Поиск

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Ибрат Сафо

 

 

Ватандан ташқарида Ибрат Сафо деган бир ўзбек журналисти бор. У "Би би си ўзбек" радиосида фаолият олиб боради. Ибрат Сафонинг бошқа "журналистлар"дан фарқи, у ўзи тахлил қилаётган воқеаларга ҳеч қачон бир ёқлама ёндошмайди. Воқеаларни ёритиш жараёнида ҳечкимнинг тегирмонига сув қуймайди, ҳечкимга ялтоқланмайди ва ўз манфаати йўлида суҳбатдошига провокацион саволлар бермайди. Тўғриси, мен шундай профессионал ўзбек журналисти борлигидан ва у билан бир замонда яшаётганимдан фахрланаман.



Холдор Вулқон

24/09/2019.
Тонги 7:20.
Канада, Онтерио.

 


 

Ибрат Сафонинг ибратли сўзлари


Ўн гулидан бир гули очилмаган... Одатда бу ўхшатиш қайғули кайфиятга эга. Ҳазон кетган умр шундай тасвирланади.
Аммо, “ўн гулдан бир гули очилмаган”ни ижобий оҳангда ҳам айтиш мумкинмикан? Менимча, мумкин. Тескари тарафдан сананг. Одатда, гул очилгандан кейин нима бўлади? Сўлийди. Ўнта гул тўпланган гулдаста гулдонда сўлиб қолганини кўрганмисиз? Унинг бу ҳаётдаги вазифаси тугади - у энди сарғайиб, кукунга айланади.
Инсон умриниям бунга қиёслаш мумкин. Бугун бир дўстимнинг “Ўтмаган кунлар” номли ҳикоясида мана бу мисраларни ўқиб жилмайдим: “Хушбоқ бугун ишдан эртароқ қайтди. Тунги соат ўн иккиларда ҳайдовчиси уни уйига ташлаб кетди...” Ҳушбоқлар бизда кўп, ҳаёт пойгаси қизиган, иш-уй-соққа-иш-мажлис-соққа-соққа ва яна соққа-иш-мажлис. Ўнта гул гуркираяпти, хуллас. Куни билан кўрмайдиган ва тарбиясига вақт ажратолмайдиган фарзандларининг ўқиши ва тўйига, уйига йиғади. Бир неча кун олдин фейсбукдаги бир дўстим пул топишнинг кайфи ҳақида қизиқ бир пост ёзди. Уни ўқиб икки йил олдин саратон орамиздан бевақт олиб кетган дўстимни эсладим. Унинг пули кўп эди. Бор вужуди қандайдир бизнес лойиҳалар, суҳбат чоғида тинимсиз тинғиллайдиган телефонидаги келишувлар, янги-янги пулни туғдираётган пуллари. Харажати ҳам шунга мослашди, данғиллама уй, машина, атрофида ҳар ким гирдикапалак. Лекин, ўлганидан кейин, у ўзи нега бунча пул йиғди экан деб ўйлаганим эсимда. Вафотидан кейин, камига, катта қарзи бор эканини билдик.
Уни ҳаётда кўрсангиз, қаранг, мана унинг ўн гулиям очилган, боракалло деган бўлардингиз. Очилди, ва тезда сўнди.
Одамзот балки тўққиз гулини очиб, бир гулини очмай тургани яхшидир? Бор имкониятингиз ва салоҳиятингизни ишлатиб қўйсангиз, гугурт чўпидек бирдан ёниб, пуфф этиб ўчмайсизми? Балки одамзот каламушлар пойгасидан ўзини сал четга олиб, бир ўйлаб кўриши керак - менга нима керак бунинг ҳаммаси? Биргина ғунчам қолди, шуни авайлай, деб?
Ўн гулдан ҳеч бўлмаса бири очилмай турсин.

Фурқат Алимардоннинг ФБ саҳифасидан олинди.

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

maxresdefault (700x393, 47Kb)


Кўнглима орзулар солган қишлоғим,

Олис олисларда қолган қишлоғим.

Келиб қоларми деб ҳар саҳар ҳар шом,

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.

 


Ўзбекнинг энг ёрқин талантли, лирик шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз шеъри.

Бу шеърни халқимизнинг энг севимли ҳофизларидан бири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозов ажойиб, дардли қўшиққа айлантирган.


Қадрдон қишлоқ

 


 

Дадам раҳматли шу соҳилдаги шолипоямизда шоли экар, мен ўтин чўпларни териб, гулхан ёқиб, дадамга қумғонда чой қайнатар эдим.Кейин иккаламиз жийда соясида ўтириб, индамай чой ичар эдик.Ён -веримизда дайди капалаклар сассиз - садосиз, беғамгина учиб юрар, мен узоқ узоқларга боқиб, завқланар эдим.(Х.В.)

