Ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири

Шукур Қурбон 70 ёшда!

Чинобод чироқлари

 

Чинободликлар адабиётсевар, санъатсевар ҳалқ.Бу кўхна диёр устоз шоир Шукур Қурбон билан, марҳум истеъдодли шоир Аҳмаджон Далиев билан, ҳофизлар Фаттоххон Мамадалиев, ака -ука Исроилжон ҳамда Исмоилжон Вахобовлар ҳамда Сирожиддин Маннонов бошчилигидаги "Сўтақўзи" сайёр театри ва Зуҳриддин Исмоил каби қатор шоир ёзувчилари, қолаверса, марҳум биринчи тоифали юрист, профессионал, ҳалол адвокат, садоқатли дўст, яхши инсон Анваржон Хайдаровлар билан ҳақли равишда фахрланади.
Шу ўринда чинободлик дўхтир шоир Зуҳриддин Исмоил ҳақида ҳам икки оғиз илиқ сўз айтсак, оғзимиз қийшайиб қолмас.
Бир нечта шеърий тўпламлар муаллифи Зуҳриддин Исмоилнинг асли касби тиш дўхтирлик бўлиб, унинг ишхонасидан тишини пармалатаётган мижозлар оҳ -фарёди, осмонларни тилка пора қилгувчи чинқириқлари бот бот эшитилиб туради.Агар Зуҳриддин Исмоилнинг мижозлар милкидан суғирган тишларини бир жойга тўпласа, дунё харитасида янги тоғ тизмалари пайдо бўлар эди.(ҳазил).
Шоир одамнинг бир мисра шеърини ўқибоқ, унинг иқтидори қай даражада эканлигини билиб олса бўлади. Устоз шоир Шукур Қурбоннинг:
Йўл берворинг, ўтиб кетайлик
деган мисраси бор.
Бундай қараганда, мазкур мисра оддийгина сўзлар бирикмасига ўхшаб кўриниши мумкин.
Лекин унинг замирида ёстиқдай ёстиқдай китоб қўлтиқлаб, бошларини адабиёт тожи кулохига, гулчамбарларига шайлаган куйи бири бирини тирсаги билан туртиб, адабиёт кўчаларини тўлдириб, тўсиб, йўртиб бораётган "даҳо бебаҳо"ларга қарата айтилган, мукофоту унвонлар, квартираю дача талашиб уюшма раҳбарлари билан ёқалашиб, бўғишишни ўзига эп кўрмайдиган хокисор бир ижодкорнинг аччиқ кинояси ётибди.
Шоир: -Илтимос, акалар, сал йўл беринглар, биз ҳам у дунёга ўтиб кетайлик -демоқчи.
Ҳа, Шукур Қурбоннинг гоҳо жўшқин, гоҳо маҳзун кайфият улашгувчи дардли туйғуларга бой лирик шеърлари адабиётнинг поёнсиз дала даштлари этагида зулматларни ёритиб, хорғин порлаётган Чинобод чироқлари каби шеърият муҳлисларини ўзига чорлайверади, ҳасратли ўй хаёлларга ғарқ этаверади.
Чинобод соғинчи Шукур Қурбоннинг ойдин шеърларида ўз аксини топган.
Шоир олис болалигини қўмсаб, Чинободнинг тупроқ кўчаларида ўз кўйлакларининг қўйнини тупроққа тўлдириб, икки қўлини қанотдай ёзганларича: -биз дори сепар самолётлармиз!- дея тупроқ тўзғитиб, чопиб юрган болалар образи орқали мустамлака замонларида пахта далалари устидан учоқларда заҳарли меркаптапос, пестидцид оғуларини меҳнаткаш халқимиз бошига ёғдирган ёвуз кучларга ўз исёнини ўша пайтлардаёқ жасорат ва журъат билан изҳор эта олган, дахшатли фожеа кўламини ишоратлар билан кўрсатиб беролган эди.
Адолат призмасидан қаралса, Шукур Қурбон ўзининг одам қайта қайта ўқиса ҳам зерикмайдиган, медага тегмайдиган, мусиқага ўхшаш лирик шеърлари билан улуғ устозларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби шоирлардан сира кам эмас.
Унинг она ҳақида, севги -муҳаббат мавзусида ёзган лирик шеърлари, "Соғинч дорвозаси" номли шеърий туркуми ҳақиқий санъат асарларидир.
Мақола сўнгида устоз шоир Шукур Қурбонни 70 ёшли таваллуд айёмлари билан муборакбод этамиз. Шоирга узоқ умр, сихат саломатлик, оилавий хотиржамлик тилаймиз.
Умрини адабиётга бахшида қилган, камтарин ва захматкаш шоир Шукур Қурбонга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилса, унинг 70 ёшли юбилейига унутилмас совға бўларди.

