Собиржон Ҳакимов
Етим бола қисмати
(повесть)
ХХХ
Тўсатдан бундай мусибат келиши бировнинг хаёлига келмаганди. Яна тағин айни умрнинг ёзи ўтиб кузи келган пайтда. Эшитган одамлар борки, барчаси бошини чайқаб, ҳамдардлик билдирарди. Ахир, бир кунда ҳам хотинидан, ҳам қизидан, ҳам набирасидан жудо бўлиш кулфатини кўтариш осонми? Валерий Сергеевичнинг барча дўст-қадрдонлари унга таскин беришга уринишар, унинг дардига шерик бўлиш учун атрофида гирдикапалак бўлишар, бироқ унинг кўзлари ҳеч нарсани кўрмас, қулоқлари эшитмас, бирон нарсани идрок қилишга қодир эмасди. Унинг бутун онгу шуурида биргина савол айланарди: “Нега бундай бўлди?” Бир соат ичида наҳотки, шунча одамнинг умри якун топса, ҳеч бўлмаса, биттаси тирик қолса бўларди-ку. Бу туш. Жуда қўрқинчли туш. Ҳозир уйғонади-ю жигарбандларини яна кўради. Қучоқ очиб кутиб олади. Ана, хотини катта сумкани кўтариб тортинибгина кириб келяпти. Ана, қизи сумкачасини чуқилаб эшик олдида турибди. Ана, тўққиз ёшли набираси Зиночка унга қараб югуриб келяпти, ҳозир бўйнига осилади. Уларнинг ҳалок бўлганлари ёлғон. Самолётнинг ҳавода портлаши ҳам ёлғон. Улар тирик. Ҳеч бўлмаса биттаси тирик. Портлаш чоғида биронтаси тасодиф туфайли тирик қолган бўлиши мумкин. Бу одамлар нега тўпланишган? Ҳаммасининг юзида ҳорғинлик, ғам-алам. Ҳозир шу одамларнинг ичидан Зина югуриб чиқади-да, бўйнига осилади. Қизи Наталия унинг ортидан чиқади. Одатдагидек, “дада, тушлик қилдингизми?” деб сўрайди. Хотини Надя ошхонадан қўлида тарелка ва сочиқ тутган ҳолда мўралайди. Унинг хонасидан чиқишини пойлаяпти. Унинг онги фақат шу хаёллар билан бўлиб қолди. Қаттиқ изтиробдан ҳатто йиғлашни ҳам билмасди. Уч кун ўтдики, дераза олдидаги курсида ўтиргани ўтирган. Теваракдаги одамлар билан иши йўқ. Ким нима деяпти. Ким келяпти, ким кетяпти – фарқига бормасди. Бир қараса, кўча ёп-ёруғ, бир қараса, қоп-қоронғи, кўча фонарлари ёниб турибди. Бир пайт қараса, ёнида Георгий Николаевич салобат билан турибди. Кўзларида чуқур қайғу. Уни ҳеч бунақа ҳолда кўрмаганди.
– Валера,– чақирди у, – тур ўрнингдан.
Унга итоат қилиб ўрнидан турди.
– Бу ёққа юр.
Уни нимагадир ошхонага бошлаб кирди. Кейин катта бакалга тўлдириб ароқ қуйди.
– Ич буни. Охиригача ич.
Унинг гапига кириб бакални кўтарди.
– Юр энди.
Иккови ётоқхонага кирдилар. Георгий Николаевич кимгадир имо қилди. Шу маҳал икки оқ халатли ҳамшира пайдо бўлиб қолди. Аввал унинг қон босимини ўлчадилар. Кейин томирига қандайдир укол қилишди. У буларнинг ишини жимгина кузатиб ўтираверди. Ҳамширалардан бири ундан ётишини сўради. У бўйсуниб кроватга чўзилди. Бундан бу ёғини билмайди. Кўзини очганида тепасида турган оқ халатли кишини кўрди. Унинг ёнида Евдокия Тумановна, хотинининг синглиси. Унинг уйғонганини кўриб йиғлаб юборди.
– Валерий Сергеевич. Ўзингизга келдингизми?
Шундагина у ўзининг бошига тушган кўргуликни англади. Хонага Георгий Николаевич кириб келди. Кроватга, ёнига ўтирди. Валерий Сергеевич унинг қучоғига ўзини ташлади.
– Мен ёлғиз қолдим, Гриша,– деди,– бутун дунёда ёлғиз қолдим.
– Ўкинма, Валера, тақдир экан. Тақдир ҳукмидан ҳеч ким қочиб қутулмайди. Сенга сабр тилашдан бошқа иложим йўқ. Қидирув ишлари кетяпти. Алоҳида топшириқ бердим ўзим. Эҳтимол, биронтасининг дараги чиқиб қолар. Бундай воқеалар кўп бўлган. Ҳатто ўн минг метр баландликдан тушиб кетиб тирик қолганлар ҳам бўлган.
– Қачон содир бўлди ўзи воқеа?
– Бугун бешинчи кун. Самолёт Атлантика устидан ўтаётганда тўсатдан иккита моторда ёнғин чиққан. Бошқаришнинг иложи бўлмаган. Океан устига қулаган.
– Қўшма Штатларни кўриб келамиз дейишса, рози бўлибман,– ўкинди Валерий Сергеевич. Георгий Николаевич индамай унинг елкаларини силади. Анча пайтгача қучиб ўтирди. Сўнг ўрнидан туриб галстугини тўғрилади.
– Гриша, мен ишга бориб келишим керак. Муҳим ҳужжатлар бор. Шуларга имзо чекаману қайтиб келаман. Сенга Евдокия қараб туради. Келиним Лариса ҳам шу ерда. Уч кундан буён идорага борганим йўқ. Мени тўғри тушун.
Валерий Сергеевич индамай бошини сарак-сарак қилди. У ҳозир дўсти нима деса, шунга кўнарди. Ахир, дунёда ягона чин дўсти шу – Георгий Николаевич. Болалигидан бирга катта бўлишди. Иккови ҳам ота-онадан эрта етим бўлиб қолишди. Очликни ҳам, тўқликни ҳам бирга бошларидан кечиришди. Уруш даврида ҳам бир қисмда хизмат қилишди. Урушдан кейин бирга ўқишди. Ҳатто опа-сингилларга уйланишди. Фақат фарқ шу бўлдики, Валерий Сергеевич шахмат билан шуғулланиб кетди. Не-не турнирларда ғолиб бўлмади дейсиз. Ҳатто жаҳон чемпионлигига даъвогар бўлиб жаҳон чемпиони билан баҳс олиб борди. Тўғри, у жаҳон чемпиони бўлолмади, лекин шахмат оламини ҳайратга солган инсонлардан бири бўлди. Шахматга бағишлаб том-том китоблар ёзди. Георгий Николаевич эса сиёсат оламига шўнғиди. Кремлнинг оддий ходимлигидан бошлаб Министрлар Совети Раислигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Ҳозир шу лавозимда ишлайди. Икковининг яна битта ўхшаш томонлари шуки, икковининг ҳам фарзандлари биттадан бўлиб қолди. Георгий Николаевичда битта ўғил. Валерий Сергеевичда эса битта қиз. Афсуски, қизи кечроқ турмуш қурди. Кечроқ фарзандли бўлди. Тақдирни қарангки, эри флотда хизмат қиларди. Сув ости кемаси ҳалокатга учраб чўкиб кетди. Ҳеч кимни қутқаришнинг иложи бўлмаган. Валерий Сергеевич қизи билан фахрланарди, набираси билан қувонарди. Дард-аламлари эсидан чиқса, қизини яна турмуш қуради, кўп фарзанд кўради деб умид қиларди. Набиралар қуршовида яшашни орзу қиларди. Мана энди орзулар саробга айланди.
Георгий Николаевич чиқиб кетгандан кейин Лариса унга қайноққина шўрва олиб кирди. У дўстининг келинини мулзам қилмаслик учунгина шўрвадан тотинган бўлди. Евдокия билан Ларисанинг олдиларида чўзилиб ётиб олишдан тортиниб ўрнидан турди ва секин юриб меҳмонхонага кирди. Унинг олдига Евдокия Тумановна кириб ўтирди. Иккови ҳам нима деб оғиз очишни билишмас, бир-бирларига тасалли беришга сўз топишолмасди. Бирининг хотини, қизи, набираси, бирининг опаси, жияни ва унинг қизи чексиз уммонда изсиз йўқолгандилар.
Кечга томон Георгий Николаевич кириб келди. Улар анча пайтгача унсиз ўтирдилар. Ниҳоят, Валерий Сергеевич қўрқибгина сўради:
– Хабар йўқми, Гриша?
– Қидиришяпти. Лекин натижа йўқ.
– Энди натижа ҳам бўлмаса керак. Уммонда беш кун ичида бировнинг тирик қолиши даргумон. Бундан ташқари, ёнган самолёт бўлса,– умидсиз хўрсинди Евдокия Тумановна, сўнг йиғлаб юборди.
– Яна икки кун кутайлик. Бирон хабар чиқиб қолар. Тушкунликка тушманглар,– уларга далда берди Георгий Николаевич.
… Аммо бир ҳафтадан кейин ҳам самолёт қолдиқлари топилмади. Уммон уч юз нафар йўловчини ўз қаърига ном-нишонсиз тортиб кетганди. Қидирув ишлари тўхтатилгани ҳақида хабар бердилар. Шундан кейин аза маросими ўтказилди. Бир неча кун бирга бўлганларидан кейин Георгий Николаевич ҳам, хотини ва келини ҳам ўз уйларига кетишди. Ҳувиллаган беш хонали уйда сўппайиб Валерий Сергеевичнинг ўзи қолди. У кундузлари чиқиб кўча айланар, дўконларга кирар, ўзича “қизимга буни оламан, Зинаидага буни оламан” деб мўлжал қилар, хаёлида уларни уйда кутиб ўтиришибди деб тасаввур қилар, уйга келганидан кейин эса ҳувиллаган уйда юраги сиқилиб ўзига сиғмай қоларди. Ҳатто бир сафар магазинда қўғирчоқ катта оқ айиқчани кўриб қолиб шартта сотиб олди. Ўзининг харидидан ўзи мамнун бўлиб таксига ўтирди. Машинага ўтирганидан кейин буни олиб борадиган одами энди йўқ эканлиги эсига тушиб дод деб юборишига сал қолди. У бора-бора тушкунликка туша бошлади. Уйдан ташқарига кам чиқадиган бўлиб қолди. Нуқул суратларга тикилиб ўтирар, альбомларни титкилаб кун ўтказарди. Унга таскин бериш учун Георгий Николаевич бир неча марта уйига, дала ҳовлисига чақиртириб олиб кетди. Бироқ у доим ҳам дўстининг ҳолидан хабар олишга фурсат тополмасди.
– Валера, тушкунликка тушма. Бу сени еб қўяди. Ўзингни қўлга ол. Бу дунёга тириклар керак. Зериксанг, ана бор, клубларга. Болаларга ўргат шахматингни. Зерикмайсан. Ўзингга ҳам фойда, болаларга ҳам. Ахир, жамият сендай мураббийга муҳтож бўлиб турганда, сенинг бундай биқиниб олишинг яхшимас. Ўрнингдан тур. Олдингга юр. Билимингни, илмингни ёшларга ўргатиб қолдир.
Валерий Сергеевич дўстининг гапига мойиллик билдирди-ю, лекин барибир, энди ўзида жамиятга аралашиш учун куч топа олмаслигини сеза бошлади. Ёши ҳам ўтиб қолди. Салкам саксонга кирди, ахир.
Кунларнинг бирида у қайсидир ресторанга кириб қолди. Ўзига ароқ буюртирди. Ўзи ичишни ёқтирмасди, бироқ нимагадир шундай қилгиси келди. Дардини ароқ билан енгмоқчи эди. Официант келтирган ароқдан кетма-кет икки стакан қуйиб ичиб олди. Бу унга жуда маъқул келгандай бўлди. Кечқурун мириқиб ухлади. Эртасига оёқлари яна ресторан томон тортди. Гарчи онгида ичишга тўсқинлик қилувчи қандайдир ички бир туғён бўлса ҳам яна ароқ буюртирди. Уйига келганидан кейин тўйиб-тўйиб йиғлади.
Эртасига дўсти уни дала ҳовлисига олидириб кетди. Бобосининг атрофида гирдикапалак бўлаётган беш ёшлар чамасидаги неварасини кўриб унга ҳаваси келди. Қанийди, унинг ҳам шундай невараси бўлса, хотини, қизи ҳалок бўлишган бўлишса ҳам шу неварагинаси қолмайдими. Бутун борлиғини, бутун топган-тутганини унга бахшида қиларди. Ҳаётдан кўнгли тўлиб кетарди. У дала ҳовлидан олам жаҳон армон билан қайтди. Яна ичгиси келди. Ичганидан кейин ҳуши ўзига келганидан кейин яна ичди. Яна ва яна ичди. Бора-бора ичкилик билан ўзига таскин берадиган, ичса, бутун дарду аламларини унутадиган бўлиб қолди. Унинг ҳалокат сари кетаётганидан хавотир бўладиган биргина одам бор эди. У ҳам бўлса, Георгий Николаевич. Лекин у дўстини доим ҳам назоратда ушлай олмасди. Валерий Сереевич кунларнинг бирида ичиб ўтириб бу ердан кетиш керак, бутун дард аламни унутиш керак деган қарорга келди. У шошилиб уйга келди ва паспорти ҳамда чек дафтарчасини олди, сафарларга олиб борадиган сумкасига кичкинагина шахмат тахтасини ҳам солди-да, тўғри аэропортга борди. Мақсади ҳозирнинг ўзида чет элга учиб кетмоқчи эди. Аэрокассага борди-да, ҳозирнинг ўзида қайси мамлакатга рейс борлигини сўради. Ҳеч қайси мамлакатга ҳозир рейс йўқ экан.
– Саёҳатга қаерга боришни маслаҳат берасиз?– сўради кассир қиздан.
– Чет эллардан кўра ўзимизнинг Ўзбекистонга боринг, маза қилиб келасиз,– жавоб берди қиз.
– Чипта борми?
– Ҳа, бор. Ярим соатдан кейин самолёт учади, ҳозир регистрация кетяпти.
– Унда Ўзбекистонга чипта беринг.
Самолётга чиқишдан олдин ҳам бир стакан ароқ ичиб олди. У шу бўйи самолёт қўниб, йўловчилар туша бошлаганларида кўзини очди. Бу ерга келганидан кейин меҳмонхонага жойлашди. Кунда шаҳар айланади, бозорларни томоша қилади. Бир куни айланиб вокзалга бориб қолди. Шу ердаги буфетдан бир стакан ароқ олиб ичди. Сотувчи унга шунақанги мулойим мулозамат қилдики, чиройликкина бу йигитнинг муомаласи унга ёқиб қолди. Ҳар куни келиб иккинчи қаватдаги буфетда бир стакан ароқ ичиб атрофни томоша қилиб ўтирадиган бўлиб қолди. Бу унинг учун жуда севимли машғулотга айланди. Одамларни томоша қилиш мароқли бўлиб туюлди. Кимдир қаёққадир жўнайди, кимдир кутиб олади. Биров тўқ, биров оч. Турфа одамлар, турфа тақдирлар. Бир куни вокзалда бир тўда майда болалар пайдо бўлиб қолишди. Уларнинг каттаси тўққиз ёшларда, кичиги уч ё тўрт ёшда бўлса керак. Шу болаларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб ўтиради. Улар ҳар куни кечки пайт пайдо бўлиб қолишади. Буфет атрофида айланишади. Бир куни болаларнинг бирига уч сўм пул берди-да, сотувчидан ароқ олиб келиб беришини сўради. Бола пулни олди, лекин унинг нима деганини тушунмади, шекили, сотувчининг олдига борганида нима олай дегандай унга қайрилиб қаради. Сотувчига:
– Менга бир стакан ароқ, болага булочка ва лимонад бер,– деди. Сотувчи унинг айтганини бажарди. Бола унга берилган нарсаларни нарироқда турган кичкина болага олиб бориб берди. Бу укаси бўлса керак. Ўзининг ҳам шундай набираси бўлишини шу дамда жуда-жуда истаётган бу одам болаларга ҳавас билан термулиб қолди. Унга қизиқарли машғулот топилди. Кунда кечқурун вокзалга келади-да, болаларни кузатади. Кунларнинг бирида сумкасидан шахмат доскасини олиб ўзи билан ўзи шахмат ўйнади. Етти-саккиз нафар бола унинг атрофини қуршаб олишди. Ўзи билан ўзи ўйнаётган одам уларга қизиқ туюлди, шекилли. Шунда у болаларга шахмат ўйнашни таклиф қилди, лекин уларнинг биронтаси ўйинни билмас экан. Шунда болаларнинг бирини рўпарасига ўтқазди-да, юришларни ўргата бошлади. Уни ҳайратга солиб бу бола бир кечада шахмат ўйнашни ўрганиб олди. Эртасига яна ўйнадилар. Индинига яна. Уч кундан кейин қараса, болада ажабтовур қобилият бор. У ўргатганларини жуда тез ўзлаштирар, бундан ташқари, боланинг хотираси жуда кучли чиқиб қолди. У юрган юришлари тугул кечаги, илгари кунги ўйнаган партияларини ҳам ёдида сақлаб қолар экан. Бунақаси камдан кам учрайдиган ҳол эди. Бу бола ҳақиқий вундеркинд. Уни увол қилмаслик керак. Уни Москвага олиб кетиш шарт. Бу бола шахмат оламини титратувчи ҳақиқий даҳога айланиши мумкин.
Кечаларнинг бирида болалар бутун вокзал биноси бўйлаб тумтарақай қоча бошладилар. Уларни милиция ходимлари қувиб юришарди. Аниқки, бу болалар болалар уйида қочиб юрганлар экан. Ҳалиги бола югуриб келди-ю, Валерий Сергеевич ўтирган скамейканинг ортига лип этиб ўтиб ўтириб олди. Валерий Сергеевич сумкасини оёқлари орасига олиб болани кўринмайдиган қилиб тўсиб қўйди. Милиция ходимлари болаларнинг кичигини ушлаб олишди, унинг йиғлаб талпинишига қарамай бошқа болаларга қўшиб олиб кетишди. Бироздан кейин бола бошини кўтариб қаради. У ёқ- бу ёққа эловраб укасини излади. Лекин тополмай ўтириб йиғлашга тушди. Валерий Сергеевич уни қўлидан келганча юпатишга уринди. Гарчи бола унинг тилини билмаса-да, гапларини тушунди, шекилли. Шу кечадан кейин Валерий Сергеевичга ҳам бу ерда қиладиган иш қолмади. У болани олиб поездда Москвага қайтди. Йўл келгунча унинг исми Мурод, отасининг исми Одил эканини аниқлаб олишга муваффақ бўлди. Уйларига келганларидан кейин боланинг зерикиб қолмаслиги учун ҳар куни болалар боғига олиб борди. Турли хил ўйинлар билан унинг кўнглини ёзишга уринди. Георгий Николаевичнинг невараси билан таништирди. Икки бола гарчи бир-бирларининг тилларини тушунишмаса-да, тез чиқишиб кетдилар. Боланинг зеҳни ўткирлигидан Валерий Сергеевични тил борасида кўп қийнамади. Уч ойга етиб бемалол рус тилида фикрини тушунтира оладиган бўлди. Унинг бола билан бўлиб тушкунликдан қутулгани Георгий Николаевичга ҳам маъқул тушди. У қандай қилиб бўлмасин неварасини кибор жамиятнинг манмансираган фарзандлари даврасидан узоқроқ тутишга, илмга чанқоқ қилиб тарбиялашга ҳаракат қиларди. Бу борада унга ҳам Мурод қўл келди. Саша бошқа болалар билан ўйнашдан кўра Муродни афзал кўрарди. Мурод эса тинимсиз ўқиш, ўрганишда бўлар, унинг бу хислати Сашага ҳам юқди. Иккови бирга дарс тайёрлаганларида уларнинг ғоят чанқоқлик билан китобга ёпишишлари Георгий Николаевичнинг кўнглидагидай иш бўлди. Ўз ўғлининг бетайин бўлиб ўсганидан безор бўлган бу одам бор умидини неварасига қаратди. Бу борада у Муроддан бениҳоя хурсанд бўлиб, шу болани олиб келган дўстидан ҳам миннатдор эди.
Мурод еттинчи синфда ўқиётган маҳалда Валерий Сергеевич уни Новосибирскдаги турнирга олиб борди. Орада уни бозорга олиб тушди. Қовун, олма сотиб ўтирган ўзбек одамларининг олдидан олиб ўтди. Атайлаб уларнинг олдиларида узоқроқ тўхтаб гапларига қулоқ солди. Кейин уларнинг нима деётганларини секин Муроддан сўраб кўрди. Уларнинг гапларини Мурод тушунибди, лекин “уларга гапира оласанми?” деганди. “Бу тилда гаплаша олмайман”, деб жавоб берди. Тушунади-ю, гаплаша олмайди. Шундан кейин Валерий Сергеевич ўйланиб қолди. Қачон бўлмасин бу бола ўз уйини қўмсайди, укасини излайди. У ўз тилини билиши шарт. Ҳозир тушунар экан, лекин унутмаслиги учун нима қилиш керак. У дам олиш кунларининг бирида дўсти, қариндоши Георгий Николаевичга бу борада маслаҳат солди.
– Ўзбекча тушуняптими?– сўради у.
– Тушуняпти, лекин гаплаша олмайман деяпти. Ўз тилини унутиб юбормасмикин? Кейинчалик мендан тилини унутгани учун дамонгир бўлиб юрмасмикин?
– Сен унинг тилини унутишига йўл қўйма. Бундай болалар тилни тез ўзлаштирадилар ва улар унутмайдилар. Тез-тез вокзалга олиб бор. Бозорларга туш. У ерларда ўзбек одамлар кўп бўлади. Уларнинг гапларини эшитишига қўйиб бер. Шунда тилини унутмайди. Бунинг яна бир йўли бор: қўшиқ одамнинг тилини сақлайди. Қўшиқда айтилган сўз хотирада узоқ сақланади. Сен унга ўзбек қўшиқчиларининг кассетасини қўйиб бериб тур.
– Мен ўзбек қўшиқчилари тугул ўзимизникини тузукроқ билмайман-ку.
– Уларда қўшиқчилар кўп, шоирлар кўп. Шулардан бирининг кассетасини олиб келасан, тамом. Ҳа, айтганча, яқинда Санъат ва Маданият министрлигидаги бир қанча одамлар билан зиёфатда бир қизиқ фактни айтиб қолишди. Оммавийликда СССР бўйича бир ўзбек қўшиқчиси… фамилияси… Джураевми… ҳа… ҳа, аниқ эсимда, Джураев деган йигит биринчи ўринда тураркан. Бизнинг Алла эса иккинчи ўринда эмиш. Уни БАМга жўнатишибди. Вагон устига чиқариб қўйишибди. Нақ етти соат тўхтамай қўшиқ айтибди. Етти соат! Бу бир иш куни дегани. Тасаввур қиляпсанми? Шунда ҳам одамлар кетгани қўйишмасмиш. Ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, грузин, арман, рус, чечен, болқор – ҳаммаси ўша ердамиш. Ана ўшанинг қўшиқларини олиб бер.
– СССР халқ артистими у йигит?
– Бе, у ҳали ўзларида хизмат кўрсатган артист эмас экан.
– Бунчалик мухлиси бор одамга СССР халқ артисти унвонини бериш керак-да, Гриша.
– Министрликдагилар ҳам ўзлари тавсия қилишса беришади-да, Ўзлари тавсия қилишмаганидан кейин…
– Аттанг, бундай талантларни эъзозлашни билмайсизлар,– таъна қилди Валерий Сергеевич.
– Уларни муҳими халқи эъзозлайди. Чамамда, у ердаги раҳбарларга ёқмайди шекилли-да. Бўлмаса, иккита қўшиқ айтганларга ҳам унвонлар беришади дарров.
– Истеъдодли одамлар бировларнинг олдида ялтоқланишни билишмайди. Шунинг учун кўп раҳбарлар уларни ёқтиришмайди.
– Айтмоқчиманки, сен ўша йигитнинг қўшиқларини шахмат билан шуғулланаётганингларда паст овозда қўйиб қўй. Онгига ўз тили сингади.
Шундан кейин Валерий Сергеевич магнитафонни доим уйда паст овозда қўйиб қўядиган бўлди. Баъзан Мурод қўшиқни тинглаб хаёл суриб қоларди. Шунда ундан сўрарди:
– Нима деяпти қўшиқда?
– Тушуняпман, лекин сизга тушунтиролмайман,– дерди Мурод,– У тўйга бормабди. Онаси бор дебди. Бормабди.
Ёки бошқа сафар айтарди: “ Тарихи кўп экан, Чингизхонни ўлдиришибди, юлдузларга чиқишибди, пахта экишибди, дўппи кийишибди”.
Қўшиқни тушунаётган экан, демак, ўз тилини унутмайди. Бу жиҳатдан Валерий Сергеевичнинг кўнгли хотиржам бўлди. Қачонки умри поёнига етганида Муроднинг ўз йўлини топиб кетишига ишончи комил бўлди. Саксон тўққиз ёшида, оламдан ўтар чоғида дўсти Георгий Николаевичдан уни доим паноҳига олишини, ёлғизлатиб қўймаслигини ўтиниб сўради.
– У менинг болам, менинг ворисим деб қабул қилишингни илтимос қиламан.
Георгий Николаевич дўстига иккиланмай ваъда берди. Зеро, Мурод невараси Сашани тўғри йўлдан оғдирмай ортидан эргаштириб кета олишига ишонарди. Мурод унинг учун ҳам керак одам эди.
ХХХ
Асфальт йўлдан келиб ичкари кирган узун кўча. Барча қишлоқ кўчалари каби нотекис ва тупроқли. Кўчанинг чап томонида жойлашган уйларнинг кўпларида ариқ бўйига экилган узумлар уй томонга қараб сўкчакларга тортилган. Баъзи ҳовлилар олдидаги токлар эндигина кўмилган жойларидан очилган бўлиб ҳали кўтаришга улгурилмаган, шундоққина йўлакка ётқизилган кўйи ерда ётарди. Кўчанинг ўнг томонидаги ҳовлилар олдида узум йўқ, деярли барчасининг олдида кичкинагина ариқча ёқасига тераклар экилган. Тўрт-беш қаричли тераклар бир саф бўлиб кишининг ҳавасини келтирадиган кепатада. Ўнг томонга тераклар экилишининг сабаби бу томонга қуёш нури тушмагани бўлса керак, чунки иморатлар соясида ток яхши ҳосил бермайди. Бу кўчанинг охирида кичкинагина пахта қуритиладиган хирмон. Ҳозир бу жой болалар учун ўйин майдони бўлса ажаб эмас. Кўчанинг охирроғида, тўғрироғи, охиридан иккинчи ҳовли ўткинчиларнинг диққатини тортади. Бу ердан ким ўтса, шу ҳовлига қараб ичида ачиниш билан ўтади. Қачонлардир бу ҳовлида ҳам одамлар яшаган, эр далага бориб кечки пайт ҳориб-чарчаб қайтиб келган, хотин ўт юлиб сигир боққан, пахта терган, болаларининг кийимларини ювиб ҳовлидаги симларга осган. Энди эса ҳовли ҳувиллаб ётибди. Бир маҳаллар ариққа ўрнатилган кўприкдан энди иккитагина хода қолибди. Ёғоч дарвозанинг бир томони қийшайиб ерга икки қаричча кириб кетган, қор, ёмғир тегавериб ёғочи ҳам униқиб уқаланиб кетай деб турибди. Дарвозадан уч одимча нарироқда шундоққина ариқ ёқасида ғўзапоя босилган бўлиб чириб битаёзган, деярли чириндига айланган. Ҳовли девори ҳам нураб бўлган, туянинг ўркачидай у ер, бу ери дўмпайиб кўринади. Кўчадан ўтадиган одам ҳовлини бор бўйича кўриши мумкин. Беш-олти туп ўрик шохлаб кетган, токнинг эса сўкчаклари синиб, сўкчакка тортилган симлар билан бир бўлиб буралиб-буралиб ер билан битта бўлиб ётади. Томорқанинг ахволи ҳам шу: ўйдим-чуқур бўлиб ётибди, қўшнилар олиб чиқиб тўкишган бўлса керак, ҳар ер-ҳар ерда ахлат ва кул кўзга ташланади. Ҳовлининг бир бурчида эски уйча, олди икки қадамча айвон. Учта деразаси борлигидан унинг икки хонадан иборатлиги билинади, лекин эшиги биттагина. Дераза ойналари қолмаган, ўрнига тахталар қоқиб ташланган. Бу ҳовлига ўн йил у ёқ-бу ёғида одам қадами тегмаган.
Март қуёшининг оламни мунаввар этувчи, ўрикларга оқ гуллар бағишловчи охирги кунларининг бирида ана шу ҳовли олдига ўша пайтларда русумда бўлган “ГАЗ–24” маркали сариқ такси келиб тўхтади. Машинадан икки ўспирин йигитча тушди. Бири ўн етти-ўн саккизларда, бўйдор, гунгурт қора сочлари патила бўлиб елкасига тушиб турган бўлса ҳам, қора костюм шимда, галстук тақиб ғоят маданий кийинган, иккинчиси эса ундан икки-уч ёш кичиклиги билиниб турибди, устида қора куртка, оёғида крассовка, қўлида каттагина спортчилар сумкаси, юз тузилиши худди ёнидаги шеригининг кичкина нусхасига ўхшайди. Улар тушганларидан кейин шофёр машинани буриб келиш учун маҳалланинг охирига томон жўнаб кетди. Болалар машинадан тушишиб ҳовлига тикилиб қолдилар.
– Мана шу уй, бизнинг уйимиз, шу ерда яшаганмиз,- деди йигитчаларнинг каттаси русчалаб. Кичиги ҳовлига аланглаб қаради. Бирор нарсани эсламоқчидай пешонасини тириштириб ўйланиб қолди. Кейин девор оша ичкарига қаради.
– Ҳеч ким бу ерга кирмайди, шекилли, ҳамма ёқ ахлат бўлиб ётибди,– у акаси каби русча эмас соф ўзбекча гапирарди.
– Ўн йилдан ошиб кетган, шунақа бўлиб кетган-да,- бу сафар акаси ўзбекча жавоб берди. У ўзбек тилида сўзлай оларди-ю, лекин фавқулодда сўз тополмай қолар, шунда рус тилида фикрини баён қилиш унинг учун осонроқ туюларди.
– Ичкарига кирамизми?– сўради ука.
– Кирамиз.
Иккови ариқдан ҳатлаб ўтиб дарвозани бир амаллаб очишди-да, ҳовлига қадам босишди. Ҳовлига киришлари билан тўхтаб қолишди. Атрофни бир қур кўздан кечирганларидан кейин каттаси айвонча томон юрди. Эшикка осилган қулфни кўришиб бир-бирига қарашди.
– Очамизми?– кичиги яна сўради.
– Қара-чи, биронта темир топилармикин?
Ука ҳовли саҳнига тушди. Бироздан кейин қўлида темир қозиқ билан қайтиб келди-да, акасига қаради. Ака индамай унинг қўлидан темирни олди ва қулфнинг ёнига қистириб куч билан пастга босди. Қулф очилмади-ю, лекин эшикнинг зулфи ўпирилиб чиқди. Эски эшик ғийқиллаб очилди. Даҳлизга киришлари билан димоқларига зах ҳиди урилди. Чап томонда яна бир эшик бўлиб бу каттароқ хона эди. Эшик қулфланмаган экан. Ичкари кириб иккови ҳам тўхтаб қолишди. Дераза ёнида битта эски кроват, меҳробда, ўнг томонда жавон, чап томонда сандиқ. Икковининг ҳам устида кўрпа-тўшаклар катта гиламга ўраб йиғиб қўйилган. Хонанинг тўридаги деворда тўртта токча. Токчага териб қўйилган чинни товоқ ва косаларни чанг босиб ётибди. Болаларнинг каттаси секин бориб жавоннинг эшикчасини тортди. Жавон ичи ҳам идишлар билан тўла эди. Тортмани тортган эди, қўлидан тушиб кетиб бир даста сарғайган қоғозлар ерга тушди. Булар бир нечта расмлар бўлиб устки қисмидагилари сарғайиб кетган бўлса ҳам қолганлари рангини йўқотмаганди. Суратларнинг бирини қўлига олган бола уни укасига кўрсатди.
– Булар ота-онамиз, дадамнинг ёнидагиси менман, онамнинг қўлидагиси сенсан.
Кичик бола суратга тикилиб қолди. Расмда ёш эр-хотинлар стулда ёнма-ён ўтиришибди. Эркакнинг ёнида тўрт ёшлар чамасидаги бола, аёлнинг қўлида икки ёшлардаги бола. Ука қўлидаги расмни дераза олдига олиб келди-да қаттиқ тикилди.
– Бу ростдан ҳам менманми, Мурод?– сўради акасидан.
– Ҳа, сенсан. Эслай олмайсан, албатта.
Ука бош чайқади.
– Юр, ташқарига чиқамиз. Бу ерни ҳали тозалаймиз. Суратларни жойига қўйиб қўй. Уларни кейин олиб кетамиз.
Ака-ука сўзсизгина ташқарига чиқишди. Айвонда туришиб атрофни кўздан кечиришаётганди, дарвозадан шофёр кириб келди. Қирқ ёшлар атрофидаги басавлат, мўйловли бу одам кириб келиб икковига бақамти келди.
– Шу ҳовлимиди?
Ҳа,- деди болаларнинг каттаси,– биз тўғри топиб келдик. Сиз ҳалиги… бор-ку, соқолли чоллар ўқийди, нимайди… эскича биласизми?
Шофёр бир қур атрофга аланглаб олди-да, жавоб берди.
– Биламан.
– Бир ўқинг, ака, бир ўқинг, дадам билан онам хурсанд бўлишсин.
Шофёр чўнқайиб ўтирди. Унинг қамтисига иккови бола ўтиришди. Енгилгина тиловат қилиб шофёр дуо қилди:
– Шу ерларда ўтган барча мўмин-мусулмонларга, шулар қаторида шу хонадонда яшаб ўтган барча умидворларига бағишладик.
– Энди улар биздан хурсанд бўлишадими?– сўради Мурод унга умидвор тикилиб.
– Албатта, руҳлари шод бўлишади.
– Бизни кўришяптими?– сўради кичиги.
– Руҳлар ҳамиша уйғоқ бўлади, ука, улар кўриб, билиб туришади. Бу ерда ҳеч кимни танимайсизларми? Қўни-қўшниларни танисанглар керак?
– Кам биламиз. Кўрсак, танисак керак, менинг эсимда бираргилари бор, Умид билмайди,– деди болаларнинг каттаси.
– Суриштиринглар, ука, бу ерда қариндошинглар ҳам бўлиши керак, ахир, қариндош- уруғи бўлмаган одам дунёда йўқ.
– Битта қариндошимизни биламан. Шу тутларнинг тагидан борардик энам билан,– Мурод ҳовли этагидан бошланиб чўзилиб кетган тутқаторни кўрсатди,– тўғрига юриб ўнгга, кейин чапга, кейин тўғрига юрганмиз, у ерга кўп борганмиз. Ўша ёқда катта асфальт йўл бор эди. Ўша йўлнинг бўйида учта акам, битта опам, кейин битта қариндош хотин бор эди. Энам уларни яхши кўрарди. Улар мени ўйнатишарди. Уйларини аниқ билмайман.
– Нариги томонда ҳақиқатдан ҳам асфальт йўл бор-, деди шофёр,- борсанглар, эҳтимол, қариндошларингни топарсизлар.
Унинг гапидан ака-укалар бир-бирларига қарашди. Уларнинг иккиланиб турганларини кўриб шофёр маслаҳат берди.
– Мен машинани сизлар айтган жойга олиб бориб сизларни кутиб тураман. Сизлар шу тутқатор бўйлаб эсингизда қолган жойга чиқиб боринглар. Ўша ерда учрашиб суриштириб кўрамиз.
– Аввал бу ерни тозалайлик. Кейин борамиз,- деди Мурод.
– Унда мен сизларни роппа-роса бир соатдан сўнг ўша ерда кутаман. Унгача озгина ишим бор, шуни битириб қайтаман.
Шофёрнинг гапи икковига ҳам маъқул тушди. У чиқиб кетгандан кейин Мурод укасига юзланди.
– Бу ерни озроқ тозалайлик, қоронғида келиб шу ерда ухлаймиз. Магазиндан ҳамма нарсани олиб келамиз.
У “кечаси” деган сўзни тополмай “қоронғида” деди. Шундан кейин иккови ҳам сумкадан спорт кийимларини олиб кийинишди-да, ишга киришдилар. Ўзларича уйнинг ичини тозалашган бўлдилар: эски супурги топиб олиб супуришди, ўраб қўйилган гиламларни очишиб кўрпа-тўшакларни туширишди, сичқоннинг ҳиди анқиб кетган бу тўшакларни қоқишган бўлишди, токчадаги идишларнинг айримларини ариқдан сув олиб кириб ювишди. Мурод чироқни ёқиб кўрган эди, ёнди. Иккови хонанинг ҳам лампочкаси бус-бутун экан.
– Бунга ўт ёқса бўлармикин?- печкани кўрсатди Умид. Катта хонадаги печка ҳам бутун бўлиб чиқди.
– Ток печка олиб келамиз. Бунга ҳам ўтин топиб қўяйлик.
Қулай деб турган эски бостирма остидан ўтин топишиб бир пасда олам-жаҳон ўтин тайёрладилар. Шундан кейин ариққа чиқиб ювинишиб киришди. Кийимларини алмаштирдилар-да, сумкани уйга жойлашиб ҳовли этагидаги тутқатор бошланган жойга чиқишди.
Кенг далани бир неча майдонларга бўлиб турувчи тутларнинг бир учи келиб шу ҳовлининг этагида тугарди. Ана шу тутларнинг остида ариқчалар бўлиб суғориш учун асосий восита ҳисобланарди. Ҳар баҳор колхозчилар бу ариқчаларни чопишар, атрофидаги ерларни текислашар, чигит экишга тайёрлашарди. Бу йил ҳам шу тутқаторларда одамлар ариқ тозалаш ишларини бошлаб юборишганди. Ер текислаётган бир тўда одамларнинг олдидан салом бериб ўтишаркан, улар бу ташландиқ ҳовлидан чиққан болаларга ҳайрон бўлиб қарашиб ортларидан бир нималарни пичирлашиб қолишди.
– Мана шу тутлар остидан бораверамиз, бир гап бўлар,– деди Мурод.
Умид индамайгина унга эргашиб келарди. Тутларнинг ёнидаги ариқча лаби одам кўп юрганидан ёлғизоёқ йўлакча бўлиб қолган, бемалол оёққа лой илаштирмай юриш мумкин. Аввал тўғри юришиб тутқаторлар келиб бирлашган жойга етишди. Шу ерда Мурод тўхтаб қолди. Тўғрида ҳам, ўнгда ҳам, чапда ҳам тутқатор.
– Қаёққа юрамиз?– сўради Умид.
– Шу ердан, менимча, ўнг томонга юрганмиз. Ҳув, анави ерда тутлар чапга кетади, биз ҳам ўша ёққа кетамиз.
Ярим чақиримча юришгач, тутқатор чап томонга қайрилди. Улар ҳам тутлар остида йўлда давом этдилар. Буралиб-буралиб кетган йўлакчадан икки юз қадамлар юрганларидан кейин тутқатор тугаб, баланд сув минорасининг олдидан чиқиб қолдилар. Уни айланиб ўтгандилар катта шарқираб оқаётган анҳор устидан чиқишди.
– Манови кўприкдан ўтиб тепага бироз юрардик, лекин қайси уй эканлигини билмайман,– елкасини қисди Мурод. Ёғоч кўприкдан ўтишиб ўттиз қадамлар юришгач, Мурод тўхтади.
– Шу атрофда,– деди у русчалаб,– анови сув минорасидан узоқда эмасди. Қишда, сув музлаганда, манови анҳорда мени битта акам чанада роса сирпантирганини эслайман, болалар кўп эди.
– Уйларини тополмайсанми, эслаб кўр.
– Йўлнинг нариги тарафидаги уйларнинг бири, қайсиниси экан – билмайман.
Иккови шу ерда атрофга аланглаб туриб қолишди. Анҳор бўйидаги тераклар баланд-баланд, толлар ҳам кесилмаганидан тераклар билан бўйлашмоқчи бўлгандай тик ўсиб кетган, шохлари одам белидай йўғонликка етишганди. Улардан йигирма қадамлар нарида тўрт хотин сув крани олдида суҳбатлашиб туришар, тез-тез бу икки ўспирин томон қараб қўйишар, чамаси, буларнинг кимлигини ўзларича муҳокама қилишарди. Шу маҳалда такси ҳам етиб келиб қолди.
– Хўш, йигитлар, топдингларми?- машинадан чиқиб сўради шофёр. Мурод унга қараб қўлини икки ёнга ёйди.
– Ҳозир топамиз. Барча ахборот воситалари шу ерда экан-ку, топмай қўямизми,- шофёр аёллар томон юрди. У аёлларга болаларни кўрсатиб бир нималарни тушунтиргач, аёлларнинг ичидан бири, эллик беш ёшлардан ўтинқираганроқ аёл шошиб болалар тарафга югурди. У кела солиб Муродни қучоқлаб олди.
– Муроджоним, айланай, бўйларингдан айланай. Топиб келдингми-а? Топиб келдингми?! Бу Умиджонимми? Укангми? Шу укангми? Жоним болаларим, топиб келдингларми?! Одилжон билан Асила тирилиб келди!
Аёл уввос солиб йиғлар, икковини маҳкам қучоқлаб олган, кўзларидан сел оқарди. Гарчи аёлнинг барча сўзларини тушунмаётган бўлса ҳам, Муроднинг ҳам кўзларидан ёшлар қуйилар, томоғига муштдай бир нарса тиқилган, айни пайтда аёлнинг силаб-сийпашлари унинг ёдига жуда узоқ йиллар ортда қолган, деярли унут бўлаёзган бир нарсаларни чала тарзда эслатди. Бир маҳаллар, болалик чоғларида, уни онаси шундай эркалатган, аёлнинг қўллари онасининг қўлларига ўхшаш ёқимли, бағридан аллақандай сирли ҳамда илиқ тафт уфуриб уни ўзига тортар, кўзларидан томчиларни силқиб чиқишга мажбур қиларди…
– Шунча йиллар қаерларда юрдинглар? Қидирмаган жойимиз қолмади,- аёл Муродни қўйиб Умиднинг, Умидни қўйиб Муроднинг сочларини, юзларини силарди. Бир пайт ўзига келгандай “Вой, бу ерда нима қилиб турибмиз, юринглар уйга, уйга юринглар”- деб икковини елкасидан қучиб тўғридаги дарвоза тарафга бошлади. Уларга шофёр ҳам, сув челаклари эсларидан чиқиб нима гаплигини англамай анграйишиб турган аёллар ҳам эргашишди. Аёл уларни айвондаги сўрига ўтқизди.
– Бу болалар ким Раъно опа?- сўради аёллардан бири.
– Булар Одилжоннинг ўғиллари, болалигида йўқолиб қолишган.
Хотинлар воқеадан хабардор экан, шекилли, бирин-кетин болалар билан елкаларига қоқиб сўрашишди. Фотиҳа қилингандан сўнг шофёр кетишга ҳозирланди.
– Эртага нечада келай?
– Соат тўққизда келинг,- русчалаб жавоб берди Мурод.
Шофёрдан кейин хотинлар ҳам чиқиб кетдилар. Раъно хола шуни кутиб турган экан, икковини ичкари уйга бошлади. Чиройли қилиб безатилган хонага киришгач, кенг қилиб тўшак солди, ўртага дастурхон ёзиб ўзи ул-бул нарса олиб киргани қўшни хонага чиқди.
Ҳозир тандир нон еймиз,- деди секин Мурод.
– Қанақа нон у?
– Катта осилиб турган ўчоққа ўтин ёқиб пиширишади, ҳозир кўрасан.
– Ким ўзи бу хотин, бизга қанақа қариндош бўлади?– сўради Умид.
– Аниғини билмайман. Кампир энам билан бу уйга кўп келганмиз.
Кўп ўтмай Раъно хола катта патнисда нон, қаймоқ ва ҳар хил ширинликлар кўтариб кирди.
– Қани, олинглар, аввал қоринни тўйдирайлик, кейин бафуржа гаплашамиз. Мен ҳозиргина чой ичиб кўчага чиққандим. Манови қаймоқни ҳозиргина тортганман, олинглар. – Икковининг олдига бир пиёладан қаймоқ қўйди, нонни ушатиб чой қуйиб узатди.– Сизлар бемалол чойни ичиб ўтиринглар. Мен Моҳира опангларни айтиб чиқаман, тўртта уй нарида яшайди, иккита боласи бор, каттаси тўрт яшар, кичиги икки яшар. Ундан кейин Турғунбой акангларни чақиртириб келаман. У колхозда трактор минади. Қўшнининг ўғлига айтаман ғир этиб бориб айтиб келади.
Раъно хола чиқиб кетгандан сўнг Мурод бир бурда нонни олди-да, бироз синдириб пиёладаги қаймоққа ботириб оғзига солди. Қаймоқ икковининг ҳам оғзига ёқиб қолди. Ҳаш-паш дегунча нонга ботириб еб қўйишди.
– Ҳаммасини еб қўйдик, ҳеч нарса демасмикин?- сўради ука.
– Йўқ, бу хотин бизнинг қариндошимиз, хурсанд бўлади.
– Қорнимиз тўйди, юр энди ташқарига чиқайлик, яна бизни ёмон кўрмасин бу хотин.
– Ёмон кўрмайди, бизни таниди, энди ёмон кўрмайди. У ҳозир учта акамизни чақириб келади.
– Барибирам, юр, ташқарида турайлик,– уни қистаб қўймади Умид. Иккови ўринларидан туришиб ҳовлига тушдилар. Ток сўкчаги остида туриб нарироқдаги гулга кирган гилос гулларини томоша қила бошладилар.
– Қара, бу дарахт пастдан бошлаб гуллаб борар экан. Меваси ширинмикин?
– Бу гилос. Роса ширин мева, ҳар йили бизни саёҳатга олиб чиқишганда қишлоқда роса маза қилиб еймиз,– жавоб берди Умид.
Дарвозадан йигирма икки-йигирма уч ёшлардаги ўрта бўй аёл кириб келди-да, жилмайиб булар томон юрди. У келибоқ Муроднинг бўйнидан ўзига тортиб бетидан ўпди. Умидни ҳам қучиб туриб йиғлаб юборди.
– Қаёқларда қолиб кетишдинг, дайдилар?– деб ҳиққиллади. Иккови ҳам унга тикилиб туриб қолдилар.
– Мени эслайсанми? Мен Моҳира опангман,– Муродга жавдираб қаради у. Мурод унинг юзига, ёноғининг устидаги холига тикилиб турди-да:
– Сиз… мен… битта товуқни ушлаб тухум бер деб роса қийнадик, кейин… битта чуқурга ташлаб юбордик, бизни кампир энам роса сўкди. Ўша… сизсиз,– деди қийналиб.
– Эсингда бор экан, эсингда бор экан. Ўша опанг менман,– Моҳира унинг бўйнидан қучоқлаб олди, уни қўйиб тағин Умидни ўпди. Учови шундоқ тик оёқда туриб гаплаша бошладилар. Моҳира ҳаш-паш дегунча болалигидаги воқеаларнинг бир қанчасини гапириб ташлади. Буларни табиийки, Умид билмас, Муроднинг ҳам кўплари эсида йўқ эди.
– Турғунбой, Акрам, Илёс акангларни эслайсанми?– сўради у.
Мурод бошини ликкиллатди.
– Нимага қийналиб гапиряпсан? Ўзбекчани яхши билмаяпсан.
– У Москвада яшайди. Ўзбекча кам гаплашади. Лекин бемалол тушунаверади. Сиз гапираверинг,– деди Умид жилмайиб.
– Сен ҳам ўша ерда яшайсанми? Икковинглар бир ердамисизлар?
– Йўқ, мен Тошкентда, болалар уйида яшардим, ҳозир менга Мурод уй олиб берди.
– Бир ўзинг яшайсанми?
– Йўқ, талаба қизлар бор. Баъзида болалар уйига бораман, дўстларим кўп, зерикмайман.
– Ҳа-а,– деди Моҳира чўзиб,– қандай қилиб у ерларга бориб қолдинглар?
– Мен эслай олмайман. Бу йил мени бу топиб келди. Акангман деди. Ўзим ҳам танидим. Менга битта сурат бериб кетганди. Уни тарбиячимиз Зиёда опа сақлаб қўйган экан, ўшандан таниб қолдим.
– Укангни йўқотиб қўйганмидинг, икковингларни бирга бўлсанглар керак деб ўйлабман.
– Мен буни болалар уйига ташлаб кетганимда яхши ақлим йўқ эди. Кейин битта йил олдин уни изладим. Қийналмай топдим. Эсимда эди, касал ётганда дадам менга битта сўм пул берди. “Укангга коржик олиб бер” деди. Пул эски бўлиб кетди. Барибир, уни сақладим. Магазинга кирганимизда магазинчи “пулинг урушдан қолганми, нимага бунча эски?” деди. “Дадам берган, укангга тухумли нон олиб бер” деган, айтганини қиляпман” дедим. Магазинчи ўн битта тухумли нон берди. Биз уни икковимиз едик. Дадамга раҳмат дедик. Ортиб қолди. Болалар уйидаги Умиднинг дўстларига ҳам олиб бордик. Улар ҳам хурсанд бўлиб кетишди. Умиднинг ҳам ортидан одам келди, дейишиб суюнишди.
Моҳира Муроднинг сўзларидан иккови бир-бирини йўқотиб қўйишганини, кейинчалик топишишганини англади. Бунинг тарихи узоқ эканлигини, бирданига сўраб батафсил маълумот ололмаслигини ҳам тушунди. Шунинг учун гапни дарров бошқа ёққа буриб чалғитди. Ўзининг иккита акаси, битта укаси борлигини, каттаси тракторчи, иккинчиси сув хўжалигида ишлаши, укаси эса Тошкентда политехника институтининг учинчи курсида ўқишини айтиб берди.
– Биз қанақа қариндошмиз?– сўради Умид. Унинг саволидан Моҳира кулди.
– Вой, тентаквойим, сенинг даданг билан менинг дадам ака-ука бўлишган. Менинг дадам акаси, сенинг даданг укаси бўлган. Дадам касал бўлиб эрта оламдан ўтган. Дадамдан кейин биз шу ерга, тоғаларимизнинг ёнига кўчиб келганмиз. Аввал ўша уйингларнинг орқасидаги томорқада бизнинг уйимиз бўлган. Сен эсласанг керак,– Муродга юзланди у.
– Сал-пал эслайман. Кичкина акамга битта уста ёғоч самолёт ясаб берган. Кўк рангда эди.
– Тўғри, эсингда бор экан. Тоғам усталарга ясатиб кўк рангга бўятиб берганди. Эсингда қолганини қара. Ўшанда усталар мана шу уйни қуришаётганди.
– Биз уни ҳар куни талашардик. Мен йиғлардим. Кичкина акам бермасди. Онам кичкина акамга чўнтагидан қанд олиб берарди, кейин самолётини берарди. Бир куни сизлар кетиб қолдинглар. Ҳеч ким қолмади. Кампир энам роса йиғлади.
– Ўшанда бу ерга кўчиб келганмиз.
– Эрталаб мен сизларникига кирдим – ҳеч ким йўқ. Роса изладим. Уйнинг ичида битта ўша самолёт ётган экан. Мен уни олдим. Кейин йиғлаб юбордим. Нимага йиғладим – билмайман. Кампир энам ҳам йиғлади.
– Ўша аканг энди Тошкентда ўқияпти. Сени кўп гапиради. Бир куни топилишади дейди доим. Мана энди сизларни кўрса роса суюнади. Олти яшарлигингда кетган эдинглар, роса ўн бир йил бўлибди ўзиям. Бошинглардан нималар ўтди – гапириб берасизларми?
– Жуда кўп. Мен жуда кўп гапиришим керак. Ҳаммасини айтишга вақт етмайди,– деди Мурод.
– Ҳа. Кўп нарсаларни кўрган бўлсанглар керак. Қандай қилиб бу ердан кетиб қолгансизлар. Ахир, холанглар билан тоғанглар олиб кетишганди сизларни. Бир куни йўқолиб қолишди деб бизникига излаб келишди. Сизларни ўшанда ҳамма излаган, лекин топиша олмаган.
– Бизни яна қариндошимиз борми?– сўради Умид.
– Бор. Тоғангиз ва холангиз бор. Ҳув, пастдаги чуқур маҳаллада туришади. Сизларнинг келганларингизни билишиб роса суюнишади.
– Бизни ҳеч ҳам қариндошимиз йўқ. Менга ёлғон айтманг,– қовоғини солди Мурод.
– Ёлғон айтмаяпман, рост. Холанглар билан тоғанглар бор.
– Улар керак эмас. Бизга керак эмас. Мен эслайман. Бизни уришган. Биз уларникидан кетиб қолганмиз.
– Ундай дема. Уят бўлади. Одам ўз қариндошидан кечса гуноҳ бўлади.
– Бўлса бўлар. Бизга керак эмас.
Моҳира бу ерда бир гап борлигини сезиб гапни кавлаштирмади. Гап шу ерга келганда Раъно хола, унинг ортидан қорачагина йигирма етти ёшлардаги йигит шошиб кириб келишди.
– Мана кўр буларни, танирмикинсан? Кап-катта бўлиб кетишибди,– деди Раъно хола.
– Офарин, офарин, келинглар, йигитлар,– Турғунбой қучоғини очиб келди. Муродни қучоқлади-ю, йиғлаб юборди. Умидни қучоғига олганда йиғи ўкирикка айланди. Унга қўшилиб Раъно хола ҳам, Моҳира ҳам йиғлашарди.
– Қани, энди ичкарига киринглар, қолган гапларни ичкарида гаплашамиз,– ўзини босиб олгандан кейин болаларни ичкарига ундади Раъно хола. Олдинма-кейин бўлиб уйга кирдилар.
– Дарров овқатга уннаб юбор,– Моҳирани қистади хола.
