Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Халқимиз ардоғидаги эл севган шоир Одил Икром
Мен ўз камтарона ижодий фаолиятим давомида бир нечта шахсларга ҳурмат — эҳтиромимни изҳор қилиб, бағишлов шеърлар ёзганман. Шеър бағишланган одамларнинг аксарияти хурсанд бўлдилар, самимий миннатдорчилик билдирдилар.
Аммо, баъзи кимсалар мен ёзган самимий шеърлардан фасод ахтариб, мени ҳам ўзлари каби қалби қаро дея ўйлаб, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтардилар.
Ваҳоланки, у шеърларни, (тепада Худо шоҳид) фақат яхши нийятда ёзган эдим.
Нима ҳам дердик, дурадгор доим тахта ҳақида, дехқон пахта ҳақида ўйлаганидай, ким нима ҳақда кўпроқ ўйласа, у айнан ўша иш билан ўзи астойдил шуғулланади.
Лекин, дунёда шундай инсонлар борки, уларга атаб шеър ёзсанг, тўғри қабул қиладилар, хурсанд бўладилар.
Чунки уларнинг қалб кўзгуси осуда тонглар каби беғубор.
Шундай укаларимдан бири, ёниқ истеъдод эгаси, шубҳасиз, файласуф шоир Одил Икромдир.
Бугун истеъдод борасида Одилжондан юз бора, минг бора заиф, ўртамиёнадан ҳам паст эъжаткалларга «халқ шоири» унвони берилгани, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси мутасаддилари билан унвон талаб қилиб, бўғишиб, ёқалашишни ўзларига эп кўрмайдиган, Одил Икром, Набижон Боқий сингари бир четда жимгина бадиий ижод билан машғул камтарин шоир ёзувчиларимизнинг қуруқ савлатлар соясида қолиб кетаётганлари ғоят ачинарли.
Албатта шоир ёзувчининг халқ орасидаги обрўси, эътибори унвону мукофотлар билан белгиланмайди.
Ноҳақ йўллар билан эл кўзидан беркитилган истеъдод, худди бигиз каби қопни тешиб чиқиб, кўриниб тураверади, асфальтни қўпориб, ёриб чиққан чечак каби, кўзларни қувонтириб, беғам гуллайверади, уни яшириб бўлмайди, яъний.
Файласуф шоир Одил Икром ўшандай захматкаш, камтарин, қалби пок ижодкорлар сирасидан.
Бугун Одилжоннинг туғилган кунлари.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин, қадрли Одил Икром!
Ижоддан чарчаманг. Умрингиз узоқ бўлсин.Адабиётимиз, яқинларингиз, дўстларингиз ва шогирдларингиз бахтига доимо соғ -омон бўлинг!Қуйида сизга ҳурмат билан бағишланган шеърни табрикномага илова қилмоқдаман.************************
Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Қордан ёришади руҳим даласи
(Халқимизнинг севимли шоирларидан бири Одил Икромга)
Оҳиста ўчириб қора рангни қиш,
Бўяйди кимсасиз зулматни оққа.
Халойиқ ухлайди беғам, беташвиш,
Қарайман қорлардан оқарган ёққа.Қорли тун, мисоли ибтидоий ғор,
Кўчада дарбадар шамол хуштаги.
Ҳамон ўша ўша, ўзгармапти қор,
Ой ёритган дала каби тушдаги.Учади гоҳ сўлга, гоҳида ўнга,
Оппоқ чивинларнинг телба галаси.
Термуламан қорли кимсасиз йўлга,
Қордан ёришади руҳим даласи.
05/07/2022.
Кундуз соат 12:02.
Канада, Онтарио.
Qordan yorishadi ruhim dalasi
(Xalqimizning sevimli shoirlaridan biri Odil Ikromga)
Ohista o‘chirib qora rangni qish,
Bo‘yaydi kimsasiz zulmatni oqqa.
Xaloyiq uxlaydi beg‘am, betashvish,
Qarayman qorlardan oqargan yoqqa.Qorli tun, misoli ibtidoiy g‘or,
Ko‘chada darbadar shamol xushtagi.
