Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Муроса йўли энг тўғри йўл



Ёлғон устига қурилган ҳукумат эртами кеч худди пойдеворсиз уй каби қулашга маҳкум.


Бунга ёрқин мисол, қўшни Авғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани ҳукумати узоқ йиллар дунёни ислом терроризми хавфи билан қўрқитиб, мавжуд бўлмаган, рўйхати шунчаки қоғозда бўлган "аскарлар" таъминоти, мамлакат мудофааси учун замонавий қурол аслахаларга ажратилиши керак бўлган харажатларнинг сохта сметаларини тузиб, Америка Қўшма Штатлари харбий бюджетидан миллиардлаб доллар пулларни ундириб, 20 йил давомида ўзлаштириб, алдаб келганлари маълум бўлгач, Америка Қўшма Штатлари ўз харбий қўшинларини Авғонистондан олиб чиқиб кетишга қарор қилди.


Бу қарор ўша пайтда Марказий Осиё мамлакатлари, қолаверса таркибида ислом динига эътиқод қилувчи субъектлар мавжуд Россия Федерацияси учун жуда тахликали қарор эди.


20 йил димланган сиёсий тўғон очиб юборилса, миллионлаган қочқинлар лаваси, ислом терроризми дахшатли тўфон каби биринчи навбатда Ўрта Осиё мамлакатларига, у ерда ўз радикал маслакдошлари билан бирикиб, ирмоқлардан қувват олган талотумли дарё тошқини каби Қозоғистон орқали Россия Федерацияси худудларига ёприлиши кутилаётган бир пайт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бор масъулиятни ўз зиммасига олиб, Покистон президенти Имронхон ва Авғонистондаги "Толибон" диний ҳаракати билан музокаралар олиб бораркан: -Урушлардан фойда йўқ эканини, бир динга эътиқод қиладиган халқлар муқаддас Ислом динининг тараққийпарвар, тинчликпарвар дин эканини бутун дунё олдида намоиш қилишлари, қонли урушларни тўхтатиб, ўзаро тинчлик тотувликда яшашлари, динимизнинг кўзга кўринмас, шум нийятли душманлари қўлида тутантириқ бўлмасликлари, ўлкаларни вайроналарга, култепаларга айлантирмасликка чақирдилар, минтақада ўрнатиладиган сиёсий барқарорлик барча халқларга бирдай манфаат келтириши мумкин бўлган буюк стратегия эканини тушунтира олдилар.

Шу тариқа "Қочавер, толибонлар келяпти!" дея қўрқитиб, Ўрта Осиё ва Россия Федерацияси худудида яшовчи халқларини ўз қопларига солмоқчи бўлган учинчи кучларнинг ёвуз мақсадлари пучга чиқди ва "Президент Мирзиёев Россияда террористик ташкилот дея эълон қилинган диний радикал оқим - "Толибон харакати" билан музокара қилмоқда!" дея дунёга айюханнос солаётган, сиёсий маданиятдан, дипломатия илмидан бехабар, ғофил кимсаларнинг уни ўчди.


Кўп ўтмай, Россия Федерацияси ҳам "Толибон ҳаракати" вакилларини Москвага таклиф қилиб, улар билан манфаатли музокаралар ўтказди.


Ҳа, айнан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий тактикаси, ташаббуси сабаб ёприлиб келаётган уруш офати, қирғин барот, вайронагарчиликларнинг олди олинди.


Кўп ўтмай, туркий тилли давлатлар сиёсий анжуманида иштирок этиши ортидан, кутилмаганда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерациясига таклиф қилди.


Албатта, Россия президенти Владимир Путин ўз мулозимларига халқаро аэроқўналғада Олий меҳмонга одобсизлик билан ҳурматсизларча муносабатда бўлиш буйруғини берадиган даражада тубан кимса эмасликларини биламиз ва ҳурмат қиламиз.


Лекин Президент Мирзиёевни халқаро аэроқўналғада қарши олган рус мулозимлари атайлаб қўлларини ортларига қилиб, Олий меҳмонга, яъни Ўзбекистон президентига нисбатан писандсиз муносабатда бўлдилар ва Иккинчи Жаҳон Уруши йиллари минг минглаб оч ялонғоч норасида рус фарзандларининг бошини силаб, бағрига олган, бир бурда нонини бўлиб етимларга едирган Ўзбекистон халқининг қаҳру ғазабига дучор бўлиб, назардан қолдилар.


Лекин улар ўзларининг бу беодобликлари, писандсизликлари билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев обрўсини бир миллиметрга ҳам пастлата олмадилар.


