ШОНЛИ  65 ЁШЛИ  ЮБИЛЕЙИНГИЗ  МУБОРАК  БЎЛСИН, ҚАДРЛИ  РАФИҚ  МУХТОР!



Андижонда  Рафиқ  Мухтор  деган  шоир  ва  ҳушовоз  ҳофиз  бор. Тўладан  келган,  оқ  сариқ  юзли,  алпқомат  бу  одам  кулганда  Чингизхоннинг  кўзларидай  қийиқ  кўзлари  юмилиб,  қорачиқлари  кўринмай  кетади. У  кулса,  юракдан  кулади  ва  зинҳор  ичи  қора,  хасадгўй,  майда  кимсалар  каби  тиржаймайди. Осмонга қараганича дев каби қахқаха  отиб  кулади.Рафиқ  аканинг  кулаётган  чеҳраси  қуёшни  эслатади. Боладай  оқкўнгил  ва  содда  бу  шоирнинг  қорнида  гап  ётмас,  ўз  одатидан уялган шоир сир эгаларидан  кечирим  сўраб  ҳам  қўяркан; -  Нима  қилай  энди,  менинг  қорнимда  гап  ётмайдида  - дея  хижолат  чекарди. Соддалиги  шу  даражадаки,  унга  бирон  гапни  айтсангиз,  орадан  ҳеч  қанча  вақт ўтмай,  сиз  айтган  сирни  бутун  вилоят  эшитиб  бўлади. Шунинг  учун  мен,  дўстлар  билан  йиғилишганда  уларга; - Одамлар  ахмоқ  бўлиб  рекламага  пул  сарфлаб  юришибдида. Ундан  кўра,  Рафиқ  акамга  айтиб  қўйсалар,  маҳсулотини  беш  секундда  бутун  дунёга  реклама  қилиб  ташлайди - дея  ҳазиллашиб  қўярдим.  Гапимдан  хафа  бўлиш  ўрнига,  Рафиқ  акам: - тўғри - дерди  жилмайиб. Рафиқ  акам  баъзан; - Жуда  унақа  зарур  сирларни  менга  айтманглар -да деса,  унга  менинг  раҳмим  келиб  кетарди.У  шундай  қалби  беғубор, феъли  дарёдай  кенг, олийжаноб бир ИНСОН.

Сизларни  зериктирмаслик  учун  унинг  бадиҳагўйлиги  (Экспромт  шеърларга  усталиги),  аскиячилар  каби  баҳру - байтда  ҳозиржавоблигидан  бир  шингил  айтиб  берай.

Рафиқ  Мухтор  кўчада  ё  автобусларда  кетаётиб,  турли  шеър - маталлар  айтиб,  ҳаммани  ўзига  ром  қилиб  олади. Унга  бирон  одамнинг  исми  айтилса  хисоб,  бир  зумда  ўша  одамга  атаб  шеър  тўқиб  ташлайди. Бир  куни  Рафиқ  акам,  битта  қизга: - Синглим,  исмингиз  нима? - деди.  -  Мадина - деди  ҳалиги  қиз, уялиб. Рафиқ  акам  ўйланиб  ўтирмай:  - Мадина,  сиз  дунёда  едина - деса  бўладими,  ярмини  ўзбекча,  ярмини  ўрисча  қилиб. Бир  автобус  одам  кулиб,  қотиб қолган эди ўшанда. Қиз  бечара  уялиб,  қийп - қизариб  кетганди. Рафиқ  Мухторнинг  шоирлик,  ҳофизлик  хунари  ҳам  оздай,  наботот  оламидаги  тамоми  дарахт  ва  гиёхларнинг  номини,  уларнинг  у  ёки  бу  хусусиятини  беш  қўлдек  билар,  қорин  дам  бўлса,  ёхуд  бош  оғриса  нима  қилиш  керак,  унга  қандай  гиёх  дори  бўлади,  ёки  иссиқ – совуқ  мижозлар,  қабзиятлар  ҳақида  Ибн  Синога  ўхшаб, уржузалар  ёзарди.  Ёзган юзлаб уржузаларини тўплаб,  алохида китоб ҳолида нашрдан ҳам  чиқарган. Энди Рафиқ  акамнинг   табобатдаги ҳангомасидан  бир  шингил:

Бир  куни,  қандайдир  адабий  анжуман  ва  консерт  бўлдию  унга  Рафиқ  акам  иккаламиз  бордик. Анжуман  Андижон  воқеаларида  куйиб,  ер  билан  яксон  бўлган  Охунбобоев  театрида  ўтар,  биз  зал  тўридаги  ўриндиқларда  ўтирардик. Бир  маҳал,  Рафиқ  акам  кастимининг ички чўнтагидан қоғоз олдида, унга  бир  нарсаларни  ёзди. Кейин  ҳалиги  қоғозни  оғзига  солиб,   ея  бошлади. Буни  кўриб,  менинг  кўнглим  айниди.

- Ие, Рафиқ  ака, нега қоғозни ейяпсиз? - дедим мен, таажжубланиб.