Hamon o‘sha o‘sha, o‘zgarmapti qor,
Oy yoritgan dala kabi tushdagi.Uchadi goh so‘lga, gohida o‘nga,
Oppoq chivinlarning telba galasi.
Termulaman qorli kimsasiz yo‘lga,
Qordan yorishadi ruhim dalasi.
05/07/2022.
Kunduz soat 12:02.
Kanada, Ontario.
Одил Икром
Шеърлар
ҲОТИРА
Хайр, агар сизни бошқа кўрмасам,
Сўнг бор қўлингизни қўлимга қўйинг.
Ўлсам, гуноҳимдан кечинг, ўлмасам,
Ўша гуноҳимни бўйнимга қўйинг.Агар кўмган бўлсам сизни озорга,
Кўз ёшингиз янглиғ кетай тўкилиб.
Ўлсам, кўмилишим тайин мозорга,
Ўлмасам, хаёлга ётай кўмилиб.Жавоб тополмадим битта жумбоққа…
Мени ўшал битта нодонга йўйинг.
Ўлсам, қўйинг, майли, қора тупроққа,
Ўлмасам, мени ўз ҳолимга қўйинг…
ХИЁНАТ
Судралар тинкангни толиқтириб тун…
Лаънат муҳри янглиғ безраяди ой.
Офтоб кўлкасидай узанган узун
Кечаларни қаро зулфи – сумансой.Ўт кетди хаёлнинг харобатига,
Бу дўзах ўтига энди не чора?
Нотавон вужуднинг касофатига
Кўнгил қолиб кетди, кўнгил — бечора.Зор йиғлаб-сиқтаган руҳлар ортидан
Судралар тинкангни толиқтириб тун.
Гиёҳванд қутқулар гирдибодида
Гуноҳингни гизлар халоскор очун.Томирингни тирнар ўрмалаган хун,
Ўлакса самода ой кезар хунхор.
Судралар тинкангни толиқтириб тун, –
Думига сочларинг бойланган тулпор.
ОРЗУ
Кўнглинг ҳамон Одамда, ўзинг ҳалигача Ҳаводадирсан.
Ахир, ҳали ҳеч кимга кўзи очилмаган дарбозадирсан.Кўнглинг ҳамон бузилар, ўзинг ўзинг каби топ-тозадирсан.
Ахир, етти иқлимга сўзи сочилмаган овозадирсан.Кўнглинг ҳамон ердадир, маъюс, ҳамон ўзинг самодадирсан.
Ахир, бошим устида ҳануз ўқилмаган жанозадирсан.
МУСОФИР
Гапларимиз бўлмайди адо,
Ҳар гал олсанг ҳолимдан хабар.
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.Инсон қадр-қиммати бир пул,
Ишонмасанг бир пулдир бари.
Сен кетасан, дунёдан буткул
Аразлаган одам сингари.Юрагимни нотайин бир ҳис
Ғижимлайди ҳар кун, ҳар кеча.
Сен кетасан кўнгилдан олис,
Кузатаман остонагача.Ёмғир баланд томлардан ўтар,
Тепкиланган ерлар бўлар лой.
Ўчар, қаттиқ шамолда ўчар,
Тошфанордай милтиллаган ой.Оч йиртқичдай исковуч шамол
Ахтаради ўлжа ҳидини.
Яхши одам кўчага алҳол,
Қўйвормасди, ҳатто, итини.Мен қизийман, фақат уятдан,
Дош бермади ғамга суягим.
Совуқ ўтар суяк-суякдан,
Совимоқда сендан юрагим.Шамол ҳамон бузуқ най чалиб
Чийиллайди, тинмади ёмғир.
Ўз уйингга етолдингми деб
Ўй сураман оғирдан-оғир.Хавотирим бўлмайди адо,
Ололмасман ҳолингдан хабар:
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.
САФАР ОЙИ
Тўнғиган таппаклар ёнар осуда,
Қумғон қайнаб-қайнаб бўлади ярим.
Тандирнинг олдида, ўчоқ бошида
Тутатқига дўнди менинг шеърларим.Қайғулар ёлғондир, қувончлар ёлғон, –
Одам тушунмаса одамнинг тилин.
Ахир, йиғлаганни кулдириш осон,
Ахир, кулганларни йиғлатиш қийин.Кулмасман, мен йиғлаб билмасман зеро,
Нозик наволар ҳам сиғмайди дилга.