 

Тоска по реке

(Светлой памяти моего отца Саййидусман Али)

 

Освещает мне память пляшущим огнём,
Далекий костер, полыхаясь, шаля.
Помню, как с моим отцом мы вдвоем,
Работали молча на рисовых полях.

За куйганярским мостом поездов гудки,
Волна катилась на берег за волной.
Крякая торопливо пролетали утки,
Качался на ветру тростник хмельной.

Полыхал и дымел тот костер далекий,
Ведя трескучий разговор тайный.
Будто, слушая смешные анекдоты,
Хохотал до слез на костре чайник.




02/03/2015.
8:12 ночи.
г.Бремптон, Канада.



 

Қорадарё соҳили.Манашу кенгликларда мол боқиб катта бўлганмиз. "Мизхаппарнинг мактублари" асаридаги воқеалар, асар персонажлари Қурумбой, Мизхаппар, Мамадиёр, Йўлдашвўйларнинг кулгили саргузаштлари бир пайтлар шу соҳилда жойлашган чўчқахона харобаларида кечади.

(Холдор Вулқон)

 

Тасодифий учрашув



Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.

Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.

Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?

Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?

Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб...

Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Улкан эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, олис шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.



25 апрел, 2014 йил.
Кундуз соат 5 дан 0 дақиқа ўтди.
Канада, Кембридж шаҳри.


Нийят



Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Тўлин ой порласа пайкалга қараб.
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.

Сокин увотларда бўзрайса фонар,
Оқшом юлдузларни бирма бир ёқса.
Оғзини ланг очиб ойдин далалар,
Ойнинг қўрғонига ағрайиб боқса.

Сувлар жилдираса, пушталар тўлиб,
Кўршапалак учса шодон, овозсиз.
Ўлтирсанг порлаган ойга термулиб.
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.

Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир – ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.



7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1 дан 56 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.

 

Маслахат қишлоғидан оқиб ўтувчи анҳор.Болалик пайтларимиз қирғоқдан югириб келиб, бақадай сакраб, шу анҳор сувларига калла урар эдик.(Х.В.)

 

 

Маслахат қишлоғидаги бизнинг ховли.Қаровсиз қолган уйимизнинг аҳволини қаранг. Мен эккан оқ ўрик катта бўлиб кетибди.(Х.В.)

 

 

 

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси

 

Ой порлаган оқшомлар

(қисса)


