Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси
Маъюс чироқларнинг олмос чамани
(Шеърлар ва таржималар)
Ушбу шеърий китобимни меҳрибон онам Муҳтарамхон Мирзажалол қизи ва менинг иккинчи онам Эзозхон Кенжаеваларнинг порлоқ ҳотираларига бағишлайман. Мазкур китобни яхши нийят билан ўқиганларни Худо муроду мақсадларига етказсин.
(Холдор Вулқон)
Йиллар учиб ўтди бамисоли ўқ,
Ғурбатда оқарди соч -соқол, муртим.
Мен сени бир зум ҳам унутганим йўқ,
Мени ҳам унутиб юборма, Юртим!
Х.В.
Холдор Вулқон 1959 йили Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида туғилган. Тошкент Миллий Университетини тамомлаган.У 1975 йилдан буён бадиий ижод билан шуғилланади. Шу кунгача у рус ва ўзбек тилларида тўртта шеърий тўплам, қатор ҳикоялар, бешта повесть ва иккита роман ёзган. Шунингдек Холдор Вулқон кўплаб япон шоирларининг шеърларини ўзбек тилиган таржима қилган. 1999 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Тақдир тақозоси билан Канадада яшайди. Мукофот ва унвонлари йўқ.
Пичан ўраётган одам
Тўрғайлар чийиллаб чалади хуштак,
Қирда ўт ўраман, қўлимда чалғи.
Кайфиятим аъло, енгилман қушдек,
Шамол дайдиб юрар бир ўзи ёлғиз.
Узоқда қораяр кулба, капалар,
Гуллабди ўт -ўлан ичида тикан.
Ғамгин учиб юрган оппоқ капалак,
Марҳума онамнинг арвохимикан?
12/07/2022.
Кундуз соат 2:47.
Канада, Онтерио.
Тонги сукунат
Топталган баҳайбат само гулҳани,
Милтиллайди юлдуз чўғлари ҳамон.
Ўз нурига ўзи хорғин чулғаниб,
Ой сузар оҳиста мағрибга томон.
Ғира шира зулмат, тонг саҳар пайти,
Осуда жимликка тутаман қулоқ.
Буғдойзор томонда қайта ва қайта,
Бедана хотинин қўяр қумталоқ.
15/02/2020. Канада, Онтерио.
Кўклам чақинлари
(Истеъдодли шоир Жонтемирга)
Боғларга очилган дарчалар роми,
Сукунатга чўмган ўтлоғу дала.
Шивирлар баҳорнинг ёмғирли шоми,
Оҳиста, ҳеч кимга бермасдан ҳалал.
Ёмғирли зулматда узоқ яқинлар,
Хаёлга ботгандай чароғон кунсиз,
Чақнайди олисда ғамгин чақинлар,
Осмон билан ерни пайвандлаб унсиз.
16/03/2020.
Эрта билан соат 8:43.
Канада, Онтарио.
Нийят
Зулматда чирилдоқ чириллаган он,
Одам бўлиб, элнинг корига яраб,
Яғир дўппинг кийиб, елкангда кетмон,
Далаларда юрсанг ёлғиз, сув тараб.
Юлдуз инсон кўзи илғамас жойга,
Найзадай саросар учса овозсиз.
Соатлаб термулсанг порлаган ойга,
Оддий сувчи бўлсанг, бўлсанг саводсиз.
Шийпон тамондаги сўрида ётсанг,
Ғир — ғир эсаверса тунги шабада.
Уйғонсанг тўрғайлар чулдираётган,
Ўз она юртингда, тонги далада.
7-август, 2010 йил.
Тунги соат 1:56.
Торонто шаҳри, Канада.
Ғозлар галасининг бўм -бўш челаги
Ёмғирдан кейинги мусаффо ҳаво,
Дов — дарахт ўй сурар, кўлмакка боқиб.
Дарчалардан йўлга термулар авом,
Хаёл деган чексиз дарёда оқиб.
Қушлар чуғурлайди, булут тарқалар,
Яшнади қақраган ховузнинг лаби.
Мажнунтол шамолда маҳзун чайқалар,
Унсиз йиғлаётган паризод каби.
Кўлмаклар кўзгуси ётар бир ёнда,
Мармардай ялтирар боғлар йўлаги.
Ғийт — ғийт этар кузги ғамгин осмонда,
Ғозлар галасининг бўм — бўш челаги.
9 июл, 2011 йил.
Тунги соат 2:36.
Торонто шаҳри, Канада.
Зулмат
Ғамгин милтиллайди узоқларда чўғ,
назаримда, тутунни тутунга улаб,
тамаки чекмоқда кашанда зулмат.
Ичи мўрининг сингари қорайиб,
ўпкаси ҳам чириб, тамом бўлгандир…
Нега чекяпти экан? Балки, хотини:
-Сен ҳам одамлардай, чет элга бориб,
ишлаб, пул топиб келсанг, ўласанми? -дея,
жанжал кўтардимикин ярим кечаси?
Ўзи хотинининг жағи ёмонда.
Ишқилиб, охири баҳайр бўлсин.
Худо кўрсатмасин, хотини шундай
жанжал қилаверса, чидолмай зулмат,
узун арқон билан, аччиқ устида
оғилхонанинг йўғон пешхорисига,
осиб нетиб қўйса ўзини шартта
кўринг томошани.
«Дылл! Дылл!Дылл!Дылл!» » деб юргувчи
«Урал» русумли кажавали мотоциклини
капа капа қилиб хайдаб, шогирди билан
участкавой лейтенант Шгабуддинов
етиб келса керак, узоқ кутдирмай?..
Яхшиси, бу ердан суришим керак…
02/07/2022.
Тунги соат 10:36.
Канада, Онтерио.
Ёз кечаси
Шамол дайдиб юрар, ҳаво мусаффо,
Ой ҳамон ёритар Худонинг мулкин.
Кеча шу қадар жим, сокинки, ҳатто,
Бақалар овозин эшитиш мумкин.
Мопед тириллатиб, ой мудраган пайт,
Кимдир хориб, чарчаб, уйига қайтар.
Бу ҳақда кимсасиз, сокин сукунат,
Қулоғимга секин, шивирлаб айтар.
01/07/2022.
Кеч соат 8:52.
Канада, Онтерио.
Дуо
Маҳзун увиллайди қорли далада,
Бўғзигача қорга ботган ўт -ўлан.
Аранг жон сақлайди қушлар панада,
Ҳеч ким қор шопирмас шамолдан бўлак.
Қорбўрон фарёдин тинглайман, ётиб,
Ҳар ҳолда, сандал бор, совқатса қўлим.
Илоҳо, зулматда қорларга ботиб,
Излаб тополмасин кулбамни ўлим.
01/07/2022.
Кундуз соат 11:02.
Канада, Онтерио.
Тунги поезд
Порлаб турган маҳал том устида ой,
Поезд кўз илғамас зулмат қаърида,
Чинқирди, тополмай беркингани жой,
Олис адирлардан ҳам нарида.
У шу қадар қаттиқ қичқирдики, кўкдан,
Юлдузлар маржондай тўкилди сувга.
Шунданми тун жимлик қаърига чўккан,
Шундан ўт ўланни шудрингми ювган?
Қарайман ой нурин тўшаган йўлга,
Далалар ойдинда хаёлга толди.
Поезд чинқираркан, зардобга тўлган,
Юрагини бўшатиб олди.
30/06/2022.
Кеч соат 8:46.
Канада, Онтерио.
Кузги ойналарнинг унсиз кўз ёши
Ёмғирларда ялтирайди тош,
Қарар ўйчан табиат ромдан.
Ёғаётган ёмғирмас, кўз ёш,
Кўзларингдан дувиллаб томган.
Сен кетасан соябон қўлда,
Олислайсан мисоли рўё.
Дарахт акси, кўлмакли йўлда,
Чўкиб ётар кўзгуга гўё.
Фироқ жисму жоним қиймалар,
Эриб борар изларингда қум.
Сен кетасан, ғамгин ойналар,
Одам каби йиғлайди юм — юм.
31 июл, 2011 йил.
Кундуз соат 1:29.
Торонто шаҳри, Канада.
Хазонларга кўмилди йўллар
Ловуллаб ёнаркан кузги гулханда,
Гув урар хаёли паришон боғлар.
Ўйчан куз лабида қахрабо ханда,
Қағиллар сукунат қўйнида зоғлар.
Боди изғиринда ялонғоч, юпун,
Яланг новдалари қолса ҳам қақшаб,
Оппоқ чойшаб ичра ухламоқ учун,
Боғлар ечинганда аёлга ўхшаб,
Олис ўлкалардан келгандай қайтиб,
Дарчангдан тўлин ой мўралаган пайт,
Адашган йўловчи сингари дайдиб,
Гоҳо тушларинга кираманми, айт?
13 август, 2011 йил. Кундуз соат 3:23. Торонто шаҳри, Канада.
Ёлғизлик
У стол устида ётган қоғоз марказига
қалам билан нуқта қўяркан, деди:
— Бечора, қанчалар ёлғиз у
қоғознинг қор босган далаларида!..
Сўнгра шоша пиша ўчиргич билан
ўчираркан нуқтани, ўзига ўзи:
-Энди қорбўронда кўринмай кетди —
деди, қайғу билан чуқур хўрсиниб.
Сўнг дераза ортида бўралаб ёғаётган
тунги лайлакқорга термулди узоқ.
05/02/2020.
Кеч соат 5:55.
Канада, Онтарио.
Зулматларда учқунлайди қор
Бу хазон, кўзлари ожиз ошиқнинг
Қўлидаги ўқилмаган хат.
Кимсасизлик, сукунат балки,
Сўзсиз қўшиғидир соқов ҳофизнинг.
Мен бўлсам,
Кузги далаларда, тунги зулматда
Ёлғиз увлаётган қора шамолман.
Сен пастак дераза ёнида,
Қировли гулзорда булбулни кутиб,
Музлаб қолган атиргулмисан?
Чирпираб учаётган қор учқунларичи?
Ёруғ ойналарга талпинаётган
Сон — саноқсиз оппоқ парвоналарми?..
Айтгил, нима учун, кимни соғиниб,
Сочлари қувв оқарди қишнинг?
20 август, 2012 йил.
Кундуз соат 3:20.
Торонто шаҳри, Канада.
Қадимий соат
Турналар жўнайди жанубга томон,
Далаларга чўкар сокин сукунат.
Озод кезиб юрар боғларда шамол,
Ҳануз қамамабди уни ҳукумат.
Кузги ўт -ўланни босади титроқ,
Қақрайди чанқаган дарёнинг лаби.
Осилиб турибди новдада япроқ,
Қадимий соатнинг кафгири каби.
05/08/2022.
Кундуз соат 9:14.
Канада, Онтерио.
Кеч куз
Нечун қовоғингни уясан, ҳаво?
Нега аччиқ аччиқ йиғлаб, ёмғирлар
кўчада аёвсиз савалар мени?
Кўлмак ҳам атайлаб акc этдирар
оёғимни осмондан қилиб.
Мен сизларга нима ёмонлик қилдим?
Боғдаги инларини хувиллатиб,
учиб кетган бўлса жанубга қушлар,
айб мендами?..
02/08/2022.
Кундуз соат 10:12.
Канада, Онтерио.
Художўй одам
У Худога ишонади, лекин Худо ишонмас унга.
2021 йил, Канада.
Шом ҳасрати
Олис океанлар ортида қолган,
Уй эшиги балки турар очилиб.
Ва ғамгин шуълалар тўшалган полда,
Китобларим ётар сочилиб.
Пастак кулбаларда чироқ ёқарлар,
Далалар осуда сукутга чўмар.
Сўнгра юм — юм йиғлаб искабтопарлар,
Шом ҳасратин соҳилга кўмар.
Юлғун ўсган баланд жарлар узра жим,
Сас — садосиз аста кўтарилса ой,
Ёришиб кетади менинг лабларим,
Лаълин лабларинга мухр босган жой.
Ёдга тушса ногоҳ дарёнинг лаби,
Ёлғиз у дамларни эсласанг гоҳи,
Тунни зириллатиб чирилдоқ каби,
Узоқ чириллайди севги арвохи.
9 апрел, 2011 йил.
Кундуз соат 3:35.
Торонто шаҳри, Канада.
Ҳижрон
Изғирин дарчалар ойнасин ялар,
Қор босган йўлларнинг йўқдай поёни.
Қорчивинлар кўча чироғин талар,
Тегмаса ҳам унинг элга зиёни.
Даричанг ортида ёғар лайлакқор,
Хуштак чалар аёз қўлида чалғи.
Ёстиғинг яккамас, бола чақанг бор,
Лек ҳамон дунёда яшайсан ёлғиз.
Тортганича ою йиллар танобин,
Ўтаркан шунча ёз, баҳору қишлар.
Сен ҳамон ичасан кўз ёш шаробин,
Тунлар газакига ёстиғинг тишлаб.
13/02/2020. Канада. Онтерио.
Субҳи содиқ
Халойиқ донг қотиб ухлайди ҳамон,
Қорайган дарчалар чироғи ўчган.
Дайдиб юрар далли, девона шамол,
Ховлидан ховлига кўчгани кўчган.
Юлдузлар тўкилиб ховучларидан,
Осмон ҳам уйқуга кетар ҳойна ҳой.
Жунжикиб ҳавонинг совишларидан,
Булут кўрпасига бурканади ой.
Сабо майсаларнинг сочини тараб,
Тонг отар, шудринга юзларин ювган.
Кўзгуга боққандай, анҳорга қараб,
Дов-дарахт тушини айтади сувга.
07/03/2022.
Тунги соат 9:28.
Канада, Онтерио.
Ёмғирли куз
Йиғлаб, савалайди боғларни ёмғир.
Чинор япроқлари ёпишиб ётар.
ёмғирли йўлакда, мисоли ёрлиқ.
Дераза ортида ялонғочланган
намчил новдалари кузги дарахтнинг.
Бу ялонғоч, аччиқ новдалар билан
арзир саваласанг ўзингни ўзинг.
20/01/2023.
Кундуз соат 10:30.
Канада, Онтерио.
Ҳотира
Эсингда бўлса, бундан роппа роса
бир неча юз минг мангулик муқаддам
учрашиб, танишган эдик сен билан.
Ғам қайғу, ташвиш, дабдаба, бойлик
бутунлай бегона эди биз учун.
Қалин ўт ўланли ўтлоқда иков,
ўйнаб юрар эдик, ишга ҳам бормай.
Анвойи гуллардан гулчамбар ясаб,
бошинга кийдириб қўярдим тождай.
У пайтлар менинг исмим — Одам,
сенинг исминг, Ҳавво эди, севгилим…
06/08/2022.
Кеч соат 6:50.
Канада, Онтерио.
Кўкйўтал бедана
Бошини тошларга уриб, чарчаган,
Дарё хаёл каби ёйилиб оқар.
Ниначи омонат қўниб майсага,
Сувдаги ўз аксига боқар.
Қизарар осмоннинг ичак чавоғи,
Шамолда тебраниб қўяр буталар.
Шамоллатганмикин дейман, томоғин,
Узоқда бедана тинмай йўталар.
14/07/2022.
Кундуз соат 9:29.
Канада, Онтерио.
Ғўдайган дарахтлар ютганми хода?
Узоқда ҳасратли марайди бузоқ,
Лўкиллаб қайтади қишлоққа пода,
Толзорда чумчуқлар жаврайди узоқ,
Ғўдайган дарахтлар ютганми хода?
Қайдадир чириллар чирилдоқ тинмай,
Етимдек бир ўзи кезар дайди ел.
Сутдек ойдин тунда уйқуси келмай,
Дарчалардан ойга термулади эл.
13/07/2022.
Кеч соат 7:14.
Канада, Онтерио.
Тунги ёмғир
Ташқарида ёмғир, ярим тун.
Ичкарида эса, танҳо бир ўзинг.
Пастак даричадан, хорғин ва маъюс
фонус ёруғида жимирлаётган
кўлмакларга боқасан узоқ.
Шовуллар қулоғинг чиғаноғида
қадимий денгиздай ёмғир шовқини.
Сўнг, негадир, сенинг ҳам бирдан
йиғлагинг келади унсиз, ўксиниб,
лек йиғлай олмайсан,
кимсасиз оролда ёлғиз яшайвериб,
йиғлашни унутган одам сингари.
Адоқсиз ва бўм — бўш кўчада эса,
дайдиб юрар, ёмғирда ивиб,
юпун, ярим ялонғоч руҳинг.
Итбалиқдай титрар томчилар
совуқ ойнасида деразаларнинг.
Йўқ, йўқ, ёмғирнинг чакида халтасидан
томаётган чаккилар эмас,
чиқиллайди деворда соат,
жимликка кўмилган бомбадай гўё.
06/03/2022.
Тунги соат 10:03.
Канада, Онтерио.
Қахқаха
Боғларда санғийди дайди шаббода,
Юлдузлар осилиб турибди аранг.
Ой, мени кечиргил, билмай, мободо,
Тирноқлаган бўлсам дилдаги яранг.
Сочинг устарада таглаб қирибсан,
Мўйчинакда юлиб, кипригу қошинг.
Осмон саҳросида ёлғиз юрибсан,
Арчилган тухумга ўхшайди бошинг.
Кезасан, кимнидир тополмай, истаб,
Бақалар соҳилда сафсата сотар.
Тақир бошинг кўриб, кулгиси қистаб,
Булбуллар ойдинда қахқаха отар.
24/06/2022.
Кундуз соат 11:35.
Канада, Онтерио.
Ипи қўлдан чиққан пуфак каби ой
Поёнсиз самолар сахросида қуёш,
Думалар ёнаётган шувоқ сингари.
Далаларга қўнар шом хасрати ювош,
Чўкар дарёларга ойнинг лангари.
Чирилдоқ гоҳ жўшиб, гоҳида тўхтаб,
Чириллар, тополмай беркингани жой.
Ипи қўлдан чиққан пуфакка ўхшаб,
Осмонга оҳиста кўтарилар ой.
25/01/2020.
Эрта билан 9:51. Канада, Онтарио.
Тунги қўнғироқ
Йўловчи туртиниб борар кўчада,
Қорзарралар аро, кўзлаб уйини.
Қайсидир дарчада чироқ ўчади,
Чирпирайди телба қорлар қуюни.
Қор ҳамон қиялаб ёғади тинмай,
Халойиқ донг қотиб ухлаган пайти.
Зулматлардан менга сўнги трамвай,
Қўнғироқ қилади қайта ва қайта.
24/02/2020.
Эрта билан соат 9:56.
Канада, Онтарио.
Қатъий қарор
Етар дайдиганим, қайтаман уйга,
Кечиргандир мени ҳоким ҳукумат.
Соғинтирди шамол капалак қувган,
Қадрдон далалар, сокин сукунат.
Бошда яғир дўппим, қўлтиғимда қоп,
Жўнайман ўрилган буғдойзор томон.
Тиғдай ярақлаган паншахани об,
Эл билан далада тўплайман сомон.
Қайлардадир эшак ханграйди узоқ,
Майналар қўнади сигир шохига.
Тўхтаб кенг далада, тутаман қулоқ,
Узоқдан ҳасратли какку оҳига.
Қадрдон сўқмоқни излаб топаман,
Менга бош ирғайди ўтлоқда бия.
Ҳайратдан очилган оғзим ёпаман,
Ари-пари кириб кетмасин дея.
Ёлғиз, «Чўчқахона»* томонда юрсам,
Дил қушим қутилган каби тузоқдан.
«Зилолмос»* тарафда хайқириб, хурсанд,
Поезд гудок берар менга узоқдан.
19/02/2020. Канада.
«Чўчқахона»* — биз ёшликда футбол ўйнаб катта бўлган қадимий чўчқахона харобалари.
«Зилолмос»* — юк ташувчи поездалар ўтадиган Куйганёрдаги яшил рангли металл кўприк.Зеленый мост.
Ландавур дарахтлар
Зулматда лайлакқор ёғар бўралаб,
Пичирлайди дарча, гўё алахлар.
Оппоқ қорлар кафанига ўраниб,
Менга бундай боқманг, дарахтлар.
Қарайсиз қор босган йўлга интизор,
Кафандай оқарар қор босган дала.
Кезаман, пойимда хуррак отар қор,
Қорбўрон уйларнинг ойнасин ялар…
Яланг шохингизда қиров ярақлар,
Чиқмайди кулбангиз томидан тутун.
Кўмир бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ, дарахтлар,
Наҳот тополмайсиз бир боғлам ўтин?..
29/02/2020.
Кундуз соат 12:20.
Канада, Онтарио.
Дуо
Талпингандай азиз авлиёларга,
тонгда йўл оламан ёлғиз бир ўзим,
олмоқ учун, ҳеч ким йўқламай қўйган
кимсасиз, туманли боғлар дуосин.
Дуо қилар мени маҳзун пичирлаб,
ғариб, кузги ярим ялонғоч боғлар,
ўраниб туманлар увадасига.
21/06/2022.
Эрта билан соат 7:23.
Канада, Отерио.
Ёз оқшоми
Ўт -ўлан кокилин авайлаб тарар,
Дайди шаббоданинг кемшик тароғи.
Буғдойзор устида беғам, безарар,
Ярақлайди ойнинг ўткир ўроғи.
Ой борлиқни оппоқ нурга белади,
Чирилдоқ чириллаб қаттиқ чарчаган.
Илоҳий шивирдай кириб келади,
Бақалар овози очиқ дарчадан.
Сўлим салқин боғлар, ёзнинг ҳавоси,
Хомуш порлар дарё ортида чироқ.
Пўкиллар зулматда кўппак овози,
Қўл етмас юлдузлар сен каби йироқ.
24/06/2022.
Кундуз соат 11:57.
