Абдусаид Кўчимов
Бинафша
(Ҳикоя)
Тўртинчи қаватга чиқиб келиб, супачада бир лаҳза иккиланиб туриб қолди. Шу кўйи аввал ўнг, кейин тўғридаги ёпиқ эшикларга ҳадиксираб бирров кўз югуртирган асно, жигарранг чарм қопланган чапдаги эшик тугмачасига қўл узатди. Сезилар-сезилмас очиқ турарди бу эшик авваллари. У иккинчи қаватдан оёқ учида оҳиста-оҳиста кўтарилиб келардию, “лип” этиб кириб кетарди қия очиқ шу эшикдан. Қўшнилар сезиб-нетиб қолмадимикан, деган хатардан қалтираб турарди то ичкарига кириб олгунича. Деярли эсидан чиқиб кетган ўша ҳаяжон яна ўраб олди унинг вужудини. “Ҳозир манови эшик зарб билан очилиб, сочлари қўқиган кампир чиқса-ю, (у қўшни аёлни сира кўрмаган, аммо Бинафша ҳар сафар тўғридаги эшикдан эҳтиёт бўлинг, унда шаллақи ўрис кампир яшайди, сезиб қолса, бутун “дом”га овоза қилади, деявергани учун ялмоғиз кампирдан қўрққан боладек чўчиб қолганди) кимсан, нима қилиб юрибсан бизнинг бўсағада, дея зуғум қилиб қолса, нима дейман”, деган ўйдан юраги потирлаб кетди. “Бир пайтлар қадрдон бўлган ва айни чоғда, худди шу қадрдонлиги билан кўнгилни вайрон қилган уйга қандай кираман? Бекор келдим-ов… Қариганда йўрғаликка бало бормиди, юргандиму тинчгина, эсданам чиқиб кетувди, койиди ўзини, бир балони бошламаса гўргайди, ишқилиб”.
Бир кўнгли шартта бурилиб, изига қайтмоқчи ҳам бўлди. Аммо, узатилган бармоқлар ҳали қора тугмага етиб улгурмай, худди қадим замонлардаги каби эшик сассиз очилиб, юмшоққина бир қўл билагидан маҳкам ушлади-ю, оҳиста ичкари тортди.
– Нимага анқаясиз, киринг, – деган таниш шивир оғушида дераза пардалари зич ёпилган нимқоронғи тор йўлакка қандай кириб қолганини сезмай ҳам қолди.
Эшик “ширқ” этиб ёпилган ҳамоно, бояги қўл илондай бўйнига чирмашди. Юзларига урилган муаттар нафаснинг илиқ тафти юрагини ўйнатиб, вужудини аллатовур титратиб юборди.
– Қочқоқ… қўрқоқ… – эркаланиб койингани эшитилди аёлнинг. – Ўзим қидирмасам, эсингизгаям келмайман-а? Шу бўлдими минг йиллик қадрдонлик?
Аёл унинг чап юзига аввал секингина урди, сўнгра урган жойига иссиқ лабларини босиб, икки марта худди капалак қанотлари тегиб ўтгандек қилиб оҳиста-оҳиста ўпди; ўпа туриб бир қўли билан деворни пайпаслай-пайпаслай чироқни ёқди. Шифтдаги ироқи дўппидайгина оппоқ чироқдан тўкилган бир қучоқ нур нимқоронғи йўлакни нурафшон қилиб юборди. Аёл ана шундан сўнг икки қўллаб эркакнинг кўкрагидан оҳиста итарганча, бошини қия ташлади ва ёруғда яхшилаб кўриб-таниб олмоқчи бўлгандай суқланиб тикилиб қолди меҳмоннинг хотиралар силсиласида чуваланиб кетган фикрларини йиғолмай ҳайронликда ёниб турган кўзларига.
– Ботир ака, сираям ўзгармабсиз, – майин пичирлади эркакнинг битта-яримта оқ оралаганига қарамай ўзига ярашиб турган қалин сочлари, қоп-қора қошлари, спортчиларникидек тик ва бақувват қоматига бир-бир кўз ташларкан инжа табассум билан . – Ҳатто, ёшарибсиз…
– Янги очилган атиргулдай латофатли бўлиб кетибсан ўзинг ҳам, Бинафша, – деди юзидаги безовталик ифодасини билдирмасликка тиришаётган Ботир. У ҳозир аёлнинг мақтовидан эриб кетадиган аҳволда эмаса-да, сарвдек қадди қомат қаршисида лол бўлиб қолгани аён эди. Негалигини изоҳлаб беролмайдию, аммо, бурунги чиройи сўлган, ташвишлар юзларида чуқур-чуқур излар қолдирган, қаримсиқ бир аёл билан учрашаман, деган хаёлда эди бу ерга кела-келгунча.
Ҳинд келинчаклари сингари кафтларини жуфтлаб, қалдирғоч қанотидай қошларини чимириб, кийиккўзларини ўйнатиб ҳаяжон ичра термулиб турган нозанинни кўрганда эса довдираб, нима қиларини, нима деярини билолмай қолди. Бундай сулувга рўпара бўлиш етти ухлаб тушига кирмагани важидан албатта, вужудининг олис-олисларида чанглаб қолган эски туйғулар ҳам илкис уйғониб кетди. Талотўп саволлару эҳтирослар қуршовида мафтун-маҳлиё бўлиб қолди қошида турган санамга. Пешонаю елкаларда силкиниб турган сумбул сочлар, қимтиниб турган олболи лаблардаги эҳтирос ақлини олди, ҳиссиётларини қўзғатиб, ўйларини ўйнатиб юборди. Қаршисида турган дилбар ўша – ўзи билган Бинафша эканига сира ишонгиси келмас, бутунлай бошқа – камида эртаклардаги пари-пайкарларнинг биттаси билан юзма-юз келиб қолгандек эди гўё.
Тасаввурларини остин-устун қилиб юборган бетимсол гўзаллик – рашкми, гумонми, ишқилиб, нималигини бирданига англаб бўлмайдиган қитмир шубҳаларгаям жон киритиб юборди айни чоғда. “Шунча йил ўтсаям ўзини олдирмабди. Кундай кулиб, ойдай тўлибди. Тўлишгани очиб юборибди қурғурни. Юрадигани бормикан? Бор! Эркак зоти тинч қўярмиди бундай ҳурилиқоларни? Балки эрга теккандир. Йўғ-е, эри бўлса, чақирмасди. Лекин, қоринбой “танка”си борлиги аниқ. Ундай десанг, уйда ҳеч қанадай ўзгариш йўқ-ку. Оёқ остидаги шолчаям, деворга ёпиштирилган қоғоз, ҳатто, чапдаги тошойнада бир чети кўриниб турган дераза пардалариям ўша-ўша. Юрса, “танка”си бўлса, гуллатиб юборган бўлмасмиди ҳаммаёқни. Нега чақирдийкан? Ёки яна, а?..”
Аёлнинг шунча вақтдан кейин ҳам сира тортинмай бўйнига осилгани, юзларига аввал мулойим шапатилаб, кейин ўпгани, энди бўлса ўзини бозорга солаётгандай қадди-қоматини кўз-кўз қилишлари… Ҳаворанг ҳарир кўйлагининг йирик-йирик ялтироқ тугмаларини бир-бир пайпаслаган ҳолда қийпанглаб туришлари… шубҳаларини янаям ҳаволантириб, тасдиқлаётгандек туюлди. Кимдандир эшитган: “Бинафша кино юлдузлари билан юради”, деган гап эсига тушиб, дилида нохушлик пайдо қилган бўлса ҳам қошидаги малаксиймонинг назокатли табассумлари томирларида оқаётган мудроқ қонга ўт ёқди, икки юзи ловуллаб, анордек қизариб кетди.
– Пари… афсоналардаги парига ўхшайсан-е! – деди сершовқин ҳиссиётлардан боши айланиб. – Худди дунёга бошқатдан келгандайсан-а!
– Қаёқда. Семириб кетганимни қаранг! – иболи эркаланди Бинафша.
– Тўлалик ҳам узукдаги кўздай ярашибди, яшнатиб юборибди, – Ботир шундай дея беихтиёр аёлга талпинди, тирсагининг юқорироғидан оҳиста ушлаб, ўзига тортди. Бинафша нозланди, қаршилик кўрсатмоқчи бўлгандай:
– Ёқмай қолсин! – деди хиёл тисланиб. – Аввал оёқни ечинг, ишинг қанақа, аҳволинг қандай, нимага изиллаб қидирдинг мени, деб сўранг, – у қувноқ оҳангда гапираётган эса-да, жудаям бахтиёр эмаслиги, елкасида қандайдир ташвиш борлиги сезилди Ботирга.
– Ҳа-я. Неча йил тим-тирс кетиб, тўсатдан эслаб қопсан? – шоша-пиша товони билан оёғидаги туфлини ечаётиб савол берди Ботир. – Юз йил бўлди-ёв?
– Юз эмас-у, лекин эллик йилдан ошгани аниқ, – ҳиринглади Ботирнинг қўлидаги елимхалтани ола туриб Бинафша. – Нималар кўтариб юрибсиз, овора бўлиб?
– Барра. Баррагўштни яхши кўришинг эсга тушиб, йўл-йўлакай “Бухоро” кафесидан озроқ олволдим. “Боғизағон” ҳам бор.
– Вой, ”Боғизағон”га ишқивозлигим ҳам эсингиздами?! – қизчалардай қийқириб юборди елимхалтадаги зарқалпоқли узун шишага кўзи тушган Бинафша. – Ўзим ўргу-лли-йй! Барибир сиздан ўтадигани йўқ-де!
Янаям тўлқинлантириб юборди бу беғубор олқишлар Ботирни.
– Ёшликдаги муҳаббат айрилмас бало экан! – деди бирдан шоирлиги қўзиб.
Бу сўзларни оташин муҳаббат садолари тарзида қабул қилган Бинафшанинг ҳам шеърга шеър билан жавоб қайтаргиси келиб кетди:
– Лекин ака Ботирнинг севгиси ча-ло-о экан!
Умрида бир қатор шеър ёзмаган одамнинг тилига бундай қофиядош сўзлар қаердан кепқолди, ўзиям билмайди, аммо ўша заҳотиёқ жаранглатиб айтди шу мисрани.
Аёлнинг товушларидаги самимий оташ Ботирни баттар ёндирди:
– Чунки, қиз бошқа-бошқа ишққа мубта-ло-о экан!..
– Ундаймас, қочқоқ акам… Акам-чи?.. Анақа, анақа… – Бинафша давомига сўз тополмай, дудуқланиб қолди. – Ай-й, шоирмасман-да! – яйраб-яшнаб кулиб юборди кейин. – Сувга тушган тошдай йўқолиб кетган ўзингизу, тағин мени айбдор қиласиз-а! Қани, ўтиринг-чи мана мундоқ.
Бинафша Ботирни дераза олдидаги ихчамгина думалоқ столнинг икки тарафида турган стулларнинг биттасига худди мажбурлагандай елкасидан босиб ўтқазди:
– Хўш, қочоқвой оғам, гапни нимадан бошлаймиз? Ёки ҳаммасидан аввал томоқларни ҳўллаб оламизми, а? – кўзларини сузиб “Боғизағон”га ишора қилди у.
Бу ишора кўнглида яна шубҳа пайдо қилди – енгилтаклик бўлиб кўринди Ботирнинг кўзига.
– Бу дейман, жа-а ўсиб кетибсанми? – юмшоққина кесатди кўзларини қисиб. – Зўрласам ҳам оёқ тираб турардинг авваллари?
Ботирнинг саволи Бинафшанинг иззат-нафсига озроққина тегиниб кетди шекилли, ҳозиргина қизғалдоқдай ял-ял товланиб турган чеҳрага қия соя тушди. Оҳиста хўрсиниб ҳам қўйди.
– Сиз кўрган дарахтлар ўтин бўлиб кетди, оғажоним! – илиқ кесатиққа илиқ истеҳзо билан жавоб қайтарди Бинафша. – Ҳаёт одамни ҳар оҳангга йўрғалатаркан, – жилмайишга уриниб давом этди кейин. – Айниқса, ҳалиги, бир қўшиқда айтилади-ку, аравани ёлғиз тортади аёл, деб. Аравани якка ўзинг тортгандан кейин, мажбур бўларкансан турли-турли музикаларда ўйнашга. Бугун ўтган гапларни эсламоқчи эмасдим-у, лекин… – деб иккилангандай бирпас индамай қолди. – Келинг, эсламайлик уйинг куйгур шу ўтмишни. Ўтган ишдан ўкиниш, ўтиб кетган ёмғирнинг кетидан ўпкалаш, дердилар бувим раҳматли, – ўзига-ўзи тасилли бераётгандек давом этди у. – Ўйлаб кўрсам, ҳақиқатдан ҳам ўтган умр – куйган кўмиракан. Туш кўрган яхши экан ўтган ишларни эслашдан. Бошқаларни билмайман-у, мен баъзи кечалари соатлаб деразадан мўралаётган ойнинг хира ёғдусига тикилиб хаёл суришни, кундуз кунлари осмонда қий-чув қилиб учиб юрган қушлар парвозини томоша қилишни яхши кўраман. Ёмғир пайтлари дераза олдида типпа-тик турволиб томчиларни чиқ-чиқ этиб тунукага тегаётганини кузатиб ўтирсам, маза қиламан, дам оламан. Томчилар чиқиллаб вақтни ҳисоб-китоб қилаётгандай, ҳар чиқ этганда, умрингни бир лаҳзаси кетди, деб огоҳлантираётгандай бўлади, ҳам ҳавасим келади қушларга, оймомога, томчиларга; ҳам эзилиб кетаман умрим сувдай тез оқиб кетаётганидан.
