Поиск



Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

 

Холдор Вулқон ёзган юзлаб латифалардан бири

 

 

Эр - хотиннинг уруши



Маҳалла оқсоқоли ишхонасида дафтарга бир нарсаларни ёзиб ўтирса, эшик ғийт этиб очилиб, бир аёл оқсаланиб, ўғли билан келинини эргаштириб: - Ассаломалайким, хожакажон -дея  кириб келибди.

-Оббо, яна нима бўлди, Кўпехон?! -дебди махалла раиси, фиғони чиқиб.

-Э хожакажон, бу жувонмаглар нимани толашади билмийман, эттадан кечгача итдей уришиб, қирилишиб, жонимдан жахт тўйдирди. Мен ўғил уйлантириб, битта жиннини иккита қивоппан.Келин ўлгурди вак вак вак вак жағи тинмейди, бу хўкиз бўса уни бува пўстак қилиб уришини қўймейди. Буларга ўзингиз бир насихат қилиб қўймасез бўмейди, айланиб кетай сиздан - дебти аёл.

Бу гапларни эшитиб, маҳалла раисининг ғазабдан тепа сочи тикка бўлиб, истолди устида турган узун дўпписини бошига кийиб, ўннидан туриб, йигитга ташланибди: - Ҳа эшшак, эшшак, ароқхўр шайтон, нега урдинг хотинингни, а, нега урдинг, ифлос фиадал?! Қортеминан трнопка қилиб қўлини армбар қилиб синдириппеяқалейми шу топта?! - дебди у, кўзларини пахтаси чиқиб, йигитни қўлини аёвсиз қайриб. Йигит оғриққа чидомей: - Ууу, қўлди синдирас, хожака! - дебди, войвойлаб.

-Хожака дема мени, падаринга лаънат, алкаш! Қара хотиннини гўзаллигини! Шундай соҳибжамол, сочлари узун, киприклари майин, кўзлари шахло, мўрча миён, қоши камон, сарви равон, офатижон, мохитобон, сув ичса томоғидан, сабзи еса биқинидан кўринадиган сарвқомат паризоттиям урасанми, лаънати шишағариб?! Давай, тиз чўк хотинини олдига! Нозик қўлларини ўпиб кўзларинга сурти! Энди қимиман -де! Бўл тезроқ, хозир уриб ўлдириб қўяман деса, йигит хўп, хожака -деб тиз чўкканича хотинини ёнига тиззалаб бориб: - Малкахон, мени кечиринг, энди қимиман, умримнинг охиригача қимиман! -дебди.

Маҳалла раиси: -Юракдан чиқариб айт, қасамхўр! - деб, йигитни баттар дўппослаятса, кампир, қўрқиб кетиб: - войдооод, болами ўлтириб қўяди энди! Одамлар, ярдам беринар! Томошабин бўлиб туроврмей, учаскавўйга тилпон қисенарўмейдими?! - деб бақиришга тушибди.

Маҳалла раиси йигитни уришдан тўхтаб: - Э намунча вахима қиласиз, Кўфехон! Мана ярашволишди. Эр хотиннинг уруши - Орол денгизининг қуриши - дер эмиш.

 


 


 

 


Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Ёрилтош


(Халқимизнинг энг севимли актерларидан бири Фарход Абдуллаевга)




Кулма, савол билан мурожаат этсам,
Йўл четида ёлғиз сўппайган эй тош!
Сенда ҳам борми қалб, борми ҳасрат, ғам,
Чиқарми сенинг ҳам кўзингдан кўзёш?

Сен ҳам севганмисан биронтасин, айт?
Кўрганда тош қотиб, пайпаслаб кўксинг.
Сокин сукунатда, ой порлаган пайт,
Кўз ёш тўкканмисан овозсиз, ўксиб?

Сенинг бошингни ҳам ёрганми ёғий?
Кўринмас тош билан, айт менга ростин.
Бошинга оғирроқ иш тушган чоғи,
Кўриб, кўрмаганга олганми дўстинг?

