90646770 (235x265, 20Kb)

Холдор Вулкан

Член Союза Писателей Узбекистана

 

 

Жойингиз Жаннатдан бўлсин, устоз!

 

Ўрта мактабнинг 5-6 инчи синфларида  ўқиб юрган пайтларим  қишлоғимиздаги мавжуд кутубхоналардан китоб олиб, ўқийдиган бўлганман.Кутубхона менинг энг севимли масканим бўлиб, у ердаги қутб жимлигида китоб танлашдан кўра завқлироқ машғулот йўқ эди мен учун.Антон Павлович Чеховнинг "Ванька" ҳикоясини, Садриддин Айнийнинг "Етим" ҳикоясини ўқиганимда у асарларда деярли ўз аксимни кўрганман.

Ҳаким Назирнинг "Сўнмас чақмоқлар" асари ҳам  менинг  севимли китобларимдан эди.Ҳаким Назир болалар ва  ўсмирлар насрига гўзал  лирикани олиб кирган ёниқ истеъдод эгасидир.Назаримда бу камтарин ёзувчи ижодига етарли эътибор берилмагандай, шундай  ажойиб ёзувчимиз Ҳаким Назир ижоди сояда қолиб кетгандай  туюлаверади менга.

Фарҳод Мусажоновнинг "Офтобни қувалаб"  номли китобини ўқиганимда ҳам, сеҳрланиб қолганман. Қаттиқ таъсирланганман.Асарда онаси ўлиб кетган  Шамси исмли боланинг ғам -ҳасратга тўла қайғули ҳаёти тасвирланган эди.Ўша китобни синфдошлар билан қўлма -қўл қилиб ўқигандик.

Китоб жонвор кўп варақлайверилганидан саҳифалари титилиб, муқоваси қийшайиб, дабдаласи чиқиб кетган эди.

Энди ўзим ҳам китоблар ёзмоқдаман.Ёзяпману доимо "Менинг китобларимни ҳам одамлар худди мен қачонлардир Фарҳод Мусажоновнинг "Офтобни қувалаб" номли  асарини ўқиганимдай эҳтирос билан ўқирмиканлар?" дея ўйлайман.

Бугун Ўзбекистон ўзининг  ана шундай  буюк ёзувчисидан - Фарҳод Мусажоновдан жудо бўлибди.

Худодан тилагимки, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажоновни Яратган ўз раҳматига мушарраф айласин,   жойлари Жаннатдан бўлсин.

Марҳумнинг оила аъзоларига, қариндош уруғларига, дўстлари ва  шогирдлларига ҳамдардлик  изҳор қиламиз.

 

Чуқур қайғу билан, Холдор Вулқон.