Собиржон Ҳакимов
Ҳикоялар
Собиржон Ҳакимов
1963 йил 15 февралда Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида туғилган. 1981-83 йилларда Бойқўнғирдаги қурилиш батальонида ҳарбий хизматни ўтаган. 1983-87 йилларда Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек ва қозоқ филологияси факультетида таҳсил олган. Ҳозирги кунда Марҳамат туманидаги 3-сон айрим фанлар чуқур ўрганиладиган мактаб-интернатида она тили ва адабиёти фанларидан дарс беради.
«45-майдон», » Хатар чангалида» қиссалари, «Жарима батальони» романлари чоп этилган.
Каримберди тоға
(Ҳикоя)
Одам умри ўтган сари ортда қолган йиллар сабоғини эслайвераркан. Кейинги вақтларда ўзим гувоҳи бўлган воқеалар эсимга тушадиган бўла бошлади. Демак, қарияпман шекилли, ёшим ўтиб қолибди. Гап бу ҳақда эмас, мен сизга бир ҳикоя айтиб бермоқчиман, холос.
Ўшанда биз бола эдик. Еттинчи ё саккизинчи синфда ўқирдик. Биласиз, у пайтларда пахта масаласи энг долзарб мавзу эди. Мактабларда ўқиш ҳам тузук-қуруқ олиб борилмас, ўзбек боласи борки, бари пахтакор эди. Ғўзанинг ичида туғиларди, ғўзанинг ичида катта бўларди. Маҳалладаги энг катта одам ҳам бригадир ҳисобланарди. Кўпинча колхознинг қишда бўладиган ҳисобот йиғилишида ҳар бир бригадирнинг йил бўйи қилган ишлари ҳисоб-китоб қилинарди. Агар ишлар кўнгилдагидек бўлса, қоларди, бўлмаса, ўрнига бошқасини тайинлашарди. Ўша йилги ҳисобот йиғилишида бригадиримизни ишдан олишди. Ўрнига ўзимизнинг маҳалладаги Каримберди тоғани тайинлашди. Бу одамни ҳамма ҳурмат қилар, унинг ҳар бир гапни лўнда, аниқ, ишонарли қилиб гапиришидан “дангал” деган лақаби ҳам бор эди. Яна бир ҳислати: у айтилиши керак бўлган гапни ким бўлса ҳам юзига айтаверарди. Аммо шунақанги оҳангда айтардики, биров хафа бўлмасди.
Каримберди тоғани раис эртасига хонасига чақирибди ва бригадирликнинг баъзи томонларини тушунтирибди-да, “хўш, ишни энди нимадан бошлайсан?” деб сўрабди.
– Шийпон қуришдан бошлаймиз. Ҳозир қиш – бекорчилик, иккита-учта уста юборсангиз, дарров пойдеворини қуйиб ташлаймиз.
– Ие, шийпон қургани пулимиз йўқ-ку, – ҳайрон бўлибди раис.
– Унақада мен ҳам режани бажаролмайман, ҳозирдан бўшатиб юбораверинг.
– Шийпонга режанинг нима алоқаси бор?
– Ахир, болалик аёлларимиз болаларини тутларнинг шохига беланчак осиб ўстиришяпти, баъзилари қайноналарига ташлаб келишади. Эмиздиргани бир неча соатга уйларига бориб келишади, вақт йўқотилади. Бўй етган қизлар тутларнинг остида тушлик қилишади. Ёзнинг жазирамасида бир хонага киришиб икки соат дам олишса, меҳнатларида унум бўлади. Шийпонсиз ишлаб бўладими, режани бажариб бўладими? – эътироз билдирибди тоға. У раисни қандай кўндирган билмаймизу ўша йили ёзга чиқиб даланинг ўртасига тўртта катта хонаси бор шийпон қурилди. Одамлар, айниқса, болалик аёлларга маза бўлди.
Янги бригадирнинг омади бўлдими ё худо сийладими, ўша йили бригада пахта режасини туманда биринчи бўлиб бажарди. Қишда эса тоға раиснинг олдига яна бир масалани кўндаланг қилди.
– Маҳаллага ичимлик суви келтириш керак. Агар қувур билан ичимлик суви тортиб келтирилса, меҳнат унуми яна ортади.
Раис унинг бу гапидан кулди. Ахир, қандай қилиб ичимлик суви келтирилса, меҳнат унуми ортади. Тоға эса буни қуйидагича изоҳлади.
– Одамлар каналнинг сувидан ичишяпти, каналнинг сувига эса ғўзага сепилган дори тушади, натижада одамларим кўп касал бўляпти, айниқса, ёш болалар. Бола касал бўлгандан кейин онаси бир-икки ҳафтасиз ишга чиқмайди. Ахир, чопиқ, ягана, чеканка шу болалик аёлларнинг кучи билан қилинади-ку. Битта аёл бир кунда ўн сотих ерни чопиқ қилиши мумкин, ўн кун ишга чиқмаса, демак, бир гектар ер чопиқсиз қолди деяверинг.
– Мен бу масалани ўзим ҳал қилолмайман, райкомдан сўраш керак, – дебди раис.
Каримберди тоға ўша куни райкомнинг ҳузурига кириб борибди. Унга режани бажаришда қийналаётганини, болалар, аёллар кўп касал бўлаётгани, бунинг сабаби ичимлик суви эканини айтиб агар бу масала ҳал қилинса, кейинги йил гектаридан эллик центнер ҳосил олиш мумкинлигини айтибди.
– Мен, барибир, ҳосилдорликни эллик центнерга чиқармай қўймайман. Бунинг учун сиз ёрдам беринг. Шу арзимаган мушкулотни ҳал қилиб беринг, тамом, – дебди у. Райком ҳам унинг жўшиб айтган гапидан эриб кетибди, шекилли, ўша қишда маҳалламизга булдозерлар келиб чуқур ариқ қазий бошлади. Темир қувурлар келтирилиб тўрт-беш чақирим наридаги сув минорасидан маҳалламизга сув келтирилди. Одамлар яйраб қолишди.
Бир куни раис машинасида келаётса, тракторчилардан бири уйига кетаётганмиш. Айни иш қизиган маҳалда бу нима қилиб юрибдийкин деб тўхтаб қаёққа кетаётганини сўрабди.
– Каримберди ака “уйингга бор кечки пайт келасан” деди, – деб жавоб берибди тракторчи. Раис ҳайрон бўлиб бригадирнинг олдига келганида ундан бунинг сабабини сўрабди.
– Унинг сигири бўғоз, икки соат ичида туғади, ўзи ҳам билмайди, шунинг учун уйингга бор дедим, – дебди у.
Раиснинг жаҳли чиқибди. Унга яна жўяли бир фикрни кўндаланг қилибди тоға.
– Ахир, мен раҳбар бўлсам, одамларнинг мушкулини осон қилмай туриб, уларга қандай иш буюраман. Кечки пайт келади, кўрасиз, мен буюрмасам ҳам бугунги ишини икки ҳисса қилиб бажариб қўяди у, – дебди. Раис унинг гапига ишонмай атайлаб кечаси соат учларда далага келса, трактор ишлаётганмиш.