- Бу дуо ёзилган  қоғоз,  бош  оғриқни  қолдиради. Сенга ҳам дуо ёзиб  берайми,  ейсанми? - деди.

- Йўқ,  раҳмат  ака,  менинг  бошим  оғримаяпти  - дедим  шошиб. Консертда Тошкентдан келган кўзи ожиз бир ҳофиз ширали овоз билан  қўшиқлар ижро этиб,  бизнинг диққатимизни тортди. Ҳофизнинг исми  Оролмирза, фамилияси Сафаров  экан.Консерт тугагач, бориб  ҳофиз  билан кўришдик. Семиз,  қориндор  ҳофиз биз  билан суҳбатлашар  экан, Тошкентча  саёз дўпписини қўлтиғига қисиб олиб, икки қўли  билан бошини ҳузур қилиб қашлади. У ўз бошини қўшқўллаб шу  даражада қашладики, унча ўсмаган сочларидан  қазғоқлар тўзғиб  кетди. Менинг шайтоним қўзиб, ҳофизга  ҳазил  қилдим.

– Сиз Оролмирза  эмас,  Қиролмирза  экансиз – дедим.

– Ҳа, ҳа, сиз Карўльмирза экансиз  деди – Рафиқ  акам ҳам,  менинг  гапимни тасдиқлаб. Бизнинг гапимизни эшитиб, ҳофиз тошкентча  дўпписини бошига кияркан, қорнини силкитиб роса кулди. Биз ҳам  кулдик. Рассом ва шоир Одилжон Нишонов,  шоир Зиё Нажмий,  тенгқур  шоир  дўстим  Адҳам  Шер, Ҳофиз Қўчқор  акам,  фотограф  Дониёр  Самад (Дониш Қаноат),  доирачи  Ҳамид  ака,  шоир  Қодир  Қалам (Коля Карандаш)  ва  бошқа  қадрдонлар  деярли  доим  бирга  юрардик. Бирга  ош  ердик. Шундай  давраларда мен Рафиқ акамни ҳоли жонига қўймай,  “Феруз” ни айтиб  беринг дея хит қилиб юборардим. Рафиқ  акам йўқ демай, созни қулоғига яқин олиб  бориб, ришталарни  обдон созларкан, “Феруз”ни бўйин томирлари бўртиб,  зўриқишдан қизариб,  ўзини тамом унитиб куйлар эди.

Рафиқ  акам:

- Ғам  тошиииииииин,   ёғдииииииирса   Фархоооод  уууууууустинаааааааааааааааааа!

–деб  авж пардаларда куйлаётганда биз завқу шавққа тўлиб,  қийқириб юборар эдик. Рафиқ акамнинг  “Чумоли” номли  қўшиғи  бўлиб,  у  бизнинг гимнимиз  эди. Энди “Чумоли”ни  айтинг  дердик. Рафиқ  акам  “Рафиқ  Мухтор  сўзи,  ижро  этади  ўзи”  деб туриб : - Чимали  чиммалийя! Майда Чиммалийя! – деб  куйлашни  бошлар,  биз  эса, самоъ  рақсини  ижро  этаётган  сўфийлар  каби  ер  депсиниб,  чарчагунимизча  оммавий  рақсга  тушардик. Шу йўсинда  ўзимизни  хурсанд қилиб яшардик. “Қўшариқ”  даҳасидаги  қабристонга  яқин  жойда  Рафиқ  акамларнинг ҳовли уйи бўларди.Ҳозир у ховли бузилиб  кетган. Ўша ҳовлини сақлаб қололмадик. Сақлашга ҳаракат қилишимиз  боиси, у ховлида  Рафиқ  акамнинг  падари  бузруквори, марҳум  ғазалнавис  шоир  Мухтор  қори (Мухторжон  Тожибоев) яшаб, ижод  қилгандилар. Ўзбекистон  Халқ  Ҳофизи Шерали Жўраев Мухторжон  отанинг  “Ғафлатда  қолсин  душманинг” деган  ғазалини қўшиқ  қилиб  ижро  этганлар. У  ховли  гарчанд  бузилиб кетган бўлсада, менинг  хотирамда  ҳамон  қад  кўтариб турибди.Эсимда, Рафиқ  акамнинг  оёқлари  қаламдай – қаламдай келадиган  кичкина,  лекин  ўта  сергак  ва  баджахл  “Куча”  деган  лайча  ити  бўларди. “Куча”га  қараб  туриб,  кулгим  қистарди. Чунки у Иван Сергеевич Тургенев ёзган  машҳур “Муму”ни  эслатар,  Рафиқ  акам бўлса,  Мумунинг бўйнига ғишт боғлаб,  дарёга чўктирган  девқомат  Герасимни ёдимга соларди. Биз  шўрва – пўрва  ичсак,  суягини  “Куча”га  отиб, унинг  хурсандчилигини,  хурмонинг  соясига  ётволиб,  ҳафсала  билан  суяк  ғажишини  кузатиб  ўтирардик.”Куча”  то  Рафиқ  акамларнинг  уйи  сносга  тушгунга  қадар,  ўша  ховлини  садоқат  билан  қўриди. Кўчиб  кетиш  вақтида  Рафиқ  акам  “Куча”ни  бировга  бериб  юбордими,  ёки  садоқатли лайча ўз  ажали  билан  ўлдими,  ҳозир  аниқ  эсимда  йўқ. Нима  бўлсада,  мен  “Куча” ни тез – тез эслаб тураман. Ўша вақтларда  биз  ижодкорлар  камтарин  ҳаёт  кечирардик. Лекин  подшохлардан  ҳам  бахтли  эдик.Бир – биримизни  қўллаб – қувватлардик,  нон  увоқ  топсак,  бўлишиб  ердик. Ўша вақтларда  Рафиқ  Мухтор  минга  яқин  ғазалларини, муҳаммасу маснавийларини,  мустахзоду  мураббаларини тўплаб,  девон  туза  бошлаган  эди. Бир куни у менга: - Холдор, девонни кўздан  кечириб ,  анча – мунча  хатоларини  тўғрилашга ёрдамлашгин – деди. Шундай  қилиб, биз девонни кўздан  кечира бошладик. Девондаги  айрим  камчиликларни,  баҳрлардаги  сакталикларни  билганимча  айтиб,  кўмаклашар  эканман,  Рафиқ  акамнинг  ёши улуғ бўлишига  қарамай,  хотираси  ва  зехни  ўткирлигига  қойил қолганман. У мен ўргатган нарсаларни жуда тез  ўзлаштириб олди ва такаббурлик  қилмай: - Арузда баъзи нарсаларни  билмас эканман, сендан ўргандим. Энди бугундан бошлаб сен менинг  устозимсан – деди.

