Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Бандаргох

(Роман)

 


1 - боб
Биринчи муҳаббат

 



"Чуғурчиқ" дарёси соҳиллари баланд баланд жарликлар бағрини ўйиб, ин қургувчи кўкқарға, жарқалдирғочлар ва теваракка аланг жаланг нигох ташлаганларича лўкиллаб учгувчи балиқчи қушларининг шовқинига тўла. Қушлар илма тешик қилиб ташлаган жарликлар жаҳонга машҳур серковак, сифатли голланд пишлоғини эслатади. Дарё дельтасида қари толлар, ёввойи тераклар, қайрағоч ва жийдалар кўзгудаги ўз аксига маҳлиё боққан пари пайкарлар каби сувга паришон термулади гўё. Дайди шаббода шаштида солланиб, шовуллагувчи, попуг чиқарган узун узун, қовға, қамишлар орасидан ёввойи  ўрдакларнинг ғақиллаган, бақаларнинг жўр бўлиб вақиллаган овозлари қулоққа чалинаётган бир маҳал дарё соҳилидаги шолипояда шоли ўтаб, чарчаган, 45 ёшлардаги, сочу соқолига оқ оралаган, ўрта бўйли, қирғий бурун, оқ сариқдан келган эркак жийда соясида, тўшакка ёнбошлаганича узоқ узоқларга хаёлчан термулиб ётар, унинг 35- 40 ёшлардаги хотини гулҳан ёнида куймаланиб, чой дамлар эди. Ниҳоят, аёл чойнакдаги чойни келтириб, тўшакка чўнқайиб ўтирар экан, эр - хотин нонни қаймоққа ботириб еб, чой ича бошладилар. Шу пайт сув ёқасида озғин, новчагина бир бола аъзойи баданига бошдан оёқ балчиқ суртиб,машҳур хинд актёри Раж Капурнинг "Дайди" фильмида куйлаган қувноқ қўшиқни бор овозда хиргойи қилганича, африкалик қора танли болаларга ўхшаб, ўзини тамом унутиб, рақс туша бошлади.

Мера жўтта хай жапани и патлуни Инглистани,
Сарпи лаал тўпи руси пир би дилхе Хиндустани.
Мера жўтта ҳе жапани!

Буни кўриб, эр -хотин мийиғида кулиб қўйишаркан, аёл: -Товба, худди Раж Капурдек ижро этяптия қўшиқни. Катта бўлса, бу боладан яхши актер чиқади -деб қўйди.
-Ҳа, яхши айтяпти. Аммо, у тентак қўшиқнинг маъносини тушунса эди.
-Вой, сиз хиндча қўшиқнинг мазмунини қаёқдан билақолдингиз? Ўзингиз, кимсан, оддий Ёдгор ямоқчи бўлсангиз. Худди тилшунос олимлардай гапирасиза... -деди аёл, чойдан хўплаб.
-Бу қўшиқни қамоқхонада бир авахтадошим юксак маҳорат билан куйлаб, мазмунини айтиб берганди. У қўшиқнинг мазмуни шундай: "Оёқларимда япон шиппаклари. Эгнимдаги пинжагим англияники, бошимда эса, русларнинг шляпаси, аммо дилим хиндистонники." Бу оддий қўшиқ эмас, инсонга ўзлигини англатадиган қўшиқ. Қара, оёқларимда япон шиппаги, эгнимда инглиз пинжаги, бошимда ўрисларнинг шляпаси, аммо мен, қалбан, руҳан хиндиман -демоқда. Ким билади, балки бу бола ҳам ўша қўшиқда куйлангани каби бир куни оёқларида италян туфлилари, эгнида арабларнинг узун кўйлак - иштони, бошида ўрисларнинг кепкаси бўлса ҳам, қалбида миллий ўзлигини, ўзбеклигини сақлаб қоладиган ҳақиқий Ватанпарвар инсонга айланар...
-Э, қўйинг, Ёдгор ака, эсламанг ўша қамоқхонани. Ноҳақ ўн йил азоб чекдингиз у ёқларда, ўн йила! Ўх, у кунлар азоби! Сиз у ёқда, биз эса, бу ёқда болалар билан итдек қийналиб кетганмиз... -деди аёл, бирдан хўрлиги келиб, кўзларига ёш олиб.
-Мана шунақа - да, дарров кўз ёши қиласан. Юрагимни эзмасангчи, Маҳлиё. Йиғлама, асалим. Ахир, ноҳақ чеккан азобларимни бандаси билмаса, Яратган Эгам ҳаммасини кўриб, билиб, турибдику. Бу дунёда бўлмаса, у дунёдаги ажру савоблардан умидим бор. Бўлди, бўлди, йиғлама, гўзалим, паризодим... Қани, бир кулчи, кулсанг, кулгичларинг ўйнаб, янада чиройли бўлиб кетасанда ўзиям. Ўх, офати жон, сарви равон, қоши камон, мўрча миён... Ёдгор шундай дея, хотинини эркалаб, қучаётган эди, хотини шоша пиша унинг қучоғидан сирғалиб чиқаркан: -Вой, жиннимисиз?! Анави қўшиқ айтаётган бола кўриб, нетиб қолса нима бўлади?! Шарманда... -деди, эрини сочиқ билан савалаб.
Шундан кейин у дастурхоннинг бетини ёпиб, сувлари кўз ёш каби илиқ ва кўзгудай тиниқ шолипояда индамай шоли ўтай бошлади.Ёдгор эса, жийда соясида осмонга қараб ётганича, олис ёшлигини  эслай бошлади
У пайтлар Ёдгор табиатан адабиётга меҳр қўйган бола бўлгани учун китобларни кўп ўқир, қишлоқ марказидаги кутубхона унинг энг севимли маскани эди. У уйида жуда унақа катта бўлмаса ҳам, ўзининг мўъжазгина шахсий кутубхонаси бўлишни орзу қиларди. Отаси Раҳмонқул бўлса, унинг китоб ўқиётганини кўриб: -Ҳой бола, бекордан кўз нурингни кетказиб, китоб ўқима! Унинг ўрнига сигирларга даладан бир кўтарим ўт юлиб келсанг, ё бўлмаса бир қоп тезак териб келсанг, ўшандан  фойда. Қишда ўчоққа ёқиб, чўғини сандалга соласан, белингни ўтга тоблаб ётасан.Ўқиб, олим бўлармидинг. Овора бўлиб, олий ўқув юртларига кираман дема. Битта пахта қопда пулинг бўлмаса, институтга икки дунёда ҳам киролмайсан! Институтда бойнинг боласи ўқийди. Йиғиштир китобингни! Кеча опанг Сайёра китоб варақларини ўчоқдаги оловга тутантириқ қилаётса, жанжал кўтарибсан.Тутантириқ топилмаса нима қилиш керак ахир?!Ота бувамиз дехқон бўлган. Институт дипломини олиб қўйишлари мумкин, лекин хунарни ҳеч ким сендан олиб қўёлмайди. Этик тикишни, махсидўзликни, ямоқчиликни ўрган! -дея жеркиб берар, адабиётга умуман қизиқмайдиган, туну кун далада меҳнат қилгувчи у оддий, камсуқум дехқон, бир қарасанг, трактор ортидаги чигит экиш мосламасини назорат қилиб, темир эгарда ўтирганича ичи тўкилиб, чанг тўзонда кўринмай ишлар, бир қарасанг, ойдин далаларда ёлғиз ўзи сув тараётган, яна бир қарасанг, қишлоқ хўжалик дорисепар самолётлари кузги ғўзаларнинг баргини тўкиб, хосили комбайнда териб олиш кўзда тутилган пахтазорлар узра пастлаб учганича, тонналаб сепиб ўтгувчи заҳарли пестидцидлар тумани ичра учувчиларга мўлжал сифатида, олабайроқ кўтариб турган бўларди. Куз совуғи тушган кечалар ярим тунгача уйқусираб, айвонда ўтириб, тоғдай уйилиб ётган кўсакларни кетмонсопилар билан уриб, чақиб, чувиш айниқса жуда қийин ва ўлгудай зерикарли иш эди. Ундан ҳам ёмони, колхоз клуби олдида кечалари тонг отгунча кўраклардан сўнги пахтани ажратиб оладиган ворохаларнинг жангохлардаги танклардай гулдур гулдир шовқини элни ухлатмас, одамлар ўша ворохалардан чиққан кўрак пўчоқларини ўғирлаб уйига ташишар, газнинг йўқлиги, ўтин кўмир танқислиги боис эл ўша ғўзапўчоқларни ўчоғига ёқиб, чўғини сандалга солиб, исиниб,  қишдан чиқарди.Совуқ куз кечаси, чанг тўзонда аранг кўриниб ишлаётган меҳнаткашлар, ворохалар шовқинида бақирип гаплашишса ҳам, худди тўфон кўтарилган денгиздаги балиқчилар каби бир бирларининг гапларини тушунмас, ҳеч қандай ниқоб мосламасиз, ўпкасига чанг тўлиб, икки энлик ғубор ўтириб қолган, яғири чиқиб кетган дўппиларни кийиб, енглари сузилиб, увадаси чиққан чопонларда, арзимас сариқ чақа эвазига итоаткор қуллар каби тинимсиз ишлар эдилар.Ўшандай кечалар опаси Ёдгорни ухлагани қўймас, "Отам айтди, юр, ғўзапўчоқ ташиймиз экан!" дея уни кўчага судрар, улар зулмат қаърида хирмонда уюлиб ётган ғўзапўчоқлардан ўғирлаб, этакларга тугиб, оғир юкдан елкалари арчилиб, инқиллаб, синқиллаб, уйга ташир эдилар. Ғўза пўчоқдан тушган тупроқ Ёдгорнинг сочлари орасига, кўйлагининг ёқасидан қуйилиб, аъзойи бадани чанг-тупроқ бўлиб кетар эди. Бунинг устига сентябрь ойидан то декабргача мактабларда ўқув машғулотлари тақа тақ тўхтар, ўқувчилар, олийгоҳ талабалари ёппасига пахта теришга жалб қилинар, кундалик пахта териш нормасини бажармаганларнинг шўри қурир эди. Шундай пайтларда ҳам Ёдгор барибир китобларни отасига кўрсатмай ўқишда давом этар, бу иши учун калтак еб қолишдан ҳам қўрқмас, опаси Сайёра уни китоб жинниси дея атаб, жиғига тегар эди. Ёдгор китобни уйдагиларга сездирмай, яримта нон билан бирга, белбоғига ўраркан, уни белига боғлаб, сигирини ҳайдаб, дарё соҳилига жўнар ва тизза бўйи ўт -ўлан ўсиб ётган ўнгирга сигирини қўйиб юбориб, ўзи майсалар устига чўзала тушганича китоб ўқирди.



 

 

 



--------------------
2-боб
Севги мактуби
--------------------




Ёз кунлари эди. Ёдгор ҳар галгидай, тизза бўйи ўт -ўлан ўсган ўнгирга сигирини қўйиб юбориб, ўзи майслар устига чўзала тушганича китоб ўқир. Китобдаги овқеа шундай бошланарди: "Мен ўз таржимаи холимни қай тарзда ёзишни ҳам билмайман. Чунки мен отасининг тайини йўқ, валадизино бўлган эканаман. Онам мени туғиб, хожатхонага ташлаб кетган эканлар..." бу ғаройиб жумлаларни ўқиб, Ёдгор ўзидан ўзи кула бошлади.У бироз кулгиси босилгач, тағин китобдан бир икки жумла ўқиб, яна кулди. У китобни шу қадар катта қизиқиш билан ўқирдики, ҳатто жарлик устида синфдоши Маҳлиё турганини ҳам сезмасди.

Маҳлиё Ёдгорни ё кўрмай, ё кўрса ҳам, кўрмаганга олиб,жарлик устида турганича, чўпон таёғига суяниб, қўшиқ айта бошлади:

Кулиб, кулиб, кумуш сочиб, тонг отадиёёё!
Далаларин эркалатиб, уйғотадиёёёё!

Куйлар эди у қўнғироқдай жарангдор овоз билан. Ёдгор, китобни ёпиб, юқорида ўзини унутиб қўшиқ айтаётган қизга термулганича ётар, гўё жойидан қимирласа, қиз уялиб, ашула айтмай қўядигандай, ўт -ўлан устида ётганича, қўшиқни жон қулоғи билан тинглар эди. Ўша куни, ўша онда у Маҳлиёга ошиқу беқарор бўлиб, батамом эс - ҳушидан айрилди гўё. Шундан сўнг унинг ҳаёти алғов далғов бўлиб кетди. Авваллари мактабга бўйнидан боғланган  итдай мажбур мактабга қатнайдиган Ёдгор энди дарсларга ҳаммадан эртароқ бориб, синфда ўтирадиган бўлди. У мактабга ўқиш учун эмас, кўпроқ Маҳлиёни кўриш учунгина борарди. Дарс пайтлари нуқул ўшани ўйлар, у гўзал қизнинг дийдорига тўймасди. Гўё ичида тўлатиб бўлмайдиган чуқур бир хандак бордай. Дарсда миясига ҳеч нарса кирмас. Калласи калла эмас, қовоқдай туюларди ўзига. Ишқилиб, шу қизни деб, охири, синфдан синфга қолиб, ўзимдан кичик болалар билан ўқиб юрмасам бўлди -дея ўйларди у баъзан. Ўйлардию, лекин негадир, хаёли яна Маҳлиё томон оқаверар, уни кўрди дегунча ҳаяжондан юрак уриши тезлашиб, гўё жони бўғзига тиқилгандай, турган жойида қотиб қолар эди. Худди сеҳрлангандай тана аъзолари ўзига бўйсунмай қўярдилар. Баъзан эса: - Бундай қийналиб юриш ўрнига йўлини шартта тўсиб: -Маҳлиё, мен сизни севиб қолганман -дея очиқ айтсам бўлмайдими? Балки Маҳлиё менинг севгимдан бехабардир? Севмаса, портфели билан бошимга қулочкашлаб бир икки урар... Таваккал қилиш керак -дея ўйларди. Бир куни шундай бир воқеа рўй бердики, у воқеадан Ёдгорнинг ҳаёти остин устун бўлиб кетди гўё. Ўша куни у мактабда танаффус пайти болалар билан ўйнаб, синфга қайтиб кираркан, "Ватан адабиёти" дарслигини  шундоқ очганди, саҳифалар орасида ётган бир вароқ қоғозга кўзи тушди. Ҳайрон бўлиб, вароқни очди ва ундаги хуснихат билан ёзилган мактубни ўқиб, Ёдгорнинг ҳаяжондан томоғи қақраб, лаблари қуруқшаб, хушидан кетишига бир бахя қолди. Хатни шоша пиша ўқиркан, бирдан хўрлиги келиб, кўзларидан ғилтиллаб, ёш чиқиб кетди. Агар мактубда хатни ўқиб бўлгач, ёқиб юбориш буюрилмаганида, хурсандлигидан нақд партанинг устига сакраб чиқиб, бор овозда "Ураааа!" дея бақириб юборган бўлар эди. Ўша куни хатни қайта- қайта ўқийвергани сабаб, вароқ жонвор хилвираб, узилиб тушгудай ҳолатга келди. Ёдгор мактубни шу қадар кўп ўқидики, хатто ундаги сўзлар ёд бўлиб кетди. Сўзма сўз эсида. Мактуб мазмуни қуйидагича эди:
-Салом, Ёдгорбек! Илтимос, бу хатни ўқиб бўлгач, уни ҳеч кимга кўрсатмай ёқиб юборинг.Гап ўртамизда қолсин. Мен бу мактубни ёзсамми ё ёзмасамми деб жуда узоқ ўйландим ва охири ёзишга қарор қилдим. Албатта, қиз боланинг йигитга хат ёзиши шарми ҳаё деган нарсаларга тўғри келмайди ва уни жуда яхши биламан. Лекин, начора. Бошқа иложим йўқ. Чидаб бўлмас севги азобларидан, тўғриси, итдай қийналиб кетдим. Ёдгорбек, мен сизни севиб қолганман. Сизсиз бу дунё менга қоронғу! Чеккароқ жойда бир четга тортиб, бу ҳақда сизга очиқ айтмоқчи ҳам бўлдим. Аммо, ҳар гал сизни кўрганда тилдан айрилган одам сингари, бирон сўз деёлмай, турган жойимда ҳайкалдай қотиб қоламан. Бу юрак қони билан ёзилган мактубни ўқиб, мумкин қадар тезроқ жавобини ёзарсиз. Бордию севгимни рад этсангиз, сирка ичиб, ўз жонимга қасд қилишдан бошқа чорам қолмайди менинг. Уволимга қоласиз. Чунки,  сизсиз ҳаётимни хатто тасаввур ҳам қилолмайман. Менга раҳмингиз келсин. Мактубнинг жавобини орзиқиб кутаман. Чексиз соғинч билан, сизни деб кузги боғлар хазонидай сарғайиб, тобора ақлдан озиб бораётган Маҳлиё.
Ёдгор синфдошлар кўрмаслиги учун хатни яшринча ютоқиб ўқир, ўз кўзларига ишонмас, ҳаяжони бўғзига тиқилиб, оғзи қулоқларига еткудай илжаяр эди. Тасаввур қилинг, сиз ишқида туну кун оҳ чекиб, кўксингизни захга бериб, бир қиё боқишига зор бўлиб юрган қизнинг ўзи шундай севги изҳори тўла мактуб ёзса! Ёдгорнинг ҳолати шу даражада эдики, ўқитувчи Азизхон ака ҳам, синфдошлари ҳам унинг кўзларига худди тушдаги каби сувалиб кўринар, муаллимнинг лаблари қимирлар эдию, лекин сўзлари қулоғига кирмас эди. Маҳлиё эса, сир бой бермай, ўзини гўё ўқитувчи айтаётган гапларини жон қулоғи билан тинглаётгандай қилиб кўрсатар, иложи борича Ёдгор томонга қарамасликка ҳаракат қиларди.Ўша куни Ёдгор қандай қилиб уйга етиб келганини ҳам сезмай қолди. Онаси бечора унинг авзойини кўриб, ҳавотирланиб: -Болам, сенга нима бўлди? Қандайдир эсинг кирди чиқди бўлиб қолибди. Ё тобинг қочдими? Истиманг йўқми, ишқилиб? -дея пешонасини ушлаб кўрди.Ёдгорнинг қулоқларига онасининг гаплари ҳам узуқ юлуқ кирар, қафасдаги бўри каби тинмай у ёқдан бу ёққа юрар экан, назарида гўё оёқлари ерга тегмаётгандай туюларди. Кейин хонасига  кириб олиб, хатни, худди шеър ўқиётгандай қайта, қайта ўқийверди, ўқийверди. У мактубни ўқиб, сира тўймас, шодлиги ичига сиғмас эди. Бу ҳақда кимгадир айтиб, қувончини баҳам кўрмоқчи ҳам бўлар, аммо, назарида бу билан у жондан азиз севгилиси Маҳлиёга хиёнат қилаётгандай сезарди ўзини. Гарчанд мактубни ўқийвериб, ёдлаб олган бўлса ҳам, уни ёқиб юборишга Ёдгорнинг сира қўли бормади.  
Охири дарсхонасининг эшигини ичидан занжирлаб олиб, Маҳлиёга жавоб хати ёза бошладим. Хатто ўз туғишган опаси Сайёра эшикни тақиллатиб, "Оч!" дея илтимос қилиб, ялиниб, ёлворса ҳам очмади. Худди буюк шоирлар каби қаламни ғажиб, шифтга боққанича тош юракни ҳам эритиб юборгувчи илоҳий сўзларни ахтарар, аммо, қани энди миясига бирон сўз келса. Келганлари эса, унга ёқмасди. Ёдгор шу ўтирганича юз марта ўчириб, ёзди ва охири мактуб битиш қўлиданн келмаслигини англаб, хафсаласи пир бўлди.Эртасига дарё соҳилидаги пастаккина, ташландиқ уйда яшовчи шоир Мўмай Даромаднинг кирланганидан хиралашиб кетган ойнасини тақиллатди. Ичкаридан ширакайф шоир Мўмай Даромаднинг: -О,қизилиштон, яна келдингми?! Сендан бошқа йўқлайдиган биронта дўстим қолмади менинг бу дунёда! Нега тақиллатаётирсан? Ёки сен ҳам ўтмишдаги дарвеш шоирлар каби машинкада шеър қадоқлаётирмисан?... Сен менинг пастак дарчамни, дарахтларни эмас, жамиятни чўқи! Жамиятимизга қурт тушиб кетган ва у қуримоқда! Лекин у баҳайбат, семиз, ебтўйимас, очофат қуртларга кучинг етармикин?! О, менинг бечора мазлум халқим! О, асрлар бўйи таланган, хўрланган Ватаним!  - деган овози келди. Кейин шоир кулбасининг эшиги очилди. -Ассалому алайкум, шоир оға! -деди Ёдгор, феъли атвори ҳеч қайси қолипга, ромга сиғмайдиган шоир кулбасининг эшигини шартта ёпиб олмаслиги учун, шоша пиша. -Ҳа, нега келдинг?! -деди ичкилик ичавериб кўзларининг жилди чиққан, соқол мўйлови ўсиб, сочи елкасига тушган шоир Мўмай Даромад, норози оҳангда. - Шу, халиги... нима десам экан... Сизга шогирд тушмоқчийдим -деди Ёдгор, гапни тўғрилаб.
-Бошқа хунар қуриб кетибдими? Нима қиласан шоир бўлиб? Бирон нарса ёзганмисан ўзи? Қўлингдаги газетага ўралган портвейнми ё ароқми? -деди яна шоир Мўмай Даромад, нигохи бмлан газетага ўралган портвейнга ишора қилиб. -Ҳа,вино.Сизга атаб... -деди Ёдгор. -Кир ичкарига -деди шоир Мўмай Даромад. Сўнг Ёдгорни ортидан эргаштириб хонага кирди. Бир икки қадах шароб ичилгач, шоир Мўмай Даромад савол назари билан Ёдгорга қаради. Ёдгор асосан ҳикоя ёзаётганини, ҳикоя бош қаҳрамонига севгилиси томонидан ёзиган мактубга жавоб ёзиш бироз қийин кечаётгани ҳақида айтиб, шоирдан ёрдам сўраркан, Маҳлиё ёзган мактуб матнини унга кўрсатди. Шоир яна бир пиёла винони оқ урар экан, тузланган бодрингдан газаки қилиб, ёр мактубига мослаб жавоб хатини бир зумда ёзиб берди.
Мактуб мазмуни тахминан қуйидагича эди:

