Поиск
4 (197x303, 18Kb)

Хосият Бобомуродова шеъриятидан

 

 

 

 

Бу йўллар

 


Узун узун бу йўллар, эшилиб кетаётир.
Йўлчисига бу жоним, қўшилиб кетаётир.

Изларидан тикилиб, яна қанча куёйин?
Одамлар оёқ қўйса, мен бошимни қўёйин.

Тоғ йўллари,тоқ йўллар, ҳолимни билсангизчи,
Олис кетган отлиқни  қайтариб келсангизчи.

Қайтаман деса агар, пойида йўл бўлойин.
Теграсига сочиб зар, боғида гул бўлойин.

Айтолмайин дардини сочилиб ётар тошлар.
Ювиб чиқай гардини кўзимдан тўкиб ёшлар.

Йўл туташган ерларни чаманлари бормикан.
Йўлдошимга кўз тиккан ёмонлари бормикан.

Узун узун бу йўллар эшилиб кетиб борар.
Йўлчисига қирқ жоним қўшилиб кетиб борар.

 

 

***


Сенга бунча ёниб интилдим,ё раб,
Бу қандай телбалик, бу қандайин сир
Мўъжиза кашф этдим бир тошга қараб,
Музлаган бир кўшкка бўлибман асир.

Ўзимнинг кўксимга сиғмаган дилни,
Қандай қилиб сенга қўролдим лойиқ.
Тошга топширдим-а , гулдай кўнгилни,
Ҳақлидир ҳолимга кулса ҳалойиқ.

Энг узун тунларда чека-чека ох,
Сўзладим, бўзладим, жим кетдим охир.
Балки ноҳақдирман, сенда йўқ гуноҳ,
Ҳечса ,айбсизман деб айтсанг-чи, ахир...

Сув сепгандай совуқ, жим-жит ҳамма ёқ,
Ўтмай ўтаётган кунлар бари ёд.
Юрагим вайрона, хаёллар чок-чок,
Нега бунча жимсан, қўрқоқ сукунат?!
Сенсиз ҳам баҳорлар келади, дараҳтим.

Фақат у баҳорлар бошқа бўлади,
Унда гул очади маҳзун куртаклар.
Недандир кўзларинг ёшга тўлади,
Тилингдан тўкилар узу-ун эртаклар.

Юз бор гул тутса ҳам бошқа баҳорлар,
Мен кул қилган баҳорингга қайтасан.
Осмонга қўшилиб йиғлаб, саҳарлар,
Дардларингни шамолларга айтасан...

Тахтинг билан бирга қулайди бахтинг,
Юз баҳор кўрки ҳам қилмайди таъсир.
Ёлғон, кетаман деб қилган минг аҳдинг,
Хазонрез кузларга тушасан асир.

Қўй кўкка ёлборма, чўкма унга тиз,
Бевафо ёмғирлар сени унутган.
Алдамчи гуллардан умидингни уз
Сенинг баҳорларинг мен билан кетган.



Ватан ягонадир, Ватан биттадир



Дерлар ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор ҳаттоки худолари кўп,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Ватан деб ватандан кетганлар айтсин,
Соғинч ёқасидан тутганлар айтсин,
Пушаймонлик заҳрин ютганлар айтсин,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Менинг Темур бобом соҳибқироним,
Асрларни енгиб елган бўроним,
Қонидан қўшилган бир томчи қоним,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Биров бор онасин ташлаб кетади,
Биров бор боласин ташлаб кетади
Аммо ватан ташлаб кетмас ҳеч қачон,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.

Нега томиримга сиғмай борар қон,
Эрларнинг жони ўн, меники қирқ жон,
Бер деса борини қиламан қурбон,
Ватан ягонадир, ватан биттадир.


***


Кўксимга сиғмайди энди бу азоб,
Сўнгигача ёқар томирларимни.
Қора булутларин елдириб тезоб,
Кўзимга келтирди ёмғирларини.

Майсалар югуриб чиқди йўлимдан,
Кўрди кўзимдаги қайноқ ёшимни.
Бошимни силамоқ келмас қўлидан
Ё кўксига ололмайди бошимни.

Чопди юрагимни титиб, яралаб,
Ҳамдард бўлайин деб энг тоза сўзлар.
Кўрса юрагимни кезиб, оралаб,
Қон йиғлар соғинчинг қолдирган излар…


***


Суҳбати хуш ёнимда шукур,
Тангрим, сенинг эҳсонларинг нақд.
Нега бунча қисқадир бул кун,
Нега бизга етишмайди вақт?

Ошно бўлдик қалб сиримизга,
Бахт айланди асиримизга,
Тўймай қолдик бир биримизга
Бизга мудом етишмайди вақт.

Ҳар гал юрак очилмай қолар,
Битта тугун ечилмай қолар,
Битта кўнгил кечилмай қолар
Бизга фақат етишмайди вақт.

Ғамлар учун ҳамиша вақт бор,
Айрилиқда фурсатлар бисёр,
Этмоқ бўлсак кўнгилни изҳор,
Бизга доим етишмайди вақт.