Қандай мавжудотсан, нимасан, кимсан?
Кел, бугун ложувард нурларга қорил.
Гапирсангчи ахир, не учун жимсан?
Тош, сен ҳам тош бўлиб бир бора ёрил!



29/07/2019.
Кундуз соат 1:48.
Канада, Онтерио.

 

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

 

Яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари ҳақида



Мамлакатимизда президентлик сайловлари тобора яқинлашмоқда.
Умид қиламизки, бу галги президентлик сайловлари ўз оппонентига овоз бергувчи сохта, қўлбола рақибларсиз, ҳалол, демократик руҳда ўтади, Худо ҳохласа.


Албатта, агар бу сайловга амалдаги мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ўз номзодини қўйсалар, халқимиз бу гал ҳам якдиллик билан овоз бериб, унга, ўзи бошлаган сиёсий ва иқтисодий ислохатларини ниҳоясига етказиш имконини беради.


Чунки Шавкат Мирзиёев халқимизнинг ҳурмат - эҳтиромга лойиқ садоқатли, фидоий фарзанди, дипломатия санъатидан бохабар, халқаро муносабатлар балансировкасини яхши биладиган етук сиёсий арбоб эканлигини ўз амалий ишлари билан яна бир бор исботлай олган раҳбардир.


У биринчи навбатда қўшни мамлакатлар билан яхши қўни қўшничилик муносабатларини тиклади. Сиёсий қатағонларни тўхтатиб, сўз ва фикр, ҳамда матбуот эркинлигини йўлга қўйди.Инвестиция билан мамлакат иқтисодиётини қайта жонлантирди.


Яхшилаб эътибор берсангиз, Каримов замонида жамиятдаги мавжуд сиёсий ва иқтисодий муаммолар ҳақида бир оғиз гапиргани қўрқиб, чурқ этмай ўтирган баъзи ватандошларимизнинг бугун тили чиқиб қолди.
Тили чиққани яхши, негаки бу мамлакатда демократик ислохатлар механизми ишга тушганидан далолат.


Лекин улар энди барча мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни яхши йўлга қўйиш учун ҳаракат қилаётган давлат раҳбарини россияга тобе сиёсий марианеткаликда айблаб, уни вассал дея хақорат қилишга ўтдилар.


У сиёсий мурдаларнинг гапларини эшитиб, ёпирай, шулар ҳам энди сиёсатчимикин, шу ҳам сиёсий маданиятми? - дейсан беихтиёр.
Ахир, ҳақиқий сиёсатчи деган ўз сиёсий рақибини ҳеч қачон тахқирламайди, хақорат қилмайди. Баҳо берса, фақат сиёсий оппонентнинг олиб бораётган фаолиятини ҳолис баҳолайди, аниқ факт ва аргументларга қурилган тахлил асосида коструктив танқид қилади.
Фақат сиёсат нималигини билмайдиган саводсиз кимсаларгина карвонга хурган лайча каби ўз оппонентининг сиёсий фаолиятига эмас, шахсига осилади.


Ундайлар танқидга уста, аммо ўзларининг сиркаси сув кўтармайди.


"Фаолияти"даги салгина камчиликни айтсангиз, сизга ўқрайиб, ғилай кўз билан қарай бошлайди, сизни душман дея эълон қилади.


Ўзлари ғирт мустабид фанат, яна бошқаларни диктатор дея демократия талаб қиладилар.


Мен улар ҳақида ёзмоқчи эмас эдим. Фақат сиёсий маданиятнинг мухимлигига урғу бериш учунгина шундай қилдим.


Чунки айнан сиёсий маданиятдан бехабар кимсалар, олиб бораётган фаолияти қолиб, конституцияда дахлсиз деб белгилаб қўйилган шахсига тегиши, хақоратлашлари ортидан сиёсий тўнини тескари кийган собиқ президент Каримов қаттиққўл раҳбарга, диктаторга айланган бўлса эхтимол.


Охир оқибат тахқирловчилар ўзлари пиширган кашани ўзлари едилар.


Оғзидан боди кириб шоди чиқаётган бугунги сиёсий бақироқларни Каримов замонида бўлса, танобини тортиб қўйишарди.