Орадан уч йил ўтиб Каримберди тоғанинг бошида яна бир ташвиш пайдо бўлди. У эрта баҳорда дала йўлини-ю, маҳалланинг кўчасигача ҳамма ёқни ўйдим-чуқур қилиб кавлатиб ташлади, аммо сабабини айтмади. Одамлар унинг бу ишидан ҳайрон. Ҳамма иши ҳам бир бўлди-ю, бу иши ҳам бир бўлди. Баҳорда одамларнинг кўчада юриши қийин бўлиб қолди. Биз ва биздан кичик болалар мактабга девор суяб бориб келадиган бўлиб қолганмиз ўшанда. Бунинг сабаби кейин маълум бўлди. Ҳаш-паш дегунча пахта терими ҳам келиб қолди. Кузнинг дастлабки ойларида унча билинмади, бироқ ноябрга ўтиб бригаданинг кунлик топширадиган режаси бажарилмай ортга сурила бошлади. Раис хуноб, тоғани қисди-басдига олган. Тоға эса йўлни рўкач қилади. Ҳар куни кечқурун идорага бориб тўполон қиладиган бўлиб қолди.
– Ё менга йўлни ўғнаб беринглар, ё ботқоққа ботмайдиган трактор топиб беринглар. Тракторлар маҳалладан чиқолмай ботиб, қолиб кетяпти, мен режани бажаролмаяпман. Далада ҳали қанча пахта бор, пунктга етказиб келолмаяпман!
У райкомгача кириб борибди. Райком вазиятни билиб келиш учун жўнатган одамлар келиб кўришса, ҳақиқатдан ҳам аҳвол чатоқ, йўллар тизза бўйи лой. Ўша йили райкомнинг топшириғи билан йўлга қишда шағал тўкилди. Баҳорга чиқиб тоғанинг елиб югуриши билан асфальт босилди. У пайтларда пахта учун ҳамма нарса қилинарди-да.
Йиллар ўтаверар экан, одамлар ҳам билимсиз ўтавераркан. Фақат бировдан эслашга арзирли хотиралар қоларкан, бировдан йўқ. Каримберди тоға ҳам оламдан ўтиб кетганига анча бўлди. Қаранг, бугун эрталабда шу одам эсимга тушди.
*******************
Мен сени севардим
(Ҳикоя)
Биламан, бу хатимни сен ҳеч қачон ўқимайсан, чунки уни ҳеч қачон жўнатмайман. У шунчаки менинг чалкашиб ҳар ерда ётган қоғозларим ичида қолиб кетади. Эҳтимол ўзим ҳам уни қайта ўқимасман. Аммо ёзиб қўйишим керакдай туюлаверди. Аввал ёзмоқчи эмасдим. Бундоқ туриб ўйлаб қарасам, мен уни аллақачон ёзиб қўйган эканман. Ҳа, қалбим тўрида ёзиғлиқ экан.
Ўшанда институтнинг биринчи курсида ўқирдик. У пайтларда сентябрь бошланиши билан ҳамма пахтакорга айланар, талабалар ҳам Жиззах, Сирдарё туманларига пахта йиғим-теримига олиб чиқиларди. Мен сени ана шу пахта пайтида илк бор учратдим. Китобларда ёзилганидек дарров севиб қолмадим. Севги деган сўзни нима эканлигини мен узоқ, жуда узоқ пайтларгача англамаганман.
Ўшанда нима бўлди-ю, биз биринчи курслар орасида жанжал чиқди. Чамамда, кечқурун ўтказиладиган баҳрул байт сабаб эди жанжалнинг чиқишига. Мен енгилтаклик қилиб уч-тўрт гуруҳдошимни қаттиқ ранжитганман ўшанда. Улар эса бунинг эвазига мени кечқурун бўладиган мушоирага қўшишмайдиган бўлишди. “Бор-е” дедим-у мен ҳам мушоирадан бош тортдим. Барча курслар талабалари қатнашадиган мушоирада ўша оқшом қатнашмадим. Биринчи курс бўлсам ҳам шеърларим газеталарда чиқиб анча танилиб қолганлигим учун кўпчилик бунга ҳайрон бўлди. Мен гуруҳдошларимдан кечирим сўрамадим, улар ҳам мени аяб ўтиришмади, мушоирага қўшмай қўя қолишди. Энг оғири эртасига бўлди. Эрталаб эгатларга тақсимлашаётганда гуруҳимиздаги ҳеч қайси қиз мен билан ёнма-ён эгатга тушишни истамади. Майли дедим-у, курсдошларнинг охирида турганлар томон кета бошладим. Домламиз ҳам кўзи билан имо қилиб хоҳлаган жойингда теравер дегандай бўлгани учун бошқа гуруҳ қизлари тераётган жойга кета бошладим. Ўттиз-қирқта эгатни ўтганимдан кейин иккинчи курс қизларини оралаб ўта бошладим. Бироз юриб икки қизнинг олдидан чиқиб қолдим. Улар менга парво ҳам қилмай пахта териш билан овора эдилар. Қарасам, иккисининг ўртасида битта эгат ортиқча. Шуларнинг олдида пахта тергим келиб кетди.
— Бу эгат ортиқчами?- сўрадим улардан. Қизларнинг бири бошини кўтариб қаради-ю, менга жилмайиб қўйиб ўртоғидан сўради:
— Дилором, бу эгатни тераверсинми, ё қайтиб-қайтиб тераверамизми?
Иккинчи қиз шундагина бошини кўтариб менга қаради. У ўртоғига сирли жилмайди-да, жавоб берди.
— Агар тушликда пахтамизни кўтариб олиб чиқишса, тераверсин. Нимаям дердик, юртдошимиз экан.
— Майли, тераверинг. Шартимиз шу: пахтамизни олиб чиқиб берасиз.
Мен индамай фартугимни тута бошладим. Бироз пахта терган бўлдим. Қўлим ишда-ю, хаёлим ҳалиги қизда бўлиб қолди. Уни қаердадир кўргандай эдим-у, қаерда кўрганимни ҳеч эслай олмадим. Тўрт фартук пахта тўкканимдан кейин чарчадим. Пахталаримни бир чугун қилиб бойладим-да, ўтириб олдим. Ўзимча бир нарсаларни хаёл сурдим: бир куни катта шоир бўлиб кетсам, ана ўшанда билишади курсдошларим менинг кимлигимни. Биз шу шоир билан бирга ўқиганмиз деб фахрланиб юришади ҳали. Китобларим қўлма-қўл бўлиб ўқилганда ҳаммаси тан беришади.
— Ҳей, шоир, бизга сув олиб келиб бера оласизми?!
Хаёлларимни қизларнинг овози тарқатди. Менга қараб юзлари лўппи, олдинги тўртта тиши ялтироғи кулиб турарди. Мен уларнинг хоҳишини икки қилмасдан шийпон томон кетдим. Челакни тўлдириб сув олиб келдиму қизларнинг олдига ўтирдим. Ҳаш-паш дегунча олдимизда одам кўпайиб кетди. Зўрға бир пиёладан сув тегди. Мен челакни қўлга олдиму яна шийпонга чопдим. Кейинги челак ҳарқалай анча одамга етди, ҳатто челак тагида бир чойнакча сув ошиб ҳам қолди. Қизлар яна эгатларга тарқалиб кетдилар. Олдимда ҳалиги иккови қиз қолди. Дарров танишиб олдик. Юзлари лўппи, бақалоққина қизнинг исми Гулида, ўртоғининг исми Дилором экан. Иккови ҳам фарғоналик. Гаплашиб ўтириб қолдик.
— Нимага кечқурунги мушоирада қатнашмадингиз?- сўрадинг ўшанда.
— Мени қўшишмади,- дедим.
Сен ўшанда кулдинг.
