Фарид Усмон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
РУҲ БУЛБУЛИ
(Девон)
Қадринга ет
Бир бирингни айла эъзоз, ўзбегим қадрингга ет,
Тўрт фасл: куз, қиш, баҳор, ёз, ўзбегим қадрингга ет.
Қадр этиб, асраб авайлаб юксалиб юргин мудом,
Доим эт дилларга парвоз ўзбегим қадрингга ет.
Гар жаҳон айвонида бўлмоқ тиларсан чин қўшиқ,
Аввало бўлгин етук соз ўзбегим қадрингга ет.
Қадрни билмас кишиларни кўриб қолсам агар,
Айтаман: майлига оз – моз ўзбегим қадрингга ет.
Қадрсизлик айлагай миллатни охир ерла тенг,
Рости бўлмоқ истасанг ғоз, ўзбегим қадрингга ет.
Бу насиҳатмас Фарид, балки юракнинг оғриғи,
Бир бирингни айла эъзоз, ўзбегим қадрингга ет.
ЭЛИМ
Элим меҳринг уйи равшан топилмас нур-зиё янглиғ,
Бу нур қувват бағишлайди дилимга тўтиё янглиғ.
Ўзимни қанчалик севсам, бу нурни шунчалик севгум,
Севиб ардоқлагум доим азизим маҳлиқо янглиғ.
Сабаб, бу нур туфайли дилга ишқинг шуъласи тушган,
Юракда парвариш топган бу нур меҳригиё янглиғ.
Бу бағринг кенглигидандир, бу меҳринг поклигидандир.
Самосан эй азиз халқим, мусаффо хуш ҳаво янглиғ.
Жаҳон халқи аро ўзбек деганнинг хислати ўзга,
Қуёш фарзандисан мутлоқ, қуёшли Осиё янглиғ.
Дилимда парвариш топган ватан, халқ ифтихор ҳисси,
Фариднинг қалбига қувват эрурсан мўмиё янглиғ.
ЎЗБЕКИСТОН
Сени гул дейму мен бўстонга лойиқ,
Ва булбул дейму ё достонга лойиқ.
Сени булбул дейинму, бу ҳаётни
Ёниб куйловчи ҳар инсонга лойиқ.
Деярман порлагувчи юлдузимсан,
Хаёлим уфқи – кенг осмонга лойиқ.
Нечунки, қалби офтоб туғма шоир,
Керак таърифда сен Чўлпонга лойиқ.
Гўзаллардан гўзалсан, Ўзбекистон,
Аталган бу гўзал бўстонга лойиқ.
Шу боис бил ўзингдан ўзга ҳеч йўқ,
Бу оламда Фарид Усмонга лойиқ.
Дўстлик ҳақида
Бу заминда дўст бўлиб юрмоқ ажойиб катта бахт —
Ўзбегу тожик азалдан ёнма-ён ўсган дарахт.
Йиқмагай асло довул, куйдирмас осмон чақмоғи,
Меваси пуч бўлмағай ҳар шоҳида шакар ва шаҳд.
Бир бутун бўлса аҳиллик, битта бўлса гар тилак,
Ул бири бошингга тождур, ул бири остингда тахт.
Манзили бўлмас йироқ ҳеч ва юки бўлмас оғир,
Ҳал бўлар мушкули осон айласа гар бирга жаҳд.
Ер юзида ҳар бир инсон бир-биридан тафт олур,
Бир заминда ёнма-ён юрмоқ деганлар катта бахт.
Кўхна тарих ойнаси бизга Фарид ҳуш жилвагар,
Ўзбегу тожик азалдан ёнма-ён ўсган дарахт.
ГУЛ ИЛТИЖОСИ
Очилдим, энди сўлдирмай, баҳор, қадримга етсанг бас,
Туну кун, ҳамда оқшом чоғ, наҳор қадримга етсанг бас.
Биларман қанча дўл, сел бор, шамоллар қанчадан-қанча,
Булар қаҳрига қилмай сен дучор, қадримга етсанг бас.
Макон бўлса замин менга – туғилган масканим, манзил,
Қадрдоним она тупроқ — диёр, қадримга етсанг бас.
Булутлар тўсмаса офтоб юзидин сўнмаса шуъла,
Келиб турса фақат кўкдан шарор, қадримга етсанг бас.
