Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси


Муроса йўли энг тўғри йўл



Ёлғон устига қурилган ҳукумат эртами кеч худди пойдеворсиз уй каби қулашга маҳкум.


Бунга ёрқин мисол, қўшни Авғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани ҳукумати узоқ йиллар дунёни ислом терроризми хавфи билан қўрқитиб, мавжуд бўлмаган, рўйхати шунчаки қоғозда бўлган "аскарлар" таъминоти, мамлакат мудофааси учун замонавий қурол аслахаларга ажратилиши керак бўлган харажатларнинг сохта сметаларини тузиб, Америка Қўшма Штатлари харбий бюджетидан миллиардлаб доллар пулларни ундириб, 20 йил давомида ўзлаштириб, алдаб келганлари маълум бўлгач, Америка Қўшма Штатлари ўз харбий қўшинларини Авғонистондан олиб чиқиб кетишга қарор қилди.


Бу қарор ўша пайтда Марказий Осиё мамлакатлари, қолаверса таркибида ислом динига эътиқод қилувчи субъектлар мавжуд Россия Федерацияси учун жуда тахликали қарор эди.


20 йил димланган сиёсий тўғон очиб юборилса, миллионлаган қочқинлар лаваси, ислом терроризми дахшатли тўфон каби биринчи навбатда Ўрта Осиё мамлакатларига, у ерда ўз радикал маслакдошлари билан бирикиб, ирмоқлардан қувват олган талотумли дарё тошқини каби Қозоғистон орқали Россия Федерацияси худудларига ёприлиши кутилаётган бир пайт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бор масъулиятни ўз зиммасига олиб, Покистон президенти Имронхон ва Авғонистондаги "Толибон" диний ҳаракати билан музокаралар олиб бораркан: -Урушлардан фойда йўқ эканини, бир динга эътиқод қиладиган халқлар муқаддас Ислом динининг тараққийпарвар, тинчликпарвар дин эканини бутун дунё олдида намоиш қилишлари, қонли урушларни тўхтатиб, ўзаро тинчлик тотувликда яшашлари, динимизнинг кўзга кўринмас, шум нийятли душманлари қўлида тутантириқ бўлмасликлари, ўлкаларни вайроналарга, култепаларга айлантирмасликка чақирдилар, минтақада ўрнатиладиган сиёсий барқарорлик барча халқларга бирдай манфаат келтириши мумкин бўлган буюк стратегия эканини тушунтира олдилар.

Шу тариқа "Қочавер, толибонлар келяпти!" дея қўрқитиб, Ўрта Осиё ва Россия Федерацияси худудида яшовчи халқларини ўз қопларига солмоқчи бўлган учинчи кучларнинг ёвуз мақсадлари пучга чиқди ва "Президент Мирзиёев Россияда террористик ташкилот дея эълон қилинган диний радикал оқим - "Толибон харакати" билан музокара қилмоқда!" дея дунёга айюханнос солаётган, сиёсий маданиятдан, дипломатия илмидан бехабар, ғофил кимсаларнинг уни ўчди.


Кўп ўтмай, Россия Федерацияси ҳам "Толибон ҳаракати" вакилларини Москвага таклиф қилиб, улар билан манфаатли музокаралар ўтказди.


Ҳа, айнан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий тактикаси, ташаббуси сабаб ёприлиб келаётган уруш офати, қирғин барот, вайронагарчиликларнинг олди олинди.


Кўп ўтмай, туркий тилли давлатлар сиёсий анжуманида иштирок этиши ортидан, кутилмаганда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерациясига таклиф қилди.


Албатта, Россия президенти Владимир Путин ўз мулозимларига халқаро аэроқўналғада Олий меҳмонга одобсизлик билан ҳурматсизларча муносабатда бўлиш буйруғини берадиган даражада тубан кимса эмасликларини биламиз ва ҳурмат қиламиз.


Лекин Президент Мирзиёевни халқаро аэроқўналғада қарши олган рус мулозимлари атайлаб қўлларини ортларига қилиб, Олий меҳмонга, яъни Ўзбекистон президентига нисбатан писандсиз муносабатда бўлдилар ва Иккинчи Жаҳон Уруши йиллари минг минглаб оч ялонғоч норасида рус фарзандларининг бошини силаб, бағрига олган, бир бурда нонини бўлиб етимларга едирган Ўзбекистон халқининг қаҳру ғазабига дучор бўлиб, назардан қолдилар.


Лекин улар ўзларининг бу беодобликлари, писандсизликлари билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев обрўсини бир миллиметрга ҳам пастлата олмадилар.


Қайтанга, Шавкат Мирзиёев баъзилар иддао қилгани каби Россиянинг вассали, хизматкори эмаслигини, балки Ўзбекистон халқи манфаатларига содиқ, ҳақиқий Президент эканини, ўзлари билмаган ҳолда  бутун дунё кўзи ўнгида исботлаб қўйдилар.


Ўзингиз яхшилаб ўйланг, агар Шавкат Мирзиёев Россиянинг вассали, хизматкори бўлса, унга шундай ҳурматсизлик кўрсатармидилар? Йўқ албатта. Мамнун жилмайиб, қучоқ очиб қарши олардилар.


Бу фитналар ҳам иш бермагач, сиёсий, геополитик мақсадлари барбод бўлган, талвасага тушган аламзада кучлар, яна кимларнингдир қўлига машъала тутқазиб, қўшни Қозоғистонга ўт қўйдилар.


Лекин у олов ҳам ўз вақтида ўчирилди.


Эй, Авғонистон, Ўрта Осиё ва Россия Федерацияси худудида девор дармиён яшаётган, қондош, қардош халқлар! Ёвуз кучларнинг провокацияларига учманг, бир бирларингизга мудохала, яъни дахл қилмай, биргаликда, ягона оила фарзандларидай аҳил иноқ яшанг, ота боболаримиздан қолган Муроса йўлини тутиб, мавжуд сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ўзаро сиёсий музокара йўли билан хал этиш санъатини ўзлаштринг!


Дунёда яшаётган барча халқу элатлар Одам Атонинг, Момо Ҳаввонинг фарзандалари эканини бир зум ҳам ёдингиздан чиқариб қўйманг!


Барча яхши инсонларга ҳурмат билан, Холдор Вулқон.



13/01/2022.
Кундуз соат 2:23.
Канада.