Лекин Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев уларнинг биронтасига тазъйиқ ўтказаётгани йўқ. Ҳатто битта журналистни икки марта қамоқдан ҳам озод қилдилар.

Майли, олий раҳбар фаолиятини ҳолис танқид қилайлик, лекин хақорат қилмайлик.


Мамлакатимиз Давлат бошқарув тизимларига ўшандай саводсиз, сиёсий пандавоқиларнинг яқинлашмаслиги йўлида мен ҳатто(ундайлар назарида) маддох бўлишга ҳам тайёрман.


Ваҳоланки "маддох" тушунчасини сиёсий мақсадларда ишлатилишининг ўзи ножоиз ва ҳатто гунох.


Чунки "Маддох" арабча сўз бўлиб, мадх этгувчи, мақтагувчи маъносини ташийди.Адҳам, Махдий, Маҳмуд, Ҳамид ва бошқа исмлардаги маъно ҳам Оллохни мақтагувчи содиқ қул мазмунини англатади.


Пайғамбаримиз Муҳаммад Салоллоху Аълайҳи Ва Салламнинг исми мубораклари Оллохнинг мақтовига сазовор бўлган зот маъносини англатади.


Шунинг учун ҳар куни беш маҳал номозида Оллохни мақтовчи, мадх этувчи одам "маддох" сўзини ишлатишда сал хушёрроқ бўлгани мақулмикин дейманда.


Бугун Оллох азиз қилган бойларимизнинг ҳам халқ ғами, Ватан қайғуси билан яшаётганлари ҳаммани қувонтирмоқда. Айниқса, мамлакатимиз президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек миллиардери Алишер Усмонов билан дўстона муносабатлари.


Ҳа, ўзбекистонда яшаётган барча халқлар - ЎЗБЕКИСТОНЛИКлар мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда Алишер Усмоновнинг нафақат бойлигидан, балки талант, тафаккуридан, билим ва тажрибаларидан фойдаланмоғимиз керак.


Худо азиз қилган банда ўзидан ўзи бойиб қолмайди.


Ундай инсонларда Худо томонидан ато этилган ноёб истеъдод бўлади.
Алишер Усмонов бойлик, файзу барокотларни кўрган, назари тўқ, ҳалол инсон. Энг муҳими у ўз халқини, она ватани Ўзбекистонни жону дилидан севади.


Ўз ватани ва халқини жондан севган мамлакат Президенти ҳам, миллиардер бой ҳам ҳеч қачон ўз халқининг олтинларига, нефту газига, урану пахта пилласига кўз олайтирмайди.


Алишер Усмоновнинг ватанпарварлигига ва халқпарварлигига битта мисол.


Россия Федерациясининг президенти Владимир Владимирович Путин катта бир анжуманда Алишер Усмоновни олий орден билан мукофотлар экан, Алишер Усмонов Россия сиёсий эстиблишментининг ва бутун инсониятнинг кўзи олдида: -Владимир Владимирович, менинг хизматларимни қадрлаб, берилган бу юксак мукофот учун миннатдорчилик билдираман. Мен Россия граждани бўлсамда, аждодларим ўзбек эканлиги ва менинг томирларимда ўзбек қони оқаётгани билан фахрланаман! - дедилар.


Диққат билан эътибор беринг, рус ё француз, инглиз ёки турк демадилар.


Ўзбек дедилар.


У ўзининг ўша буюк сўзлари билан халқимиз қалбини фахру ифтиҳорга тўлдирди, элимизнинг қаддини кўтарди.


Инсонни тўлқинлантириб юборгувчи ундай сўзлар фақат ўз халқини ва юртини чин дилдан севгувчи инсоннинг қалб қаъридангина отилиб, тоза булоқдай қайнаб чиқади.


Яна бир бор айтаман.


