Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Ҳайрат
Кулганда, тишинг аръар дурдонамикин дебман,
Мастона кўзинг ҳай -ҳай майхонамикин дебман.
Кулбамда ўзим ёлғиз қолганда ғариб кўнглим,
Ойдинда оқарган бир вайронамикин дебман.
Ҳар боқиши бир жоду, мастона кўзинг, дилбар,
Вахдат майи лиқ тўлган паймонамикин дебман.
Нур, шуъла сочиб ёлғиз боғларни ёритган ой,
Ёр, хусну жамолинга ҳайронамикин дебман.
Лабларми ваё ғунча, боғларда очилган гул,
Лаб устидаги холинг седонамикин дебман.
Кунларни улаб тунга, интилса хаёл сенга,
Ул шами жамолинга парвонамикин дебман.
Кўзгу каби хуснингда акс этса қиёфам гоҳ,
Вулқонми ваё далли девонамикин дебман.
13/01/2023.
Кундуз соат 1:45.
Канада, Онтерио.
Боғ ичра
(Фарид Усмон ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Орзуси абад армон бир манму ва ё сенсан,
Саҳрода кезар карвон бир манму ва ё сенсан,
Дард чекса қахат дармон бир манму ва ё сенсан,
Боғ ичра этар сайрон бир манму ва ё сенсан,
Боғ ичра кезар ҳайрон бир манму ва ё сенсан.
Васлингни тилар кўнгил, ёз, фасли баҳор, кузсиз,
Ҳар сония, ҳар соат, ҳажрингда ўтар изсиз,
Чарх урди шамол кезган боғларда хазон бизсиз,
Ҳар ёнга боқиб муштоқ, ҳар лаҳза соғинч ҳисси,
Кўксида урар туғён бир манму ва ё сенсан.
Сен балки малаксиймо, лой, жисми сополмассан,
Йўлларга боқиб илхақ, дарчангни ёполмассан,
Жайронсану, ай кўнглим дашт узра чополмассан,
Очмоққа юрак дардин бир кимса тополмасдан
Пинҳона кўзи гирён бир манму ва ё сенсан.
Осуда сукунатда ой кезса фалак бўйлаб,
Ёнимдан ўтар бўлса жим субҳи сабо, ўйнаб,
Дардимни ғазалларда ошкора этай сўйлаб,
Бошимда қуюн ўйнар, қолдинг нимани ўйлаб,
Бу кеча дили вайрон бир манму ва ё сенсан.
Кўрганда қолиб тилдан девона дари девор,
Бош ургали тошлардан айт менга бўлак не бор?
Ишқ дардига дармоним, васлингни тилаб бемор,
Ҳар тунни улаб тонгга боғ ичра кезиб бедор,
Булбул каби кўп сўзон бир манму ва ё сенсан.
Боғинга кирар бўлсам, қўймайди итинг қопмай,
Йўқ чора қутилмоққа жахд бирла елиб, чопмай,
Кутсангда боқиб йўлга, ойдинда эшик ёпмай,
Сўз кетса муҳаббатдан кутмоққа илож топмай,
Сўзловчи Фарид бийрон бир манму ва ё сенсан.
21/01/2023.
Кеч соат 8:35.
Канада, Онтерио.
Баҳору боғини тарк айлаган қуш
(Фарид Усмон ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Муҳаббатсиз кўнгил мотамсаромиш,
Ки ошиқлар дили ишқдин яромиш,
Фироқ дуди ила осмон қаромиш,
Баҳор фаслига боғ очгандай оғуш,
Кутиб кўнглим сени боғдек фаромуш.
Ҳажр саҳросида қумлар, қуюнлар,
Чиқар оҳу фиғонимдин тутунлар,
Сенингсиз ўтди қанча ою кунлар,
Кўрарман туш гўзал сен ҳақда тунлар,
Баҳор ҳақида боғ кўрган каби туш.
Мени ғарқ айлаган дарёми, ё соч?
Муҳаббатдир менинг бошимдаги тож,
Дилим мулкин фироқинг этди торож,
Баҳорим кел, келиб кўнглимда гул оч,
Фақат сенда, фақат сенда ақл ҳуш.
Сени ўйлаб, кезиб, фасли хазонда,
Ёнар чўғдек гўзал исминг забонда,
Соғиндим ёр, маконинг қай томонда?
Фарид тарк айламас, борми жаҳонда –
Баҳору боғини тарк айлаган қуш.
06/12/2022.
Кундуз соат 1:45.
Канада, Онтерио.
Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим
Эй Ватан номли чинор, шохингда бир япроғ эдим,
Ҳамма оқил, ҳамма доно, битта мен ахмоқ эдим эдим.
Мустабидлар дастидан вақтинча тарк этдим сени,
Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим.
Дарчадан термулса ой йўқлаб қадрдонлар каби,
Кимсасиз ойдинда тунлар то саҳар уйғоқ эдим.