Шу сўзларни айтаётганда, ярақлаган осмонга илкис қора булут чиққандек, Бинафшанинг чеҳраси бир зум маъюсланди. Аммо бу ҳолат худди қуёш парча булут соясига бир кириб чиққан каби қандай тез содир бўлган бўлса, шундай тезликда ғойиб бўлди:
– Э-э, у гапларни қўяйлик, оға. Ўтган ишга саловат, дейдилар-ку! – деди яна асл ҳолатига қайтгиси келгандай овозига қувноқ тус бериб. – Энг муҳими-чи, учрашиб турибмиз. Унданам муҳими, сиз менга кераксиз. Шунчалар кераксизки, нима десам экан, худди-чи, сув билан ҳаводай. Янаям тушунарли қилиб айтсам, қўзиқорин патиллаб чиқиши учун момақалдироқ қанчалик керак бўлса, сиз ҳам шунчалар кераксиз менга. Билардингиз, авваллари қуруқ гап бор эди менда, арзон мулоҳазалар гирдобида ўралишиб юрардим, аниқ-тиниқ мақсад йўқ эди. Ҳамма нарсани орзу қилардим-у, амалда ҳеч бирининг қўлидан ушлаёлмасдим. Капалакдай учиб юрардим гулдан-гулга.
Бинафша гапириш асносида газ плитага чой қўйди, қип-қизил қилиб қовурилган гўштни тўғраб, шиша тақсимчага чиройли қилиб терди. Конфет, бодом, майиз, ёнғоқ солинган биллур идишларни музхонадан олиб, столни тўлдирди. Яримта қора бўлкани ингички қилиб кесди. Ботир унинг ҳаракатларини зимдан кузатганча, гапларига у қадар ишонқирамай, жимгина эшитиб ўтирди. Бир ёқда: Бинафшанинг қордай момиқ елкалари, бўйнидаги оппоқ маржон доналарини нозланиб-эркалангандай жимиллаб қимирлашлари, ҳаворанг калта ва тор кўйлак ичида тўрга тушган балиқдай титраётган бадани, қаддини эгиб-ростлаганда очиқ ёқалардан тошиб-қайнаб чиқаётган бўлиқ сийналари… Бир ёқда: бир-биридан шубҳали гумонлар, ёқимсиз фикрлар зимдан тинмай таъқиб қилар, юрагининг бир чети хижил эди. Бемаъни фикрларни миясидан қувиб чиқаришга эса кучи етмасди. Карахтлигидан қудуққа тушган одамдек ҳис қиларди ўзини. “Анча пишибди. Гаплари мантиқли. Маҳорати ошган. Мақтанмоқчими ё лақиллатмоқчими?”, ўйларди оёғини чалиштириб ўтираркан, ора-сира шунчаки кўча сари кўз ташлаб. Дастурхон тузаш билан андармон аёл сезмасди унинг ҳолатини.
– Институтни битирганимдан хабарингиз бор. Дипломим бўйича иш излаб, телевизорга борганимниям биласиз. Икки йил юрдим унисига-мунисига эргашиб, саргардон бўлиб. Ҳаммаси ваъда беради, ҳаммаси қобилиятингиз бор, ҳаракатингиз яхши, деб мақтайди. Ҳаммаси бир-биридан чўчигандай алланималарга ишора қилади, башарасига сирли тус бериб юқорини кўрсатади, аслида эса ҳеч ким ҳеч кимдан қўрқмайди. Ҳамма билганидан қолмайди. Ҳамма нафс овораси. Шу бечорада қизиқиш бор экан, ҳавас бор экан, диплом бор экан, кел, Худо йўлига бўлсаям ёрдам берайлик, дейдиган мард йўқ. Аксинча, қайсига рўпара келсанг, қўзичоқни кўрган қашқирдай қарайди. Ниятининг песлиги шундоғ кўриниб туради укки кўзларида. Рўйхуш бермаганингдан кейин… Биласизми, сиз билан бўлган бўлсам, яхши кўрганим, азбаройи ёшлик олови билан севиб қолганимдан бўлган. Бунинг устига, эримдан ўч олишнинг бетизгин истак-алангаси… Тепамда Худо турибди, сизга аввал ҳам юз марталаб айтганман, яна айтаман: сизгача-чи, эримдан бошқага қўлини ушлатган банда эмасман. Сиз, барибир, ишонмайсиз. Лекин, тағин айтаман, агар-чи, эрим хиёнат қилиб, иззатимни оёқости қилмаганида; бу дунё кўзимга тор кўриниб, аламимга чидолмай, жизиғим чиқиб юрган ўша кунлар сизга дуч келиб қолмаганимда… – томоғига бир нима қадалгандай тутилиб қолди.
– Яхши кўрармидинг? – аёлнинг гапларидан эрибми ёки ростлигига ишонмайми, ўсмоқчилади Ботир.
Тўғри, ёмон ниятда сўрамади. Аммо Бинафшага бошқача таъсир қилди. У кимдир чаккасига бир ургандай норози бўлиб қаради. Нафратми, шафқатми, меҳрми, ишқилиб, шу дақиқада номини топиб бўлмайдиган алланималар сачраб кетди қарашларидан. Эркакнинг бепарволарча, масхаралагандай савол ташлаши оғир ботди, тикандай тегди юрагига.
Лекин тезда ўзини қўлга олди:
– Айтдим-ку, ишонмайсиз, деб. Икки дунёда ишонмайсиз, – ютиниб олганидан сўнг вазмин давом этди жилмайишга уриниб. – Шошманг, бунинг нима аҳамияти бор ҳозир? Тентакман-да, ўзимам, – синиқ кулди. – Ахир куя-куя адойи тамом бўлган, эр тугул, тузукроқ ҳамроҳ, эзилган чоғларда ҳеч бўлмаса кўнглингни кўтарувчи бир ҳамдард битилмаган бўлса мен шўрқисматнинг пешонасига, нима қилай, а?
Унинг овозидаги мискин ҳасратдан Ботир ҳушёр тортди. Ноўрин савол бериб, ошириб юборганини англади. Озроққина афсусланди. Хаёлини бир жойга тўплаб, хатосини тузатмоқчи бўлди – сўз қидирди. Аммо, миллион-милиён пашшадай ер юзида изғиб юрган ўша бесаноқ сўзларнинг биттагина арзигулиги ҳадеганда кела қолмади тилига.
– Мопассанни гўзал гапи бор: яшасин эркаклар билан аёллар ўртасидаги озгина тафовут, дейди у, – деди ниҳоят калаванинг учини топгандай ичи ёришиб. – Шекспир эса, на тил, на миллат, на тана ва на қон, балки юраклар бизни дўстлаштиради, деган. Юраклар яқинлаштирган сен билан мени.
Алломаларнинг улуғ фикрлари аёлга у кутганчалик таъсир қилмади. Аксинча, энсаси қотди. На ўкинч, на таъналигини билиб бўлмайдиган ғўжала маъно аксланди чеҳрасида.
– Кечирасан-да, энди… Хондан ҳам хато ўтади-ю? – деди юзага келган қалтис вазиятни иложи борича тезроқ юмшатишга интилаётган Ботир узрли оҳангда. Учрашувдан мақсад нима эканини аниқ билмаса ҳам, эски таниш билан бўлаётган суҳбат нималари биландир тобора ёқа бошлаганди унга. – Тўғрисини айтсам, бебаҳо қизсан. Айб менда. Вақтида қадрингга етишим, эҳтиётлашим, ёнингда туришим…
– Шу ерда нозик масала томон жуда ичкарилаб кетаётганини сезиб қолди ва дарров суҳбат абдавини керакли кўчага бурди. – Хўш, кейин-чи, кейин нима бўлди? – деб сўради.
Сўров асносида ботинмайроқ қўлини ушлади. Бинафшанинг бармоқларида билинар-билинмас титроқ бор эди, бир мунча эзилди. Аёл рўйхушлик бермагандай қўлини секин тортиб олди, таънали илжайди:
– Нима бўларди? Тегажоғлик қилишди. Тоққа, боққа – ҳар жойга таклифлар бўлди.
Хўш, у ёғиниям айтаверайми? – кинояга тўла кўзларини тикандай қадаб савол ташлади Бинафша. – Билгингиз кевоттими? “Аввал пастел, кейин эфир”, деган қочиримлар айланди. Қисқаси калом, телевизирда ишлаш насиб этмади. Сўнгра бир дугонамнинг таклифи билан соч турмаклаш, аёлларга оро беришни ўргандим. Тикувчиликка ўқиб, ательмодда ишладим. Бир муддат сотувчилик ҳам қилдим Чорсу бозорида. Бўлмади.
Телевизирга қарасам, кино кўрсам, қоним қайнаб кетаверади, денг. Кўрсатувларнинг пачоқлиги, чала режиссура, ясама қиёфалар, мижғов сўзлар… Бўғилиб кетаман, тошбўрон қилгим келади. Шунақалар ишлаб юрган жойга нега мен сиғмадим? Қаерим кам улардан, дейман жиғи-бийрон бўлиб. Яхши кино кўрганда, яна ичим қизийди. Мен ҳам шундай кинолар ишлашим мумкин-ку? Нега яқинлаштиришмайди? Нега кўкрагимдан итаришади, деб ич-этимни ейман. Қаерда ишламай, қаерда юрмай, кўзга кўринмайдиган аллақандай куч тортаверади ўша томонга. Мобил телефони бор одамнинг телефонини олиб қўйсанг, чекишдан айрилган кашандадек гарангсиб қолади-ю, шунақа бўп қолдим. Бугун телефонсиз яшаш мумкин эмас. Бу – эҳтиёж. Кўзи китоб ўқишга ўтмайдиган одам учун кўзойнагини ҳамиша ёнида олиб юриш ҳам эҳтиёж. Демак, эҳтиёж одамни ўзига тортади. Эҳтиёжга айланмаган нарса елимласанг ҳам ёпишмайди. Киночилик ҳам мен учун эҳтиёжга айланиб кетганини шунда билдим. Биламан, бу соҳани роҳатидан азоби кўп. Лекин сеҳри бор, кайфи бор, жозибаси бор, ҳаммаям тушунавермайди буни. – Бинафша шу ерда ҳикояни таққа тўхтатиб, “Боғизағон”ни Ботирга узатди:
– Очмайсизми савил қолгурни!
Ботир кафти билан шиша тагига икки урди, пўкак тиқин “пақ” этиб отилиб кетди.
– Қуйишниям айтишим керакми энди сизга? – узун ва ингичка қадаҳларни столга қўя туриб ҳазиллашган бўлди Бинафша.
Ботир биллур қадаҳларни яримлатиб қуйди. Самарқанд узумининг икки қадаҳдаги қип-қизил шарбати иккита лолақизғалдоқ каби ял-ял товланди.
– Нима учун? – қадаҳда жилваланаётган алвон шуълаларга тикила-тикила сўради Бинафша. Лекин жавобини кутмай, ўзи давом этди: – Учрашганимиз учун. Илтимосимни ерда қолдирмаганингиз учун.
Ботир унинг шарбатни худди чойдай ҳўплаб-ҳўплаб, бўлиб-бўлиб ичишини қизиқиш билан кузатиб турди.
– Азизим, сиз билан учрашмаганимизга неччи йил бўлди? Тўрт, йўқ, олти, йўқ-йўқ, саккиз йиллар бўлдиёв? – Бинафша шундай деб бесаранжом қараш қилди-ю, тўсатдан гинахонликни бошлаб юборди. – Ёлғиз ва бахтсиз, бутун қалбим билан инсон меҳрига зор, эътиборига зор пайтимда ташлаб кетдингиз-а? Нима учун йўқолиб қолдингиз? Гуноҳим нима эди? Обрўйингизни тўкдимми, номингизни сотдимми, пул сўрадимми, ёпишиб олдимми уйланасиз, никоҳингизга оласиз иккинчи қилиб, деб? Қачон келсангиз, эшигим очиқ эди, уйим тоза-озода эди, хоҳласангиз опкелардингиз ярим кило гўштмиди, колбасами, хоҳламасангиз, нега қуп-қуруқ келдингиз, демасдим-ку? Етишмовчилик бўлганда ҳам, оч қолганда ҳам билдирган эмасман сизга. Ҳатто, ишга киролмай, эшикма-эшик сандироқлаб юрган кунларда ҳам ёрдам сўраган эмасман. Сўрамайин, сизга малол келмасин, бу қиз мендан фойдаланиш учун юрган экан-да, деган хаёлга борманг, деб чидаганман. Ўзингиз керак эдингиз менга. Атрофимда шунча эркаклар, ёш-ёш йигитлар, пулдор бойваччалар турганда сиздан нима топганман, билмайман, – салқин ичимлик ўз таъсирини кўрсата бошладими, Бинафша борган сари тўлиб-тошиб дардини очаверди. – Аммо сизни кўрмасам соғинадиган, тинч туролмайдиган, безовталанадиган, ҳештима ёқмайдиган, сал гапга одамлар билан уришиб кетадиган аҳволга тушиб қолдим. Сиз келганда бошимдаги ташвишларнинг бари-бариси эсдан чиқиб кетарди. Худойим сизни мен учун яратган, онангиз мен учун дунёга келтирган, деб айтганларим эсингиздадир?
