Анвар Обиджон (566x700, 45Kb)

Халқимизнинг севимли шоири ва ёзувчиси Анвар Обиджон 70 ёшда!


 

Шу кунларда ўзининг 70 ёшли таваллуд айёмларини нишонлаётган азиз устозимиз, элимизнинг ардоқли шоири ва севикли ёзувчиси, Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон доимо юзидан нур ёғилиб тургувчи захматкаш, камтарин ижодкор ва барчага ибрат бўлгулик яхши ИНСОН десам, баайни ҳақ гапни айтган бўламан.


Эсимда, мен шеърларимни қўлтиқлаб, қайси газета редакциясига кирсам экан дея адабиёт кошонасининг остонасида мўлтираб юрган пайтларим Анвар Обиджон мени етаклаб "Шарқ юлдузи" журнали идорасига олиб кирганлар ва таниқли шоир Икром Отамуродга шеърларимни ўз қўли билан топшириб:- Икромжон, бу йигитнинг шеърлари анча мунча манаман деган шоирларнинг шеърларидан кам эмас.Иложи бўлса уларни журналларингда эълон қилинглар -деганди, ва шундан кейин менинг бир туркум шеърларим "Шарқ юлдузи" журналида илк бор эълон қилинган.


Анвар Обиджон шундай меҳрибон устоз.


Биз Анвар аканинг "Мешполвоннинг саргузаштлари" китобини ўқиб улғайганмиз.Айниқса унинг болалар учун ёзилган шеърлари ўзининг кулгига бойлиги, ўзига ҳослиги билан ажралиб турарди.


Ёз оқшомлари сувлар сепилган, райхонлар қулф уриб очилган ўзбек ховлиларидаги уй деразасида жойлашган оқ қора тасвирли телевизорлар экранидан:  Ғийт -ғийт ғийт ғийт ғийт ғит ғиииийт!Ғит ғит ғит ғит ғийт!деган мусиқа тараларкан, одамлар бир бирларини ва болаларини чақириб: -Келинглар тезроқ, Минатура бошландииии! -дея томошага чорлардилар.


Экранда Анвар Обиджон ёзган ҳажвиядаги майхўр, берет кийган "даҳо шохер" ролини ўйнаган машҳур Эргаш Каримов ва унинг сочлари узун, ғирт тентак, Мўтти деган алкаш шогирди ролини ўйнаган бухоролик ёш актер пайдо бўлар, уста шогирд элимизни кулдириб қотирардилар.


Кейинчалик Анвар Обиджон қадимий сартарошхона вайроналаридан ноёб тарихий адабий ёдгорлик - шоир уста Гулматнинг "Безгакшамол" девонини топиб олгани айниқса адабиётимизда улкан шов шувларга сабаб бўлди.


Анвар Обиджон ҳажвий ғазалларни шу қадар қиёмига етказиб ёзардиларки,адабиётшунос олимлар: -Ростдан ҳам тарихда уста Гулмат деган ғазалхон шохер ўтганмикин? -дея ўйлаб, ташвишга туша бошладилар.


Қуйида сартарош шоир уста Гулматнинг "Безгакшамол" девонига киритилган учинчи ғазални ҳукмингизга ҳавола қиламиз.Кулиб қотинглар.

 

 

Ғазал, рақам 3



Бешяғоч бозорида юрғон эдим тинглаб ғовур,
Бир мусофир сўрдиким, қайда дея Шайхонтовур.

Ман дедим: шундин юриб, шунғо бориб, шундоғ бурил,
Учрағай бир тўп бақа булбул бўлиб турғон зовур.

Кўфригин таслим этиб ўтғоч зовурдин нарига,
Тўғри юр ҳуштакфуруш аттори бор жойга довур.

Сўнг бурил чапроқ яна сертошу туфроғ кўчадин,
Тўхтама келгунча дуч лағмон чўзиб турғон повур.

Сан онинг лағмонидин уч-тўрт қулоч ютқон бўл-у,
Аста йўл сўрсанг кейин сўйлайди ростин, ҳайтовур...

Кетди ул қуллуқ ила, боқсамки – чўнтак қуп-қуруқ,
Вайсатиб Гулматни, ваҳ, картмонни урди киссавур.


1981 йилда тикланди.



Устоз, 70 ёшли юбилейингиз муборак бўлсин!

Илоҳо, юз ёшли таваллуд айёмингизни ҳам халқимиз билан биргалашиб нишонлайлик!

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

 

Said_Ahmad (250x291, 26Kb)Саид Аҳмад

Ўзбекистон қаҳрамони,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Уста Гулматнинг мирзоси.


Баъзан адабиётга илимилиққина бўлиб кириб келганлар учрарди. Бу хил ёзувчилар умр бўйи биронта ўқувчининг қалбини иситолмай ўтиб кетади. Китобхон юрагига ҳарорат беролмайдиган ижодкор эси борида этагини йиғиштириб, бошқа тирикчилик пайига тушгани маъқул.

Адабиётга оловдек ёниб кирганлар бор. Ижод оламини ана шулар ёритиб турипти.

 

 

Безгакшамол.

 

 

 

 

Said_Ahmad (250x291, 26Kb)Саид Аҳмад

Ўзбекистон қаҳрамони,

Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси.

Уста Гулматнинг мирзоси.


Баъзан адабиётга илимилиққина бўлиб кириб келганлар учрарди. Бу хил ёзувчилар умр бўйи биронта ўқувчининг қалбини иситолмай ўтиб кетади. Китобхон юрагига ҳарорат беролмайдиган ижодкор эси борида этагини йиғиштириб, бошқа тирикчилик пайига тушгани маъқул.

Адабиётга оловдек ёниб кирганлар бор. Ижод оламини ана шулар ёритиб турипти.


