Умр бўйи ўзгаларга бронзадан ҳайкал ўрнатган Равшан Миртожиев ўзига эзгуликдан ҳеч ким йиқитолмайдиган мухташам ҳайкал қўйиб кетдилар.



Андижоннинг эски шаҳарида шундоққина Хўтанариқ бўйида машҳур кабобхона бўларди.У жойда ўрама кабоб деб аталадиган емак барра қўй гўштидан пишириларди.Мен бир беморни йўқлаб қўймоқ учун беш -ўн сих кабоб билан тўртта оби нон олай деб ўша ошхонага бордим.Кабобга буюртма бераётсам, кимдир мени чақирди.Бундай қарасам, раҳматли Равшан ака Миртожиев эканлар.Равшан ака билан мени рассом Одилжон Нишонов таништириб қўйган эди.У маҳаллар Равшан ака Андижондаги рассомлар цехида ишлардилар.Унинг ҳайкалтарошлиги кейинроқ намоён бўла бошлади.Ҳуллас, биз кўришдик.Равшан ака ўша кунлари Андижонга Чўлпоннинг ҳайкалини ўрнатиш учун келган эканлар.


-Холдоржон, қалай ишлар?Яхши юрибсизми?Ижодлар қалай?-дедилар ҳол аҳвол сўраб Равшан ака.


-Ёмон эмас, юрибмиз, ака, Худонинг панохида.Янги янги шеърлар ёзаяпман -дедим мен.


-Ҳа, яшанг.Қачон бизга дастхат ёзиб, китобингизни совға қиласиз? -дедилар яна Равшан ака раҳматли, менга чой қуйиб узатиб, овқатга таклиф этарканлар.


-Китоб чиқариш бироз қийин бўляптида.Ҳозирги замонда шоирлар ўз китобини шахсий маблағи эвазига ёки спонсор ёрдамида чиқаришмоқда -дедим мен.


Равшан ака бир зум ўйланиб тураркан, ноқулай жимликка бархам бериш учун графинга узандилар: -Юз грамм кетадими? -деди у.


-Йўқ, Равшан ака, мен ичишни ташладим.Бу аблах ичкилик ижод қилишимга халақит беряпти.Ичсам, ялқов бўлиб қоляпман -жавоб бердим мен.


-Бир хисобда тўғри қиласиз.Мен ҳам ичкиликни йиғиштирмоқчиман.Ичкилик ижодкорни хароб қилади -дедилар Равшан ака.Кейин давом этдилар.


-Лекин сиз, жуда тушкунликка тушманг.Сиз китобингиз нашрига кетадиган харажат ҳажмини калькуляция қилиб, менга телефон орқали айтинг.Агар жуда кўп бўлмаса, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.Ахир, сиз билан биз ижодкорлармиз.Ижодкорлар эса бир бирларига ёрдамлашиб яшашлари керак -дедилар.


Равшан аканинг бу кутилмаган гапидан мен бир лахза ҳайкалдай қотиб қолдим.Кейин  ўзимга келиб, унга миннатдорчилик билдирдим.Лекин, гапнинг тўғриси, мен Равшан аканинг китобимга спонсор бўлишига ишонмадим ўшанда.Ҳа, энди, шунчаки айтдиларда -дея ўйладим.Аммо, бутунлай умидимни ҳам узолмадим.


Ишонсизликнинг асосий сабаби, менинг ўша пайтлари Салай Муҳаммадаминовни ўз маслагидан ўлса ҳам воз кечмайдиган ҳақиқий демократ, манфаатга қул бўлмаган ишончли сиёсий лидер деб ўйлаб, унинг ортидан ахмоқларча эргашиб юрган пайтларим китобим нашр қилинишига сира ишонмасдим.Бунга ҳукумат асло йўл қўймайди дея ўйлардим.Равшан акам билан эса, ҳеч қачон сиёсат ҳақида суҳбатлашмаган эдик.Гурунгларда фақат тасвирий санъат ва адабиёт ҳақидагина суҳбатлашардик.Яъни Равшан ака менинг сиёсий позициямдан мутлақо беҳабар эдилар.Аммо мен ёзган шеърларнинг ашаддий муҳлисларидан бири эди, буни билардим.Ўша пайтда Равшан ака спонсорликни ўз зиммасига олган тақдирда ҳам китобим нашриётда нашрдан тўхтатилса керак деган фикр мени қийнарди.Лекин ҳаммаси бошқача бўлди.Мен Тошкентга бориб,  Ўзбекистон халқ шоири раҳматли Нормурод Нарзуллаевга учрашиб, "Янги асар авлоди" нашриётингизга спонсор орқали пул ўтказсам, китобим чиқадими? -дея сўрадим.