Манба:- Xoсият Бобомуродова саҳифаси

 

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 


avtor (146x180, 31Kb)

Фахриддин Парпиев

 

Истеъдодли ёзувчи, "Олтинкўл" газетасининг редактори.

Бировнинг ҳаққи

(ҳикоя)



birovning_haqi (303x329, 83Kb)



Ёз кунларининг бирида хизмат сафари билан Тошкент шаҳрига борадиган бўлиб қолдим. Эрта тонгда йўлга чиқиш мақсадида машиналар турар жойига келдим. Бу ерда одам гавжум, машиналар ҳам кўп эди. Ҳали ичкарига кирмасимдан бир йигит ёнимга келди-да «Ака, Тошкентгами?» деб сўради.

–Машинада учта йўловчи бор. Сиз чиқсангиз бўлди, кетамиз,–деди у. Биз йўлкира баҳосини келишдик-да машинага чиқдим. Ҳалиги уч йўловчи дегани эр, хотин ва уларнинг ёш боласи экан. Машинанинг орқа ўриндиғига жойлашдилар. Мен эса олд ўриндиққа, ҳайдовчи ёнига ўтирдим.
Биз Аллоҳдан сафаримиз бехатар бўлишини тилаб йўлга тушдик. Тез орада гавжум шаҳар ортда қолиб, далалар бошланди. Атроф гўзал. Ям-яшил пахтазорлар ўтиб боради. Ойнадан кираётган майин шаббода сочларни ўйнайди. Радиодан ёқимли оҳанг таралади. Машина салонида кўтаринки кайфият ҳукм сурарди.
–Исмим Икромжон, Андижон шаҳрида яшайман,–гап бошлади ҳайдовчи йигит. –Тирикчилик мақсадида мана шу машинани ижарага олганман. Худога шукр, шуни орқасидан рўзғор тебратяпман.
–Яхши-да ука,–деди орқа ўриндиқда келаётган киши,–одамларнинг узоғини яқин қилар экансиз.
Шу тариқа суҳбат бошланиб кетди. Икромжон очиққина йигит экан, турли қизиқарли воқеалар, ҳангомаларни сўзлаб берди. Суҳбат билан олис йўл ҳам яқин бўларкан. Биз бу пайтда Наманган шаҳридан чиқишдаги ёнилғи қуйиш масканига келиб қолган эдик.
–Мана шу жойдан бензин қуйиб олсак,–деди Икромжон. Бизнинг розилигимизни олгач, машинани шахобча томонга бурди.
–Энди акалар, менда пул озроқ эди, пулдан бериб туринглар,–илтимос қилди у.
Мен йўлкирага ажратиб қўйган пулимни узатдим. Орқадаги ака ҳам йўл ҳақини тўлади. Икромжон машинага бензин қуйдириб, ҳисоб-китоб қилди ва биз яна йўлга тушдик. Суҳбат узилиб қолган эди. Шунда мен:
–Икромжон, Шералининг кассетаси борми?–деб сўрадим. У «ҳа, бор эди», деб қидира бошлади. Лекин, кассета ҳеч кўзга ташланмас эди.
–Балки бу ёққа қўйгандирман,–ҳайдовчи шундай деб машина ғаладонини очди. Fаладонда бир боғлам беш юз сўмлик пуллар ётарди. Икромжон пулнинг остида ётган кассетани олди-да магнитофонга солди. Менинг кўнглим ғаш бўлиб қолди. «Пули бор эканку, нега ёлғон гапирди? Ёки бизда пул борлигига ишонмадими?» дея ўйланиб қолдим. Мендаги кайфиятни сезди шекилли, Икромжон хижолат бўла бошлади. Биз анча жойгача сукутда кетдик.
–Ака, сезиб турибман «пули бор экан, ёлғон гапирди-я», деб ўйлаяпсиз,–гап бошлади Икромжон йўлдан кўзини узмай. –Тўғри машинада пул бор, лекин у меники эмас, ишонинг.
Мен ҳам нимадир деган бўлдим. Орага яна жимлик чўкди.
«Бу воқеага икки йил бўлди,–шошилмай сўз бошлади Икромжон. Унинг овозида дард, мунг бор эди.
–Ўша пайтларда ҳам машина минардим. Тошкентга бормаган кунларим шаҳар ичида таксистлик қилаверардим. Бир куни ҳозир сиз билан учрашган жойда Тошкентга борсамми ёки шаҳар ичида юравераймикан, деб ўйланиб турсам бир йигит шошилиб келиб қолди. Унинг шевасидан қайсидир тумандан келгани сезилиб турарди.
–Ука, болалар касалхонасига элтиб қўйинг,–деди у. Мен рози бўлдим. Ўша йигитни айтилган жойга олиб бориб қўйдим-да машинани ювдирмоқчи бўлиб, шаҳар четига йўл олдим. Машина ювувчи болага калитни топширишдан олдин салонни бир қур кўздан кечириб чиқдим. Шунда ҳалиги йигит ўтирган жойда қолиб кетган бир даста пулга кўзим тушди. Олиб санасам – роппа-роса эллик минг сўм. Мен гумроҳ ўшанда жуда хурсанд бўлиб кетдим. Чунки, менга пул жуда зарур эди. Ҳамкасблар билан ўтиришимизда шунчадан пул йиғиларди. Ўша куни машинани ювдирдим-у уйга кетдим. Керакли пулни топган эдим. Шунинг учун яна ишлагани эриндим.
