Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Машъал Ҳушвақтни ёд этиб





Эл севган шоир Машъал Ҳушвақт Андижон вилоятининг Асакада туманида валодат топган.


У ўзбек замонавий адабиёти осмонида порлаган энг ёруғ юлдузлардан бири, ёниқ, ёрқин шоир эди.


Жингалак сочли, кўзларида гўё ўт чақнаб тургувчи бу шижоатли шоир давраларда муштларини қисиб, шеър ўқиса, анжуман иштирокчилари ўтирган зал пашша учса сезилгудек жимиб қолар, бадиий адабиёт, шеърият муҳлислари унинг шеърларини диққат билан тинглар эди.


Чунки Машъалнинг руҳ билан ёзилган шеърлари ҳавас қилса арзигулик юксак санъат асарлари эди.


Бу кўнглида ғубори йўқ шоир бошқа шоирларнинг шеърларига хасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшар, қайсидир шоир санъат асари яратса, ундан қаттиқ тасирланиб, анча вақтгача "вах, вах" дея тамшаниб юрарди. Айниқса, Шавкат Раҳмон ва Абдували Қутбиддинларнинг шеърларини ўқиб, ҳаяжонга тушар, соф сўз санъатини, шеърдаги бадиий дидни, юксакликни, теранликни қадрлар эди.

Шавкат Раҳмоннинг:

 

Қиличдек ялонғоч новдаларимда,

Бир япроқ қолмабдир шивирлайтурғон



каби байтларидан ва  Абдували Қутбиддиннинг:



Юрак деб аталган қизил офтобадан

ўзим қон ичгайман, сенга қуймайман.



каби мисраларидан, ёки, дейлик:



Қўрқиб ҳаётимни кузатавердим,

Журъат этолмадим, қарияпманми,

Сабр шимавериб чирияпманми,

Ирияпманми хунук...



деган ажойиб ва ғаройиб шеърларидан завқланар, ҳайратдан ёқа ушлар эди.
Машъал айниқса, баҳор фаслини севарди. Баҳор манзараларини тасвирлар экан, қишдан омон чиққан қушларнинг титраётган мадорсиз ингичка оёқлари, ўчоқ бошида куймаланаётган хотиннинг баҳорда қони қайнаган эр кўзига чўғдай кўринаётган ҳолатини, лирик манзаралар орқали кўзгудагидай аниқ акс этдириб, бутунлай янги руҳда, баҳордай ёруғ, туйғули шеърлар ёзар эди.
Қуйида Машъал Ҳушвақтнинг ёшлик чоғларида ёзган шеърларидан мисол келтирамиз.

Қишнинг сўнги тунлари


Кечагидек тун саросимали,
Нотинч яна кечагидек тун.
Тушига киради шўрлик қарғанинг
Қор - ўғирланган оқ пўстин.

Яна тонгга қадар бу ойдин ғусса
Қолади қарғанинг бўғзида қотиб.
Ухлаёлмай чиқар қиш бўлса,
Елкасига майсалар ботиб...

Баҳорда


Узоқларга учиб кетар қор,
Ўзгаради кунлар тўсатдан.
Кўз ёради ҳадемай анҳор,
Ўт-ўланлар туғиладилар.

Сабр қилгин, бойчечак сўзсиз,
Туғилган кунига сени айтади.
Қачонлардир шавқати йўқ куз
Сургун қилган қушлар қайтади.

Эшитилар ҳадемай сенга,
Шошилинч қадамлар, қадамлар...
Анҳор бўйларига – ўт-ўланларга
Ном қўйгани чиқар одамлар...