Қайтанга, Шавкат Мирзиёев баъзилар иддао қилгани каби Россиянинг вассали, хизматкори эмаслигини, балки Ўзбекистон халқи манфаатларига содиқ, ҳақиқий Президент эканини, ўзлари билмаган ҳолда  бутун дунё кўзи ўнгида исботлаб қўйдилар.


Ўзингиз яхшилаб ўйланг, агар Шавкат Мирзиёев Россиянинг вассали, хизматкори бўлса, унга шундай ҳурматсизлик кўрсатармидилар? Йўқ албатта. Мамнун жилмайиб, қучоқ очиб қарши олардилар.


Бу фитналар ҳам иш бермагач, сиёсий, геополитик мақсадлари барбод бўлган, талвасага тушган аламзада кучлар, яна кимларнингдир қўлига машъала тутқазиб, қўшни Қозоғистонга ўт қўйдилар.


Лекин у олов ҳам ўз вақтида ўчирилди.


Эй, Авғонистон, Ўрта Осиё ва Россия Федерацияси худудида девор дармиён яшаётган, қондош, қардош халқлар! Ёвуз кучларнинг провокацияларига учманг, бир бирларингизга мудохала, яъни дахл қилмай, биргаликда, ягона оила фарзандларидай аҳил иноқ яшанг, ота боболаримиздан қолган Муроса йўлини тутиб, мавжуд сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ўзаро сиёсий музокара йўли билан хал этиш санъатини ўзлаштринг!


Дунёда яшаётган барча халқу элатлар Одам Атонинг, Момо Ҳаввонинг фарзандалари эканини бир зум ҳам ёдингиздан чиқариб қўйманг!


Барча яхши инсонларга ҳурмат билан, Холдор Вулқон.



13/01/2022.
Кундуз соат 2:23.
Канада.

 

 

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Рассом Хуршид Зиёхоновга бағишланган шеърлар


Таниқли ўзбек сюреалист рассоми Хуршид Зиёхонов яратган санъат асарларидаги тонглар каби тиниқ, мусаффо туйғу, дард, муайян руҳий кайфият инсонга ҳайрат ва ҳаяжон бағишлайди, ўйлантиради. Рассом зерикарли реализмдан қочиб, сюреализм, кубизм жанрларида ўзига ҳос оригинал картиналар ишлайди.Хуршид акам бир пайтлар "Гулхан" журналида эълон қилинган менинг "Қоратаппак" номли асарим адабий қаҳрамонларини ифодалаб, акварельда ажойиб иллюстрациялар чизган эди.
Мен бу ажойиб, бетакрор рассомга, кўнглида кири йўқ инсонга бағишлаб, ўзбек ва рус тилларида ёзган икки шеъримни адабиёт ва санъат мухлислари ҳукмига ҳавола қилмоқдаман.Бу икки шеър яқинда нашрдан чиқиши кутилаётган "Больше не умирай" номли китобимдан жой олганини ҳам айтиб қўймоқчиман.




Селдан гувиллайди ўтлоғу дала

(Таниқли ўзбек сюреалист рассоми Хуршид Зиёхоновга)

 

Шаррос қуяр экан шовқинли жала,
Гулдирак фарёди оламни тутар.
Селдан гувиллаган ўтлоғу дала,
Шаршара ортида кўринмай кетар.

Лек шадид тало тўп кўп ўтмай яна,
Тақа тақ тўхтаркан, тиниб қолар сел.
Осуда сукунат қўнган кўчага,
Хаёлчан термулар дарчалардан эл.

Шалоббо боғларда шодумон қушлар,
Чуғур чуғур сайраб, қуёш чарақлар.
Кўчада осмону фалакдан тушган,
Бус - бутун бир кўзгу ётар ярақлаб.

---------------------------
23/02/2020.
Кундуз соат 10:27.
Канада, Онтерио.





Гроза

(Посвящается замечательному узбекскому художнику Хуршиду Зияханову)



Вот снова разразилась гроза,
Сверкают молнии и громы гремят.
С ужасом поднимая к небу глаза,
Время успокаивает своих времят.

Бей, небо - громадный колокол в набат,
Пробуждающие звони вали!
Пусть трясется весны зеленая кровать,
И просыпаются уснувшие дали...

Прошумел дождь, образуя разливы,
А время со своими времятами утекло.
Не треснуло даже и не разбилось,
Упавшее с неба тонкое стекло.

-----------------------------------
30/09/2013.
12:18 дня.
г. Кембридж, Канада.