Канада, Онтерио.
Қиш кечаси
Деразам ортида қашқирга ўхшаб,
Изғирин шамолда увиллайди сим.
Йўлда гоҳ интилиб, гоҳида тўхтаб,
Қорларга беланиб, борар аллаким.
Кўчага қарайман пастак дарчадан,
Зулмат — қор қоплаган ибтидоий ғор.
Шаҳар ухлаб ётар, итдек чарчаган,
Фонус эса, лоқайд майдалайди қор.
18/06/2022.
Кеч соат 5:56.
Канада, Онтерио.
Август
Ёлғиз ўзим билан ўзим кенгашиб,
Дала даштни кездим, феълимга кўра.
Йўл менинг ортимдан келди эргашиб,
Қайт! -десам, ортига қайтмади сира.
Тўрғай вижирлади, овози тиниқ,
Тутиб олгим келди, қўлим узатиб.
Дайди капалаклар галаси мени,
Уйга етгунимча қўйди кузатиб.
18/06/2022.
Кундуз соат 3:47.
Канада, Онтерио.
Қордан ёришади руҳим даласи
(Одил Икромга)
Оҳиста ўчириб, қора рангни қиш,
Астойдил бўяйди зулматни оққа.
Халойиқ ухлайди беғам, беташвиш,
Қарайман қорлардан оқарган ёққа.
Қорли тун, мисоли ибтидоий ғор,
Кўчада дарбадар шамол хуштаги.
Ҳамон ўша ўша, ўзгармапти қор,
Ой ёритган дала каби тушдаги.
Олисда оқарар қор босган дала,
Одамзод қадами етмаган жойдек.
Қор лоқайд ва беғам ёғар майдалаб,
Қоронғу кулбамни ёритиб, ойдек.
05/07/2022.
Кундуз соат 12:02.
Канада, Онтерио.
Юлдузлар дарёга тўкилди тутдек
Буғдойзор томонда сўқмоғу йўллар,
Чизиқларга жуда ўхшар кафтдаги.
Шафақдан қизарди дарёю кўллар,
Ботар уфқларга қуёш лаппаги.
Шом лангар ташлаган ўтлоқда айғир,
Жимгина ўтлайди, кўтармай бошин.
Ой аста юксалар беғам, беқайғу,
Ёритиб, сувдаги соҳиллар тошин.
Хас -хашак илашган этагин судраб,
Шаббода ортимдан эргашди итдек.
Қадам товушимдан юлдузлар титраб,
Дарё сувларига тўкилди тутдек.
17/06/2022.
Кеч соат, 8:17.
Канада, Онтарио.
Мақсад
Том устида ғамгин порлаётган ой,
Гапирсангчи ахир, нимасан, кимсан?
Нечун телефонга жавоб беролмай,
Унсиз йиғлаётган аёлдай жимсан?
Дарёга сакрама, бу йўлдан қайтгин,
Далаларни ёрит, ҳунаринг ишлат.
Боқиб дарчадан, у аёлга айтгил,
Тунлар йиғламасин, ёстиқни тишлаб.
Бир кун кўзларига боқарман тўйиб,
Сакраб ўтиб, пахса девордан боққа.
Сўнгра, тиззасига бошимни қўйиб,
Топшираман жонни жаноби Ҳаққа.
23/06/2022.
Кундуз соат 10:45.
Канада, Онтерио.
Кузатаман мағрибга ойни
Шудрингларда чўмилди ўтлоқ,
Еллар билмам чопади қайга.
Хурар хориб, чарчаган итлар,
Том устида порлаган ойга.
Саёқ шамол, девона, дайди,
Кезиб юрар мен билан бирга.
Ой узоқроқ хаёл сурсайди,
Шууримни тўлдириб нурга.
Қизаради дарчалар кўзи,
Ёритганча бир метр жойни.
Ярим кеча, ёлғиз бир ўзим,
Кузатаман мағрибга ойни.
18/06/2022.
Кундуз соат 11:25.
Канада, Онтерио.
Сукунат
Ёлғиз одимлайсан ўтлоқ томонда,
Кўринмайди кузги йўлларда биров.
Сигиринг излайсан кузги туманда,
Қошу кипригинга қўнади қиров.
Боғлар сукунатга, хаёлга ботган,
Ёстиқ қилиб ётар жимлик ковушин.
Тинглаш учун аста учиб тушаётган,
Япроқларнинг мунгли товушин.
11/02/2020.
Эрта билан соат 8:16.
Канада, Онтарио.
Қалдирғоч
Кузда кетганингни сезмай қоламиз,
Уммонлар устида учасан ойлаб.
Хазонрез боғларда ўйга толамиз,
Олис ўлкалардан қайтишинг пойлаб.
Бўронлар ҳам сени тўсолмас йўлдан,
Саросар учишни йиғиштир, етар.
Уй олиб Маслахат ё Олтинкўлдан,
Одамдай бир жойда яшасанг нетар?
Ҳар баҳор халлослаб қайтиб келасан,
Қишласангда Миср ва ёки Чинда,
Чуғур чуғур сайраб, завққа тўласан,
Лойлар маржонидан қурилган инда.
Лойни ийлармишсан тумшуғинг билан,
Бу қандай гувалак, айт, қандай усул?
Кўлмакларда гоҳо айтганча ўлан,
Чўмиласан, вожиб бўлгандай ғусл.
Бу йил яна излаб яшамоққа жой,
Эшитдим, қалдирғоч, келибсан қайтиб.
Яна ин қурибсан, тумшуғингда лой,
Бизни хашарга ҳам қўймабсан айтиб.
24 май, 2014 йил.
Тунги соат 1:17 дақиқа ўтди.
Канада. Бремптон шаҳри.
Селдан гувиллайди ўтлоғу дала
(Таниқли ўзбек сюреалист рассоми Хуршид Зиёхоновга)
Шаррос қуяр экан шовқинли жала,
Гулдирак фарёди оламни тутар.
Селдан гувиллаган ўтлоғу дала,
Шаршара ортида кўринмай кетар.
Лек шадид тало тўп кўп ўтмай яна,
Тақа тақ тўхтаркан, тиниб қолар сел.
Осуда сукунат қўнган кўчага,
Хаёлчан термулар дарчалардан эл.
Шалоббо боғларда шодумон қушлар,
Чуғур чуғур сайраб, қуёш чарақлар.
Кўчада осмону фалакдан тушган,
Бус — бутун бир кўзгу ётар ярақлаб.
23/02/2020.
Кундуз соат 10:27.
Канада, Онтарио.
Ёлғизлик
Гоҳо узоқлашар, гоҳ келар яқин,
Шамол ўпкасини илганча чўпга,
Қилич ялонғочлар зулматда чақин,
Қалдироқ осмонни тутади тўпга.
Куз келса, кенг дала қолар хувиллаб,
Қушлар ҳам йўл олар жанубга томон.
Дарбадар, эгасиз итдек увиллар,
Яйдоқ далаларда савдои шамол.
Хочпарчин қилинган Исодай юпун,
Қўриқчи йўлларга боқади илхақ.
Койийди ўзини, олмагани учун,
Қайтишга муҳожир қушлардан тилхат.
Узун енгларини силтаб галага,
Қўриқчи рақс тушар, кўйлаги бўздан.
Бечора, бир ўзи бийдек далада,
Ёлғиз яшайвериб ақлдан озган.
15/06/2022.
Кеч соат 8:14.
Канада, Онтерио.
Туманли далалар
Борлиққа ҳукмрон кузги сукунат,
Туманда дарахтлар кўринар аранг.
Пахта талаб қилмай қўйди ҳукумат,
Жимгина уйқуни урмоқда дала.
Пахса деворларга ёпилган таппи,
Қиш беғам қайдадир қайрайди қилич.
Қуюқ туман босган далада кампир,
Сигирин излайди, қўлида хивич.
17/03/2020. Канада.
Йўллар
Ўша ўша ёмғир ва ўшандай йўл,
Қачонлардир бирга иккимиз юрган.
Жилмайдинг, кўз ёшдан киприкларинг хўл,
Руҳим зулматларин тўлдириб нурга.
— Иккимиз юрганда негадир кўча,
Тез тугаб қолади — дегандинг тўхтаб.
Тун бўйи дайдийман, чироқлар ўчар,
Сенсиз кўчаларнинг поёни йўқдай.
18/03/2020.
Кундуз соат 10:28.
Канада, Онтарио.
Ўрик гуллаган кеча
Юлдузлар босирқаб, қайгадир учар,
Тўлин ой тўшайди йўлакларга бўз.
Одамзод кўринмас бўм бўш кўчада,
Шуълалардан қамашади кўз.
Шаббода ховлидан ховлига шошар,
Тунни зириллатар чирилдоқ оҳи.
Кўчага талпинар деворлар оша,
Ойдинда гуллаган ўриклар шохи.
13/03/2020.Канада.
Қорлар шитирлашин тингламоқ учун
Руҳинг ёришади, шуурингда мунг,
Уйлар мўрисидан ўрлайди тутун.
Борлиқ сукут сақлар, қорзарраларнинг,
Маҳзун шитирлашин тингламоқ учун.
12/03/2020. Канада.
Ван Гог
Қош — кипригинг, сочу соқолинг малла,
Кўзларинг киртайган, юзларинг чувак.
Бинт билан ўралган учбурчак калла,
Юпқа лабларингда қимтилган сумак.
Штрихми ё тўзғир картинангда юнг?
Ўқрайиб қарайсан, қовоғинг уйиб.
Ранглар тўзонида жилваланар мунг,
Уфқларнинг этаги бормоқда куйиб.
У ёқда ўт ўлан денгизи бормиш,
Ҳали тушмаганмиш буғдойга ўроқ.
О телба мусаввир, девона, дарвеш,
Макони ёлғизлик, жандаси фироқ.
Юлдузлар талайди кўкни беомон,
Олис кулбаларда чироқ ёқарлар.
Умидвор термулар ботаргох тамон,
Шомги далалардан кунгабоқарлар.
07/03/2020. Канада. Онтерио.
Чигирткалар ёприлишини кутиб
Қуёш ғамгин ботар, сокин тонг отар,
Хувиллайди боғлар кун ўтган сайин.
Самбиттол ҳасратли ўйларга ботар,
Кокили шовуллаб шамолда майин.
Қушлар фарёдидан ёрилгудек само,
Эл қишни пинхона, орзиқиб кутар.
Оппоқ чигирткалар бўрони аро,
Ҳадемай дала дашт кўринмай кетар.
02/03/2020. Эрта билан соат 9:25. Канада, Онтарио.
Ойдиндаги кўлмак
Хиқиллайди сутдек ойдинда апрел,
Шар шур эрийверар қахрли қорлар.
Донг қотиб, гўдакдек ухлаб ётар эл,
Дарчаларнинг хорғин чироғи чорлар.
Йўлларда кўринмас биронта одам,
Дов дарахт мунғайиб, ўйга ботади.
Вақт соат билан ҳамдам, ҳамқадам,
Оқсоқланиб, ўйчан одим отади.
Баҳор кўз ёшлари чакиллаб томди,
Қолмади қорлари эримаган жой.
Сумалаклар тушар қарсиллаб томдан,
Термулар кўлмаклар кўзгусига ой.
08/03/2020.
Эрта билан соат 9:28.
Канада, Онтарио.
Учрашув
Ойдин ёз кечаси, мусаффо ҳаво,
Кўкда юлдузларга етишмайди жой.
Сокин сукунатда бесас, бесадо,
Шуълалар тўшайди далаларга ой.
Тутдек тўкилади юлдузлар сувга,
Бақалардан шовла қайнатар соҳил,
Ўт -ўланни кечки шудринглар ювган,
Зулматларни тешар чирилдоқ оҳи.
Бўғиқ акиллайди олисда итлар,
Йиғлайсан, кўксимга қўйганингча бош.
Лабларинг четида омонат титраб,
Олмосдай порлайди бир томчи кўзёш.
06/03/2020. Кундуз соат 1:02. Канада, Онтарио.
Маъюс чироқларнинг олмос чамани
Ёритиб кимсасиз жим жит далани,
Ой аста илоҳий нурларин элар.
Тўзғир гилосларнинг гулпаллалари,
Сабо ўт -ўланнинг бошини силар..
Буғдойзор устида ойнинг ўроғи,
Юлдузлар самони талайди битдай.
Осмон иштонида булут ямоғи,
Шамол дайдиб юрар боғларда итдай.
Олис олисларда чинқириб, чорлар,
Темир йўлнинг учқур пўлат самани.
Зулматли дала -дашт ортида порлар,
Маъюс чироқларнинг олмос чамани.
05/03/2020.
Эрта билан соат 9:00.
Канада, Онтарио.
Ҳорғинлик
Узоқларда фарёд кўтарар пойиз,
Ухлар чироқларга таланган шаҳар.
Ой кезар далалар устида маъюс,
Эл улусни уйқу элитган маҳал.
Юлдузлар коинот киприкларида,
Омонат кўз ёши сингари титрар.
Кимсасиз осуда зулмат қаърида,
Ҳорғин акиллайди қадрдон итлар.
04/03/2020.
Кундуз соат 4:51.
Канада, Онтарио.
Тўзғоқ
Кўча фонусини аёвсиз талар,
Оппоқ қорчивинлар мўри малахдек.
Бўронда маст аласт гармонми чалар,
Қалин қор қоплаган боғда дарахтлар?
Далалар супраси оқариб ётар,
Халойиқ чарчаган, ётибди ухлаб.
Шамол кўча кўйда беғам, бехатар,
Томдаги қорларни тўзғитар пуфлаб.
Дарахтлар бир бирин юрар ахтариб,
Қўзғолгандай гўё борлиқда махшар.
Хаёли паришон кўча фонуслари,
Маҳзун тўзғиётган тўзғоққа ўхшар.
04/03/2020.
Эрта билан соат 9:43.
Канада, Онтерио.
Шамол хуштак чалар этикдўз каби
Қушлар жануб тамон учмай нетади?
Ўгай куз хайдаса, ўзинг ўйлагин.
Тиконга илиниб, йиртилса ҳам этаги,
Туман судрайверар кўйлагин.
Фаррош хазонларни ёқади, тўплаб,
Соврилиб елларга орзу армони.
Учар сув ўрнига ҳавони хўплаб,
Осмон саҳросида қушлар карвони.
Фақат Ҳаққа аён мақсад, матлаби,
Улар учар иссиқ ўлкалар тамон.
Ўйчан ҳуштак чалар этикдўз каби,
Далаларда дайдиб зериккан шамол.
03/03/2020.
Эрта билан соат 8:17.
Канада, Онтерио.
Каккуқушнинг ини
Бир одам қўлида узун таёқ билан,
Каккуқуш инига термулганича узоқ
кутиб турди унинг индан чиқишин.
Ва ниҳоят кулранг каккуқуш индан
бошин чиқарганча: — какку! какку! -дея
ўзини унитиб сайрай бошлади.
Кутиб турган одам қулочкашлаб туриб,
қўлидаги таёқ билан бир туртган эди,
каккуқуш гиламга топ этиб тушди.
22/02/2020. Канада.
Эхтиёж устига қурилган дунё
Севги нима?
Севги — бу чидаб бўлмас руҳий эхтиёж.
Чидаётган бўлсанг, демак севмабсан.
Бу эхтиёж устига қурилган дунёда эса,
мухтож бўлмаган, тиланчи бўлмаган
бирор кимса йўқ.
Ҳамма нимагадир, кимгадир мухтож.
Дунё деб аталган ўткинчи, муваққат
хижрат хужрасида ҳамма мухожир.
Беш тўрт сўм пул топган киши бўлиб,
ғариброқ одамга кўз қири билан қараб,
тишларини ковлаб, кекирган кимса
қилган чала пуча ибодати эвазига,
букчайиб, тебраниб, астойдил пичирлаб
кўзларида шашқатор кўзёши билан,
йиғлаб, тиланади Худодан соғлик,
молу мулк, узоқ умр, мансаб, мартаба
мағфирату серсоя Жаннатлардан жой.
Ҳа, эхтиёж устига қурилган бу дунёда
барча эхтиёжманд, барча тиланчи.
Деразадан йўлларга интизор боққан
етим каби ҳамма меҳрга мухтож.
01/03/2020. Канада.
Мақомат
Кузнинг лабларидан аримас ханда,
Бошини ёрса ҳам санги маломат.
Эгнида хазондан тикилган жанда,
Мисли пири муршид, соҳибкаромат.
Қилт этмас хазонрез боғларда туман,
Қизиқтирмас уни ҳоким, ҳукумат.
Камтарин донишманд авлиёсимон,
Вазмин хаёл сурар, сақлар сукунат.
29/02/2020. Канада.
Ойдинда ўриклар гуллаган оқшом
Ой сомон йўлига шуъласин тўшар,
Юлдузлар учқуни чатнайди гоҳи.
Навбаҳор лойпахса деворлар оша,
Узатар гуллаган ўриклар шохин.
Юлдузларга чексиз коинот тордай,
Жимирлар қорайган осмон қозони.
Оқартирар тунги йўлакни қордай,
Ўрик гулларининг оппоқ тўзони.
24/02/2020. Канада.
Жирафа билан суҳбат
Жирафа, лаллайиб юргунча, буйтиб,
Узун бўйнинг чўзиб, қарачи,
Кўринарми менинг серқуёш юртим,
Соҳилларга туташ пахта даласи?
Кўкқарға, қалдирғоч ўйиб, ин қурган,
Илма тешик жарлар, мисоли пишлоқ.
Дайди капалаклар тентираб юрган,
Соя салқин толзор, қадрдон қишлоқ.
Шамол шовуллаган қамишли соҳил,
Узоқда гулханлар ётгандир тутаб?
Тинглаб каккуларнинг ҳасратли оҳин,
Дехқонлар юргандир шолисин ўтаб?
Қалин ёғочгардиш кўзойнак таққан,
Йўл қараб, мунғайган пастаккина уй.
Кўзёш каби тошиб, лимиллаб оққан,
Дарё, бамисоли оҳанрабо куй.
Сувлар кўзгусини синдириб, бутлаб,
Чорлоқлар чийиллаб учарди ҳар тонг.
Қирғоқда сигирлар юрарди ўтлаб,
Кўринмаяптими?
Аттанг…
23/02/2020. Канада.
Ёрилтош
(Актер Фарход Абдуллаевга)
Кулма, савол билан мурожаат этсам,
Йўл четида ёлғиз сўппайган эй тош!
Сенда ҳам борми қалб, борми ҳасрат, ғам,
Чиқарми сенинг ҳам кўзингдан кўзёш?
Сен ҳам севганмисан биронтасин, айт?
Кўрганда тош қотиб, пайпаслаб кўксинг.
Сокин сукунатда, ой порлаган пайт,
Кўз ёш тўкканмисан овозсиз, ўксиб?
Сенинг бошингни ҳам ёрганми ёғий?
Кўринмас тош билан, айт менга ростин.
Бошинга оғирроқ иш тушган чоғи,
Кўриб, кўрмаганга олганми дўстинг?
Қандай мавжудотсан, нимасан, кимсан?
Кел, бугун ложувард нурларга қорил.
Гапирсангчи ахир, не учун жимсан?
Тош, сен ҳам тош бўлиб бир бора ёрил!
29/07/2019. Канада.
Исириқ тутатар боғларда туман
Менга ўхшаб ялқов, бекорчимас шамол,
У юпун боғларни солиққа тортар.
Қушлар учиб кетар жанубга томон,
Кундан кунга элнинг ҳайрати ортар.
Исириқ тутатар боғларда туман,
Тийрамох қушларни жанубга қувган.
Тол ховуз бўйида серраяр ҳамон,
Хаёли паришон, термулар сувга.
Хазонларни қувлаб дайди шаббода,
Эсиб ўтар экан ёнимдан шошиб,
Битта баргни тутиб олдим ҳавода,
Босиб кетмасин деб шўрликни мошин.
21/02/2020.
Кечки соат 7:12.
Канада, Онтерио.
Шамол чалиб ўтди ёнимдан найин
Вақт ўтган сари бунда барчанинг,
Қисқаради умри соат ба соат.
Қорачиғи оқиб тушди дарчанинг,
Ойнинг шуъласига қилолмай тоқат.
Ойдинда бемалол ухлолмас авом,
Менинг ҳам тун бўйи дайдишим тайин.
Ёлғиз одимлашда этарканман давом,
Шамол чалиб ўтди ёнимдан найин.
21/02/2020.
Кеч соат 5:42.
Канада, Онтерио.
Мўжиза
Қор тилсиз соқов деб сенга ким айтди?
У сўзлай олади, қўшиқ ҳам куйлар,
Қорзарра тўзони тўзғиган пайти,
Кўринмай кетганда далаю уйлар.
Соябон остида кўчада юрсанг,
Бир ўзинг, салмоқли қадамлар ташлаб.
Соябонинг чертиб, ўзича хурсанд,
Қор аста шивирлаб, гапира бошлар.
21/02/2020. Канада.
Санъат асари
Хона деворига қўйилган илиб,
Қўли гул рассомнинг санъат асари.
Унда хору хазон ётар титилиб,
Шамол билмас босар тусарин.
Кўмилиб ётаркан хазонларга йўл,
Ўйларим хазони тўзғиб, сочилди.
Картинага аста тегизгандим қўл,
У кузги боғ томон қия очилди.
20/02/2020. Канада. Онтерио.
Қўнар дала — даштнинг сочига қиров
Хориган япроқлар дақиқа санаб,
Топ — тоза йўлаклар узра тўкилар.
Шамол ивирситган йўлакларга қараб,
Фаррош айниб — ачиб сўкинар.
Қўзғолади кўкда қушлар бўрони,
Осмонга аланглаб қарайди барча.
