Асқар Махкам
ВАҲДАТ КУЙИ
Мавлоно келдилар менинг қирқимга,
Юлдузлар ўрнида ҳурларни кўрдим…
Қайрилиб боқмайман энди ҳеч кимга
девона, афсона, ҳайрона бўлдим…
Ой ютди доғини,
шафақ қонини
осмонни алишдим Аршу Курсига.
Англадим Худонинг оломонини,
юз бурдим Худонинг ёлғиз ўзига…
Нур билан чулғанди пойимда тупроқ,
бир коса шаробга айланди ғамлар.
Майсалар одамга ўхшарди кўпроқ,
одамга ўхшамас эди одамлар…
Ҳатто адл тераклар туюлар эгри,
ўзимга айландим ўзимдан кечиб.
Мен фақат най чалиб ўтарман энди
тишимни синдириб тилимни кесиб…
Малаклар бол қоқар қайрилсам қайга,
димоғимга келар бир бўй муаттар.
Қўлларим ушлаган фаришталарга
қўшилиб кетибман маҳшарга қадар…
Қамишзор оралаб юрибман куйлаб
пойига йиқилинг дея Машриқнинг
Тариқат дарёсин соҳили бўйлаб
тутингиз Юнусни ютган балиқни…
Эй бир тош кўйида тентираган қавм,
Каъба бу ердадир шошилинг, келинг!
Бошингиз, тилингиз кесилганда ҳам
Аналҳақ, Аналҳақ пичирлайверинг…
Чиллада чеҳралар бўлганда гулранг,
жон дариғ тутмангиз жононалардан.
Мансурни охират даштидан истанг,
Мансурни қидирманг чойхоналардан.
Аттордек кепакка дунёни сотинг,
отлиққа асқатар бу саҳройи ғам
Йиқилиб, туртиниб югураверинг,
саргардон чарх синиб тўкилганда ҳам…
Дарёлар тин олди, шамоллар-да жим,
Шерозда сополга шеър битар Ҳофиз
Қаламни гулханга қалаб исиндим,
най чалдим қамишзор оралаб ёлғиз
Сарҳаду садлар йўқ… Балиқ йўқолди,
сипоҳлар едими бояқишларни.
Дарахтлар ансордек бағрига олди
Маккани тарк этган бир тўп қушларни.
Кубро йўқ… Ногаҳон таралди нола,
хуруж қилди шаҳид валийлар тирик.
Балхда том бошида тик турар бола
кўкка олиб кетар зангор малоик…
Улуслар, элатлар тобора ириб,
тобора иблисроқ бўлган чоғида,
минг-минг муқаддаслар ётди яшриниб
муқаддас Машриқнинг зарра хокида…
Қамишлар симирар най садосини,
дарёда чайқалар мовий ҳасратлар.
Қучоқлаб Мусонинг чўнг асосини,
кўрларни етаклаб борар ҳазратлар…
Най йиғлар ҳеч кимни уйғота олмай,
жон борки тортар ўз аравасини.
Ўғрилар бозорга солар тап тортмай,
Машриқнинг энг сўнгги пайтавасини…
Мавлоно келдилар…
Мен гумроҳ эдим,
гумроҳроқ эдилар ёнимдагилар…
Дедилар — «Мен сизни ахтариб келдим
дарёга тушинг, эй соҳилдагилар…
Унутманг, не ҳолдир тупроқ тагида
ҳеч кимса қайтгани йўқ бу манзилдан…»
Қамишзор шовиллар қон оҳангида,
мусиқа вужудни боғлар жон билан…
Чекининг йўқликка шайтоний ғулув,
ой куяр тобланиб турган кўрадай…
Дунёда бир куй бор – Ваҳдат куйи бу…
Дунёда бир соз бор – бу илоҳий най…