-----------------------------------
Бир куни Андижон вилояти ўлкашунослик музейида ўтказиладиган ижодкорларнинг адабий анжуманига бордим. Ичкарига кириб кетаётсам, Андижон шаҳрида яшовчи, балиқчилик шоир Аҳмаджон Далиевга дуч келиб қолдим. Кўришдик.
- Дўстим, мен ҳозир қайтиб келаман. Ҳамма ижодкорлар шу ерда. Шоир дўстларимиз Ҳалим Карим, Машъал Ҳушвақт ҳам. Тошкентдан Мукаррама Муродова деган шоира келибди - деди.
Мен ичкарига кирдим. Зал тўла андижонлик ижодкорлар.Машъал мени ёнига чақирди. Ёнма ён ўтириб, ҳол аҳвол сўрашдик. Аҳмаджон Далиев ҳам қайтиб келиб, бизнинг ёнимизга ўтирди. Мушоира бошланиб, шеърлар ўқилди. Муҳокама бошланди. Бир маҳал Машъал билан паст овозда суҳбатлашиб ўтирган Аҳмаджон Далиев, кутилмаганда ранги бўздек оқариб, оғзини катта очиб, хириллаганича нафас оларкан, қўл, оёқлари акашак бўлиб, шундоқ ёнимизда жон таслим этди қўйди. Анжуман иштирокчилари саросимага тушиб, давра чўп тиқилган ари инидай тўзғиб, айниқса, аёллар қаттиқ қўрқиб кетди. Машъал шошиб ўрнидан туриб, менга: -Холдор Вулқон, Аҳмаджонни оёқларидан кўтаринг. Мен қўлларидан кўтараман. Ташқарига, тоза ҳавога олиб чиқайлик -деди. Иккаламиз Аҳмаджон Далиевни кўтариб, ташқарига олиб чиқдик. Машъал Аҳмаджоннинг этикларини ечди. Мен шоирнинг бўйинбоғини бўшатиб, кўксига қулоқ тутдим. Артериясини текшириб кўрдим. Шоирнинг юраги аллақачон уришдан тўхтаган экан. Бир зумда дўхтирлар билан милиция етиб келди. Аёллар йиғлаяпти. Айниқса, Мукаррама Муродова: -Мен келганимда ҳам шунақа бўладими? -дея изиллаб йиғлаб юрарди. Биз эса, шоир дўстимиз жасади устида, нима қилишни билмай,  серрайиб турибмиз. Аҳмаджоннинг аёлига қўнғироқ қилишди. Бечора, шоирни жуда қаттиқ севар экан. Сочлари тўзғиб, йиғлаб, чопиб келиб, Аҳмаджоннинг жонсиз жасадини қучиб, узоқ йиғлади.Шоир жасади моргга, суд.мед.экспертизага олиб кетилгунича милиция ходимлар ёзувчи ва шоирларни тарқалмасликка чақирди. Сўраб, суриштириб, воқеа ҳақида далолатнома ёздилар. Шоирнинг киссасидан юраги касал одамлар ичадиган таблетка хапдорини топдилар. Билсак, Аҳмаджон Далиев оғир инфарктга йўлиққан бўлиб, ўзи анча йиллардан бери поликлиниканинг махсус хисобида турар экан.Шундан кейингина бизга тарқалиш учун рухсат беришди. Ўша куни барча ёзувчи ва шоирлар Балиқчига, Аҳмаджон Далиевнинг ота юртига, дафн маросимига бордик. Кўчада турнақатор бўлиб, қўл қовуштириб турибмиз. Ичкарида қиёмат қойим. Аҳмаджоннинг яқинлари, оҳ чекиб йиғлар, айниқса онасининг: -шоир боламма! -дея чеккан фарёдлари юракларни тилка пора қилди гўё. Дафн маросими чоғи шоир жасадини қабрга қўяётганларида шоирнинг 7-8 ёшлардаги ўғли Хуршид кўзи тўла жиққа ёш, қабр ичига қараб, дадамлаб йиғлаётган пайти, айниқса, чидаб бўлмади. Ҳаммамиз ерга қараганимизча унсиз йиғладик. Дафн маросими тугаб, уйга қайтар эканмиз, машинада ўтирган ёзувчи Камчибек Кенжа бошлиқ Одилжон Олимов, Қобил Мирзо каби ижодкорлар менга йўл йўлакай: -Холдор Вулқон, Олтинкўлингизга келиб қолибмиз. Биронта кафеми, ресторангами кириб, озгина тамадди қилсак бўларди -дейишди. Мен таклифни қабул қилдим ва уларни Олтинкўл туман марказидаги  ресторанга бошладим. Емоқ ичмоқ келгач, ёзувчи ҳамкасбларнинг шайтони қўзиди. -Озгина қиттак қиттак қилсак қандай бўларкин? - дейишди улар, бир бирларига маъноли қараб. Бунақаси менинг режамда йўқ эди. -Ахир, эндигина шоирни дафн қилдикку. Қандай бўларкин? -дедим мен, ниҳоят. Э, бўлаверади. Шу тариқа Аҳмаджонни ҳотирлаймиз -дейишди улар. Ароқ тўлатилган графинлар бир неча марта қайтарилгач, давра еб ичиб, кекириб, дуо қилиб, ширакайф ўрнидан қўзғолди. Официант бола менга хисобни келтиргач, тўловга пулим етмаслигини англадим. Нима қилишни билмай,пулни олиб келишимни, паспортим билан палтом гаровга қолишини айтдим. Официант рози бўлди. Ташқарига чиқдим. Кейин машинага чиқиб, шоир ёзувчилар билан жўнаб кетдик. Улар мени уйга ташлаб қўйишди. Аммо, нега кастимчансан, палтонг қаерда қолди? -дея биронтаси сўрамади ҳам. Мен уйдан пул олиб, Олтинкўлга қайтиб бордим. Пулни топшириб, паспортим ва палтомни олдим. Йиллар ўтди. Бир куни Андижон шаҳридаги шимолий даҳага жойлашган "Олтин водий" радиоси биносига бордим. Шеър ўқидим. Овозимни ёзиб олишди. Кўчага чиқиб кетаётсам, кутилмаганда кимдир менинг исмимни айтиб чақирди. Қарасам, бир йигит мен тамон югириб келяпти. У халлослаб етиб келаркан, ҳаяжон ичра: -Холдор ака, мен марҳум шоир дўстингиз Аҳмаджон Далиевнинг ўғли Хуршид бўламан -деса бўладими. Турган жойимда тахтадек қотиб қолдим гўё. Қучоқ очиб кўришдик. Хуршид катта бўлиб, журналистлик касбини танлабди. Радиода ишлар экан. Иккаламиз кўзда ёш билан марҳум шоир дўстим Аҳмаджон Далиевни ёд этдик, ҳотирладик. Шоирнинг қўлёзмаларини сақлаяпсизларми? -дедим мен, ниҳоят. Ҳа, дадамнинг қўлёзмаларини авайлаб, асраб, ижодхоналарини музей қилиб қўйганмиз -деди Хуршид.