Бинафшанинг ич-ичидан қайнаб-тошиб, азобланиб чиқаётган дардчил саволлар Ботирга ҳам таъсир қилди. Адолатли саволлар зирқирата бошлади карахт туйғуларини. Бир вақтлар ўзи ҳам телбаларча севган бу аёл ҳақида бугун, бу ерга кела-кела ёмон хаёлларга борганидан, энг яқин кишисининг қалбини ярадор қилганидан афсусланди. Қанчалар мушкул бўлмасин, ўша пайтларда айтмаган, айтиши мумкин бўлмаган қарорини энди, мана шу дақиқаларда айтмаса, ҳаммасини аниқ-равшан қилиб тушунтирмаса бўлмаслигини ҳам аён фаҳмлади.
– Менга ўрганиб қолсанг, ҳаётинг вайрон бўларди, – гуноҳкор оҳангда гап бошлади Ботир.
– Ҳозир сенга айтадиган гапларимни, олдимда ўзини оқлаяпти, деб тушунма. Тўғри, тан оламан, худбинман, қўрқоқман, – Ботир худбинлигини тан олишни истамаса-да, шу ҳақда гапираётганидан ноқулай сезди ўзини. – Лекин ҳеч қачон ёмонлик соғинган эмасман сенга. Сен ёш келинчак бўлсанг ҳам, мен оилали, бола-чақали, кап-катта эркак эдим. Ҳирсга берилиб, эҳтирос васвасасию маст қилувчи кучига учиб оила, жамият олдидаги бурчни, масъулиятни эсдан чиқаришим мумкин эмасди, ахир! Ўткинчи роҳатни, бир пастлик ҳой-ҳавасни деб сендай беғубор…
– Бир паслик ҳой-ҳавас, дедингизми?! – гўё электр токи ургандай қалтираб шартта сўзини кесди Бинафша. – Бир умр майиб қилганини биласизми сиз бир паслик деган ўша ҳой-ҳавас? Эҳ, сизни қарангу…
– Мен кетсам, бир кун келиб ҳаёти ўзгаради, тенгини топади, деб…
– Томошани ғаройиблигини кўринг! – заҳарханда оҳангда сўзини бўлди Бинафша. – Пешонамга ёзилган эркакларнинг биттаси бевафолик қилиб, иккинчиси вафодорлик қилиб ташлаб кетибди. Зўр-а? – Ботир кесатиққа лойиқ жумла тополмади. Зеро, унинг жавобига муҳтож ҳам эмасди ҳозир Бинафша. – Севгининг кўзи кўр бўларкан, – ғамгин давом этди Бинафша. – Бўлмаса, не-не зўр, манаман деган йигитлар ўзларини оёғим остига ташлашга тайёр эди. Лекин уларнинг биронтаси юрагимни жизиллатмади, ҳеч кимни севмадим. Эримгаям севиб теккан эмасман, лекин ҳурмат қилардим, итоат қилардим, айтганларини бекаму кўст бажарардим. Бадфеъл, рашкчи, беэътиборлигини кечирардим. Юзимга оёқ қўйганидан кейин чидаб туролмадим. Уйимга, мен ётган пастелга опкелди-я, ўйнашини. Тоқат қилиб бўладими, айтинг? Ёндим, ўчдим, яна ёндим, аламда, қасосда ёндим. Ёниб-куйиб юрганда сиз… Нимангиз ёқди, нимангизга учдим, Худо билади. Ақлли гапларингиз, оғир-вазминлигингиз, меҳрибон… ёлғончи меҳрибонлигингиздир. Севгининг кўзи кўр бўлади, дедим-ку, кўр қипқўйдингиз.
– Биламан, тушунаман, – Бинафшанинг индамай қолганидан фойдаланиб сайраб кетди Ботир. – Ахир тушунсанг-чи, мен барибир ололмасдим сени. Сен бошқага тегмасанг, келажак нима бўлади? Ўтиб кетаверасанми биттагина қиз билан? Ёшликда билинмас, кейин-чи, кейин – қариганда, охири нима бўлади? Мен кетаман хотин, бола-чақам ёнига. Менга ишониб, менга суяниб, охир-оқибат, чўлдаги ёлғиз саксовулдай бир ўзи қопкетади бу, деб ўйладим. Жудаям қийин бўлган бу қарорга келиш, – хотиралар силсиласи селдай оқиб келаверди, қуюндай ўрайверди. Унинг гапириш посангиси йўқолди, худди ушбу аччиқ қарорга келмасидан аввалги – ошиқ-маъшуқ бўлиб юрган замонлардаги каби ўзини идора қилолмай, тўлиб-тошиб кетаверди: – Телефонларингга жавоб бермадим, ўзимни опқочдим, кейин, ҳадеб қўнғироқ қилаверганингдан кейин, телефон рақамимни ҳам ўзгартириб юбордим. Аммо ҳар кун соғинардим, кўргим, овозингни эшитгим келарди. Чидардим, лабларим қонагунча тишлаб олардим-у, чидардим. Неччи марталаб келганман, уйинг атрофида ўғри мушукдай пусиб айланиб юрганман. Гоҳ эшикдан чиқиб келаётганингни, гоҳ кириб кетаётганингни кўрганда учиб боргим келган ёнингга. Аммо, барибир чидаганман. Бахтли бўлсин, гулдай ёшлиги ўтиб кетмай, муносиб жуфт топсин, деб чидаганман, ўзимни тийганман, селга қарши турган тўғондай тийилганман. Қаёқдан билай, охири бунақа бўлишини? Агар…
Ботирнинг гапи шу ерга етганда Бинафша чидаб туролмади.
– Бўлди, бўлди! – дея илон чаққандай жойидан сапчиб туриб кетди:
– Пичоқни дастасига довур биқинга суқиб-суқиб олгандан кейин мени кечир, билмай пичоқлаб қўйибман, демоқчисиз-да, а? Билмасангиз, билиб қўйинг, жинояткорона пушаймонлик, дейди бунинг отини. Ўша пайтда сизни йўқотиш қандай қаттиқ зарба бўлганини, қанчалар ғам-ғуссага ботганимни биласизми? Билмайсиз! Ҳеч қачон бундай аросатда қолмаган эдим. Сиз ҳеч кимни севмагансиз, ҳозир ҳам севмайсиз.
Хонани бир айланиб, дераза қаршисида тўхтади. Кўчага тикилган ҳолда бир нафас индамай туриб қолди. Унинг юраги гуп-гуп урар, елкалари қалт-қалт титраб, чуқур-чуқур хўрсинарди. Жувоннинг бунчалар безовта бўлишини тасаввур ҳам қилмаган эркак таниёлмай қолди уни: ёноқлари докадай оқариб кетган, қовжираган лаблари бежо титранар, алланечук ваҳшатли учқун ялтирарди ғазабли кўзларида. Аёлдаги бундай қўрқинчли муҳаббат ҳатто саросимага солди Ботирни, ҳозир зилзила бўладигандай ваҳимага тушди. Ваҳиманинг сабабларидан яна бири шундаки, жувоннинг гаплари рост эди! Ҳалигача бу аёл мени жонидан ортиқ севганми ёки кўрарга кўзи йўқмиди, деган ўйларда муҳаббат ва нафрат туйғуларининг чегараси қаердалигини тополмай қийналиб юрарди у.
– Ҳали ҳаммаси олдинда, ҳали бахтли бўласан… – деб минғиллади калаванинг учини йўқотиб қўйган Ботир таскин-тасалли бермоқчи бўлиб. Тасалли – таҳқирдай таъсир қилди аёлга. Юзларини қўллари билан беркитиб, алам билан йиғлаб юборди.
Тамомила эсанкираб қолган Ботир нима қиларини, қандай юпатишни билолмай ўзини йўқотиб қўяёзди. Товушини чиқармай, дардини ичига ютиб йиғлаётган Бинафшанинг елкалари совуқда қолгандай титрашини кўриш азобли эди Ботирга. У жувонни маҳкам бағрига босиб юпатгиси, эркалагиси келар, аммо журъат йўқ эди бунга. Ниҳоят, кучини йиғиб, қўлидан ушламоқчи бўлди. Бинафша узатилган қўлни силтаб ташлаб, индамай ваннахонага кириб кетди. Эшикни ёпиб олди. Сувнинг шариллагани эшитилди. Бир оздан сўнг эшик очилиб, оппоқ бармоқлари билан юз-кўзларини сийпалай-сийпалай Ботирнинг рўпарасига – аввалги жойига келиб ўтирди. Ботир ҳамон карахт – юпатиш йўлини тополмай гаранг эди. Бинафша миқ этмай қадаҳни олди, шарбатдан ҳўплади, чеҳрасидаги ғам-андуҳ шамоллар ҳайдаётган булутдай секин-аста тарқала бошлади.
– Шундай тахмин қилувдим ўзим ҳам, – деди қадаҳ тубидаги шарбатни охиригача ҳўплаганидан кейин.
– Сиз жуда ақлли, жуда эҳтиёткор, жуда журъатсиз, жуда… жуда қўрқоқ одамсиз, – давом этди “қўрқоқ”қа алоҳида урғу бериб. – Яхшилик қиламан деб ёмонлик қилаётганингизни билгансиз, била туриб, шу йўлни танлагансиз. Менимас, ўзингизни, ўз тинчингизни ўйлагансиз, обрўйингизга чанг юқмаслигини истагансиз. Йўқ, деманг, шундай давом этаверса, бир кунмас-бир кун бўйнимга осилволади, дегансиз. Мен бўлсам, мен… Сиз билмайсиз, юргансиз ялло қилиб. Мен неччи марталаб ўзимни осмоқчи, билагимни кесмоқчи, машинани тагига ташламоқчи бўлганман. Ҳар гал жонимдан тўйганимда яккаю ёлғиз қизим келган кўз олдимга, қизим етим бўлиб қолса, тақдири нима бўлади, умри хазон бўлади-ку, бокира болада нима гуноҳ, деган ўй асраб қолган мени кечирилмас гуноҳдан, – Бинафша бўш қадаҳни қўлида ушлаган ҳолда гапирарди. Ботир ғайриихтиёрий шуур билан қадаҳига шарбат қуйди. Аёл қаршилик қилмади.
– Ўзи бу дийдиёларни нега этвомман сизга, нима фойдаси бор? – деди Бинафша хомуш жилмайиб. – Йўқотадиганимни йўқотиб, айриладиганимдан айрилиб, зарбани энг оғирини еб бўлган ожиза бўлсам. Рости-чи, энди бахтли бўлолмасам керак. Айб менда, деманг. Сиздан хафа бўлишга ҳаққим йўқ. Ғунaжин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди.
Ботир жавобга оғиз жуфтлаган эди, аёл:
– Менинг ярамга малҳам бўладиган сўз айтаман деб овора бўлманг, – дея уни гапиртиргани қўймади. – Ҳаёт одамни энг оғир таъна-дашномларга ҳам бемалол кўникадиган қилиб қўяркан. Тўғри, шу даврда кўп воқеалар бошимдан ўтди.
– Қадаҳни қўлида оҳиста айлантириб гапида давом этди аёл. – Қийналдим. Кўп эшикка бош урдим, айтганимдай, ҳар хил кўчаларга кириб чиқдим. Ёмон йўлгамас, тўғри йўлни топиш учун, ҳаётда ўз ўрнимга эга бўлиш учун, бу дунёга келиб, изсиз нес-нобуд бўлиб кетмаслик учун тиззалаб, эмаклаб бўлса ҳамки тинмай интилдим. Яхши-ёмон одамларни кўрдим. Қани эди одамнинг ичи пешонасига ёзиб қўйилганида. Биров ундоқ, биров…
Бирига эргашдим – ҳавас қилдим, ўргандим; биридан – нафратландим. Фосиқ, беимонлардан ҳам ўрганса бўлар экан. Салим Алимтоев деган жанобни бемаза ишлари ҳам қийнади, ҳам сабоқ берди. Ўшан-чун бу ёғига эҳтиёт бўламан, нафсимни тияман, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайман, деб ўзимга сўз бердим, қасам ичдим. Қисқаси, нима қилиб бўлса ҳам ўз соҳамга қайтаман, дедим. Хусусий киностудия очишни режалаштирдим. Елиб-югуриб, кўп уринишлардан кейин, бир юрист аёл бор эди, жуда ақлли, ўшани ёрдами билан МЧЖ қилиб, фирма очдим. Фирма очгандан кейин, лицензия олса бўларкан. Бир қоп ҳужжат сўраларкан студия очиш учун. Ҳамма қоғоз йиғилганидан сўнгра агентликка топширдим. Тўрт ой кутдим. Шу орада раҳбарият ўзгарди. Менинг ишимни кўрадиганлар ўрнига янгилари келди. Уларга яна битта-битталаб тушунтирдим, яна сарсонгарчилик, оворагарчилик, эшиклар тагида соатлаб кутишлар… Бахтим чопиб, менга керакли бўлимга институтда проректор бўлиб ишлаган, жуда грамотний, яхши киши келган экан. “Синглим, – деди ўша киши. – Ишингизни тезлаштиринг, аёл режиссёрларимиз ҳозир йўқ ҳисоби, Самара Камиловна қариб қолди, Валигина чарчаган, Албиновна ўтиб кетди… Сизга ўхшаган аёллар жудаям керак”, – Бинафшанинг кайфияти кўтарилиб, чиройи очилиб бораётгани Ботирни хурсанд қилди. Бир нималарни айтиб кўнглини овлагиси, суюнтиргиси келди. Лекин, қош қўяман, деб кўз чиқариб ўтирмай яна, деган ҳадикда ўзини тийди. – Кечирасиз, телефон… олсам, хафа бўлмайсизми? Раҳмат.
