Поиск


Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги


(Ушбу шеърий китобимни меҳрибон онам Муҳтарамхон Мирзажалол қизи ва менинг иккинчи онам Эъзозхон Кенжаеваларнинг порлоқ ҳотираларига бағишлайман.)Х.В.

 

 

 

Нийят





Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Тўлин ой порласа пайкалга қараб.
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.

Сокин увотларда бўзрайса фонар,
Оқшом юлдузларни бирма бир ёқса.
Оғзини ланг очиб ойдин далалар,
Ойнинг қўрғонига ағрайиб боқса.

Сувлар жилдираса, пушталар тўлиб,
Кўршапалак учса шодон, овозсиз.
Ўлтирсанг порлаган ойга термулиб.
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.

Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир - ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.


7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1 дан 56 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Баҳор соғинчи




Баҳор келар, тарқалар туман,
Тарқагандай қайғули тушлар.
Қайтиб келар булутлар билан,
Инларини соғинган қушлар.

Ўрик гулларини ўпар дайди ел,
Гуллар бошин эгар, уялиб.
Читтак ноласига қулоқ тутар эл,
Белкуракка ўйчан суяниб.


01/02/2020.
Кеч соат 6:57.
Канада, Онтерио.




Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги




Хорғин куз ёмғири ёғиб, чарчаган,
Ёмғирда ойнадек ювилган туйғу.
Одамлар хаёлчан қарар дарчадан,
Ўйчан кўзларида исмсиз қайғу.

Кўлмак кулгичида кумуш халқалар,
Пичирлар дуогўй ёмғирнинг лаби.
Бир юпун мажнунтол маҳзун чайқалар,
Унсиз йиғлаётган паризод каби.

Охир тамом бўлди ёмғир кўз ёши,
Табиат йиғидан тўхтади, тинди.
Гулларнинг ер қадар эгилди боши,
Борлиққа сукунат, ҳаловат инди.

Хаёлчан, тортинчоқ боғлар бир ёнда,
Мармардай ялтирар боғлар йўлаги.
Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.



9 июл, 2011 йил.
Тунги соат 2 дан 36 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши



Ёмғирларда ялтирайди тош,
Қарар ўйчан табиат ромдан.
Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
Кўзларингдан дувиллаб томган.

Сен кетасан соябон қўлда,
Олислайсан мисоли рўё.
Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
Чўкиб ётар кўзгуга гўё.

Фироқ жисму жоним қиймалар,
Эриб борар изларингда қум.
Сен кетасан, ғамгин ойналар,
Одам каби йиғлайди юм - юм.



31 июл, 2011 йил.
Кундуз соат 1 дан 29 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Хазонларга кўмилди йўллар



Ловуллаб ёнаркан кузги гулханда,
Гув урар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
Қағиллар сукунат қўйнида зоғлар.

Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинганда аёлга ўхшаб,

Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?



13 август, 2011 йил.
Кундуз соат 3 дан 23 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Ёлғизлик




У стол устида ётган қоғоз марказига
қалам билан нуқта қўяркан, деди:
- Бечора, қанчалар ёлғиз у
қоғознинг қор босган далаларида!..
Сўнгра шоша пиша ўчиргич билан
ўчираркан нуқтани, ўзига ўзи:
-Энди қорбўронда кўринмай кетди -
деди, қайғу билан чуқур хўрсиниб.
Сўнг дераза ортида бўралаб ёғаётган
тунги лайлакқорга термулди узоқ.


05/02/2020.
Кеч соат 5:55.
Канада, Онтерио.





Сукунат




Ёлғиз одимлайсан ўтлоқ томонда,
Кўринмайди кузги йўлларда биров.
Сигиринг излайсан кузги туманда,
Қошу кипригинга қўнади қиров.

Боғлар сукунатга, хаёлга ботган,
Ёстиқ қилиб ётар жимлик ковушин.
Тинглаш учун аста учиб тушаётган,
Япроқларнинг мунгли товушин.


11/02/2020.
Эрта билан соат 8:16.
Канада, Онтерио.





Зулматларда учқунлайди қор




Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
Қўлидаги ўқилмаган хат.
Кимсасизлик, сукунат балки,
Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.

Мен бўлсам,
Кузги далаларда, тунги зулматда
Ёлғиз увлаётган қора шамолман.

Сен пастак дераза ёнида,
Қировли гулзорда булбулни кутиб,
Музлаб қолган атиргулмисан?

Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
Ёруғ ойналарга талпинаётган
Сон - саноқсиз оппоқ парвоналарми?..

Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
Сочлари қувв оқарди қишнинг?



20 август, 2012 йил.
Кундуз соат 3 дан 20 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

 

 

 

 

 




Ховуз



Юлдузлар бақадан қўрқади ёмон,
Олов совуқ сувдан қўрққандай худди.
Тилини узатиб осмонлар тамон,
Бақа бир юлдузни ямламай ютди.

Сўнг яна бирини, кейин бошқасин,
Ютаверди, олмос чивиндай тутиб.
Юлдузлар қалтираб, титрар, қисқаси,
Қўрқиб, нафасин ичига ютиб.

Анҳорда оппоқ ой олмаси оқар,
Ҳадемай тун ўрнин эгаллар кундуз.
Бақа осмонларга ағрайиб боқар,
Осмонда битта ҳам қолмади юлдуз.



12 март, 2014 йил.
Кундуз соат 2 дан 25 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон шаҳри.




Қалдирғоч


Кузда кетганингни сезмай қоламиз,
Уммонлар устида учасан ойлаб.
Хазонрез боғларда ўйга толамиз,
Олис ўлкалардан қайтишинг пойлаб.

Бўронлар ҳам сени тўсолмас йўлдан,
Саросар учишни йиғиштир, етар.
Уй олиб Маслахат ё Олтинкўлдан,
Одамдай бир жойда яшасанг нетар?

Ҳар баҳор халлослаб қайтиб келасан,
Қишласангда Миср ва ёки Чинда,
Чуғур чуғур сайраб, завққа тўласан,
Лойлар маржонидан қурилган инда.

Лойни ийлармишсан тумшуғинг билан,
Бу қандай гувалак, айт, қандай усул?
Кўлмакларда гоҳо айтганча ўлан,
Чўмиласан, вожиб бўлгандай ғусл.

Бу йил яна излаб яшамоққа жой,
Эшитдим, қалдирғоч, келибсан қайтиб.
Яна ин қурибсан, тумшуғингда лой,
Бизни хашарга ҳам қўймабсан айтиб.


24 май, 2014 йил.
Тунги соат 1 дан 17 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.





Селдан гувиллайди ўтлоғу дала


Шаррос қуяр экан шовқинли жала,
Гулдирак фарёди оламни тутар.
Селдан гувиллаган ўтлоғу дала,
Шаршара ортида кўринмай кетар.

Лек шадид тало тўп кўп ўтмай яна,
Тақа тақ тўхтаркан, тиниб қолар сел.
Осуда сукунат қўнган кўчага,
Хаёлчан термулар дарчалардан эл.

Шалоббо боғларда шодумон қушлар,
Чуғур чуғур сайраб, қуёш чарақлар.
Кўчада осмону фалакдан тушган,
Бус - бутун бир кўзгу ётар ярақлаб.


23/02/2020.
Кундуз соат 10:27.
Канада, Онтерио.




Соғинтирди дала, сокин сукунат


Етар дайдиганим, қайтаман уйга,
Кечиргандир мени ҳоким ҳукумат.
Соғинтирди шамол капалак қувган,
Қадрдон далалар, сокин сукунат.

Бошда яғир дўппим, қўлтиғимда қоп,
Жўнайман ўрилган буғдойзор томон.
Тиғдай ярақлаган паншахани об,
Эл билан далада тўплайман сомон.

Қайлардадир эшак ханграйди узоқ,
Майналар қўнади сигир шохига.
Тўхтаб кенг далада, тутаман қулоқ,
Узоқдан ҳасратли какку оҳига.

Қадрдон сўқмоқни излаб топаман,
Менга бош ирғайди ўтлоқда бия.
Ҳайратдан очилган оғзим ёпаман,
Ари-пари кириб кетмасин дея.

Ёлғиз, "Чўчқахона"* томонда юрсам,
Дил қушим қутилган каби тузоқдан.
"Зилолмос"* тарафда хайқириб, хурсанд,
Поезд гудок берар менга узоқдан.



19/02/2020.
Эрта билан соат 7:51.
Канада, Онтерио.




*"Чўчқахона" - Қорадарё соҳилидаги қадимий чўчқахона харобаси.
* "Зилолмос" - Куйганёрдаги дарё устига қурилган яшил рангли темир кўприк.Зеленый мост.




Тунги қўнғироқ


Йўловчи туртиниб борар кўчада,
Қорзарралар аро, кўзлаб уйини.
Қайсидир дарчада чироқ ўчади,
Чирпирайди телба қорлар қуюни.

Қор ҳамон қиялаб ёғади тинмай,
Халойиқ донг қотиб ухлаган пайти.
Зулматлардан менга сўнги трамвай,
Қўнғироқ қилади қайта ва қайта.


24/02/2020.
Эрта билан соат 9:56.
Канада, Онтерио.




Ландавур дарахтлар



Зулматда лайлакқор ёғар бўралаб,
Пичирлайди дарча, алахлар.
Оппоқ қорлар кафанига ўраниб,
Менга бундай боқманг, дарахтлар.

Қарайсиз қор босган йўлга интизор,
Кафандай оқарар қор босган дала.
Кезаман, пойимда хуррак отар қор,
Қорбўрон уйларнинг ойнасин ялар...

Яланг шохингизда қиров ярақлар,
Чиқмайди кулбангиз томидан тутун.
Кўмир бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ, дарахтлар,
Наҳот тополмайсиз бир боғлам ўтин?..


29/02/2020.
Кундуз соат 12:20.
Канада, Онтерио.




Шом ҳасрати


Олис океанлар ортида қолган,
Уй эшиги балки турар очилиб.
Ва ғамгин шуълалар тўшалган полда,
Китобларим ётар сочилиб.

Пастак кулбаларда чироқ ёқарлар,
Далалар осуда сукутга чўмар.
Сўнгра юм - юм йиғлаб искабтопарлар,
Шом ҳасратин соҳилга кўмар.

Юлғун ўсган баланд жарлар узра жим,
Сас - садосиз аста кўтарилса ой,
Ёришиб кетади менинг лабларим,
Лаълин лабларинга муҳр босган жой.

Ёдга тушса ногоҳ дарёнинг лаби,
Ёлғиз у дамларни эсласанг гоҳи,
Зулматли боғларда чирилдоқ каби,
Чириллайди севги арвохи.


9 апрел, 2011 йил.
Кундуз соат 3 дан 35 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.





Ипи қўлдан чиққан пуфак каби ой



Поёнсиз самолар сахросида қуёш,
Думалар ёнаётган шувоқ сингари.
Далаларга қўнар шом хасрати ювош,
Чўкар дарёларга ойнинг лангари.

Чирилдоқ гоҳ жўшиб, гоҳида тўхтаб,
Чириллар, тополмай беркингани жой.
Ипи қўлдан чиққан пуфакка ўхшаб,
Осмонга оҳиста кўтарилар ой.


25/01/2020.
Эрта билан 9:51.
Канада, Онтерио.





Кузги сукунат
(Журналист Шодиёр Сайфга)


Кузги чорбоғларда ёрилди анор,
Тинди ботаргохда қушлар жанжжали.
Алвон уфқларнинг жарохати қонар,
Кўкда турналарнинг ханжари.

Чуғурчиқ галаси турналар билан,
Учиб кетди кўзлар илғамас жойга.
Отлар ўтлаётган ўтлоқни туман,
Сеҳргардай беркитди қайга?

Шамол қари товуқ сингари титиб,
Хазон шопиради, дарахтлар юпун.
Хўмрайган тўнкани зимдан қўрқитиб,
Мен кузги жимликда ёраман ўтин.


14/02/2020.
Кеч соат 7:34.
Канада, Онтерио.




Йўллар


Ўша ўша ёмғир ва ўшандай йўл,
Қачонлардир бирга иккимиз юрган.
Жилмайиб, қўлимга узатгандинг қўл,
Руҳим зулматларин тўлдириб нурга.

Иккимиз юрганда негадир кўча,
Тез тугаб қолади - дегандинг тўхтаб.
Тун бўйи дайдийман, чироқлар ўчар,
Сенсиз кўчаларнинг поёни йўқдай.


18/03/2020.
Кундуз соат 10:28.
Канада, Онтерио.




Туманли далалар


Борлиққа ҳукмрон кузги сукунат,
Туманда дарахтлар кўринар аранг.
Пахта талаб қилмай қўйди ҳукумат,
Жимгина уйқуни урмоқда дала.

Пахса деворларга ёпилган таппи,
Қиш беғам қайдадир қайрайди қилич.
Қуюқ туман босган далада кампир,
Эчкисин излайди, қўлида хивич.



17/03/2020.
Эрта билан соат 9:31.
Канада, Онтерио.




Кўклам чақинлари

(Ёниқ шоир Жонтемир Жондорга)


Боғларга очилган дарчалар роми,
Сукунатга чўмган ўтлоғу дала.
Шивирлар баҳорнинг ёмғирли шоми,
Оҳиста, ҳеч кимга бермасдан ҳалал.

Ёмғирли зулматда узоқ яқинлар,
Хаёлга ботгандай чароғон кунсиз,
Чақнайди олисда ғамгин чақинлар,
Осмон билан ерни пайвандлаб унсиз.


16/03/2020.
Эрта билан соат 8:43.
Канада, Онтерио.



Ўрик гуллаган кеча


Юлдузлар босирқаб, қайгадир учар,
Ойдин йўлакларга тўшалади бўз.
Одамзод кўринмас бўм бўш кўчада,
Шуълалардан қамашади кўз.

Ойдинда соялар мисоли рўё,
Қайлардадир кўппак акиллар гоҳи.
Порлаётган ойга тегиб турар гўё,
Ойдинда гуллаган ўрикнинг шохи.


13/03/2020.
Эрта билан соат 9:16.
Канада, Онтерио.




Қорлар шитирлашин тингламоқ учун


Руҳинг ёришади, шуурингда мунг,
Уйлар мўрисидан ўрлайди тутун.
Борлиқ сукут сақлар, қорзарраларнинг,
Маҳзун шитирлашин тингламоқ учун.


12/03/2020.
Кундуз соат 11:09.
Канада, Онтерио.




Ван Гог


Қош - кипригинг, сочу соқолинг малла,
Кўзларинг киртайган, юзларинг чувак.
Бинт билан ўралган учбурчак калла,
Юпқа лабларингда қимтилган сумак.

Штрихми ё тўзғир картинангда юнг?
Ўқрайиб қарайсан, қовоғинг уйиб.
Ранглар тўзонида жилваланар мунг,
Уфқларнинг этаги бормоқда куйиб.

У ёқда ўт ўлан денгизи бормиш,
Ҳали тушмаганмиш буғдойга ўроқ.
О телба мусаввир, девона, дарвеш,
Макони ёлғизлик, жандаси фироқ.

Юлдузлар талайди кўкни беомон,
Олис кулбаларда чироқ ёқарлар.
Умидвор термулар ботаргох тамон,
Шомги далаларда кунгабоқарлар.


07/03/2020.
Эрта билан соат 8:36.
Канада, Онтерио.




Ойдиндаги кўлмак


Хиқиллайди сутдек ойдинда апрел,
Шар шур эрийверар қахрли қорлар.
Донг қотиб, гўдакдек ухлаб ётар эл,
Дарчаларнинг хорғин чироғи чорлар.

Йўлларда кўринмас биронта одам,
Дов дарахт мунғайиб, ўйга ботади.
Вақт соат билан ҳамдам, ҳамқадам,
Оқсоқланиб, ўйчан одим отади.

Баҳор кўз ёшлари чакиллаб томган,
Қолмади қорлари эримаган жой.
Сумалаклар тушар қарсиллаб томдан,
Термулиб тўймайди кўлмакларга ой.


08/03/2020.
Эрта билан соат 9:28.
Канада, Онтерио.




Учрашув


Ойдин ёз кечаси, мусаффо ҳаво,
Кўкда юлдузларга етишмайди жой.
Сокин сукунатда бесас, бесадо,
Шуълалар тўшайди далаларга ой.

Тутдек тўкилади юлдузлар сувга,
Бақалардан шовла қайнатар соҳил,
Ўт -ўланни кечки шудринглар ювган,
Зулматларни тешар чирилдоқ оҳи.

Бўғиқ акиллайди олисда итлар,
Йиғлайсан, кўксимга қўйганингча бош.
Лабларинг четида омонат титраб,
Олмосдай порлайди бир томчи кўзёш.


06/03/2020.
Кундуз соат 1:02.
Канада, Онтерио.




Олмос чироқлар


Ёритиб кимсасиз жим жит далани,
Ой аста илоҳий нурларин элар.
Тўзғир гилосларнинг гулпаллалари,
Кимсасиз ойдинда сайр этгинг келар.

Буғдойзор устида ойнинг ўроғи,
Юлдузлар самони талайди битдай.
Осмон иштонида булут ямоғи,
Шамол дайдиб юрар боғларда итдай.

Қоп қора кўзойнак таққан ажнабий,
Зулмат кезиб юрар дарё ёқалаб.
Узоқда тириллаб трактор каби,
Куйлайди жўр бўлиб мудроқ бақалар.

Кўзгу каби шаффоф сувда бехатар,
Нилуфар ғунчасин очиш учун шай.
Сон саноқсиз юлдуз чарақлаб ётар,
Ватанимнинг олмос чироқларидай.


05/03/2020.
Эрта билан соат 9:00.
Канада, Онтерио.




Ҳорғинлик


Узоқларда фарёд кўтарар пойиз,
Ухлар чироқларга таланган шаҳар.
Ой кезар далалар устида маюс,
Эл улусни уйқу элитган маҳал.

Юлдузлар коинот киприкларида,
Омонат кўз ёши сингари титрар.
Кимсасиз осуда зулмат қаърида,
Ҳорғин акиллайди қадрдон итлар.


04/03/2020.
Кундуз соат 4:51.
Канада, Онтерио.




Тўзғоқ


Кўча фонусини чақиб, талаётган,
Қорчивинлар учар мўри малахдек.
Бўронда маст аласт гармон чалаётган,
Созандага ўхшар дарахтлар.

Далалар супраси оқариб ётар,
Халойиқ чарчаган, тўймайди ухлаб.
Шамол кўча кўйда беғам, бехатар,
Томдаги қорларни тўзғитар пуфлаб.

Дарахтлар бир бирин юрар ахтариб,
Қўзғолгандай гўё борлиқда махшар.
Хаёли паришон кўча фонуслари,
Маҳзун тўзғиётган тўзғоққа ўхшар.


04/03/2020.
Эрта билан соат 9:43.
Канада, Онтерио.




Шамол хуштак чалар этикдўз каби


Қушлар жануб тамон учмай нетади?
Ўгай куз хайдаса, ўзинг ўйлагин.
Тиконга илиниб, йиртилса ҳам этаги,
Туман судрайверар кўйлагин.

Фаррош хазонларни ёқади тўплаб,
Соврилиб елларга орзу армони.
Олислайди, кузги ҳавони хўплаб,
Осмон саҳросида қушлар карвони.

Фақат Ҳаққа аён мақсад, матлаби,
Улар учар иссиқ ўлкалар тамон.
Ўйчан ҳуштак чалар этикдўз каби,
Далаларда дайдиб зериккан шамол.


03/03/2020.
Эрта билан соат 8:17.
Канада, Онтерио.




Чигирткалар ёприлишини кутиб


Қуёш ғамгин ботар, сокин тонг отар,
Хувиллайди боғлар кун ўтган сайин.
Самбиттол ҳасратли ўйларга ботар,
Кокили шовуллаб шамолда майин.

Қушлар фарёдидан ёрилгудек само,
Эл қишни пинхона, орзиқиб кутар.
Оппоқ чигирткалар бўрони аро,
Ҳадемай дала дашт кўринмай кетар.


02/03/2020.
Эрта билан соат 9:25.
Канада, Онтерио.




Пиласўпия


Севги нима?
Севги - бу чидаб бўлмас руҳий эхтиёж.
Чидаётган бўлсанг, демак севмабсан.
Бу эхтиёж устига қурилган дунёда эса,
мухтож бўлмаган, тиланчи бўлмаган
бирор кимса йўқ.
Ҳамма нимагадир, кимгадир мухтож.
Дунё деб аталган ўткинчи, муваққат
хижрат хужрасида ҳамма мухожир.
Беш тўрт сўм пул топган киши бўлиб,
ғариброқ одамга кўз қири билан қараб,
тишларини ковлаб, кекирган кимса
қилган чала пуча ибодати эвазига,
букчайиб, тебраниб, астойдил пичирлаб
кўзларида шашқатор кўзёши билан,
соатлаб, йиғлаб тиланади Худодан соғлик,
молу мулк, узоқ умр, мансаб, мартаба
мағфирату серсоя Жаннатлардан жой.
Ҳа, эхтиёж устига қурилган бу дунёда
барча эхтиёжманд, барча тиланчи.
Деразадан йўлларга интизор боққан
етим каби ҳамма меҳрга мухтож.


01/03/2020.
Эрта билан соат 9:51.
Канада, Онтерио.




Субҳидам


Тонги сукунатда, беғам, бемалол,
Эл улус донг қотиб ухлаётир жим.
Чорбоғларда дайдиб юрган, эй шамол,
Айт, осмонни чавақлади ким?!