1 боб

Кузги дала






Холбўри 20 ёшлардаги ўрта бўйли, сочлари қора, аммо кўз қорачиқлари яшил, қирғийбурун, қалин лаблари устида мўйловлари сабза урган рассом йигит.Гарчанд рассомчилик ўқув юртларини тамомламаган эсада, у олийгохни хатм қилган тажрибали рассомлардан сира кам эмас.Холбўри мойбўёқда ҳам, акварельда ҳам бирдай, рангларни кир қилмай, табиат манзараларини қойиллатиб ишлар, биронта гўзал этюд яратиш ишқида кун бўйи жийдалар, юлғунлар ўсиб ётган дарё соҳилида, шамолларда шаршарадай шовуллагувчи толзорларда, каккулар оҳ чекаётган далалар этагида худди ўлжа излаган овчи каби этюднигини елкасига осганича дайдиб юради.Баъзан, тонг саҳарда уйғониб, соҳил тамон йўл оларкан, шудрингли бедазор сўқмоқлари аро ғира - шира сўлим субҳи содиқ сукунатида бири қўйиб, бири сайраётган беданалар овозига қулоқ тутганича: - эх беданалар, муздек шудрингларни ичиб, томоқни шамоллатиб қўйибсизларку.Қаранглар, тинмай йўталяпсизлар -дея ўйлайди ва ўзича жилмайиб қўяди.Соҳилга етгач, ёйилиб оқаётган Қорадарёнинг кўзгу каби ялтираган теран ва сокин сувларига термулганича, одамлар ҳали донг қотиб ухлаётган, машиналар ва қушлар шовқини тинган тоза ҳаволи сукунатда асабларини созлайди, шу ҳолатда баланд жарликлар узра тик туриб, тонгни қарши олади.
Тонги қоронғуликда, узоқ узоқларда хўрозлар қичқиришга тушаркан, уларнинг ўткир ва ўктам овозлари олмос ойнакесгич каби тонгнинг мусаффо кўзгусини кесиб юборгандай таасурот қолдиради гўё.
Кейин эса, осмон этаклари оҳиста оқаришиб, рангпар парқу булутлар дақиқалар ўтган сайин оч сариқ тусга кирганича, бора бора уфқ ранги йўлбарс терисидай кўриниш касб этади.Бу илоҳий манзарани жимгина кузатиш Холбўрининг энг севимли машғулотларидан бири.
Кўп ўтмай, теварак - жавониб қушлар сайроғидан уйғониб, тонги сукунат қушлар сайроғига акс садо бериб, кўп ўтмай, шўх -шодон чийиллаб, тонги далалар устида муаллақ сайраётган тўрғайлар баҳайбат қуёшни осмонга кўтаришади гўё.
Далалар узра сайраётган тўрғайлар тонги оппоқ булутларга кўринмас иплар билан осиб қўйилган қўнғироқчалардай жарангдор товушлари билан одамзод юрагини қувончга, шодликка тўлдириб, тоширади.
Ҳозир "Қовункапа" қишлоғида куз кезиб юрибди.Ўтлоқларда ўт -ўланлар қувраб, қовжираб, қўнғир -қизғиш ранга кирган, пахтазорлар чаман бўлиб очилган пахталардан қордай оқариб ётибди.Далалар четидаги тут дарахтларининг, толзордаги қари бужур, букри тол ва азим адл теракларнинг барглари қахрабодай сарғайиб, махзун пичирлаб, тўкиларкан, кузнинг ўйчан шамолларида чирпираб учиб, заъфарон капалаклар галаси сингари енгил, оҳиста - оҳиста ерларга қўнар, суви қуриб қолган ариқларнинг ўзанига, дарахтларнинг ўйчан соялари акс этган кўзгудай тиниқ анхор сувларига ёғилар, йўллар ва сўқмоқлар гўё сариқ ва қирмизи хазон кўрпасига ўраниб ухлаётгандай.Ҳадемай, далалар қуюқ кимсасиз сокин туманлар билан қопланади.Холбўри совуқ куз кечалари чироғи ўчирилган хонасида ётаркан, тунги далаларда, туманлар қаърида наъра тортиб, ер шудгорлаётган ёлғиз тракторнинг ҳасратли товушига қулоқ тутганича, то кўзларига уйқу илингунга қадар хаёл суриб ётади.Оҳ, бу далаларни қишда кўрсангиз эди!Чирпираб айланиб, рақс тушаётган қорқуюнга термулиб, қорли далаларнинг яйдоқ кенгликларида бўғзигача қорга ботган чўкиртакларнинг, қамишларнинг совуқ изғиринда аччиқ изиллаган, ғувиллаган товушларига қулоқ тутсангиз эди.Ромга таранг тортилган мато каби оппоқ қордан тундрадай оқарган теварак атрофнинг кундуз каби ёп - ёруғлигини, машиналар шовқини тинган қорли сукунатда далалар кимсасизлигини тасаввур қилиб, лаззатланмоқ, ҳузурланмоқ бахти ҳар кимга ҳам насиб этавермас? Ҳа, ҳозир бу ерларда куз ҳукмрон. Холбўри бундай паллалар уйда ўтиролмайди.У уч оёқли этюднигини дала четига ўрнатиб олиб, қахрабо ҳазонлар ёғилаётган теракзорлар, соҳилдаги толзорлару илонизи сўқмоқлар, кузги кимсасиз дала йўлларини матога мойбўёқда акс этдириш билан банд.Ҳаво очиқ бўлгани учун узоқдаги уфқларга туташ пахта далалари ортида Тянь -Шань тоғ тизмаларининг қорли чўққилари аниқ кўриниб турар, пахтазорда одамлар эгатлар оралаб энкайганларича пахта териб юрардилар.Холбўри пахтазорлар устидан гувиллаб учаётган чуғурчуқларнинг безовта галаларига термулганича қўлидаги мўйқалам бўёғини латтага артиб, бир зум осмонларга термулиб қолди.Чуғурчуқлар галаси ҳавода парвозини тез тез ўзгартириб, дарё соҳилидаги бошоқлари олтиндай товланиб пишган шолизорлар тамон учардилар.Бу кузги чуғурчиқ ва чумчуқларнинг улкан галалари узоқдан шамол ипларини узиб қаёқларгадир учириб бораётган парашютларга ўхшайди.Холбўри яна этюд ишлашда давом этди.У шу қадар берилиб ишлардики, ҳатто шаҳарлик хашарчи қизнинг шундоқ ёнида туриб, яратилаётган гўзал картина эскизига ҳайрат билан тикилиб турганини ҳам сезмасди. Агар этюдга масофадан назар ташлаш мақсадида ортига тисарилмаса ва қизга урилиб кетмаса, у ҳамон ҳайратдан донг қотган биринчи тамошабиннинг келганини ҳам сезмай ишлайверган бўларди.