— Нимага куласиз?- сўрадим.
— Ўзим қатнашгим келмади дейсизмикин девдим,- дединг.
— Ёлғон гапириб нима қиламан. Бўлгани шу-да.
Шу кундан бошлаб мен ҳар куни сизлар билан пахта терадиган бўлдим. Бора-бора ўрганиб қолдим. Кечқурунлари ҳам сизлар билан гаплашиб ўтиришни яхши кўрардим. Кўпинча Гулида бизни ташлаб бир ёққа кетиб қолар, биз икковимиз соатлаб суҳбатлашардик. Суҳбатларимиз китобий суҳбатлар эмасди. Шунчаки оддий одамлар қандай суҳбатлашишса, шундай суҳбатлашардик. Ҳаш-паш дегунча пахта мавсуми ҳам тугади. Аммо мен энди сенга ўрганиб қолгандим. Катта танаффусда, дарсдан қайтишда доим бирга бўлардик. Айниқса, ёш ижодкорлар тўгарагига бирга қатнаганимиз айни муддао бўлди. Мен ўзимни сенсиз тасаввур қилолмасдим. Бироқ буни ўша дамларда англаган эмасман. Гўёки шундай бўлиши керакдай, доим шундай яшайдигандек эдим. Умримнинг энг гўзал дамлари ўша дамлар эканлигини қайдан билибман. Кечки пайт Чилонзордаги кичкинагина анҳор ёқалаб ёнма-ён келардик. Шеърлар ҳақида, китоблар ҳақида суҳбатлашардик.
Эсимда, талаба дўстларимиз уюштирадиган саёҳатлар ёки базм-кечаларга сен кўпинча бормасдинг. Бунинг боиси мен эдим. Чунки бундай чиқимли нарсаларни менинг чўнтагим кўтармасди. Сен менинг бундай жойларга бора олмаслигимни билардинг, аммо менга билдирмасликка уринардинг. Мен эса сезардим. Аҳён-аҳёнда бирга кинога тушардик. Ўшанда ҳам пулини тўламасанг, бормаслигингни шарт қилиб мен билан борардинг.
Эсингдами, бир куни Бешёғоч бозорида иккимиз бирга кетаётиб ҳушимдан кетишимга сал қолганим. Рангим оқариб ўтириб қолгандим ўшанда. Сен қўрқиб кетгандинг. Ўша дамларда менинг ҳаётимда бундай воқеалар бир неча марта бўлган, бунинг сабаби кўп пайтлар оч қолардим. Баъзан тўрт тийинлик “бедана кабоб” олиб ейишга ҳам пулим бўлмасди. Кейинчалик шаҳарга мослашиб, тирикчилик қилишнинг турли йўлларини ўзлаштириб олдим. Ўртоқларимга ўхшаб дам олиш кунлари ётоқхонада нима қилишни билмай ётмасдим. Тирикчилик қилиш учун мардикор бозорига чиқишга мажбур эдим. Менинг вақтим доим ўлчовли эди. Дарсдан бўш вақтларимда иложи борича пул топишга ҳаракат қилардим. Ётоқхонамиз ёнидаги уйларда яшовчилар баъзан мени излаб келишарди: бировнинг уйини сувоқ қилишми, таъмир қилишми — озми кўпми иш менга топилиб турарди. Баъзи ўртоқларим ўшанда менга сал ғалатироқ, менсимайроқ қарашар, кўп ҳам ўзларига тенг кўришмасди. Мен эса уларга ҳавас қилардим. Уларнинг ҳар ойда уйдагилари пул жўнатишади. Менда эса бундай имконият йўқ эди-да. Мен билан бир пайтда икки укам политехника институтида ўқишар, оддийгина колхозчи бўлган отам бизга пул жўната олмасди. Бундан ташқари, отам… ичарди. Рўзғорнинг бутун ташвишлари муштипар онамнинг зиммасида эди. Тўққиз фарзанднинг ташвиши билан ўтган онамнинг биронта янги кўйлак кийганини эслай олмайман. Мен шундай оиланинг фарзанди эдимки, агар оилам ўртахол оила бўлганда ҳам ўзимни бахтиёр сезардим. Афсуски, менинг оилам қашшоқ эди. Бунинг устига, кунда жанжал аримайдиган оила эди. Бундай хонадон жуда камдан кам учраса керак дунёда. Отам зинҳор ёмон одам эмасди. Аммо ичволганда шундай тўполон кўтарардики, биз қайга қочишни билмай қолардик. Онам отам ҳақида ҳеч қачон ёмон гапирмасди. Балки шунинг учундир бизнинг отамизга бўлган меҳримиз сўнмагандир. “Отанг ўз ихтиёри билан ичмайди, уни ароққа иситишиб қўйган. Неча марта ичишни ташлади, аммо ҳар сафар анови катта амакинг қўйнига вино солиб кириб бирга ичишгандан кейин яна бошлаб юборди. Улар буни ичириб қўйиб томоша кўришни исташади” дерди. Ростдан ҳам қачон бизникида жанжал бўлса, амаким бола-чақаси билан кўчага чиқиб олишарди, ҳаммасининг қулоғи динг, кўзлари бизнинг ҳовлида бўларди. Ҳиринг-ҳиринг кулишарди. Ўгайлик нима эканлигини мен болалигимдан яхши англаганман. Хуллас, менинг оилам сенга муносиб эмасди. Мен буни сенга айта олмасдим.
Эсимда, тўртинчи курсни битираётганимизда гап орасида “мени шу кузда узатишмоқчи, эҳтимол, сочиқ-почиқ ташлаб қўйилса, отам бирор йил кутишга кўнар”дединг. Тушундим. Индамадим. Ўшанда сени севишимни, ўзимни сенсиз тасаввур қила олмаслигимни англадим. Сени умидвор қилиш учун менда имкон йўқ эди. Шундай бўлса-да, эртасига уйга жўнадим. Мақсадим онамга бор гапни айтиш, сени эгаллаб қўйиш учун совчи жўнатиш эди. Бироқ учма–уч рўзғор тебратиб турган муштипаримга ҳеч нарса айта олмадим. Унинг кўнглини вайрон қилиб, ўксита олмадим. Сен менга ўзингни унаштирилаётганингни уч марта эслатгансан. Аммо мендан садо чиқмаган. Бугун у кунлар армон. Балки, кўнглингда “менга кўнгли йўқ экан” деб ўйлагандирсан ўшанда. Мендан садо чиқмагандан кейин… Сен билан хайрлашдик. Аммо… аммо… қўлларингдан бир бора тутмаган бўлсам ҳам, сенга севги изҳор этмаган бўлсам ҳам, сени олиб кетдим. Сени қалбимда олиб кетдим. Сен мен билан яшадинг. Қалбим тўрида бир сурат бор. У доим синиқ жилмайиб туради…
Қурвоналининг хатини ўғирлагувчи: Собиржон Ҳакимов
*********************
Ният
(Ҳикоя)
Улар иккиси касалхонада танишдилар. Икковининг ҳам боласи қиз эди, иккови ҳам тўрт ёшда эди. Икковининг ҳам боласи бир хил касаллик билан оғрирди, яъни ўқтин-ўқтин судурги берар, тўсатдан ўзидан кетиб қоларди. Уларни даволаётган врач бор билимини, имкониятини ишга солар, болаларнинг соғайиб кетишлари учун тиним билмасди. Кунларнинг бирида бу икки аёлга дўхтирларнинг бири маслаҳат берди:
— Болаларинг тез-тез касалхонага тушиб турибди. Бу чакана чиқим эмас. Ҳар сафар фалон пулга даволатасизлар. Ундан кўра ногиронлик тоифасига ўтказдириб қўйсанглар, ўзларининг нафақалари ўзларига етиб туради.