29/02/2020.
Кундуз соат 11:45.
Канада, Онтерио.





Мақомат


Кузнинг лабларидан аримас ханда,
Бошини ёрса ҳам санги маломат.
Эгнида хазондан тикилган жанда,
Мисли пири муршид, соҳибкаромат.

Қилт этмас хазонрез боғларда туман,
Қизиқтирмас уни ҳоким, ҳукумат.
Камтарин донишманд авлиёсимон,
Вазмин хаёл сурар, сақлар сукунат.


29/02/2020.
Кундуз соат 12:55.
Канада, Онтерио.




Ойдинда ўриклар гуллаган оқшом


Кимсасиз йўлакка ой нурин тўшар,
Юлдузлар учқуни чатнайди гоҳи.
Чорбоғлар лойпахса деворлар оша,
Узатар гуллаган ўриклар шохин.

Юлдузларга чексиз коинот тордай,
Жимирлар қорайган осмон қозони.
Оқартирар тунги йўлларни қордай,
Ўрик гулларининг оппоқ тўзони.


24/02/2020.
Эрта билан соат 8:30.
Канада, Онтерио.




Жирафа билан суҳбат


Жирафа, лаллайиб юргунча, буйтиб,
Узун бўйнинг чўзиб, қарачи,
Кўринарми менинг серқуёш юртим,
Соҳилларга туташ пахта даласи?

Кўкқарға, қалдирғоч ўйиб, ин қурган,
Илма тешик жарлар, мисоли пишлоқ.
Дайди капалаклар тентираб юрган,
Соя салқин толзор, қадрдон қишлоқ.

Шамол шовуллаган қамишли соҳил,
Узоқда гулханлар ётгандир тутаб?
Тинглаб каккуларнинг ҳасратли оҳин,
Дехқонлар юргандир шолисин ўтаб?

Қалин ёғочгардиш кўзойнак таққан,
Йўл қараб, мунғайган пастаккина уй.
Кўзёш каби тошиб, лимиллаб оққан,
Дарё, бамисоли оҳанрабо куй.

Сувлар кўзгусини синдириб, бутлаб,
Чорлоқлар чийиллаб учарди ҳар тонг.
Қирғоқда сигирлар юрарди ўтлаб,
Кўринмаяптими?
Аттанг...



23/02/2020.
Кеч соат 5:59.
Канада, Онтерио.




Каккуқушнинг ини


Бир одам қўлида узун таёқ билан,
Каккуқуш инига термулганича узоқ
кутиб турди унинг индан чиқишин.
Ва ниҳоят кулранг каккуқуш индан
бошин чиқарганча: - какку! какку! -дея
ўзини унитиб сайрай бошлади.
Кутиб турган одам қулочкашлаб туриб,
қўлидаги таёқ билан бир туртган эди,
каккуқуш гиламга топ этиб тушди.


22/02/2020.
Кеч соат 5:53.
Канада, Онтерио.





Ёрилтош

(Халқимизнинг энг севимли актерларидан бири Фарход Абдуллаевга)



Кулма, савол билан мурожаат этсам,
Йўл четида ёлғиз сўппайган эй тош!
Сенда ҳам борми қалб, борми ҳасрат, ғам,
Чиқарми сенинг ҳам кўзингдан кўзёш?

Сен ҳам севганмисан биронтасин, айт?
Кўрганда тош қотиб, пайпаслаб кўксинг.
Сокин сукунатда, ой порлаган пайт,
Кўз ёш тўкканмисан овозсиз, ўксиб?

Сенинг бошингни ҳам ёрганми ёғий?
Кўринмас тош билан, айт менга ростин.
Бошинга оғирроқ иш тушган чоғи,
Кўриб, кўрмаганга олганми дўстинг?

Қандай мавжудотсан, нимасан, кимсан?
Кел, бугун ложувард нурларга қорил.
Гапирсангчи ахир, не учун жимсан?
Тош, сен ҳам тош бўлиб бир бора ёрил!



29/07/2019.
Кундуз соат 1:48.
Канада, Онтерио.




Дов - дарахт сояси тўшалган йўлак


Қудуқнинг бўғзига ўзини осди,
Ёлғизланган занжирбанд челак.
Осмон юзин юлдуз сепкили босди,
Ойнинг шуласига беланди йўлак.

Дов - дарахт сояси тўшалган кўча,
Тополмайди ойдан беркингани жой.
Зулматда юлдузлар учқуни учар,
Челакдаги сувда жилпанглайди ой.


22/02/2020.
Кундуз соат 1:54.
Канада, Онтерио.




Исириқ тутатар боғларда туман


Менга ўхшаб ялқов, бекорчимас шамол,
У юпун боғларни солиққа тортар.
Қушлар учиб кетар жанубга томон,
Кундан кунга элнинг ҳайрати ортар.

Исириқ тутатар ўтлоқда туман,
Тийрамох қушларни жанубга қувган.
Тол ховуз бўйида серраяр ҳамон,
Хаёли паришон, термулиб сувга.

Хазонларни қувлаб дайди шаббода,
Эсиб ўтар экан ёнимдан шошиб,
Битта баргни тутиб олдим ҳавода,
Босиб кетмасин деб шўрликни мошин.


21/02/2020.
Кечки соат 7:12.
Канада, Онтерио.




Сабаб


Ойдинда бемалол ухлолмас авом,
Менинг ҳам тун бўйи дайдишим тайин.
Ёлғиз одимлашда этарканман давом,
Шамол чалиб ўтар ёнимдан найин.

Наҳот кўзи оқиб тушди дарчанинг,
Ойнинг шуъласига қилолмай тоқат?
Вақт ўтган сари бунда барчанинг,
Қисқаради умри соат ба соат.

Мана нима учун шовуллайди дарё,
Ва порлар ой ичга ютиб овозин.
Мана нечун пойиз кўтарар фарёд,
Зулматларда йиртиб осмон қоғозин.


21/02/2020.
Кеч соат 5:42.
Канада, Онтерио.




Мўжиза


Қор тилсиз соқов деб сенга ким айтди?
У сўзлай олади, қўшиқ ҳам куйлар,
Қорзарра тўзони тўзғиган пайти,
Кўринмай кетганда далаю уйлар.

Соябон остида кўчада юрсанг,
Бир ўзинг, салмоқли қадамлар ташлаб.
Соябонинг чертиб, ўзича хурсанд,
Қор аста шивирлаб, гапира бошлар.


21/02/2020.
Кундусз соат 5:00.
Канада, Онтерио.




Қўнар дала - даштнинг сочига қиров


Хориган япроқлар дақиқа санаб,
Топ - тоза йўлаклар узра тўкилар.
Шамол ивирситган йўлакларга қараб,
Фаррош айниб - ачиб сўкинар.

Қўзғолади кўкда қушлар бўрони,
Осмонга аланглаб қарайди барча.
Чирпираб рақс тушар боғлар хазони,
Сўнг ерга қўнади оҳиста, чарчаб.

Жануб тамон жўнаб кетади куз ҳам,
Гувиллаган қушлар тўзони аро.
Боғлар сарғаяди, мисоли мусхаф,
Қўнар далаларнинг сочига қиров.


21/02/2020.
Эрта билан соат 8:15.
Канада, Онтерио.




Санъат асари


Тажрибали табиб cингари соат,
Текширар вақтнинг томир уришин.
Вақт эса ҳеч кимга қилмас итоат,
Чиқиллайди, тинглаб итлар хуришин.

Хона деворига қўйилган илиб,
Қўли гул рассомнинг санъат асари.
Унда хору хазон ётар титилиб,
Шамол билмас босар тусарин.

Кўмилиб ётаркан хазонларга йўл,
Хаёлларим хазон каби сочилди.
Картинага аста тегизгандим қўл,
У кузги боғ томон қия очилди.


20/02/2020.
Кундуз соат 1:48.
Канада, Онтерио.




Қарайсан, челагинг тушиб қўлингдан


Қушлар учар иссиқ ўлкалар томон,
Ҳадемай далалар ҳаловат топар.
Мойланмаган темир дорвозани шамол,
Гоҳ қиялаб очар, гоҳида ёпар.

Ғамгин хўрсинишдан энди не фойда,
Куздан кўра сенга баҳор ёқарди.
Севгининг иккимиз учрашган жойда,
Кузги қоқиўтдай сочи оқарди.

Осуда туманли тийрамох тонги,
Кузги чўкиртаклар соғу сўлингда.
Турналар фарёди тўла осмонга,
Қарайсан, челагинг тушиб қўлингдан.


19/02/2020.
Кундуз соат 5:22.
Канада, Онтерио.




Сайр


Кўкдан ой хаёли паришон боқар,
Бақалар зулматда куйлайди ҳамон.
Ойдинда сайр этиш яхшию, фақат,
Ёлғизлик ва яна сенсизлик ёмон.

Юлдузли бу кеча, ўнгми ё рўё?
Дайдиб юрар латиф, илоҳий насим.
Дарахт шохларининг сояси гўё,
Оқланган деворга ишланган расм.

Ойдин сукунатда дов дарахт мудрар,
Нафис сояларга етишмайди жой.
Яна бироз порла далалар узра,
Мени ёлғиз ташлаб кетиб қолма, ой!


19/02/2020.
Кундуз соат 2:44.
Канада, Онтерио.




Ҳайрат


У ёлғиз сузади ёғоч қайиқда,
Бир маромда ғамгин эшкаклар эшиб.
Очилар нилуфар зарра хайиқмай,
Шаффоф сувлар кўзгусини тешиб.

У сузар кўзагул очилган жойга,
Маст аласт чайқалар соҳилларда сув.
Боқиб дарё узра порлаётган ойга,
Ҳайратдан донг қотиб, анграяди у.

Итлар сукунатни бузар акиллаб,
Соҳил осмон билан борар қовушиб.
Эшитилар ҳатто, эшкаклардан чакиллаб,
Томаётган сувнинг товуши.


18/02/2020.
Эрта билан соат 8:14.
Канада, Онтерио.




Чинқириқ


Далаларни жимгина ёритарди ой,
О поезд телбадек кўтарма фарёд!
Бузма сукунатнинг оромини, ҳой,
Чеккан каби афюн ва тарёк.

Юлдузлар қандилин титратди, қара,
Сокин сукунатни бузди товушинг.
Қудумингдан титрар ўтлоғу дала,
Пўлатдан ясалган экан ковушинг...

Ҳайрият, овозинг тинди тонг саҳар,
Ўчириб осмоннинг ранги қутини.
Уйғонди узоқда, бурқситиб шаҳар,
Завод фабрикалар тутунин.


17/02/2020.
Кундуз соат 1:34.
Канада, Онтерио.




Оғзи қулоғида, жилмаяр ҳилол


Дарчаларнинг кўзи тушмасин оқиб,
Зулмат қамрамасин ўнгу сўлимни.
Дов - дарахтлар машъаласин ёқиб,
Куз ёритар энди менинг йўлимни.

Пайпаслайди чироқ шуъласи билан,
Трактор зулматли кузги далани.
Мудраб ётар қишлоқ, мисоли чаман,
Олмос чироқларга таланиб.

Жилмайиб қарайсан, эшигинг очиб,
Паришон сочларинг ўйнайди шамол.
Жилмаяр оғзининг таноби қочиб,
Шудгорланган дала устида ҳилол.



17/02/2020.
Эрта билан соат 8:18.
Канада, Онтерио.




Куз ҳасрати


Тиконга илинди туманлар этаги,
Ўтлоқда йилқилар юргандай ўтлаб.
Дала - тузнинг қуриб қолган чечаги -
Қоқиўт тўзғоғин бўларми бутлаб?

Хилватларда базм қуради жинлар,
Борлиқ шароб тўла қадимий хумдай.
О бўм бўш, тахтадан ясалган инлар,
Жанубга хасратла боқмангиз бундай!


16/02/2020.
Кундуз соат 4:54.
Канада, Онтерио.




Хиёбон


Ё пирай, сен буни қаердан билдинг?
Ҳа, барги хазонлар чирпираб учар.
Табиат ҳадемай, эрта ё индин,
Бўлмасайди қишнинг қаҳрига дучор.

Боғда барги хазон учади пастлаб,
Новдадан узилиб тушгани оздай.
Дафтар ҳам хурпайиб, қанотин ростлаб,
Учиб кетмаса бас жанубга ғоздай.


16/02/2020.
Кундуз соат 2:32.
Канада, Онтерио.




Июль


Тентираб юрган шу ёлғиз капалак,
Охир жуфти билан топишар.
Қушларга ҳайқирар боғбон капада,
Олис увотларда бўзлар попишак.

Сароб жимирлайди, ел эсар майин,
Тин олар тўрғайлар сайраган ўтлоқ.
Рақс тушар чарх уриб, чирпираб қуюн,
Кимсасиз далада тўзғитиб тупроқ.

Сукунат қўйнида серрайган терак,
Сувлар кўзгусига термулади лол.
Сигирларга соя - салқин жой керак,
Сукунат қилт этмас, оёқлари шол.



16/02/2020.
Эрта билан соат 8:57.
Канада, Онтерио.




Кузги сукунат


Ўйчан тўкилади қахрабо барглар,
Турналар карвони жанубга жўнар.
Эй, фаррош, кимсасиз хазонли боғда,
Кўрмай, босиб олма хаскашни яна!

Кузги хиёбонлар ўй - хаёл суриб,
Сокин сукунатга тутади қулоқ.
Қайсидир айвонда, тўрқовоқдан туриб,
Бедана модасин қўяр қумталоқ.


15/02/2020.
Кундуз соат 10:19.
Канада, Онтерио.




Гилам


Ит қувган соқовдек чопади пойиз,
Оғир вагонларни ортидан судраб.
Ой оппоқ нилуфар, осмон эса ховуз,
Хуррак отаверар бақалар, мудраб.

Теларсиб ахтарар тунамоққа жой,
Дарбадар шаббода кўзлари сўқир.
Дарахт шохларининг соясидан ой,
Йўлга тўшаш учун поёндоз тўқир.


15/02/2020.
Эрта билан соат 9:35.
Канада, Онтерио.




Озодлик


Очиб юбордилар қафас дарчасин,
Осмону фалакка ҳаволанди қуш.
Учди у, унитиб барча - барчасин,
Англолмай кўргани ўнгми ёки туш.

Учар қанотлари кетгудай титилиб,
Парларини шамол тортқилаб юлар.
Қафас, озод бўлиб, қушдан қутилиб,
Оғзини ланг очганча кулар.


15/02/2020.
Эрта билан соат 8:34.
Канада, Онтерио.




Кечув


Ўзанидан тошар баҳорий дарё,
Босар ўтлоқлару дала даштни сув.
Шамол тол кокилин ўйнар бепарво,
Гоҳо капалакни қувлаб кетар у.

Ялангоёқ шамол, этикларин ечиб,
Айланади уйсиз, дайди, саёққа.
Кўм - кўк осмонларни ўтади кечиб,
Дарахтлар, шошилмай ёғочоёқда.


14/02/2020.
Кундуз соат 12:53.
Канада, Онтерио.




Ўктобр


Чалинмади ҳали черковларда жом,
Ҳали янграмади масжидда азон.
Қўнмади ўрмонлар этагига шом,
Боғларда пичирлар дуогўй хазон.

Лоқайд тентирайди ажина шамол,
Кўйлаги хазондан, тушар ўйинга.
Хаёли паришон куз соҳибжамол,
Хазондан поёндоз тўшар йўлимга.

Дов дарахт жандаси оқар дарёда,
Ялоғоч боғларнинг етим армони.
Осмон саҳросида кўтарар фарёд,
Кўчманчи қушларнинг ғариб карвони.


14/02/2020.
Кундуз соат 12:15.
Канада, Онтерио.




Қордан ёришади руҳинг даласи



Тизза бўйи қорга ботган дов -дарахт,
Кимсасиз дала -дашт ортида уйлар.
Чўкиртак чайқалиб, ичгандай арақ,
Шамолда ёлғизлик қўшиғин куйлар.

Ойдиндек оқарар йироқ йироқлар,
Қарайман, музлаган ойнани артиб.
Қорбўронда порлар маюс чироқлар,
Қор учқуни тўзғир бетартиб.

Қор тўхтамай ёғар пахтадек хўппак,
Саржинда ўтинлар ётар қалашиб.
Эриниб хуради зулматда кўппак,
Қордан ёришади руҳинг даласи.



14/02/2020.
Эрта билан 9:43.
Канада, Онтерио.




Соғинч


Чийиллаб, соҳилдан кетолмай узоқ,
Оппоқ чағалайлар учади минглаб.
Денгиз чаноғига тутаман қулоқ,
Гувиллаган қадим шовқинни тинглаб.

Тўлқинлар эса, узоқдан мени кўриб,
Бир бирини қувлаб, қумлоқни ёпар.
Қаттиқ соғингандай улардан бири,
Сакраб, қучоғимга ўзини отар.

Олис ҳотиралар, биз учрашган жой,
Чағалайлар оҳи гирдибодимда.
Майин сочларингни висолгохда ой,
Ёритган лахзалар ҳамон ёдимда.

Борсам, танирмикан дарёнинг лаби,
Қари тол боқарми йўлга интизор?
Учрашсак, шу денгиз тўлқинлари каби,
Отасанми ўзингни қучоғимга, ёр?


13/02/2020.
Кундуз соат 4:06.
Канада, Онтерио.





Совға


Истасангиз, эсдалик учун шу пашшаўлдиргични сизга совға қиламан. Сиз у билан бекорчилик жонга теккан маҳаллар, сокин сукунатли дала ховлингиз ойналарига қўнган мудроқ пашшаларни ўлдиришингиз мумкин - дея мен соҳибжамол аёлга ўзимнинг яқинда нашрдан чиққан, юпқа дафтарни эслатгувчи пиёзпўсти китобимни совға қилдим.


13/02/2020.
Кундуз соат 10:10.
Канада, Онтерио.




Ҳижрон


Изғирин дарчалар ойнасин ялар,
Қор босган йўлларнинг йўқдай поёни.
Қорчивинлар кўча чироғин талар,
Тегмаса ҳам унинг элга зиёни.

Даричанг ортида ёғар лайлакқор,
Хуштак чалар аёз қўлида чалғи.
Ёстиғинг яккамас, бола чақанг бор,
Лек ҳамон дунёда яшайсан ёлғиз.

Тортганича ою йиллар танобин,
Ўтаркан шунча ёз, баҳору қишлар.
Сен ҳамон ичасан кўз ёш шаробин,
Тунлар газакига ёстиғинг тишлаб.


13/02/2020.
Эрта билан соат 9:48.
Канада, Онтерио.




Поезд



Гоҳида ўрмалар, гоҳ учар қушдай,
Чинқирар зулматда телбага ўхшаб.
Узоқ узоқларда чалади хуштак,
Пишқиради хорғин, қайдадир тўхтаб.

Мана эллик йилки, мисоли ҳайкал,
Қаққайиб турибман перронда ҳамон.
Ҳамон кетиб борар бир пари пайкар,
Кўзида жиққа ёш, мангулик тамон.


12/02/2020.
Кундуз соат 1:38.
Канада, Онтерио.



Ой порлаган оқшомлар
(Латибжон Кенжаевга)



Боғларда чирилдоқ чириллаган тун,
Ғамнок бўзаради айвон чироғи.
Парвоналар эса чарх урар беун,
Том устида порлар ойнинг ўроғи.

Жовдирайди олис юлдузлар кўзи,
Ой, "гах!" десанг гўё қўнгудек қўлга.
Пахса девор оша, бўйнини чўзиб,
Тераклар дўстимдай қарайди йўлга.


12/02/2020.
Кундуз соат 11:16.
Канада, Онтерио.




Сув тиниқ, балиқлар билтанглаб сузар


Дарё тўлқинлари қумлоқни ялар,
Соҳилларда бошоқ чиқарган шоли.
Шитирлаб, шивирлаб, ёмғир савалар,
Шамолда шовуллар қамишлар ёли.

Делта суви оппоқ кўзагулларга тўла,
Сув тиниқ, балиқлар билтанглаб сузар.
Хўракни талашиб, сув остида улар,
Силтаниб, қармоқнинг қил ипин узар.

Ёмғирли соҳилдан келмайди кетгим,
Илинсада балиқ қармоққа минглаб.
Боқаман сувдаги халқаларга жим,
Шивирлаган ёмғир оҳини тинглаб.

Ёмғир савалаган соҳиллар сўлим,
Кўзларим - баҳорий дарё ўзани.
Сув олгани келсанг соҳилга, гулим,
Кўзларимга ботир кўзани.


12/02/2020.
Эрта билан соат 8:25.
Канада, Онтерио.




Қишки чивинларнинг оппоқ галаси


Кўча фонусларин талайди, тўзғиб,
Оппоқ чивинларнинг телба галаси.
Қалин қоркўрпалар остида мизғир,
Зулматда оқарган фермер даласи.

Муз остида мудраб ётибди анҳор,
Кумуш занжир, кишан каби шалдираб.
Майли ҳаялласин, кечиксин баҳор,
Ўкирмасин телба момақалдироқ.

Майли ухлайверсин, уйқуни урсин,
Қировли чорбоғлар, қор босган дала.
Кўча фонусларин ухлатмасин бир зум,
Қорзарралар чивин каби талаб.



11/02/2020.
Кундуз соат 2:02.
Канада, Онтерио.