– Олдинлари сизга тенглашолмасдим, – телефондаги суҳбатни қисқа қилиб, давом этди у.
– Дунёқарашим бошқача эди, тўғрисиям-де, энди билсам, ҳаётни тушунишим ҳам чала экан. Хаёлот тахтига чиқволиб, ҳавойи орзулар қанотида учиб юрар эканман. Ҳозир бошқачаман, мақтаняпти десангиз ҳам майли, бутунлай бошқача. Қўй бир терини ичида неча марта семириб, неча марта озади, дегандай, ҳадеб тўқишаверсанг, кўзинг билан бирга ақлинг ҳам очиларкан. Қоқилиб-тўқишаверганинг сайин бу дунёда яшаш қоидаларини пухтароқ ўрганиб боравераркансан.
– Ҳаммаям қаердадир муваффақиятсизликка учрайди, эҳтиётсизлик қилади, тажрибаси етмай, зарбага дуч келади, панд ейди, умидсизликка тушади, тўқишади, йиқилади, – деди Ботир. – Бироқ ҳар йиқилиш ўлим дегани эмас. Одамзот шунақа қилиб тобланади. Ўтган асрларда яшаб ўтган Рожий деган шоирнинг бир байти бор:
Ҳар киши юк ўз отига ортадур,
Ўз кўмочига кулини тортадур.
– Зўракан! – ҳайрат билан таъкидлади Бинафша.
– Бу – ҳар ким ўз бахти учун курашмоғи, ўз бошига ёққан қорни ўзи курамоғи керак, дегани.
– Ўз кўмочи кулини тортадур! – завқ билан такрорлади Бинафша. – Беш кетдим шу жойига. Биласизми, ҳозир мени ўзим тенгиларнинг суҳбатлари сафсем қониқтирмайди. Аёлларнинг тўй-томошалардаги саргузаштларию янги русмдаги кийим-кечаклар тўғрисидаги мақтанишлари энсамни қотиради. Менга ҳар томонлама ўзимдан баланд, ҳеч бўлмаганда ўзим билан тенглашадиган, баҳслашадиган билимли одамлар керак. Шунақа бир одам бўлишини Худойимдан ёлвориб сўровдим. Фейсбукда сизни кўриб, вой, шунақа хурсанд бўп кетдимки, сизни топганим учун Худойимга минг-минг раҳматлар айтдим. Шу акамни, яъни сизни, дилингизга мени солгани учун ҳам Худога шукрлар қилдим. Ахир, сиз бехабарсиз, сизни озмунча қидирмадимми, ҳатто, шоир дўстингиз бор-у, Камол Самад, ўшани сайтига кириб ҳам тополмадим сизни. Лекин, фейсбукда ишлашни, тўғриси, унча яхши билмайман, ватсап билан ишлаганим учунми, бошқаси билан қизиқмаган эканман. Фейсбукдаги хабарга кўзим тушган заҳотиёқ, севинчим ичимга сиғмай сиз билан боғланай дедим, аммо, на телефонингизни биламан, на ишхонангизни. Танишлардан сўрай десам, у-бу кимга айтиб қўядими, деб қўрқаман. Тўғриси, ҳозир жуд-даям эҳтиёткор бўлиб юрибман. Катта давраларда, вазир ўринбосарларига яқин жойларда юраман-де, атрофдагиларда жиддий аёл бу, деган таассурот уйғонган, бузиб-нетиб қўймайин, деб жуда эҳтиёт бўламан. “Бинафша кўтарилиши керак, ҳам талантли, ҳам аёл, аёллар ичида режиссёрлар йўқ”, деган гаплар орқаворотдан тез-тез қулоғимга чалинади, фахрланиб кетаман. Шу жойда тўқишиб-тўқишиб топган битта фалсафамни айтайми? Мен-чи, олдимдамас, орқамдан айтилган гапларга кўпроқ ишонаман. Одамлар тўғри гапни бетинггамас, кетингдан айтаркан. Ўзим йўғимда билдирилган фикрларни эринмай, узоқ мулоҳаза қиламан. Ҳақиқат кўпроқ бўлади уларда. Мақтов эшитганда хурсанд бўламан. Қисқаси, орқамда хунук гаплар тутамасин деб ҳар доим жоним ҳалак. Киночилар келинг-келинг, деб турса, томошабинлар қарсаклар билан олқишласа, тадбиркор аёллар ташкилотидагилар ҳам, бизга аъзо бўлинг, кўтарилишингизга ёрдамимиз тегади, лготалар бўлади, деб буёғда харидор бўлиб туришса…
– “Қутадғу билигда”: “Кимда-ким эл-юрт хизматини қилмоқчи бўлса, унга икки нарса албатта зарурдир: бири – саломатлик, иккинчиси маблағ”, деган гап бор, – деб аёлнинг сўзини бўлди Ботир. – Кино дегани катта маблағ талаб қилади…
– Илмоқли саволингизни тушундим, – мийиғида кулибсибгина Ботирнинг сўзини бўлди Бинафша. – Сен шунча пулни қаёқдан топдинг, демоқчисиз-де! Китобимнинг бу вароғини очадиган бўлсам, пул қидирмаган жойим қолмади. Ҳамма ерда ўша гап. Биласиз-ку, эркак зотини: иши битгунча, мушукдай силамоқчи бўлади; битгандан кейин “пашёл”, деб жўнаворади. Яхшиямки, Гулмира опам бор эканлар, шу опам поддержка қилиб, счётимга пул тушириб бердилар. Ишлатиб, қайтариб беришим керак.
– Опанг катта бойми? – ишонқирамай суҳбатдошига сўз отди Ботир.
– Бошланишига етади, – хотиржам жавоб берди у. – Менда ҳаром-ҳариш иш қилиш нияти йўқ. Тўғри, мен сизни яхши кўрганман, юрганман. Аммо, буларнинг ҳаммаси ёшлигимда, ҳали оқ-қорани ажратолмай юрган кўзи юмуқ пайтларимда бўлган. Ҳозир эса, қўпол қилиб айтганда, ҳозирги қизларга ўхшаб, мансаб учун, пул учун ҳали уни этагига, ҳали буни этагига… ёпишиб, ўсмоқчи эмасман. Мен буни хоҳламайман. Кейин, менга мумкин эмас, менинг лицойим таниш. Бунинг устига, қизим ҳам беш йилдан кейин мактабни битириб, ўқишга киради. Оиламизга гап йўқ – куёвим, акамлар, синглим – ҳаммалари ўз йўлини топиб кетган. Хоҳламайманам, ҳаққим ҳам йўқ. Ойижоним тинмай қулоғимга қуядиларки, ҳар ким билан юрмагин, гап-сўзни кўпайтирмагин, танилиб, нозик бўп қолдинг, ярамас кишилар кулгили ҳолатингни кўриб қолиб, интернет-пинтернет деган иғво уясига чиқарворишади эҳтиёт бўлмасанг, деб. Ростдан ҳам, кўп жойларга боролмайман. Вой! Мени вечеринкаларга келади, деб-чи, орқамдан беш юз доллардан гаров ўйнаганлар бўлган. “У актриса, келади”, “йўқ, келмайди”, деб гаров бойлашибди. Тентаклар-ей… Битта оғзи каттаси, ман чақираман, учиб келади, дебди керилиб. Таниш-билишларимни топиб, уларни ишга ҳам солибди. Нимагадир оёғим тортмади. Бормадим. Яхшиям бормаганим. Шундоқ, эшигимнинг тагида раҳмат, деб турибди-де! Беш юзга гаров ўйновдик, борганингизда шундоқ бетингизга тупуриб, кетвормоқчи эдим, дейди ҳалиги йигит. Водийлик бола экан. Мен сизни қаттиқ ҳурмат қилардим, энди янаям кучлироқ ҳурматлайман, ҳамиша шундоқ бўлинг, опа, нима хизмат, деб турибди-де! Ўшанда, нима хизмат, деганида, мен ҳалиги ишлар билан югуриб юрувдим, хизматига муҳтож бўлсам ҳам тилимни тийдим, ўзимни баланд тутдим.
– Тўғри қилибсан, – қувлик билан маъқуллаган бўлди Ботир. – Сўрасанг, балога қолардинг.
– Ҳа, кейинроқ анча-мунча ёрдами тегди, беминнат, холисона, шундай йигитлар ҳам бор, шунақалар бўлмаса, бир ҳовуч тариқдай титилиб кетарди бу дунё. Дунёни яхшилар ушлаб туради, – Ботирнинг шубҳаларига парво қилмай давом этди Бинафша. – Ҳозир ҳам ўшанда, улар гаров бойлашганда бормаганим учун Худога шукр қиламан.
Бинафшанинг кейинги сўзлари Ботирнинг гумонларига яна мой сепгандай бўлди. Ҳатто, мушук бекорга офтобга чиқмайди, деб чақиб олмоқчи ҳам бўлди. Аммо бир томондан бунга ҳаққи борми-йўқлигини билолмади, иккинчи томондан яхши кетаётган суҳбатни бузиб қўйишдан эҳтиёт бўлди – ичидагиларни ичига ютди.
– Ўшани-чун кўп жойларга бормайман, – мағрурланиб давом этди аёл. – Яхши инсонлар доимо: ёшсан, келажагинг олдинда, ҳаракатинг бор, ўзингга эҳтиёт бўл, дейишади. Актрисаларга қўшилмайман. Аксарият актрисаларни кўриб чиқсам, ҳаммаси ўттан-бўттан кеп қолиб, ўқимасдан, фалончи акаси қўллаб, пул тикиб, шунақа қилиб, чиқиб қолган экан. Биттаси Дурдона Наби, қайсидир катта идорада Муқим Сафиев дегани бор экан, ўшани пули билан одам бўлган, ҳамма биларкан буни. Яна биттаси Ойдин Вафоевами? Бундоқ тегини кўрсангиз, саунадан чиққан қиз. Чорсудаги ресторанда офицантка бўлиб ишлаб юрганида ресторан хўжайинига ёқиб қолиб, ўша киши кўтарган. Мисол учун девомман-де. Ҳаммасини орқасидан – орқаваротдан гапиришади. Тушунвоссизми? Худога шукурки, менинг орқам тоза, тинч. Мени ҳеч ким гапиролмайди. Гапиришга сабаб йўқ, асос йўқ. Мен беш йил ўқидим шу соҳада. Телевизорда ишламасам ҳам икки йил тупроғини яладим. Кўплар гуркираб турганда, мен қийналиб юрдим. Ҳамма нарсанинг вақт-соати бўларкан. Затў, энди мени студия раҳбари деб мажлисларга чақиришади, катта-катта санъаткорлар билан ёнма-ён ўтириб эшитаман, муҳокамаларда қатнашаман, ёзаман ўзимга керакли нарсаларни. Яқинда катта киноконференция бўлди, бошдан-адоқ иштирок этдим. Бинафшахон, болаларингиз қани, фикрларингиз қалай, деб туришибди. Таниқли, довруқли киноактёрлар, рижиссёрлар билан юрибман. Салобат билан саломлашишади, ишларимни суриштирган бўлишади, суюнганимдан юрмадим – учиб юрдим. Улашов бор-ку, Алижон Улашов, улар ҳам фикр сўрайди. Шунақа хурсанд бўвомманки! Вазирликда бир-иккита йигитлар бор экан. Опа-опа, дейди ҳурматимни жойига қўйиб. Худога шукр қиламан, қўлма-қўл бўлмаганимга шукр қиламан, юзим ёруғ-де! Рўпара келганингиздаям, вой, анави киши эски танишим-ку, ишқилиб, бировга оғзидан гуллаб қўймасмикан, деган қўрқув йўқ. Яқинда, Наврўз муносабати билан киноарбоблар уюшмасида байрам бўлди. Ёш актрисалар ичида аёллардан битта менга таклифнома беришибди. Бордим. Ҳаммаси студияларнинг раҳбарлари, режиссёрлар, олимлар, кўрсангиз энди, ёши улуғлар, ўрта авлод вакиллари – энг саралар тўпланган. Эркакларнинг ҳаммаси пастда, тепада қариялар, театралний институт домлалари, кейин, нима десам, катта-катта актрисалар. Ёшлардан биронтаси йўқ. Ўтирсам, анақалар кеп қолди – Эргаш Баҳром, Тожи Берди, телевизорда ялиниб юрганман-у шуларни орқасидан. Эргаш раҳбарим бўлган. Ҳаммаси кириб келди қатор бўлиб. Қотиб қолишди менга кўзи тушганда бариси. Э, Бинафшаой, яхши юрибсизми, деб саломлашишди шошиб-пишиб. Ўрнимдан турмадим-у, ярим қўзғалиб, саломлашиб қўя қолдим. Ҳа, қўймайсан-қўймайсан, маладес, кўриб турибман кинода, дейди Эргаш Баҳром, у билан анча талашганман-де. Маладес, маҳкам бўл, дейди. Раҳмат-раҳмат, деяпман-у, гўё туш кўраётгандайман. Қўлида бепул ишлаб кетган бўлсам ҳам Эргаш Баҳромлар билан баравар ўтирибман-де, уже кўтарилганман. Энди, дейман ўзимга-ўзим, орқага кетиш йўқ, фақат олдинга интиласан, мақсадга етмагунча, тинмайсан. – Бинафша шу ерда тўсатдан таққа тўхтаб, Ботирга тик қаради: – Мақтанишни оширворди, демаяпсизми ишқилиб? Қандай фикрдалигингиздан қатъи назар, бўлган гап шу.