Эртаси куни ишга чиқдим, машинани кечаги жойда қолдириб нонушта қилгани кетдим. Қайтиб келсам, кеча мен касалхонага олиб бориб қўйган ўша йигит машинам олдида турарди. У мени кўриб, хурсанд бўлиб кетди. Афтидан кеча машина рақамини эслаб қолмаган-у шунчаки тахмин қилиб кутаётган эди. Биз саломлашдик.
–Ука, мени танияпсизми? Кеча болалар касалхонасига олиб борган эдингиз,–деди у. Яхши таниб турсам-да худди эслолмаётгандай елка қисдим. У кеча неча пулга келишганимизни, қўлида қанақа юк халтаси бўлганини айтди. Мен «эслагандай» бўлдим, бироқ, безрайиб туравердим.
–Кеча машинангизда пулим қолиб кетибди. Мен буни аниқ биламан. Илтимос, қайтариб беринг,–деди у. Мен ҳеч қанақа пулни кўрмаганимни айтдим, чунки уни қайтариш ниятим йўқ эди. Йигит ялинишга тушди. У деди, бу деди, мен эса ўша алфозда туравердим.
–Қизим касал, жон ука, менга пул жудаям зарур,–унинг кўзида ёш йилтиради. Сездимки, у ҳозир йиғлаб юбориши мумкин».
Икромжон чуқур «уф» тортди. Сездирмасликка ҳаракат қилиб кўзларининг ёшини артиб олди-да давом этди.
«Лекин, мен беэътибор сигарет тутатиб туравердим. Кейин жаҳлим чиқди:
–Эй, менга қаранг. Нима, менинг қўлимга пул бердингизми ёки манави пул сизда турсин, деган жойингиз борми? Нимага менга туҳмат қиляпсиз. Қани гувоҳингиз?–дедим.
У ҳеч нарса дея олмай қолди.
–Агар тезда бу ердан кетмасангиз, ошналаримни чақираман. Улар сиз билан ҳисоблашиб ўтиришмайди,–дедим-да машинага ўтириб олдим. У ўша ерда туриб-туриб кейин кетди. Мен ундан қутулганимдан хурсанд эдим. Эсимда, ўша куни Тошкентга бориб қайтадиган мижоз топдим-да йўлга тушдим.
Эртаси куни эрта тонгда машиналар бекатига келсам, яна ўша йигит турарди. У кечаси уйга ҳам бормай касалхонада қолган шекилли, кўриниши жуда ҳорғин эди.
–Икромжон (у отимни ҳайдовчилардан сўраб билган бўлса керак), қизимни операция қилишлари керак. Ука, яхшилаб эслаб кўринг,–деди. Мен унга кечагидан ҳам совуқроқ муомала қилдим. Бечора менга тикилганича туриб қолди. Унинг кўзлари кечагидек эсимда. Йигитнинг нигоҳида чуқур қайғу ва чексиз нафрат бор эди. У бошқа ҳеч нарса демади. Шартта бурилиб, кетиб қолди. Мен одатдагидай йўловчилар билан Тошкентга отландим. Ўша сафар қайтишга одам бўлмади. Мен пойтахтда қолиб кетдим. Эртаси куни кечга томон Андижонга келдим. Автовокзал ёнида бир таниш ҳайдовчи мени тўхтатиб, кечадан бери уйимиздагилар қидираётганини айтди. Хавотирланиб  қолдим. Чунки, деярли доим йўлда бўлишимни билгани учун авваллари ҳеч қидиришмас эди. Шошилиб уйга бордим. Уйда аям менга қизим Мафтунанинг касал бўлиб қолгани ва кечадан буён касалхонада ётганини айтди. Энди уни кўргани кетмоқчи эдим, аям «тўхтаб тур, овқатни солиб олай, бирга борамиз», деб қолди. Аямни кутиб туриб ўтган беш-ўн дақиқа ичида жуда сиқилиб кетдим. Мен тезроқ бориб Мафтунани кўришни хоҳлардим. Хавотирим тобора кучаярди. Қизчам икки ёшга кирган бўлиб, жуда ширин, энди гапира бошлаган вақтлари эди. Уни ҳаддан зиёд яхши кўрардим. Ниҳоят, аям тайёр бўлди. Биз касалхонага жўнадик. Палатага кирганимизда Мафтунанинг кўзлари юмуқ, иситмаси баланд эди. Аяси уни кўтариб олганича йиғлаб юрарди. Мен уни қўлимга олдим, чақирдим. Лекин у кўзини очмас, аҳён-аҳёнда сесканиб кетарди. Унинг юрак уриши шунчалик тез эдики,  мен қўрқиб кетдим. Аяси унга нима бўлганини билмаслигини айтди. Мен даволовчи врач ёнига кирдим. Ёш врач йигит Мафтунага аниқ ташхис қўя олмаётганлари, бироқ, барча керакли чоралар кўрилаётганини айтди.
–Қанақа дори-дармон керак бўлса айтинг. Ҳаммасини топиб келаман,–дедим мен. Врач хотиржам овозда деярли лоқайдлик билан ҳозирча ҳеч нарса керак эмаслигини айтди.