Ой


Ой анҳорда оқиб борар ярим тун,
Сувга тушган копток сингари беҳол.
Уни чўпак билан суриб, тутиб олмоқ учун,
Анҳорга энкайиб узанади тол.


10/02/2020.
Кеч соат 5:00.
Канада, Онтерио.




Денгиз оқшоми


Бандаргох тамонда чироқлар порлар,
Ойдинда ялтирар шудрингдай тонги.
Олислардан мени ўзига чорлар,
Кемаларнинг ҳазин, ҳасратли бонги.

Сувлар саҳросида денгиз туялари,
Ўркачида чағалай галаси ухлар.
Осмон четин кемирар юлдуз куяси,
Тугаб борар тунга берилган мухлат.

Шовуллаб, тебранар баҳайбат бешик,
Шовқиндан иборат денгиз лисони.
Ўтади булутлар сийнасин тешиб,
Ой нури қопдаги бигиз мисоли.


10/02/2020.
Кундуз соат 3:49.
Канада, Онтерио.




Саҳро


Шолоплайди қирғоқ, денгиз чайқалар,
Балиқчи қирғоқда ямаётир тўр.
Гала гала учган оппоқ чайкалар,
Чийиллайди денгиз шовқинига жўр.

Шамолларда чопиб, қиқирлаб кулган,
Тўлқинлар бир бирин қувлаб, қувонар.
Ва кимсаиз саҳрода шамоллар юлган,
Туяқоринлар каби думалар.


10/02/2020.
Эрта билан соат 9:25.
Канада, Онтерио.




Ёз


Капалаклар учар ўнгу сўлимда,
Тўрғайлар сайрайди тўлиқиб, тошиб,
Буғдойзорда пешвоз чиқди йўлимга,
Дала қўриқчиси, қучоғин очиб.

Ёзги пайкалларда жимирлар сароб,
Бир маромда ўнтаб, оҳ чекар ғуррак.
Гўё дала этагида, жийдазорлар аро,
Жавзо ухлаб ётар, отганча хуррак.


24/01/2020.
Кундуз соат 1:14.
Канада, Онтерио.




Ёмғирли шаҳар


Шаҳар ёмғирлардан анча ёшарди,
Автобус қайиқдай юраркан, сузиб,
Халойиққа кўлмак сувин сочади,
Ҳаммани кулдириб, ичагин узиб.

Чиқар, олд эшикка ўзини урар,
Ва орқа тамондан тушади авом.
Автобус одамдай тиржайиб кулар,
Сўнг яна йўлида этади давом.


09/02/2020.
Кеч соат 7:37.
Канада, Онтерио.




Шовуллар шамолда денгиз даласи


Қах - қах отиб кулар момақалдироқ,
Долғалар қўйпода сингари чопар.
Чекинар тўлқинлар, чекинар фироқ,
Ёмғирларда руҳинг ҳаловат топар.

Шовуллар шамолда денгиз даласи,
Наханглар ҳанжари сувни чавақлар.
Қанотлари ила чағалайлар галаси,
Мовий тўлқинларни ўқир, варақлаб.


09/02/2020.
Кеч соат 6:30.
Канада, Онтерио.




Қувғин


Чопар, бошқа юмуши йўқдай,
Қизиган шар устида инсон.
Шар оёғин куйдирар чўғдай,
Югиришдан тўхтаса, тинса.

Оёқяланг чопар у чидаб,
Ловуллайди тўпиқ - товони.
Куйган гўштнинг қўланса хиди,
Тутиб кетди тонги ҳавони.

Буғланади ичилган сувлар,
Саҳро, чўлу биёбон жимдир.
Чопаётган одамни қувлар,
Қўлда чалғи тутганча кимдир.


09/02/2020.
Кундуз соат 1:39.
Канада, Онтерио.




Ғариб чироқлар


Осмонда юлдузлар ётар чарақлаб,
Шаҳар жим, халойиқ кетгандай кўчиб.
Ойдинда ўз соясига ўзи дарахтлар,
Ҳавотирли қарайди, чўчиб.

Юлдузлар жимирлар кўзёш сингари,
Зулматнинг тим қора киприкларида.
Сувга термулади маюс ва ғариб,
Чироқлар дарёнинг кўприкларидан.


09/02/2020.
Кеч соат 5:30.
Канада, Онтерио.




Топталган гулхан


Булут лавасига чўкаркан қуёш,
Кун ҳам ёниб битар, қораяр само.
Чарчаган кўппакдай тин олар, ювош,
Тилин сакиллатиб югирган шамол,

Дарчаларнинг олмос чироғи порлар,
Зириллар чирилдоқ чириллаган жой.
Йўлларга соясин тўшайди толлар,
Жим, сассиз, садосиз сузиб юрар ой.

Беминнат, мусаффо, шифобахш ҳаво,
Бақалар қуриллар узоқда шўх -шан.
Милтиллаган чексиз юлдузли само,
Топтаб ўчирилган гулханга ўхшар.


09/02/2020.
Эрта билан соат 9:20.
Канада, Онтерио.




Қушлар занжири


Ўт - ўлан қоқилиб кузги елларга,
Тўхтовсиз чопади, кезиб далани.
Жўнар, сурнай чалиб, олис элларга,
Ғамгин турналарнинг созандалари.

Бангидек эринчоқ туманлар кезар,
Тўзғир момақаймоқлар тўзони.
Сен ўтгувчи йўлу йўлакларни безар,
Дов дарахтнинг ўйчан хазони.

Ғариб бир етимлик бордай ҳавода,
Ловуллаган уфқнинг совир тандири.
Хасратларга тўла чексиз самода,
Чуваланар қушлар занжири.


08/02/2020.
Кундуз соат 3:05.
Канада, Онтерио.




Китоб


Шовуллайди шамол шаштида ўрмон,
Ёлғиз учиб юрар дайди капалак.
Осмон булутлардан кўтарар хирмон,
Узоқда қораяр кулба, капалар.

Дов дарахт ичгандай сукунат майин,
Ўргимчак кимгадир беланчак тўқир.
Новдасига қўнган капалакни қайин,
Қадимий китобдай авайлаб ўқир.


08/02/2020.
Эрта билан соат 9:29.
Канада, Онтерио.




Хуштак


Дарчадан қорларга қарайман ҳамон,
Қутб қашқиримас, изғирин увлар.
Қордан қанот ясаб учаркан шамол,
Оппоқ учқунларнинг ортидан қувлар.

Қоручқунлар учар зулматда ўқдай,
Ойналарни чўқир устига устак.
Зулматда чинқирган поездга ўхшаб,
Ошхонада чойнак чалади хуштак.



08/02/2020.
Эрта билан соат 8:38.
Канада, Онтерио.




Зулмат


Қор учқунларининг телба галаси,
Совуқ дарчаларга урар ўзини.
Қоркўрпа остида дехқон даласи,
Донг қотганча ухлар чўзилиб.

Гувиллайди қорли кимсасиз кўча,
Қуюн зулматларда шопиради қор.
Хорғин дарчаларда чироқлар ўчар,
Тун - қордан ёришган афсонавий ғор.

Оқарар йўлларнинг оппоқ қоғози,
Мудраётган шаҳар чарчаб, хориган.
Эшитилар дайди кўппак овози,
Тубсиз зулматларнинг қаъридан.


08/02/2020.
Эрта билан соат 7:52.
Канада, Онтерио.




Боғлар ярим ялонғоч, юпун


Кузнинг ўйчан шамоли изғир,
Ҳазин хору хазонлар оҳи.
Шамолларда чалар сибизға,
Дарахтларнинг ялонғоч шохи.

Дала қўриқчиси кийинган юпун,
Ёрилади кузги боғлар анори.
Ғамгин ҳаволарда сузади тутун,
Қишга туташади кузнинг давоми.

Шамол эса юрар тимирскаланиб,
Гоҳо ўт ўланни қайрийди, тўхтаб.
Худди галадошин бурга битларин,
Излаётган маймунга ўхшаб.



07/02/3020.
Кундуз соат 12:31.
Канада, Онтерио.




Қийқириқ
(Тўбо хола ҳотирасига)


Ёзги далаларда кезар дайди ел,
Салқин чорбоғларга шўнғийди қушлар.
Сароб жимирлаган пайкал аро эл,
Офтоб қиличининг тиғида ишлар.

Соя салқинларда ётган сигирлар,
Ковшаниб, кўзларин юмади, мудраб.
Ҳавода муаллақ тўрғай вижирлар,
Жийдазор томонда ўнтайди ғуррак.

Ошпаз Тўбо ҳола тупроқ тепада,
Қийқирганча элни чақирар чойга.
Дайди капалакни қувлар шабада,
Дов - дарахт сояси тўшалган жойга.



07/02/2020.
Эрта билан соат 8:57.
Канада, Онтерио.




Асал


Тугаб ёзнинг сурган давру даврони,
Тинди, жимиб қолди сою жилғалар.
Кўкда турналарнинг ғариб карвони,
Жануб тамон аста сирғалар.

Чумчуқлар булути далалар узра,
Гувиллаб учади, мисоли бўрон.
Боғларга қўнаркан, ҳаловат излаб,
Шомги дарахтларда кўтарар сурон.

Тужжор бозорчада асалин сотар,
Шиша банкачага қарайман қотиб.
Шўрлик асалари қилт этмай ётар,
Ёзда ўзи йиққан асалга ботиб.


06/02/2020.
Кундуз соат 12:43.
Канада, Онтерио.




Қишки момақаймоқ


Жанубга хайдади қушлар галасин,
Кузнинг ғариб, ғамгин ҳавоси.
Шудгорлади яна осмон даласин,
Турналарнинг кўхна омочи.

Паға паға ёққан биринчи қорда,
Кўздан ғойиб бўлди ўтлоғу дала.
Изғиринлар чарчаб, холидан тойган,
Дарчаларнинг совуқ ойнасин ялар.

Қорларга кўмилди яқину йироқ,
Кимсасиз сўқмоқлар, дарёлар лаби.
Оппоқ учқунларга таланар чироқ,
Тўзғиётган момақаймоқ каби.


06/02/2020.
Кунзуз соат 10:49.
Канада, Онтерио.




Мутолаа


Одам ўқир эди қизиқарли роман,
Саҳфаларга тиғдай қадалди кўзлар.
Унга ҳайрат ичра термулган ҳамон,
Қўрқиб кетди бечора сўзлар.

Айниқса кулганда хандон, қийқириб,
Бамисли баҳорий момақалдироқ,
Сўзлар бир бирининг пинжига кириб,
Чўчиб, дағ -дағ титради узоқ.

Емай - ичмай, ўқийверди одам,
Гоҳо ғазаб билан қисди муштини.
Фитналарга туролмасдан чидаб,
Сўкиб ёғийларнинг етти пуштини.

Сўнг йиғлаб юборса бўладими бўзлаб,
Ёзган ёзувчини ахтариб, сўкиб.
Ивиб, шишиб кетди бечора сўзлар,
Ёғаётган кўз ёшларга бўкиб.


05/02/2020.
Кеч сохот 6:58
Канада, Онтерио.





Тонги сукунат


Осуда тонг отар, сукунатли йўл,
Бўзара бошлайди осмон янада.
Шудрингдан шалаббо, қанотлари хўл,
Беданалар сайрар тонги далада.

Ховлилардан ўтиб, ховлига кўчар,
Ғир ғир эсаётган илоҳий сабо.
Хорғин дарчаларнинг чироғи ўчар,
Йўталсанг, сукунат берар акс - садо,

Хайбатли қуёшга термулади лол,
Узоқ - узоқлардан дала, қир - қия.
Ўт -ўлан ичида тўхтар мажнунтол,
Шудринглар тўкилиб кетмасин дея.


05/02/2020.
Тунги соат 1:00.
Канада, Онтерио.





Махшар



Бойликдан батамом қутилди дарахт,
Ташлаб оғир тилла хазонлар юкин.
Ва ғамгин кимсасиз йўлларга қараб,
Хаёлларга ботди, сақлади сукут.

Чорбоғларда дайдиб юраркан шамол,
Қуриган ўт - ўлан бошини силар.
Ҳазонга ёнбошлаб, беғам, бемалол,
Майхўрдай донг қотиб ухлагинг келар.

Аччиқ тутун хиди сузар ҳавода,
Боғларда ўт -ўлан қовжираб қақшар.
Саҳродай кимсасиз сўйи самода,
Қушлар қўзғалони, фарёди махшар.


04/02/2020.
Кундуз соат 11:04.
Канада, Онтерио.




Куз ҳасрати


Қахрабо баргларин тўкади чинор,
Бўм бўш хиёбонлар хувиллаб ётар.
Боғ қиппа яланғоч, ўйнагандай қимор,
Дов - дарахт уялиб, авратин ёпар.

Пуфлаб ўчирилган шағам каби улар,
Сирли бўлсин дея айёми висол.
Хазонлар шамолда чирпираб учар,
Қанотлари куйган парвонамисол.

Кузги толзорларга чўкади ҳасрат,
Қағиллайди боғлар қарғаю зоғи.
Шамол ўт - ўланни авайлаб, асраб,
Хазонларга ўраб қўймоқчи, чоғи.


03/02/2020.
Кеч соат 6:04.
Канада, Онтерио.




Ҳайрат
(Раҳмон Қўчқорга)



Йўлларга поёндоз тўшаётир ой,
Бир ўзим дайдийман ойдинда яёв.
Юлдузлар бургадек кўкни ҳойнаҳой,
Ухлагани қўймай, чақар беаёв.

Кимсасиз дала -дашт берар акс - садо,
Дарёлар ортида кўппаклар хурса.
Фақат жим кузатар дунёни Худо,
У овозсиз урар, мободо урса.

Дала дашт ортида чироқларин ёқиб,
Хорғин мудраб ётар овоз етмас жой.
Ўтлоқда очилган гулларга боқиб,
Яна анграйганча тилдан қолди ой.


03/02/2020.
Кундуз соат 4:04.
Канада, Онтерио.





Вақт



Мен, кузги осмонларни ҳасратга тўлдириб,
олислаб бораётган кулранг турналарнинг
видоларга тўла фарёдиман асли.
Сўнг, жуда нари борса, шунчаки, ўша
сен, хаёлларга ботиб, узоқ термулгувчи
дераза ортидаги четандарахт меваларини
лоқайд чўқиётган кузги ёмғирман ҳалос.
Тағин ким билади, балки қор ёғаётган кеча
сен соатлаб қараб ҳам тўймайдиган ўша
қор билан қопланган кимсасиз далаларнинг
осуда ҳаловати, сукунатидирман?
Баъзан оддий овқатнинг, сувнинг, ҳавонинг,
муваққат молу дунё, мансаб мартабанинг
маишатнинг ожиз қули эмасмиканман дея
бехудуд ўй - хаёлларга ботаман.
Тунлар вақтни еб, бўкиб, хиқичоқ тутган
соатнинг хиқиллашига ва темир йўлнинг
умуртқа поғоналарига қоқилиб, бораётган
поезд ғилдираклари садосига қулоқ тутганча,
ойга, худди муз туйнигига термулган балиқ сингари
ҳайрат ва умидла боқаман узоқ.
Гоҳо субҳи содиқ маҳал оқаришиб бораётган
осмон четидаги йўл йўл булутларнинг
сукунати бўлсайдим - дея ўйга толаман.
Баъзан, қор бўралаб ёғаётган қиш кечаси
қорлар тўзони аро гоҳ кўриниб, гоҳ йўқолиб,
уйига элтгувчи йўлни тополмай, гандираклаб,
туртинганича йўртиб бораётган маст аласт,
бир ёлғиз йўловчидай сезаман ўзни.
Стол устида ётган оппоқ ва бешафқат қоғоз,
ой оҳиста ёритаётган қорли йўлларни ва
кузда очилган пахталардан оқарган оппоқ
юртим далаларин эслатар менга.
Гўё кунлар, ойлар, йиллар, ва ҳатто асрлар
ўтиб борар, оёқлари учида оҳиста юриб.
Вақт эса, соат милларининг ўткир жовдисида
сониялар бошин танасидан жудо этаркан,
кафгири билан кинояли бош бош қилиб,
аччиқ шиқиллатиб қўяр тилини.


02/02/2020.
Кундуз соат 10:36.
Канада, Онтерио.




Юлдузли осмон


Гулхан ловуллайди, зулматли дала,
Учқунлар чирсиллаб, учар ҳавога.
Ёнарқурт cингари товланганча алар,
Осмону фалакка бўлар равона.

Ёнар ғўзапоя, шабба, хору хас,
Ёлғизлик, сукунат, ойдин ҳаловат.
Назаримда гўё юлдузларга эмас,
Алвон учқунларга тўлди самолар.


01/02/2020.
Эрта билан соат 9:38.
Канада, Онтерио.





Музлаган дарё


Қишнинг сочи оппоқ оқарган,
Биринчи қор, кимгадир сўнги.
Одам қорга ўйчан боқаркан,
Билолмас, бу тушми ё ўнги.

Музлаб қолган дарёдаги сув,
Оппоқ жимлик, мисоли рўё.
Оқчорлоқлар кўтарар қий - чув,
Эри урган хотиндай гўё.


31/01/2020.
Эрта билан соат 9:20.
Канада, Онтерио.





Баҳор тошқини


Баҳор тошқинлари, сув босган дала,
Тўлқинлар югириб, бир бирин қувар.
Соҳил тошларини новвотдай ялаб,
Юлдузларни ярақлатиб ювар.

Сузар дарё узра осуда туман,
Ойдинда ортимдан судралар кўлкам.
Осмон юлдузларнинг шуъласи билан,
Сувлар чуқурлигин текширар, ўлчаб.



29/01/2020.
Эрта билан 8:33.
Канада, Онтерио.





Ойдин сукунат



Дераза ортида серрайган дарахт,
Осмон камбағалмас, юлдузларга бой.
Оқаришар ойдин кимсасиз дала,
Кўзни қамаштириб порлайверар ой.

Алвон гилослардан боғлар бағри қон,
Узоқда бақалар қайнатар шовла.
Донг қотиб ухлайди халойиқ шу он,
Уйғонмас, бостириб келса ҳам ёвлар.

Кимсасиз сукунат, ҳаволар текин.
Аршга етиб борар чирилдоқ оҳи.
Мўралаб қўяди дарчаларга секин,
Осмону фалакнинг малика, мохи.
.


25/01/2020.
Тунги соат 1:54.
Канада, Онтерио.




Пион


Кўча фонуси ўз плафонининг ерда синиб ётган парчаларига паришон термулганича маҳзун хаёлларга ғарқ. Худди оппоқ гулпаллалари тўкилган пион гулидай.



24/01/2020.
Кундуз соат 1:23.
Канада, Онтерио.




Тунги лайлакқор



Йўқдир қорзарралар саноғи, сони,
Қиш зулмат қаърида шопиради қор.
Ёридан айрилган одамдай фонус,
Ўйчан термулади йўлга интизор.

Айвонда ағрайиб ётар ковушлар,
Ёруғ деразалар бўзарар ҳамон.
Кимсасиз боғларда изғиб, ховучлаб,
Дарчаларга гуруч сочади шамол.

Қорли йўлга боқиб, хаёлинг оғар,
Оқарар осуда дала, қир - қия.
Қор аста шивирлаб, жимгина ёғар,
Халойиқ уйғониб кетмасин дея.



23/01/2020.
Кундуз соат 4:32.
Канада, Онтерио.





Қорли далалар



Хазонрез шамоллар эсди гувиллаб,
Қушлар учиб кетди гала ва гала.
Кимсасиз ховлидай қолди хувиллаб,
Қор қоплаган яйдоқ кимсасиз дала.

Белигача қорга ботиб, беомон,
Қуриган қамишлар бормоқда қайга?
Балки улар борар соҳилга тамон,
Айлангани шамол шаштида найга?


2017 йил, 16 ноябр.
Кундуз соат 10 дан 48 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.




Тасодифий учрашув


Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.

Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.

Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?

Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?

Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...

Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Вулқон эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, олис шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.


25 апрел, 2014 йил.
Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Куз ёмғири



Ўйланасан кузги кечада,
Чеки борми дея фироқнинг.
Эси оғар бўм -бўш кўчада,
Маюс ўйга ботган чироқнинг.

Тўлар сирли шивирга ҳаво,
Руҳинг каби мусаффо, тоза.
Наҳот севги айлади қазо,
Ёмғир кимга очмоқда аза?..

Осмонларга элагин тутар,
Фонус ғамгин нурин элаклаб.
Бўм -бўш шаҳар уйқуга кетар,
Куз ёмғири қуяр челаклаб.


27 май, 2014 йил.
Тунги соат 10 дан 49 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Кузги қайин


Хазонларни учирмоққа шай,
Кузнинг ўйчан, латиф шамоли.
Автоулов чумолихўрдай,
Ишга шошган авом -чумоли.

Чирпирайди етим япроқлар,
Куз келтирди баргларга қирон.
Хазон эмас, тилла титроқлар,
Қўрқитади уларни бўрон.

Ўйламайди бу ҳақда қайин,
Кокилларин ёйиб насимга.
Йўл бўйида шовуллаб майин,
Қайта -қайта тушар расмга.


27 октябр,2014 йил.
Эрта билан соат 9 дан 1 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Қорли кеча ва ёруғ нийят


Оппоқ қорзарралар учқуни сокин,
Қўнса кипригинга, сочинга юзлаб.
Десанг - наҳот, совуқ булутлар ҳоким,
Осмондан юлдузлар тушмоқда музлаб?