Биринчи аёл дарҳол ишга киришди. Эри кўргани келиши билан тезда қизига ногиронлик нафақасини тўғрилаш учун дўхтирларга учраб қоғозларни тўдиришни талаб қилди. Эр бу вазифани тўла адо этди. Иккинчи аёл эса ийманибгина эрига шу ҳақда айтганди, эри унга кулиб туриб:
— Нима деяпсан? Қанақа нафақа? Қизимни бу ерга нафақага чиқариш учун эмас, даволатишга олиб келганман. Ҳеч қанақа нафақа керак эмас, қизим тузалиб кетади. Мен уни оёғим етган жойга олиб бориб даволатаман: етса молим, етмаса жоним.
Эрининг гапи аёлга ҳам маъқул тушди.
Учқур йиллар ўтаверди. Икки аёл яна учрашдилар. Бу сафар бозорда. Иккинчи аёл сўради:
— Яхши юрибсизми? Қизингиз яхши бўлиб кетдими?
— Ҳа, бироз тузук. Оёқлари яхши ишламайди, аравачада ўтиради, лекин бизга оғири тушмайди. Ҳозир нафақаси ўзига етиб турибди, Шунинг нафақа ҳужжатларини янгилаймиз, деб олиб келгандик,- биринчи аёл нарироқда аравачада ўтирган йигирма ёшли қизига ишора қилди,- ўзингизники-чи, яхшими?
— Худога шукур, ҳозир университетда учинчи курсда ўқияпти. Шунга янги ўқув йилига уст-бош қилиб берайлик деб олиб келгандик,- аёл расталар бўйлаб туфлиларни танлаб юрган қизи томон ишора қилди.
Биринчи аёл бир у қизга, бир ўзининг қизига қаради-да, кўрсаткич бармоғини тишлаб ўйланиб қолди.
*********************
Сизни қандай ота дейин
(Ҳикоя)
Байрам кунларида ёки бирор қутлуғ кунларда болаларини етаклаб ота уйига йўқлаб борадиган қўни-қўшниларимга ҳавасим келади. Уларнинг оталари қандай меҳрибон инсон эканлигини ўйлайман. Менинг эса бундай кунларда борадиган жойим йўқ. Йўқ, йўқ, борадиган жойим бор, тўғрироғи, отамнинг уйига боролмайман. Кўпинча мени ва укамни боқиб ўстирган бобомнинг уйига бораман. Отам бор, лекин отамга заррача меҳрим йўқ. У киши тоғлик туманларнинг бирида яшайди, тирикчилиги чорванинг орқасидан. Қўй боқади. Қўра-қўра қўйлари, қорамоллари бор. Айтишларича, отам онамни ҳайдаб юборганида она қорнида олти ойлик эканман. Биласиз, қўйчивонларнинг иши ғоят оғир. Онам ўшанда янги келин бўлса ҳам қирда отам билан баравар қўй боқишар, қўзилаш мавсуми бўлгани учун кеча-ю кундуз тиним билмас, сигирларга терт қилиб боқиш, уларни суғориш, қўйчивон итларга атала қилиш, янги туғилган қўзичоқларни парваришлаш унинг зиммасида экан. Ана шундай кунларнинг бирида отамнинг уч-тўртта улфати меҳмон бўлиб келишибди. Роса базм қилишибди. Ярим кечадан оғганда уларнинг бири энди бизга янги қўзининг гўштидан пишириб берасан деб туриб олибди. Туни билан уларга хизмат қилган онам бир томондан хомиладорлиги, бир томондан меҳнатдан чарчагани учунми “тонг отаргача бировнинг уйида базм қилгунча уй-уйларига кетишса бўлмасмикин булар” деб ғудранибди. Унинг гапини улфатлардан бири эшитиб қолиб отамга “дўстим, шу хотининг жуда бемаза экан, уни ҳайдаб юбора оласанми?” деб қолибди. Отам ҳам ароқнинг кучи билан “битта хотин қўйиш нима бўлибди, эрталаб жавобини бераман” деб юборибди. Ҳалиги улфат бунга ҳам қаноатланмай “кел, гаров ўйнаймиз” дебди. Шундай қилиб онам мен туғилмасимдан аввал бобомнинг уйига қайтиб келибди. Мен бобомнинг уйида туғилганман. Бобом бир неча маротаба онамни отамнинг уйига олиб борган, дастлаб икки ойча яшагандан кейин отам “мен сени ҳайдаганман” деб яна онамни ҳайдаб юборибди. Орадан кўп ўтмай ортимдан укам туғилган. У мендан уч ёш кичик. Ўша пайтларда турмуш оғирлашган, одамларнинг шарт-шароити оғир даврлар эди. Онам менга, тўрт яшар қизга, укамни белаб бериб ўзи қишлоқ оралаб сут йиққани кетарди. Одамлардан сут йиғиб, туман марказига олиб бориб сотар, топган пулига кунлик егулигимизни олиб келарди. Укам уч яшарлигида қаттиқ оғриб қолди. Бобом оғзидаги тилла тишини сотиб укамни даволатди. Онамнинг қўли меҳнатдан бўшамай бизни оёққа турғазди. Мен мактабни битирар йилим уйга келсам, уй тўла одам. Икки аёл мени суйиб эркалаб қарши олишди. Булар отамнинг сингиллари ва амакиси экан. Улар бизни олиб кетишга келишган экан. Бобом уларга кўп ҳам рўйхушлик бермади. Аммо бир томонини ўйлади шекилли, ихтиёрни онамга ташлади. Келган одамлар онамни у деб, бу деб ўзлари билан кетишга кўндиришди. Таъкидлашларича, отам жуда афсусда эмиш. Бизни, болаларини ҳар куни бир-икки марта гапирар эмиш. Ёшлик қилибми мен аввалига қувондим. Отамнинг уйига, ўз уйимизга кетамиз. Мана энди нурли кунларга етдик деб ўйлабман. Бироқ ўйлаганларим сароб бўлиб чиқди. Биз отамнинг уйига киришимиз билан отам кириб келди. “Ота!” деб унинг бўйнига осилишга тайёр эдим, лекин муомаласини кўрибоқ қаттиқ янглишганимни тушундим. “Ҳа-а, келишдингми,- деди отам қўполдан қўпол қилиб,- яхши қилишибсан. Қўйларга қарагани одам етишмаётганди. Эртадан учовинг ҳам қирга жўнашасан”. Унинг ҳатто қўл бериб сўрашмагани кўнглимга шундай қаттиқ ботдики, умримда бундай изза бўлмагандим. Укам икковимиз мунғайиб қолдик. Маълум бўлдики, отам бизни ўсиб, ишга яраб қолганимиз учунгина уйга олиб келган экан. Унга онамнинг ҳам, бизнинг ҳам меҳнатимиз керак экан. Эртасидан у бизни ишга солиб қўйди-да, ўзи аллақаёққа кетди. Онам билан тонг отмасдан турамиз, сигирларга ем тайёрлаймиз, уч чақиримча пастликдан уларга сув олиб чиқамиз. Қўй боқамиз, қўйнинг тагини тозалаймиз, икки юзга яқин қўйни учовимиз эплаймиз. Отам эрталаб бир, кечқурун бир келади-да, қилинадиган ишларни тайинлаб яна қишлоққа тушиб кетади. У онамдан кейин бир туғмас хотинга уйланган экан. Ўша билан яшар, бизни эса бир хизматкор сифатидагина кўрарди. Мен ўзимдан ҳам укамга ачинардим. Тонг отмасдан туради, тўрвасига битта нон солганича қўйларни ҳайдаб кетиб кечқурун кўзлари киртайиб қайтиб келади. Меҳнатдан қочмас эдим. Ҳар қанча меҳнат бўлса чидардим. Лекин бир куни отамнинг онамга дўқ қилиб айтаётган гапини эшитиб қолганимдан кейин яна бобомникига кетишга қарор қилдим. Энди ўла қолсам бу ерга келмайман деб онт ичдим.