 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 


Баёнотга муносабат



Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловлари арафасида Россия Оммавий Ахборот воситаларига берган интервьюсида Давлат раҳбари, яъни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бирмас, бир неча марта хорижда истиқомат қилувчи мухолиф кайфиятдаги ва турли сабабларга кўра Ватандан хорижга кетишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар фикрини эшитишга, агар улар Ўзбекистонга қайтиб, Ватанга хизмат қилишни хоҳлашса, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини, Ўзбекистонда уларга нисбатан ҳеч қандай таҳдидлар йўқ эканини кенг жамоатчиликка маълум қилди.


Бу жиддий баёнот.Негаки президент Мирзиёев менинг ўйлашимча, ўз айтган сўзининг, вадасининг устидан чиқадиган инсон.


Қачонлардир Жаноб Мирзиёевнинг бир нутқида хатоларни тўғрилаймиз деган гапи қулоғимга чалинган эди. Мана, Президент ўша вадасининг устидан чиқиб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тўғрилашга киришган кўринади.


Вахоланки, хорижда юрган ўзбекистонликларнинг аксарияти Ватанига, халқига сидқидил хизмат қилишга тайёр одамлар. Шу ўринда бир нарсани алохида таъкидлашни истардимки, одамзод турли сабабларга кўра ўз Ватанини мажбуран тарк этиши мумкин.Лекин Ватан уни ҳеч қачон тарк этмайди.У одам қаерда бўлмасин, халқи ва ватани уни юрагида яшайди.Ватанни тарк этиш эса, жуда қийин, жуда оғир. Одам фақат шунга мажбур бўлгандагина, ўшанда ҳам ўзининг эмас, фарзандлари, ахли аёлининг тинчлигини, хавфсизлигини ўйлаб, учинчи давлатга чиқиб кетади. Худди боболаримиз Абу Али Ибн Сино, Абурайхон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фурқатлар каби.Ҳазрати амир Алишер Навоий ҳам ичкиликка муккасидан кетган, мамлакат бошқарувига бепарво, ҳатто мастликда ўз валиахд набирасининг қатл этилиши учун мухрнома имзолаган, охир оқибат, суякка тиқилиб, қон қусиб ўлган Султон Хусайн Байқаро сиёсатига қарши чиқиб, салтанатдан қувғин қилинган эдилар. Мурдани ёриб, кўричакка шифо топган Ибн Сино эса, "Худо яратган инсон хилқатига ўзгартириш киритган кофир" айблови билан қувғинга юз тутганлар, Эрондан бошпана топиб, ўша ёқларда, ғурбатда оламдан ўтганлар.


Улардан яна бири шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур Шайбонухон томонидан қамал қилинган Самарқанд аҳолиси бегунох, норасида болалар очликдан қирилиб кетмасликлари учунгина Самарқандни топшириб, "Тахти қорача" довони орқали 200 чоғли аскари билан Авғонистонга йўл олади ва буюк саркарда ўша 200 чоғли аскари билан бутун бошли Авғонистонни ишғол қилади. Унинг золим ҳукмдорлар зулмидан мазлумларни озод этишини кўрган ерлик авғонлар, ўзлари кўнгилли равишда Бобурмирзони қўллаб қувватлаб, унинг лашкарлари сафига қўшилди. Энди, ўзингиз яхшилаб ўйланг, 200 аскари билан бутун бошли мамлакатни ишғол қилган, 100000 аскарию, минглаб филлари билан бостириб келган Лўдийни 10000 аскар билан тору мор этиб, хинд халқини золимлар зулмидан озод этган истеъдодли саркарда Бобурмирзо Шайбонухонни енголмас эдими? Енгар эди, янчиб ташларди. Лекин ўз халқини севган шоир, халқ қирилиб кетмасин,  бобокалони Амир Темурдан ёдгор Самарқанд вайрон бўлмасин дея ўз туғилиб ўсган Ватанини тарк этишга мажбур бўлган эди.Бобур шундай мард инсон эди.

Бу энди тарих.


Лекин, Жаноб Абдулазиз Комилов ўз интервьюсида таъкидлаганларидай, хорижда мухолифатчиман деб юрганлар орасида, шоли курмаксиз бўлмайди деганларидек, амалдаги ҳукумат фаолиятини факт ва аргументларсиз, бирёқлама, ноконструктив танқид қиладиган, сиёсий маданият нормаларига зид фисқу фасод , хақоратни ўзига касб қилиб олган, ўз манфаатини халқ манфаатларидан юқори қўядиган айрим такаббур ва худбин кимсалар билан музокараю мулоқот бефойда.