Қор тўхтамай ёғса, ёғса бўралаб,
Дайдисак эл - улус ётганда ухлаб.
Пинжимга суқилсанг,пальтога ўраниб,
Совқотган қўлларинг иситсам кухлаб.

Соямиз туташса, учқунлар тинмай,
Тўзғиса, чирпираб тушса эланиб.
Узоқ суҳбатлашсак, кетгимиз келмай,
Фонус ёруғида қорга беланиб.



20 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 5 дан 39 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Ватан хаёли


Ботар пахтазорлар ортига қуёш,
Ловуллайди алвон уфқлар этаги.
Туман чўка бошлар далага ювош,
Кўкда юлдузларнинг кепаги.

Кимсасиз йўлларда сукунат ҳоким,
Шамол ҳам боғларда юраркан санғиб.
Боғдаги дов -дарахт ортидан сокин,
Паришон ой чиқади балқиб.

Бирин кетин хорғин чироғин ёқар,
Шуълаафшон дарчали уйлар.
Қонхўр искабтопар аямай чақар,
Чирилдоқ ўзини унитиб куйлар.

Йўлда бўйнин чўзиб марайди бузоқ,
Пода хайдаб ўтади кўчадан кимдир.
Қуриллар соҳилда бақалар узоқ,
Сомон йўли, юлдузлар жимдир.


14/06/2016.
Кеч соат 6:33.
Канада.Онтерио.




Ойдин сукунат
(Тоғам Ҳурмуҳаммад Кенжаевнинг порлоқ ҳотирасига)



Тоға, Чувамада ҳозир ҳойнаҳой,
Оқшом тушиб, қуёш ботгандир.
Оппоқ чинни товоқ каби ой,
Тентаксойда чўкиб ётгандир?

Тошқин бузган кўприк ходаси,
Тахталари ётгандир кўчиб?
Сув кечарди сигир подаси,
У кўприкдан ўтгани чўчиб.

Қуриллайди балки бақалар,
Қирғоқларда қамишлар оҳи.
Дайди тулки сувлар ёқалаб,
Қулоқ тутар жимликка гоҳи.

Сўқмоқ уни соҳилга бошлар,
Ғир ғир эсар тунги шабада.
Кўринар сув остида тошлар,
Боғбон эса ухлар капада.

Юлдузларни жимлик хоритар,
Олис осмон -овоз етмас жой.
Қабрингизни ғамгин ёритар,
Жим -жит, сокин сукунатда ой.


22/10/2017.
Тунги соат 1 дан 21 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.




Апрел


Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб,
Уфқларнинг гулхани сўнар.
Эриган қор сувин сипқориб,
Шом қушлари боғларга қўнар.

Ҳилол кўкда порлар паришон,
Кўрасан кўз илғамас жойни.
Мен севаман, севаман, ишон,
Апрел деган ёлғончи ойни.

Биллур қандил сингари томдан,
Сумалаклар тушар узилиб.
Чакиллаган илиқ оқшомда,
Эл уйқуси кетар бузилиб.


1990 йил . Баҳор . Андижон шаҳри.





Дўст
(Ўзбекнинг энг ёниқ шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз хотирасига )



Шеърларингда баҳор, булут босқини,
Шаррос қуяр гоҳо шиддатли жала.
Дарё издан чиқар, баҳор тошқини,
Кўринмай кетади ёмғирда дала.

Мойчечак лабидан авайлаб ўпар.
Ёзги ўтлоқларда дайди капалак.
Чуғурчуқ бўрони гувиллаб ўтар,
Хайқирар қушларга боғбон капада.

Куз келар, эгнида хазон ямоғи,
Гала гала учар жанубга қушлар.
Кўчманчи қушларнинг йўқдай саноғи
Эл қарар осмонга, ёқасин ушлаб.

Англолмас кўргани тушми ё ўнги,
Кимсасиз, туманли далалар рохи.
Сўю самоларга кетади сингиб,
Турналарнинг маҳзун фарёди оҳи.



2003 йил , 27 ноябр . Тунги соат
9 дан 30 минут ўтди. Андижон.

Шеър 13/01/2021 санада, Канадада қайта ишланди.



Шаҳар ёмғири


Қулоқ тутдим ёмғир сасига,
Ҳаво гиёх хидига тўлди.
Булутларнинг увадасига,
Чақмоқдан ўт кетмаса бўлди.

Шодликларга тўлади юрак,
Йўлга боқар мўлтайган чироқ.
Қах -қах уриб кулар гулдурак,
Ёмғир юм -юм йиғлайди бироқ.

У яшнатар воҳаю чўлни,
Новдаларга биллур тизилди.
Босиб кетди машина йўлни,
Йўл шўрликнинг жони узилди.

Вақирлайди бақалар гўё,
Ойналарда титрар итбалиқ.
Ёмғир тиниб, ёришар дунё,
Ярақлар дил кўзгуси тиниқ.

Боқиб гуллар табассумига,
Жилмаяр боғ ўйчан, соғ -омон.
Осилганча хаёл думига,
Учиб кетгим келар сен тамон.


19 июн, 2008 йил. Кеч соат 8 дан 56 минут ўтди.
Торонто шаҳри. Канада.




Синглим Анорага


Руҳим ойдинларда дайдиган сувчи,
Мен сени эслайман, кунда, кун ора.
Жилмайиб, йиғловчи, йиғлаб, жилмайгувчи,
Менинг ювошгина синглим, Анора.

Субҳи содиқ маҳал тақирлатсалар,
Томлар туникасин ёмғирлар чўқиб.
Ўлтирарсан балки меҳробда саҳар,
Сокин сукунатда номозинг ўқиб.

Кўзингдан ёмғирдай тирқирамасин,
Кўз ёшинг суюлган олмосдай оқиб.
Овозсиз йиғласанг, ҳувиллаб ётган,
Акангнинг кимсасиз уйига боқиб.

Кўз ёшинг бебаҳо дур каби асра,
Тинсин кузги сувлар сингари асаб.
Майли ховлимизда заъфарон ҳасрат,
Юрсин япроқлардан гербарий ясаб.



6 август, 2010 йил.
Кундуз соат 8 дан 4 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Юрт соғинчи


Бир соат ичида дунё қариди,
Ёш туриб сочларинг оқарди январ.
Жилмаяр таҳайюл туманларида,
Лаблари атиргул, сочлари анбар.

Бобур ватангадо, Фурқатлар дайди,
Навоий чет элда, қалқийди ашким.
Кимлардир Ватанни севаман дейди,
Ундайларга менинг келади рашким.

Дарахтлар югирар тепаликларда,
Оппоқ учқунларни тўзғитганда ел.
Баҳор келди, музни ёриб чиқ! - дея,
Яна бойчечакни алдайди апрел.

Мен энди муштлашиб қовоқхонада,
Ароққа чўкмайман ҳасратга тўлсам.
Қанийди Ватанда, қорли далада,
Гулханга термулиб жимгина ўлсам.

Дайди шоир ўлди - дея одамлар,
Кўмишса, устимдан тортишса тупроқ.
Хонанга қамалиб, ёлғиз у дамлар,
Сен ўзинг йиғлайсан ҳаммадан кўпроқ.


1 декабр, 2012 йил.
Кундуз соат 2 дан 12 минут ўтди.
Кембридж шаҳри, Канада.




Чўлқувар


Ёшлигимда чўлқувар эдим,
Қувар эдим чўлларни ёмон.
Чўллар мендан қўрқиб қочарди,
Кулгим қистар, эсласам ҳамон.

Қувмай десам уйқу бермасди,
Қуварликнинг муқаддас бурчи,
Бўронда ҳам қувлайверардим,
Кўзда қумнинг қалампир-мурчи.

Билсам, бекор қувган эканман.
Дарёларда қуриди сувлар.
Қасос дунё экан бу дунё,
Бугун энди чўл мени қувлар.


1988 йил. Тошкент.




Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари


Ўйга ботган ёмғирли шаҳар,
Эловрайман, озғин сўқирман.
Кўр ёмғирга айланиб, саҳар,
Деразангни тинмай, чўқирман.

Кўзим оппоқ очилган пахта,
Тергил уни жоним, этаклаб.
Савоб бўлар эди пойтахтда,
Мен сўқирни юрсанг етаклаб.

Туманларда тентираб, дайдиб,
Далаларда гулхан ёқарман.
Балки бир кун Ватанга қайтиб,
Дорвозангни топиб, қоқарман.

Пайпаслайман шаҳло кўзларинг,
Титраётган лабларингни ҳам.
Юзларимга босиб юзларинг,
Шивирлайсан ёмғирдай, эркам.

Қалбларга йўл топар рўзи шаб,
Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари.
Лаблар ёмғир каби чўлпиллаб,
Бир -бирини топар ўзлари.

Ёмғир йиғлар одамдай аста,
Кўз ёшларин ҳеч кимса артмас...
Бошқа топқир аъзолар ҳақда,
Назаримда, ёзиш ҳам шартмас.



25/06/2016.
Кундуз соат 11 дан 12 дақиқа ўтди.
Канада.Онтерио.




Севги ёди


Ойдин дала сингари жойшаб,
Сиртмоғидан бўшатилган соч.
Сукунатли ёруғ тун -ой шаб,
Қулар оппоқ нафис қалдирғоч...

Ҳушбўй нафас, лаблар ёлқини,
Ҳарир парда ортида фонус.
Қаро денгиз сочинг тўлқини,
Бир жуфт чўққи, оқарган конус.

Ойдек тўлиб, термулардинг сен,
Ипак сочинг шуъладай майин.
У шуъла, у майинликни мен,
Унутолмой ўтмоғим тайин.

Балки ҳануз кутарсан, эсиз,
Боролмайман энди у жойга.
Қандай термулардик иккимиз,
Шуълаларин таратган ойга.

Гул бандидай бўйнинга сенинг,
Чирмашмасин ҳижрон печаги.
Қуриб қолма, ғариб севгимнинг,
Қор остида қолган чечаги.


22 апрел, 2014 йил.
Кундуз соат 3 дан 55 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон шаҳри.




Баҳор оқшоми
(Зебога)


Кўз ёшдай тўкилар гилос гуллари,
Сўнади уфқларда оташи сўзон.
Ҳаловат тўшалган боғда тунлари,
Нафис ой шуъласи, гўзал гул тўзон.

Оппоқ гул ёғади мисоли рўё,
Қалдирғоч ухлайди тумшуқлари лой.
Кул билан ювилган идишдай гўё,
Сокин ховузларга чўкиб кетар ой.



13 май, 2014 йил.
Кундуз соат 10 дан 24 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Дарё
(Одил Икромга)



Хисор тоғларининг этакларида,
Ёввойи ўт -ўлан одамни кўмар.
Шудринг ярақлайди чечакларида,
Ва ойдин сукунат ўйларга чўмар.

Асқар бу дарёни соғинди қанча,
Кимлар англамади, кимлар англади.
Янги ой ярақлаб мисоли лангар,
Шоир кўз ёшига чўкиб занглади.

Боғлар шовуллади шаршарамисол,
Дарё балиқларнинг унсиз кўз ёши.
Помир тизмалари, ҳайбатли Хисор,
Шоир мозорининг ёдгорлик тоши.

Чор тараф тоғу тош, чор тараф харсанг,
У ёнда Исфара, нарёғи Водил.
Ойдин соҳилларни соғиниб борсанг,
Танирмикан сени шамоллар, Одил?

Кофарниҳон эрур дарёнинг номи,
Талотумли, шоир умрига ўхшар.
Чўкар далаларнинг ҳасратли шоми,
Чигирткалар оҳин тинглайди Асқар.



25 январ, 2014 йил.
Кундуз соат 2 дан 3 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Эпитафия
(Бу дунёдан эрта кетган истеъдодли шоира Бахтинисо Маҳмудова хотирасига)



Эй бўронлар ичра ўчмай, парпираб ёнган чироқ,
Бир умр юрмоқни орзу айлабон кетдинг йироқ.

Ойга маҳзун термулиб, тун кечалар бедор эдинг,
Жиққа ёшли икки оху кўзларинг ойдин булоқ.

Турналарга силкидинг қўл, хўшлашиб, кўзларда ёш,
Кузги ғамгин боғу роғлар оҳига тутдинг қулоқ.

Шеърларингда гоҳи ғам, гоҳ отди мағрур қахқаха,
Кимсасиз саҳрода ёвлар устидан кулган Широқ.

Оҳ чекар зулматли боғда шом чирилдоқлар билан,
Тунги жавдарпоя узра ярқирар олтин ўроқ.

Титрагай кўз ёши янглиғ кўкда юлдузлар ҳамон,
Мунғаяр ойдинда пастак кулба, томи лойсувоқ.

Шеър ўқиб Жаннатда юргин хуру ғилмонлар билан,
Қоматинг сарв, мисли Кавсар ҳавзида ўсган қуроқ.


03/11/2019.
Кундуз соат 11:54.
Канада, Онтерио.





Кузги терак



Дайдиб юрган эдим, боғларда бадар,
Куз сочиб юборди чумчуқларини.
Улар учиб кетди шошиб, қайгадир,
Шамолларда қайраб тумшуқларини.

Куз хазон рақсига чорлайди кимни?
Гувиллаган маҳал ялонғоч терак.
Терак шохидаги қорайган инни,
Қушлар эслаб, гоҳо соғинса керак?



26 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 4 дан 14 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Кимсасиз йўлларда


Сувга чўкиб кетди булутлар,
Кўриб кузги гуллар ибосин.
Қирғоқларда тераклар, тутлар,
Сув оқизар боғлар либосин.

Гала гала қушлар нарида,
Шиддат билан учар қайгадир.
Балки дарё соҳилларида,
Шоли пишиб ётган жойгадир?

Кўприк узра соҳибжамол қиз,
Термулади сувга, ариққа.
Кезар маъюс, ўйчан қари куз,
Сочларини бўяб сариққа.


26 август, 2010 йил.
Кундуз соат 10 дан 58 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Юрак



Шовқинлардан чарчаб ухлайди шаҳар,
Чақмоқлар ухлайди, ухлар гулдирак.
Лекин сен таътилсиз ҳар шому саҳар,
Тинимсиз ишлайсан кўксимда, юрак.

Мана эллик йилки, доим биргамиз,
Сен билан туғилдим, сен билан ўсдим.
Бундай ўйлаб кўрсам мудом, то хануз,
Сен ўзинг экансан ишончли дўстим.

Сени кўп азоблаб, қийнадим, бу чин,
Эй шоир юрагим, сен мени кечир!
Соқий бўлиб, суниб, соғлигим учун,
Вужудимга қизил қонимдан ичир.

Гоҳо қаср бўлдинг, гоҳида зиндон,
Сени енгломади, ғариблик, ғурбат.
Эй, Холдор Вулқоннинг олисда пинҳон,
Муҳаббати дафн этилган турбат!



14 август, 2011 йил.
Кундуз соат 2 дан 35 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Соҳилларни соғинган кўнгил



Тўрғай бўлсам тонги далада,
Чуғурлардим муаллақ сайраб.
Қарар эдинг қувнаб янада,
Кўзга кафтинг соябон айлаб.

Типратикон бўлсам, бутунлай,
Мен Ватандан кетмасдим бадар.
Ой ёритган ховлингда тинмай,
Чопар эдим то тонга қадар.

Муҳаббатнинг рубоби синди,
Шамол бўлиб йиғлади қувғин.
Биз учрашган далада энди,
Ғувиллайди қоп - қора юлғун.

Дов дарахтни кеч куз қаритган,
Боғларда бор ҳаё ва шарм.
Соҳилларни ғамгин ёритган,
Ой кўнглимиз сингари ярим.



19 июн, 2011 йил, якшанба.
Кундаз соат 10 дан 57 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Биринчи қор


Оппоқ қор қоплаган далалар рохин,
Анграйганча тилдан қолибди боғлар.
Қор юки эгибди дарахтлар шохин,
Қахрли қағиллар туманда зоғлар.

Бақирмай секинроқ қағилласа ҳам,
Эшитаман ахир, эмасман гаранг.
Қоркўчки қўзғолар йўталса одам,
Қор турар дарахтлар шохида аранг.

Дарахтлар кийинган, олифта, кибор,
Оппоқ қорпўстини терсми ё ўнги?
Бу оппоқ таҳайюр, бу мусаффо қор,
Кимгадир биринчи, кимгадир сўнги...

Қор босган далалар бесадо, бесас,
Ҳеч ким ҳалал бермас хаёллар сурсанг.
Йўловчи жилмайиб қўяр, ранжимас,
Қулочкашлаб туриб, қор билан урсанг.



9 январ, 2013 йил.
Тунги соат 8 дан 17 дақиқа ўтди.
Кембридж шаҳри, Канада.




Дон Миллс



Қуёшни ҳайбатли гулханда ёққан,
Ботаргох қонталаш жарохат каби.
Сувлари ялтираб, лапанглаб оққан,
Бир азим дарёнинг қақрайди лаби.

Қийиллаб учгувчи қушларнинг лекин,
Шовқин - суронига мухтож эмас ул.
Бу дарё сувида оқади сокин,
Булбул тушларига кирган атиргул.

Кечувлардан ўтмас сигирлар мораб,
Тўлқинлари туя, тубсиз, ўзансиз.
Шундай дарёлар ҳам бўларкан, ё Раб,
Ойдин тўқайларсиз, Тулки, Кўзансиз.

Бўйнига энг оғир тошларни боғлаб,
Ғарқ бўлгиси келар ҳар кимнинг, ахир.
Ғарқ бўлган чоғимда кўксимни доғлаб,
Қуриб қолма, Шопен деб аталган наҳр!

Дон Миллс паркларида кезсам ҳайнаҳой,
Минмайман шайтоннинг аробасини.
Ўрмонлар ортидан кўтарилган ой,
Ёритар кўнглимнинг харобасини.



25 июн, 2011 йил.
Тунги соат 10 дан 40 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Қишлоқ оқшоми


Маюс қуриллайди бақалар,
Тулки юрар тимирскаланиб.
Чопар ёлғиз дарё ёқалаб,
Искабтопарларга таланиб.

Куйганёрдан чинқириб ўтар,
Темир йўлнинг пўлат самани.
Соҳилларда чарақлаб ётар,
Чироқларнинг олмос чамани.



26/10/2014.
Кундуз соат 10 дан 9 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Омонат япроқлар


Гоҳо ортда қолдим, гоҳида ўзиб,
Гўё бу йўлларнинг йўқдай адоғи.
Гулзорлардан нафис бўйнини чўзиб,
Менга талпинарди гуллар дудоғи.

Бугун бужмайибди, қурибди гуллар,
Гўё чаманларга теккандай қарғиш.
Дарахтлар мунғайган қадрсиз қуллар,
Шохлари ялонғоч, барглари сарғиш.

Дарахт қир учида омонат зоғлар,
Сукунатга тўлар осмон қозони.
Секинроқ юраман мен бундай чоғлар,
Тўкилмасин дея боғлар хазони.



15 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 7 дан 57 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Кузги шамолларда хазонлар рақси


Гуриллар қушларнинг телба галаси,
Осмонни тўлдириб учар турналар.
Хувиллайди бўм бўш фермер даласи,
Зомин тоғларида туман ўрмалар.

Балки эл жанубга кузатади жим,
Турналарнинг кулранг галаларини.
Оппоқ қор қоплайди ҳадемай, дўстим,
Ўзбекнинг қадимий далаларини.

Қуюқ туман аро бир ўзинг юрсанг,
Кузги ўтлоқларни қиров босган пайт,
Кимсасиз далаю даштларни кўрсанг,
Сизларни бир шоир соғинди -деб айт.



18 октябр, 2014 йил.
Кечки 5 дан 15 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Ойдин кеча


Соч соқоли оппоқ рассом,
Қорли фасл шомида.
Чизганларинг, эй Пикассом,
Ойналарнинг ромида.

Олисларда порлаётган,
Чироқларга боқаман.
Соғинч бўлиб чорлаётган,
Шуълаларда оқаман.

Ҳадемай қир, йўл нарида,
Бойчечак сув ёқалар.
Хасрат тўла шом қаърида,
Қуриллайди бақалар.



29 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 4 дан 20 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Товуш


Ёмғир ярақлатди йўлларни ювиб,
Уйқуда боғларнинг қарғаю зоғи.
Шамол қанотлари шалоббо ивиб,
Учолмай қайдадир ётибди чоғи.

Сукунат одамдай ўйларга ботар,
Фонус шуъласидан нурафшон йўлак.
Хиёбон руҳимдай хувиллаб ётар,
Кўлмаклар кўз ёшига лиммо лим тўла.

Ёмғирда ювилган хиёбонда жим,
Фонуслар йўлакка термулган они,
Эшитдим жимликда, аниқ эшитдим,
Чирт этиб япроқнинг узилди жони.



28 октябр, 2014 йил.
Тунги соат 9 дан 33 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Гул ҳаёси



Тентираб, бекорчи, безори шамол,
Хазонга тўлдирди гулзор қўйнини.
Кўриб раҳмим келди нафис, бемажол,
Кузги атиргулнинг нозик бўйнини.

Гул бошини эгиб, тикони ботган,
Четанли чаврага турар суяниб.
Кийимларин ечиб, гулханга отган,
Телба дарахтлардан уялиб.



28 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 3 дан 21 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Қор


Йўловчи изларин ёпиб борар қор,
Изғирин боғларда сибизға чалар.
Чироқлар олисдан боқар интизор,
Қорли тундрага ўхшайди дала.