Севишганларга еткурсанг, авайлаб, асрабон бир-бир,
Муҳаббат аҳлига бўлсам тумор — қадримга етсанг бас.
Фариднинг назмидан тинглаб баҳор, бу илтижойимни,
Кўнгилдан айласанг бўлди қарор — қадримга етсанг бас.
Дўст
Дўстларим, қутланг мени менман буюк орзуга дўст,
Беғубор қалб гавҳари — кулгу деган инжуга дўст.
Завқи зўрлар даврасидан кулгу асло аримас,
Бўлса-да, инсон туғилгандан йиғи-кулгуга дўст.
Илжайишни билмаганлар афтига боққан киши,
Дейди: ютганми қалампир, нега у оғуга дўст.
Кулгу қалб ойинасидир, хулқ-атвор унда жам,
Тўғридир, дилдан кулишганлар, десак кўзгуга дўст.
Кулгуни севган биродарлар кулинг, дилдан кулинг!
Қалбингиз бўлсин мудом шодлик деган чолғуга дўст.
Сўнмасин қаҳ-қаҳ уриш – нурли қуёшнинг шуъласи,
Эй Фарид, этсин ҳаёт дилларни шу ёғдуга дўст.
***
Умр давронида хушонларим кўп,
Қадрдон дўстларим — жононларим кўп.
Умр маъно тополмас ҳеч уларсиз,
Улар давлат — хазинам – конларим кўп.
Ҳаётда раҳномодир йўлларимда,
Қадрдон раҳнамо сарбонларим кўп.
Яшаш орзуси лаззат, дейдилар чин,
Юкининг таркида армонларим кўп.
Бу армонларни айтсам бари дарддир,
Шукрким шунга хос дармонларим кўп.
Умр давронида дил бўлма бедўст,
Фарид дейди сенга армонларим кўп.
Ҳеч нарса кўрмадим деб
(Ҳажв дафтаридан)
Хотин мендан норози ҳеч нарса кўрмадим деб,
Сира ёпилмас оғзи ҳеч нарса кўрмадим деб.
Жағ деган сал толарди, салгина тин оларди,
Унинг ўчмас овози ҳеч нарса кўрмадим деб.
Ўлчар гуноҳларимни, хушламас оҳларимни,
Қош палла, кўз торози ҳеч нарса кўрмадим деб.
Гоҳо ер муштлаб қолар, ёқамдан ушлаб қолар,
Гўё қўшнининг този ҳеч нарса кўрмадим деб.
Эр, рост, хотин учун қул, — ақл бўлмаса мушкул,
Изҳор ҳар ишва нози ҳеч нарса кўрмадим деб.
Эй Худо, асра ундан, бундай қаро тутундан,
Жаврайди қишин ёзин ҳеч нарса кўрмадим деб.
***
Мен сени севдим демак, ул ёр деди: қўй, урма лоф,
Сўзлама ёлғон сўзингни, бор, деди — қўй урма лоф.
Ошиғи содиқ ҳамиша севгини пинҳон тутар,
Оошкора сўзлагай беор деди, — қўй, урма лоф.
Севги оламда азиз туйғу, юракнинг гавҳари,
Сўз билан айтилмагай зинҳор деди, — қўй, урма лоф.
Мен сени севдим дебон ҳар ерда дастурхон қилиш,
Ишқни қадр этгувчига озор деди, — қўй, урма лоф.
Бу замонда лофчидан севдим дегувчи лофчи кўп,
Бас, етар бу лофларинг, такрор деди, — қўй, урма лоф.
Таъналарга бир оғиз сўзда жавоб айлаб Фарид,
Лоф дема севгимни, ҳеч ой, ёр деди, — қўй, урма лоф.
***
Бизга ғам бегона биз ғамдан йироқ,
Биз қувонч фарзанди мотамдан йироқ.
Оқибат бахти қаролик бўлғуси,
Ким ёруғликни дегай шамдан йироқ.
Чунки бу дўстликни тарк этган киши,
Бўлғуси тенгсиз бир оламдан йироқ.
Истагим шулки мени ҳеч айлама,
Эй ҳаёт, чин дўстим — ошнамдан йироқ.