Соғинчли салом!
Салом, севгилим Маҳлиё! Қимматли мактубингизни олдим! Меҳр -муҳаббат тўла сўзларингизни ўқиб, ўзимни ҳудди осмону фалакларда учиб юргандай ҳис қилмоқдаман. Фақат, хатни ёқиб юборишга қўлим бормади. Мактубни музейда сақланадиган қадимий қўлёзмадай қалб тўрида авайлаб, асрайман. Ҳеч кимга кўрсатмайман. Кўнглингиз тўқ бўлсин, Маҳлиё. Мактубни қайта -қайта ўқиб, худди муқаддас дуони ёдлагандай ёдлаб олдим. Мен ҳам сизни севаман! Шундай севаманки, сизни кўрдим дегунча, эс хушимдан айрилиб, худди сеҳрланган одам каби, турган жойимда симёғочдай қотиб қоламан. Балки ишонмассиз. Лекин, сизни илк бор севиб қолган куним, худди жин чалиб кетган одамдай касалланиб, бир хафта кўрпа - тўшак қилиб, ётиб қолганман. Нега энди севгингизни рад этар эканман? Аксинча, энди бу дунёда мендан бахтли одам йўқ! Сирка ичиб, ўз жонимга қасд қиламан дебсиз. Асло ундай қила кўрманг! Сизсиз менинг бу ёруғ оламда яшашимдан маъно, мазмун қолмайди! Маҳлиё, севгилим, бугун тушдан кейин, соат 2 билан 3 лар орасида, дала шийпони ёнидаги қари тол тагида сизни кутаман. Келинг.
Чидаб бўлмас соғинч билан, йўлларингизга интизор кўз тикиб, Ёдгор.
Шоир Мўмай Даромад ёзиб берган мактубни қайта - қайта ўқиркан, Ёдгор, раҳмат айтганича кўчага чиқди. Уйда хатни имзолагани ҳам оздай, бармоқ учини сиёхга белаб, муҳр босиб ҳам қўйди. Кейин, Маҳлиёни ўйлаб, кечки овқатни чала -пуча еб, ўрнига чўзилди. Шифтга қараганича ўринда чўзилиб ётаркан, у : -Эҳ, бу тошбақа вақт намунча имилламаса?! Тезроқ тонг ота қолсайди -дея ўйларди, сабри чидамай.Тун бўйи деярли ухлолмай, фақат тонга яқин кўзи илинди унинг. Эртасига ҳаммадан аввал мактабга борди. Биринчи соатдан сўнг синфдошлар танаффусга чиққан маҳал, Маҳлиёнинг портфелини очиб, жавоб хатини авайлаб, унинг кундалиги орасига жойлаб қўйди. Ниҳоят, қўнғироқ янграб, яна дарс бошланди. Ёдгор дарсда худди ҳозир портлаши мумкин бўлган дахшатли вулқон устида ўтиргандай ўтираркан, нуқул Маҳлиёга кўз қири билан қарар, ичида "Оҳ!" деб қўярди. Маҳлиёнинг эса,  "Ёдгор хатимга жавоб ёзмади" дея ўйлаб, аразлагани, хафалиги ва, энг муҳими уни қандай ажойиб оламшумул совға кутиб турганидан бехабарлиги шундоқ кўриниб турарди. Ёдгорнинг эса, кайфияти аъло. Маҳлиёнинг уйга боргани, кундалик дафтарини очиб, Ёдгор ёзган жавоб хатини кўриб, уни титроқ қўллари билан очиб, ўқиб, кўзларига севинч ёшлари қалқиб чиқаётганини, мактубни ўпиб, шахло кўзларига суртиб, уни қайта қайта ўқиётгани, кўзларида қувонч ёшлари билан чиройли жилмаяётганини, севинч ёшларининг бир томчиси думалаб, жилмайиб турган лаълин лабларининг четида тонги шудринг донасидай порлаётганини кўз олдига келтирарди нуқул.Тезроқ дарслар тугайқолсайди -дея ўйларди ичида.
Ўша куни Ёдгор Маҳлиёни учрашув белгиланган жойда кечгача кутди.Аммо, Маҳлиё келмади. Йўлга термулганича, уни кутавериб, Ёдгорнинг кўзлари тешилди гўё. Миясига турли фикрлар келаверди. "Нахотки, кундалигин очмаган бўлса?.. Эҳ, каллаварам, каллаварам! Хатни кундалик орасига солмай, ўзига берсам бўлмасмиди?" дея ўйлаб, ўзини ўзи койиб, ич этини ерди.Кейин: -Бордию, дугоналари билан тил бириктириб, менинг устимдан кулиш учун шунақа ўйин қилган бўлсачи?..- деган шум фикр келди миясига. Шу ҳақда ўйлар экан, худди биров устидан бир пақир совуқ сувни қуйиб юборгандай секаниб кетди. -Мен ёзган хатни дугоналари билан ўқиб, кулиб, қотиб ётган бўлсая! Эҳ, лақма! Эҳ, харип! Воҳ, шарманда!  -дея ўйлаб, пешонасига шаппатилади. Эртасига, борсамми, бормасамми деган ҳардамхаёллик билан истамайгина мактабга кетаётганди, кутилмаганда Маҳлиёнинг акалари йўлидан чиқди. Маҳлиёнинг катта акаси шартта Ёдгорнинг ёқасидан оларкан, ерга ҳиёл энкайтириб туриб, кутилмаганда қорнига қаратиб тизза қўйди. Ёдгор оғриқдан букчайиб, турганди, Маҳлиёнинг акаси унга мактубни кўрсатиб: -Бу нима қилганинг, ифлос?! Нима бу, а?! Эй, бу нима деяпман?! -дея янада бадтарроқ уриб, тепиб, уни аёвсиз дўппослай бошлади. Кеин бошқа укалари ҳам қўшилиб, Ёдгорнинг дуч келган жойига тепиб, қўлига кирган нарса билан бува пўстак қилиб, савалай бошладилар. Охири, бош қисмига етказилган оғир зарбадан Ёдгор хушини йўқотди ва касалхонада ўзига келди. Ҳамма ёғи моматалоқ. Синган оёғини гипслаб, унга  тош осиб қўйишибди. У ётган каравот ёнидаги курсида эса, онаси юм юм йиғлаб ўтирарди.




--------------------
3 - боб.
Мухрнома
--------------------




Ёдгор қўлтиқтаёқлара суянганича хаккалаб, худди жангда оғир жарохат туфайли ногирон бўлиб қолган жангчи каби оқсоқланиб уйга қайтди. У каравотда ётар экан, отаси хонада у ёқдан бу ёққа асабий юриб, гапира бошлади. -Фарзанд деган отасининг гапига кирмаса, шунақа бўлади. "Хўй бола, китоб ўқимагин, китоб ўқимагин" -деб неча марта айтдим. Қулоқ солмадинг. Мендан яшириб, севги ҳақидаги ҳаёсиз китобларни ўқийвердинг. Мана оқибат! Шунчалар ҳам содда бўласанми? Ҳа, мол! Ҳа, Хўкиз! Эҳ, бефаросат эшак! Севги певги деган нарсаларга ишониб юрибдия! Э, ўлдим, куйдим деб, севиб, турмуш қурганларнинг нечтаси қўйди чиқди бўлиб ётибди! Мана, биз, онанг билан севишмай турмуш қилганмиз, аммо Худога шукр, яшаб келяпмизку, чунгимиз чиқмай. Сен ёзган хат у қизнинг ака укаларининг, отасининг қўлига тушиб қолиши мумкин деб ҳам ўйламадингми? Шунчалар ҳам бефаросат бўладими одам?! Абдуқайим қизининг кундалигини текшираётиб, сен ёзган мактубни топиб олиб, ўқиб, юраги ёмон бўлиб қолибди! Бечора касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётибди экан! Оғзига шланка тиқиб, аппаратга улаб қўйишибди! Комага тушиб, пўк этиб ўлиб қолса, нима қиламиз?! Худо сақласин, бордию шундай воқеа рўй берса, сен ўша одамнинг умрига зомин бўлган бўлсан!  Эшитяпсанми, эй, қотил?! Сени деб бировнинг қизи маҳаллада гап -сўз бўлиб кетди! Сен ўша қизни бадном қилдинг! Бебахт қилдинг.Энди у қизга совчи келмайди, хайвон! Сенинг опанга биронтаси шунақа хат ёзсинчи! Ҳаммада ҳам орият, номус деган нарса бор! Урадида! Уриб, ўлдириб қўйишмабдиям сени!Сенку ўлиб кетаверардинг, лекин дардинги биз тортардик!.. Эй, менга қара! Агар, яна бирон марта қизларга хат ёзсанг, ўзимни сени кетмон билан тиккачасига чопиб, ўлдириб қўяқоламан. Сендақа боланинг боридан йўғи яхши! -деди у. Сўнг яна гапирмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, Ёдгорнинг онаси гапга аралашди: -Э, намунча Ёдгорга ёпишиб олдингиз?! Ота деган ҳам ўз боласига шундай бемеҳр бўладими?! Боласини  ўласи қилиб калтаклаб кетишсаю, бу киши ўғлининг қасдини олиш ўрнига ўшаларнинг ариғини чопиб ўтирибдия! Э, ёзадида! Хунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмабди -дейди машойихлар!Қизбола ўзи хат ёзиб турса, яна менинг болам айбдорми?! Номусига тажовуз қилмаган бўлса! Ўша мегажин хат ёзмаганда, болам шу куйларга тушмасди! Оёғи синиб, мияси чайқалди! Севги -муҳаббат айбми?! Севиш жиноятми?! Мен у ер ютгурларни қаматмай қўймайман! Отувга ҳукм қилдираман! Шаҳар бедорвозамасдир! Адолат, ҳақиқат бордир! Қийналиб туққан боламни зўравонлар ўласи қилиб калтаклаб, яна сувдан қуруқ чиқиб кетаверадими?! Йўўўқ! Мен керак бўлса, Республика олий судига мурожаат қилиб бўлса ҳам уларни жиноий жавобгарликка торттираман! Агар Олий суд ҳам ишни ёпадиган бўлса, Мустақиллик майдонида ўзимга ўт қўяман! -дея, йиғлади у. Шу пайт Ёдгорларнинг темир дорвозаси тангиллай бошлади. Тангғиллаган товушларни эшитиб, Ёдгорнинг ота -онаси даханаки жангни тўхтатиб, жим бўлиб қолдилар. Деразадан дорвоза томонга қараб, Ёдгорнинг отаси яна гапира бошлади: -Ана, сенга прокуратуранинг чақирув қоғозини топшириш учун участка нозири билан маҳалла раиси келди шекилли. Энди қамоқда чирийсан. Ўзиям ўн йилдан кам беришмаса керак. Қилмиш -қидирмиш... Зах авахталарда бурга, бит, сирка боқиб, сил касалга чалиниб, кўкйўтал бўлиб, қон туфлайсан!  -деди у, Ёдгорга қаҳрли назар ташлаб.
-Ҳооо, боламни қаматиб ҳам кўришсинче, мен уларни нима қилар эканман! Болагинамни бериб қўймайман уларга! Аввал мени ўлдириб, ундан кейин буни прокуратурага чақиришсин!.. Сиз дўстмисиз, ўзи бизга, ё душманмисиз!? Худди ўгай отага ўхшайсиза! Бунқа бўлар бўлмас гаплар билан болани қўрқитмай, бориб, қарангчи, ким экан у дорвозамизни танғиллатаётган -деди Ёдгорнинг онаси.
Шундай гаплар билан эр хотин ташқарига чиқдилар. Ёдгор ота онасини шундай муаммоларга дучор қилгани учун ўзини ўзи кечиролмай, аламдан кўзларига ёш қалқиганича деразадан воқеани кузатиб турди. Доровза очилганда эса у ҳайратдан анграйиб қолди. Негаки, унинг ота онаси қаршисида Маҳлиёнинг онаси турар эди. Энди у жабрланувчи аёл билан ота онаси ўртасида жанжал кўтарилса керак деб турганди, унинг акси бўлди.
Маҳлиёнинг онаси кўз ёши қилиб, кечирим сўрай бошлади: -Айланиб кетай сизлардан, менинг болаларимни кечиринглар. Адвокат танишимининг айтишича, агар ёзган аризаларингизни қайтариб олмасангизлар, болалримга жинойи гурух деб, оғир жиноий моддалар қўйилар эмиш. Фарзандларим ўз қилмишидан пушаймон, жувонмарг бўлиб кетишмасин. Бебош болалар қизишиб... Бўлар иш бўлди. Шу кўргулик пешонада бор экан. Ўтган ишга саловот. Моддий маънавий зарарни қоплашга тайёрмиз. Бундай олиб қаралса, икки ёшнинг муҳаббати айб эмас.Тўйлар қилайлик, қуда - анда бўлайлик. Шу аризани қайтариб олинглар. Ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолсин. Илтимос, сизлардан, Худо ҳайрингларни берсин...
Ёдгор аёлнинг гапларига ортиқ чидаб туролмади. Шартта ўрнидан туриб, қўлтиқтаёқларга таянганича ташқарига чиқдида, оқсоқланиб, дорвоза ёнига борди.Сўнг Маҳлиёнинг онасига хижолатомуз қараганича кечирим сўради: -Холажон, мени кечиринг. Ҳамма айб менда. Мен бугуноқ "Даъвою достоним йўқ" деган мазмунда хат ёзиб бераман. Ҳавотир олманг -деди у. Бу гапларни эшитиб, Маҳлиёнинг онаси янада қаттиқроқ йиғлаб юборди. -Раҳмат, Ёдгорбек, кечиримлилигингиз, олийжаноблигингиз учун раҳмат -деди у, кўзи тўла жиққа ёш билан.