Чирпираб рақс тушар боғлар хазони,
Сўнг ерга қўнади оҳиста, чарчаб.
Боғлар сарғаяди, мисоли мусхаф,
Қўнар тўзғоқларнинг сочига қиров.
Жануб тамон жўнаб кетади куз ҳам,
Гувиллаган қушлар бўрони аро.
21/02/2020. Канада. Онтерио.
Қарайсан, челагинг тушиб қўлингдан
Қушлар учар иссиқ ўлкалар томон,
Ҳадемай далалар ҳаловат топар.
Мойланмаган темир дорвозани шамол,
Гоҳ қиялаб очар, гоҳида ёпар.
Ғамгин хўрсинишдан энди не фойда,
Куздан кўра сенга баҳор ёқарди.
Севгининг иккимиз учрашган жойда,
Кузги қоқиўтдай сочи оқарди.
Осуда туманли тийрамох тонги,
Кузги чўкиртаклар соғу сўлингда.
Турналар фарёди тўла осмонга,
Қарайсан, челагинг тушиб қўлингдан.
19/02/2020.
Кундуз соат 5:22.
Канада, Онтерио.
Сайр
Кўкдан ой хаёли паришон боқар,
Бақалар зулматда куйлайди ҳамон.
Ойдинда сайр этиш яхшию, фақат,
Ёлғизлик ва яна сенсизлик ёмон.
Юлдузли бу кеча, ўнгми ё рўё?
Дайдиб юрар латиф, илоҳий насим.
Дарахт шохларининг сояси гўё,
Оқланган деворга ишланган расм.
Ойдин сукунатда дов дарахт мудрар,
Кўкда юлдузларга етишмайди жой.
Яна бироз порла далалар узра,
Мени ёлғиз ташлаб кетиб қолма, ой!
19/02/2020.
Кундуз соат 2:44.
Канада, Онтерио.
Ҳайрат
У ёлғиз сузади ёғоч қайиқда,
Бир маромда ғамгин эшкаклар эшиб.
Очилар нилуфар зарра хайиқмай,
Сувнинг шаффоф кўзгусин тешиб.
У сузар кўзагул очилган жойга,
Маст аласт чайқалар соҳилларда сув.
Боқиб дарё узра порлаётган ойга,
Ёввойи ҳайратдан анграяди у.
Итлар сукунатни бузар акиллаб,
Шамол ухлар, ёстиқ қилиб ковушин.
Эшитилар, эшкакдан аста чакиллаб,
Томаётган сувнинг товуши.
18/02/2020.
Эрта билан соат 8:14.
Канада, Онтерио.
Чинқириқ
Дала даштни хорғин ёритганда ой,
О поезд телбадек кўтарма фарёд!
Бузма сукунатнинг оромини, ҳой,
Чеккан каби афюн ва тарёк.
Юлдузлар қандилин титратди, қара,
Сокин сукунатни бузди товушинг.
Қудумингдан титрар ўтлоғу дала,
Пўлатдан ясалган экан ковушинг…
Ҳайрият, овозинг тинди тонг саҳар,
Ўчириб осмоннинг ранги қутини.
Ҳадемай уйғонар, бурқситиб шаҳар,
Завод — фабрикалар тутунин.
17/02/2020. Канада.
Оғзи қулоғида, жилмаяр ҳилол
Дарчаларнинг кўзи тушмасин оқиб,
Зулмат қамрамасин ўнгу сўлимни.
Дов — дарахтлар машъаласин ёқиб,
Куз ёритар энди менинг йўлимни.
Пайпаслайди чироқ шуъласи билан,
Трактор зулматли кузги далани.
Мудраб ётар қишлоқ, мисоли чаман,
Олмос чироқларга таланиб.
Жилмайиб қарайсан, эшигинг очиб,
Паришон сочларинг ўйнайди шамол.
Жилмаяр оғзининг таноби қочиб,
Шудгорланган дала устида ҳилол.
17/02/2020.
Эрта билан соат 8:18. Канада, Онтерио.
Куз ҳасрати
Тиконга илинди туманлар этаги,
Ўтлоқда йилқилар юргандай ўтлаб.
Дала — тузнинг қуриб қолган чечаги —
Қоқиўт тўзғоғин бўларми бутлаб?
Хилватларда базм қуради жинлар,
Борлиқ шароб тўла қадимий хумдай.
О бўм бўш, тахтадан ясалган инлар,
Жанубга хасратла боқмангиз бундай!
16/02/2020. Канада.
Хиёбон
Ё пирай, сен буни қаердан билдинг?
Ҳа, барги хазонлар чирпираб учар.
Табиат ҳадемай, эрта ё индин,
Бўлмасайди қишнинг қаҳрига дучор.
Боғда барги хазон учади пастлаб,
Новдадан узилиб тушгани оздай.
Дафтар ҳам хурпайиб, қанотин ростлаб,
Учиб кетмаса бас жанубга ғоздай.
16/02/2020. Канада.
Июль
Боғларда тентиган дайди капалак,
Севган жуфти билан охир топишар.
Қушларга ҳайқирар боғбон капада,
Олис увотларда бўзлар попишак.
Сароб сипқоргандай сукунат майин,
Тин олар тўрғайлар сайраган ўтлоқ.
Телбадек чарх уриб, чирпирар қуюн,
Кимсасиз далада тўзғитиб тупроқ.
Омонат кўприкдан, қўлингда челак,
Сувлар кўзгусига боқасан беҳол.
Йўлга термулади лаллайган терак,
Сукунат қилт этмас, оёқлари шол.
16/02/2020.
Эрта билан соат 8:57.
Канада, Онтарио.
Гилам
Ит қувган соқовдек чопади пойиз,
Оғир вагонларни ортидан судраб.
Ой оппоқ нилуфар, осмон эса ховуз,
Хуррак отаверар бақалар, мудраб.
Теларсиб ахтарар тунамоққа жой,
Дарбадар шаббода, кўзлари сўқир.
Дарахт шохларининг соясидан ой,
Йўлга тўшаш учун поёндоз тўқир.
15/02/2020. Канада.
Озодлик
Очиб юбордилар қафас дарчасин,
Осмону фалакка ҳаволанди қуш.
Учди у, унитиб барча — барчасин,
Англолмай кўргани ўнгми ёки туш.
Учар қанотлари кетгудай титилиб,
Парларини шамол тортқилаб юлар.
Қафас, озод бўлиб, қушдан қутилиб,
Оғзини ланг очганча кулар.
15/02/2020.Канада.
Кечув
Ўзанидан тошар баҳорий дарё,
Босар ўтлоқлару дала даштни сув.
Шамол тол кокилин ўйнар бепарво,
Гоҳо капалакни қувлаб кетар у.
Оғир, оппоқ қорпўстинларин ечиб,
Йўллар ўрмалайди қаёққа?
Кўм — кўк осмонларни ўтади кечиб,
Дарахтлар, шошилмай ёғоч оёқда.
14/02/2020. Канада.
Боғда пичирлайди дуогўй хазон
Чалинмади ҳали черковларда жом,
Ҳали янграмади масжидда азон.
Қўнмади ўрмонлар этагига шом,
Боғда пичирлайди дуогўй хазон.
Дов дарахт жандаси оқар дарёда,
Тобора юксалар булут хирмони.
Осмон саҳросида кўтарар фарёд,
Кўчманчи қушларнинг ғариб карвони.
14/02/2020.
Кундуз соат 12:15.
Канада, Онтарио.
Қордан ёришади руҳинг даласи
Ойдиндек оқарар йироқ йироқлар,
Қарайман, музлаган ойнани артиб.
Қорбўронда порлар маюс чироқлар,
Қор учқуни тўзғир бетартиб.
Қор тўхтамай ёғар пахтадек хўппак,
Саржинда ўтинлар ётар қалашиб.
Эриниб хуради зулматда кўппак,
Қордан ёришади руҳинг даласи.
14/02/2020.
Эрта билан 9:43.
Канада, Онтарио.
Соғинч
Тўлқинлар, узоқдан мени кўриб,
Бир бирини қувлаб, қирғоққа чопар.
Мени соғингандай улардан бири,
Сакраб, қучоғимга ўзини отар…
Олис ҳотиралар, биз учрашган жой,
Чағалайлар оҳи гирдибодимда.
Майин сочларингни висолгохда ой,
Ёритган лахзалар ҳамон ёдимда.
Борсам, танирмикан дарёнинг лаби,
Қари тол боқарми йўлга интизор?
Учрашганда денгиз тўлқинлари каби,
Отасанми ўзингни қучоғимга, ёр?
13/02/2020. Канада.
Совға
Истасангиз, эсдалик учун шу пашшаўлдиргични сизга совға қиламан. Сиз у билан бекорчилик жонга теккан маҳаллар, сокин сукунатли дала ховлингиз ойналарига қўнган мудроқ пашшаларни ўлдиришингиз мумкин — дея мен соҳибжамол аёлга ўзимнинг яқинда нашрдан чиққан, юпқа дафтарни эслатгувчи пиёзпўсти китобимни совға қилдим.
13/02/2020.
Кундуз соат 10:10.
Канада, Онтарио.
Поезд
Гоҳида ўрмалар, гоҳ учар қушдай,
Чинқирар зулматда телбага ўхшаб.
Узоқ узоқларда чалади хуштак,
Пишқиради хорғин, қайдадир тўхтаб.
Мана эллик йилки, мисоли ҳайкал,
Қаққайиб турибман перронда ҳамон.
Ҳамон кетиб борар бир пари пайкар,
Кўзида жиққа ёш, мангулик томон.
12/02/2020.
Кундуз соат 1:38.
Канада, Онтарио.
Ой порлаган оқшомлар
(Латибжон Кенжаевга)
Боғларда чирилдоқ чириллаган тун,
Ғамнок бўзаради айвон чироғи.
Парвоналар эса чарх урар беун,
Том устида порлар ойнинг ўроғи.
Жовдирайди олис юлдузлар кўзи,
Ой, «гах!» десанг гўё қўнгудек қўлга.
Пахса девор оша, бўйнини чўзиб,
Тераклар дўстимдай қарайди йўлга.
12/02/2020.
Кундуз соат 11:16.
Канада, Онтарио.
Сув тиниқ, балиқлар билтанглаб сузар
Дарё тўлқинлари қумлоқни ялар,
Соҳилларда бошоқ чиқарган шоли.
Шитирлаб, шивирлаб, ёмғир савалар,
Шамолда шовуллар қамишлар ёли.
Делта суви оппоқ кўзагулларга тўла,
Сув тиниқ, балиқлар билтанглаб сузар.
Хўракни талашиб, сув остида улар,
Силтаниб, қармоқнинг қил ипин узар.
Ёмғирли соҳилдан келмайди кетгим,
Илинсада балиқ қармоққа минглаб.
Боқаман сувдаги халқаларга жим,
Шивирлаган ёмғир оҳини тинглаб.
Ёмғир савалаган соҳиллар сўлим,
Кўзларим — баҳорий дарё ўзани.
Сув олгани келсанг соҳилга, гулим,
Кўзларимга ботир кўзани.
12/02/2020. Канада. Онтерио.
Қишки чивинларнинг оппоқ галаси
Кўча фонусларин талайди, тўзғиб,
Оппоқ чивинларнинг телба галаси.
Қалин қоркўрпалар остида мизғир,
Зулматда оқарган фермер даласи.
Муз остида мудраб ётибди анҳор,
Кумуш занжир, кишан каби шалдираб.
Майли ҳаялласин, кечиксин баҳор,
Ўкирмасин телба момақалдироқ.
Майли ухлайверсин, уйқуни урсин,
Қировли чорбоғлар, қор босган дала.
Кўча фонусларин ухлатмасин бир зум,
Оппоқ қорзарралар чивини талаб.
11/02/2020.Канада.
Ой
Ой анҳорда қалқир ярим тун,
Сувга тушган коптокдай беҳол.
Уни чўпак билан суриб, тутиб олмоқ учун,
Анҳорга энкайиб узанади тол.
10/02/2020.Канада.
Денгиз оқшоми
Бандаргох тамонда порлайди чироқ,
Юлдузлар ярақлар шудрингдай тонги.
Олислардан мени чорлайди узоқ,
Кемаларнинг бўғиқ, ҳасратли бонги.
Сувлар саҳросида денгиз туялари,
Ўркачида чағалай галаси ухлар.
Осмонни кемирар юлдуз куяси,
Тугаб борар тунга берилган мухлат.
Шовуллаб, тебранар баҳайбат бешик,
Шовқиндан иборат денгиз лисони.
Ўтади булутлар сийнасин тешиб,
Ой нури қопдаги бигиз мисоли.
10/02/2020.
Кундуз соат 3:49.
Канада, Онтарио.
Саҳро
Шолоплайди қирғоқ, денгиз чайқалар,
Офтоб шуъласида товланади тўр.
Гала гала учган оппоқ чайкалар,
Чийиллайди денгиз шовқинига жўр.
Қирғоққа бош уриб, қиқирлаб кулган,
Тўлқинлар бир бирин қувлаб, қувонар.
Кимсасиз саҳрода шамоллар юлган,
Шувоқ, туяқорин каби думалаб.
10/02/2020. Канада.
Ёз
Капалаклар учар ўнгу сўлимда,
Тўрғайлар сайрайди тўлиқиб, тошиб,
Буғдойзорда пешвоз чиқар йўлимга,
Дала қўриқчиси, қучоғин очиб.
Ёзги пайкалларда жимирлар сароб,
Бир маромда ўнтаб, оҳ чекар ғуррак.
Гўё узоқларда, жийдазорлар аро,
Жавзо ухлаб ётар, отганча хуррак.
24/01/2020. Канада.
Ёмғирли шаҳар
Ёмғирдан юз ёшга ёшарди шаҳар,
Автобус қайиқдай юради сузиб.
Йўловчиларга сув сачратиб ўтар,
Ҳаммани кулдириб, ичагин узиб.
Чиқар, олд эшикка ўзини урар,
Ва орқа тамондан тушади авом.
Автобус одамдай тиржайиб кулар,
Сўнг яна йўлида этади давом.
09/02/2020.Канада.
Шовуллар шамолда денгиз даласи
Қах — қах отиб кулар момақалдироқ,
Долғалар қўйпода сингари чопар.
Чекинар тўлқинлар, чекинар фироқ,
Ёмғирларда руҳинг ҳаловат топар.
Шовуллар шамолда денгиз даласи,
Наханглар ҳанжари сувни чавақлар.
Қанотлари ила чағалайлар галаси,
Мовий тўлқинларни ўқир, варақлаб.
09/02/2020. Канада.
Ғариб чироқлар
Осмонда юлдузлар ётар чарақлаб,
Шаҳар жим, халойиқ кетгандай кўчиб.
Ойдинда ўз соясига ўзи дарахтлар,
Ҳавотирли қарайди, чўчиб.
Юлдузлар жимирлар кўзёш сингари,
Зулматнинг тим қора киприкларида.
Сувга термулади маюс ва ғариб,
Фонуслар дарёнинг кўприкларидан.
09/02/2020.
Кеч соат 5:30.
Канада, Онтарио.
Топталган гулхан
Булут лавасига чўкаркан қуёш,
Кун ҳам ёниб битар, қораяр само.
Чарчаган кўппакдай тин олар, ювош,
Тилин сакиллатиб югирган шамол.
Дарчаларнинг олмос чироғи порлар,
Зириллар чирилдоқ чириллаган жой.
Йўлимга соясин тўшайди толлар,
Жим, сассиз, садосиз сузиб юрар ой.
Беминнат, мусаффо, шифобахш ҳаво,
Бақалар қуриллар узоқда шўх -шан.
Милтиллаган чексиз юлдузли само,
Топтаб ўчирилган гулханга ўхшар.
09/02/2020.
Эрта билан соат 9:20.
Канада, Онтарио.
Китобсевар
Шовуллайди шамол шаштида ўрмон,
Ёлғиз учиб юрар дайди капалак.
Осмон булутлардан кўтарар хирмон,
Узоқда қораяр кулба, капалар.
Дов дарахт ичгандай сукунат майин,
Ўргимчак кимгадир беланчак тўқир.
Новдасига қўнган капалакни қайин,
Оппоқ китоб каби авайлаб ўқир.
08/02/2020. Канада.
Хуштак
Дарчадан қорларга қарайман ҳамон,
Қутб қашқиримас, изғирин увлар.
Қордан қанот ясаб учаркан шамол,
Оппоқ учқунларнинг ортидан қувлар.
Қоручқунлар учар зулматда ўқдай,
Ойналарни чўқир устига устак.
Зулматда чинқирган поездга ўхшаб,
Ошхонада чойнак чалади хуштак.
08/02/2020. Канада.
Зулмат
Қор тонгача ёғиб чиқар чамаси,
Боғ кафанга ўранган рухдай.
Қоркўрпа остида дехқон даласи,
Одам каби донг қотиб ухлар.
Гувиллайди қорли кимсасиз кўча,
Қуюн зулматларда шопиради қор.
Хорғин дарчаларда чироқлар ўчар,
Тун — қордан ёришган афсонавий ғор.
Ёқар қишнинг муздек тоза ҳавоси,
Боғлар сочи оппоқ, қариган.
Эшитилар дайди кўппак овози,
Тубсиз зулматларнинг қаъридан.
08/02/2020.
Эрта билан соат 7:52.
Канада, Онтарио.
Боғлар ярим ялонғоч, юпун
Кузнинг ўйчан шамоли изғир,
Ҳазин хору хазонлар оҳи.
Шамолларда чалар сибизға,
Дарахтларнинг ялонғоч шохи.
Дала қўриқчиси кийинган юпун,
Ёрилади кузги боғлар анори.
Ғамгин ҳаволарда сузади тутун,
Қишга туташади кузнинг давоми.
Шамол эса юрар тимирскаланиб,
Гоҳо ўт ўланни қайрийди, тўхтаб.
Худди галадошин бурга, битларин,
Излаётган маймунга ўхшаб.
07/02/3020.
Кундуз соат 12:31.
Канада, Онтарио.
Қорли далалар
(Най созининг қироли Абдулаҳад Абдурашидовга)
Хазонрез шамоллар эсди гувиллаб,
Қушлар учиб кетди гала ва гала.
Кимсасиз ховлидай қолди хувиллаб,
Қор қоплаган яйдоқ кимсасиз дала.
Белигача қорга ботиб, беомон,
Қуриган қамишлар бормоқда қайга?
Балки улар борар соҳилга тамон,
Айлангани шамол шаштида найга?
2017 йил, 16 ноябр. Канада.
Хайқириқ
(Тўбо хола ҳотирасига)
Ёзги далаларда кезар дайди ел,
Салқин чорбоғларга шўнғийди қушлар.
Сароб жимирлаган пайкал аро эл,
Офтоб қиличининг тиғида ишлар.
Соя салқинларда ётган сигирлар,
Ковшаниб, кўзларин юмади, мудраб.
Ҳавода муаллақ тўрғай вижирлар,
Жийдазор томонда ўнтайди ғуррак.
Ошпаз Тўбо ҳола тупроқ тепада,
Қийқирганча элни чақирар чойга.
Дайди капалакни қувлар шабада,
Дов — дарахт сояси тўшалган жойга.
07/02/2020.
Эрта билан соат 8:57.
Канада, Онтарио.
Махшар
Бойликдан батамом қутилди дарахт,
Ташлаб оғир тилла хазонлар юкин.
Ва ғамгин кимсасиз йўлларга қараб,
Хаёлларга ботди, сақлади сукун.
Чорбоғларда дайдиб юраркан шамол,
Қуриган ўт — ўлан бошини силар.
Ҳазонга ёнбошлаб, беғам, бемалол,
Майхўрдай донг қотиб ухлагинг келар.
Аччиқ тутун хиди сузар ҳавода,
Боғларда ўт -ўлан қовжираб қақшар.
Саҳродай кимсасиз сўйи самода,
Қушлар қўзғалони, фарёди махшар.
04/02/2020. Кундуз соат 11:04. Канада.
Куз ҳасрати
Кузак ўт — ўланни авайлаб, асраб,
Хазонларга ўраб қўймоқчи, чоғи.
Кузги толзорларга чўкади ҳасрат,
Қағиллайди боғлар қарғаю зоғи.
Қахрабо баргларин тўкади чинор,
Бўм бўш хиёбонлар хувиллаб ётар.
Боғ қиппа яланғоч, ўйнагандай қимор,
Дов — дарахт уялиб, авратин ёпар.
Пуфлаб ўчирилган шағам каби улар,
Сирли бўлсин дея айёми висол.
Хазонлар шамолда чирпираб учар,
Қанотлари куйган парвонамисол.
03/02/2020.
Кеч соат 6:04.
Канада, Онтарио.
Ҳайрат
(Раҳмон Қўчқорга)
Йўлларга поёндоз тўшаётир ой,
Бир ўзим дайдийман ойдинда яёв.
Юлдузлар бургадек кўкни ҳойнаҳой,
Ухлагани қўймай, чақар беаёв.
Кимсасиз дала -дашт берар акс — садо,
Дарёлар ортида кўппаклар хурса.
Фақат жим кузатар дунёни Худо,
У овозсиз урар, мободо урса.
Дала дашт ортида чироқларин ёқиб,
Хорғин мудраб ётар овоз етмас жой.
Ўтлоқда очилган гулларга боқиб,
Яна анграйганча тилдан қолди ой.
03/02/2020.
Кундуз соат 4:04.
Канада, Онтерио.
Юлдузли осмон
Гулхан ловуллайди, зулматли дала,
Учқунлар чирсиллаб, учар ҳавога.
Ёнарқурт cингари товланганча алар,
Осмону фалакка бўлар равона.
Ёнар ғўзапоя, шабба, хору хас,
Ёлғизлик, сукунат, ойдин ҳаловат.