Бинафшанинг ҳикоялари Ботирдаги гумонларни бир қадар тарқатганди бу пайтга келиб. Бинафшанинг тўғрилигига ишона бошлаган, ҳатто, шунча қийналган аёлга нисбатан ачиниш, раҳм-шафқат ҳислари пайдо бўлаётган эди унинг қалбида.
– Гапларингни эшитиб ўтириб, ҳавасим келяпти, – деди аёлнинг қўлига қўлини қўйиб. – Тўғри йўлга тушиб олганингдан хурсандман.
– Раҳмат. Ман ҳозир фақат сенарийдан қийналвомман, – суҳбатдошининг мақтовига эътибор бермай, қўлини ҳам тортиб олмай давом этди Бинафша. – Менга ёзишдан бермаган, кимгаям ниманидир бериб, ниманидир бермайди-ку Худойим, тўғрими? Вой, қани эди шу кунларда Ботир акам ёнимда бўлса, бирга чой-пой ичсак, ичимдагиларни гапириб берсам, биргалашиб ёзсалар зўр қилиб, дарров ишни бошлаб юборардим, деб неччи марта хаёлимдан ўтказдим, жуда кўп интиқ бўлдим сизга. Бағирларига бошимни қўйиб, идеяларимни гапириб берсам, биргаликда азгина бўлсаям фикрларим бойирмиди, деб орзулар қилдим. Ҳозир бемалолроқ-ку, аввалгидек ишлари кўп эмасдир, вақти бордир, деб қайта-қайта ўйладим сизни, жоним. Фақат, қаттан қидиришни билмайман. Шунинг учун ўзимда йўқ севиниб кетдим фейсбукда кўриб. Ҳатто, кимлардир сезиб қолиши ҳам эсга келмабди – очиқчасига телефонингизни сўрабман суюниб кетганимдан. Олдинлари сиз билан жиддий мавзуларда суҳбатлашишдан қочардим.
Тенглашолмасдим-да. Энди баҳслашадиган, бирга ижод қиладиган одамга муҳтожман, етиб келдим шу ҳолатга. Бир куни денг, “Дартанян”ни кўрвотувдим. Йиғлаб кўрвотувдим. Ватани учун севгисини ҳам бир умр пинҳона сақлайди: давлатнинг бутун оғирлиги елкасида тургани учун, Ватан олдидаги бурч учун шундай қилади, чидайди. Шунақа бўлиши мумкин-ку ҳозир ҳам. Ана шундай таъсирли фильм яратишни ўйлайман. Менинг фикримча, санъаткор дегани, актёр дегани халқдан бир поғона юқорида юриши керак. Ичидагиларни очиб кўрсатишга ҳаққи йўқ. Кўрганмисиз, йўқми, икки-учта кинода чиқдим. Ҳар хил ролларни ўйнашга тўғри келди. Сидқидилдан, берилиб ўйнадим. Бўйнимга олишдан олдин ҳар томонлама ўрганиб чиқдим бўлғуси қиёфаларимни. Қўлимдан келадиган бўлса олдим, кўзим етмаганларини эса асосий роль бўлса ҳам ўйнамадим – рад қилдим. Актёрни ҳар куни экранга чиқиши эмас, ойда бир марта бўлса ҳамки эсдан чиқмайдиган роли одамларга таъсир қилади, обрў олиб келади. Кичкина тажрибада кўрдим шуни. Ҳозир-чи, қатга борсам юриб бўлмайди, одамлар ўраб олиб, еб қўяман, дейди! Фарғонага бордик. Ўша ёқдаям саҳнани одам босиб кетди, кўчада юролмайман: “Вой! Бу анови-ку! Ўша сизми?!”. Дўконга кирамизми, кафегами, одамлар атрофимизни ўраб олади, расмга тушайлик, дейди. Анав кун йиғлавордим. Премьера тугади. Саҳнада турсам, қар-ри бир кампир, битта сўлиб қолган кичкинагина гулни опкевотти-де! Саҳнага чиқолмаяпти. Болам, дейди, ман Чимкентдан келдим, сани жудаям яхши кўраман, дейди. Мана шу гулни сан олгин, сўлиб қолган демагин, дейди-де! Вой, ўшатта-чи, йиғлашимни кўрсангиз, ҳалиги кампирни маҳкам қучоқлаб олдим. Бошқаларам келиб гул беряпти, қучоқлаяпти. Ойим, ҳай-ҳай, қочинглар, боламни бир бало қип қўясилар-ку, деб куйманади. Ўраб олишган-де, ойим опчиқиб кетолмавотти. Бунинг устига юпқа кийимдаман, совуқ. Тишим такиллайди, музлаб қолганман. Тикка туриб расмга тушвомман ҳали у билан, ҳали бу билан. Ойим бўлсалар, вой-е, бўлди, нари туринглар, боламни касал қип қўясилар, деб меҳрибончилик қиладилар. Ойижон, жим туринг, жим туринг, дейман, булар мухлисларим, бу даражага келишнинг ўзи бўлмаган, жим туринг девомман, деб ёзғираман, ойимлар тушунмайдилар. Биттаси сал баландроқ гапирса, сани нега жеркийди, дейди. Қўлини узатса, ҳей бола, силталама, дейди. Ойи, унақа қилманг, мумкинмас, менга мумкинмас, дейман. Хай-хўп, дейдилар-у, одамларнинг шовқин-суронига қараб яна меҳрибончилиги қўзийди. Мен музлаб қолган эсам-да, шундоқ туришда жон беришга розиман. Одамларнинг эътибори, ҳурмати, муҳаббатидан улуғ нарса борми дунёда!
Яна бир кун ундан ҳам қизиқ бўлган.
Сайлда юрибмиз. Шаҳарнинг энг катта боғи сайр қилувчилар билан тўлган. Шаҳар атрофидаги қишлоқлардан, институт ва мактаблардан келганларнинг саноғи йўқ. Дугонам билан гурунглашиб кетаётган эдик, рўпарамиздан келаётган бир тўп аёллардан биттаси менга шундоқ қаради-да, атайин эшиттирадиган қилиб: “Шу хотинни жинимдан баттар ёмон кўраман. Кетишини қаранглар, заҳар-а, заҳар”, деса бўладими! Бу аёлнинг гаплари худди бошимга гурзи билан бир ургандек таъсир қилди, қалтираб кетдим. Ахир, уни танимасам, умримда кўрмаган бўлсам, қаердандир келиб, боғда байрам қилиб юрган хотин нега бунақа дейди?
– Нима девотти бу? – дедим дугонамга. – Нима, мен арпасини хом ўрибманми?!
– Э, жинни, хурсанд бўлмайсанми! – дейди дугонам шарақлаб кулиб. – Одамлар ичига шунча кириб борганинг катта ютуқ-ку!
Хафа бўлишниям, хурсанд бўлишниям билолмай турганимда:
– Бинафша, сенга нима бўлди? – деб сўраб қолди орқамиздан келаётган Шароф ака. Шароф Бобоёр бор-ку, оқ сочли, жингалак. Телевизирда “Бахтиёр ёшлик”ни қиларди. Эсладингизми? Ҳа, майли. Ҳозир бу муҳим эмас. Муҳими шуки, воқеани эшитган Шароф ака, қани, юр-чи, деди-да, мени ҳалиги аёлларнинг олдига етаклаб борди.
– Опалар, бу қизни бекорга хафа қилибсиз. Бу қиз унақа эмас, роли шунақа, – деди ҳозироқ кечирим сўранглар, деган оҳангда. Ноқулай вазиятга тушиб қолган аёллар бўлса, йўқ-йўқ, биз ҳештима демадик, шунчаки, кинода кўриб… – дея дудуқланиб қолишди. Ҳаммамиз бараварига кулиб юбордик. Беғубор кулги ҳазил-ҳузулга уланди. Ролингни ишончли қилиб ўйнагансан, қани энди ҳамма артистлар сендай образга жон киритиб юборишса, дейишди аёллар.
Айтаверсам, бунақа кулгили воқеалар сон мингта. Бариси бир-биридан қизиқ, таъсирли. Ҳозир мени мажлисларга, конференцияларга таклиф қилишади. Лекин, бу иззат-икромлар менга баланд парвознинг боши – биринчи зинапояси бўлиб қолиши керак. Юлдуз бўлиб порлашим, ҳаммани ҳавасини келтиришим керак. Албатта, кўзлаганимга етаман, Худо хоҳласа. Студияни шунинг учун очдим, шунинг учун лицензия олдим. Студиямни номиям зўр: инглизчасига “Блейк кот”, яъни “Қора мушук”. Баъзилар бу номни “Юлдуз” деб ўзгартир, дейишвотти. Шунақа спектаклми, асарми бўлган экан. Мен ўқимаганман, кўрмаганман, билмайман. Менга ўзим қўйган ном ёқади. Сабаби, мушукни ҳар қанақасига ташласанг, оёғи билан тушади. Мен ҳам, илойим, худди мушукка ўхшаб, ҳамиша оёқда турай, деб ният қилганман. Қора рангнинг ўзи эса жудаям богатий. Бу ёғини сўрасангиз, ўзим ҳам болалигимдан буён қора рангни яхши кўраман. Қора машина минаман, деб ният қилганман. Қора кастум-шим салидний кўрсатади. Кейин, душманларим, рақибларим, мени кўрганда, худди қора мушукка дуч келган одам уч марта орқаси билан айланиб кетгандек, мендан ҳайиқсин, қўрқсин, деган маънода ўзимча шу номни танладим. Яна, мана бу манзарани кўз олдингизга келтиринг: кино бошланди. Қоп-қора мушук экранга чиқиб келади-ю, кўзлари чироқдай чарақлаб очилади, ингичка, узун мўйлови диккайиб, оппоқ тишлари садафдай ялтирайди ва олдинги оёқлари билан экранни тирнайди… Тасаввур қилолдингизми? Бу – ҳали ҳаммаси, аниқроғи, энг охиргиси эмас. Компьютерда ҳар хил вариантларини кўрвомман. Икки-учта дизайнерга кўрсатдим. “Блейк кот” Арт медиа МЧЖ уставига ўқув марказиям киритилган. Мен кино атрофида юриб, қанчадан-қанча алданвотган, сарсон бўвотган қизларни кўрвомман, кейин, қанча расход қилиб, пулига куйиб қовотган, адашиб юрган ёшларни кўрвомман. Мумтоз Солига ўхшайдиган режиссёрлар, қўпол қилиб айтганда, кинони ҳарамхона қилволишган, кўриб юрдим-ку, ҳаммасини. Ҳали йўлини тополмай, довдираб юрган ёшларда, кинога тушиш учун ана шу “ҳарамхона” хўжайинларига учрашмаса бўлмайди, деган тушунча бор.
Вилоятлардан келади, олис қишлоқлардан келади ва ўша имонсизлар қўлига тушади.
Тушунвоссизми?
Менинг ўқув марказим кино оламига биринчи қадамини қўйган ёки қўйиш иштиёқидаги ёшларга ҳам дарс беради, ҳам уларни асраб-авайлайди, ўсишига имкон яратади.
Актёрлик, режиссёрлик маҳоратидан, ритмикадан, вокалдан дарс ўтамиз. Ўқишга институтлардан мутахассислар чақираман. Вокал бўйича консерваториядан, ритмика бўйича хореографиядан, маҳорат бўйича театральнийдан. Шартнома асосида маош тайинлаймиз. Ўқитишдан тушган маблағдан налог тўлаймиз. Ўқишга инглиз тилиниям қўшмоқчиман. Бу тилни пухта эгаллаш, хорижлик машҳур адибларнинг айрим асарлари асосида инглиз тилида фильмлар яратишда асқотади. Мисол учун, Шекспирнинг “Қирол Лир”и. Дунёни неча асрлардан бери ҳайратга солиб келаётган бу асар ўзбек саҳнасида инглиз тилида қўйиб турилибди. Ўзбекистонга келган хорижлик меҳмонлар ҳаяжонда… Ёки, дейлик, ўзбек киностудиясида инглиз тилида суратга олинган бу асар Буюк Британия кино залларида намойиш қилинмоқда. Инглизлар ҳайратда… Бўлиши мумкин-ку! Бизларнинг ёшлар бағоят салоҳиятли, қиламан, деса қўлидан келмайдиган иш йўқ. Тўғрими?