---------------------

4 -боб
Турдиқул ямоқчи

----------------------


Ёдгор отасини хурсанд қилиб, дуоларини олиш учун пештоқига "Вулканизация" деб ёзиб қўйилган мўжазгина, пастак дўконда ишлагувчи Турдиқул ямоқчига шогирд тушаркан, дарсдан бўшади дегунча дўконга бориб, мижозлардан тушган буюртмаларни рўйхатга олар, енгил автомобиль, трактор ва велосипедларнинг тешилган камераларига топширилган вақти ва буюртма кимга қарашли эканини англатуви ёрлиқларни ёпиштириб чиқарди. Турдиқул ямоқчи Ёдгорнинг зехни ўткирлигидан бехабар, унга бирон жиддийроқ ишни тоширгиси келмас, Ёдгор эса, кўз қири билан устанинг хунарини сездирмай ўғирлар, кундан кунга кўзи пишиб борарди. Ниҳоят, уч ой деганда уста Ёдгорга камера ямашнинг нозик сирларини ўргатадиган бўлди. Синаш учун унга битта ишни ишониб топшираркан Турдиқул ямоқчи: -Аммо, айтиб қўяй, бола.Мен сен ўйлаган усталардан эмасман. Сенинг эътиборсизлигинг сабаб биронта камера яроқсиз ҳолга келса, ўзингдан кўр, мен сен билан пачакилашиб ўтирмайман.  Шартта қўлингдан ушлаб, кетинга тепиб, тепиб, дўкондан хайдаб юбораман -дея Ёдгорни огохлантирди. Лекин, Ёдгор устани ҳайратда қўйиб, буюрилган ишни қойилмақом қилиб бажарди ва Турдиқул ямоқчининг заҳил рангига сал қон югириб, чиройи очилди.
-Ҳа, дуруст, дуруст, анча қўлинг келиб қолибди. Энди шунақа қаттиққўл бўлмасам, ишга масъулиятсиз ёндошиб, беэътибор бўласан, натижада камераларни сифатсиз ямоқдан чиқариб, мижозлардан айрилишимиз мумкин. Қийнчиликларга чида. Ҳамма ҳам онасидан ямоқчи бўлиб туғилмайди. Мен ҳам бир пайтлар шогирд бўлиб юрганман. Устам жуда бадфеъл, оғзи шалоқ  одам бўлганлар, раҳматли. Нотўғри иш қилсам, шунақа айниб, ачиб, сўкинардиларки, у сўкишларни эшитса, тўнғизлар туллаб кетар эди.Ҳатто бир куни аччиқ устида оёғимга резина қирқадиган пичоқни санчиб олганлар.Шунақа бешафқат одам эдилар, раҳматли. Ўзиям дахшатли азобдан тамоми томирларим битта бўлиб, афтим бужмайиб, зўриқишдан бўйнимгача қизариб кетганман. Шундан кейин, оёғим ўртача столбадай бўлиб шишиб, кки ой оқсоқланиб юрдим. Лекин, устодим баъзан кайфияти яхши пайтлари, зерикиб қолмаслигимиз учун кулгили воқеаларни ҳам сўзлаб берардилар. Менинг -дейди бир куни у- исмим асли Тўхтасин бўлган экан. У маҳаллари отам колхозда мироб эдилар. Бир куни пахта пайкалларига сув чиқариш учун дарёга хашар йўли билан сепоялар боғлаб, тўғон босишибди. Лекин сув тўғонни ювиб кетаверибди. Шунда бир оқсоқол: -Халойиқ! Орангизда Тўхтасин исмли одам борми?! -дебди.-Ҳа, бор! -дебди кимдир, узун бўйли, озғин одамни кўрсатиб. Оқсоқол яна баланд овозда гапира бошларкан: -Ушланглар ўша Тўхтасинни! Тўғонга босамиз!Тўхтасин исмли одамни тўғонга босса сув тўхтар эмиш! -дебди. Бу гапларни эшитиб, новча бўйли, чиллашир Тўхтасин қоча бошлабди. Лекин одамлар қувлаб тутиб, уни оқсоқолнинг ёнига олиб келишибди. Шундан кейин Тўхтасинни "Войдод, нима қиляпсизлар! Шафқат қилинглар! Ахир, менинг учта болам бор!" дейишига ҳам қарамай, тўғонга босиб юборишган экан. Шу куни отам уйга келиб, қўрқа -писа онамга: -Хотин, Тўхтасин деган одамни ҳозир тўғонга босиб юборишди. Ўғлимизнинг Тўхтасин исмини тезда Абдумухторга айлантирайлик! - деган экан -дегандилар ўз ўтмишини эслаб, устодим раҳматли. Турдиқул ямоқчининг бу гапларидан Ёдгор мириқиб кулди ва золим устадан воз кечиб, қочиб кетаман деб юрган фикридан қайтди. Лекин, Турдиқулнинг яна бир ёмон одати бор эдики, қимор деса, у ўзини томдан ташларди. Топганини қиморга тикиб, қарта ўйнаб, тўпиқ отавергани учун, бири икки бўлмас, сира косаси оқармас эди. Дўконда ишлайвергач, Ёдгор Турдиқул ямоқчининг қиморбоз дўстларини ҳам таниб қолди. Бир куни Ёдгор эртароқ бориб, дўконни тартибга келтираётган эди, Собир деган чўтирбет қиморбоз туйнукдан мўраларкан: -Устанг қани? -деди. -Устам ҳозир келиб қоладилар.Буюртма бормиди? -деди Ёдгор, худди ўзича салом алик қилган одамдан ҳам "Ҳа, тўй бормиди?" дея сўрайверадиган отарчиларга ўхшаб.
-Э, йўқ. Менга қара, устанг келса айтгин бугун ўйин Геналарникида бўлади. Борсин -деди Собир қиморбоз.
-Ким у Гена? -деди ҳайрон бўлиб, Ёдгор.
- Ғуломда.Анави халтакўчанинг охирида уйи. Гена десанг, бўлди, устанг ўзи тушунади -деди Собир қиморбоз.
-Ҳааа -деди, Ёдгор, тушунгандай бўлиб.  Собир қиморбоз худди кинолардаги жосуслар каби кастимининг ёқасини кўтариб олиб, атрофга ҳавотирли аланглаганича Халтакўча томонга қараб кетди. Ниҳоят Турдиқул ямоқчи дўконга келди. Ёдгор унга Собир қиморбоз айтиб кетган омонат гапни етказди. Гапни эшитиб, илма тешик бўлиб кетган қора халатини кияётган Турдиқул ямоқчининг фикри ўзгарди. У халатни ечиб, қайта михга иларкан, Ёдгорга қилиниши керак бўлган юмушларни тайинлаб, ташқарига чиқди ва  бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Ёдгор устанинг ўрига дўкондаги буюртмаларни бажариб, кечгача ишлади. Кеч кириб, қоронғи туша бошлади. Лекин, Турдиқул ямоқчидан ҳамон дараг йўқ эди. Бир маҳал дўконнинг пастак деразасини кимдир тақиллатди. Ёдгор устам келди шекилли дея ўйлаб, дарчадан қараган эди, симёғочдаги чироқдан тушган ёруғликда устозининг аёлини кўрдию, эшикни очиб, ташқарига чиқди. -Ҳа, келин ая, яхшимисиз? -деди у, устанинг хотини билан саломлашаркан.
-Устангиз қанилар? Чақиринг бу ёққа! -деди ямоқчининг хотини, тахликали овозда.
-Тинчликми? -ҳавотирланди Ёдгор.
-Тинчлик бўлса, келармидим, ука?! Қайнамнинг мазалари бўлмай... Аҳволлари оғир. Ғарғара келиб, сакоратдалар. Қариндошлар йиғилиб, оғзига сув томизишяпти. Турдиқул акамлардан дарак йўқ. Ишқилиб, қайнам бечора... Э, Худойимей! -деди Турдуқул ямоқчининг хотини, изиллаб йиғлаб. Ёдгор нима дейишни билмай: -Э, нафасингизни иссиқ қилин келин ая, холамнинг умрлари узоқ бўлсин. Устам бир иш билан кетувдилар. Ушланиб қолдилар шекилли. Ҳали замон келиб қоладилар. Келишигаёқ мен воқеани устамга маълум қиламан. Сиз ҳавотир олманг, келин ая, уйга бораверинг. Худо ҳохласа, ҳаммаси яхши бўлади.Вахима қилманг -деди Ёдгор, аёлни тинчлантиришга ҳаракат қилиб. Аёл кетгач, Ёдгор дўконни қулфлар экан, совуқ хабарни устага етказиш учун Халта кўча охиридаги Ғулом қиморбознинг уйи томон чопиб кетди.У етиб борганда яшрин казино ўтказилаётган Геналарнинг оғилхонаси дарчасидан зулматли йўлакка хира шула ёғилиб турар, ичкаридан қиморбозларнинг ғала ғовури қулоққа чалинарди. Ёдгор йўталиб, шарпа қилиб, ичкарига кираркан, тамаки тутунида, худди тумандагидай аранг кўринаётган қиморбозларни дарров таний қолмади. Ҳавони ароқ, наша, тер, гўнг ва чириган сомон хиди тутуиб кетганди. Оғилхона эгаси Гена ютганлардан чўтал олиб ўтирар, қиморбозлар қўлига ошиқларни териб, тортилган чизиқ устида турганларича энкайиб бор овозда: -Менинг қўлиммас, пири Жамшиднинг қўли, гардкам, Худолар! -дея тўпиқларни ўртага отар, сўнг: -Ҳа, жоним, келди ошиқ! -дея ўртада уюлиб ётган,  пулларни, худди кузги боғларда хазонларни йиғиштираётгандай,  йиғиштириб олардилар. Кимлардир қиморбозларга ароқни стаканлаб, сигаретни эса, доналаб сотар, нарх наво осмонда эди. Ёдгор қўлига тўпиқларни териб, отмоқчи бўлиб турган устоди Турдиқул ямоқчининг кийимидан тортиб: -Уста, тўхтатинг энди. Холамнинг аҳволлари оғирлашиб қолибди, келин аям айтдилар. Тезроқ борар экансиз! -деди, ғала ғовур ичида, худди шовқинли денгиз соҳилидаги балиқчи каби баланд овоз билан.
-Ҳа, сенмисан, Ёдгор?! Ҳозир, ҳозир. Бироз сабр қил! Қўл келиб турибди! -деди Турдиқул ямоқчи.Кейин ортига ўгрилиб: -Эй, барыга!Менинг шогирдимга ароқдан бир стакан қуй! Пулини тўлайман! -деди. Сўнг, бир сиқим пулни ароқ сотаётган одам томон отиб, қўлидаги ошиқларга куф -суф дея дам солди. Турдиқул тўпиқларни: -Гардкам! -дея отаркан, қиморбозлар келган ошиқларга қараб, жўр бўлиб гувранди. Турдиқул ямоқчи пуллларни йиғиштириб чўнтакларига тиқди. Унинг чўнтаклари, қўйни - қўнжи пулга тўлиб кетган эди. Ароқ сотаётган одам Ёдгорга ароқ тўла стаканни узатди. Лекин Ёдгор ичкилик ичмаслигин айтаркан, яна устозининг кийимидан торта бошлади. -Уста, кетдик энди! Холамнинг аҳволлари оғир!
Турдиқул ямоқчи навбатни бошқа қиморбозга сўна қилиб, Ёдгорга ўгирилди. Кейин ароқфурушнинг қўлидаги стаканни олиб, Ёдгорга: -Ма, ич! Қўлимни қайтарма! Устоз отангдан улуғ дейдилар. Бу ҳали ароқ экан, керосинни, ҳатто заҳарни ич десам ҳам, ҳеч иккиланмай ичиб юборишинг керак! -деди. Ёдгор устозининг назаридан қолмаслик учун, ноилож стаканни олди ва ароқни бир кўтаришад оқ урди. Сўнг, ароқфуруш узатган турп бўлагини тақсимчадаги сузмага белаб еб, газаки қилди.
-Ҳа, бу бошқа гап! Ҳақиқий шоигрд деган шундай бўлиши керак! -деди Турдиқул ямоқчи, кетишга шайланиб. Лекин, Собир қиморбоз унинг йўлини тўсаркан: -Йўл бўлсин?! Қаёққа кетяпсан, сассиқ ямоқчи?! -деди.
-Қаёққа бўларди, уйга... Онамнинг аҳволлари оғирлашиб қолибди. Бормасам одамгарчиликка тўғри келмайди -деди Турдиқул ямоқчи.
Бу гапларни эшитиб, Собир қиморбоз истехзоли жилмайганича: -Одамгарчилик дейсанми?! Сенда одамгарчилик борми? Одамгарчилиги бор инсон, пулларни ютиб олиб, кетавермайди қочиб. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қиморни охиригача ўйнайди, тушундингми?! Ҳар ишнинг ўз қонун -қоидаси бор! Ҳҳе, одаммиш бу... -деди.
-Ҳой, Собир, оғзинга қараб гапир! Тилингдан кетма, бола! Ғирромлик қилмадимми?!Ҳалол ютдимми?! Чидагинда энди! Ё сендан қарзим борми? Ютқазганимда бир сўм бериб қўйганмисан?! Бу қимор. Ютган одам ҳохласа, ўйнайди, ҳохласа, ўйиндан чиқади! Қоч, йўлимни тўсма! -деди Турдиқул ямоқчи.
-Ҳеч қаёққа кетмайсан! Ўйнайсан охиригача! -деди Собир Қиморбоз, Турдиқул ямоқчининг ёқасидан бўғиб. Турдиқул ямоқчи юлқиниб, чиқиб, бор кучи билан Собир қиморбознинг жағига машт туширди. Ўртада аёвсиз муштлашиш бошланди. Турдиқул ямоқчи Собир қиморбозни елкаси оша кўтариб, ерга чалпак қилиб ташларкан, уни босиб олиб, юзларига аёвсиз мушт тушира бошлади. Ширакайф қиморбозлар муштлашаётганларни ажратиш ўрнига, жанжал оловига бадтар мой қуйиб: -Ҳа, сол, сол! Ур! -дея бақиришарди.Шу маҳал Собир қиморбоз этигининг қўнжидан пичоқ чиқариб, Турдиқул ямоқчини чавақлаб қўйди.




5-боб
Ямоқчининг ўлими

 

Ёдгор Турдиқул ямоқчининг қон йиғлаб ўтирган хотинини тинчлантиришга уринар, "Худо ҳохласа, устозим тузалиб, отдай бўлиб кетадилар" дея аёлнинг кўнглини кўтатариб, коридордаги ўриндиқда ямоқчининг ҳаққига пичирлаб дуои ҳайр қиларди. Бир маҳал у докторнинг овозидан ўзига келиб, ўрнидан турди.Турдиқулнинг хотини дўхтирнинг кўзларига тик боқмай, ерга қараганича кўз ёшларини кўйлагининг енгига артди.
-Бемор Турдиқул Хуррамовнинг яқинлари шу ердами? -деди дўхтир.
-Ҳа, дўхтир, шу ердамиз. Устозим яхшимилар? Аҳволлари қалай? - деди Ёдгор, қўл қовуштирганича, мотамсаро овозда, докторнинг кўзларига умидвор қараб.
-Аҳволи анча оғир. Кўп қон йўқотган. У сизларни сўраяпти. Фақат беш дақиқага рухсат. Беморни уринтириб, толиқтириб қўйманглар, хўпми? -деди доктор.
Ёдгор: -Хўп бўлади, дўхтир - дея, елкасига халат ташлаб, ямоқчининг аёли билан палатага кирди. Турдиқул ямоқчининг хотини эри ётган каравот ёнига тиз чўкиб, унинг ҳолсиз қўлларини юз, кўзларига суртиб, силкиниб, силкиниб, йиғлай бошлади.
-Йиғлама, хотин. Хурсанд бўлсангчи. Ҳадемай қулоғингдаги зираларингни, бармоғингдаги узукларни қиморга бой берган, шунча йил бирга яшаб, сенга бир оғиз ширин сўз айтмаган, саккизинчи март байрамларида гул тугул, кактус ҳам совға қилмаган аблах золимдан бир умрга қутуласан. Ичиб келиб, сени қишлик -қировлик кунларда пичоқ олиб, қувлаб, ховлида ченадек сочингдан судраб, уриб, тепганларим учун мени кечир. Сенга минг раҳмат. Бошқа аёл бўлса, мен ифлосни аллақачон ташлаб кетган бўлар эди. Шунча уриб, тепсам ҳам отангникига кетиб қолмадинг. Ота онанга, ака укаларинга, участкавой Ғиёсиддиновга устимдан арз қилмадинг. Ҳеч нарсадан шикоят қилмай, зулмларимга чидаб, итоат қилиб, тош тишлаб яшадинг. Шундай замонда ямоқ кўйлак кийиб, эрига бирон марта ҳам янги кўйлак олиб беринг деб айтмаган битта сабрли аёл бўлса, ўша сенсан. Мен қимор ўйнаб, ичкилик ичиб, айнан Худо қилма деган нарсаларни қилдим. Сен эса, хатто касал бўлиб, ўрнингдан туролмай қолганингда ҳам, имо ишора билан Худога ибодат қилдинг. Биламан, сен у дунёда ҳам ўз қийналиб тўплаган савобларингни мен билан бўлишасан, баҳам кўрасан, менинг гунохларимни кечиришини  Худодан ёлбориб сўрайсан, мен хўкизни ўзинг билан Жаннатга олиб кириб кетасан. Сен шундай кечиримли, олийжаноб аёлсан. Афтидан, мен картошка ковлагани кетаман шекилли. Бир хисобда шундай бўлгани ҳам маъқул. Энди сенинг елканга ҳам офтоб тегсин. Сен ҳам дунёда одамдай озод, эмин -эркин яша, бахтли бўл. Лекин, ўлганимдан кейин, арвохимни чириллатиб, эрга тегиб кетма. Эрга тегсанг, қабримда то рўзи махшар тикка тураман... Афсус, минг афсус, ўлар пайтим эсим кирди. Шунча йил сен билан бирга яшаб, айтолмаган энг ноёб сўзимни бугун айтмоқчи бўлиб турганимни қара! Шу икки оғиз ширин сўзни эртароқ айтсам ўлармидим?... Мен сени севаман, Ойтожи! У дунёда ҳам сени соғиниб яшайман! Ҳурларга ҳам қайрилиб қарамайман. Нафсимни тияман, сенга хиёнат қилмайман  -деди Турдиқул. Бу гапларни эшитиб, ямоқчининг хотини бадтар ўкраб юборди. Кўзларида кўз ёшлари қайнаб, эрининг қувватсиз қўлини меҳр билан силаб, ниҳоят гапира бошлади:
-Нималар деяпсиз, дадаси? Унақа деманг. Ҳар гапга фаришталар омин дейди. Нафасингизни иссиқ қилинг. Худо ҳохласа, яхши бўлиб қоласиз. Ўзингиз болаларимизга бош бўлинг, илоё -деди у, озғин елкаларини силкитиб, йиғлашда давом этаркан.
-Йиғлама, Ойтожи, йиғлама. Мен сенинг бир томчи кўз ёшинга ҳам арзимайман. Эсингдами, тишларинга қопланган тилла қопламаларни оддий омбир билан қайриб, чиқариб, қиморда ютқазган қарзларимга тўлаганим? Ўша ўша, олд тишларинг ораси "Пахтакор" футбол жамоасининг дорвозасига ўхшаб қолган. Гапирсанг, хуштак чалиб гапирасан. Ўша воқеадан кейин қиморбоз шишадошларим мени "Тиш духтир" деб чақирадиган бўлишди. Баъзилари тили келмай, мени "Устамотолог", "Зуб техник"  -дейишади. Ҳаммасидан ҳам қамалиб қолганимда, уйдаги кўрпа - тўшакларимизни, ёстиқларимизни эски туски бозорига олиб бориб, сотиб, рўзғорда қозон қайнамаганига ҳам қарамай, чифир учун икки пачка қуруқ чой, бир блок сигарет, шиша идишда қўй гўштига қилинган қовурдоқ, кийим кечак олиб борганингда, сенга қойил қолганман. Ҳа, бу дунёда мен қилмаган гунох қолмади хисоб.Кеча терговчи келиб, озгина сўроқ савол қилди. Унинг айтишича, менинг қиморда ютган қонли пулларим далилий ашё сифатида прокуратуранинг пўлат омборида сақланяпти экан. Эрта индин Худонинг терговчилари ёнига кетаётган осий банда сифатида ростини айтдим. "Ука -дедим. Ҳамма айб ўзимда -дедим. Фақат, дедим, сиздан охирги илтимосим, мени кўмаман деб бечора аёлим Ойтожи фарзанди аржумандларим билан бирга қулоқларигача қарз қаволага ботмасин - дедим. Пўлат омборда сақланаётган ўша пулларни хотиним Ойтожига беринглар. Шоят, дедим, ўша маблағ кафанлигим, келди кетдига сўйиш учун сотиб олинадиган қўй, ўлик ювадиган мурдашўй билан гўрков пули каби харажатларни қопласа. Кейин, иложи бўлса, мени пичоқлаб қўйган Собир чўтирни қамаманглар. У ярамаснинг еттита боласи бор -дедим.Терговчининг кўнгли бўш экан. Мен билан суҳбатлашишга чидолмай, ўрнидан туриб, кўзларида жиққа ёш билан папкасини қўлтиқлаб кетиб қолди. Тағин ким билади, сенинг дуои ҳайрларинг тез ижобат бўлади. Астойдил дуо қилаверсанг, дуоларинг билан сен айтгандай тузалиб кетарман, валлохи аълам. Худога осон.Ўлмай қолсам, ичкилик ичишни, қимор ўйнашни ташлаб, беш вақт номозимни жамоат билан масжидда ўқийман. Кечасию кундузи камир ямаб, ҳалол йўл билан пул топиб, сени велосипеднинг олдига ўтқазиб ҳажга олиб бораман. Елкаларимга ўтқазиб, Каъбатуллони етти марта айлантираман. Ҳаждан келгач, шогирдим Ёдгорга ҳам номоз ўқишни ўргатаман. "Лекин, дунёвий бошқарувдаги давлатимиз қонунларига зид, жамиятимизга ёт бўлган диний радикал оқимларга, секталарга қўшилмай, ота -боболаримиздан ёдгор мўътадил Ислом йўлини тут" дея қаттиқ тайинлайман. Албатта, ҳажга бориб келганимдан кейин эл орасида обрўйим осмон қадар кўтарилиб, одамлар қаршимда таъвозе билан қўл қовуштириб, йўл бўшатиб: -Қани, Турдиқул ҳожи ака, марҳамат қилсинлар, тўрига ўтсинлар, дуо қилиб берсинлар -дейдиган бўладилар. Ҳатто отаси оламдан ўтган казо казо бойваччалар келиб: "Ҳожи ака, дадам раҳматли вафотларидан аввал "Мабодо бошимга қазо тешаси тегса, жанозамни Турдиқул қори ўқисинлар" деб васият қилувдилар. Падари бузрукворимизнинг, қиблагоҳимизнинг муборак жанозаларини ўзингиз ўқиб берсангиз" дея илтимос қилишлари ҳам мумкин. Ўшанда мен оппоқ салламнинг бир учини елкамга тушириб, халойиққа ўгрилганимча: -Қани, мухтарам жамоат, сафларни тўғрилаб оламиз. Мана, азизлар, бугун шу акамиз чин дунёга кетдилар. Бу одам учун энди товба эшиклари тақа тақ беркилди. Ўлим -ибрат дейдилар. Шу одам ҳам кечагина орамизда юрувдилар. Бу камтарин инсон узоқ йиллар туманимиз ҳокими сифатида давлатимиз берган озгина маошга сабр - қаноат билан ишлаб, ўзига, фарзандларига, ҳатто набираларига ҳам биттадан ҳашаматли иморат қурдирдилар. Қимматбаҳо квартиралар, 300 000 доллар турадиган "Ройс -Роллс", "Ламборжини" автоуловлари, лимузинлар сотиб олиб, давру даврон сурдилар. Лекин, ўткинчи дунёнинг муваққат, малъун молу матохи бу акамизга вафо қилмади. Ибратланайлик, ақлимизни йиғиб, кўзимизни каттароқ очайлик, азизлар -дейман - деди Турдиқул ямоқчи, тобора ҳолсизланиб. Бу қайғули ҳолатни кўриб ва устозининг табаррук сўзларини эшитиб, Ёдгорнинг хўрлиги келди. У кўзларига қалққан аччиқ кўз ёшларини яширинча артиб, унсиз йиғлаб турган эди, устози уни ёнига чорлади. Ёдгор Турдиқул ямоқчи ётган каровотга яқин келиб: -Ассалому алайкум, устоз -деган эди, овози титраб кетди.
-Ёдгор, келдингми? -деди хорғин овозда Турдиқул ямоқчи, қуриқшаган, тўрлаб кетган  лабларини аранг ялаб.
-Мен уйга кетганим йўқ, устоз. Кечадан бери шу ерда, коридорда ўтирибман. Қалай сал тузикмисиз? Илоҳо, бахтимизга тезроқ соғайинг -деди Ёдгор, кўзларида ёш жовдираб, лаблари титраб.
-Раҳмат, Ёдгор.Биламан, сен менинг садоқатли шогирдимсан. Ичкилик ичганим, қимор ўйнаганим учун жазолаб, Худо менга ўғил ато қилмаганди. Лекин сен ўз ўғлимдай бўлиб қолувдинг. Мабодо ўлиб, нетиб қолсам, дўконни ташлаб кетиб қолмагин. Корхонамизнинг  чироғи ўчмасин, хувиллаб қолмасин. Менинг ишларимни давом этдир. Ишхонани тартибга келтириб, деворларини охак билан оқла. Мен сендан мингдан минг розиман. Қаттиқ қуруқ гапириб, дилингни ранжитиб қўйган бўлсам, сен ҳам мендан рози бўл -деди Турдиқул ямоқчи, ўнтаб, энтикиб, қисқа қисқа нафас олганича.
Унинг гапларини эшитиб, Ёдгорнинг кўзларида жовдираб турган омонат кўз ёшлар дув этиб тўкилди.
-Устоз, ундай деманг. Сиз ҳали кўп яшайсиз.Дўконни биргалашиб юритамиз -деди базўр Ёдгор, жилмайишга ҳаракат қилиб.
-Дўконга ғамлаб қўйилган ортиқча трактор баллонларининг камераларини ямаб, дамлаб, шишириб, қишлоғимиздаги болаларга эҳсон қил. Улар менинг ҳаққимга дуо қилиб, ёз кунлари ўша шиширилган баҳайбат камераларни тупроқ кўчаларда ғилдиратиб, анҳор сувларида, оқиб, маза қилиб чўмилишсин.Кейин сендан яна бир илтимосим, дўконга келган шофёр, тракторчиларга айтгин, мендан рози бўлишсин. Мен аблах, мижозлар кўпайсин деб, йўлларга тунда киши билмас темир тиканакларни ташлаб қўйгич эдим. Қанча қанча автомобилларнинг, тракторларнинг баллонларини шу тариқка тешиб, гунохларга ботганман.Қанча юк машиналарининг балонларини, мотоцикл, мопедлар, велосипедларнинг ғилдирагини бигиз билан тешганман. Кўп камераларни атайлаб, қўлдан ўтар, егасига етар қилиб, яхши елимламай, мижозларни алдаганман. Молу дунё орттириш каби ғаразли мақсад йўлида ногиронлар аравчисининг ғилдирагини ҳам бигиз билан тешган мендек аблах касофатидан яна нимани ҳам кутиш мумкин? Энди у гунохларим учун Худонинг олдида нима деб жавоб бераман?-деди Турдиқул ямоқчи, афсус надомат билан.
Бироздан сўнг у яна давом этди: -Лекин мен,  ўз хизмат вазифасини суйистеъмол қилиб, халқ мулкини ноқонуний йўллар билан ўзлаштирган таъмагир амалдорлар, лаганбардор депутатлар, золимни мақтаб, мазлумни тепалаб, топтаб, давру давронлар суриб, янги раҳбар келгач, ўзи оғзидан бол томиб, мақтаб юрган собиқ раҳбардан юз ўгириб, янгисининг ноғорасига, елка учириб, муқом қилиб, ўйнагувчи ювиндихўр, сохта конгрессменлар каби харом луқмага бўкиб, ҳашаматли иморатлар қурмадимку, халқни алдамадимку.Шунисига ҳам шукр -деди. У яна гапирмоқчи эди, дўхтир кириб, Турдиқул ямоқчининг аёли билан Ёдгорни хонадан хайдаб чиқарди. Эртасига Турдиқул ямоқчи ёруғ дунёни тарк этди.