– Тўғри бу ерга келиб яхши қилибсизлар. Бизни эслаганинглар яхши бўлибди. Мана энди то тонг отгунча ҳам отамлашиб ўтирамиз.
– Биз ухлагани уйга кетамиз,– деди Мурод,– у ерда ухлаймиз. Дадам билан “онам яхши бўлди” дер экан, шофёр айтди.
– Тўғри айтибди. Сизларнинг келганларингдан арвоҳлари шод бўлади. Лекин эртага кундузи бориб у ерни тартибга келтирасизлар, кейин борасизлар. Бугун шу ерда қоласизлар. Ҳадемай Акрам аканглар ҳам келади. Танишасизлар. Гаплашасизлар.
– Йў-ўқ. У ерга боришимиз керак.
– У ерни супуриб-сидириб, тозалаб, иннайкейин борасизлар. Бу ерда унгача яшаб турасизлар. Қачон мен рухсат берганимда кетасизлар,– деди Раъно хола. Ака-ука бир-бирларига қараб олдилар.
Шу билан Турғунбой уларни гапга солиб чалғитиб юборди. Икковини катта бўлиб бир куни топиб келишларига ишонгани, то шу кунларгача уларни кутиб яшаганларини, бу ерда қариндошлари кўп эканлигини, уларнинг ҳар бири билан танишишлари лозимлигини уқтирди.
– Зўрға топишганимизда бир-биримизнинг дийдоримизга тўймасак уят бўлади. Одамлар гапиришади. Амакилари келган экан уйларига киритишмабди дейишади. Бу бизга жуда уят бўлади,– деди. Унинг гапига иккови эътироз билдиролмай қолдилар. Турғунбой ҳам фаросатликина экан, “қаерда эдинглар?”, қандай қилиб топиб келдинглар?” деб болаларнинг бошини қотирмади. Қайтангга қизиқ-қизиқ гаплардан, ота-оналари ҳақидаги хотиралардан гапириб болаларни чалғитиб ўтирди. У билардики, бу болалар ҳали ўзларига элакишиб кетишлари учун бироз фурсат керак. Ора-чура Раъно хола ҳам унинг гапларига қўшилиб қўяр, болаларнинг атрофида гирдикапалак бўларди. Улар шу ўтирганларича кун ботишга яқин ташқарига чиқишди. Мурод ҳовлининг этаги томон юрмоқчи бўлиб Турғунбойга қаради.
– Боравер, ўша ёқда,– деди Турғунбой. Мурод ҳовли этагига етганда ит эсига тушди-ю, огоҳлантирмагани учун ўзини койиб Муроднинг ортидан юрди. Бунгача Мурод ҳовли этагига етганди. Шу дамда ғўзапоялар ортидан бир ола ит ириллаб чиқди-да, Муродга ўзини отди. “Пощёль!” деди-ю Мурод ўзига ташланган итни қўллари билан итариб юборди. Ит ўша ондаёқ думлаб тушди-да, ангиллаб юборди. Турғунбой ҳайқириб югуриб келди. Лекин уни ҳайратга солиб ит ғинший бошлади. Бошини эгиб олиб ғингшиб яна Муродга томон кела бошлади. Турғунбой уни тош отиб ҳайдади, бироқ ит ортига қайтмай тобора ғингшиб яқинлашаверди.
– Тегма, тегма итга. У танияпти. Тек қўй!– қичқирди Раъно хола.
Турғунбой Муроднинг ёнига келиб турди. Ит эса ғингшиб келиб Муроднинг оёғига тумшуғини суркади, уни искади, думини ликкиллатиб тиззаларига суйкалди.
– Қара, шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, бу қари безори сени таниди.
Мурод итнинг бошига қўлини текизди. Ит эса унинг қўлларини ялади.
– Сен ҳам бери кел,– Умидни чақирди Турғунбой.
Умид келганда ит унинг ҳам оёқларини ҳидлаб кўрди-да, тумшуғини суркади.
Қайтиб келганларидан кейин Раъно хола Муроднинг қўлига бир бурда нон берди.
– Ма, итга бер. Бу кичкина кучуклигида Илёс аканг икковинг қўшниларникидан олиб чиққандинглар. Нуқул қаймоғи олинмаган сутни ўғирлаб шунга ичириб қўярдинглар. Ит вафо… деб шунга айтсалар керак-да.
Ит Муроднинг қўлидан нонни олди, бироқ емасдан гоҳ Муродга, гоҳ Умидга суйкалар, думини гажак қилиб икковининг атрофида айланарди…
Бирор соатга қолмай Акрам ҳам ишдан келди. Барваста, серҳаракат, гапдонгина экан, бир пасда булар билан чиқишиб кетди. Ҳазил-ҳузул билан икковини дарров ўзига эллаштириб олди. Кечқурун эса катта уй одамга тўлиб кетди. Тўшакларни девор томон суришиб жойни кенгайтирдилар. Кирганлар қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар эди. То ярим кечагача гаплашиб ўтирдилар…
Эрталаб кун ёйилиб аллақачон ишга кетадиганлар ишга кетиб бўлганда ҳам иккови уйқуни уриб ётавердилар. Катта дастурхон кўтариб кирган Моҳира уларни уйғотди.
– Ҳой уйқучилар, туринглар энди, пешин бўлай деб қолди-ю, буларнинг ухлашларини қаранглар.
Мурод апил-тапил ўрнидан турди-ю, “шофёр келдими?” деб сўради. Унинг келмагани маълум бўлгач, эринибгина ўрнидан турди ва Умиднинг устидаги кўрпани тортди:
– Тур ўрнингдан.
– Тек қўй, пича ухлаб олай.
– Тур, Умиджон, эрталабда ширгуруч қилиб чиқдим, иссиғида еб олинглар,– Моҳира келиб Умиднинг сочларини эркалаб силади.
Иккови Раъно холанинг қаватида ўтириб ширингуручни маза қилиб туширишди.
– Ҳали соат ўн иккиларда иккови акаларинг келишади. Биз келгунча ҳеч ёққа кетмай туришсин дейишди,– дея уларга уқтирди Раъно хола.
Дастурхонга фотиҳа ўқилувди ҳамки, кўчада машина сигнал чалди.
– Шофёр келди. Биз энди кетамиз. Узоққа кетамиз, акаларимга айтиб қўйинг. Тезда яна келамиз. Уй қурамиз. Бўпти, хола.
– Амма дегин, амма. Болалигингда сенга мени амма дегин, деб ўргатишган. Раҳматли даданг мени опа дерди. Шунинг учун сизларни мени «амма дейишсин» дерди. Сен ҳам мени амма деб тил чиқаргансан, амма дегин.
– Хўп амма. Умид ҳам шунақа десинми?
Раъно хола унинг гапидан кулиб юборди.
– Икковингнинг ҳам аммангман-да. Лекин бугун кетмайсизлар. Зўрға топиб келганингларда қаёққа кетасизлар? Икковинглар Моҳира опанг билан бориб уйингларни у ер-бу ерини супурасизлар. Уйнинг эгалари келганини эл билсин дейман. Турғун аканг келиб даданг билан онангнинг қабрига зиёратга олиб боради. Уларнинг қабри қаерда эканлигини ҳам билмайсизлар, аканг сизларга кўрсатиб қўяди. Бугун ҳам бизникида қоласизлар. Келибоқ кетиб қолсанглар, уят бўлади.
– Дадам билан онамнинг қабрлари узоқдами?
– Йўқ, узоқ эмас, шундоққина йўлнинг бўйидаги катта мозорда.
Иккови бир-бирларига қараб олдилар.
– Майли, қоламиз. Турғун акам тез келадими?
– Аканг келгунча, опанг билан уйларингга бориб келасизлар.
Раъно хола Моҳирага бир нималарни уқтиргач, у чиқиб кетди. Орадан кўп ўтмай тўрт ёшлардаги болани етаклаб қайтиб кирди.
– Қайнонам ҳам тушунган хотин-да, “болаларни олиб бориб уйларини кўрсатиб кел”, деб рухсат берди,– деди. Кейин боласига қараб уқтирди:
– Булар тоғаларинг бўлади, салом бер, Шерзодбек.
Бола буларга бегонасираб қараб турганди, Умиджон уни кўтариб олди.
– Исми Шерзодми бунинг? Жуда чиройли исм экан. Биз танишиб оламиз. Сенга зўр машина олиб берамиз.
– Бипиллоғи бориданми? Ко-ттасиданми?
– Ҳа, коттасидан. Бипиллоғи боридан.
– Менга келсанг, мен ҳам машина олиб бераман,– кулди Мурод.
– Во, машинам иккита бўлади,– Шерзод Умиднинг қучоғидан Муродга интилди. Мурод уни икки қўлида баланд кўтарди.
– Сенга баланд учадиган самолёт олиб бераман.
– Қачон олиб берасиз?
– Мен уйимга бориб келганимда.
– Тезроқ бориб келинг. Ҳозир бориб келинг,– бидирлади Шерзод. Унинг гапидан ҳаммалари кулиб юбордилар.
… Уларни шофёр ҳовлиларига олиб келгандан кейин Мурод унга эрталаб келишини тайинлаб жавоб бериб юборди. Ичкари кирмасларидан олдин Моҳира уларга орқа томондаги ҳовлини кўрсатди.
– Бу бизнинг уйимиз эди. Болалигимиз шу ерда ўтган. Ҳозир бу ерда ҳам ҳеч ким яшамайди. Яқинда Турғун акам шу ерга уй қуради ва кўчиб келади.
Ҳовлига кирганларидан кейин Моҳира уларни ишга солди. Ўзи ҳам енг шимариб ишга киришиб кетди. Иккови хонани ҳам кўрпа-тўшакларини ташқарига ташитиб чиқартирди. Аввал олиб келган ойим супурги билан деворларни сидириб тозалади. Ундан кейин хоналарни тозалаб супурдилар. Моҳира кўрпа-тўшакларни ток новдалари устига, тортилган симларга, деворга ёйиб ташлади. Эски қозонга сув қуйдириб қайнаттирди ва барча идишларни олиб чиқиб қайнатилган сувда ювди. Кун пешинга яқинлашганда катта хонага гилам ташлаб кўрпача ёзди.
– Мана энди бу ерда пича ўтириб дам олсак бўлади. Пича дам олайлик кейин уйга бориб тушлик қиламиз. Акамлар ҳам келиб қолишгандир, эҳтимол. Қабристонга ҳам бориб келишинглар керак.
– Тушликни шу ерда қилаверайлик. Мен ҳамма нарсани олиб келаман. Яқин ўртада магазин борми?
– Мен ҳам бораман магазинга. Менга ўйинчоқ олиб берасиз,– бидирлади шу чоққача улар билан иши бўлмай ўз ҳолича ўйнаб юрган Шерзод.
– Сениям олиб бораман, бўпти,– кулди Умид ва Шерзодни кўтариб олди.
– Шу кўчадан чиқиб ўнгга юрсанг, икки юз қадамча бор. Ана ўша ерда магазин бор. Лекин нима қиласан у ерга бориб? Уйга борамиз тушликка.
– Йўқ. Умид дарров бориб келади, – Мурод укасига қаради. Униси бошини ликкиллатгач, чўнтагидан уч-тўртта ўн сўмлик чиқариб берди.
– Тезроқ келгин.
Умид Шерзодни етаклаб кўчага чиқиб кетди.
Неча йиллардан буён бу ҳовлига ҳеч ким қадам босмаганидан бу ердагиларнинг шарпасини қўни-қўшнилар сезмай қолмадилар. Кўча эшиги ғийқиллаб очилиб, ўрта бўйли, бўлиқ, қовоқлари осилиб тушган, қоп-қора бир киши йўталиб-йўталиб кириб келди. У атрофни бир қур кузатиб чиқди-да, Моҳирага қаради.
– Ким экан бу ерда ғимирсилаётган десам сен экансан-да, Моҳира?
– Келинг, Хидир ака,– деди Моҳира нечундир хушламай. Унинг кирган кишини ёқтирмаганини Мурод сезди.
– Юрибсанми соғ-саломат. Акаларинг ҳам яхшими? Раъно тузукми?
– Ҳаммаси соғ-саломат, худога шукур.
– Бу ерда нима қиляпсан? Бу ким?– у Муродни бошдан оёқ кузатиб чиқди. Боланинг устидаги кийимига аҳамият бериб қаради.
– Бу ерни тозалаяпмиз. Бу Муроджон, Одил акамнинг ўғли, укаси ҳам шу ерда. Танимаяпсизми?
– Э, шунақа демайсанми? Оббо, шунқор-ей, катта бўлиб қолибсан-ку,– Хидир зўрма-зўраки жилмайиш билан Муродга қўл узатди. Лекин Мурод унинг юзидаги сохталикни кўриб турар, бу одам кириб келгандаёқ унга нимагадир ички бир нафрат билан тикилганди. Шунинг учун унинг узатган қўлини олмади-да, юзига беписанд қараб русча гапириб юборди:
– Вы кто такой, я вас незнаю.
– Ие, бунинг ўзбекча билмайдими ҳали? Қаердан топиб келдинг буни?
– Мен топиб келганим йўқ. Ўзлари топиб келишди. Ота уйини топиб келишди. Бизни топишди.
– Яна топишдик дегин. Қайси кавакда экан буларинг шу пайтгача.
– Билмадим, ўзлари ҳали бир нима айтишгани йўқ. Бундоқ бир ёзилиб гаплашишга улгурмадик.
Хидир Муродга беписанд бир қараб қўйди-да:
– Шу исқирт уйда яшашмоқчими?– деб сўради.
– Шунақа бўлса керак. Бу ерга катта уй қурамиз дейишяпти,– дея ачитиб гапирди Моҳира,– отамизнинг ҳовлисини обод қиламиз дейишяпти.
– Обод қилсин, обод қилсин, бир кўрайлик. Қўлларидан келмаса, кейин бир гап қилармиз.
– Всё у вас? Если закончили, уберитесь отсюда,– деди Мурод қовоғини солиб.
– Бунинг мен билан муштлашади, шекилли. Сал тушунтириб қўй. Ҳа… майли, мени кимлигимни кейин ўзи англаб ҳовуридан тушиб қолар.
– Ким билади, ҳовуридан тушадими, йўқми? Ҳар қалай, бу – москвалик. Оғзидагини олдириб қўядиган эмас.
Унинг гапидан Хидир бир бесаранжом бўлиб олди-да сўради:
– Қанақа Москва? Москвада нима қилади?
– Айтишларича, у ерда ҳам, Тошкентда ҳам уйлари бор экан.
Хидирнинг тунд юзи буришиб кетди. Ўзи бирдан ҳушёр тортди. Москвадаки уй-жой қилишибдими, демак, буларда бир гап бор, деб ўйлади у. Булар билан эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак.
– Бугун шу ерда қолишмоқчими ростдан?
– Кечқурун бизникига кетишади. Яна билмадим. Ўзларига қолса, шу ерда тунашмоқчи. Лекин акаларим қўйишмаса керак, барибир, олиб кетишади.
– Ие, сизларникига бориб нима қилишади? Мана, бизникида қолишаверсин. Танишамиз, билишамиз. Зўрға топиб келишибди. Уйларини тиклашга ёрдам берамиз. Йўл-йўриқ кўрсатамиз,– Хидирнинг юзидаги ғайирлик бир пасда муғомбирликка алмашди.
– Булар унашмайди. Ҳеч ким билан гаплашишмоқчи эмас. “Бу ерда бизнинг ҳеч қандай қариндошимиз йўқ”, дейишяпти. Ҳатто хола ва тоғаларини ҳам тан олишмади. Кечқурун ҳам кирган қариндошларимизни унчалик хушлашмади.
– Майли, ўзлари билади. Кейин гаплашиб тил топишиб олармиз.
Хидир Муродга қараганди, у “кетасанми, йўқми?” дегандай ҳалиям қовоғини солиб турганини кўриб бу ерда унга жой йўқлигини англади ва хайр-маъзур қилиб ўтирмасдан чиқиб кетди.
– Нимага унга бунча совуқ муомала қилдинг?– сўради Моҳира.
– Бу одам ямон, явуз одам. Менга ёқмади. Юзи хунук.
– Дарров англадинг-а? Ҳа, бу одам яхши одам эмас. Доим бизнинг ота-онамиз билан уришиб ўтган. Дарров ис олиб кирганини қара.
Иккови ҳали гапларини тугатмаган эдилар ҳамки, эшикдан икки аёл бош суқди. Уларнинг бири ўрта бўй, қорачагина, иккинчиси ундан хийла басавлат оқ сариқдан келган, кўринишидан оғир босиққина.
– Келинглар, келинглар,– Моҳира уларнинг истиқболига юрди.
– Моҳиражон, сенмидинг? Ким экан бу ерда юрган деб ҳайрон бўлиб қарагимиз келди,– деди басавлат хотин.
– Келинг, Ўктам опа, Шакар ая, шу ерни бир тозалаб қўяйлик, деб келгандик.
– Айланай бўйларингдан, юрибсанми? Болаларингни катта қиляпсанми? Раъно опам ҳам юрибдими?
– Ҳамманглар соғ-саломатмисизлар?– қорача хотин ҳам унга қўшилиб сўрашган бўлди.
– Сиз ҳам юрибсизми, болам? Дадангиз, аянгиз соғ-саломат юришибдими?– Ўктам хола Муродга қаради, лекин у бошини силкиб қўйди-ю, индамади.
– Юринглар ичкарига, жой тайёрлаб қўйгандим. Кўрпа-тўшакларни энди қоқиб бўлувдим.
– Қўй, ичкарини. Шу ерда бироз турайлик. Қиш бўйи уйда ўтиравериб диққинафас бўлганмиз, – Ўктам хола унамади.
Улар гаплашиб турган пайтда Мурод нима қилишини билмай икковига тикилганча турарди. Ўктам холанинг чиройли, қоп-қора қошидан кўз узолмай қолди.
– Мен сизни танидим, хола,– деди дабдурустдан,– сиз далада онам билан ишлагансиз. Мен пахта ясайдиган ўтларни юлворганман. Онам уришган. Сиз мени онамга урдирмай орқангизга яширган, тўғрими?
– Ҳай, – деди Ўктам хола,– бу бола ким?
Моҳира кулди.
– Бу Одил акамнинг ўғли.
– Вой, ўлмасам, Муроджонми бу? Вой айланай, бўйларингдан айланай,– Ўктам хола Муроджоннинг бўйнидан ушлаб ўзига тортди, пешонасидан ўпиб елкаларини силади.
– Мен буни сенинг қайноғанг деб ўйлабман. Эсида бор экан онаси раҳматли билан далада ишлаганимиз. Таниганини кўр.
Шакар опа ҳам Муроджон билан қўл бериб кўришди.
– Катта йигит бўлиб қолганини қаранглар,– деди у.
Ўктам хола гапга чечан экан, бир зумда саволларини ҳам қаторлаштириб ташлади. Болани ким топиб келганидан тортиб қаерда яшашигача суриштирди. Унинг саволларига Моҳира тўлиқ жавоб бера олмади.
– Ўзимиз ҳам билмаймиз, буларнинг яшаш шароитларини. Ўзларининг айтишларича, буниси Москвада, кичиги Тошкентда яшашармиш. У ёқда ҳам уйлари бор экан. Кеча дабдурустдан келиб қолишди. Бизникини излаб бориб қолишибди. Онам сув олаётган экан, бир шофёр суриштириб қолибди. Дарров мени чақиртирибди. Кирсам, онамнинг ҳуши бошидан учиб ўтирибди – нима қилишни билмайди.
– Шунча йилдан кейин бирдан пайдо бўлиб қолишганига довдираб қолган-да, бечора,– гап солди Ўктам хола.
– Шуни айтинг,– унга қўшилди Шакар опа.
– Ўзим ҳам кўзларимга ишонмай қолдим, жигар экан, ўпкам тўлиб ҳеч ўзимни босолмайман. Бир йиғи келди, бир йиғи келди,– Моҳиранинг кўзларига ёш тепчиди.
– Албатта йиғлайсан-да, ҳў-ҳу, бу бечораларнинг бошларидан нималар кечдийкин, худога аён. Мурғаклигида бошларига тушган ғам-ташвишни қанақа қилиб енгишди-ю, дардларига кимлар малҳам бўлдийкин?
Ўктам холанинг гапини икковлари ҳам бош силкиб тасдиқладилар. Улар гап устида эканлар ташқарига бир машина келиб тўхтади. Кўп ўтмай эшикдан Умид катта сумкани кўтариб кириб келди. Орқасидан катта ўйинчоқ машинани ғилдиратиб Шерзод пилдираб кирди.
– Ҳий, бунча катта ўйинчоқни нимага олиб бердинг бунга?– деб юборди Моҳира.
– Бундан каттаси йўқ экан. Ҳамма нарсани олиб келдим,– Умид сумкани ерга қўювди, Ўктам хола унинг елкасидан тутди. Ўзига қаратиб кўзида ёш билан пешонасидан ўпди. “Айланайчи, айланай” деб сўраша кетди, елкаларини силаб-сийпалади. Ундан кейин Шакар опа ҳам у билан сўрашди. Иккови аёл бир зум кўз ёши қилиб ҳам олдилар.
Пичадан кейин аёллар чиқиб кетдилар. Моҳира эса Умид олиб келган нарсалардан тушлик тайёрлашга киришди. Зумда бостирма остидаги нураган ўчоқни ғишт, тош қалаб эпақага келтириб эски қозонни осди, ўчоқ ёнига олманинг шохида осилиб турган қадимги мис қумғонни сув тўлдириб қўйди-да олов ёқди…
Тушлик тайёр бўлиши билан ҳовли тарафдан Турғунбой ҳам кириб келди.
– Бу ерга дарров ўрнашиб олибсизлар-ку, ҳатто ўчоқни ҳам тиклаб қўйибсизлар.
– Ҳа, энди қўлдан келганча ҳаракат қилдик,– илжайди Моҳира.
Ҳазил-ҳузул билан таомни едилару Турғунбой икковини қабристонга бориб келишга ундади.
– Тезроқ бориб келайлик. Тракторнинг озгина камчилиги бор, кечгача таъмирлаб қўйишим керак, эртага иш кўп.
У икковини эргаштириб қабристонга жўнади. Моҳира эса шу ерда уларни кутадиган бўлди. Улар чиқиб кетишганидан кейин Моҳиранинг ичини саволлар тимдалай бошлади. Булар қандай қилиб Москваю Тошкентга бориб қолишган? Бошларидан қандай кунлар ўтган? Кимларнинг паноҳида бўлишган? Муроднинг айтишича, ёзгача бу ерга уй қурмоқчилар. Бунча маблағни қаердан олишади, ахир, битта уйни битказиш чакана гапми? У бу саволларнинг тагига етишга қасд қилди. Нима бўлса ҳам у аёл киши-да, бир гапнинг тагига етмагунча ичи ғимирлаб қўймайди. Шунинг учун у болалар келганларидан кейин уларни гапга солиб секин-секин барча гапни тагига етишга қарор қилди. Секин ётиғи билан сўраса, Мурод кечмишини гапириб беришига ишонарди, чунки унинг ўзига алоҳида меҳр билан опа деб қараганини сезиб турибди. Бу болаларнинг назарида ўзларидан бошқа қариндошлари йўқ, шунинг учун фақат уларни тан олиб излаб келишган. Нима қилиб бўлса ҳам бугун ҳам икковини олиб қолишлари керак. Бафуржа ўтириб гаплашишга имконлари бўлади.
Турғунбой иккови болани эргаштириб қабристонга кириб борди. Атрофи пахса девор билан ўралган, ичини қамишлар босиб кетган қабристонда қабрлар оралаб боришар экан, Муроднинг кўнглига бир ваҳима оралаб олди. Бу ерга одамлар кам келиши шундоққина билиниб турарди. Қабрлар устини қамиш, алаф босиб кетгани шундан далолат берарди. Бош томонига кафтдеккина темир ўрнатилиб марҳумнинг исми шарифи ёзилган қабр тепасига келганда Турғунбой чўнқайиб ўтирди. Унга тақлид қилиб болалар ҳам чўккаладилар.
– Бу дадамнинг қабрими?– сўради Умид.
– Йўқ, бу менинг дадамнинг қабри, сенинг, сизларнинг амакинглар. Бу ерда тиловат қилайлик кейин…
Турғунбой енгил тиловат қилди. Дуо қилганларидан кейин қабрнинг оёқ томонидаги қабр устига ўтдилар.
– Бу Одил акамники, – у қабр ёнига чўк тушди,– ака, болаларингиз келишди, сизни йўқлаб келишди. Ака, сиз ҳам, дадам ҳам номард экансизлар. Бизни шунча эрта ташлаб кетасизларми?– у шундай дедию бўғзидан ўкирик отилиб чиқди. Муроднинг ҳам, Умиднинг ҳам кўзлари ёшланди. Мурод қабрнинг устида ўсган майсаларни силади. Нимадандир умидвор бўлгандай Турғунбойга тикилди. Умид гоҳ унисига, гоҳ бунисига мўлтираб Муроднинг пинжига суқилди. Анчадан кейин ўзини босиб олгач, Турғунбой тиловат бошлади. У узоқ дуо қилди.
– Онамнинг қабри қани?– сўради Мурод.
– Мана, мана бу,– Турғунбой ўнг томондаги қабрни кўрсатди,– иккови ёнма-ён қўйилган. У ўша қабр тепасига ўтди. Тиловат қилганидан кейин икковига қаради.
– Мана, ота-онангларнинг қабрини ҳам кўриб олдинглар. Икковингларга шу мерос қолган экан. Энди тез-тез келиб буларни зиёрат қилиб туринглар. Эсдан чиқиб оёқ ости бўлиб кетмасин. Афсус, ёш етим бўлиш бизнинг пешонамизга битилган тақдир экан. Ҳа, майли, бу худодан. Буни тақдир дейдилар.
– Я атамшу за всех. Месть будет очень беспощщадно,– ғижинди Мурод.
– Қабристонда бундай гапларни айтма, гуноҳ бўлади, зинҳор бундай дема. Нима ишлар бўлганини сен эсламайсан ҳам. Ёмоннинг жазосини бандаси беролмайди, уни фақат худо ажрим қилади.
Мурод унинг гапига жавоб бермади, лекин бошини қуйи солди. Унинг кўнглидан кечаётган ғалаёнларни Турғунбой англаб турар, шу маҳалда бу икки болага қандайдир малҳам бўлувчи сўзларни айтгиси келар, аммо тилига биронта сўз келмасди. У ўрнидан туриб бир қўли билан Муродни, бир қўли билан Умидни маҳкам қучди.
– Кетдик болалар, уйда гаплашамиз. Гап кўп.
ХХХ
Болалар келгунча Моҳира уларга нима дейишни, қандай қилиб уларни яна бир-икки кун олиб қолишни чорасини топиб қўйганди. Учови олдинма-кейин бўлиб кириб келганларида у барча ишларни саранжомлаб бўлган, уларни кутиб ўтирарди.
– Мана, бу ерда қилинадиган ишлар қолмади, энди уйга қайтамиз, юринглар, болалар,– деди у. Мурод билан Умид бир-бирларига қарашди. Ахир, улар қандай шароит бўлмасин шу ерда қолмоқчи эдилар-да.
– Биз бугун шу ерда қоламиз, битта ухлаймиз, кундузи бўлганда кетамиз,– деди Мурод.
– Йўқ, йўқ,– деди Турғунбой,– бу ерда қолмайсизлар.
– Бу ерда қолмайсизлар. Бу ерда қолишинглар учун аввал маҳалланинг оқсоқолларини чақириб ис чиқаришинглар керак, дуо олишинглар керак. Таомили шунақа, бўлмаса, ота-онанглар хафа бўлишади. “Ҳеч нарса қилмай кириб ётиб олишди” дейишади. У дунёда ҳозир улар хурсанд бўлиб туришибди. Қўни-қўшниларига “бизнинг болаларимиз бизга ош, нон беришади”, деб туришибди. Бундай қилсанглар уят бўлади. Улар у дунёда уялиб қолишади.– Моҳира болаларга таъсир қиладиган энг нозик гапни айтди. Мурод унинг оғзига тикилиб қолди.
– Нима қилиш керак? Нима у ис?– сўради у.
– Бу ерга катта ўчоқ осилади. Бир қозонга шўрва солинади, бир қозонга палов дамланади. Чоллар кириб қуръон ўқишади. Шуни ис чиқариш дейишади.
– Ҳозир бу ерда биронта маросим қилиб бўлмайди. Уйнинг ахволи бу бўлса…– Турғунбой эътироз қилди.
– Нима қиламиз бўлмаса?– Моҳира унга қаради.
– Кунлар яна бироз исисин. Бу ҳовлини сал эпақага келтирайлик, ана ундан кейин тадбир қилсак бўлар.
– Ана шуни бугун маслаҳатлашиб олайлик дейман-да, ака. Булар бугун бизникида қолишса, шунинг маслаҳатини қилардик.
– Бўлмаса бундай,– Муродга қаради Турғунбой,– кечқурун амманг билан маслаҳат қилайлик. Нима қилиш лозимлигини у айтади, бўптими?
Мурод унинг гапидан тараддудланиб қолди.
– Бу ерни тузатиш керакми?– сўради секин.
– Бунга имконимиз етмайди. Анча маблағ кетади.
– Пулми? Қанча кетади?
– Сал одмироқ қиламан десанг, беш-олти минг керак,– қошини ўйнатиб бошини силкиди Турғунбой,– мана бу уйни бузиб икки хона бўлса ҳам уй солиш керак.
– Юз минг бўлса, неча кунда тузалади.
Турғунбой Муродга қараб анграйиб қолди. Нима деяпти ўзи бу бола, эси жойидами?
– Шунча пулни қаердан топасан, болакай?
– Ўзимда бор. Москвадан олиб келганман. Агар кам бўлса, ҳамма банк беради, чеким ўзимда.
Унинг гапидан Моҳира билан Турғунбой бир-бирларига қараб елка қисдилар.
– Қисқаси, нима қилиш лозимлигини мен ҳам билмай қолдим. Бориб онамдан маслаҳат сўрайлик, бир гап бўлар. Онам нима деса – шу. Кечқурун бафуржа маслаҳат қиламиз. Нима дейсизлар?– Икковига саволомуз тикилди Турғунбой.
– Тўғри, – уни тасдиқлади Моҳира,– онам нима қилишни билади.
Мурод уларнинг фикрига қўшилишни ҳам, қўшилмасликни ҳам билмай индаёлмай қолди. Унинг индамаганини ўзича тушунган Турғунбой ҳамма нарсани йиғиштириб уйга жўнашга қистай бошлади.
ХХХ
Раъно холанинг маслаҳати билан эртасига уйни шу холича тартибга келтирадиган, кичкина қилиб номига маросим қиладиган бўлдилар.
– Каттароғини уй қуриб кўчиб келганларингда ҳам қилаверасизлар. Ҳозирча шуниси кифоя қилади. Эл сизларнинг ота уйингларга келганларингни билса бўлди. Ҳаво очиқ кунга белгиласак, икки соатда ўтказиб оламиз, – уқтирди у. Шу билан ака-укалар яна бир-икки кун шу ерда қоладиган бўлдилар.
Кечқурун икки-уч қўшни ва Раъно холанинг акаси Урайим ака, кичик укаси Ортиғали, синглиси Ойдиной йўқлаб келдилар. Улар кириб ўтирар-ўтирмас Моҳиранинг қайнонаси, куёви катта дастурхонни кўтариб кириб келдилар. Нодирбек ҳам очиққина йигит экан “укаларим келибди” деб қучоқлашиб сўрашди. Анча маҳалгача нон-чой қилиб ўтирдилар. Ҳамма гапга тушиб бир-бирлари билан чақчақлашиб қолган бир пайтда Моҳира Муродни секин айвонга чақирди. Уни тўшакка ўтқазганидан кейин сўради:
– Мана энди, бемалол гаплашсак бўлаверади. Қандай қилиб уйга қайтгинг келди? Қаерларда эдинг?
– Мен Москвада эдим.
– У ерга қандай қилиб бориб қолдинг?
Мурод елка қисди. Икки қўлининг панжаларини бир-бирига кириштириб жағига тияди-да, ўйланиб қолди.
– Бирон нарсани эслайсанми ўзи?
– Сал эслайман. Олдин камроқ билардим, кейин бир куни… кўпроқ эсладим.
– Қандай қилиб? Нимани эсладинг?
– Бу ердан қандай кетганимни. Умидни болалар уйига олиб кетишганини.
– Бир чеккадан гапириб бер.
Мурод бироз тараддудланиб қолди. Уни тайёрланиб олсин дебми, Моҳира уйга кириб бир чойнак чой билан патнисда тузалган нон ва иккита пиёла олиб чиқди. Чойни қайтариб аввал ўзига, кейин Муродга қуйиб узатди.
– Қани бошла. Бир бошдан гапиравер. Чарчасанг мана, болишга ёнбошлаб оласан.– Моҳира унинг ёнига иккита болиш қўйди.– Ҳеч тортинма, менга айтмасанг, кимга айтасан бошингдан ўтганларини. Мен, ахир, сенинг опангман, сирдошингман. Бизнинг орамизда ҳеч қандай сир қолмаслиги керак.
Мурод патнисдаги нонга қараб пича ўйланиб қолди. Кейин эса узуқ-юлуқ қилиб бошидан ўтганларини гапира бошлади.
ХХХ
Унинг ёдида болалигидан бир неча даҳшатли воқеалар қолганди. Энг даҳшатлиси, дала шийпонидаги воқеа. Дадасини бир одам темир билан ургани ва дадасининг бош-кўзи қонга беланиб оқариққа йиқилгани. Онасининг дадасига югуриб кетаётиб шихмолага қоқилиб йиқилгани ҳамда шихмоланинг шихи унинг нақ кўкрагига санчилиб орқасидан ўпириб чиққани, ўша ердаёқ нобуд бўлгани. Ўшанда одамлар ер текислашаётганини у эслайди. Онасининг устига югуриб борган Муродни биров даст кўтариб шийпон томон олиб кетгани, кимдир бировнинг “бола кўрмасин, қўрқади” ( бу гап кейинчалик унинг онгида ўзбек тилида эмас, рус тилига ўгирилиб муҳрланиб қолган) дегани. Онасини кўп одамлар мозорга олиб бориб кўмишганини ҳам эслайди. Дадасини эса касалхонага кўргани борган. Ўшанда дадаси ҳамма ёғи оқ билан ўраб ташланган бўлса ҳам уни кўриб таниган. “Укангни хафа қилмагин, ўғлим, йиғласа, унга коржик олиб бергин”, деб бир сўм пул берган. Шундан кейин у дадасини бошқа кўрмади. Фақат одамлар уни ҳам мозорга олиб бориб кўмганлари ёдида қолган. Кейин уларни холаси олиб кетди. Бир куни укасини тоғаси олиб чиқиб кетди. Ўшанда Умид уч яшар бўлса керак. Мурод холасиникида, Умид тоғасиникида яшай бошлашди. Ё бир ҳафта, ё ўн кун яшашган бўлишса керак. Бир куни холаси унга молнинг олдига поя ташлаб қўйишни тайинлади. Мурод бир боғ пояни судраб олиб кетаётиб сочиб юборди. Шунда холаси “ҳаҳ, бошимга бало бўлмай қолгур, маҳкамроқ ушламайсанми, шундай эркалигинг ота-онангнинг бошини еди” деб қўлидаги ғўзапоя гаврони билан оёғига урганди. Жони ачишган бола изиллаб йиғлаган, бундан жаҳли чиққан хола уни баттар ура бошлаганди. Ўшанда Мурод йиғлаб тоғасиникига қочиб чиққанди. Қарангки, бу ерда ҳам уни кўнгилсизлик кутиб турган экан. Тоғанинг ўзи тенги ўғли билан копток ўйнаб турган Умид уни туртиб йиқитиб юборди. Тоғанинг ўғли ерга қаттиқ йиқилди. Оғзи қонга тўлиб чинқириб йиғлаб юборди. Уларнинг ўйинини кўриб турган тоға икковини ажратиб ўғлини юпатиш ўрнига Умидни икки қўли билан тутди-да, ўғлига: “ қани, лаллаймай сен ҳам бир ур-чи” деди. Ўғли Умидни юз-кўзига чанг солди. Мурод югуриб бориб укасини қучоқлаб олди. Умид акасига талпиниб йиғлай бошлади. Шунда тоға уни қаттиқ сўкди ( нима деб сўкканини ҳозир эслай олмайди). Мурод укасини “юр, бу ердан кетамиз”, деб олиб чиқиб кетди. Улар тоғаникидан чиқишиб тўғри ўзларининг уйлари томон жўнашганди ўшанда. Гарчи уйлари уч-тўрт чақирим нарида бўлса ҳам топиб келишганди. Ўшанда хола “тоғасиникига чиқиб кетди”, деб, тоға “холасиникига чиқиб кетишди”, деб ўйлаб қолаверишган бўлса керак. Шунинг учун ортларидан излаб боришмаган. Улар уйларига тушга яқин етиб келишди. Аммо дарвоза қулф. Ичкарига бир амаллаб киришдию, бироқ ичкари уйга кириша олмадилар. Шу ерда бирор соат ўйнаганларидан кейин кўчага чиқишди. Оч қолганлари учун дўконга боришмоқчи эдилар. Бунинг устига қуёш ботиб ҳовлига қоронғилик туша бошлади. Улар билан доим чиқишмайдиган қўшнининг ўғли уларнинг йўлини тўсиб чиқди. У Муроддан каттароқ эди. Нима бўлиб Мурод иккови ёқалашиб кетишди. Шунда қўшни хотин чиқиб уларни уришди. Умидни бир шапалоқ урганди, унинг бурни қонаб кетди. Шунинг устига нарироқдан бир кичкина бўйли аёл келиб икковини ажратиб олди. Умидни уст-бошини қоқиб, ариқда бурнини ювди. Кўйлагининг этаги билан юзларини артди. Кейин икковини нарироққача кузатиб қўйди. “Булар тоғалариникига кетаяпти”, деб ўйлаган бўлса керак-да. Улар ортларига қайтмоқчи бўлдилар, лекин борган сари қоронғилик тушаётгани учун қайтмадилар. Катта йўлга чиқиб бекатда қаёққа юришни билмай турганларида битта автобус келиб қолди. Мурод укасини қўлидан тортиб автобусга чиқарди.
– Шаҳарга боришасанми? Қаерда тушишни билишасанми?– деб сўраганди шофёр. Мурод бошини ликкиллатган. Шофёр ҳам ортиқча суриштирмай кетаверганди. Улар туман марказига бориб тушганларидан кейин бошқа бир автобусга чиқаётган бир жувонни кўриб Умид “онам автобусга чиқиб кетяпти, шунга чиқаман”, деб турволганди. Ҳалиги аёлнинг ортидан булар ҳам автобусга чиқишган. Ўша аёлнинг юзини кўргандан кейин ҳам Умид унинг ёнидан кетгиси келмай тураверганди. Ярим соатлардан кейин автобус манзилга етганидан сўнг иккови автобусдан тушишиб (бу пайтда қоронғи тушиб қолганди), одамлар кўп кетаётган томонга қараб кетишаверган. Одамлар поездга чиқаётган жойга борганларида Умид “поездга чиқар” деб инжиқлик қилган, бир қизчанинг булочка еяётганини кўриб “менга нон топиб бер”, деб йиғлаган, унинг хархашасини сезган қизчанинг онаси сумкасидан нон олиб берганди. Бу шундоққина вагон эшиги олдида бўлгани учун аёл вагонга чиққанидан кейин вагон назоратчиси ҳам булар шу аёлнинг болалари деб ўйлаганми уларнинг вагонга чиқишларига эътибор бермаганди. Вагонга чиққанларидан кейин ўша қизча билан Умид бирга ўйнаган, вагон йўлагида анча пайтгача югуриб юришганди. Уларни суриштирган аёлга Мурод нимагадир “бизни онам кутиб олади”, деб жавоб берганди ўшанда. Кеч тушгандан кейин Умид ҳам, Мурод ҳам ўша аёл ўтирган жойда, оёқ томонда ўтириб ухлаб қолишганди. Эрталаб поезддан тушганларидан сўнг катта бинога кириб боришган, Умид оч қолгани учун яна йиғлаганди. Ўшанда Мурод вокзал буфетида одамлардан қолган нон, печенье, тухум топиб келиб унинг қорнини тўйдирганди. Кейин шу ердан кетолмай икки-уч кун ўралашиб юрдилар. Кўпинча қўрққанларидан аёллар ўтирган жойдаги ўтирғичларга бориб ухлашганлари эсида. Бу ерда уларнинг қорни тўйиши учун доим шароит бор эди. Одамлар овқатланадиган жойга бориб Мурод пойлаб турарди. Чала ейилган егуликларни укасига келтириб берарди. Бир куни уларни бир тўда болалар ўраб олишди. Уларнинг ичида саккиз-тўққиз ёшлардаги икки нафари бўлиб, қолганлари Мурод тенги, ундан бирор ёш катта болалар эди. Улар аввалдан кузатиб юришган бўлишса керак, бу икковини ўзларига яқин олиб гаплашишди. Маълум бўлдики, бу болалар болалар уйидан қочишган дайди болалар эди. Икковини ҳам ўзларига қўшиб олдилар. Бу болалар билан кундузлари шаҳардаги паркка боришар, қоронғи тушиш арафасида вокзалга қайтардилар. Энг муҳими, бу болалар уларни оч қолдиришмасди. Доим егулик нарса топишар, ҳеч қандай монеъсиз егуликни барчалари баҳам кўрардилар. Кунларнинг бирида болаларга вокзалда бир кекса одам учради. Кутиш залининг бир бурчагида ўтирган бу одам аввал болаларни ёнига чақирди, бегона тилда бир нималарни сўради. Ўшанда унинг кайф эканлигини Мурод сезганди. Унинг тилига тушунмаган Муродга у уч сўм пул бериб буфетни кўрсатганди. Мурод у берган пулни буфетчига олиб бориб берган, узоқдан туриб у одам буфетчига бир нималар дегандан кейин буфетчи унга иккита булочка, тухум, сосиска, икки шиша лимонад берганди. Ўшанда бу одам ҳеч қаёққа жўнаб кетмади. Болалар билан икки кун бирга бўлди. Зерикканидан бўлса керак, бир куни у сумкасидан шахмат олиб ўзи билан ўзи шахмат ўйнаган, Мурод билан Умид унинг ўйинига томоша қилиб ўтиришганди. Шахматни биладиганлари ичларида йўқ экан. Пичадан кейин шахмат ўйнашни Муродга ўргатган. Муроднинг ўйинни тез ўзлаштириб олгани уни ҳайратга солганди. Уч кунда Мурод бемалол тошларни рисоладагидек ўйнатишни ўрганиб олганди ўшанда. Тунларнинг бирида вокзалдаги болалар тумтарақай бўлиб қоча бошладилар. Уларни милиционерлар қувиб юриб ушлаб олишиб аллақаёққа олиб кетишганди. Ўшанда Мурод ҳалиги одам ўтирган скамейканинг ортига яшириниб қутулиб қолган, Умидни эса ушлаб кетишганди. Укасини қаёққа кетганини билолмай юм-юм йиғлаган, ўзини қўярга жой тополмай қолганди. Ўша одам уни юпатиб, овутганди. Эртасига у одам поездга чипта олиб ўзи билан Муродни ҳам олиб кетганди. Шу билан Мурод Москвага бориб қолган, кейинчалик билишича, ўз даврининг машҳур шахматчиси бўлган Валерий Масляковнинг хонадонида қолиб кетганди. Валерий Сергеевич жуда ажойиб инсон эди. У Муродни бошқача бир меҳр билан тарбиялади. Барча ҳужжатларини ўзи тўғрилаган бўлса керак, Муроднинг умрида ҳужжат борасида ҳеч қандай камчилик бўлмади, ҳатто фамилияси ҳам Адилов бўлиб ёзилганди. У Муроддан обдон сўраб-суриштирган бўлса керак-да. Умрининг охирги дамларида у Муродга жуда кўп бора йигирма учинчи июль санасини ҳеч қачон эсидан чиқармаслигини, бу сана ҳали унга керак бўлишини таъкидлади. Ҳа, бу сана Муродга кейинчалик керак бўлди. Мурод шу сана бўйича болалар уйига келтирилган болаларни Тошкентдан суриштирганда асқотди. У Умидни болалар уйидан топди. Ўшанда Валерий Сергеевичнинг заковатига яна бир бор тан берганди. Қачонлардир укасини излашини билган экан-да. У Муродни ўша даврдаги давлат одамларининг болалари ўқийдиган мактабда ўқитди. Хусусий муаллим ёллаб инглиз тилини ўргатди. Уч-тўрт йилда бу тилда бемалол гаплаша оладиган ва ёза оладиган бўлди. Шахматни миридан-сиригача ўргатди. Ўн ёшга етмай Мурод болалар ўртасида мамлакат чемпиони бўлди. Ўшанда Валерий Сергеевичнинг суюнганини кўрсангиз эди. “Сен ҳали буюк шахматчи бўлиб тарихга кирасан. Сенинг олдингда аввалги чемпионларнинг эришган натижалари ҳеч нарса бўлмай қолади”, деганди. Балоғатга етиб паспорт олганда Валерий Сергеевич жуда суюнди. Бир куни уни етаклаб бир нечта идораларга кириб чиқди. Аллақандай қоғозларга қўл қўйдирди. Уйга келганларидан кейин “Мана энди уй сенинг номингга ўтди, менинг сендан бошқа ҳеч кимим йўқ, сен менинг ўғлимсан. Менга бир нарса бўлса, Швецария банкидаги бор маблағим ҳам сеники. Сен уни беҳуда сарфлаб юбормаслигингга ишонаман”, деганди.
– Шунча йил ўтиб ўша одам Умидни суриштирмадими?– сўради Моҳира.
– Биз доим банд бўлардик. Ўқиш, иш, шахмат, тўгараклар. Бунга унинг вақти бўлмаган.
– Қандай қилиб ўзингнинг эсингга келди. Ўша одам ўлгандан кейин эсладингми?
– Ҳа, Валерий Сергеевич менга айтди: “укангни топ, у Тошкентда” Кейин мен яна эсимдан чиқардим. Кейин бир кун мени эсим кирди. Уни эсладим, йиғладим. Ҳамманинг укаси, ота-онаси бор, нимага менда ҳеч ким йўқ дедим. Георгий Николаевичга айтдим. Йигирма учинчи июлда болалар уйига келтирилган болаларни суриштирайлик дедим. У бир кунда топтирди.
– Георгий Николаевичинг ким у?
Мурод кулиб қўйди.
– Уни ҳамма танийди-ку. Министрлар Советининг Раиси-ку, билмайсизми?
– Э, катта одам дегин.
– Котта одам. Мени яхши кўради. Доим “Сашани сен йўлга сол”, дейди, “бирга дарс тайёрла”, дейди. Биз Саша билан мактабда бирга ўқидик, ҳозир университетда ҳам бирга ўқияпмиз. У яхши бола. Фақат безори болалар билан ҳам дўстлари бор эди. Мен уларга борма десам, у менинг гапимга кирарди. Бобосининг гапига ҳам кам кирарди. Шунинг учун бобоси менга уни дўст қилган. Сашанинг дадаси бобосининг гапига кирмай кўп ичган, кейин яхши одам бўлмай қолган. Бобоси Сашани мендан ажраса, дадасига ўхшаб қолади деб қўрққан. Бабушкаси ҳам қўрққан. Кўп мени ўзлариникига олиб кетарди. Ҳозир ҳам мени кўп чақиришади.
– Уйингни, укангни доим ёдингда сақлаган экансан-да.
– Бирарда эсламасдим. Ўзимни қаердан келганимни билмадим. Бир куни вокзалга бордим. У ерда битта одамни, иккита хотинни кўрдим. Хотинлар нон ейишди. Мен нонга қараб онамни эсладим, дадамни эсладим, Умидни эсладим, сизни эсладим, кичкина акамни эсладим. уйимни эсладим. У хотинларнинг гапига қулоқ солдим. Ўзбекча гапиришди. Мен гапироламанми дедим. Кейин уларга қараб гапириб юбордим. Улар тушунишди.
– Ким эди улар?
– Улар менга уйимни топиб беришди. Унгача Умидни топдим.
Моҳира Муроднинг қийналиб-қийналиб гапиришига қарамай барча гапларини ўзича тўлдириб тушуниб олди. Унга қараб кўзларидан дув-дув ёш тўкди. Юраги эзилиб турса ҳам Муродни яна ва яна гапга солишдан тўхтамасди. Муроднинг қандай қилиб уйини топганини эса қуйидаги бобларда келтириб ўтамиз.
ХХХ
Расулжон Муродовни ёз ўрталарида Свердлов номли колхозга раисликка тайинладилар. Қирқ беш ёшларга бориб қолган бу одам жуда серғайрат, билим ва кучга тўла эди. Бироқ унинг колхозга раис бўлиб тайинланиши кутилмаган ҳодиса бўлди. Одатда “отни кечувда алмаштирмайдилар” деганларидай ғўзага ишлов беришнинг айни авжида раиснинг алмаштирилиши ғалати эди. Бунинг замирида нима гаплар борлиги кейин маълум бўлди. Янги йил байрами ўтар-ўтмасдан, яъни раис бўлиб тайинланганига олти о й тўлмасдан колхозни тафтиш босди. Бу тафтишчилар республикадан келишган бўлиб бир ойга қолмай колхознинг бутун соҳасини ағдар-тўнтар қилиб юборишди. Колхознинг ўн йиллик иши кўриб чиқилди. Ўн йил давомида колхозда қандай ишкаллик, қандай камчилик бўлган бўлса, ҳаммаси янги раиснинг бўйнига юкланди. Расулжон Муродов шунда ўзининг қўғирчоқ бўлганини англаб қолди. Аммо ўзини қутқариш учун қўлидан ҳеч нарса келмади. Ҳаш-паш дегунча суд ҳам бўлиб ўтиб уни ўн йилга кесиб юборишди. Бу ноҳақликка чидолмаган хотини Сожида опанинг бормаган жойи қолмади, аммо бирон натижа чиқаролмади. Аёл киши бир ишга қасд қилдими, уни охирига етказмай қўймайди. Эркак киши елкасида тоғ кўтариши мумкиндир, бироқ аёл киши ўша тоғни елкасига чиқармай парчалаб ташлашига шубҳа йўқ. Мартнинг охирларида югур-югур билан ҳеч бир натижа чиқаролмаган Сожида опа бир куни қайноғаси Холматжонни ва қайнисинглиси Гулшодани чақирди. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаётган Холматжонни тезда ўз ҳисобидан таътилга чиқишини ва ўзини Москвага олиб боришини қатъий талаб қилди.
– Ё мени Москвага олиб борасиз, ё акангизни ўзингиз қамоқдан чиқариб келасиз. Бу туҳматни акангизнинг бўйнидан олиб ташламагунча тош чайнайман, ухласам, тиконнинг устида ухлайман. Бор чиқим менинг бўйнимда, гап тамом, мени Москвага олиб борасиз. Министрлар Совети раисининг олдига кириб ҳақиқатни тиклатаман. Шу йўлда ўлсам ўламан, лекин йўлдан қайтмайман.
Ҳолматжон у деб кўрди, бу деб кўрди, барибир, янгасини аҳдидан қайтаролмади. Шунинг учун бор дастмоясини белига тугдию, синглиси ва янгасини олиб Москвага жўнади.
Икки аёлни эргаштириб Кремлга кириб борди. Министрлар Совети раисининг ҳузурига кириш учун навбатда турганларни кўриб учовининг ҳушлари бошларидан учди. Шундоқ бўлса ҳам тушкунликка тушмадилар, сабр билан навбатга ёзилиш учун навбат кутдилар. Навбат келгунча ҳам уч кун ўтди. Шу уч кун ичида Холматжоннинг бўлари бўлди. Югурмаган жойи қолмади. Ҳаммасидан ҳам иккови аёл уни қийнаб юборди. Аввало, тунаш учун жой топилмади, тунайдиган жойлари вокзал биноси бўлиб қолди, қолаверса, иккови ҳам ошхонага киришга унамасдилар. “Овқатига чўчқанинг гўштини қўшишади” дейишиб туришволарди. Қачон қоринлари очқаса, уйдан олиб келган нонларини олдиларига ёзишади-да, Холматжон термосда олиб келган қайноқ сув билан тамадди қилишади. Уларнинг ахволини кўриб Холматжоннинг дардига дард қўшилади, гоҳ жаҳли чиқади, “шу ерга келар эканман, буларни эргаштирмай келавермайманми, мени бўри ермиди”, деб ўкинади. Бунинг устига кунда бориб навбатлари қачон келишини суриштириши керак. Навбатни эълон қиладиган қабулхона ҳам соат тўққиздан аввал ишламайди. Уларга “навбатинглар яна ўн беш кундан кейин келади”, дейишди. Шунда ҳам бор-йўғи ўн минутга рухсат беришар экан, шу ўн минут ичида бор дардларини айтиб олишлари лозим. Борди-ю, ишлари ҳал бўлса, нур устига аъло нур, ишлари ҳал бўлмаса-чи, унда урди худо. Шунча чеккан заҳматлари ҳавога учади. Иккисига ўзича маслаҳат солиб ҳам кўрди. “Уйга қайтайлик-да, навбатимиз яқинлашганда, икки кун олдин самолётда учиб келамиз”. Сожида опа бу гапни эшитишни ҳам истамади. “Жоним чиқиб кетса ҳам шу ерда кутаман, ҳаммасини ҳал қилмагунча бу ердан жилмайман”. Шу тариқа Холматжоннинг иши кун санаш бўлиб қолди. Қачон ўн беш кун ўтади-ю, қачон навбатлари келади.? Москванинг бу совуғида вокзал биносида тунаб юришнинг ҳам ўзи бўлмасди.
Кимки адолат талаб бўлса, юрагида садоқат ва вафо бўлса, парвардигор унинг муродига етказиш учун ҳар турли тасодифларни рўёбга чиқариб қўяверар экан. Бир тасодиф туфайли учовининг муроди бир неча дақиқаларда амалга ошди.