Кунботарда оҳ чекиб, учганда соҳил қушлари,
Кўкка тўлқин сапчиган тош қояли қирғоқ эдим.
Топтадинг, тешди оёғингни тиконлар, эй ғаним,
Чунки мен пойингда ўсган гул эмас, янтоқ эдим.
Йиғламанг асло мозорим устида, ўлсам агар,
Қўйдилар тупроққа жисмим, мен ахир тупроқ эдим.
07/11/2016.
Кундуз соат 1 дан 47 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.
ВАТАН
(Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевга бағишланади)
Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.
Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.
Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.
Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.
Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.
Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!
2004 йил, Маслахат қишлоғи.
Шавкат Раҳмон ҳотирасига
«Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди.»
Шавкат Раҳмон.
————————
Хато қилғай деса кимки вабо ўлдирди шоирни,
Деманг тилло кумуш оҳанрабо ўлдирди шоирни.
Лабинда ғунчадек нозик табассум, қўйнида ҳанжар,
Бахил, қалби қаро «дўст — ақрабо» ўлдирди шоирни.
Яёв ёлғиз кезаркан бир ўзи ойдин чаманларда,
Саҳар ғир -ғир эсиб ўтган сабо ўлдирди шоирни.
Муҳаббат дардига топмай даво, шеър ёзди у бедор,
Кийиб гулгун қабо нозик адо ўлдирди шоирни.
Келиб кўклам, чақин чақнаб, чопиб ёмғир аро шодон,
Шалоббо кўйлаги бир дилрабо ўлдирди шоирни.
Хазонлар рақсига термултириб бўм — бўш хиёбонлар,
Самода турналар айтган видо ўлдирди шоирни.
Ялонғоч дов дарахтлар беркиниб сокин туманларга,
Хазонли боғдаги шарму ҳаё ўлдирди шоирни.
Назм бўстонига келтирди соф муздек ҳаволарким,
Бу не қисмат, қаранг, охир ҳаво ўлдирди шоирни.
05/08/2015 йил.
Кечки соат 6 дан 36 дақиқа ўтди.
Канада. Онтерио.
Фарид Усмонга
Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,
Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.
Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,
Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.
Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,
Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.
Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,
Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.
Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,
Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.
16/06/2016.
Кеч соат 8:02.
Канада. Онтерио.
Аё соқий
(Ҳофиз Шерозий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Юзин кўргим келур ҳар он, бу ҳижрон лаҳзаси йиллар,
Фироқ саҳросида қийнаб, кўзимга тортадир миллар,
Азобим юкласам ногох, чидолмай чинқирар филлар,
Аё соқий суниб жоминг қил эҳсон, яшнасин диллар,
Кўрунди аввал ишқ осону сўнгра тушди мушкуллар.
Вужудим риштасиига тим қаро соч толасии бандким,
Лабиининг болидин шармандадир новвот ила қандким,
Жунун саҳросида чеккан азобим Қайс учун пандким,
Сабо ечмоқчи бўлган соочининг хушбўйига онтким,
Муанбар халқа — халқа соочидин қон бўлди бу диллар.
Муҳаббат розинии дилбар келиб сирри ниҳон айтса,
Қулоғимга пичирлаб, жилмайиб ширин сухон айтса,
Ғаним кўз ёшига чўккай чекиб оху фиғон, айтса,
Ботир сажжодании майга агар пири муғон айтса,
Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.
Санам мужгонидан пайкон келиб санчилса гар бир дам,
Жигар садпоралар бўлғай беролмас ҳеч киши ёрдам,
Магар ҳозиқ табибим ёр, тирилгай сўзласа мурдам,
Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
Қилуркан қўнғироқ фарёод, боғланг юкни ғофиллар.
Аё эй дил тилаб васлин ютарсан қон ила зардоб,
Қўяр жонинга ўт дилбар кийиб қирмиз қабо зарбоб,
Бу йўлга кирма деб огоҳ этибдур ишқ элин арбоб,
Қоронғудир кеча қўрқинчли мавж, дахшатлидир гирдоб,
На билғай ҳолимизни четда турган юуки енгиллар.
Фалакнинг чархи каж , ундан мурувват кутма, эй Ҳофиз,
Заминнии титратиб Вулқон каби қон ютма, эй Ҳофиз
Кезиб саҳро биёбонлар аро йўл тутма, эй Ҳофиз,
Агар васл истасанг ундан узоққа кетма, эй Ҳофиз,
Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.
23 май, 2010 йил.
Тунги соат 12 дан 45 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.
Мен диёру ёрисиз
( Пири устодимиз ҳазрати Амир Алишер Навоий ғазалига муҳаммас )
Масжидим майхона ҳар дам кўзлари ҳуммоорсиз.
Мисли рохиб тоғу тош бағрийда ёлғиз, ғоорсиз,
Кимсасиз саҳрода қолдим кулбаю девоорсиз,
Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёорсиз,
Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзоорсиз.
Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз?
Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз.
Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз,
Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсоорсиз.
Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман,
Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман,
Интизор, васлингни излаб на тирик на мурдаман,
Тонг эмасдур, гар диёру ёоорисиз озурдаман,
Ким эмас булбул, гулу гулзоорсиз, озоорсиз.
Чўғ каби алвон лабингдин сачрагай қонимға ўт,
Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт,
Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимга ўт,
Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,
Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдоорсиз.
Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча,
Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча,
Жилмайиб сиймин боғичлардин майин сочинг еча,
Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадах зунноорсиз.
Бу умр из тушмаган қорли, салобатли довон,
Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон,
Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон,
Топмадуқ гул ранги жоми бехумор эй бооғбон,
Вахки бу гулшан аро гул бутмас эрмуш хоорсиз.
Бу кеча ой нуридан бўлмиш чароғон соғу сўл,
Навбаҳор оқшоми сокин, яшнагай саҳрою чўл,
Қақраган даштлар аро Вулқон ҳаёт дарёси бўл,
Аҳли зухд ичра Навоий топмади мақсадға йўл,
Вақтингизни хуш тутинг эй жаъмиким хуммоорсиз.
9 март, 2009 йил.
Кундуз соат 4:45.
Торонто шаҳри.
Сулаймон Фузулий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси
Кўзда ёш ўлсайди ёшим шашқатор этмасмидим?
Термулиб йўлларга ўзни интизор этмасмидим?
Оҳ чекиб, ишқингда ўлсам, ифтихор этмасмидим?
Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмасмидим?
Ихтиёр ўлсайди, роҳат ихтиёр этмасмидим?
Сайрамас эрдимми чах чах боғ аро булбул каби,
Оҳ чекиб ишқингда, эй мангу муҳаббат кавкаби?
Доғи ҳижронинг ила бағримни ўрташ матлабинг,
Лаҳза-лаҳза суратин кўрсайдим ул ширин лабинг,
Сан киби, эй Бесутун, ман ҳам қарор этмасмидим?
Жилмайиб жоним оларсан, қилмишинг озоордир,
Бўлмасанг ёнимда ой, кулбам қоронғу ғоордир,
Бепоён бу коинот, олам кўзимга тоордир,
Дардими оламда пинҳон тутдиғим ночоордур,
Учрсайдим, бир табибга ошкор этмасмидим?
Бир нафас ёр бирла бўлмак мумкин ўлсайди манга,
Сайр этиб гоҳ бирга юрмак мумкин ўлсайди манга,
Айламоқ кўз ёшни кўлмак мумкин ўлсайди манга,
Ул гули хандони кўрмак мумкин ўлсайди манга,
Сантак, эй булбул, гулистона гузор этмасмидим?
Қум қуюнлар тўзғиган саҳрога дўнмиш кўнглими,
Шамчироқ янглиғ шамол шаштийда сўнмиш кўнглими,
Дарбадар Мажнунсифат бўлмоққа кўнмиш кўнглими,
Эй Фузулий, доғи ҳижрон ила ёнмиш кўнглими,
Лолазор очсайди, сайри лолазор этмасмидим?
13/03/2023.
Тунги соат 8:10.
Канада, Онтарио.
Яхшилиғ
( Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси )
Кутма ўзни фил атаб юрган қуёндин яхшилиғ,
Кўрмамиш олам эли, касби зиёндин яхшилиғ,
Етмағай инсонга ҳеч қурту чаёндин яхшилиғ,
Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Аҳли диллар ўртанур зулматда ҳар он, ҳар дақиқ,
Жилмаяр пойгакда дониш, заъфарон, рўйи ақиқ,
Бошига тушганда кулфат бўлмади даврон шафиқ,
Бу замонни наафъий қилсам, аайб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз нетойин, бу замондан яхшилиғ.
Кимсасиз ойдин сукунат тўлди махзун кўнглима,
Гоҳи бургут қоя ошён бўлди махзун кўнглима,
Бепоён, дарвеш шамоллар елди махзун кўнглима,
Дилраболардин ёмонлиғ келди махзун кўнглима,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Яхшиларга чох қазиб гоҳ отмагил тўфангу тўп,
Сен аларнинг гарди пойин кўзга сурт, ардоқла, ўп,
Телба, довдир кимсалардек чопмагин қўлларда чўп,
Эй кўнгил, чун яхшидин кўрдинг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмак не маъни ҳар ёмондин яхшилиғ.
Ғам ема қўзғолса бошинг устида тўфони Нўҳ,
Ўксима гардун йўлинга гул эмас, сочганда чўғ,
Жилмайиб бошинг баланд тут, отсалар кўксинга ўқ,
Бори элға яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар, даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Порласин кўксингда, Вулқон, ботининг зохир каби,
Бодаи раҳматни дилда сақлағил чоғир каби,
Наъра тортсанг титрагай ер гоҳ замон охир каби,
Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур каби,
Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ.
22 май, 2010 йил.
Кундуз соат 5 дан 43 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.