-Э, ахир одам деган сал йўталиб нетиб келадида.Юракни ёрай дедингизку, оппоқ қиз! -деди Холбўри жўрттага жиддийлашиб.

-Кечиринг, рассом ака.Чизаётган картинангизга хушим кетиб... -деди қиз, айбдорларча бош эгиб, гоҳ рассом йигитга, гоҳ этюдникка ер остидан ўғринча назар ташлаганича, уялиб.

-Ҳечқиси йўқ, оппоқ қиз, хазиллашдим.Ҳавотир олманг, ҳаммаси жойида.Юрагим ёрилгани йўқ.Ишонмасангиз кўксимга қулоқ солиб, юрагим ураётганига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин -деди Холбўри, самимий жилмайиб.

-Товбаааа, сиз рассом экансизда а? Далаларни, дарахтларни, тоғларни худди ўзига ўхшатиб қўйибсиз.Қандай ажойиб! -деди қиз, ҳамон ҳайратини яширолмай, ҳаяжон ичра.

-Чизаётган этюдим сиздай соҳибжамол қизга ёққани учун ўзимни худди асари Париждаги Лувр музейидан ўғирлаб кетилган бахтли рассомдай ҳис қилаяпман -деб қўйди Холбўри, ишлашда давом этиб.Кейин қизга ярим ўгриларкан: -Менинг исмим Холбўри - деди, ўзини таништириб.

-Менинг исмим Илтижо деди қиз, уялибгина.

-Исмингиз ҳам ўзингизга ўхшаб ғоят чиройли экан.Агар камондай қайрилма қошларингиз бўлмаса, худди машҳур италян рассоми Леонардо да Винчи чизган портретдаги Монна Лизага ўхшаркансиз.Сиз билан танишганимдан хурсандман -деди Холбўри.

-Мен ҳам -деб қўйди қиз, ҳамон этюдникдан кўзларини узолмай.

-Сизни авваллари ҳеч учратмаган эканман.Кўринишингиздан шаҳарлик қизларга ўхшайсиз.Бу ёқларда нима қилиб юрибсиз, дайдиб? Ё қариндошларингизникига меҳмонга келдингизми? -сўради Холбўри, мўйқаламдаги бўёқни латтага хафсала билан артиб.

-Мен тиббиёт институтининг 3 босқич талабасиман.Курсимиз билан пахта йиғим теримига кўмаклашиш учун келдик.Биз ёрдамчи хашарчилармиз - тушунтирди қиз.

-Тушунарли -деб қўйди Холбўри.Кейин яна ишга киришаркан, давом этди:

-Эшитишимча бошига қоп кийган махсус жаллодлар пахта териш нормасини бажармаган талабаларни карнай - сурнай ва ноғораи калон садолари остида дала шийпонининг пешхорисига намоишкорона осиб, қатл қилармишлар, шу ростми?

Бу гапларни эшитиб, қиз бўйнидаги харир шарфи билан оғзини тўсганича нозик елкаларини силкитиб, астойдил кула бошлади.

Кейин: -Товба, сизни рассом десам, қизиқчи ҳам экансизда а? Ҳеч жаҳонда пахта териш нормасини бажармаган талабани ҳам дорга осадиларми? -деди у, кулишда давом этаркан.

-Энди, йигит кишига етмиш хунар оз дейишадику машойихлар.Хар тўкисда бир айб деганларидай, шунақа ҳазил мазах деса томдан ташлайдиган қизиқчилик одатим бор.Зерикмай ҳазиллашиб турайлик дедим -да, оппоқ қиз. Лекин, керак бўлса, пахта теришда сизга ёрдамлашишдан ҳам тоймайман.Ёрдамчиларга ҳам ёрдам керак ахир.Медицина тили билан айтсак, "тез ёрдам" -деди Холбўри.

-Э, Худо сақласин. Ҳеч бандани тез ёрдамга мухтож бўлгулик қилмасин -деди қиз.

-Яхши. Унда тез эмас, сал секинроқ ёрдамлашаман - деди Холбўри, илжайиб.

Қиз яна кулди. Кейин худди муҳим бир нарса ёдига тушгандай, ялт этиб йигитга қараркан: -Кечирасиз, Холбўри ака, сиз одамнинг суратини ҳам чизасизми? Бизнинг шаҳарда рассомлар хиёбонларда ўтириб олиб, ўтган - кетган одамларнинг суратини чизиб беришади.Мен ҳеч суратимни чиздирмаганман.Агар сиз чизиб берсангиз, портретимни дугоналаримга кўрсатиб, мақтаниб юрардим - деди Илтижо.

-Яхши - деди Холбўри ва мато қопланган ромлардан бирини олиб, этюдникка махкамларкан, қизга йиғма ўриндиқда қилт этмай кулиб туришни буюрди.