— Анови қизинг катта бўлиб қолибди. Эртагаёқ совчилар кела бошлайди. Лекин хомтаъма бўлма. Мен уни узатмайман. Олиб бориб отангга ташлаб кел, ўша узатсин, менинг сенларга сарф қиладиган пулим йўқ,- деганди ўшанда отам. Мен укамни ҳам олиб кетмоқчи эдим, бироқ у унамади.
— Ҳеч қаёққа кетмайман,- деди у.- Отамнинг меросхўри йўқ. Қачон бўлса ҳам уй-жойини менга ўтказиб беради. Мен шу уй-жойнинг, мол-ҳолларнинг эгасиман. Пайт келгунча қанча меҳнат қилиш керак бўлса, ҳаммасига чидайман.
Унинг гапига мен эътироз билдиролмадим. Онам ҳам, укам ҳам қолдилар. Мен эса бобомникига қайтдим. Бобом мени кўриб йиғлаб юборди. Шу ерда бобом бош бўлиб, тоғаларим ёнбош бўлиб мени куёвга узатдилар. Ҳозир икки ўғилнинг онасиман. Каттам бу йил мактабга борди, кичиги беш яшар. Икки-уч йил олдин бир куни кенжатойим қаттиқ иситма қилиб қолди. Ярим тунда дадаси туриб дори излаб чиқиб кетди. Қиш бўлгани учун алла-паллада ҳамма ёғи шалоббо бўлиб қўлида дори билан қайтиб келди. Турмуш ўртоғим бошидан сув ўгириб ичса арзийдиган одам. Болаларимни мен билан баравар парвариш қилди. Кечалари турсам, туради, мен иш қилсам, болаларни овутиб туради. Ишдан келиши билан болалар унинг олдига югуришади. Бирини олиб, бирини эркалатади. Кўпинча у кишини отам билан таққослаб отамнинг нақадар аянчли одам эканини ҳис қиламан. Тўғриси, унга ачинаман. Умрида бир марта боласига битта қурт олиб келмаган, кечалари бола йиғисидан ташвишланиб уйғонмаган, боласини бирор марта эркалаб бошини силамаган одам фарзанд қадрини билмас эканлигидан ўкинаман. Ахир, эртага, ёши бир жойга бориб, куч-қувватдан қолганда бир пиёла сув тутадиган, орқасига ёстиқ қўйиб суяб ўтказадиган одам топилармикин? Ўшанда “ота” деб ёнига боришга мен ҳам ўзимда куч топа олармикинман?
Масъуманинг гапларини оққа кўчирувчи:
Собиржон Ҳакимов
***********************
Энг гўзал муҳаббат
(Ҳикоя)
Чол тўқсон тўрт ёшида қаттиқ ётиб қолди. Бугун-эрта умри поёнига етишини ҳатто ўзи ҳам сезиб турарди. Болаларининг зимдан ҳовлиларни супуриб-сидириб тайёрланишаётганини англаб ётарди. Эрталаб у анча безовта бўлиб қолди. Кўзлари жавдираб бировни қидиргандай бўлади. Гоҳо кампири томонга бошини буриб унга тикилиб қолади. Кирган-чиққанларга ялинчоқ нигоҳ билан тикилади. Қандайдир муҳим, жуда муҳим изтироб уни қийнаётгандай эди. Буни сезди, шекилли, катта қизи болалари ва невараларига шипшиди.
— Ташқари чиқиб турайлик-чи, отамнинг онамга айтадиган гапи бор, чамамда, бирор омонат гапи бўлса айтиб олсин.
Ҳамма ташқари чиқиб кетгач, кампир сўради:
— Чол, бирор омонат гапингиз борми? Нимага бунча безовта бўляпсиз?
Чол хонани бир қур кўздан кечирди. Ҳеч ким йўқлигига ишонганидан кейин ҳорғин нигоҳини кампирига тикди.
— Кампир, сен билан жуда бахтли яшадик. Сендан розиман, мендан ҳам рози бўлгин.
— Розиман, чол, розиман. Шунга безовта бўляпсизми? Розиман.
— Унга эмас, йўқ. Мендан кейин болалар сени яхши қарашармикин? Бирон нарсага муҳтож бўлмасмикинсан? Ҳа, айтганча.., кўк чойинг борми, бирор йилга етадими? Новвот-чи?
— Ҳавотир олманг кўк чойим ҳам, новвотим ҳам бор. Мени болалар кўчага ташлаб қўйишармиди. Худога шукур, олти паҳлавон ўғлим бор, икки қизим, ўттиз етти неварам, тўрт чеварам бор. Болалар ҳаммаси топармон-тутармон.
— Ҳа, ҳа тўғри айтасан. Лекин шу… сенга қарашармикин деб… сал кўнгил ҳижил-да.
Кампир унинг гапидан кулди.
— Айтдим-ку, ҳижолат бўлманг, мендан кўнглингиз тўқ бўлсин. Шундай фарзандлар ато қилганига шукур дейман. Уларга ишонинг, ўзингизга ишонгандай ишонинг.
— Энди кўнглим тинч. Гапинг тўғри. Ўзингга шукур, парвардигор.
Чол кўзларини секин юмди. Кечга бориб узилди.
******************
Ҳалоскор
(Ҳикоя)
Маҳмуджоннинг бу шаҳарга келганига унча кўп бўлгани йўқ. Аммо икки ой ишлар-ишламас бутун умидлари пучга чиқди. Тезроқ бу ердан кетишни истаб қолди. Кетай деса, иложи йўқ. Ҳали беш-тўрт сўм жўнатмай туриб уйга қайтишни ҳам ор биларди. Гап шундаки, ўша йилларда бу шаҳарда тақирбошлар кўпайгандан кўпайди. Кўча-кўйда эркин юриб бўлмайди. Ўзга миллатлигини билди – тамом, ё кўпчилик бўлиб уриб майиб қилишади, ё имконини топишса нобуд қилишади. Нима бўлса ҳам бу шаҳардан тезроқ кетиш кераклигини англаб турарди-ю, на чора, қўлида пули бўлмаса қаёққа ҳам борарди. Ижара уйнинг бекаси, қари кампир Валя момо бир неча марта бу ердан кетишга ундади – кетолмади. Иши унча оғир эмас, шаҳар четидаги кичкинагина машина устахонасида уста бўлиб ишлайди. Ўзи техниканинг миридан сиригача билгани учун анча-мунча машинанинг товушига қараб қаерида нуқсони борлигини аниқ айтиб бера олади. Ёнида ишлайдиган одамлар дастлабки кунлари унга сир бермаганлари билан ўн-ўн беш кун ишлаганидан кейин унинг маҳоратига тан бермай иложлари қолмади. Шундай бўлса ҳам баъзан устахонанинг ички хонасида қамалиб ўтиришга мажбур бўлиб қолади. Чунки ўша тақирбошлардан баъзилари гоҳо машинасини у ер-бу ерини кўрсатгани шу ерга келиб қолади. Ана ўшанда одамлар уни беркитишади. То улар кетгунча қамалиб ўтиришга мажбур. Охири бундай яшаш унинг жонига тегди. “Қўлимга пул тушиши билан бу ердан кетаман”, деб қасд қилди. Бироқ қўли пул кўрмай бу ердан кетишга мажбур бўлди. Бунга қуйидаги воқеа сабаб бўлди.