Ҳақиқий дўст оғир кунларда билинади деганларидай, ўз халқи бошига иш тушганда бир четда қараб турмай, Ватанига келиб, 100 миллионлаб доллар ҳайру эхсон қилган Алишер Бурханович каби яхши нийятли инсонларнинг илоҳий истеъдодидан, тафаккуридан мамлакат иқтисодиётини юксалтириш йўлида фойдаланмоғимиз керак.


Мен бу гапларимни Мирзиёев мени ватанга қайтариб, мартаба билан сийласин, ёки Алишер Усмонов чорак асрдан бери дунё юзини кўрмаётган китобларим нашрдан чиқиши учун молиявий ёрдам кўрсатсин деган умидда ёзмадим.


Мен ростан ҳам бу икки буюк инсонни қаттиқ ҳурмат қиламан, уларга ҳавас қиламан.

Президентлигига, ёки миллиардерлигига эмас, уларнинг инсонийлигига ҳавас қиламан.



24/12/2020.
Кундуз соат 1:41.
Канада, Онтерио.

 

Стихи о родине

 



Засыпаю тихо, от Родины вдали,
И мне край мой далекий снится.
Луга и просторы хлопковых полей,
Заливающаяся трелью синица.

Пойма реки, проселочные дороги,
Бродячие ветры далеких долин.
Шелестящие волны, берег пологий,
Где серебрится горькая полынь.

Желтые сережки весенной ивы,
Цветущие урюки, глиняные дувалы.
Дальний крик осла, поле в мареве,
Бабье лето в паутинной вуале.

Люблю тебя, Родина душой и телом,
Хорошее помню, все плохое забыл.
И горжусь тем, что на свете белом,
Огненным твоим Вулканом я был!



22/11/2018.
10:27 дня.
Канада, Онтерио.





 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 


 

Маъюс чироқларнинг олмос чамани

(Шеърлар ва таржималар)

 


Ушбу шеърий китобимни меҳрибон онам Муҳтарамхон Мирзажалол қизи ва менинг иккинчи онам Эзозхон Кенжаеваларнинг порлоқ ҳотираларига бағишлайман. Мазкур китобни яхши нийят билан ўқиганларни Худо муроду мақсадларига етказсин.

 

(Холдор Вулқон)


-------------------------------


Йиллар учиб ўтди бамисоли ўқ,
Ғурбатда оқарди соч -соқол, муртим.
Мен сени бир зум ҳам унутганим йўқ,
Мени ҳам унутиб юборма, Юртим!
Х.В.


-------------------------



Холдор Вулқон 1959 йили Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида туғилган. Тошкент Миллий Университетини тамомлаган.У 1975 йилдан буён бадиий ижод билан шуғилланади. Шу кунгача у рус ва ўзбек тилларида тўртта шеърий тўплам, қатор ҳикоялар, бешта повесть ва иккита роман ёзган. Шунингдек Холдор Вулқон кўплаб япон шоирларининг шеърларини ўзбек тилиган таржима қилган. 1999 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Тақдир тақозоси билан Канадада яшайди. Мукофот ва унвонлари йўқ.

 




-----------------------
Тонги сукунат
------------------------


Топталган баҳайбат само гулҳани,
Милтиллайди юлдуз чўғлари ҳамон.
Ўз нурига ўзи хорғин чулғаниб,
Ой сузар оҳиста мағрибга томон.

Ғира шира зулмат, тонг саҳар пайти,
Осуда жимликка тутаман қулоқ.
Буғдойзор томонда қайта ва қайта,
Бедана хотинин қўяр қумталоқ.


---------------------------
15/02/2020. Канада, Онтерио.




------------------
Кўклам чақинлари
--------------------

Боғларга очилган дарчалар роми,
Сукунатга чўмган ўтлоғу дала.
Шивирлар баҳорнинг ёмғирли шоми,
Оҳиста, ҳеч кимга бермасдан ҳалал.

Ёмғирли зулматда узоқ яқинлар,
Хаёлга ботгандай чароғон кунсиз,
Чақнайди олисда ғамгин чақинлар,
Осмон билан ерни пайвандлаб унсиз.

---------------------------
16/03/2020.
Эрта билан соат 8:43.
Канада, Онтарио.