-Аввал кўмир билан қоралама қиламиз, кейин... деди у қизнинг дўндиққина оппоқ юзларига, шахло кўзларига, ғунчадек лабларию, оққушникидай силлиқ бўйинларига бир зум ўйчан термулиб.

Холбўри чизишни бошлаши билан, қиз лунжларини шишириб, кутилмаганда кулиб юборди.

-Ие, кулмангда.Ахир қилт этмай ўтиринг дедимку сизга -деди Холбўри, гоҳ қизга қараб, гоҳ ромматога кўз югиртириб, бадиий кўмир билан тез тез қоралама қиларкан.

-Кулгим қистаб кетяптида -деди Илтижо, яна қайта жиддийлашишга тиришиб.

Холбўри бир зум чизишдан тўхтаркан, битта оппоқ бўлиб очилган пахта чаноғини банди билан узиб, қизнинг қуюқ ва майин сочларига, чаккасига қистириб қўйди.Сўнг яна ишга шўнғиди.

Илтижо қилт этмай ўтирсада, ҳамон кўз қири билан этюдникка қараб турар, суратининг қай йўсинда чизилаётганини билгиси, матодаги тасвирга қарагиси келарди.

-Яхшилаб чизяпсизми? Яна карикатурамни чизиб қўйманг! -деди у. Сўнг сабрсизланиб: - Ҳали узоқ ўтиришим керакми? Бўйним толиб кетдику -деди.

-Ҳечқиси йўқ, сабр қилинг. Кечаси бўйнингизга тахта боғлаб ётсангиз, эрталабгача дардингиз мусаффо бўлиб кетади, Худо ҳохласа - деди Холбўри.

Қиз рассомнинг йиғма ўриндиғида ўтирган куйи, ўзини тутолмай, силкиниб, овозсиз кула бошлади.

-Кулманг. Шайтон васваса қиляпти сизни. Мен ҳам бир гал бандаликни бажо келтирган худосизлар жамиятининг собиқ раисига патаха ўқигани бориб, мусибатхонада кулиб юборганман. Қисқаси, воқеа бундай бўлган. Оёқ учида секин - секин юриб бориб, чорпоя қирига омонатгина ўтирсам, муллаваччалар билан қори акалар менга "қани, ўқисинлар" дегандай мўлтайиб қараб турибдилар.Мен ҳам авваллари худосизлар жамиятининг аъзоси бўлганим учун дуо деган нарсани билмасдим.Бум бум. Аста қори акага қараб: -тақсир, ўқисинлар -десам, қори ака ёнидаги пуфайка кийган чўққисоқол одамга: - Сариқ домла, сиз ўқинг -деди.Сариқ домла бўлса, йўқ, пакана домла ўқий қолсинлар деди, ўзини масъулиятдан ҳалос этиб.Жуссаси бироз кичикроқ домла бўлса, дуо ўқиш ўрнига менга қараганича, бутун танаси билан силкиниб, унсиз кула бошлади.Муллаваччалар ҳам.Ие, дейман, буларнинг том -поми кетиб қолганми? Ё товба, мусибатхонада ҳам куладими одам деган? -дея ўйлайман нуқул.Бир маҳал битта йигит келиб, қулоғимга: -ака, тўнингизни тескари кийиб олибсиз -деса бўладими. Қарасам, ростдан ҳам тўнимнинг астари чиқиб турибди.Қаранг, шошилишда тўнимни тескари кийиб кетаверибман. Қайдан кулги келди билмайман.Шайтоним тезмасми. Гоҳ тўнимга қараб, гоҳ сариқ домлага қараб,гоҳ пакана домлага қараб куляпман, куляпман денг, қани энди ўзимни тўхтата олсам. Астахфирулло десам ҳам кулгим тўхтамайдида. Айниқса, оғзини ёпса ҳам курак тишлари қуённинг тишлари каби кўриниб турадиган муллаваччага қарадиму, ортиқ чидолмай портлаб кетдим гўё.Хуваххахахахаааа! - дея қахқаха отиб кулавердим. Ҳамма патахачилар, айниқса ўлик эгалари кулиб, қотиб қолишдида ўзиям.Кулавериб кўзларимиздан ёш чиқиб кетди.Шайтон алайхуллаъна шунақа ёмон бўлар экан -деди Холбўри.

Унинг гапларидан Илтижо роса кулди.Охири кулгидан чарчаб, кўз ёшларини бўйнидаги харир шарфига артаркан: -Э, боринге -деди, ўрнидан қўзғолиб.

Шу маҳал хирмон тамонда бир қиз Илтижонинг исмини айтиб чақира бошлади.