ХХХ
Шу куни Мурод нимагадир ўзини жуда ҳорғин сезди. Эрталаб университетга дарсга борди. Бир пара ўқиганидан кейин мусобақага тайёрланишим керак деб деканга ариза ёзиб чиқди. Унга бир ой рухсат беришди. Соат ўн бирларда негадир оёқлари вокзал томон тортди. Бу ерда нима қилади ўзи ҳам тушунмасди. Бировни кутмаса, бирор ёққа бормаса. Шундай бўлса ҳам, вокзалга бориб одамларни томоша қилгиси келди. Бир пайтлар Валерий Сергеевич айтган гапни эслади. “Ҳаётдан зерикканингда вокзалга бор. У ерда турфа одамларни, турфа тақдирларни кўрасан. Бирини кўриб шукур қиласан, бирини кўриб фикр қиласан. Ҳаётга, яшашга бўлган муҳаббатинг ортади”, деганди у. Бемақсад вокзални кезиб юриб икки аёлни кўриб қолди. Вокзал биносининг супачасида бошларига рўмол ўраган аёллар олдиларига сув ва думалоқ нон қўйиб олиб кавшаниб ўтиришарди. Икковининг ҳам устларида қишлоқи аёллар киядиган пальто, бошларида қалин пихли рўмол. Мурод аввал уларнинг олдиларидан бепарво ўтди. Уч-тўрт қадам юрганидан кейин бир нарса эсига тушгандай ортига қайтиб аёлларга тикилиб қолди. Аёллар бегона тилда гаплашишар, аммо улар гаплашаётган тилни Мурод тушунарди, биларди. Ҳаммадан ҳам уларнинг олдиларидаги нон унинг диққатини тортди – нондан кўзларини ололмай қолди. Унинг онгида болалик хотиралари уйғониб кўнглининг аллақаерлари шу хотинлар томон уни ундайверди. Битта-битта юриб аёлларнинг олдиларига келиб қолганини ҳам сезмай қолди. Икки кўзи нонда эди унинг. Аёллар унга ғалати хавотир билан қараб турганларини сезиб қолганида, уларнинг шундоққина устларида турарди. Шу дамда унинг кўнглида гапира оламанми, йўқми деган иккиланиш пайдо бўлди. Ортига қайтолмасди энди, бу аёлларни қўрқитмаслик учун ҳам ҳозир бир нима дейиши керак, аммо нима десин? Ўзини бир амаллаб қўлга олди-ю, унга тикилиб турган ўнг томондаги аёлга қараб қийналиб гапирди:
– Опа-а… Мумкин бўлса… нўн бери-инг.
Шу ондаёқ унинг шууридан “ҳайрият гапира олдим” деган фикр ўтди.
– Ҳай, айланай, укажон, мана, мана олинг,– ҳалиги аёл унга бир бурда нон узатди. Мурод нонни олди-ю, оғзига яқин олиб борди, лекин уни ҳидлади. Оҳ, нақадар таниш, нақадар қадрдон, нақадар ширин, нақадар яқин ҳид бу. Бу, ахир, онасининг ҳидлари, уйининг ҳидлари, дадасининг ҳидлари. Мана, онаси тандирдан нон узди, унга иссиққина кулча узатди. У кулчани олди, қўллари куйиб у қўлидан бу қўлига отиб ҳовлидаги ариқча томон югурди. Ариқчага ташлаб оқизоқ қилиб ейди…
Ўзи билмаган ҳолда нонни майда чайнаб аёллардан узоқлашди… Эртасига яна оёқлар вокзал томон торта бошлади. Айланиб юриб яна ўша аёлларни излади. Ҳайрият, улар кетиб қолишмабди. Тағин кечаги жойда ўтиришарди. Фақат кечагидай олдиларида нон йўқ. У яна шу аёлларнинг олдига бориб қолди. Уларга тикилиб индамай тураверди. Аёллар унга тикилдилар. Мурод нима дейишни билмади. Аслида уларга бир нарсаларни айтмоқчи, уларнинг ким эканлигини, қаерлик эканликларини сўрамоқчи эди. Аммо оғзидан бошқа гап чиқди:
– Опа, нўн бери-инг.
– Бўпти, укажон, мана… ҳозир,– аёлларнинг бири ёнидаги катта сумкасини титиб унга бир бурдагина, кечагидан кичикроқ нон бўлагини узатди. Мурод нонни олди-да, икки кафти билан беркитиб димоғига олиб бориб ҳидлади. Шу дамда унга нимадир бўлди. Ўз-ўзидан кўзларидан дувиллаб ёшлар оқиб туша бошлади. У уялганидан тез-тез юриб кетиб қолди.
ХХХ
– Тавба, ғалатироқ бола экан,– деди Гулшода.
– Ҳа, ғалатироқ. Шу ерда ўқийдиган талабамикин десам – ўхшамайди. Тиламчими, дайдими, кийимлари ҳам алламбало, сочларини қаранг, нақ елкасига тушиб турибди, шу совуқда бошяланг юрганини қаранг,– унга қўшилди Сожида опа. Холматжон уларнинг гапларига кулди. Чунки у улардан сал нарида болани кузатиб турганди.
– Йўқ, билмадинглар, – деди Холматжон бу бола тиламчи эмас, устидаги кийимлари чет эл модаси. Бунақасини анча-мунча одамнинг боласи киймайди. У очликдан нон сўрамади. Мен уни кузатиб тургандим. У кеча роса нонга тикилиб туриб бир нималарни ўйлаганди, бугун эса нонни олиб емади, ҳидлади. Ҳидлаб туриб йиғлаб юборди. Чамамда, уялиб кетганидан кетиб қолди. Нима бўлганда ҳам у нонга зор эмас. У сизлар билан гаплашмоқчи бўлди-ю, гаплашолмади.
– Тавба, сафарга чиқсанг, хўп ғалати одамларни учратар экансан-да,– ҳўрсинди Гулшода.
– Бу бола мени ўйлантириб қўйди,– деди Холматжон.
ХХХ
Мурод шу кеча ухлай олмади. Ўзини дунёдаги энг ғариб одам сезди. Ҳеч кими йўқ. Шу катта уйда бир ўзи яшайди. Тўғри, ҳеч нарсадан камчилиги йўқ. Ўзига яраша дўстлари ҳам бор. Мана Саша билан жуда қадрдон. Унинг оиласидагилар ҳам уни ўз фарзандларидек кўришади. Кунда кунора чақиришиб туришади. Баъзи кунлари уйларида ёки бўлмасам, дала ҳовлиларида тунаб ҳам қолади. Айниқса, унинг бобоси Георгий Николаевич Муродни шундай яхши кўрадики, қўяверасиз. Саша Мурод билан қанча кўп бирга бўлса, у шунча суюнади. Сашанинг ўз кучи билан университетга киришига ҳам Муродни сабабчи деб билади. Мурод уни ўқишга, илм олишга ўргатган деб ҳисоблайди. Георгий Николаевичнинг дала ҳовлисига дам олиш кунлари жуда кўп меҳмон келади. Шундай кунларда у Мурод билан Сашани ёнидан қўймайди. Аслзода одамлар билан уларни таништиради. Бу Муродга ҳам ёқади. Саша ҳам бунақа ўтиришларда иштирок этишга қаршилик қилмайди. Георгий Николаевич икковининг ҳам киборлар билан муомала қила олишларини кўриб бир қувончига минг қувонч қўшилади. Бу одамлар билан доим алоқада бўлишларини таъкидлайди. Баъзи кунларида Саша иккови бобосининг иш кабинетига ҳам кириб боришади. Уларни ичкарига ўтказиб юборишаверади, чунки Кремлнинг соқчиларидан тортиб, катта амалдорларигача уларни танишади. Георгий Николаевичга бу албатта ёқади. Набираси кибор жамият билан яқин алоқада бўлиб уларнинг кўз ўнгида ўсса, кейинчалик Кремлда ўз ўрнига эга бўлиши қийин кечмайди. Бу масалаларга аллақачон Муроднинг ақли ета бошлаганди. Чунки у болалигидан ҳар қандай ҳодиса ҳақида фикрлашни, ўйлашни ўрганганди. Буни унга Валерий Сергеевич сингдирганди…
Ана шундай ўйлар билан тонгга яқин у ухлаб қолди. Маза қилиб шундай ширин ухладики, қуёш кўтарилиб юзларига ойна тутгандагина кўзини очди. Жуда ғалати туш кўрибди. Кроватида ўтириб кўрган тушини эслади. Тушига соқоллари узун чол кирибди. У Валерий Сергеевичмикин деса унга ўхшамасмиш. “Тур, уйғон, қишлоққа, уйингга бор”, дермиш у чол. “Менинг қишлоқда уйим йўқ” деса, “Йўқ, сенинг қишлоқда уйинг бор, у ерда даданг, онанг бор, укангни олиб бор” дермиш. “Қандай топаман, мен у ерга боришни билмайман” дебди. “Мен сенга қандай боришни ўргатаман” дермиш чол.
У ўйланиб ўтирди-ўтирди, ниҳоят, бир қарорга келгандан кейин ўзининг қароридан кўнгли тўлиб шаҳд билан ўрнидан турди. Шу куни у Георгий Николаевичнинг олдига боришни қасд қилди.
Нонушта қилиб ўтириб бир неча шахмат этюдларини кўриб чиқди. Бир соатлардан кейин кийиниб кўчага чиқди-да, тўғри Кремль сари йўл олди. Пастдаги қабулхонадан туриб Георгий Николаевичга қўнғироқ қилди. Котиба унинг овозини таниб ҳеч монеъликсиз телефонни улаб берди.
– Ҳа, Мурод тинчликми? Нега бу пайтда телефон қиляпсан?– сўради Георгий Николаевич.
– Шахсий ва муҳим ишим бор, агар ҳозир қабул қила олсангиз олдингизга чиқмоқчийдим.
– Чиқ. Бемалол чиқавер. Мен пастга ҳозир телефон қиламан, сенга рухсатнома ёзиб беришади.
У тепага тез чиқиб борди.
– Бунча муҳим ишинг чиқиб қолди. Чамамда, менинг давлатга молик ишимдан ҳам муҳимроққа ўхшайди. Қани, тезроқ гапир, бугун ҳузуримга кирмоқчи бўлганлар кўп, кўп нарсага улгуришим керак,– Георгий Николаевич гапириб келиб унинг елкасидан қучиб олиб бориб стулга ўтқаздирди.
– Мен укамни эслайман. Уни топишим керак. У Тошкентда, болалар уйига олиб кетишган. Фақат қайси болалар уйида эканлигини билмайман. Лекин аниқ биламанки, у йигирма учинчи июль куни болалар уйига топширилган. Исми ҳам эсимда. Унинг исми Умид эди. Эҳтимол, ҳозир бошқачадир.
– Шуми?– виқор билан сўради Георгий Николаевич.
– Барча муаммом шу. Сизнинг ёрдамингиз керак.
– Буни қачон ҳал қилишимиз лозим?
– Иложи бўлса, бугун.
– Уканг ҳақида яна қанақа маълумотни биласан?
– Бор-йўғи шуни биламан.
– Яхши. Сен уйингга боравер мен ҳозир Тошкентга телефон қиламан, барча линиялар бўйича укангни қидиртираман. Кечқурун гаплашамиз.
– Раҳмат сизга, Георгий Николаевич.
– Бўлди, сенга рухсат, кетавер.
Мурод унга яна бир қайта раҳмат айтиб ўрнидан турди. Эшик олдига етганда Георгий Николаевич уни чақирди.
– Сашанинг ўқишлари қалай? Ундан доим кўз-қулоқ бўлиб тур.
– Мен доим у билан биргаман,– жавоб берди Мурод. Георгий Николаевич унга мулойим жилмайиб қаради. Бу унинг ҳам миннатдорчилиги, ҳам “кетавер” дегани эди. Мурод бошини хиёл эгиб қўйиб эшикка йўналди.
Шу кун унинг учун энг узоқ чўзилган кун бўлди. Гарчи ўйналган партияларини таҳлил қилиб ўтирса-да, бутун фикри хаёли телефонда бўлди. Тушликка борганда уйини йиғиштириб кетувчи хизматкор аёл, Вера хола келди. Эллик ёшлардаги бу аёлни Валерий Сергеевич қачонлардир ёллаган, бу аёл унинг оиласига қадрдон эди. Бу уйга меҳри бошқача бўлиб, бу ердаги ҳар нарса унинг учун қадрдон бўлиб кетганди. Мурод болалигида бу аёл билан соатлаб гаплашиб ўтирар, баъзан у билан шаҳар айланишга ҳам чиқарди. Муродни бир неча марта шаҳар ташқарисига ҳам олиб чиққан, болалари билан ҳам таништирган эди. Кўпинча ёзги таътил кунларида Мурод унинг уйига бориб болалари билан ўйнаб ҳам келарди. Валерий Сергеевичнинг вафотидан кейин Мурод ҳеч нарсани ўзгартирмади. Одатдагидек Вера хола ҳафтада уч кун тушлик пайтида келиб ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб, ярқиратиб кетади. Рўзғор учун керакли нарсаларнинг рўйхатини тузиб беради. Мурод унинг ҳақини ортиғи билан тўлар, нимаики камчилиги бўлса, ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Вера хола ҳам уни ўз боласидек кўриб қолганди. Муродга бу аёлнинг кириб келиши айни муддао бўлди.
– Вера хола,– деди у,– ҳеч менинг кимлигимни ўйлаб кўрганмисиз?
– Сен менинг боламсан, Валерий Сергеевичнинг боласисан. Шуни биламан, холос, болакай.
– Мен рус эмасман. Менинг узоқларда ўзимнинг уйим, укам бор.
– Билмадим, бу ҳақда ҳеч айтмагансан.
– Бугун ғалати туш кўрдим. Мени бир чол “уйингга бор, укангни топ”, деди.
Вера хола қўлидаги супургини қўйиб стулга ўтирди. Муродга пича тикилиб турди-да:
– Ўзи ота-онангни эслайсанми, уканг ҳам бормиди?– деб сўради.
– Ота-онамни ўлиб кетишганини биламан, укамни ҳам яхши эслайман. Фақат уни ҳозир қаерда эканлигини билмайман. Менимча, у Тошкентда.
– Болам, истаган жойга бориб қидиришга имконинг бор. Укангни топ, топ укангни. Бу ерга келганингда ҳали мактабга кирмагандинг, демак, уканг сендан икки ёш кичик бўлса ҳам, тўрт ёшда бўлган. У ҳам сени эслайди. Тусингни ёдидан чиқарган бўлса ҳам, эслайди. Сен уни топ, қидирув эълон қилдир. Астойдил изласанг, бир ҳафтага қолмай топасан. Қанча газеталар бор, шуларга эълон бер.
Муроднинг кўнгли кўтарилиб юзи ёришди.
– Раҳмат сизга, Вера хола, сиз доим менга меҳрибон бўлгансиз. Сиздан бошқа бирон нарса сўрайдиган одамим йўқ ҳозир, раҳмат.
– Шундай қил, болам, тек ўтирма, қидир – топасан.
Вера холанинг далдаси Муродга қанот берди. У кетгандан кейин кайфияти кўтарилиб кетди. Ўзича минғирлаб қўшиқ айтиб ўтириб фикрлай бошлади. Тўсатдан эсига вокзалдаги аёллар тушди. Яна кўнглига нимадир ғашлик тушгандай бўлди. Бир кўнгли ҳозироқ вокзалга жўнамоқчи бўлди-ю, Георгий Николаевичнинг телефон қилиб қолишидан умидвор бўлиб фикридан қайтди…
Соат тўртларга яқинлашганда бурчакдаги телефон жиринглади. Одатдагидай эмас, узун гудок бериб жиринглади. Бу ҳукумат идорасидан қўнғироқ қилинаётганининг белгиси эди. Мурод шошиб гўшакни кўтарди. Кутганидай Георгий Николаевич.
– Алло, Мурод! Суюнчингни тайёрлаб қўявер. Катта ўтиришга тушадиган бўлдинг. Укангни топдик.
– Алло, Георгий Николаевич…,– Мурод у ёғига гапиролмай қолди.
– Кечқурун кел. Бирга нишонлаймиз. Арман коньягидан олиб келасанми, ё ўзим тайёрлаб қўяйми?
– Ўзим… ўзим… Ўзим, Георгий Николаевич.
– Саккиз юлдузлигидан бўлсин, тополмасанг, беш юлдузлиги ҳам бўлаверади. Мен дала ҳовлига кетяпман. Саша аллақачон ўша ерда бўлса керак. Ҳозироқ жўнасанг ҳам бўлади.
– Хўп, мен йўлга тушяпман.
– Омон бўл.
Мурод гўё кеч қолаётгандай уйдан отилиб чиқди. Тўғри арман савдогарлари савдо қиладиган чайқов бозорига йўл олди. У ерда сўраб- суриштириб зўрға икки шиша коньяк топди. Ўзи ҳеч қачон ичмаган бўлса ҳам, бу шаробнинг ноёблигини биларди. Чайқов бозорга келиб тўғри қилганини, бошқа жойдан буни топиб бўлмаслигини англади. Сашага телефон қилди. Гўшакни уй хизматкори олди. Сашанинг спорт кийимида уйдан чиқиб кетганини айтди. Демак, дала ҳовлига кетибди. У дала ҳовлига доим спорт кийимида боради. Георгий Николаевич Сашани деярли кунора дала ҳовлига чақириб оладиган одати бор. Отасидан узоқроқ бўлсин, ундан ибрат олмасин дейди-да. Мурод машина кира қилди-ю, дала ҳовлига жўнади. Унинг борганидан Саша ҳайрон бўлмади.
– Дед сени ҳам бу ерга чақирдими? Ўзим ҳам сезгандим. Бугун унинг кайфияти бошқачароқ. Йигитлари ана, бир нарсани тайёрлашяпти. Зиёфат қилади, шекилли?
Саша ҳовлидаги ўтин, кабоб кўрани тайёрлашаётган уч йигитга ишора қилди.
– Шунақа бўлса керак. Хўш, нима қилдик?
– Кириб ўтирамиз. Дедни кутамиз, юр,– Саша уни ичкари бошлади.
Георгий Николаевичнинг ҳеч қанақа меҳмонлари йўқ экан. Кеч соат ўнлардагина кириб келди. Иккови билан чақчақлашиб ўтирди. Ўқишларини суриштирди. Йигитлар тайёрлаган кабобни олиб келишлари билан Муродга қаради. У бориб музлатгичдан дарров коньякни олиб келди.
– Буни бу ёққа бер. Сизларга ҳали ичиш тугул буни очишга ҳам рухсат йўқ. Ўзим очаман. Мендан ибрат олманглар. Ғоят чарчаганимдан фақат юзта оламан, холос.
Кабобни иштаҳа билан туширганларидан кейин Георгий Николаевич очилиб кетди. Бошидан кечирган қизиқ-қизиқ воқеаларни гапириб икковини кулдирди. Тун яримлаб қолган пайтда Муродга юзланди:
– Ёзиб ол, хоҳласанг, қоғозга, хоҳласанг каллангга. Тошкент шаҳри ўн еттинчи болалар уйи. Шу ерга сен айтган санада беш нафар бола келтирилган. Уларнинг тўрт нафари аввал болалар уйининг тарбияланувчилари бўлган, биттаси эса уларга янги қўшилган. Менимча, ана шу бола сенинг уканг бўлиши мумкин. Улар ҳужжатлар бўйича вокзалдан ушлаб борилган. Ҳозирги кунда ўша болаларнинг учтаси Ленинграддаги индустриал техникумда, биттаси Тошкентдаги Бенков номидаги санъат билим юртида ўқийди. Бир нафари ўша болалар уйида саккизинчи синфда ўқийди. Бу ёғини ўзинг эпларсан?
– Раҳмат, Георгий Николаевич. Ўша болаларнинг энг кичиги менинг укам эди, шекилли. Демак, болалар уйида қолган бола менинг укам.
– Фикрлашинг чакки эмас. Қидириб борасанми, ёки шу ерга чақиртирайликми?
– Ҳали аниқ эмас-ку. Аниқ укам эканлигини билиш учун ўзим бориб келсам дегандим.
– Ихтиёринг. Бешовини ҳам чақиртиринг десанг, битта қўнғироқ етарли.
– Ўзим бориб келаман,– деди Мурод.
– Майли. Ўзбекистонни бир айланиб ҳам келасан. У ерда сенинг мухлисларинг ҳам бўлса керак. Қачон жўнайсан? Ёрдам керакми?
– Менга энг катта ёрдамни бердингиз.
– Фақат ҳозир ёрдам бердимми?– ҳазил қилиб жилмайди Георгий Николаевич.
– Бир умр ёрдам бердингиз. Бундан кейин ҳам ёрдамингиздан умидворман.
– Баракалла. Сенинг шу одобингни ёқтираман. Хўш, энди, болалар, гапни шу ерда тўхтатсак, мен дам оламан. Сизлар ҳам дам олинглар. – Георгий Николаевич икки қўли билан “гап тамом” дегандай ишора қилди-да, ўрнидан турди. Мурод билан Саша унинг ҳурмати учун ўринларидан туриб кузатиб қўйдилар.
– Эртага дарсга улгурармикинман? Ухлаб қолмасмикинман?– деди Саша.
– Шофёрга айтасан, бобонг ўрнидан тургунча сени олиб бориб қўяди.
– Тўғри айтасан.
Икки ўртоқ иккинчи қаватдаги ётоқхонага кирдилару ўзларини кроватга ташладилар. Зум ўтмай Саша ухлаб қолди. Муроднинг эса кўзидан уйқу қочди. Ички бир зориқиш билан укасини ўйлади. “Ишқилиб, болалар уйидаги бола укам бўлиб чиқсин-да. Мени танирмикин? Бўйлари ўсиб катта бўлиб кетгандир? Бошидан не савдолар ўтдийкин? Ўшанда кичкиналигида мендан айрилганидан кейин роса йиғлагандир. Бориб унга нима дейман? “Нимага ташлаб кетдинг?” деса, нима деб жавоб бераман? “Шунча йиллар нега қидирмадинг?” деса-чи? Унинг бошида саволлар ғужғон ўйнай бошлади. Кейин-кейин бу саволлар ширин хаёлларга айланиб укасини топгандай ҳузурбахш бир ҳисга чулғанди…
Эрталаб ўрнидан турганда ҳамма ўз ишига кетган, дала ҳовлида фақат уй хизматкорлари қолганди. Саша уни уйғотмай жўнаворибди. Университетдан мусобақага рухсат берилганини биларди-да, шунинг учун уйғотгани кўзи қиймаган бўлса керак. Бу ердаги хизматкорлар ҳам унинг тез-тез бу ерда ётиб қолишини, кечроқ туришини билишарди. Ўрнидан туриб ювинаётганда ўрта ёшлардаги аёл нонуштага нима тайёрлаб беришни сўради. Мурод унга назокат билан ташаккур айтиб ҳеч нарса керак эмаслигини ҳозир кетишини айтди. Хизматкор аёлга ҳам бу ёқди, шекилли, бир жилмайиб қўйиш билан кифояланди.
Ташқарига чиққанидан кейин соатига қараса, ўн бирга яқинлашибди. Катта йўлгача беш юз қадамлар юриб чиқиб боргандан кейин ҳам такси тўхтатишга шошмади. Фикрларини жамлаб олиш учун пиёда ўй суриб кетаверди. Яна вокзалга боргиси, ўша аёлларни кўргиси келаверди. Бир томондан бегона одамларнинг олдига боришдан истиҳола қилса, иккинчи томондан ички бир туйғу тинмасдан ўша тарафга тотрқиларди. Бу истак шундай кучли эдики, Мурод ундан воз кечишнинг уддасидан чиқолмай қолганди. Таксига ўтиргандан кейин оғзидан беихтиёр “вокзалга” деган сўз чиқди-ю, шу ондаёқ кўнглига хавотир тушди. Хўш, вокзалга борди ҳам, кейинчи, кейин нима бўлади? Ўша аёллар кетиб қолишган бўлса-чи, ёки “бизда нима ишинг бор, бунча бизга ўралашасан?” дейишса-чи?
Вокзалга етиб келгандан кейин ҳалиги аёлларни учратган тарафга истар-истамас йўл олди. Ўша жойга етиб келгандан сўнг икки томонга эловраб қолди. Аёллар йўқ эди. Аттанг, кетиб қолишибди. Бундан унинг кўнгли хижил бўлди. Кутган нарсасига эришолмай қолган кишидай аъзойи бадани бир бўшашиб олди. Нимагадир иккиланиб вокзал ичига кирди. Худди чипта учун келгандай касса олдига борди. Навбатда турганларни бироз кузатди. Шу ерда туриб-туриб ортига қайтди. Бино ичида ўтирганларни оралаб ўта бошлади. Руҳи сўник, кайфияти тушкун тарзда одамларни оралаб келар экан юриб келаётган қаторнинг нариги тарафидан қулоғига таниш, айни дамда ўзи излаётган овоз чалинди. Кимдир “Матжон” дедими, “Атжон” дедими, бировни чақирди. У ярқ этиб ўша томонга қаради. Ўртадаги қаторда кечаги аёллар. Бири ўтирибди, бири тик туриб олиб нарироқдаги бир йигитга бир нарсалар деяпти. Муроднинг юраги ҳаприқиб кетди. У ёққа боргиси келди, лекин нимадир бунга монеълик қиларди. Бир қанча муддат ўша томон тикилиб туриб қолди. Сўнг оёқлари ўз-ўзидан ўша тарафга кета бошлади. У айланиб ўтиб ўша икки аёл ўтирган курсиларнинг рўпарасига келиб қолди. Худди шу дамда ортидан йигирма етти ёшлар чамасидаги бир йигит келиб тўхтади ва аёлларга қайноқ сув яна ўн минутлардан кейин бўлишини айтди. Мурод унинг гапини тушунди. Бу унга, у бунга қаради. Иккови бир-бирларига тикилиб қолдилар. Шунда аёлларнинг каттароғи “Бу укамга нон керак бўлса керак”, деди. Иккинчиси: ”нонимиз озроқ қолди-да”, деди. Мурод икковининг ҳам гапини тушунди. Аёлларнинг каттаси сумкасини титкилаб бир бурда нон олди ва Муродга узатди. Мурод аёлнинг қўлидаги нонга термулиб туриб қолди. Бундан икки аёл ўнғайсизланди, шекилли, бири йигитга қараб: ”бу болага нондан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ”, деб тушунтириб қўйинг”, деди. Шунда Мурод аёлнинг қўлидан нонни олди ва яна уларга термулди. Бу аёлларнинг нимасидир унга қадрдон, нимасидир жуда таниш, нимасидир уни ўзига тортар, бу туйғу шундай илиқ, шундай ҳароратли эдики, уларнинг олдидан ҳозир кетишнинг иложи йўқ эди.
– Шу ерда ўқийсанми?– йигит ундан русчалаб сўради.
Мурод бошини ликкиллатди.
– Қаерликсан?
– Шу ерликман.
– Русмисан?
Мурод бошини хиёл ўнг томон қийшайтирди-ю, йигитга илкис қараб чайқади.
– Ўзбекмисан?
– Ҳа. Менимча, ҳа.
– Ўзбекча биласанми?
– Сизни тушуняпман.
– Қайси областдан келгансан?
– Шу ерликман.
– Бу ерда квартирада турасанми?– йигит саволини давом эттирди.
– Йўқ. Ўзимнинг уйим бор.
– Қорнинг очми?
– Йўқ. Мен бу нонни яхши кўраман.
Йигит бироз туриб қолди-да, яна сўради:
– Қайси институтда ўқийсан?
– МГУда, биринчи курсда.
– Ўҳ-ҳў, зўр-ку. Баракалла.
Йигит унинг рост гапираётганини тушунди. Шу дамда унинг хаёлига икки аёлни шу йигитни уйига олиб бориб бир ўзларига келтириб олиш, бирон марта бўлса ҳам иссиқ овқат қилиб едириш фикри келиб қолди. Бу йигит рост гапиряптими, йўқми текшириб кўриш учун сўради:
– Қайси кўчада турасан?
– Арбат кўчасида, ўттиз бешинчи уй.
– Сендан битта илтимосим бор эди. Уйингда бизга бир кечага жой топиладими? Ҳеч бўлмаса икки-уч соатга. Бу аёллар кўчанинг овқатини ейишмайди. Неча кунлардан буён иссиқ овқат ейишгани йўқ. Ўзлари пиширган таомдан бошқасини ейишмайди булар. Шунга нима дейсан?
Мурод унинг гапига кулимсиради.
– Марҳамат. Бориб овқат қилиб бераверинг.
– Хўжайининг бир нарса демайдими?
– Қанақа хўжайин?
– Уйнинг хўжайини.
– Уй ўзимники.
– Ота-онанг-чи?
Мурод йигитга тумшайиб қаради.
– Ота-онам узоқда.
– Ундай бўлса, бизни олиб бор уйингга.
– Майли. Юринг.
Йигит аёллар билан тез-тез бир нарсаларни гаплашиб олди. Улар Муродга иккиланиб қарашди. Муроднинг қараб турганидан йигит ўнғайсизланди. Шунинг учун у маслаҳатлашиб олишсин деб нарироққа кетди.
Пичадан кейин йигит унинг олдига келди.
– Энди бу ёғини келишиб олайлик. Бу ерда квартиралар қиммат, яна биз қийналиб қолмайлик. Олдиндан айтиб қўявер қанча берамиз?
– Нима қанча?– унга анграйди Мурод.
– Ҳақинг қанча бўлади? Квартира ҳақи?
Мурод унга қараб кулиб юборди.
– Мен пул олмайман. Бориб бемалол овқат қилиб енглар.
– Кел бўлмаса, танишиб олайлик. Менинг исмим ўзбекчасига Холмат, айта оласанми, тилинг келишадими? Сенинг исминг нима?
– Мурод. Меники ҳам ўзбекча.
Шунда йигит ортига, аёллар олдига қайтди-да, уларнинг юкларини кўтаришиб келди. Мурод эса ортидан келаверишларини имлаб қўйиб ташқари чиқди. У тўғри таксилар турадиган жойга қараб йўл бошлади. Йигит унинг ниятини пайқаб етиб олди-да, енгидан ушлади.
– Ука, биз автобус ёки трамвайда кетаверамиз.
– Улар оддий одамлар учун. Менга такси қулай. Юраверинг.
У илгарироққа юриб борди-да, биринчи учраган таксининг эшигини очди. Ноилож унинг ортидан эргашган учови ҳам бориб машинага ўтиришди. Улар жойлашиб ўтирганларидан кейин Мурод олдинги ўриндиққа ўтирди ва шофёрга манзилни айтди.
Ўн беш дақиқалардан кейин тўққиз қаватли уй олдида тўхтадилар. Мурод кира ҳақини тўлаб уларни тўртинчи қаватга бошлаб чиқди-да, ўнг томондаги квартиранинг эшигига калит солди. Беш хонали уй шундай кенг ва шинам эдики, кирган одамлар ҳайратланиб остонада тўхтаб қолдилар. Мурод уларни тўғридаги катта хонага бошлади. Кенг столнинг устида дастурхон ёзиғлиқ, устига оқ мато ёпиб қўйилган, гўёки бу хонадон меҳмон кутаётганга ўхшарди. Мурод дастурхон устидаги оқ матони олиб қўйди. Эҳ-ҳе, бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди. Қизил ва қора икрадан тортиб Африканинг аллақандай меваларигача бари муҳайё.
– Шу ерга жойлашинглар,– деди-ю, йигитни имлаб нариги хонага бошлади. Бир хонанинг эшигини очиб кўрсатди:
– Бу ерга опаларингизни жойлаштиринг, анови хонага ўзингиз жойлашинг. Бемалол ўзингизни эркин тутинг. Мана бу ерда ванна бор. Мана бу музлатгичдаги нарсалар овқат қилишинглар учун етарли. Нима овқат қилсанглар, ихтиёринглар. Эшик олдидаги шкафда сочиқлар бор. Душ қабул қилиб олинглар. Менинг ўз ишим бор. Мана бу хона менинг иш хонам. Шу ерда пича иш қиламан. Энди мен икки соат шуғулланаман. Бирон нарса керак бўлса, чақирасиз.
Мурод йигитнинг жавобини кутмасдан хонасига кириб кетди. Ундан бундай муомалани кутмаган Холматжон анча анграйиб турди-да, аёлларнинг олдига қайтди.
– Бемалол жойлашиб олаверинглар, янга, бу йигит ёмон болага ўхшамайди. Бу ерда сочиқлар бор экан, аввал душ қабул қилинглар, мен пича мизғиб олай. Кейин қорин масаласини ҳал қиламиз. У хонасидан чиқмайди, иш қилар экан, чамамда дарс қилади, шекилли. – Шундай деб у ўзига кўрсатилган хонага кириб кетди.
Аёллар ҳам ўзларига кўрсатилган хонага кириб ўша ерда уймалашиб қолишди.
Роппа-роса бир соатлардан кейин уни Гулшода уйғотди:
– Ака, туринг. Кун пешиндан оғди. Бозордан бирон нарса олиб келайлик.
Холматжон ижирғаниб бўлса ҳам, ўрнидан турди. Неча кунлардан буён боши ёстиққа тегмагани учун қотибди-қолибди. Бўйнини уқалаб-уқалаб чиқиб келиб душга кирди. Илиққина сув уни анча тетиклантирди. Артиниб чиқиб келгандан кейин Сожида опа ундан сўради:
– Бу ерда гўшт-мўшт топилармикин?
– Музлаткичда ҳамма нарса бор деди-ку.
– Ҳамма нарса бор экан-ку, гўшти бизга бўлмайди-да.
Холматжон ўйланиб қолди. Бу иккови ўла қолса, магазиннинг гўштини емайди. Сўйилган гўштни қаердан топса бўларкин. У Муроддан сўрашга қарор қилиб унинг эшигини таққиллатди. “Киринг!” деди у ичкаридан. Мурод столга терилган шахматга тикилган кўйи бир қўли билан манглайини ушлаб ўйланиб турарди.
– Мурод ёрдаминг керак бўлиб қолди. Бизга гўшт керак, қаердан топса бўлади?
– Музлатгичда гўшт кўп. Ишлатаверинглар,– деди унга қарамай Мурод. Холматжон индамади, яқинроқ келди. Мурод унга саволомуз қаради.
– Бу аёллар магазиннинг гўштини ейишмайди.
Унинг гапини Мурод тушунмади. Унга тикилди.
– Ҳалиги бор-ку… сўйилган молнинг ёки қўйнинг гўшти керак бизга.
– У қанақа бўлади?
– Бу ерда мол сўйиб сотадиган чечен ёки озарбайжон одамлар борми?
– Ҳа-а… янги гўшт олмоқчимисиз?
– Йўқ. Мусулмонча сўйилган бўлсин. Ўшанақаси керак.
– Битта чечен одам бор, уйида қўй боқади. Гўшти борми, йўқми билмайман. Лекин уйи анча узоқ. Ярим соатлик йўл.
– Мени ўша одамнинг олдига олиб бора оласанми?
– Майли. Мен кийиниб олай.
Бир ярим соатлардан сўнг иккови қайтиб келишди. Битта қўйнинг бир сонини кўтариб келган қайнисини кўриб Сожида янга чимирилди.
– Маблағимиз ҳаминқадар бўлиб турганда бунча чиқимнинг нима кераги бор? Ярим кило олиб келсангиз бўлмасмиди?
– Мен эмас, Мурод олди бунинг ҳаммасини. Сўйилган гўшт ширин бўлади десам, шунча олиб ўтирибди. Барча чиқим ундан бўлди, хавотир олманг.
Икки аёл ошхонага кириб кетишди. Дарров у бу нарсани тўғраштира бошладилар. Холматжон эса Мурод билан катта залда гаплашиб ўтирди. Айтарли бирон мавзу тополмаса ҳам бу боланинг ким эканлигини билишга уринар, бироқ ҳадеб ундан кимлигини сўрайвериш ҳам ноқулай эди. Дастурхонга аёллар қўйган нон қотиб қолган бўлса ҳам Мурод бир тишлам синдириб олиб чайнаб ўтирди. Холматжон боягина олиб келган газеталарни кўздан кечира бошлади. Уларнинг олдига Сожида янга кирди-ю, “ бўш ўтирмай гуручни тозалаб ўтиринглар” деб лаганчада гуруч олиб кирди. Қизил гуручни кўрмаган Муродга Холматжон изоҳ берди:
– Бу Ўзганнинг девизра гуручи. Биз томонларда шу гуручга палов қилинади.
Мурод унга маъноли қараб қўйди-да, қўлидаги китобга қаради. Пичадан кейин Холматжоннинг қилаётган ишини кўриб унга ўзича ўргатди.
– Бунинг ҳаммасини қачон санаб бўласиз. Яхшиси, сиз битта стаканчага санаб солинг-да, қолганини стаканлаб ўлчайверинг. Таҳминан нечталиги маълум бўлади.
Холматжон унинг гапидан ҳоҳолаб кулиб юборди.
– Мен гуручни санаётганим йўқ, тозалаяпман. Буни палов қилишдан олдин мана бундай курмаклардан, қипиқлардан тозалашади одатда,– деб унга битта курмакни олиб кўрсатди.
– Мен санаяпсиз дебман,– деб Мурод ҳам кулиб юборди.
Ярим соатлардан кейин палов ҳам тайёр бўлди, олиб кириб дастурхонга қўйганларидан кейин Холматжон гўштни тўғраб паловнинг устига қўйди. Мурод бировни кутмай олдидаги ликопчага паловдан солиб олди. Холматжон аёлларга ”билдирманглар” дегандай имлаб қўйди. Ҳаммалари овқатга қараганларидан кейин Мурод уларнинг битта лагандан овқат еяётганларини кўриб ўрнидан турди ва ошхонага кириб учта ликопча кўтариб кирди.
– Ошхонада ликопчалар кўп-ку, нега олмадинглар?
– Йўқ, йўқ,– унга изоҳ берди Холматжон,– бу палов. Паловни мана шунақа битта лаганга солиб, кўпчилик ейди. Удум шунақа.
Мурод ўзининг олдидаги ликопчга қараб кулимсиради.
– Мен хато қилибман.
– Ҳечқиси йўқ, ҳижолат бўлма. Бу айб эмас. Қани, сен ҳам биз билан бирга ол.
Мурод икки-уч қошиқ олган бўлди-ю, узр сўраб ўрнидан турди.
– Менинг ишим бор. Сизлар бемалол овқатланинглар.
У даст ўрнидан турди-ю, хонасига кириб кетди.
– Иш қиламан дейди-ю, хонасига кирсам шахмат ўйнаб ўтирибди. Бу болага тушунмай қолдим,– деди Холматжон.
– Эҳтимол, шахматчидир,– унга қаради Сожида опа,– бу катта шаҳарда бекорга юрмагандир. Кичкина болалар ҳам ажабтовур истеъдодли бўлишади шаҳарда.
– Гапингизда жонга борга ўхшайди,– дарров унга қўшилди Гулшода.
ХХХ
Кечқурун Мурод партияларни таҳлил қилиб ўтирар экан, мусобақада иштирок этадиган шахматчиларнинг рўйхатига қараб ўйланиб қолди. Мусобақада кучли гроссмейстерлардан украиналик Романишин ҳам бор эди. Бу шахматчи кўпроқ шоҳ гамбитини ўйнашини у яхши биларди. Гарчи бу гамбит урфдан чиқиб қолган бўлса ҳам, барибир, бир кўриб қўйиш керак деб ўйлади ва шоҳ гамбитига бағишланган рисолани излаб тополмади. Бирдан эсига нариги аёлларга кўрсатган хонанинг шкафи устида экани эсига тушди. Унинг хаёли дебютлар билан банд, юрса-турса кўзига шахмат доналари кўринаётгани учун ҳардамхаёл бўлиб ўша хонага кириб борганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бу пайтда аёллар кроватда гаплашиб ўтиришиб рўмолчага тугилган пулларини ўртага қўйиб ҳисоб-китоб қилишаётганди. Мурод кириши билан Гулшода пулни шоша-пиша йиғиштирди-да, рўмолчага ўраб ёстиқ тагига қўймоқчи бўлди-ю, қўлидан тушириб юборди. Бир даста пул сочилиб кетди. Ҳаммаси уч сўмлик, беш сўмлик пуллар. Битта-иккита бир сўмлик ҳам бор. Икки аёл саросимада қолдилар. Улар Муродга хавотир билан қараб-қараб пулларини йиғиштириб олдилару шубҳаланиб унга қараб қолдилар. Гўё ҳозир бу бола пулларини тортиб олади-ю, ўзларини кўчага ҳайдайди. Ёки бўлмасам, бу бола уларнинг пулини тортиб олиш учун атайлаб бу ерга олиб келгандай. Мурод уларнинг кўзларида ўзига нисбатан ишончсизлик, шубҳа, гумон, қўрқувни кўрди. У индамай шкаф устидан китобни олди. Аёлларга бир қараб қўйди-да, шкафнинг юқори қаватидаги орқа ойнасини тушириб қўйди. Бу шкаф махсус ясаттирилган эди. Ойна ортида беш-олти боғлам юзталик пуллар ётарди. Мурод индамай хонани тарк этди. Аёлларнинг ҳушлари бошидан учди. Ахир, уларнинг рўпарасида кам деганда етмиш минг сўм пул турарди. Шунча пул-а.
– Мен қўрқиб кетяпман, опа,– деди Гулшода,– бунча пулнинг олдида қандай ухлайман, ёмон қўрқяпман.
Сожида опа Холматжонни секин чақириб чиқиб пулларни кўрсатди.
– Бу бола бизнинг ундан шубҳаланганимизни кўриб шундай қилди,– деди.
– Бу ерда тунагани қўрқяпмиз. Худо кўрсатмасин, биронтаси кечаси бостириб кириб қолса, бегона шаҳарда…– йиғламсиради Гулшода.
– Ҳеч ҳижолат бўлманглар. Агар ёмон нияти бўлганда бундай қилмаган бўларди. Бунча пули бор одамнинг ўзига яраша ҳимояси ҳам бўлади. Кўряпсизми, деразаларда темир панжаралар, эшик бир неча қаватли, темирдан. Бехавотир ухлайверинглар,– уларни тинчлантирди Холматжон.
– Тўғри айтасиз, Холматжон, бу бола бизга ишонди. Бизнинг шубҳаланганимизни билиб шундай қилди, унинг олдида уятга қолдик,– уни маъқуллади Сожида опа,– шу бола кимлигини жуда билгим келиб қолди. Бу – ё биронта элчининг боласи, ё отаси шу ерда катта амалдор.
Холматжон уларни яна бир бор тинчлантириб чиқиб кетди. Унинг ҳам ороми йўқолди. Бу болани нима қилиб бўлса ҳам гапга солиб кимлигини билиб олишни кўнглига тугди.
ХХХ
Кечаси билан шахмат партияларини таҳлил қилиб чиққан Мурод тонгга яқин ухлаб қолди. Унинг тинчини бузишни Холматжон ҳам, аёллар ҳам исташмади. Фақат соат ўн яримларда у хонасидан чиқиб ювиниб нонушта қилиш учун ўтирди. Худди шу пайтда эшик қўнғироғи жиринглади, чиқиб қараса, Холматжон.
– Шаҳарга чиққандим. Навбатимиз қачон келаркин яна бир суриштириб келай деб боргандим.
Мурод уни индамай олдинга ўтказди. Хонага кирганларидан кейин сўради:
– Қанақа навбат?
– Э, укам, бу ерга бекорга келганимиз йўқ. Кремлга. Министрлар Совети Раисининг ҳузурига киришимиз керак. Суриштирсам, яна ўн уч кун бор экан.
– У ерда нима ишингиз бор?
– Менинг акам, ана шу аёлларнинг бирининг эри, ноҳақ қамалган. Шуни айтиб адолат талаб қилиб келганмиз. Бу ерга кириш эса осон эмас экан.– Холматжон ўкинч билан уф тортди.– Бу аёлларнинг сарсон бўлиб юришлари ҳам шунинг учун.
– Кимга учрадинглар?
– Қабулхонага. У ерда бизга ўхшаган республикалардан келганларни навбат билан киритишар экан. Ишқилиб, яна ўн уч кун ўтгунча бўларимиз бўлмаса эди.
– Ростдан ҳам ноҳақ қамалганми? Ким бўлиб ишларди?
– Колхоз раиси эди. Бир йилга етар-етмас раислик қилди-ю, колхознинг ўн йиллик камомади унинг бўйнига тушди. Мана энди биз ҳам, бола-чақалари ҳам сарсон.
Холматжоннинг “бола-чақалари ҳам сарсон” деган гапи Муродга ёмон таъсир қилди. У пича ўйланиб турди-да, йўлакдаги телефон томон юрар экан сўради:
– Ҳозир ҳам бораверасизми?
– Қаёққа?
– Министрлар Совети Раисининг ҳузурига.
Холматжон унга бир бошқача қаради. Одатда ё ёлғончи, лофчи одамларнинг гапига шундай ишончсизлик билан қарайдилар. Унинг жавоб бермаганидан Мурод ўзича хулоса чиқарди. Телефон дастагини кўтарди-да, рақам тера бошлади.
– Бу холалар ҳам киришадими, ё ўзингиз кираверасизми?
– Янгам, раиснинг хотини киради мен билан.
– Алло, Георгий Николаевични улаб беринг, илтимос.
– …
– Ҳа, Мурод сўраяпти денг.
Дастакнинг бир қулоғини ёпиб Холматжонга қаради.
– Агар қабул қилиб қолса, ҳозир бориб келамиз.
Шу дамда телефондан эркак кишининг овози эшитилди.
– Ҳа, Мурод, Тошкентга жўнаяпсанми? Нима ёрдам керак?
– Йўқ. Мен ҳозир ҳузурингизга кирмоқчи эдим, агар мумкин бўлса. Лекин ёлғиз эмасман. Ёнимда қишлоқдан келган бир эркак, бир аёл бор.
– Дарров укангнинг хабарини топдингми? Уканг ўшаларникида эканми?
– Йўқ, Георгий Николаевич, бошқа маслада. Аммо ҳозир ҳузурингизга кирмасам бўлмайди.
– Майли, келавер. Ярим соатдан кейин сени пастда котибим кутиб олади. Аммо билиб қўй, бор-йўғи ўн минут, холос.
– Раҳмат, Георгий Николаевич, олдингизда доим қарздорман.
Мурод гўшакни қўйди-да, қисқа қилиб “жўнадик” деди. Холматжон унга ишониб-ишонмай аёлларнинг олдига кириб кетди. Мурод костюм-шим кийиб, галстук тақиб чиққанда Сожида опа билан Холматжон уни кутиб туришарди.
Ярим соатдан кейин улар Георгий Николаевичнинг хонасида ўтиришар, Сожида опа йиғлаб гапирар, Холматжон уни таржима қилиб берарди. Ҳукумат бошлиғи уларни диққат билан тинглади. Барча гапни гапириб бўлгунларича кутди. Арз айтувчилар гапини тугатгандан кейин бир жойга телефон қилди. Чамаси, Бош прокуратура билан боғланди, шекилли, гап-сўзларидан шу англашиларди. Дастакни қўймай, яна рақам терди. Бу сафар сал димоғ билан, буйруғомуз гапиришидан республикага телефон қилгани билиниб турарди. У ердан аввал бир нималарни суриштирди. Шу орада унинг олдидаги иккинчи телефон жиринглади. У иккинчи дастакни олди.
– …
– Яхши, Светослав Глигорич. Яхши.
– …
–Унда нимага янги раис қамоқда ўтирибди? Аниқладингизми?
– Яхши. Ҳозироқ республика билан уланинг ва ишни бошқатдан кўриб чиқишга буйруқ беринг. Янги раиснинг ҳеч қандай айби йўқлигини била туриб шундай қилганларни шахсан ўзингиз тафтиш қиласиз.
– …
– Хўп, хайр.
Иккинчи дастакка эса шундай буйруқ берди:
– Ҳозироқ раис озод этилсин. У эрталаб иш жойида бўлсин. Ишини давом эттирсин. Бу иш юзасидан тегишли идоралар шуғулланади, тафтиш бошқатдан ўтказилади… Тушундингизми?.. Гап тамом, мен натижани кутаман, менга ахборот берасиз. Эсингизда бўлсин: эрталаб ўша колхозга телефон қиламан, дастакни ўша раис кўтариши шарт. Мен унинг ишига тикланганини ўз оғзидан эшитаман.
– …
– Бўлди, гап тамом!
– Кечга қолмай раис ўз уйида бўлади,– Георгий Николаевич ўтирганларга “кўнглингиз тўлдими?” дегандай кўзойнаги остидан қаради. Холматжон ҳам, Сожида опа ҳам ўрнидан туриб унга раҳмат айтдилар.
– Сизлар энди уйингларга жўнайверинглар. Иш ҳал бўлди. Мурод, буларни ўзинг кузатиб қўярсан?
– Албатта, Георгий Николаевич, раҳмат. Сиздан беқиёс қарзман,– деб ўрнидан турди Мурод.
– Қарзингни Саша икковинг диплом олганингда узасан,– кулди Георгий Николаевич.
– Бизга рухсатми?– сўради Мурод яна бир бор.
– Бўпти, бораверинглар.
Сожида хола билан Холматжон қўллари кўксида ортга тисланиб ташқарига чиқдилар. Улардан бироз кейин Мурод ҳам чиқиб келди. Университетга бориши кераклигини, квартирага бораверишларини айтиб таксига ўтириб жўнаб кетди.
ХХХ
Квартирага келганларидан кейин Сожида опа ўзини қўярга жой тополмай қолди. Қани энди қаноти бўлса-ю, шу дамда уйига учиб борса, эрини ўзи кутиб олса. Холматжонни тезда билетга боришга қистай бошлади. Бироқ ҳозир бориб билет топа оламанми йўқми, деб Холматжон иккиланиб қолди. У жисмонан ҳам, руҳан ҳам жуда чарчаган, бу кеча ғамлардан фориғ бўлиб, дам олиб эрталаб билетга бормоқчи эди. Бироқ Сожида опа уни қўярмиди:
– Поездда дам олиб кетаверасиз, жон ука, боринг, тез билетга боринг. Акангиз уйга келса, уни болалар қай ахволда кутиб оладилар. Тез етиб бормасак бўлмайди.
– Шундоғам биз етиб боргунча акам ишини бошлаган бўлади. Шу кеча шу ерда қолиб дам олмасам бўлмайди. Дод десангиз ҳам, фарёд урсангиз ҳам, билетга эрталаб чиқаман,– деди Холматжон.
Сожида опа у деб кўрди, бу деб кўрди, барибир, Холматжонни кўндиролмади. Охири, “буям чарчаб эзилиб кетди, майли, бир кун минг кун эмас” деган қарорга келди.
– Бўлмаса, майда-чуйда қилиб келинг, кечқурунга мен илҳом билан бир палов дамлай. Танимиз яйраб палов ейлик. Аввал, анови боладан сўранг-чи, бизникига телефон қилишнинг иложи бормикин?
– Янга, кечқурун телефон қиламиз. Кўп дейдикманг,– уни тинчлантирди Холматжон,– ҳозир кириб дам олинглар. Хоҳласанглар, Москвани бир айлантириб келай. Бир баҳона билан келиб қолдик.
– Йўқ. Қўйинг. Айлангани акангиз билан келавераман. Керак эмас.
– Бўпти. Янаги йилга акам билан келиб тўғри шу квартирага тушинглар. Мана, Мурод билан ҳам танишиб олдик. Москвага келсак, кўчада қолмайдиган бўлдик,– кулди Холматжон.
– Ҳали танишиб олмадик, Холматжон, бу бола кимлигини жуда билгим келяпти. Шуни бир суриштирайлик. Ҳали келса, бир гапга солинг. Ўзбек боласи эканлиги аниқ, бироқ бу ерга қандай келиб қолган? Бу уй-жойлар…
– Ўзимни ҳам қизиқтириб қўйди. Кечки пайт келса, астойдил гаплашаман. Мен ҳам сиздан баттар қизиқяпман.
– Ким бўлса ҳам бунинг учун пул хашак экан,– гапга қўшилди Гулшода,– анови жавонидаги пулни кўриб юрак-талоғим ёрилиб кетди. Оёғимнинг қалтироғи ҳали ҳам босилгани йўқ. Сизлар у ёққа кетдинглару уйда бир ўзим нима хаёлларга бормадим. Э, ўлсин пул балоси ёмон нарса экан. Умримда пулдан бунчалик қўрқмаганман.
– Ўзини тутишига қараганда, ҳукумат одамлари билан жуда яқин алоқаси бор. Бу жуда катта шахматчи, шекилли, шундай истеъдодли болаларни Москвага чақириб олишса керак. Яна билмадим,– деди Холматжон.
– Омадини берсин, барака топсин. Худо бизни шунга рўпара қилганига шукур.
– Буям бизнинг, акамнинг омади-да, янга.
– Худога шукур, худога шукур,– кўзларига ёш олди Сожида опа.
Гулшода чой дамлаб келди. Учови гаплашиб ўтириб чой ича бошладилар. Тушга яқин эшикни биров очди. Эшик олдидаги камодни тарақ-туруқ қилиб бир нималарни у ёқ-бу ёққа сурди-да, кейин ичкари уйга кириб келди. Эллик ёшлардаги аёлни кўриб учови ҳам нима дейишни билмай қолдилар. Уйнинг ҳақиқий эгаси келди деб ўйлашиб каловланиб қолишди. Кирган аёл ҳам буларни кўриб иккиланиб остонада туриб қолишди.
– Сизлар кимсизлар?– сўради у, кўзларида ҳадик билан.
– Биз, шунчаки меҳмонмиз. Муроднинг меҳмонлари,– жавоб берди Холматжон,– кеча келгандик.
– Сизларни безовта қилган бўлсам, узр,– кутилмаганда аёл уларга жилмайиб қаради,– мен уйни йиғиштиргани келгандим. Бемалол ўтираверинглар. Тезда ишимни тугатиб кетаман. Мурод жуда тартибли, болалигидан шундай эди. Бу ерда мен учун кўп иш йўқ, фақат чанг-чунг, шунчаки полни артиб қўйиш керак, холос. Мен сизларга ҳалақит бермайманми?
– Йўқ, йўқ, бемалол,– жавоб берди Холматжон,– сиз бемалол ишингизни қилаверинг.
Аёл бурилиб ошхонага кириб кетди.
– Ким экан бу хотин?– хавотирланиб сўради Сожида опа.
– Уйнинг хизматкори экан.
– Шунақа демайсизми, қўрқиб кетдим,– ёқасига уч марта туфлади Сожида опа.
