ИНСОН ҲАҚЛАРИ ҲИМОЯЧИСИ БАХТИЁР ҲАМРОЕВНИНГ  ВАФОТЛАРИ  МУНОСАБАТИ  БИЛАН ТАЪЗИЯ.

 

 

 

Маҳшар куни Худои Таоло барча  нарсага  қодир бўлсада, бу дунёда поймол қилинган   Инсон ҳаққини олиб бериб, адолат  қилишда  мазлумларнинг раъига қарар экан.

Мазлум рози бўладиган миқдорда Золимнинг  савобини мазлумга  олиб  берар  экан.

Бордию  золимнинг  савоби қарзни тўлашга  етмаса, у ҳолда  мазлумнинг  гунохларини мазлум  истаган  миқдорда зулм қилган  кишининг хисобига  ўтказиб, золимни дўзахга  маҳкум этар экан.

Инсон ҳаққи шу  даражада буюк бўларкан.

Шундан келиб  чиқилса, инсон ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ХУДОИ  ТАОЛО  қадрлайдиган  муқаддас  иш эканлиги  маълум бўлади.

Золимлар инсон  ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя  қилаётганларни севмайдилар, уларни  камситиб, тахқирлайдилар, қийнайдилар  ва  ҳатто ўлдирадилар.

Аммо,  зулм қилгувчилар  ҳам ўлим  деган  элчининг  чангалидан  қутилиб  қололмайдилар, улар ҳам  ўладилар ва Худонинг ҳузурида мазлумларни ноҳақ азоблаганлари  учун жавоб берадилар.

У  ЖОЙДА мансаб, мартаба, пул, олтин,  таниш билишчилик ўтмайди.

У  ёқда хисоб - китоб фақат  САВОБ  орқали  амалга  оширилади.

Бахтиёр Ҳамроев ҳам умр бўйи мазлумларни золимлардан ҳимоя  қилиб  ўтдилар.

Бу дунёда қолиб кетадиган вафосиз  матох -пул, молу -дунё эмас, ОХИРАТДА  асқотадиган Савоб  териб, тўплаб, ўз ҳаётини ҳавф остига қўйиб, чидаб бўлмас  тахдидларга дош  бериб ишладилар, сабр қилдилар.

Илоҳим  Бахтиёр  ака Ҳамроевнинг руҳлари шод,  жойлари  ЖАННАТдан бўлсин.

Марҳумнинг  оила  аъзоларига, яқинларига, дўстларига, шогирдларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва уларга  сабр -тоқат тилаймиз.

 

 

Холдор Вулқон

 

 

Ҳаёт ҳудди шу қуш  инидай  муваққат ва инсон  бир куни бу инни  кузги чуғурчуқ  каби тарк этади.(Х.В.)

 

 

Бахтиёр  Ҳамроевга

 

 

Секин  одимлайман, жуда  ҳам  секин,

Яхшиям  қўлимда  йўқ  оғир  сават.

Осмонга  туташиб  кетган  зиналар,

Бунчалар  баландсан,  тўртинчи  қават?..

 


Катта  раҳмат  сенга, қўшни  болакай,

Шу  ерда , ўтириб,  дам олай  андак.

Ерга  чўкиб  кетди  буюк  қоялар,

Чўққига  айланди  туби  йўқ  хандак.

 


Кечалар  поёнсиз бўлсада  осмон,

Йўқдир  юлдузларга  беркингани  жой.

Гўё  мени  йўқлаб  келган  одамдай,

Деразамдан    аста  мўралайди  ой.

 


Уйқум  қочиб  кетар  олис  далага,

Ҳеч  йўқ  ярим  соат  олсайдим  мизғиб.

Сезяпман,   уйимиз  теварагида,

Уч - тўртта  "Эси  йўқ"  юрибди  изғиб...

 

 

 

 

Холдор  Вулқон.

23  март, 2013  йил.

Кеч  соат  9  дан  25  минут  ўтди.

Кембридж  шаҳри,  Канада.

 

 

 

Бахтиёр Ҳамроев Ички  Ишлар  Ходимларини эркалатиб, "Эси  йўқлар"  дер эдилар.

 

 

 

 

 

Жиззах  баҳори

 

 

 

 

Юқоридаги  баҳорий  суратларни  Бахтиёр  ака  Ҳамроев  бир  пайтлар  сайтимиз  учун  юборган эдилар.