Назаримда гўё юлдузларга эмас,
Гулхан учқунига тўлди самолар.
01/02/2020.Канада.
Музлаган дарё
Қишнинг сочи оппоқ оқарган,
Биринчи қор, кимгадир сўнги.
Одам қорга ўйчан боқаркан,
Билолмас, бу тушми ё ўнги.
Музлаб қолган дарёдаги сув,
Оппоқ жимлик, мисоли рўё.
Оқчорлоқлар кўтарар қий — чув,
Эри урган хотиндай гўё.
31/01/2020.Канада.
Ойдин сукунат
Ховузга термулар лаллайган дарахт,
Осмон ярақлаган юлдузларга бой.
Оқаришар ойдин кимсасиз дала,
Кўзни қамаштириб порлаётир ой.
Алвон гилослардан боғлар бағри қон,
Олисда бақалар қайнатар шовла.
Донг қотиб ухлайди халойиқ шу он,
Уйғонмас, бостириб келса ҳам ёвлар.
Кимсасиз сукунат, ҳаволар текин.
Аршга етиб борар чирилдоқ оҳи.
Мўралаб қўяди дарчаларга секин,
Осмону фалакнинг малика, мохи.
25/01/2020.
Тунги соат 1:54.
Канада, Онтарио.
Тунги лайлакқор
Йўқдир қорзарралар саноғи, сони,
Қиш зулмат қаърида шопиради қор.
Дўстидан айрилган одамдай фонус,
Ўйчан термулади йўлга интизор.
Айвонда ағрайиб ётар ковушлар,
Ёруғ деразалар бўзарар ҳамон.
Кимсасиз боғларда изғиб, ховучлаб,
Дарчаларга гуруч сочади шамол.
Қорли йўлга боқиб, хаёлинг оғар,
Оқарар осуда дала, қир — қия.
Қор аста шивирлаб, жимгина ёғар,
Эл -улус уйғониб кетмасин дея.
23/01/2020.
Кундуз соат 4:32.
Канада, Онтерио.
Тасодифий учрашув
(Синфдош дўстим Эргашбой Аҳмедовга)
Шамол, сени танидим, ишон,
Бу сен, ўша далада эсган.
Ғир -ғир эсиб, ул оташфишон,
Жазирама тафтини кесган.
Ҳамқишлоқлар омонми, шамол,
Соғиндими эл мени ростдан?
Ёмон кўрма, олмагин малол,
Сенга дардим айласам достон.
Шалдирарми дарё кечуви,
Биз қўй, сигир ҳайдаб ўтган жой?
Ялтирарми дарёнинг суви,
Қўрғонласа сукунатда ой?
Чўчқахона ҳалиям борми?
Шовулларми тераклар ҳамон?
Ёлғизоёқ сўқмоқ элтарми,
Одамларни соҳилга тамон?
Балки булутларнинг тубида,
Ой сийнаси қолар очилиб.
Шаффоф шолипоя сувида,
Минг -минг юлдуз ётар сочилиб…
Кечир, йўлдан қўйдим наҳорда,
Гигант эдим, уйга сиғмадим.
Уммон орти, олис шаҳарда,
Шамол, сени таниб, йиғладим.
25/02/2014. Канада. Бремптон шаҳри.
Фаррош
Осмонни тўлдириб, гала ва гала,
Шоша пиша учиб кетмоқда қушлар.
Уйқуга кетади ҳадемай дала,
Кўрмоқ учун оппоқ, ҳайрли тушлар.
Кўчманчи қушларга тилар баргрезон,
Бехатар сафару сабр ва бардош.
Топ -тоза йўлакка тўкилар хазон,
Пичирлаб сўкади шамолни фаррош.
23/07/2022.
Кундуз соат 9:10.
Канада, Онтерио.
Бўса
Қайин шовуллайди, шаббода эсар,
Какку қайлардадир сайрайди ёлғиз.
Йўл йўл майка кийган ўроқчи эса,
Астойдил ўт ўрар, қўлида чалғи.
Дарёда ўрмалар эринчоқ туман,
Шамол ўроқчининг ёнидан ўтар.
Ёз дайди ва довдир капалак билан,
Ўтлоқда гулларни авайлаб ўпар.
22/07/2022.
Кеч соат 7:36.
Канада, Онтерио.
Ёмғир қўшиғи
Ёмғир жимиб қолди.
Сўнг, шитирлай бошлади яна,
шитирлаган каби қамишзор,
олис ва унсиз чақинлар
чақнаётган кўклам зулматларида,
ўзларини тамом унутиб,
куйлаётган бақаларнинг
ҳазин овозларин эслатиб менга.
Ёмғир деразанинг ойнасин чертар,
аста, қитирлатиб,
шеър ёзаётгандай худди.
20/07/2022.
Эрта билан соат 8:32.
Канада, онтерио.
Ёлғиз дайдиб юрар ойдинда кирпи
Чирилдоқ ўзини унутиб куйлар,
Гоҳ баланд пардада, гоҳида босиқ.
Мудраб ётар дарё ортида уйлар,
Чироқлар маржонин бўйнига осиб.
Ховузга термулиб, ўй -хаёл сурган,
Толлар кокилини ўйнайди сабо.
Сукунат далалар ортида хурган,
Итлар овозига берар акс — садо.
Порлар сомон ғарам устида хилол,
Кўкда булутларнинг пардасин йиртиб,
У ёқдан бу ёққа чопиб,бемалол,
Ёлғиз дайдиб юрар ойдинда кирпи.
19/07/2022.
Кундуз соат 10:34.
Канада, Онтерио.
Карам
Қорли ойдин кеча, ёлғиз бир ўзим,
ғарт — ғурт босганимча қорларни
дайдийман, сен ҳақда муттасил ўйлаб.
Сенсиз қор қоплаган жим жит кўчалар
ўхшар ой ёритган саҳрога, чўлга.
Ёруғ дарчалардан қор уюмларига
ёғиларкан хорғин шуълалар,
дарахтлар соясин тўшайди йўлга.
Балки сенинг олисларда қолган
уйинг томини ҳам, ховли, боғингни
қоплагандир қалин оппоқ қор.
Шулар ҳақда ўйлаб брар эканман,
қорлар ғижирлаши эслатди менга,
ошхонада ғарт — ғурт эткизиб,
карам тўғраётган чоғингни.
18/07/2022.
Эрта билан соат 9:09.
Канада, Онтерио.
Илоҳий нафас
У Исомас, куф -суф дея дам солиб,
тирилтирай деса мурдани.
Фельдшер ҳам эмас, аксига олиб,
«Тез ёрдам»да тунлар кезиб юргани.
Оддий, сиз билан биз каби одам.
У шунчаки, қаҳратон қиш чилласида,
оҳиста, авайлаб, кафтига олиб,
гугурт чўпларидай ингичка, нозик
оёқларин кухлаб, иситиб,
тумшуғига пуфлаб юриб, охири,
тирилтирди чалажон қушни.
16/07/2022.
Кеч соат 7:57.
Канада, Онтерио.
Йилдирим
Чақинлар олисда чақмоқтош ёқар,
Дов дарахт лашкари тушган асирга.
Қўшоғиз милтиқдан гўё ўқ отар,
Осмонни ларзага солиб, қасирға.
Сел шаррос қуяди, шиддати жиддий,
Ўт ўлан қўрқувдан қалтираб, қақшар.
Зулматда ялт этган йилдирим, худди,
Инсоннинг лаҳзали умрига ўхшар.
16/07/2022.
Кундуз соат 9:24.
Канада, Онтерио.
Ёз оқшоми
Айланар оқ қора тасвирга ранглар,
Уфқлар жарохатин даволайди шом.
Узоқда кемалар фарёди янграр,
Масжидларда азон, черковларда жом.
Тўлқинлар бир бирин қувгани қувган,
Чўлпиллайди азим дарёнинг лаби.
Соҳил тошларига бош урган сувда,
Ликиллар ой қармоқ пўкаги каби.
12/07/2022.
Кеч соат 6:22.
Канада, Онтерио.
Айрилиқ
Ёқмасам, ка — а -а — атта кўча — дединг,
кўчага чиқдим.
Кўча жим — жит эди, кимсасиз, ойдин.
Мен авваллари билмас эканман,
кўчанинг бунчалар
катта бўлишин.
2002 йил , 2 октябр . Ярим тун .
Андижон шаҳри 4 — кичик даха.
Ойдин кеча
Халқа халқа бўлиб, қумлоқни ювган,
Соҳил сувларини келади кечгинг.
Тўлқинларни дайди шаббода қувган,
Кўринмас теварак атрофда ҳеч ким.
Оппоқ сукунатга ўраниб ухлар,
Ўлгудай чарчаган дала, қир -қия.
Ўпишгани қўрқар севишган жуфтлар,
Биронтаси кўриб қолмасин дея.
12/07/2022.
Эрта билан соат 7:12.
Канада, Онтерио.
Капалак
Кимсасиз осуда жим — жит йўлакка,
ҳазин шовуллаган кузги қайиннинг
қаҳрабо барглари тўкилар аста.
Эси оғиб қолган, ховлима ховли,
дайдиган хазонрез саёқ шамолнинг.
Сув қуйгандай жим -жит теварак атроф.
Боғда гулдан гулга оҳиста қўниб,
гоҳ кимсасиз йўлакни пайпаслаб, ўпиб,
бир оппоқ капалак, етимдай ёлғиз
учиб юрар, кимнидир излаётгандай.
Учиб юрарди у, худди тунлари
мен ёзган шеърларни нотбукингдан
бировга кўрсатмай ўқиётган пайтинг,
сўзлардан сўзларга учиб, қўнгувчи
маъюс нигохингдай, севгилим.
10/07/2022.
Кундуз соат 3:08.
Канада, Онтерио.
Далалар устида порлаётган ой
Чиқиллайди вақт бомбаси,
Эшик қўшиқ айтади хурсанд.
Кулбам гўё мухташам қаср,
Пол ғижирлаб қўяди юрсам.
Саболарда тебраниб шоҳи,
Сукунатда гуллар настарин.
Чириллаган чирилдоқ оҳи,
Ағдарар тун авра астарин.
08/07/2022.
Кундуз соат 4:08.
Канада, онтерио.
Кўлмак
Боситириб келаркан булутлар яқин,
Милтиқдан ўқ узар қалдироқ мерган.
Чақмоқтош ёқади зулматда чақин,
Иккимизни излаб, гунохкор ердан.
Чақиндан ялтираб япроғи, шохи,
Маҳзун шовуллайди шамолда қайин.
Шивирлаб, бўғзида илоҳий оҳи,
Ёмғир бирдан ёғиб юборар майин.
Кўлмак кўзгусига мўлтайиб боқар,
Фонус ўйчан одам сингари.
Ёмғир ойналардан кўз ёшдай оқар,
Совуқ ялтиллайди чақин ҳанжари.
Дов дарахт шохини шамол эгадир,
Қоронғи зулматнинг кўзлари сўқир.
Дон -дун бўлмаса ҳам ерда, негадир,
Ёмғир тўхтамасдан йўлакни чўқир.
07/07/2022.
Кеч соат 8:55.
Канада, Онтерио.
Ғоя
Онажон, бу кечиккан гулларни энди ,
қаерга қўяман, ўзинг айт, ахир,
қабринг океанлар ортида бўлса…
Шундай дея ўйлаб, кутилмаганда
ажойиб бир ғоя миямга келди.
Сўнг, сенга аталган ўша гулларни
охиста, авайлаб оқизоқ қилдим
осмонлар акс этган азим дарёга.
Сенга етиб борар дея ўйладим
кечиккан ва сенга аталган гуллар.
Ахир, сен, мана неча йилларки
ўша дарё сувида акс этган мангу,
бепоён осмонда яшайсан ёлғиз.
05/07/2022.
Кундуз соат 12:38.
Канада, Онтерио.
Қувғин
Эргашади ортимдан соям,
Қаро зулмат қовоғин уйган.
Чарчаганман яшашдан ғоят,
Хотин хайдаб юборди уйдан.
Юлдузлардан қамашар кўзим,
Дарчаларда чироқ ўчади.
Яна дайдиб, ёлғиз бир ўзим,
Қаршилайман тонгни кўчада.
04/07/2022.
Эрта билан соат 6:49.
Канада, Онтерио.
Ғам
Сездирмай, оҳиста кириб келар куз,
Кўйлагида юзлаб хазон ямоғи.
Руҳимдай хувиллаб ётар дала -туз,
Уйилар булутли осмон қовоғи.
Тўкилган баргларни тўзғитади ел,
Ёлғиз дайдиб юрар боғларда кузак.
Моҳир нонвой каби, қиш ғамида эл,
Пахса деворларга ёпади тезак.
03/07/2022.
Кундуз соат 4:52.
Канада, Онтерио.
Энди қайтиб вафот этмагин
Қийнар сени ҳижрон деган дард,
Ёлғизмассан, бола чақанг бор.
Йиғламагин, кўз ёшингни арт,
Ва йўлимга боқма интизор.
Ўртамизда уммон, қир -қия,
Тоғу тошлар, тебранмас, тепсанг.
Билсам, «Мени ўлибди дея,
Унга айтиб қўйинглар» дебсан.
Ўлмаганинг, тириклигинг рост,
Бу дунёдан эрта кетмагин.
Кейин, сендан битта илтимос,
Энди қайтиб вафот этмагин…
03/07/2022.
Кундуз соат 4:27.
Канада, Онтерио.
Ой узоқ тинглайди бақалар нутқин
Юлдузлар совуқдан қалтираб, қақшар,
Тинчиб қолди хорғин итлар овози.
Сутдек оппоқ, ойдин кечага ўхшар,
Стол устидаги ёзув қоғози.
Билмадим, вақт қандай оёқсиз юрар,
Осмон юлдузларга ётар таланиб.
Пастак деразадан кўриниб турар,
Ойдиндаги олис пичан ғарами.
Шамол ҳам ховлида дайдимай қўйган,
Ётибди қайдадир, мисоли тутқун.
Соҳил сувларига термулиб, ўйчан,
Ой узоқ тинглайди бақалар нутқин.
03/07/2022.
Эрта билан соат 8:39.
Канада, Онтерио.
Зулмат
Ғамгин милтиллайди узоқларда чўғ,
назаримда, тутунни тутунга улаб,
тамаки чекмоқда кашанда зулмат.
Ичи мўрининг сингари қорайиб,
ўпкаси ҳам чириб, тамом бўлгандир…
Нега чекяпти экан? Балки, хотини:
-Сен ҳам одамлардай, чет элга бориб,
ишлаб, пул топиб келсанг, ўласанми? -дея,
жанжал кўтардимикин ярим кечаси?
Ўзи хотинининг жағи ёмонда.
Ишқилиб, охири баҳайр бўлсин.
Худо кўрсатмасин, хотини шундай
жанжал қилаверса, чидолмай зулмат,
узун арқон билан, аччиқ устида
оғилхонанинг йўғон пешхорисига,
осиб нетиб қўйса ўзини шартта
кўринг томошани.
«Дылл! Дылл!Дылл!Дылл!» » деб юргувчи
«Урал» русумли кажавали мотоциклини
капа капа қилиб хайдаб, шогирди билан
участкавой лейтенант Шгабуддинов
етиб келса керак, узоқ кутдирмай?..
Яхшиси, бу ердан суришим керак…
02/07/2022.
Тунги соат 10:36.
Канада, Онтерио.
Ёз кечаси
Шамол дайдиб юрар, ҳаво мусаффо,
Ой ҳамон ёритар Худонинг мулкин.
Кеча шу қадар жим, сокинки, ҳатто,
Бақалар овозин эшитиш мумкин.
Мопед тириллатиб, ой мудраган пайт,
Кимдир хориб, чарчаб, уйига қайтар.
Бу ҳақда кимсасиз, сокин сукунат,
Қулоғимга секин, шивирлаб айтар.
01/07/2022.
Кеч соат 8:52.
Канада, Онтерио.
Дуо
Маҳзун увиллайди қорли далада,
Бўғзигача қорга ботган ўт -ўлан.
Аранг жон сақлайди қушлар панада,
Ҳеч ким қор шопирмас шамолдан бўлак.
Қорбўрон фарёдин тинглайман, ётиб,
Ҳар ҳолда, сандал бор, совқатса қўлим.
Илоҳо, зулматда қорларга ботиб,
Излаб тополмасин кулбамни ўлим.
01/07/2022.
Кундуз соат 11:02.
Канада, Онтерио.
Тунги поезд
Порлаб турган маҳал том устида ой,
Поезд кўз илғамас зулмат қаърида,
Чинқирди, тополмай беркингани жой,
Олис адирлардан ҳам нарида.
У шу қадар қаттиқ қичқирдики, кўкдан,
Юлдузлар маржондай тўкилди сувга.
Шунданми тун жимлик қаърига чўккан,
Шундан ўт ўланни шудрингми ювган?
Қарайман ой нурин тўшаган йўлга,
Далалар ойдинда хаёлга толди.
Поезд чинқираркан, зардобга тўлган,
Юрагини бўшатиб олди.
30/06/2022.
Кеч соат 8:46.
Канада, Онтерио.
Куз ёмғири
Ўйланасан кузги кечада,
Чеки борми дея фироқнинг.
Эси оғар бўм -бўш кўчада,
Маюс ўйга ботган чироқнинг.
Тўлар сирли шивирга ҳаво,
Руҳинг каби мусаффо, тоза.
Наҳот севги айлади қазо,
Ёмғир кимга очмоқда аза?..
Осмонларга элагин тутар,
Фонус ғамгин нурин элаклаб.
Бўм -бўш шаҳар уйқуга кетар,
Куз ёмғири қуяр челаклаб.
27 май, 2014 йил.
Тунги соат 10 дан 49 дақиқа ўтди.
Канада.Бремптон.
Кузги қайин
Хазонларни учирмоққа шай,
Кузнинг ўйчан, латиф шамоли.
Автоулов чумолихўрдай,
Ишга шошган авом -чумоли.
Чирпирайди етим япроқлар,
Куз келтирди баргларга қирон.
Хазон эмас, тилла титроқлар,
Қўрқитади уларни бўрон.
Ўйламайди бу ҳақда қайин,
Кокилларин ёйиб насимга.
Йўл бўйида шовуллаб майин,
Қайта -қайта тушар расмга.
27/10/2014. Бремптон шаҳри, Канада.
Қорли кеча ва ёруғ нийят
Оппоқ қорзарралар учқуни сокин,
Қўнса кипригинга, сочинга юзлаб.
Десанг — наҳот, совуқ булутлар ҳоким,
Осмондан юлдузлар тушмоқда музлаб?
Қор тўхтамай ёғса, ёғса бўралаб,
Дайдисак эл — улус ётганда ухлаб.
Пинжимга суқилсанг,пальтога ўраниб,
Совқотган қўлларинг иситсам кухлаб.
Соямиз туташса, учқунлар тинмай,
Тўзғиса, чирпираб тушса эланиб.
Узоқ суҳбатлашсак, кетгимиз келмай,
Фонус ёруғида қорга беланиб.
20 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 5 дан 39 дақиқа ўтди.
Канада. Бремптон шаҳри.
Баҳор оқшоми
Кўз ёшдай тўкилар гилос гуллари,
Сўнади уфқларда оташи сўзон.
Ҳаловат тўшалган боғда тунлари,
Нафис ой шуъласи, гўзал гул тўзон.
Оппоқ гул ёғади мисоли рўё,
Ойдан ёришади овоз етмас жой.
Кул билан ювилган идишдай гўё,
Сокин ховузларга чўкиб кетар ой.
13 май, 2014 йил. Канада.
Пион
Кўча фонуси ўз плафонининг ерда синиб ётган парчаларига паришон термулганича маҳзун хаёлларга ғарқ. Худди оппоқ гулпаллалари тўкилган пион гулидай.
24/01/2020. Канада.
Ватан хаёли
Ботар пахтазорлар ортига қуёш,
Ловуллайди алвон уфқлар этаги.
Туман чўка бошлар далага ювош,
Кўкда юлдузларнинг кепаги.
Кимсасиз йўлларда сукунат ҳоким,
Шамол ҳам боғларда юраркан санғиб,
Боғдаги дов -дарахт ортидан сокин,
Паришон ой чиқади балқиб.
Бирин кетин хорғин чироғин ёқар,
Шуълаафшон дарчали уйлар.
Искабтопар элни аямай чақар,
Чирилдоқ ўзини унитиб куйлар.
Йўлда бўйнин чўзиб марайди бузоқ,
Пода хайдаб ўтар кўчадан кимдир.
Қуриллар соҳилда бақалар узоқ,
Сомон йўли, юлдузлар жимдир.
14/06/2016. Канада.
Ойдин сукунат
(Тоғам Ҳурмуҳаммад Кенжаевнинг порлоқ ҳотирасига)
Тоға, Чувамада ҳозир ҳойнаҳой,
Оқшом тушиб, қуёш ботгандир.
Оппоқ чинни товоқ каби ой,
Тентаксойда чўкиб ётгандир?
Тошқин бузган кўприк ходаси,
Тахталари ётгандир кўчиб?
Сув кечарди сигир подаси,
У кўприкдан ўтгани чўчиб.
Қуриллайди балки бақалар,
Қирғоқларда қамишлар оҳи.
Дайди тулки сувлар ёқалаб,
Қулоқ тутар жимликка гоҳи.
Сўқмоқ уни соҳилга бошлар,
Ғир ғир эсар тунги шабада.
Кўринар сув остида тошлар,
Боғбон эса ухлар капада.
Юлдузларни жимлик хоритар,
Олис осмон -овоз етмас жой.
Қабрингизни ғамгин ёритар,
Жим -жит, сокин сукунатда ой.
22/10/2017. Канада.
