Холдор Вулқон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

Султон Хусайн Бойқаронинг суякка тиқилиб ўлгани ҳақида


Адабиётимиз тамал тошини қўйган буюк аждодларимиз яратган бадиий асарларда гоҳо тушкун кайфиятли мирсларга ҳам дуч келамиз.

Мисол учун, Алишер Навоий ва Бобурмирзо шеъриятида.

Маълумки, Хуросон тахтини эгаллаган Султон Хусайн Бойқаро маишат ва айшу ишратга берилгач, доим таъзим ва таъвозе билан, уни шоханшох, олампанох дея улуғласаларда, унга зимдан лахад қазигувчи маккор, разил аъёнларининг шипшитиб: "Навоий тахтингизга кўз олайтиряпти" деган гапига кириб, болаликдаги ўз дўсти, Вазиру аъзам Алишер Навоийни салтанатдан четлатиб, Астрабодга сургун қилади.

Ёғийлар шу тариқа Султон Хусайн Бойқарони донишманд маслахатчисидан жудо қилишга эришгач, шох набира доғида эзилиб, ўлиб кетсин учун унинг мастлигидан фойдаланиб, 16 ёшли валиахд, тожи тахтга ворис шахзода Мўминмирзонинг қатл фармоишига мухр бостириб оладилар.

Кейин Мўминмирзони камон ипи билан вахшийларча бўғиб ўлдирадилар.

Невара доғи ҳам таъсир этмай, яна ичкилик ичишда давом этган майхўр султон Хусайн Бойқарога маст пайтида сарой аъёнлари қиррали суяк кўмилган паловни ошатиб юборадилар.

Султон суякка тиқилиб қолади.

Хириллаб, нафас олишга қийналаётган олий табақали мижоз оғзига керги солган табиблар суякни суғургунларича, ёвлар гапига кириб, ўзининг садоқатли ва донишманд дўстидан воз кечган Султон Хусайн Бойқаро шу тариқа бир тоғора қон қусиб, аламли ўлим топади, маст аласт холатда арши аълога, Тангри Таолонинг ҳузурига равона бўлади.

Маккор ва разил аъёнларининг гапига кириб, шоир дўстини бадарға қилган, камон ипи билан бўғиб ўлдирилган бегунох, фариштадай маъсум набирасининг уволига қолган, темурийлар салтанатининг емрилишига сабабчи бўлган Хусайн Бойқарога Худо шундай аламли жазо юборди.Ўшандай фитналар гирдобида қолган Ҳазрати Алишер Навоийнинг тушкун кайфияти қуйидаги байтларда ўз аксини топган.

Парим бўлса, учиб қочсам улусдин то қанотим бор,
Қанотим куйса учмакдин, югирсам то ҳаётим бор.


Киши амалу мансаб, файзу баракотлар эгаси бўлган маҳаллар қахрабо шароб тўла биллур қадахларни чўқиштириб, садоқат изҳор қилган, қалбида эса разил ва манфур мақсадлар чаёни ўрмалаётган вафосиз дўстлардан, дўст қиёфасидаги ашаддий душманлардан безган Навоий: -Қани энди қанотларим бўлсаю, аҳли дилларни тушунмайдиган бу тўдадан, оломондан учиб қочсам, учиб, учиб, қанотларим куйиб узилиб тушса, то умримнинг охиригача тўхтовсиз югириб, улардан узоқлашсам -демоқдалар.

Ишонган дўстларидан жабр кўриб, хафсаласи пир бўлган инсон дарду ҳасратларини Навоий яна қуйидагича ифодалайди:

Англаким, аҳбобини кулбамда меҳмон этмишам,  
Итларин оғзийда гар кўрсанг бағирдан поралар.


Ҳазрати Алишер Навоий юқоридаги байтда, туз ичиб, туздонга туфлагувчи, таомни еб дастурхонга бетини ва яна аллақаёқларини артиб кетгувчи, садоқатсиз дўстлар ҳақида: -Мабодо менинг этим бурдаларини итларнинг оғзида кўриб қолсанглар, билгингларки, мен ишонган, севимли дўстларимни кулбамда меҳмон қилибман -дейдилар.
Шундай мисралар Ҳазрати Бобурмирзода ҳам бор.

Бобурмирзо ўзининг бир ғазалида:

Хазондек қон ёшим, сориғ юзумдин эл танаффурда,
Ба ҳар ранге, биҳамдиллаҳ, улусдин ўзни қутқордим.

Улуснинг таъну таърифи менга Бобур баробардир,
Бу оламда ўзимни чун ёмон яхшидан ўткардим.

дея ёзади.

Кузги алвонранг хазонлар каби кўзларимдан тўкилаётган қонли кўз ёшлардан ва хазондай сарғайиб кетган юзларимдан эл нафратда, Худога шукурким, бир нарса қилиб юриб, ўзимни улуснинг таънаю маломатларидан ва мақтовларидан қутқариб олдим, яъний ёлғизликка, хилватга, узлатга ўзимни урдим -дея ёзади.