----------------
Нийят
-----------------


Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Одам бўлиб, элнинг корига яраб,
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.

Юлдуз инсон кўзи илғамас жойга,
Найзадай саросар учса овозсиз.
Соатлаб термулсанг порлаган ойга,
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.

Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир - ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.


------------------------------
7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1:56.
Торонто шаҳри, Канада.




---------------------
Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги
----------------------

Ёмғирдан кейинги мусаффо ҳаво,
Дов дарахт ўй сурар кўлмакка боқиб.
Дарчалардан йўлга термулар авом,
Хаёл деган чексиз дарёда оқиб.

Қушлар чуғурлайди, булут тарқалар,
Яшнади қақраган ховузнинг лаби.
Мажнунтол шамолда маҳзун чайқалар,
Унсиз йиғлаётган паризод каби.

Кўлмаклар кўзгуси ётар бир ёнда,
Мармардай ялтирар боғлар йўлаги.
Ғийт - ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
Ғозлар галасининг бўм - бўш челаги.


--------------------------
9 июл, 2011 йил.
Тунги соат 2:36.
Торонто шаҳри, Канада.

 



----------------------
Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши
----------------------

Ёмғирларда ялтирайди тош,
Қарар ўйчан табиат ромдан.
Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
Кўзларингдан дувиллаб томган.

Сен кетасан соябон қўлда,
Олислайсан мисоли рўё.
Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
Чўкиб ётар кўзгуга гўё.

Фироқ жисму жоним қиймалар,
Эриб борар изларингда қум.
Сен кетасан, ғамгин ойналар,
Одам каби йиғлайди юм - юм.

----------------------------
31 июл, 2011 йил.
Кундуз соат 1:29.
Торонто шаҳри, Канада.



----------------------
Хазонларга кўмилди йўллар
---------------------

Ловуллаб ёнаркан кузги гулханда,
Гув урар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
Қағиллар сукунат қўйнида зоғлар.

Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинганда аёлга ўхшаб,

Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?

---------------------------
13 август, 2011 йил. Кундуз соат 3:23. Торонто шаҳри, Канада.




-------------------
Ёлғизлик
-------------------

У стол устида ётган қоғоз марказига
қалам билан нуқта қўяркан, деди:
- Бечора, қанчалар ёлғиз у
қоғознинг қор босган далаларида!..
Сўнгра шоша пиша ўчиргич билан
ўчираркан нуқтани, ўзига ўзи:
-Энди қорбўронда кўринмай кетди -
деди, қайғу билан чуқур хўрсиниб.
Сўнг дераза ортида бўралаб ёғаётган
тунги лайлакқорга термулди узоқ.

-------------------------
05/02/2020.
Кеч соат 5:55.
Канада, Онтарио.



----------------------------
Зулматларда учқунлайди қор
-------------------------

Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
Қўлидаги ўқилмаган хат.

Кимсасизлик, сукунат балки,
Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.

Мен бўлсам,
Кузги далаларда, тунги зулматда
Ёлғиз увлаётган қора шамолман.

Сен пастак дераза ёнида,
Қировли гулзорда булбулни кутиб,
Музлаб қолган атиргулмисан?

Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
Ёруғ ойналарга талпинаётган
Сон - саноқсиз оппоқ парвоналарми?..

Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
Сочлари қувв оқарди қишнинг?

-------------------------------
20 август, 2012 йил.
Кундуз соат 3:20.
Торонто шаҳри, Канада.






 

 

Подробнее...

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси


 

 

 

Журналист Бобомурод Абдуллаев ҳақида

 

Аввало жасоратли журналист Бобомурод Абдуллаевни, айниқса унинг ёш авлодга таълим - тарбия бериб, узоқ йиллар ўқитувчилик қилган захматкаш волидаи муҳтарамасини, яқинларини Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев тамонидан совға қилинган 3 хонали квартира билан чин кўнгилдан муборакбод этаман.

Бобомуродни битта квартирага сотилди дея маломат қилаётганлар қаттиқ адашадилар.