Қилмагин ҳаргиз жудо ошноларим,
Дўстларим бор бўлган ўлкамдан йироқ.
Дўст диёр бирлан Фарид дунёда биз,
Биз қувонч фарзанди мотамдан йироқ.
***
Ёнингга талпинар кўнгил, ёнингга бормоқ имкон йўқ.
Ки гўё сайр этар фурсат топилган чоғда бўстон йўқ.
Юрак таржимасиз ҳислар билан буткул тўлиб-тошган,
Фақат бу ҳисни таржима қилурга энди туғён йўқ.
Илондек тўлғониб найлай, қолибман мушкулот ичра,
Қийинлар шунчалар кўпки, бирор бир айтар осон йўқ.
Фарид, жоним гувоҳ, жисмим гувоҳ бу изтиробларга
Муҳаббат бирла шеър айтилса, сўзлар ичра ёлғон йўқ.
***
Ҳақни излар дўстим энди англагин жонингда ҳақ,
Сен ҳаёт ичра билурсан тоза виждонингда ҳақ.
Ҳўрланиб таъқиб этилган кўп эрур олам аро,
Қўй, ҳақиқат йўқ дема ачинма имонингда хақ.
Ҳақ сўзингни айтмагин асло рақибга, дўстга де,
Англаса албат сўзингни дўст — қадрдонингда ҳақ.
Энг ёмонлардан ёмонидур тирикликда одам,
Ҳақни йўқласанг, чақирсанг бўлмаса ёнингда ҳақ.
Эй Фарид, дўстга ҳақиқатдан бир оғиз сўзладинг,
Бас, камол топмоқда албатта қадрдонингда ҳақ.
***
Баъзиларнинг кечаётган умридир – уйқуга ғарқ,
Баъзилар уйқу на билмаслар яшар орзуга ғарқ.
Кечаю кундуз шу орзу куйида ороми йўқ,
Доимо тонглар улар боис тиниқ туйғуга ғарқ.
Йўқ эмас умри ҳадик бирла кечувчи кимсалар,
Негадир доим улар юргай синиқ, қўрқувга ғарқ.
Шоир, эзгулик ўйинг, фикринг – ёруғ чин офтоб,
Келгуси кунларни кўрмоқчи бўлиб инжуга ғарқ.
Шодлигингдир кўрганинг гулгун қувончли чеҳралар,
Юз агар ғамни ифода этса сен қайғуга ғарқ.
Эл аро юрган ёмонларга Фарид нафрат керак,
Токи бу олам уйи ҳеч бўлмасин қайғуга ғарқ.
Неча кундир
Неча кундир кўзларимда уйқу йўқ- ором йўқ,
Неча кундир фарқ этилгувчи саҳар йўқ, шом йўқ.
Идрок этмоқлика имкон бермагай фурсатни ҳеч,
Бунга боиским юрак туб-тубида чин ком йўқ.
Ё дилим бирла сиғинмоқлика ҳадим бўлмади,
Ё тилак такрор қилишликка муқаддас ном йўқ.
Юз тубан кетганму дейман одамийлик хислати,
Қайга мен қўйдим қадамки иззату – икром йўқ.
Қийналур покиза ҳислар қийналур орзуларим,
Неча тунлар, неча кунларки Фарид, ором йўқ.
***
«Ул қаро кўз бўлмаса бахтинг қароси бўлмас оқ»,-
Деб берар устозимиз ул Огаҳий назми сабоқ.
Ул қаро кўз йўлларига кўз тикиб муштоқмиз,
Этса ҳам ҳар сония, ҳар фурсати тоқатни тоқ.
Ҳис этармиз ўзни гоҳ-гоҳо висолига яқин,
Ул қаро кўзнинг қилиб орзуси ҳижронни йироқ.
Ким бировлар кўнгли бирла шунчаки муштоқ эса,
Ул қаро кўзнинг мудом муштоқимиз бошдин-оёқ.
Ногаҳон ташриф буюрса офтоб янглиғ кулиб,
Нурга тўлгандек тағин ҳам бўлди равшан ҳаммаёқ.
Бир тумор айлаб Фарид орзусин асра дил аро,
Ул қаро кўз бўлмаса бахтинг қароси бўлмас оқ».