Наҳотки, юракка сиғмаган дунё,
Чўкиб кетса саёз, кўлмак ақлга.Қумғон қайнаб-қайнаб дардини ютар,
Бироқ, тугамайди андуҳ сойлари.
Билмасман, олдинда мени не кутар,
Ортимда кўринар сафар ойлари…
***
Қанақа замон бу?.. Ёлғондир бари,
Руҳлар нотинч бўлса, гўр қалтирайди.
Юрак алғов-далғов, дунё тескари,
Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.Қанақа замон бу? Кўнгиллар тўлмас,
Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.
ХАЁЛ
Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.Қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган қўнғир ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг тўлар, кўзларинг.Васлни тушунмас норасида ишқ,
Айрилиқ нелигин билмайди фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади, бироқ.Дилимда садоқат шамлари сўнди,
Ўт кетди эҳтирос қафасларига.
Ўчмаган оловдай кетарман шўнғиб
Қўнғир сочларингга, нафасларингга…Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.
ЮРАК ЎFИРИ
Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.Тор дилга сиғмагай гуноҳи азим,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Умидлар хайлидан айро сийратинг
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.Ютоққан ваҳмнинг харобатида
Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.Ахир, адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб терлади кўзинг.Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча, ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча, беғубор кўз ёшинг – улуғ.
***
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Юрагинг – ҳали мард кўрмаган майдон.
Осмонга боқамиз хавотирланиб,
Биз бош қўйган ёстиқ янглиғ ой сарсон.Дарёлар қошидан қайтамиз сувсаб,
Булутлар ортига қўрқиб қарайди.
Ақлим қочди, кўнгил ортидан қувсам,
Ақл ошиб кетса, меҳр камайди.Биз учдик осмонннг ёлғонларига,
Жаҳолат аршидан тушмадик, бироқ.
Осилдик айрилиқ арқонларига,
Ерда эса, фақат, иблислар – иноқ.Пайтавалар тожга дўнди самода,
Ерда торож бўлди тоза ҳаволар.
Орамизга тушиб қолди балога,
Киприк қоқмай қараб турган балолар.Алдайди қисматнинг асотирлари,
Тўзонга дош бермай қайтар тавбалар.
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Ёмғир савалайди, тинмай савалар.
АБДУЛҚОДИР ГИЛОНИЙ ЗИКРИ
Бир кеча Ҳазрати Рисолатпаноҳ
Тушларида аён бўлмиш бир тилсим.
Тўққиз чироқ ёғду таратиб ногоҳ,
Бир чироқ нурига сингиб кетмиш жим…Маҳбублар ёритар дорилбақони,
Кўнгил аҳлига хос бу жалолу жоҳ.
Қиёмат кунида маҳмуд мақоми
Мажзублар руҳига бўлгай қароргоҳ.Риёзат ўтида ёниб кетгай нафс,
Кўнганда шайтоннинг васвасасига.
Оллоҳ даргоҳига етиб борди арз,
Ошиқлик, маъшуқлик мартабасида.Меърож туни етти қават кўкдан сўнг
Арш ёвуқ келганда теппаларида,
Султон-ул анбиё оёқларининг
Изи қолди Ҳазрат елкаларида.Эранларга шайтон сиёғи аён,
Йўлдан оздиргайдир хосу авомни.
Fавсул Аъзам дерлар, ўшадир шайтон,
Ҳалол қилдим деса барча ҳаромни.Ҳар куни ибодат фарзини Ҳазрат
Бир оёқда адо этгач бесабр,
Нидо келди: «Айтгил, қадамим абад
Барча авлиёлар гарданигадир…”Истакдан мосуво иймон пирлари,
Оғиб кетолмагай ризо, ваҳмига.
Шукр эшигидай, олам сирлари
Очилгайдир, фақат, кўнгил аҳлига.Дунёвий ишқ аҳли нафс балосига
Чора тополмади минг йил йўл босиб.
Юрак қавмидай дард ақрабосига
Таслим мартабаси бўлди муносибЁ ориф айлаган ё телба қилган,
Фано мақомига элтувчи роҳлар.