У шунчалик бепарво эдики, мен уни ёмон кўриб кетдим. Эртаси куни мен Мафтунани текширтиришга кучлироқ врач топиб келишимни айтганимда унинг жаҳли чиқди. Биз тортишиб кетдик. Касалхонадан чиқиб, жаҳл билан машинага ўтирдим-да қаёққалигини ўзим ҳам билмаган ҳолда жадал юргизиб кетдим. Мен хаёлан анави врач йигит билан олишардим. «Намунча аблаҳ бўлмаса. Бировнинг боласига заррача ачинмайди-я», деб ўйлардим. Таниш шифокорларни бирма-бир эслай бошладим. Аксига олиб бирорта ҳам жўяли фикр келмасди калламга. Мен жуда ҳаяжонланардим. Рулда эканим эсимда ҳам йўқ. Ўша пайтда ҳаракат қоидаларига риоя қилмай кетаётган эканман. Бир вақт кучли сигнал товуши қулоғимга кирди. Мен газни босдим... Тормоз овози эшитилди... Бошимни кўтариб қарасам, рўпарамда каттакон юк машинаси кўндаланг турарди. Мен тормоз босдимми ёки йўқми, эслай олмайман. Қарсиллаган овоз ва синган ойналарнинг жаранглаши эшитилди. Кейин яна нимадир қарсиллади. Бирдан ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Миям худди ишламаётгандай ҳеч нарсани ўйламасдим. Орадан қанча вақт ўтди, билмайман. Бир пайт мени машина ичидан кимлардир тортиб олаётганини билдим. Улар нималардир дейишар, мен эса ҳеч нарсани эшитмас эдим. Атрофимни одамлар ўраб олди. Мен карахт бўлиб қолган эдим. Кейин бирдан «Эй, Худо, нима қилиб қўйдим?» деб ўйладим. Машинам ёдимга тушди. Не кўз билан кўрайки, яқинда кредитга олган яп-янги машинам пачоқ бўлган эди. Кейин яна ҳушимни йўқотдим. Ҳеч нарсани англамас эдим. Шунда бирдан қизим Мафтунанинг касаллиги ёдимга тушди-да ўзимга келдим. Энди тезроқ бу ердан кетишни хоҳлаб қолдим. Ўша кунги умрим бир совуқ тушдай ўтди. Аввал шифокорлар, сўнгра милиция ходимлари мен билан суҳбатлашдилар. Кейин англадим-ки, энг гавжум чорраҳада светофор чироқларига амал қилмаганим учун юк машинаси остига кириб кетган эканман. Бу ҳам камлик қилгандай, ўнг томондан келаётган машина менинг машинамга урилган экан. Лекин ўзимга ҳеч нарса бўлмаган эди.
Шом вақтида касалхонага етиб бордим. Қизим ҳамон ўзига келмаганди. Шифокор кириб аямни олиб чиқиб кетди. Бироздан сўнг аям қайтиб кирди-да ҳаммамиз уйга кетишимизни айтди. Мен, хотиним ҳам ҳайрон бўлдик. Аям кўзимизга қарамасдан нарсаларни йиғиштира бошлади. Мен Мафтунани кўтардим. Биз уйга етиб келганимизда қоронғу тушган эди. Йўлда аямга «машинани устахонада қолдирдим», дедим. Лекин, уйга келгач, дадамга тўғрисини айтдим. Мафтунанинг оғир касаллиги боис машина ҳақида ҳеч ким оғиз очмади. Бу вақтга келиб, Мафтуна сесканмай қўйган, анча тинчиб қолганди. Бир кунда бошимдан ўтган оғир уқубатлар чарчатганми, ухлаб қолибман. Йиғи овозидан уйғониб кетдим...»
Икромжон йиғлар, кўз ёшларини яширишга уринмай ҳам қўйган эди.
«Мафтуна шу ухлаганича, қайта уйғонмади. Кетма-кет зарбалардан эсанкираб қолдим. Мен учун ҳаёт ўз маъносини йўқотган эди. Анчагача ўзимга келолмадим. Тушларимда Мафтунани кўтариб юрсам машина бостириб келаверарди. Қизим бечорани ҳар куни янгидан йўқотгандай бўлардим. Шундай кунларнинг бирида бирдан «қизим касал, жон ука...» деган ўша йигитни эслаб қолдим. Шу билан гўё барча бахтсизликларим сабабини топгандай эдим. Ич-этимни ея бошладим. Лекин кеч эди.
Тирикмисан, демак ҳали мағфират эшиклари очиқ, деганларидек, аста-секин ўзимни қўлга олдим. Кейинчалик танишларим мана бу машинани ижарага беришди. Биринчи ишлаб топган пулларимдан эллик минг сўм жамғариб, машина ғаладонига солиб қўйдим. Мақсадим ҳалиги йигитни топиб, пулини қайтариш. Ҳалигача мана шу пул ёнимда юради, бирор тийинини ҳам ишлатмайман. Чунки... чунки, у бировнинг ҳақи. Мен буни тушундим. Лекин ўша йигитни тополмаяпман».
Бу вақтда машина тоғлар оралаб юқорига кўтарила бошлаганди.
Икромжон ҳикоясини тугатди-ю сукутда қолди. Орқа ўриндиқда келаётган аёл йиғлар эди. Мен ҳам хаёлан ўз ўтмишимни тафтиш қила бошладим.