- Вой, дугонам Сайёра чақиряпти. Домла Дахшатий мени сўраяптилар шекилли.Тезроқ бормасам, деканимиз мени ўқишдан хайдаб юбормасинлар тағин -деди, ҳавотирли тараддудланиб Илтижо.Кейин, шошиб, Холбўрига юзланаркан: - Суратим тайёр бўлдими? -деди.

-Ие, мен фотографмидим сизга, бир зумда суратингизни чиқариб берсам.Ҳали бўёқ билан ишлашим керак.Қолганини эртага давом этдирамиз энди.Эртага сизни шу ерда кутаман.Албатта келинг, сурат чала қолиб кетмасин!- тайинлади Холбўри.

-Хўп, албатта келаман, хайр! Эртагача! -деди Илтижо ва этагидаги бор пахтани орқалаб, ўқариқни ёқалаганича хирмон тамон чопиб кетди.


 

 

 

Подробнее...

 

Ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири

Шукур Қурбон 70 ёшда!

Чинобод чироқлари

 

Чинободликлар адабиётсевар, санъатсевар ҳалқ.Бу кўхна диёр устоз шоир Шукур Қурбон билан, марҳум истеъдодли шоир Аҳмаджон Далиев билан, ҳофизлар Фаттоххон Мамадалиев, ака -ука Исроилжон ҳамда Исмоилжон Вахобовлар ҳамда Сирожиддин Маннонов бошчилигидаги "Сўтақўзи" сайёр театри ва Зуҳриддин Исмоил каби қатор шоир ёзувчилари, қолаверса, марҳум биринчи тоифали юрист, профессионал, ҳалол адвокат, садоқатли дўст, яхши инсон Анваржон Хайдаровлар билан ҳақли равишда фахрланади.
Шу ўринда чинободлик дўхтир шоир Зуҳриддин Исмоил ҳақида ҳам икки оғиз илиқ сўз айтсак, оғзимиз қийшайиб қолмас.
Бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи Зуҳриддин Исмоилнинг асли касби тиш дўхтирлик бўлиб, унинг ишхонасидан тишини пармалатаётган мижозлар оҳ -фарёди, осмонларни тилка пора қилгувчи чинқириқлари бот бот эшитилиб туради.Агар Зуҳриддин Исмоилнинг мижозлар милкидан суғирган тишларини бир жойга тўпласа, дунё харитасида янги тоғ тизмалари пайдо бўлар эди.(ҳазил).
Шоир одамнинг бир мисра шеърини ўқибоқ, унинг иқтидори қай даражада эканлигини билиб олса бўлади. Устоз шоир Шукур Қурбоннинг:
Йўл берворинг, ўтиб кетайлик
деган мисраси бор.
Бундай қараганда, мазкур мисра оддийгина сўзлар бирикмасига ўхшаб кўриниши мумкин.
Лекин унинг замирида ёстиқдай ёстиқдай китоб қўлтиқлаб, бошларини адабиёт тожи кулохига, гулчамбарларига шайлаган куйи бири бирини тирсаги билан туртиб, адабиёт кўчаларини тўлдириб, тўсиб, йўртиб бораётган "даҳо бебаҳо"ларга қарата айтилган, мукофоту унвонлар, квартираю дача талашиб уюшма раҳбарлари билан ёқалашиб, бўғишишни ўзига эп кўрмайдиган хокисор бир ижодкорнинг аччиқ кинояси ётибди.
Шоир: -Илтимос, акалар, сал йўл беринглар, биз ҳам у дунёга ўтиб кетайлик -демоқчи.
Ҳа, Шукур Қурбоннинг гоҳо жўшқин, гоҳо маҳзун кайфият улашгувчи дардли туйғуларга бой лирик шеърлари адабиётнинг поёнсиз дала даштлари этагида зулматларни ёритиб, хорғин порлаётган Чинобод чироқлари каби шеърият муҳлисларини ўзига чорлайверади, ҳасратли ўй хаёлларга ғарқ этаверади.
Чинобод соғинчи Шукур Қурбоннинг ойдин шеърларида ўз аксини топган.
Шоир олис болалигини қўмсаб, Чинободнинг тупроқ кўчаларида ўз кўйлакларининг қўйнини тупроққа тўлдириб, икки қўлини қанотдай ёзганларича: -биз дори сепар самолётлармиз!- дея тупроқ тўзғитиб, чопиб юрган болалар образи орқали мустамлака замонларида пахта далалари устидан учоқларда заҳарли меркаптапос, пестидцид оғуларини меҳнаткаш халқимиз бошига ёғдирган ёвуз кучларга ўз исёнини ўша пайтлардаёқ жасорат ва журъат билан изҳор эта олган, дахшатли фожеа кўламини ишоратлар билан кўрсатиб беролган эди.
Адолат призмасидан қаралса, Шукур Қурбон ўзининг одам қайта қайта ўқиса ҳам зерикмайдиган, медага тегмайдиган, мусиқага ўхшаш лирик шеърлари билан улуғ устозларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби шоирлардан сира кам эмас.
Унинг она ҳақида, севги -муҳаббат мавзусида ёзган лирик шеърлари, "Соғинч дорвозаси" номли шеърий туркуми ҳақиқий санъат асарларидир.
Мақола сўнгида устоз шоир Шукур Қурбонни 70 ёшли таваллуд айёмлари билан муборакбод этамиз. Шоирга узоқ умр, сихат саломатлик, оилавий хотиржамлик тилаймиз.
Умрини адабиётга бахшида қилган, камтарин ва захматкаш шоир Шукур Қурбонга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилса, унинг 70 ёшли юбилейига унутилмас совға бўларди.