Апрель
Қуёш ботиб, ғамбода, ғариб,
Уфқларнинг гулхани сўнар.
Эриган қор сувин сипқориб,
Шом қушлари боғларга қўнар.
Ҳилол кўкда порлар паришон,
Кўрасан кўз илғамас жойни.
Мен севаман, севаман, ишон,
Апрель деган ёлғончи ойни.
Биллур қандил сингари томдан,
Сумалаклар тушар узилиб.
Чакиллаган илиқ оқшомда,
Эл уйқуси кетар бузилиб.
1990 йил . Баҳор . Андижон шаҳри.
Чўлқувар
Ёшлигимда чўлқувар эдим,
Қувар эдим чўлларни ёмон.
Чўллар мендан қўрқиб қочарди,
Кулгим қистар, эсласам ҳамон.
Қувмай десам уйқу бермасди,
Қуварликнинг муқаддас бурчи,
Бўронда ҳам қувлайверардим,
Кўзда қумнинг қалампир-мурчи.
Билсам, бекор қувган эканман.
Дарёларда қуриди сувлар.
Қасос дунё экан бу дунё,
Бугун энди чўл мени қувлар.
1988 йил. Тошкент.
Капалак бўрони
Эсингдами, бир кун, сайр қилиб юриб,
минг — минглаб оппоқ калакларнинг
қуршовида қолиб кетгандик иков?
Бир бирини қувлаб, учарди улар
гулларга қўнишни сира истамай.
Фақат қўнар эди чарчаса, сенинг
сочинга ва қайрилма киприкларинга.
Айрилгимиз ва уйга кетгимиз келмай
узоқ вақт сайр қилгандик бирга
оппоқ капалаклар бўрони аро.
Дов дарахт, кўчалар, одамлар, уйлар
кўринмай кетганди капалаклардан.
24/06/2022.
Кундаз соат 3:51.
Канада, Онтерио.
Дўст
(Ўзбекнинг энг ёниқ шоирларидан бири, марҳум дўстим Равшан Файз хотирасига )
Шеърларингда баҳор, булут босқини,
Шаррос қуяр гоҳо шиддатли жала.
Дарё издан чиқар, баҳор тошқини,
Кўринмай кетади ёмғирда дала.
Мойчечак лабидан авайлаб ўпар.
Ёзги ўтлоқларда дайди капалак.
Чуғурчуқ бўрони гувиллаб ўтар,
Хайқирар қушларга боғбон капада.
Куз келар, эгнида хазон ямоғи,
Гала гала учар жанубга қушлар.
Кўчманчи қушларнинг йўқдай саноғи
Эл қарар осмонга, ёқасин ушлаб.
Англолмас кўргани тушми ё ўнги,
Кимсасиз, туманли далалар рохи.
Сўю самоларга кетади сингиб,
Турналарнинг ғамгин фарёди оҳи.
2003 йил , 27 ноябр .
Тунги соат 9:30. Андижон.
Она юрт соғинчи
Бир соат ичида дунё қариди,
Ёш туриб сочларинг оқарди январ.
Жилмаяр таҳайюл туманларида,
Лаблари атиргул, сочлари анбар.
Дарахтлар югирар тепаликларда,
Оппоқ учқунларни тўзғитганда ел.
Баҳор келди, музни ёриб чиқ! — дея,
Яна бойчечакни алдайди апрел.
Мен энди муштлашиб қовоқхонада,
Ароққа чўкмайман ҳасратга тўлсам.
Қанийди Ватанда, қорли далада,
Гулханга термулиб жимгина ўлсам.
Дайди шоир ўлди — дея одамлар,
Кўмишса, устимдан тортишса тупроқ.
Хонанга қамалиб, ёлғиз у дамлар,
Сен ўзинг йиғлайсан ҳаммадан кўпроқ.
1 декабр, 2012 йил.
Кундуз соат 2:12.
Кембридж шаҳри, Канада.
Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари
Ўйга ботган ёмғирли шаҳар,
Эловрайман, қалби сўқирман.
Кўр ёмғирга айланиб, саҳар,
Деразангни қушдай чўқирман.
Кўзим оппоқ очилган пахта,
Тергил уни, жоним этаклаб.
Савоб бўлар эди пойтахтда,
Мен сўқирни юрсанг етаклаб.
Туманларда тентираб, дайдиб,
Далаларда гулхан ёқарман.
Балки бир кун Ватанга қайтиб,
Дорвозангни топиб, қоқарман.
Пайпаслайман шаҳло кўзларинг,
Титраётган лабларингни ҳам.
Юзларимга босиб юзларинг,
Шивирлайсан ёмғирдай, эркам.
Қалбларга йўл топар рўзи шаб,
Гарчанд сўқир ишқнинг кўзлари.
Лаблар ёмғир каби чўлпиллаб,
Бир -бирини топар ўзлари.
Ёмғир йиғлар одамдай аста,
Кўз ёшларин ҳеч кимса артмас…
Бошқа топқир аъзолар ҳақда,
Назаримда, ёзиш ҳам шартмас.
25/06/2016. Канада.
Севги ёди
Балки ҳамон мени кутарсан, эсиз,
Боролмайман энди у жойга.
Қандай термулардик иккимиз,
Шуълаларин таратган ойга.
Термулардинг порлоқ ойга сен,
Ипак сочинг шуъладай майин.
У шуъла, у майинликни мен,
Унутолмой ўтмоғим тайин.
Гул бандидай бўйнинга сенинг,
Чирмашмасин ҳижрон печаги.
Қуриб қолма, ғариб севгимнинг,
Қор остида қолган чечаги.
22 апрель, 2014 йил.
Кундуз соат 3:55.
Канада. Бремптон шаҳри.
Кузги терак
Дайдиб юрган эдим, боғларда бадар,
Куз сочиб юборди чумчуқларини.
Улар учиб кетди шошиб, қайгадир,
Шамолларда қайраб тумшуқларини.
Куз хазон рақсига чорлайди кимни?
Гувиллаган маҳал ялонғоч терак.
Терак шохидаги қорайган инни,
Қушлар эслаб, гоҳо соғинса керак?
26 октябр, 2014 йил. Канада.
Кимсасиз йўлларда
Сувга чўкиб кетди булутлар,
Кўриб кузги гуллар ибосин.
Қирғоқларда тераклар, тутлар,
Сув оқизар боғлар либосин.
Гала гала қушлар нарида,
Шиддат билан учар қайгадир.
Балки дарё соҳилларида,
Шоли пишиб ётган жойгадир?
Кўприк узра соҳибжамол қиз,
Термулади сувга, ариққа.
Кезар маъюс, ўйчан қари куз,
Сочларини бўяб сариққа.
26 август, 2010 йил.
Кундуз соат 10 дан 58 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.
Омонат япроқлар
Дарахт қир учида омонат зоғлар,
Сукунатга тўлар осмон қозони.
Секинроқ юраман мен бундай чоғлар,
Тўкилмасин дея боғлар хазони.
15 октябр, 2014 йил. Канада.
Қор
Йўловчи изларин ёпиб борар қор,
Изғирин боғларда сибизға чалар.
Чироқлар олисдан боқар интизор,
Қорли тундрага ўхшайди дала.
Осмон ухлар эди дарахт учида,
Ёстиғини йиртиб, отдими, нетди?
Чирпираб тўзғиган парқу ичида,
Дов -дарахт, далалар кўринмай кетди.
28 октябр, 2014 йил. Канада.
Ой кўнглимиз сингари ярим
Тўрғай бўлсам тонги далада,
Чуғурлардим муаллақ сайраб.
Қарар эдинг қувнаб янада,
Кўзга кафтинг соябон айлаб.
Типратикон бўлсам, бутунлай,
Мен Ватандан кетмасдим бадар.
Ой ёритган ховлингда тинмай,
Чопар эдим то тонга қадар.
Муҳаббатнинг рубоби синди,
Боролмайман энди сен томон.
Биз учрашган далада энди,
Ғувиллайди дарбадар шамол.
Дов дарахтни кеч куз қаритган,
Боғларда бор ҳаё ва шарм.
Соҳилларни ғамгин ёритган,
Ой кўнглимиз сингари ярим.
19/06/ 2011. Канада.
Биринчи қор
Оппоқ қор қоплаган далалар рохин,
Анграйганча тилдан қолибди боғлар.
Қор юки эгибди дарахтлар шохин,
Қахрли қағиллар туманда зоғлар.
Бақирмай секинроқ қағилласа ҳам,
Эшитаман ахир, эмасман гаранг.
Қоркўчки қўзғолар йўталса одам,
Қор турар дарахтлар шохида аранг.
Қор босган далалар бесадо, бесас,
Ҳеч ким ҳалал бермас хаёллар сурсанг.
Йўловчи жилмайиб қўяр, ранжимас,
Қулочкашлаб туриб, қор билан урсанг.
9/01/ 2013. Канада. Торонто шаҳри.
Товуш
Ёмғир ярақлатар йўлларни ювиб,
Мудрайди боғларнинг қарғаю зоғи.
Шамол қанотлари шалоббо ивиб,
Учолмай қайдадир ётибди чоғи.
Фонус шуъласидан нурафшон йўлак,
Сукунат одамдай ўйларга ботар.
Кўлмаклар лиммо лим кўз ёшга тўла,
Хиёбон руҳимдай хувиллаб ётар.
Ёмғирда ювилган хиёбонда жим,
Дов дарахт йўлакка термулган они,
Эшитдим жимликда, аниқ эшитдим,
Чирт этиб япроқнинг узилди жони.
28/10/ 2014. Канада.
Осуда жимлик
Куз келибди билдирмай, аста,
Эл улуснинг тинчини бузмай.
Қушлар галасининг бир пасда,
Кетганини қолибмиз сезмай.
Миқ этмайди, хаёлга ботган,
Менга маълум унинг кимлиги.
Дарахтзорда беркиниб ётган,
Бу осуда кузнинг жимлиги.
Яхшиямки ҳеч ким йўқ экан,
Борганимда дарахт кесгани.
Шошилишда кетаверибман,
Пуфайкамни кийиб тескари.
26/10/2014. Канада.
Одоб
Дарахт шохларини силкитган эди,
Қахрабо барглари тўкилди ерга.
Фаррошнинг сўкиниб айтганин энди,
Айб бўлар дейман, киритсак шеърга?
Фаррош қўлларини кухлаб, исиниб,
Хазонларни тўплаб, гулханда ёқар.
Сўнг ўйчан тутатиб тамакисини,
Узоқ узоқларга хаёлчан боқар.
Қир! қир! -деявериб қирилиб кетар,
Турналарнинг узун найдай томоғи.
Куз бекор қушларнинг қайтишин кутар,
Кийган жандасида хазон ямоғи.
27 октябр, 2014 йил.
Кеч соат 7:44.
Бремптон шаҳри, Канада.
Энди кезар у жойларда куз
Қандай яшнар эди дала туз,
Шовқин солиб ёққан жалада.
Энди кезар у жойларда куз,
Шолғом ковлар дехқон далада.
Қуш галаси дея ўйлабман,
Учиб ўтса ғариб хазонлар.
Мен уларга қараб тўймабман,
Чирпиратса телба тўзонлар.
Дарчаларга босганича юз,
Япроқларин тўкар қайинлар.
Яна қайтиб келинглар деб куз,
Турналарга қаттиқ тайинлар.
27 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 12:22.Бремптон шаҳри, Канада.
Қор қувончи
Гуппа гуппа ёғаверди қор,
Томлар оппоқ, оқарди ерлар.
Оқ варақдай кўчаю девор,
Қор худонинг раҳмати дерлар.
Қорбўронда туртиниб, тойиб,
Йўлда одам танимас дўстин.
Қорбободай боғлар букчайиб,
Кийиб олган қалин қорпўстин.
Ғувиллайди қорли далада,
Чўкиртаклар бўғзигача қор.
Дарчадаги чироқ панадан,
Қорли йўлга боқар интизор.
Ғижирлайди қордаги қадам,
Қор остида қолибди йўлак.
Қорга қараб тўймайди одам,
Ҳамма хурсанд, фаррошдан бўлак.
25/10/2014. Канада.
Ҳотира
Эсингда бўлса, бундан роппа роса
бир неча юз минг мангулик муқаддам
учрашиб, танишган эдик сен билан.
Ғам қайғу, ташвиш, дабдаба, бойлик
бутунлай бегона эди биз учун.
Қалин ўт ўланли ўтлоқда иков,
ўйнаб юрар эдик, ишга ҳам бормай.
Анвойи гуллардан гулчамбар ясаб,
бошинга кийдириб қўярдим тождай.
У пайтлар менинг исмим — Одам,
сенинг исминг Ҳавво эди, севгилим…
06/08/2022.
Кеч соат 6:50.
Канада, Онтерио.
Ўрмонларга туташди йўлим
Йўл четида рақсга тушар,
Нозиккина навниҳол қайин.
Япроқлари чирпираб учар,
Шамолларда чайқалган сайин.
Касод бўлди қушлар бозори,
Сармояси таланди, синди.
Гирватларга соврилди бори,
Чорбоғларда овози тинди.
Туманларда хаёлга толган,
Ўрмонларга туташди йўлим.
Бўронларда япроқсиз қолган,
Новдаларга ўхшайди қўлим.
25 октябр, 2014 йил.
Кундуз соат 3:54.
Канада. Бремптон шаҳри.
Чўталчи
Қўлларида «қирол», «дама», «туз»,
Дов -дарахтлар ўйнайди қарта.
Қимор ўйнаб, тўймайди бу куз,
Ютқазса ҳам бир неча марта.
Сарғайтирди дарахтни ҳасрат,
Ишонмайди айтсанг бировга,
Олтинларин авайлаб, асраб,
Боғлар тикди довга, гаровга.
Шамол тинмай чийлайди қарта,
Беданани қийнайди йўтал.
Фаррош келар кунда бир марта,
Олмоқ учун боғлардан чўтал.
25/10/2014. Бремптон шаҳри. Канада.
Кузнинг ғариб, ғамгин шамоли
Тўзғитганинг етмасми қасддан,
Қўй, қувлама япроқни, шамол.
Сен ҳам ҳадеб изғийвермасдан,
Бир зум тўхта, маданий дам ол.
Ёш эмассан, умринг ҳам ярим,
Қилган савоб ишларинг сана.
Чилпиб кузги дарахт баргларин,
Фаррошга иш оширма, бола.
22 октябр, 2014 йил. Канада.
Қорбўрон
Уловлар ҳам чарчади, тинди,
Оппоқ қорга беланди шаҳар.
Кўмиб ташлар борлиқни энди,
Қор тинмаса то тонга қадар.
Чўзилганча ўрнимга шу дам,
Қордек оппоқ ўйларга ботдим.
Ё уй ёруғ қор шуъласидан,
Ё чироқни ўчирмай ётдим.
24 октябр, 2014. Канада.
Робинзон
Маконим шу, кимсасиз орол,
Кемаларнинг йўлига боқдим.
Қўлда қалам дахшатли қурол,
Шеърим қалаб, гулханлар ёқдим.
Соҳилда сув йиғлар чамаси,
Уммонларни келади кечгим.
Шовқин солар тўти галаси,
Ҳайқираман, эшитмас ҳеч ким.
Юлдузли тун байроқми қаро?
Ой ҳам ундан кетмайди нари.
Ухлар ҳаво уммони аро,
Космосдаги орол — Ер шари.
19 июн, 2010 йил. Кундуз соат 2:44.
Торонто шаҳри, Канада.
Куз манзараси
Тубсиз хандакларнинг хаспўшлаб оғзин,
Чевар ўргимчаклар тўқийди кашта.
Сукунатни тинглаб, ақлдан оздинг,
Не бор у даврада, бўшлиқда, даштда?
Дўстдек кўринадир кўзинга ёғий,
Чўчқа охурида ухлама, уйғон.
Қағиллар кузакнинг қарғаю зоғи,
Боғингда бубуллар сайрамай қўйғон.
Қовжираб, қақшайди дарёлар лаби,
Ёлғиз капалакнинг топилмас тенги.
Хилпирар валийлар байроғи каби,
Қўриқчининг узун садпора енги.
26 август, 2010 йил.
Тунги соат 10:13.
Торонто шаҳри, Канада.
Телбалар шаҳарчасини соғиниб
(Шарифжонга)
Жуссалари мачта, кийими елкан,
Севгидан телбариб қолган авомат.
Қаттиқ нонни сувга ивитиб еркан,
Борхеснинг китобин айлар қироат.
Озғин қўлларида портфел шишар,
Намликни ўтказар поябзал чарми.
Зарб билан ёпсалар, узилиб тушар,
Эшикка қисилган шарфнинг ярми.
Ёмғирда ювилган ойна йўлакка,
Ёрлиқдай ёпишиб қолар эди барг.
Қор ёғса телбалар кетиб пинакка,
Қутб айиғидай ухлар эди парк.
«Китоб» номли оғир дардга чалинган,
Телбалар ҳар тамон тирқираб учди.
Нон ўрнига китоб сотиб олинган,
Телбалик йилларим ёдимга тушди.
21/10/2014.Канада. Бремптон шаҳри.
Дадамни эслаб
Ўлтирардик порлоқ ойга термулиб,
Дарё тамонларда юлдуз чамани.
Узоқдан ўтарди поезд чинқириб,
Олис темир йўлнинг учқур самани.
Сувқоғоз парникмас, ўтов денг қадим,
Тунлар ичкарида порларди чироқ.
Мен печка ёқувчи гўлахи эдим,
Кўмир бор, газ деган йўқ эди бироқ.
Узоқда хориган трактор «Алтай»,
Кезар экан туртиниб зулмат қаърида,
Туманда адашиб қолган одамдай,
Инграрди ноябрь зулматларида.
Ибодат қиларди дадам уйда жим,
Балки фарз номози, балки витири.
Мен эса парникда китоб ўқирдим,
Сувқоғоз том узра қорлар шитири.
15/10/2014. Канада.
Кузатиш
Жилмайганча кўз ёшларингни,
Яширасан, алдаб нетасан?
Мен перронда қоламан ёлғиз,
Сен поездда йиғлаб кетасан.
Жиққа ёшга тўлган кўз билан,
Йўл оласан узоқ элларга.
Югираман поезд ортидан,
Сўзлар учар совуқ елларга.
Чирпирайди пойимда хазон,
Куз борлиқни туманга белар.
Хувиллаган перронда туриб,
Поезд каби чинқиргим келар.
1992 йил, декабр, Тошкент, Талабалар шаҳарчаси.
Садоқатли чирилдоқ
Оқшом. Дала ховли, ўйга чўмасан,
Хонанг деразасин боғларга очиб.
Менчи киприк қоқмай туравераман.
Эринг келганда ҳам кетмайман қочиб.
Эсингдами, сени фироқ ўтида,
Куйдириб бир замон кетгандим ўлиб.
Мана, тағин қайтиб келдим ёнингга.
Қайтадан тирилиб, чирилдоқ бўлиб.
Ховлингда бунча кўп бўлмаса гуллар?
Ё бугун байрамми, гуллар сайлими?
Севгилим, шу гуллар очилиб ётган,
Ховлингда чириллаб юрсам майлими?
1999 йил , август .Тошкент.
Қадрдон қирғоқлар
Ўтиб кетди бир бирин қувлаб,
Кунлар, ойлар ва йиллар зумда.
Эсингдами, соҳил сувлари?
Эрир эди изларинг қумда.
Учрашганда сеҳрлангандай,
Сўзлашолмай, қолардик тилдан.
Ўйлар эдим сен ҳақда тинмай,
Узоқ эди секундлар йилдан.
Лаъл, жавохир юлдузлар ила,
Тун осмони кетганда бойиб.
Ухлар эдинг баланд сўрида,
Сочларингни дарёдай ёйиб.
Ўтар эдинг гўё бепарво,
Пинхон тутиб кўздаги ёшинг.
Севгим чўкиб, ғарқ бўлган дарё —
Ёт ёстиққа ёйилган сочинг.
Балки бизсиз соҳилда ҳамон,
Тўлқинларни шаббода қувар.
Қорадарё ой товоғида,
Юлдузларни олтиндек ювар.
8/07/2006. Кундуз соат 2:41.
Бишкек шаҳри, Советская кўчаси, 128.
Сирли мактублар
Дарахт менга йўл бўшатади,
Ўтганимда шу йўлдан доим.
Ва дарахтнинг сарғариб кетган,
Хатларига кўмилар пойим.
Дарахт ёзган мактубларини,
Кимдир олиб ўқишин пойлар.
Хатларини олис олисга,
Олиб кетар пўчтачи сойлар.
Севиб қолган кимнидир дарахт,
Севган ёри ёзмайди жавоб,
Хатларини яшириб, ўқиб,
Йиғлаб — йиғлаб этмайди тавоф.
Дарахт ҳар йил ёзаверади,
Сиёх, дастгох, қалам, довотсиз,
Хатларини хеч ким ўқимас,
Унинг севгилиси саводсиз.
1991 йил , куз , Тошкент шаҳри.
Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан
Жимирлайди ёмби, хазина каби,
чеку чегарасиз «О»симон осмон,
йўқлик рамзи ноль рақамидай.
Осимон уммон. Унда милтиллайди
юлдузларнинг сонсиз увилдириғи.
Увилдириқлар аро оҳиста сузар,
ботаргохда қатл этилган ойнинг
олтин боши, мисли кумуш лагандаги
қаҳрамоннинг боши сингари.
Ҳадемай осуда, оппоқ тонг отар.
Фақат сиздан битта илтимос,
бахт қушининг тухумларидан,
қуймоқ қилманг зинхор ба зинхор.
Уларни бостиринг паррандаларга.
Очиб чиқса, қирғийлардан қўринг
бахт қушининг жўжаларини.