Дунёнинг ишига машғуллик билан
Дунёдан фориғдир валиюллоҳлар.Ҳеч қачон сиғмагай воҳидлик завқи,
Вужуднинг омонат кошонасига.
«Илондай пўст ташлаб»* худонинг халқи
Бош қўяр қурбининг остонасига.Очса мушоҳада осмони бағир,
Машаққат, қийноқлар роҳат бағишлар.
Ўзидан Оллоҳни сўрамас тақир,
Оллоҳдан ўзини сўрар дарвишлар.Рамазон ойида руҳоний гўдак
Саҳардан шомгача эммас онасин.
Оллоҳнинг чинакам ошиқларига
Шоёндир фақирлик хилватхонаси.Тазарру қўлида жон берган гуноҳ
Бошин эгиб турар тирик тавбамга.
Дунёдаги барча хос валиюллоҳ
Иқтидо қилмоқда Fавсул Аъзамга…
________________
*-Боязид Бистомий ҳоли.
* * *
Оёғимдан ғам чалар эди,
Болаликда йиқилсам ҳар дам.
Мени ердан кўтарар эди.
Онагинам, бечора онам.Энди эса… Энди одамлар,
Йиқилсам ҳам парво қилмайди.
Энди эса… Энди у дамлар
Ёдимдан ҳеч кўтарилмайди.Оёғимдан чалиб кетса ғам,
Кўтармагил, кўнглимни овут.
Мен биламан, энди йиқилсам
Мени ердан кўтарар тобут.ТОМОШАБИНЛАР
Ёлғонни ёлғону ростни рост демас,
На ҳақдир, на ҳакам, томошабинлар.
Шариат йўлида енги ҳўл эмас,
Аммо, этаги нам, томошабинлар.Пастқам деворлардан бўй чўзар мамнун,
Жангларда боши хам, томошабинлар.
Кечагина ўзи ўйнатган маймун,
Бугун атрофда жам, томошабинлар.Гоҳ белда зуннор, гоҳ бошда салласи,
Динига номаҳрам, томошабинлар.
Бузуқ тарозининг оғир палласи
Бўлиб келган ҳар дам, томошабинлар.Дил мулкида шоҳлик даъвосин қилар,
Ўз нафсига қарам, томошабинлар.
«Чўпонга дўст бўлиб, бўрилар билан
Қўйни кўргай баҳам», томошабинлар.Баъзан, беғам, баъзан, ташвишдадир у,
Кўргани ҳали кам, томошабинлар.
На шайтондир ва на фариштадир у,
Мену сиздай одам, томошабинлар.На дўстга дўст ва на ёрдир ёрига,
Қочади келса ғам, томошабинлар.
Қўрқаман, бир куни, ўз қаторига
Қўшади мени ҳам, томошабинлар!
ЭЛЛИГИНЧИ ҚИШ
Эллик йил яшадим, баъзан, озурда,
Баъзан, дабдабаю дағдаға қилиб.
Гоҳ жимжитлик, гоҳо ғала-ғовурда
Эллик йил яшадим қанақа қилиб?!..Эллик йил яшадим, пинҳону ошкор
Умримнинг борига барака қилиб.
Гоҳида, беминнат садақага зор,
Гоҳида, жонимни садақа қилиб.Эллик йил яшадим, беғам, серташвиш,
Гоҳ катта, гоҳ кичик маърака қилиб…
Остонамда турар эллигинчи қиш,
Элликта баҳорни калака қилиб…
ҚИРҚ САТР
«Қирқ йил ётган эски бўзадай
Қуйқа тўлиб кетган тўнг дилни
Кимга тўкай, кимга бўшатай,
Қирққа тўлган бўм-бўш кўнгилни?..Кифтимдаги тоғдай оғир тан,
Гар қутилсам бу замбил лошдан, –
Менга ишон, бир кун юзингдан
Тўкиламан қирқ томчи ёшдай.Тўкилади толғин томчилар,
Кўзларингда қотган дард надир?
Юрагингда ётар қовжираб,
Ҳали ҳеч ким етмаган қадр.Керак бўлса агар, тўлишган
Ойни сенга айлайман тақдим.
Аммо, сени бир бор кўришга
Букун қирқ йил етмади вақтим.Нега жимсан, айт, нега жимсан?..