Нормурод ака ҳам мени ҳайратда қўйиб: -Э, нага чиқмасакан, шоири замон, албатта чиқадиде.Сандай шоирнинг китобини нашрдан чиқармасак, яна кимнинг китобини чиқаришимиз керак? -десалар бўладими.


-Э товба, нималар бўляпти ўзи? -дейман ўзимга ўзим ишонмай.Ҳулласи калом, спонсор ҳам нашриёт директори ҳам ўз вадасининг устидан чиқдилар.Ҳукумат ҳам қаршилик қилмади."Тунги лайлакқор" номли китобим Тошкент шаҳрининг "Қатортол" кўчаси 60 уйга жойлашган "Янги аср авлоди" нашриётида Нормурод Нарзуллаев сўзбошиси билан чоп этилди.


Китобларни нашриётдан олиб чиқиш учун шартномага спонсор ҳам имзо чекиши керак экан.Мен Равшан акага қўнғироқ қилиб, муддаони айтдим.Равшан ака "Мерседес" русумли машинасида Қатортолга етиб келдилар.Шартномани имзолар эканлар, мен китоб сотилгач, спонсорлик харажатларини тўлиқ қайтараман -дедим, яна хужжатга имзо чекмай қўймасинлар деган ҳавотирда, шоша пиша.Бир маҳал Равшан ака бошқа бир қоғозга: -Мен Миртожиев Равшан, Холдор Вулқоннинг "Тунги лайлакқор" номли китобига ўтказилган маблағдан тўла воз кечаман.Холдор Вулқоннинг менда ҳеч қандай қарзи йўқ" мазмунида тилхат ёзиб, имзо чекиб берсалар бўладими.Мен нима дейишни, Равшан ака Миртожиевга қандай миннатдорчилик билдиришни билмай эсанкираб қолдим. -Раҳмат, ака, бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман -дея қўлини қисаман нуқул.


Равшан ака бўлсалар:-Э, қўйсангизчи, Холдоржон, бир биримизга ёрдам бериш ижодкорлик бурчимизку -дедилар жилмайиб.Ўшанда, бу дунёда шунақа яхши инсонлар ҳам бор экан деб, кўзларимдан ёш чиқиб кетган.

Ахир ўзингиз ўйланг, сизга биронтаси бир цент берса, эртасига сўраб келадиган, бир центини юзминг доллар қилиб қайтарасан дейдиган фойизхўрлар изғиб юрган ёвуз жамиятда бир шоирнинг китобини чиқариб бериб, яна (Ўша пайтда, 2004 йил.300 минг сўм!Ҳозир у пул курси қанча, билмайман) харажатдан батамом воз кечиб юбориш учун одам боласи камида БУЮК ИНСОН бўлиши керак.


Бугун ўзбек жамияти мана шундай қалби тоза, меҳрибон ИНСОНдан,буюк бир ижодкордан жудо бўлди.


Илоҳим, Равшан ака Миртожиевнинг ҳаёти дунёда билиб билмай қилган гунохлари бўлса, Парвардигори Олам мағфират қилсин.

Марҳумнинг Жойлари Жаннатдан бўлсин!

 

 

 

10/02/2015.

Кундуз соат 10:55.

Бремптон шаҳри, Канада.

 

Андижон шаҳридаги "Чўлпон" истироҳат боғига ўрнатилган Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ҳайкали.

Равшан Миртожиев асари.Бронза.

 

Мана шу китобимни Равшан ака Миртожиев ўз маблағлари хисобига нашрдан чиқариб берганлар.(Холдор Вулқон)