Бахтнинг полапони кўпайиб кетсин,
тарқатинглар, ҳаммага етсин,
ҳамма бахтли бўлсин Ватанда.
Бахт нолиб юрмасин бахтсизлигидан,
хафа бўлиб юрмасин шодлик.
Овқат оч қолмасин, кийим ялонғоч
сувлар чанқамасин, томоғи қақраб.
Олов совқатмасин қалтираб, қақшаб …
1993 йил, Маслахат қишлоғи.
Зор — интизор
Қурғоқчилик кунлари келди,
Сахро каби қақраган кўзга.
Бу дунёда, севгилим энди,
Гўзал сўз йўқ исмингдан ўзга.
Кенгликларга чиқиб кетаман
Соғинчларинг қийнаса ёмон,
Сўзанаклар тентираб учган,
Жим, кимсасиз далалар тамон.
Қуриллайди бақалар маюс,
Соҳилда тун этагин тешиб.
Юксалади кўкларга руҳим,
Ой нуридан арқонлар эшиб.
1999 йил , август. Маслахат қишлоғи.
Ёзув
Сен мағрур ўтасан мисоли рўё,
Ташлаб аста илохий одим.
Изларингда мен эмас , гўё,
Қолар руҳсиз юз йилги ёдим.
Юксалгандай бўласан кўкка,
Далаларни ёритган ойдек.
Мен бир четда қолиб кетаман,
Ой ёруғи тушмаган жойдек.
Термуламан сенг кетган йўлга,
Туманларга сингийди жисминг.
Деразанинг ойнасин кухлаб,
Ховурларга ёзаман исминг.
1991 йил , декабр. Тошкент. Талабалар шаҳарчаси, 14 -ётоқхона.
Қарғага
Қарға, сени тезакхўр десак,
Ҳафа бўлма, олмагин малол.
Чунки тезак баъзи одамнинг,
Луқмасидан минг бора ҳалол.
Қор қоплаган чорбоғларга боқ,
Кумуш қордан дарахтлар бўрки.
Қарр! Қарр! — десанг туманда шу чоғ,
Гўзал қишнинг ортади кўрки.
Сени ёмон деган кимсанинг,
Комиллиги эмасдир яхлит.
Энг яхши қуш ўзингсан, чунки,
Булбулларга қилмайсан тақлид.
2008 йил, 30 июл, душанба. Тунги соат 2:04.
Торонто шаҳри. Канада.
Ҳотира
Унутмайман энди ҳеч қачон,
ўша қайғули тонгни,
ўчган чироқларни,
оқаришиб келаётган
олачалпоқ осмонни,
йироқларни.
Фил суяги каби
оппоқ қўллару
шундай жуссани.
Муюлишга етганимда
кўзим гирдобига
чўккан ғуссани.
Энди у жойларга бормайман,
борсам,
Шамоллар йиғлайди
қамиш тилида.
1993 йил. Андижон.
Қизиқ дунё
Қоронғудан чиқиб қоронғуликка,
Кетгувчи умрлар айлана чизиқ.
Бошинг шарга ўхшар бунинг устига,
Шар устида яшаш ундан ҳам қизиқ.
Қизиқ туюларкан ер — бепул учоқ,
Доим хизматингга турса шайланиб.
Сен бориб юрмасанг, очганча қучоқ,
Фасллар ёнинга келса айланиб.
Қизиқда, бир умр коинот билан,
Қўшилиб айлансанг, айлансанг ерга.
Ундан ҳам қизиғи, бу воқеани.
Кимдир айлантириб юборса шеърга.
2000 йил 28 июл, ярим тун .
Маслахат қишлоғи .
Тунги сайр
Осмон деган парашютда шом,
Ўтлоқларга қўнаркан аста,
Сарғаяди дарчаларда ром,
Машриқда ой кумуш патнисдай.
Ой осмоннинг оппоқ сийнаси,
Сутга гўё чўмилган кеча.
Ўртанса дил, ҳижрон қийнаса,
Дейман — борку кимсасиз кўча.
Руҳи сокин жимликни суйган,
Дарбадарман, дайди саёқман.
Қочиб чиқдим мен яна уйдан,
Махбус қочган каби қамоқдан.
20/06/2022.
Тунги соат 11:41.
Канада, Онтерио.
Ёмғирли шаҳар
Фонус ўйчан боқади ерга,
Кўлмак жимирлайди йўлакда.
Ўқ узади қалдироқ — мерган,
Ёмғир ҳамон қуяр челаклаб.
Дарчалардан ўйчан боқар эл,
Одимлайсан, соябон бошда.
Кўлмаклардан чопиб ўтар ел,
Кўчада сув дарёдай тошган.
Ойналарни ювсада ёмғир,
Суриштириб юрмас иш хақин.
Ғамгин чақнаб қўяди гоҳи,
Трамвайлар шохида чақин.
21/06/2022.
Кундуз соат 11:16.
Канада, Онтерио.
Тўрғай қўшиғи
Жўнайман бир ўзим буғдойзор томон,
Табиат қилт этмас, кетганми ҳушдан?
Тўрғай сайрар дала устида ҳамон,
Куйчи каби, арши аълодан тушган.
Ҳавода муаллақ, қанотин ростлаб,
Вижир -вижир сайраб, чорлайди кимни?
Куйлар гоҳ баландлаб, гоҳида пастлаб,
Ёдга солиб олис болалигимни.
Осмонга боқаман, ёқамни ушлаб,
Қувончларга тўлиб, тошади юрак.
Тўрғай ёлғизликни, жимликни ҳушлар,
Тўрғайларга озод кенгликлар керак.
19/06/2022.
Кундуз соат 4:40.
Канада, Онтерио.
Қўриқчига
Кийган кийимларинг чириган, яғир,
Турибсан лайлакдек битта оёқда.
На ота онанг бор, на жигар бағир,
Дўстинг сени ташлаб кетди қаёққа?
Тешиб ўтганми ё кўйлагингни ўқ,
Бўйнинга латтахоч тақиб олибсан.
Қашшоқсан, киссангда сариқ чақа йўқ,
Дала этагида ёлғиз қолибсан.
Бахт дегани сенга боқмабди қиё,
Олмайсан, менимча маош ҳам ойлаб,
Нафақа пулини кутяпсанми ё,
Ғирром почтачининг йўлини пойлаб?
Феълингда кўринмас кибрдан нишон,
Донишманд валидай тежайсан сўзни.
Мен ҳам қўриқчиман, қўриқчи, ишон,
Доим қоровулдай сезаман ўзни.
Четлаб ловуллаган уфқлар оловин,
Турналар карвони жанубга шошар.
Бунда шоху гадо барча қоровул,
Ҳамма ниманидир қўриқлаб яшар.
19/06/2022.
Кундуз соат 2:01.
Канада, Онтерио.
Мабодо
Ҳеч йўқ, бўлсам эди ёлғиз попишак
пупупуб — пупупуб — пупупуб
пишш шш! — дея
олис увотларда сайрардим узоқ.
Дехқонлар ишлашдан тўхтаб, жилмайиб
бир зум қулоқ тутарди менга.
Ё бўлмаса, омадим чопиб,
чигирткага айланиб қолсам,
ой порлаган маҳал, оқшомлар
ёзги Қирғизхожи далаларида
тунни зириллатиб чириллар эдим.
Ёки дейлик, бирдан фалокат босиб,
одам бўлиб қолсам, кутилмаганда
катта — кон одам,
болалигим кечган дарё соҳилидаги
«Чўчқахона»* харобасидан
қарардим бепоён мангу осмонга
ўзимнинг нақадар муваққат, ожиз
зарра эканимни англамоқ учун.
15/10/2006. Канада.Онтерио.
*»Чўчқахона» — Қорадарё соҳиладаги биз болаликда тўп тепиб, ўйнаб, катта бўлган қадимий чўчқахона харобаси.
Шукрона
Оллохим, анави ён қўшним борку,
ўшандан дегин,
белкурак олувдим ер ағдаргани.
Ўша қўшним бир соат ўтгандан кейин,
берган белкурагин сўраб чиқибди.
Сен бўлсанг,
туғилганимдан бери ишлатиб юрган
белкуракдан афзал қўлларимни
мана, ўттиз йилдирки,
қайтариб бер дея қистаб келмайсан.
Яқинда Комхоздан, Б.Т.И дан,
Горгаздан, Электросетдан,
Солиқ идорасидан
хўмрайган бадқовоқ одамлар келди,
семиз — семиз попка кўтариб.
Тўлов миқдорини эшитгач,
ҳушдан кетай дедим, кўкариб.
Оллохим,
яхшиямки фаришталаринг,
семиз — семиз попка қўлтиқлаб,
қуёш, ёмғир , шамол хақини
суриштириб келмас уйимга.
Яхшиямки нафас йўлимга
ҳаво хисоблагич ўрнатмагансан.
1992 йил, Маслахат қишлоғи.
Сукунат
Осуда, бепоён юлдузли осмон,
сомон йўли кимсасиз, бўм -бўш.
Ой ёритган дала ортида хурар
берилиб, ўзини унутиб, итлар.
Фақат сен қолгандай дунёда ёлғиз.
Шундай ойдин сукунатки, гўё,
аниқ эшитади бутун коинот,
унитазнинг чуқур хўрсиниғини.
23/07/2022.
Кундуз соат 9:36.
Канада, Онтерио.
Ветеран
(Иккинчи Жаҳон Уруши иштирокчиси, ҳамқишлоғим Фозил ота ҳотирасига)
Унинг дил кўзгусин парчалаган ўқ,
Чил — чил синиб кетган, бўлмайди бутлаб.
Дўстим, у инсонга қўл чўзиб, ҳеч йўқ,
Буюк байрам билан қўйсангчи қутлаб.
Мискарнай бўғзида бизга таниш «Валс»,
Енгил садолари ўйнар ҳавода.
Қаҳрамоннинг сийрак сочларин бесас,
Тўзғитиб ўйнайди тонги шаббода.
Шу кунларда қолган у ёлғиз, йўлсиз,
Йўқдир унинг бунда тенгдоши, тенги.
Узоқларга маъюс термулар, қўлсиз,
Шамолда байроқдай хилпирар енги.
15 август, 2010 йил.
Тонг. Торонто шаҳри, Канада.
Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим
Эй Ватан номли чинор, шохингда бир япроғ эдим,
Ёзги буғдойзор аро из тушмаган сўқмоқ эдим.
Мустабидлар дастидан вақтинча тарк этдим сени,
Мен ғариб шомларда ғамгин чақнаган чақмоқ эдим.
Дарчадан термулса ой йўқлаб қадрдонлар каби,
Кимсасиз ойдинда тунлар то саҳар уйғоқ эдим.
Кунботарда оҳ чекиб, учганда соҳил қушлари,
Кўкка тўлқин сапчиган тош қояли қирғоқ эдим.
Топтадинг, тешди оёғингни тиконлар, эй ғаним,
Чунки мен пойингда ўсган гул эмас, янтоқ эдим.
Йиғламанг асло мозорим устида, ўлсам агар,
Қўйдилар тупроққа жисмим, мен ахир тупроқ эдим.
07/11/2016.
Кундуз соат 1 дан 47 дақиқа ўтди.
Канада, Онтерио.
Шавкат Раҳмон ҳотирасига
«Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди.»
Шавкат Раҳмон.
————————
Хато қилғай деса кимки вабо ўлдирди шоирни,
Деманг тилло кумуш оҳанрабо ўлдирди шоирни.
Лабинда ғунчадек нозик табассум, қўйнида ҳанжар,
Бахил, қалби қаро «дўст — ақрабо» ўлдирди шоирни.
Яёв ёлғиз кезаркан бир ўзи ойдин чаманларда,
Саҳар ғир -ғир эсиб ўтган сабо ўлдирди шоирни.
Муҳаббат дардига топмай даво, шеър ёзди у бедор,
Кийиб гулгун қабо нозик адо ўлдирди шоирни.
Келиб кўклам, чақин чақнаб, чопиб ёмғир аро шодон,
Шалоббо кўйлаги бир дилрабо ўлдирди шоирни.
Хазонлар рақсига термултириб бўм — бўш хиёбонлар,
Самода турналар айтган видо ўлдирди шоирни.
Ялонғоч дов дарахтлар беркиниб сокин туманларга,
Хазонли боғдаги шарму ҳаё ўлдирди шоирни.
Назм бўстонига келтирди соф муздек ҳаволарким,
Бу не қисмат, қаранг, охир ҳаво ўлдирди шоирни.
05/08/2015 йил.
Кечки соат 6 дан 36 дақиқа ўтди.
Канада. Онтерио.
Фарид Усмонга
Қон томирлар риштадир, шундан жарангдор созимиз,
Бизга шундай соз ато этган Худодан розимиз.
Шеър ёзишдек бедаво бир дардни юқтирган азиз,
Камтарин шоир Фарид Усмон бизим устозимиз.
Шум қадамлар етмаган тош қоялар мангу макон,
Кўкда бургутлар каби кўз илғамас парвозимиз.
Қилмағаймиз эътибор ёғий ғанимлар ҳайлига,
Бор адолатли Худо -явмул қиёмат Қозимиз.
Йиғламай қувноқ яшармиз бу фано тупроғида,
Титратар оламни гарчанд оҳ ила фарёдимиз.
16/06/2016.
Кеч соат 8:02.
Канада. Онтерио.
Аё соқий
(Ҳофиз Шерозий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Юзин кўргим келур ҳар он, бу ҳижрон лаҳзаси йиллар,
Фироқ саҳросида қийнаб, кўзимга тортадир миллар,
Азобим юкласам ногох, чидолмай чинқирар филлар,
Аё соқий суниб жоминг қил эҳсон, яшнасин диллар,
Кўрунди аввал ишқ осону сўнгра тушди мушкуллар.
Вужудим риштасиига тим қаро соч толасии бандким,
Лабиининг болидин шармандадир новвот ила қандким,
Жунун саҳросида чеккан азобим Қайс учун пандким,
Сабо ечмоқчи бўлган соочининг хушбўйига онтким,
Муанбар халқа — халқа соочидин қон бўлди бу диллар.
Муҳаббат розинии дилбар келиб сирри ниҳон айтса,
Қулоғимга пичирлаб, жилмайиб ширин сухон айтса,
Ғаним кўз ёшига чўккай чекиб оху фиғон, айтса,
Ботир сажжодании майга агар пири муғон айтса,
Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.
Санам мужгонидан пайкон келиб санчилса гар бир дам,
Жигар садпоралар бўлғай беролмас ҳеч киши ёрдам,
Магар ҳозиқ табибим ёр, тирилгай сўзласа мурдам,
Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
Қилуркан қўнғироқ фарёод, боғланг юкни ғофиллар.
Аё эй дил тилаб васлин ютарсан қон ила зардоб,
Қўяр жонинга ўт дилбар кийиб қирмиз қабо зарбоб,
Бу йўлга кирма деб огоҳ этибдур ишқ элин арбоб,
Қоронғудир кеча қўрқинчли мавж, дахшатлидир гирдоб,
На билғай ҳолимизни четда турган юуки енгиллар.
Фалакнинг чархи каж , ундан мурувват кутма, эй Ҳофиз,
Заминнии титратиб Вулқон каби қон ютма, эй Ҳофиз
Кезиб саҳро биёбонлар аро йўл тутма, эй Ҳофиз,
Агар васл истасанг ундан узоққа кетма, эй Ҳофиз,
Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.
23 май, 2010 йил.
Тунги соат 12 дан 45 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.
Мен диёру ёрисиз
( Пири устодимиз ҳазрати Амир Алишер Навоий ғазалига муҳаммас )
Масжидим майхона ҳар дам кўзлари ҳуммоорсиз.
Мисли рохиб тоғу тош бағрийда ёлғиз, ғоорсиз,
Кимсасиз саҳрода қолдим кулбаю девоорсиз,
Навбаҳор айёми бўлмиш мен диёру ёорсиз,
Булбул ўлғондек хазон фасли гулу гулзоорсиз.
Тешди осмонларни бошим, бунча уммонлар саёз?
Куйдириб кул қилди пойим қаҳратон қишлик аёз.
Бўлди алвонранг қизил қоним сиёхидин қоғоз,
Гоҳи сарв узра гаҳи гул узра булбул нағмасоз,
Вахки менман гунгу лол ул сарви гул рухсоорсиз.
Қошларинг шамширидин тўғраб отилган бурдаман,
Кечалар ойдек жамолингдин таралган нурдаман,
Интизор, васлингни излаб на тирик на мурдаман,
Тонг эмасдур, гар диёру ёоорисиз озурдаман,
Ким эмас булбул, гулу гулзоорсиз, озоорсиз.
Чўғ каби алвон лабингдин сачрагай қонимға ўт,
Сўзларингдинким илашгай лахза ҳар ёнимға ўт,
Ўрлагай зулматда гувлаб оху афғонимга ўт,
Равза ашжори ўтиндур, гуллари жонимға ўт,
Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме Дилдоорсиз.
Парпирар юлдуз ва ой, сокин ҳаловатлиғ кеча,
Дур тўкилмишдур гуҳар, гулгун дудоғингдин неча,
Жилмайиб сиймин боғичлардин майин сочинг еча,
Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача,
Ким хуш эрмас муғ била ичмак қадах зунноорсиз.
Бу умр из тушмаган қорли, салобатли довон,
Интилар қорли довонлар қасдида пиру жавон,
Жоми ваҳдат бирла қорлар остида қолдик омон,
Топмадуқ гул ранги жоми бехумор эй бооғбон,
Вахки бу гулшан аро гул бутмас эрмуш хоорсиз.
Бу кеча ой нуридан бўлмиш чароғон соғу сўл,
Навбаҳор оқшоми сокин, яшнагай саҳрою чўл,
Қақраган даштлар аро Вулқон ҳаёт дарёси бўл,
Аҳли зухд ичра Навоий топмади мақсадға йўл,
Вақтингизни хуш тутинг эй жаъмиким хуммоорсиз.
9 март, 2009 йил.
Кундуз соат 4:45.
Торонто шаҳри.
Яхшилиғ
( Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси )
Кутма ўзни фил атаб юрган қуёндин яхшилиғ,
Кўрмамиш олам эли, касби зиёндин яхшилиғ,
Етмағай инсонга ҳеч қурту чаёндин яхшилиғ,
Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Аҳли диллар ўртанур зулматда ҳар он, ҳар дақиқ,
Жилмаяр пойгакда дониш, заъфарон, рўйи ақиқ,
Бошига тушганда кулфат бўлмади даврон шафиқ,
Бу замонни наафъий қилсам, аайб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз нетойин, бу замондан яхшилиғ.
Кимсасиз ойдин сукунат тўлди махзун кўнглима,
Гоҳи бургут қоя ошён бўлди махзун кўнглима,
Бепоён, дарвеш шамоллар елди махзун кўнглима,
Дилраболардин ёмонлиғ келди махзун кўнглима,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Яхшиларга чох қазиб гоҳ отмагил тўфангу тўп,
Сен аларнинг гарди пойин кўзга сурт, ардоқла, ўп,
Телба, довдир кимсалардек чопмагин қўлларда чўп,
Эй кўнгил, чун яхшидин кўрдинг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмак не маъни ҳар ёмондин яхшилиғ.
Ғам ема қўзғолса бошинг устида тўфони Нўҳ,
Ўксима гардун йўлинга гул эмас, сочганда чўғ,
Жилмайиб бошинг баланд тут, отсалар кўксинга ўқ,
Бори элға яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар, даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Порласин кўксингда, Вулқон, ботининг зохир каби,
Бодаи раҳматни дилда сақлағил чоғир каби,
Наъра тортсанг титрагай ер гоҳ замон охир каби,
Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур каби,
Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ.
22 май, 2010 йил.
Кундуз соат 5 дан 43 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.
Куз илҳомлари
Воҳ, кузги дарахт шаклида ҳайронани кўрдим,
Ёлғиз ва ғариб, бир дили вайронани кўрдим.
Жим жит кўчада ўйнади раққоса шамоллар,
Чарх урди ҳазон гирвати, парвонани кўрдим.
Дарчам ёнидан ўтди учиб ёввойи ғозлар,
Парвозию фарёдида девонани кўрдим.
Қушлар уясин тутди дарахт шохида, ё Раб,
Инларга боқиб, ғам тўла паймонани кўрдим.
Заъфар капалаклар каби учганда хазонлар,
Баргларга кўмилган кўча, остонани кўрдим.
Йўлларга хазонлар тўшади кузги Торонто,
Боққанча чинор баргига Фарғонани кўрдим.
Ишқ бодасидан масту аласт шому саҳар дил,
Узлат уйида хилвати майхонани кўрдим.
Дўст топмади Вулқон бу жаҳон мулкида излаб,
Ҳар ерда ғаним, вахшати бегонани кўрдим.
26 октябр, 2010 йил. Канада.
ВАТАН
(Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевга бағишланади)
Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.
Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.
Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.
Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.
Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.
Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!
2004 йил, Маслахат қишлоғи.
Ҳайрат
Кулганда, тишинг аръар дурдонамикин дебман,
Мастона кўзинг ҳай -ҳай майхонамикин дебман.
Кулбамда ўзим ёлғиз қолганда ғариб кўнглим,
Ойдинда оқарган бир вайронамикин дебман.
Ҳар боқиши бир жоду, мастона кўзинг, дилбар,
Вахдат майи лиқ тўлган паймонамикин дебман.
Нур, шуъла сочиб ёлғиз боғларни ёритган ой,
Ёр, хусну жамолинга ҳайронамикин дебман.
Лабларми ваё ғунча, боғларда очилган гул,
Лаб устидаги холинг седонамикин дебман.
Кунларни улаб тунга, интилса хаёл сенга,
Ул шами жамолинга парвонамикин дебман.