АВВАЛУ ОХИР
Эй ҳаёт, девона кўнглим ичра доим шу сўроқ —
Аввалингму яхшироқ — айт, охирингму яхшироқ?!
Ўртанурман икки чўғнинг ўртасида воажаб,
Fулғула солиб дилимга гоҳ висолу, гоҳ фироқ.
Шубҳа қилмам ҳеч қачон, лек келтириб шукроналар,
Охиринг сўзсиз яқиндир, аввалинг ўтган — йироқ.
Ҳар саҳар таъзим бажо қилдим сенга мен термулиб,
Негаки, қалбим аро мавжуд эрур нурли чироқ.
Бу чироғ йўлни ёруғ қилганми, билмайман ҳануз,
Аввалингми яхшироғроқ ё охирингми яхшироқ…
Эй Фарид, мушкул сўроғдир, ростданам мушкул сўроғ,
То тириклик бор экан шу фалсафа бўлмас адоқ…
***
Сен мени этган эдинг ўздан йироқ,
Мен сени этмам сира кўздан йироқ.
Сен бу тонгим уфқида тонг юлдузим,
Тонгда ой бўлмайди юлдуздан йироқ.
Равшан эт кўнглимни, ёр, офтоб мисол,
Ким дегай офтобни кундуздан йироқ.
Ҳуснингга ойинадан тўйиб боқай,
Этмагин ойинани юздан йироқ.
Сен Фарид ёнидасан, жонидасан,
Ул сени этмас сира ўздан йироқ.
Иштиёқ
Шеър майидин, кел, сен ич деб, сунди бир жом иштиёқ,
Майни ичдим, бу кўнгилни айлади ром иштиёқ.
Иштиёқим гулга тушмай, шеърга тушса кулмангиз,
Шеър ахир гул, гулни ҳидлаш мен учун ком — иштиёқ.
Шееър атрин тонг сабоси келтирар тонг чоғи деб,
Кечалар кўнглимдан олди сабру ором иштиёқ.
Шеърга солдим тонгни, тонгдек бўлса деб ҳар мисраси,
Тонг каби юз очди шеърим, топди илҳом иштиёқ.
Балки шеърим дилга Устоз, етказолмас ҳеч сурур,
Балки бу рост иштиёқдур, балки бу «хом» иштиёқ.
Иштиёқим дилда пинҳондур, бу машқим бир ҳавас,
Бас, ҳаваскоринг Фаридни қилма бадном иштиёқ.
***
Само саҳнида ой уйғоқ, чаман саҳнида мен уйғоқ,
Кутиб ой юзлигимни ушбу оқшом тоқатим кўп тоқ.
Келур деб дилбаримни бу чаманлар ичра ойдинда,
Ҳамиша мунтазир кўнглим, ҳамиша кўзларим муштоқ.
Висол орзуси ошиқ кўнглига солгайму ёрқинлик,
Мунаввар кечада орзум мунаввар кечадек порлоқ.
Муҳаббат кўзга равшан кўрсатарми, билмам, оламни,
Ва ё ой нуридан бўлганми дейман коинот оппоқ.
Мусаффо борлиқ ичра бу мусаффоликка тўймайман,
Нафас кўксимда бор токи, вужудим ичра жон қайноқ.
Киши ошиқ яшаш завқи, фарид нур қўйнида кўргай,
Кўнгил мулкида ким қилса висол орзусини ардоқ.
УЧРАШУВ ҚУВОНЧИ
Сиз кириб келганда яшнаб мисли боғ,
Сиз кириб келганда кўнгил бўлди тоғ.
Сиз кириб, орзу очилган ғунчадек,
Товланиб ёзди мунаввар яапроғ.
Сиз келиб гўё қоронғу кечалар,
Нурга тўлди хонадон топди чароғ.
Борлиғимга оқди нур офтобгинам,
Юзга кулгу қўнди вақтим бўлди чоғ.
Дўст билан дийдор кўришмоқ бахтлигин,
Англадим, дўстимга тўлганда қучоғ.
***
Ҳар тараф, дўстлар, гулистон, ҳар тараф гулшан ва боғ,
Ҳар тарафни айлаган гул — ёп-ёруғ равшан чароғ.