Баъзан юрагимга қил сиғмайди, деб нолиб қоламиз. Ана шу қил сиғмайдиган юракларга адабиёт бемалол сиғиб кетади. Айниқса, ҳажв бамисли рентгент нури. У инсон боласининг жамики аъзойи баданини хатосиз топади, ёритади. Наинки – ёритади, ҳатто юрагини кафтига қўйиб кўрсатади.

Устоз ҳажвчиларимиз Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдуллалар ана шундай юлдузи иссиқ, сатрлари кулиб турадиган ижодкор эдилар.

Шу устозлар изидан юриб ўз йўлини топиб олганлар сафига яна бир талантли ҳажвчи Анвар Обиджоннинг келиши ҳаммамизни қувонтирди. У ҳажв даргоҳига бир этак кулги кўтариб келди.

Ҳаммамиз учун қадрли бўлган “Муштум”имиз олтмиш икки йилдирки одамларга беминнат кулги тарқатиб келади. Анвар Обиджон “Муштум”нинг кенжа ўғли. Боланинг қадам олиши, юрт олдида ўзини тутиши чакки эмас. Тўртта одамнинг ўртасига тушиб қолса ҳаммасини ўғзига қарата оладиган, белбоғидан тортиб силкитсанг қўйнидан жаранглаб кулги тўкиладиган бинойидек ҳажвчи бўлиб қолди.

Қувноқ юмор, тагдор ҳажв, кинояли қочириқларга бой ушбу баёз ўз номи билан “Безгакшамол”. Ногаҳон бу шамолга йўлиқиб, “безгакка” чалинишдан сақланишнинг бирдан-бир йўли – уни яланғоч ҳолда қабул қилмаслик.

Бу Анварнинг биринчи ҳажвий тўплами. Тўпламдаги жамики ғазалларни Анвар ўтган асрда яшаб, ижод этган Уста Гулмат деган шоирдан ўғирлаб олган. У шунчалик ношуд ўғрики, ҳатто ғазалнинг охирги сатридан Гулматий деган жойини ўчириб, Анварий ёки Обидий деб қўйишга ҳам фаҳми етмаган. Адабиётимизда плагиат, яъни адабий ўғрилик кўпдан йўқ бўлиб кетган эди. Жуда соғиниб қолгапн эканмиз. Анварнинг Уста Гулматдан ўғирлаб олган ғазалларини кўриб жуда суюниб кетдик. Раҳмат, ука!

Анварнинг бу “жиноятини” сира кечириб бўлмас эди. Аммо бир масала ўртага тушди-ю, уни қаттиқ жазоджан сақлаб қолди.

Аввал бир ҳикоя айтиб берай.

Бир одам ўғрилик орқасидан бойиб кетипти. Боғ-роғлар қилипти. Беш-ўн хизматкор ёллабди. Аммо у шунча бойлик орттиришига қарамай, ўғрилик йилларини қўмсар экан. Баъзи-базида кечаси ўз уйининг деворидан ошиб, “ушла ўғрини!” деб қочаркан.

Анвар Обиджон ўша ўғри бойга ўхшаб ўзини ўзи талаб юрган экан. Кейинги илмий изланишлар Уста Гулмат Анварнинг ўзи эканини, хотинидан қўрқиб, Уста Гулмат номи билан шеър ёзиб юрганини исбот қилиб берди.

Хуллас, биз умид қилган сўнгги адабий ўғри ҳам тўғри чиқиб қолди.

Уста Гулмат баъзан жуда қув, баъзан ўтакетган даражада ландавур, баъзан содда муғомбир...  Ундаги маша шу “хислат”лар ҳажв учун жуда қўл келган.  Анвар қаҳрамонига ўзига боп тил топган, шеърий услуб ҳам топган. Ғазалларнинг ҳар бир бандидан, сўзларидан, вазнидан, ҳатто қофияларидан ҳам Уста Гулматнинг суврати кўриниб турганга ўхшайди. Бу ғазални Уста Гулматдан бошқа шоир ёзиши мумкин эмас, деб ўйлайсиз.

Яна шуни айтиш керакки, Анвар ўзининг галдир қаҳрамонидан жуда усталик билан фойдаланган. У ҳамма гапни юмористик тил билан жиддий тарзда айтаётгандек кўринса-да, аслида маишатпарастлик, думбул фалсафабозлик, гумроҳларча диндорлик, худбинлик, қабиҳона иғвогарлик, лоқайдлик, манманлик, молпарастлик, ичкиликбозлик, гиёвандлик, мунофиқлик каби иллатларни беаёв масхаралайди.

Бундан ташқари, Анвар Обиджон жуда айёр шоир чиқиб қолди. Ғазаллардаги баъзи нуқсонлар, вазн, туроқ сакталикларини ўзидан соқит қилиб, Уста Гулматнинг гарданига юклаб юборади (ғазал рақам 14).

Хулласи калом, “Безгакшамол” яхши китоб. Ўқиган одам яйрайди. Кулиб-кулиб ўқийди. Маза қилиб ўқийди. Ўқувчини яйратадиган китоб ёзиш осон эмас. Бунинг учун Анвар Обиджонга ўхшаган талантли ижодкор бўлиш керак.

Ушбу китобни босмага бериш олдидан Уста Гулматнинг мирзоси Анвар Обиджонни ҳузуримизга чорлаб, иккинчи бунақа “ўғрилик” қилмасликка қасам ичирдик.

Унинг бу “гуноҳини” сиз ҳам кечириб қўяқолинг, азиз китобхон.

“Безгакшамол” китобига ёзилган сўзбоши.

 

Ўз КП МК  нашриёти (ҳозирги “Шарқ”       нашриёти). Тошкент – 1985.