Кўзгу каби хуснингда акс этса қиёфам гоҳ,
Вулқонми ваё далли девонамикин дебман.
13/01/2023.
Кундуз соат 1:45.
Канада, Онтерио.
Боғ ичра
(Фарид Усмон ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Орзуси абад армон бир манму ва ё сенсан,
Саҳрода кезар карвон бир манму ва ё сенсан,
Дард чекса қахат дармон бир манму ва ё сенсан,
Боғ ичра этар сайрон бир манму ва ё сенсан,
Боғ ичра кезар ҳайрон бир манму ва ё сенсан.
Васлингни тилар кўнгил, ёз, фасли баҳор, кузсиз,
Ҳар сония, ҳар соат, ҳажрингда ўтар изсиз,
Чарх урди шамол кезган боғларда хазон бизсиз,
Ҳар ёнга боқиб муштоқ, ҳар лаҳза соғинч ҳисси,
Кўксида урар туғён бир манму ва ё сенсан.
Сен балки малаксиймо, лой, жисми сополмассан,
Йўлларга боқиб илхақ, дарчангни ёполмассан,
Жайронсану, ай кўнглим дашт узра чополмассан,
Очмоққа юрак дардин бир кимса тополмасдан
Пинҳона кўзи гирён бир манму ва ё сенсан.
Осуда сукунатда ой кезса фалак бўйлаб,
Ёнимдан ўтар бўлса жим субҳи сабо, ўйнаб,
Дардимни ғазалларда ошкора этай сўйлаб,
Бошимда қуюн ўйнар, қолдинг нимани ўйлаб,
Бу кеча дили вайрон бир манму ва ё сенсан.
Кўрганда қолиб тилдан девона дари девор,
Бош ургали тошлардан айт менга бўлак не бор?
Ишқ дардига дармоним, васлингни тилаб бемор,
Ҳар тунни улаб тонгга боғ ичра кезиб бедор,
Булбул каби кўп сўзон бир манму ва ё сенсан.
Боғинга кирар бўлсам, қўймайди итинг қопмай,
Йўқ чора қутилмоққа жахд бирла елиб, чопмай,
Кутсангда боқиб йўлга, ойдинда эшик ёпмай,
Сўз кетса муҳаббатдан кутмоққа илож топмай,
Сўзловчи Фарид бийрон бир манму ва ё сенсан.
21/01/2023.
Кеч соат 8:35.
Канада, Онтерио.
Баҳору боғини тарк айлаган қуш
(Фарид Усмон ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Муҳаббатсиз кўнгил мотамсаромиш,
Ки ошиқлар дили ишқдин яромиш,
Фироқ дуди ила осмон қаромиш,
Баҳор фаслига боғ очгандай оғуш,
Кутиб кўнглим сени боғдек фаромуш.
Ҳажр саҳросида қумлар, қуюнлар,
Чиқар оҳу фиғонимдин тутунлар,
Сенингсиз ўтди қанча ою кунлар,
Кўрарман туш гўзал сен ҳақда тунлар,
Баҳор ҳақида боғ кўрган каби туш.
Мени ғарқ айлаган дарёми, ё соч?
Муҳаббатдир менинг бошимдаги тож,
Дилим мулкин фироқинг этди торож,
Баҳорим кел, келиб кўнглимда гул оч,
Фақат сенда, фақат сенда ақл ҳуш.
Сени ўйлаб, кезиб, фасли хазонда,
Ёнар чўғдек гўзал исминг забонда,
Соғиндим ёр, маконинг қай томонда?
Фарид тарк айламас, борми жаҳонда —
Баҳору боғини тарк айлаган қуш.
06/12/2022.
Кундуз соат 1:45.
Канада, Онтерио.
Келмайсан
(Дилором Эргашева ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Соғинч саҳросида рангим сомон бўлгунча келмайсан,
Тутиб қўлга асо, қаддим камон бўлгунча келмайсан,
Наҳот дунё тугаб, охир замон бўлгунча келмайсан,
Ёшим ёмғир бўлиб, жоним хазон бўлгунча келмайсан,
Ҳаёт мушкул, ўлим ундан осон бўлгунча келмайсан.
Тўлин ой дарчадан боққан қоронғу кеча, ёлбордим,
Келарсан деб сенга, эй гул саҳоватпеша, ёлбордим,
Чўкиб тиз, эл улусдин қилмайин андеша ёлбордим,
Санга жон — тан билан бордим, куйингда неча ёлбордим ,
Вужудим бир томон, жон бир томон бўлгунча келмайсан.
Маконим йўқ менинг ҳижрон фироқ саҳросидин ўзга,
Хаёлан гоҳ мусаввирдек чизарман суратинг бўзга,
Гўзал исмингни ёзсам ўт кетар деб қўрқаман сўзга,
Мажолим йўқ юрарга, келгил — ей сан, сангдил кўзга,
Борар йўлларда ҳар тош бир довон бўлгунча келмайсан.
Ҳаётим шуълаафшондир қоронғу кечалар шамдан,
Кавокиб киприги узра омонат титраган намдан,
Ҳажр саҳросида менга хаёлинг ҳамнафас, ҳамдам,
Аё, келмай ёмон — яхшимда бир Дил сўрмадинг ғамдан,
Наҳотки, энди бир яхшинг ёмон бўлгунча келмайсан?
29/10/2020.
Кундуз соат 10:10.
Канада, Онтерио.
Аё соқий
(Ҳофиз Шерозий ғазалига Холдор Вулқон муҳаммаси)
Юзин кўргим келур ҳар он, бу ҳижрон лаҳзаси йиллар,
Фироқ саҳросида қийнаб, кўзимга тортадир миллар,
Азобим юкласам ногох, чидолмай чинқирар филлар,
Аё соқий суниб жоминг қил эҳсон, яшнасин диллар,
Кўрунди аввал ишқ осону сўнгра тушди мушкуллар.
Вужудим риштасиига тим қаро соч толасии бандким,
Лабиининг болидин шармандадир новвот ила қандким,
Жунун саҳросида чеккан азобим Қайс учун пандким,
Сабо ечмоқчи бўлган соочининг хушбўйига онтким,
Муанбар халқа — халқа соочидин қон бўлди бу диллар.
Муҳаббат розинии дилбар келиб сирри ниҳон айтса,
Қулоғимга пичирлаб, жилмайиб ширин сухон айтса,
Ғаним кўз ёшига чўккай чекиб оху фиғон, айтса,
Ботир сажжодании майга агар пири муғон айтса,
Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.
Санам мужгонидан пайкон келиб санчилса гар бир дам,
Жигар садпоралар бўлғай беролмас ҳеч киши ёрдам,
Магар ҳозиқ табибим ёр, тирилгай сўзласа мурдам,
Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
Қилуркан қўнғироқ фарёод, боғланг юкни ғофиллар.
Аё эй дил тилаб васлин ютарсан қон ила зардоб,
Қўяр жонинга ўт дилбар кийиб қирмиз қабо зарбоб,
Бу йўлга кирма деб огоҳ этибдур ишқ элин арбоб,
Қоронғудир кеча қўрқинчли мавж, дахшатлидир гирдоб,
На билғай ҳолимизни четда турган юуки енгиллар.
Фалакнинг чархи каж , ундан мурувват кутма, эй Ҳофиз,
Заминнии титратиб Вулқон каби қон ютма, эй Ҳофиз
Кезиб саҳро биёбонлар аро йўл тутма, эй Ҳофиз,
Агар васл истасанг ундан узоққа кетма, эй Ҳофиз,
Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.
23 май, 2010 йил.
Тунги соат 12 дан 45 минут ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.
***********************************
Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржималари
Хайку ва танкалар:
Хайку ва танкалар хақида
Хайку ва танкаларда кўп қиррали нимкоса маъно, киноя, фисқу фасод, фалсафий мазмун мушохадалар йўқ.Бу ихчам поэтик жанр гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини, ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлаш, осуда тонглар каби тоза туйғулар бахш этиш санъатидир.Хайку ва танкаларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз.Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ва танкаларини ўз таржимам орқали ҳукмингизга ҳавола қиламан.
Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси
1983 — 2013 йиллар.
Хайкулар.
——————-
Матсуо Басё
——————-
***
Қорли тонг.
Яна қуритилган балиқни
ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.
***
Денгиз сувида сузиб юрар
майда ялтироқ балиқчалар.
Тутаман десанг, йўқ бўлиб қолишар.
***
Шу қоядан туриб,
кўм — кўк денгизга
қалпоғимни улоқтираман!
***
Қишки дала.
Узоқларда юрар дехқонлар
қолган — қутган чўпларни йиғиб.
***
Сочим ўсибди.
Озиб кетдим, рангим олинган
буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.
***
Банан япроқлари сўлғин.
Ойнинг порлаб чиқишини
сарғайиб кузатар дехқонлар.
***
Йўллар тойғоқ музлама.
Аттанг, тойиб йиқилди
ширакайф дўстим.
***
Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота.
Сўнаётган гулхан чўғлари
ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.
***
Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни
ивитиб йиртибди
баҳор ёмғири.
***
Музлаган олабуға балиқлари
иржайтириб ётар тишларин
совуқ дўкон пештахтасида.
***
Қайдасан сен, менинг таянчим?
Хасса қилиб олган чўпагимни
синдирди кузги шамол.
***
Уфқларга ботмоқда қуёш.
Кузги дарё сувларида
ялтиллайди майда балиқлар.
***
Чопоним юпқа.
Кун бўйи ўтириб ундаги битларни
териб ўлдирдим.
***
Жуда қалин қор ёғибди.
Энди Хакбинз тоғидан
қандай ошиб ўтар одамлар?
***
Ёсинодаги гуллаган гилосларни
кўрсатайми сенга,
менинг қалпоғим?
***
Охир қувиб етдим ниҳоят,
Ўтган баҳорни
Олис «Вака» бандаргохида.
***
Вой баёв!.. Вой баёв!..
Яна нима дейиш мумкин сиз хақингизда
Ёсинодаги гуллаган гилослар!
***
Устунларига ҳас — хашак илинган
кўприк хайрлашаётир
тўлин ой билан.
***
Қайдан келди бу ялқовлик?
Бугун аранг уйғотишди мени,
шовуллайди баҳор ёмғири.
***
Қувончла боқамиз ёнарқуртларга,
қайиқчидан умид йўқ, у маст.
Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда.
***
Ойдин қиш кечаси
қор босган йўллар.
Итга отай десам топилмайди тош.
—————————
Кобаяси Исса
—————————-
***
Кечиб ўтдим саёз ва тошли,
феърузаранг дарё сувларин,
шиппагимни қўлимга олиб.
***
Ойдин кеча.
Тиниқ шолипоя сувида
оқиб юрар гилос гуллари.
—————————-
Ковахигаси Хекигадо
—————————
***
Сузаётир қора кемадай,
секин аста булутлар аро
тоғнинг чўққиси.
***
Шиллиққуртнинг сира
чиғаноғидан чиққиси келмас
кузги шамоллар.
————————
Масаока Сики
—————————
Гуллаган Ямабука сояси.
Сув солинган қовоқда
билтанглайди кумушранг балиқ.
***
Кимсасизлик.
Дарахт остидаги шалоқ ўриндиқда
қарағайнинг игна барглари.
————————
Найто Мейсетсу
————————-
***
Қайтариб келади ўз овозимни
яна ўзимга
кузги бўронлар.
***
Юрмаётган отининг
жиловидан тортар зўр бериб
аравакаш совуқ кечада.
***
Эшитилар ойна ортидан
дехқон кетмонининг чиқирлашлари.
Шудгорда тош кўп.
***
Зилол сувли дарёда,
лапанглаб оқмоқда
сувга қулатилган ходалар.
***
Тутунларда кўринмай кетар
саргашта рохиб.
Олисларда янграр қўнғироқ.
***
Чуғурчуқлар галаси
учиб ўтди тепамдан.
Эшитдим қанотлар шувиллашини.
***
Менга совға беришди.
Олтин балиқчани олиб кетяпман
сувли қовоқда.
***
Қиш ёмғири.
Ҳамма нарса жим.
Қирғоқдаги қайиқ ҳам ҳатто.
***
Гўё итоаткор капалакни олдига солиб,
хайдаб келаётганга ўхшар
сўқмоқдаги йўловчи.
————————
Танеда Сантока
—————————
***
Шундай кетмоқдаман
сўзанакни қалпоғимга
қўндирганимча.
***
Ёлғиз ўтирибман
ромга елимлаб
янги қоғозни.
***
Қандай ва қаёқдан қарамайин,
ҳамон ёғаяпти тўхтамай
ёғаяпти қор.
***
Чирилдоқлар чириллар.
Беркинишнинг иложи йўқ
бу товушлардан.
***
Ҳамон учаяпти
кузги дарахтларнинг
япроқлари совуқ шамолда.
***
Дам олиб ётган чоғим
қип қизил сўзанак
оёғимга қўнди ўтлоқда.
***
Яхшилаб чайнаш керак,
хафсала билан.
Гуруч бу гуручда…
***
Бўкиб сакэ ичиб, маст бўлиб,
чирилдоқлар билан бирга
ухлаб қолибман.
***
Ёзги сел шовқини
йиллар ўтиши билан мен каби
қарибди у ҳам.
***
Аёзли қиш кечаси
совуқ изғирин.
Мен қаерда тунайман энди?..
***
Қаёққадир шошар
совуқ булутлар
чексиз осмонда…
***
Далада изғирин.
тошларни тераман
кузги шамолда…
***
Қандай ивиб кетдима
боягина ҳув анави,
булутлардан ёққан ёмғирда!..
***
Узиликсиз кавшанаман.
Менинг овқатим —
гуруч кепаги.
***
Ҳой, ноинсоф чигиртка!
халтадаги гуруч ўзи оз!
эртагача етсин…
***
Емоққа овқат йўқ.
кузатаман қуёшни ғамгин
баланд, олис тоғлар ортига…
***
Ёлғиз, беғам, оппоқ капалак
Учиб айланмоқда пилдираб.
Ҳамма ёқда тош.
***
Кулбам айвонида ёлғиз ўлтириб,
роҳатдан кўзларим юмиб, кавшаниб,
Уембоси қиёмин ейман . . .
***
Ёлғиз ва сокин
жим — жит ўнгирларнинг
шаффоф тонглари . . .
***
Июль жаласи
ўприлиб кетдими дейманда,
само тўғони . . .
***
Хотиралар учиб келар
қайдандир бирдан
оппоқ ювош капалак билан . . .
***
Атроф тоғ, қарағай ўрмони.
Тошни ёстиқ қилиб ётибман.
Шоша пиша сузар кузги булутлар. . .
***
Тунги ибодатхонада
тонгача мушук
ўйнайди парвона капалак билан.
***
Йўлда касал бўлиб қолдим.
Мана энди тунги зулматда,
тинглаяпман сел шовқинини . . .
***
Қоронғи тушди.
Энди ойдин тоғлардан
ахтараман тунамоққа жой.
***
Нахот шу кул қолган бўлса
ёқиб юборилган кундалигимдан ?. . .
***
Тонг палласи йирик томчилар
ноғора қилиб чалар
пастаккина кулбам томини.
***
Мени бурга чақиб, ухлатмаяпти,
юлдуз тўла бепоён осмон . . .
***
Денгизларга тикилганимча
соҳилдаги ўтлоқда
бўшанаман , хожат қиламан.
***
Кузги шамолларда
От суғораман . . .
***
Чўчқа менга тикилди.
Қизиқишдан очилган оғзига
Кирмоқда кузги шамол .
***
Кун бўйи ёмғир ёғди .
Мен ўйладим хасратга чўмиб ,
олисларда қолган Ватанимни.
***
Бунча ҳам мазали
бўлмаса гуруч .
Кавшанаман бир ўзим ўйчан.
***
Офтоб қиздирмоқда
устарада таглаб қирилган
тақир бошимни…
——————————
Исикава Токубоку
—————————
***
Тургеневнинг романини
поездда ўқиб кетаётиб
«Исикари» дан ўтиб кетибман.
————————-
Мидзухара Сюоси
————————-
***
Қишлоқ узра ғамгин порлаган ойни,
томоша қилмас ҳеч ким.
Барча шоли ўримида . . .
***
Олмалар гуллаган .
боягина ёққан баҳор селида,
оппоқ гул қоплади сохил сувларин.
***
Ой порлар .
Қайинлар сояси сезилмас ,
туманларга чўмган қайинзор.
***
Баҳорни кузатаяпман
ёмғирларда шалоббо ивиб
булутлар билан юзма — юз , тоғда.
***
Ёмғирли кун .
Оқин бўйлаб оқар хризантемалар
кўринмайди биронта қайиқ.
***
Чой гуллайди баланд қояда ,
шом зулмати қоплаган тоғлар.
Олислардан кўтарилар ой.
***
Қалдирғочлар чийиллаб учар ,
гир айланиб, тоғдаги кулбамнинг,
томи устидан.
***
Хаги гуллаётган.
Асама тоғига чиқаман
булутларни қайриб . . .
***
Жарлар аро , тўлқинлар узра ,
чағалайлар ини ёнида
олхўри гуллар . . .
***
Беркинади ўт — ўлан ичра
тунаш учун ўтлоқ каккуси ,
яқинлашар тун . . .
—————————
Акутагава Рюноске
—————————
***
Мана тонг отди.
Қўшиғини тўхтатиб бирдан ,
чирилдоқ жимиб қолди.
***
Тоғ этакларида
юмилиб қолибди совуқ аёздан ,
чой ғунчалари.
***
Қишки ёмғирлар,
канал қирғоғидаги чойхонада
ёлғиз бир мехмон . . .
***
Боғ йўлакчасидаги
кўлмакда акс этар
Азалия гуллари . . .
—————————-
Натсуме Сосеки
—————————
***
Мен касал ётган хонанинг
бамбук пардасига оҳиста қўнди
кузги капалак.
***
Кузги дарё, баланд соҳиллар.
Дарё узра акс — садо янграр.
чайла қуришяпти узоқда.
——————
Иида Дакотсу
———————
***
Печка эшикчасин очиб, қарайман.
Кўмир охиста, истамайгина,
«қрақ, қрақ» этиб ёнмоқда экан. . .
***
Шамолда чайқалиб жаранглар
эшикка осилган митти қўнғироқ.
Анор гуллабди . . .
***
Пашшахонага кириб ётибман
сўнаётир кузги саҳарда.
Ўчоқдаги кечаги чўғлар . . .
***
Қор кўмиб ташлади
барча йўлларни.
Исинаман ўчоқ олдида ёлғиз . . .
———————
Найто Мейсетсу
——————-
***
Шаффоф сувда
қилт этмайди мудроқ балиқлар.
Кузги шамол . . .
——————
Такахама Кёси
———————
***
Гувиллаган совуқ шамолни,
кўксим билан қарши олиб .
бир зумга унутдим қариганимни . . .
***
Хадемай жимиб қолар
ўтинчининг болтаси тоғда.
Кузги ёмғирлар . . .
***
Лойқалатиб ариқ сувини,
дехқон шолғом ювар
ҳафсала билан . . .
***
Биринчи қиш ёмғири,
менинг юрагимда умрбод
қолар энди у . . .
***
Бошим узра учиб ўтди қуш,
тумшуғида нимадир чўқиб .
Мева шекилли . . .
***
Мана , яна битта чинор новдаси,
япроқларин тўкиб, яланғочланди . . .
Сув қуйгандай жим жит чор тараф.
***
Баланд тоғ ёнбағирларидан туриб,
ўтинчилар ўйчан термулиб қарар,
водийдаги қолган қутган қорларга . ..
———————
Ковахигаси Хекигадо
———————
***
Оёғим остида ўралашиб ,
ўсиб ётган майсалар аро
чийиллайди митти жўжалар.
***
Мен тун бўйи хайку ёзаман,
камсуқумгина хотиним эса,
кийимини ямаб — ясқайди . . .
***
Ўтлоққа чиқаман ,
қизғалдоқлар тўзғир шамолда.
Суқсирлар учиб ўтар саросар. . .
***
Картошка қайнатаман.
Гўё коинотнинг бўшлиқларида
йиғлар болакай . . .
***
Қорайган ўчоқ мўриси узра
айланади инга жой излаб
қалдирғочлар бахорда . . .
***
Қишлоқда байрам,
қирмизи фонуслар ёнар.
Бўкиради буғу зулматда . . .
***
Сув чархпалагин айлантиришдан,
Чарчаб ҳолдан тойди одамлар
Шоли экиш мавсумида . . .
***
Буғда пиширилган шолғомни
Сузмага қўшиб еб
Ўлтирдим ғамгин . . .
***
Совуқ суягимдан ўтиб кетди
Чошгох пайти сохилда
Қарағайлар аро дайдийман ҳамон.
————————-
Исикава Такубоку
—————————-
Касалхона деразасига
яқин олиб келишди мени.
Одамларни кўриб қувондим.
***
Охири улоқтирдим
куя еган телпагимни мен.
олти йил кийдим уни.
————————
Токи Дземмаро
————————
***
Узоқларни кўрсатдим бармоғим билан,
у ёқларда, у ўлкаларда
оқиб ётар Волга дарёси.
***
Узиликсиз, худди телбадек,
ўйлайвердим аччиқ тамаки чекиб
олис Сибир қорлари хақда.
***
Қайта — қайта ўқийман кўзларимда ёш,
юракка яқин Тургеневнинг бу китоби.
Муқоваси сарғайиб кетган…
***
Ох, неча бор ўчди папирос чўғи,
ҳасратли ўйлар —
аччиқ Рус тамакиси, қиш…
————————-
Насиваки Дзюндзабуро
————————-
Кузги дарё қирғоғи.
Узун — узун ўт — ўлан ичра
балиқ тутар қармоқда кимдир.
