Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

 

Йиллар учиб ўтди бамисоли ўқ,

Ғурбатда оқарди соч - соқол, муртим.

Мен сени бир зум ҳам унутганим йўқ,

Мени ҳам унутиб юборма, юртим!

 

Х.В.

 

 

Холдор Вулқоннинг набираси Абдусаломов Жасурбек Мақсудович.

 

Бир дона сўз



Мен ушбу мақоламда ЎЗБЕК деган ўз халқимни ўзга миллат ва элатлардан, юртимни ўзга юртлардан устун қўймаган ҳолда, Ватанимиз баъзи кимсалар айтганидай қарғиш тушган жой эмас, балки тупроқларимиз Оллохнинг тажаллисидан нурафшон ва серқуёш, азиз авлиёлар ҳоки ётган жаннатмакон ўлка эканини, халқимизнинг эса, ундайлар айтганидай қарғалган эмаслигини, балиқдай безабон, қўйдай ювош эмаслигини,аксинча,унинг дунёдаги энг мулохазали, донишманд ва камтарин халқлардан бири эканлигини бир дона сўз билан исботлаб қўймоқчиман.


Далаларда кетмон чопиб, ҳалол ризқланадиган оддий бир ўзбек, сайрга чиқаркан:  "Бир айланиб келай" дейди. Ёки, -ҳа, оғайни, бу ёқларда нима қилиб юрибсан? - дейилса, у: -ўзим, шунчаки айланиб юрибман - дея жавоб бериши тайин.

Бундай чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бу дунёда ҳамма ишга бориб, уйга қайтиб, еб, ичиб, ухлаб, яна ишга қайтиб, доимо эврилиб тургувчи ер шари билан бирга ўзи сезмаган ҳолда коинот бўйлаб тинимсиз айланаётгани маълум бўлади.


Ўзбек оналари фарзандларини "айланиб кетай сендан" дея эркалайдилар.


Тарихда иккита мамлакатни идора қилган темурийзода шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур оғир дардга чалинган фарзанди Хумоюннинг теварагида коинотдай айланиб, унга келган дардни ўзига ўтишини, ўғлининг соғайиб кетишини Яратгандан илтижо қилиб сўраганлари ҳақидаги ривоят ҳам айланиш тушунчаси билан боғлиқ.


Дарҳақиқат, агар Яратганнинг фазлу каромати билан йўқдан бор бўлган, йўқлик рамзи нол рақамидай айлана шаклли траекторияда ҳаракатланувчи олам айланишдан тўхтаса, ҳаёт ҳам тўхтайди.

Буни қарангки, кўз илғамас, тафаккурга сиғмайдиган чексиз коинот билан бир траектория бўйлаб ҳаракатланувчи одамзод ҳам яшаб, яшаб, охир бир куни тупроққа айланади.


Агар сенинг бир дона "айланиб" деган сўзинг Ер сайёрасининг ва космик туманликлардаги тамоми бошқа сайёраларнинг, галактика ва квазагалактикаларнинг ягона механик қонунга бўйсундирилган ҳолатда муттасил ва мангу айланиб туриши, инсон ва бошқа барча мавжудодларнинг жисмидаги қон айланиши, обкаш булутлар ташиб келтиргувчи сув буғланиб, яна осмонга қайтиши, ҳамда фасллар эврилишидай ақл бовар қилмас сирли система билан узвий боғлиқ бўлса, сенинг луғотингдаги қолган сўзларда қандай ҳикматлар яширин экан, эй менинг буюк, донишманд ва камтарин халқим?!




09/03/2021.
Эрта билан соат 8:52.
Канада, Онтерио.