиса, чирпираб тушса эланиб.
Узоқ суҳбатлашсак, кетгимиз келмай,
Фонус ёруғида қорга беланиб.



20 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 5 дан 39 дақиқа ўтди.
Канада.

 

Синглим Анорага




Руҳим ойдинларда дайдиган сувчи,
Мен сени эслайман, кунда, кун ора.
Жилмайиб, йиғловчи, йиғлаб, жилмайгувчи,
Менинг ювошгина синглим, Анора.


Субҳи содиқ маҳал тақирлатсалар,
Томлар туникасин ёмғирлар чўқиб.
Ўлтирарсан балки меҳробда саҳар,
Сокин сукунатда номозинг ўқиб.


Кўзингдан ёмғирдай тирқирамасин,
Кўз ёшинг суюлган олмосдай оқиб.
Овозсиз йиғласанг, ҳувиллаб ётган,
Акангнинг кимсасиз уйига боқиб.


Кўз ёшинг бебаҳо дур каби асра,
Тинсин кузги сувлар сингари асаб.
Майли ховлимизда заъфарон ҳасрат,
Юрсин япроқлардан гербарий ясаб.




6 август, 2010 йил.
Кундуз соат 8 дан 4 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

 

Ғозлар галасининг бўм-бўш челаги



Ёғар куз ёмғири майдалаб, эзиб,
Ёмғирда ювилган ойнадай туйғу.
Соябон остида юрарман кезиб,
Кўлмаклар кўзида исмсиз қайғу.


Сув юзида ғамгин кумуш халқалар,
Шивирлар қамишли соҳиллар лаби.
Бир юпун мажнунтол ёлғиз чайқалар,
Унсиз йиғлаётган паризод каби.


Наҳот тамом бўлди ёмғир кўз ёши?
Табиат йиғидан тўхтади, тинди.
Ер қадар эгилди майсалар боши,
Борлиққа мусаффо ҳаловат инди.


Тортинчоқ ялонғоч боғлар бир ёнда,
Ойнадек ялтирар боғлар йўлаги.
Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.




9 июль, 2011 йил.
Тунги соат 2 дан 36 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

Юрт соғинчи



Бир соат ичида дунё қариди,
Ёш туриб сочларинг оқарди январь.
Жилмаяр таҳайюл туманларида,
Лаблари атиргул, сочлари анбар.

Бобур ватангадо, Фурқатлар дайди,
Навоий чет элда, қалқийди ашким.
Кимлардир Ватанни севаман дейди,
Ундайларга менинг келади рашким.

Дарахтлар югирар тепаликларда,
Оппоқ учқунларни тўзғитганда ел.
Баҳор келди, музни ёриб чиқ! - дея,
Яна бойчечакни алдайди апрель.

Мен энди муштлашиб қовоқхонада,
Ароққа чўкмайман ҳасратга тўлсам.
Қанийди Ватанда, қорли далада,
Гулханга термулиб жимгина ўлсам.

Дайди шоир ўлди - дея одамлар,
Кўмишса, устимдан тортишса тупроқ.
Хонанга қамалиб, ёлғиз у дамлар,
Сен ўзинг йиғлайсан ҳаммадан кўпроқ.




1 декабрь, 2012 йил.
Кундуз соат 2 дан 12 минут ўтди.
Кембридж шаҳри, Канада.



Кузги қайин



Хазонларни учирмоққа шай,
Кузнинг ўйчан, латиф шамоли.
Автоулов чумолихўрдай,
Ишга шошган авом -чумоли.


Чирпирайди етим япроқлар,
Куз келтирди баргларга қирон.
Хазон эмас, тилла титроқлар,
Қўрқитади уларни бўрон.


Ўйламайди бу ҳақда қайин,
Кокилларин ёйиб насимга.
Йўл бўйида шовуллаб майин,
Қайта -қайта тушар расмга.



27 октябр,2014 йил.
Эрта билан соат 9 дан 1 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.



Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши



Авжланади заъфар инқироз,
Маош олмас дарахтлар ойлаб.
Ўтмай қолган "Пул"лардан бироз,
Олиб қочар шамоллар пойлаб.

Ёмғирларда ялтирайди тош,
Қарар ўйчан табиат ромдан.
Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
Кўзларингдан дувиллаб томган.

Сен кетасан соябон қўлда,
Олислайсан мисоли рўё.
Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
Чўккан каби кўзгуга гўё.

Сенсиз энди юрак қийналар,
Эриб борар изларингда қум.
Сен кетасан, ғамгин ойналар,
Одам каби йиғлайди юм - юм.



31  июл,  2011  йил.
Кундуз  соат  1  дан  29  минут  ўтди.
Торонто   шаҳри,  Канада.



Апрель


Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб,
Уфқларнинг гулхани сўнар.
Эриган қор сувин сипқориб,
Шом қушлари боғларга қўнар.


Ҳилол кўкда порлар паришон,
Кўрасан кўз илғамас жойни.
Мен севаман, севаман, ишон,
Апрель деган ёлғончи ойни.


Биллур қандил сингари томдан,
Сумалаклар тушар узилиб.
Чакиллаган илиқ оқшомда,
Эл уйқуси кетар бузилиб.



1990 йил . Баҳор . Андижон шаҳри .