Лекин уларнинг орасида юқорида таъкидлаганимдек, сиёсий маданияти юксак, тафаккури теран, интеллектуал билимга эга, ўз конкрет таклиф мулохазалари билан мамлакат тараққиёти ривожига хисса қўша оладиган сиёсий этикадан хабари бор, анча жиддий инсонлар ҳам йўқ эмас.


Агар Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири жаноб Абдулазиз Комиловнинг баёнотидаги гаплар амалга ошса, бир нарсани унутмаслик керакки, мухолиф кайфиятдаги гурухлар аввало ўз партияларини давлат рўйхатидан ўтказиш пайига тушишлари, партиялари рўйхатдан ўтгандан кейин парламент таркибидан квота, эркин фаолият юритишлари учун партияга алохида офис талаб қилишлари табиий. Яъни бундай баёнот ортидан амалдаги ҳукумат шунақа жиддий сиёсий ислохатларга ҳам тайёр турмоқлари керак демоқчиман.


Албатта бу баёнот Ватанимизда ҳақиқий маънода демократик жараёнлар бошланганидан, яқин ўтмишда йўл қўйилган хато ва камчиликларга бархам берилиб, жамият жарохатлари секин аста тузалаётганидан дарак бераётгандай илиқ тааасурот қолдиради.


Айрим сабабларга кўра Ватанни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф фикрли ватандошларимизнинг фуқаролиги бекор қилиниши эса, айнан ўша яқин ўтмишимизда йўл қўйилган энг қўпол сиёсий хатолардан бири деб хисоблайман.


Шу мудхиш хато ҳам тўғриланса, собиқ президент И.А.Каримов буйруғига асосан фуқаролигини йўқотган ўзбекистонликларнинг фуқаролиги қайта тикланса, ўзлари реабилитация қилинса, юқоридаги баёнотнинг жиддий эканини исботловчи яна бир  улуғ тарихий иш амалга оширилган бўлар эди.


Ҳар қандай ўзини ва халқини хурмат қилган Давлат раҳбари агар мамлакат тарихида келажак авлодлар хотирасида то абад адолатли ҳалол президент сифатида  қолишни истаса, жамиятда шундай фундаментал сиёсий ислохатларни амалга оширмоғи керак бўлади.


Сўзим сўнгида шуни таъкидлагим келадики, бугун амалга оширилаётган бу  сиёсий ислохатлардан амалдаги хукумат ҳам, халқимиз ҳам, жамиятимиз, мамлакат иқтисодиёти ҳам фақат ва фақат фойда кўради. Негаки демократик жараёнлар биринчи навбатда бюрократияга бархам бериб, жамиятда қонун устиворлигини таъминлайди ва мустахкамлайди.


Қонун ишлаган давлатга эса хорижий инвесторлар ёприлиб келади, қўрқмай маблағ ётқизадилар.
Бу борада президент Мирзиёев ва унинг ҳукумати олиб бораётган сиёсатни, амалга оширилаётган ислохатларни жуда тўғри дея баҳолайман.

 


6/11/2021.
Кундуз соат 2:12.
Канада, Онтерио.

 

 

 


 

 

Шавкат Миромонович Мирзиёевни халиқмиз тамонидан қайта, иккинчи муддатга Ўзбекистон Республикасининг президенти этиб сайланганликлари билан чин кўнгилдан қутлаймиз.

 

Холдор Вулқон

 

 

 

Шерзод Комил Ҳалил

 

Замонавий ўзбек адабиётининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири, инжа адабиётни нозик тушунадиган, латиф дидли катта ижодкор Шерзод Комил Ҳалилнинг "Оққушлар" ҳикояси инглиз тилида.




Переделкинода қиш

(Эссэ)