– Мен ҳам энди бизни ҳайдаб солса керак деб тургандим,– кулди Гулшода.
Холматжон ошхонада идишларни юваётган аёл билан пича суҳбатлашиб қолди. Вера опа ҳам очиққина аёл экан, дарров Холматжон билан чиқиша қолди. Аёлнинг айтишича, у бу ерда ёш қизлигидан буён ишлар экан. Бу уйнинг эгаси бўлган одам жуда машҳур шахматчи бўлганини, тўсатдан ҳам қизидан, ҳам хотинидан ажралиб қолганидан кейин жуда тушкунликка тушиб қолганини, бироз муддат ичкиликка берилганини, лекин иродаси мустаҳкам одам бўлгани учун тезда ўзини қўлга олиб, бор умрини Муродни тарбия қилишга бахшида қилганини гапириб берди. Муродни Тошкент томонлардан олиб келганини таҳмин қилар экан. Шу пайтга қадар у истиҳола қилиб сўрай олмаган экан. Холматжон билан гаплаша туриб Вера хола идишларни ювиб бўлиб чангютгичда полларни тозалади, уни бўлиб, ювиб олиб келган бир-иккита кўйлак-шимларни дазмоллади. Унинг гапларига азбаройи қизиққанидан Холматжон ҳам у билан бирга нима иш қилса, олдига бориб гапга солаверди. Ишларини бажариб бўлиб ошхонага кириб ўзига чой дамлади ва столга қўйиб қўйган тугунини очиб ундан икки дона котлет олиб ликопчага қўйди. Ўзи ҳам Холматжоннинг қаршисига ўтирди.
– Ёшинг ўтиб қолгандан кейин сал нарсага чарчаб қолар экансан одам. Авваллари бунақа эмасдим. Бугун нимагадир тез толиқдим. Келинг, икковимиз бир чой ичайлик. Ҳадемай Мурод ҳам келиб қолади. Мени кўрса, суюниб кетади. Мен унга котлет пишириб келгандим. Олинг, унга ҳам етади. Мен пиширган котлетни яхши кўради. Болалигида ҳам шунақа эди. Ҳозир ҳам ҳар замонда бизникига бориб котлет пишириб беринг деб турволади,– деб жилмайиб қўйди. Унинг гапларидан Муродга меҳри бошқача эканлиги сзилиб турарди.
– Ҳеч ўзи қаерлик эканини айтганми?– сўради Холматжон.
– Йўқ. Ўзи айтмаган. Икки кун олдин уни жуда тушкун ҳолда кўрдим. Биринчи марта у менга укаси борлигини, лекин қаерда эканлигини билмаслигини айтди. Ота-онасини ҳам эслади. Бироқ уйи қаерда эканини билмайди. Буни менга Валерий Сергеевич ҳам айтмаган. Муроднинг кўнгли ярим. Ўзи жуда кучли шахматчи, истеъдодли бола. Доим бошқа юртларга мусобақаларга бориб туради. Келиши билан бизникига боради. Кимлар билан ўйнаганини, кимларни ютганини айтиб беради. Мен шахматга тушунмасам ҳам уни жон қулоғим билан тинглайман. Авваллари уни Валерий Сергеевич олиб борарди. Ҳозир ўзи боради.
– Бошқа мамлакатларга ҳам бориб ўйнаса жуда кучли шахматчи экан-да?
– “Бунақа болалар она-сонда чиқиб қолади”, дерди Валерий Сергеевич.
– Неча ёшида бу ерга келганини эслайсизми?
– Ҳа, биламан. Жуда кичкина эди, таҳминан олти ёшларда эди, ҳали мактабга кирмаган эди-да. Мактабга кирганда бироз қийналганини ҳам биламан. Кўпинча бошқа тилда менга гапирганларини ҳам эслайман. Кейин тезда русчалаб бийрон гапирадиган бўлиб кетди. Ҳозир ўзининг тили эсида борми, йўқми – билмайман.
Холматжон Вера холанинг гапларидан ўзича хулоса чиқарди. Демак, бу уй-жойлар Муроднинг ўзиники экан. Унинг ҳукумат идорасига бемалол кириши ҳам бежиз эмас. Ўта истеъдодли болалар давлат назоратида туради деб қаердадир эшитгандай бўлувди.
– Сиз олинг, котлетдан енг,– Вера хола девордаги соатга қаради,– ҳозир Мурод ҳам келиб қолади. У тартибни ёқтиради, ўзи доим амал қилади. Ҳар куни соат учда уйга келади.
Холматжон Муроднинг қўйнига қўл солиб кўришни, қўлидан келса унга ёрдам беришни кўнглига тугиб қўйди.
Вера хола айтганидай соат уч бўлиши билан эшик шиқирлаб очилиб Мурод кириб келди. Вера хола унинг истиқболига пешвоз чиқди. Иккови худди она-болалардай сўрашганларидан кейин аввалдан биларди, шекилли, Мурод тўғри ошхонага ўтди-да, Вера хола олиб келган тугунни очиб шоша-пиша ундан котлетни олиб ея бошлади. У олдида турган Холматжонга ҳам, Вера холага ҳам эътибор қилмагандай тутарди ўзини. Унинг емак ейишини кўриб Вера хола сочларини силади-да, музлатгичдан лимонад олиб келиб бакалга қуйиб қўйди.
– Шу билан ейди котлетни,– изоҳ берди у.
Нафси ором олганидан сўнг Мурод Вера холага қараб жилмайиб қўйди.
– Бугунгиси ажойиб бўлибди. Ўзингиз яхшимисиз? Игорь қалай? Янги уй олдими?
– Қаёқда. Олмоқчи эди. Озгина пули етмади. Яна икки ой тўпласак, бемалол кўчиб чиқа олади. Ҳозир ҳам оламизу, лекин ўзи унамади. “Бор-йўғимизни тўплаб уйга бериб қўйсак, қийналиб қоламиз”, дейди. Ҳа, майли, хотини, Анна ҳам рози бўлди.
Мурод қўлидаги бакални столга қўйди ва Вера холага қовоғини солиб қараб туриб қолди.
– Ол, ол. Игорь ўзи шундай деди,– худди боласи олдида ноқулай ахволда қолган онадай унга мўлтиради Вера хола.
– Нега менга айтмадинглар? Игорга телефон қилсам, янаги ҳафта кўчаман деди-ку?
– Тўғри, янаги ҳафта кўчиши керак эди, лекин… шунақа бўлиб қолди.
– Қанча етмади?
– Керак эмас, сен ташвишланма, ўзимиз…
– Қанча етмади?– қайта сўради Мурод.
– Уч мингча. Мурод, жон болам, Игорь мендан хафа бўлади. Бориб пул сўрагансиз дейди.
– Игорь билан ўзим гаплашаман.– Мурод ўрнидан туриб телефон томон юрди. Тез-тез рақам терди. Бироздан кейин нарёқдан жавоб бўлди, шекилли, Игорни чақириб беришларини сўради.
– Ҳай бекор айтдим-а. Оғзимни маҳкам қилолмайман-да.– бу ёқда туриб Вера хола типирчилаб қолди.– Игорь – менинг ўғлим. Янги уй олиб чиқиб кетамиз, деб хотини қўймайди. Ўзига қолса, чиққиси йўқ.
Нариги томондан Муроднинг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилди.
– Игорь, сен доим мени укамсан дердинг, нимага мендан тондинг?!
…
– Нимага бўлмаса пулинг етмаса менга айтмадинг?
…
– Йўқ, Вера холамдан эмас, сенинг анови… ҳалиги бор-ку, найновроқ ошнанг, ўшанинг укасидан эшитдим. Биз билан ўқийдигани бор-ку, ўшандан.
…
– Мен укангманми, уканг эмасманми?!
…
– Нимага безовта қиласан?
– …
–Ундай бўлса, ҳозир бориб тўлаб келамиз ўша одамга. Пулининг аҳамияти йўқ. Келасанми, ё ўзим борайми? Айтиб қўяй, мен мусобақага тайёрланяпман. Асабимга тегма, мусобақа олдидан ёмон таъсир қилади.
…
– Бўпти. Эрталаб бориб тўлайсан. Индинга кўчасан. Бугун Вера холам келса, пулни бериб юбораман.
…
– Хўп, хайр.
Мурод дастакни қўйиб хонаси томон юрди. Ичкаридан тезда қайтиб чиқди-да, Вера холанинг қўлига бир даста пул тутқазди.
– Мана, қўрқманг, сиздан эшитганимни билмайди. Ўртоғингнинг укасидан эшитдим дедим. Сенга Мурод бериб юборди денг, вассалом.
Вера хола пулни олишни ҳам, олмасликни ҳам билмасдан иккиланиб туриб қолди.
– Холажон, мен бир ўзим, ташвишим йўқ. Игорнинг эса ҳали ўз уйи йўқ. Мен ёрдам бермасам ким ёрдам беради. Мен ҳам қийналсам бир кун Игордан кўмак сўрайман-да.
Унинг ҳақли сўзига Вера хола лом-лим деёлмай қолган бўлса ҳам жуда хижолатда эди.
ХХХ
Вера хола кетганидан кейин Холматжон Муродга яна бир марта раҳмат айтиб энди кетмоқчи эканликларини, эрталаб билетга бормоқчилигини айтди. Мурод уни индамай эшитди-ю, юзи тундлашиб негадир маъюс тортиб қолди.
– Сен билан танишиб олдик. Ўзбекларда “бир кўрган таниш, икки кўрган билиш”, деган гап бор. Сени Ўзбекистонга таклиф қиламан. Албатта боргин. Кўп жойларни айлантираман,– деди.
Сожида опа ҳам Муроднинг атрофида гирдикапалак бўлиб қолди. Юрса-турса, “жон болам, айланай болам, биз томонга борасиз. Ўзим паловлар қилиб бераман. Тандирда иссиқ-иссиқ нонлар ёпиб бераман. Кулчалар пишириб бераман”, деб ўзбекча гапириб унинг кўнглини олмоқчи бўларди. Мурод унинг гапини чала-чулпа тушунса ҳам, миннатдорчилик билдираётганини сезиб жилмайиб қўярди.
Мурод Холматжондан сўраб қолди:
– Мурод деган исмни ўзбекчасига айтиш қийинми?
– Нега энди? Мурод – ўзбекча исм-ку.
– Бу холам нимага боятдан бери мени “ай… айлан… айланай” деб чақиряпти.
Холматжон кулиб юборди. “Айланай” деган сўзнинг маъносини айтиб берганди, Муроднинг ўзи ҳам роса кулди.
– Мен ўзбекчага тушуняпман. Олдин бунақа эмасдим. Бу хола гапирса, яна кўп тушуняпман. Мен тўғри гапирдимми?– деди ўзбекчалаб.
– Тўғри гапирдинг. Ўзбекча билар экансан-ку.
– Энди биляпман. Сизлар биляпсизлар, мен ҳам билиб қоляпман.
– Айланай, болам, икки кунда бемалол гаплашадиган бўлиб кетасиз. Бизникига боринг, болаларимга қўшиб қўяман. Ҳамма ўзбекча сўзни билиб оласиз,– Сожида опа уни эркалатди.
– Яхши, хола, мен боряпман. Тезда боряпман. Соревнованиямни тугатганда тез бораман. Яна ўн кундан кейин Болгарияга учяпман. У ердан Тўғри Тошкентга учяпман. Тошкентдан сизга қараб учяпман.
– Айланай, шундай қилинг. Мен ўзим сизни вокзалда кутиб оламан.
– Мен самолётга бораман.
– Боринг, айланай боринг, нимада борсангиз ҳам ўзим кутиб оламан.
Уларнинг сафига Гулшода ҳам келиб қўшилиб Муродга ўзбекча гапира бошлади. Мурод уларнинг гапларига ўзи билганча ўзбекчалаб, гоҳо русча сўзларни қўшиб жавоб бериб ўтирди. Баъзида нотўғри сўзлаб қўйганини билиб қолса, уларнинг юзига термулиб қолар, тўғрисини ўргатишларини кутиб уларнинг юзларига боқарди. Чақчақлашиб ўтиришиб вақт ўтганини ҳам сезмай қолдилар. Муроднинг борган сари бу одамларга кўнгли илиб уларнинг олдиларидан кетгиси келмай қолди. Сожида опа уларни бир муддат ташлаб, сабзи-пиёз тўғрашни бошлади. Ошхонада уймалаша туриб Гулшодани ҳам имлаб ёнига чақириб олди. Унинг мақсади Холматжон билан иккови ҳоли қолишса, Ҳолматжон Мурод ҳақида кўпроқ нарса билиб олади. Ростдан ҳам Холматжон иккови қолганларидан кейин Муроддан қандай қилиб бу ерга келиб қолганини сўради.
– Ўзинг ҳақингда гапириб бер. Бу ерга қандай келиб қолгансан? Айбга буюрма, боя Вера холадан сўрасам, у ҳам кўп нарса билмас экан. Сенинг ўзбеклигингни ҳам билмас экан.
– Ҳа, билмасди. Валерий Сергеевич гап суриштирса ёмон кўрарди. Шунинг учун “ мен бу болани боқиб олдим, менинг болам” деган – тамом.
Мен ҳали мактабга кирмаган пайтимда бу ерга келганман. Валерий Сергеевич олиб келган. Тошкентдан олиб келганини эслайман. Вокзалда укамни милиция ходимлари ушлаб кетишган, мен қочиб яширинганман, бекор қилган эканман ўшанда, лекин қўрққанман-да. Валерий Сергеевич “Уканг яхши одамларнинг қўлида, бир кун уни топамиз” деб мени кўп овунтирган. Бу ерда мактабга кирдим. Бора-бора укамни ҳам, ота-онамни ҳам эсимдан чиқардим. Шахмат менинг бутун ҳаётим бўлиб қолди.
– Нима сабабдан бу ерга келиб қолгансан? Агар кўнглингга оғир ботса, жавоб бермасанг ҳам майли.
– Дадам ҳам, онам ҳам ўлди. Кейин мен укамни олиб у ердан кетиб қолдим.
– Қайси областдан эканингни биласанми?
– Биламан. Андижон областидан Тошкентга келганман.
– Районини-чи, районини,– шоша-пиша сўради Холматжон.
– У ҳам эсимда, Марҳамат райони борми сизларда?
– Ие, бизнинг район Марҳамат-ку. Яна нимани биласан? Эслаб кўр. Колхоз номи эсингдами?
– Колхозни билмайман. – Мурод пешонасини қашиб ўйланиб қолди. – Адашмасам, Коммунизмми, Партиями, Октябрми деган ном эди. Эҳтимол, сал бошқачадир. Лекин шунақа сўзларга яқин сўз эди.
– Тўхта, тўхта. Бизнинг районимизда фақат “Октябрь 50 йиллиги” деган колхоз бор. У бизнинг қўшни қишлоқда. Коммунизм, Партия номи билан аталадиган бошқа бундай номли колхоз йўқ. Биз ҳамқишлоқ чиқиб қолдик, Мурод!
Мурод бошини ён томонга эгиб елкасини қисди.
– Кўчамизда тераклар баланд эди. Далада кўп барг берадиган дарахтлар бор эди. Дадам билан битта дарахтнинг шохларини кесиб кўп олиб келардик . Уни битта хашаротга берардик. У оқ бир нарса ясарди. Биз уни тракторда топширгани борганмиз. У ерда дадам бизга музқаймоқ олиб берарди. Шуни эслайман.
– У пилла қурти. Сен айтаётган нарса пилла. Биз томонда пилла қурти боқилади. Бўлди. Уйга боришим билан сенинг уйингни суриштираман. Агар ростдан ҳам қўшни колхоздан бўлсанг, одамлар эслашади. Ахир, ёшлигида йўқолиб қолган болаларни эсламай бўладими? Сенинг уйингни топаман. Топишим билан сенга қўнғироқ қиламан. Мана энди, сен мени кутасан.
– Фақат тезроқ топинг. Ўн кундан кейин уйда бўлмайман. Борган куним излайман. Топмай қўймайман.
– Майли. Сиз ҳам, бу холалар ҳам яхши одам экансизлар. Мен таклиф қилдим, уйимга келдинглар. Вокзалда нонни кўриб болалигим эсимга тушди. Укамни, уйимни, ота-онамни эсладим. Уйга кетгим келди. Анови холани онаммикин дедим. Йиғлагим келди. Ичимда бир нарса мени “йиғлагин, йиғлагин” деяверди. Кейин уят бўлса ҳам, у холадан нон сўрадим. Ҳидласам, онамга ўхшади. Уйга келгунча ҳидлаб келдим.
– У ёқдаги қариндошларингни эслайсанми?
– Иккита катта акам, битта кичкина акам, битта опам бор эди. Уларнинг юзини эслолмайман. Битта қари энамни ҳам эслайман. Ўзбекча “эна” деган сўзни яхши эслайман.
– Улар сенинг ўзингнинг акангмиди? Сизларникида яшашармиди?
– Бизнинг уйнинг орқасида яшашди. Кейин кўчиб кетишди. Мен у уйларига ҳам энам билан борганман. У уйларини ҳам билардим, менимча.
– Топиш осон экан. Менинг телефонимни кут. Борган кунимоқ суриштиришни бошлайман. Албатта, уйингни топамиз, Мурод.
– Сизга ишонаман. Бу холаларимга ҳам ишонаман. Энди мен Ўзбекистонга бораман, албатта бораман,– деди Мурод. Лекин унинг кўзларида қандайдир Холматжон тушунмаган бир учқун чақнаб кетди. Кўзларнинг бундай чақнаши бирон нарсага қаттиқ қасд қилган, қасос ўтида ёнган одамлардагина бўлади.
– Биз сени кутамиз.– Холматжон унга қўлини узатди. Иккови кулиб қўл олишдилар.
Кечқурун соат саккизларда Холматжон телефон дастагини кўтарди. Сожида опа билан Гулшода унинг қатига келиб турдилар. Бироқ дастакни у томондан ҳеч ким кўтармади. Бир қанча муддат ўтгандан кейин қайта рақам терди. Бу сафар дастакдан қиз боланинг “Алло” деган овози эшитилиши билан Сожида опа дастакни Холматжоннинг қўлидан юлиб олди.
– Мумтоз! Нима бало телефонни олишмайсан?! Ҳамманг қотиб ухлаб қолишдингми нима бало?!
– Она! Дадам келди! Ҳозир кириб келди! Ҳаммамиз тўполонда телефонга қарамабмиз.– деган овоз эшитилди дастакдан.
– Ростданми?! Рост гапиряпсанми?! Дадангга бер, дадангга!– Сожида опа телефонга қичқирди-ю, Гулшодага ўзини ташлади. Гулшода уни зўрға суяб қолди.
– Опа, ўзингизни тутинг! Ўзингизни тутинг!
У томондан эркак кишининг овози эшитилиши билан Сожида опа “Дадаси…” деди-ю ерга чўккалаб ўтириб қолди. Дастакни Гулшода олиб икки оғиз сўрашди. Акасини ҳиққиллаб уйга келгани билан қутлади-да, у ҳам гапиролмай қолиб, дастакни Холматжонга бериб, янгасининг ёнига чўк тушиб қолди. Икки аёл бир-бирини қучоқлаб юм-юм кўз ёши тўкишар. Бу кўз ёшлари севинч ёшлари эди. Холматжон акаси билан анча суҳбатлашди. Ҳол-ахволини сўраб-суриштирди. Тезда етиб боришларини, барча кўрган-кечирганларини борганларида айтиб беришларини айтди. Меҳри қонгандан кейин хайрлашиб дастакни қўйди. Иккови аёлни ўрнидан турғизиб уларга тасалли берган бўлди. Сожида опа ўрнидан тура солиб уларни кузатиб турган Муродга қараб юрди. Унинг бўйнидан қучоқлаб олиб увиллаб йиғлаб юборди…
Ҳаммаси тинчланиб ўзларини босиб олганларидан кейин Мурод аэропортга телефон қилди. Яна аллақаёқларга қўнғироқ қилиб бир нарсаларни суриштирди. Ниҳоят, Холматжондан сўради:
– Андижон деган жойга самолёт эртага йўқ экан, фақат Тошкентга ёки Наманган деган жойга бор экан, холос.
– Бизга Наманган яқин, бир соатлик йўл, лекин, Мурод, биз самолётда кетолмаймиз. Бизга поездга билет суриштир.
– Нега кетолмайсизлар?
– Тўғриси, самолёт билети қиммат.
– Бунинг аҳамияти йўқ. Демак, Наманган сизларга яқинми?
Холматжон унга бошини сарак-сарак қилди. Мурод телефонда яна суриштирди. Эрталаб соат саккизда учар экан, бўлаверадими?
– Бўлаверади.
Мурод билет буюртма қилди-да, Холматжонга қайрилди.
– Мана бўлди. Билет менинг ҳисобимдан. Эрталаб ўзим сизларни аэропортга кузатгани олиб бораман.
ХХХ
То уйларига етиб келгунча Сожида опанинг хаёли эрида бўлган бўлса, Холматжон келгунча Муродни ўйлаб келди. У шундай хаёлда эдики, имкони бўлса, уйига тушмаёқ қўшни колхозга ўтиб суриштирмоқчи, дарҳол Москвага телефон қилмоқчи эди. Соат роппа-роса учда учови уйга кириб келдилар. Уйда ростмана тўй бўлиб кетди.
– Мана хотин, сени бир қўрқитиб қўйдим. Менсиз яшаш қанақа бўлишини билгин дедим, – деб ҳазиллашди Расулжон ака кечқурун ҳаммалари дастурхон атрофида ўтирганларида.
– Ҳа, ҳазилингиз қурсин, сал бўлмаса мендан айрилиб қолардингиз. Ё ўша ёқлардан ўлигим келади, ё сизни қутқараман деб бордим-да, ўзиям. Худо ишимизни ўғнаб бир яхши одамга рўпара қилди.
Расулжон ака ўзи ҳам ҳайрон эди. У ҳали нима гаплигини билмасди. “Хотин бориб арз қилган бўлса, юқоридагилар адолатни тиклашган-да”, деб ўйлаганди. Билмасдики, шундай катта идорага кириб бориш не машаққат эканлигини. Шунинг учун нима гап дегандай хотинига қаради. Сожида опа воқенинг бутун тафсилотини шунақа маҳорат билан гапириб бердики, Холматжон ҳам, Гулшода ҳам бирор оғиз қўшимча қилолмадилар.
– Янга сиз ўзи ёзувчи бўлсангиз бўлар экан. Гапингизга ҳеч арса қўшиб бўлмайди-я,– ҳазиллашди Холматжон.
– Ёзувчилардан қаерим кам. Улар гапиришни мендан ўрганишсин,– кулди Сожида опа ҳам.
– Ана ўша бола,– давом этди у,– биз томонлик экан. Болалигида ўша ёққа бориб қолибди. Ота-онаси бечоранинг болалигида ўтиб кетишган экан. У ерга адашиб бориб қолган экан. Мен кўзига онасига ўхшаб кўринаверибман, шунинг учун уч кун менинг олдимга келаверибди. Биз унга ваъда бериб келдик. Сенинг уйингни топамиз, дедик. Дадаси, сизнинг озод бўлишингизда бу боланинг иши катта бўлди. Иложи бўлса, ҳозироқ танишларингиздан суриштиринг. Ҳамма ишингиздан шу муҳим ҳозир. У бола чакана бола эмас. Оддий бола эмас.
– Яшаган колхозининг номини билмади, лекин унинг гапидан мен шу ўзимизнинг “Октябрь 50 йиллиги” колхозида деб тушундим,– қўшилди Холматжон.
– Ҳа, аниқ, ўша колхозда. Мен ҳам шундай деб ўйладим. Дадаси, туринг, ҳозир ўша колхознинг раисига телефон қилинг. Сўранг-чи, колхозида эгаси ташлаб кетган уй бормикин.
– Муроднинг эслашича, икки ака-ука қўшни яшашган-да, ака вафот этиб қолиб болалари қўшни маҳаллага кўчиб кетишган. Ёнма-ён жойлашган ташландиқ ҳовлини излаш керак, менимча,– деди Холматжон.
– Туринг, дадаси, бошқа гаплар бўлаверади,– эрини шоширди Сожида опа.
– Э, хотин…
– Йўқ, йўқ, дадаси, бундай яхшиликни бизга ҳар ким ҳам қилавермайди, туринг.
Расулжон ака қараса, укаси ҳам, синглиси ҳам ундан нажот кутгандай тикилишиб туришибди. У ўрнидан туриб айвонга чиқиб кетди. Телефон шу ерда эди. Ўн минутлардан кейин қайтиб кирди.
– Яхши Шарофиддин, ўша колхознинг раиси, идорада экан, “агроном билан гаплашаман, ўша яхши билади”, деди. Ўн минутга қолмай телефон қилади.
Бир пиёладан чой ичиб улгурмасларидан телефон жиринглади. Расулжон ака телефон ёнида анча қолиб кетди. Қайтиб кирганидан кейин ўтирганларга тушунтириш берди.
– Қўшни колхознинг агрономи билан гаплашдим. Ҳақиқатдан ҳам тўққизинчи бригадасида иккита ёнма-ён ташландиқ ҳовли бор экан. Кўчасининг номи Чағир бўйи дейилар экан. Иккита ака-ука яшашган экан. “Иккови ҳам ёш вафот этишган. Бирининг болалари бор, иккинчисиники борми-йўқми – билмайман”, деди.
– Аниқ, ўша ҳовли,– деди Сожида опа,– Холматжон, эрталаб бориб суриштириб келасиз.
– Ие, Чағир бўйидами? Албатта бораман, янга, албатта бораман,– уни маъқуллади Холматжон.
– Уларнинг тўққизинчи бригадаси шундоқ ариқдан ўтгандан кейин, бизга қўшни,– тушунтирди Расулжон ака…
ХХХ
Холматжонга Чағир бўйи деган маҳалла аввал ҳам таниш эди. Бу ерда у билан институтда бирга ўқиган Шокир деган дўсти яшарди. Уйдан чиқиб йигирма минутга қолмай маҳаллага етиб келди. Маҳаллага кираверишда ўзини бригадир деб таништирган бир одамга дуч келди. Қачонлардир йўқолиб қолган болалар ҳақида суриштирганди, сабабини сўради. Унга воқеани қисқача айтганди, у гарангсираб унинг оғзига қараб турди-да:
– Ҳаромилар, шунақа бўлиб кетишибдими?– деди. Сўнг ўзининг гапидан ўзи уялдими, ё Холматжонданми, уйлари маҳалланинг охирида эканлигини айтиб ғудраниб жўнаб қолди. Холматжон унинг ортидан ажабланиб турди-да, тўғри Шокирларнинг уйига йўл олди. Шокир мактабга чиқиб кетган экан, саксонга яқинлашиб қолган отаси, Мирза бува чиқиб келди. У Холматжонни дарров таниди.
– Холматжонмисан?– кўзини қисиб қаради чол.
– Ҳа, тоға, менман.
– Ўқишни битирганингдан кейин ҳеч келмай қўйдинг. Ошначилик ҳам шунақа бўладими, дўстингдан бирор марта хабар ҳам олмайсан?
– Тирикчилик билан бўлиб қолдик-да, тоға, ҳеч қўл тегмайди.
– Ҳа-ҳа. Иш. Ишдан ортмайсизлар. Яхшиям “иш-ш” деб қўйган, агар “Ҳиҳ” деганда борми. Шокиринг ҳам эртадан кечгача мактабда. Кечқурун ҳам келиб чойини ичар-ичмас дафтар текширгани текширган. Мундоқ бир гаплашиб ўтиришни ҳам билмайди. Юр, ичкарига. Ҳамма ишга кетган. Ҳовлида бир ўзим қолганман. Кампир ҳам қизникига кетган, икки кундан буён ўша ёқда. Уйда қариганда бир ўзинг қолиб кетсанг жа қизиқ бўлар экан,– суҳбатдош келиб қолганидан ўзида йўқ хурсанд чол ичкари кириб кета бошлади. Холматжон ҳам унга эргашди. Ҳовлида икки томон иморат бўлиб, чамаси, янги иморатларда Шокир, эскисида чол-кампир туради. Бу томон ҳам каттагина, эски иморатлардан эди.
– Бу томон меники. Шокиринг “бузаман, янгисини қуриб бераман”, дейди. Бунга мен ҳам, холанг ҳам кўнмаймиз. Биз ўрганган уя – мана шу.
Айвондаги кенг сўрига чиққанларидан кейин Мирза бува қўярда қўймай уни тепага ўтқазди. Олдиларидаги катта дастурхонни ёзиб нон ушатди, Сочиққа ўраб қўйилган чойнакни Холматжон қўлига олди. Бир пиёладан чой ичганларидан кейин Холматжон дарров мақсадга ўтиб қўя қолди. У маҳаллада бир пайтлар йўқолиб қолган болалар бўлган-бўлмаганини сўради. Зерикканидан одамга ташна бўлиб ўтирган чолнинг гап сандиғи очилиб кетди.
– Бўлган,– деди чол,– шунақа болалар бўлган. Эшитмаган экансан-да, анча пайтгача қидир-қидир бўлган. Маҳалланинг тепасида Орифжон, Одилжон деган йигитлар яшашарди. Орифжон касал бўлиб эрта оламдан ўтиб кетди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас Одилжон ҳам нобуд бўлди.
– Қанақа одамлар эди?
– О, ажойиб йигитлар эди. Орифжон монтёрлик қиларди. Мана шу уйларнинг бутун ток-покларини ўша ўхшатиб берган. Мана ҳанузгача биронта симни алмаштирганим йўқ. Нима бўлди-ю, сариқ касал бўлиб қолди. Даволаниб келди. Шу… қўшниси ўлгур, жуда ёмон одам. Хидир билан ер талашиб қолибди. Қара, одамнинг ёмони ёмон-да. Бўлмаса, Хидирнинг уйи кўчанинг бу томонида. Кўчанинг у томонидаги Орифжон томонга ғўзапоя босибди-да. Орифжон чиқиб “оласан ғўзапоянгни”, дебди. Бу “олмайман” дебди. Икки ўртада жанжал чиққан. Ҳеч ким йўқ экан, Хидир Орифжонни уриб қўйибди-да. Жигарига қаттиқроқ урганми, бир-икки кун касалхонада ётди-ю, узилди. Биронта гувоҳ бўлмагани учун Хидир жавобгарликдан қутулиб қолди. Бунинг устига Хидирнинг қайноғаси, Салтининг акаси Қиличбек Арслонбеков шаҳарда жуда катта лавозимда ишларди. Биров дадил даъво қилолмади. Укаси Одилжон шундан кейин Хидир билан довлашиб юрди. Одилжон билан Хидир ҳар ерда жиққиллашадиган бўлиб қолишди. Бир куни, ер текислам пайти эди, Хидир иккови шудгорда жанжаллашиб қолишибди. Хидир ДТнинг катта бир темири билан Одилжоннинг орқа миясига бир урибди. Бола фақир ўша ерда қонга беланиб йиқилган. Югуриб келган одамларга ДТдан “йиқилиб тушди”, деб Хидир қутулиб кетди. Кўрган одамлар ҳам гувоҳлик беришдан қочишди. “Билдим дединг – тутилдинг, билмадим дединг – қутулдинг” деган гап бор-ку. Дард устига чипқон деб, Одилжоннинг хотини, оти Асила эди, Асила эрининг олдига югуриб келаётиб шихмоланинг устига қоқилиб йиқилибди. Ана энди буни кўр. Бечора келин ўша ерда жон берган. Одилжоннинг икки боласи бор эди, иккови ҳам ўғил эди. “Тоғаси олиб кетди”, дейишди. Бир куни “болалар йўқолиб қолибди” дейишди. Ўша бўйи дом-дараги чиқмади болаларнинг.
– У Хидирни жазолашгандир?
– Йўқ. У жавобгарликдан қутулиб қолди. Айтдим-ку, қайноғаси катта амалдор эди деб. Билмадим – нима қилган, ҳарқалай қамалмади. Ҳозиргача шу бригадада бригадир.
– Қайноғаси қўллаган экан-да.
– Кўпчилик шундай деб ўйлайди. У пайтларда Хидирни “сен” деб бўлмасди, пичоғи кесган даврлар эди.
– Шунақа воқеалар бўлган денг.
– Ҳа, шунақа. Ўша болалар кўп эсимга тушади. Бир куни ота уйларини топиб келади, деб ўйлайман.
– Албатта. Ўғил бола бир куни ота уйини қидириб келади.
– Қайда бўлса ҳам бошлари тошдан бўлсин, илойим.
Холматжон Шокирнинг олдига, мактабга ўтишини баҳона қилиб Мирза бувадан рухсат сўради. Чол суҳбатдошидан айрилаётганига ачинса ҳам, ноилож унга рухсат берди.
ХХХ
Холматжон Муродни узоқ куттирмади. Эртаси ўтиб индинига телефон қилди. У Мурод яшаган уйни топганини, ўзи бориб кўриб келганини айтди. Муродга уй манзилини жуда ҳам мукаммал қилиб тушунтирди. Шу кеча тонг отишига яқин, соат учдаги рейс билан Мурод Тошкентга учди. Кетиш олдидан китоб жавонида, кичкинагина қутининг ичида сақлаётган бир нимани олди. Бу сийқаланиб кетган, ранги ўчиб, униқиброқ қолган бир сўмлик пул эди.
ХХХ
Ўн еттинчи болалар уйини топиш унчалик қийинчилик туғдирмади. Соат тўққизга қолмай топиб борди. Қоровул уни эшик оғзида бироз куттириб ичкари кириб кетди. Бироздан сўнг чиқиб директор уни кутаётгани айтди. Директор хонасида тўладан келган, сочларига оқ оралаган басавлатгина аёл ўтирарди. Мурод салом бериб, унинг ҳузурига муҳим бир иш билан келганини айтди. У русча гапиргани учун директор шу ерда тарбияланган болалардан бири бўлса керак деб ўйладими, сўради:
– Болам, сиз нечанчи йили бу ерни битиргансиз?
– Мен бу ерда тарбияланмаганман, кечирасиз.
– Узр. Сизни шу ерда тарбияланганлардан деб ўйлабман. Бизнинг болалар бу ердан кетганларидан кейин ҳам тез-тез келиб туришади. Гоҳида бирига биронта ҳужжат керак бўлиб қолади, гоҳида баъзи бирлари шунчаки кўриб кетгани келишади, чунки бу ерни улар ўз уйлари деб билишади.
– Мен бу ерга укамни излаб келгандим.
– Укамни? Қанақа укангизни?
– Ўзимнинг укамни.
– Исми нима? Фамилияси-чи?
– Исми Умид эди. Фамилияси…
– Исми ўзбекча-ку. Қандай? Сизнинг укангиз?
– Мен ҳам ўзбекман,– жилмайди Мурод,– бу ерга бундан анча йиллар олдин келтирилган. Аниқ санаси йигирма учинчи июль. Ҳозир адашмасам, саккизинчи синфда ўқиса керак, яна билмадим.
– Саккизинчи синф… саккизинчи синф… Менимча, яқинда шунақа болани юқори ташкилотдан биров суриштиргандай бўлувди.
– Ўша мен эдим.
– Сиз? Йўқ, катта одам, жуда катта одам суриштирган. Москвадан.
– Менинг илтимосим билан суриштирганди.
– Ҳа, тушунарли. Ҳозир болалар дарсга кириб кетишди. Сиз ўтира туринг. Мен чиқиб синф тарбиячисига айтай, олиб келади,– аёл ўрнидан туриб ташқарига йўналди. Қабулхонага чиққан директор кимгадир нимадир деди-ю, қайтиб кирди.
– Йигитча, мумкин бўлса, паспортингизни кўрсатсангиз. Расмиятчилик. Ҳар хил одам бор. Шундай қилмасак бўлмайди.– директор мулойим жилмайди.
– Тушунаман. Мана, марҳамат.– Мурод ҳужжатини олиб аёлнинг қўлига тутди.
– Москвада яшайсизми? Буни қаранг-а, ажойиб-ку. Шунинг учун русча гапираётган экансиз-да.
– Ҳа, москваликман. Тақдир тақозоси билан деганларидай, ўша ерга бориб қолганман.
– Ҳа, ҳар кимнинг тақдири ўзгача, у ерда нима иш қиласиз? – аёл унга паспортини қайтариб берди.
– Ўқийман. Университетда.
Аёлнинг чеҳраси бир зум мамнунлик билан ёришди.
– Баракалла. Ўқисангиз, жуда яхши, жуда яхши.
Улар гаплашиб туришар экан, қабулхонада котибага бировнинг гап қўшгани эшитилди. Кейин эшик очилиб озғингина аёл ўзбекчалаб “мумкинми?” деди-да, ортига қараб: “Келавер, Умиджон”, деди. Хонага аёл билан эргашиб Муроднинг елкасича келадиган, озғингина бола кириб келди.
– Мана, мана шу бола Умиджон. Бизнинг боламиз,– деди директор. Мурод болага тикилиб қолди. Юраги алланечук гурсиллаб уриб кетди. Бола эса нимага чақиртирилганини билмай гоҳ директорга, гоҳ Муродга қаради.
– Бу акангни танийсанми?– сўради директор.
Бола ҳайрон бўлиб Муродга тикилди. Сочлари елкасига тушиб турган, рангпар йигитчага синовчан қараб тураверди.
– Иккови бир-бирига ўхшар экан,– деб юборди тарбиячи аёл,– акаси эмасми?
– Акаси, акаси,– жавоб берди директор.
Мурод боланинг олдига юриб келди.
– Мени эслайсанми, Умид?– сўради русчалаб.
Умид унга хавотирланиб қараб турди-да, ўзбекча сўради:
– Нимага келмадинг? Қаерда эдинг?
Мурод уни маҳкам қучоқлаб олди. Умид ҳам акасининг бўйнига осилиб йиғлаб юборди. Мурод умрида биринчи бор дийдор сабаб ўксиб-ўксиб, ўкириб-ўкириб йиғлади. Кўз ёшларини укасининг сочларига суйкаб йиғлади, уни бағрига босиб-босиб йиғлади. Умрида биринчи бор энг яқин одамининг юзларидан ўпди, сочларини ҳидлади, елкаларини силади…
Директор Умидни ташқарига олиб чиқишга рухсат берди. Мурод укасини етаклаб йўлнинг нариги томонидаги магазинга бошлади.
– Сенинг олдингдаги биринчи қарзимни узишим керак. Дадам берган нарсани сенга беришим керак,– деди. Иккови магазинга кирганларидан кейин сотувчига бир сўмлик пул узатди.
– Бунга коржик беринг.
Сотувчи пулга қараб илжайди.
– Ука, бу пулинг даққиюнусдан қолганми? Бунча бунақа сийқаланиб кетган?
– Қанча келса, шунча бераверинг,– деди Мурод.
Сотувчи бошини қашиб турди-да, пештахтадан ўн бир дона коржик олиб унга узатди.
– Мана, буни икковимиз еймиз. Бу пулни менга дадам берган. “Укангга коржик олиб бер” деган. Мен дадамнинг айтганини бажардим.
Ўзи битта коржикнинг бир бурдасини синдириб олиб Умиднинг оғзига солди, бир бурдасини ўзи оғзига солди. Умид битта коржикни егандан кейин “қолганини ўртоқларимга бераман”, деди.
– Майли, энди мен билан кетасанми?– сўради Мурод.
– Қаерга? Уйимизгами?
– Ҳа, уйимизга. Москвага.
– Бизнинг уйимиз у ерда эмас. Қишлоқда. Анжонда.
– У ерга албатта борамиз. Ўша ерга сени олиб кетиш учун келдим.
– У ерда икковимиз яшаймизми?
– Икковимиз яшаймиз.
– Қачон кетамиз?
– Менинг пича ишларим бор. Шуни битириб, кетамиз. Бугун меҳмонхонага борамиз. У ерда озроқ дам олайлик, гаплашамиз. Кейин нима қилишимизни сенга айтаман.
Иккови Умиднинг гапи билан яна қайтиб болалар уйига киришди. Аввал магазиндан бир нарсалар харид қилишиб иккита катта пакетни тўлдиришди. Умиднинг ўртоқлари бу ерда кўп экан. Олиб кирган нарсаларини уларга едиришди-да, Мурод яна директорнинг олдига кириб ундан Умидга жавоб беришини сўради.
– Ҳозир ўқиш пайти бўлгани учун сизга кўп жавоб беролмайман. Майли, уч кунга рухсат. Тилхат ёзиб беринг.– сўради директор.
Мурод унинг талабини бажарганидан кейин Умидни олиб шаҳарга чиқиб кетди. Иккови бориб меҳмонхонага жойлашдилар. Кундузи ҳеч қаёққа чиқмай ака-ука бир-бирларининг дийдорларига тўйиб суҳбатлашиб ўтиришди. Мурод ўзининг бошидан ўтганларини сўзлаб берди. Умидни олиб кетишганидан кейин улар вокзалда ҳалиги кекса одам ( укаси уни эслолмади) уни олиб кетганини, Москвага бориб қолганини, у ерда шахматни ўрганганини, ҳозир жуда кучли шахматчига айланганини гапирди. Гап орасида энди ҳамма нарсалари бўлишини, қишлоққа бориб ота уйларини ҳам бошқатдан қуриш нияти борлигини ҳам эслатди. У ерга Умидга уй қуришини, Умидга бу ерда, Тошкентда ҳам уй олиб беришини айтди. Умид ҳам эсида қолганларини сўзлади. Доим уни кутганини, мени излаб келади деб умидвор бўлганини айтди. Вокзалга борсам, акамни топаман, деб ўйлаб бир неча марта қочиб кетганини эслади.
– Бу ерда эртага сенга уй оламиз. Ўз уйингда яшайсан,– деди Мурод.
– Сен ҳам шу ерга келасанми?
– Мен бироз у ёқда бўламан. Бунинг сабаби бор, чунки энг катта мастерлар ўша ёқда, мен улар билан мулоқотда бўлиб туришим керак. Бундан ташқари, у ердаги банк ҳисобларимни бу ёққа кўчириш ҳам осон кечмаса керак. Лекин бир куни яна шу ерга келаман. Икки ёки уч йилда яна бирга яшаймиз. Унгача сен шу ерда яшаб турасан. Ёзда меникига кетасан. Тўғрисини айт, болалар уйида яшаш оғирми?
– Менга оғир эмас, аммо энди сени топдим. У ерда яшагим келмай қолди. У ердаги ҳамма болалар ўз уйларига бориб яшашни орзу қиладилар. Мен ҳам шундай.
– Ундай бўлса, қурилиш идораларидан, уй-жой таъминоти бўлимидан суриштирайлик. Бугуноқ уй оламиз.
– Бу ердан сенга уй топилармиди. Қанча қишлоқдан келган ўзбеклар уйсиз юради-ю, бу ерда, мен биламан. Бўлса ҳам сенга беришмайди.
– Мен мокваликман-ку.
– Тўғри айтасан. Москвалик деб сенга беришлари мумкин.
– Яхшиси, қўлдан олиб қўя қоламиз.
– Унда эҳтиёт бўлишимиз керак, яна алданиб қолмайлик.
– Алданмаймиз, хавотир олма.
– Шунинг учун давлат идораларига мурожаат қилма. Ўзбеклигингни билиб қолишса, Тошкентдан сенга уй беришмайди. Тўғриси, бизнинг директоримиздан ёрдам сўра. У аёл бу ердаги шарт-шароитни яхши билади. Танишлари ҳам кўп. Эҳтимол, ёрдам берар.
Иккови маслаҳатни бир ер қўйдилар. Эрталаб Мурод директорнинг олдига бориб уй масаласида ёрдам сўрайдиган бўлди.
Кечки пайт овқатлангани ресторанга тушишди.
– Хоҳлаган нарсангни буюравер,– деди Мурод.
– Ресторан қиммат бўлади, пулинг етадими, ишқилиб?– хавотирланиб сўради Умид.
– Бутун ресторанни сотиб олишга етади,– жилмайди ака.
Умид бир неча хил таом танлади. Уларнинг олдига келган официантга кўрсатганди, у иккиланиб туриб қолди. Мурод унга тикилди.
– Буларнинг бари икковингларгами, ё яна шеригинглар борми?– сўради официант.
– Ҳаммасини олиб келаверинг,– унга қовоқ остидан қаради Мурод.
Ака-ука гоҳ русчалаб, гоҳ ўзбекчалаб суҳбатга тушиб кетдилар. Муроднинг қийналиб гапираётганини билиб укаси уқтирди:
– Жуда бузиб гапиряпсан. Қийналсанг, русча гапиравер, мен русчани яхши биламан. Ахир, болалар уйида фақат русча гаплашамиз. Дарсларда ўзбекча гаплашиб қўйсак, койишади. Ётоқда, дарсдан кейин ўзбекча гаплашаверамиз.
– Оз-оздан ўрганяпман-да, айбга буюрма. Барибир, ўзимнинг тилимни билишим керак. Қийналиб-қийналиб бўлса ҳам ўрганаман.
– Йўқ, унча бузаётганинг йўқ-ку, талаффузинг сал бошқача.
– Униям жойига қўяман ҳали.
Ресторанда узоқ қолиб кетдилар. Бундай ҳашаматни кўрмаган Умид акасининг “пулим етади” деганига ишониб хоҳлаган нарсасини буюртирди, ҳатто қўшиқ айтаётганларга бориб “менга Шерали Жўраевнинг она ҳақидаги қўшиғини айтиб беринглар”, деб буюртма қилиб келди.
Вақт алламаҳал бўлгандагина иккови қўзғолишди. Мурод официантнинг олдига юз сўмликни ташлади-да, “етадими?” деб сўради. Офицант халати чўнтагини кавлаётганди “ қайтими керак эмас”, деб ўрнидан турди.
Кечаси билан иккови гаплашиб чиқишди. Эсларида қолган воқеаларни ёдга олишди. Кўпроқ Умид дадаси, онаси ҳақида сўради. Мурод билганича гапириб берди. Кейин Москвадаги ҳаёти ҳақида кўп нарса гапирди. Умидга яна бироз сабр қилишини, ота-онаси яшаган ҳовлига мусобақадан келганидан кейин боришларини уқтирди.
Эртасига Умидни эргаштириб болалар уйига борган Мурод директор билан узоқ суҳбатлашди. Ўзининг бошидан кечирганларини, ҳозирги шароитини қисқароқ қилиб айтиб берди. Гапининг ниҳоясида бу ердан уй олмоқчилигини, қўлидан келса, ёрдам беришини сўради. Зиёда Раҳимовна очиққина аёл экан, Мурод билан дарров чиқиша қолди.
– Менинг укам яқинда ҳовли олиб чиқиб кетди, лекин бироз қарзи бор. Шунинг учун уч хонали уйини сотмоқчи эди. Бир гаплашиб кўрай, агар рози бўлса, шу уйни олинг. Шаҳар марказида, ҳар томонлама қулай. Мен айтсам, нархини бироз келиштириб берар,– деди Зиёда Раҳимовни.
– Қанчага беради? Қачон гаплашсак бўлади? Менга қолса, ҳозир бориб расмийлаштириб оламан. Уйни укамнинг номига оламану ўзим мусобақага кетишим керак,– уни шоширди Мурод.
Зиёда Раҳимовна укасига телефон қилди. Пича гаплашгандан кейин, дастакнинг бир томонини қўли билан ёпиб туриб Муроддан сўради:
– Пулини қачон бермоқчисиз?
– Хоҳласа, ҳозир. Шундоқ банкка бораману олиб бераман. Агар ўзимдаги пул етмаса,– деб қўшиб қўйди Мурод.
Директор яна бироз гаплашди-да, Муродга юзланди.
– Бугун укам бўш экан, ҳозир бораверасизми?
– Ҳозир боравераман. Қанча тез бўлса, шунча яхши. Ўз уйимизда укам билан бир-икки кун турмоқчиман.
Аёл дастакни қўйиб ўрнидан турди.
– Юринг. Укам бизни уйида кутмоқчи, биз боргунча, у ҳам етиб боради. Уйни кўрасизми?
– Агар сизга ўша уй маъқул бўлса, тўғри нотариал идорага бораверайлик. Барчасини бир йўла расмийлаштириб қўяверайлик,– деди Мурод.
Директор бошқатдан дастакни кўтарди…
Учинчи қаватда жойлашган уй Муродга ҳам, Умидга ҳам маъқул тушди. Савдо тездагина пиша қолди. Икки кундан кейин, барча расмиятчилик пишганидан сўнг етти минг сўм пулни Мурод уйнинг эгасига санаб берди. Кечгача уйга керакли жиҳозларни сотиб олиб ташиттирди. Керакли ҳамма нарсалар жой-жойига қўйилди. Шу куни ака-укалар учун байрам бўлди. Ўзларича палов дамлаб нишонламоқчи бўлдилар.
– Бизда байрам бўлса, албатта палов қилинади. Палов қилишни биласанми?– сўради Умид гарчи акасининг билмаслигини билса ҳам.
– Биронтасига пиширтирамиз,– дудмал жавоб берди Мурод. Умиднинг калласига бир фикр келиб қолди.
– Кел, қўшнилардан сўрайлик.
– Қўйсанг-чи, кулишади. Сенга биров бекордан бекорга палов пишириб берармиди? Яхшиси, биронта ошхонага борамиз-да, битта ошпазни ёллаймиз, келиб бизга палов қилиб берсин.
– Бўлмайди,– уни маъқулламади Умид,– қўшнилардан сўраймиз. Уялсанг, ўзим сўрайман.
– Қўй. Уят бўлади.
Унинг гапига парво қилмай Умид ташқарига чиқди. Уйнинг олдидаги скамейкаларда уч-тўрт хотин гаплашиб ўтиришар, атрофларида кичкина болалар ўйнаб юришарди. Умид тўғри уларнинг олдига бориб салом берди. Ортидан чиқиб борган Мурод унинг қилиғидан таажжубланиб бошини қашиб тураверди.
– Холалар, биз янги кўчиб келдик. Учинчи қаватда ўттиз еттинчи ва ўттиз тўққизинчи квартираларда кимлар туради, айтолмайсизларми?– сўради Умид.
Ўттиз ёшлар чамасидаги аёл:
– Вой, Ҳалимжон уйини сотдими дарров. Мен ўттиз еттинчида, бу опангиз ўттиз тўққизинчида турамиз. Уйни сизлар олдингларми? Айтдим, эрталабдан буён кўч-кўч бўляпти деб,– дея жавоб берди.
– Қўшниларимиз билан танишмоқчи эдик. Акаларимиз уйдамилар.
– Қобил акангиз уйда,– бидиради жувон,– шундоқ чиқсангиз, ўзи ҳам нима қилишни билмай зерикиб ўтирибди. Танишиб оласизлар. Таътилга чиққанидан буён зерикиб қолди. Эркак киши кўчанинг одами. Уйга сиғмас экан. Сизларнинг рўпаранглардаги квартира. Тортинмай бемалол чақираверинглар.
Умид ортига қайтди-да, акасини имлаб юқорига йўл олди. Тўғридаги квартиранинг қўнғироғини чалишганди, ўрта бўй, кўзойнак таққан, ўттиз ёшлар атрофидаги одам эшикни очди. Умид унга салом бериб бугун кўчиб келганларини айтди ва уни уйга таклиф қилди.
– Э, бор экансизлар-ку, бу хонага қамалиб олиб зерикиб ўлай дедим, гаплашадиган одам йўқ. Қўни-қўшнилар ҳам ҳаммаси ишда. Қани, ичкарига киринглар, ичкарида гаплашамиз.
– Йў-ўқ,– деди Умид ака, сиз бизникига чиқинг. Ўша ерда бемалол гаплашамиз.
– Аданглар уйдамилар?
– Биз ўзимиз, холос. Сиз билан пича гаплашмоқчимиз, танишсак дегандик.
– Ундай бўлса, бир минут, мен ҳозир. Ҳа, айтганча, шахмат ўйнашни биласизларми?
– Ўйнаймиз олиб чиқинг,– деди Умид.
Қобилжон уйнинг жиҳозларини бир қур кўздан кечириб чиқиб, олиб чиққан шахмат доскасини столнинг устига қўйди.
– Қани ким талабгор? Биринчи ким билан ўйнайман? Умид шу пайтгача гапирмай турган акасини имлади.
– Бу акам билан бир ўйнаб қўй.
– Омалекин огоҳлантириб қўяй, мен шу уйнинг ҳам, ишхонанинг ҳам чемпиониман. Менга бас келиш қийин. Шу пайтгача нечтасининг бурнини қонатганман.
Мурод жилмайиб қўйиб индамай доналарни тера бошлади. Бир неча юришлардан кейин Қобилжоннинг ахволи танг бўлиб қолди, шекилли, жағига қўлини тираб ўйланиб қолди.
– Мана бу отингизни олиб қўяман, нега буни ташлаб кетяпсиз?– сўради у.
– Майли олаверинг, унда кўп,– деди Умид акасини гапиртиргани қўймай. Қобилжон отни олди-ю, уч-тўрт юришда мот бўлди-қолди.
– Яна битта ўйнайлик,– деди у шоша-пиша.
Кейинги партияда ҳам ўн беш юришларга бормай таслим бўлди. У ҳайрон бўлиб Муродга қаради.
– Бу дейман, шахмат мактабида ўқийсизми, ука.
– Шахматни сиз… кузатиб борасизми?– сўради Муроднинг ўрнига Умид илдамлик қилиб.
– Э, шахмат менинг жону дилим. Барча мусобақаларни кузатиб бораман.
– Мурод Адилов деган шахматчини эшитганмисиз?
– Ҳа, ҳа. Москвалик. Асли озарбайжондан бўлса керак. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. Бултур катталар ўртасида ҳам Цюрихдаги мусобақада ғолиб бўлган. Шахмат олами уни янги Фишер деб атаяпти.
– Мурод Адилов озарбайжон эмас, ўзбек, у рўпарангизда ўтирибди,– деди Умид дарров.
Қобилжон уни ҳазиллашяптими деб ўйлади, шекилли, ҳўрсинди.
– Қанийди, ўшанақа болалар биздан ҳам чиқса, бизникилар пахтанинг ичидан чиқишмайди. Чиққанини ҳам кўришолмайди,– деди.