Адоғи йўқ ҳижрон – эрмагинг.
Сен қирқ йиллик хавотиримсан,
Хабар олдинг, хабар бермадинг.Тентирайман сархуш, майзада…
Бир кун бутун кучимни йиғиб, —
Ерни ёриб чиққан майсадай
Бу ботқоқдан кетарман чиқиб.Яшаяпман, о, Худо ҳаққи,
Ўлишга бир фурсат топмадим.
Ўлган бўлсам, ўзимни балки,
Кўмишга бир турбат топмадим.Кўп яшадим, топганим камроқ,
Билолмадим, надир севинч, ғам.
Бу йўлларда топмадим ҳамроҳ,
Адашганлар орасидан ҳам.Хаёлимни обқочар бир нур,
Бир нур дилни буткул чирмади.
То қирқинчи осмонга довур
Жоним чиқди, ақлим кирмади.Мен ҳаётдан қирқ йил кечикдим.
Оғритмайман бу эркак бошни…»-
Деб ўзимни оқлайман ўзим,
Қоралайман бугун қирқ ёшни.
* * *
Ухла энди… Бу кунлар ўтар,
Сен кўнглингга боққин умидвор.
Ахир, тинди, толиқди ўжар,
Куни-кеча ёғаётган қор.Кўзларингда қарғайди мени,
Оташпараст қувонч билан ғам.
Ахир, қандоқ овутай сени,
Қарзинг кўпдир, маош эса кам.Сен мен билан қолсанг ҳам бекас,
Тупурмайсан менинг бетимга.
Итваччалар итга кун бермас,
Етимчалар эса етимга.Қийнаб қўйди юрагим мани,
Англамадим уни рости гап.
Неки фасод – юксакда ҳали,
Неки ҳалол – оёқ остида.Озорларнинг тагида ҳануз
Кўмилмаган армонларинг бор…
Ўқиб-ўқиб нима бўлдик биз,
Ёғиб-ёғиб нима бўлди қор.
* * *
Кўзларинг чўғига беролмасман дош,
Зорим етар, аммо, етмайди зўрим.
Агар одам бўлсам, қоларман бебош,
Агар ошиқ бўлсам, қурийди шўрим.Кўзларинг чўғидан ёришар ғулув,
Кўзингда акс этар ёришган само.
Номаҳрам ўт билан ўйнашади сув,
Тирик тупроқ билан олишар ҳаво.Кўзларинг чўғида елпинади тонг,
Олачипор тунлар судралар базўр.
Шундай ярақлайди тандан чиқса жон,
Шундай чарақлайди нурга тўлса гўр.
СЎНГСИЗ ШЕЪР
Асқар МАҲКАМ хотирасига
Ишқ элин кўксини чавақлаганлар
Хос қулман деб тинмай валақламоқда.
Ажал шамширидай ярақлаганлар
Букун «Аналҳақ»(1)ни варақламоқда.Гўнг титар бир тўда чумчуқ бетоқат,
Ололмай «қарчиғай бошидан тож»ни.(2)
Кўзгуда ўз аксин топмаган ноҳақ
Густоҳликда айблар Мансур Халложни.Fурбатда ҳар доим ўзни йўқотиб,
Зулматда бир-бирин топди гумроҳлар.
Азал ёрман деган морлардан қочиб,
Бу дунёдан кетган валиюллоҳлар.Ўтди бедилнафас, безовта армон,
Дарднинг маҳрамига айланган маъшуқ.
Хоксор дил қавмига дўст бўлган қачон,
Оловдан яралган мавжудот, махлуқ?..Ўзи қочган дорга Дукчи Эшонни
Осганда девона бўлган девонлар.
Дарвишдан қизғанди бир бурда нонни,
Эшонлик даъвосин қилган бешонлар.Марҳум сўз ҳаққига очмоқда аза,
Мотам либосини кийган хоинлар.
Шеърият мулкида қиёматгача
Гўрида тик тургай энди шоирлар…
2007
________________
1-Асқар Маҳкамнинг тириклигида чоп этилган сўнгги китоби.
2-Муҳаммад Иқбол ибораси.
«Нурзамон» сайтидан олинди.