Фаслий навбаҳор ўлди

 


( Фурқат ғазалига Холдор Вулқон ёзган муҳаммас)


 


Сайради саҳар булбул, тинглади гулистонлар,

Баргига қўниб шудринг тақди дури маржонлар,

Чўл каби ғариб умрим бўлди булбулистонлар,

Фаслий навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,

Дўўстлар ғаниматдир, сайр этинг гулистонлар.

 


Тоқида униб майса тому пахсалар хуррам,

Ёнди лолақизғалдоқ, боғу равзалар ҳуррам,

Ғарбда ой сузиб сокин отди ғамзалар хуррам,

Субҳидам тушиб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,

Гул уза томиб кам - кам ёғди абри найсонлар.

 


Чиқса аввало ботир бойчечак ёриб музни,

Аҳли дил қалам ушлаб ахтарур нафис сўзни,

Қиз - жувон кийиб атлас, шармисор этар бўзни,

Настаран ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,

Наргис очибон кўзни интизори ёронлар.

 


Бодаи муҳаббат қуй соқиё пиёламға,

Бўлмағай бу олам ғарқ дийда ашки жоламға,

Берди акс садо ўнгир, қоялар бу ноламга,

Бир саҳар эдим уйғоқ ўт туташди оламға,

Тооғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.

 


Қаҳратон йироқ кетмиш чун хазор, туман фарсах,

Пахса ортидан оппоқ гул тутар ўрик ваҳ - ваҳ,

Тонги боғ аро гуллар кулдилар отиб қах - қах,

Қумрилар қилиб ку - ку, булбул айлабон чах - чах,

Сарви гул уза доим тортар оху афғонлар.

 


Топмадим сабодин шом ахтариб анинг васлин,

Ҳурми ё башар билмам шўхи дилрабо аслин,

Қийнамас бирон золим бунчалар одам наслин,

Булбул ўқуғоч йиғлаб субҳидам ҳазон фаслин,

Ғунча қон ютиб, юз чок этди гул гирийбонлар.

 


Чор тараф чароғонким, тортадур кўзим равшан,

Чўлда ҳам биёбонда ниш уриб ўсар ёвшан,

Сен нечун, дилим, айтгил, йиғлаган ҳазин найсан?

Кечдилар вафо аҳли қолмайин тутиб савсан,

Кийди кўк қилиб сунбул зулфиний паришонлар.

 


Тинмагай кеча - кундуз кўзда ёш булоғимким,

Ўчмагай мудом Вулқон ёр кутиб чироғимким,

Фаҳру ифтиҳорим кўз остида ямоғимким,

Куймасин бу савдода не учун димоғимким,

Ранжу ғуссада доно, юрса шоод нодоонлар.

 

 

 

 


7 июнь, 2010 йил.

Тунги соат 12 дан 40 минут ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.