--------------------------
6 - боб
Эллакуанда Гуллагунга
---------------------------



Турдиқул ямоқчининг жанозасига участковой Ғиёсиддинов тутиб, тергов изоляторига топшириб юборган Собир чўтирдан бошқа деярли барча қиморбозлар келди. Улар ўзаро Турдиқул ямоқчининг тўпиқ отиш бўйича ўзининг алохида маҳорат мактабини яратгани, умрининг сўнги дақиқаларигача қиморбозлик хунарига содиқ қолгани, шу йўлда қурбон бўлгани,  кўзбўямачилар каби усталик билан, у қўлидан бу қўлига шоприб, ҳавода гармондай чўзиб, пириллатиб,  қарта чийлашларини эслаб, кўзларига ёш олдилар. Халойиқ ямоқчининг яқинларига ўз таъзиясини изҳор қилиш учун кўчани тўлдириб, кети узилмай келар, ямоқчининг ўғли бўлмагани учун, Ёдгор эгнига чопон, бошига дўппи кийиб, марҳумнинг сўнги меҳмонларига: -Келинглар, келинглар... Хуш келибсизлар, хуш келибсизлар - дея кўзларида ёш билан мулозамат кўрсатар эди. Эл жанозага саф тортган пайт ҳам жамоатнинг олдинги қаторида, устози ётган тобут ёнида қўл қовуштириб турди. Имом домла жаноза номозини бошлашдан аввал, қавмга юзланиб: -Биродарлар, Маййитнинг биронтангиздан қарзи бўлса, ҳозир айтиб қўйиши, ёки қарзни кечиб юбориши жоиз.Илло, қарзи бор одам, қарзини тўламай дунёдан ўтса, Худо ўзи сақласин, дўзах аҳлларидан бўлиб қолишлиги ҳеч гап эмас. Негаки, у дунёда олтин, кумуш, доллар деган нарсалар йўқ. У ёқда фақат савоб билан муомала қилинади. Қарздор одамнинг тўлашга мўл кўл савоби бўлсаку, хўвала хўп. Бордию савоб халтаси бўм - бўш бўлса, бунинг устига қоп - қоп гунохлари қалашиб ётган бўлса, у бандани Худо урди деяверинг! Биринчидан, унинг ёруғ дунёда орттирган қарзларини тўлашга имконияти бўлмайди, иккинчидан гувиллаб ёнаётган жаҳаннам оловини кўриб, қўрқиб кетган хақдор қарзини олиш учун "Савобидан фалонча берсин" дея туриб олиши мумкин. Бугун мухтарам биродаримиз Турдиқул ямоқчи ҳам чин дунёга равона бўлмоқдалар. Бу инсоннинг биронтангиздан қарзи йўқмиди?! - деди.
-Иштирокчилар орасидан кимдир: -Мендан қарзи бор эди! -деди.
-Қанча қарзи бор эди? -сўради домла.
-Кўпмас, қора бозор курсига чақилса, юз минг дўллер артофида! -дея бақирди ҳалиги одам. Бу гапни эшитиб, қавм нафасини ичига ютганича жўр бўлиб: -Вхуууув! -деб юборди.
-Катта қарз экан. Бу қарзни тўлашга марҳумнинг етарли моли, мулки, сигири, қўй, эчки, йилқи каби чорва ҳайвонлари, биронта шахсий автоулови ёки, бу қарзни тўлашга қодир яқинлари борми? -дея сўради имом домла.
-Аёли, қизлари бор. Лекин қўллари юпқа. Сигир, қўй эчкиларини Турдиқул ямоқчи тириклигида қиморга бой берган.Амал -тақал ҳаёт кечиришади. Уйларида автоулов тугул замбилғалтаклари ҳам йўқ - тушунтирди кимдир.
-Ие, айтгандай, мана, шогирди борку, шогирди! -деди новча бўйли, озғин, кўккўз, лаблари юпқа, оғзи катта, курак тишлари оғзини ёпса ҳам кўриниб тураверадиган одам, нигохи билан Ёдгорга ишора қилиб, одоб билан қўл қовуштирганича.
-Ҳа, шогирд ҳам, фарзанддай гап. Ўша йигит тўлаб қўйсалар яхши бўларди! -қўшимча қилди, бўйи пастаккина, қорни гумбаздай, тепакал, қўллари узун, оёқлари калта бир одам.
Бу машъум гаплардан Ёдгорнинг қути ўчди. У энди: -Э, нега энди мен тўлар эканман?! -дея гапирмоқчи бўлиб турганди, кимдир: -Турдиқул ямоқчининг қарз олганлигини тасдиқловчи тилхат борми? -деди?
Ҳамма хақдорликни даъво қилаётган одам томон ялт этиб қаради.
Хақдор гапира бошлади: -Халойиқ, мен у пулларни Турдиқул ямоқчидан қиморда ютиб олганман.Мен унга: "Зубтехник" бор пулингни ютқаздинг, етар. Насяга ўйнама -дедим, лекин у кўнмади. Натижада шунча қарз гарданига илинди. Лекин, Худонинг гувохлигида, сизларнинг кўз ўнгингизда  мен ўша қарзни кечдим! -деди у.
Бу гапдан Ёдгорнинг ҳозиргина ғам зулмати қоплаган кўнглига ялт этиб ёруғлик тушди. -Э,Худойим ўзинга шукр! Э, ҳайрияте! -деб қўйди ичида, енгил нафас олиб, у.
Жанозага йиғилганлар ҳам хақдорнинг бу гапидан жўр бўлиб гувранди.
-Баракалла, бўтам! Ранжитганни кечириш, қарзни кечиш ҳақиқий мўъминларга ҳос амал. Худо инсофи тавфиқ бергани рост бўлсин. Энди ношаръий амалларни қилишдан тўхтаб, тоат ибодат йўлига ўтсангиз, шу бугун, шу маросимда топган савобларингиз билан, Худо ҳохласа, Жаннатнинг калитини қўлга киритдим деб хисоблайверинг -деди имом домла.
Шундан кейин жаноза ўқилиб, халойиқ Турдиқул ямоқчининг тобутини елкама елка кўтарганича, қабристонгача элтди. Ямоқчининг кафанга ўралган жасади ётган тобут худди тубсиз жар ёқасига келгандай, оғзини катта очиб ютаман деб турган лахад оғзига яқин турган бир маҳал имом домла яна маросим иштирокчиларга ўгрилиб: -Турдиқул ямоқчи қанақа одам эди, биродарлар?! -деди.
Шунда қиморбозлар орасидан кимдир : -Яхши одам эди! Ошиқни яхши отар эди! Турдиқул ямоқчининг сўнмас ҳотираси келажак авлодлар қалбида абадий яшайди! -деб юборди.
-Ҳе, эси йўқ... Ҳозир ҳазил -мазахнинг вақтими? Марҳум биродаримиз Турдиқул ямоқчини охират сафарига кузатаётган пайтимизда ҳам шунақа дейсанми, ярамас?! Ўчир қўлингдаги сигаретни! Ҳамма ёқда хас -хашак, одам бўйи қамиш - қуроқ ўсиб ётибди. Қабристонга ўт -пўт кетиб қолмасин! -деди домла, қиморбозга танбех бериб, норози оҳангда.
Домланинг дуои бадидан чўчиган қиморбоз қўлидаги сигаретни битта бойнинг мармардан қилинган сағанасига эзғилаб, ўчираркан: -Узр, домла бува, биз энди шунақа бир оз оми одамлармиз...Ҳазил ўз йўлигаку, лекин мен марҳум дўстимиз Турдиқул ямоқчининг қимор ўйнаб, ичкилик ичсада, бировни ғийбат қилмаслиги, хасад, фисқу фасод, дилозориликни ёмон кўриши, оқкўнгиллиги, бир қоп ёнғоқдай шалдур шулдир, қувноқ инсон  бўлганини айтмоқчи эдим! Ўз хизмат вазифасини суийстеъмол қилган коррупция, порахўрлик, товламачилик йўллари билан халқ мулкини толон тарож қилиб харом бойлик орттирган айрим мансабдор шахслардан ва уларнинг разил гумаштаю ҳамтовоқларидан Турдиқул ямоқчининг ўлса, ўлиги ортиқ! -деди.
Ниҳоят, Турдиқул ямоқчи жойига қўйилди. Ёдгор халойиқ билан кўчага чиқаркан, ўзича устозининг порлоқ ҳотираси учун туникага ёзиб бўлса ҳам, бирон белги қўйишни юрагига тугиб қўйди. Эртасига марҳум устозининг ҳотирасига тўрт қаторли эпитафия ёздириш учун тужжорлик дўконидан яримта ароқни сотиб олиб, дарвеш шоир Мўмай Даромад  ёлғиз бир ўзи яшайдиган дарё соҳилидаги ташландиқ кулба томон жўнаб кетди.Бу маҳал қуёш пахтазорлар ортига ботиб, шом сукунати бепоён осмон парашютида заминга оёқ учида оҳиста қўнаркан, пода йўлидан уйга қайтаётган сигирларнинг ҳасратли морашлари қулоққа чалинарди. У йўл йўлакай Маҳлиёни ўйлаб кетди. Ўтган сафар шоир Мўмай Даромадга ёздирган мактуби туфайли бошига тушган муаммолар, айниқса, Маҳлиёни ота -онаси, ака -укалари, дугоналари олдида обрўсини ер билан яксон этганини эслаб, ич ичидан ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Шундай изтиробларга тўла хаёллар билан Ёдгор дарё бўйидаги шоир Мўмай Даромад яшайдиган кулба ёнига етиб келди. Сўнг кулба дарчасини эхтиёткорлик билан оҳиста тақиллатди. Бироздан сўнг, ичкаридан шоир Мўмай Даромаднинг овози кела бошлади: -О ёмғир, яна ҳар галгидай ўргимчак инлари осилиб ётган кулбам дарчасининг кир -чир ойнасини қитирлатяпсанми? Яна йўқлаб келдингми, самовий дўстим. Сендан бошқа ким ҳам йўқлаб келарди мени! Сен мени тушунганинг каби, мен ҳам сенинг нима деб, шивирлаётганингни тилмочсиз  тушунаман. Дов - дарахтни, борлиқни ва, ташқарига чиқсам, мени ҳам циркдаги хайвон ўргатувчининг узун қамчиси каби қарсиллагувчи совуқ хивичларинг билан аёвсиз савалайсан, савалаб, яна ўзинг дераза ойналарини кўз ёшларинг билан ювиб, юм юм йиғлайсан. Йиғлайсану, менга бу телба дунёнинг шоирлар ҳохиш иродасига том тескари эканлигини англатмоқ учун, тубсиз кўлмакларда борлиқ оёғини осмондан қилиб кўрсатасан... -дер эди у. Лекин, эшикни очгач, остонада турган Ёдгорга кўзи тушиши билан шоир Мўмай Даромаднинг ярқ этиб, чиройи очилди. Ташқи кўриниши телбаларни эслатгувчи дарвеш шоирнинг қалин кўзойнак линзалари ортида катталашиб, бақрайгандай кўрингувчи, донишмандлик яшриниб олган кўзларига юмшоқ, майин табассум ийди. -Ва алайкум ассалом. Ҳа, бу сенми? Бўрини ўйласанг қулоғи кўринади деб тўппа тўғри айтишган экан. Боягина сени эсловдим. Ҳа, нега келдинг? Яна ёзган ҳикоянгни кўрсатгани келдингми? -деди у.
-Йўқ, шоир оға.Бу сафар бошқа иш билан келдим. Хабарингиз борми, йўқми, кеча устозим Турдиқул ямоқчи вафот этдилар. Шунгааа... -тушунтира бошлади Ёдгор.
-Ҳаааа, тушунарли, тушунарли. Менга қара, мабодо устангнинг вафоти ҳақида газетага некролог ёздиргани келган бўлсанг, тезда бу ердан туёғингни шиқиллат. Мен сенга журналист эмасман - деди шоир Мўмай Даромад, олдиндан огохлантириб.
-Мен, устозимнинг қабрига ўрнатилгувчи тунукага шеър ёздирмоқчи эдим.Қисқа, тўрт қаторгина. Шеърда кўпроқ ямоқчиликка ҳос сўзлар ишлатился , мақсадга мувофиқ бўлар эди -дея гапни тўғрилади Ёдгор, қўйнидан газетага ўроғлиқ яримта ароқни чиқариб.
-Ҳа, аввалроқ шундай демайсанми... Тошбитик бутунлай бошқа гап.Инсон ҳаёти, жисму жасади муваққат, аммо ҳотира абадий.Худди Сибирдаги Култегин, Билка хоқон боболаримизнинг тошларга битилган зафарномалари - Ўрхун - Энасой ёдгорликлари каби - деди шоир, Ёдгорни ортидан эргаштириб, ичкарига бошларкан.
-Менга "Оби ҳаёт" кетирганинг яхши бўлибди лекин. Қани бўлмаса, аввал бир ўзимизга ўхшаб олайлик. Қуйчи анавиндан... ҳозир мен газаки топаман. Қайдадир шу ерда бир бурда қаттиқ нон бўлиши керак эди... Меҳмон измон келса деб сақлаб қўйган... Ҳа, мана топдим! -деди шоир Мўмай Даромад, ўзида йўқ хурсанд бўлиб. Ёдгор ароқнинг қопқоғини тишлари билан ғажиб, очаркан, шоир Мўмай Даромад лаби учган, дарз кетган жойлари чегаланган пиёлани қўлбола стол устига қўйди. -Қани, қуй. Бу пиёла табаррук. Уни қабрнинг бошидан олиб келганман. Шу универсал пиёлада ароқ ичаман. Сигарет чеккан пайтларим ундан кулдон сифатида фойдаланаман. Шу пиёлада кир совунни кўпиртириб, соқол қиртишлайман. Қани пиёланинг симидан, липиллатиб қуй! -деди шоир, худди сувга чўкмайдиган нарсанинг устига қўнган пашша каби кафтларини бир бирига ишқаганича, байрамона кайфиятда тараддудланиб. Кейин, Ёдгорнинг кўнгли айнимасин дея ўйладими, ҳайтовур: -Ҳазил -деб қўйди. Кейин, қаттиқ нонни болға билан уриб синдириб, бир бўлагини татуировкадан кўкариб кетган чап қўлига, универсал пиёлани эса, ўнг қўлига оларкан, ароқни бир кўтаришда оқ урди. Ароқнинг ўткир таъмидан афтини бужмайтирган шоир, кастимининг сузилиб, йиртилиб кетган енгига бир зум оғзини босиб тураркан, қаттиқ нондан газаки қилди. -Ўҳ, қувирларни ёндириб кетдию жонвор! -деб қўйди, кавшанганича. Кейин давом этди. Кийимларим бир ахвол. Ишонсанг шу бир қатор уст бошимдан бошқа кийимим йўқ менинг. Лекин, уялмайман, ор қилмайман. Гап кийимда эмаску. Отамдан қолган шу кулбада ёлғиз яшайман. Ёлғизлик яхши. Аммо, одамзод ўзининг қачон, қаерда, қай тарзда ўлишини билмайди. Сендан илтимос, мободо мен ҳам устанга ўхшаб, бир кун пўк этиб ўлсам, манабу мен устида ўтирган сандиқдаги қўлёзмаларимни сақлаб, келажак авлодларга етказ. Кастим - шимимни даладаги ёлғиз қўриқчига кийдириб, ботинкаларимга тупроқ тўлдириб, уларга гул экиб, қабрим бошига қўярсан -деди шоир. Шишадаги ароқ сатхи яримлагач, шоир Мўмай Даромад "Эллакуанда Гуллагунга" номли ҳали сиёхи қуримаган янги ҳикоясини ўқишга киришди.