– Мен Адиловман, ўзбекман,– биринчи марта гап қўшди Мурод. Қобилжон унга жиддий тикилиб қаради. Унинг хаёлида бу болалар ҳазиллашаётганга ўхшади, лекин уларнинг кулиб туришлари бошқача эди. Мурод ёнидан паспортини олди-да, секин Қобилжонга узатди. Қобилжон қўлига паспортни олиб кўздан кечирди. Ҳали ҳам ишонмаган қиёфада уни Муродга қайтарар экан сўради:
– Ҳазиллашмаяпсизми?
– Йўқ. Мен Адиловман.
– Сиз анови… москвалик эмасмисиз?
– Москвада яшайман. Энди бу ерга кўчиб келмоқчиман.
– Э, ановини қаранг-а? Нимага ютқиздим десам, жаҳон чемпионига ютқазган эканман. Мен жаҳон чемпиони билан шахмат ўйнабман. – Қобилжоннинг ирғишлаб юборишига сал қолди.– Буни нишонлаш керак. Буни нишонлаймиз. Ишхонамга бориб айтсам, ўла қолса ишонишмайди.
– Биз ҳам шуни нишонлайлик деб чақирдик-да, сизни,– отни қамчилади Умид,– ака, дарров битта палов қилсак, танишганимиз шарафига. Нима керак бўлса, айтсангиз, биз ҳозир бориб олиб келамиз. Барча чиқими биздан.
– Гап йўқ, ука, мен ҳозир кийиниб чиқаман. Сизлар қанақа бозор қилишни билмайсизлар. Ўзим қойиллатиб ташлайман.
– Шунақа қилайлик,– ака,– уни маъқуллади Умид.
Икки соатдан кейин Қобилжон уйидан қозон олиб чиқиб газга қўйди. Янги қозонни осмади. “ Бу қозонни сизларга янгангиз обдон қиздириб беради” деб янги қозонни бир четга олиб қўйди. Ўзи гуручни тозалади. Сабзи-пиёзни ҳам ўзи тўғраштириб қўйиб жизза тайёр бўлгандан кейин ликопчага солиб келди-да, Муродга юзланди:
– Энди танишганимиз ва янги уйнинг шарафига қиттай-қиттай қилмасак, уят бўлади.
– Мен ичмайман, ичиш зарарли, одамни ўлдиради,– деди Мурод ўзбекчалаб.
– Э, бундай қўпол гапирманг. Озгинаси мумкин, мен ҳам ўзи ичмайман. Бугун бунақа… бунақа учрашувлар ҳар доим ҳам бўлавермайди.
У қараса, Мурод ичкиликка нафрат билан қараб турибди.
– Майли, ўзим эллик грамм олиб қўявераман сизлар учун ҳам.
Қобилжон стаканга пиёлага ароқдан тўлдириб қуйди-да, бир кўтаришда бўшатиб жиззадан тишлади.
– Қани, жиззага қаранглар. Оҳ-оҳ, бу ажойиб нарса-да, палов барча овқатларнинг шоҳи, паловнинг тожи жизза бўлади.
Дастлаб унинг қилиқлари Муродга сал ўтиришмаган бўлса ҳам, гаплашган сари бу йигитнинг оқкўнгиллиги, самимий эканлигига амин бўла борди. Қобилжон уриниб юриб ўзи ҳақида ҳам гапириб берди. Шу ерда илмий тадқиқот институтида ишлар, филология фанлари номзоди экан. “Докторлик диссертациясини ёқлаб олсам, институтга ишга ўтиб кетаман, ана ўшанда ҳаммаси яхши бўлади. Рўзғордаги анча-мунча камчиликлар ҳам барҳам топади. Янгангиз ҳам мени лапашангсиз демай қўяди”, деб болаларни кулдирди. Эшик очиқ бўлгани учун уйга бири тўрт, бири олти ёшлардаги икки бола кириб келишди.
– Мана, менинг энг буюк илмий ишларим. Шу ерга ҳам топиб келишди,– кулди Қобилжон. Мурод болаларга биттадан лимонад олиб узатди. Лекин улар бош чайқаб олишга унашмади.
– Олинглар, олинглар. Булар акаларинг бўлади,– деди Қобилжон. Болалар тортинибгина лимонадни олишди-ю, зумда хонани тарк этишди.
– Менинг ёнимда узоқ ўтиришмайди. Оналари дадангларга ҳалақит қилманглар деб ўргатган-да. Икковиям боғчага боради. Каттаси бу йил мактаб ёшига етди. Сентябрдан мактабга.
– Иккита холосми болаларингиз?– сўради Умид.
– Ҳа, ҳозирча шу икковини боқиб олсам ҳам катта гап,– кулди Қобилжон.
– Бола боқсангиз, қийинми?– талаффуз билан сўради Мурод.
– Э, Муроджон. Бола боқиш осон иш эмас, лекин буларсиз ҳаёт – ҳаёт эмас. Шуларни берганига шукур. Буларнинг ташвиши аслида бахтимиз бизнинг. Бирига ботинка олиб бериш керак, бирига кўйлак, бирига шим. Уни ейман дейди, буни ейман дейди. Энг гўзал ташвишлар – шу.
Қобилжон Муроднинг қийналиб гапираётганининг сабабини тушуниб турарди.
– Қачон кетгансиз Москвага?– сўради ундан.
– Кўп бўлди. Ҳали мактабга кирмадим. У ерда кирдим.
– Ота-онангиз ўша ерда яшашадими?
– Бизнинг ота-онамиз кичилигимизда ўлиб кетишган. Биз болалар уйида ўсганмиз,– Муроднинг ўрнига жавоб берди Умид,– акамни шахматга қизиқиши катта бўлгани учун ўша ёққа олиб кетишган.
– Ҳа, ҳа. Бунақа болаларни олиб кетишади марказга. Олиб кетиб тўғри қилишган экан, бу ерда бўлганда ғўза чопарди. Бахтинглар бор экан. Яхши одамларга учраган экансизлар-да.
Ака-укалар унинг гапига жавоб беришмади. Бундан Қобилжон уларнинг энг нозик жойларига тегиб қўйганини сезиб ҳижолатдан қизариб кетди.
– Мен тилчиман-да, баъзида кўп гапириб юбораман. Айбга буюрманглар.
– Сиз яхши одам экансиз. Яхши гапиряпсиз. Мен ўрганяпман. Ўзбекча эсимга тушяпти,– деди Мурод унинг ҳижолат бўлиб қолганини англаб.
– Э, ҳали бийрон-бийрон гапирадиган бўлиб кетасиз. Мен билан юрсангиз, ўн кунда тилчи қилиб юбораман.
Паловни еганларидан кейин ҳам ярим кечагача гаплашиб ўтирдилар. Шу куни Мурод Умидни шу уйга кўчириб келса, қийналиб қолмасмикин деб Қобилжондан маслаҳат сўради.
– Қийналмайди. Рўпарамизда мактаб бор, бориб-келишга қийналмайди. Бир ўзи қолади десангиз талабалардан иккита ижарачи қиз топиб бераман. Ҳам Умиджонга ёрдам беришади, ҳам ҳамроҳ бўлишади. Уйда ёлғиз қолмайди. Мана, янгангизнинг жиянлари пединститутда ўқишади. Уларда ётоқхона муаммо. Бизникида бироз яшашганди, сиқилишиб қолдик. Квартирага чиқиб кетишган. Ҳозир десангиз, ҳозир олиб келишимиз мумкин. Янгангизнинг ҳам жиянларидан кўнгли тўқ бўлиб туради. Квартира ҳақини ўзинглар айтасизлар.
– Бизга пул керакмас. Ҳаммаси бор. Умид битта қолмаса бўлди,– деди Мурод.
– Ёлғиз қолмайди. Кўчириб келаверинг. Эртага кўчириб келинг. Мен ҳам эртагаёқ қизларни гаплашиб келаман.
Мурод унинг гапидан суюниб кетди.
– Эртага қизларни олиб келинг, эртага. Мен мусобақага борсам, Умидни олиб кетолмайман, ўқиши керак. Қўрқмай кетаман.
– Хавотир олмай кетаверасиз.
– Ҳа, хавотир олмай кетаман.
– Кўнглингиз тўқ кетасиз,– кулди Қобилжон.
– Ҳа, кўнглим тўқ кетаман. Серавно самолётда ҳам овқат ейман-ку.
Унинг гапидан Қобилжон кулиб юборди. “Кўнгли тўқ” иборасини унга тушунтириб берганди. Мурод ҳам роса кулди.
ХХХ
Гарчи болалар уйининг директори анча тайсаллаб турса ҳам, ҳар қалай Умиднинг акаси билан кетишига кўнди. Бир қанча расмиятчиликлардан кейин унга жавоб берди. Ҳатто ўзи бориб Умидни мактабга жойлаштиришга ҳам кўмаклашди. Қобилжон Умидни васийликка олди. Ана шундан кейин кўнгли тинчиб Умид ва Мурод билан хайрлашди. Умидни олиб келиб туришни Муродга қаттиқ тайинлади: “Бу ер Умиджоннинг болалиги ўтган жой. Иккинчи уйи бўлиб қолган, бизни унутиб юборманглар”.
Болалар уйидан Умидни кузатгани жуда кўп бола чиқди. Унга ҳавас билан ортидан қараб қолдилар. Муродни ўйлантириб турган муаммо, яъни Умиднинг уйда бир ўзи қолиши ҳам ҳал бўлди. Қобилжон айтганини қилиб эртасигаёқ икки қизни бошлаб келди. Бу қизлар иккинчи курсда ўқишар экан. Битта хонага қизлар, битта кичкина хонага Умид жойлашди. Катта хона эса умумий хона деб эълон қилинди. Қизлар квартира ҳақи тўламайдиган, фақат Умиднинг озиқ-овқатидан хабар олиб турадиган бўлдилар. Барча керакли озиқни ғамлаб бергандан кейин бир куни эрталабда Мурод мусобақага учиб кетди. Ўн кундан кейин келишини, тўғри Тошкентга учишини айтди. Умид билан Қобилжон уни аэропортда кузатиб қолдилар.
ХХХ
Мурод Моҳирага тушунтира олганича гапириб берди-ю, Моҳира унинг гапларини ўзича тўлдириб, тўғрилаб тушуниб олди.
– Чарчагандирсан. Энди кириб ёт. Сизларга бу хонага жой тайёрлаб қўйганман. Умиджон ухлаб қолди, шекилли. Дам олгин, эрталаб қиладиган ишларимиз кўп,– таъкидлади Моҳира.
Унинг гапига кўниб Мурод ичкари кириб Умиднинг ёнига чўзилди. Унга тикилиб ётди. Кўнглида “мен ёлғиз эмасман, шундай укам бор” деган ғурурни туйди.
Меҳмонлар нариги уйда ҳали ҳам гаплашиб ўтиришар, бир баҳона билан йиғилишиб қолган қариндошлар қўзғолишни хаёлларига ҳам келтиришмасди.
ХХХ
Раъно холанинг гапи билан эртасига кечгача эски уйни тартибга келтирдилар. Нурай деб турган уйни тўрттагина оқсоқол кириб ўтириб дуо-фотиҳа қилиб чиқиб кетишлари учун тайёрлаш анча меҳнат талаб қиларди. Турғунбой ўзи билан ишлайдиган икки йигитни бошлаб келди. Акрамжон ҳам икки йигитни жўнатибди. Йигитларнинг иккитаси қозон- ўчоқ учун жой тайёрлашди, қолганлари Турғунбой бошчилигида икки хона ва айвонни тартибга келтиришди. Моҳира гап орасида қўй сўйсак яхши бўларди, деб қўйгани учун Мурод “қўй сўйиш керак экан” деган хаёлда ариқ бўйида чўнқайиб ўтириб у ёқ-бу ёқни томоша қилиб ўтирарди. Шу паллада от минган бир одам ва пиёда йигирма ёшлардаги йигит ўттизтача қўйни олдиларига солиб ўтиб қолишди. Бу колхознинг яйловга жўнатилмаган қўйлари бўлса керак. Мурод дик этиб ўрнидан турди-да, йўлга чиқди. Қўлини кўтариб отлиқни тўхтатди.
– Битта қўйингизни беринг, кўп пул бераман,– деди. Унинг гапидан чўпон кулди ва синаш учун бўлса керак сўради:
– Қанча берасан, бола?
Мурод елкасини қисди.
– Ҳозир сўямиз. Экта. Неччи сўм?
– Қўйлар колхозники. Қиммат. Ҳар бири юз эллик сўм туради буларнинг.
– Бўпти эктасини обкириб сўйинг.
– Ие! Ўзим сўйиб бераманми?
– Обкириб сўйинг,– деди Мурод амирона ва чўнтагидан олтита эллик сўмлик олиб узатди. Чўпон ҳовлида уймалашиб юрган одамларни кўриб бу ерда ростдан ҳам бирор марака ўтказилаётган экан-да, деб ўйладими, отдан тушди.
– Қўчқор бўлсинми?
Мурод унинг гапига тушунмади, лекин жавоб берди:
– Котта бўлсин.
Чўпон имо қилганди ёш йигит қўйларнинг олдини тўсиб тўхтатди. Иккита танлаб олинган қўчқорни етаклаб ҳовлига кириб борган одамни кўриб Турғунбой ҳайрон бўлганча унга тикилиб қолди.
– Келинг, ака?
– Анови бола қўй сўйиб берасан, деб мени тўсди.
Турғунбой орқадан бепарво кириб келган Муродга қаради.
– Сен айтдингми?
– Опам “қўй сўйсанг, даданг билан онанг хурсанд бўлишади” деган.
Турғунбой боши қотиб нима дейишни билмай турганди, Раъно хола буларнинг олдига юриб келди.
– Нима гап?
– Бунингизнинг қилган ишини қаранг, иккови қўйни сўйдирмоқчи. Моҳира айтганмиш.
Раъно хола ним табассум билан Муродга қаради.
– Майли, фақат биттасини сўйинглар. Биттасини боқиб турамиз. Уй қуриб битказганингда иккинчисини сўямиз.
– Онам билан дадам иккита-ку. Биттасига етмай қолади.
– Икковига ҳам етади. Битта қўй икковига ҳам етади. Бирданига иккита сўйдирсанг, иккови хафа бўлиб қолишади. Уйни ўғнамай қўй сўйишди дейишади. Шунинг учун уларнинг хурсанд бўлиши учун битта сўйиш керак.
Мурод тушундим дегандай бошини сарак-сарак қилди.
Турғунбой қўйнинг оёқ-қўлини бойлашганидан кейин ўтириб тиловат қилди. Шундан кейин қўйнинг бўғзига пичоқ тортилди.
Чўпон чаққон экан, ярим соат ўтмай битта қўйни нимта-нимта қилиб катта жомга гўштини босиб бериб чиқиб кетди.
ХХХ
Эртасига соат тўққизларда маҳалланинг ўн бештача оқсоқоли кириб келди. Масжиднинг имоми ҳам айтилган экан. У ҳам келди. Аввал шўрва тортилди, кейин имом бироз амри маъруф қилди ва хатми хўжа қилинди. Палов тортилгандан кейин эркаклар қўзғолдилар. Улар чиқиб кетишлари билан маҳалланинг катта-кичик хотинлари йиғилиб киришди. Уларни Раъно хола, Моҳира эшик олдида кутиб олдилар. Ҳовли саҳнида нима қилишни билмай серрайиб турган Муродни ва Умидни Раъно хола хотинлар киришаётганда ёнига имлаб чақириб олди.
– Мана, уйнинг эгалари келишди. Кўринглар, катта бўлишиб ҳақларини талаб қиладиган бўлиб қолишибди.
У шу гапи билан баъзи одамларни чақиб олаётганини Мурод қайдан ҳам тушунсин? Хотинлар ҳаммаси Мурод билан Умиднинг елкаларини силаб сўрашиб ўта бошладилар.
Аёллар ичкарига киришиб кетганларидан сўнг Моҳира Муродга тайинлади.
– Узоққа кетиб қолмагин. Ҳозир хотинлар китоб ўқишади. Уларга озгина пул беришинг керак. Сен ҳам, Умиджон ҳам отинча холага пул ташлайсизлар. Мен чақирганимда кириб пул ташлайсизлар, тушундингми?
– Хўп,– деди Мурод,– хотинларга пул бераман.
– Пул бермайсан. Ўртага дурра ёзиб қўйишади. Ўша дуррага ташлайсан.
– Ким дура?– сўради жиддийлашиб Мурод.
– Дурра, дурра,– унга тушунтирди Турғунбой,– мана, мана буни дурра дейишади,– у битта оқ дуррани чўнтагидан чиқариб кўрсатди,– шуни дастурхонга ёзиб қўйишади. Уйнинг эгалари унга пул ташлашади. Сен, мен, опанг, Умиджон – ҳаммамиз ташлаймиз.
– Хўп тушундим,– илжайди Мурод.
Остонага яқин ерда қоққан қозиқдай туриб қолган Муродни Турғунбой палов дамланган ўчоқ бошига чақириб олди.
– Бу ерга келиб ўтира тур. Моҳира ўзи чақиради. Кел, бир пиёладан чой ичиб турайлик. Палов ейсанми?
– Озгина ейман.
Турғунбойга кўрсатган тўнкага ўтириб бирдан сўраб қолди.
– Ҳозир дадам, онам келишдими?
– Улар келишди, дадам ҳам, энам ҳам келишди. Ҳаммамизни кўришди. Роса хурсанд бўлишди,– деди Турғунбой унинг кўнгли учун.
– Мен палов есам уят. Улар менга уят дейишади. Умидни ташлаб кетдинг, дейишади.– Мурод қўлидаги қошиқни қўйиб панжаларини бир-бирига кириштириб бошини чайқади.
– Э, тентаквой, Умидни бу ерга олиб келганингдан улар хурсанд. Палов емасанг, уят дейишади. Сен палов есанг, уларга савоби етиб боради. Шунинг учун ана, Акрам аканг ҳам ейяпти,– Турғунбой Умид билан палов еб ўтирган Акрамжонни кўрсатиб унга кўзини қисиб қўйди.
– Палов есанг, улар хурсанд бўлишади,– маъқуллади Акрамжон ҳам.
Уларга ишониб Мурод қўлига қошиқни олди.
Ярим соатлардан сўнг Моҳира Турғунбойни чақирди.
– Ака, шу ердамисизлар? Ўқиш бошланди.
Аввал Турғунбой, ортидан Акрамжон Мурод билан Умидни имлаб хотинлар ўтиришган хона томон жўнадилар. Турғунбой билан Акрамжон кириб чиққанларидан кейин навбат Муродга келди. У Умиднинг қўлига бир даста элликталик тутқазди-да, ўзи чўнтагидан бир пачка юз сўмлик олиб остона ҳатлади. Унинг қўлидаги пулни кўриб Моҳира шарт чанг солди.
– Бунчани ташлама, ўн сўм ташласанг бўлади,– шивирлади.
Ҳамманинг кўзи уларда бўлиб қолди. Бу боланинг қўлидаги пулни бу ерда ўтирган хотинларнинг биронтаси кўрмаганди. Моҳира пулни Муроднинг чўнтагига солди-ю, унга маъноли қаради. Мурод шимининг чўнтагини кавлади. Қўлига илашган беш-олтита ўн сўмликнинг ҳаммасини Моҳирага кўрсатди. Моҳира нима дейишни билмай қолди. Муроднинг қўлидаги бунча пулни яна олиб қўйишга уялди. Лабини тишлаб, бошини чайқади. Мурод эса пулини ўртага ёзиб қўйилган дуррага ташлаб ортига қайтиб чиқди. Умид эса нима қилишни билмай серрайиб туриб қолди. Моҳира унинг ҳам қўлидаги пулини тортиб олди ва қўлига битта беш сўмлик қистирди. Ака-укалар ортга қайтишди, уларнинг ортидан бошини чайқай-чайқай Моҳира чиқиб келди. Ичкарида хотинлар орасида шивир-шивир бошланди. Отинча хола меҳр билан узоқ дуо қилди.
Маросим тугаб хотинлар кўчага чиқаётганларида уларни кузатаётган Раъно хола яна Мурод билан Умидни ёнига чақириб олди. Ҳамма аёллар хайр-хўшлашиб йўлга тушдилар. Шу дамда етмишларга яқинлашиб қолган, паст бўйли Турди хола беш-олти қадам юрувди ҳамки, аёлларнинг ортидан қараб турган Мурод бирдан югуриб борди-да, унинг юзини ўзига қаратиб қучоқлаб олди, икки қўлидан тутиб унинг юзига тикилди.
– Мен сизи билдим, мен сизи билдим,– деди,– Биз бу ерга келганда, битта бола биз билан уришди. Умидни бурнига урди. Кейин мен у билан уришдим. Кейин битта явуз хотин чиқиб бизни урди. Сиз… сиз бизга помогала… Бизга яхши бўлсин дедингиз. У ямон хотинни сўкдингиз. Умиднинг бетини ювдингиз. Бизга “яхши болларим” дедингиз. Кегин биз кетдик. Узоққа кетдик.
– Вой, айланай болам, эсингда бор экан,– Турди кампир йиғлаб унинг бўйнига осилди. Мурод ҳам уни қучоқлаб олди.
– Мен сиззи… мен сиззи… Мама, с этого дня пещком не будещь ходит. Завтра же я достану тебе машину.
Унинг нима деганини Турди хола тушунмаган бўлса ҳам унга жавоб берди:
– Ҳа, ҳа, айланай болам, доим келиб тураман.
– Мен сизга-а… машина-а… бераман,– деди Мурод.
Ҳеч нарсани тушунмаган Турди хола уйини кўрсатди:
– Уйим ана, ўзим етволаман, айланай бўйингдан.
– Эртага бўлади, эртага,– деди Мурод кўрсаткич бармоғи билан таъкидлаб.
Турди хола уни дуо қилди, елкасига қоқиб уйини кўрсатди:
– Ҳу, анови учинчи уй меники, киргин. Чой дамлаб бераман, гаплашиб ўтирамиз. Қаерларда бўлганингни гапириб берасан,– деди манзират қилиб.
– Эртага киряпман. Обедгача киряпман.
Хотинларнинг бири ўзича таржимонлик қилди:
– Эртага тушликни сизникида қиламан деяпти.
– Майли, майли. Сени кутиб ўтираман, киргин, болам, бош устига.
Хотинлар чувиллашиб йўлларида давом этдилар. Мурод қандайдир бошқача шаҳд билан Раъно холанинг олдига қайтди.
ХХХ
Тезда қайтиб кетишга ошиқаётган Мурод эртасига Турғунбой билан баравар эрта тонгда турди-ю, ундан сўради:
– Ака, бугун биз архитекторнинг олдига борамиз. Кейин машина оламиз. У қаерда?
– Нима қаерда?
– Архитектор. Машина оладиган бозор?
– Архитекторни Акрам аканг билади. Машинани нима қиласан? Раисполкомда бўлади ёки…
– Кетдик, ўша ёққа.
– Менинг ишим бор. Акрам аканг ишга кетди. “Сув хўжалиги қаерда?” десанг, ҳамма кўрсатиб қўяди, уни ўша ердан топасан. Идораси шундоқ автобусдан тушганингда.
– Мен у ерга бораман.
Мурод индамай чиқиб кета бошлади.
– Тўхта, амманг турсин. Чой-пой ич, кейин борасан.
– Йўқ. Менга иш зарил.
У Турғунбойнинг ҳай-ҳайлашига қарамай чиқиб кетди.
ХХХ
Турди хола кечаги боланинг эрталабда эшигини чақирганидан ҳайрон бўлиб кўчага чиқди.
– Кел, болам, кел. Қайси шамоллар учирди?
– Йўқ. Шамол йўқ. Ҳаво яхши. Хола, сизда ўғил борми?
Турди хола унинг гапига аввал тушунмади, кейин ўғлини сўраётганини билиб:
– Ҳа, ўғлим Неъматжон бор. У ҳозир уйда эмас, Акрам аканг бор-ку, ўша билан сув хўжалиги идорасида ишлайди. Кеча идорасида дижур экан, ўша ёқда қолган,– деди.
– Ниғмат, Ниғмат,– такрорлади Мурод.
– Ҳа, Неъматжон.
– Мен кетдим. Топаман.
Мурод ортига бурилди-ю, кутиб турган таксига бориб ўтирди. Турди хола эса унинг келишидан “ўғлим билан ҳам танишмоқчи бўлибди-да”, деб ўйлаб қолаверди.
Сув хўжалиги бошқармаси идорасининг олдида бошлиқ билан гаплашиб турган Акрамжон олдиларига келиб тўхтаган таксидан Муроднинг тушиб келганини кўриб ҳайрон бўлиб қолди. Бу бунча эрта саҳарлаб бу ерга келдийкин? У бошлиғига бу амакиваччаси эканини айтиб, бирон зарур иш билан келган бўлса керак, деб унга қараб юрди.
– Ҳа, бунча саҳарлаб? Маза қилиб уйқуни уриб ётавермайсанми уйда?
– Ака, иш зарил. Менга тезда битта машина керак, архитектор керак.
Акрамжон унга қанақа машина, нимага кераклигини тушунмай сўради:
– Машинани нима қиласан, ўзинг машинада келдинг-ку?
– “Жигули”, “Москвич” янги. Мен уни сотиб оламан. Яна сизда Ниғмат борми?
– Оббо, ниғматинг нима у?
– У холанинг ўғли.
Шундагина Акрамжон Неъматжонни сўраётганини тушуниб:
– Неъматжон демайсанми? У ичкарида. Нима қиласан уни?
– Олдин кампир холага машина оламиз. Кейин архитектор билан гаплашамиз. Машинани қаердан оламиз кўрсатинг.
Акрамжон унга тикилиб туриб “бу нима бало тушидан қўрққанми, эрталабда келиб машина оламан” дейди, деб ўйлади-да, сўради:
– Ростдан машина оласанми?
– Ҳозир оламан. Кейин архитектор билан гаплашамиз. Мен билан юринг. Айтинг. Қаерда машина?
– Сен шу ерда туриб тур. Мен ўн минутда чиқаман,– деди.
Акрамжон идорага кириб кулиб-кулиб ҳамкасбларига бўлган воқеани айтиб берди-ю, Неъматжонга:
– Юр, сени сўраяпти. “Машина олиб бераман” деяпти. Ажаб эмас, машинали бўлиб қолсанг”,– деди. Ўттиз ёшлардаги бу йигит ҳам, Акрамжон ҳам Муроднинг гапини ҳазилга йўйишди. Улар чиқиб кетишаётганда бошлиқлари Нурали Алиевич тўхтатди.
– Акрамжон, агар укангиз ростдан машина олмоқчи бўлса, мен “Жигули”ни сотмоқчиман. Якшанба куни бозорга олиб чиқмоқчийдим. Биласиз, кичик ўғилга уй олаяпман, шунинг учун машинани сотмасам бўлмайди,– деб қолди. Нурали Алиевичнинг машинани олганига ҳали олти ой бўлмаган, машина янги эди. Акрамжон унга “агар рост бўлса, қайтиб кирамиз”, деди.
Уларни Мурод йўл бўйидаги арчанинг тагида кутиб турарди. Неъматжон ҳазиллашмоқчи мен билан дегандай кулиб сўрашди.
– Мана шу кампир холангнинг ўғли,– таништирди Акрамжон.
Мурод жуда ўхшатиб сўрашди: бир қўлини кўксига қўйган, жилмайган.
– Кампир эна энди пещком юрмайди. Кетдик машина оламиз.
Акрамжон қараса, масала жиддий.
– Тўхта, машина оламан десанг, шу ерда бор. Бошлиғимиз машинасини сотмоқчи, олаверасанми? Машинаси янги. Олти ой минилган, холос.
Мурод Неъматжонга қаради:
– Сизга ёқяптими?
– Менга ёқади. Лекин у “Жигули”.
– Ака, кетдик, оламиз.
– Юр, бўлмаса,– Акрамжон уларни идорага бошлади. Бошлиқ бу ажабтовур харидорга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай иккиланиб Акрамжонга қаради. Кичкинагина бола машина оламан деб турса.
– Укангиз ростдан олмоқчими?
– Оламан, оламан, кўрсатинг,– деди Мурод.
– Машина шу ерда. Ҳов ана, ҳовлида турибди.– Нурали Алиевич деразани кўрсатди.– Фақат бироз… сизга қимматлик қилмасмикин?
Мурод деразанинг олдига бориб ҳовлига қаради сўнг сўради:
– Қанча?
– Ўн тўрт минг.
Мурод ички ён чўнтагидан бир даста юз сўмлик олди-да, Акрамжонга қаради:
– Тўрт минг беринг, уйда сумкамда бор.
– Ие, эсинг борми? Чўнтагимда уч сўм пулим бор.
– Уйга телефон қилинг Умид олиб келади.
– Уйда телефон йўқ. Бу ер сенга Москва эмас, қишлоқда телефон бўлмайди.
Мурод чўнтагидан чек дафтарчасини чиқарди.
– Банкка кираман. Сизга тўрт минг бераман. Сиз машинани ҳозир ҳужжат қилинг,– деди.
Бошлиқ Акрамжонга қараб кулиб юборди.
– Бунингиз жуда тезоб экан-ку. Қолган пулини эртага берса ҳам майли.
– Йўқ. Бугун. Бу акам бориб кампир холани… – деб сўз тополмай қолди Мурод.
– Катайса қилдирсин,– тўлдирди бошлиқ.
– Ҳа, ҳа,– тасдиқлади Мурод.
– Бу укангиз ажойиб, мен гаплашадиган йигит экан. Шу бола билан бир суҳбатлашайлик. Ўтиринглар. Нима иш қилади бу йигитча? Москвада яшайдими?
– Қиладиган иши шахмат ўйнаш. Болалигидан ўша ерда яшайди.
– Айтдим, сал акцент билан гапиряпти деб.
Учови бошлиқ қаршисига қарама-қарши ўтиришиб суҳбатга берилдилар…
Шу куни тушликка қолмай Неъматжон машинани миниб уйга қайтди. Мурод билан Акрамжон архитекторнинг олдига йўл олдилар. Кун оға бошлаганда иккови икки ўрам чизмани кўтариб чиқдилар-да, уйга жўнадилар.
ХХХ
Турди холанинг бир кунда машинали бўлиб қолгани ўша куниёқ маҳаллада дув-дув гап бўлди. Ҳамма бир-бирига ўз фикрини маъқулларди. Биров бу болаларни Турди хола кичкиналигида боққан экан деса, биров бу болаларни Турди кампир ўзи болалар уйига олиб бориб жуда ҳам бой бир одамга топширган экан, ўша одам бутун бойлигини шу болаларга қолдириб кетибди дерди. Нима бўлганда ҳам Турди кампир машинали бўлиб қолгани ҳақиқат эди. Маҳалланинг барча уйида шу хусусда гапиришар, шу жумладан, Хидир бригаднинг оиласидагилар ҳам шу гаплар домида қолди.
– Қаердан келиб қолди бу ер юткурлар,– қарғанарди Хидирнинг хотини Салти,– ҳамма айб ўзингизда, вақтида, қиличингиз кесган пайтда шу ҳовлини шарт олиб Музробжонга уй солиб қўйганингизда, булар келмасди. Келса ҳам, эгаси бор экан, деб қайтиб кетишарди.
– Э, валдирайверасанми, анови Турғун ҳар йили солиғини тўлаб борарди. Бунинг иложи бўлмаган. Бўлганда қараб турармидим.
– Мана кўрасиз, булар бежиз келишмади, бир балони бошлашади. Буларда пул кўп экан, ўзим кўрдим. Қўлидаги пулни кўриб ҳушимдан кетай дедим, яна тағин нуқул юз сўмлик. Умримда ушлаган бўлсам юз сўмликни икки-уч марта ушлагандирман. Ў, булар ёмон, буларнинг дўхти ёмон. Бир бало қилиб бу ерга яқин йўламайдиган қилиб ташлаш керак.
– Бир кунда Турди опага машина олиб миндириб қўйган одамлар қанақа одамлар эканини тасаввур қиляпсанми ўзи? Яна улар Москвада яшашар экан, Москвада!
– Қўлинг узун бўлмай ўл, касофатлар. Бу етимларни қайси нодон бундай мартабага чиқариб қўйдийкин?
– Булар билан энди ўчакишиб бўлмайди. Энди бир йўли бор. Нима бўлса ҳам буларни яхши гапириб ўзимизга оғдириб олишимиз керак. Буларнинг онгига ота-онасининг энг яқин ҳамдардлари бўлгандай кўрсатишимиз керак ўзимизни. Аммо бунинг ҳам имкони йўққа ўхшайди. Келган куни кириб борсам, каттаси менга шундай ёмон қарадики, ҳатто олдида туришимни истамади. Чиқиб кетишимни талаб қилди.
– Анови Раъно билан Моҳира аллақачон қулоқларига бир нималарни қуйишгандир-да,– шанғиллади Салти,– бу ердан кўчириб ҳам қутулмадим.
– Моҳира ҳам ўша куни шунақанги совуқ муомала қилдики, аввалги пайтим бўлганда кетига бир тепиб ҳайдаб солган бўлардим-ку, қўлим қисқалик қилди. Ўлай агар алам қилди.
– Мана қараб турасиз, булар аниқ, ота-онасини суриштиришади ҳали. Раъно бутун айбни бизга оғдаради.
– Мени ҳам шу ўйлантиряпти. Нима қилишга бошим қотиб қолди. Энди фақат бир йўли бор. Кечқурун битта паловни дамлайсан. Бетингни қаттиқ қилиб, икковимиз Раъноникига “болаларни кўргани келдик”, деб кириб борамиз. Одамнинг юзи иссиқ, ажаб эмас шу билан дим-дим бўлиб кетса. Нима бўлса ҳам юзимизни иситиб олсак бўлди.
Салти эрига эътироз билдирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, Хидир гапиртиргани қўймади.
– Ўзи бу ишларнинг бошида ўзинг бошлагансан. Ҳамма гап ўша сен “ғўзапояни ариқнинг устига босинг” деганингдан бошланган. Хотиннинг гапига кирган ўзим ахмоқ. Мана давр келди, энди жавоб берадиган пайтимиз келганга ўхшайди. Нима бўлса, бўлсин, булар эски ишларни кавлаштиришмасин.
– Кавлаштирганда шу пайтгача анови Турғун билан Акрам кавлаштиришарди. Балога ақллари етмайди.
– Улар бошқа, булар бошқа, эси паст.
– Ҳа, майли. Катта бошимни кичик қилиб энди Раънонинг уйига кириб борадиган бўлдим, қандай кунларга қолдик.
– Сенинг бошингдан каттароқ бошлар чиқиб қолди, хотин. Тадорикингни кўр, кечқурун борамиз. Иложи бўлса, Раънога кўйлак-пўйлак олвол. Еган оғиз уялар деган гап бор-ку.
Иккови гапни бир ерга қўйиб кечқурун Раъно холаникига болаларни йўқлаб борадиган бўлдилар. Хидир нима қилиб бўлмасин эски ишларни қўзғолишидан қўрқарди. Лекин болалар билан бир дастурхонда ўтириш унга нисиб қилмади. Кечқурун Раъно холаникига кириб боришганларида болаларнинг кечки рейс билан Тошкентга учиб кетганларини эшитиб ичидан бир зил кетган бўлса, эртасига эрталаб маҳаллага болаларни сўроқлаб келган бир йигитнинг гапидан бутунлай гангиб қолди. Ўзини Холматжон деб таништирган бу йигит акасини қамоқдан чиқаришда Муроднинг ёрдам берганини, Министрлар Совети Раисининг ҳузурига ҳеч қандай навбатсиз олиб кирганини айтганидан кейин бўлари бўлди. Хидирнинг шўрига шўрва тўкилиши аниқ бўлиб қолди. Унинг дилини хуфтон қилган нарсалардан яна бири кеча Моҳиранинг гап орасида “ Одил акамнинг қайси касалхонага олиб борилганини Мурод суриштирди” деган гапи бўлди. Шу куни Хидир ўзини жуда беҳол сезди. Юрса-турса хаёлида ўша болалар бўлиб қолди. “Энди мендан қасос олишлари аниқ, оталарининг хунини талаб қилишади булар. Менигина эмас бутун оиламни жазолашади” деган ўй калласида тинмай айлана бошлади. Ўзини шунча чалғитмоқчи бўлса ҳам яна хаёллари бир нарсага келиб тақалаверарди. “Ўзимни жазолашса, майли-ку, болаларга осилишса, нима қиламан? Музробжон ёз келиши билан помидор олиб Россияга жўнайди. Уни Россияда “келдингми?” деб кутиб олишса. Турдивой Тошкентда ўқишда. Иккита безорини ёллаб изига тушмасликларига ҳеч ким кафолат беролмайди. Қизим Гулсора Андижонда ўқишда. Булар суриштирса, осонгина ҳаммасини топиб олишади. “Аввал болаларингни тинчитиб кейин ахволингни кўраман” деб қолишса, нима бўлади. Уйим тугул бутун бор-йўғим куяди–ку”. У ўз хаёлларидан қутулолмай қолди. Шу пайтга қадар кўрган ҳузур-ҳаловати ҳам бир бўлди-ю, кейинги икки кун ҳам бир бўлди. Ўй шундай ёмон эканки, ҳатто ухлатгани қўймас экан. Кундузи ўй-хаёл гирдобида бўлса-да, иш билан бўлиб сал-пал овунади, кечаси эса ич-этини ит тирнайди. Чарчаганидан уйқу босади, лекин ухлай олмайди. Бир-икки соат ухлагани билан уйқусида ҳам миясининг қат-қатларида шу хаёллар айланаверади. Оёқлари зириллаб кетади, бирданига қорни оғриб қолади, еган-ичганида халоват йўқ. Биров билан гаплашгани тоқати қолмади. Бир томонга шошилаётгандай юраги ҳаприқаверади. Бир жойда ўтиришга тоқат қилмайди. Учинчи кун эрталабда ҳовлига кетаётиб ўз-ўзидан орқасига қалқиб кетди. Йўлакда қанча ётди – билмайди, хотини кўриб қолиб турғизиб уйга олиб кирди. Уч кун қимирламай ётди. Лекин унинг бу ётиши касалнинг ётиши эмасди. Касал тўшакда ётса, тузалишдан умиди бўлади. Хидирнинг эса тўшакда ётиши тузалиш эмас, ўлиш орзуси бўлиб қолди. Қолаверса, у тўшакда ҳам ётолмасди. Бироз ётади-да, ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетади. Ҳоли қуриб яна тўшакка қайтади, Қанийди, бир соат, фақат бир соатгина мириқиб ухласа. Кошки, шу кунларда бир бало бўлса-ю, ўша болалардан қутулиб қолса. Аммо Хидир ўлиб ўлолмасди. Унинг ҳаётида энг даҳшатли кунлар бошланмоқда эди.
ХХХ
Болалар кетганларидан кейин Турғунбойнинг ташвишига ташвиш қўшилди. Бироқ бу ташвиш хосиятли ташвиш эди. Ахир, неча йилдан буён ота ҳовлисига уй қуриш унинг орзуси эди. Бир ҳовлида икки келин муроса-ю, мадора қилиб яшаб келишарди. Келинларнинг ғинғи чиқмай яшаётгани бир томондан Раъно холанинг сиёсатига ҳам боғлиқ эди. Қанчалик ахил-иноқ бўлишмасин, барибир, бир куни келинларнинг униси бўлмаса, буниси алоҳида рўзғор қилишни орзу қилиб қолиши бор гап. Шунинг учун бўлса керак, Раъно хола икки гапнинг бирида “бу йил Турғунбой, уй қурмасанг бўлмайди, сизларни кўчиришимиз лозим”, деб уқтирарди. Бу йил астойдил ҳаракат қилганлари билан, ҳатто, пойдевор қуйиб қўйишнинг ҳам уддасидан чиқолмадилар. Топганлари рўзғорнинг кам-кўстидан ошмади. Бундан ташқари, бир болани Тошкентда ўқитиш ҳам, бир рўзғорнинг чиқимига тенг келарди. Илёсга ҳар ойда пул жўнатиб туришмаса яна бўлмайди. Ўртоқларининг олдида ўксиниб қолмасин дейишади.
Кутилмаган вақтда бир қурилиш бригадасининг прораби келди-ю, эртадан иш бошлашларини айтганда, шошиб қолдилар. Ахир, қурувчиларнинг озиқ-овқати, нон-суви бор, улардан хабардор бўлиб туриш лозим. Битта одам ҳақ деб устларида туриши керак. Уста зоти у кам дейди, бу кам дейди. Лекин Мурод ишни пухта қилиб кетган экан. Прораб ҳеч нарса керак эмаслигини, ҳатто, тушлик озиқларигача пуллари олдиндан тўланганини айтиб ўша кундан иккови ҳовлига ҳам чизма асосида пойдевор қуйишни бошлаб юборди. Шундай бўлса ҳам улардан хабар олмаслик одамгарчиликдан эмас, Турғунбойнинг бир оёғи шу ерда бўлиб қолди. Соддалигидан бу ерга айвон, бу ерга бостирма, бу ерга қўйхона қураман деб прорабга режасини айтганди, у қўлига катта расм тутқазди. Расмда катта икки қаватли уй, ҳовлининг бутун кўриниши акс эттирилганди.
– Сизнинг уйингиз худди мана шу бўлади. Иккови ҳовлидаги уйлар бир хил шаклда қурилади,– унга уқтирди прораб.
Турғунбой суратни кўриб кўзларига ишонмади. Наҳотки оддий колхозчининг уйи шунақа бўлса…
Ўн беш кун ичида пойдевор ҳам қуйиб бўлинди.
– Яна ўн кундан кейин қурилишни бошлаймиз, ака, унгача пойдевор сал қуриб олади. Биз ҳам бир жойда озгина ишимиз бор, шуни ниҳоялаб оламиз. Ана ундан кейин сентябрнинг охирига қолмай уйнинг калитини сизга топширамиз,– деди прораб. Турғунбойнинг боши осмонга етди. У энди ҳовлилардаги дарахтларни тартибга келтиришга, янги кўчатлар экиб, осилиб ётган узум сўкчакларини бошқатдан тиклашга астойдил киришди. Тўғри, узумлар бу йил мева қилмайди, лекин янаги йилга ростмана ток ҳолига келиши керак. Бу борада ҳам қурувчилар унга ёрдам беришди. Икки кунда темирдан сўкчаклар ясалди. Ўзи миришкор бўлгани учун узум зангларини шунақанги маҳорат билан тараб чиқдики, кўрган одамнинг кўзи яшнайдиган бўлиб кетди.
ХХХ
Қўшни ҳовлида эса бутунлай бошқа кайфият, бошқа ҳолат. Қурувчилар ишни бошлашлари Хидирнинг дардига дард қўшди. У энди астойдил ишондики, бу болалар шундай қудратли қуролки, уларга бас келишнинг имкони йўқ. Нима қилишни билмайди: уйга киради, кўчага чиқади. Қурилиш бўлаётган ҳовлиларга киради. Турғунбойнинг оғзини пойлайди. Унга мулойим гапириб ўзини яқин кўрсатмоқчи бўлади. Лекин шу ерда ҳам ўзини босолмайди: юраги дейдикади, бир ёққа шошилади, қаёққа шошилаётганини ўзи ҳам билмайди. Уйга киради: ётади, туради, уф тортади. Кутилмаганда пайдо бўлиб қолган бу болаларга лаънатлар ўқийди, ўзича сўкинади. У қаерда хато қилганини ўйламайди. Нима учун бу болалар бунчалик мартабага кўтарилиб кетиши керак, бундай бўлиши мумкин эмас деб ўйлайди. У ҳеч қачон хато иш қилмаган. У ҳамиша тўғри ва ҳақ бўлган. Унинг феъл-атвори шунақа эди. Ҳатто маҳаллада биронтасига бирон мусибат етса, “ана кўрдингми, фалон пайтда менинг айтганимни қилмагандинг, менга беписанд қарагандинг, мана оқибати, шунақа балоларга гирифтор бўлдинг” дея танбеҳ бериб ўрганганди. Гўёки уни ранжитиб қўйса, ёки унинг чизган чизиғидан чиқса, одамларга мусибат етади деб ишонарди. Хидир ҳеч қачон, ҳеч кимнинг олдида айбдор бўлмаган. Аксинча, ҳамманинг унинг олдида тили қисиқ. У шундай эди. Шунинг учун Хидир эди.
Хидир билмасдики, бу дунёда ҳамма нарсанинг ниҳояси бор. Ҳамма нарса ўткинчи. Бу дунёда бировга етказилган зулм жавобсиз қолмайди. Юқорида ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиб турувчи улуғ зот борлигини билмасди. Айтишларича, қиёматда энг сўнгида кечириладиган гуноҳ бу – зулм экан. Хидир ўзининг бировларга қилган зулмини ҳам билмасди. Бунинг зулм эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаганди. У яна бир нарсани: бировларга бало ёғдирсанг, бир кун келиб сенинг бошингга ҳам бало келишини, бу бало ўша одамдан эмас, сен билмаган бошқа тарафдан кириб келишини билмасди. У яна айбига иқрор бўлишни билмасди. У яна тавба қилишни билмасди. У нафснинг, улкан НАФСнингтимсоли эди.
ХХХ
Талабалар шаҳарчасига яқин кўчаларнинг биридаги ҳовлиларнинг бирида тўрт талаба ижарада туради. Кичкинагина ҳовлининг дарвозахонасидаги бир хона шуларга ажратилган. Бу хона уларга ётоқхона, ошхона, дарсхона вазифасини бажаради. Тўртови йигит ҳам тўртинчи курсда, аммо бошқа-бошқа факультетларда ўқишади. Бир тумандан бўлганлари учун бир-бирлари билан ўқишга келганларидан бошлаб дўстлашиб кетишган. Кўпинча соат учларда келишади-ю, тўртови ҳам бир уйқуни оладилар. Кечки пайт туришиб шаҳарга чиқишиб овқатланиб келишади. Шундан кейин бири қўлига китоб, бири чизмасини, бири дафтарини олиб дарс қилишга ўтирадилар. Улар кечки соат ўн бир- ўн бир яримларгача ўқишади. Ётар пайтида шакар ва булка нон билан енгилгина тамадди қилишади-да, дам олишга ётишади. Эрталаб шоша-пиша дарсга жўнайдилар. Улар учун кундалик режим шу. Мана бугун ҳам дарсдан келдилару ҳар ким ўз кроватини эгаллади. Уйқу айни қизиган пайтда эшик қўнғироғи жиринглади. Пичадан кейин уй эгаси эшикдан мўралади:
– Илёс, иккита бола сени излаб келишибди. “Қишлоқдан келдик” дейишяпти.
Одатда, ёз ойларида ўқишга кирмоқчи бўлган ҳамқишлоқ болалар келишар, шу ерда имтиҳонларга тайёрланишарди. Бу талабаларга ҳам қўл келарди, чунки ижара ҳақини ёз бўйи улар тўлашарди. Улар эса абитуриентларни ўз ўринларига қўйиб амалиётга чиқиб кетишарди. Илёс ўшанақа болалардан келишди, шекилли, деб ўйлади. Бироқ бунча эрта келганларига ажабланиб дарвоза томон юрди. Абитуриентлар, асосан, июль ойида келишарди-да. Ҳақиқатдан ҳам икки бола. Бири каттароқ, оқ костюм-шимда, галстукларни тақиб олибди. Буниси ўнинчини битирганга ўхшайди, эҳтимол, биронта институтда талабадир. Иккинчиси кичикроқ, буниси саккизинчини битирган бўлса керак, биронта билим юртига ё техникумга кирмоқчидир.
– Келинглар, болалар.
– Илёс ака сизмисиз?– сўради кичиги.
– Ҳа, менман, келинглар.
– Биз сизнинг олдингизга келгандик,– негадир ғалати кулимсиради кичкина бола.
– Марҳаматдан келдингларми?
– Кеча келдик,– деди каттаси ғалатироқ талаффузда.
– Юринглар ичкарига, ичкарида гаплашамиз.
– Менинг манзилимни сизларга ким берди?– йўл-йўлакай сўради Илёс.
– Катта акам, кейин опам,– деди каттаси. Илёс унинг гапига кўп ҳам эътибор бермади.
Меҳмон келганини билишиб учови талаба ҳам ўринларидан туриб ўтиришарди. Илёс болаларни олиб кириб қўл олиб сўрашганларидан кейин уларни таништирди.
– Менинг ҳамқишлоқларим. Бу аканглар Қодиржон, буниси Баҳодир, буниси Илҳомжон. Қани ўтиринглар. – Илёс айлана стол атрофидаги курсиларга ишора қилди. Бироқ талабаларни ҳайрон қолдиришиб болалар ўтиришмади. Каттаси Илёсга қараб жилмайиб тураверди. Унинг бу қилиғидан Илёс “бу биронта қариндошим экану мен танимабман, шекилли” деган гумонга борди.
– Ўтиринглар, ўтиринглар. Секин-секин танишамиз,– деди Илёс.
– Мен сизни билмадим. Сиз котта бўлибсиз. Сиз ҳам мени билмаяпсиз,– деди каттаси.
– Тўғриси, танимаяпман. Ўтиринглар, танишиб оламиз секин-секин– унинг талаффузидан Илёс яна ажабланди.
– Ўтириб танишмаяпмиз,– жавоб берди каттаси. – Мен Муродман, бу Умид.
– Мурод? Умид?
– Сиз менинг кичик акамсиз.
– Биз кичкиналигимизда йўқолиб қолганмиз,– деди кичиги. Шунда Илёснинг кўзлари катта-катта очилиб кетди.
– Муроджон! Умиджон! Қаёқдан пайдо бўлдинглар!
Учови бир-бирини қучоқлаб олдилар. Илёс гоҳ унисини, гоҳ бунисини қучоқлар, хурсандлигидан бақириб гапирарди. Сўрашиб бўлганларидан кейин курсиларга ўтиришди. Талабаларнинг бири чойнакни олиб ташқари чиқиб кетди. Сув ҳам қайнаб турган экан чоғи зумда чой олиб кирди. Пиёлаларга қуйиб болаларга узатди. Илёс шкаф тепасидан нон, шакар олиб дастурхонга қўя бошлади. Ҳаш-паш дегунча учови чуғур-чуғур қилиб ўзлари билан ўзлари бўлиб қолдилар. Қодиржон, Баҳодиржон, Илҳомжонлар уларни кулибгина кузатиб ўтиришарди. Айниқса, Қодиржон худди бир ерда кўргандай Муродга тикилибоқ қолди. Уни бировга ўхшатарди-ю, кимгалигини билолмасди.
– Кетдик, бу ердан, ресторанда гаплашамиз,– Мурод тўсатдан ўрнидан турди.
– Талабалар ресторанга боришмайди, ўтир, шу ер маъқул бизга,– деб кулди Илёс.
– Йўқ. Ҳамма борсин, туринглар. Бугун мен меҳмон қиламан.
– Хижолат бўлманглар. Буни пули кўп,– деди Умид. Иккови ўринларидан туриб ташқарига йўл олмоқчи бўлишди.
Мўъжазгина ресторанда Мурод буюртма устига буюртма қилди. Стол усти жамики егуликлар билан тўлдирилди. Очиққина йигитлар дарров тил топиша қолдилар. Илёс икковининг ўртасига ўтириб олиб уларнинг бошидан кечирганларини сўрар, гоҳ унисини, гоҳ бунисини юзига акаларча меҳрибонлик билан боқарди. Анча ўтирганларидан кейин Қодиржон ёнида ўтирган Баҳодирга шивирлади:
– Мен бу болани кимга ўхшатяпман деб боядан бери ўйланаман. Адашмасам, бу бола Мурод Адилов. Москвалик гроссмейстер. Жуда кўп турнирларда ғолиб бўлган. Бу – бўлажак Фишер. Ишонаверинг.
– Мурод Адилов ўзбекмас,– жавоб берди униси.
– Ана, сўранг. Ўша бу. Москвада яшайман деяпти-ку.
– Ҳозир аниқлаймиз-да,– Баҳодир Муродга юзланиб сўз қотди:
– Муроджон, Болгариядаги турнирда иккинчи ўрин бўлиб қолди-ку, сизни ғолиб бўлади, деб тургандик.
Мурод унга маъноли кўз ташлади-да, русчалаб жавоб берди:
– У ердаги турнирнинг рейтинг даражаси бу йилги турнирлар ичида энг кучлиси бўлди. Кузатган бўлсангиз, жаҳоннинг барча энг кучлилари иштирок этди у ерда. Менман деганлар ҳам еттинчи-саккизинчи ўринларга тушиб кетишди. Менинг руҳий мувозанатим сал жойида эмасди. Укамни, оиламни топдим. Яна икки ойдан кейин Ниццада куч синашамиз. Ўша ерда мен кучимни кўрсатаман.
Қодиржон “гапим тўғри чиқдими?” дегандай Баҳодирга қараб жилмайди.
Вақт ярим кечага яқинлашганда талабалар қўзғолиш пайига тушиб қолдилар. Ташқарига чиққанларидан кейин Мурод Илёсни “биз билан кетасиз”, деб туриб олди. Учови дўстини таксига солиб кузатиб юборганидан сўнг Илёс улар билан кетди.
ХХХ
Июннинг ўрталарида болалар қишлоққа яна бир келишди. Бу сафар Илёс улар билан бирга келганди. Битта машинага ортилган совға-саломларни кўриб Раъно холанинг эси оғди. Турғунбойнинг, Акрамжоннинг, Моҳиранинг болаларига олинган совғалар ўзи бир олам эди. Улар бир кеча гаплашиб ётдилару эртасига Турғунбой, Акрамжон, Илёслар билан уйнинг қурилишини бориб кўрдилар. Иккови ҳовлига ҳам ариқ устига бир хилда кўприк қурилибди, бир хил дарвоза ўрнатилибди. Иморатларнинг асосийлари тикланган, фақат оқлаш, бўяш ишлари қолганди. Қурилаётган иморатни кўриб Муроднинг кўнгли тўлди.
– Қачон битказасиз?– сўради у прорабдан.
– Сентябрга қолмай ишни якунлаймиз.
– Ундай бўлса, сиз кўчиб келасизми?– сўради Турғунбойдан.
– Уйлар битиши билан кўчиб келаман.
– Умидни ҳам олиб келсаммикин шу ерга, нима дейсиз?
– Мен ҳам келаман. Шу ерда яшайман,– қўшилди Умид.
– Олиб келасан. Мактабни шу ерда битиради. Мана, укалари билан яшайверади. Бу ёққа кирамиз, у ёққа чиқамиз, ёлғизланиб қолмайди. Ота уйи. Қанча тез келса, бу ерга кўникиши шунча тез бўлади. Мактабни битиргандан кейин “ўқийман”, деса, Тошкентга бориб ўқийверади.
