Сирожиддин Саййид
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси.
Шеърлар
РАДАРИНГГА РАҲМАТ!
(Йўл патруль хизмати ходимларига бағишланади)
Посбон дўстим, йўлларда асло хатар бўлмасин,
Бехатар бўлсин, аммо ҳеч берадар бўлмасин!
Ҳар йўловчи соғ-омон ўз манзилига етсин,
Аввал падарингга, сўнг радарингга раҳмат десин!
ОНАМНИНГ КАЛИШЛАРИ
Бунча ҳам қаттиқ экан
Қисматнинг болишлари.
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Онамнинг калишлари.
Улар остонасида
Турар бир жуфт абгордай.
Кўзимга бутун дунё
Кўринади айбдордай.
Яшайдирман гарчи қўл,
Юзларини соғиниб.
Калишлари даҳлизда
Тураверар оғриниб.
Дардимни яширгайман
Онам ҳолим сўрганда.
Калишлари валекин
Барин билиб тургандай.
Гарчи тилсиз, забонсиз,
Хомуш, беозордайлар.
Бор дарду ҳижронимдан
Улар хабардордайлар.
Онамнинг кўзёшидан
Бўлса болишлари нам.
Назаримда кечалар
Йиғлар калишлари ҳам.
Улар ҳам гўё мени
Ўртаниб ўйлагайлар.
Бахту бахтсизлигимдан
Қиссалар сўйлагайлар.
Соғинчнинг деворлари
Ёмғирларда емрилган.
Улар ҳам онам каби
Йўлларимга термулган.
Мол йиғмадим мен, аммо
Сув сўрганга сой бердим.
Бир кўнглим бор эди, лек
Мен уни ҳам бой бердим.
Бу дунёда ниҳоят
Бир ҳикматни илғадим.
Калишларни юзимга
Босиб, келар йиғлагим.
Онамнинг калишлари…
Бир умрлик қарзимдай.
Патакларин кўзимга
Суртиб ўлсам арзигай.
ОНАМГА ЎТИНЛАРИМ
Дийдирайди юпун олам,
Бағри тўла тутунлар.
Куз охири – онам учун
Мен излайман ўтинлар.
Хаёлимдай паришондир
Рўзғори, тақдирлари.
Қунишгандай бўлиб турар
Мунғайган тандирлари.
Йиғиштирдим шеъримни ҳам,
Тўхтатдим таронамни.
Шоирлигим бир пул менинг –
Иситмасам онамни.
Қалтирайди пайкалларда
Ғўзапоялар урён.
Шону шуҳратим бир ёну
Қадоқ қўллари бир ён.
Арзир бу он жамлаб келсам
Дунёда бор тафтларни –
Илитмоқ-чун шу табаррук,
Шу мўътабар кафтларни.
Бор ҳаётим, кечган умрим
Кераксиз сармоядай.
Сездим ногоҳ: бармоқлари
Худди ғўзапоядай.
Завқу шавққа ошно дилни
Ғам-ташвишга ўрайман.
Дўсту ёрдан онамга деб
Пулмас, ўтин сўрайман.
Мен демасман: молу мулкинг
Бутун бергил, эй дунё.
Онам учун бир боғгина
Ўтин бергил, эй дунё.
Ёқаётган хас-хашаги
Ўкинчларимга ўхшар.
Ўтинлари тутаб ётган
Ўтинчларимга ўхшар.
Куз титрайди боғда, барглар
Худди менинг баргимдай.
Қумғонлари, ўчоқлари
Куйиб кетган бағримдай.
Кўзимда ёш, узр айтиб
Тагларида юрарман.
Отаёдгор ёнғоқлардан
Мен шох-шабба сўрайман.
Худони ҳам пайғамбарни
Ҳар лаҳза ёдлар қилган.
Супра ёзиб мавлудлару
Мушкулкушодлар қилган.
Болам дея куйиб-ёнган,
Тутуним бўлган онам.
Тирикликнинг тандирига
Ўтиним бўлган онам.
Эсдан чиққан бобомни ҳам
Тушларимда кўрарман.
Бу тонг бобо чинорлардан
Сизга ўтин сўрарман.
Кечир мени, момо тутим,
Тупроқ билан тенгдирман.
Саҳар чоғи қарсиллаган
Сенмас, асли мендирман.
Одамзотнинг умри ҳам бир
Дарахт экан – сездим мен:
Укам эккан хурмоларни
Йиғлаб-йиғлаб кесдим мен.
Бу дунёдан мева тугмай
Кетган ниҳолим – укам,
Ўтин бўлиб онам уйин
Иситмоқдадир бу дам.