Ўша мудхиш фожиани эсладик дегунча, Машъал иккимиз чуқур қайғуга ботиб, бир зум жимиб қолар эдик. Бугун энди дўстим Машъал Ҳушвақт ҳам фано тупроғини тарк этди, уқбога кўчиб кетди.
Мени қаттиқ ҳайратлантирган нарса, шундай ёниқ, ёрқин истеъдод эгаси, халқимизнинг севимли шоирларидан бири Машъал Ҳушвақт оламдан ўтган кунлари, биронта шоир ўлса, қулоч қулоч мусибатномалар ёзиб, ижтимоий тармоқларга тарқатадиган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва ҳатто уюшманинг Андижон вилоят бўлими ҳам шоир вафоти ҳақида чурқ этмади. Сукут сақлади.
Машъал, сен уларга нима ёмонлик қилувдинг?
Нечун улар оламдан ўтганинг ҳақидаги, машъум хабарни эшитмаганга олиб, терс қараб турдилар?
Ахир сен, ўзбекнинг энг ёрқин, ёниқ шоирларидан бири эдингку?!
Сен қайси шоирдан кам эдинг?
Нега сенинг сайланма асарлар тўпламинг давлат бюджети тамонидан планли равишда нашр этилмади, нега ёзганларинг дафтарларингда қолиб кетди?Ахир сенинг ҳам ҳаққинг бор эдику.Нега ҳаққинга хиёнат қилдилар?
Нега шундай демократия гуллаб яшнаётган замонда қатағонга учрадинг?
Ахир сен Ватанда эдингку?
Интенсив боғ роғлар барпо қилиб, Асакадаги мактаблардан бирида ўқувчиларга тил ва адабиётдан дарс берардингку?
Наҳотки сенинг оламдан ўтганингни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси мутасаддилари эшитмаган бўлса?
Шеърларингни мақтаб, қўлларингни қисиб, кўзларинга жилмайиб боққувчи дўстларинг қайга кетди? Адолат ва ҳақиқат ҳақида ҳаммадан кўп гапирадиган нишондор шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар қаёққа ғойиб бўлди?
Ё алхазар! Шуми шоирга муносабат? Шуми оқибат?!.. -дея ҳайқиргим келади менинг.

 

------------------------------
Холдор Вулқон

Баҳор

(Машъал Ҳушвақт ҳотирасига)
------------------------


Узанар лойпахса деворлар оша,
Боғларда гуллаган ўриклар шохи.
Булутлар карвони қайгадир шошар,
Дала дашт устида тўрғайлар оҳи.

Баҳорий боғларда кезардинг хурсанд,
Эркалаб бойчечак, майса, хулвони.
Кўклам келиб, сен ҳам гуллагандирсан,
Мангуга тарк этиб телба дунёни?


----------------------
08/04/2022.
Кундуз соат 2:04.
Канада, Онтерио.