Тақвим бўйича қиш аллақачон тугаган, аммо ҳамон Москвада совуқ ҳукмрон, ҳамон қор, яхмалак, изғирин, на нурафшон ёмғир, на баҳорнинг йилт этган нури йўқ. 1933 йилда Сталин буйруғига биноан қурилган қатор дачаларнинг бирини деразасидан мўралайман, уззукун қор ёғаётган бўлади, баъзан қуёш бир кўриниб ўтади, изғирин тиғини кесиш учун уриниб кўргандай зариф шўълаларини қор кўмган ялангликлар ва ўрмон нуқсини эслатадиган арчазорлар узра сочади, аммо зум ўтмай қаёқдандир мўрмалахдай бостириб келган булутлар офтоб рўйини тўсиб, қиш ҳукмини давомийлигини уқтирмоқчидек бутун борлиқни қамраб олади. Мен қуёш ва шамол, ёмғир ва қор таъсирида баттар қорайиб кунгуралари олис-олислардан чун қадимий ва шу ила ғарибона кўринадиган Переделкино дачалари жойлашган ёзувчилар шаҳарчасидаги қўноғимга бурноқи йил келиб ўрнашгандим. Ажиб сокин шабадаларга эга ёмғирли жавзо эди ўшанда. Ранго-ранг нурга чўмган христиан черкови, йўлнинг икки ёқаси бўйлаб тизилган ҳаддан ташқари кўп ва баланд арчазорлар, қушларнинг сайроғи, дарахтлар шохида липиллаб чопиб юрган олмахонлар, шоирлар қабристони - у ерда мен қадрдонларим Пастернак ва Евтушенкони зиёрат қилгандим; ижод боғи - унда ҳамон эски даврларнинг ёрлиқлари сақланган; бир замонлар ҳашамат ва маҳобат тимсоли бўлган ёзувчиларнинг дачалари - не тонгки, эндиликда улар тўкилиб, унниқиб ранги ўчган ва аввалги кибор қиёфасини йўқотган, аммо ўша суронли даврларнинг соясигина қолганлигини ҳамон эслатиб турса-да, янги боёнлар, адмираллар ва генералларнинг янги рельф ва услубда қурилган Европа меъморчилигининг авангард архитектурасини ҳашамати ва кўрки олдида салкам аср бўлаёзган бу обидалар тарих қуйига чекинганча мунғайиб турарди. Шунга қарамай жанубдан қора тортиб бу ерга катта адабиётни излаб келган мен каби ҳақир ёзувчига бу ғарибликлар бир дунё таъассурот уйғотарди. Мен ўн тўрт ёшли ўсмир шоир Андрей Вознесенскийга Переделкинодаги уйидан қўнғироқ қилган машҳур шоир Борис Пастернакнинг бир қисми яшил тунука девор билан ўраб олинган, бошқа қисми эса уйнинг атрофидан ўтаётганлар кўриши учун темир панжаралар билан иҳота қилинган уйи олдида бир муддат ҳайрат ва хаёлатга чўкканча туриб қоламан. Бу ер эндиликда йўқлик оламига кетган шоирнинг уй-музейига айлантирилганди. Мени бу ерга илк бор классик ёзувчимиз Темур Пўлатов етаклаб келганди. Кейинчалик мен бу уйнинг олдидан деярли ҳар кун ўтдим. Кўрганларим аллазамонлар олдин сўнги бор безатилган ва эндиликда оҳори тўкилиб бўёқлари кўчиб тушаёзган мунғайган Пастернаксиз уй, боғдаги баланд қарағайлар ва игнабарг арчаларнинг Пастернаксиз шивирлаши, қуёш фотонларини ютаётган япроқларнинг Пастернаксиз маҳзун шитирлаши, ҳамма-ҳаммаси, жуда ҳам ғалати эди. Мен йўл бўйидан ўтиб Серафимович кўчасига қайриламан. Чап қўл тарафимда узундан-узоқ ижод уйининг дарахтлар остидаги ўриндиқлари - не тонгки, бирор ёзувчи кўринмайди; ёзувчилар меҳмонхонаси - Одил Ёқубов билан ҳар гал Москвага келсак, биз шу ерда турардик деб эслаганди Темур Пўлатов менга бу ҳақда; ижод уйи дерикцияси - у ерда ёзувчиларнинг юздан ошиқ дачаларига туриш учун 2000 дан ортиқ ёзувчилар ариза бериб навбат кутиб ётибди; чап қўл тарафимда эса, ёзувчилар дачалари, яшил-оқ-қизил ранглар билан безалган кутубхона - мен бўш вақтларимда доим бу ерга келиб китоб ўқидим, рус адабий газеталари ва жаридаларини варақладим, руҳонияти