Улар гаплашиб туришар экан, дарвоза олдига келиб биров овоз берди:
– Турғунбой!
– Келаверинг,– жавоб берди Акрамжон. Эшикдан косовдек бўлиб Хидир кириб келди. У ҳаммалари билан худди қадрдонлардек сўрашди. Мурод билан Умидни “Ҳайрият, сизлар билан кўришадиган кун ҳам бор экан” деб елкаларини қучди. У ҳар қанча самимий гапиришга ҳаракат қилмасин, барибир, ўхшатолмасди. Унинг муомаласи сунъий эканлиги шундоққина билиниб турарди. Тўғрироғи, Хидир юрагидаги ғаразни яширолмайдиган ҳолга тушиб қолганди. Унинг ортидан Салти чиқиб келди. Худди минг йиллик жигарларини кўргандай барчалари билан қучоқ очиб сўрашди.
– Москвалик болам келибди-ю,– Муродга алоҳида ҳушомад қилди у,– қачон келарикин деб кўзларимиз нигорон бўлди-ку. Шу ерга келса, бизни кўрмай кетмайди деб умид қиламан. Ҳовлимга кириб борармикин деб кўзларим қорайди. Бизни ҳам келганингда йўқлаб тургин, болам.
Мурод унга тикилди. Бу тикилиш шунчаки эмасди. У бир пайтлар мурғак, ҳимоясиз гўдакларни ҳақоратлаган, юзларига шапалоқ туширган ўша “явуз” хотинни таниб қолганди. Акаларининг унга жавоб беришларини кутиб индамади, Турғунбойга қаради.
– Булар ўзи кеча келишди. Бир-икки кун туришса, кейин секин-секин ҳаммани таниб олишар,– деб жавоб берди у.
– Ҳа, шундай қилинглар, Турғунбой, бу болаларни олиб бизникига кириб борсанглар, бошим осмонга етади. “Мени ҳам йўқлайдиганлар бор экан”, деб кўнглим кўтарилади.
Муроддан кейин Илёс билан сўраша кетди. Унга бола бўлиб ҳам бирор марта ҳовлисига қадам босмаганини таъна қилиб ўзича ўпка-гина қилди.
– Келамиз, хола, келамиз,– жавоб берди Илёс,– ҳали акам билан Умиднинг уйлари битса, келавериб зериктирамиз ҳам.
– Шундай қилинглар. Сизлар билан биз қиёматли қўшни бўлганмиз. “Қиёмат кун қўшнидан” деган машойихлар.
– Ҳа, қиёмат кун қўшнидан дейишган. Бир-биримизни унутармидик,– ҳар бир сўзига урғу бериб гапга қўшилди Акрамжон. Унинг гапи замиридаги қочириқни Салти англамаса ҳам, Хидир тушунди. У гапни чалғитиш учун иморатга қараб жуда ажойиб уй қурилаётганини таъкидлади. Ўзича бир нарсаларни маслаҳат берган бўлди. Бироздан кейин иши борлигини баҳона қилиб хотинига қаради:
– Юр, энди, гапга тутиб буларни ишдан қолдирмайлик.
– Бўлмаса, бугун мен бир палов дамлай бир соатдан кейин укаларингни олиб бизникига чиқинглар. Гаплашиб ўтирайлик. Музробжон ҳам шу ерда. Баҳонада бу болалар билан ҳам танишиб олади,– Салти тилёғламалик қилди.
– Бошқа сафар чиқармиз. Аввал уйни битказайлик. Кўчиб келайлик, гаплашиш бўлса, қочмас,– эътироз қилди Турғунбой.
– Майли, аммо қарзсизлар, бир пиёла чойга кирмасанглар, қаттиқ хафа бўламиз.
– Бўпти, хола, чойни уй битгандан кейин ичамиз. Ҳозир ишимиз зарилроқ.
Хидир билан Салти олдинма-кейин бўлиб чиқиб кетишди. Улар кетганларидан кейин Мурод Турғунбойга юзланди:
– Мен бу хотинни танидим. Бизни урган, мен билдим. Эри ҳам яхши одаммасга ўхшайди.
– Қўявер. Булар билан тенг бўлма,– уқтирди Акрамжон. Турғунбой ҳам унинг гапини маъқуллаб бир нималар деди, лекин Муроднинг хаёллари бошқа ёқда бўлиб қолганди. У акаларининг гапини бошини ликкиллатиб тасдиқлади-ю, кўнглида аллақандай, ўзи тушунмаган бир нарса юрак-юрагини куйдириб ўтди.
Эрталаб иккови ака-ука хайрлашдилар. Жўнаб кетишлари керак эди: бири Москвага, бири Тошкентга. Кетишларидан олдин Акрамжон билан сўраб-суриштириб Холматжоннинг мактабини топиб бордилар. У уларни тўппа-тўғри акасининг уйига бошлаб борди. Сожида опа Муродни кўриб ўзини унинг қучоғига ташлади. “Кетамиз” дейишларига қарамай маҳкам ёпишди.
– Ҳеч қаёққа кетмайсизлар. Бугун ман сизларга хизмат қиламан. Муроджон боламга ваъда берганман: нон ёпиб бераман, кулча қилиб бераман деб.
Ярим соатга қолмай Расулжон ака ҳам етиб келди. Ўзининг ҳалоскорини кўриб сафардан қайтган боласидай бағрига босди, пешонасидан ўпди:
– Раҳмат, ўғлим, раҳмат, мени қиёматли қарзга қўйдингиз. Сиздан парвардигор рози бўлсин.
Соат учда самолётлари борлигини шунча таъкидласалар ҳам, Сожида опа рухсат бермай туриб олди.
– Билет куйса, куяр, ман тўлайман. Бир ошам ошимни едирмасдан кетказмайман боламни.
У уйга кириб-чиқиб юриб тандирга ўт ёқишни ҳам, палов қилишни ҳам, кулча нон пишириб келишни ҳам уддасидан чиқди. Айланиб ўргилиб гоҳ Муроднинг, гоҳ Умиднинг орқасига ёстиқ қўяди. Бемалол, ёзилиб ўтиришларин таъкидлайди. Дастурхон устини борки ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлади. Расулжон ака гоҳ Муродни, гоҳ Акрамжон билан Умидни олдиларидаги неъматлардан олиб ўтиришга ундар, оғзидан бол томиб Муродни мақтар, шундай мусибатли кунларда парвардигор хотинини шу болага рўпара келтирганига шукроналар айтарди. Паловни еб бўлишиб, бир-икки пиёла чой ичганларидан сўнг Акрамжон энди кетмаса бўлмасликларини, самолётга кеч қолишларини айтиб рухсат сўради.
– Бу келишларинг ҳисоб эмас, ўғлим бўлди Муроджон, менинг ўзимнинг ўғлим, бошқа келасизлар,– Сожида опа кўнглидагидай меҳмон қилолмаганидан ҳижолат бўлди.
– Мурод ота ҳовлисига уй қуряпти. Уй битса, бир оёғи шу ерда бўлиб қолади, опа,– ҳали келавериб зериктирадиям.
– Зериктирсин, айланай, зериктирсин. Қачон келса, уйимнинг тўри шуларники.
У ҳай-ҳайлашларига қарамай Муроднинг сумкасига тўртта нон, олтита кулча солди.
– Нон йўлда ҳамроҳ бўлади. Буни Москвага олиб борасиз, Ўзбекистоннинг ҳиди уфуриб туради.
Қаршиликларига қарамай Расулжон ака ўзи рулга ўтириб йигитларни аэропортга олиб жўнади.
ХХХ
Коинот бир гумбаздир. Унга инсон доимо ниманидир ирғитиб яшайди. Бу ирғитаётган нарсаси қилган амаллари, қилган ниятларидир. Ўша ирғитилган нарса албатта бир кун ўзига қайтади. Яхши амал қилган бўлса, яхшилик бўлиб, ёмон амал қилган бўлса ёмонлик бўлиб. Лекин бу гумбазнинг яна бир синоати борки, инсон уни тушунмайди, тушунса ҳам ўзини тушунмасликка олади-да, аъмолини давом эттираверади. Қайтадиган нарса инсоннинг ўзига эмас, энг яхши кўрган нарсасига: молига, давлатига ёки фарзандига қайтиши мумкин. Яхши амалнинг жавоби яхшилик бўлиб, ёмон амалнинг жавоби фалокат бўлиб қайтади.
Хидирнинг ҳам амаллари жавоби ерга қайтадиган пайт бўлиб қолган экан. Афуски, ўзига эмас, кўзининг оқу қораси бўлган дилбандларига.
Эрталабда боқувдаги новвосни тагини тозалаб қўйиш учун қўлига кетмонни олган Хидир шундоқ тозалаб қўявермасдан, новвосни нарироққа силжитиб қўйиш фикрига тушиб қолди. У чой ичиб ўтирган Музробни чақирди.
– Буни нарига, олманинг остига олиб бориб бойлайлик, таги чалма бўлиб кетибди. Мен паншаха билан тўсиб тураман, сен ечиб силжитасан.
– Дада, қўйсангиз-чи, буни ечдингиз, ирғишлаб қочади, икковимизга сўз бермайди. Кучимиз етмайди бунга,– эътироз қилди Музроб.
– Шу сумбатинг билан битта новвосдан қўрқасанми? Новвос сендан ҳуркийди-ю, гапингни қара. Кел, арқонни еч.
Музроб норози бўлса ҳам дадасининг гапини икки қилмай новвосни ечишга тутинди. Хидир қўлига паншахани олиб уни пана қилиб турган бўлди ўзича. Новвос ечилиб уч-тўрт қадам юргунча оғир қадам босиб юрди-ю, тўсатдан томорқадаги маккажўхори томон интилди. Музроб уни қаттиқ тортди, бироқ айни кучга тўлган бу махлуқни тўхтатиш имкони бўлмай қолди. Музробнинг ҳай-ҳайлашига қарамай уни судраб кетди. Маккажўхорига етиб борганда алами келган Музроб аччиғидан новвосни қўлидаги таёқ билан қаттиқ икки марта урди. Дунёда энг кекчи ҳайвонлардан бири новвос зоти бўлади. Уни урдингизми – тамом, пайт пойлайди. Имкон бўлиши билан сузишга чоғланади. Новвос бирдан ортига қайрилди-да, Музробга ташланиб қолди. Бундай бўлишини кутмаган йигит ортига шитоб бурилди-да, ундан қочмоқчи бўлиб олға интилди. Оёғига ўтлар илашиб йиқилди. Шу дамда новвос уни бир сузди. Ёнбошидан берилган зарба йигитни икки қадам олдинга итқитди. Чалқамчаси йиқилган йигитнинг устига етиб борган новвос уни қорнига шохини тираб ерга ишқаб ташлади. Хидир додлаганча бор кучи билан новвосга ташланди. Паншаха билан уни ура бошлади. Аммо бу баҳайбат маҳлуққа унинг уриши кор қилармиди. У айланиб ўтиб паншахани новвоснинг тумшуғига ниқтади. Шундагина ҳайвон Музробни қўйиб нари кетди.
Музробнинг ахволи оғир, ерда ўйдалаб ётарди. Кўйлаклари йиртилиб, тупроққа беланиб ётган боласининг устига бориб уни турғизмоқчи бўлган Хидир нуқул “ вой дод, уйим куйди!” деб бақирарди. Унинг овозига Салти, келин чопиб чиқишди. Бу ҳовлидаги бақир-чақирни эшитиб тезда қўни-қўшнилар югуриб киришди. Музробни авайлаб олиб бориб сўридаги тўшакка ётқизишди. У ҳуши ўзида бўлса ҳам мажолсиз, кўзларида ўт сўниб борарди. Кимдир унинг юзига совуқ сув сепди, кимдир оёқ-қўлини уқалай бошлади. Хидир нима қилишни билмай оёқларини типирлатар, турган жойида депсинарди. Салти эса додлаганча Музробни қучоқлашга уринарди. Одамлар уни четлатишга уринишган сари у боласининг устидан босарди. Ташқарига қайсидир қўшни машинасини олиб келди.
– Авалаб кўтаринглар,– деди бири. Музробни тўрт нафар эркак кўтаришиб машинага солдилар-да, туман марказига жўнадилар.
Озодликка чиққан новвос эса ҳовлидаги маккажўхорининг ўртасида бемалол ўтлаб юрарди…
Туман марказида икки соатлардан ортиқ муолажа қилганларидан кейин зудлик билан вилоятдан мутахассис чақирдилар. Хидир жонлантириш хонасидан чиққанки врачга мўлтираб қарар, оғзидан фақат бир сўз чиқарди:
– Жон укалар, боламни сақлаб қолинглар! Жон укалар, қанча пул кетса бераман, боламни сақлаб қолинглар!
Унинг ёнида турган Салти ҳам унга қўшиларди:
– Қанча кетса, кетсин, боламни сақланглар! Оғзингизга сиққанини айтинг, дўхтиржонлар! Қанча пул бўлса топаман, боламни қутқаринглар!
Нафс бандаси бўлган бу одамларнинг оғзидан фақат шу сўзлар чиқарди. Улар учун энг қудратли ҳукмдор, ҳамма нарсага қодир бўлган нарса ПУЛ эди. Инсон ўзига ясаб олган ҳукмдор – ПУЛ!
– Биз қўлимиздан келган бор имконимизни қиляпмиз, опажон,– деди дўхтирлардан бири,– бу ёғи худодан. Худо шифо берса, ҳеч гап эмас, кўрмагандай бўлиб кетади.
– Ҳа, ҳа, худо шифо беради,– унга қўшилди Хидир,– у менинг ўғлим-ку.
Врач унинг гапидан бу одам тентакроқ экан деб ўйлади, шекилли, индамай ўтиб кетди.
Салти ҳам, Хидир ҳам врачларга ялинишарди-ю, худодан сўрашни хаёлларига келтиришмасди. Чунки улар худодан сўраб ўрганишмаганди-да. Яна бир томони борки, худодан эзгу ниятлар сўралади, худодан сўрайдиган одам ўзининг ожиз банда эканлигини тан олиб сўрайди, худодан сўрайдиган одам пок ният билан сўрайди. Бу хислатлар эр-хотинда йўқ эди.
Кечқурунга борганда махсус машинада Музробни вилоят марказига олиб кетишди. Унинг тирик қолиши учун врачлар бор билимлари билан кураш олиб борардилар.
Икки кундан кейин бош врач Хидирни хонасига чақириб кирди. У бор гапни яширмай айта қолди.
– Ўғлингизнинг ахволи оғир. Унинг жигари қаттиқ эзилган. Операция фойда беришига кафолат беролмайман. Жигар бўлиниб кетган, ҳозир бизнинг бундай беморни даволаш имконимиз йўқ. Биз фақат ўн кун махсус дорилар билан тирик ушлаб тура оламиз, холос. Агар “операциядан чиқмаслиги аниқ, таваккал қилишингларга рухсат берамиз”, деб ёзиб берсангларгина операция қилишимиз мумкин, лекин ҳозир айтганимдек, бу борада бизнинг медицина ожизлик қилиб қолади.
– Жон ука, боламни қутқаринг,– чўк тушиб олди Салти. Унинг ёнига кутилмаганда Хидир ҳам ўзини ташлади.
– Жон ука, қанча десангиз бераман, қайси дорини топиб бер десангиз топаман, фақт шу боламни қутқаринг.
– Мен сизларга бор гапни айтдим-ку, жигар бўлиниб кетган. Бундай беморни даволашнинг имкони бизда чекланган.
– Ҳар қалай, озгина бўлса ҳам умид борми, укажон?
– Умид бор, лекин унга бизнинг қўлимиз етмайди. Чет элларда бунинг имкони бўлиши мумкин, лекин бизда…
– Наҳотки, шундай давлатда… – Хидирнинг кўзлари ёшланди.
– Ҳа, совет давлатида бунинг имкони йўқ.
– Дунёнинг бирон касалхонасида шунинг имкони борми, укажон?
– Бор. Чет элларда бор. Лекин бизда йўқ. Мана, сизга бор ҳақиқатни айтдим. Ўн кун ушлаб туришимиз мумкин, бундан ортиғига кучимиз етмайди.
– Чет элга олиб борилса, тузалиши мумкин экан-да.
– Агар етказиб борилса, ҳамма гап мана шунда. Германияда, Данияда жигарнинг томирларини алмаштириб ёки бир қисмини тозалаб беморни сақлаб қолиш мумкин. Шаполоқдеккина парчаси соғ қолса ҳам, бемор яшаб кетади. Жигар шундай нарса: ўзини ўзи тиклайди. Лекин бу беш-олти кун ичида амалга оширилмаса, кейин кеч бўлади.
Врачлар ҳеч қачон инсонни умидсизлантирмайдилар. Юрак уриб турсаки, уларнинг ҳар мўъжизадан нажот кутишларини истайдилар. Шунинг учун бош врач ўзлари тушуниб олар, деб Хидир билан Салтига шу чорани қўллади. Бу беморни Германияга етказиб боришнинг ўзи эртак эди.
– Жон ука,– ўрнидан сакраб турди Хидир,– сиз бор маҳоратингиз билан ушлаб туринг, мукофотини оласиз. Чет элда даволашнинг имкони бор экан-ку, мен бир чорасини топаман. Нима бўлса ҳам боламни ўлишига йўл қўймай туринг.
– Айтдим-ку, ака, ўн кунгача. Ўн кундан кейин дориларнинг кучи етмай қолади. Иложимиз қолмайди.
– Чораси бор экан… чораси бор экан… тур Салти, мен биламан қаерга боришни. Бошқа чорамиз йўқ. – Хидир хотинини туртиб гандираклаб чиқиб кетди. Уларнинг ортидан бош врач “бу бечоралар умид қилишади-да, лекин беш-олти кун ичида болаларининг ўлими муқаррар эканлигига кўникадилар”, деб ўйлаб қолаверди.
ХХХ
Кечки пайт оила жамулжам бўлиб гаплашиб ўтирганларида дарвозани биров даранглатди. Қишлоқда шом пайтида эшик қоққан одамни ёмон оладилар. Кўпинча энг зарур иши бор одамлар ҳам шом чоғи бировнинг уйини чақирмайдилар. Бундай бемаҳал ташрифдан Раъно холанинг қовоғи уюлди.
– Чиқиб қара-чи, ким экан бу бемаҳалда эшик қоққан?
– Кимдир вафот этдимикин?– Турғунбой ўрнидан тураётиб гумонсиради.
Дарвоза олдида Хидир билан Салти турар, икковининг ҳам елкаси қисиқ, йиғламсираб турардилар.
– Келинг, Хидир ака, тинчликми?
– Тинчликмас, Турғунбой, тинчликмас, уйим куйиб қолди, ука.
– Бизни худо урди, худо урди бизни,– уввос тортиб юборди Салти.
– Йиғламанг, йиғидан худо сақласин. Киринглар, уйда гаплашамиз, нима бўлди?
– Йўқ. Шу ерда, дарвозахонада гаплашаверамиз. Раъно борми, чақириб қўй, ука.
– Уйда бемалол ўтириб гаплашамиз, юринглар.
– Ўтиролмайман, ука, ўтиролмайман, жон ука, Раънони чақириб қўй.
Эр-хотиннинг ахволини кўриб ҳеч нарсага тушунмаган Турғунбой “ҳозир, ҳозир”, деди-ю, ичкарига юрди. Бир дам ўтмай Раъно холани эргаштириб қайтиб чиқди. Раъно холани кўриб Салти шарт ўзини ерга ташлади.
– Бизни қутқаринг, Раънохон! Боламни қутқаринг, қулингиз бўлай!
Хидир қўлини қовуштириб ерга қараб туриб қолди.
– Вой, келинглар, тинчликми? Туринг, туринг, нима унақа қиласиз?– Раъно хола Салтининг қўлтиғидан олиб турғизмоқчи бўлди.
– Раъно,– деди Хидир йиғламсираб,– мен сенинг олдингга бошимни эгиб келдим. Сенинг чеккан нолаларинг уволи тутди мени. Анови болаларнинг сарсон бўлганлари уволи тутди мени. Мени худо урди. Энди нажотим фақат сендан. Боламни қутқар. Бу фақат сенинг қўлингдан келади. Боламни ўлимдан сақлаб қол. Ўлгунча хизматингни қилай.
Ҳеч нарсани англамаган Раъно хола нуқул “вой, вой ўлмасам”, дерди-ю, бирон гап тополмасди.
– Нима бўлди ўзи? Тушунтириб гапиринг,– деди Турғунбой,– бу ерга ўтиринглар,– у дарров нарироқда турган икки стулни олиб келиб қўйди. Уларнинг ахволини кўриб югуриб кириб иккита пиёла ва бир чойнак кўтариб чиқди. Пиёлаларга чой қуйиб икковига тутди.
– Ўзингизни босинг, чойдан ҳўпланг, ўзингизга келасиз. Шошмай, бафуржа гапираверинг.
Хидир пиёладаги совуқ чойни бир кўтаришда бўшатди ва Раъно холага қаради. Турғунбой яна иккита стул олиб келди. Она-бола уларнинг рўпарасига ўтирдилар. Хидир ёнидан рўмолчасини олиб юз-кўзини артди. Шундан кейин Музробнинг бошига тушган фалокатни бир бошдан айтиб берди. Гапининг охирида Раъно холага мўлтираб ялинди.
– Дўхтирларнинг айтишича, яна ўн кун муҳлат бор экан, кейин кеч бўлармиш. Бунинг даъвоси чет элда экан. Илтимос боламни сақлаб қол, Раъно.
– Менинг қўлимдан нима келади, Хидир ака?
– Ҳаммаси сенинг қўлингда. Анови болангга айт. Ўшанинг қўлидан келади. Бошқа ҳеч ким эплолмайди. Менинг касримга болам қолмасин. Кўзимнинг олдида ғивирлаб юрадиган бўлиб қолса бўлди. Бошқа ҳеч нарса керакмас. Ўша болангга айт, Раъно, жон синглим.
Шундай одамнинг ўз олдида абгор бўлиб ўтиришидан Раъно хола ўнғайсизланди.
– Мен нима қила оламан, Хидир ака? Муроджон Москвада бўлса, менинг гапимни оладими йўқми – билмайман.
– Сенинг гапингни олади. Мен биламан, сенинг гапингни олади. Илтимос, унга телефон қил. Ўл десанг, ўлайин. Нима десанг, қилайин, телефон қил.
Хидир билан Салтининг бошини ерга қўйгудай бўлиб ялинишларидан Раъно холанинг ҳам, Турғунбойнинг ҳам кўнгиллари алланечук бўлиб кетди. Бундай одамнинг тўсатдан бунақа ҳолга тушиб қолиши: ялиниши, йиғлаши, тиз чўкиши икковини ҳам ғалати ҳолга тушириб қўйди. Иккови нима дейишни билмай қолди.
– Майли,– деди Турғунбой,– телефон қил десангиз, телефон қиламиз, лекин Мурод нима дейди, бир нарса деёлмаймиз. Бир-икки кунда Музробни чет элга олиб бориш имкони борми, йўқми, буни билмаймиз.
– Шундай қил, Турғунбой, ажаб эмас, кўнгли юмшаб бир чорасини топса.
– Хўп, телефон қиламан. Аммо Мурод нима дейишини билмайман. У ҳали Москвадами, ё бирор ёққа мусобақага кетдими?
– Нима бўлса ҳам телефон қил, ука,– Хидир қайта-қайта ялинди.
– Хўп, эрталаб турибоқ туман марказига бораман,– бошини ликкиллатди Турғунбой.
– Эрталабга қўйма, жон болам,– ялинди Салти,– ҳозир борайлик, бирга борайлик, Раънохон сиз ҳам боринг, марҳаматингизни дариғ тутманг. Ҳар бир лаҳза ғанимат, раҳмингиз келсин.
– Мана, машинадан ғир этиб борамиз-келамиз. Оғзингнинг ели, бир оғиз бир нима десанг бўлди,– Хидир гапираётиб титраб кетди.
Турғунбой онасига қаради. Бу абгор одамларнинг бошига тушган кулфат Раъно холанинг қалбида раҳим ҳиссини уйғотди. У Турғунбойга қараб:
– Бор, кийиниб чиқ,– деди қисқа қилиб.
– Худоё, дунё тургунча туринг,– уни алқади Салти.
Машинанинг орқасига Салти билан Раъно хола, олдига Турғунбой ўтирди. Хидир машинани юргизди-ю, ўн метр юрмай гоҳ ўнгга, гоҳ чапга кескин буриб юборди.
– Тўхтанг, тўхтанг,– деди Турғунбой. Хидир машинани тўхтатди. Турғунбой Хидирнинг машинани бошқара олмаётганини сезиб машинадан тушиб рўпарадаги ҳовлини чақирди. Аъзамжон деган шофёр йигит яхшики, уйда экан. Турғунбой ундан туман марказига олиб бориб келишини сўради. Аъзамжон ҳам кўна қолди.
Туман телефон телеграф станцияси узлуксиз кеча-ю кундуз ишларди. Турғунбой номерни ёзиб бергандан кейин ярим соатча кутдилар.
– Москвани чақирганлар, тўртинчи хонага киринглар,– чақирди оператор қиз.
Дастакни кўтарган Турғунбой ёнидагиларга қараб:
– Ҳайрият, уйда экан,– деб қўйди.
– Ўзимизнинг қариндошимиз дегин, жон ука,– унга яқин келиб қўлини кўксига қовуштирди Хидир.
Мурод Турғунбойнинг овозини эшитиб суюниб кетди, шекилли, дастакни олгандан унга гап бермай русча, ўзбекча аралаш қилиб анча ҳол-ахвол сўрашди. Ҳаммани сўради. Раъно холани алоҳида, меҳр билан сўраб, “аммамни бу ёққа юборинг, роса маза қилдириб айлантираман, чет элга мусобақага ҳам олиб бораман”, деди. Турғунбой ўзига навбат беришини кутиб анча кутиб турди. Хидир билан Салти бутун вужудлари қулоққа айланиб тикилиб турардилар. Ниҳоят, Мурод гапдан тўхтагандан кейин Турғунбой ҳам унинг ҳолини қисқача сўраб, муҳим бир иш билан қўнғироқ қилаётганини айтди. Мурод нима иши борлигини сўради. Шунда Турғунбой яқин қариндошларимиздан бири деб Музробнинг ахволини тушунтирди. У томонда Мурод индамай қулоқ солиб барча тафсилотларни диққат билан тинглади, тушунмай қолганлари ҳақида сўради. Бир қарорга келолмай жим қолди. Шунда Турғунбой “амманг ҳам шу ерда, мана, гаплаш”, деб дастакни онасига берди. Раъно хола сўрашиб бўлгандан кейин синиқ овоз билан таъкидлади:
– Болам, қўлингдан келганча, бор кучинг билан ҳаракат қил. Бу қариндошимизни қутқариш сенга боғлиқ бўлиб қолди.
– Мен бу масалани бирданига ҳал қилолмайман. Бунинг учун чет элга чиқишга рухсат олиш керак. Агар кутиб турсанглар, бир соатдан кейин ўзим телефон қиламан, ўша қариндошнинг исми фамилияси ва телефон операторининг рақамини айтинг,– деди. Турғунбойдан олдин Хидир туйнукка бориб оператор қиздан телефон рақамини сўраб қоғозга ёздириб келиб Турғунбойга тутди. Турғунбой Муродга рақамни айтганидан кейин дастакдан “ту-ту”лаган овоз эшитилди. Мурод дастакни қўйганди.
Бир соатнинг ўтиши шунақа қийин кечдики, эр-хотин тугул Турғунбойнинг ҳам юраклари сиқилиб кетди. Ниҳоят, роппа-роса бир ярим соат деганда операторнинг телефони жиринглади. У бироз гаплашгач, Турғунбойни иккинчи кабинага имлади.
– Ҳозир телефон қилади. Киринг, улаб қўйдим.
Мурод керакли одамлар билан гаплашганини, жигар операциясини шу кунларда шу соҳа бўйича иш олиб бориш учун Москвага келган германиялик мутахассислар ўтказишлари мумкинлигини, уларнинг қабулига рўйхатга туриб қўйганлигини, Москвага келаверишларини айтди. Бироқ ўзи Москвада бўлмас экан, эртага эрталаб ўн кунлик мусобақага бошқа мамлакатга жўнаб кетармиш. Турғунбой ундан у ерга боргандан кейин сарсон бўлиб қолмасликларини сўради. Мурод уларни аэропортда Саша деган йигит кутиб олишини ва барча ҳужжатларни тўғрилаб қўйишини, учинчи кун операцияга киришлари мумкинлигини айтди. Беморнинг барча таҳлилларини ўзлари билан олиб келишларини тайинлади. Яна у Андижондан Москвага учадиган самолётни ҳам суриштириб, эртага соат ўн бирдаги рейсга беморга алоҳида, уч кишига алоҳида жой брон қилиб қўйибди. Турғунбой телефон дастагини қўйганидан кейин Хидир ҳўнграб йиғлаб юборди. Турғунбойни маҳкам қучоқлаб олди, лекин гапиролмай ҳиққиллаганча туриб қолди. Салти ҳам оғзини рўмоли билан тўсиб олиб пиқ-пиқ йиғларди.
Яхшиямки, Мурод Хидирнинг фамилиясини билмасди. Билганда балки…
ХХХ
Орадан бир ой ўтгандан кейин Умид акасининг ёнига учиб келди. Мурод уни Москва бўйлаб роса айлантирди. Олиб бормаган жойи қолмади. Умид акасининг бу уйда ўтказган кунлари ҳақида жуда кўп сўради. Қандай қилиб шунча йиллар мобайнида ўзбек тилини унутиб юбормагани билан қизиқди.
– Мени Валерий Сергеевич кўп бозорга олиб борарди. У ерда ўзбек одамлар қовун, писта, узум сотишар, мен уларнинг гапларига қулоқ солардиму, лекин улар билан ҳеч гаплашмасдим. Баъзида “улар нима дейишяпти?”, деб мендан сўрарди. Мен билганимча айтиб берардим. Кейинчалик Валерий Сергеевич қариб қолганидан кейин бозорга бормай қўйдик. Бунга менинг вақтим ҳам қолмади. Ўқиш, мусобақалар.
Ака-укалар бир-бирларининг дийдорларига тўйганларидан кейин, бир ойни маза қилиб ўтказган Умид яна Тошкентга қайтди. Улар ўқиш бошланишидан олдин ота уйида учрашишга келишдилар. Уйлар ҳам битиб, кўчишга тайёрланаётганлари ҳақида Турғунбой телефон қилганди. Умиднинг ўқишини қишлоққа кўчириш учун Мурод қишлоққа борадиган бўлди. Бундан ташқари, Моҳира ҳам алоҳида телефон қилиб қишлоққа бир келиб кетишини, зарур гапи борлигини айтганди.
ХХХ
Роппа-роса бир ой ўтгандан сўнг Хидир ва Салти ўғилларини олиб уйга қайтдилар. Худонинг қудрати билан Музроб операциядан яхши чиқди. Германиялик олимларнинг шу маҳалда Москвага келиб илмий иш олиб боришлари унинг учун бир бахт эди. Докторлар ҳар икки ойда ҳолати ҳақидаги маълумотларни жўнатиб туришини, яна бир йилдан кейин келишини тайинлаб, керакли дори-дармонларни ёзиб беришгач, жавоб бердилар. Хидирининг боши осмонда эди. У Муродга нисбатан шунда ҳам илиқ бир меҳр туймади. Аксинча, Музроб оёққа турганидан кейин самолётда келаётиб Салтига нолиди:
– Келиб-келиб ишимиз тушган одамларни қара, Турғунга, Раънога ялинибман-а.
– Шулар ёрдам беришгани рост, буни тан олишимиз керак,– деди Салти.
– Бе, гапингда жон бору, лекин шуларга ялинмаганимизда ҳам, балки Музроб оёққа туриб кетарди, чоғи.
– Ўшалар жўнатди-ку, Москвага. Жўнатгунча кўзингиз олма териб қолди-ку, яна норози бўласиз.
– Шундайликка шундай-ку, аммо булар бизга, барибир, эл бўлмайди.
– Барча харажатларни ўша бола тўлади. Эл бўлмагани шуми?
– Бу тақдирдан. Шундай бўлиши керак эди, шундай бўлди, улар бир восита холос.
– Мен гапингизга қўшилмадим, отаси. Ўша болаларни дуо қилинг, барака топишсин, яна нима деб даъво қилсиз уларга. Мен ўзимнинг қилмишларимдан уялиб қолдим.
– Сен уялаверасан,– қовоғини солди Хидир. Самолётда кела келгунча икковининг гаплашгани шу бўлди. Салти эрининг важоҳатидан “ булар менга шундай яхшилик қилишга мажбур эдилар” деганга ўхшаш маъно уқди. Эрига гап уқтириш бефойда эканлигини билиб бошқа гапирмади. Зеро, Хидир бировдан миннатдор бўлиб ўрганмаганди. Эрининг муносабатиданми, ё бошқа сабабданми самолётда Салтининг юраги бир хижил бўлди, бир хижил бўлди. У буни эри билан бўлган суҳбатнинг оқибати дея ўйлади. Аслида уларни уйда яна бир шум хабар кутиб турарди.
ХХХ
Уйга келганларининг учинчи куни Тошкентдан телеграмма келди. Қисқа ёзилган хабарда тезда етиб келишлари, Ўғиллари Турдивой касалхонада эканлиги ёзилганди. Эр-хотин Музробни қолдириб тез Тошкентга жўнадилар. Бориб кўрсаларки, ҳақиқатдан ҳам Турдивой касалхонада. Боши бинт билан ўраб ташланибди. Сўраб-суриштиришлардан шу нарса маълум бўлдики, болалар билан футбол ўйнаётган Турдивой дарвоза томон бор кучи билан югуриб кетаётиб қоқилиб йиқилиб тушибди, дарвоза устунига бошининг орқаси билан қаттиқ урилгани сабабли боши ёрилиб, орқа мияси қаттиқ лат ебди. Врачларнинг айтишларича, бош мия оғир жароҳатланган. Бу жароҳатни йиллар мобайнида даволаш лозим. Аммо тўлиқ тузалиб кетишига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бош врач Хидирни барча тафсилотлар билан таништириб, кучлари етганча даволашга ваъда берди.
– Буни бирон чет элда ёки Москвада даволаш мумкинми?– сўради Хидир.
– Биз аллақачон Москвадаги ҳамкасбларимиз билан боғландик, уларга таҳлил натижаларини, беморнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни жўнатдик, аммо уларнинг фикри ҳам бизники билан бир хил бўлиб чиқди. Энди умид ёлғиз худодан. Худо шифо бераман деса ҳеч гап эмас.
– Нимага худо шифо беради, сизлар-чи, сизлар? – худбинларча сўради Хидир. Врач унинг гапидан аввал тонг қотиб қолди, сўнг жавоб берди:
– Тўғри, биз врачмиз, ака, лекин худо шифо берсагина биз сабабчи бўламиз, холос. Ҳар қандай беморни даволаётганда ичимизда худога ёлвориб турамиз. Ҳамма нарса парвардигорнинг қўлида. Шифо бераман деса, бир кунда шифо беради. Ноумид бўлманг.
Салти йиғлади, зор титраб врачларга ялинди. Улар бор билим ва малакалари билан ҳаракат қилаётганларини таъкидлаб унга тасалли бердилар. Турдивой роппа-роса бир ой касалхонада ётди. Бошининг ёрилган ташқи томони битиб қолди, фақат ўқтин-ўқтин ўзини йўқотиб қўядиган бўлиб қолди.
– Бу касаллик вақти келиб тузалиб кетади,– деди уни обдон кўрикдан ўтказган врач,– фақат узоқ даволанишга тўғри келади. Мен буюрган муолажани узлуксиз олиб борасизлар. Шундагина беш-олти йилдан кейин натижа кўрина бошлайди. Ҳозирча ҳушидан кетиш ҳолати бир ярим ойда бир содир бўлиши мумкин. Кейинчалик озайиб боради. Фақат мияга ортиқча босим бермаслик керак. Кўпроқ очиқ ҳавода юрсин. Ўқишни ташлашга тўғри келади. Бошқа иложи йўқ.
Салти билан Хидирнинг ўғилларини олиб қишлоққа қайтишдан бошқа чоралари қолмаганди.
ХХХ
Шу кунларда туманга Москвадан бир одам келди. Унинг қўлида махсус мандат бўлиб истаган идорасини текшириш ҳуқуқига эга эди. Унинг дастлабки текширган жойи туман соғлиқни сақлаш идорасининг архиви бўлди. Сўраган нарсаси Одилжон Умаровнинг касаллик варақаси ҳақидаги маълумотнома бўлди. Афсуски, бундай маълумотнома сақланмаган экан. Ўша даврдаги туман соғлиқни сақлаш бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган Бердиқул Нишоновни топдириб келди. Нафақадаги бу одамни шундай савол-сўроққа тутдики, айнан бундан ўн икки йил аввал хирургияга олиб келинган беморнинг касаллик тарихи ҳақида берилган саволларга Нишонов жавоб тополмай қолди. Нима учун ўша беморнинг касаллик тарихи сақланмаганлиги ҳақида кўп суриштирди. Бу масалада Нишоновнинг жавоб бериши кераклигини таъкидлаб, уни бир ой давомида тумандан ташқарига чиқмаслиги ҳақида тилхат ёздириб олди. Шундан кейин у ички ишлар бўлимидан шу бемор ҳақида врачларнинг маълумот берган-бермаганини суриштирди. Бу ерда ҳам ҳеч қандай из қолмаганди. Прокуратурадан суриштирувлар ҳам натижа бермаганидан кейин бу одам ўша даврда туманда прокурор бўлиб ишлаган, ички ишлар бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган, участка нозири бўлган одамларни топдириб келди. Уларни шундай қисди-басдига олдики, учови ҳам бу балойи азимдан қандай қутулишни билмай қолдилар. Уч кун ичида бутун республикани оёққа турғизиб юборди. Ўша пайтдаги раҳбарларнинг барчаси ҳозир нафақада, аммо ҳаёт эдилар. Текширувчи прокурорни, ички ишлар бўлими бошлиғини, участка нозирини ва Бердиқул Нишоновни ўзи билан Москвага олиб кетишини, Одилжон Умаровнинг иши бўйича махсус комиссияга жавоб беришларини, бу жиноят иши ўша вақтда яширилгани учун жазо муқаррар эканлигини уқтирди. Тергов ўн кун қаттиқ олиб борилди.
Ўша пайтдаги бу мудҳиш жиноятни яширганлиги, ўз вақтида ички ишларга хабар бермаганлиги учун асосий жавобгар, албатта, Нишонов ҳисобланарди. У эса қариганида бундай оғир жавобгарликни кўтара олмаслиги тайин эди. Нима қилиб бўлмасин бу ишдан қутулиб қолиш чорасини излай бошлади. “Ўша пайтда олган уч минг сўм энди тешиб чиқади, шекилли”, деб ўйлади у. Қариганида қайсидир узоқ шимол қамоқхоналарининг бирида жон беришдан қўрқа бошлади.У ўйлай-ўйлай, охири, ўша бригадирнинг қилмишларини яширмай айтиб беришга қарор қилди. У пайтлар қўли узун эди. Қани, энди ўзини кўрсатсин, ҳамма иш уни деб бўлган. Бу ишни бош айбдори ўша эди. Қандайдир катта амалдор қариндошининг қўнғироғи билан ишлар босди-босди қилинган. Тўғрироғи. унга ҳам, ички ишларга ҳам, ҳатто прокуратурага ҳам кучли босим ўтказилган. Мард бўлса, энди жавобгарликни бўйнига олсин-да. Шунинг учун Бердиқул Нишонов москвалик терговчига ариза ёзишга қарор қилди. У аризасида бор ҳақиқатни ёзади. Касаллик варақаси йўқотилгани, юқоридан тазйиқ бўлгани сабабли жиноят иши очилмаганини яширмай айтади. Шу вақтга қадар бу жиноятни айтишдан қўрққанлигини, уни қўрқитишганини ёзади. Охирида бор айбини тан олганлиги учун кечиришларини сўрайди. Ахир, айбини тан олганларга енгиллик берилиши мумкин-ку. Бундан ташқари, ўзининг бугунги кунда оғир хаста эканлигини, врачларнинг хулосаларини ҳам тақдим этади.
ХХХ
Эрталабда Хидирнинг эшигини почтачи таққиллатди. Эшикни очган Хидирнинг қўлига бир парча қоғозни тутқазди-ю, жўнаб қолди. Бу чақирув қоғози эди. Хидир терговга чақирилганди. Туман марказига етиб борган Хидирни прокуратурада роппа-роса икки соат кутдирганидан кейин терговчи уни қабул қилди. Уларнинг суҳбатини ёшгина йигит таржима қилиб турди. Ўрта бўйли, сочлари сийрак, кўзойнак тақиб олган эллик ёшлар атрофидаги рус киши уни жуда мулойимлик билан кутиб олди. Кутдириб қўйганлиги учун узр сўради. Даладаги ишлар, оилавий ҳаёти билан қизиқди. Суҳбатни шунақанги усталик билан олиб бордики, Хидирнинг назарида бу одам шунчаки бир йўлига суриштириш олиб боргани келганга ўхшади. Гап орасида у Одил Умаров деган қўшниси қанақа одам бўлганини сўради. Хидирнинг ранги бир турли бўлиб олди, кўзлари икки марта у ёқ-бу ёққа бориб келди. ( Бу терговчининг назаридан четда қолмади). Хидир Одил Умаров ҳақида ижирғаниброқ жавоб берди.
– Мендаги маълумотларга кўра Одил Умаров жуда сержаҳл, жиззаки одам бўлган дейилган. Ростдан шундай бўлганми? Сиз бригадир бўлгансиз-ку?
– Сал феъли оғирроқ одам эди,– ўйлаб-ўйламай жавоб берди Хидир.
– Айтишларича, у доим сиз билан қасдлашган экан. Бунга сабаб нима эди?
– Шу…энди, қўшничилик. Мени ёмон кўрарди.
– Нега?
Шу ерда Хидир қўлга тушишига сал қолди. Акасининг ўлимини мендан кўрарди деса, иш чувалашиб кетиши мумкин. Асл сабабини айтолмасди. У елка қисиб жим қолди. Терговчи бироз у билан иши йўқдай қоғозларини титиб ўтирди-да, яна сўради:
– Қиличбек Арслонбеков кимингиз бўларди?
– Уми… хотинимнинг акаси.
– Сизни доим қўллармиди?
– Қариндош-уруғ эдик, холос.
– Бердиқул Нишоновни танирмидингиз?
Хидир бу номни эшитишни кутмагани учун довдираб қолди.
– Йў-қ.
– У эса сизни яхши билар экан.
– Э, ҳа, танирдим. Хирург эди.
– Одил Умаровни касалхонага сиз олиб келганмисиз, ёки…?
– Одамлар олиб келишган.
– Сиз нимага келгандингиз?
– Бригадир сифатида, хабар олай деб.
– Қиличбек Арслонбековга ўша куни нима учун телефон қилгандингиз?
– Эсимда йўқ. Шунча йиллар ўтиб кетди. Эсимдан чиқиб кетган.
– Майли, майли, зарари йўқ. Ўша куни ички ишлар бўлимига Бердиқул Нишонов нимагадир хабар бермаган. Сизнинг бундан хабарингиз бормиди?
– Мен билмасам…
– Ўша одам Одил Умаровнинг ўлимини яширган. Бу жинояти учун ҳали жавоб беради. Сиз эса бригадир сифатида мана, ўша куни хабар олган экансиз. Дунёда ҳар хил одам бор экан-да. Бўпти. Сиз бўшсиз. Фақат орада яна бир-икки марта чақиртираман. Бу шунчаки расмиятчилик учун. Бундан ташқари, судда жиноятни яширгани учун Бердиқул Нишоновни суд қилишаётганда гувоҳликка ўтиб берасиз. Шу билан иш якун топади. Розимисиз?
– Розиман. Гувоҳликка ўтиб бераман.– Хидир шундай деди-ю, аъзойи баданидан тер чиқиб кетди. Чунки худди шу пайтда бир формадаги йигит очиқ турган эшик олдида Бердиқул Нишоновнинг қўлидан тутиб уларга қараб турарди. Кўз кўзга тушди. Икковининг кўз уриштиришларини уюштирган терговчи уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини синчковлик билан кузатиб турарди. У бир қарашда Нишоновнинг ҳам, Хидирнинг ҳам руҳиятини англаб етганди.
– Сизга жавоб, уйингизга кетаверишингиз мумкин. Нишонов айбига иқрор бўлган. Биз бу одам билан суҳбатимизни давом эттирамиз,– деди терговчи.
Хидир Нишоновнинг олдидан қандай ўтди, прокуратурадан қандай чиқди, қандай қилиб уйига келди – билмайди. Бир пайт қараса, дарвозаси олдида турибди.
ХХХ
Мусобақадан қайтиб келган Мурод икки кун уйдан чиқмай дам олди. Унинг шундай одати бор эди. Турнирдан келдими, кўчага чиқмайди, ухлайди, китоб ўқийди, телевизор кўради. Икки кундан кейингина Вера холанинг уйига боради. Ана ундан кейин турнирда ўйналган партияларни таҳлил қилишни бошлайди. Ўзининг ўйнаган ўйини билан бошқа шахматчиларнинг ўйнаган ўйинларини таққослаб кўради. Фалон шахматчи фалон турнирда бундай ўйнаганди, деб ўзининг ютуқ ва камчиликларини ўрганади.
Бу сафарги турнирда унга қарши ўйнаган бир шахматчи камдан кам ўйналадиган бир ўйин қўллади. Бу Альбин контргамбити бўлиб турнирларда кам қўлланарди. Бу контргамбитни қачонлардир Валерий Сергеевич кўрсатган, аммо амалиётида учрамаган эди. Ўйинни ютди-ю, бироқ кўнглидагидай ўйнамаганини сезди. Шу вариантни кўриб қўйиш учун Валерий Сергеевичнинг қўлланмаларини титкилай бошлади. Валерий Сергеевич ана шунақа вариантларга бағишлаб китоб ёзганди. Бу китоб ўз даврида қўлма-қўл бўлиб китоб магазинларида талаш бўлганди. Ўзиям каттагина, нақ икки юзта партия таҳлил қилиб берилганди. Китоб жавонининг энг пастидан бу китобни топди. Столга қўйиб очганди, ичидан бир варақ хат чиқди. Ҳайрон бўлиб очди. Бир саҳифа машинка қоғозига чиройли қилиб ҳуснихат билан шундай ёзилганди: “ Мурод, сен менинг ўғлимсан, мендан кейин бу китобга мурожаат қилишингни биламан, албатта. Шунинг учун шу китоб орасига қўйдим. Мен барча топган-тутганимни сенга қолдирдим. Швецариядаги ҳисобларим сенинг номингга ўтганидан хабаринг бор, буни ўзингнинг гувоҳлигингда амалга оширганман. Ана шу маблағни қандай ишлатишни ҳам биласан, буни сенга ўргатишни лозим топмайман. Сенга мен яна бир мерос қолдирганман. Швецария банкида омонатларни сақлаш бўлимида сенинг номингга олинган қути бор. Ўзингни тутиб олган пайтингда, мустақил яшашга кўниккан кунларингда ўша қутини бориб олгин, ундаги нарсани ўша ерда йўқ қилиш кераклигига ақлинг етар деб ўйлайман. Хатни топишинг билан у ерга жўнама, фақат йўлинг тушганда бор у ерга”. Мурод хатни ўқиди-ю, ўйланиб қолди. Валерий Сергеевич бу ҳақда унга ҳеч нарса демаганди-ку. Барча нарсаларни айтган, бор меросини унга қолдирган, яна нима бўлиши мумкин у. Ўйланди-ўйланди, бироқ нима бўлиши мумкинлигини топа олмади.
ХХХ
Икки кундан кейин Хидир яна чақиртирилди. Бу сафар аввалгидан анча узоқ суҳбат бўлиб ўтди. Терговчи шундай гапни айлантириб сўрадики, ўша куни Хидир Одил Умаров билан жанжаллашганини айтиб қўйганини ўзи ҳам билмай қолди. Суҳбат давомида секин-секин барча бўлиб ўтган воқеаларни терговчи Хидирнинг кўз ўнгида тиклаб қўя қолди. Хидирнинг лом-лим деёлмай қолгани терговчининг барча гапи тасдиқ топганини билдирарди. Қандай қилиб бор қилмишига иқрор бўлиб қолганини англамаган Хидир “дод!” деб юборишига оз қолди. Бу терговчи қандай балойи азимки, бутун воқеаларни худди ўзи кўргандай унга қайта ҳикоя қилиб берди. Энди нима қилади? Қайси тошга бошини уради? Кимга юкиниб боради? Кимдан нажот сўрайди? Ўзи-ку, майли, жазосини олар, аммо уйдаги икки боласи, навқирон ёшида ногирон бўлиб қолган жигарбандларига нима бўлади? Уларни ким қарайди? Дунёси куйди-ку, Хидирнинг шунча йиллар тотган роҳати ҳам бир бўлди-ю, умрининг охиридагиси ҳам бир бўлди. Сўнгги қийналиш онлари нақадар даҳшат бўлишини Хидир англай бошлади. Бутун борлиғи, бутун ўй-хаёллари билан нажот излай бошлади. Терговчи унинг айбларини ўзига тан олдирганидан кейин ҳибсга олдирмади, аксинча, уйига рухсат бериб юборди. Доим уйда бўлишини, ўзлари бориб олиб келишларини айтди.
Уйга келганидан кейин иккови боласининг ахволини кўриб яна баттар дили вайрон бўлди. Забун ҳолда айвондаги сўрида ўй суриб ўтираверди. Бу кўргуликларнинг сабабчиси ким экани ҳақида ўйлади. У умрида биринчи марта ўзини қотил деб тан олди. Ориф билан уришмаганида шу кунларга қолмаган бўларди. Одилни нима сабабдан урди. Ўзининг ичидаги жоҳиллик уни шунга мажбур қилмадими? Холис олганда барча айб ўзида экан. Бўлмаса, маҳалладаги шунча одам уни ёмон кўрармиди? Ахир, шу пайтгача биронта одам уни яхши кўрдими? Ҳамма ундан қўрқиб гаплашишларига ўрганиб қолган экану одамларнинг қўрқувини у ҳурмат деб қабул қилибди. Қайси даврада, қайси маърака-мажлисда қайси одам у билан самимий гаплашади? Йўқ. Маҳаллада бунақа киши йўқ. Ҳамма у билан шунчаки йўлигагина гаплашади, холос. Шу ўйлар билан банд экан ёнига хотини келиб ўтирди.
– Мени эрта-индин қамоққа олиб кетишади. Кўнглим сезиб турибди, хотин, уйга қайтмаслигим аниқ бўлиб қолди. Яхши-ёмон кунларингга рози бўласан энди. Сен билан ёмон яшамадик, яхши кунларнинг кўпини кўрдик. Бироз чидасанг, Музробжон ҳам, Турдивой ҳам тузалиб кетишади. Яна ўзингларни тиклаб оласизлар. Мени эса бу дунёда сафарим якунланиб қолди, шекилли.
– Ундай деманг, отаси, ҳали умид бор. Бир чораси топилиб қолар, ноумид бўлманг.
– Йўқ, бунинг чораси йўқ.
– Анови боладан ёрдам сўраттирсакмикин? Эҳтимол, ёрдам берар? Аввал кўзимга балойи азим бўлиб кўринишганди. Музробжонга ёрдам берди. Барча харажатларни кўтарди. Кўзим мошдек очилди. Уларнинг олдида айбдорлигимизни ўйлаб юрак бағрим ўртаниб кетяпти менинг.
– Бу ишларнинг барчасини ўша бола бошлагани аниқ. Келган куниёқ мени таниган. Аммо мен уни ҳам бугун ёмонлай олмайман. Эҳтимол, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шу ишни қилардим. Агар у бошлаган бўлса, ота-онаси учун қасос оляпти. Тўғрисини айтганда, мен шунга лойиқман. Энди англаб етдимки, шу кунгача худони тан олмабман. Бундан улуғ гуноҳ борми? Ўзимча осмону фалакда юриб одамларни оёғимнинг учида кўрсатишга ўрганибман. Энди гуноҳим ҳам, айбим ҳам ўзим билан. Бандасидан-ку, қочиб қутуларман, бироқ худодан қандай қочиб қутуламан. Ёшим етмишга етганда, фақат ҳозир ўзимнинг бор гуноҳимни англаб етдим. Мен икки дунёси расво бўлган одам эканман. Тан олиб айтаман, Орифда ҳам, Одилда ҳам айб йўқ эди. Уларни менинг манманлигим еди.
– Отаси, ноумид бўлманг, мен ҳам сиздан кам айбдор эмасман. Худодан умидимизни узмайлик. Айтишларича, астойдил тавба қилса, парвардигор барча гуноҳларни кечирар экан. Тавба қилайлик.
– Энди тавба қилишга вақт қолмади. Эрта-индин мени олиб кетишади. Мендан кейин болаларга ўзинг яхши қарагин. Ишонаман, улар тузалиб кетишади.
– Вақт бор, отаси, вақт бор. Чораси ҳам бор.
Хидир ялт этиб хотинига қаради.
– Боринг, Мирза тоғанинг ёнига боринг. У киши уруш қатнашчиси, ялиниб-ёлвориб сўранг, орага тушсин. Ахир, уруш қатнашчилари анча-мунча қамалганларни кафилликка олиб қамоқдан чиқаришади-ку. Боринг, умидсиз бўлманг, туринг ўрнингиздан.
Хотини уни қўймай қистай бошлади. Ким нима деса, шу ёққа судралиш ҳолига тушиб қолган Хидир индамай ўрнидан турди. Икки қадам юриб хотинидан сўради:
– Мирза ака унамаса-чи?
– Бор айбингизни айтинг. Тавба қиламан денг. Менга тавба қилишни ўргатинг денг. У одам намозхон одам, тушунади. Йўл-йўриқ кўрсатади. Ҳеч бўлмаганда кўнглингизни ёзиб келасиз.
Хидир бошини эгиб дарвоза томон юрди.