– Муҳими, ният пок, баланд бўлиши керак, – деди Ботир. – Аммо, молиявий масалада жуда-жуда ҳушёр, тежамкор бўл, – ўйланқираб давом этди.
– Ғарб нега бой? Чунки тежамкор! Чироқни коридорга кирганда ёқсанг, коридор охирига борганда ўзи ўчади. Хитойда эшикдан кирсанг, чироқ ёнади, чиқсанг, ўчади. Бизнинг табиатимиз бой. Лекин тежашни, пул санашни билмаймиз. Одам деган бир жойга билиб, ишониб пул тикдими, ҳар тийинни миридан сиригача ҳисоблаб сарфламаса, куяди.
– У ёғидан кўнглим тўқ. Буғалтерим қилни қирқ ёрадиган. Мен кучли сенарийдан бошқасига муҳтож эмасман. Қийналвотганим, сенарийни кўнглимдагидақа қилиб ёзиб берадиган одам йўқ. Ишонасизми, кўп киноларни кўриб ўтириб, режессёр нима демоқчилигини тушунмай, жаҳлим чиқади. Режиссёр дегани киноэкран орқали томошабинга гапиради, ичидаги дардини чиқаради, нима демоқчилигини билдиради.
Қайси мавзудалигидан қатъи назар, ҳар бир кинода муҳим тарбиявий қимматга эга бўлган мазмун бўлиши шарт. Ҳозирги киноларнинг аксарияти чала туғилган улоқчага ўхшайди – тушуниб бўлмайди режиссёрнинг мақсадини. Кино бўлганидан кейин одамларни титратсин, ўйга толдирсин-де. Мен ана шундай “чала”лар қаторида бўлиб қолмоқчи эмасман. Икки-учта идеям бор. Энг зўри – “Овсинлар”. Қисқа мазмуни бундай: тўртта овсин бўлади. Йўқ, мазмунидан аввал, нима демоқчилигимни тушунтирай. Сир эмас, ҳозир ёш оилалар орасида ажралиш кўп. Биз кўпинча бунинг сабабини ёшларнинг ўзларидан қидирамиз, топгандай бўламиз ва ўзимизча турли маслаҳатлар беришга шошиламиз. Аслида касалнинг илдизи худди чириган тишнинг томирига ўхшаб, жуда чуқур. Касал тишнинг томири суғуриб олинмас экан, оғриқ тугамайди. Бундоқ опқараганда, фарзандларимиз – ўғилдир-қиздир – бариси фарзанд. Лекин, қизларнинг тарбияси ҳозир бошқача эътибор талаб қилади. Қизимиз бошқа жойга бориб тушганидан кейин, ўша оилани пароканда қилвориши ёки парокандалик арафасида турган хўжаликни қайта бутлаши мумкин. Агар қайнона намунали қайнона бўладиган бўлса, ёш келин унинг изидан кетиб, рўзғор тутишни, сабр-тоқатли бўлишни ўрганади. Бунинг учун, аввало, катталарнинг ўзлари тарбияли бўлиши зарур. Онасини кўргин-да, қизини ол, деган мақолнинг маъноси шу. Тўғрими? Қайнона-келинларни телевизирда ҳар кун кўрсатишади. Севги-муҳаббат ҳақида кинолар тиқилиб ётибди. Лекин, овсинлар ҳақида ҳештима йўқ. Айнан овсинлар ҳақида йўқ. Бўлган, бир пайтлар комедия жанрида “Келинлар қўзғолони” бўлган. Лекин у, такой, бошқачароқ, айнан овсинлар тўғрисида эмас. Менинг киноим именни овсинлар ҳақида. Менинг кинойим комедия эмас, ўта жиддий…
Ботир “Боғизағон”дан қуймоқчи бўлган эди, Бинафша “йўқ” дегандек, кафтини қадаҳ устига қўйди.
– Нима истаётганимни тушунтиролдимми? – сўради аёл Ботирнинг кўзларига синчков тикилиб. Ва кетма-кет саволларга кўмиб ташлади: – Билдингизми манга нима учун кераклигингизни? Нимадир қўшимча кирита оласизми ҳозир айтганларимга? Икки ёрти – бир бутун бўлиб, кўнглимдагидай чиройли нарса чиқара оламизми? Ман кимнингдир ишига ўхшаб қолишини хоҳламайман. Қочишга ҳаракат қивомман унақа нарсалардан. Ҳаётда кўрган нарсам бўлсаям, аввал шу мавзу ишланган бўлса, ундан қочишга ҳаракат қивомман. Опам берган йигирма беш миллион бекор ётипти. Етти ойдан бери ётипти. Эртага мен озгина бўлсаям, ёнига қўшиб қайтаришим керак. Ёқуб Тўраев билан ёмон уришдим. Танисангиз керак, анча тилга тушган кинорежиссёр.
– Бетамиз одам.
– Биларкансиз. Ёмон ифлос киши экан. Бинафшахон, жуда ақлли аёлсан, яхши аёлсан, гўзал аёлсан, дейди, йўқ демай, ман билан пастелда бўлсанг, ўзим сани звезда қиламан… Вой савил-ей, мен тўғримда ҳали шундай фикрдамисиз, дедим энса қотириб, билмасангиз, билиб қўйинг, мен аллақачонлар звезда бўлиб бўлганман, ҳув ўн етти-ўн саккиз ёшли пайтларим айтсангиз, ишонардим бу чўпчакларингизга, хўпми? Сиз эса неча йиллар олдин шарманда бўлиб бўлгансиз бутун дунёга. Ишлаган енгил-елпи киноларингиз билан аллақачонлар қолиб бўлгансиз эл назаридан, тушунарлими, дедим. Энди бу мулойимхунук ҳам мен билан ёқалашади, деб турсам, сани йўлинг ёмонмас, аммо, сан билан ҳеч ким ишламайди-да, дейди иржайиб. Гапи рост. Ҳозир нақдсиз ҳеч нима қилолмайсан. Лекин, ўша жойда сизга ўхшаган аперист эмасман, мана, мани буғалтирим бор, фирмам бор, студиям бор, демасам, ютқазган ҳисобланаман. Хотяби, харажатларнинг ярми ведомост орқали ўтади, дедим. Ҳамма иш қонуний бўлади. Шартнома асосида пул тўлайман. Сизда-чи, ҳаммаёқ ўғрилик, давлатни алдаш, бир кунмас-бир кун ўғри сичқондай қопқонга тушасиз, десам, сенинг ҳавойи шартларингга кўнадиган актёр осмонда, деб устимдан кулди. Биламан, кўп студиялар шу йўлда ишлайди. Менга тўғри келмайди. Ҳеч бўлмаганда ярмини қонуний йўл билан расмийлаштириш керак, деб ҳисоблайман. Сабаби, Мухторхўжа билан ишлаганимизда, киносига куёвимдан олиб, анча тикдим. Кассадан чиқариб бераман, деганига ишониб шундай қилдим. Кейин, мундоқ қарасам, пул тикканлар олдин учта, сал ўтмай тўртта бўлиб кетди. Ҳаммаси бухоролик. Мухторхўжа қинғирликлари учун қамалиб ҳам чиқди, хабарингиз бордир. Сурхондарёликларни ухлатди, бир опани шилди. Тайландда кино қип келаман, деб ўша опани неччи миллиёнларга куйдирди. Опа прокуратурага ёзворди. Ундан олдин мани ухлатмоқчи бўлувди. Лекин мен ҳаққимни қўймадим. Доканса олишдим. Улар бошқа продуссер топишга мажбур бўлишди. Ўша продуссер пулимни қайтариб берди, ва ана шундан кейин премьера қилди. Ўшангача қўймадим. Мани бутунлай четга чиқарворишди-де, ноинсофлар. Бошида етади шу пулинг деганлар, кинонинг ярмидан ошганда қўшган маблағинг тугади, энди дамингни олиб тур, кассани кутасан, кассадан тушгандан кейин расчет қиламиз, деб ҳайдагандай суриб ташлашди. Бошқасини опкелишди. И-е, дедим, олти ой ишлаганим-чи, кинода ҳам актриса, ҳам иккинчи режиссёр, ҳам директор, ҳам режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган бўлсам. На баннерда исмим бор, на бошқасида. Аввалида менга шунақа ваъдалар беришганки, продуссер Бинафша Болтаева деб ёзамиз, дейишган. Мен уларга ишониб, интервьюлар берганман. Қариндош-уруғларга айтганман.
Кино тақдимоти яқинлашяпти, таклифномалар тарқатиляпти, қарасам, менга биттаям таклифнома беришмоқчи эмас. Бу ёқда кўпчилик сўрайди, кинонгни қачон кўрамиз, дейди. Ҳалиги ваъдаларга ишониб, орзу-ҳавас қилиб, мақтаниб, ҳаммаёққа овоза қиворганман-ку! Кинога продуссерлик қивомман, роль ўйнавомман, деганманми? Ҳамма кутвоттими – қариндош-уруғларим – вес Тошкент! Кейин юзта қариндошни олиб, кинозалга борсам, ҳеч вақо йўқ. Шармандам чиқди.
Вой, уйда ўтириб-чи, аламимдан роса йиғладим. Худога нолалар қилдим гуноҳим нима, деб. Бу синов ҳам ҳали кам экан. Бир куни денг, ўзимдан ўн ёш кичкина бир йигитча, ғирт етимман, деб олдимга келди, йиғламсираб, опа, бир иш бошловдим, ярмида маблағ тугаб қолди, таниш-билишларингиз бўлса, ёрдам берворинг, кинони битирволайлик, фойдасигаям элликка-эллик ўтирасиз, асосий роллардан бириям сизга – ўзингиз ижро этасиз, деди. Мен тентак лаққа тушибман!
Онам ракдан ўлган, отасиз катта бўлдим, сағирман, деганига ичим ачиб, елиб-югуриб, ким-кимларга ёлвориб, ўша исқиртга спонсор топиб берибман. Ишни савобдан бошлай, етим экан, деб писсабилло, раҳмим келиб, астойдил ёрдам бериб юрсам, у исқирт орқамдан, бу қиз менга кампот бўп қолган, мани устимда ўлиб қолади, мани севиб қолган, дермиш. Эшитиб-чи, тепа сочим тиккайиб кетди. Етим бола асрасанг, оғзи бурнинг қон бўлади, деб бекорга айтишмас экан, дедим-у, қаттиқ уришдим. Ўшанда улар мани падвалга суриб ташламоқчи эди, лекин, Худойимнинг ўзи мани шундоғ юзага опчиқиб қўйди. Тепада яна ўзгаришлар бўлиб, компанияга янги раҳбар келган экан, бугун-эрта премьера бўлиш керак бўлган пайтда, ҳалигиларнинг грифини қайтариб опқўйишди. Кинофикациядагилар бу кинони Бинафшахон қилган, деган ўйда югуриб келиб, раҳбарнинг ёнига бошлаб боришди мени. Худойимни меҳрибончилигини қарангки, қирқ саккизта замечание билан бўлмайдига чиқаришган экан уларнинг киносини. Бўлиб ўтган воқеаларни гапириб берган эдим, ман ўзим ҳам уларга бир сенарий ёзиб бериб, пулини ололмаганман, сиз ҳам тушибсиз-да, деб қолди раҳбар. Роса аферист одамлар экан, лўли экан, десам, йўқ, замечаниеларни тузатишсин, ҳаммасини жой-жойига қўямиз, деб кўнглимни кўтарди. Зўр киши экан, айтганини қилди, кинониям пишитишди, пулимниям беришди, номимниям чиқаришди. Тақдимот шунақа зўр бўлдики, видиёсини кўрсатаман ҳали сизга. Шунақа букет гуллар! Баннерни бошқатдан чиқартирдим, кечаси билан расмимни қўйиб, продуссер фалончи деб ёздирдим, таклифномалар ҳам бошқатдан чиқарилди. Таклифномаларни кечаси билан юриб тарқатиб чиқдим. Бир кунда Худо мани шунақа юзага опчиқиб қўйди-да, жоним. Саҳнада турибман, кўрсангиз, йиғлавомман-йиғлавомман, ёш тугамайди, ўзимни босолмайман. Ахир, яна шарманда бўлсам нима бўлади, ҳалол-пок ишладим, етимни паддержка қилдим, бировлардан қарз опкелдим, бу ёғи нима бўлади, деган адоқсиз ташвишлардан қутилвомман-де! Таништириш бошланди, Мухторхўжа алоҳида таништирвотти жа обориб, кифтини келтириб. Биз ҳам унга чопон кийгизвоммиз бўш келмай. Кейин кўрсангиз, қариндош-уруғим шунақа яхши кўрарканми, билмайман, элликдан кўп букет опчиқишса-де! Букетлар, уже, қучоғимга сиғмайди, ерга қўйдим. Мухторхўжа кел, Бинафша, девотти, букетлар ерда ётипти, уларни ҳатлаб саҳнанинг олдинроғига чиқвомман, букет шунақа кўпки, гилам, дейсиз, гилам! Ҳамма қараб турибди. Ёниб кетвотти рақибларим. Уларнинг олдида биттаям гул йўқ – қуп-қуруқ. Саҳнада-чи, бутунлай қўллаб-қувватлаб ташлади-де яқинларим, мухлисларим.
