--400 (400x343, 124Kb)

Хуршида

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг Андижон вилоят бўлими раиси

Янги ғазаллар

Соҳибжамол




Дил фақат сендин хабар кутди, нетай, соҳибжамол,
Ҳайратим ҳаддин ошиб кетди, нетай, соҳибжамол?

Ҳақ фано дайрида аҳзон фаслининг ожизасин,
Сен – ҳусн шоҳига зор этди, нетай, соҳибжамол?

Бул юрак мутлақ унутгач шодумонлиғ шеъвасин,
Эътиборинг кўп ризо этди, нетай, соҳибжамол?

Дилга буйруқ кор эмас, вобасталиғ даркор эмас,
Ул тағин йўқлик йўлин тутди, нетай, соҳибжамол?

Сен ёруғ манзилни кўзлаб, толе-истиқболни қуч!
Бул сори Хуршида хор ўтди, нетай, соҳибжамол?

 

 

Айб




Ўйлагандим, воз кечурман, енгди ғолиб ҳисларим,
Истагандим қолмасин ҳеч на дарак на изларим.

Минг синов, минг бир сукунат ичра ҳайрат тунлари
Боумидлиғ оламинда милтирар юлдузларим.

Бир умр тоқ кезди кўнгил ишқ-муҳаббат боғини,
Энг улуғ толе – мунавварлиғда бўлсин юзларим.

Олмагин асло малол, сарсонлигин дил сезмасин,
Меҳр ила нур сочса сочсин мубталодир кўзларим.

Неча бор қилдим тазарру, неча бор сўрдим кўмак,
Сенга кор қилмас нега ҳатто китобат-сўзларим?

Гул ҳаётинг юзланар нурли макон-манзил сари,
Мен эса келдим етиб, кутмоқдалар унсизларим.

Айб эса ошуфталиғ Ҳақ ҳукмига дил мунтазир,
Ожиза Хуршида йиғлар қайда деб ёлғизларим…




Муножот




“Ўртамиздан  оқар дарёлар ўтди…”
Мавҳумот кўксида азобланар тун…

Хаста юракларга озорлар етди,
Биз босмаган излар – бизларга мафтун.

Муҳаббат мулкида туйғулар карахт,
Соғинч, таскин, умид, юпанчлар сарсон…

Гўзал ташбеҳимиз алқаб турса-да,
Моварауннаҳр, мулки Хуросон!

Дунё ўзи шундай: бир кам яралган,
Бизнинг ҳукмимизга бўйсунмас тақдир.

Сен Ҳақсан, мен Ҳақман, юрагимизда
Ногоҳ куртак ёзган ҳислар ҳам Ҳақдир?..

Кел, фано дайрида бир-биримизни
Нури Аллоҳдайин асрайлик, жоним!

Зиқна дунёсининг шум армонлари
Шундоқ ҳам аламли, ҳасратли, жоним!

Сен бардош элинда собитқадамсан,
Сен ғурур кўшкида навқирон юлдуз…

Мен сабр эшигин остонасида
Минг йил фарёд чекиб ҳолдан тойган из!

Юракни бошқармоқ ўлимдан оғир,
Бу — мен англаб етган буюк фалсафа!

Шунчалар ожиз ва  аросатдамиз,
Туташолмас асло мавжуд масофа…

Таҳайюл мулкида, ҳайрат мулкида
Кўзларни куйдириб дунёлар ўтди…

Бағрига яшириб изҳоримизни,
“Ўртамиздан оқар дарёлар ўтди…”



Ногаҳон




Айб эрур гарчанд юрак домингга тушди ногаҳон,
Ҳисларим сарҳадни билмай кўкка учди, ногаҳон.

Хонумоним ёқди буткул сўзларингнинг оташи,
Тун бўйи васлинг дилим мастона қучди, ногаҳон.

Етти иқлимдин муносиб ёр топмоғлик маҳол,
Ишқ соҳир зар либосин нега бичди, ногаҳон?

Айланар ер, офтоб куйгай, боши хамдир само,
Аҳду паймон йўқлабон бир, қайга қочди, ногаҳон?

Эй замин, эй осмон, жисмимга жой қайдин топай,
Бемаҳал Хуршида нурин ёра сочди ногаҳон!..




Бошқа олам



Сену мен бошқадирмиз, дил -
Юраклар бошқа бир олам.

Суханлар бошқадир гарчи,
Тилаклар бошқа бир олам.

Фано даҳрида берсак бой
Ато этганда фурсатни,

Керакмас нозу неъмат, зар,
Кераклар бошқа бир олам.

Ҳаёт, қонунларинг бирла
Иши йўқ инжа туйғунинг,

Сабр куйин чалолмаслар  –
Билаклар бошқа бир олам.

Ўтар кунлар, кетар кунлар,
Фиғону дод этар кунлар,

Гуноҳларни, савобларни
Элаклар бошқа бир олам.

Сену мен бошқадирмиз, лек
Юраклар бошқа бир олам,

Кетар бўлсам йироқ сендан
Сўнгаклар бошқа бир олам…


Тазаллум



Кўзларимдан тўкмагил, бас, ёшни,
Ғолибо, синдирмагил бардошни.

Пойинга қумдек сочилган ҳисларим
Қони-ла ювмоқда дил-наққошни.

Неча гулзор ичра сен ҳур андалиб,
Гул ҳаёт тутмас манга ризқ-ошни…

Ихтиёрим ихтиёрсиз олдинг-у,
Муддаонг хам айламоқми бошни?

Қўй, тааззум фанидин дарс берма кўп,
Воқифи сенмасмидинг сир фошни?

Минг ҳамият бирла сўнг бор нурини,
Сенга сочса қадр эт Қуёшни.


Тасалли




Қўрқма, бетаклиф қадам босмоқ тамом ётдир манга,
Сабр мулкида муқимлик чин саодатдир манга.

Дилга маълум бўлди ногоҳ дилгинангнинг истаги,
Музлаган тошларни зарби катта ибратдир манга.

Ор қошида манимдек ҳуркагу лол бормикан,
Сохта сўзга ошинолиғ ҳам жиноятдир манга.

Минг алам чексин юрак, минг илтижо этсин кўнгил,
Тангри ҳукмига мутелик чин саодатдир манга.

Сен риёлар илкида мастоналарга айла лутф,
Ҳажр уйин этмак тавоф кун-тун, ибодатдир манга.

Гул муҳаббат боғига кирмак сира осон эмас,
Имтиҳон Ҳақдин, иноят ҳам итоатдир манга.

Арз эмас, очдим санга дил ичра  бехоб сўзни,
Хаста Хуршида фиғони нур – ҳидоятдир манга.

 

 


Манба: Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг расмий сайти.