ХХХ
Шу кеча у жуда безовта бўлиб ётди. Нимадир унинг ғашига тега бошлади, лекин нима эканлигини тушунмади. Худди бир номаъқул иш қилиб қўйгану, одамлар билиб қолиб унга таъна қилишадигандай бўлаверди. Кўнгли ўз-ўзидан хижил бўлаверди. Чалғиш учун пича телевизор кўрди, китоб титгандай бўлди, ўзи билан ўзи шахмат ўйнади. Одатдагидек, ярим кечаси душга кириб чиқиб ўрнига чўзилди ҳамки, дилхиралиги тарқамади. Бир хаёли Умидга кетди. Яхшимикин? Телефон қилмоқчи бўлди-ю, ҳозир унинг айни пишиллаб ухлаётганини кўз олдига келтириб безовта қилгиси келмади. Тонгга яқин ухлаб қолди, лекин уйқуси узоққа чўзилмади. Эрта уйғониб кетди. Ғалати туш кўрибди. Тушига бир маҳаллар кирган чол кирибди. Ҳадеб бошини чайқатармиш. Унга тикилиб турармишу гапирмай нуқул бошини чайқатаверармиш. “Нимага ундай қиляпсиз?” деб сўрармиш ундан. Чол индамай имо қилармиш. Нарироқда ариқ бўйида дадаси билан онаси ўтириб олиб йиғлашаётганмиш. “Нега йиғлайсизлар?” деб сўраса, дадаси ҳам, онаси ҳам ундан юзларини ўгириб тескари қараб олармишлар.
Ўрнидан туриб соатга қараса, олти ярим бўлибди. Юз-қўлини ювиб келиб столга ўтирди. Истар-истамас бир тишлам пишлоқни оғзига солди-да, ўрнидан сакраб туриб телефонга югурди. Дастакни бир қиз олди. Умидни сўраганди, болалар уйига кетганини айтди. Унинг соғлиғини, ишларини суриштирди. Ҳаммаси яхши экан. Умиднинг соғлиғи ҳам, кайфияти ҳам яхши экан. Кўнгли жойига тушиб столга бориб ўтирди. Яна тушини эслади. Ўнгида кўргандай аниқ-таниқ эслади. Нима бўлса ҳам бунда бир ҳикмат бор деб ўйлади. Балки шу пайтгача ота-онасининг қабрларига эътибор бермагани учун улар тушида хафа бўлишдимикин? Уйларни қурдирди-ю, аммо ишни аввал ота-онасининг қабрларини обод қилишдан бошламаганига афсусланди. У қишлоққа бориб келишга қарор қилди. Телефон дастагини кўтариб самолётга чипта буюртириш учун рақам тера бошлади.
ХХХ
Мирза бува уйда экан. Болалар ҳаммаси иш билан овора бўлиб чиқиб кетганлари учун чол-кампир невараларни бирини қўйнинг тагини тозалашга, бирини сув олиб келишга, бирини ўрикларни қоқи қилишга солишиб қўйиб супада гаплашиб ўтиришарди. Хидирнинг чақириб келганидан Мирза бува сал таажжубланди. Чунки бу одам уни кўпам ёқтирмасди. Эскитдан маҳаллада Хидирдан қўрқмайдиган, унга тикка гапира оладиган одам битта бўлса, шу Мирза бува эди. Кампир дарров тўшак солди. Олдига дастурхон ёзмоқчи бўлганди, Хидир ёздирмади. Мирза бувада иши борлигини, тезда туришини айтиб кампирни уринтирмади. Шундай бўлса ҳам кампир бир чойнак қайноқ чой олиб келиб чолининг олдига қўйди-да, ўзи невараларининг олдига кетди.
– Мирза ака, олдингизга бошимни эгиб бир ташвиш билан келдим.
– Менинг олдимда нимага бошингни эгасан. Менга нима қилибсанки, бошинг эгик бўлади, ука?
– Гап кўп. Мени яқинда қамашади. Ҳаммасини ўйладим. Қилган барча зулмларим учун жавоб беришим керак экан. Лекин умрим қанча бор билмайман. Ўлигим бошқа юртларда қолиб кетадиган бўлди. Менинг касримга болаларим жабрланганига шу бугун ақлим етди.
– Гапингга тушунмадим.
– Ҳаммасини тушуниб турибсиз. Мен ақли ноқис бир пайтлар Ориф билан Одилнинг нобуд бўлишларига сабабчи бўлганман. Яқинда Москвадан бир терговчи келди. У менинг ичимдаги сирларимни шундай усталик билан суғуриб олдики, барчасини рўйи рост айтиб берганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бугун ё эрта мени олиб кетишади. Қаерга олиб боришади – билмайман. Менимча, жуда узоққа олиб кетишса керак.
– Суд қачон экан?
– Билмадим.
– Судсиз, сени ҳеч қаёққа олиб боришмайди. Аввал суд қилишади.
– Суд нима деб ҳукм чиқаришини биламан.
– Тушкунликка тушма. Эҳтимол, оқлаб юборишар.
– Йўқ. Мен ҳаммасини тан олиб бўлдим.– Хидир чўнтагидан рўмолчасини олиб кўзларини артди.– Буни қаранг, шундай навқирон икки ўғлим ногирон бўлиб ўтирибди. Мен худони унутган эканман. Худодан қўрқмабман. Қайтар дунё эканини билмабман. Доим шундай ўтаман деб ўйлабман. Эҳ, хом сут эмган банда.
– Ўкинма. Омон бўлсанг, яна қайтиб келасан. Болаларингнинг камолларини кўрарсан. Эшитдим, ўғилларинг секин-секин тузалиб кетишармиш.
– Улар тузалиб кетишсин, илойим. Лекин менга даво йўқ. Мен қайтмайман. Бу ишни бошлаган одамлар мени қайтишга қўяди деб ўйлайсизми?
– Ким бошлаган бу ишни? Нега тўсатдан шунақа бўлиб қолди?
– Бу Одилнинг катта ўғли бўлса керак, деб ўйлайман. Унинг қўли жуда узун, Москвадаги ҳукумат идораларига тўғри кириб бораверар экан.
– Шокир гап топиб келувди мактабдан. “ Хидир аканинг ўғлини Одил аканинг ўғли Москвага олиб бориб немисларга даволатибди”, деб. Ўша болами?
– Ҳа, ўша бола. Барака топсин. Лекин Музроб менинг ўғлим эканини билмасди. Агар билса, бундай қилмаган бўларди, балки. Раънонинг гапи билан даволаттирди.
– Ҳа, барака топсин. Барака топсин. Яхши бола экан.
– Лекин гап бунда эмас. Сиздан илтимосим шуки, мен тавба қилсам, бўлармикин, яъни тавба қилсам парвардигор гуноҳларимни кечирармикин, тавбам қабул бўлармикин?
– Ҳай-ҳай ундай дема, куфр кетасан. Парвардигори олам барча гуноҳларни кечиради. Чин дилдан тавба қилсанг, кечиради. Тавба қабул бўлмайдиган пайт бу одамга ғарғара келиб жони узилаётгандаги пайтдир, чунки бу пайтда парда кўтарилади, одам нариги дунёни ҳам, бу дунёни ҳам кўриб туради. Унгача худо хоҳласа, тавба қабул бўлаверади.
– Лекин менинг гуноҳларим кўп-да. Ёшим ҳам ўтиб қолди. Энди кеч эмасмикин?
Мирза бува унинг юзига жилмайиб қаради.
– Йўқ, кеч эмас, Хидирбой, бир дарбоза бор. У шундай кенг, шундай катта ва то қиёматга қадар очиқ туради. Бу – тавба дарбозаси. Яратган эгам бу дарбозани бандаларига қиёматгача очиб қўйган. Чин дилдан тавба қил, кечиради. Сенинг кўнглингга худо солибди. Шунинг учун тавба йўлини излаяпсан.
– Қандай тавба қилишни билмайман-да, ҳатто калима келтиришни билмайман мен гумроҳ.
– Дилингда тавба қилишга ният қилганинг – тавба қилганинг. Агар тавбани намоз билан бирга қилсанг, нур устига аъло нур. Калима келтиришни эса мен сенга ўргатаман.
– Шундай қилинг, менга ҳар бир соат ғанимат. Ҳеч бўлмаса, шунга улгуриб қолай.
Мирза бува унга аввал калима келтириб ўргатди. Сўнг истиғфор айтишни ўргата бошлади. Икки соатлардан кейин Хидир кетишга чоғланди.
– Агар олиб кетишмаса, эртага ҳам келаман,– деди.
– Келавер. Қачон келсанг, дарбозам очиқ, Хидирбой.
– Нима дейсиз, бориб Раънодан ва болаларидан кечирим сўрасаммикин? Бунга юзим чидамайди-ку, лекин болаларим ҳаққи шундай қилишим керак.
– Ўзинг биласан. Шундай қилгинг келса, шундай қил. Раъно ҳам, болалари ҳам кенг феълли одамлар.
– Шундай қиламан, Мирза ака. Гуноҳларимни тилаб оламан.
Хидир Мирза буванинг олдидан чиқар экан шу пайтга қадар ўзида туймаган ажиб бир туйғуни туйди. Кўнглининг қаеригадир илиқлик киргандай бўлди. Шу пайтга қадар кўзига хунук кўринадиган Мирза бува ажойиб инсон эканига амин бўлди.
ХХХ
Раъно холанинг уйидан икки юз қадамлар наридаги катта шийпоннинг олди кенг қилиб асфальтланиб, майдон қилинган. Бу майдонда терим пайти пахта қуритилади. Ёз пайтида бу ерда болалик аёлларнинг болалари ўйнайди, боғча хола болаларни шу ерда овутиб ўтиради. Баъзида мактаб ёшидаги болалар футбол ўйнайдилар. Кечқурун бригаданинг тракторлари шу ерда қолдирилади. Бузилса ҳам шу ерда тузатилади. Дала йўлидан кириб шу майдондан ўтиб шийпонга етилади. Айни чеканка маҳали бўлиб аёллар тушликка чиққан пайтда ана шу майдонга “ГАЗ–24” машинаси кириб келди. Тўғри шийпон олдига келиб тўхтади. Шийпоннинг ичидаги аёллар, нарироқдаги толлар остида чой ичиб ўтирган бригаданинг эркаклари шу томонга қарадилар. Бригадир Сами ака ўрнидан туриб кетди. Чамаси, биронта комиссия келди деб ўйлади. У дарров машина томон юрди. Машинадан аввал шофёр тушиб юкхонани очиқ, чилвир билан бойланган қопқоғини очиб ундан иккита тепиб юргизиладиган машинача туширди. Сами ака шофёрга “ким?” дегандай хавотир биланқараб турарди. Шофёр унга салом берди-ю, юкхонани ёпиб яна рулга ўтириб олди. Орқа эшикдан эса Мурод тушиб келди. Машина уни қолдириб жўнаб кетди. Сами ака билан кулиб сўрашди.
– Опам шу ердами?– сўради у.
– Опангиз ким, ука?
– Моҳира опам.
Шундагина Сами ака бу болани таниб қолди. Одамлар гапираётган бола шу экан-да. Бир томони комиссия эмаслигидан суюниб кетди.
– Э, келинг, ука. Моҳира демайсизми?
Бригадир гапини тугатмасданоқ шийпон ичидан Моҳира ва Турғунбойнинг хотини Роҳатой чиқиб келдилар. Моҳира келиб Муроднинг бўйнидан қучди. Роҳатой ҳам уни елкасига қоқиб кўришди. Иккови бири олиб, бири қўйиб сўраша кетдилар. Сами ака қараса, унга ўрин йўқ, қўлларини ёзиб, елкасини қисди-да, сўрига томон кетди.
– Укангга айт, бир пиёла чой ичиб кетсин,– деди кетаётиб. Моҳира унинг гапини ё эшитди, ё эшитмади.
– Нимага бу ерга келдинг?
– Уйга тушдим, кирмадим. Аммам айтди: “Шерзод билан Ботиржон шу ерда”, деб.
– Умиджон қани?
– У аммамда қолди.
Уларнинг гаплари тугамай Шерзод билан Ботиржон югуриб келишди.
– Вў, котта мошина.– Шерзод югуриб келибоқ ҳеч кимга қарамай машиначанинг бирига ўтириб олди. Унга таъсиб қилиб Ботиржон ҳам иккинчисига ўтирди.
– Ҳай-ҳай, салом қани? Аканглар билан сўрашмайсизларми аввал?– Моҳира уларни ўдағайлади.
– Машинани кўришиб иккови ҳам ўзларини йўқотиб қўйишди,– ўзида йўқ хурсанд Роҳатой изоҳ берди.
Мурод икковини ҳам қучоқлаб ўпди. Шерзодга қараб:
– Мана, сенга катта машина олиб келдим,– деб кулди.
– Чеканкамизни ҳам тугатиб қолувдик, юринглар уйга кетамиз,– деди Моҳира. Унга қўшилиб Роҳатой ҳам жўнади. Йўл келгунча иккови бола машинани гоҳ миниб, гоҳ судраб келдилар. Дарвоза олдида уларни Раъно хола кутиб олди.
– Келиши билан болаларни сўради. Умиджонни туширди-ю, шийпонга қараб кетворди. Ҳай-ҳайлаганимча қолавердим. Ҳали тузукроқ сўрашишга ҳам улгурмадим.
У Муроднинг пешонасидан ўпиб бошқатдан сўрашди.
Уйга кирганларидан кейин Роҳатой елиб-югуриб ўчоқ бошида куймалана бошлади. У Моҳиранинг боласи билан бирга ўзининг боласига шундай узоқ жойлардан шу нарсани кўтариб келгани учун Муродга меҳри товланиб кетганди.
Бир-икки пиёла чой ичганларидан кейин Мурод уйларни сўради.
– Иккови ҳовли ҳам таппа-тайёр бўлди. Биз акангни кўчиришга тайёрмиз. Яхши, вақтида келиб қолдинг. Ўзингнинг бўлганинг маъқул бўлади. Маҳалла- кўйга ош берамиз. Ҳовли тўйи қиламиз.
– Умидни ҳам олиб келдим. У шу ерда қолади. Мактабни шу ерда битиради. Кейин Тошкентга боради,– деди Мурод.
– Тўғри қилибсан. Турғунбой аканг ҳам шунақа деяётганди. Иложи бўлса, ўзинг ҳам кетмай қўя қол. Ота уйинг. Айланиб-ўргилиб келадиган жойинг шу жой, болам.
– Мени у ёқда ишим кўп. Бир куни албатта келаман. Унгача Умид катта бўлади. Мен ҳам яна катта бўламан.
– Келволавер шу ерга. Нима қиласан Москвада? Шахматингни шу ерда ҳам ўйнайверасан. Бу ерда ҳам шахмат ўйнайдиганлар кўп,– деди Моҳира.
Мурод унинг гапидан кулди.
– Бир кун келаман.
– Шундай қил, болам. Ота-онангнинг чироғини ёқиб ўтирсанг, улар унутилмайди. Эл-юрт сендан миннатдор бўлади,– уқтирди Раъно хола.
– Амма, битта иш қилишим керак. Биринчи дадам билан онамнинг қабрларини тузатиш керак, тўғрими?– сўради Мурод.
– Уларнинг қабрларига кўп гул экайлик. Ғиштдан девор қилиб, қабр устига цемент қуйдиришимиз керак,– гапга қўшилди Умид.
– Бекор айтибсан,– уни силтади дарров Моҳира,– қабр устига тош қўйса, цемент қуйса, майит азобланади, устидан юк босади, юк остида қолади. Бу динимизда йўқ.
Мурод ялт этиб Раъно холага қаради.
– Тўғри, болам, бундай қилиш ярамайди. Атрофини озода қилиб тозалаб, жа-а кўнглинг бўлмаса, ўраб қўясан, икки энлик темир ёки тошга исми шарифини ёздириб қўйсанг кифоя. Қабри йўқолиб кейинчалик топиб бўлмайдиган бўлиб кетмаслиги учун бу. Ўтганлар учун қилган эҳсонинг, қилган дуоларинг қимматли.
– Ана, Умид, тушундингми?– укасига қаради Мурод,– ҳадеб цемент билан текислайман дейсан.
– Билмасдим-да,– бошини қашиди Умид.
Болалар энди аввалгидек бегонасирамай гапга тушиб кетганларидан Раъно холанинг кўнгли тоғдай кўтарилиб хурсанд ўтирарди. Икковини яна қиладиган муҳим бир ишлари бор эдики, бу Раъно холанинг наздида ҳамма ишдан ҳам муҳимроқ эди. Бу мавзу ҳақида оғиз очиш пайти келганини англаб гап бошлади.
– Ҳовли тўйи билан бирга катта эҳсон ҳам қиласизлар. Эҳсонга одатда барча қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўй чақирилади. Ана шунда эҳсон эҳсондай бўлади. Айниқса, қариндош-уруғлардан биронтаси “мени айтмади”, деб ўпкалаб қолмаслиги керак. Шунинг учун сенга битта маслаҳат, болам, нима қилса ҳам қариндошинг, уруғинг, бу қиладиган эҳсонга тоғанг билан холангни айттирмасанг бўлмайди. Сизлар кетганларингдан кейин иккови ҳам келишиб “нимага бизни хабардор қилмадинглар”, деб биздан анча хафа бўлишди. Ўтган ишлар ўтди-кетди. Уларни сен айттирмасанг, мен айттираман. Ота-онангнинг руҳлари шод бўлиши учун айттираман.
Мурод унинг гапидан ўйланиб қолди. Бир нима дейишга иккиланиб қолди.
– Тўғри-да, онангнинг шу икковидан бўлак қариндоши йўқ. Уларни чақирмасак, эл олдида юзимиз шувут бўлиб қолади.– Моҳира ҳам онасининг гапини маъқуллади.
– Нима дейсан? Розимисан?– ўзининг гапини маъқуллашига ишонч билан қайта сўради Раъно хола.
– Айттирмасак, эҳсонингдан фойда бўлмайди,– таъкидлади Моҳира.
– Аслида келган кунинглароқ сизлар уларни йўқлаб боришинглар керак эди. Лекин бундай қилмадинглар. Катталар қанчалик айбдор бўлсалар ҳам, кичиклар уларни кечиришлари шарт. Катталарнинг ҳолини сўрамаслик, улардан хабар олмаслик ҳам айб саналади бизда. Энди бу хатони тўғрилашинглар лозим.
– Майли, айттираверайлик. Улар ҳам бизнинг қариндошимиз-да. Дадам билан онам хурсанд бўлишади,– дарров кўна қолди Умид. Мурод ҳам шундан кейин бошини ликкиллатиб розилик билдирди.
– Мана, мана бу бошқа гап, болам. Яхши-ёмон гаплар, аччиқ-гиналар қайси қариндош уруғда йўқ дейсан, ҳаммада бор. Фақат уч кундан ортиқ гина сақлаганлар гуноҳкор бўлиб қолишади. Буни ёдингда тут.
Раъно хола икковининг розилигини олишининг сабаби шу эдики, болалар нима бўлса ҳам бошқа муҳитда ўсишган. Агар уларнинг олдидан бир оғиз ўтмасдан холаси билан тоғасини маъракага таклиф қилиб қўйса, тўсатдан лозимат куни “сизлар нега келдинглар, ким сизларни чақирди?”, деб қолишса ёки иккови ҳам сўрашмасдан тумтайиб туришволса жуда уятли иш бўларди. Мана энди яхши бўлди. Икковини ҳам бу ишга тайёрлаб қўйди.
ХХХ
Кечки пайт, ҳали кун ботмасдан барча қариндош-уруғлар йиғилиб келдилар. Пича чой-нон ўтганидан кейин Илёс Муродни айвондаги сўрига чақириб қолди.
– Юр, сен билан бир тортишайлик-чи, ростдан ҳам шахматни кучли ўйнайсанми,– деб ҳазиллашди. Уларга Нодирбек, Турғунбой, Акрамжон ва Умид ҳам қўшилишиб айвонга чиқиб олдилар. Раъно хола уларни қайтармоқчи бўлди:
– Ҳай-ҳай, қаёққа ҳамманг? Меҳмонлар хафа бўлишади. Манови тоғанглар сизлар билан гаплашиб ўтиришга келишган, ахир. Шу ерда ўтиринглар.
Уни акаси Урайим ака қайтарди:
– Қўявер, тек қўй. Ҳаммаси бир нарсага қизиқиб қолди. Меҳр шунда. Ўйнашаверишсин.
– Сен бир ўзинг, биз ҳаммамиз, фарзинингни олиб қўясан,– деб шарт қўйди Илёс. Мурод шартга кўнди. Тахтага Илёс ўтирди-ю, қолганлар унга ўргатиб турдилар, барчаси Муродга қарши иттифоқ туздилар. Лекин биринчи партия ўн минутга қолмай Муроднинг фойдасига ҳал бўлди.
– Биз сени разведка қилдик. Энди иккинчи партияда ҳақиқий ўйинни кўрасан,– доналарни қайта терар экан уқтирди Илёс. Иккинчи партияни ҳам иттифоқчилар бой бердилар.
– Биз икки марта меҳмон қиламиз одатда, учинчисида аямаймиз,– яна бўш келмади Илёс. Учинчи партиянинг ўрталарига келганда Муроднинг қўли отига тегиб кетди, отини тўғрилаб қўйиб руҳини юрди. Илёс дарров лўлиликка ўтди.
– Ушлаганингни юр. Бизда қайтиб олиш бўлмайди. Отингни ушладинг, отингни юрасан.
Мурод ҳижолат бўлиб, отини ушлаб ўйланиб қолди, ниҳоят, ноилож уни юрди. Шу билан у ўйинни ютқазиб қўйди.
– Ана кўрдингми? Биз доим учинчисида ютамиз, чунки учинчиси пучинчиси бўлади. Учинчисида ютқазган одам доим ютқазган бўлади,– Илёс ўрнидан туриб кетди.
– Яна битта ўйнайлик,– деди Мурод.
– Йўқ. Мен ютқазган одам билан ўйнамайман,– Илёс шартта меҳмонларнинг олдига кириб кетди. Мурод ҳам ўрнидан туриб Илёснинг ортидан кириб бориб уни қўлидан маҳкам ушлаб торта бошлади.
– Яна битта ўйнаймиз.
– Қўйвор, сен ютқаздинг, ўйнамайман.
– Яна битта ўйнаймиз,– Мурод ҳам тортишини қўймасди.
Ташқаридагилар қотиб-қотиб кулишарди. Нима гаплигидан хабар топганларидан кейин ичкаридагиларнинг ҳам болаларининг қилиғидан қувонган ота-оналардек юзларига ифтихорли табассум югурди.
– Бор энди, яна битта ўйнаб қўй,– Илёсни ундади Урайим ака.
– Бор, яна битта ўйна,– унга қўшилди Ортиғали ака ҳам.
Шундан кейин Илёс ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Кейин тағин уч-тўрт марта ўйнадилару иттифоқчилар бирор марта юта олмадилар.
– Ош пишди. Ҳамманглар қўлингларни ювиб ичкарига киринглар,– Моҳира қўлида сочиқ билан уларни ҳайдай бошлади. Ҳаммаси кула-кула ташқарига қўл ювгани чиқди. Моҳира билан Роҳатой ошхона томон ўтиб кетишди. Турғунбой обдастани олиб Умидга тутди.
– Сен энг кичигимизсан. Одатда кичиклар қўлга сув қуядилар. Ма, ушла, ўрганасан.
Турғунбой қўлини ювиб бўлувдиям, дарвозани биров таққиллатди.
– Яна биров келди. Чиқиб қара-чи, ким экан? Ким бўлсаям қайнонаси яхши кўрар экан, ош устида келди. Бошлаб киравер,– Илёсга буюрди Акрамжон. Ҳаммалари қўлларини ювиб бўлмасдан Акрамжоннинг “келаверинглар, келаверинглар” деган овози эшитилди ва ортидан Хидир билан Салтини эргаштириб кириб келди.
– Э, келинглар, келинглар,– Турғунбой дарров уларнинг олдига пешвоз чиқди. Унга тақлид қилиб бошқалар ҳам олдинга юрдилар.
– Бемаврид келмадикми?– узрли оҳангда сўради Хидир.
– Сал кечроқ бўлса ҳам… айбга буюрманглар… – каловаланди Салти.
– Яхши меҳмон ош устида деган,– деди уларни мулзамликдан чиқариш учун Турғунбой.
– Қани, қўлга сув… – Акрамжон Умидга имлади.
Раъно хола чиқиб “келинглар, келинглар” билан сўрашиб Салтини ичкарига етаклади. Қўлини ювиб бўлгач, Хидирни ҳам Турғунбой ичкари бошлади. У ичкари киргач, ортидан Моҳира бурнини жийириб пичирлади:
– Кўзимиз учиб турувди.
– Тек. Унақа дема. Меҳмон атойи худо, ўзи бўлари бўлибди. Бунча забун бўлиб қолганини қара,– танбеҳ берди Акрамжон.
– Хотини ҳам бир бурда бўлиб қолибди.
– Бир ой бўлувди кўрганимга. Бир ойда одам шунча ўзгарадими?– ҳайрон бўлди Акрамжон.
– Бошига мусибат тушган-да. Иккови ўғли ҳам ногирон бўлиб қолди. Тавба қилдим, тавба қилдим,– ёқасини ушлади Моҳира,– бизга қилганлари қайтяпти, шекилли.
Акрамжон унга қовоғини солиб қаради. Моҳира эса гапи акасига ёқмаганини билиб ошхона томон бурилиб кета қолди.
Бунча қариндошларнинг ичига кириб қолган эр-хотин қисиниб-қимтиниб қолишди.
– Биз сал ноқулай пайтда келибмиз, шекилли,– Салти яна узр айтди.
– Йўқ, ундай деманг. Одам одамга ғанимат. Дийдорга нима етсин. Мундоқ бир ёзилиб гаплашиб ўтирамиз,– деб Урайим ака жавоб берди. Ичкарига болалардан Турғунбой кирди-ю, қолганларни Роҳатой сўрига имлаб дарҳол у ерга тўшакларни тўғрилаб солиб, дастурхон ёзди.
– Тўртовинглар шу ерда ўтира қолинглар, Моҳирахон билан мен ҳам сизлар билан ўтирамиз.
Хаял ўтмай ичкарига палов тортилди. Битта катта, битта кичик лаганни сўрига қўйдилар. Гангур-гунгур билан паловни талашиб едилар. Шу ерда ҳам Илёс Муродни ҳазиллашиб қўймасди.
– Қани бизга ўхшаб паловни қўлингда е-чи, эплайсанми, йўқми.
Мурод нажот сўрагандай Моҳирага қаради.
– Қошиқда еявер аканг айтаверади. Сени эрмаклаяпти, қошиқда еявер,– деди униси.
– Сизнинг тўйингизгача қўлимда ейдиган бўлиб қоламан, денг,– деди Роҳатой.
– Ўзим палов ҳам қилиб бераман ҳали,– деб жавоб берди Мурод. У аллақачон Илёснинг ҳазилларига тушуниб қолганди. Унга муносиб жавоб бераман дерди-ю, сўз топилмай қоларди. Ҳазул-ҳузул билан таомни ҳам тугатдилар. Илёс лаганнинг тагига чой қуйди-да, айлантириб-айлантириб бир ҳўплади, сўнг Муродга тутди.
– Ма, сен ҳам ич.
Унинг қилиғидан Муроднинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Ростмана жаҳл билан Илёсга қаради. Буни фаҳмлаган Акрамжон Илёснинг қўлидан лаганни олиб бир ҳўплаб Умидга тутди.
– Қўй ёғи, қўй гўштига қилинган паловни охирида шундай қилишади, таомили шунақа,– Муродга тушунтирди у.
– Помой керакмас,– қўлини силтади Мурод. Қараса, янгаси ҳам, Моҳира ҳам унга кулиб қараб туришибди. Демак, уни эрмаклашмаяпти экан.
– Менга узат лаганни,– Моҳира ҳам олиб бир-икки ҳўплагандан кейин Муроднинг чеҳраси очилди.
Ичкарида палов ейилиб дуо-фотиҳадан кейин дастурхон йиғиштирилди. Шу пайтгача индамай қимтиниб ўтирган Хидир Урайим акага қараб гап бошлади.
– Урайимжон, биз сиз билан тенгдошмиз. Ўзингиз шу ерда экансиз. Мени тушунасиз. Биз бу ерга Раънодан, болалардан кечирим сўраш учун келдик. Умрим ниҳояланаётган чоғда мен гумроҳнинг кўзим очилди. Буларга қилган зулмларим ичимни ўртаяпти. Қилган ёмонликларимнинг жазосини олиб турибман. Мана, икки навқирон ўғлим ногирон бўлиб ўтиришибди. Каттасини агар анови бола бўлмаганда, бу пайтга қадар ерга қўйган бўлардик. Шу боладан юзим шувут. Болаларимнинг бундай бўлиб қолишида ҳеч кимнинг айби йўқ. Бунга ўзим сабабчиман. Менинг касримга қолишди. Эрта-индин мени қамашади. Терговчи бутун айбни менга тан олдириб бўлди. Кўнглим сезяптики, у ёқдан энди қайтмайман. Бу охирги кўришиб туришимиз бўлса керак. Бошқа мени кўрмайсизлар. Охирги сафар олдидан Раъно, сендан, болаларингдан кечирим сўрайман. Агар кечира олсанглар, мени кечиринглар. Биламан. Кечириш осон эмас, чакана заҳматлар тортдингларми мен сабаб. Сизлардан юзимни юлиб кечирим сўраб келдим.
Унинг гапидан ҳаммалари жим қолдилар. Урайим ака салобат билан гап бошлади.
– Хидирбек, бу аввало, тақдир. Раънонинг ҳам, болаларининг ҳам тақдирига шу ёзилган бўлса, нима қила олардик. Сиз бор-йўғи сабабчи бўлиб қолгансиз, холос. Улар сизни кечиришади. Худо кечиримли бандаларини суяди. Кечириш бир мардлик бўлса, кечирим сўрай олиш ўн мардлик. Нима дейсан, Раъно?
– Нима ҳам дердим. Мен кечирдим. Нима ишлар бўлган бўлса, ҳаммаси биз учун синов экан.
– Ана, сиз кўнглингизни тўқ қилинг, Хидирбек. Буларнинг сизга нисбатан ҳеч қандай адоватлари йўқ. Шу кунларда мана, Турғунбой яна олдингизга боради. Бундан кейин яқин қўшни сифатида кирди-чиқдини узмай, сиз бош бўлиб, буларга йўл-йўриқ кўрсатиб яшасанглар бўлди.
– Болаларим билан шундай яшашсин. Мен эса адо бўлган одамман.
Шундан кейин Урайим аканинг сўрови билан Хидир тергов натижасини бутун тафсилоти билан айтиб берди.
– Бу ерга сизлардан рози-ризолик сўраб келдим,– деди кўзи ёшланиб.
– Бизни кечиринглар, Раънохон, акангизни энди кўрмайсиз,– пиқиллаб йиғлаб юборди Салти.
Урайим ака ва Ортиғали акалар уларга таскин-тасалли беришди. Раъно хола ҳам бир-икки оғиз сўз билан кўнгилларини кўтарди. Яна анча гап-сўзлардан кейин эр-хотин қўзғолдилар. Ташқарига чиққанларидан кейин Хидир Муродни қучоқлаб йиғлаб юборди.
– Раҳмат, сенга, болам, Музробжонни қутқариб қолганинг учун миннатдорчилик билдиролмагандим. Сизлар ҳам мендан рози бўлинглар.
Ҳеч нарсани тушунмаган Мурод Турғунбойга қаради. У эса “кейин…” дегандай имлаб қўйди.
Шунча йиллар ўтгандан кейин бу ишларнинг очилиши ҳаммани ҳайратга солди. Айниқса, Урайим тоғанинг ҳайрати чексиз эди.
– Қаранг, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин чиқади деганлари шу бўлса керак-да,– деб бошини чайқади у Хидир билан Салтини кузатиб қайтиб кирганларидан кейин. Моҳира ер остидан Муродга қаради. У индамай қовоғини солиб ўтирарди. Моҳира унга имлаганди, у елкасини қисиб қўйиш билан чекланди. Урайим тоға жиянларига анча насиҳат қилди. Айбини тан олган бу одамга, унинг болаларига умуман бу ҳақда ҳеч қачон эслатмасликларини қаттиқ тайинлади. Ярим кечага борганда қариндошлар тарқалдилар.
ХХХ
Ҳамма тарқалган бўлса ҳам, Моҳира негадир чиқиб кетмади. У куёви Нодирбекка Мурод билан гаплашиб олиши муҳим эканини айтиб қолди. Барчалари ётиш тадорикига тушган пайтда у Муродни айвонга чақириб олди. Кўрпачага, рўпарасига ўтқазиб сўради:
– Бу ишларнинг барини сен бошладингми?
– Қанақа ишларни?
– Хидир акани сен қаматмоқчимисан?
– Менинг у билан ҳеч қандай ишим йўқ.
– Москвадан келган терговчи сенинг ишинг эмасми?
– Уни Георгий Николаевич жўнатган.
– Георгий Николаевичинг сенинг илтимосинг билан жўнатганми?
– Ҳа. Мен дадамнинг ишини ўрганиб чиқишни сўрадим, холос.
– Бекор қилибсан, Муроджон, айланай ука. Бундай қилишинг ярамайди. Дадамнинг ҳам, дадангнинг ҳам умрлари қисқа экан. Тақдирлари шу экан. Бу худонинг иродаси. Уни ўзгартириб бўлмайди. Ҳали ҳам тўхтат бу ишни.
– Нега? Жиноятчилар жазосини олишлари керак. Бу муҳим.
– Йўқ. Муҳим эмас. Қўлингдан келса, тўхтат. Ота-онангнинг руҳини чирқиратма.
– Нима у чирқираш?
– Хафа қилма. У дунёда дарёнинг бўйида сендан дуо, савоб келармикин дейишиб ўтиришади. Сендан эса бунақа ёмон иш борса, улар хафа бўлишади-да.
– Бу ёмонми?
– Албатта ёмон. Бировдан қасд олиш ёмон. Гуноҳ бўлади. Қара, бечораларни, ахволлари абгор бўлиб қолибди. Бунинг устига ўғиллари ҳам ногирон бўлишиб қолди. Бу худонинг уларга берган жазоси. Агар уларга сен жазо берсанг, худонинг қаҳри келади. “Мендан устунмисан, бандам?” дейди ва ота-онангни савобдан бебаҳра қолдиради. Кейин улар йиғлашади.
Моҳиранинг бу гаплари Муродга жуда қаттиқ таъсир қилди. У ўйланиб ўтириб қолди. Кўзини секин ердан олиб Моҳирага қаради.
– Мен тушимда дадамни, онамни кўрдим. Улар хафа бўлиб менга қарашмади. Шунгами?
– Ана, ўзингнинг тушингда аён бўлибди. Эртагаёқ бу ишни тўхтат. Эрталабдаёқ Москвага телефон қил.
Мурод иккиланиб пича ўйланди. Кейин Моҳирадан сўради:
– Худо уларга жазо берадими?
– Жазони худо бериб бўлди, айтдим-ку. Энди бу ишларга сен сабр қилиб ҳаммасини худонинг ўзига ҳавола қилсанг, ота-онангга катта савоб беради. Улар у дунёда руҳлари шод бўлиб яшайдилар.
– Бўпти. Тўхтатаман. Эртага тўхтайди. У одам қамалмайди. Дело ёпилади.
– Қиладиган эҳсонимиз олдидан бу ишинг икки карра савоб бўлади. Ота-онангнинг қабрлари нурга тўлади.
– Тушундим. Тўхтатаман.
– Юр, энди мени уйимга кузатиб қўй.
Муродга таъсир эта оладиган биргина инсон бўлса, у ҳам Моҳира эди. Буни Моҳиранинг ўзи ҳам биларди. Шунинг учун Раъно хола меҳмонлар чиқиб кетишлари билан унга “Мурод билан сен гаплашиб қўй”, деб шипшиган, Муродни йўлга сола олишига ишонганди.
ХХХ
Эрталаб соат тўққизларда Хидирнинг уйи олдига милиия машинаси келиб тўхтади. Ундан икки сержант ва бир лейтенант тушдилар. Хидирни кийиниб чиқишларини сўради. Шундай бўлишига ишониб, шу кунни кутиб яшаётган бўлса ҳам Хидир довдираб қолди. Салти югуриб елиб бир нималарни тайёрламоқчи бўларди-ю, лекин нима қилишни билмас, нуқул “дадаси, энди нима қиламан” деб йиғларди. Болалари билан хайрлашиш Хидир учун жуда оғир бўлди. Ўпкаси тўлиб кетди. Кўзларини пирпиратиб ҳар бирини бир-бир қучоқлаб пешоналаридан ўпди. У билан бирга жўнамоқчи бўлган хотинини машинага чиқармадилар. Шундай бўлса ҳам Салти эрининг ортидан бормоқчи бўлди. Уни милиция ходимлари қайтардилар. Суд бўладиган куни чақиртиришини айтишди.
ХХХ
Прокуратура ходимлари Москвадан келган терговчи олдида зир югуриб хизмат қилардилар. Унинг оғзидан чиққан нарсани муҳайё қилишга уринишар, бирон нима сўраб қолмасмикин деб қулоқлари динг турарди. Лекин Светослав Глигорич бир хонага қамалиб олиб нуқул қоғозларини титкилаб ўтирар, бировнинг олдига киришига рағбат билдирмасди. У биров билан гаплашишни ёмон кўрадиганлар тоифсидан чиқиб қолди. Ҳатто тушликни ҳам ўз ҳисобидан, шундоқ шаҳар ошхонасига чиқиб қиларди. Ётиш жойи эса меҳмонхона. Бу ердагилар унга келтириб қўйган барча нарсаларни рад этарди. Боржоми сувлари-ю, арман коняклари, яна алламбало икра-сикралар – ҳаммасини меҳмонхонадан чиқартириб ташлади. Адлия ходимларининг қўрқуви шундан иборат эдики, бу одам атай марказдан келибдими, демак, биргина иш учун келмаган. Ҳали яна бошқа ишларни ҳам секин-аста кавлашни бошлайди. Бироқ Светослав Глигорич жим. Фақат шу ишни суриштирди-ю, бошқаси ҳақида оғиз очмади. Барчалари айбдорларни қачон ҳибсга олиш ҳақида берадиган буйруғини кутиб турардилар. Ниҳоятда барчани сабрини синовдан ўтказганидан кейин у гумондаги одамларни уч кунга ҳибсга олиш ҳақида прокуратурага ордер ёздирди. Шу билан бирга, судга бу ишни кўриб чиқиб суд бошлаш ҳақида кўрсатма берди. Унинг талаби бир соатга қолмай бажо келтирилди. Икки айбдор: Бердиқул Нишонов ва Хидир Келдибоевларнинг жиноий ишлари тайёр ҳолга келган, фақат суд қилиш қолганди. Светослав Глигорич бугун барча тўпланган далилларни яна қайта бир кўриб чиқиб суд ҳукмига ҳавола қилмоқчи ҳамда шу билан ишини якунлаб Москвага жўнаб кетмоқчи эди. Буни у ҳеч кимга айтмади. Одатдагидек, хонага қамалиб олиб тўпланган маълумотларни қайта кўриб чиқа бошлади. Соат ўнлар чамаси прокуратурага оқ костюм-шим кийиб, оқ галстук таққан, оқ туфли кийган, сочларини чиройли тараб жуда ҳам киборларча кийинган йигитча кириб келди. У назоратчига рус тилида Светослав Глигорични кўрмоқчи эканлигини айтди.
– У ҳеч кимни қабул қилмаяпти,– деб жавоб берди назоратчи.
– Сиз айтинг, мен Москвадан келдим, тушундингизми?– йигитча нописандлик билан шундай деди ва нарироқдаги курсилардан бирига бориб ўтирди. Назоратчи унинг бу ерлик одамларга ўхшамаслигини кўриб тараддудланиб қолди. Кейин бир қарорга келди-да, гўшакни кўтарди. У ёқдан йигитчани киритиш ҳақида рухсат бўлди, шекилли, “киринг, тўққизинчи хонада”,– деди. Йигитча шошилмай ўрнидан турди, худди тантанага кетаётгандай мағрур қиёфада йўлак бўйлаб юриб кетди. Унинг ажабтовур муомаласидан назоратчи ҳайрон бўлиб қолаверди.
Хонага кириб борган Муродни Светослав Глигорич ўрнидан туриб қучоқ очиб кутиб олди.
– О, Мурод, қайси шамоллар учирди? Сени келасан деб ўйламовдим. Учрашган жойимизни қара, чекка бир туманнинг кичкинагина прокуратурасида.
Мурод у билан худди ота-боладек сўрашди. Анча маҳалгача иккови ҳол-ахвол сўрашдилар. Светослав Глигорич гарчи кўринишидан анча бадфеъл одамга ўхшаб кўринса-да, аслида жуда хушчақчақ одамлиги билиниб қолди. У бу ерга келганда ўзини қанақа тутгани, бировга сир бермай бу ердагиларнинг юрагини олиб қўйганини гапириб кулди.
– Мана, ниҳоят, сенинг сўраган ишнинг охирига етдим. Сенга ва Георгий Николаевичга берган ваъдамнинг устидан чиқдим. Энди бу ёғини суд ҳукмига ҳавола қиламиз. Судда ҳам ўзим қатнашаман. Сенинг тарафингда туриб қатнашаман,– деди у.
– Бу ишни тўхтатишнинг иложи борми?– сўради Мурод.
Светослав Глигорич аввал тушунмади.
– Сени тўғри эшитяпманми?– сўради.
– Ҳа, мени тўғри эшитяпсиз. Бу ишни тўхтатишнинг имкон қадар иложини қилишингизни сўрасам, тўхтата оласизми?
– Бу сенга боғлиқ.
– Сизнинг хизмат ҳақингиз, барча харажатлар ортиғи билан тўланади. Агар имкон бўлса, тўхтатинг.
– Нега энди? У ёқда бошқача фикрда эдинг-ку?
– Мен ўйлаб кўрдим. Бу ишни тўхтатмасак бўлмайди. Бунинг бир қанча сабаблари борки, мен сизга тушунтириб бераман.
– Георгий Николаевичга нима дейман?
– Топшириқ бажарилди дейсиз. Буни мен ҳам тасдиқлайман. У аввал мендан сўрайди-ку.
– Йиғилган ҳужжатлар шундайлигича қолаверадими?
– Даъвогар аризасидан кечди деб ёпасизми ёки бошқа бир имкон топасизми, ишқилиб, нима бўлса ҳам тўхтатинг. Бу ишингизнинг ҳақи бошқа бўлади. Чек дафтарчаси билан тўлайман.
– Гумондорларни ҳибсга олиш ҳақида бугун кўрсатма бергандим, бу нима бўларкин?
– Бош прокуратура номидан тўхтатишнинг иложи йўқми?
– Тўхтатишнинг-ку имконини топармиз-а, лекин нима ҳожати бор бунинг.
– Сизга ҳаммасини тушунтириб бераман, вақтимиз бемалол бўлса керак.
Мурод узоқ гапирди. Светослав Глигорич уни диққат билан тинглаб ўтирди. Гапини тугатгач, ручкасини қулоғига қистириб олиб анча ўйланди, ниҳоят, бир қарорга келди.
– Бўлмаса, бундай қиламиз: гумондорларнинг ишини Москва судига оширамиз.
– У ерда иш чувалашиб кетади-ку?
– Йўқ. Шундай деб иккови айбдорни ҳам Москвага олиб кетамиз, лекин у ерда суд бўлмайди. Бир ҳафтадан кейин қайтиб келишаверади. Қўлларида “етарли далиллар бўлмагани сабабли суд иши тўхтатилди” деган мазмунда маълумотнома бўлади.
– Демак, улар Москвага кетишадими?
– Ҳа, бошқа чораси йўқ. Иш Москвада тўхтатилса, кейинчалик уларга ҳам яхши бўлади. Бу ерда уларни қайта безовта қилишмайди.
– Маъқул. Мен розиман. Қачон кетишади?
– Бугун десанг, бугун. Ўзим ҳам бирга кетаман. Оиламни соғиндим. Тезроқ борганим маъқул.
Ўша куни Хидир Келдибоев ва Бердиқул Нишонов иши Москва Олий судига тақдим қилингани прокуратурага маълум қилинди.
Самолётнинг энг орқадаги ўриндиғида икки милиционер ҳамроҳлигида икки айбдор, олдинги ўринларнинг бирида уларнинг ишини олиб борган терговчи Москвага учиб кетдилар. Мурод эса Раъно холаникига қайтди.
ХХХ
– Барибир, ўз билганингдан қолмабсан-да, бугун Хидир акани қамоққа олиб кетишибди.– Раъно холанинг эшигида Моҳира Муродни ана шундай кутиб олди. Мурод унга тиржайиб қаради.
– Менинг энг яхши опамнинг сўзи мен учун қонун. Уни олиб кетишди, олиб келишади. Иш Москвада ёпилади. Бошқа чораси йўқ.
– Ёлғон айтяпсан.
– Ёлғон айтмаяпман. Иш Москвада ёпилади. Ҳаммаси ўйлаб қўйилган. Бир ҳафтада қайтиб келишади.
– Нимага қайтиб келишади деяпсан. Яна ким бор?
– Ўша пайтдаги доктор ҳам бор. Уларни терговчи олиб боради, қўлларига озод бўлганликлари ҳақидаги ҳужжатларни тўлдириб беради, кейин кузатиб қўйишади.
– Бечоралар Москвадан қанақа қилиб келишади. Докторингни билмайман-ку, Хидир аканинг бор-йўғи тўкилиб турган бўлса, бунча чиқимни қанақа қилиб кўтаради? Ўйлаб кўрдингми?
– Билетини ҳам олдиндан буюртма қилиб қўйдим. Ҳеч қандай чиқим қилмайди.
– Шу ерда якунлай қолмабсан-да, ишни.
– Бу ерда мумкин эмас. Жиноий иш очилгандан кейин уни тўхтатиш осон бўлмас экан, шунинг учун у ёққа олиб кетишди.
– Гапинг ростми? Ростдан қўйворишадими?–
– Гапим рост. Ростдан қўйворишади.
Моҳира Муроднинг гапига ишонгандан кейингина уни уйга бошлади. Мурод унинг елкасидан қучиб олди.
ХХХ
Бир ҳафта ўтгандан кейин Турғунбойни янги ҳовлига кўчирдилар. Шу билан бирга Умид ҳам улар билан бирга яшайдиган, Турғунбой ҳар икки ҳовлига қарайдиган бўлди. Мурод эса икки кун укаси билан янги ҳовлида яшади. Учинчи кун ҳар иккови ҳовлига битта қилиб ҳовли тўйи қилдилар. Ҳовли тўйига болаларнинг холаси ва тоғаси айтилди. Зулхумор хола ва Алишер тоғалар бола-чақаси билан кириб келишди. Уларни аввалдан пишиқтирилган Мурод очиқ чеҳра билан кутиб олди. Тоға ҳам, хола ҳам жигарларини кўриб йиғидан ўзларини босолмай иккови болани қучоқлаб узоқ йиғлаб туришди. Уларнинг меҳрини кўриб Муроднинг ҳам кўнгли юмшаб, уларга нисбатан ўзида шу пайтгача олиб юрган нафрати бир зумда тарқаб кетди. Унинг ўрнини меҳр эгаллади. Уларга нисбатан ўзида ўзгача интилиш, ўзгача самимийлик пайдо бўлди. Бегоналик қариндош-уруғлар орасидан кўтарилганини кўриб Раъно холанинг боши осмонга етди. Яна шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, маросим бошланиши олдидан, кўчада маҳалла оқсоқолларини кутиб туришган маҳал Хидир аканинг эшигига “Жигули” келиб тўхтади. Ундан Хидир аканинг тушганини кўрган Турғунбой билан Акрамжонлар у томон юрдилар. Хидир ака дастлаб икковини узоқ қучоқлаб йиғлади.
– Сизларнинг меҳринглар, оқ кўнгилликларинг мени одам қилди, болалар,– деди у. Сўнг ўз уйи олдида турган Муродни кўриб унга томон юрди.
– Мен шу болани бир бағримга босмасам бўлмайди.
У келибоқ Муроднинг бўйнидан қучоқлади. Ҳовли тўйи бўлаётганини билиб тўғри ичкари томон юрди.
ХХХ
Зулхумор хола ҳам, Алишер тоға ҳам кечқурун жиянлариникида қолишди. Ярим кечадан ўтгунча қариндош-уруғлар гаплашиб ўтирдилар. Раъно хола Моҳира билан Муроднинг ёшлигида пашша тутиб банкага қамаганлари, айни кечки овқат маҳали дастурхон устида банкани очиб юборганлари, Акрамжон сепараторнинг резинасини излаб чигитланган пахта босиб қўйилган токчага гугурт чақиб ўт қўйгани, шунда Муроднинг “Амма, акам пуф, акам пуф” деб уйдан югуриб чиққанларини гапириб берди. Тўрт яшарлигида Зулхумор холаси келганда онасининг “аммангни уйига кириб айтиб чиқ” дегани ва Муроднинг уйнинг ичига кириб олиб аммасини “уйга кирасиз, сизни айтаман”, деб уй ичига бошлаб кириб онасининг гапларини чалакам-чатти қилиб айтганларини айтиб ҳаммани кулдирди. Буларнинг бари Муроднинг хотирасида қолмаган бўлса ҳам қачонлардир воқеаларни бошидан кечирганини хотирлатгани учун Раъно холадан миннатдор эди.
Шу кеча Мурод туш кўрди. Тушида оппоқ кийим кийган чол уни бир ерга бошлаб борибди. Қараса, атроф ям-яшил майсазор эмиш. Атроф шунақа гўзал эмишки, Мурод ўзича шу ерга уй қурсаммикин, деб ўйлармиш. Ҳалиги чол унга осмонни кўрсатармиш. Осмонда оппоқ кийинган дадаси ва онаси учиб юришганмиш. Мурод уларга талпинибди. Шунда онаси унинг ёнига тушибди-да, қўлига битта тугун бериб яна юқорига кўтарилиб кетибди. Мурод унинг ортидан қараб турса, дадаси билан онаси унга жилмайишиб тобора юқорига кўтарилиб кетаверишибди. Улар юқорига кўтарилган сари оппоқ нур кўзини қамаштираверибди. Охири, нурдан кўзлари қамашиб уларни кўролмай қолибди. Уйғониб кетса, қуёш зиёси кўзига тушиб турибди. Аллақачон тонг отиб ҳамма ўрнидан турган, катта залда, дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтиришарди.
Холаси ҳам, тоғаси ҳам уларни уйларига олиб кетмоқчи бўлишди. Лекин Раъно хола бу ерга жойлашиб олишганларидан кейин ўзи албатта олиб боришини таъкидлаб уларни кузатиб қўйди.
– Болалар сизларники, булар сизлардан тонармиди? Энди бир умр борди-келди қилишади. Тез-тез сизлардан хабар олишади,– дея ваъда берди.
ХХХ
Эртасига Мурод тумандаги ягона банкка борди. У ердан дипломат чемоданини тўлдириб чиқди. Қайтиб келгандан кейин Умидни ҳоли хонага олиб кириб бу чемодандаги пулларни авайлаб ишлатишини, унга бемалол анча йилларга етишини таъкидлаб, ўз қўли билан янги олинган сандиққа солиб калитини укасига тутқазди.
– Мен энди анча пайт келмайман. Бораману Лондонга мусобақага жўнайман. У ердан Швецарияга ўтаман. У ерда ҳам пича ишим бор. Кейин Москвага келиб имтиҳонларимни топшираман. Ўтказиб юборган дарсларимни ўзлаштиришим керак. Вақтим жуда тиғиз бўлади. Агар бирор нарса зарур бўлса, дарҳол телефон қиласан. Москвага қайтганимдан кейин ҳар икки-уч кунда гаплашиб турамиз,– деди.
Оқшомги рейс билан у Москвага учиб кетди. Аэропортда уни Акрамжон ва Умид кузатиб қолдилар.
ХХХ
Аэропортда Муродни Саша кутиб олди. Дўстининг кайфияти йўқлигини, нимадир муаммо пайдо бўлганини Мурод дарҳол сезди. Саша ўзи аввалдан шунақа: кичкинагина бир ташвиш тушса ҳам дарров тумшайиб олади-да, дардини ҳеч кимга айтмайди. Одамови бўлиб биров билан гаплашмай қўяди. Унинг шу одати туфайли болалигидан уйидагилари Муроднинг кўмагига суяниб қолишган. Қачон Мурод келиб Сашанинг кўнглига қўл солади, ана ундан кейин муаммо ошкор бўларди. Унгача Саша ё хонасига қамалиб олар, ё ошхонада деразага қараб ўтириб олар ва ҳаммадан аразлаб ўтирарди. Ҳозир ҳам унинг гаплашгиси йўқ. Қовоғини солиб, индамай сўрашди-да, Мурод олиб келган икки қовуннинг бирини олиб машина томон юраверди.
– Тинчликми, Саша? Нима бўлди? Нега ғамгин кўринасан?
– Йўлда айтадиган гап эмас, уйингга борганда гаплашамиз.
Шу бўйи йўл кетгунча иккови ҳам гапирмадилар. Муроднинг уйига келганларидан кейин Мурод олиб келган мева-чеваларни тенг иккига тақсимлади. Олма, узум, ғайнолилардан иккита пакет қилиб ёнига қовуннинг бирини қўшди.
– Буларни уйингга олиб кетасан. Менинг қариндошларим бериб юборишди.
Саша бу нарсаларга беписанд қўл силтаб қўйди.
– Нима қиламан буларни. Ҳамма нарса бор, биз давлат таъминотидамиз-ку.
– Булар Ўзбекистоннинг қуёшини эмган, витаминга бой, табиий. Агар олмасанг, деразадан отиб юбораман.
– Бўпти, бўпти. Айтганинг бўлсин.– Саша осонгина кўнди.
Мурод унинг рўпарасига, диванга ўтирди.
– Гапир, нима бўлди?
– Бобом касал. Ётибди.
– Шунга кайфиятинг йўқми? Хавотир олма. Докторлар тузатишади.
– Йўқ. Бу сафар жиддий. Тузаладиганга ўхшамайди. Анча оғир. Докторлар зир югуришяпти, ҳатто икки-учта республикадан мутахассисларни ҳам чақиртиришди. Онам зийрак аёл. Бизга бир нима демаяпти-ку, аммо зимдан ҳамма нарсани йиғиштиришни бошлади. Бир нарсаларга тайёрланяпти, мен сезяпман.