– Ҳалол бўлсанг, бир кунмас-бир кун, албатта, юзага чиқасан, дегани шу! – чин юракдан олқишлади Ботир.
– Раҳмат, – деб астойдил миннатдорлик билдирди Бинафша ҳам. – Мени алдаб, вақтим, пулим, кучим сарф бўлган кинони уч ой прокат қилиб бўлганидан кейин ҳам менга бир тийин беришни ўзларига эп кўрмаган бошқа ҳамкорларимда кўрдим ноҳалолликнинг охири нима билан тугашини, – илҳомланиб давом этди аёл.
– Шартимиз бўйича, нақд пул беришолмаса, хотяби икки вилоятда кинони прокат қилиш учун менга беришлари лозим эди. Лекин улар ваъдада туришмади. Зато, кейин, иккитаси бир-бирининг кўзини ўйган, уришиб, бошини ёриб, балнисаларга тушиб, пулниям чиқаришолмай, растрата бўлиб, дабдаласи чиқиб кетди. Норозилик билан бошланган иш касод билан якунига етди. Кейин аллақаёқлардан, аниқроғи, бир бойвучча аёлни авраб, ундан йигирмами, ўттиз мингми доллар олиб, янги кино бошлашди. Малайзияга бориб, съёмкалар қипкелишди. Бир йилдан ошди шу ҳаракатнинг бошлашганига, кинодан дарак йўқ. Опани куйдириб ўтиришибди. Ахир, бизнесчи аёл ўша пулни абарот қилса, қанча кўпайиб кетарди! Ўша опани учратиб қолдим бир куни. Ҳасратидан тутун чиқяпти. Ярамаслар, пулни олгани камдек, опани прокуратурага берворишибди. Прокурор чақириб, тергов қилибди опа, шунча пул тикибсиз, бу пулларни қаттан олдингиз, деб. Эрта бир кун ана шунақа ўйинлар бўлмаслиги учун ман офис очдим, юридический лицо – студия ташкил қилдим. Бундай алдам-қалдамликларни умри қисқалигини кўриб туриб, ноқонуний ишга қўл уриб бўладими? Шундай ишлайки, ҳаммаси олдимга келсин, дедим. Қолган студиялар ҳам бугун бўлмаса эртага, барибир шу йўлга ўтади. Рост-да, эрта бир кун проверка келса, мен ноқонуний ишлаётган бўлсам, нима дейман? Аммо битта мен тўғри ишлаганим билан касал тузаладими? Йўқ, аксинча, актёрлар менга келмай, нақд берадиганларга оғиб кетади. Хўш, унда нима қилиш керак? Кутиб ўтиришим керакми вайрон бўлишимни? Бор-е, нима бўлса-бўлар, дедим-да, компания раисига бордим. Мен қонуний ишлайман, лекин бошқалар нега қонунни бузяпти, кимнинг олдига борсанг, беш минг-олти минг нақдидан келади. Биз бу ерда налог тўлаймиз, кийинтирамиз, едириб-ичирамиз-у, нега улар налог тўламайди, дедим. Бизда актёрларнинг ҳаммаси ИНН билан, паспорти билан келиб ишлайди, ишлаган ишига қараб ҳақ олади. Лекин, барча актёр ҳам рози бўлаётгани йўқ бу шартларга. Кўпчилиги нақдига ўрганган, бу масалани тартибга солиб беринглар, дедим. Янги раҳбар қаттиқ олди. Студиялар-чи, уже питир-питир қилиб, орқасини тозалашга тушиб кетди. Олдинлари унақа эмасди-да! Кўчадан битта бойвачча келиб пул тикарди, нақди билан ишланарди, режиссёр чўнтакка урарди. Кино тайёр бўлгач, бирор студияга борарди-да, ока, биззи кино тайёр, сизни студиянгиз номидан чиқарвоммиз, ўн беш фойизи сизники, дерди.
– Ҳеч ким текширмасмиди? – ҳайрон бўлиб савол ташлади Ботир. У, гарчанд, ижодкорлар қавмига мансуб одам эса-да, кино оламидаги бундай машмашаларни яхши билмасди.
– Ким текширади? Текширувчиларнинг оғзи мойланган бўлса. Ундан кейин биронта кинотеатр раҳбари билан гаплашиларди-да, кино қўйилиб, тушган пулнинг бир бўлаги кинотеатрда қолса, қолгани обнал йўли билан ечиб олинарди. Бўлди, тамом. Ман бу йўлдан юролмайман. Далше кетишим керак, нолдан бошлавомманми, авторимга бунча, режиссёримга бунча, актёримга бунча, озвучкага, монтажнийга ва ҳоказога бунча, деб договор тузвомманми, демак, манда фақат перечеслениега ишланади, нақд пул ишлатилмайди, деб аҳд қилдим. Тўғри, барибир нақд пул керак. Барини нақдсиз қилолмайсиз. Чунки, слишким қонуний ишласангиз, слишким котта налог тўлаворасиз, жудаям котта. Ўшаничун ҳеч бўлмаса ярмини қоғозда, қолганини нақд беришдан бошқа чора йўқ. – Бинафша Ботирга қараб бир нафас ўйланинқираб турди. – Яна мавзудан четлаб кетдимми дейман? – деди санчқини тақсимчадаги совуб қолган гўштга санча туриб. – Ўшанга энди мана шу сенарийни қилишим керак. Идеям ёқдими ўзи сизга? Нимага индамай, анқайиб ўтирибсиз?
– Анқайганим йўқ, сени таниёлмай, ҳайрон қолиб ўтибман. Икки терак бўйи ўсиб кетибсан. Мен билган содда, шўх қиздан увоқ ҳам қолмабди, – Ботир яна нимадир демоқчи эди, Бинафша қўймади:
– Мақтасам, ёқади, деб овора бўлманг, – деди суҳбатдошининг сўзларидан эриб турган бўлса ҳам ясама камтарлик билан. – Олқишингиз эмас, кўмагингиз зарур, кўмагингиз.
– Сенарийингни бирорта қораламаси борми?
– Бор. Бир эмас, бир нечта, – жавоб берди аёл.
– Лекин биттасиям кўнглимдагидай эмас, – Бинафша бир луқма гўштни оғзига солди. – Даставвал иккита қиз келди, – майда чайнай-чайнай давом этди. – Тушунтирдим, гапириб бердим. Индамай эшитиб ўтиришди. Кейин, сенарий ёзиш ҳаппак ўйнаш ёки кашта тикиш эмас, жуда оғир, мураккаб, деб анча-мунча нотация ўқишди. Айтганингиздай бўлади, фақат нархини кўтарасиз, деган талаб қўйишди. Агар сенарий кўнглимдагидай чиқса, сизларни сира хафа қилмайман, дедим мен.
Улар-чи, аввал ҳам кинолар қилган экану, лекин енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юришга ўрганиб қолишган экан. Ёзганларини ўқиб кўрсам, ўзим айтган гапларни оқизмай-томизмай – шундайлигича қоғозга тушириб келишибди. Ўзларидан бир оғиз гап йўқ. Яна тағин денг, ўзмирлик қилиб, мен билан роса спорлашишди. Бўлмайди, деб узил-кесил норозилик билдирганимдан кейингина, уч кундан сўнг чўткий қилиб келамиз, деб кетишди. Мен лабзли одамни яхши кўраман. Уч кун деганлар, ўн кундан сўнг опкелишди. Шундаям ўзим сўраб, қичайверганимдан кейин. Ўқидим. Яна ўша-ўша. Тузатамиз, деб яна икки ҳафта йўқ бўлиб кетишди. Телефон қиламан, срочний топшириқ бўп қолди, шуни бажариш билан оворамиз, ташвишланманг ҳадеб, дейишади. Бир “топшириқ” тугар-тугамас, бошқаси чиқади. Шу зайлда ҳадеб у ёққа – бу ёққа кетиб қолаверишди. Интернетда сайти бор эди уларнинг. Охири, сайтига кириб, сенарийни ўқиб кўрсам, тағин ўша: хўжаали – алихўжа – ўзим айтганларим қандоқ бўлса, шундоқлигича турибди. Э, қизлар, унақа бўлмайди-да, уч ойдан бери вақтимни оласилар, бу судрашларинг ишимизнинг белига тепяпти-ку, десам, бир-икки кунда ҳештима қилмайди, дейди пинагини бузмай. Ие, дедим жаҳлим чиқиб, силар резинка қиласилар-у, ишга таъсир қилмайдими? Бўпти, унақада мен гонораринглани минус қиламан. Шунақа десам, мен билан уришиб, кетиб қолишди. Кичкина-кичкина қизлар, биттаси оппоққина, блондинка, кўрсангиз танисангиз ҳам керак. Биттаси серрайган, бижилдоқ, билимдонлик қилади-ю, натижа йўқ. Фалонмиз, пистонмиз, деб муллатўрғайнинг чуғур-чуғуридай бижиллайди, натижа – ноль! Бошида, уч кунда есть қиламиз, деганлари учун, кунига уч юздан, минг долларга гаплашилган эди. Ўзинглардан қўшмайдиган бўлсанглар, ўзим айтганларимни қоғозга битиб келадиган бўлсанглар, унда, диктоват қилиб, лубой секретаршага ёздираман-қўяман-да, икки-уч минг сўм бериб, дедим-да, уларни бортини беривордим. Кейин, нима қилсам экан, деб роса ўйландим. Шундан бошлаб қидираман сизни. Жуда керак бўлдингиз. Сиз ёзувчисиз-у. Сўз бойлигингиз катта, кейин, менга кўпроқ игровой сўзлар ҳам керак, тушунвоссизми, қизиқ-қизиқ моментларда ҳам унақа, ҳам бунақа маънода тушунса бўладиган сўзлар бўлади-ю! Бир йилдан бери шу кино, шу сенарий, шу нарса ичимда: қийнайди, тинчлик бермайди. Қизлардан кўнглим қолиб, қўлимни ювиб, қўлтиққа артганимдан кейин, анча-мунча танилиб қолган Илҳом Жўра деган йигит бор, кинолардаям ўйнаган, “Омад”, “Бахтсиз аёл”, “Тўлқинлар” деган фильмларни олган, ўша билан гаплашиб кўрдим. Фикрларимни эшитиб, Бинафшаой, қўлингиздан иш келадиганга ўхшайди. Балки, бирга ишлармиз кейинчалик. Фақат, ҳозир қўлимда тугалланмаган бир иш бор, домлам қариб қолган. Бир ўзимга қийин бўляпти. Менга ёрдамчи бўлсангиз. Шу иш битганидан кейин сизнинг масалангизга қайтсак, деди. Хўп, деб, съёмкасида қатнаша бошладим. Лекин, иш ҳали-вери якунига етадиган эмас, акам кўп ўтиради, кўп ичади. Баъзан уззу кун кўринмай кетади. Иш бўлса борган сари чўзилиб кетяпти. Тугатай тезроқ, демайди. Ока, дейман ҳуши жойидалигида ялиниб, бизларни юмуш ҳам эсингиздан чиқмасин, ора-чорада маслаҳатлашиб, воқеаларни бир тизимга тизиб чиқайлик, ёрдам беринг. Хўп, дейди, лекин натижа бўлмайди. Охири, бир куни Худо инсоф бердими, миллий кино агентлигида сенарий ёзадиган Фозилжон деган бор, бориб учраш, ёрдам беради, деб қолди.
Фозилжон дегани кирпимўйлов, яримкал, муғамбирона чимирилиш билан тиржайиб турувчи, ёши элликларга бориб қолган, миқти амаки экан. Кўзим тушган заҳотиёқ бу нусханинг турқи унча ёқмаган бўлса ҳам, ишим тушиб келгани, устига-устак Илҳом Жўранинг мақтови сабаб, гумонларни ичга ютиб, бўлғуси киномнинг сюжетини унгаям гапириб бердим. Гўзал, бағоят гўзал, деди кўзларини чақнатиб, сенарийингиз деярли тайёр экан, Худо хоҳласа, икки-уч кунда, лаб-лунжини тўғрилаб, қош-кўзига ўсмаю сурма қўйиб дегандай, а, қулинг ўргулсин қилиб тахлаб ташлаймиз. Лекин, бир марта эшитиш билан мукаммал асар яратиш мушкуллигини билсангиз керак, албатта. Холироқ ердами, табиат қучоғидами, ўтириб, яшил майсалар устида чўзилиб, тўлқинланиб чақчақлашиб олишимиз керакми дейман-да, нима дедингиз?