Осмон ухлар эди дарахт учида,
Ёстиғини йиртиб, отдими, нетди?
Чирпираб тўзғиган парқу ичида,
Дов -дарахт, далалар кўринмай кетди.



28 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 2 дан 12 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Осуда жимлик


Куз келибди билдирмай, аста,
Хазонларни авайлаб, эзмай.
Қушлар галасининг бир пасда,
Кетганини қолибмиз сезмай.

Миқ этмайди, хаёлга ботган,
Менга маълум унинг кимлиги.
Дарахтзорда беркиниб ётган,
Бу осуда кузнинг жимлиги.

Яхшиямки ҳеч ким йўқ экан,
Борганимда дарахт кесгани.
Шошилишда кетаверибман,
Пуфайкамни кийиб тескари.



26 октябр, 2014 йил.
Тунги соат 1 дан 50 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Ғафлат


Куз ҳушбўй бехилар хидига тўла,
Узуму анорлар илинган омбор.
Хазонлар рақсига термулиб, сўра:
-Ўйларга ботган бу жимликда ким бор?!

Боғда ивирсиган бу шамол банги,
Куппа кундуз куни, қаранглар, нетди.
Кузнинг хазонлардан тўқилган янги,
Чўғдек гиламини ўғирлаб кетди!



27 октябр, 2014 йил.
Тунги соат 11 дан 5 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Этика


Дарахт шохларини силкитган эди,
Қахрабо барглари тўкилди ерга.
Фаррошнинг сўкиниб айтганин энди,
Айб бўлар дейман, киритсак шеърга?

Фаррош қўлларини кухлаб, исиниб,
Хазонларни тўплаб, оловда ёқар.
Сўнг ўйчан тутатиб тамакисини,
Хаёлчан мунғайиб, гулханга боқар.

Қир! қир! -деявериб қирилиб кетар,
Турналарнинг узун найдай томоғи.
Қўриқчи қушларнинг қайтишин кутар,
Кийган жандасида йиллар ямоғи.



27 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 7 дан 44 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Кузги ўрмонларда осуда жимлик


Қандай яшнар эди дала туз,
Шовқин солиб ёққан жалада.
Энди кезар бу жойларда куз,
Шолғом ковлар дехқон далада.

Қуш галаси дея ўйлабман,
Учиб ўтса ғариб хазонлар.
Мен уларга қараб тўймабман,
Чирпиратса телба тўзонлар.

Дарчаларга босганича юз,
Япроқларин тўкар қайинлар.
Яна қайтиб келинглар деб куз,
Турналарга қаттиқ тайинлар.


27 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 12 дан 22 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Қор қувончи


Гуппа гуппа ёғаверди қор,
Томлар оппоқ, оқарди ерлар.
Оқ варақдай кўчаю девор,
Қорга ёзгинг келади шеърлар.

Қорбўронда туртиниб, тойиб,
Йўлда одам танимас дўстин.
Қорбободай боғлар букчайиб,
Кийиб олган қалин қорпўстин.

Ғувиллайди қорли далада,
Чўкиртаклар бўғзигача қор.
Дарчадаги чироқ панадан,
Қорли йўлга боқар интизор.

Ғижирлайди қордаги қадам,
Қор остида қолибди йўлак.
Қорга қараб тўймайди одам,
Ҳамма хурсанд, фаррошдан бўлак.



25 октябр, 2014 йил.
Тунги соат 11 дан 54 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Ўрмонларга туташди йўлим


Гувиллайди ялонғоч терак,
У Маккага бормаган хожи.
Унга амал, мансаб не керак,
Ерда ётар тилларанг тожи.

Йўл четида рақсга тушар,
Нозиккина навниҳол қайин.
Япроқлари чирпираб учар,
Шамолларда чайқалган сайин.

Касод бўлди қушлар бозори,
Сармояси таланди, синди.
Гирватларга соврилди бори,
Куз инқироз отига минди.

Туманларда хаёлга толган,
Ўрмонларга туташди йўлим.
Бўронларда япроқсиз қолган,
Новдаларга ўхшайди қўлим.



25 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 3 дан 54 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Чўтал


Қўлларида "қирол", "дама", "туз",
Дов -дарахтлар ўйнайди қарта.
Қимор ўйнаб, тўймайди бу куз,
Ютқазса ҳам бир неча марта.

Сарғайтирди дарахтни ҳасрат,
Ишонмайди айтсанг бировга,
Баргларини авайлаб, асраб,
Боғлар тикди довга, гаровга.

Шамол тинмай чийлайди қарта,
Шамоллаган қари кўкйўтал.
Фаррош келар кунда бир марта,
Олмоқ учун боғлардан чўтал.



25 октябр,2014 йил.
Кундуз соат 3 дан 10 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон шаҳри.




Кузнинг ғариб, гамгин шамоли


Тўзғитганинг етмасми қасддан,
Қўй, қувлама япроқни, шамол.
Сен ҳам ҳадеб изғийвермасдан,
Бир зум тўхта, маданий дам ол.

Ёш эмассан, умринг ҳам ярим,
Қилган савоб ишларинг сана.
Чилпиб кузги дарахт баргларин,
Фаррошга иш оширма, бола.


22 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 3 дан 17 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Қорбўронда қолган йўловчи


Уловлар ҳам чарчади, тинди,
Оппоқ қорга беланди шаҳар.
Кўмиб ташлар борлиқни энди,
Қор тинмаса то тонга қадар.

Чўзилганча ўрнимга шу дам,
Қордек оппоқ ўйларга ботдим.
Ё уй ёруғ қор шуъласидан,
Ё чироқни ўчирмай ётдим.



24 октябр, 2014.
Кундуз соат 10 дан 53 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Робинзон


Маконим шу, кимсасиз орол,
Кемаларнинг йўлига боқдим.
Қўлда қалам дахшатли қурол,
Шеърим қалаб, гулханлар ёқдим.

Соҳилда сув йиғлар чамаси,
Уммонларни келади кечгим.
Шовқин солар тўти галаси,
Ҳайқираман, эшитмас ҳеч ким.

Юлдузли тун байроқми қаро?
Ой ҳам ундан кетмайди нари.
Ухлар ҳаво уммони аро,
Космосдаги орол - Ер шари.



19 июн, 2010 йил. Кундуз соат 2 дан 44 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.





Бўшлиқ манзараси



Тубсиз хандакларнинг хаспўшлаб оғзин,
Чевар ўргимчаклар тўқийди кашта.
Сукунатни тинглаб, ақлдан оздинг,
Не бор у даврада, бўшлиқда, даштда?

Чўчқа охурида ухлама, уйғон,
Дўстдек кўринса ҳам кўзинга ёғий.
Боғингда бубуллар сайрамай қўйғон,
Қағиллар боғларнинг қарғаю зоғи.

Қовжираб қақшади дарёлар лаби,
Бу буюк ўлканинг топилмас тенги.
Хилпирар валийлар байроғи каби,
Қўриқчининг узун садпора енги.



26 август, 2010 йил.
Тунги соат 10 дан 13 дақиқа ?тди.
Торонто шаҳри, Канада.






Телбалар шаҳарчасини соғиниб


Жуссалари мачта, кийими елкан,
Севгидан телбариб қолган авомат.
Қаттиқ нонни сувга ивитиб еркан,
Борхеснинг китобин айлар қироат.

Озғин қўлларида портфел шишар,
Намликни ўтказар поябзал чарми.
Зарб билан ёпсалар, узилиб тушар,
Эшикка қисилган шарфнинг ярми.

Қандай ёғардия хазонлар паркда,
Телбаларни кузги туманлар ютар.
Ярқиратиб темир йўлларни арта,
Ғижирлаб, қип қизил трамвай ўтар.

Ёмғирда ювилган ойна йўлакка,
Ёрлиқдай ёпишиб қолар эди барг.
Қор ёғса телбалар кетар пинакка,
Қутб айиғидай ухлар эди парк.

"Китоб" номли оғир дардга чалинган,
Телбалар ҳар тамон тирқираб учди.
Нон ўрнига китоб сотиб олинган,
Телбалик йилларим ёдимга тушди.



21 октўбр, 2014 инжи йил.
Кундуз соат 1 дан 3 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон шаҳри.




Дадамни эслаб


Ўлтиргандик порлоқ ойга термулиб,
Дарё тамонларда юлдуз чамани.
Узоқдан ўтарди поезд чинқириб,
Олис темир йўлнинг учқур самани.

Ховур чиқиб турган отнинг гўнгини,
Тўпладик отларни хуркитмай, қашиб.
Кейин парник ўра сўлу ўнгини,
Гўнг билан тўлдирдик елкада ташиб.

Сувқоғоз парникмас, ўтов денг қадим,
Тунлар ичкарида порларди чироқ.
Мен печка ёқувчи гўлахи эдим,
Кўмир бор, газ деган йўқ эди бироқ.

Узоқда хориган трактор "Алтай",
Инграрди муттасил туннинг қаърида.
Туманда адашиб қолган одамдай,
Кезарди ноябр зулматларида.

Ибодат қиларди дадам уйда жим,
Балки фарз номози, балки витири.
Мен эса парникда китоб ўқирдим,
Сувқоғоз том узра қорлар шитири.



15 октябр, 2014 йил.
Тунги соат 9 дан 58 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон шаҳри.




Кузатиш


Жилмайганча кўз ёшларингни,
Яширасан, алдаб нетасан?
Мен перронда қоламан ёлғиз,
Сен поездда йиғлаб кетасан.

Жиққа ёшга тўлган кўз билан,
Йўл оласан узоқ элларга.
Югираман поезд ортидан,
Сўзлар учар совуқ елларга.

Чирпирайди пойимда хазон,
Куз борлиқни туманга белар.
Хувиллаган перронда туриб,
Поезд каби чинқиргим келар.


1992 йил , декабр , Тошкент Талабалар шаҳарчаси.




Садоқатли чирилдоқ


Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан,
Хонанг деразасин боғларга очиб.
Менчи киприк қоқмай туравераман.
Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.

Эсингдами, сени фироқ ўтида,
Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб.
Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга.
Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб.

Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар?
Ё бугун байрамми, гуллар сайлими?
Севгилим, шу гуллар очилиб ётган,
Ховлингда чириллаб юрсам майлими?


1999 йил , август ,
Тошкент , тунгги соат 12 ярим .
Дўрмон . Ёзувчилар ижод боғи .
1 - корпус , 3 - қават , 52 - хона .





Қадрдон қирғоқлар


Оқар эди дарё ёйилиб,
Сенсиз гўё яшардим хумда.
Оёғингни ўпарди сувлар,
Эрир эди изларинг қумда.

Учрашганда телбалар каби,
Сўзлашолмай қолардик тилдан.
Йўлларингда мухтож нигохим,
Узоқ эди секундлар йилдан.

Лаъл, жавохир юлдузлар ила,
Тун осмони кетганда бойиб.
Ухлар эдинг баланд сўрида,
Сочларингни дарёдай ёйиб.

Далаликда кесишган йўллар,
Кўзларимдан михлаган хочинг.
Қирғоқларим қўпорган дарё -
Ёт ёстиққа ёйилган сочинг.

Балки ҳамон бизсиз сохилнинг,
Тўлқинлари бир - бирин қувар.
Қорадарё ой лаганида,
Юлдузларни олтиндек ювар.



8/07/2006. Кундуз соат 2:41.
Бишкек шахри , Советская кўчаси ,128 -уй ,
39 - квартира . Ғарибликда ёзилди .




Сирли мактублар


Дарахт менга йўл бўшатади,
Ўтганимда шу йўлдан доим.
Ва дарахтнинг сарғариб кетган,
Хатларига кўмилар пойим.

Дарахт ёзган мактубларини,
Кимдир олиб ўқишин пойлар.
Хатларини олис олисга,
Олиб кетар пўчтачи сойлар.

Севиб қолган кимнидир дарахт,
Севган ёри ёзмайди жавоб,
Хатларини яшириб, ўқиб,
Йиғлаб - йиғлаб этмайди тавоф.

Дарахт ҳар йил ёзаверади,
Сиёх, дастгох, қалам, довотсиз,
Хатларини хеч ким ўқимас,
Унинг севгилиси саводсиз.



1991 йил , куз , Тошкент шаҳри.

 



Зор -интизор


Қурғоқчилик кунлари келди,
Сахро каби қақраган кўзга.
Бу дунёда, севгилим энди,
Гўзал сўз йўқ исмингдан ўзга.

Кенгликларга чиқиб кетаман
Соғинчларинг қийнаса ёмон,
Сўзанаклар тентираб учган,
Жим , кимсасиз далалар тамон.

Қуриллайди бақалар маюс,
Соҳилда тун этагин тешиб.
Юксалади кўкларга руҳим,
Ой нуридан арқонлар эшиб.



1999 йил , август . Маслахат қишлоғи.




Балки


Кузги шамол ва махзун хаёл,
Чизгинг келар тасвирин бўзга.
Чўкар мовий дубулға - осмон,
Кузга ўхшаб кетгувчи кўзга.

Кўрдим кўзинг тубида ғамни,
Арзир эди йиғласам увлаб.
Юпун боғлар бағридан учгач,
Барглар кетди бир бирин қувлаб.

Сочларингдай узун дардларинг,
Қошларингда йиллар куяси.
Кўзинг қири ханжардай ўткир
Киприкларинг кўзёш уяси.

Балки сен ҳам мухожир қушдай,
Учиб кетиб қоларсан зумда.
Изларингда дарёлар инграб,
Сувлар йиғлар, югириб қумда.

Балки энди сенсиз ўларман,
Балки ўлмай кирарман юзга.
Термуларман балки соғинсам,
Кўзларинга ўхшаган кузга.


2001 йил , август. Маслахат қишлоғи.




Ёзув



Сен ўтасан мисоли рўё,
Ташлаб аста илохий одим.
Изларингда мен эмас , гўё,
Қолар руҳсиз юз йилги ёдим.

Юксалгандай бўласан кўкка,
Далаларни ёритган ойдек.
Мен бир четда қолиб кетаман,
Ой ёруғи тушмаган жойдек.

Термуламан сенг кетган йўлга,
Туманларга сингийди жисминг.
Деразанинг ойнасин кухлаб,
Ховурларга ёзаман исминг.



1991 йил , декабр . Тошкент .Талабалар шаҳарчаси, 14 -ётоқхона.




Ҳотира


Унутмайман энди ҳеч қачон,
ўша қайғули тонгни,
ўчган чироқларни,
оқаришиб келаётган
олачалпоқ осмонни,
йироқларни.
Фил суяги каби
оппоқ қўллару
шундай жуссани.
Муюлишга етганимда
кўзим гирдобига
чўккан ғуссани.
Энди у жойларга бормайман,
борсам,
шамоллар йиғлайди
қамиш тилида.


1993 йил.Андижон.




Сирдарё
( Соҳиба Ашуровага)


Сув ичгани келган кийикдек,
Оёқ қўйдинг тошли соҳилга.
Ва термулдинг ғалаён солиб,
Тошларга бош урган жоҳилга.

Қатра - қатра кўз ёшинг тўкиб,
Хасратингни сувларга айтдинг.
Сирларимни сақлагил, дарё -
Деб соҳилдан оҳиста қайтдинг.

Кўзимда ёш, хасратга тўлиб,
Мен дардингни тушуниб етдим.
Ва айрилмас содиқ дўст бўлиб,
Сирларингни оқизиб кетдим.


1996 йил, куз. Андижон шаҳри.





Болалик
(Тўбо хола хотирасига)


Четан чавра билан ўралган боғлар,
Боғда гилосларнинг бағри қонайди.
Юлғинзорда шамол тентиган чоғлар,
Какку кимнинг қолган умрин санайди.

Ғуриллайди толзор тамонда ғуррак,
Трактор кемадай ташлайди лангар.
Бўйнин чўзиб ханграр яйловда эшак,
Овози кенг дала даштларда янграр.

Қуймоқ пиширади қуёшдан июн,
Ғир ғир эсиб ўтар дайди шабада.
Узоқ увотларда рақс тушар қуюн,
Тракторчи ухлаб ётар капада.

Дала йўлда мопед қўйгандай пойга,
Тириллар, кўтариб қияликда чанг.
Тепаликда элни чақириб чойга,
Ошпаз Тўбо хола ура бошлар занг.


Танг! Танг! Танг! Танг!


1989 йил, Июл.Маслахат қишлоғи.




Қизиқ дунё


Қоронғудан чиқиб қоронғуликка,
Кетгувчи умрлар айлана чизиқ.
Бошинг шарга ўхшар бунинг устига,
Шар устида яшаш ундан ҳам қизиқ.

Қизиқ туюларкан ер - бепул учоқ.
Доим хизматингга турса шайланиб.
Сен бориб юрмасанг, очганча қучоқ,
Фасллар ёнинга келса айланиб.

Қизиқда, бир умр коинот билан,
Қўшилиб айлансанг, айлансанг ерга.
Ундан ҳам қизиғи, бу воқеани.
Кимдир айлантириб юборса шеърга.


2000 йил 28 июл , ярим тун .
Маслахат қишлоғи .




Ҳайрат


Кучли шамол энади қирдан,
Ва айланар ёмғир жалага.
Эл қочади шийпонга бирдан,
Кетмонини ташлаб далага.

Беркинади айвонга авом,
Борлиқ хаёл отига минар.
Қасирғалар этаркан давом,
Қуяр жала ва охир тинар.

Селлар ювиб, тозалаб кетган,
Соф ҳавога тўлади айвон.
Дов дарахтлар ўзи акс этган,
Кўлмакларга боқади ҳайрон.



22 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 8 дан 00 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.




Энамни ёд этиб


Бўйи пастаккина Фотима энам,
Оғзида бор эди бир дона тиши.
Кўрпа қавир эди меҳрибонгинам,
Пахтани савалаш севикли иши.

Ғиппа -ғиппа урар эди пахтани,
Қиличдай савачўп ўйнар дастида.
Гоҳида тин олиб, бироз тўхталиб,
Ўлтирарди гўё булут устида.

Булутлар сузади мисоли рўё,
Осмонлар бағрида то рўзи махшар.
Кўкда сузиб юрган булутлар гўё,
Энам савалаган пахтага ўхшар.



24/09/2014.
Кундуз соат 12 дан 10 дақиқа ўтди.
Бремптон шаҳри, Канада.




Баҳор қўнғироғи


Ботаргохда оқшом қушлари,
Сайраб, қулоқ пардасин ёрар.
Шовуллаган терак учлари,
Қип -қизил чўғ сингари ёнар.

Айтиб йиғлар искаптопарлар,
Оҳ чекишдан бормикин фойда?
Осмон тўла жавохир ва лаъл,
Чўкиб ётар бир қисми сойда.

Уйсиз итлар акиллаб, дайдир,
Порлар минглаб чироқ чивини.
Дов дарахтлар ухлашга шайдир,
Ой ёритар соҳил сувини.

Сувчи одимлайди дарё ёқалаб,
Учарюлдуз тун кўксин тилар.
Баҳор қуриллатиб бақаларини,
Кмгадир тўхтовсиз қўнғироқ қилар



30 декабр, 2011 йил.
Кундуз 11 дан 11 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри Канада.





Ой билан суҳбат


Ҳадеб деразамдан қарайверма ой.
Қолмадими одоб, ҳаё ва шарминг?
Сендан беркингали тополмайман жой,
Ким сени тишлади, қаерда ярминг?

Бошқа деразалар кетганми қуриб,
Боқсангчи қорайган қўшни дарчага?
Кўрпага ўраниб, уйқуни уриб,
Эл хуррак отмоқда, қаттиқ чарчаган.

Ялангбош юрасан, тун бўйи дайдиб,
Арчилган тухумдай ялтирар бошинг.
Наҳот мангу ўсиб чиқмаса қайтиб,
Устарада таглаб қирилган қошинг?



13 март, 2014 йил.
Кеч соат 7 дан 35 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон шаҳри.





Тун ҳақида



1


Тун шивирламайди.
У фақат чинқиради.
Шундай чинқирадики,
Қулоқ пардаларинг йиртилиб,
Қонаб кетар эди эшитганингда.


2


Тун паранжи - чимматсиз
Қип - ялонғоч ётган қоп -қора жувон
Унинг сирлари кўп гўзалдан - гўзал.
Лекин гўзал эмас ҳамма сирлари.

Тунни ҳатто
Телбаларча севиш ҳам мумкин
Фақат пинхона...
Кундузга сездирмасдан дегандай...


3


Ғажишга шайланма юлдузларни сен.
Негаки, юлдузлар
Сен ўйлаганинчалик кичкина эмас.
Улар ҳам ўзига ҳос катта.
Шу қадар каттаки,
Уларни ғажиб ташлаш учун
Биласанми, эхҳеееей!..
Ҳеч бўлмаса, сенга
Коинотдай оғиз,
Метеоритдан ясалган, ўта мустахкам
Тишлар керак бўлар ўткирроқ.


4


Неандертал одамга ўхшаб,
Деразангдан олазарак қараганингча
Хаёлларга ботасан.
Рашкинг келар
Севгилинг тўлғониб
Тунларнинг қўйнида ётгани маҳал.
Тун эса - аёл.


5


Чиқиб келса ёринг туннинг қўйнидан,
Рашк ўтида ёнасан.
Унда нега онанг ҳам,
Синглинг ҳам, қизинг ҳам
Ўзинг ҳам ётибсан туннинг қўйнида?


6



Уйғон, галварс, тун қўйнидан чиқ!




1993 йил, Андижон.