 

 

 

 

Подробнее...

 
халима-ахмедова1 (200x267, 11Kb)

Ҳалима Аҳмад

Шеърлар



Ишқ ранги



Шовуллайди боғлар қалби нотинч исёнкор
Ва олисда лопиллайди чироқ шуъласи.
Борлиқ кўнглин топтаётган тун қадамида
Ёрилади аллақандай сирлар яраси.

Мен уйғоқман. Деразамни ялар изғирин,
Юрагимни титкилайди соат миллари.
Кўп беҳузур бўлар кўнглим вақт овозидан
Ва ўйлайман, бахтлимидим анча илгари?

Бахтлимидим, о, нақадар бачкана бу сўз
Ва хотира ортидаги тундай ноаён.
Чалкаштирдим ҳаётимни бегона йўлда,
Гарчи уфқ орзулари эди бепоён.

Ғижирлайди дарахтларнинг қовурғалари,
Музлаб қолган ой сояси синиб тушади.
Изғиринли тун ичида тентираб юрган
Умидсиз нур толасидан дил увушади…

…Қайси кундир чорраҳада жавдираб турган –
Болакайнинг кўзидаги қўрқувда эдим.
Гарчи умрим бир нотаниш йўлларда кечди,
Ҳар бир лаҳза армон севган орзуда эдим.

Мен уйғоқман, изғиринли шамоллар билан,
Қонимда муз хандасини сезаман такрор.
Гўё менинг вужудимда ўзга бир одам,
Нафас олар, судралади бемордан-бемор.

Яна, яна илдамлайди соат миллари
Ва етаклар телба руҳим қайси томонга?
Ғижимланган хотиралар нигоҳи билан
Мактуб ёзиб жўнатаман олис осмонга

Ишонаман, бир кун менга жавоб келади,
Лайлакқорлар ёхуд ёмғир шивирлашида
Ахир, менинг қисматимнинг зеру забари
Таҳрир этиб қўйилганку унинг аршида.

Ва биламан, мен учун ҳам аталган кун бор,
Бахту бахтсизликдан айро шаффоф кун.
Фақат ҳозир не учундир дилгирман жуда,
Фақат ҳозир не учундир юрагим юпун.

Аммо, ҳозир енгилсам гар, ютқазсам агар,
Қайда қолар менинг ўша Ҳалималигим.
Ва Ҳақ менга ишонган шу қисмат олдида,
Ҳақиқат, айт, менга, ахир, ким бўламан, ким?

Ва ҳайдашим керак қондан умидсизликни,
Кет деб, айтай ичимдаги мажҳул беморга.
Кўнглим тутай ўқигин деб, ошиқ сингари,
Кўкдан келган жавоб ёмғир ё лайлак қорга,

Янги бир куй излагайман ишқ қўшиғига,
Болалигу ёшлик завқи қўшилган наво.
Токи, менинг ҳар бир куним, ҳар бир лаҳзамни,
Ошиқ этсин тўлқинига илоҳий дарё….

(Сезаяпман), зумрад ҳислар келаяпти соғинч юртидан,
Қиш туни ҳам тек қотди ва тишлади лабин.
Нимагадир зориқдими титраб қўйди бир,
Ошиқликдан айро тушган бечора қалбим?

Эй, сен мени сўлим кунлар ёдига тортган
Соғинчингни асраганман айтмай бировга.
Мен ҳаётни севаяпман, исиниб бу тун,
Қачонлардир юрагингда ёнган оловга.

Зумрад ҳислар, ўтган кунлар ҳурмати учун
Тунни моҳир пайвандчидай улайман тонгга
Ва шодликнинг борлигига имон келтириб,
Бу дунёни бўягайман ишқ деган рангга.