2005 йил.

Манба: -"Олтинкўл" газетаси.


6 (700x466, 127Kb)

 

Олтинкўл туман маркази.

 

 

Анвар Обиджон (566x700, 45Kb)

Халқимизнинг севимли шоири ва ёзувчиси Анвар Обиджон 70 ёшда!


 

Шу кунларда ўзининг 70 ёшли таваллуд айёмларини нишонлаётган азиз устозимиз, элимизнинг ардоқли шоири ва севикли ёзувчиси, Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон доимо юзидан нур ёғилиб тургувчи захматкаш, камтарин ижодкор ва барчага ибрат бўлгулик яхши ИНСОН десам, баайни ҳақ гапни айтган бўламан.


Эсимда, мен шеърларимни қўлтиқлаб, қайси газета редакциясига кирсам экан дея адабиёт кошонасининг остонасида мўлтираб юрган пайтларим Анвар Обиджон мени етаклаб "Шарқ юлдузи" журнали идорасига олиб кирганлар ва таниқли шоир Икром Отамуродга шеърларимни ўз қўли билан топшириб:- Икромжон, бу йигитнинг шеърлари анча мунча манаман деган шоирларнинг шеърларидан кам эмас.Иложи бўлса уларни журналларингда эълон қилинглар -деганди, ва шундан кейин менинг бир туркум шеърларим "Шарқ юлдузи" журналида илк бор эълон қилинган.


Анвар Обиджон шундай меҳрибон устоз.


Биз Анвар аканинг "Мешполвоннинг саргузаштлари" китобини ўқиб улғайганмиз.Айниқса унинг болалар учун ёзилган шеърлари ўзининг кулгига бойлиги, ўзига ҳослиги билан ажралиб турарди.


Ёз оқшомлари сувлар сепилган, райхонлар қулф уриб очилган ўзбек ховлиларидаги уй деразасида жойлашган оқ қора тасвирли телевизорлар экранидан:  Ғийт -ғийт ғийт ғийт ғийт ғит ғиииийт!Ғит ғит ғит ғит ғийт!деган мусиқа тараларкан, одамлар бир бирларини ва болаларини чақириб: -Келинглар тезроқ, Минатура бошландииии! -дея томошага чорлардилар.


Экранда Анвар Обиджон ёзган ҳажвиядаги майхўр, берет кийган "даҳо шохер" ролини ўйнаган машҳур Эргаш Каримов ва унинг сочлари узун, ғирт тентак, Мўтти деган алкаш шогирди ролини ўйнаган бухоролик ёш актер пайдо бўлар, уста шогирд элимизни кулдириб қотирардилар.


Кейинчалик Анвар Обиджон қадимий сартарошхона вайроналаридан ноёб тарихий адабий ёдгорлик - шоир уста Гулматнинг "Безгакшамол" девонини топиб олгани айниқса адабиётимизда улкан шов шувларга сабаб бўлди.


Анвар Обиджон ҳажвий ғазалларни шу қадар қиёмига етказиб ёзардиларки,адабиётшунос олимлар: -Ростдан ҳам тарихда уста Гулмат деган ғазалхон шохер ўтганмикин? -дея ўйлаб, ташвишга туша бошладилар.


Қуйида сартарош шоир уста Гулматнинг "Безгакшамол" девонига киритилган учинчи ғазални ҳукмингизга ҳавола қиламиз.Кулиб қотинглар.

 

 

Ғазал, рақам 3



Бешяғоч бозорида юрғон эдим тинглаб ғовур,
Бир мусофир сўрдиким, қайда дея Шайхонтовур.

Ман дедим: шундин юриб, шунғо бориб, шундоғ бурил,
Учрағай бир тўп бақа булбул бўлиб турғон зовур.

Кўфригин таслим этиб ўтғоч зовурдин нарига,
Тўғри юр ҳуштакфуруш аттори бор жойга довур.

Сўнг бурил чапроқ яна сертошу туфроғ кўчадин,
Тўхтама келгунча дуч лағмон чўзиб турғон повур.