Мабодо



Мен бир ит бўлсайдим
(лайча ё кўппак),
зулматли куз кечаси
дарё ортидаги Латтақишлоқда
бўғиқ аккиллардим
гўё хум ичида хураётгандай.

Товушимни тинглаб,
ухлаб қолардинг
илинарди кўзинга уйқу.


Ёхуд, бўлсам эди сассиқпопишак
пупупуб - пупупуб - пупупуб
пишш шш! - дея
олис увотларда сайрардим узоқ.
Дехқонлар ишлашдан тўхтаб, жилмайиб
бир зум қулоқ тутарди менга.


Ё бўлмаса омадим чопиб,
чигирткага айланиб қолсам,
ой порлаган оқшомлар
ёзги Қирғизхожи далаларида
тунни зириллатиб чириллар эдим.

Ёки дейлик бирдан фалокат босиб,
одам бўлиб қолсам, кутилмаганда
катта - кон одам,
болалигим кечган
қорақолпоқлар хуторидаги
"чўчқахона" харобасидан
қарардим бепоён мангу осмонга
ўзимнинг нақадар муваққат, ожиз
зарра эканимни англамоқ учун.



15 октябр ,2006 йил ,якшанба .
соат 13 дан 58 минут ўтди.
Бишкек , Ленинград кўчаси 35 уй.


Изох: "Чўчқахона" Маслахат қишлоғи жойлашган Қорадарё соҳилидаги кўхна чўчқахона харобалари.




Айрилиқ



Ёқмасам, ка - а -а - атта кўча - дединг,
кўчага чиқдим.
Кўча жим - жит эди, кимсасиз, ойдин.
Мен авваллари билмас эканман,
кўчанинг бунчалар
катта бўлишин.



2002 йил , 2 октябр . Ярим тун .
Андижон шаҳри 4 - кичик даха.




Шукрона



Оллохим, анави ён қўшним борку,
ўшандан дегин,
белкурак олувдим ер ағдаргани.
Ўша қўшним бир соат ўтгандан кейин,
берган белкурагин сўраб чиқибди.
Сен бўлсанг,
туғилганимдан бери ишлатиб юрган
белкуракдан афзал қўлларимни
мана, қирқ етти йилдирки,
қайтариб бер дея қистаб келмайсан.
Яқинда Комхоздан, Б.Т.И дан,
Горгаздан, Электросетдан,
Солиқ идорасидан
хўмрайган бадқовоқ одамлар келди,
семиз - семиз попка кўтариб.
Тўлов миқдорини эшитгач,
ҳушдан кетай дедим, кўкариб.
Оллохим,
яхшиямки фаришталаринг,
семиз - семиз попка қўлтиқлаб,
қуёш, ёмғир , шамол хақини
суриштириб келмас уйимга.
Яхшиямки нафас йўлимга
ҳаво хисоблагич ўрнатмагансан.



1992 йил, Маслахат қишлоғи.




Баҳор ҳақида
(Чори Аваз хотирасига)



Баҳор келаётир.
Ҳали ҳеч ким яшамаган баҳор.
Бултур сенинг изларинг қолган,
Сўқмоқлардан келаётир ул.
Очилади шубҳасиз энди,
Ҳали ҳеч ким ўпмаган,
Ҳали ҳеч ким хидламаган гул.

Баҳор келаётир,
Ҳали ҳеч ким ўлмаган баҳор...



1993 йил . Тошкент шахри .




Чағалай
(Рауф Парфи ҳотирасига)



Ўзининг бор етимлиги билан
далалар устида порлаётган ой
учбурчак шаклли ромга жойланган
шарларни ҳар ёққа тўзғитиш учун
ўқлоғ ёрдамида йўналтирилгувчи
биллиарднинг бузғунчи соққаси эмас.
У совуқ адирда ёлғиз ва юпун,
шуълалардан юзи сарғайиб
чироқ кўтариб бораётган.
соч - соқоли оппоқ, бўйни ингичка,
момақаймоқ тўзғоғига ўхшаган Рауф.
Шеъриятнинг тилла чиғириғида,
жон иплари йигирилган вужуд.
Рауфдан йигириб олинган
ложувард нурларнинг калаваси ой.
Хой, совуқдан товони ёрилган Рауф,
банкротга учраган кунда,
кундамас, кундада қуёшнинг ўткир,
олмос нури ила кесилган ойна
йўлларингда баҳор жарчиси бўлиб,
эриб ётган маҳал кўлмаклар,
эшкаксиз қайиқда ёлғиз бир ўзинг,
севинч кўз ёшларинг кафанга артиб,
бегона тунларга кўчиб кетибсан.


Шиғалаб ёғарми энди ёмғирлар?




20/01/2007.Кундуз соат 11:22.
Бишкек шаҳри, Ленинград кўчаси 35 уй.




Қаҳрамон
(Ҳамқишлоғим , иккинчи жаҳон уруши ногирони ,
марҳум Фозил ота ҳотирасига )



Гувиллайди кузги боғларда бўрон,
Зулмат тўла кеча, тонг ҳали йироқ.
Лойтом уйнинг пастак меҳроби аро,
Маюс милтиллайди хира жинчироқ.

Оқсоқол узилган тасмани улаб,
Ёғоч оёғига юзли мих қоқар.
Сўнгра, оёқ эмас, не десам бўлар,
Туёғига ғамгин мунғайиб боқар.

Ёриларкан ёғоч оёқ харидай,
Оғрир чолнинг бутун вужуди қақшаб.
Куйганёр тамонда, зулмат қаърида,
Поезд чинқиради одамга ўхшаб.


1988 йил . Баҳор . Маслахат қишлоғи .





Қарғага



Қарға, сени тезакхўр десак,
Ҳафа бўлма, олмагин малол.
Чунки тезак баъзи одамнинг,
Луқмасидан минг бора ҳалол.

Қор қоплаган чорбоғларга боқ,
Кумуш қордан дарахтлар бўрки.
Қарр! Қарр! десанг туманда шу чоғ,
Гўзал қишнинг ортади кўрки.

Сени ёмон деган кимсанинг,
Комиллиги эмасдир яхлит.
Энг яхши қуш ўзингсан, чунки,
Булбулларга қилмайсан тақлид.


2008 йил, 30 июл, душанба. Тунги соат 2 дан 04 минут ўтди.
Торонто шаҳри. Канада.




Бозорда


Қўйимизни сотаётганда ,
Кўзларимдан чиқиб кетди ёш.
Мухтожликка лаънатлар ўқиб,
Қўйбозорда эгиб қолдим бош.

Меҳр билан манглайин силаб,
Рози бўлгин - дедим мен қўйга.
Ўша қўйни эслайман хамон,
Ботиб оғир қайғули ўйга.

Менку оддий бир қўйни сотиб,
Мижжам бўлди кўз ёшга тикан,
Ўз халқини сотганларнинг ҳам ,
Кўзларидан ёш чиқармикан?



1989 йил. Андижон.




Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан



Жимирлайди ёмби, хазина каби,
чеку чегарасиз "О"симон осмон,
йўқлик рамзи ноль рақамидай.
Осимон уммон, унда милтиллайди
юлдузларнинг сонсиз увилдириғи.
Увилдириқлар аро оҳиста сузар,
ботаргохда қатл этилган ойнинг
олтин боши, мисли кумуш лагандаги
қаҳрамоннинг боши сингари.
ҳадемай осуда, оппоқ тонг отар,
лек сиздан илтимос,
бахт қушининг тухумларидан,
қуймоқ қилманг зинхор ба зинхор.
Уларни бостиринг паррандаларга.
Очиб чиқса, қирғийлардан қўринг
бахт қушининг жўжаларини.
Бахтнинг полапони кўпайиб кетсин,
тарқатинглар, ҳаммага етсин,
ҳамма бахтли бўлсин Ватанда.
Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан,
хафа бўлиб юрмасин шодлик.
Овқат оч қолмасин, кийим ялонғоч
сувлар чанқамасин,
олов совқатмасин қалтираб ...



1993 йил, Маслахат қишлоғи.




Ветеран
(Иккинчи Жаҳон Уруши иштирокчиларига бағишланади)



Унинг дил кўзгусин парчалаган ўқ,
Чил - чил синиб кетган, бўлмайди бутлаб.
Дўстим, у инсонга қўл чўзиб, ҳеч йўқ,
Буюк байрам билан қўйсангчи қутлаб.

Мискарнай бўғзида бизга таниш "Валс",
Енгил садолари ўйнар ҳавода.
Қаҳрамоннинг сийрак сочларин бесас,
Тортқилайди тонги майин шаббода.

Шу кунларда қолган у ёлғиз, йўлсиз,
Йўқдир унинг бунда тенгдоши, тенги.
Узоқларга маъюс термулар, қўлсиз,
Шамолда байроқдай хилпирар енги.



15 август, 2010 йил.
Тонг. Торонто шаҳри, Канада.




Калишнома



О калиш!
Бунча оғзинг катта бўлмаса сенинг?
Ёки йиғлаяпсанми овозсиз?
Балки эснаётгандирсан кинначи каби?
Ёки кулаяпсанми менинг устимдан?
Ким билади, балки зерикканингдан
куйлаётгандирсан унсиз қўшиқни,
бир пайтлар оғзинга кирган
оёғимни соғиниб, қўмсаб...



23 май, 2008 йил.
Кундуз соат 12 дан 56 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Илмоқ


Сиз назарга илмайсиз мени,
Яхшиям илмайсиз
Илсангиз агар,
Элу халққа кулгу бўлардик.

Чунки, мен новчаман.
Назарингиз эса
Ҳаддан зиёд паст.



2001 йил, 21 январ, тунги соат 9 дан 21 минут ўтди.
Ташқарида қор ёғяпти. Маслахат қишлоғи.




Куз илҳомлари



Воҳ, кузги дарахт шаклида ҳайронани кўрдим,
Ёлғиз ва ғариб, бир дили вайронани кўрдим.


Жим жит кўчада ўйнади раққоса шамоллар,
Чарх урди ҳазон гирвати, парвонани кўрдим.


Дарчам ёнидан ўтди учиб ёввойи ғозлар,
Парвозию фарёдида девонани кўрдим.


Қушлар уясин тутди дарахт шохида, ё Раб,
Инларга боқиб, ғам тўла паймонани кўрдим.


Заъфар капалаклар каби учганда хазонлар,
Баргларга кўмилган кўча , остонани кўрдим.


Йўлларга хазонлар тўшади кузги Торонто,
Боққанча чинор баргига Фарғонани кўрдим.


Ишқ бодасидан масту аласт шому саҳар дил,
Узлат уйида хилвати майхонани кўрдим.


Дўст топмади Вулқон бу жаҳон мулкида излаб,
Ҳар ерда ғаним, вахшати бегонани кўрдим.




26 октябр, 2010 йил.
Тонги соат 7 дан 35 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




ВАТАН
(Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевга бағишланади)



Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.

Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.

Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.

Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.

Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.

Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!



2004 йил, Маслахат қишлоғи.





Фарид Усмонга


Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,
Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.

Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,
Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.

Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,
Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.

Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,
Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.

Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,
Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.



16/06/2016.
Кеч соат 8:02.
Канада.Онтерио.





Шавкат Раҳмон



Эй Ватан номли чинор, шохингда бир япроғ эдим,
Боғдаги маҳзун шамоллар шаштида титроқ эдим.

Зохиран мискин фақир, бир четда юрдим ҳоксор,
Лек кўнгил отлиғ жаҳонда ҳокими мутлоқ эдим.

Пахтадек оппоқ булутларга қараб гоҳ йиғладим,
Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим.

Топтадинг, тешди оёғингни тиконлар, эй ғаним,
Чунки мен тошларни ёрган ям -яшил янтоқ эдим.

Ишқида ўртаб вужудим, ўрлади бўғзимга ўт,
Кеча кундуз Ҳақ Таоло васлига муштоқ эдим.

Йиғламанг кўз ёш тўкиб, ҳаргиз мозорим устида,
Қўйдилар тупроққа жисмим, мен ахир тупроқ эдим.



07/11/2016.
Кундуз соат 1 дан 47 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.





Эй насими субҳ
(Ҳазрати Амир Алишер Навоий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)



Дил қушим аҳволини соч толаси домимға айт,
Кулбама бир бор қадам қўймасми, меҳмонимға айт,
Қилмаған лаълин лабидин ҳайру эхсонимға айт,
Эй насими субҳ, аҳволим дилоромимға айт,
Зулфи сунбул, юзи гул, сарви гуландонимға айт.

Интизор бу кўзларимға, ёр келиб, қўйсин қадам,
Эгнида гулгун матою, сув каби нозик бадан,
Сочи ғарқ этгувчи дарё, тишлари дурри адан,
Буки лаъли ҳасратидин қон ютармен дам бадам,
Базми айш ичра лабо-лаб бода ошомимға айт.

Ҳажридин тун кеча бедор, ухлаёлмай тўлғониб,
Сарғариб барги хазондек ранги рўйим сўлғонин,
Бир кўрай деб, лахта лахта қона кўнглим тўлғанин,
Ком талху бода заҳру ашк рангин бўлғанин,
Лаъли ширин, лафзи рангин, шўхи худкомимға айт.

Не сабабдин кўзларинг кўз ёшига лиқ тўлди, деб,
Не учун ҳолинга ёв, ёғий ғанимлар кулди, деб,
Боди ҳижрон оҳ чекиб, боғларда сочин юлди, деб,
Шоми ҳижрон рўзғоринг тийра нечун қилди, деб
Сўрмағил мендин бу сўзни, субҳи йўқ шомимға айт.

Бир қиё боққайми деб, доим йўлингни пойладим,
Тош қотиб, кўрганда, гул, хуснинга асло тўймадим,
Бўлмасанг ёнимда дунё дунни нетдим, найладим,
Ул пари ҳажрида нангу номким тарк айладим,
Кўнгил отлиғ ҳажр водийсида бадномимға айт.

Тун ярим, олис кавокиблар тўла осмон эди,
Кимсасиз ойдинда хурган итларинг хушёр эди,
Бирга бўлсак, сенга айтар гапларим бисёр эди,
Эй кароматгўй, ишим оғози худ исён эди,
Шамъи раҳмат партави етгайму анжомимға айт.

Чирпираб учган хазондек боғ аро рўйим ақиқ,
Чўлу саҳролар маконим, бўлмади даврон шафиқ,
Ёлборур Вулқон саҳарлар, эй сабо, севгим ҳақи,
Йўқ Навоий бедил ороми ғам ичра, эй рафиқ,
Ҳолини, зинҳорким, кўрсанг дилоромимға айт.


13/02/2021.
Тонги соат 6:58.
Канада, Онтерио.



Аё соқий

(Ҳофиз Шерозий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)



Юзин кўргим келур ҳар он, бу ҳижрон лаҳзаси йиллар,
Фироқ саҳросида қийнаб, кўзимга тортадир миллар,
Азобим юкласам ногох, чидолмай чинқирар филлар,
Аё соқий суниб жоминг қил эҳсон, яшнасин диллар,
Кўрунди аввал ишқ осону сўнгра тушди мушкуллар.


Вужудим риштасиига тим қаро соч толасии бандким,
Лабиининг болидин шармандадир новвот ила қандким,
Жунун саҳросида чеккан азобим Қайс учун пандким,
Сабо ечмоқчи бўлган соочининг хушбўйига онтким,
Муанбар халқа - халқа соочидин қон бўлди бу диллар.


Муҳаббат розинии дилбар келиб сирри ниҳон айтса,
Қулоғимга пичирлаб, жилмайиб ширин сухон айтса,
Ғаним кўз ёшига чўккай чекиб оху фиғон, айтса,
Ботир сажжодании майга агар пири муғон айтса,
Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.


Санам мужгонидан пайкон келиб санчилса гар бир дам,
Жигар садпоралар бўлғай беролмас ҳеч киши ёрдам,
Магар ҳозиқ табибим ёр, тирилгай сўзласа мурдам,
Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
Қилуркан қўнғироқ фарёод, боғланг юкни ғофиллар.


Аё эй дил тилаб васлин ютарсан қон ила зардоб,
Қўяр жонинга ўт дилбар кийиб қирмиз қабо зарбоб,
Бу йўлга кирма деб огоҳ этибдур ишқ элин арбоб,
Қоронғудир кеча қўрқинчли мавж, дахшатлидир гирдоб,
На билғай ҳолимизни четда турган юуки енгиллар.


Фалакнинг чархи каж , ундан мурувват кутма, эй Ҳофиз,
Заминнии титратиб Вулқон каби қон ютма, эй Ҳофиз
Кезиб саҳро биёбонлар аро йўл тутма, эй Ҳофиз,
Агар васл истасанг ундан узоққа кетма, эй Ҳофиз,
Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.



23 май, 2010 йил.
Тунги соат 12 дан 45 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.




Мен диёру ёрисиз
( Пири устодимиз ҳазрати Амир Алишер Навоий ғазалига муҳаммас )



Масжидим майхона ҳар дам кўзлари ҳуммоорсиз.
Шуълалар янглиғ майин, ҳуш, бўйи гул аттоорсиз,
Бепоён саҳрода қолдим кулбаю девоорсиз,
Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёорсиз,
Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзоорсиз.

Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз?
Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз.
Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз,
Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсоорсиз.

Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман,
Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман,
Интизор, васлингни излаб на тирик на мурдаман,
Тонг эмасдур, гар диёру ёоорисиз озурдаман,
Ким эмас булбул, гулу гулзоорсиз, озоорсиз.

Чўғ каби алвон лабингдин сачрагай қонимға ўт,
Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт,
Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимга ўт,
Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,
Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдоорсиз.

Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча,
Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча,
Жилмайиб сиймин боғичлардин майин сочинг еча,
Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадах зунноорсиз.

Бу умр из тушмаган қорли, салобатли довон,
Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон,
Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон,
Топмадуқ гул ранги жоми бехумор эй бооғбон,
Вахки бу гулшан аро гул бутмас эрмуш хоорсиз.

Бу кеча ой нуридан бўлмиш чароғон соғу сўл,
Навбаҳор оқшоми сокин, яшнагай саҳрою чўл,
Қақраган даштлар аро Вулқон ҳаёт дарёси бўл,
Аҳли зухд ичра Навоий топмади мақсадға йўл,
Вақтингизни хуш тутинг эй жаъмиким хуммоорсиз.



9 март, 2009 йил.
Кундуз соат 4:45.
Торонто шаҳри.




Яхшилиғ
( Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалига
Холдор Вулқон муҳаммаси )



Кутма ўзни фил атаб юрган қуёндин яхшилиғ,
Кўрмамиш олам эли, касби зиёндин яхшилиғ.
Етмағай инсонга ҳеч қурту чаёндин яхшилиғ,
Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ .

Аҳли диллар ўртанур зулматда ҳар он, ҳар дақиқ,
Жилмаяр пойгакда дониш, заъфарон, рўйи ақиқ,
Бошига тушганда кулфат бўлмади даврон шафиқ,
Бу замонни наафъий қилсам, аайб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз нетойин, бу замондан яхшилиғ.

Кимсасиз ойдин сукунат тўлди махзун кўнглима,
Гоҳи бургут қоя ошён бўлди махзун кўнглима,
Бепоён, дарвеш шамоллар елди махзун кўнглима,
Дилраболардин ёмонлиғ келди махзун кўнглима,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Яхшиларга чох қазиб гоҳ отмагил тўфангу тўп,
Сен аларнинг гарди пойин кўзга сурт, ардоқла, ўп,
Телба, довдир кимсалардек чопмагин қўлларда чўп,
Эй кўнгил, чун яхшидин кўрдинг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмак не маъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

Ғам ема қўзғолса бошинг устида тўфони Нўҳ,
Ўксима гардун йўлинга гул эмас, сочганда чўғ,
Жилмайиб бошинг баланд тут, отсалар кўксинга ўқ,
Бори элға яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар, даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Порласин кўксингда, Вулқон, ботининг зохир каби,
Бодаи раҳматни дилда сақлағил чоғир каби,
Наъра тортсанг титрагай ер гоҳ замон охир каби,
Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур каби,
Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ.




22 май, 2010 йил.
Кундуз соат 5 дан 43 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.



-------------------------------------------------------------------------

Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржималари.
Хайку ва танкалар.




Хайку хақида


Хайку ёлғизликни куйлагувчи ихчам санъат асари бўлиб, у ташвишлардан безган,нохақликлардан, озорлардан чарчаган, ғийбатлар пайконидан вужудлари ғалвир, хорғин руҳ эгаларининг чекинадиган узлатгохи, хилватидир.

Япон шоирлари табиат билан уйғун умр кечириб, хайкулар ёзиш учун рохиблар каби жанда кийиб, хасса таяниб, ёввойи каптарлар ғувиллаётган кимсасиз далалар ортида,туманли тоғ қишлоқларидаги чакалакзор ўрмонларда, вайрона ибодатхоналарнинг унут харобаларида, ёввойи гуллар очилиб ётган ўнгирларда ёлғиз яшаганлар ва гўзал, ўлмас асарларни ёзиб қолдирганлар.

Хайкуларда кўп қиррали нимкоса маъно, фалсафий мазмун йўқ.

Япон шоирлари хайкулар орқали гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлайди, туйғуларини ибтидоийлаштириб табиатга яқинлаштиради, инсоннинг ҳиссиётларини сунъийлик ғуборларидан тозалайди.

Хайкуларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз.

Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.

Япон шоирлари тожу-тахт васвасаси, фисқу фасод, шахвоният ва молу дунё хирсидан йироқ ўз хайку ва танкаларида гўзал манзараларни акс эттириб, ИНСОНЛАР қалбида Худои Таоло қудратининг тажаллоси бўлган мусаффо табиат гўзаллигига меҳр - муҳаббат уйғотади .

Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ва танкаларини ўз таржимам орқали ҳукмингизга ҳавола қиламан.



Холдор Вулқон




БУНДАН 600 ЙИЛ АВВАЛ ЁЗИЛГАН ХАЙКУ ВА ТАНКАЛАР.


Холдор Вулқон таржималари. 1983 -2013 йиллар.




* * *
Баланд қоядаги дарахтга яна
Илиниб қолибди
Менинг варрагим . . .



Кобаяси ИССА .




* * *
Ажойиб варрак кўтарилди
Камбағалнинг томи устидан
Кўм - кўк осмонга . . .



Кобаяси ИССА .



* * *
Ойнинг биринчи куни , менинг ушоқдек
Варрагим бошқа варраклар билан
Қўшилиб ликиллар Эдо* устида . . .



* Эдо- Токионинг эски номи.


Кобаяси ИССА .



* * *
Сел тошқини .
Оҳ , қанчалар тўлиб оқмоқда ,
Қалъа атрофидаги зовурлар !



Масаока СИКИ .

* * *

Баҳор сели .
Океанга қуйилмоқда
Бўтана сувлар . . .



Ёса БУСОН .

* * *
Сув тошқини
Мушук тушиб кетди оқимга
Сакраб ўтолмади бечора .



ХОРО

* * *
Баҳор шамоли .
Ютоқиб - ютоқиб сув ичар сичқон
Сумида дарёсидан . . .



Кобаяси ИССА .

* * *
Қайиқ устида варақлари
Тош билан бостирилган китоб
Баҳор шамоллари эсар . . .



КИТО .



* * *
Баҳор шамоли .
Турналар оқариб хурпаяр ,
Қарағайлар орасида . . .


РАЙДЗОН .

* * *
Худди одамлардай дайдиб юрибди ,
Каптарлар , чумчуқлар
Балиқ ови мавсумида .


Кобаяси ИССА .

* * *
Балиқ ови мавсумида
Қисқичбақа ишонқирамай
Ўлчаб юрар қумда оёқ изларин . . .


РОФУ

* * *

Гуллаган сакуралар ичра
Фудзияма юксалмиш кўкка -
Японияда баҳор !


СЁУ

* * *
Узоқдаги фудзи тоғларин
Тўсиб қўйди яшил тўнила
Ёшгина япроқ .



Ёса БУСОН .
* * *
Шоли экиш мавсуми .
Ох қанча қайғу , қанча ташвишлар
Қуйилган - а бу қўшиқларга !


Кобаяси ИССА .

* * *
Дехқон ухлар тоғ этагида .
Кетмончага бошини қўйиб
Тўрғай сайрамоқда ҳавода .


Кобаяси ИССА .
* * *
Шолипоя чопгани чиқдим .
Қуш ҳам сайраб қўймас ақалли
Тоғ ёнбағрида . . .



Ёса БУСОН .
* * *
Мен бу ерни ағдаргунимча
Кетиб қопти дала осмонида
Сузиб юрган бир парча булут . . .



Ёса БУСОН .

* * *
Оқшом тутунлари .
Ноғоралар зириллар гулхан томонда
Чалинади қулоққа қўшиқ . . .



РЁТА .
* * *
Кун узоқ чўзилар
Кўприкка қўнганича турар тустовуқ
Кетмайди учиб . . .



Ёса БУСОН .


* * *
Кун узундан узоқ ,
Олисдан элас - элас эшитилади ,
Обжувознинг ҳорғин ғижири . . .



ЯХА .


* * *
Узоқда учмоқда бир гала ўрдак ,
Мен кетмончамни чайқайман .
Ғақ этади нимадир сувда . . .



Ёса БУСОН .


* * *
Ўтлоқ узра тутун чўзилган
Вайсашмоқда бир нарсалар деб
Иккита бия . . .




Кобаяси ИССА .
* * *

Эҳ сен булбул !
Лой оёғингни арттаяпсанми ,
Олхўри гулларига . . .



Кобаяси ИССА .

* * *
Булбул сайраяпти
Ҳар замонда ташлаб қаҳрли назар
Менинг кулбамга . . .



Кобаяси ИССА .

* * *

Булбул сайрамоқда
Гох уёнга , гох буёнга ўгирилиб
Гуллаган новдада . . .



Ёса БУСОН .

* * *
Булутларга шўнғиб
Ва уларла учиб шамолга
Қалдирғочлар келар баҳорда .



ДАКОТСУ


* * *
Дехқон ишлаётган
Орол устида ҳам
Тўрғай қўшиғи . . .



Кобаяси ИССА .

* * *
Яшил жавдаризор .
Тўрғай кўтарилди дала устига
Сўнг яна пастлади . . .


ОНИТСУРА .

* * *
Нарсаларни ёруққа қўйиб ,
Кузатаман соялар туғилишини
Кузги чошгохда . . .



КЁСИ .

* * *
Тонг ёришар
Қўнғироқлар овози
Туманларга беланар .



Мансуо БАСЁ .

* * *
Фудзи тоғи ,
Кузги осмонни тешиб
Кўтарилар юксакка .


ОНИТСУРА .

* * *
Куз кечаси
Ўралади нўноқ йўловчи
Юпқа кўйлакка . . .


Кобаяси ИССА .
* * *
Таралмоқда о - о - о - оу !
Мунгли чорлов акс - садоси
Тун қўйнида дайдийди буғу . . .




Матсуо БАСЁ .
* * *
Кузги тоғда ибодатхона .
Айвонда турганча тингладим маъюс
Буғу чорловин . . .




Кобаяси ИССА .


* * *
Буғу овози
Олисга жаранглаб сингади
Маъюс ва маъюс



Матсуо БАСЁ .

* * *
Тунги совуқ .
Менга жулдур тўнин қарзга беради
Даладага қўриқчи . . .


Матсуо БАСЁ .

* * *
Изғирин ,
Узоқларда касал турнани
Кўраяпман мен . . .


Ёса БУСОН .

* * *
Пўшт - пўшт , чирилдоқ
Хозир ёнбошимга ағдариламан -
Қани , жўнаб қол - чи бу ердан !



Кобаяси ИССА .

* * *
Ўчоқ бошидаги ковакка
Чирилдоқ кириб олган
Тунги совуқ . . .



Ёса БУСОН .

* * *
Куз келмоқда
Бу хақда хабар олиб ,
Учиб келди қизил ниначи .


СИРАО .

* * *
Зоғча тутиб олдим
Унинг кўзларига қараб билдимки ,
Куз келаётир .


ДАКОТСУ .

* * *
Илгакланган эшик -
Ҳовли саҳнасида
Ўйнар хазонрез . . .



ТEЙГА .

* * *
Ит хурмоқда
Ажратиб қуриган хазон шитирин
Ховлида бўрон . . .


Сисей - ДЗЁ .

* * *
Оёқ остидан чиққач
Чиройлироқ бўлиб қолди у -
Бужмайган япроқ


КЁСИ .

* * *
Нок арчаяпман , оқмоқда ,
Хушбўй ,ширин томчилар
Пичоқ бўйлаб югириб . . .


Масаока СИКИ .

* * *
Оппоқ хризантема -
Мана қаршисида тўхтаб қайчи ҳам
Қотиб қолди бир дақиқага .


Ёса БУСОН .

* * *
Янги боғ яратдим
Ниҳоят ундаги тошлар намланди
Биринчи қиш ёмғири . . .


СЯДО .

* * *
Биринчи қиш ёмғири
Маймун ҳам қаршилик қилмайди
Кийдирсанг чопон .


Матсуо БАСЁ .

* * *
Қандай қайсар одам !
Балиқ тутар қиш ёмғирида
Қош қорайган чоғ . . .


Ёса БУСОН .


* * *
Мен шамолга қарши юраяпман
Соябоним ортга тортади
Қишки ёмғирлар вақти . . .


Сисей - ДЗЁ


* * *
Дехқон кенг далада
Менга йўл кўрсатди
Юлинган шолғом билан . . .


Кобаяси ИССА .

* * *
Ташландиқ ҳовузда
Бир пой қамиш шиппак
Ҳўл қор ёғмоқда . . .


Ёса БУСОН .

* * *
Товуқлар катакда ухлашаётир
Бу вақт қор яна қалинроқ
Қоплаётир далалар устин.


Кобаяси ИССА

* * *
Шамол қалпоғини учириб
Савалайди селлар беаёв
Қўриқчи далада . . .


ХАГИ - ДЗЁ .


* * *
Ойдин кеча -
Нақадар аянчли , нақадар бахтсиз
Даладаги қўриқчи . . .


Масаока СИКИ .

* * *
Даладаги қўриқчи
Ҳатто Хизр бўлиб келганида ҳам
Бошдан олмас евроқалпоғин .


ДАНСУЙ .


* * *
Ҳой , ҳовлида яна не шовқин ?
Бу қўриқчи , кучли шамолда
Ерга қулаб тушди гурсиллаб .



БОНТЁ .

* * *
Ғоз , ёввойи ғоз ,
Айт неча йил учдинг саросар
Ўрмонлар ортига , денгиз ортига ?. . .



Кобаяси ИССА .


* * *
Ёввойи ғозларнинг галаси ,
Ғоғолаб пастлади яйдоқ далага .
Кучаймоқда тунги совуқлар . . .


КЁРОКУ .

* * *
Қизилиштон тақиллатмоқда -
Кун ботса ҳам ҳамон тинмайди
Ҳамон ўша эски жойида . . .


Кобаяси ИССА
* * *
Ўчоқ бошидаги ковакда
Куйлар тамом ўзин унутиб
Таниш чирилдоқ . . .


Матсуо БАСЁ .

* * *
Тешик соябон -
Қишлов учун қўл келди жуда
Кўршапалакларга !. . .


Ёса БУСОН .

* * *
Совуқ тун
Жиғимга тегишчун қўшнилар атай
Қозон тақирлатаётирми ?


Ёса БУСОН .


* * *
Сичқон чиқиб борар
Кўрпам ёнидаги жинчироқ сари
Ёғ ҳам музлабди . . .


Ёса БУСОН .



Матсуо Басё ёзган хайкулар:



Қорли тонг.
Яна қуритилган балиқни
Ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.

***
Денгиз сувида сузиб юрар
Майда ялтироқ балиқчалар
Тутаман десанг йўқ бўлиб қолишар.

***
Совуқ шамолларда шолоплар эшкак
Юрагим сиқилар
Тун яна кўз ёш...

***
Шу қоядан туриб
Кўм - кўк денгизга
Қалпоғимни улоқтираман!

***
Қишки дала
Узоқларда юрар дехқонлар
Қолган - қутган чўпларни йиғиб.

***
Сочим ўсибди
Озиб кетдим, рангим олинган
Буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.

***
Банан япроқлари сўлғин
Ойнинг порлаб чиқишини
Сарғайиб кузатар дехқонлар

***
Йўллар тойғоқ музлама
Аттанг, тойиб йиқилди
Ширакайф дўстим.

***
Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота
Сўнаётган гулхан чўғлари
Ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.

***
Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни
Ивитиб йиртибди
Баҳор ёмғири.

***
Музлаган олабуға балиқлари
Иржайтириб ётар тишларин
Совуқ дўкон пештахтасида.

***
Қайдасан сен, менинг таянчим?
Хасса қилиб олган чўпагимни
Синдирди кузги шамол.

***
Уфқларга ботмоқда қуёш
Кузги дарё сувларида
Ялтиллайди майда балиқлар.

***
Чопоним юпқа.
Кун бўйи ўтириб ундаги битларни
Териб ўлдирдим.

***
Жуда қалин қор ёғибди
Энди Хакбинз тоғидан
Қандай ошиб ўтар одамлар?

***
Ёсинодаги гуллаган гилосларни
Кўрсатайми сенга,
Менинг қалпоғим?

***
Охир қувиб етдим
Ўтган баҳорни
Олис "Вака бандаргохида.

***
Вой баёв!.. Вой баёв!..
Яна нима дейиш мумкин сиз хақингизда
Ёсинодаги гуллаган гилослар!

***
От устида ухлаб қолибман.
Уйғонганда кўрдим олисда ойни
Тонги тутунлар.

***
Қарайман, айланар қорга
Қоронғу кечада
Қишки ёмғирлар.

***
Устунларига ҳас - хашак илинган
Кўприк хайрлашаётир
Тўлин ой билан.

***
Қайдан келди бу ялқовлик?
Бугун аранг уйғотишди мени
Шовуллайди баҳор ёмғири.

***
Қизиқамиз ёнар қуртларга,
Қайиқчидан умид йўқ, у маст,
Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда.

***
Ойдин қиш кечаси
Қор босган йўллар,
Итга отай десам топилмайди тош.




Кобаяси Иссанинг яна икки хайкуси:



Кечиб ўтдим саёз ва тошли,
Феърузаранг дарё сувларин
Шиппагимни қўлимга олиб

***
Ойдин кеча
Тиниқ шолипоя сувида
Оқиб юрар гилос гуллари .




Ковахигаси Хекигадонинг икки хайкуси.



Сузаётир қора кемадай,
Секин аста булутлар аро
Тоғнинг чўққиси.

***
Шиллиққуртнинг сира
Чиғаноғидан чиққиси келмас
Кузги шамоллар.




Масаока Сикининг икки хайкуси




Гуллаган Ямабука сояси,
Сув солинган қовоқда
Билтанглайди кумушранг балиқ.

***
Кимсасизлик.
Дарахт соясидаги ўриндиқда
Қарағайнинг игна барглари.




Найто Мейсетсу ёзган хайкулар:




(1847 - 1926)




Оғилхона устида
Порлар янги ой.
Олхўри гуллабди.

***
Қайтариб келади ўз овозимни
Яна ўзимга
Кузги бўронлар.

***
Ой порлаётир.
Оёқ қўйдим осма кўприкка,
Лапанглади кўприк ғижирлаб .

***
Юрмаётган отининг
Жиловидан тортар зўр бериб
Аравакаш совуқ кечада.

***
Эшитилар ойна ортидан
Дехқон кетмонининг чиқирлашлари.
Шудгорда тош кўп.

***
Зилол сувли дарё,
Лапанглаб оқмоқда
Сувга қулатилган ходалар.

***
Тутунларда кўринмай кетар
Саргашта рохиб.
Олисларда янграр қўнғироқ.

***
Чуғурчуқлар галаси
Учиб ўтди тепамдан.
Эшитдим қанотлар шувиллашини.

***
Менга совға беришди,
Уйга олиб кетяпман сувли косада
Олтин балиқчани.

***
Қиш ёмғири.
Хамма нарса жим.
Қирғоқдаги қайиқ ҳам ҳатто.

***
Гўё итоаткор капалакни олдига солиб
Хайдаб келаётганга ўхшар
Сўқмоқдаги йўловчи.




Танеда Сантока
Хайкулар


( 1882 - 1940)




Шундай кетмоқдаман
Сўзанакни қалпоғимга
Қўндирганимча.

***
Ёлғиз ўтирибман
Ромларга елимлаб
Янги қоғозни.

***
Қандай ва қаёқдан қарамайин
Ҳамон ёғаяпти тўхтамай
Ёғаяпти қор.

***
Чирилдоқлар чириллар.
Беркинишнинг иложи йўқ
Бу товушлардан.

***
Ҳамон учаяпти
Кузги дарахтларнинг
Япроқлари совуқ шамолда.

***
Дам олиб ётган чоғим
Қизил сўзанак
Оёғимга қўнди ўтлоқда.

***
Яхшилаб чайнаш керак,
Ҳафсала билан.
Гуруч бу гуручда...

***
Саке ичиб
Чирилдоқлар билан
Ухлаб қолибман.

***
Ёзги сел шовқини
Йиллар ўтиши билан мен каби
Қарибди у ҳам.

***
Мана учрашдик ниҳоят,
Баланд қояларда чой буталари.
Улар гуллабди.

***
Аёзли қиш кечаси.
Совуқ изғирин.
Мен қаерда тунайман энди?..

***
Қаёққадир шошар
Совуқ булутлар
Чексиз осмонда...

***
Далада изғирин.
Тошларни тераман
Кузги шамолда...

***
Қишки ёмғирлар.
Назаримда,
Ўлмаганга ўхшайман ҳали...

***
Қандай ивиб кетдима!
Боягина ҳув анави,
Булутлардан ёққан ёмғирда!..

***
Узуликсиз ковшанаман.
Менинг овқатим -
Гуруч кепаги.

***
Ҳой ,ноинсоф чигиртка!
Халтадаги гуруч ўзи оз!
Эртагача етсин...
***

Кечки овқат йўқ.
Кузатаман қуёшни
Тоғлар ортига...
***

Оҳ, қандай ажойиб
Сел бошланиши!
"Тук - тук - тук - тукъ...

***
Ёлғиз капалак пилдираб
Учиб айланяпти.
Ҳамма ёқда тош.

***
Оқшомда уйга қайтаяпман
Қор устини қоплаб борар қор.
Таралади сукунат хиди.

***
Май оқшоми.
Бақалар қуриллаши аро
Поезд шовқини.

***
Айвонда ўлтириб
Тонги шаббодада
Умебоси қиёмин ейман . . .

***
Ёлғиз ва сокин
Жим - жит ўнгирларнинг
Шаффоф тонглари . . .

***
Июл жаласи
Тошиб кетдими дейманда ,
Само тўғони . . .

***
Хотиралар учиб келар
Қайдандир бирдан
Оппоқ ювош капалак билан . . .

***
Атроф тоғ ўрмони ,
Бошим остида тош .
Ва булутлар кузги осмонда . . .

***
Тунги ибодатхонада
Тонгача мушук
Ўйнайди парвона капалак билан.

***
Йўлда касал бўлиб қолдим ,
Мана энди тунги зулматда ,
Тинглаяпман сел шовқинини . . .

***
Қоронғи тушди
Энди ойдин тоғлардан
Ахтараман тунамоққа жой.
***
Нахот шу кул қолган бўлса
Ёқиб юборилган кундалигимдан ?. . .

***
Тонг палласи йирик томчилар
Ноғора қилиб чалар
Кулбанинг томин .

***
Бурга чақиб ухлатмаяпти . . .
Юлдуз тўла бепоён осмон . . .

***
Денгизларга тикилганимча
Сохилдаги ўтлоқда
Бўшанаман , хожат қиламан.

***
Болакайлар ўйнаб юрибди
Қабрлар аро . . .

***
Оқшом қўнғироғи жаранглар . . .
Оёқларим юрмай қўйди . . .

***
Кузги шамолларда
От суғораман . . .

***
Чўчқа менга тикилди ,
Қизиқишдан очилган оғзига
Кирмоқда кузги шамол .

***
Кун бўйи ёмғир ёғди .
Мен ўйладим хасратга чўмиб ,
Олисларда қолган Ватанимни .

***
Емиш сўраб миёвлар мушук
Лекин ҳеч нарса йўқ унга бергани . . .

***
Бунча ҳам мазали
Бўлмаса гуруч .
Кавшанаман бир ўзим ўйчан .

***
Офтоб қиздирмоқда
Устарада қирилган
Тақир бошимни...




Исикава Токубоку
( 1886 - 1940 )




***
Ярим кечаси кўчада хайрлашаётиб
Ўпишгандик иккимиз узоқ . . .
Олис кунлар ёнғини . . .

***
Тургеневнинг романин
Поездда ўқиб кетаётиб
Исикари дан ўтиб кетибман.




Мидзухара Сюоси



***
Кўл узра порлаётган ойни ,
Томоша қилмас ҳеч ким
Барча шоли ўримида . . .

***
Бинафшалар гуллади яна
Топталди сўқмоқлар
Баҳорги ўрмонларда
***

Олмалар гуллаган .
Боягина ёққан баҳор селида ,
Оппоқ гул қоплади сохил сувларин.

***
Ой порлар .
Қайинлар сояси сезилмас ,
Туманларга чўмган қайинзор.
***
Баҳорни кузатаяпман
Ёмғирларда шалоббо ивиб
Булутлар билан юзма - юз , тоғда.

***
Ёмғирли кун .
Оқин бўйлаб оқар хризантемалар
Кўринмайди биронта қайиқ.

***
Чой гуллайди баланд қояда ,
Шом зулмати қоплаган тоғлар .
Олислардан кўтарилар ой.

***
Нахотки бинафша
Ёлғиз гуллади
Тутзорда яна . . .

***
Қалдирғочлар чийиллаб учар ,
Тоғлар орасидаги уйимнинг ,
Томи устидан .

***
Хаги гуллаётир
Асама тоғига чиқаман
Булутларни қайриб . . .

***
Жарлар аро , тўлқинлар узра ,
Чайкаларнинг ини ёнида
Олхўри гуллар . . .

***
Беркинади ўт - ўлан ичра
Тунаш учун ўтлоқ каккуси ,
Яқинлашар тун . . .




Акутагава Рюноске



***
Хатто қуённинг ҳам ,
Қулоқлари шалпайиб қолди
Қандай иссиқ ҳаво !

***
Мана тонг отди ,
Қўшиғини тўхтатиб бирдан ,
Чирилдоқ жимиб қолди.

***
Тоғ этакларида
Юмилиб қолибди совуқ аёздан ,
Чой ғунчалари.

***
Қишки ёмғирлар ,
Канал қирғоғидаги чойхонада
Ёлғиз бир мехмон . . .

***
Боғ йўлакчасидаги
Кўлмакда акс этар
Азалия гуллари . . .

***
Қиш кечаси совуқ ,
Йўлнинг икки чети
Бамбук ўрмони .




Натсуме Сосеки



***
Мен касал ётган хонанинг
Бамбук пардасида
Кузги капалак.

***
Кузги дарё узра ,
Акс - садо янграр .
Чайла қуришяпти узоқда.

***
Кузги дарё сохили ,
Топиб олдим силлиқ , япалоқ .
Оппоқ қайрақ тош . . .




Накамуро Кусадо



***
Гилос мевалари
Тўлди қирмиз шарбатга
Биз ўғил кўрдик . . .

***
Қишки денгиз ,
Оқаётган гул паллаларидай ,
Сузар чайкалар.

***
Осмонда юлдузлар,
Қайиқ тўла олма ,
Уй тамон сузаман...
***
Кўзага сув қуйдим
Қўнғироқлар товушин тинглаб ,
Янги йил кечасида.