Инсон жисми надир асли,
Надир ному нишони?
Чўғмас, гўё лахча-лахча
Ёнар кўнглим фиғони.
Фарзанд гарчи ҳаёт гули,
Мева яхши, боғ яхши.
Меҳрсиз ўн ўғилдан лек
Бир бесамар шох яхши.
Мен ҳам ўғил бўлдимми деб,
Тентирайман ҳовлида.
Бир чўпчалик қадрим йўқдир
Заҳматларин олдида.
Надир менинг топган бари
Илму иззатим, онам?
Менинг буюк ибратим ҳам
Буюк ҳикматим онам.
Гарчи охир кул бўлмоқдир
Ҳар жисмнинг қисмати.
Илитмоқдир, иситмоқдир
Инсонийлик ҳикмати.
Бандаси гар тирикдир то,
Магар тўқ, магар очдир,
Ёнмас экан, куймас экан –
Кераксиз бир ёғочдир.
Тирикликнинг кўйида гар
Гоҳ ўтмиз, гоҳ тутунмиз.
Мангу сўнмас оловдир Вақт –
Биз барчамиз ўтинмиз.
Инсон яшар кўп азобу
Уқубат бор дунёда.
Инсондир у – токи меҳру
Оқибат бор дунёда.
Гарчи ошу нон деб гоҳо
Бир-бировдан тонгаймиз.
Эзгуликнинг йўлида лек
Ўтин бўлсак – ёнгаймиз.
Майли доим юрак-бағри
Бутун бўлинг, ёронлар.
Ҳеч бўлмаса, онангиз-чун
Ўтин бўлинг, ёронлар.
ВАТАН ҚОЛАР ЭКАН, ВАТАН АБАДИЙ
Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,
Насимлар эсдилар илиқ, арабий.
Бир осмон тўлдириб келди кўксимни,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Не зотлар ўтдилар Ватандин айро,
Севинчи савдою соғинчи саҳро.
Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Бобо қирлардаги бир хас ё тикан,
Шу ҳам кимларгадир зўр армон экан.
Кўп экан зар топиб, зор бўлиб юрган,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Ким ахир бу даҳри дундан ўтмагай?
Ким ахир бир куни асо тутмагай?
Тандан жон кетар, лек Ватан кетмагай,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,
Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.
Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Олмон тупроғида бир немис аёл,
Кўзда ёш, ўзбекча айлади савол.
Халқим, нону тузинг ҳамиша ҳалол,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Ҳар кекса, ҳар ёшнинг заҳматларида,
Азим чинорларнинг ҳикматларида,
Ҳазрат Яссавийнинг хилқатларида
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Айб эмас аввалий ва ё сониймиз,
Агарчи инсонмиз вале фониймиз.
Барчамиз ушбу кун Туркистониймиз,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Аста барг тўкмоқда зарҳал оғочлар,
Умр гўё тўлар божу хирожлар.
Келиб кетар экан қанча Сирожлар,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
ЭСКИ УЙ
Ўтган кунлар ҳидин соғиниб,
Манзилларда бўлиб ўткинчи.
Оғушингга келдим толиқиб
Мен йўлларда адашган йўлчи.
Чақинлардай ўтган болалаик
Энди бундай кўтармас сурон.
Мен бир пайтлар тебранган бешик
Сукунатда олмоқда ором.
Энди бундай янграмас алла-
Танглайимни кўтарган қўшиқ.
У дамларни қўмсадим яна
Деворинга ҳорғин бош қўйиб.
Болалик ҳам кетмиш раҳм қилмай,
Йиллар сени хароб этибди.
Сени, боланг ташлаб кетгандай,
Болалигинг ташлаб кети.
СОҒИНЧ ТАҲЛИЛИ
Бировнинг соғинчи эзди кўп ёмон,
Дўстим, бу фожеъ бир ўзимга аён.
(Эски дафтардан)
Бировни соғинмай яшамоқ оғир,
Соғиниб яшамоқ ундан ҳам оғир.
Бу ҳам етмагандай уч кундан буён
Ёмғиру ёмғир.
Соғинч дийдирайди лойгарчиликда,
“Чилп-чилп” товуш келар.
Йиллар ўприлар.
Дарёлар тошади. Беланчаклардай
Жим оқиб кетгайлар осма кўприклар.
Тошлар шу соғинчнинг ёшлари эрур,
Соғиниб-соғиниб тошга айланган.
Кўнглим тугунларин ечолмайман мен,
Улар соғинч билан бойланган.
Мен қачон чалиндим ўзи бу дардга,
Бу соғинч касалин юқтирдим қачон?