Кейинги байтда эса, Бобурмирзо:  "Улуснинг, яъний оломоннинг таънаю маломатларию, мақтовлари, таърифу тавсивлари мен учун аҳамиятсиз. Мен, шунчаки ҳаётим давомида уриниб суриниб, ўзимни яхши одамлар ва ёмон кимсалар орасидан ўтказдим ҳалос -демоқдалар.Бу мисралар пана пастқамга, бурчак бурундиққа, хандакка беркинмай, тўним кафаним дея, ўлимнинг кўзига тик қараб, ҳамиша лашкарнинг энг олдинги сафида юрган, икки юз чоғлик черик билан икки мамлакатни фатх этган темурийзод шерюрак лашкарбошининг, талотумли умри жангу жадаллар, ёғийларнинг турли фитнаю фисқу фасодлари, тухмату бўхтонлари, дўстлар хиёнати ичида кечган шох ва шоирнинг умр интихосида чиқарган хулосасидир.

Энди руҳий тушкунликка барҳам бериб,  бир ғазал шархи билан тадқиқодга якун ясаймиз. Алишер навоий ўзининг бир ғазалида шундай ёзадилар:

Ошиқ ўлдим, билмадим ёр ўзгаларға ёр эмиш,
Оллох –Оллох,  ишқ  аро мундоқ  балолар бор эмиш.


Ушбу ғазал матлаъида Ҳазрат Навоий ёрга бўлган чексиз муҳаббати  ҳақида баён этаркан, ёрининг, яъний Оллохнинг ўзгаларга лутфу марҳамат кўргизаётганидан рашкланади ва ишқ оламида шундоқ тенгсиз балолар борлигидан зорланади."Боло" арабча сўз бўлиб, "юқори" мазмунини ташийди.Бу ўринда юқоридан, яъний арши аълодан Худонинг амри билан ёғиладиган самовий офат ва кулфатларга ишора қилинади."Бало" нинг асл маъноси шу. "Балоғат" сўзи ҳам "Боло" калимасига ўзакдош тушунча бўлиб, ўсиб, юксалиб, болоғатга етиш, яъний "вояга етган, болиғ ё болиға" мазмунини англатади.Бола дегани ҳам шу тушунчадан келиб чиққан атама.

Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгил озурдадир,
Ул алифдин зоорларнинг хосили озор эмиш.


Навоий элнинг Ёр қаддига, яъни гўзаллигига майл туйганидан, мойил бўлганидан рашк қилиб, кўнгли озор топаётганини айтаркан, сўз эмас,  гўзал ҳарф ўйини қилади. Маъшуқасининг қаддини арабча алиф ҳарфига ўхшатиб, менга  ўхшаган васлинга зорларга ўша алиф кўринишидаги расо қаддинг хивичдан фақат озор етади ҳалосми? – дея ёзғиради. (Халқимизнинг: "Алифни калтак дейди" мазмунидаги ҳикматли мақолини эсланг)

Элга новак урди, мен ўлдим, эрур бу турфаким,
Жона етган рееш эл бағриға кирган ҳор эмиш.


Ишқ эли бағрига муҳаббат новаки, яъни найзаси санчилди. Лекин улар ўрнига мен ҳалок бўлдим. Ёр ишқида телбаланиб қолган элнинг чекаётган азоби менинг чекаётган азобим олдида ҳеч нарса эмас. Менинг юрагимни тилиб ташлаган фироқ ҳанжар зарбаси бўлса, элга етган азоб тикон азобичалик ҳалос - дейилади юқоридаги байтда.

Риштаким мухлик ярам оғзийга тикдим, англадим,
Ким кафан жинси қироғидин сувирған тор эмиш.

Ишқинг тиғлари етказган жароҳатим қонини тўхтатиш учун ип билан тикаётиб билдимки, ул иплар кафан қирғоғидан суғирилган ришталар экан – дейди Ҳазрат Навоий.

Жонга тахвиф айладим тиғи ҳалокидин аний,
Билмадим бу ишдин ул ўлгунча миннатдор эмиш.


Ёр тиғининг халокатини жонимга ҳавф билдим. Ёр бўлса, ишқнинг ҳалокатли тиғидан хайиқиб, қўрқаётганимдан миннатдор экан - дейди Навоий.

Эй Навоий, ҳўўбларни кўрма осонлиғ билан,
Ким биравким солди кўз, узмак кўнгил душвор  эмиш.


Эй, Навоий, ҳўбларга, яъний муҳаббат аҳлига осон тутма, негаки, ёр кўз солса, кейин ундан  кўнгил узишинг қийин бўлар экан –дея ошиқ кўнгил қийноқларни, дарду ҳасратларини шу тариқа ифодалаб, Навоий ғазалга якун ясайди.

Бу ғазал мисраларига юкланган дард залворини фақат кимнидир телбаларча севган ва унинг ҳажрида ҳасталаниб, хафталаб кўрпа -тўшак қилиб ётиб қолган одамларгина ҳис эта оладилар.

---------------------------------
27 декабрь, 2009 йил.
Кундуз 2 :35 .
Торонто шаҳри, Канада.

 

x_15d42282 (604x453, 162Kb)