Сан онинг лағмонидин уч-тўрт қулоч ютқон бўл-у,
Аста йўл сўрсанг кейин сўйлайди ростин, ҳайтовур...

Кетди ул қуллуқ ила, боқсамки – чўнтак қуп-қуруқ,
Вайсатиб Гулматни, ваҳ, картмонни урди киссавур.


1981 йилда тикланди.



Устоз, 70 ёшли юбилейингиз муборак бўлсин!

Илоҳо, юз ёшли таваллуд айёмингизни ҳам халқимиз билан биргалашиб нишонлайлик!

Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

 

Said_Ahmad (250x291, 26Kb)Саид Аҳмад

Ўзбекистон қаҳрамони,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Уста Гулматнинг мирзоси.


Баъзан адабиётга илимилиққина бўлиб кириб келганлар учрарди. Бу хил ёзувчилар умр бўйи биронта ўқувчининг қалбини иситолмай ўтиб кетади. Китобхон юрагига ҳарорат беролмайдиган ижодкор эси борида этагини йиғиштириб, бошқа тирикчилик пайига тушгани маъқул.

Адабиётга оловдек ёниб кирганлар бор. Ижод оламини ана шулар ёритиб турипти.

 

 

Безгакшамол.

 

 

Подробнее...

 

90646770 (235x265, 20Kb)

P1070375 (310x628, 61Kb)

Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Муҳаммаджон Юсупов ҳақида

(Бир сурат тарихи)

 

 

Сиз юқорида кўриб турган суратнинг олдинги қаторида андижонлик икки забардаст ғазалнавист шоирлар, аруз вазни техникасининг тенгсиз билимдонлари ҳурматли устозларимиз (ўнг тамонда)Фарид Усмон ва (чап тамонда)Нусрат Абдусаломовларни кўриб турибсиз.


Уларнинг ўрталаридан қараб турган одам эса, "Чўлпон" боғининг директори Муҳаммаджон Юсупов бўладилар.


Устозимиз Фарид Усмон ва Нусрат Абдусаломовлар ҳақида етарлича ёзганмиз.Бу икки забардаст, шу билан бирга  камтарин шоирларнинг адабиётимиз ривожига қўшган хиссалари беқиёс.


Энди Муҳаммаджон Юсупов тўғрисида ҳам икки оғиз сўз ёзмасам бўлмайди.

Бу инсон соз чалиш ва қўшиқ айтишни севадиган санъаткор бўлгани учунми, адабиётга ҳам бегона эмас.


Ташкилотчилик қобилияти борлиги сабаб, у тез тез шеърият кечалари ташкил қилиб,  шоир ёзувчилар бошини бириктиришга ҳаракат қилади, улар билан адабиёт ҳақида гурунглашиб ўтиришни яхши кўради.


Муҳаммаджон ака гарчанд узоқ йиллардан бери шаҳарда яшасаларда, ўзи асли Маслахат қишлоғида туғилиб, вояга етганлар.


Оталари Аббосжон тоға колхоз идорасида хисобчи бўлиб ишлардилар. Муҳаммаджон аканинг ўзи ва барча укалари эса қўшиқчилик санъатига меҳр қўйдилар.


Унинг катта укаси Аҳмад акам ўша оилавий ансамблнинг солисти эди.Ҳозир ҳам борлар.Илоҳим умрлари узоқ бўлсин.


Ҳатто менинг дўстим Сотволди Йўлчибоевга турмушга чиққан  сингиллари Лолахон ҳам мактаб сахналарида қўшиқлар куйларди.Унинг : -Ўзбекистооон гулзооор!Ҳар шаҳри лоооолаазооор!Жоон, жон, жоооон! Жоним Ўзбеееекистон! -дея қўшиқ куйлагани ҳамон кўз ўнгимда.


Тўйларда Аҳмад акам ашула айтса, ўртанча укалари жаҳон адабиётини чуқур билимдони, математик Шокир акам гитарада жўр бўлар, сочлари маллатоб,  чувак юз, бўйни узун, муштлашишни пулга сотиб оладиган Зокиржон раҳматли бўлса, доирада усул ташларди.


Бир куни телевизор тамошо қилаётсак, Тошкентдан берилаётган концертда ҳамқишлоғимиз Муҳаммаджон ака Юсуфов ҳам чиқиб, қўшиқ айтиб юборсалар  бўладими.Бутун қишлоғимиз билан фаҳрланган эдик ўшанда.


Муҳаммаджон ака, юрибсизми шуйтип?


Қишлоққа ҳам бориб турибсизми?


Қорадарёга кетаверишда, даланинг ўртасида улкан якка тут бўларди.Ўша тут ҳали ҳам борми?Мен ўт ўргани борсам, ўша тут соясида  тўрғайлар сайраётган далаларга қараганимча узоқ хаёл суриб ўтирардим.Ён веримда оппоқ капалаклар унсиз учиб юрарди. Узоқ узоқларда сайраётган каккуларнинг ҳасратли овозларига қулоқ тутардим.Дарё жарликларига яқин чўчқахона тамондаги хутор ҳаробаларини, шамолларда шаршарадай шовуллаб ётадиган толзорларни ҳам бот бот эслайман.