кучли шоир ва ёзувчиларнинг ижод уммонига шўнғидим; кутубхонанинг шундоқ ёнида болалар ёзувчиси Корней Чуковскийнинг уйи, эндиликда уй-музей жойлашган, бу ерга Россияга қайтган машҳур ёзувчи Александр Солженицин бир муддат яшаганди. Ҳар гал бу ердан ўтганимда кенг пешонали кўзлари бургутникидек чўққисоқол Солженицинни шу ердан ўтганларни кузатаётганлигини хаёлимдан ўтказаман. Уни қоралаш компаниясига қатнашган машҳур ёзувчилар рўйхатини Москвадаги марказий кутубхоналардан бирида архив газеталарни кузатаётганимда кўзим тушганди. Истеъдодларнинг душмани ҳар жамиятда ҳар бир макон ва замонда бўлар эканда. Переделкинодаги ёз ҳаш-пашт дегунча шундай ўтиб кетди. Сентябрнинг сўнги зариф қуёши атроф-боргоҳни қиздиришга ҳар қанча уринмасин, аччиқ шамоллар секин-секин тумонот теварагни забтига ола бошлади. Ям-яшил дарахтлар бир ҳафтада сарғариб кетди, албатта арчаларгина бундан мустасно. Переделкинода қисқа куз келганди. Ҳатто ёмғирлар ёға бошлади. Шамол дарахтлар барглари ҳар кун ва ҳар оқшомда совуриб чиқарди. Мен Москвага келишдан олдин онамни зиёрат қилгани борганимда менга ўзининг нафақа пулига олиб берган иссиқ жимферни кийдим. Она, олиб берганинг учун раҳмат бир дона жимфер. Бу менга жуда таъсир қилди. Мен муҳожиротга кетаётган Бродскийга бир дона хурмо ва плашини олиб келган шоирнинг онасини эсладим. Муҳожиротнинг даҳшатини ҳам. У рус маданиятига ўхшамаган мутлақо ўзга маданиятга тушди ва ўша ерда интиҳо топдим. Коронавирус пандемияси тарқаб одамлар даҳшатга тушган дастлабки пайтларда мени ҳам шундай ҳислар қамраб олганди. Ўзга тупроқларда ному-нишонсиз, абадул-абадга қолиб кетиш даҳшати эди бу. Аммо юрагимдаги бу гардларни Переделкинонинг симмиллаган ёмғирлари ювиб юборди. Ўша олатасирли даврларда Эдуард Лимонов вафот этди, кейинроқ Юрий Бондерев ўтди. Агар истак бўлганида бу ёзувчиларни тириклигида кўриш имкони менда бор эди. Аммо мен ўзи билан ўзи оввора инсон, ёзишни энг муҳим нишона деб билган ғариб ёзувчи ёлғизлик ўқишлари ва яратиқлари билан бирга эдим. Мен нашриётга, музейларга, кутубхоналарга борардим, китоб дўконларини узоқ кезардим ва ўзимга ёқадиган ажойиб китобларни харид қилардим. Ташқарида чиққанимда эса, кузнинг совуқ осмони келаётган қишдан дарак берарди. Дарҳақиқат бу қиш бизни кўп куттирмади. Бу йил қаттиқ қиш бўлади деган ваҳималар тасдиғи ўлароқ илк қор ноябрда ниҳоят бўй кўрсатди. Переделкинони оппоқ қор қоплади. Мен Вознесенскийнинг уйини бориб кўрдим. Йўқ, уй-музейга айлантирилмаган экан. Октябрда бориб кўрганим Булат Окуджава ва аввалроқ ёзда зиёрат қилганим Евгений Евтушенконинг уй-музейларидан фарқли ўлароқ Вознесенский уйи у ўлган 2010 йилдан бери сукунат фаслларига ғарқ бўлганди. Мен унинг хотирасига шоир вафот этган кунда радиодан эшитган хабарим таъсирида эпитафия битгандим. Канадада яшовчи ўзбек шоири Холдор Вулқон мен ҳақимда ёзган мақоласида " Шерзодни шу шеърини ўқиганимда кўзимдан ёш чиқиб кетди" деб эслаганди. Дарвоқе, мени - Вознесенский уйининг шу ўлик сукунати Переделкино қишида кўзимга ёш айланишига сабаб бўлди нечукдир. Менга бир ёзувчи, исмини айтмайман, Вознесенскийнинг аччиқ тақдирини айтиб берди. Билмадим қанчалик ҳақиқат бу гап. Умрининг сўнги йилларида шоир бир ажойиб рус қизи билан танишиб унга жуда боғланиб қолади. Бутун умр бирга яшаган хотини ҳам кўзига кўринмайди. Менинг ёзувчи