 

 

* * *


Куйган булутлардек куйди нимадир,
Нимадир ғижимлаб отди жонимни.
Ва сўнгра армонга ўхшаган ҳаво
Ўраб олаверди тўрт томонимни.

Теграмда судралиб юрар эди вақт,
Гўёки сайдини пойлаган сайёд.
Умримни совурган хоин дўст каби
Мендан кўзин олиб қочарди ҳаёт.

Ўйладим, наҳотки, тугади бари,
Наҳотки, мен шундай топаман якун?
Ташқарида эса эски ковушда
Боғларни кезарди қайғузода тун.

Тиниқ эшитиларди олис самода –
Исмсиз юлдузнинг шивирлагани.
Ва мавҳум афсунга тўлиб тошарди –
Муҳаббатсиз ойнинг тилло лагани.

Жонимни кафтимга олиб титрадим
Ва нажот истадим одам наслидан.
Куйган умид ҳиди уфурди бирдан,
Кўнгилнинг қаҳратон деган фаслидан.

Мен чиқдим, ўзимдан отилиб чиқдим,
Армон ҳаволари кетди титилиб.
Ташқарида дарахтларнинг юраги
Тупроққа қоришган эди йиртилиб.


Тун қалбида маъюс куй оқар эди,
Сездим, жоним фалак тушига кирган
Ва кимдир соғинчнинг нафаси билан
Яна мен томонга дилин ўгирган.

Тентирадим туннинг кўчаларида
Руҳини йўқотган девонасимон.
Сўнгра, нажот истаб қўлларим чўзсам
Бармоғим учига қунишди осмон.

Ҳар бир ҳужайрамда сен эдинг пинҳон,
Ҳар бир нафасимда борлигинг ошкор.
Шунча ишқим билан, шунча ишқ билан,
Оёғинг остида абгорман-абгор.

Бас, қайғу, мен сендан узаман кўнгил
Ва қоронғи тунлар васвасасидан.
Бир либос тикаман кўнглимга бу кеч,
Умид нафасидан, гул нафасидан.

Энди мен нур сари бораман яккаш
Ва қалб титроғини ишққа тикаман.
Кўзим дарчасига урилаётган
Саҳарлар ҳуснидан маст энтикаман.

Гар, ҳозир устимдан куласан ҳаёт,
Минғирлайсан, сендан чиқмайди ёғду.
Қачондир дилингга нурдай югурар,
Жоним ковагида асраган орзу.

Бир куни оломон жунбишда дейди:
“Гарчи тирикликнинг кўчасида қор,
Қаранг, бир телбаваш аёл келаяпти,
Ўнг қўлида қуёш, сўлида баҳор …”

…Орзули тун каби ёришар недир,
Нимадир эркалаб суяр жонимни
Ва сўнгра умидга ўхшаган ҳаво
Чулғаб олаверар тўрт томонимни.

 

 

* * *


Бошим айланади, айланади ер,
Шамоллар судрайди тириклик туғин.
Осмон шаффоф қўлин қуёшга чаяр,
Кўзларимга экиб соғинч уруғин.

Бинафшаранг умид соясида жим
Мизғийман, тушимга киради ҳаёт
Ва ногирон кўнгил васвасасида
Кимдир эснаганча мени этар ёд.

Уйғониб боқаман, рангсиз мавога,
Боқаман, умидсиз, абгор, беилинж.
Фақат олти томон сукутин бузиб,
Кўзларимда маъюс шивирлар соғинч.

Биламан, бу сенинг нафис шивиринг,
Мани ёлғонлардан этгувчи айро
Ва ҳислар тўлқинин мавжлантирувчи
Биламан, бу сенинг соғинчинг, Худо!

Аммо, мен қаердан, қаерга келдим,
Билмайман, қай фасл домонидаман?!
Гоҳ ғамнинг энг чуқур қудуғидаю
Баъзан беҳушликнинг осмонидаман.

Кимга қараб келдим, кимдан кетаяпман,
Нечун орзуларим ғарибдан-ғариб?
Баҳорлар оёғи остида гўё
Ётибман, узилган баргдай сарғайиб.

Қандайдир аланга жоним ичида
Ловуллар, чирсиллар девонасимон.
Жонимни қақшатган шу алангага
Художон хиёнат қилдим мен қачон?

Бугун унутилган ўтмишман, балки
Хаёлим сиғмайди ҳеч битта рангга
Мудроқ босган эски боғдайин жимман,
Жонимда куйлайди фақат аланга.

Раббим, чарчаганман. Ва соғинганман,
Кенглик нафасини, ёмғир сасини.
Олиб кетсин, айтгин ўша одамга
Жонимга яширган алангасини.

 

 

Манба: Шарқ юлдузи журналининг интернет саҳифаси.

 


 
Еще статьи...