Қишлоққа борсангиз, кузги туманларга чулғонган қадрдон далаларга қараб: -Мастликда адашиб океанлар ортидаги Канада деган мамалакатга кетиб қолган Холдор Вулқон сизларни соғинибди денг.


Ичингизда айтинг.Ташингизда айтсангиз, одамлар Муҳаммаджон Юсупов спиртилик ичимлик ичвопти деб хушёрхонага жўнатворишмасин тағин.(ҳазил).


Ёзганларимда қайғу бўёғи қуюқлашиб кетди чоғи.Келинг, яхшиси шу ярамас иллат ичкилик билан боғлиқ яқинда ўзим ёзган латифа билан ушбу номани итмомига етказай.


Бир одам дўстига: -Жўро, ичкилик ичейкон одатимди сира тейломаяппан деб эдинг, тейлабсанку муна.Ман сани охир шу ичкиликминан  маст холатга қазо қиб, Худонинг оллига маст мантиропка бўп борсая деб юргич эдим -дебди.


Дўсти бўлса: - Йўқ, жўро.Ман ичкилик ичейкон одатимди тейламадим, ичкилик ичейкон одатим мани тейлаб кетди  -дермиш.


Соғ бўлинг, ака.Келин аямга, жиянларга, дўстларга, ҳамқишлоқларга  салом айтинг.


Ҳурмат билан, Холдор Вулқон.

 

 

 

19/10/2016.

Кундуз соат 3 дан 30 дақиқа ўтди.

Канада, Онтерио.

 

0_c3d3f_4c0c2109_XL (700x462, 134Kb)

 

 

Умр бўйи ўзгаларга бронзадан ҳайкал ўрнатган Равшан Миртожиев ўзига эзгуликдан ҳеч ким йиқитолмайдиган мухташам ҳайкал қўйиб кетдилар.



Андижоннинг эски шаҳарида шундоққина Хўтанариқ бўйида машҳур кабобхона бўларди.У жойда ўрама кабоб деб аталадиган емак барра қўй гўштидан пишириларди.Мен бир беморни йўқлаб қўймоқ учун беш -ўн сих кабоб билан тўртта оби нон олай деб ўша ошхонага бордим.Кабобга буюртма бераётсам, кимдир мени чақирди.Бундай қарасам, раҳматли Равшан ака Миртожиев эканлар.Равшан ака билан мени рассом Одилжон Нишонов таништириб қўйган эди.У маҳаллар Равшан ака Андижондаги рассомлар цехида ишлардилар.Унинг ҳайкалтарошлиги кейинроқ намоён бўла бошлади.Ҳуллас, биз кўришдик.Равшан ака ўша кунлари Андижонга Чўлпоннинг ҳайкалини ўрнатиш учун келган эканлар.


-Холдоржон, қалай ишлар?Яхши юрибсизми?Ижодлар қалай?-дедилар ҳол аҳвол сўраб Равшан ака.


-Ёмон эмас, юрибмиз, ака, Худонинг панохида.Янги янги шеърлар ёзаяпман -дедим мен.


-Ҳа, яшанг.Қачон бизга дастхат ёзиб, китобингизни совға қиласиз? -дедилар яна Равшан ака раҳматли, менга чой қуйиб узатиб, овқатга таклиф этарканлар.


-Китоб чиқариш бироз қийин бўляптида.Ҳозирги замонда шоирлар ўз китобини шахсий маблағи эвазига ёки спонсор ёрдамида чиқаришмоқда -дедим мен.


Равшан ака бир зум ўйланиб тураркан, ноқулай жимликка бархам бериш учун графинга узандилар: -Юз грамм кетадими? -деди у.


-Йўқ, Равшан ака, мен ичишни ташладим.Бу аблах ичкилик ижод қилишимга халақит беряпти.Ичсам, ялқов бўлиб қоляпман -жавоб бердим мен.


-Бир хисобда тўғри қиласиз.Мен ҳам ичкиликни йиғиштирмоқчиман.Ичкилик ижодкорни хароб қилади -дедилар Равшан ака.Кейин давом этдилар.


-Лекин сиз, жуда тушкунликка тушманг.Сиз китобингиз нашрига кетадиган харажат ҳажмини калькуляция қилиб, менга телефон орқали айтинг.Агар жуда кўп бўлмаса, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.Ахир, сиз билан биз ижодкорлармиз.Ижодкорлар эса бир бирларига ёрдамлашиб яшашлари керак -дедилар.


Равшан аканинг бу кутилмаган гапидан мен бир лахза ҳайкалдай қотиб қолдим.Кейин  ўзимга келиб, унга миннатдорчилик билдирдим.Лекин, гапнинг тўғриси, мен Равшан аканинг китобимга спонсор бўлишига ишонмадим ўшанда.Ҳа, энди, шунчаки айтдиларда -дея ўйладим.Аммо, бутунлай умидимни ҳам узолмадим.