Ўша куни ишхонада чала қолган ишини тугатиш учун ишхонага эртароқ келмоқчи бўлиб йўлга тушди. Манзилига етай деганда ортидан бир машина етиб келиб қолди. У аввалига ҳар сафарги мижозлардан бўлса керак деб ўйлаганди. Машина ундан эллик қадамлар ўтиб тўхтаб орқаси билан юриб келди.
— Сен кимсан?- сўради сочларини тақир қилиб олдирган бир йигит бошини ойнадан чиқариб.
Маҳмуджон индамади. Ахир, кимлигини кўриб турибди-ю, сўраганини қаранг. Унинг индамаганидан тақирбош ўзича хулоса чиқарди.
— Ўзбекмисан?
Маҳмуджон бошини ликкиллатди. Тақирбош ичкаридаги шериклари билан пичир-пичир қилиб олди-да, сўнг Маҳмуджонга буюрди:
— Ўтир машинага!
Маҳмуджон ноилож унинг буйруғига бўйсуниб машинага ўтирди. Машинада тўрт йигит бўлиб ҳаммасининг оғзидан кўнгил айнитар даражада ароқнинг ҳиди анқир, унга нафрат билан қараб туришарди. У ўтириши билан машина силжиди.
— Мен устахонага боришим керак. Қаёққа кетяпмиз?- сўради у.
— Биз ўз ишимизга, сен нариги дунёга,- деди уларнинг бири. Қолганлари ҳоҳолаб кулишди.
— Бугун овимиз бароридан келадиган бўлди. Қаранглар, олдимиздан чиқиб қолганини бунинг, ўз оёғи билан чиқди-я,- олдинда ўтиргани қўлларини бир-бирига ишқаб қўйди.
— Буларни қанча қирсак, шунча семираман,- унга қўшилди Маҳмуджоннинг ёнида ўтиргани. Унинг чап томонида ўтиргани эса тирсаги билан биқинига бир туртди-ю, сўради:
— Бизнинг юртимизда нима қилиб юрибсан, қоравой?
— Тирикчилик, ишлаяпман.
— Энди нарёқда ишлайсан.
Улар ўрмон ичида анча йўл юрдилар. Қалин дарахтлар бошланган жойда машинани тўхтатиб Маҳмуджонни орқасидан итаришиб янада хилватроқ жойга бошлаб кирдилар. Тўртта бақувват одамнинг қўлидан қочиб кетишнинг имкони йўқ эди. Қочса, барибир етиб олишади.
— Болалар мени қўйиб юборинглар. Мен сизларга ҳеч қандай ёмонлик қилганим йўқ-ку,- уларга ялинди Маҳмуджон. Улар бунинг гапига қулоқ ҳам солишмади. Ҳалиги олдинда келгани шерикларига қараб:
— Хўш, буни қандай қилиб жўнатамиз. Яна пичоқни ишга соласанми, Павел, лекин у ҳунаринг менга ёқмади. Ўтган сафаргиси осонгина жон таслим қилди, маза қилмадим,- деди.
— Мен биламан,- деди уларнинг бири ва ортига қайтиб югуриб кетди. Дам ўтмай қўлида бир ўрам резинали чилвир билан қайтиб келди.
— Дарахтга осайлик,- деди у ҳансираб,- кўрайлик-чи, неча минутда аут бўларкин?
— Гапинг маъқул, типирчилашини бир кўрайлик.
Маҳмуджоннинг ялинишларига қулоқ солишмас, унинг гапларини гўё эшитишмасди. Шунда Маҳмуджон ўзининг ночорлигидан ниҳоятда ўкиниб кетди. Кўзига қари муштипар онаси, хотини, жавдираб турган учта боласи кўринди. Эҳ, аттанг, бу ерларга уни ажал ҳайдаб келган экан-да. Тақирбошларнинг бири баланд қарағайнинг айри шохига чилвирни отди, айланиб тушган чилвирнинг бир учини сиртмоқ қилиб бойлади-да, шерикларига қаради. Уларнинг учтаси эса Маҳмуджонни қўлларидан ушлаб қайиришиб сиртмоқ томон судрай бошладилар. Маҳмуджон типирчилар, юлқинар, лекин уларнинг қўлидан чиқиб кетолмасди. Худди шу тобда дарахтлар ичидан ўрта бўй, қош-кўзи қоп-қора, келишган йигит чиқиб келди.
— Йигитни қўйиб юборинглар!- деди у.
— Вў, ана иккинчиси ҳам ўз оёғи билан келди,- деди тақирбошларнинг бири.
— Бугун омадимиз юришадиган бўлди,- иккинчиси уни маъқуллади.
— Йигитни қўйиб юборинглар!- буйруғини такрорлади нариги йигит.
— Аввал буни бир ёқлик қилайлик, кейин сенинг навбатинг келади,- тақирбошларнинг бири уни масхара қилди,- сен ўзинг кимсан?
— Буни сенга айтишим шарт эмас, йигитни қўйиб юбор!
Тақирбошлар бир-бирларига қарашди ва тўсатдан Маҳмуджонни қўйиб ҳалиги йигит томон ташланишди. Аммо уларнинг бири шу ондаёқ ортига учиб дарахтга боши билан шунақанги урилдики, қон сачраб кетди. Югуриб борган иккинчисини йигит қўлидан ушлаб бир қайирганди, у чўккалаб қолди, тиззасининг пастига шунақанги тепдики, “қарс” этган товуш эшитилди ва оёғи орқага буралиб узала тушди. Учинчисини эса бошидан ошириб ерга урди. Уни ўрнидан туришга қўймасдан бошини бир неча марта ерга уриб ўласи қилиб ташлади. Бу ҳодисадан ҳанг-манг бўлганча Маҳмуджон анграйиб турар, қўрққанидан оғзини каппа-каппа очиб ёпарди. Ишини битириб ҳалиги йигит бунга қаради. Иккови бир муддат бир-бирларига қараб қолдилар.
— Кет! Тезда кет бу ердан!- йигит қўллари билан йўл томонни кўрсатди. Ерда ётганларга ҳадик билан бир қараб олиб Маҳмуджон бор кучи билан йўл томон қоқила-суқила югуриб кетди.
Устахонада уймалашиб юрган хўжайинга бўлган воқеани яширмай айтиб берди. У анча муддат ўйланиб турди ва унга қараб бош чайқади.
— Энди сен бу ерда ишлай олмайсан, Миша, сени пойингга тушишади. Билишса, мени ҳам тинчитишмайди. Мен сенинг бир ойлик маошингни тўлиқ бераман. Кет бу ердан, иложи бўлса, ҳозироқ кет,- деди.