– Э,  қўйсангизчи – дедим мен.

– Йўқ,  беҳазил  айтаяпман. Сени  энди  ўзимдан  ёш  бўлсангда,  устоз  дейман – деди  яна  Рафиқ  акам. Ҳа,  Рафиқ  акам  шундай  кичик  кўнгил,  меҳрибон,  диёнатли,  ҳалол   ва  донишманд  инсон. Яқинда  “Янги  дунё”  сайтига  кирдиму  қадрдон  акам  ва  дўстим  Рафиқ  Мухторнинг суратини  кўриб,  руҳим  ёришиб  кетди. Кейин  беихтиёр  кўзларимдан ёш чиқиб  кетди.Негаки,  бирмунча  вақт аввал шоир  дўстим Адҳам билан телефон орқали суҳбатлашар эканмиз,  Рафиқ  акамни  сўрасам,  дўстим  Адҳам: - Рафиқ  акам  сени   соғинибди. Холдорни  жуда  соғиниб  кетдим – дея  сенга  салом  ва  дуолар  йўллади - деди. Ўзи  анчадан  бери  Рафиқ акам ҳақида шеърми,  бирон  насрий нарсами  ёзиш  фикри  менга  тинчлик  бермас  эди. Бугун  мавруди экан, ниҳоят  ёздим.  Шу  ёзганларим  устозимиз,  болалардай  оқкўнгил инсон, талантли шоир ва ҳофиз  Рафиқ  Мухторнинг  62   ёшли  таваллуд  тўйларига  бир  арзимас  тўёна  бўлсин .  Халқимиз,  яқинларингиз,  дўстларингиз  ва  биз  каби  шогирдларингиз  бахтига  ҳамиша  омон  бўлинг,  Рафиқ  ака!

Ҳурмат  билан, Холдор Вулқон.




28  апрель,  2010  йил,

Кеч  соат  8  дан  30  дақиқа  ўтди.

Торонто  шаҳри,  Канада.




Қуйида Рафиқ  Мухтор  қаламига  мансуб ажойиб  бир  ғазални эътиборингизга ҳавола қиламиз. Шоирнинг  мазкур  ғазали  Андижонда  нашр  этиладиган “Иқбол”  интернет  газетасидан  олинди.





ҲУР ЗАМОН БЎЛДИ




Қувон,  дил, ер юзида кўп элатлар  биз томон бўлди,

Ҳавас бирла боқар эллар ажойиб  ҳур замон бўлди.



Неча хил аҳли миллат юртбошимиз  амрини ушлаб,

Бўлиб хеш, ақрабодай бир-бирига  меҳрибон бўлди.



Бу янглиғ нур замонни кўрмаган  Жамшиду, Искандар,

Йўқолди кир, адоват, барча миллат  жонажон бўлди.



Йигитлар мисли Фарҳод ғайрат айлаб  тоғни талқонлар,

Париваш қизларимиз номи машҳур  қаҳрамон бўлди.



Етиб чўл бағрига сув ташна тупроқларни  қондиргач,

Ки ҳар бир қатрасидан элга мўл кўл ошу, нон бўлди.



Туганмас таърифи ҳеч,  чордевон шаънига  тузсам оз,

Қоронғу тун ёришди ҳар замонам  нурга кон бўлди.



Тилингни айла гўё гулшанингда,  эй Рафиқ Рафтор,

Етишлик муддаога нур сочиб  бу кун аён бўлди.




Андижон  шаҳри.