Ишонсизликнинг асосий сабаби, менинг ўша пайтлари Салай Муҳаммадаминовни ўз маслагидан ўлса ҳам воз кечмайдиган ҳақиқий демократ, манфаатга қул бўлмаган ишончли сиёсий лидер деб ўйлаб, унинг ортидан ахмоқларча эргашиб юрган пайтларим китобим нашр қилинишига сира ишонмасдим.Бунга ҳукумат асло йўл қўймайди дея ўйлардим.Равшан акам билан эса, ҳеч қачон сиёсат ҳақида суҳбатлашмаган эдик.Гурунгларда фақат тасвирий санъат ва адабиёт ҳақидагина суҳбатлашардик.Яъни Равшан ака менинг сиёсий позициямдан мутлақо беҳабар эдилар.Аммо мен ёзган шеърларнинг ашаддий муҳлисларидан бири эди, буни билардим.Ўша пайтда Равшан ака спонсорликни ўз зиммасига олган тақдирда ҳам китобим нашриётда нашрдан тўхтатилса керак деган фикр мени қийнарди.Лекин ҳаммаси бошқача бўлди.Мен Тошкентга бориб,  Ўзбекистон халқ шоири раҳматли Нормурод Нарзуллаевга учрашиб, "Янги асар авлоди" нашриётингизга спонсор орқали пул ўтказсам, китобим чиқадими? -дея сўрадим.


Нормурод ака ҳам мени ҳайратда қўйиб: -Э, нага чиқмасакан, шоири замон, албатта чиқадиде.Сандай шоирнинг китобини нашрдан чиқармасак, яна кимнинг китобини чиқаришимиз керак? -десалар бўладими.


-Э товба, нималар бўляпти ўзи? -дейман ўзимга ўзим ишонмай.Ҳулласи калом, спонсор ҳам нашриёт директори ҳам ўз вадасининг устидан чиқдилар.Ҳукумат ҳам қаршилик қилмади."Тунги лайлакқор" номли китобим Тошкент шаҳрининг "Қатортол" кўчаси 60 уйга жойлашган "Янги аср авлоди" нашриётида Нормурод Нарзуллаев сўзбошиси билан чоп этилди.


Китобларни нашриётдан олиб чиқиш учун шартномага спонсор ҳам имзо чекиши керак экан.Мен Равшан акага қўнғироқ қилиб, муддаони айтдим.Равшан ака "Мерседес" русумли машинасида Қатортолга етиб келдилар.Шартномани имзолар эканлар, мен китоб сотилгач, спонсорлик харажатларини тўлиқ қайтараман -дедим, яна хужжатга имзо чекмай қўймасинлар деган ҳавотирда, шоша пиша.Бир маҳал Равшан ака бошқа бир қоғозга: -Мен Миртожиев Равшан, Холдор Вулқоннинг "Тунги лайлакқор" номли китобига ўтказилган маблағдан тўла воз кечаман.Холдор Вулқоннинг менда ҳеч қандай қарзи йўқ" мазмунида тилхат ёзиб, имзо чекиб берсалар бўладими.Мен нима дейишни, Равшан ака Миртожиевга қандай миннатдорчилик билдиришни билмай эсанкираб қолдим. -Раҳмат, ака, бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман -дея қўлини қисаман нуқул.


Равшан ака бўлсалар:-Э, қўйсангизчи, Холдоржон, бир биримизга ёрдам бериш ижодкорлик бурчимизку -дедилар жилмайиб.Ўшанда, бу дунёда шунақа яхши инсонлар ҳам бор экан деб, кўзларимдан ёш чиқиб кетган.

Ахир ўзингиз ўйланг, сизга биронтаси бир цент берса, эртасига сўраб келадиган, бир центини юзминг доллар қилиб қайтарасан дейдиган фойизхўрлар изғиб юрган ёвуз жамиятда бир шоирнинг китобини чиқариб бериб, яна (Ўша пайтда, 2004 йил.300 минг сўм!Ҳозир у пул курси қанча, билмайман) харажатдан батамом воз кечиб юбориш учун одам боласи камида БУЮК ИНСОН бўлиши керак.


Бугун ўзбек жамияти мана шундай қалби тоза, меҳрибон ИНСОНдан,буюк бир ижодкордан жудо бўлди.


Илоҳим, Равшан ака Миртожиевнинг ҳаёти дунёда билиб билмай қилган гунохлари бўлса, Парвардигори Олам мағфират қилсин.

Марҳумнинг Жойлари Жаннатдан бўлсин!

 

 

 

10/02/2015.

Кундуз соат 10:55.

Бремптон шаҳри, Канада.

 

Андижон шаҳридаги "Чўлпон" истироҳат боғига ўрнатилган Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ҳайкали.

Равшан Миртожиев асари.Бронза.

 

Мана шу китобимни Равшан ака Миртожиев ўз маблағлари хисобига нашрдан чиқариб берганлар.(Холдор Вулқон)

 

 
Еще статьи...