Кўз қамашгандан қамашганки қараб бўлмас боқиб,
Кўз ёниб кетгай тамоман, ҳа, куйиб кетгай қароғ.
Кўп эрур бир сония, рост, кўп эрур бир лаҳза чин,
Ҳаммадан ҳам энг қадрдондан қадрдон ушбу чоғ.
Ақли борларга ҳавола ушбу сўзлар аввало,
Яхшилаб идрок қилиб олғуси ҳам идроки соғ.
Нур эрур олдиндаги ҳар умримиз доим, Фарид,-
Ҳеч қачон бўлган эмас инсон ёруғликдан йироқ.
***
Меҳру шафқат — кўнглингиз бозорида ноёоблиғ,
Зулму зўрлик — қалбингиз дўконида серооблиғ.
Зориман лутфи карамнинг, ахтарурман бесабр,
Балки, бу майлим била қилдимми беодооблиғ.
Бу нечун бозорки ул зарур «мато»ни топмадим,
Ҳийлайи найранг сероб, кўпдир жуда қаллооблиғ.
Шумлигин олиб сотиб юргувчи инсонлар талай,
Ул бири аллоблиғ айлар, ул бири қассоблиғ.
Ҳоридим, бир хаста ҳолатга тушиб қолдим бу кун,
Найлай, ортар жисму жонимда бу хил бетооблиғ.
Меҳру шафқатни сотиб олмоққа бир имкон қани,
Эй Фарид, бир кун келиб бўлса ажаб серооблиғ.
***
Бир пари пайкар хаёли доимо ёдимдадир,
Доимо ёдимда боис ул пари ёнимдадир.
Ётсаму турсам, ўтирсам у билан мен биргаман,
У тирик юрганлигимга чин гувоҳ-жонимдадир.
Мен тирикдурман, қарангки ул пари пайкар тирик,
Бор фикр-ўйим менинг ул шоҳ-султонимдадир.
Номини қўймам тилимдан, минг шукр, минг бор шукр,
Ҳар нафас зикримдадир,-ҳар лаҳза, ҳар онимдадир.
Ул пари пайкар не ўй бирла вале мен билмадим,
Билдириш ҳукми, нетай, доим у жанонимдадир.
Майлига, шукр эт Фарид бу ҳолга минг шукрона айт,
Ул пари пайкар хаёлингда мудом ёнингдадир.
ЯХШИЛАРНИ ЙЎҚЛАШ
Баъзиларнинг суҳбати завқини гоҳ сургим келур,
Баъзилар бирла кўришсам қайта қўл ювгим келур.
Баъзида дейман у манзилга туташса йўлларим,
Баъзи йўллардан отимни орқага бургим келур.
Яхшилик бирлан менинг бу ҳайриҳоҳлик улфатим,
Яхшиларга тез кўмак қилмоққа улгургим келур.
Сиз Фариднинг зарра жонида қувонч — қайғу мудом,
Яхшилар сизла кўришгум — сизни тез кўргим келур.
***
Рост сени кўргим келур ёр гоҳи – гоҳ,
Сен билан юргим келур ёр гоҳи – гоҳ.
Учрашиб қолган чоғим суҳбатлашиб
Сўзлашиб тургим келар ёр гоҳи – гоҳ.
Бўлмаса асло адо суҳбатимиз,
Бир зум ўлтиргум келур ёр гоҳи – гоҳ.
Сени деб ҳар куйга тушгувчи ўзим,
Найлай ултургим келур ёр гоҳи гоҳ.
Кўрмасам ҳам соғиниб доим Фарид,
Сўзлашиб тургум келур ёр гоҳи гоҳ.
ҚУШ ТУЙFУСИ
Қолса қуш танҳо, қилар хониш баланд,
Чунки қуш туйғуси ҳамкорликка банд.
Бу қадар куйгаймиди – куйлармиди,
Бўлмаса ҳамдамга чиндан орзуманд.
Қандайин чидар жудоликка одам,
Айрилиқ қушларгаку оғир каманд.
Айрилиб билдим бу кун ҳижрон недур,
Англадим қандайлигин шўртак бу қанд.
Эй Фарид, кўп ўртаниб, кўп куйма чин,
Қолса қуш танҳо қилар хониш баланд.