"Эллакуанда Гуллагунга"
(Ҳикоя)

Борлиққа осуда оқшом сукунати қўниб, ой дарчаларга ҳайрат билан оҳиста мўралаётган пайт, дарё ортида хорғин акиллаётган итларнинг овозидан омонат юлдузлар сувга тутдек дув дув тўкилгандай эди гўё. Ўттиз ёшлардаги баланд бўйли, сочу соқоли қора, ўзи оқ сариқдан келган, мовийкўз, сочлари калта қилиб, кузалган Эллакуанда Гуллагунга ҳар кунгидай 4 ёшли ўғилчаси Минжандамуррани эртак айтиб, ухлатаркан, чироқни ўчириб, худди ботқоқда бақа овлаётган лайлакдек эхтиёткорлик билан оёқ учида юрганича хонадан чиқди. -Ухлаб қолдими? -деди юмшоқ ўринда Эллакуанда Гуллагунгани сабрсизлик билан кутиб ётган хотини, Лаваннаямбуа. У гўзал аёлнинг тим қора, майин, бир қучоқ  сочлари оппоқ пар ёстиққа дарёдай ёйилиб ётарди. Эллакуанда Гуллагунга "Ҳа" дегандай, бош ликиллатиб, аъло кайфиятда ўзини ўриндиққа отаркан, хотинини қитиқлаб, қийнаб, узоқ эркалади. Охири эр -хотин чарчаб,  анчагача ухлолмай, ўтмишни, ойдин кечаларни, олис учрашувларни эслаб, суҳбатлашиб ётдилар.
Нақадар бахтлимиза, Эллакуанда Гуллагунга! - деди Лаваннаямбуа, деразага мўралаганича хонага ўзининг сутдек шуълаларини тўшаётган ойга ўйчан термулиб.
-Ҳа, нимасини айтасан! Илоҳо, бахтимизга кўз тегмасин. Яхшиям ўша кеч тўфон кўтарилиб, сузувчи томорқамиз боғланган дарахтни қўпориб, уни мен ётган кулба билан қўшиб очиқ океанга суриб кетгани. Эрта билан ўрнимдан турсам, кулба чайқалиб кетди.Ё бошим айланяпти, ё ер қимирлаяпти дея ўйладим. Кейин, аста бориб, кулба эшигини очсам, сузувчи томорқа лопиллаган океан тўлқинлари устида, гоҳ кўтарилиб, гоҳ пастлаб оқиб кетаётган экан. Чор тараф сув. Сув саҳросига қараб, қирғоқ тугул, шарқу шимол, жануб ва мағриб қаёқдалигини аниқлаш мушкул эди. Бир куни тонга қуёшнинг кўтарилишига қараб, шарқни, ботаётган маҳал ғарбни аниқладим. Лекин, бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмаслигини ўйлаб, қайғуга ботар эдим. Баъзан сузувчи томорқа теварагида сузгичлари билан сувни шудгор қилиб, айланаётган қонхўр акулалар галасини кўрардим ва кулба томида чиқиб, бор овозим билан бақириб, қулимдаги қозонни кафгир билан уриб, тақирлатиб уларни хайдар эдим. Тўғри, акулалар вахший махлуқлар.Лекин мен, кўпроқ китлардан қўрқардим. Негаки, у ҳайбатли жониворлар ҳавога сакраб, думи билан урса, сузувчи томорқани кулба билан қўшиб сувга ғарқ қилишлари мумкин эдида. Қўлимда компасим йўқлиги айниқса панд берди. Устига устак, мен мунажжимлик илмидан ҳам бутунлай бехабар эдим. Мисол учун, кечалари бошим узра порлаётган чўмич юлдузи, ёки бошқа юлдуз туркумларига қараб, йўналишни белгилай олмасдим. Боз устига сузувчи томорқанинг елкани йўқ эди. Денгиз сувини буғлатиб ичиш, балиқ овлаш каби оғир шароитларда ҳам яшай олиш сирларини ёшлиикдан пухта эгаллаганим, узоқ вақт океанда тирикчилик қилиб, ўлмай қолишимга ёрдам берганди ўшанда. Айниқаса, сузувчи томорқага экилган сабзавот ва полиз экинларининг борлиги менинг ҳаётимни сақлаб қолди. Бир куни яна дахшатли тўфон кўтарилиб, кулбанинг томини учириб кетди. Ўшанда бошимга нимадир қаттиқ урилдию, кўз олдим қоронғилашди. Кейин, бундай кўзларимни очсам, океан қиғоғидаги қумлоқда сув ости ўтларига ўралашиб ётган эканман. Қирғоққа югурган мовий тўлқинлар оёқларимни ялар ва яна ортига қайтар, чағалайларнинг жўр бўлиб чийиллаган овозлари, океан шовқинига қўшилиб, қулоқни батанга келтирар эди.Кейин, тасодифан сен келиб қолдинг -деди Эллакуанда Гуллагунга, хотинини бағрига босганича. Бу маҳал боғ томон очилган деразадан юлдузлар кўриниб ётар, чирилдоқларнинг гоҳ босиқ, гоҳ баланд товушлари ҳукмрон ойдинлик қаъридан жўр бўлиб куйлаётган соҳил бақаларининг шивирлаётганга ўхшаш овозлари қулоққа элас элас чалинар, қайдадир ит хорғин акиллар эди. Шу тариқа суҳбатлашиб ётиб, эр-хотин ўзларининг қандай уйқуга кетганларини ҳам сезмай қолдилар. Ниҳоят, Эллакуанда Гуллагунга уйғонди. Уйғондию нотаниш манзарани кўриб, аввалига ҳайрон бўлди, кейин эса, қўрқиб кетди. -Ие, бу қанақаси? Мен қаердаман?! -деди у шоша -пиша ўзига ўзи. Кейин, ўсиб, елкасига тушган сочларию кўксини қоплаган пахмоқ соқолини пайпасларкан: - Хотиним Лаваннаямбуа билан ўғлим Минжандамурралар ҳазиллашиб, менга парик кийдириб, иягимга соқол мўйлов ёпиштириб қўйибди шекилли -дея ўйлади. Шундай фикрлар билан Эллакуанда Гуллагунга сочларини ва соқол мўйловини астойдил тортқилаб кўрди. Улар парик ё сохта соқол мўйлов эмас, ўзининг соч -соқоли эканини англаб етгач, дахшатга тушаркан, сакраб ўрнидан туриб кетмоқчи эди, қувватсизликдан оёқлари қалтираб, ўринга  қайта йиқилди. Эллакуанда Гуллагунга қорни билан судралиб, эмаклаб бўлса ҳам кўзгуга яқин борди. Кўзгуга қараб, ўз кўзларига ишонмади. -Ё Раббий, менга нима бўлди?! Тушимми ё ўнгимми?! Ахир кеча уйқуга кетишдан аввал ҳам соч -соқолим нефть каби қоп -қора эдику! Ҳатто қошларим ҳам оқариб кетибди. Белим букчайиб, терим халтадай осилиб, манглайимга, юзларимга, ажин тушиб, бужмайиб, тиришиб, қоқсуяк қўлимнинг бармоқлари бамбук таёқчаларига ўхшаб қолибди. Ё пирай, одамзод ҳам бир кечада шу қадар қариб кетадими?! -ўйлади у дахшат ичра. Сўнг шоша пиша хотинини чақирди: Лаваннаямбуа! Севгилим, қаердасан! Менга нима бўлди?!.. Қайдасан?! Келақолсангчи! Ҳой ким бор!
Унинг овозини эшитиб, хонага сочлари пахтадек қув оқарган кампир югириб кирди. Сўнг ўрнидан туролмай ётган Эллакуанда Гуллагунгани қучоқлаб бағрига босганича йиғлаб юборди. -О, Эллакуанда Гуллагунга! Уйғондингми, азизим?! Худога шукр, Худога шукр!  -дер эди у нуқул.
-Сиз кимсиз? Нега мени қучиб, йиғлаяпсиз? Менинг хотиним Лаваннаямбуа билан ўғлим Минжандамурра каерда?! -деди Эллакуанда Гуллагунга, кампирнинг қучоғидан чиқиша ҳаракат қилиб.
-О, Эллакуанда Гуллагунга, наҳотки мени танимаётган бўлсанг?! Бу мен, турмуш ўртоғинг  Лаваннаямбуаман! Гап шундаки, сен ўша кеч ухлаганингча бугун, орадан роппа роса эллик йил ўтгач уйғондинг! -деди, қон йиғлаб, сочлари қордай оқарган, тишсиз ияги деярли бурнига тегиб қолган кампир.
-Ё, Парвардигор! Наҳотки шу айтилаётган гаплар ҳақиқат бўлса! Шунақаси ҳам бўладими?! Ёки бу нарсаларни тушимда кўряпманми? - оҳ чекди Эллакуанда Гуллагунга.
-Тинчлан, азизим, тинчлан! Сенга ҳаяжонланиш мумкин эмас! Сен узоқ йиллик литаргик уйқуни бошингдан кечирдинг -деди Лаваннаямбуа, ҳамон севикли эри Эллакуанда Гуллагунганинг пахмоқ соч -соқолли бошини кўксига босганича йиғлаб.Шу пайт хонага соч соқоли оқарган мўйсафид кириб келаркан, Эллакуанда Гуллагунга: -бу одам ким? -деди.
-Бу ўғлинг, ўша 4 ёшли, сен эртак айтиб ухлатган Минжандамурра -жавоб берди Лаваннаямбуа, ийманиб турган ўғлини чорлаб, кўзлари тўла севинч ёшлари билан.
-Ўғлим, Минжандамурра! Бу сенмисан?! -деди Эллакуанда Гуллагунга озғин, ҳолсиз қўлларини ўғли томон чўзиб, хирқироқ овоз билан йиғлаганича.
-Дада... -деди зўрға, йиғидан овози бўғилиб, кўз ёшлари дувиллаб тўкилганича  Минжандамурра. Шундан кейин учовлон бир бирларини қучоқлаб, узоқ йиғладилар.
Дарвеш шоир Мўмай Даромад шу тарзда ўз ҳикоясини ўқиб тугатар экан, ароқдан яна бир пиёла қуйиб, ичдида, қаттиқ нон бўлагини газаки қилди. Сўнг, кавшаниб, Ёдгорга: -Қалай? -деб қўйди.
-Воҳ, зўр ҳикоя экан - жавоб берди Ёдгор. Шишада ароқ тугагач, шоир Мўмай Даромад, ўзи вада қилганидай, буюртма эпитафияни ёзиб берди. Ёдгор ҳайрлашиб, ташқарига чиқар экан, то уйига етиб боргунича Мўмай Даромад ёзган ҳикоя таъсиридан чиқа олмади.



7 боб
Туманли далалар қўшиғи



Турдиқулнинг кафани кир бўлмай туриб, давлат балансида бўлган ямоқчилик дўконини бузиш тўғрисида  туман ҳокимлигининг қарори чиқди. Шундан кейин Ёдгор асбоб ускуна, дов -дастгохларни кўчириб, устозининг ишларини уйда давом этдирадиган бўлди.Мижозлар сони аввалгидай кўп бўлмасада, Ёдгор бир ўзи бўлгани учунми, иш етиб ортар, севимли машғулоти китоб ўқишга ҳам вақт топилар эди. Бу пайт кеч куз баргрезон боғлардаги сўнги япроқларни қоқиб, дов дарахт новдаларини ялонғочлаб улгирган эди. Шундай кунларнинг бирида Ёдгорнинг отаси: -Мен 2 -бригада пахта даласидан 20 та агат (ғўза қатор ораси) культивацияланган ғўзапоя олиб қўйдим. Дала шийпонининг орқа томонидаги баҳайбат яккаттут ёнига бориб, одамлардан сўрасанг, бизга ажратилган агатларни кўрсатиб қўяди. Ҳаво жаҳоннинг борида ғўзапояларни тезроқ тўплаб, дасталаб, боғлаб, уйга олиб келиш керак. Ёғингарчилик бўлса, ғўзапоя ташийдиган тракторлар лойга ботиб қолади ва ғўзапояларимиз баҳоргача далада қолиб кетиши мумкин. Ғўзапоя бўлмаса, қишда ўчоққа нимани ёқамиз? Газ қувирларда ҳаводан бошқа нарса йўқ. Бунинг устига қишин ёзин ҳар куни икки соатгагина электр токи беришса -деди, тилининг остига нос отиб. Ёдгор хўп деб онаси йўлхалтага жойлаган егуликлар билан термосдаги чойни, ўроқни ва ғўзапояни боғлаш учун махсус қирқилган симларни кўтариб, туманли далалар томон жўнади.Ўзи Ёдгор болаликдан кузги таманларни, сукунат ҳукмрон боғларда қаҳрли қағиллаётган қарғаларнинг овозини яхши кўради. Қарғаларнинг кузги туманларда қағиллаши қишнинг яқинлигидан, хадемай қор ёғиб, далаларни, боғу роғларни қорли сукунат қоплашидан дарак бераётгандай, Ёдгорнинг юрагида қандайдир ботиний орзиқиш, қувонч туйғуларини уйғотади.Қор ёғса, табиат худди китобхонлар бир бирларига халақит бермаслик учун китобларни ичида ўқийдиган, осуда сукунатга чўмган кутубхона каби илоҳий сукунат қаърига ғарқ бўлади.Куз пайтлар ёнингдан ўтиб кетаётган йўловчини таниб бўлмайдиган қуюқ туманларда бир ўзинг дайдиб, ёзғиз, яёв, бошинг оққан томонга кетаверсанг, кетаверсанг, кетаверсанг, кўз ёшларингни ҳеч ким кўрмаса -дея ўйлаб қўяди баъзан Ёдгор. У шундай хаёллар билан 2 -бригада даласига етиб борган маҳал культиватор  ёрдамида илдизлари қирқилган ғўза поялари узун агатлар узра бир текисда ёнбошлаб ётар, уларни одамлар ўроқ билан дасталаб тўплар, кейин бу стратегик аҳамиятга эга энергия мабаини сим ё каноплар билан белидан боғлар, боғламларни трактор араваларига юклаш қулай бўлиши учун 20 -30  боғламдан қилиб ғарамга босар эдилар. Ёдгор дадаси айтган дала шийпони ортидаги баҳайбат яккатут ёнига келган маҳал далада ғўзапоя тўплаётган Маҳлиёга кўзи тушдию, ҳаяжондан юраги алланечук бўлиб кетди. Маҳлиё қўшиқ хиргойи қилганича астойдил ғўзапоя тўплар, у шу қадар берилиб қўшиқ куйлардики, ҳатто шундоқ яқинида турган Ёдгорни ҳам сезмасди. Ёдгор Маҳлиёнинг бу қадар маҳорат билан қўшиқ куйлай олишини ҳатто ҳаёлига келтирмаган эди.

Кўзингга тани нотавоним фидо,
Равонбахш лаълингга жоним фидо.
Лабинг ранги олинда қоним сабил,
Қадинг жилвасига равоним фидо.