дўстимнинг қулоғимга шивирлаб айтишича, Андрейнинг хотини яҳудий миллатига мансуб ва ўзидан ёши бироз катта бўлган. Вознесенский уйдан кетмоқчи бўлганда хотини бутун яҳудийларни оёққа турғизади. Унга журнал таҳририятларидан бош муҳаррирлар, ёзувчилар уюшмасидан яна аллақандай чиновниклар телефон қилишарди. Ҳатто партиядан телефон қилиб уни уришишади. Бечора Андрей сувга тушган бўлкадай бўшашиб севгисидан воз кечди ва хотини билан қолди, - деб ниҳоятда муҳим хабарни менга етказгандай тамоқ қириб мени зимдан кузатади ёзувчи дўстим. -Ҳа, шундайми, ҳаётнинг ишлари қизиқ, - дейман мен шоиримнинг бўшашган қиёфасини хаёлимда жонлантирганча. Андрей Вознесенскийнинг мунғайган образи тарих қатига сингиб кетаётган ва эндиликда унинг уйи эканлиги тобора ёддан кўтарилаётган маскани каби хаёлимдан фаромуш бўлади. -Андрейнинг уйидаги ғаройиб картиналарни ўғирлаб кетишди, зим-ғойиб бўлиб ҳеч топилмади дейди ҳамон хаёли Вознесенскийда бўлган танишим. Мен шунчаки бош силкийман, аммо энди Переделкинодаги бошқа манзилларга нигоҳимни қаратаман. Мана бу Булат Окуджаванинг уйи. Эндиликда уй-музей. Ўтган йили қиш бошланганда Булат Окуджава уй-музейига мени ишга чорлашганди. Бу маоши бироз кам бўлган адабий консультант лавозими эди. Мен кам маошга ишлашни истамадимми, ё бошқа сабабданми нимагадир адабий консультант бўлишга кўнглим чопмади. Шунга қарамай мен уларнинг жуда кўп тадбирларида қиш бўйи қатнашдим. Умуман кузатганим Окуджава музейи жуда кўп адабий учрашувлар ташкил қиларди, миллий ва хориж профессорларини адабий лекциялар учун таклиф қилишарди, хуллас жуда фаол эди улар. Буларни кузатиш ва тинглаш қандайдир бошқача, мароқли эди. Руҳнинг фориғланишини ҳис қиларди одам. Бундай паллаларда майда одамларни унутасан, ланж ва суллоҳ адабий давралардан вақтида узоқлашганингга Яратганга шукроналар айтасан. Мен қорли кунларни, совуқ аёзларни юрагимдаги оташ туфайли ҳис қилмасдим, аммо бир куни даҳшатли ҳодиса юз берди. Сталин даврида ўрнатилган газ печ кутилмаганда ишдан чиқди. Бу вақтдаги ҳарорат ва ҳис-туйғуларимни "Переделкино кундалиги"да шундай эслаганман: "Чуқур мелонхолия мени тез-тез таъқиб қилади. Муҳитдаги ҳолатлар, баъзан кутилмаган омадсизлик руҳиятга қаттиқ зарба беради. Переделкинода кеча газни "катёл"дан сизиб чиқиши натижасида бутун тунни совуқроқ хонада ўтказишга тўғри келди. Батариялар музлаб қолмаслиги учун сувини тўкдим. Бугун кун бўйи усталар янги печка ўрнатишди, аммо ҳамон иш битмади. Яна бир совуқ тунни ўтказаман шекилли. Ҳарорат ташқарида -7 градус. Ток печка бор, аммо ҳайҳотдай катта хоналарни қовурғаси кам печь исита олмаслиги табиий. Дам олиш кунлари режалаштирилган ишларни мен кутмаган нарсаларга сарф бўлишини тамоша қилиб пессимизмга бериламан." Икки кун ва тун минус температура уйда ўтирганимда қандай оптимист бўлиш мумкин. Аммо янги газ печ уйни қиздира бошлаганида ва кейинчалик ташқарида ҳаво ҳарорати -28 градусга тушиб кетганида ва бошқа тинимсиз ёққан қорли тунларда иссиқ уй туфайли бу ҳислардан бегона бўлдим. Мен тошкентдалик вақтимдаёқ бошлаб қўйган шимол ёғдуси туркумига кирувчи кўплаб ҳикояларим устидаги ижодий ишларимга шўнғиб кетдим. На ташқарининг совуғи, на олис преферияда ўтириб ўзбек адабий муҳитида мени қора портретимни яратиш ва шундан очко ишлашга иштиёқманд бўлган майда ёзувчиларнинг ғийбатлари ҳам энди менга