Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 


 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, шоир Сирожиддин Саййид ҳақида



Устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони, ўзининг "Ўзбегим" шеъри билан ўзбекка ўзлигини танитиб кетган Эркин Воҳидов бир шеърида:



Шеърнинг зўри тўрт сатр,

Тўрт сатр бу зўр сатр.

Шоир одам одам ўзини,

Тўрт сатрда кўрсатур.


дея ёзган эдилар.Мен устознинг руҳи покларидан узр сўраган ҳолда, яна ҳам қисқа ва ихчамроқ қилиб: "Шоир одам бир байт шеъри билан ҳам ўзини кўрсата олади" деган бўлар эдим.
Шеъриятимиз султони ҳазрати Алишер Навоийнинг ҳар байти, ҳар мисраси устознинг буюк, илоҳий истеъдодидан дарак. Ҳазрат ўзининг бир ғазалидаги байтда:



Англаким, аҳбобни кўнглумда меҳмон этмишам,

Итлари оғзида гар кўрсанг бағирдан поралар.


дея ёзаркан, бу ажойиб байтда Ҳазрати Навоий: - Мабодо итларнинг оғзида менинг бағримдан хомталаш қилинган эт парчаларини кўрсанг, билгилки, мен аҳбобни, яъни ҳабибларимни, дўстларимни кўнглимга яқин олиб, меҳмон қилибман -дейди.  Ҳазрат Навоий ўткир киноя найзаси билан дастурхонга кетини артиб кетгувчи, кўрнамак, "меҳмонларга" шу тариқа гизли ишора қилмоқдалар.

Ваҳоланки, ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп. Эсимда, ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилгувчи Зокир деган дўстим раҳматли тўй қилиб, наҳор ошига, қази қарта, тоза асал, қиём -қаймоқ, писта, майиз, мева - чева, қовун -тарвуз, биринчи, иккинчи овқат, ҳовури чиқиб турган қиймали сомса, барра кабоб, десертга яна аллақандай ноз -неъматлар билан стол тузаб, эл олдига дастурхон солди. Шунда еб -ичиб, чиқиб кетаётганлардан бири, тишини ковлаб: - бу ифлос бундай зиёфатга шунча пулни қаердан олди? -деган экан, кекириб.
Қарангки, бу воқеани ҳазрат Навоий бундан беш юз йил аввал ёзиб кетган эканлар.
Яна бир мисрасида Алишер Навоий, шам образини яратар эканлар:



Тил чиқормишдир сусаб, парвоналарнинг қониға



дея ёзадилар.Қаранг, шамнинг чанқаганидан томоғи қақраб, тили оғзидан чиқиб қолган эмиш. Шундай ёмон чанқаган эмиш. Яна шунчаки, сувга эмас, ўзининг шуъласига талпинганича, теварагида чирпираб айланаётган парвона капалакларнинг қонига ташна экан! Мана сизга, сўзлар ёрдамида, ҳеч қандай бўёқ, мўйқаламсиз ишланган дахшатли, ҳайратомуз картина.Шундай эмасми?
Энди гап Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳақида борар экан, мен юқоридаги гапларим исботи учун шоирнинг бир мисра шеърини келтирмоқчиман.
Шоир ўзининг севги ҳақида ёзган бир ғазалида:

 

Соч толасидай чоки гирибонида куйдим


дея ёзади. Қаранг, ғазалнинг адабий қаҳрамони яъни маъшуқанинг фил суягидай силлиқ бўйни шу қадар эҳтиросли, ҳароратли эканки, унинг соч толаси ўша ҳароратга дош беролмай, жизғинак бўлиб, куйиб, қорайиб кетган эмиш! Мен сенинг ишқингда ўша соч толасидай куйиб, жизғинак бўлдим -демоқда шоир. Мана, ошиқ юрак изтиробларининг максимал аниқ шаклу шамоили, сурати!
Дўстимиз Сирожиддин Саййиднинг бир мисра шеърида шундай юксак сўз санъати, ҳайратомуз маъно ва мазмун беркинган бўлса, унинг тузган баёзларию, девонларида қандай ҳазиналар ётибди экан?
"Сирож" сўзи асли, чироқ маъносини англатади. Ҳа, Сирожиддин Саййид замонавий адабиётимизнинг олмос чироқларидан биридир. Асрлар зулматини ёритгувчи бу чироқ мангу порлайверсин!

 


14/07/2022.
Кундуз соат 2:10.
Канада, Онтерио.