Бир соатга қолмай Маҳмуджонни устахона хўжайини вокзалга элтиб қўйди…
Бир ҳафтадан кейин онасининг ёнида эски суратларни кўриб ўтирган Маҳмуджоннинг диққатини бир сурат ўзига тортди. Қизиқ, аввал бу суратга эътибор бермаган экан. Кафтдеккина сурат анча эскириб кетган, хира тортганди. Шундай бўлса ҳам ундаги аскар формасидаги йигит жуда таниш туюлаверди. Унга синчиклаб қараган Маҳмуджон онасидан сўради:
— Ойи, бу ким?
Кампир кўзойнагини тақиб расмга қаради ва тушунтирди:
— Бу – отангнинг энг катта акаси. У урушга кетганда отанг уч яшар бола бўлган экан. Ленинградда ҳалок бўлган дейишарди. Бувинг раҳматли бу расмни умрининг охиригача авайлаб ўтган.
Маҳмуджон расмга жимгина тикилиб қолди. Тикилиб турди-ю, бирдан ранги бошқача бўлиб кетди. Бу ўша ўрмондаги йигит эди. Аниқ ўша эди!
Маҳмуджоннинг кўзи расмда эди-ю, оламнинг биз англамайдиган қанчадан қанча синоатлари бор эканлигини ўйларди.
********************
Қарғишни енган ота
(Ҳикоя)
Бугун яна Нозимнинг уйида жанжал бошланди. Арзимаган нарсадан хотинининг гапи билан Нозим отасини сўка бошлади.
— Мен нима қилдим? Болангни вақтида боғчадан олиб келгин дедим, холос. Шунга шунча тўполон кўтарадими хотининг. Инсоф борми ўзи сенларда?- Садр отанинг овози эшитилди.
— Жўн айтмадингиз-да, худди мен бекорчи бўлиб ётгандай жийитиб айтдингиз,- шанғиллади келин.
— Қариликни бўйнингизга олиб жимгина хонангизда ўтирсангиз бўлмайдими, ҳедеб бизнинг ишга аралашавермай? Боғчадан олиб келадими, олиб келмайдими, сизнинг нима ишингиз бор? Киринг хонангизга!- ўдағайлади ўғил.
— Э, икковинг ҳам бўлганингча бўлган экансан. Худо тўзим берсин сенларга!
— Кўп валдираманг! Хонангизга киринг деяпман!- яна Нозимнинг овози эшитилди. Сўнг у отасини итариб-итариб чеккадаги хонаси томон сургади.
Садр ота ўзининг ҳужрасига кирди-ю, ўпкаси тўлиб кетди, хўрлиги келиб кўзларига ёш келди. Мана, тўрт йилдирки, кампири вафот этган. Уйда кампирнинг ўрни бошқача бўлар экан. У ўтгандан кейин келин унга кун бермай қўйди. Ҳар бир гапидан бир қинғирлик топади. Ўғли ҳам хотинининг тарафини олгани олган. Нега бу бола бунчалик унга меҳрсиз бўлиб қолди – ҳайрон. Ўз уйига сиғмай қолди. Нима қилишни билмайди. Бошини олиб шу уйдан чиқиб кетишга юраги дов бермайди. Қариган чоғида қаерга ҳам боради, кимнинг уйига сиғади. Икки қизи ўз рўзғори билан овора. Уларникига нари борса икки кун сиғар, уч кун сиғар. Куёвларникида сиғинди бўлиб яшолмайди-ку. Ўзлари бир нима дейишмаса ҳам эл-юрт нима дейди “Садр отани ёлғизгина ўғли сиғдирмабди” дейишмайдими. Папалаб ўстирган ёлғиз ўғлидан келган оқибат эса бу бўлса. Нима қилсин?
У аввал титраб-қалтираб ўтирди. Кейин эса нега бундай бўлаётганини ўзича холис муҳокама қилмоқчи, бу ҳодисаларнинг сабабини топмоқчи бўлди. Термосдан бир пиёла чой қуйиб қўйиб хаёлга толди. “Айбни аввал ўзингдан изла” деган ҳикмат ёдига тушди. Шунда у калаванинг учини топгандай бўлди. Бир пайтлар ўзи ҳам ёш эди. Худди шу ўғлининг ёшида эди, ўшанда. Катта идорада ишларди. Топган-тутгани ҳавас қиларли эди. Аммо хотини доим отаси билан талашгани талашган эди. Ўшанда хотинининг гапига кириб отасини қариялар уйига олиб бориб ташлаганди. Отасининг ўшандаги ҳайрлашиш олдидан кўзларининг жавдираши кўзига кўриниб кетди. Отаси фикридан қайтармикин деб унга мўлтираб қараган, энди ортига бурилганда “Садржон, жон болам, мени бу ерда қолдириб кетма, энди ҳеч ҳам хотинингнинг ғашига тегмайман”, деганди. У эса отасига бир қараб қўйиб ортига бурилган. Ўшанда отаси бир гап айтганди.
— Мен ҳам отамни худди сендай хор қилгандим. Отам:”болангдан топ”, деб дуо қилганди. Начора, мана тортяпман. Сен ҳам болангдан торт, болам.
Ҳа, отаси уни ўшанда қарғаган экан-да. Қарғаганда ҳам ёмон қарғаган экан. “Болангдан топ” деган гап жуда оғир гап экан. “Демак, отам отасига қилганини мендан тортган экан-да. Мен ҳам отамга қилганимни боламдан тортаётган эканман-да. Бизнинг сулоламиз шундай қарғишга қолган экан-да” алам билан ўйлади у. Пиёладаги чой ҳам эсидан чиқиб бошини икки қўли билан ушлаганча қотиб ўтираверди. Бундоқ ўйлаб қараса, умри бино бўлибдики, болаларини бирор марта алқамабди, бирор марта дуо қилмабди, ёши етмиш сакизга кириб ҳам дуо қилишни билмас экан у. Қанча ўтирди – билмайди. Бир пайт эшик очилиб ўн яшар невараси Мақсуджон қўлида коса билан кириб келгандагина ўзига келди.
— Бобо, овқатингизни еб олинг.
Чол унга қараб бошини ликкиллатди-ю, индамади. Бола қўлидаги косани хонтахта устига қўйди. Дастурхонни ёзди. Юмшоққина нонни ушатиб бобосига косани яқин суриб қўйди. “Агар ҳамма айб ўғлим ва келинимда бўлганда эди, ҳозир шу бир коса овқатни ҳам раво кўришмаган бўларди. Иллатни аввал ўзимдан излашим керак. Мен боламни қарғасам, ундан норози бўлсам, наҳотки шу бола ҳам бир кун келиб ўз отасини норози қилади, менинг неварам-а? Йўқ, бунга нуқта қўйиш керак. Қанча тез бўлса, шунча яхши”ўйлади чол. У илкис неварасига қаради-да қўлини дуога очди:
— Умринг узоқ бўлсин, болам, баракалла,- деди. Бу унинг болалари ҳақига илк дуоси эди. Ҳа, биринчи марта неварасини дуо қилди у. Бундан ўзининг ҳам кўнгли равшан тортгандай бўлди. Невараси эса жилмайди.
— Мен борай, бобо, онам кутиб қолди. Овқатингизни тезроқ еб олинг.
— Бор, болам, бор, айланай сендан. Олиб келган овқатингни ейман, болам. Жуда ажойиб овқат бўлганга ўхшайди. Онангнинг қўли ширин-да,- у бу гапларни ичидан жуда қийналиб чиқарди. Ҳар қалай айта олди.