Иида Дакотсу



***
Печкада ўтин ёнар ,
Ойна орти - совуқ денгиз узра
Чийиллайди чайкалар . . .

***
Печка эшигин очдим ,
Охиста , истамайгина
Ёнади кўмир . . .

***
Шамолда чайқалиб жаранглар
Эшигимга осилган қўнғироқ
Анор гуллабди . . .

***
Пашшахонага кириб ётибман ,
Сўнаётир кузги саҳарда
Ўчоқдаги кечаги чўғлар . . .

***
Намиқиб бўкди теваракдаги ,
Қувраб қолган кузги майсалар.
Ёмғир қуяр тоғларни ювиб.

***
Эсар ғарбий шамоллар ,
Кириб келар ёмғир сувлари ,
Остонага қадар ўрмалаб .

***
Инсон қалбига ўхшар
Фақат бир нарса -
Кузги ёнар қурт . . .

***
Қор кўмиб ташлади
Барча йўлларни
Исинаман ўчоқда ёлғиз . . .




Найто Мейсетсу




***
Шаффоф сувда
Қилт этмайди мудроқ балиқлар
Кузги шамол . . .




Такахама Кёси




***
Қор оғирлигидан қийшайган
Оғилхона тамонда
Марайди сигир . . .

***
Гувиллаган совуқ шамолни ,
Кўксим билан қарши олиб .
Бир зумга унутдим қариганимни . . .

***
Мен бугун хар доимгидан ҳам ,
Қўпроқ ачиндим гулларга
Қиш шамолида

***
Баланд қоя тошлар аро
Кўринади мўъжаз бир қишлоқ ,
Қишки қалтис йўллар .

***
Иккига айрилиб
Олисга чўзилар икки ип -
Дала сўқмоқлари

***
Хадемай жимиб қолар
Ўтинчилар болтаси тоғда ,
Кузги ёмғирлар . . .

***
Ухланг Токиоликлар !
Биринчи қиш ёмғири ёғар ,
Тунги жимликда

***
Ариқчани лойқалатиб ,
Дехқонлар шолғом ювар
Хафсала билан . . .

***
Қишки бўрон .
Фонарнинг хира нури ,
Акс этади пақир сувида.

***
Мўрини очаман .
Қилт этмай осилиб турар ,
Кул устида мудроқ ўргимчак.

***
Биринчи қиш ёмғири ,
Менинг юрагимда умрбод
Қолар энди у . . .

***
Жануб ёққа учиб ўтди қуш ,
Тумшуғида нимадир чўқиб .
Мева шекилли . . .

***
Мана , яна битта чинор новдаси ,
Яланғочланди . . .
Чор - атроф жим - жит.

***
Ўтинчилар қарар ,
Тоғлардан туриб ,
Водийларда қолган қорларга . ..




Ковахигаси Хекигадо



***
Оёғим остида ўралашиб ,
Ўсган майсалар аро
Чийиллайди митти жўжалар.

***
Мен тун бўйи хайку ёзаман ,
Хотиним эса
Ниманидир ямаб - ясқайди . . .

***
Ўтлоққа чиқаман ,
Қизғалдоқлар тўзғир шамолда
Суқсирлар учиб ўтар . . .

***
Картошка қайнатаман,
Товушсиз коинот бўшлиқларида
Йиғлар болакай . . .

***
Қорайган ўчоқ мўриси узра
Айланади инга жой излаб
Қалдирғочлар бахорда . . .

***
Қишлоқда байрам ,
Қирмизи фонарлар ёнар ,
Буғу маърар олис зулматда . . .

***
Сув чархпалагин айлантиришдан ,
Чарчади одамлар
Шоли экиш мавсумида . . .

***
Буғда пиширилган шолғомни
Сузмага қўшиб еб
Ўлтирдим ғамгин . . .

***
Совуқ суягимдан ўтиб кетди
Чошгох пайти сохилда
Қарағайлар аро дайдийман .

***
Новдалари гулга бурканган
Бехи дарахти остида
Гуллайди бинафшалар .

***
Хув ана , узоқда
Ёса нинг қишки далаларида
Кўраяпман қор қарқараларин .




Исикава Такубоку



Касалхона деразасига
Яқин олиб келишди мени.
Одамларни кўриб қувондим.

***
Охири улоқтирдим
Куя еган телпагимни мен.
Олти йил кийдим уни.




Токи Дземмаро



Узоқларни кўрсатдим бармоғим билан,
У ёқларда, у ўлкаларда
Оқиб ётар Волга дарёси.

***
Узиликсиз, худди телбадек,
Ўйлайвердим аччиқ тамаки чекиб
Олис Сибир қорлари хақда.

***

Қайта - қайта ўқийман кўзларимда ёш,
Юракка яқин Тургеневнинг бу китоби.
Муқоваси сарғайиб кетган...

***
Ох, неча бор ўчди папирос чўғи,
Ҳасратли ўйлар -
Аччиқ Рус тамакиси, қиш...




Насиваки Дзюндзабуро


Кузги дарё қирғоғи.
Узун - узун ўт - ўлан ичра
Балиқ тутаётган одам ўлтирар.




Масаока Сики

***

Чирилдоқлар чириллар
Аммо минг афсус
Қулоқлари кардир отамнинг...

***

Қишлоқдан шаҳарга келиб,
Гуллаган гилосни томоша қилаётган
Дехқон ҳамёнини кесиб кетишди...

***

Рангпар ой
Менинг бирдан
Тарвуз ўғирлагим келди негадир.

***

Ўғрини тутиб,
Симёғочга боғлаб қўйдилар.
Тунги аёз...

***

Оқшом,
Ҳовуздаги ўрдаклар устига
Қор ёғаётир.

***

Шом пайти қийналиб юриб,
Фонусни осдим
Гуллаётган гилос шохига...

***

Туманларнинг қаъридан чиқдим,
Эҳҳе, қанчалар буюк денгиз
Рўпарамда ястаниб ётар!

***

Ёзги дарё.
Кўприк бору лекин,
Отлар ўтар саёз кечувдан...

***

Жуда кўпчилик
Ётиб олган кема сахнига
Порлар ёзги ой...

***

Ортимга ўгрилган пайтим,
Ҳозиргина ёнимдан ўтган йўловчи
Туманларда кўринмай кетди...

***

Қайиқдан, кўприклардан
Кир ёядиган жойдан,
Ҳамма ёқдан қарарлар ойга...

***

Баҳор оқшоми,
Кимдир ўтди ёнимдан
Сибизға чалиб...

***

Қандай қайғули кўриниш!
Ўргимчак тўрига
Капалаклар илиниб ётар...




Танкалар
САЙГЁ ШEъРИЯТИДАН





Эх ,агар бу дунёда
Ой булутга ботмаса
Олча гуллари тўкилмаса
Мен яшайверардим
Далалардан келмай умрбод

***
Ёсино тоғларидаги
Олча бутоқларида
Музлаб ётар қор
Олчалар гуллашга
Кечикмасайди . . .

***
Дувиллаб тўкилди
Узун - узун ўт - ўланлардан .
Биллур шудринглар .
Кузги шамол гувиллар
Мягино далаларида.

***
Нихоят кузги осмонда
Қош қорайган он
Аранг - аранг ялтираб
Қўринди узоқ кутдирган ,
Соғинтирган ой.

***
Энди қандоқ қиламан мен ,
Кўйлагимнинг намчил енгида ,
Ялт этди шуъла
Ботиб кетди булут ортига
Кузги маюс ой.

***
Куз оқшоми , ойдинда
Ёприлди булутлар
Ой юзин тўсмоқ учун
Йўқ , кўзларимни алдабди
Ғозлар галасининг кўланкалари.

***
Осмонда ой йўқ .
Чиқармикин у ?
Мен айвонда ўлтирганимча
Узоқ кутдим
Ой чиқишин тоғли қишлоқда.

***
Кундузгидай ёп - ёруғ кеча
Кўланкам ҳам кўринмас .
Ой ярақлаб порлар
Борар манзилимни англадим
Қўнғироқлар товушидан.

***
Шудрингларин тўкмай
Узиб олдим мен
Гуллаган Хаги бутоғини
Чигирткалар қўшиғин тинглаб
Ой ёруғида.

***
Қора сиёх билан ёзилган
Хатларга ўхшаб
Ғозлар қанот қоқиб
Ғоғолаб учар
Тунги осмонда.

***
Ўт - ўланларни қайриб
Юрдим қайғуга ботиб
Шудринглардан оғирлашди
Кўйлагим енги
Чигирткалар менга қўшилиб йиғлар.

***
Бахор туманлари,
Қаёққа , қайси тарафга
Учиб кетди экан қирғовуллар ?
Улар тухум қўйган ўтлоққа
Болалар ўт қўйибди.

***
Туман қоплаган дала
Ўраман ўт - ўланни .
Туманлар қайғули
Болалигим беркиниб олган
Хув олисда , туманлардан ҳам нарида .

***
Туманли тепаликлар тамонга
Беркинган қирғовуллар
Узоқ - узоқлардан
Қанотлар шарпаси
Сезилар менга

***
Тинчим йўқолган
Қаерда , қайси ўнгирда
Қайси тоғ ёнбағирида
Қайси олча
Гуллар экан биринчи бўлиб.





ВАКАЯМА БОКУСИЙ ёзган танкалар




Вулқон пойида ўсган
Қарағай ўрмонида
Ой кумуш шуълалар таратган кеча
Тун бўйи тинмай
Сайради какку.

***
Эски кварталда
Уфқдаги шом булутларига
Қараб тўймайман .
Кечки соат вақтин хабарлаб
Қўнғироқлар жаранглар

***
Саждагохдан тушаман ,
Зинама - зина , охиста .
Ва қуюқлашаётган зулматда
Бутун вужудим билан
Ҳис қиламан бу куз , бу тунни . . .

***
Оқшом хасрати !
Қирмиз кўмирларга сочгин
Озгина САКE
Ҳушбўй кўкатларнинг хидига
Тўлиб кетар ўшанда хонанг .

***
Мудроқ тоғлар
У ёқда тоғлар пойида эса
Мудрайди денгиз
Қирғоқ бўйлаб сайр қиламан
Баҳор қувончига тўлиб вужудим.

***
Ярим кеча ойдинда
Уйга қайтаман .
Сўнг зинапояда тўхтайман
Енгимдаги арча игнабаргларин
Қоқиб туширмоқ учун .

***
Булутлар тарқади
Мен Асама чўққисидаги
Сўқмоқларда дайдийман
Вулқон мўриси устида
Булут парчасига ўхшаган тутун.

***
Денгизга термулиман
Эшитаман қирғоқ куйлашин .
Тўлқинлар гумбирлар
Гох кўкка сапчиб , гохида пастлаб
Юрагимни тўлдирар ғамга.

***
Деразани очаман
Юзларимни силар қуёшнинг
Мулойим нури .
Узоқ кутган эдим , нихоят
Келдингми , олтин куз !

***
Дуд бурқсиган ўчоқ
Тутун хиди келар
Куружкадаги қайноқ сувдан
Тоғдаги қишки кулбада совир
Ғарибгина кечки овқатим.

***
Дарахт шохлари аро
Порлайди қишки қуёш ,
Юзларимга тегар
Унинг нурлари
Ёритади , лекин иситмас !

***
Мен узоққа кетдим .
Ва денгиз сохилида
Тунамоқчи бўлдим
Энди ётган эдим ярим кечаси .
Қуйди дахшатли жала.




Ёсии Исаму





Қумли қирғоқ .
Балиқчи қайиғига ўтириб олиб
Сени оламан қўйнимдан -
Мухаббат хақидаги қисса,
Сехрланиб қолдим сен билан.

***
Тўлқин югириб
Шолоплаб қайтди
Қумдаги мен ёзган хатни ўчириб .
Ким ўчира олар , айтинг ким ,
Мотамзада Хатни юракдан ?

***
О , нақадар орзиқар юрак !
Қумтепа кечаси тушар ёдимга .
Денгиз ғалаёни олисда
Чайкаларнинг ғамгин шовқини .
Пичирлаб айтилган севги изхори . . .

***
Нахотки шунчалар майда ,
Арзимас хавотирларим менинг
Хаяжон , ташвишлар
Нахотки мен унутсам уларни .
Бир икки қадах винодан кейин

***
Оёқлаётир
Ёшлик яна муваққат ишрат .
Энди улар бу хаётда
Хеч қачон такрорланмас
Кучаймоқда кузги шамоллар...

***
Хушбўй тамаки хиди
Сузар хавода
Дайдийман ғамгин
Қинғир - қийшиқ жинкўчаларда .
Гион хавосидан симириб ёлғиз . . .

***
Пойтахтда аёз ,
Музлаб қолмадимикан Учиб кетаётиб
Қўнғироқ жаранги
Аста валдирайман
Совиб қолган соке устида . . .

***
Билганимда эди ўшал деразадан
Туманли зулматлар аро порлаган
Фонарнинг хира ёғдуси аро
Сукунатли тунда ойнасини
Тақиллатган бўлардим албат .

***
Хеч ким келмас
Сўппайган ёлғиз қабримни
Зиёрат қилмоққа кўзёши тўкиб .
Ўлганингдан кейин унутилишингни
Ўйламоқ қайғули . . .

***
Эшитдим , Бокусий тарк этибди
Бу телба дунёни .
О , куз бунчалар маюс,
Хаттоки юрт ба юрт дайдиб юрсамда ,
Хайто еб - ичсамда , хузурлансамда ! . .

***
Камдан - кам одамга насиб қилади
Тотмоқлик намхуш қайғуни -
Лаблар билан хис қилмоқ
Тинимсиз ичилган саке таъмини
Ҳаёт ва мамотнинг чегарасида . . .

***
Феврал ойи ,
Эшитаман олис қалдироқларни
Бахорнинг биринчи акс - садосин .
Қор ёғаяпти . Мен Краб чиғаноғида
Саке қайнатяпман , ёлғиз бир ўзим

***
Қаерда , қандай ва қачон ,
Тарк этаркинман бу дунёни мен
Мен хаётим хақида ўйлайман .
Ўлимим хақида фикр қиламан
Ино текислигида , ойдинда

***
Хасратли изтироб !
Ўчоққа ўт қалайман .
Ва тун бўйи ўлтириб
Хасратли ўйга чўмаман
Қизарган кўмирларни ковлаб , ағдариб . . .

***
Сенинг фикринга қўшилмаган
Одамларни савалаш шартми .
Яхшиси хивич олиб
Ўз - ўзингни савалаб
Маматалоқ қилган яхшироқ . . .

***
Хасратли қайғулар !
Бугун яна ўчоқдаги кўмир чўғида
Саке иситаман -
Кундан кун тобора қишга
Сингиб бораётир Нирао дараси . . .




Ито Сатио



Мен ёмғирли тунда
Пион гулларини соғиниб кетдим .
Ва фонаримни олиб
Ташқарига чиқдим ёмғирда дайдиб ,
Пион ларни кўриб келмоқлик учун .

***
Зулмат қуюқлашди
Мен деразани ёпмай
Жинчироқ ёқдим .
Қарасам , чироқ ёғдусида дарча ортида
Товланиб турарди Пион гуллари . . .

***
Кўраяпман - тош устин ёпиб ,
Ва дарахтнинг пойини қоплаб ,
Гўё биргалашиб , йиғилиб ,
Хамкорликда чирпирамоққа
Хозирланар барги хазонлар . . .

***
Еру осмон
Тонг отгунча уйқуга кетар
Зулмат қуюқлашар
Ва бепоён денгиз устидан
Кўтарилар қип - қизарган ой . . .




Симаки Акахико




***
Гуллаётган ўтлоқлар аро
Ўт - ўланли сўқмоқдан юриб
Келдим олис буғдойзорга
Ва дедим ўзимга ўзим Жим - житлик !
Ўрдак ғақиллади менга жавобан . . .

***
Ярим кеча
Қуюқлашган туманлар аро
Сизар ёғдулар -
Ва сирғалган ой шуъласида
Ғира - шира жилваланар сув . . .

***
Ўрмон сайхонлигидаги
Сичқонли ўтлоқларда
Ўлтирдим узоқ
Тоғли ўлка билан хайирлашяпман .
Қайғули ва оғир бу юрак учун.

***
Хира ёришмоқда тонг ,
Илиқ кўл сувларин буғлатиб .
Ва туманлар навбат ба навбат
Сузиб келар
Кўл устин қоплаб . . .

***
Чироқ шуъласига талпинганича
Тунги парвоналар айланар учиб ,
Уйда , мен билан ёнма - ён ,
Болаларим ухлар
Эски - тускиларга ўраниб , қотиб . . .

***
Ёмғир тинди .
Шундан бўлса керак ,
Хаво муздек ,
Гуруч қоғозининг қирғоқларида ,
Ёниб тугаётир ботиш шуъласи . . .

***
Тунги кўчалар ,
Сўнган куллар қуруми босган
Ўчоқ мўрисининг қирғоқларини
Қиров билан безайди
Изғирин аёз . . .

***
Узоқлардан ,
Тун қаъридан эшитилар
Тўлқинларнинг бўғиқ шовқини .
Дарахтлар сояси чўзилиб ётган
Ойдинда рақс тушар дехқонлар.

***
Ёзаяпман , ёзаяпман ,
Қоронғи тушсада
Хатто чироқни ёқиш учун ҳам
Ўрнимдан тургим келмас
Ёлғиз қаршилайман оқшомни шундай . . .

***
Далаларда эриб кетди қор,
Қўнғир тупроқ ялонғочланди .
Ва осилиб турар ер узра
Ботаётган қуёш лаппаги
Кўриниши кичик ва совуқ . . .




Нагатсука Такаси




***
Дала ортидаги зовурда
Бошларини чиқариб сувдан
Бақалар куйлайди .
Сийрак ўрмонда эса
Калиналар гуллабди оппоқ .

***
Уй олдидаги боғда
Салқин туманлар
Тонги ғира - ширада
Бадян шохларидан тўкилган
Хазонларни супураман жим .

***
Ловия палаклари
Йиғиштириб олинган.
Кузги даладаги
Тўрсайган кулранг тиканлар аро
Чигирткалар чириллар ғамгин . . .

***
О ,Камелия гули ,
Музлаб совқотдинг ,
Совуқ шамолда
Сенга хеч ким ачиниб боқмас .
Ўхшаш бизнинг тақдирларимиз . . .

***
Бугун тунда жарангдор
Овоз билан куйлар чирилдоқ .
Қаердадир , шу яқин атрофда -
Балки , мисол учун , ошхонада , ёки
Сабзовот солинган тўрвада куйлар . . .




Коидзуми Тикаси



***
Ботаётган куннинг шуъласи
Қирмизи ёнғиндай шомги тоғларда .
Бамбукларнинг қорайган
Соялари эса акс этар
Қоғоз деворда . . .

***
Ёмғир тинди .
Ботаётган қуёш бўзарар
Буғ кўтарилиб
Суза бошлар , ховуз устида
Гуллайди ноклар . . .

***
Қўшнилар мени
Буғли хаммомида чўмилишга
Таклиф қилишди .
Қайтаётиб осмонга боқдим .
Учқунлади қор . . .

***
Қадрдон дўстимни
Зиёрат қилгани бордим
Ромашка гуллари
Жуда эрта очилибди
Четан деворли , боғларда .

***
Фонарни ўчириб
Бораман тонг сахар чоғи .
Ва кўраман олисда
Оппоқ туманлар
Юмаланиб сузар ер узра . . .




Сяку Тёку




***
Бўм - бўш йўл .
Қуйилади атрофга жимлик
Қичишади бурун катагим
Ёқилган гулханнинг аччиқ дудидан .
Чой қайнатяпман . . .

***
Қалбда хотиржамлик !
Бахор бўронидан сўнг
Хамма нарса тинчланди, мана ,
Эшитила бошлади кўчада яна
Ёғоч ковушларнинг тўқиллашлари . . .

***
Булутлардан сизиб ўтаётган
Ойнинг хира ёғдусида
Тошаётган дарё кечувидаги
Шолипоялар аро
Бўқоқ тортган шолилар хиди . . .

***
Тоғдаги қишлоқ
Қор босган дарахтлар .
Жимлик , сокинлик .
Одам ҳам , ит ҳам кўринмас
Қарғалар юрибди кулбам олдида.

***

Мана , яна қайтиб келдим мен,
Томида ой порлаб турган ўша
Тоғдаги пастаккина кулбамга.
Ошхонада янграр қадрдон қўшиқ .
Бу менинг ҳамхонам - ёлғиз чирилдоқ . . .