Қарасам, амаки ўлгурнинг кўзлари илондай ҳаммаёғимга суйкаланиб, тимирскаланиб ётибди. Сиз ишни бошлайверинг, мен бировларнинг меҳнатини оёғости қиладиган номардлардан эмасман, қанча десангиз топиб бераман, дедим вазиятни чигаллаштирмаслик учун ясама табассум билан. Қарасам, менга пулингиз эмас, ўзингиз кераксиз, азизам, деб қўлини чўзяпти. Менам шумлик қилдим, ҳамма нарсанинг вақти-соати бор, акажон, олдин ёзинг, ёзганларингизни ўқиб кўрайлик, айтдим-ку сизга, мени нечтаси лақиллатиб кетди, деб. Қўлни ташланг, деди тўлқинланиб кетган амакижон лабларини ялаб, икки-уч кунда тахт бўлади, узоғи билан тўрт кундан кейин, икковимиз оқ тулпорга мингашиб, тоққа жўнаймиз! Нима бўлгандаям ишим юришиб кетадигандай бўлганидан қувонган эдим. Бироқ бекор суюнганга ўхшайман. Орадан беш кун ўтган бўлса ҳам, икки-уч кунда “тахлайман” деган одамдан дом-дарак йўқ. Топиб, амаки, нима бўляпти, деб сўрай дейман. Аммо топиб бўлмайди. Сўрасанг, ҳали у вилоятда, ҳали бу вилоятда – тутиб бўлмайди. Бир ой – ўн беш кунлардан кейин хонасида тутиб олдим. Бир мирилик ишдан дарак йўғу, ёпишмоқчи. Турқингдан ит тишласин, сен қари тулкини, дедим-да, чиқдим-кетдим.
Охиргисини Фахри Али деган ёзувчи бор-ку, ўша киши қоралавотувди. Уям анчадан бери жим. Тожиев деган актёр бору, кўп киноларда овоз берган, театрда ишлайди, кўрсангиз танийсиз, овози кучли, ҳозир касал, тили кетиб қолган. Ўшаниям топишим керак, жуда кўп ўқиган, тил бойлиги катта. Сенарий ёзишдамас, иборалар ишлатишда ёрдами тегади. Масалан, бунақа жойи бор: оиланинг ҳамма аъзолари дастурхон атрофида ўтиришибди. Баъзилар ўша жойини ўзгартиринг, дейишвотти, эшитинг-чи, сиз нима деркансиз. Шундай қилиб, мана бундоғ жойда катта овсин ўтирган бўлса, ёнида унинг эри ўтирибди. Кейин овсинлар, ака-укалар, кичик овсин энг охирида. Ўйинқароқ овсин ҳам шу ерда. Ўйинқароқ овқат евоттию оёғи билан рўпарасидаги эрининг оёғи деб қайноғасининг оёғига тегиниб ўтирибди. Катта овсин буни сезиб қолиб, ўйинқароққа қарайди. Кейин вилкасини шундоқ тушурворади-да, ҳалигини ўйинқароқнинг оёғига тиқволади. Вой-вой, оёғимни бирбало чақди, деб юборади ўйинқароқ. Овсин, оёғингизни йиғиштириб ўтиринг-де, дейди каттаси.
Эшикдан чиқвотган пайтда яна бир детал бор: икки овсин баравар кеп қолади. Каттаси эпчиллик билан ўйинқароқнинг пойафзалини тўғрилаб қўймоқчи бўлганда, опажон, қўйинг, унақа қилманг, дейди хижолат бўлиб ўйинқароғи. Катта овсин мундоқ қарайди-да, кавушингизни тўғрилаб қўяй дедим-да, овсинжон, дейди илмоқ билан. Мисол қилиб айтвомманки, сенарийга шунақа ўйволадиган ўткир гаплар керак.
Аёлнинг сўзларидан борган сайин завқи тошиб бораётган Ботир қадаҳларга яна қирмизи шарбат қуйди. Бинафша қадаҳдан бир ҳўплаб, ёқимли уф тортди.
– Хомаки сенарий борми? – деди Бинафшанинг ҳикоясидан завқи тошган Ботирнинг ғайрати қўзиб. – Қўл-қўлни ювади, икки қўл – бетни, деган гапни эшитганмисан? Худо қувватласа, икки ёрти бир бутун бўлиб, айтганингдай кино қиламиз. Сен тўйни бошлайвер, бу ёғидан кўнглинг тўқ бўлсин.
Бинафша қулоқларига ишонмаётгандай бир муддат унга тикилиб тургач:
– Қошинг қора, кўзинг қора, ўз кунингга ўзинг яра, деб яна қочиб кетиб қолмайсизми? – деди Ботирни хижил қиладиган оҳангда, истеҳзоли боқиб.
– Кўр ҳассасини бир марта йўқотади!
Қасамдай эшитилди бу гаплар Бинафшанинг қулоғига. Баайни ҳуркитилган қушдай учиб турди-ю, энгашиб Ботирни ўтирган жойида маҳкам қучоқлаб олди.
– Билардим, шундай дейишингизни, бу иш фақат сизнинг қўлингиздан келишини билардим. Билганим учун қидирдим, изиллаб изладим сиз қочоқжонни. Айланиб кетай сиздан, сизни менга рўпара қилган Худойимдан айланиблар кетай!..
– Бинафша қувончдан йиғламоқдан баттар бўлиб кетганди. У ҳамон эркакни қўйиб юбормас, Ботир ҳарир либос ортидаги бўлиқ сийналар остида уриб турган юрак сасларидан масту аласт, худди қиз боланинг кўксига илк марта бош қўйган ўн саккиз яшар йигитдек титранарди шу тобда. У жойидан туролмас, аёл қомати билан босиб турар, бундай ноёб лаҳзаларнинг ҳеч қачон тугамаслигини истарди.
– Грузинларни битта киноси бор, “Тундан тонггача”ми, деган. Учта ака-ука бўлади. Биттаси ёғочдан одам ясайди, иккинчиси хўроз қичқиргунча унга либос тикади, учинчиси унга жон бағишлайди. Кейин биттаси унга қулоқ ясайди, биттаси кўз қўяди. Шунга ўхшаб, киноям команда билан дунёга келади. Ҳамма ўзининг ҳиссасини қўшса, асар мукаммаллашади.
– Даҳшатли кино қиламиз. Дунёга машҳур одамга айланасан! – энтикиб пичирлади Ботир ва эгилиб, Бинафшанинг момиқ оёқларига эҳтиросли лабларини босди.
Кўзлари чирт юмилган аёл миқ этмас, хиноли бармоқлар майин-майин тарамоқда эди эркакнинг сочларини.
– Яқинда ажойиб бир аёл билан танишиб қолдим, – деди бир муддат шу зайл туришганидан кейин аёл стулгамас, эркакнинг тиззаларига ўтириб. – Жуда ақлли, билимли. Лубой темадан бошласангиз, давомини гапириб беряпти. Тарихни, айниқса, зўр биларкан. Жуд-даям кўп китоб ўқиркан-да. Ҳавасим келди. Сиз Бибихонимни опчиқишингиз керак, қадди-қоматингиз, ўзингизни тутишингиз маликаларникидай. Агар қадимгидек шоҳона либосларга ўралсангиз, Бибихонимнинг худди ўзи бўласиз-қўясиз, деб ичимни қиздирди. Тарихий кинолар бизда оз. Корейсларникини, туркларникини, ҳиндларникини биламиз, бизда йўқ ҳисоб. Мавлоно, деб гапираман унга аёл бўлса ҳам, оти қийинроқ. Турмушга чиқмаган. Учирма гапларга, чертма гапларга уста. Қўлидан келган ёрдамини бировдан аямайдиган. Гаплашсангиз-чи, соддалиги, йигитдай мардлиги, фикрлашидаги кенглик, самимияти… ҳавасингиз келади. Гапларини эшитсам, онадан қайта туғилгандай бўламан. Қандайдир куч, илҳом, руҳ пайдо бўлади. Нималардир қилгиси келиб кетади одамни. Шундай олижаноб инсонлар ушлаб туради бу дунёни, тўғрими?
– Жуда тўғри, – ўйлаб ўтирмай жавоб қайтарди Ботир. – Дунёни яхшилар ушлаб туради.
Яхши одамлар бўлмаганда, ҳаммаёқ аллақачонлар остин-устун бўлиб кетарди.
– Мен тарихни унча билмайман, бу темада биров билан суҳбатлашишга ҳам ярамайман.
Лекин, Мавлононинг таклифи ҳалиям ичимни қизитиб юрибди. Тарихий кинолар оз-да, ҳақиқатан ҳам бизда. Темболе, Бибихоним тўғрисида. Хотяби, дунёга келиб, қариб-кексайганда эслайдиган нарса бўлиши керак-ку одамда. Эрта бир кун уқувсиз, эпсиз, ҳештимани уддасидан чиқолмайдиган ношуд, деб орқамдан мазах-масхара қилишларига ўрин қолдирмаслигим керак. Мен бормаганман, Қаршида Оқсарой деган жой бор экан, кинонинг бир қисмини ўша ерда олса бўлади, деди Мавлоно. Ҳатто, декорациялар ҳам тайёр экан. “Шарқ тароналари”да, мен Бибихонимман, деб чиқиб келадиган саҳна бор. Демоқчиманки, кийим-либослар топиш муаммо эмас, деди у. Нуқсонсиз, шундай ишонч билан гапиряптики, очиғи, роса ишқим тушиб қолди Бибихонимга. Ҳатто, архивларга бориб, баъзи нарсаларни ўргандим ҳам. Жуда мураккаб шахс бўлган экан Бибихоним, уни ўйнайман, деб шарманда бўлиб қолмайманми, дедим Мавлонога. Голливуд Тўмарисни олмоқчи, Тўмарисни хорижлик ўйнамоқчи, бу қанақа шармандагарчилик, деди у тутаб. Одам қилган ишни одам қилолмайдими? Қўрқмаслик керак. Чиройликсиз, ақлингиз етарли, актёр ва режисёрсиз устига-устак. Яна нима керак сизга, деб роса койиди. Қисқаси-чи, “Овсинлар”ни тугатишим билан Бибихоним устида ишлайман. Олиб чиқаман Худо хоҳласа, қўлимдан келади! – аёлнинг сўзларида шундай ишонч бор эдики, Ботир худди қаршисида малика Бибихоним тургандек сесканиб кетди. Жувондаги ўзига, ўз кучига бўлган ишонч унга ҳам юқди. Янги орзу-умидлар боғига кириб қолгандек ғаройиб эҳтиросларга чулғанди. Баъзи эркакларда онда-сонда пайдо бўладиган шижоат пайдо бўлди. Еттинчи осмонга чиқиб кетгандек сеза бошлади бу руҳий кўтарилишдан кейин ўзини. Қанотларини кенг ёзиб баланд чўққида учишга шайланиб турган сор бургут шиддати кўпириб кетди томирларида. Катта иштиёқ билан “дунёни ушлаб туради…” деган одамлар қаторида ўзи ҳам бўлгиси келиб кетди. Баъзан шунақа фикрлар хаёлингга келадики, уларни бировга айтишгаям уяласан киши. Жувоннинг сўзлари тамомила ўзгартириб юборган эди унинг бу аёл ҳақидаги кейинги фикру тасаввурларини. Аёл тугул, унча-мунча эркакниям тан олмайдиган, бўлар-бўлмасга гердайявермаса ҳам зимдан ўзини ҳаммадан баланд қўйишга ўрганиб қолган одам, табиатан анча босиқ, вазмин бўлишига қарамай, ҳозир очиқдан-очиқ тан бериб, Бинафша, мендан ўзиб кетибсан, дейишдан аранг тийилди. Юзидаги жиддийлик ифодасини зўрға тутиб, ғайри-ихтиёрий равишда:
– Келади, сани қўлингдан келади! – деб юборганини сезмай қолди. – Қилмаса бўлмайдиган мавзу йўқ! – қўшимча қилди орқасидан. – Бибихонимниям ўйнайсан, Тўмарисниям!
Бинафша ҳам Бинафшамас, гўё Бибихонимга айланиб қолгандек ифтихор билан жойидан туриб кетди. Сарвдек қомат, қордек оппоқ елкаларда ёйилиб турган тим қора зулф, ёрилай-ёрилай деб турган Қува аноридек таранг кўкраклар, ишонувчан ва меҳрибон кўзлар, табассум билан чўғланиб турган олболи лаблар, юзлардаги малоҳат… Тамомила мафтун-маҳлиё қилгулик эди ҳар қандай йигитни. Тийиб бўлмас сирли бир истак оловдай ёндираверди Ботирнинг жону жаҳонини. Аммо, аёлнинг қиёфасида яна шундай гўзал бир ички салобат ҳам мавжланиб турардики, ҳайиқиш, чўчиш, журъатсизлик ўғирлаб қўйгандек эди ундаги ёввойи жунбишни.
Бир маҳаллар менсимайдиган, айтганини қилдирадиган одам ҳозир худди серғалва уммонда шердай пишқириб бир-бирининг устига бостириб келаётган иккита қудратли тўлқин ўртасига тушиб қолган қайиқчадай ожиз сезар эди Бинафшанинг олдида ўзини…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 11-сон. Ҳикоя матни «Зиё Уз.» сайтидан олинди.