куйлар эди у, тамом ўзини унутиб.
Ёдгор қўшиқни жон қулоғи билан тинглар экан, Маҳлиёнинг акалари бу яқин атрофда йўқлигига ишонч ҳосил қилди. Чунки, акалари ёнида бўлса, у бунчалик бемалол яйраб ашула айтолмас эди. Теваракда унинг ота онаси ҳам кўринмасди. -Демак, у ўзи ёлғиз -хаёлидан ўтказди Ёдгор. Қўшиқ якунига етгач, Ёдгор севган қизини чўчитиб юбормаслик учун аввал шарпа қилиб, томоқ қирди. Кейин: -Хорманг, Маҳлиё! - деди, оғзи қулоқларига еткудай жилмайганича. Махлиё ғўзапоя тўплашдан тўхтаб, белини  ростлар экан, Ёдгорга ўгрилиб қаради. Сўнг: -Аа, сизми, Ёдгор? -деди, жилмайиб, уялганидан юзлари қизариб. -Ҳа, мен. Лекин қўшиқ айтишни ҳам ёрар экансиз. Ижро маҳоратингиз профессионал қўшиқчиларникидан кам эмас. Мактаб ҳаваскорлик тўгарагида қўшиқ айтганингизни сира эслай олмайман. Шунақа истеъдодингиз ҳам бор эканда а? Овозингизга гап йўқ лекин-деди Ёдгор.
-Қўйсангизчи, менда овоз нима қилсин. Шунчаки ҳаваскорман. Баъзан ушнақа ёлғиз қолган кезларим қўшиқ хиргойи қилиб тураман. Жуда мақтаб қолдингиз, тинчликми ? Ё, яна биронта ишқий мактуб олиб келдингизми? -дея кулди Маҳлиё.
-Йўқ, Маҳлиё. Энди мактуб ёзиб ўтирмайман. "Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич"  деганларидай, севгимни оғзаки изҳор қиламан қўяман. Ака укаларингиз урса ҳам, ўлдирса ҳам, менга энди барибир. Бир бошга бир ўлим. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дейишадику. Лекин, ўша қилмишим учун ҳануз хижолатдаман ва бунинг учун сиздан кечирим сўрайман. Касалхонада оёғим синиб ётган пайтларим, жисмоний оғриқдан кўра виждон азоби мени кўпроқ қийнаган. Сизни ота -онагниз, ака, укаларингиз , дугоналарингиз олдида уялтириб қўйганим учун ҳали ҳамон ўзимни ўзим кечиролмайман. Ким билади, балки сиз биринчи бўлиб менга мактуб ёзмаганингизда мен жавоб хати ёзишга ботинолмаган бўлармидим - деди Ёдгор, айбдорларча, хижолат чекиб.
-Вой, нималар деяпсиз? Қанақа мактуб? Мен сизга ҳеч қачон мактуб ёзмаганман -деди Маҳлиё.
-Йўғе?! Ахир... ҳайрон бўлди Ёдгор, ишонқирамай.
-Худо ҳаққи. Нега менга ишонмайсиз? Ёзган бўлсам, ёзганман деб айтавераманку. Мен ёлғон гапираманми? - бадтар таажжубланди Маҳлиё.
-Ҳаа, тушунарли... демак синфдошлардан кимдир хатни сизнинг номингиздан ёзиб, менинг китобимга қистириб қўйган эканда... Вой аблахлаааар! Қандай разиллик! -деди Ёдгор.Кейин давом этди: -Мен у мактубни сиз ёзгансиз деб ўйлаб, кўзларимга суртиб, ўпиб, уни қайта қайта ўқийвериб, ёдлаб олибман. Ҳозир у хатни сўзма сўз сизга ёдаки айтиб беришим мукин. Эшитинг.
-Салом, Ёдгорбек! Илтимос, бу хатни ўқиб бўлгач, уни ҳеч кимга кўрсатмай ёқиб юборинг.Гап ўртамизда қолсин. Мен бу мактубни ёзсамми ё ёзмасамми деб жуда узоқ ўйландим ва охири ёзишга қарор қилдим. Албатта, қиз боланинг йигитга хат ёзиши шарми ҳаё деган нарсаларга тўғри келмайди ва уни жуда яхши биламан. Лекин, начора. Бошқа иложим йўқ. Чидаб бўлмас севги азобларидан, тўғриси, итдай қийналиб кетдим. Ёдгорбек, мен сизни севиб қолганман. Сизсиз бу дунё менга қоронғу! Чеккароқ жойда бир четга тортиб, бу ҳақда сизга очиқ айтмоқчи ҳам бўлдим. Аммо, ҳар гал сизни кўрганда тилдан айрилган одам сингари, бирон сўз деёлмай, турган жойимда ҳайкалдай қотиб қоламан. Бу юрак қони билан ёзилган мактубни ўқиб, мумкин қадар тезроқ жавобини ёзарсиз. Бордию севгимни рад этсангиз, сирка ичиб, ўз жонимга қасд қилишдан бошқа чорам қолмайди менинг. Уволимга қоласиз. Чунки,  сизсиз ҳаётимни хатто тасаввур ҳам қилолмайман. Менга раҳмингиз келсин. Мактубнинг жавобини орзиқиб кутаман. Чексиз соғинч билан, сизни деб кузги боғлар хазонидай сарғайиб, тобора ақлдан озиб бораётган Маҳлиё.
Ёдгор ишқий мактуб матнини ёдаки айтиб эшиттираркан, Маҳлиё, худди ерга тушиб синган жанон пиёланинг товушидек жарангдор овоз билан баралла қотиб кулди. Кейин кулавериб, кўзларидан чиққан ёшни кўйлагининг енгига артиб, жиддийлашаркан: -Қойиле! Бунақа ҳатни шоир ёзувчилар ҳам ёзолмаса керак? Товба шунақаси ҳам бўлар эканда?..Лекин, акаларим мени деб сизни калтаклашганида, сизга ачиниб, роса йиғлаганман -деб қўйди.
-Ростданми? -деди Ёдгор, Маҳлиёнинг сўнги гапига ишонқирамай.
-Рост. Энди сиз ёдлаб олган бу тарихий мактубни мен ёзган дея  хисоблайверинг -жилмайди Маҳлиё. Кейин туманда яккатут томон келаётган одам шарпасини сезиб: -Вой, кимдир келяпти -дедида, яна шоша пиша ишга шўнғиди.
Ёдгор то ҳалиги одам ёнидан ўтиб кетгунича серрайиб тураверди. Ниҳоят, йўловчи туманда кўринмай кетгач: -Раҳмат, Маҳлиё! Мени севишингизни билар эдим, юракдан сезар эдим! Адашмаган эканман! Э, Худо, ўзинга шукр! Қувончим ичимга сиғмай кетяпти!Энди бу дунёда мендан бахтлироқ одам йўқ! Мен энди ҳеч кимдан қўрқмайман ва сизни ҳеч кимга бериб қўймайман! Сизни ноҳақ ранжитган одамни, ким бўлишидан қатъий назар, ўлдираман! Сиз учун ҳали қамалиш экан, хатто ўлиш ҳам мен учун шараф! Бояги севги ҳақидаги қўшиқни яна айтинг, Маҳлиё! Ўша қўшиқ севгимизнинг гимнига айлансин! Мен энди бу қўшиқни "Туманли далалар қўшиғи" дея атайман  -деди, узида йўқ, хурсанд бўлиб, Ёдгор.
-Вой, қанақа одамсиз?! Секинроқ гапиринг. Одамлар эшитса нима деб ўйлайди? Ундан кўра ғўзапоянгизни тўпласангизчи. Мана шу бизга қўшни агатлар сизларга қарашли -деди Маҳлиё.
-Қўшиқ айтиб бермасангиз, ғўзапоя ҳам тўпламайман! -деди Ёдгор.
-Хўп, айтиб бераман -деди Маҳлиё. Сўнг қўшиқ айтишни бошларкан, Ёдгор ўроқ ёрдамида ўзларига қарашли агатларда ётган ғўзапояларни дасталаб тўплашга киришди. Улар шу тариқа қўшиқлар оғушида узоқ ишладилар. Ишлайвериб, чарчаган Ёдгор белини ростларкан: -Маҳлиё, қорин очиб, пиёзнинг пўсти бўлиб кетдию! -деди. Сўнг, агатлар бошида қолган егуликлар билан термосдаги чойни олиб келди. Кейин, севишганлар остларига бир боғламдан ғўзапояни тўшаб, иштаха билан овқатланиб, чой ича  бошладилар.
Чойни ичиб бўлиб, дастурхонни йиғиштиришаркан, кутилмаганда Маҳлиё: -Вой дод! -дея бақириб юборди.
-Ҳа, нима бўлди?! -деди Ёдгор, сергакланиб.
-Каламуш! - ортига тисариганича бақирди Маҳлиё.
Ёдгор ғўзапоя боғлами остидан чиқиб қочган катта каламушни кўрди ва ҳаяжон ичра уни қувлай бошлади. Каламуш саросима ичра яна Маҳлиё тамонга қараб қочди. Қўрқиб кетган Маҳлиё, додлаганича ўзини Ёдгорнинг қучоғига отди.
-Қўрқманг, қўрқманг! Мен унақа каламушларнинг думидан ушлаб, ерга уриб, ўлдираман!.. Қўрқманг... - деди Ёдгор Маҳлиёни махкам бағрига босганича. Бу маҳал уларнинг юзлари бир бирига тегиб, нафаслари туташди.
-Қўрқма, нега қўрқасан, асалим? -деди Ёдгор қўрқувдан ҳамон дағ -дағ қалтираётган Маҳлиёни, ўзи билмаган ҳолатда сенлаб, бағрига босиб, сочларидан силаб, эркалаб. Шундан кейин, улар кузги туманда узоқ ўпишдилар. Кечга томон иковлан ўтли бўсалардан сармаст ҳолда қишлоққа қайтдилар. Лаб бўёқ хиди анчагача Ёдгорнинг димоғини тарк этмади.




---------------------
8-боб
Шаҳарлик мижоз
---------------------




Кимсасиз,  бўм -бўш кузги дала этагида ёлғиз қолган қўриқчи  дарё ортида дупур дупур чопганича узоқ узоқларда фарёд чекаётган, чинқираётган темир йўлнинг пўлат саманига узун енгларини шамолларда хилпиратиб қўл силтаётгандай.Ташқарида кузги изғирин. Ёдгор дўкондаги печкага керосин шимдирилган таппини қалаб, ёқиб, оловга ўйчан термулганича исиниб ўтирган эди, кимдир дўкон эшигини тақиллатди. Ёдгор эшикни очган маҳал, остонада нотаниш одам турар, унинг оёқлари остида автомобил баллони ётарди.
-Э, ассалому алайкум, уста! Ҳайғият дўконда экансиз.Шу йўлда кетаётсам, мошинами баллони тешилиб қолса денг.Мих -пих киғиб кетганми, Худо билади. Тешилган баллон билан хайдаб шаҳағга кетавеғай десам, ғилдиғакди диски қийшайиб кетадими деб қўғқаман.Бунинг устига шаҳарға узоқ -деди мижоз, "Р" товушини талаффуз қилишга қийналиб, Ёдгорнинг кўзларига умидвор қараганича.Унинг нигохидан "ишқилиб уста вақтим йўқ демаса бўлди" деган ҳавотирни англаш мумкин эди.
Ёдгор мижоз билан кўришиб, салом аликдан сўнг, уни дўконга таклиф қиларкан: -Ҳозир текшириб кўрамиз, ака -деб қўйди.
-Э, кам бўманг, ука.Аксига олиб, заҳиғадаги ғилдиғекдиям, ел уғгич насостиям  уйда қолдиғип келўғиппан.Бу қишлоқ қиғимда автомобиллағга хизмат кўғсатедигон устахоналағ йўқ, энди нима қиламан -деб туғсам, биттаси сизи хусусий ямоқчилик дўкониз ҳақида айтиб қолди, бағака топкуғ -деди мижоз, баллонни ғилдиратганича дўконга олиб кириб. Кейин гуриллаб ёнаётган печка қувирига қўлларини тутиб, исина бошлади. -Оҳ! Шунақа изғиғинли кунлағда олов жонвоғди тафти жонди ғоҳатида! Агағ олов бўмасаче, инсоният ёппасига қишда музлаб қолағитти. Яхшиям Пғаметей дўзахдан шу оловди ўғиллаб кеганакан. Мен ҳағбий хизматти совуқ ўлкалағда ўтаганман, ука. Шимолий муз океанида!Моғяк бўлганмизда биз, ҳайги, нима десам бўлади... матғўс. Э, совуқ қғиғ беш, гоҳида эллик дағажага чиқиб кетади, ишансез.Шамол бўғини сингағи увиллаб, қулоғизии учиғаман дейди. Казағмада матғўслағ, мичманлағ, адмиғаллағ печкада исиниб: -Оооҳ, Ташкеееент! -деб қўйишағитти. Бошқа халқ вакиллағи сизи юғтизи номини айтса, ғалатиўпкетағакансиз одам. Сеғқуёш Ўзбекистонда туғилганимга фахғланиб кетағиттим. Сизга ёлғон, менга чин,ташқағида туф деб тупуғсенгиз, туфугиз музлаб, еғга так этиб тушади. Атғофда муз билан қоғ, оқ айиқдан бошқа неғса кўғинмейди. Узоқ узоқлағда атом музёғағ кемалағи Ўўўўўўўўўўўў! деп бўкиғмаса, шомол ғувилламаса, тевағек ўликхонани сингағи жим жит. Зеғикиб кетасиз одам. Биз матғўс болалағ қалин пўстинлағга ўғаниб, оёқлағга валинкалағди кийволиб, телпегди қулағини тушиғиб, ғеактивний хағбий самолётлағди қўғиқлағиттик. Совуқ шомолдан беғкиниб, баъзан денг, самолётти фюзеллажига қиғиб, ётағиттим. Битта ўғис миллатига мансуб қуғолдошимиз фюзеллажнинг ичида ухлаб қоғанакан, учувчи уни кўғмай, мотоғди ўтатвоғганда куйиб, жизғанак бўлиб ўлган, ғахманлик - деди мижоз.
Ёдгор ишдан ажралмаган ҳолда мижознинг гапларини тинглар, баллонни бозғон билан уриб, дискдан ажратиб, ускуналар ёрдамида камерани чиқаришга уринарди. Ниҳоят у камерани чиқариб, дамлаб, уни сувли идишга соларкан, чиқаётган пуфакчаларга қараб, тешикни аниқлади. Кейин, тешилган жойни қумқоғоз билан шилиб, ямай бошлади.
Мижоз яна гапиришда давом этди: - Ҳозиғ энди вилоят электғ тағмоқлағи коғхонасида электғик бўлиб ишлейман. Биғ куни, шунақа совуууқ қишли қиғовли кунда, бошлиғимиз хағамидан бўған Комсомолободга боғиб, электғ линиялағди тепшиғиб келмасак бўлмайди дейдида, қағенг.Совуууқ, тумааан.Биғ метғ жой ағанг кўғинади. Электғик боллағ ҳаммамиз капалик гғузовой мошинанинг ағавасига чиқвоганмиз.Бошлиғимиз хағамидан бўған ҳалиги капалик мошинани каминкасига киғвоған. Биз ағавада кетяпмиз, совуғда гилдиғаб, тишлағимиз такиллаб. Шўпиғ болаям сал жинниғоғийди, гғузовой мошинани тусмолдан катта тезликминан хайдаб кетяпти. Туманда битта яғимта симёғочка боғиб уғилса, ё биғонта хандекками, жағликками ағанаб кетсак нимўлади деб қўғқамиз.Шамолда одамди нафас олишиям қийин бўлағакан. Кетяппмиз, қалтиғаб, қақшаб.Совуууқ, тумаааан. Биғ метғ жой ағенг кўғинади. Комсомолободга боғгунча, энамизи кўғиб қолай дедик. Биғ маҳал мошина кааатта йўлди ўғтасида тўхтаб, бошлиқ каминкадан чиғиб: -Қодиғжон, сиз мошинадан тушиб, то биз қайтиб кегунимизча, шу электғ линиялағди кўздан кечиғиб, тепшиғиб  чиқасиз -деса бўладими? Энди, ғахбағди ҳўкми ҳўк. Тоғтишиб, тутун қайтағсенгиз ишдан хайдавоғади. Қишти кунида иш истаб қайгаям боғасиз? Ишламасез, ғўзгоғди ит қувиб кетади. Хўп деп паска тушдим. Шўпиғ бола ғўлга ўтиғиштан олдин биғ бутилка ағағди ўзи ичвоғанаками, билмийман. Матўғди гуғғ эткизиб, юғгизиб, хайдаб кееети.Гғузовой мошина жонвоғ биғ зумда қалин туманда кўғимме, кўздан ғойиб бўлди. Энди, ўзиз биғ мундей тасаввуғ қилинг, Комсомолобод чўли биёбон. Ўн километғ тевағекда уй йўқ. Чўлди ўғтасида туғибман. Совуууқ, тумааан.Биғ метғ жой ағанг кўғинади. Атғоф қабғистонди сингағи жим жит. Туманда бўғи мўғи ғажиб кетса нима қиламан деб ховотиғланаман, қағенг. Белимда камағга махкамланган занжиғ. Оёқлағимда симёғочга чиқадиган темир чангак. Этигими қўнжида атвёғтка билан омбиғла. Чўнтагимда изолента билан чўнтак фонағ. Охиғи тепага чиқиб, ухлаб нетиб қосам, йиқилиб тушмейин деб, ўзими ўзим симёғочка занжиғминан байладим.Совууууқ, тумаааан. Биғ мерғ жой ағанг кўғинади. Симёғочга чиқволиб, бадтағ совқотиб кетдим. Унақа пайтлағда мияга ҳағ хил фикғлағ келўғакан, ука. Ҳозиғ бита ямта ажина кафтлағини оғзига кўвача қилиб, узоооқдан: - Қодиғжонууууу! - деб чақиғса, "ҳа!" дейишим билан оғзим биғ томонга қийшайиб қосая -деб ўйлаб, қўғқувдан танам жимиғлаб кетди. Шеғиклағдан дағек йўқ. Улағ келгунча, ишонсез, совқатиб,музлаб қолай дедим. Шунақа гаплағ, ука. демоқчиманки, биз электғиклағдиям топган нонимиз ҳалол -дея ҳикоясини якунлади шаҳарлик мижоз.
Бу орада Ёдгор камерани ямаб, махкмроқ ёпишсин учун қисқичга қисиб қўйди.
-Кам бўменг, қўлиз дағт кўғмасин, ука. Айткандей, атиз нимейди?  Ҳа, Ёдгоғбек. Устасига осонта. Биғ зумда ямаб қўйдиз. Қўлизда гулде хунағиз боғакан. Энди, ҳағ ишти ўзини устаси бўлатта. Мана мисолчун, сиз ичўчигди тескағи айлантиғаман деб, атветкани симлағга теккизсенгиз, қиска туташув бўлиб, ичўчигдан "дзбздзеғжински!" деп поғтиллаб, сизи уч тўғ метғ жойга улоқтиғмеди деган гағантия йўғда -деб қўйди мижоз яна.
Шу маҳал ташқаридан аёл кишининг овози келди.
-Ёдгорбек, болам, тушликка шўрва пишиб қолди, қорнинг ҳам очгандир?!
Ёдгор эшикни қия очиб: -Аяжон, иложи бўлса иккита косада узатворинглар шўрвани. Меҳмон акамиз ҳам борлар! -деди.
-Хўп, болам -деди Ёдгорнинг онаси.
-Ана, қағенг, ука. Бахтизга бошизда онез боғакан. Оналағ шунақа мехғибон бўлатта. Мениям онам ғахманлик кўкат сўкатлағди, қалампиғлағди, ғайхонлағди солиб, шўғва қибеғағитти. Жуда пазандейди. Охиғатлағи обод бўсин. Мен ўзи яшлигимдан шўғвани яхши кўғаман. Айниқса, қўй ёғи қўй гўштига қилинган бўса. Қаттиқ нонди бўктиғиб есез...
Шу пайт, шаҳарлик мижознинг гапларини бўлиб, ичкарига патнисда нон, икки коса шўрва кўтариб, Еёгорнинг опаси Сайёра кириб келаркан, уялиб, ийманиб мижозга салом берди.
-Ие, ие, ва алейкум ассалом, бағакалла, бағакалла. Анча овоға бўпсизда, қизим. Яшенг -деди шаҳарлик мижоз, Ёдгорнинг опасини зимдан кузатиб.
Сайёра чиқиб кетгач, Ёдгор шаҳарлик мижоз билан суҳбатлашиб, бирга шўрва ича бошлади.
-Опангизми? -деди мижоз, шўрвага бир бурда нонни бўктириб, еб.
-Ҳа -деди Ёдгор.
-Бу сўғаганди айби йўқ, туғмушка чиққаммилағ?
-Йўқ -дея жавоб берди Ёдгор, шўрвани хўриллатиб ичаркан.
-Кўз тегмасин. Жуда ҳаёли, иболи, одобликкина қизакан. Сўғаб, суғиштиғганими сабаби, ўғли бо одамди кўзига қизлағ келин бўлиб кўғинўғағакан, ука. Мениям битта Жўғабек деган ўғлим боғ денг. Шунга келин аянгиз билан келин излаяппиз. Энди шахағлик қизлағам ёмонмас. Лекин қишлағди қизлағи бағибиғ бўлегда.Биғ кун "Заппи" мошинамда келин айез билан биғикита аёллағди совчиликка апкесам бўлағакан. Ажомас, тағдиғ насипта энди -деди мижоз, шўрвани мақтаб, мақтаб ичаркан.
-Ёдгор нима дейишни ҳам билмай, мижознинг гапларига жавобан мийиғиида жилмайиб, елка қисиб қўя қолди.




