Одам боласи ҳеч қачон ўз донишманд ота -боболаридан ақллироқ бўлолмайди. Ҳатто у учар лаппакда юлдузлардан юлдузларга парвоз қилиш қудратига эга бўлган чоғида ҳам. Мисол учун бобомиз ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг:
Олам аҳли, билингиз, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир бирингизғаким, ёрлиғ иш.
деган ҳикматларини олайлик.
Ҳазрати Навоий бу бебаҳо ҳикматни бир қавмга, ё бир халққа қарата эмас, олам аҳлига, инсониятга қарата айтмоқдалар.
Бу борада сиёсий фаолияти муроса устига қурилган Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Мирзиёев амалга ошираётган иқтисодий ва сиёсий ислохатлар Навоий бобомиз ҳикматларига ҳамоҳанг.
Президент Мирзиёев томонидан амалга оширилган энг яхши сиёсий ислохатларидан бири, минглаб мазлумларни соғлигидан айриб, ҳаётини барбод қилган, қийноқлар қўлланиб, юзлаб махбусларнинг ўлиги чиқаётган «Жаслиқ» қамоқхонасининг ёпилиши бўлди.
Ўзбекистонимизнинг яқин тарихида диктаторлик режими олиб борган нотўғри сиёсат туфайли путур етган давлатлараро қўни -қўшничилик муносабатлари қайта тикланди. Ёпиб, тамбалаб ташланган мамлакатлараро чегаралар очилди, Ўрта Осиё давлатлари ўртасида дўстона муносабатлар қайта йўлга қўйилди.
Энг муҳими, халқимиз манфаатлари акс этган стратегик мақсадлар йўлидаги ўзига ҳос сиёсий тактикалар қўлланиши ортидан Марказий Осиё минтақасида юз бериши мумкин бўлган мудхиш провокацияларнинг, урушларнинг олди олинди, минтақада сиёсий барқарорлик ўрнатилди. Бу ислохатларга панжа орасидан қарагувчи баъзи гапдон махмадоналар учун Давлат бошқаруви ўйинчоқдек туюлсада, сиёсат улар ўйлаганчалик осон иш эмас.
Қадимий уламоларимизнинг айтишича, Худои Таоло ва Таборак фақат тинчлик, тотувлик, ҳотиржамлик бор жойгагина ўз баракотини ёғдирар экан. Ҳикматлари минг йиллар ғалвирида сараланган халқимизнинг, ота -боболаримизнинг дурдона ҳикматига асосан эса, бир кун уруш бўлган жойда қирқ йиллик барака ўчар экан.
Дарҳақиқат, шу пайтгача уруш бўлган ўлкаларнинг қай бири ютди? Ўзаро урушлардан биронтасининг шохи чиқдими? Уруш кетаётган икки қўшни мамлакат Украина ва Россиядаги аҳволга бир қаранг. Украинада бутун бошли муаззам шаҳарлар ер билан яксон бўлди. Минглаб ёш солдатлар, юзлаб бегунох оналар, қариялар ва болалар ҳалок бўлмоқда.
Ҳар икки мамлакат халқлари уруш туфайли ўз туғилиб ўсган юртларини мажбуран тарк этиб, қочқинларга айланмоқдалар. Россия Федерацияси ўзи бошлаган агрессиядан, бемаъни қонли урушдан тобора тинкаси қуриб, дунё ҳамжамияти олдида сиёсий яккамоховга айланиб, иқтисодиёти издан чиқмоқда.
Биз дунёга Пушкин, Достоевский, Тургеннев, Чехов, Толстойларни, Хлебников, Маяковский, Мандельштам, Есенин, Чайковский, Рахманинов каби дахоларни берган рус халқини ва ўз давлатининг миллий мустақиллигини, худудий яхлитлигини сақлаб қолиш йўлида жон олиб, жон бериб, курашаётган қаҳрамон украин халқини ҳам бирдай ҳурмат қилган ҳолда, Мустақиллиги дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган мамлакатларнинг миллий мустақиллигига, худудий яхлитлигига тахдид соладиган, ИНСОНИЯТнинг тинч, хотиржам ҳаёт кечиришига ҳалал берадиган агрессиянинг, фашизмнинг, жирканч диктатуранинг, авторитаризмнинг ҳар қандай кўринишини қоралаймиз.
Бугунги инсониятни ташвишга солаётган уруш оқибатларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, яқин тарихга мурожаат қилсак, фойдадан ҳоли бўлмас дея ўйлайман.
Қирқ йиллик уруш туфайли бизга девор — дармиён қўшни Авғонистон нима топди? Юрти вайрон бўлди, шаҳарлари култепага айланди, иқтисодиёт издан чиқиб, у мамлакат худуди қонли урушлар ўчоғига, қурол бозорига айланди, миллионлаб бегунох авғонлар қирғин барот, қон -қатрон гирдобига ғарқ бўлдилар.Урушлар туфайли мамлакат келажагини белгиловчии авлод мактабларда таълим ололмай, саводсиз бўлиб қолди.
Бугунги Авғонистон ҳукумати давлат тепасига келар экан: -«Бундан кейин Авғонистонда уруш бўлмайди!» деган баёнотни эълон қилди. Бу бутун дунёда яшаётган халқларга маъқул келадиган жуда тўғри қарор ўлароқ, прогрессив инсониятни қувонтирди.
Ҳа, чиндан ҳам Навоий ҳазратларининг ҳикматлари нафақат халқимизнинг, балки Ер шари устида яшаётган барча халқларнинг, инсониятнинг қоронғу йўлларини ёритгувчи мангу сўнмас, чароғон машъаладир!
Холдор Вулқон
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
13/08/2023 йил.
Канада, Онтарио.