– Нимага тайёрланади?
– Ҳа, энди… ҳалиги… бор-ку. Қайсидир гўристонга телефон қилаётганини эшитиб қолдим. Яна ким биландир гаплашиб бўйи бунча, елкасининг кенглиги бунча деб айтди. Менимча, тобут буюртирди.
– Қўйсанг-чи, тирик одамга ҳам тобут буюртиришадими?
– Тўсатдан шошиб қолмаслик учун-да.
– Бунақасини билмадим,– елка қисди Мурод.
– Мурод, онам Москва, Грузиядаги банклар билан ҳам гаплашди. Парижга телефон қилди. Чамаси, у ердаги пулларни бир ёқларга сурмоқчи. Бобомга қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдирди. Булар мерос мулклар бўлса керак.
– Ташвиш қилма, ягона меросхўр сенсан-ку, онанг уларни бобонгдан олиб кимга ҳам берарди?
– Сен билмайсан: онамнинг олдинги эридан иккита қизи бор. Улар Ленинградда яшашади. Онам уларни яхши кўради. Тез-тез бобомдан яширинча невараларини кўргани бориб туради.
– Барибир, асосий меросхўр сенсан.
– Майли, мерос ўлиб кетсин. Менга ҳеч нарса керак эмас, фақат бобомни ўйлаяпман. Агар унга бир нарса бўлса, мен нима қилишни билмайман, Мурод.
– Қўрқма, Саша, бобонг тузалиб кетади ҳали.
– Айтганинг келсин. Айтганча, бобом сени сўради. “Муродни олиб кел, унга айтадиган гапларим бор”,– деди.
– Албатта бораман. Тонг отиши билан касалхонага борамиз. Бобонг менга қилган яхшиликларининг адоғи йўқ.
– Тонг отишини кутиб нима қиламиз? Ҳозир соат ўн бир бўлибди, бораверайлик. Ё қорнинг очми? Бирор нарса еб оласанми?
– Кетдик. Кутиб нима қиламиз, бўлмаса.
Мурод ўрнидан туриб шкаф томон юрди. Тезда кийимини алмаштирди-да, Сашага қаради.
– Онангга телефон қилиб қўясанми?
– У сен билан бирга эканимни билади.
Икки дўст олдинма-кейин бўлиб уйдан чиқдилар. Ташқарида уларнинг олдига худди кутиб тургандек такси келиб тўхтади.
ХХХ
Георгий Николаевич ётган палатага уларни киритишга бемор дам олаётганини рўкач қилишиб врачлар тихирлик қилишди. Ҳеч бўлмаганидан кейин Саша соқчилар бошлиғи билан гаплашди. Унинг кафиллиги билан Георгий Николаевичнинг олдига киришга рухсат берилди.
– Бобомнинг олдига киришга ҳам қўйишмайди, шекилли, булар,– тўнғиллади Саша.
– Врачларга бир нарса деб бўлмайди. Улар учун одамларнинг саломатлиги муҳим. Улар билишади қайси маҳалда беморни безовта қилмаслик лозимлигини, шунинг учун улардан хафа бўлма,– уни юпатди Мурод.
Палата эшигининг икки томонида икки нафар барзанги йигит уларга бақрайиб қарашди. Саша нарироқда турган соқчилар бошлиғини кўрсатди. У ҳам шу томонга қараб турган экан, йигитларга боши билан имлаб кўрсатганидан кейин эшикни очишди. Ичкарида ҳам икки нафар йигит шундоқ эшик олдида туришарди. Улар Сашани танишаркан чоғи, йўлларини тўсишмай дераза остидаги кроватда ётган бемор томон имо қилишди. Қўллари ва оёқларига ҳар хил уколлар улаб ташланган Георгий Николаевич Муроднинг назарида жуда ҳам нураб, кичкина бўлиб қолганга ўхшади: ранги оппоқ, кўзлари нурсиз. Бу ҳол унга болалигида касалхонада кўрган дадасини эслатиб юборди, кўнгли бир ўртаниб олди. Эшикдан кирганларга қараган бемор болаларни кўриб бошини бироз кўтарди, юзларига мамнунлик ифодаси балқди.
– Болаларим менинг, келдингларми? Сизларни келишингларни умид қилиб ётгандим. – деярли пичирлаб сўзлади.
Мурод бориб унинг қўлини ушлаб кўришди. Бир нима деб сўз қотишга истиҳола қилиб туриб қолди.
– Кўрдингми, Мурод ахволимни. Чамамда, умр ҳам якунига етиб қолганга ўхшаяпти.
– Ундай деманг, Георгий Николаевич, сиз ҳали узоқ яшайсиз. Сизсиз биз нима қиламиз?
– Менинг ҳам онгимда шу савол айланяпти, Мурод?
– Бобо, совуқ гапларни гапирманг, мени қўрқитманг,– иккинчи қўлини ушлаб лабига босди Саша.
– Барибир, тақдирдан қочолмайсан. Бунга кўникишингларга тўғри келади. Яқинроқ ўтиринглар, қувватим борида сизларга айтадиганларимни айтиб олай.
Болалар бири бир томондан, бири кроватнинг иккинчи томонидан яқинроқ сурилдилар. Георгий Николаевич бегоналар йўқмикин дегандай хонани нурсиз кўзлари билан оҳиста кузатиб чиқди. Унинг нигоҳи соқчи йигитларда тўхтаб қолди. Буни Саша дарров сезди ва сўради:
– Улар чиқиб туришсинми?
Бемор кўзларини бир юмиб бошини эгди. Саша қўриқчи йигитларнинг олдига келди.
– Агар мумкин бўлса, бир неча минут чиқиб тура оласизларми? Бобомнинг бизга гапи бор экан, эҳтимол, сизларнинг олдингизда унга ноқулайроқдир.
Қўриқчилардан бири дераза олдига келди ва деразадан қараб атрофни кузатган бўлди, кейин шеригини имлаб эшик ортига чиқдилар.
– Сўзимни бўлмай диққат билан тингланглар, болаларим. Агар менга бир нарса бўлса, Саша, сенга ҳаёт қийинроқ бўлиб қолиши мумкин. Чунки мендан кейин менинг хатоларимни изловчилар топилади. Аввал иззат билан жойимга қўйишади-да, бир йил ўтмасдан кавлашни бошлашади. Бизнинг жамиятимизнинг одати шунақа асли.
– Нега кавлашади?– беихтиёр сўради Саша.
– Гапимни бўлма. Менинг ишларимни кавлашади. Дадангни-ку, ахволи маълум, сени ва онангни қийнаб қўйишлари мумкин. Улар мендан қолган мол-мулк, банк ҳисобларини титкилашдан бошлашади. Лекин сен хавотир олма. Бу ёғини пишиқ қилиб қўйганман. Онанг мендан Горькийдаги, Рязандаги уйларни ва дала ҳовлининг ҳамда Москва банкидаги ҳисоб рақамимдаги маблағларимга ўзини сенга васий қилдирганим ҳақидаги ҳужжатга кўрсатиб қўл қўйдириб олди. Учта машина унинг номига ўтди. Бундан куйинма. Онанг билан уларни ҳеч қачон талашма. Мен биламан: онанг нега бундай қилганини. Майли, мен ундан розиман, унга бераётган мол-мулкимга ҳам розиман, чунки у менга сендай набира тарбиялаб берди. Буни ҳеч қандай бойликка алмаштириб бўлмайди.
– Мен онам билан ҳеч нарса талашмайман, бобо, менга фақат сиз кераксиз, сиз,– Саша бобосининг қўлини тутди.
– Раҳмат, ўғлим, энди сўзимни бўлма. Менинг ҳақимда биров суриштиришни бошламасданоқ бу ерни тарк этишингга тўғри келади. Улар сени мўлжалга олишади. Чунки асосий меросхўрим сен эканингни билишади. Шунинг учун чет элга кетишинг керак. Аммо сени осонликча мамлакатдан чиқариб юборишмайди. Бу ишда сенга Мурод ёрдам беради. У мусобақага борганда сен мухлис бўлиб у билан кетасан. Фақат шу йўл билан, ўз вақтида, яъни суриштирувлар бошланмасдан олдинроқ отни қамчилаб қолишинг лозим. Бунга бемалол улгурасан. Менинг энг катта маблағларим Австралия банкига сенинг номингга ўтказилган. У ерда сени кутиб олувчилар бор. Маблағларинг аллақачон даромад келтириб кўпаювчи ишларга йўналтирилган. У маблағларни топиша олишмайди, чунки ҳаммаси бир неча йил олдин ўтказилган ва изи йўқотилган. Сўзларимни тушундингми?
– Тушундим, бобо, лекин…
– Ҳеч қандай лекинга ҳожат йўқ. Шундай қилишинг шарт.
– Суриштирувлар бўлмаса-чи бу ерда?
– Барибир, сен кетишинг лозим. Ҳукумат суриштирмаса, сени мўлжалга олувчи бошқа кучлар пайдо бўлади. Улар онангга тегишмайди, бунга аминман.
Георгий Николаевич Муродга ўгирилди.
– Мен сенинг доим Сашанинг ёнида бўлишингни истаганман. Сашани олиб чиқиб кетганингдан кейин сенинг пайингни қирқишга уринувчилар ҳам пайдо бўлади. Сенинг ҳам бу мамлакатда қолишинг хатардан ҳоли эмас деб ўйлайман.
– Ўзбекистонга кетаман,– деди Мурод.
– У ерга қўллари етмайди деб ўйлама.
– Менинг ҳам кетишим шартми?
– Ҳа, буни чуқур ўйлаб кўр.
– Албатта, мен доим Сашанинг ёнида бўлишга ҳаракат қиламан.
– Уни ёлғизлатиб қўйма. Сен ёлғизликка ўргангансан. Ҳаётдан кўп сабоқ олгансан. Саша эса ёлғизланиб қолса, нима қилишни билмай қолмасмикин деб хавотирланаман. Илтимос, болажон, бир-бирингларни ташламанглар.
– Биз ҳеч қачон ажралмаймиз,– деди Мурод ишонч билан.
– Ҳамммасини тушунган бўлсанглар, вақт алламаҳал бўлиб қолди. Уйга бориб дам олинглар, болаларим. Мен чарчадим, уйқум келяпти.
Мурод Георгий Николаевичнинг қўлини сиқиб қўйиб ўрнидан турди. Саша ҳам бобосининг қўлини ўпиб хайрлашди. Икки дўст ташқари чиққанларидан кейин Саша Мурод билан унинг уйига кетди.
– Ўзимни етим қолгандай ҳис қиляпман. Сен билан кетаман,– деди у.
Уйга келганларидан кейин Сашанинг кайфияти яна баттар бузилди. Мурод тайёрлаб келган таомга қарагиси ҳам келмади.
– Мен сенинг ахволингни тушуниб турибман, Саша, ёдингда бўлсин. Тақдирда нима ёзилган бўлса, шуни кўрасан. Энг ёмон нарса тушкунликка тушишдир. Тушкунликка тушиб қолсанг, ўзингни тиклаб олишинг қийин бўлади. Сен нега бундай бўлаётганини ўйлама, бундан кейин нима қилиш кераклигини ўйла. Режа туз. Ҳар хил вариантларни чамалаб кўр.
– Мен ҳам бобомдан кейин нима қилиш кераклигини ўйлаяпман. Сен боягина бобомнинг кўнгли учунгина доим мен билан бўлишга ваъда бердингми ёки ростдан ҳам шундай қиласанми?
– Мен доим сен билан бўламан, дўстим.
– Австралияга кетиб қолсам-чи?
– Кўнглингни тўқ қил.
– Шахматинг нима бўлади?
– У ерда шахмат ўйнашмайдими?
Муроднинг жавобидан Саша мийиғида кулиб қўйди.
– Буни ўйламаганимни қара.
– Сен ҳеч қачон ёлғиз қолмайсан.
– Раҳмат сенга, Мурод, сен менинг қанотим бўлгансан. Сен туфайли бобомнинг меҳрини қозонганман.
– Демак, қарзсан. Қарзинг эвазига озгина тановвул қилиб оласанми?
Муроднинг гапидан Саша тўсатдан ҳоҳолаб кулиб юборди. Шу билан кўнгилсизлик сал кўтарилгандай бўлиб Саша овқат ейишга ўтирди.
Эрталаб икки дўст бирга нонушта қилишди-ю, Саша университетга жўнади.
– Бугун кўришолмасак керак сен билан, эртага бизникига кел,– таклиф қилди Саша.
– Эртага вақтим бўлмайди. Бугун кечқурун бораман.
– Мен кечқурун бобомнинголдида бўламан. Борсанг, онам билан гаплашиб келарсан.
– Ҳа. Ҳол-ахвол сўраб қўйишим керак.
– Эртага кун бўйи тренер секундантларим билан бўламан. Индинга Лондонга учиб кетамиз. Кузатгани келарсан ўзинг. Соат иккидаги рейс билан учамиз дейишган.
– Албатта. Кузатгани келаман.
Мурод Сашани кўчагача кузатиб чиқди. У машинага ўтирди-ю, Муродга қараб қўл силкиди.
ХХХ
Лондондаги турнир бошқа турнирларга қараганда соврин жамғармаси катталиги билан фарқ қиларди. Шунинг учун энг сара ўйинчилар иштирок этиб нақ ўн беш кун давом этди. Якунда Мурод иккинчи ўринни эгаллади. Бундан унинг ҳам, тренер секундантларнинг ҳам кўнгли чоғ бўлди. Ахир, ҳазилми, энг забардаст гроссмейстерлар улоқ тортишган мусобақада шундай ёш йигитнинг бунақа натижа кўрсатиши. Ўйинлар орасида ҳам бирор соат бўш вақт бўлмади: кечиктирилган ўйинлар кўриб чиқилди, партиялар таҳлил қилинди, ҳар гал кейинги тўғри келадиган рақибнинг ўйин услуби ўрганиб чиқилди. Шундай қилиб, у Москвага ҳам, уйга ҳам телефон қилишга имкон тополмади. Турнир ёпилган куни Сашага телефон қилди. Лекин гўшакни биров кўтармади. Делегация раҳбарининг ижозати билан тўғри Швецарияга учадиган бўлди. Ўзининг ғоят чарчаганини, бироз дам олмоқчи эканини рўкач қилди. Ўша пайтларда Швецарияга бориш спортчилар учун айтарли муаммо эмасди. Осонгина рухсат бериларди. Чунки кўп спортчиларнинг Швецарияда дам олишлари урфга кирган, бундан ташқари, халқаро мусобақалардан тушган маблағлари сақланар, тез-тез дам олиш баҳонасида у ердаги банклардаги ҳисобларини янгилаб туришарди.
Мурод меҳмонхонадан уч кунга жой олди. Биринчи куни бир ўзи шаҳар айланди, тарихий ёдгорликларни кўрди, музейларга кирди, кечқурун вақтини меҳмонхона ресторанида ўтказди. Эртасига марказий банкка кириб борди. Банк хизматчисининг бир қанча изланишларидан кейин ўзининг номига сақлаш жойига қўйилган қутини олишга ижозат олди. Уни банк хизматчиси нарса сақлаш бўлимига олиб тушиб керакли қутини кўрсатди-да, ўзи чиқиб кетди. Керакли кодни тергандан кейин қутини олиб столга қўйди. Эни ўттиз, узунлиги эллик сантиметрча келадиган қути ичидан битта умумий дафтар ва икки боғлам Англия фунт стерлинги чиқди. Мурод буларни олди-ю, дарҳол изига қайтди. Меҳмонхонага келганидан кейин дафтарни очиб кўрди. Валерий Сергеевичнинг дастхатини кўрибюраги бир энтикди. Диванга ўтириб олиб унинг хатини ўқишга тутинди.
“ Ўғлим, менинг дунёда қолдирган ягона изим,– деб ёзарди Валерий Сергеевич,– сен бу хатни ўқиётган пайтингда мени жамият аллақачон унутган бўлади. Мендан кейин мени қўмсаб қийналишингни биламан, аммо на чора, тақдир шундай: ҳаётга кимдир келади, кимдир кетади, вақтида ҳурматинг борида кетмоқ ҳам инсонга зийнат. Бу хатни олган бўлсанг, демакким, китобим ичидаги сенга қолдирган хатимни ҳам олгансан. Ўша хатда айтганимдек, бу хатимни шу ерда ўқигину, ёқиб юборгин. Сенга айтмоқчи бўлган гапларимни нега шу ерга яширганимни ўзинг англаб оласан. Мен сени олти яшарлигингда асраб олдим. Сен менга, ҳеч кими йўқ, дунёдан умиди узилган одамга нажот бўлдинг. Ўзимни бутунлай хароб қилишим мумкин бўлган вақтда учрадингу мени ҳаётга қайтардинг. Сен билан овундим, қолган умримни сен билан ўтказдим. Бор кучим билан сени тарбиялашга, жамиятнинг энг кибор оламига олиб киришга ҳаракат қилдим. Ўзингдаги истеъдод, ақл ва қонингнинг тозалиги билан мен сендан талаб қилаётган нарсаларга осонлик билан эришдинг. Бир куни мен ўйланиб қолдим. Мендан кейин ёмон йўлларга кириб кетмасмикинсан деб. Кейин сенинг албатта тўғри йўлдан оғишмаслигингга ишондим. Бир кун келадики, ўзингни ғоят ёлғиз сезасан, ана ўшанда болалигинг тез-тез эсингга туша бошлайди. Ўзингга ўзинг савол берасан: “нега мен ёлғизман?” Шунинг учун мен умр бўйи сенга укангни болалар уйига ушлаб кетишган кунни эслатиб келдим. Вақт келадики, сен уни албатта излайсан ва мана шу сана бўйича осонгина топасан. Мен буни Георгий Николаевичга ҳам кўп бора таъкидлаганман. Агар укангни излай бошласанг, у сенга ҳамма ишини ташлаб ёрдам беришга ваъда берган. Мен тириклигимда укангни излашга ҳаракат қилмадим. Бу менинг сенинг олдингдаги гуноҳим. Нега шундай қилмаганимни биласанми? Сени қизғондим. Укангни топсанг, яна юртингга кетиб қоласан деб қўрқдим. Эҳтимол, жуда катта хато қилгандирман. Бунинг учун мен сендан бошим ерга теккунча эгилиб узр сўрайман, мени кечир. Ахир, гуноҳкор отани кечирмоқ ҳам мард фарзанднинг иши-ку, ўғлим.
Энди сенга шуни таъкидламоқчиманки, сендан умидларим катта эди. Бир куни чемпионлик тожини кийишингга ишонардим. Аммо бугун қарорим бошқача. Сен ҳеч қачон чемпионлик учун курашма. Бошқалар чемпион бўлишаверсин. Чунки чемпионлик учун курашга чиққан кунингдан бошлаб сенинг жонингга кўз тикувчилар пайдо бўлади. Сабаби сен майда миллат вакилисан, бу бир куни ошкор бўлади, албатта. Сени катта йўлга чиқаришмайди. Сен учун ягона йўл шу: халқаро турнирларда ўзингни кўрсатиб юравер, аммо тожга яқинлашма, мажақлаб ташлашади. Буни ёдингда тут. Яна бир гап: бир кун келиб Георгий Николаевич ҳам дунёдан кетади. Шунда ҳушёр бўл. Токи у тирик экан, сенга таҳдид қилувчилар бўлмайди, лекин у кетганидан кейин сенинг изингни пойловчилар кўпаяди. Шунинг учун ёдингда тут. Георгий Николаевичга бир гап бўлса, ҳеч иккиланмай бу мамлакатни тарк эт. Сабаби оддий: совет жамиятида қайси раҳбар вафот этса, унинг яқинларини қисди-басдига олишади. Калаванинг бир учи келиб сенга қадалиши мумкин. Мамлакатдан чиқиб кетишга сенинг етарлича имконинг бўлади, албатта. Қолган масалаларни ўзинг ҳал қила оласан. Сенга ишонаман. Сени ғойибона ўпиб қоламан”.
Мурод хатни ўқиб чиққанидан кейин Валерий Сергеевичнинг барча гаплари ҳақ эканига ишонди. У узоқ ўйланди. Яна бир ҳафта шу ерда қолди. Бутун фикри ёдини бундан кейин нима қилиш кераклигига қаратди. Ниҳоят, бир қарорга келди. Георгий Николаевич оламдан ўтса, мамлакатдан чиқиб кетишга қарор қилди.
ХХХ
Москва халқаро аэропортига самолёт эрталабда оҳиста қўнди. Барча йўловчилар шошилиб ташқари чиқишга чоғландилар. Спорт сумкасини елкасига осиб қора кўзойнак таққан Мурод ҳам чиқиш йўлагига ўтиб борди. Бу сафар ёлғиз ўзи келгани учун сал ғалатироқ сезди ўзини. Ҳар сафар уни ё Вера хола, ё Саша кутиб оларди. Бу гал уни кутадиган ҳеч ким чиқмади. Вера холага телефон қилмади. Саша эса шунча сим қоқса ҳам гўшакни кўтармади. Кузнинг дастлабки ойи бошлангани учун анча салқин тушиб қолибди. Шунинг учун тезроқ таксилар турадиган ерга ошиқди. Машинага кириб ўтирди-ю, шофёрнинг саволомуз қарашига бироз жавоб беришга иккиланди. Тўғри Сашанинг уйига борсамикин, ё Вера холаникигами? Йўқ. Аввал ўз уйига боргани маъқул. Манзилни айтганидан кейин машина жилди.
Уйига кириб келди-ю, кўнгли бироз бузилиб олди. Шу уйни, болалиги ўтган, қанча хотиралар қолган шу уйни тарк этади. Энди, эҳтимол, бу ерга бир умр қайтиб келмас. Бу ерларда кимлар яшайди энди. Ундан кейин ҳам албатта бировлар яшайди. Лекин улар уни эслашармикин? Эслаб нима қилишади. Сотиб юборса, бутунлай бегона одамлар олади. Москванинг марказида жойлашган бу уйнинг харидори сон мингта. Эълон бериши билан балога қолади. Ғуж ёпирилишади. Йўқ. Сотмайди. Балки қачонлардир яна қайтишга тўғри келар. Ана ўшанда кириб келиши керак бўлган эшиги бўлиши керак-ку. Яхшиси, уйни Вера холага қолдиради, ё Игорга тайинлайди. Улар қараб туришади. Игорь яхши одам: инсофли, диёнатли, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Хотини ҳам яхши аёл. Муродни ўз укаларидек кўришади. Ўшаларга қолдиради. Шундоқ номларига ўтказиб беради-да, “мен бир кун яна қайтсам, ёрдам берасизлар”, деб тайинлайди. У ички бир туйғу билан сезиб турибдики, Георгий Николаевичга бир нима бўлган, бўлмаса, Саша телефонни оларди. Уларнинг одати ўзи шунақа: бирор мусибат тушса, ёки бирор каттароқ маросим қилишса, телефонларни узиб қўйишади. Тезроқ Сашадан хабар олиши керак. У тезда қаҳва қайнатиб икки финжон ичди-да, кийимларини алмаштирди. Телефонда такси чақирди. Ўн минутга қолмай пастдан машина сигнали эшитилди, демак, такси етиб келди. Шоша-пиша пастга тушди. Машинага ўтириб Георгий Николаевичнинг уйига йўл олди.
Шаҳардан чиқаверишдаги катта уй дарвозасига етганда уларни қўриқчилар тўхтатишди. Мурод машинадан бошини чиқариб қўриқчига салом берди. У таниб дарвозани оча қолди. Ичкарига эллик қадамлар юриб машина тўхтади. Шофёрга ҳақини тўлаб иккинчи қаватга кўтарилди.
Ўзи сезганидек, бутун уй мотам маросимига хос жиҳозланганди. Уй хизматкорларининг ўзларини тутишлариданоқ ҳаммаси маълум эди. Уни кутиб олувчилар уйнинг катта зали томон бошладилар. Бу ерда Сашанинг бувиси, саксон ёшлардаги Евдокия Тумановна, онаси Лариса Антоновна, дадаси Анатолий Георгиевич давра қуриб ўтиришарди. Бунақа ҳолларда нима қилиш, ўзини қандай тутишни билмаса ҳам Мурод аввал бориб Сашанинг бувиси билан сўрашди. Қариб, кўзлари хиралашган кампир уни таниб оғзига тўсиб олган шол рўмолини олиб елкаларидан силаб кўришди. Лариса Антоновна билан сўрашар экан, беихтиёр кўзларига ёш тепиб чиқди.
– Мурод, суянчиғимиздан айрилдик,– йиғлаб юборди аёл.
Анатолий Георгиевич ҳам аллақандай мунгли, елкалари қисилиб букчайиб қолибди. У билан кўришганидан кейин даврага қўшилиб ўтирди-ю, нима дейишни билмай Лариса Антоновнага мўлтираб қаради.
– Уч кун бўлди қабрга қўйдик. Ўзининг васияти бўйича ота-онаси қўйилган қабристонга қўйилди. Ҳукумат вакиллари айтган жойга қўйдирмадик. Парвардигор руҳини даргоҳида қабул қилсин. Ҳали Саша келса, қабристонга бориб келасизлар,– деди аёл.
– Саша қаерда ўзи?
– Бугун соат ўн иккида озгина маросим қиламиз. Шунга тайёргарлик кўриш учун хизматкорлар билан бозорга кетган.
– Анатолий Георгиевич билан бориб кела қолай. Балки шуниси қулайдир.
Лариса Антоновна эрига зимдан бир қараб олди. У бепарво тишини кавлаб ўтирарди.
– Ундан кўра Саша нима қилишни билади,– шивирлади аёл,– бу ҳали бошига қандай мусибат тушганини англаб етгани йўқ.
Мурод тушундим дегандай бошини эгди.
Ярим соат ўтмай Саша ҳам кириб келди. Икки дўст унсизгина бир-бирларини қучоқлашди.
– Дардингга шерикман. Бу тақдирнинг иши, Саша…– деди-ю, Мурод бошқа сўз тополмай қолди.
– Дунёда мени тушунадиган ягона инсон кетди, Мурод. Энди деярли етимман десам ҳам бўлаверади. Оиламда мен билан суҳбатлашадиган, ишимни, ўқишимни суриштирадиган инсоним энди йўқ.
Мурод нима дейишни билмай унинг елкаларини тутди, қучоқлади.
– Бобонг менинг ҳам бобом эди.
Иккови ёнма-ён жимгина ўтирдилар. Таскин беришга Мурод сўз тополмас, Саша эса нима дейишни билмасди.
Шу куни маросимни ўтказганларидан кейин ҳам Мурод билан қолди. Унинг кечқурун ўзлари билан қолганидан Саша ғоят мамнун эди. Иккови Сашанинг хонасида кечки овқатга чақиргунларича суҳбатлашиб ўтирдилар. Георгий Николаевични эслашди, Валерий Сергеевични ёдга олишди. Икки чолнинг болаларча қилиқларини эслашиб кулишиб ҳам олдилар. Эрталаб иккови ҳам университетга жўнашди.
Шундан кейинги кунларда Саша Муродникига кунора келадиган у билан соатлаб гаплашиб ўтирадиган бўлиб қолди. Дарсларни бирга тайёрлашар, бирга дарсга боришар, бир-биридан ажралмас бўлиб қолдилар. Тириклигида икковини дўст қилдирган Георгий Николаевич ўлимидан кейин ҳам уларни қадрдонлаштирганди.
ХХХ
Ҳадемай қишнинг дастлабки ойининг сўнгги кунларига ҳам етиб келдилар. Кунлар шундай тез ўта бошладики, қандай қилиб Янги йил яқинлашганини ҳам сезмай қолдилар. Шундай кунларнинг бирида Сашани дарсдан чақириб чиқиб кетдилар. Дарслар тугаса ҳамки, у қайтиб келмади. Кечқурун Муроднинг уйига дилгир қиёфада кириб келди. Унинг кайфияти бузуқлигини, бекорга келмаганини сезиб Мурод дарров сўради:
– Нима бўлди? Тинчликми?
Саша бош чайқади.
– Йўқ. Биласанми, бугун нима бўлди? Эсингдами, бобом бизни огоҳлантирганди. “Мендан кейин суриштирувлар бўлиши мумкин” деганди. Бугун дарсдан нимага чақиртирганларини сенга айтаман. Мени кадрлар бўлимига чақиришди. Борсам, иккита одам. Ҳаммани чиқаришвориб мен билан суҳбатлашишди. Нақ икки соат суҳбат олиб боришди. Бобомни ўзларига яқин олишиб шунақанги гапни айлантиришдики, қўяверасан.
– Улар нималарни сўрашди сендан?
– Гапни айлантириб-айлантириб келишиб бобомнинг қолдирган ҳисоб рақамларини, қайси банкларда пуллари сақланишини сўрашди. Агар чет элларда пуллари қолиб кетган бўлса, менга олиб беришмоқчи бўлишди.
– Сен нима дединг?
– Мен ҳаммасини онамга қолдирган дедим. Улар менга ҳам мерос қолдирган-қолдирмаганини роса ижикилаб сўрашди. Тилимдан илинтирмоқчи бўлдилару, лекин мен ҳаммасини онам билади деб туравердим. Кейин улар онамдан менинг номимга биронта давлат банкида пул қўйилган-қўйлмаганини билиб беришимни сўрашди. Индинга яна келишармиш.
– Бошланибди, Саша, ҳаммаси бобонг айтганча бўляпти.
– Энди нима қиламиз?
– Сен айтган гапингда туриб ол. Улар онангдан ҳам сўрашади. Унга бу гапларни айтишинг керак. Бўлмаса, ўғлингиз бундай деди деб унга, онанг бундай деди деб сенга ёлғон бир нималарни айтишади-да, бир жойдан сизларни илинтириб олишади. Онанг икковингларнинг гапинглар бир хил бўлиши керак, уқдингми?
– Онам билан ҳозироқ гаплашаман.
– Йўқ. Фақат телефонда эмас. Телефон қўнғироқлари назоратга олинган бўлиши мумкин. Улар сени пойлаган бўлишлари ҳам мумкин. Менинг уйимга келганингдан ҳам, эҳтимол, ҳозир хабардордирлар. Сен яхшиси, онанг билан эртага дарсгача бориб гаплаш. Балки, эртага уни ҳам чақиртиришар.
– Тўғри айтасан. Саҳар туриб онамнинг олдига бораман. Дарсгача улгуришим керак.
– Тўғри, эрталаб тонгда борганинг маъқул…
Орадан икки кун ўтиб Муроднинг уйига чақирув қоғози келди. Ўша пайтларда номини эшитган кишини тер босадиган бу ташкилотнинг чақируви яхшиликдан дарак бермасди. Шундай бўлса ҳам бир куни шундай чақирув бўлишини тахмин қилганлиги учун ўзича бўладиган савол-жавобларга тайёрланиб юрганди. Шу боис у ваҳимага тушмади. Бу ҳақда Сашага ҳам индамади.
Уни қабулхонада анча куттирганларидан кейин қабул қилдилар. Фуқаро кийимидаги ёши анча ўтинқираб қолган киши уни жуда мулойимлик билан кутиб олиб, аввал бир чашка кофе таклиф қилди. Муроднинг ишлари, ўқишлари, мусобақалари ҳақида суриштирди. Сўнг Муроднинг мамлакатимиз ёшлари ичида энг фаолларидан бири эканлиги, совет жамиятининг келажаги шуларга боғлиқлиги, улар мамлакатнинг шон-шавкатини юқорига кўтаришлари, мамлакат улар билан фахрланиши ҳақида, уларнинг истаган имкониятини яратиб беришлари ҳақида оғзини тўлдириб гапирди. Шундай ватанга хизмат қилиш бу ёшлар учун жуда катта фахр эканлигини таъкидлаб, ватаннинг ҳар қандай чақириғига лаббай деб жавоб беришлари лозимлигини уқтирди. Гапни айлантириб келиб Георгий Николаевичнинг набираси Сашани таниш-танимаслигини сўради.
– Албатта танийман. Мен у билан бирга ўсганман, бирга бир синфда ўқиганман. Ҳозир ҳам бир курсда ўқийман,– деб жавоб берди Мурод. Зотан, Саша билан муносабатлари бу одамга кундай равшан эканлигини сезиб турарди.
– Сизнинг хабарингиз борми, Сашанинг кейинги келажаги ҳақида Георгий Николаевич жуда кўп қайғурган. Унинг номига кўп маблағлар қолдирган бўлса керак?
– Бу ҳақда… билмадим. Саша ўзи айтмаган. Ўзим ҳам сўрамаганман. Пул ҳақида сўраш ноқулай. Менимча, онаси билса керак ҳаммасини.
– Биздаги маълумотларга қараганда, Георгий Николаевич ўлимидан олдин набираси ва сиз билан алоҳида суҳбатлашган. Гап нима ҳақида бўлган эди?
– Сашанинг ўқиши ҳақида. Георгий Николаевич Сашанинг ўқишларида доим ёрдам беришимни сўраган. Мен доим унга ўқишда ёрдам берганман. У билан болалигимда ҳам бирга дарс тайёрлашимни сўрашарди. Кейин онаси билан ҳеч нарса талашмасликни тайинлади. Ҳамма мулкини онасининг номига қолдирганини, ўзидан кейин жанжал қилмаслигини сўради.
– Мабодо ўша суҳбатда биронта мамлакатда дўстингиз номига қолдирилган мерос ҳақида гап бормадими? Балки бирон банкда Александр Анатолевич номига пул қўйилгандир?
– Бундай гапларни Георгий Николаевич менинг олдимда айтмасди.
– Сашанинг ўзи балки бирон суҳбатда шу ҳақда гапиргандир, бир ўйлаб кўринг.
– Саша менга оила сирларини айтмайди, айниқса, маблағ борасида менга ўйлаб гапирарди доим, чунки мен боқиб олинган боламан. Менинг кўнглимга келмасин дебми, у ҳеч қачон пул ҳақида оғиз очмасди.
– Тушунарли. Агар бундан кейин дўстингиз шу ҳақда бирон гап айтса, бизни дарров огоҳлантирасиз деб умид қиламан. Бу сизнинг шарафли бурчингиз ҳисобланади. Ватанга шундай хизмат қилинади, йигитча.
– Ватанга хизмат қилиш олий бурчим эканлигини биламан.
– Баракалла. Ватан чақириғига ана шундай доим шай туринг.
– Жоним билан қўлимдан нимаики келса, бажону дил бажараман.
Шундан сўнг доим улар билан алоқада бўлиб туришларини таъкидлаб унга жавоб беришди. Мурод у ердан чиқиб тўғри университетга йўл олди. Кечқурун эса Сашаларнинг уйига борди. Дўсти ва онасига бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди.
– Бизни кавлашни бошлашди,– деди Лариса Антоновна,– бундан бу ёғига тинч қўйишмайди, исковучлар. Бу ҳали бшланиши бўлса керак. Энди шу гапимиз – гап. Дастлабки суриштирувда нима деган бўлсанглар, кейингиларида ҳам оғишманглар. Георгий Николаевичнинг менга нималар қолдиргани ўзларига маълум уларнинг, яна нимани суриштиришади.
– Чет эллардаги банкларга сўров жўнатишмасмикин?– сўради Мурод.
– Жўнатишса жўнатишар. Лекин чет эл банклари ўз мижозларининг сирларини айтишмайди. Швецариядаги банкда менинг номимга ўтказилган озроқ пул бор. Уни мен қизларим номига расмийлаштириб бўлдим. Бошқа жойда ҳеч нарсамиз йўқ. Барибир, у томонда бизнинг маблағимиз йўқ.
– Бу томондан хавотирланмаса бўлавераркан,– деди Мурод ва зимдан Саша томонга қараб қўйди. Унинг маъноли қараганини дўсти ҳам сезди.
– Ўз вақтида бу ердан кетишимиз керакка ўхшайди,– деди Саша,– улар пулгина излашмайди. Бизнинг бўйнимизга сиёсий бир балоларни ҳам илишмаса деб қўрқаман. Балки, бобом даврида биронтаси ундан озор кўргандир. Бир нарса деб бўлмайди. Ҳар қалай бобом анча-мунча амалдор эмасди. Катта амалдорларнинг душманлари кўп бўлади.
– Ҳа, ортидан тош отадиганлар секин-секин бош кўтаришни бошлайдилар. Лекин бу ердан кетиб қаёққа ҳам борасан, болам?– сўради Лариса Антоновна.
– Тинчгина яшаш имкони бор юртлар бордир. Бу ерда доим таҳликада яшагандан кўра кетган маъқул.
– Мени ташлаб қаёққа кетасан, Саша?– онаси.
– Сизни ташлаб кетмайман. Кетсам, кейинчалик сизни ҳам олиб кетаман. Мабодо кетсам, сизга опаларим қараб туришади. Алоқамни узмайман. Бу ердаги вазиятга қараб сизни ҳам олиб кетишим тайин.
– Кутайлик-чи, вазият балки юмшаб, бошқа томонга ўзгариб қолар.
– Бироз кутганимиз маъқул,– дарров уни маъқуллади Мурод ҳам.
Шу кеча учови маслаҳатни бир ерга қўйишиб ҳар қандай сўроқ бўлса, гаплари бир ердан чиқишлари ҳақида узоқ гаплашдилар. Лакриса Антоновна икковига кўп нарсаларни гапириб берди. Шунга ўхшаш воқеаларни мисол келтирди. Унинг гапларидан иккови ҳам шуни англадиларки, уларнинг пайига тушганлар энди тинчимайдилар.
Кечқурун ётиш олдидан Мурод Сашага таклиф қилди.
– Кел, икковимиз ҳам Янги йилни укамникида кутиб олгани борамиз. У ерда бемалолроқ байрамни нишонлаймиз. Баҳонада мен ҳам укам билан хайрлашиб келаман. Агар шу кетишда вазият юмшамаса, чет элга чиқиб кетишимиз маълум бўлиб қолди. Нима дейсан?
Унинг таклифи Александрга ҳам ёқиб тушди. Суюниб кетди.
– Ўзбекистонга қачон олиб бораркинсан деб оғзингни пойлайман, лекин ғингинг чиқмайди, албатта, бораман-да. Эрталаб жўнайлик. Кетдик десанг ҳозир ҳам кетавераман.
– Университетга учрамаймизми?
– Қўявер яна бир-икки кунлик дарс қолди. Қайтиб келиб бир амаллармиз.
– Мен баъзи бир нарсаларни тайёрлашим керак, Саша. Мендан кейин укамнинг яшаши учун пул керак бўлади. Ана шу томонларини ҳал қилиб қўйишим керак.
– Фақат ўзига берма. Бошқа қариндошларингга бер, улар сақлаб беришади. Нақд пулни озроқ берсанг ҳам бир нечта машина олиб расмийлаштириб қўй уларнинг номига. Кейинчалик укангга беришади. Ёки яна бир йўли бор: мен сенга айтаман. Ўзимга яхши таниш заргарлик дўкони бор. Ишончли одам. Ўша билан гаплашамиз. Тилла ўлмайдиган нарса. Дўкондаги борки, тилла тақинчоқларни сотиб оласан. Ўзбекистонга олиб кетамиз. Аэропортда текширишмайдиган қиламиз – йўли бор.
– Бойлик сақлашнинг кўп йўлларини биласан, шекилли,– Мурод унинг гапидан кулди.
– Бунақа ишларни менга бобом ўргатган.
– Самолётда борсак, бу ерда суриштиришмагани билан у ёқда бунча кўп тиллани, барибир, суриштиришса керак. Яхшиси, поездда кетганимиз яхшимикин.
– Бу гапинг ҳам тўғри. Юкларни биз олиб чиқмаймиз. Дўкон хизматчилари олиб чиқишиб вагонга жойлаб берадиган қилиб гаплашамиз. Бу ишда танишларим ёрдам беришади.
Унинг гаплари Муродга ҳам маъқул келди.
ХХХ
Янги йил байрамига икки кун қолганида Умид мактабдан энди келувдики, кўчага кетма-кет икки машина келиб тўхтади. У дарров Ботиржонга буюрди:
– Югур, Ботиржон, Мурод аканг келди, шекилли. Сенга кўп совға олиб келгандир. Ҳақиқатда у гапини тугатмай дарвозадан кириб келаётган Муродга Ботиржон бориб урилиб кетди.
– Ў, катта бўлиб кетибсан-ку. Мана, мен яна келдим,– деб уни кўтариб олди. Сўрашгани Умид югуриб келди. Ака-укалар қучоқлаша кетишди.
– Юр, юкларни туширишиб юбор,– деди сўрашиб бўлганларидан кейин.
Ташқарида Саша машина олдида ака-укаларнинг сўрашишларини томоша қилиб турарди.
– Танишиб қўй, бу Саша – менинг болаликдан дўстим. Саша, бу менинг укам Умид.
Саша Умидга бошдан оёқ қараб чиқди-да, тўсатдан уни қучоқлаб бағрига босди.
– Сен менинг ҳам укамсан. Сен ҳақингда кўп эшитдим. Мана энди кўриб турибман ўзингни.
Учовлашиб машиналар ташлаб кетган юкларни уйга ташиб олдилар.
– Бутун Москвани кўчириб келдингми, ака?– кулди Умид.
– Ҳаммаси сен учун. Буларнинг барини сенга олиб келдим. Манови икковини алоҳида уйга қўямиз. Қолганлари совға-саломлар,– деб Мурод катта чемоданни кўрсатди. Буларни биров кўрмасин. Умид чемоданни кўтариб олмоқчи эди, кўтаролмади.
– Саша, ёрдамлаш.
Иккови бола дастлаб чемоданни ичкари уйга олиб кирдилару Мурод укасига тайинлади:
– Бу хонага биров кирмай турсин, гап бор.
Бу ердаги шовқинга кичик ўғлини кўтариб Роҳатой шошиб чиқди. Муроднинг елкасидан олиб йиғлаб сўрашди. Сўрашиб-сўрашмай Мурод сумкадан олиб берган катта самолёт ўйинчоқни кўтариб Ботиржон дарров далага томон югуриб кетди. У дадасига айтиб суюнчи олмоқчи бўлди, шекилли.
Кечқурун барча қариндош-уруғлар яна йиғилдилар. Бу сафарги дийдорлашув бошқача бўлди. Чунки қўни-қўшнилар ҳам йиғилиб чиқдилар. Қайдандир хабар топган тоға ва холалари ҳам етиб келишди. Раъно холанинг гапи билан Хидир ва Салти ҳам чақириб чиқилди. Иккови ҳам Гўё Мурод ҳайдаб соладигандай қисиниб-қимтиниб кириб келишди. Лекин улар билан Мурод ҳеч нарса бўлмагандай сўрашди. Улар ичкарига киришгач, Моҳира Муроддан сўради:
– Сен уларни кечирдингми?
– Ҳа, опа, ўзингиз айтдингиз-ку, даданг билан онанг у ёқда хурсанд бўлади деб.
– Бу ишинг жуда яхши бўлди. Ростдан ҳам шундай бўлади. Кечиримли бўлган укамдан айланай,– Моҳира унинг юзларини силади.
Ҳовли шу кеча худди тўйхонага ўхшаб қолди. Ярим кечага довур хурсандчилик билан гурунглашдилар. Гарчи йўл бироз толиқтирган бўлса ҳам Мурод билан Саша бу одамлар орасида зерикишни билмай ўтирдилар. Қариндошлар тарқалиш арафасида Мурод ҳаммасини Янги йил кечаси меҳмон қилишини айтди. Унинг таклифи билан Янги йилни барчалари шу ерда ўтказадиган бўлдилар. Ҳамма тарқаганидан кейин Мурод билан Саша Умидга бор гапни айтиб унга тушунтирдилар.
– Бу чемодандаги нарса бари тилла тақинчоқлар. Уларнинг хужжати бор. Биров сени айблай олмайди. Бироқ буларни бировга кўрсатмайсан. Сенга камида эллик йилга етади. Балки болаларингга ҳам етар. Фақат уларни ҳозир ишлатмагин. Қачон йигирма беш- ўттиз ёшларга етганингда очсанг, майли. Унгача, балки мен қайтиб келарман.
– Яна ташлаб кетасанми?– ўкинч билан сўради Умид.
– Йўқ. Бутунлай эмас. Вазият тақозоси бу. Қайси юртда бўлмай сен билан телефонлашиб тураман. Акрам акамнинг ишхонасига телефон қилиб бир кун олдин айтиб қўяман. Ўша ерда гаплашаверасан. Бу ерга имкон қилиб телефон туширтирсанг, яна яхши бўларди. Турғунбой акамга айтиб кўрасан. Имкони бўлса, уйда гаплашаверасан. Сенга етарлича пул ҳам олиб келганман. Турғунбой акамга ҳам аталгани бор. Улар сенга қараб туришади. Ҳар қалай энди ўз уйимиздасан. Сен ўқиб катта одам бўлишинг керак. Мен эса доим сендан хабардор бўлиб тураман.
Шу кеча ака-укалар полга тўшак-кўрпа ташлашиб ёнма-ён ётишди.
ХХХ
Байрамнинг эртасига Мурод Роҳатойдан сўради:
– Сизга нима олиб берай. Тортинмай айтинг.
– Менга битта сигир олиб беринг,– деди Роҳатой ҳам.
– Сизга сигир, акамга машина,– деди Мурод.
Роҳатой уни ҳазиллашди деб ўйлаганди, лекин эртасига Турғунбой “Жигули” миниб келганини кўриб ҳуши бошидан учди.
– Сигир олишни билмайман. Уни акам ўзи олиб беради. Мен пулини бераман,– деди Мурод. Эр-хотиннинг ҳай-ҳайлашларига қарамай уч минг сўм пулни уларнинг олдиларига ташлади.
– Умидга сут ичириб турасизлар. Ботиржон иккови соғлом бўлишлари керак.
Роҳатойнинг бундай мурувватдан боши осмонга етди. У шундай бахт кулиб боққанига ишонмасди. Туш кўрмаяпманмикин деб ҳар замонда ўзини ўзи чимчилаб қўярди. Кейин билса, шу куннинг ўзида Акрамжон ҳам, Раъно хола ҳам, Моҳира ҳам машинали бўлишибди. Янги йил бу заҳматкаш одамларга чинакам омад олиб келганди. Икки кун ўтказиб Мурод жўнайдиган бўлди. Уни кузатгани бутун қариндош уруғлар йиғилди. У Раъно хола билан хайрлашаётганда кўзлари ёшга тўлди.
– Амма, энди мен узоқда келаман, жуда узоқда келаман. Умидни ўзингиз ўстиринг. Унга қараб туринг.
– Ўзим қарайман, болам, ўзим қарайман. Мендан бошқа ким қарарди,– деди ҳеч нарсани тушунмаган Раъно хола. Ҳамма билан хайрлашганларидан кейин Акрамжон ва Умид Саша билан Муродни аэропортга кузатгани жўнадилар. Машинага ўтирганларидан сўнг Мурод яна қайтиб тушди ва Раъно холани қучоқлаб кўксига бошини қўйди-да, уни бир ҳидлади. Шарт ортига бурилди-да, машинага кириб ўтирди. Машина қорда истар-истамас юргандай оғир қўзғолди. Муроднинг кўзларидан дувиллаб ёшлар тўкиларди.
ХХХ
Янги йилнинг биринчи ойида Лондонда жаҳон чемпионлиги учун давогарларнинг биринчилиги ўткзилиши керак бўлиб, тўрт даъвогардан бири Мурод эди. Тўрт даъвогарнинг иккиси совет шахматчиси. Жўнаб кетишга оз фурсат қолган бўлиб, ҳамма тайёргарлик билан банд эди. Бу жангда нима қилиб бўлса ҳам совет шахматчисининг бири финалга чиқиши шарт эди. Бу ҳукумат миқёсидаги топшириқ бўлиб, ҳаммани зир титратиб юборганди. Айниқса, спорт қўмитаси ходимлари шахматчиларнинг тайёргарлиги билан кеча-ю кундуз хабардор бўлиб турарди. Лондонга жўнашларига икки кун қолганда Муродни спорт қўмитасига чақиришди. Бу ерда уни аввалгидек эмас, бошқачароқ, менсимайроқ кутиб олишди. Авваллари унинг жисмоний, руҳий тайёргарлигини сўраб атрофида парвона бўладиганлар унга сир бермайроқ муомалада бўлишганларидан Мурод дарров вазиятни чамалади. Демак, унга қандайдир шарт қўйишади. Ўша шартга жавобан бу ҳам ўз шартини тайёрлаб қўйганди. Спорт қўмитаси раисининг ўринбосари уни қабулида анча ушлаб ўтирди. Бир нарсани айтмоқчи бўларди-ю, айтолмасди. Охири, бўлмади, шекилли, дардини айтди:
– Мурод, биламиз, сен кучли шахматчисан. Бу мусобақада ғолиб чиқишинг аниқ, лекин олдимизда бир муаммо пайдо бўлди. Сен ҳали ёшсан, олдингда қанча-қанча мусобақалар, ғалабалар турибди. Биз бунга ишонамиз. Сен совет шахматининг ҳақли равишда фахрига айланасан ҳали. Муаммо шундан иборатки, бу гал сен ён босишинг керак бўлади. Бу юқорининг топшириғи.
Мурод ўринбосарнинг юзига диққат билан тикилди. Бармоғини пастки лабига босиб ўйланиб қолди.
– Гапларимни тушундинг, деб умид қиламан.
– Демак, мен ютқазишим керак? Сиз шуни истаяпсиз чоғи.
– Бу бир сафар, холос. Агар йўқ десанг, ихтиёр ўзингда. Биз бир нарса деёлмаймиз. Борасан. Ўйнайсан. У ёғи бир гап бўлар, лекин эслатиб қўяй. Бу – юқорининг топшириғи.
Мурод уни оғзига қаратиб анча мулоҳаза қилиб олгач, жавоб берди:
– Майли, сиз айтганча бўла қолсин. Менинг ортимда суянчиқ бўла оладиган одам йўқ. Сизлардан бошқа. Мен розиман, лекин битта талабим бор.
– Нима талабинг? Ҳаммасини бажоқилишга ҳаракат қиламан,– ўринбосар уни осонгина кўндирганидан хурсанд бўлиб кетди.
– Мен бир-иккита мухлис олсам дегандим. Боришади. Менинг ўйинимни томоша қилишади. Сценарий маълум. Мен ютқазаман. Кейин мухлисларимни ранжитиб қўйганим учун уларни Испанияга олиб бориб буқалар жангини томоша қилдираман.
– Бу муаммо эмас, ўзинг билан нечта мухлис олмоқчисан?
– Битагина. Битаси ҳам етади таскин беришга.
– Фамилиясини айт. Мен рўйхатга киритиб қўяман.
Мурод Сашанинг фамилиясини айтди. Шу билан ўзида йўқ ўринбосар уни эшик олдигача кузатиб келди. Келажакда кўп ғалабаларга эришишини қайта-қайта таъкидлаб кузатиб қўйди. Мурод ўн иккинчи қаватдан тушиш учун лифт олдига келди. У ўз хаёллари билан бўлиб очиқ турган лифтга кирди ва биринчи қават тугмасини босди. Лифт юриши билан ўзига ўзи овоз чиқариб “Мен таслим бўлишга қарор қилдим. Шунга рози бўлишдан ўзга чорам йўқ” деб юборди. Лифт то биринчи қаватга етгунча йўлда тўхтамай визиллаб тушиб келди. Лифт ичида эса хаёллар уни чалғитгани учун бир нарсага эътибор бермади. Лифтнинг тепаси очиқ бўлиб, тепада ишчи кийимидаги бир йигит Муродни кузатиб турганди. Ўзининг овоз чиқариб айтган гаплари шу куни уни ажал чангалидан олиб қолганини ҳатто хаёлига келтирмаган йигит муз билан қопланган кўчани кесиб ўтди-да, таксига ўтириб уйига жўнади.
ХХХ
“Ил–86” самолётининг қудратли моторлари гуриллаб ишга тушиб самолётни осмонга кўтарганда Муроднинг ёнида ўтирган Саша илюминаторга қараб сўзлади:
– Хайр, Ватан, биз албатта қайтамиз. Бағрингдан бутунлай узилиб кетмаймиз. Қайда бўлсак, ёдимиздасан.
– Ёруғ кунларнинг бирида албатта қайтамиз,– унга қўшилди Мурод ҳам.
ХХХ
Минглаб томошабинлар билан тўлган улкан залнинг бир томонида Мурод, иккинчи тарафида яна бир совет гроссмейстери дона суришни бошладилар. Матч ўн икки партиядан иборат бўлиб ким олти ярим очко тўпласа, ўша ғолиб бўлади. Ҳар куни бир партия ўйин ўйналиши шарт қилиб қўйилди. Дастлабки тўрт кунда ҳисоб Муроднинг фойдасига тўрту ноль бўлиб қолиши кўпчиликни шошириб қўйди. Унинг рақибини қайта ўзини ўнглай олмайди деб газеталарда бонг ура бошладилар. Бироқ ўйин ўйин-да, кейинги ўйинлар кетма-кет бой берилиб ҳисоб тўрту тўрт кўринишига келиб қолди. Тўққизинчи, ўнинчи партиялар Муроднинг таклифи билан дуранг бўлди. Ўн биринчи партияда рақиб яна ўзини кўрсатди: 5:6. Ўн иккинчи партияда устунлик Мурод томонда эди. Соат миллари тобора байроқчани кўтариб келаётган бир паллада Мурод тўсатдан руҳни юриш ўрнига отини очмасга ташлаб қўйди. Кишти қойим сабабли ўйин дуранг билан якунланди. Шундай қилиб бир очко фарқи билан Мурод матчни бой берди.
– Табриклайман. Сиз ишончли ғалаба қозондингиз,– деди Мурод рақибининг қўлини қисар экан жилмайиб. Рақиб унинг қўлини олди-ю, қизариб кетди.
ХХХ
Матч тугаганидан кейин икки дўст аввалдан келишилганидек Испанияга учишди. У ерда тўхтамай ўша куниёқ Қўшма Штатларга жўнашди. Бу ерда улар олти ойдан ортиқ қолиб кетишга мажбур бўлдилар. Ниҳоят, паспортлар янгиланганидан кейин Австралияга кетишларига рухсат тегди. Ёзнинг охирги кунларининг бирида қачон бўлса ҳам Ватанга қайтишни кўнгилларига туккан икки йигит Австралия заминига қадам қўйдилар.