9 -боб.
-------------
Мамашка
-------------



Бугун ҳар галгидагидан ҳам қуюқроқ туман тушди. Туманда уйлар, дов дарахтлар аранг кўринади. Бундай пайтлар йўлда кетаётган одам,  кўрмай, ўзини симёғочгами ё дарахатгами уриб олиши ва ҳатто уларни одам деб ўйлаб, кечирим сўраши ҳам ҳеч гап эмас. Ёдгор бу ўйчан кузги туманлар, осуда сукунат уйғотган туйғуларини ифодалаб, нимадир ёзгиси келар, лекин ёзолмас, ўз туйғуларини сўз билан ифодалай оладиган дарвеш шоир Мўмай Даромадга ҳаваси келар, ёлғиз яёв сайр қилиб, шу кузги туманлар қаърига сингиб кетишни истарди. Негадир, одамлар назарига илмайдиган, аммо унинг тушунадиган ўша бир четда индамайгина яшаб, бадиий ижод билан шуғилланувчи ягона одам, дарвеш шоир Мўмай Даромаднинг ёнига боргиси, пастаккина кулбада юзма юз ўтириб, суҳбатлашгиси келарди. У шундай қилди. Аввал, яримта ароқни қўлтиқлаб бориш учун асли исми Муҳаммадулло, одамлар эса,  Тилло, гоҳида Дилло деб чақиргувчи тужжорнинг мўъжаз қовоқхонаси томон йўл олди.Дилло ўзи эртадан кечгача ароқ сотиб, пул топсада, ярим тунда маҳаллий майхўрларни ташқарига аранг суриб чиқариб, қовоқхонасини ёпиб, темир панжарали эшикка уч -тўрта қулф осаркан, худди номоз ўқиётгандай ерга астойдил тиз чўкканича, "Оят ал курси", "Палодопи" дуоларини қироат билан ўқир, "Я Роббий, қовоқхонамни турли самовий ва арозий балою офатлардан, томтешар ўғри, алкашларнинг тахдиду тажовузларидан ўз панохингда асрагайсан!Савдо ишларимга ўзинг ривож бергайсан! Омин, Облоху акбар!" дея юзларига фотиха тортаркан, "суф -суф! деб дўконига дам соларди.Ёдгор шуларни ўйлаб бораркан, қалин туманда йўловчиларнинг қадам товушларини эшитар, лекин ўзларини таниёлмас эди. Фақат Диллонинг қовоқхонасига яқинлашгандагина маҳаллий майхўрларни, шиша ғарибларини таниди. Уларнинг баъзилари мастликдан йўлига юролмай, аранг оёқда турар, баъзилари гап талашиб, жанжаллашиб, бир бирига мушт отар, лекин муштлари мўлжалга тегамай, ўзлари чалпак бўлиб, егра юзтубан йиқилар эди. Кимдир қовоқхона олдидаги гулзор панжарасига юкинганича, тилини бармоқлари билан босиб: "бу... умқ... увақ!" дея ўқчир, оғзидан еган ичгани шаршарадек шатир шутур қилиб отилиб чиқарди. Ёдгор ичкарига кирганда, қовоқхонада бир нечта шиша қуллари ғовур ғувир қилиб, суҳбатлашганича ароқ ичиб ўтиришар, биттаси худди лимиллатиб сувга тўлатилган идишдай, тошиб кетмаслик учун бошни деворга тираб, шифтга қараб ўтирар, стакдаги ароқни мажбур ўз оғзига қуяр, сиғмай қайтиб чиқиб, стаканга қуйилган ароқни увол бўлмасин дея яна қайтариб ичар эди. Қовоқхона ичи ароқ ва тамаки хидига тўлган, сигарет тутунида худди қуюқ тумандаги каби майхўрлар бир бирларини аранг танир эдилар. Дилло эса, ўзи бир грамм ҳам ичкилик ичмас, ароқ шишаларини елкасидаги сочиққа артиб, қўли қўлига тегамай савдо қилар, пули йўқ алкашлар насяга ичган ароқлардан хосил бўлган қарзни қўшиб, чатиб, "Кигиз китобга" тиркаб қўярди.Ёдгор Диллога салом бериб, пулни узатар экан: "Яримта ароқ билан икки юз грамм дудланган колбаса берворинг" деди. Дилло алик олар экан: -Менга қара, Ёдгор, сен туппа тузук бола эдингку, нима жин урди? Ёш туриб ичкиликка берилма. Ичкилик ичганни Худо икки дунёда хор қилади. Бир икки ароқ сотиб олганингни кўриб: "Ҳа, энди уйига меҳмон измон келган бўлса" деб қўя қолувдим. Бугун яна ароқ сотиб оляпсан. Эртадан кечгача камир ямаб, эшшакдай ишлаб, топганини тужжорларга топширадиган, қиморга бой берадиган устанг Турдиқул ямоқчи шу ичкилик оқибатида, ароқнинг орқасидан ўлди.Собир чўтир мастликда устангни чавақлаб қўйиб, еттита боласини етим қилиб, ўн йилга кесилиб кетди. Сен бу йўлдан юрма, укам. Дўкон юряптими, дўкон? -деди у, ароқ шишасини елкасидаги сочиққа мохирона ратиб.
Тужжорнинг гапларидан Ёдгор уялиб, хижолат чекканича: -Дилло ака, ҳавотир олманг. Мен ичкилик ичмайман. Фақат иш битқазгани -деди.
-Ҳа, ундай бўлса бошқа гап -деди Дилло. Сўнг ароқ билан дудлама колбосани чиройли қилиб, газетага ўраб узатди. Ёдгор, раҳмат айтиб, ароқ билан колбосани қўйнига жойлаб, ташқарига чиқди. Сўнг туман қоплаган дала йўлидан дарё соҳилидаги дарвеш шоир Мўмай Даромад яшайдиган кулба томон жўнади. Далада бир кампир қўлида хивич билан сигирини излаб юрган экан. Ёдгор туманда ғира шира кўринганича хўрт -хўрт қилиб, ўтлаётган йилқиларни ҳам кўрди. Ниҳоят у дарвеш шоир Мўмай Даромад ёлғиз яшайдиган кулба ёнига келар экан, эшикни тақиллатди. Бироз вақтдан кейин шоирнинг овози эшитилди. -Ие, қизилиштон, ҳалиям жанубга учиб кетмадингми? Иссиқ ўлкаларга учиб кетсанг яхши эди. У ёқларда қалин қарағай ўрмонлари, шамолларда шовуллаб турадиган қайинзорлар бор. Қарағайларни "Дрррр! Дрррр!" эткизиб тақллатсанг, ўрмонда қўзиқорин териб юрган одамлар бир зум тўхтаб, товушинга қулоқ солардилар. Бу ўлкаларда газ ва кўмир танқислигидан одамлар ноилож дов дарахтларни кесиб, ўчоққа ёқиб, тугатишмоқда. Бир пайтлар шамоллар шаштида шаршарадай шовуллагувчи толзор, теракзорларимиз кесилиб, ерларимиз Мўғил даштларидай яйдоқ ҳолга келди. Энди нимани чўқийсан, дўстим қизилиштон! Симёғочни чўқийсанми? Электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари барча қарағайдан қилинган симёғочларни тахта складга сотиб, фойдани арра қилиб, кистага уриб, ўрнига бетон исталбалар ўрнатиб қўйган бўлса... - деди у.
-Шоир оға, бу мен, Ёдгорман! Собир чўтир чавақлаб қўйган раҳматли Турдиқул ямоқчининг шогирди! -деди Ёдгор, ўзини таништириб.
Шундан кейин шоир Мўмай Даромад кулба эшигини очди.-А, сенми? Олдинроқ шундай демайсанми -деди у Ёдгорнинг саломига алик олганича уни ичкарига таклиф қилиб.Улар ичкарига киргач, Ёдгор қўйнидаги ароқ билан дудлама колбосани қўлбола стол устига қўйди.
-Ҳа, ғариб шоирни бир йўқлай дебсанда -а? Газаки ҳам олиб келибсан. Кам бўлма. Мен ҳозир халиги сигарет чекканда кулдон, соқол қиртишлаганда кир совун кўпиртирадиган, уйқу олиб қочятган маҳал кофе қуйиб ичадиган, қабр бошидан олиб келган универсал пиёламни топай... Ҳа, мана топдим... Шоир шундай деб, чегаланган пиёласини қўлбола стол устига қўйди.  Шоир қадах сўзи айтиб ўтирмай, пиёлага симидан қилиб қуйилган ароқни бир кўтаришда оқ урди. Кейин дудлама кулбостидан ғарч ткизиб тишлаб, газаки қиларкан, ароқдан қуйиб, Ёдгорга узатди. Ёдгор ичкилик ичмаслиги айтиб, қўлини қайтараётгани учун шоирдан кечирим сўради.
-Майли, майли, хижолат бўлма.Ичмасанг, ароқни мажбурлаб оғзингдан қуймаманку.Бир хисобда ичмаганинг ҳам яхши. Ичкилик одамни ялқов қилиб қўяди. Хотиранг кўзгуси худди анави пастак дарчанинг кир чир  ойналари каби хиралашади.Майли, сенинг соғлиғинг учун бир ўзим, яккафарёд  ичавераман. Гаплашиб ўтириб, шишадаги ароқ сатхи яримлаган пайт, кутилмаганда шоир Мўмай Даромад дастурхон қилиган газетага термулганича бақириб юборди.
-Ие, буни қара! Газетада менинг "Мамашка" номли ҳикоямни беришибди! Э, яшаворларинг! Адолат бор эканку! Худо ҳохласа, қалам ҳақини олсам, қўйнинг кетига ош қилиб, яримтани ёқиб қўйиб, бир отамлашамиз... -деди у.
-Ҳазиллашяпсизми?! -деди Ёдгор, ишонмай.
-Рост! Мна, қара! Ҳозир мен уни овоз чиқариб ўқийман, сен эшитиб тур. Жуда қизиқ ҳикоя -деди Мўмай Даромад.
-Ҳа, ҳа, қани... -тараддудланди Ёдгор.
Мўмай Даромад ўз ёзган ҳикоясини ўқий бошлади.

Мамашка

Совуқ изғирин кўлмакларни музлатган кеч куз. Тилаволди яна оёғида аранг турадиган даражада ичиб келди. Уни кўриб, шўрлик хотини Гавҳарой қўрқиб, қалтираб, остонада турар, икки қизалоғи унинг этаги ортига беркиниб, қўрқув ичра воқеани кузатар эдилар. Шу пайт ховлига Тилаволдининг сочлари қув оқарган 65 ёшлардаги озғин, қоқсуяк онаси калишларини йўл йўлакай кийганича ховлига чиқди. У шошилишда нимчасини ҳам эгнига илмай, кўйлакчан чиққан эди. Кампир йиғлай бошлади. -Болам, яна ичиб келдингми? Шу ароқ уйинг куйгурни ичмасанг нима қилади? Сен тенглилар беш вақт номозини масжидда қавм билан ўқиб, ҳажга бориб келиб, ҳожи как бўлишди. Ёшинг ҳам бир жойга борди. Мени бунақа қилиб куйдираверма, болам. Мени ҳам боғлаб қўймаган. Кўзимнинг тириклигида камолингни кўрсам дейман -деди у йиғлаб, кўз ёшларини чит кўйлагининг узун енгларига артиб.
-Э, мамашка, насихатларингиз жонга тегди! Менга энди насихатнинг кераги йўқ. Кирадиган ақлим кириб, чиқадигани чиқиб бўлган! Қачон қараса "Ичма-ичма" дейсиз. Ахир бу дунёда шу ароқдан бошқа нима қолди одамни хурсанд қиладиган? Нега энди масжидга боришим керак экан? Қани, айтингчи, мамашка, нега?! Худо менга ўғил бермадику! Манавини мегажинни қумталоқ қўйиб, бошқа биронта ўғил туғиб берадиган аёлга уйланай десам, яна йўлимни тўсасиз! Гап гаштакда дўстларим ўғилларини тиззаларига ўқазиб, мақтаса, менинг етти умрим ерга киришини сиз билармидингиз?! Менинг ўғлим, меросхўрим йўқ! Менинг ичим қонга, зардобга тўлган! Яъни мен ўзимча ичаётганим йўқ! Озгина шу ғам андухларни унутармикинман деб ичаман, мамашка! Ҳозир яна биронта қовоқхонда ароққа коньякни догонка қиламан!Кейин пешланган чилимни хўриллатиб, наша чекиб, қотаман!  -Тилаволди шундай дея чўнтагидан калит чиқариб, гандираклаганича бостирма остида турган кажавали мотоцикл томон юрди. буни кўриб онанинг қўрқувдан капалаги учди. Тилаволдининг хотини қизлари билан изиллаб йиғлай бошладилар. Она ўғлининг йўлини тўсди.
-Қаёққа?! Тўхта, онанг ўргилсин, жон болам, тўхта! Маст ҳолатда матасекл хайдама! Сенга бирон нарса бўлса, мен адои тамом бўламан! Калитни бер! Бу фикрингдан қайт! Кўчалар музлама. Авария бўлиб кетсанг нима қиламиз?!.. - деди ҳамон йиғлаб, она, ўғлига ялиниб, ёлбориб, ўғлининг қўлидан мотоциклнинг калитини олишга ҳаракат қилиб.
-Мамашка, йўлимни тўсманг! Балки мен мотоциклда авария бўлишни ҳохлаётгандирман! Қочинг йўлдан! Тилаволди шундай дея онасини туртиб юборган эди, кампир ерга ўтириб қолди. Тилаволди кажавали мотоциклни бостирмадан олиб чиқиб, калитни соларкан, карбюратор ёқилғи ҳайдовчи қурилмасини бармоғи билан босиб, босиб, бензин келтирди. Сўнг, маторни ўтатиб, эгарга ўтирди.
Буни кўрган кампир югириб бориб: -Унақа бўлса, бирга ўламиз! - дея мотоцикл аравачасига чиқиб, ўтириб олди.Тилаволди аравачали мотоциклни гуриллатиб хайдаганича кўчага чиқаркан, можарони девор ковакларидан кузатиб турган томошага ўч қўни қўшнилар ҳам кўчага отилдилар. Тилаволди мотоциклни капа -капа қилиб, катта тезликда хайдаб борар, хуштак чалиб, қийқириб, кулар, аравачада ўтирган кўйлакчан онаси эса, тутқични махкам ушлаганича, совуқда гилдираб, қақшаб борар, совуқ шамол унинг нафас олишини қийинлаштирар, -Ҳой, жон болам! Секинроқ хайда! Авария бўлиб кетмайлик!  -дея бақирар, ўғлига ялиниб ёлборар эди. Лекин маст аласт ўғил мотоциклни янада каттароқ тезликда хайдар экан, кўчанинг нариги бошига етганда, каскадёрлар каби қаттиқ тормоз босди. Мотоциклнинг кампир ўтирган аравачаси юқорига кўтарилиб, мотоцикл ортга бурилгач, яна  ерга қайтиб тушди. Тилаволди яна газни бураб, мотоциклни хайдашда давом этди. Бу текин томошани кўриб, кўчанинг икки томонини эгаллаган маҳалладошлар кулиб қотар эдилар.Мотоцикл кўчада бир неча марта у ёқдан бу ёққа бориб келгач, Тилаволди катта йўлга чиқди. Бу маҳал озғин, қоқсуяк кампир битта кўйлакда совуқдан қалтираб бораркан: -Тўхта, жон болам!Тўхтаааа! -дея ҳамон ўғлига ялинар эди. Тилаволди тўхташ ўрнига, янада тезликни оширишга ҳаракат қиларкан, онасини қўрқитиш учун атайлаб рулни қўйиб юборди. Шамолда Тиловолдининг кайфи янада ошдими, ҳайтовур у рулни тамоман эсидан чиқариб қўйди ва бошқарувсиз қолган мотоцикл катта тезлик билан ракетадай учиб, йўл четидаги баҳайбат тутга уриларкан, шудгорланган далага ағанади. Кампир ўзига келганда, мотоцикли ғилдираклари осмондан бўлиб, ўғли турпроққа қоришиб ётарди. Буни кўриб, дахшатга тушган она ўзининг жарохатларини ҳам унитиб, оқсоқланганича боласи ётган жойга югирди. -Вой, болам! Ёрдам беринглар! Ким бор! Шўрим қуриб қолди! -дея бақирар экан, кампир титроқ қўллари билан шоша пиша тупроқни ковлаб, ўғлини қучди. Тилаволди ўлмаган экан. Унга жин ҳам урмабди.
-Эй, мамашка, мени тинч қўясизми ё йўқми? -деди у, ялқовларча лабларини ялаб. Кампир ўғлини бағрига босганича йиғлайверди: -Э, Худойимга шукр, Худойимга шукр! Тирикмисан, жон болам?! Илоҳо, ортимда қолгин! Жасадимни судраб, ўзинг тепалаб, тепалаб, кўмгин!-дерди у нуқул. Шу воқеадан кўп ўтмай, она қув қув йўталиб, нафас олишга қийнала бошлади.Ўпкаси қаттиқ шамоллаган экан. Дори дармон кор қилмади.Она оламдан ўтган куни, қўни қўшни югириб чиқаркан, улардан бири йиғлаб: -Нима бўлди, ука?! -деди, меҳрибонлик билан Тилаволдини бағрига босиб, йиғлаб.
Тилаволди кўз ёшларини артиб: -Мамашкадан айрилиб қолдим, ака!.. -дея ўксиниб, ўксиниб, елкаларини силкитиб, узоқ йиғлади.
Дарвеш шоир Мўмай Даромад ҳикояни ўқиб тугатаркан, яна ароқдан тўлдириб қуйиб, бир кўтаришдаёқ универсал пиёлани қоқлади. Унинг қалин кўзойнак ортидан боққувчи кўзларида ёш йилтиллар эди.

 