 

 

 

 

 

 

Зуҳриддин Исмоил

 

Ёмоннинг бир қилиғи

(Ҳикоя)



- Ароқни эр-р-как киши ичади,- виқор билан писанда қилди ўтирганлардан бири.

- Албатта...Лекин хотин киши ҳам ичиши мумкин, - ҳиққ, -

унинг гапини зўр бериб маъқуллади иккинчиси.

- Ошналар, тушунсангларчи, мени жигарим оғрийди, - тушунтира бошлади учинчиси.

- Ме-н-нинг туғилган кунимда ичмаган... душманим. Ичасан! Ё душманиммисан, а?

- Қўзитой - мужик, ҳиққ, - гапини икки қилганларни ём-м-он... кўради. Отиб юбор, кўзингни юмиб, - ҳиққ, - қўшилди икинчиси яна.

- Кейин қийналаман-да, қўйинглар энди, - росмана ялинишга тушди Тўлашбек.

- Вей, менга қа-р-ра. Сенга ҳеч ким билмайдиган даволаш усулини ўргатаман. Қарабсанки, от, йўқ, эш-ш-акдек бўлиб кетмасанг, Қўзитой отимни...Совлиқтой қўяман, ҳа. Шуни билгинки, ҳамма касаллик совуқдан, шамоллашдан бўлади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ кесади. Ўзи.. сени ҳамма ёғинг совуқлик бўлиб кетган. Бўлмаса...хотининг тўртта ҳам қиз туғадими, дўст?

- Қўзитой бўлмаса, ҳиққ...Нима ҳам қилардинг, галварс, ҳиққ...Раҳмат демайсанми, - Ҳалим ошнаси ҳар доимгидек Қўзитойни мақташдан чарчамасди.

Орият қўзғалдими ё янги даволаш усулининг дарагини эшитиб Тўлашбекда озгина умид учқунлари пайдо бўлдими, ўша сабил бир пиёла охири томоқдан ўтди.

Кечаси билан Тўлашбек ухламади. Ухлаёлмас эди ҳам.

Чунки қарийб йигирма йилдан бери азоб берадиган ўнг қовурғасининг остидаги аждаҳо яна уйғонган эди-да. У тонггача икки букилиб, юриб чиқди.

Эртаси куни чошгоҳда Қўзитойга юзланди. Янги даволаш усули уни барибир озгина бўлсада қизиқтириб қолганди.

Кун ўтиб, саҳармардонда Тўлашбек уйи олдидаги Ташлама сойига охиста тушди. Ноябрь ойи бўлгани учун бу осон кечмади. Совуқ жон-жонидан ўтиб кетди. Аъзои бадани кўкариб, жағлари бир-бирига уришиб, юролмай қолди. Бир амаллаб, сувдан чиқиб олди-да, уйига эмаклаганича кириб кетди.

Куни бўйи ўраниб ётди. Зўрға нафас оларди. Барибир исимади, оғриқ уни тарк этмасди.

Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Бироқ энди совуқ унча билинмади. Фақат сувдан чиқиши бир оз қийинроқ кечди. Яна уйига эмаклади.

Бу кеча тонг отиши Тўлашбек учун бутун бир асрга тенг бўлди. Оғриқ энди қутуришни бошлади. Тўлашбекнинг назарида дард бутун дунёдаги барча ёр-биродарларини меҳмонга чақириб, Тўлашбекнинг сабр-тоқатини синашга бел боғлаганди.

Учинчи куни саҳарда Тўлашбек бир оз иккиланди ҳам.

Оғриқнинг зўри, чеккан азоблари, орқасида мўлтираб турган қизлари ва аёлини ўйлаб, таваккал қилди, сувга тушди.

Бу сафар аҳволи янада оғирлашди. Сувдан чиқолмай қолди.

Тепада қўрқинч ила қараб турган хотини ва қизлари уни минг азоб билан тортиб чиқаришди. У юра олмади, юқорига бир қараб қўйди-да, хушидан кетди.

"Дўсти"нинг "фойдали маслаҳати" кўзлаган мақсадига етганди. Бу қийноқларга чидай олмаган бечора юрак уришдан тўхтади.

Сой сувлари қилиб қўйган ишидан бехабар ҳар доимгидан янада кўпроқ лойқаланиб, важоҳат ила кўпирганича оқишда давом этарди.

Андижон вилояти, Чинобод қишлоғи.

Манба: "Иқбол" сайти.


x_15d42282 (604x453, 162Kb)