У квартира Бобомуродга эмас, фарзанди хибсхоналарда қолаётган даврларда унинг озодлиги учун тинимсиз курашган, умрини илм -маърифатга, авлодлар таълим тарбиясига бахш этган мушфиқ онага мамлакат президенти ва амалдаги ҳукуматнинг ҳадя этган беминнат совғасидир.

Бобомуроднинг хибсдан озод этилиши эса, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси қай даражада эканлигини белгиловчи инкор қилиб бўлмас ижобий кўрсаткичдир.


Эсингизда бўлса, Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида ёзган сиёсий мақолалари учун қўлга олинганида, кўплар талвасага тушиб, Ўзбекистон ҳукумати уни ўлдириб юборади дея айюханнос кўтарган эди.

Лекин, Бобомурод Абдуллаев адолатли суд маҳкамасининг қарори билан хибсдан озод этилди.


Шу ерда бир қизиқ воқеага тўхталамиз, азизлар.


Маълумингизким, ўша вақтларда айрим қўштирноқ ичидаги "сиёсий тахлилчилар" Ўзбекистон ҳукумати Бобомуродни давлат сирларини ошкор этишда айблаётгани ҳақида ҳам ёзган эдилар.


Ўта кулгили иддао.


Ваҳоланки Бобомурод Абдуллаев ўз мақолаларида ёзган нарсаларининг давлат сирларига мутлақо алоқаси йўқ эди.


Нега?


Чунки Ўзбекистон Давлат хавфсизлигини таъминловчи органларда ишлайдиган кадрлар иш фаолияти узоқ йиллар давомида зимдан ўрганилиб, турли синовлардан муваффақиятли ўтган, сир сақлай олиш қобилияти, билими, ақл - заковати, яхши хулқ атвори туфайли кадрлар сиёсати билан шуғилланувчи қўмита ишончини қозонган ўта жиддий, бағоят масъулиятли одамлар бўлади ва улар давлат сирларини ошкор қиладиган, яъни тўғри келган кимсага ўта махфий сирларни сиздирадиган даражада гўл эмасликлари барчага бирдай аён.

 

Бугун пок қалбли инсонларни, Ўзбекистонимизнинг тинчлигига, осойишталигига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни қувонтирадиган воқеа, Бобомурод Абдуллаев хориждаги киндик ковакларда писмиқ газанда каби беркинган сиёсий бесовод, демократман деб ҳаммани лаққа туширишга уринадиган ёвуз мақсадли, бунинг устига ўта қитмир, бахил ва худбин, аммо ўлгудек лақма, ёлғонни ямламай ютгувчи, унга одам деб ишониб, қаттиқ адашган шўрлик маслакдошларини қўятуринг, керак бўлса, ҳатто ўз туғишган ака укаларини ҳам ҳеч иккиланмай ўз манфаати йўлида қурбон қилишга, сариқ чақага сотиб кетишга тайёр, қорнидаги чиқитни ёғ деб ўйловчи жирканч ва манфур фитнабоши фирибгар лайчаларнинг кимлигини англаб етгани ва у кимсаларнинг жирканч ва манфур башараларини очиб ташлаётгани тахсинга лойиқ.


Бугун жасоратли журналист Бобомурод Абдуллаев журналистика соҳасида ўз бошини кундага қўйиб, ўзбек журналистикаси, сўз ва матбуот эркинлигини кишанлардан озод қилиш йўлида, ўлимнинг кўзига тик қараб, улкан ишларни амалга оширди дея баралла айтишимиз мумкин.


Тақибу тазйиқларга қарамай, иккинчи марта хибсга олинганида ҳам ўзини тута билган, Ўзбекистонни ривожланган демократик мамлакатлар қаторида кўришдек буюк мақсаду маслак, покиза нийят йўлида азобу уқубатлар чиғириғидан ўтган, кўнглида кири йўқ, пўлат иродали, енгилмас, жасоратли журналист Бобомурод Абдуллаевга мустахкам соғлик, узоқ умр ва ижодий ишларида омадлар тилаймиз!




24/04/2020.
Кундуз соат 11:46.
Канада, Онтерио.


 

 

 
Еще статьи...