Бобосининг бундай юмшоқ гапидан бола яйраб кетди, у қўлларини ўйнатиб-ўйнатиб чиқиб кетди. Чол эса яна пича ўйланиб ўтирди. Сўнг қатъий қарорга келгандай тап этказиб хонтахтага урди…
Эртасига ўзининг боқиб юрган қўйларидан бирини бозорга олиб чиқиб сотиб келди. Кун бўйи келиннинг кўзига кўринмай хонасидан чиқмади. Кечқурун овқат маҳали секингина дастурхонга чиқиб келди. Гарчи совуққина бўлса ҳам келин “келинг” деди ва олдига бир коса овқат қўйди.
— Овқат егим йўқ, болам,- деди у биринчи марта келинни “болам” деб, сўнг ўғлига юзланди,- сизларнинг олдингларга бир маслаҳатга чиқдим. Энди менинг ҳам умрим саноқли қолган кўринади. Ўйлаб туриб қарасам, онанг ўтгандан бери бирор марта маърака қилиб йўқламабман. Қўйлардан бирини эрталаб сотдим. Шу онангга, қолаверса, мана, Шоҳистахоннинг ҳам онаси ўтганига анча бўлди, унга ҳам – иккови кампирга бағишлаб кўзим тириклигида бир маърака қилиб бермоқчиман. Нима дейсизлар?
Ўғли ҳам, келини ҳам бунақа гапни кутмаганлари учун унга қараб ҳайрон бўлиб қолдилар.
— Майли, ота, нима десангиз, шу,- деди келин. Ўғли ҳам унинг гапини маъқуллади.
— Бўлмаса, ўн беш- йигирма чоғли оқсоқол бор маҳаллада, эртага ҳаммасини соат саккизга чақиртирсак.
— Ота, эртага улгурмаймиз. Мен сомса-патир ёпай, пича пишириқ қилай бозордан ул-бул нарса олиш керак. Кўнсангиз, индинга қилсак, ўғлингиз ҳам бир кун олдин ишидан жавоб сўраб келади,- деди келин. Маърака қайнаси билан бирга онасига ҳам бағишланишиданми унинг чеҳраси очилиб кетди.
— Бўпти, тўғри айтдинг,- деди чол биринчи марта келиннинг гапини инобатга олиб,- индингга десанг, индингга. Аммо сен овора бўлма, болам. Ҳаммасини бозордан оламиз. Ўзинг бориб керакли нарсаларни оласан. Қўйнинг пулидан ташқари, пенсиям ҳам шундоқ турибди. Қўлингга бераман, нима керак бўлса оласан.
Бу гапдан келиннинг кўнгли яшнаб кетди. Ўғил жилмайди…
Маърака жуда кўнгилдагидай ўтди. Оқсоқоллар едилар, ичдилар, хонадон аҳлининг ўтган умидворлари ҳақларига дуо қилдилар. Ҳамма аҳкомлар ўтказилиб, одамлар қўзғолиш тадорикига тушганларида Садр ота маҳалла оқсоқолига қараб гапи борлигини айтди. Ҳамма унинг оғзига тикилди.
— Яхшилар, ҳамманглар қиёматли гувоҳ бўлинглар. Менга ўғлим, келиним жуда яхши қарашяпти. Улардан ҳеч қандай гинам йўқ. Агар рўзғорчилик қилиб менга сал ножўя гап айтган бўлсалар кечирдим. Бу дунёю у дунё мен улардан розиман. Илоё, икковининг ҳам умри узоқ бўлсин, бола-чақаларининг орзу ҳавасларини кўришсин. Фарзандлари ота-онасига содиқ фарзандлар бўлишсин, омин Аллоҳу акбар!
Унга қўшилиб одамлар ҳам дуо қилдилар.
— Энди шу икковига сиз ҳам дуо беринг,- деди у маҳалла оқсоқолига. Оқсоқол ўғил ва келин ҳақига узоқ дуо қилди. Шу билан одамлар тарқалдилар. Кечқурун эса келиннинг ўзи чиқиб уни бирга овқатлангани чақириб кетди. Садр ота таомдан кейин ўғли билан келинини дуо қилди. Бундан ўзининг ҳам кўнгли равшан тортди, дили яйради.
Садр ота ўшандан кейин яна ўн йил яшади. Аммо ҳар куни эртаю кеч болаларини дуо қилиб ўтди. Иложи борича уларга яхши гапиришга, уларнинг маслаҳатини инобатга олишга интилди. У ўзидаги кибрни енгишга, сулола қарғишига нуқта қўйишга ўзида куч топа олди.
************************
Оқила она
(Ҳикоя)
Бола онасининг олдига йиғлаб кирди.
— Нима бўлди?- сўради она.
— Анови Мансур мени урди. У энди менинг акам эмас, уни мен ака демайман, ҳали кўчага чиқсин мен ҳам ўғли Рустамни ураман,-ҳиққиллади бола.
Она олти яшар боласига ичи ачиди. Аммо заҳрини ичига ютди.
— Сени аканг урган бўлса, гапига кирмагандирсан. Айтганини қилмагандирсан. У сенинг амакинг, дадангнинг укаси, сени яхши бўлсин, тўғри йўлга тушиб олсин деб шундай қилган.
— Барибир, уни ака демайман. Ҳали дадам ишдан келсин мени урганини айтиб бераман.
— Зинҳор ундай қилма. Даданг бизни ҳайдаб юборади. Ахир, у укаси-ку. Биздан кўра укасини яхши кўради.
— Нега биздан яхши кўради?
— Ахир, сен ҳам уканг Дониёрни ҳаммадан яхши кўрасан-ку. Ё биров Дониёрни ёмонласа, қўшилишиб ёмонлайсанми? Амакингни ҳам даданг шундай яхши кўради. Уни ёмонласанг, даданг сени ёмон кўриб қолади.
Бола онасининг гапидан ўйланиб қолди.
— Сен яхшиси ҳозир уларникига чиққин-да, келинойингга ёрдам бер. Кичик ўғлини Рустамжон билан ўйнатиб тур. Ана шунда амакинг уялиб қолади. Кейин сени яхши кўриб қолади. Сенга зинҳор ёмон гапирмайдиган бўлади. Мана кўрасан, даданг ҳам сени янаям яхши кўриб қолади.
Бола аввал тихирлик қилиб пича турди, лекин бироз ўтгач, чиқиб кетди. Икки соатлардан кейин югурганча кириб келди.
— Ойи, дам олиш куни амаким Рустам икковимизни шаҳарга ўйнатгани олиб борар экан.
— Рустамжон дегин, болам, Рустамжон дегин, ё укам дегин. Ахир, у ҳам сенинг уканг-ку. У ҳам сени акам деб янаям яхши кўриб қолади. Амакинг сизларни жуда яхши кўради-да, ортингдан мақтагани мақтаган. Вой, бирам маза қилиб ўйнаб келар экансизлар-да. Қанийди, мениям амаким бўлса-ю, ўйнатиб келса.
Она оиланинг тўнғич келини эди. Бошқа келинлар ҳам ундан ибрат олиб ўргандилар. Кейинчалик болалар бир-бирларига меҳр-оқибатли инсонлар бўлиб улғайдилар. Яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам бир-бирларига елкадош бўлдилар. Ахир, уларнинг қалбларига аҳиллик, иноқлик, меҳр уруғини оқила она ўз вақтида экиб улгурганди-да.