Қора булут янглиғ соғинч йилларки,
Руҳимда муаллақ турибди ҳамон.
На тарқаб кетгайдир,
Ва на йиғлайди.
Ойлар ўтган сайин у қуюқ, қуюқ.
Шул сабаб музлайман саратонларда,
Ёмғирлар остида кетгайман куйиб.
Соғинч айрилмайди мендан бир нафас.
Доим бирга борар меҳмонга, тўйга.
Мени ўтиргани қўймайди соғинч,
Эзилиб кетяпман, кетдик дер, уйга.
Дунё пойафзалдай пойгакда қолар,
Ёниқ қолдираман даҳлиз чироғин.
Соғинч ўзгаларни кўкартирса гар,
Мени куйдиради охир бу соғинч.
Ўзимни силкитсам – барглар тўкилар,
Хазонимни кўргил, хазонрез боғим!
Умр ўтмоқдадир.
Лекин бир умр
Ўтмай сил қилади мени бу соғинч!
Сени соғинмасдан яшамоқ оғир,
Соғиниб яшамоқ ундан-да оғир.
Сени соғинаман ёнингда юриб,
Бу ҳам етмагандай-ёмғиру ёмғир.
Соғинч пўстин янглиғ босар елкамдан,
Бўйнимга шарф мисол ўраладир у.
Кураб ташлаш мумкин ёққан қорларни,
Соғинч − мангу қордир.
Куралмайди у.
МИР АЛИШЕР
Тирикликнинг бонги Навоий,
Буюкликнинг ранги Навоий.
Бир ёришди зим-зиё олам,
Туркийларнинг тонги Навоий.
Беш асрлик рўёдир дунё,
Беш асрлик ўнги Навоий.
Бир уммонким, ибтидоси йўқ,
Йўқдир унинг сўнги — Навоий.
Ўтган сайин илдамлаб кетгай,
Борган сайин янги Навоий.
Ватан каби поёни йўқдир,
Ватан каби мангу Навоий.
ХУШХАБАР
Қиш охири, келди хабар:
Сурхонда бодом гуллади,
Ушбу хабардан ғам тўла
кўксимдаги жом гуллади.
Олам иморатдир азал,
одам иморатдир азал,
Бу кўҳна икки уй аро
девор билан том гуллади.
Хору хаси зар масканим,
эй сен, муаттар масканим,
Ҳар бир мозоринг ўйласам,
бу тонг неча ном гуллади.
Гулга тириклик гул учун,
инсон ҳаёти эл учун,
Шукрона айтгил, сен учун
такрор бу инъом гуллади.
Мен — ҳам баҳорнинг шоири,
мен — ҳам баҳорнинг мухбири,
Бир лаҳзада бир юрт аро
тарқаб бу пайғом гуллади.
Бодомгинам, жону дилим,
юртим менинг, кони гулим,
Термизда гар тонг гуллади,
Тошкентда оқшом гуллади.
Келди менинг ойчечагим,
балдоқлари бойчечагим,
Бўйнидаги холин силаб
ёр зулфида дом гуллади.
Бу хушхабарни шеър қилиб
айтиб югурсам шаҳр аро,
Ҳар бир гуландом гуллади,
ҳар бир дилором гуллади.
2006.19.02.
АЁЛ МАНЗУМАСИ
Бу диёрда ору номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шафқатдан яралган,
меҳру шафқатдир аёл.
Олам узра бир қуёш бор,
битта ой бордир, валек,
Ердаги нур — моҳитобон,
шамси талъатдир аёл.
Она сўзи юрт сўзи бирлан
нечун пайвастадир?
Бир улуғ элдир, Ватандир —
шунга сархатдир аёл.
Кўкдаги кунларни ҳам
чарчатгуси меҳнатлари,
Уч юз олтмиш томири
иш бирла заҳматдир аёл.
Жон десам жононадир,
жоним десам жонимдадир,
Ул муҳаббат оламига
мангу даъватдир аёл.
Мен қошингизнинг қаросидан
дилимга хат олай,
Ваҳ, нечук нозик нафосат,
инжа санъатдир аёл!
Бу гўзал нозу адолар
ҳеч адолар қилмагай,
Қайта-қайта жон ато
этгувчи ҳайратдир аёл.
Умрингизнинг боғларига
файз берган ҳам ўшал,
Билсангиз Ҳақдин мукофот
ҳамда рағбатдир аёл.
Онажоним, Она юртим,
давлатинг кам бўлмагай,
Токи сен борсан жаҳонда
катта давлатдир аёл.