чикора, ижоднинг ажабтовур ва ғаройиб оламига кириб кетарканман, мен ўзим яратаётган қаҳрамонлар ҳаётида яшардим, ёзувчиликнинг сир-синоатли услублар дунёсида сёрфингист каби сузиб юрар ва менинг йўлимда дуч келиши мумкин бўлган оқим ғалаёнларидан усталик билан ўтиб йўлда давом этардим. Қор ҳамон ёғар, атроф-тумонотнинг оппоқ иронияси онаси ва қизини соғинган ва хаёли бурчини шу ҳис бот-бот тимдалайдиган мен каби ғариб ёзувчини доим ўйлантиргани ўйлантирганди; бу мен билган ўша ғариб ёзувчи эди, аммо яна бир шафқатсиз ёзувчи бор, уни адабиёт, фалсафа ва ижтимоий антропологиядан бошқа нарса қизиқтирмайди. У кундаликлар ёзади, яқин беш йилдан бери бирор насрий асарини оммага эълон қилмаган, кўчирмачилар ва тақлидчилардан услубини қизғонган ва услуб жилоларига телбаларча берилган ва тинимсиз ёзадиган, уйда ҳам, йўлда ҳам, ишда ҳам адабиётдан бошқа нарсани тан олмайдиган бир архитип ўлароқ омма нигоҳини таржималари ва шеърлари билан чалғитишга уринади. Гўё улар уни наср билан шуғулланмаётганидан беҳузурлик туйишмасин, ҳа, шуларни ёзаяпти экан деб тинчланишсин. Аммо бир кун бўрон қўпади, сув остида яширинган айсбергнинг асосий қисми саёз ҳавзаларда ўтириб қолган кемаларни ҳам, уларга қўшиб пароходлару елканли қайиқчаларгача парчинлаб ташлайди. Ҳозирча Переделкинода қор ёғаяпти, шамол турган эмас, бўрондан дарак йўқ, ўлик сукунат оппоқ қор остида тумшайиб ётибди. Майли бу ёзувчиларни қайси бири тарих саҳнига чиқади, ё чиқмас, вақт кўрсатади барини; аммо ҳозир умр қумсоатлари қор каби соврилаётган бу мудаббир кунларда баҳор қачондир келармикан деган бир андиша менинг кўнглим тубларидан ўтиб борадир; бир куни менга Темур Пўлатов айтдики, Переделкинодаги шу дачани олган вақтимда икки дона олма олиб келиб экдим, жуда кичкина ниҳол эди, йигирма йиллар бўлдиёв, олти-етти йил олдин бир нишона гул берди, мен хурсанд бўлдим энди олма мевага кирар экан деб, аммо қор ёғди, гуллар тўкилди, олма эса бошқа гулламай қўйди. Мен олмаларга қарайман. Улар ҳайҳотдай арчазорлар ва қарағайлар атрофида худди уларга тақлид ўлароқ кўкка бўй чўзиб кетган, танасининг қийшиқ кунгураларида қор парчаларини тутиб турибди. Переделкинонинг оппоқ қорли манзараларини кезиб юрарканман баъзан ўйлайман Переделкино баҳорини қачондир кўраманми?! Мен бу ерларга келмасимдан олдин ўтиб кетган ёзувчилар ўша баҳорларни кўришган, энди эса қиш, у ёзувчилар энди йўқ. Мен яшаётган уйнинг биринчи қаватида бир пайтлар кавказлик ажойиб ёзувчи Фозил Искандар турган. Темур Пўлатов билан ёнма-ён қўшни бўлган. Ўша ғаройиб баҳорда олмаларнинг нишона гулларини балки у ҳам кўргандир, яна баҳор келармикан, олмалар яна гуллармикан ва ўша гулларни мен ҳам кўраманми?! Ё ёлғизлик ҳаётимнинг узун қиш кечаларида бу баҳорлар менга насиб этмаганми?! Мелонхолия ва пессимизм таъқиби остида липпиллаб турган ёзув столидаги чироғимни ўчирганча тўшакка етиб бораман ва туннинг оғган озгина қисмини уйқуга туҳфа этаман. Тушимда олмалар гуллаётган эмиш, бир тонга яқин хушнуд ҳолда кўзимни очаман ва ойнага югураман, йўқ, ҳамон мартнинг ўртасида баҳорни кечиктирганча ва бу ғаройиб кечмиш ҳаётимнинг ажиб лаҳзаларида Переделкинода ҳеч бири бошқа бир кристалга ўхшамайдиган йирик-йирик лайлакқор ёғаётганди...


15.03.2021.

Москва-Переделкино
Манба: -Азиз Абдумаликнинг SABOQ.UZ сайти.

 

 

 

Подробнее...

 
Еще статьи...