—————————
Масаока Сики
—————————
***
Чирилдоқлар чириллар,
аммо минг афсус
қулоқлари кардир отамнинг…
***
Қишлоқдан шаҳарга келиб,
гуллаган гилосни томоша қилаётган
дехқон ҳамёнини кесиб кетишди…
***
Рангпар ой.
Менинг бирдан
тарвуз ўғирлагим келди негадир.
***
Ўғрини тутиб,
симёғочга боғлаб қўйдилар.
тунги аёз…
***
Оқшом,
ҳовуздаги ўрдаклар устига
қор ёғаётир.
***
Шом пайти қийналиб юриб,
фонусни осдим
гуллаётган гилос шохига…
***
Туманларнинг қаъридан чиқдим.
Эҳҳе, қанчалар буюк денгиз
рўпарамда ястаниб ётар!
***
Ёзги дарё.
Кўприк бору лекин,
отлар ўтар саёз кечувдан…
***
Жуда кўпчилик
ётиб олган кема сахнига.
Порлар ёзги ой…
***
Ортимга ўгрилган пайтим,
ҳозиргина ёнимдан ўтган йўловчи
туманларда кўринмай кетди…
***
Қайиқдан, кўприклардан
кир ёядиган жойдан,
ҳамма ёқдан қарарлар ойга…
***
Баҳор оқшоми,
кимдир ўтди ёнимдан
сибизға чалиб…
***
Қандай қайғули кўриниш!
Ўргимчак тўрига
капалаклар илиниб ётар…
——————————
Танкалар
Сайгё шеъриятидан
——————————-
***
Дувиллаб тўкилди
узун — узун ўт — ўланлардан .
биллур шудринглар.
Кузги шамол гувиллар
Мягино далаларида.
***
Нихоят кузги осмонда,
қош қорайган он,
аранг — аранг ялтираб,
кўринди ниҳоят узоқ кутдирган,
соғинтирган ой.
***
Энди қандоқ қиламан мен,
кўйлагимнинг намчил енгида
ялт этди шуъла.
Ботиб кетди булут ортига
кузги маюс ой.
***
Куз оқшоми, ойдинда
ёприлди булутлар
ой юзин тўсмоқ учун.
Йўқ , кўзларимни алдабди
ғозлар галасининг кўланкалари.
***
Осмонда ой йўқ.
Чиқармикин у ?
Мен айвонда ўлтирганимча
узоқ кутдим, жуда ҳам узоқ
ой чиқишин тоғли қишлоқда.
***
Кундузгидай ёп — ёруғ кеча
кўланкам ҳам кўринмас.
Ой ярақлаб порлар
борар манзилимни англадим
қўнғироқлар товушидан.
***
Шудрингларин тўкмай
узиб олдим мен
гуллаган Хаги бутоғини,
чигирткалар қўшиғин тинглаб
ой ёруғида.
***
Қора сиёх билан ёзилган
хатларга ўхшаб
ғозлар қанот қоқиб
ғоғолаб учар
тунги осмонда.
***
Ўт — ўланларни қайриб
юрдим қайғуга ботиб
ва шудринглардан оғирлашди
кўйлагим енги.
Чигирткалар менга қўшилиб йиғлар.
***
Баҳор туманлари,
қаёққа , қайси тарафга
учиб кетди экан қирғовуллар ?
Улар тухум қўйган ўтлоққа
болалар ўт қўйибди…
***
Туман қоплаган дала,
ўраман ўт — ўланни.
Туманлар қайғули
болалигим беркиниб олган
ҳув олисда , туманлардан ҳам нарида.
***
Туманли тепаликлар тамонга
беркинган қирғовуллар.
Узоқ — узоқлардан
қанотлар шарпаси
сезилар менга…
***
Тинчим йўқолган менинг,
тинимсиз ўйлайман, қайси ўнгирда
қайси тоғ ёнбағирида
қайси олча
гуллар экан биринчи бўлиб?..
—————————-
Вакаяма Бокусий ёзган танкалар
—————————-
***
Вулқон пойида ўсган
қарағай ўрмонида
ой кумуш шуълалар таратган кеча
тун бўйи тинмай
сайради какку.
***
Эски кварталда
уфқдаги шом булутларига
қараб тўймайман .
Кечки соат вақтин хабарлаб,
жом чалади ибодатхона.
***
Саждагохдан тушаман ,
зинама — зина юриб, охиста
ва қуюқлашаётган зулматда
бутун вужудим билан
ҳис қиламан бу куз , бу тунни . . .
***
Шом ҳасрати чўккан кулбада
қирмиз кўмирларга сочсанг
озгина сакэ,
ҳушбўй кўкатларнинг хидига
тўлиб кетар ўшанда хонанг .
***
Узоқ узоқларда қорли чўққилар,
ҳайбатли қоялар пойида эса
Шовуллайди долғали денгиз.
Қирғоқ бўйлаб сайр қиламан
баҳор қувончига тўлиб вужудим.
***
Ярим кеча ойдинда ёлғиз
кулбамга қайтаман.
Сўнг зинапояда тўхтайман,
енгимдаги арча игнабаргларин
қоқиб туширмоқ учун.
***
Булутлар тарқади.
Мен Асама чўққисидаги
сўқмоқ узра юрибман дайдиб.
Вулқон мўриси устида
булут парчасига ўхшаган тутун.
***
Термуламан кўм кўк денгизга,
эшитаман сувлар шовқинин.
тўлқинлар қояга ўзини урар,
гоҳо кўкка сапчиб , гохида пастлаб
Юрагимни тўлдирар ғамга.
***
Дуд бурқсиган лойпахса ўчоқ,
тутун хиди келар
куружкадаги қайноқ сувдан.
Тоғдаги қишки кулбада совир
ғарибгина кечки овқатим.
***
Дарахт шохлари аро
порлайди қишки қуёш.
Юзларимни оҳиста силар
унинг хорғин нурлари.
Ёритади , лекин иситмас !
**
Мен узоққа кетдим .
ва денгиз сохилида
тунамоқчи бўлдим.
Энди ётган эдим, ярим кечаси.
қуйди дахшатли жала.
————————
Ёсии Исаму
———————-
***
Ҳавода сузади тамаки хиди,
ойдин кеча кимсасиз йўллар.
Жуббамга бурканиб, юрибман дайдиб
қинғир — қийшиқ жинкўчаларда.
Гион хавосидан симириб ёлғиз . . .
***
Пойтахтда аёз.
Музлаб қолмадимикан Учиб кетаётиб
қўнғироқлар жаранги?..
Аста валдирайман
совиб қолган сокэ устида . . .
***
Билганимда эди, ўшал деразадан
туманли зулматлар аро порлаган
фонуснинг хира хорғин ёғдуси аро
ойдин сукунатда ойнасин аста
тақиллатган бўлардим албат.
***
Наҳот ҳеч ким келмас ўлганимдан сўнг
сўппайиб ётган ёлғиз қабримни
зиёрат қилмоққа, кўзёши тўкиб?
Ўлганингдан кейин унутилишингни
Ўйламоқ қайғули . . .
***
Эшитдим , Бокусий тарк этибди
охири бу телба дунёни.
О, куз бунчалар маюс ва ғариб,
ҳаттоки юрт ба юрт дайдиб юрсамда ,
ҳатто еб — ичсамда, ҳузурлансамда ! . .
***
Камдан — кам одамга насиб қилади
тотмоқлик намхуш қайғуни —
лаблар билан хис қилмоқ
тинимсиз ичилган саке таъмини
ҳаёт ва мамотнинг чегарасида . . .
***
Февраль ойи охирлаб борар,
эшитаман олис қалдироқларни —
баҳорнинг биринчи акс — садоси .
Краб чиғаноғида Сакэ қайнатяпман
денгиз соҳилида бир ўзим, ёлғиз.
***
Қаерда , қандай ва қачон ,
тарк этаркинман бу дунёни мен
Мен хаётим хақида ўйлайман,
ўлимим хақида фикр қиламан
Ино текислигида, ойдинда.
***
Изтиробли ўйлар оғушида жим
ўчоққа ўт қалайман, пуфлайман тутун.
Ва тун бўйи бедор ўлтириб
ҳасратли бехудуд ўйга чўмаман
қизарган кўмирларни ковлаб, ағдариб . . .
***
Сенинг фикринга қўшилмаган
одамларни савалаш шартми?
Яхшиси қўлинга толхивич олиб
ўз — ўзингни аёвсиз савалаб
моматалоқ қилган яхшироқ . . .
***
Хасратли қайғулар!
Бугун яна ўчоқдаги кўмир чўғида
сакэ иситяпман бир ўзим ёлғиз.
Кундан кун тобора қишга
сингиб бораётир Нирао дараси . . .
———————
Ито Сатио
——————-
***
Мен ёмғирли тунда
пион гулларини соғиниб кетдим .
ва тошфонарни ёқиб, оҳиста
ташқарига чиқдим, пион гулларини
кўриб келмоқлик учун.
***
Кўраяпман — тош устин ёпиб
ва дарахтлар пойини қоплаб,
гўё биргалашиб , йиғилиб ,
ҳамкорликда чирпирамоққа
ҳозирланар барги хазонлар . . .
***
Хориган ер, чарчаган осмон
тонг отгунча уйқуга кетар.
Зулмат қуюқлашар
ва бепоён денгиз устидан
беғамгина кўтарилар ой . . .
—————————-
Симаки Акахико
—————————
***
Гуллаётган ўтлоқлар аро
ўт — ўланли сўқмоқдан юриб
етиб келдим буғдойзорга мен.
Ва хўрсиниб, дедим: -Жим — житлик!
ўрдак ғақиллади менга жавобан . . .
***
Ярим кеча
қуюқлашган туманлар аро
сизар ёғдулар
ва сирғалган ой шуъласида
ғира — шира жилваланар сув . . .
***
Ўрмон сайхонлигидаги
узун узун ўт -ўлан ўсган ўтлоқда
ўйланиб ўлтириб, ёлғиз бир ўзим
тоғли ўлка билан хайирлашяпман.
Қайғули ва оғир бу юрак учун.
***
Чироқ шуъласига талпинганича
парвоналар айланар учиб.
Уйда , мен билан ёнма — ён ,
болаларим ухлар
эски — тускиларга ўраниб, қотиб . . .
***
Ёмғир тинди, ёришди осмон.
шундан бўлса керак,
ҳаво тоза, муздек мусаффо.
Гуруч қоғозининг қирғоқларида ,
ёниб тугаётир ботиш шуъласи . . .
***
Жим кимсасиз тунги кўчалар.
Сўнган куллар қуруми босган
ўчоқ мўрисининг қирғоқларини
қиров билан безайди
изғирин аёз . . .
***
Узоқ узоқлардан, зулмат қаъридан
элас элас эшитилар қулоққа
тўлқинларнинг бўғиқ шовқини.
Дарахтлар сояси чўзилиб ётган
ойдинда рақс тушар дехқонлар.
***
Ёзаяпман , ёзаяпман ,
қоронғи тушсада
ҳатто чироқни ёқиш учун ҳам
ўрнимдан тургим келмас.
Ёлғиз қаршилайман оқшомни шундай . . .
***
Далаларда эриб кетди қор,
қўнғир тупроқ ялонғочланди
ва осилиб турар ер узра
ботаётган қуёш лаппаги,
кўриниши кичик ва совуқ . . .
—————————
Нагатсука Такаси
—————————
***
Дала ортидаги зовурда
бошларини чиқариб сувдан
бақалар куйлайди.
Баҳорги ўрмонларда эса
калиналар гуллабди оппоқ .
***
Уй олдидаги боғда
сукунатли сокин туманлар.
Тонги ғира — ширада
бадян шохларидан тўкилган
хазонларни супураман жим.
***
Ловия палаклари
йиғиштириб олинган.
кузги даладаги
тўрсайган кулранг тиканлар аро
чигирткалар чириллар ғамгин . . .
***
О ,Камелия гули ,
музлаб совқотдинг ,
совуқ шамолда.
сенга хеч ким ачиниб боқмас .
ўхшаш бизнинг тақдирларимиз . . .
***
Бугун тунда жарангдор
овоз билан куйлар чирилдоқ .
Қаердадир шу яқин атрофда —
балки , мисол учун , ошхонада , ёки
сабзовот солинган тўрвада куйлар . . .
———————-
Коидзуми Тикаси
———————-
***
Ботаётган куннинг шуъласи
қирмизи ёнғиндай шомги тоғларда .
бамбукларнинг қорайган
соялари эса акс этар
қоғоз деворда . . .
***
Қўшнилар мени
буғли хаммомида чўмилиш учун
таклиф қилишди .
Қайтаётиб осмонга боқдим .
учқунларди қор . . .
***
Қадрдон дўстимни
зиёрат қилгани бордим.
Жуда эрта очилибди
оппоқ мойчечаклар
четан деворли боғларда.
***
Фонарни ўчириб
бораман тонг сахар чоғи .
ва кўраман олисда
оппоқ туманлар булут сингари
юмаланиб сузар ер узра . . .
———————
Сяку Тёку
———————-
***
Бўм — бўш йўл .
қуйилади атрофга жимлик.
Қичишади бурун катагим
ёқилган гулханнинг аччиқ дудидан .
чой қайнатмоқдаман . . .
***
Қалбда хотиржамлик !
бахор бўронидан сўнг
ҳамма нарса тинчланди, мана.
Эшитила бошлади кўчада яна
ёғоч ковушларнинг тўқиллашлари . . .
***
Булутлардан сизиб ўтаётган
ойнинг хира ёғдусида
тошаётган дарё кечувидаги
шолипоялар аро
бўқоқ тортган шолилар хиди . . .
***
Тоғдаги қишлоқ
қор босган дарахтлар .
оппоқ осуда жимлик.
Одам ҳам , ит ҳам кўринмас
қарғалар юрибди кулбам олдида.
***
Мана , яна қайтиб келдим мен,
томида ой порлаб турган ўша
тоғдаги пастаккина кулбамга.
Ошхонада янграр қадрдон қўшиқ .
бу менинг ҳамхонам — ёлғиз чирилдоқ . . .
—————
Хайкулар
—————
* * *
Баланд қоядаги дарахтга яна
илиниб қолибди
менинг варрагим . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Ойнинг биринчи куни , менинг ушоқдек
варрагим бошқа варраклар билан
қўшилиб ликиллар Эдо* устида . . .
———————
* Эдо- Токионинг эски номи.
Кобаяси ИССА .
* * *
Сел тошқини.
Оҳ, қанчалар тўлиб оқмоқда
қалъа атрофидаги зовурлар !
Масаока СИКИ .
* * *
Баҳор сели.
Океанга қуйилмоқда
бўтана сувлар . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Сув тошқини.
Мушук тушиб кетди оқимга
Сакраб ўтолмади бечора .
ХОРО
* * *
Баҳор шамоли.
Ютоқиб — ютоқиб сув ичар сичқон
Сумида дарёсидан . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Ажойиб варрак кўтарилди
камбағалнинг томи устидан
кўм — кўк осмонга . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Қайиқ устида варақлари
тош билан бостирилган китоб.
Баҳор шамоллари эсар . . .
КИТО
* * *
Баҳор шамоли .
Турналар оқариб хурпаяр ,
қарағайлар орасида . . .
РАЙДЗОН .
* * *
Худди одамлардай дайдиб юрибди
каптарлар , чумчуқлар
балиқ ови мавсумида .
Кобаяси ИССА .
* * *
Балиқ ови мавсумида
қисқичбақа ишонқирамай
ўлчаб юрар қумда оёқ изларин . . .
РОФУ
* * *
Шоли экиш мавсуми.
Ох қанча қайғу, қанча ташвишлар
қуйилган — а бу қўшиқларга !
Кобаяси ИССА .
* * *
Дехқон ухлар тоғ этагида,
кетмончага бошини қўйиб.
Тўрғай сайрамоқда ҳавода.
Кобаяси ИССА
* * *
Шолипоя чопгани чиқдим .
Қуш ҳам сайраб қўймас ақалли
тоғ ёнбағрида . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Мен бу ерни ағдаргунимча
кетиб қопти дала осмонида
сузиб юрган бир парча булут . . .
Ёса БУСОН
* * *
Оқшом тутунлари.
Ноғоралар зириллар гулхан томонда.
Чалинади қулоққа қўшиқ . . .
РЁТА .
* * *
Кун узоқ чўзилар.
Кўприкка қўнганича турар тустовуқ.
Кетмайди учиб . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Кун узундан узоқ.
Олисдан элас — элас эшитилади ,
обжувознинг ҳорғин ғижири . . .
ЯХА .
* * *
Узоқда учмоқда бир гала ўрдак.
Мен кетмончамни чайқайман.
Ғақ этади нимадир сувда . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Ўтлоқ узра тутун чўзилган.
Вайсашмоқда бир нарсалар деб
иккита бия . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Эҳ сен булбул!
Лой оёғингни арттаяпсанми ,
олхўри гулларига . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Булбул сайраяпти,
ҳар замонда ташлаб қаҳрли назар
менинг кулбамга . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Дехқон ишлаётган
орол устида ҳам
тўрғай қўшиғи . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Яшил жавдаризор.
Тўрғай кўтарилди дала устига
сўнг яна пастлади . . .
ОНИТСУРА .
* * *
Нарсаларни ёруққа қўйиб,
кузатаман соялар туғилишини
кузги чошгохда . . .
КЁСИ .
* * *
Тонг ёришар.
Қўнғироқлар овози
туманларга беланар.
Матсуо БАСЁ .
* * *
Куз кечаси.
Ўралади нўноқ йўловчи
юпқа кўйлакка . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Таралмоқда о — о — о — оу !
Мунгли чорлов акс — садоси.
Тун қўйнида дайдийди буғу . . .
Матсуо БАСЁ .
* * *
Кузги тоғда ибодатхона.
Айвонда турганча тингладим маъюс
буғу чорловин. . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Буғу овози
олисга жаранглаб сингади
маъюс ва маъюс.
Матсуо БАСЁ .
* * *
Тунги совуқ.
Менга жулдур тўнин қарзга берарми
даладага ёлғиз қўриқчи? . .
Матсуо БАСЁ .
* * *
Изғирин.
Узоқда хурпайган турнани
кўраяпман мен . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Пўшт — пўшт , чирилдоқ,
ҳозир ёнбошимга ағдариламан.
Қани , жўнаб қол — чи бу ердан !
Кобаяси ИССА .
* * *
Ўчоқ бошидаги ковакка
чирилдоқ кириб олган.
Тунги совуқ . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Куз келмоқда.
Бу хақда хабар олиб ,
учиб келди қизил ниначи .
СИРАО .
* * *
Зоғча тутиб олдим.
Унинг кўзларига қараб билдимки,
куз келаётир .
ДАКОТСУ .
* * *
Илгакланган эшик.
Ҳовли саҳнасида
ўйнар хазонрез . . .
ТEЙГА .
* * *
Акиллайди безовта кўппак,
ажратиб қуриган хазон шитирин.
Ховлида бўрон . . .
Сисей — ДЗЁ .
* * *
Оппоқ хризантема.
Мана қаршисида тўхтаб қайчи ҳам
қотиб қолди бир дақиқага .
Ёса БУСОН .
* * *
Янги боғ яратдим.
Ниҳоят ундаги тошлар намланди
биринчи қиш ёмғири . . .
СЯДО .
* * *
Биринчи қиш ёмғири.
Маймун ҳам қаршилик қилмайди
кийдирсанг чопон.
Матсуо БАСЁ .
* * *
Қандай қайсар одам !
Балиқ тутар қиш ёмғирида
қош қорайган чоғ . . .
Ёса БУСОН .
* * *
Мен шамолга қарши юраяпман.
Соябоним ортга тортади
қишки ёмғирлар вақти . . .
Сисей — ДЗЁ
* * *
Дехқон кенг далада
менга йўл кўрсатди
юлинган шолғом билан . . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Товуқлар катакда ухлашаётир.
Қор эса янада қалинроқ
қоплаётир далалар устин.
Кобаяси ИССА
* * *
Шамол қалпоғини учириб,
савалайди селлар беаёв
Қўриқчи далада . . .
ХАГИ — ДЗЁ .
* * *
Ойдин кеча.
Нақадар аянчли , нақадар бахтсиз
даладаги қўриқчи . . .
Масаока СИКИ .
* * *
Даладаги қўриқчи
ҳатто Хизр бўлиб келганида ҳам
бошдан олмас евроқалпоғин .
ДАНСУЙ
* * *
Ҳой, ҳовлида яна не шовқин?!
Бу қўриқчи, кучли шамолда
ерга қулаб тушди гурсиллаб.
БОНТЁ .
* * *
Ғоз, ёввойи ғоз,
айт неча йил учдинг саросар
ўрмонлар ортига, денгиз ортига ?. . .
Кобаяси ИССА .
* * *
Ёввойи ғозларнинг галаси
ғоғолаб пастлади яйдоқ далага .
Кучаймоқда тунги совуқлар . . .
КЁРОКУ .
* * *
Қизилиштон тақиллатмоқда.
Кун ботса ҳам ҳамон тинмайди
ҳамон ўша эски жойида . . .
Кобаяси ИССА
* * *
Ўчоқ бошидаги ковакда
куйлар тамом ўзин унутиб
таниш чирилдоқ . . .
Матсуо БАСЁ .
* * *
Тешик соябон —
қишлов учун қўл келди жуда
Кўршапалакларга !. . .
Ёса БУСОН .
* * *
Совуқ тун.
Жиғимга тегишчун қўшнилар атай
қозон тақирлатаётирми?
Ёса БУСОН .
* * *
Сичқон чиқиб борар
кўрпам ёнидаги жинчироқ сари.
Ёғ ҳам музлабди . . .
Ёса БУСОН .