Холдор Вулқоннинг "Бандаргох" романидан 10 -боб
Совчилар



Гарчанд одам боласининг ейишга нони, яшашга бошпанаси, севикли хотини, бола бақраси  бўлсада, қондириб бўлмас буюк бир етишмовчилик, эхтиёж уни доимо таъқиб этаверади, аёвсиз қийнайверади. Ҳаттоки бойлиги банкларга сиғмайдиган бойлар ҳам айнан шу етишмовчилик туфайли, қийналадилар, азоб чекадилар. Уни ҳарчанд тежаб ишлатсангиз ҳам, барибир етишмайди. Қани энди у олтинданда, олмосданда қиммат ва қахат, бебаҳо, нарсани қимматбаҳо қоғозлар билан савдо қилувчи биржаларда, бозорда, дўконларида ё аптекаларда сотилса, ишхоналарда ишчиларга пул ўрнида тўланса, ногиронларга, қарияларга нафақа ўрнида тарқатишса! Ҳеч йўқ, казиноларда қиморга ё лотереяга ютиб бўлса! Кани энди, қайтариш шарти билан қўни қўшнидан у нарсани қарзга олиб бўлса! -дейсиз ўзингизга ўзингиз баъзан. У худди пул, молу дунё каби келаверади, кетаверади. Фақат жон, муҳаббат ва ўлим каби кўзга кўринмас у нарсани  қачон келишини ва қачон кетишини ҳеч ким билмайди. Унинг келишини кутиб, йўлларига кўз тикиб, охир кўзларингиз илиниб, уйқуга кетасиз. Лекин, уйғонган пайтингиз у лайлатулқадр каби аллақачон ўтиб кетганини англаб, қайғулар гирдобига ғарқ бўласиз.Соғликдан ҳам, ҳаводан ҳам зарурроқ бу ғайришуурий заруратни ўзингизда мавжуд эканлигини, усиз бу дунёда бир лахза ҳам яшай олмаслигингизни, унинг кундан кун сатхи пасайиб, таги кўриниб, тобора тугаб бораётганини ҳис қиласиз, сезасиз, ташвишга тушасиз. Лекин уни электромобиль каби шаҳобчаларда тўйинтириб, жисму жасадингизда хосил бўлган баҳайбат ва тубсиз эхтиёж хандагини ҳеч қачон тўлдира олмаслигингизни, у нарса тугаши биланоқ, юрагингиз ҳам урушдан тақа тақ тўхташи ҳақида ўйлаш оғир.Энг ёмони, ярим тунда уйғониб, сукунатга қулоқ тутар экансиз, нимадир қайдадир бир нарсани қирт -қирт эткизиб еяётганини сезасиз. Думини тикка қилиб, оёғимга суркалиб, хуриллагувчи мушугим биронта сичқон ё қўнғизни тутиб емоқдамикин? -деган ўй хаёлингизга келади. Лекин, шу захоти девордаги соат бир моромда беғам чиқиллаётганини англаб, ҳотиржам бўласиз. Агар сизга етишмаётган ва бисотингизда қолган қутган ўша заруратни айнан ўша деворда чиқиллаётган соат қирт -қирт эткизиб, қирқиб, милларига санчиб еяётганини билганингизда, балки сергакроқ бўлармидингиз? Мана, у ноёб хилқатнинг сизда кундан кунга тобора озайиб бораётганига сабаби! Ёдгор мижозларнинг буртмасини бажараётган шу палларада ҳам у нарса чиқиллаб, оёқ учида охиста ўтиб бораётир. Ташқарида шамол қор шопирмоқда. Дов дарахтлар шохи қор оғирлигидан капа капа бўлиб эгилиб, кўчаларни, уйларнинг томларини қалин кор қоплаган. Кечагина кўм кўк осмонида тўрғайлар чийиллаёётган ўтлоқлару далалар бугун қорли сукунат оғушида. Ёдгор дизель ёқилғиси шимдирилган таппи гувиллаб ёнаётган печка ёнидаги пўстак тўшалган қўлбола ўриндиқда ўтирганича камера ямар экан, ташқарида гуриллаган автоулов товуши хаёлини бўлди. У ўрнидан туриб, устахонанинг пастак деразасидан кўчага қаради ва "Запорожец" автоулов ёнида турган ўзига таниш шаҳарлик мижоз Қодиржон акани дарров таниди. Бу пайт автоуловдан яна семиз семиз иккита аёл тушаркан,дастурхонга ўралган саватларни бошига қўйдилар. -Мана, манашу хонадон, киғавеғлағинг. Мен "Заппи"ни биғ четга олиб қўйяй -деди Қодиржон ака. Аёллар дорвозани танғиллата бошладилар. Ёдгор бориб, дорвозани очган эди, аёллардан бири тилла тишларини ялтиратиб жилмайганича: -Ассалому алайкум, укажон! Бу, халиги, Ёдгорбек деган ямоқчи боланинг уйи шуми? -деди. -Ҳа, ҳа. Ҳуш келибсизлар. Қани, ичкарига мархамат -деди Ёдгор, алик олар экан, аёлларни уйга таклиф қилиб. Кейин онасини чақирди. Ёдгорнингонаси ташқарига чиқиб, аввал бироз ҳайрон бўлиб турган эди, аёллардан бири салом берганича, вазиятга аниқлик критиб: -Қулчиликка келяпмиз, айланай! -деди.  Аёллар ичкарига кириб кетгач, Ёдгор қорларни ғарт ғурт босганича  шаҳарлик мижоз Қодиржон акага пешвоз чиқди. -Ие, ие, Ёдгоғбек, ассалому алайкум! Баҳайғ боғмисиз, ука? Кўғишмаганимизгаям анча бўлди. Мана, келяпмизда, қағиндош бўлейлик деб -деди, Ёдгор билан қучоқ очиб кўришар экан, Қодиржон ака. Улар ичкарига кирган маҳал Ёдгорнинг отаси меҳмонни ҳурмат билан қарши олди. Улар аёлларга халақит бермаслик учун қўшни хонага киридиб ўтирдилар. -Ака, танишиб кўйейлик. Мени атим Қодиғжон. Элктғасеп ташкилотида электғамантёғ бўлиб ишлейман.Ўткан сапағ мошинами баллони тешилиб қолиб, яматкани ўғлиз Ёдгоғбегди устахонасига келувди. Яхши йигитакан, кам бўмасин. Шунда тасодифан қизиз боғлигидан хабағ топиб, шу қизди келин қилишти юғегимга тугиб қўювдим ака. Тағдир насиб, мавридийкан, мана бугун келдик -деди Қодиржон электрик.
-Мени атим Раҳмонқул. Келганилардан хурсандмиз. Мана ўзимизга ўхшаган хунарманд одамакансиз. Қани, бияғи энди тақдир насиб -деб қўйди Раҳмонқул, синиқ жилмайиб.
-Э, танишканимдан хуғсандман, ака! Қани, ўзиз биғ дуо қилинг.Шу бошланган ҳайғли ишти Худо илгағи қисин -деди яна меҳмон.
Дуои фотихадан сўнг Раҳмонқул Ёдгорга ўгрилиб: -Ўғлим, сен дарров чой -пой ташкил қилгин -деди. Ёдгор "хўп" деб ташқарига чиқар экан, мехмон яна гапира бошлади.
-Ака, ўғлими ати Жўғабек. Ўзи анча минча хайги, кағатеминан тғнопка қилиб, тажийбаланни ошиғиб, махтапта физғук бўлиб ишлейди. Биғ куни қоғенг, ховлимизи ўғтасида ўскан шотутти кўчиғамиз десак, илдизлари буғгутти чангагига ўхшаб мустахкамакан, сиға қимиллатиб бўмади. Энди булдизиғминан тғосга байлаб тоғтамиз шекилли -десам, Жўғабек: -Дада, булдузиғди кеғеги йўқ. Мен уни ўзим қўпоғиб ташлейман -деди. Кегин денг, шимини пойчалағини шимадалаб, йигиғма метғ оғтига чисталлиб, югиғиб келиб, осмонга сакғаб, "Кий ях!" деб биғ тепувди танасига қулоч етмейдигон шотутимиз атом бомба поғтиллаганди сингағи чанг тўзон кўтағиб, "ғағс!" айтиб томиғ помиғиминан қўпоғилиб кетти.Э ишансез, доим: -Жўғабек, кўча пўчада одамлағди уғиб нетиб юғмагин, ўғлим.Билиб бўладими, калласига биғ тепсанг, пўк этиб ўлиб нетиб қоса, сўтма сўт юғмелик -деб тайинлейман -деди у ўғлини мақтаб.
Унинг гапларини эшитиб, Раҳмонқул кулди. Кейин: -Спорт билан шуғилланган бола ёмон бўмейди. Биринчидан поирис чекмейди. Арағ ичмейди. Соғлом бўлади. Ўзини ўзи ҳимоя қилади. Қоловурса, мана сиз ҳам ўзимизга ўхшаган шолдир шулдир йигитакансиз -деди.
-Жуда тўғи топидиз, ақлизга балли, ака! Мен ўзи кулгини, аскияни, ҳазил мазағди яхши кўғаман. Янгисидан боғ. Эшитинг. Биғ отахонга жуғналисла: -Отахон сиз уғишда қахнашканмисиз? -деб совол беғишибди.
-Ҳа, қахнашканман. Бизди гғузавой мошиналағга юклаб фғонт линиясига обоғишиб, қуғол -аслаха беғишти. Аптамат, пилиамёт, тўппонча, дийсанми ҳамма нағса боғ. Камағимизга шода шода гғанаталағди освоғанмиз. Гимнастёғкалағди шимлағди чўнтаги аптамат, тўппончалағди ўқига лиқ тўла. Камандғимиз: -Немис пасиштлағди қўғқитиб шовқум солиб боғўғасилағ - деб шуна деди.Минг минглаб ўзбек солдахлағ: "уғғўўўўўў! " деб шовқим солиб боғяссек, хағамидан бўған немис пашис газандалағи аптамат, пилмётлағдан ўққа тутиб, гғанеталағди отиб, хаш паш дегунча ҳаммамизи чимчиғди сингағи қиғиб ташлади. Минг -минг солдохлағди ичида битта мен ўлмей қоппан -дебди оқсоқал.Жунналислағ ҳайғон бўлиб: -Ие, силағам аптамат, пилмётлағдан отмадлағингми? -деса, отахон: -Қанақиб отамиз, улим? У қуғол аслахалағди ҳаммаси ёғочдан ясалган бўса?! - дяғимиш.
Латифани эшитиб, Раҳмонқул роса кулди.
Қодиржон электрик жиддийлашиб: -Энди ака, кулги ўз йўлигаю, иккинчи жоҳон уғушида ғостанам аши вақттеги камандғлағ Ўғта Осиёдан уғишга боғган ота бувалағимизи қўлига тахтадан ясалган аптаматлағди тутқизиб қўйиб, гўштқиймалагичга ташлавғганаканда, хағамидан бўғанлағ -деб қўйди.
Бу орада Ёдгор патнисда нон, писта, майиз, чой кўтариб келаркан, дастурхон тузалиб бўлгувси қудалар чой устида суҳбатни давом этдирдилар.

 

11-боб
Генерал майор
---------------------


Ёдгор "Феникс" елимини сотиб олиш учун шаҳарга отланаркан, деразадан қор қоплаган уйларнинг томларига, қор оғирлигидан новдалари ариқ устига эгилганича, афсонавий манзара касб этган дарахтларга боққанича, бир зум ўйланиб қолди. Кейин, кўчага чиқиб, қорларни ғарт ғурт босганича, автобус бекати томон юрди.Бу маҳал уйлар мўрисидан чиқаётган тутун осмонга кўтарилар, ҳавода ёнаётган ўтин ва резина хиди сузиб юрарди. Афтидан ўтинни иқтисод қилиш мақсадида кимдир эски туски пояфзалларни, ўқувчилар портфелини ёқаётганга ўхшарди. Маҳлиё яшайдиган уй ёнидан ўтаётиб, ҳар галгидай Ёдгорнинг юраги хапқирди. Гарчанд у Маҳлиё билан ҳар куни мактабда кўришса ҳам, кетаётиб ҳам, уйга қайтаётиб ҳам у билан суҳбатлашсада, уни бир зум кўрмаса, дарров яна соғина бошлайди. Кеча Маҳлиё тушига кирибди. Тушида Ёдгор кеч кузда шўрини ювиш учун яхоб берилган, қиш киргач эса, яхлаб қолган далада Маҳлиёни ченага ўтқизиб, судраб юрган  эмиш. Кейин иккаласи муз устида фигурали учиб, конькида Чайковскийнинг "Уйқудаги паризод" мусиқасига рақс тушганмишлар. Ёдгор муз узра чиғириқдай чирпираб айланар, Маҳлиё эса приллаб айланиб, ҳавога оққушлай енгил кўтарилар экан, яна ерга оҳиста қўниб, Ёдгорнинг теварагаида айланар, Ёдгор Маҳлиёни илкис юқорига кўтариб, муз майдони бўйлаб айланар, ҳамқишлоқлар завқланиб, қарсак чалиб: -Браво! Браво! деб қичқирар эмишлар. Ёдгор шундай ўй - хаёллар билан автобус бекатига борди.Автобус бекатида ҳеч ким йўқ бўлсада, қордаги одам изларига қараб, бир нечта йўловчи ундан аввалги рейсда шаҳарга кетганларини англаб олиш қийин эмасди. Автобус узоқ кутдирмай бульдозерда суриб, қори тозаланган кўчадан юрганича бекатга етиб келди.
Ёдгор автобусга чиққан маҳал, биронта бўш ўриндиқ қолмаган,  салонда одам тирбанд эди. Ўриндиқ етишмаган йўловчилар худди турникка тортилаётган спортчилар каби тутқичга осилиб боришар, тиқилинчда бир бирларини тирсаклари билан туртиб, даханаки жанга кирар эдилар. Сочларини калта, семиз, кўкракдор чиптачи аёл одамлар орасидан аранг сирғалиб ҳаракатланганича: -Қани, ҳурматли йўловчилар, тез - тез  чипталарни сотиб оламиз! Чиптасизлар ё жаримага тортилади ё жамоат транспортидан тушириб юборилади! -дея бақирарди. Улов навбатдаги бекатлардан бирида тўхтаркан, автобусга кийимлари бир ахвол, тароқ тегмаган сочи лайлакнинг уясидан бетартиб, соқоли қиртишланмаган ияги кактусни эслатгувчи ширакайф бир одам чиқди. Унинг оғзидан чиқаётган ароқ билан саримсоқ пиёзнинг бадбўй хиди салонни тутиб кетди.Чиптачи аёл унга юзланаркан: -Ҳурматли йўловчи, чипта сотиб оламиз, чиптааа! -деди. Ҳалиги одам бўлса: -Яхши бўларди, лекин менга жамоат транспортларида йўл ҳақи тўлаш мумкин эмас. Сиз ўз хизмат вазифангизни, бурчингизни бажаряпсиз, биламан, чипткачи хоним. Лекин, сиз менинг кийган кийимимга, соч -соқолим тартибсизлигга қараб баҳо берманг.Мен совет афғон уриши қатнашчисиман. Оҳ, у қонли урушлар дахшати! Мен у пайтлар рота қўмондони эдим. Бир куни Мозори шариф билан Кандахор оралиғида кечган қақшатгич жангларда қуршовга тушиб қолдик. Душманлар тоғи тошлардан туриб, менинг аскарларимни ярмидан кўпини какликни отгандай отиб, тупроққа қориштириб ташлади. Мен ёрдам сўраб, ҳавога ракета отдим.Яхши, денг, харбий авиация ёрдамга етиб келиб, душманлардан бизни ҳалос этди. Солдатлар ҳам кези келса офицер учун худди ўз ўғлидай бўлиб қоларкан. Ўлган солдатлар жасадини мошиналарга саржинлаётиб, қайдан хўрлик келди, билмайман: -Йигитлар, сизларни сақлаб қололмаган мен ношуд командирингизни кечиринглар! -дея, ҳеч кимдан тортинмай, ёш болага ўхшаб, хириллаб, йиғлайвердим. Бир маҳал қарасам, битта ўрис солдат осколка узиб юборган одам оёғини этиги билан қўшиб кўтарганича, қонини оқизиб: --Командир! Нога, нога Усмана! - деб мен томонга келятида! -Да ты что, Ваня?! Закопай ее, ради Бога! -дейман, йиғлаб, тирқираб чиқаётган кўз ёшларимни тиёлмай... Эҳ, у кунлар акс -садоси ҳалигача қулоқларим остида. Биз кўрдик у урушларни, сизлар кўрманглар! Уруш асоратлари ёмон бўлар экан, чиптачи хоним. Ишонсангиз, урушдан қайтгач, тушларимга ўлаётган қуролдош дўстларимнинг оғзидан қони билқиллаб: "Мама!" дея энг сўнги сўзини айтиб, жон бераётган ҳолати кирса: -Потерпи, друг! Потерпи! Всё будет хорошо!.. дея бақириб, алахсирайман. Бир кеча хотиним хриллаб қолди. Ўзимга келсам; -Умри, душман! -деб уни бўғаётган эканман! Яхшиям, қўлимда дурадгорлик хунарим бор эди, урушдан кейин асқотиб қолди. Устазодаман. Отам раҳматли қўлигул дурадгор уста бўлиб, ёғочни қўшиқ айтдириб юборар эдилар. Майкачан бўлиб олиб, тахталарни ранда билан "Қихххқ! Қихххқ!" эткизиб рандалар, катта катта ходаларни пойтеша билан чопиб, чорқирра қилиб ташлардилар, гўринг нурга тўлгур. Бир куни серкулярка аррада тахта тилаётиб, горбил тахта қаттиқ экан, арра "чирррр!" этиб, тутаб, "тарс!" этиб синиб, арранинг бир бўлаги отам раҳматлининг манглайига санчилиб қолган.Икки қошининг ўртасига санчилганда ўзиям. Шундан кейин мен етим бўлиб қолдим.Бир нарса қилиб, қийналиб, қаттиқ нонни сувга бўктириб еб, минг азобу уқубатлар билан харбий академияни битирдим. Етимнинг оғзи ошга етганда бурни қонабди деганларидай, энди елкамга офтоб тегар десам, Афғонистонда уруш бошланиб қолди.Шунақа қилиб, кўрмаган куним қолмади менинг, чиптачи хоним.Мен кўпроқ разведкада хизмат қилганим учун харбий унвонимни ҳатто хотиним ҳам ҳанузгача  билмайди. Менинг харбий унвоним генерал майор. Лекин камтаринлик нуқтаи назаридан шунақа оддий кийиниб юраман - деди, ароқ ичиб, саримсоқ пиёзни газаки қилган кимса.
Чиптачи аёл чиптасизнинг гапларига ишонмай: -Генерал майор бўлсангиз, гувохномангизни кўрсатингчи қани? -деди.
-Хўв, чиптачи хоним! Боятдан бери қулоғингизга танбур чертяпманми?! Айтдимку, мен разведкада хизмат қилганман деб! Майли, гувохномамни кўрсатсам, кўрсата қолай.Қаерда эдия генерал майор удастинам, ҳозир... Чўнтагимда бўлиши керак...
Чиптасиз одам шундай дея ёнида турган, семизлигидан пишиллаб нафас олаётган  қориндор, кўзойнакли зиёлий одамнинг киссасига қўл солди.
-Ҳой, нима қиляпсан, ноинсоф?! Торт чўнтагимдан қўлингни, киссавур жубкал! -дея айюханнос солиб бақира бошлади зиёлий.Буни кўриб, ғазаб отига минган чиптачи аёл харбий ёрдамга келиб, сохта генерал майорни қўлидаги сумкаси билан савалай бошлади.Тўпалонни эшитиб, хайдовчи автобусни тўхтатди. -Нима гап?! -деди у, ортига ўгрилганича, бўйнини чўзиб. Бу орада сохта генерал майор автобус ойнасидан ўзини ташқарига отаркан, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. У ўша кетишда зиёлийнинг ҳамёни билан чиптачи аёлнинг сумкасини олиб қочишга улгурган эди.Чиптачи аёлнинг қўлида сумкасининг қайиш тасмаси қолганди ҳалос. Шаҳарга етгач, Ёдгор автобусдан тушиб, эски туски сотадиган бозор сари кета бошлади. Қор қалинлигига, совуқнинг қақшатаётганига қарамай, бозорда одам гавжум, савдо авжида эди. Эскилик бозорга кирсангиз, ўзингизни худди очиқ осмон остидаги музейга кириб қолгандай ҳис қиласиз. Йиғма каравотлардан ташкил этилган қўлбола савдо расталари ерлик ахоли тилида "Ёйилма" дейилади. У жойда қадимий патифон, оламдан ўтган одамларнинг кийимлари, шайтончироқ, куя тушган телпак, барабан, сичқон тутадиган тахтамушук, аквариум, қушларга қафас, ўрден -медаллар, занжирли чўнтак соат, пахталик шим, кигиз этиклар, қўлқоп, пўстак, устара, эгар дейсизми, ҳуллас одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Ёдгор бозорни узоқ айланиб, охири "Феникс" елимини топди. Уни сотиб оларкан, расталардаги китобларга кўзи ўтди. Муқовалари узилиб тушай деган Раққос ибн Ваққос деган ёзувчининг "Бужурвожиб" номли китобини, худди аукциондан қимматбаҳо картинани сотиб олгандай узоқ совдолашиб юриб, охири уни қўлга киритди. У бозордан чиқар экан, сабри чидамай,йўл йўлакай  Раққос ибн Ваққоснинг "Бужурвожиб" асарини буюк қизиқиш билан ўқий бошлади. Ёдгор китобга шу қадар шўнғиб кетган эдики, ён веридан гирдобдай гувиллаб ўтаётган одамлар оламонига ҳам эътибор бермас эди. Уйга қайтар экан, у қизиқарли асарни автобусда ҳам тик турган куйи ўқийверди. Қишлоққа етиб келганда у аллақачон китобнинг беш ўн саҳифасини ўқиб қўйган эди. Ёдгор китобни ўқишда давом этганича кўчада қорларни ғарт ғурт босиб борара экан, муюлишга етган пайт, юмалоқланган қор калласига "тўп!" этиб тегдию ўзига келди.  Бу қилиғи совуқ одамнинг, ким бўлишидан қатъий назар, жағига мушт туширмоқчи бўлиб, китобни ёпган Ёдгор, рўпарасида кулиб турган Маҳлиёга кўзи тушдию, кайфияти ўзгариб, юраги ховлиқиб, жилмайганича: -А, сенмисан?! Эрта билан эслаган эдима сени. Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади деганлари шу бўлса керак. Ҳозир ичинга қор тўлдираман сенинг! -деди Ёдгор, Борхес ва Кортасарларнинг ашаддий издоши ва билимдони бўлмиш буюк ўзбек ёзувчиси Раққос ибн Ваққоснинг муқовалари хилвираб турган "Бужурвожиб" номли машҳур китобини қўйнига солганича, тараддудланиб. Кейин, қор юмалоқлаб туриб, бетон йўлакка тушиб синган жонон пиёла товушидай жарангдор овозда кулганича қочиб бораётган Маҳлиё томон югирди.


 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)