***
Баҳор фаслига боғ очгандай оғуш,
Кутиб кўнглим сени боғдек фаромуш.
Кўрарман туш гўзал сен ҳақда тунлар,
Баҳор ҳақида боғ кўрган каби туш.
Баҳорим кел, келиб кўнглимда гул оч,
Фақат сенда, фақат сенда ақл ҳуш.
Фарид тарк айламас, борми жаҳонда –
Баҳору боғини тарк айламас қуш?
БУЮКЛИК ҚОШИДАГИ ЎЙЛАР
Ҳар буюклик олдида сен кўр – кўрона эгма бош,
Ҳар буюклик порлаган ё, ёки бир сўнган қуёш.
Етмаса қалбга ҳарорат ҳайрат этмоқлик нечун,
Ўтлиман юз бор десун лек эътибор топмайди тош.
Истаганча ўрташи мумкин юракни гоҳида,
Кўз қароғи киприк узра титраган бир дона ёш.
Бунда асло заррача бил, манфаат пинҳона эмас,
Бунда олдинга сурилмайди сира мақсад – маош.
Бу тириклик ичра инсонларни англаш бахт – буюк,
Бунда жон ҳис бирла банд, идроокдан ёлғиз бу бош.
Эй Фарид, офтоб кулар, ҳар тонг ўзи ҳайрат сенга,
Энг буюклардан буюкдир жилмайиб турган қуёш.
***
Кимки ҳайрат бирла ошнодир уни доно билинг,
Ҳам унинг ҳар ҳайрати – кулгусида маъно билинг.
Очилур дил бағрида гуллар у зот бор даврада,
Суҳбати гулзор аро ҳар сўзини раъно билинг.
Хуш насим елганда ҳислар ҳам тиниқ тортган каби,
Ҳулқини айлар мулойим, юртида танҳо билинг.
Ўйламанг бегона ҳолатда қолиб кетгайму деб,
Ундайин зотни кўнгллар мулкига ошно билинг.
Ушбу гап ҳикмат эмас, лек ҳар қалай маъноси бор,
Кимки ҳайрат бирла ошнодир уни доно билинг.
Негадир айтмоққа бу сўзни Фарид жазм айлади,
Ҳар қалай бу сўзнинг остинда бор маъно, билинг.
***
Во ажаб олмиш ҳушимни, ёр кулиб турмакларинг,
Термулиб олисга гоҳо, жим хаёл сурмакларинг.
Тобланиб бир тиғ мисол бағримни тиғлаб ўртади,
Лабни сен қимтиб уёлгандек хиёл бурмакларинг.
Тонг қуёши порпираб тургай кўзинг уммонида,
Билмадим, ё эркалайсан ё мени эрмакладинг.
Нозланиб нетсин гўзал ортингда кўзлар интизор,
Муз бўлиб қолғай вужудим ичра, жим юрмакларинг.
Эй санам – тилсиз фироқ шайдо Фаридга не керак,
Яхшидир унга, очиқ — ойдин сўкиб, урмакларинг.
* * *
Сиғмагай оламга афғонинг санинг,
Бевафо бўлганлигидан суйганинг.
Билган аҳволингга ўзга шарҳ йўқ,
Оҳу афғон бўлди то йиққан ғаминг.
Топганим кўрганларимдан ҳам зиёд,
Деб хато қилдинг, зиёдку кўрганинг.
Оҳу афғонинг ғурурга чирмашиб,
Кошки ўлдирса ғурурла турганинг…
Ўртанурсан эй Фарид беморасан,
Ишқ оташгоҳида шу куйганинг.
ИНТИЗОРЛИК
Ахир мен қандайин яйрай, ёнимда бўлмасанг бул кеч,
Кўнгил қайғули бир тундай, ёнимда бўлмасанг бу кеч.
Хиёбон ичра ёлғизлик менинг кўксимга чўккан тош,
Ютиб ғам дод этар мен-най, ёнимда бўлмасанг бул кеч.
Ёрар тун бағрин афғоним, сабаб, бул кеча ҳам ҳижрон,
Чекарман нола пайдар-пай, ёнимда бўлмасанг бул кеч.
Йироқму асли, айт, кўнглинг? Йироқмас, нега қийнайсан?
Дедим, афсус била бай — бай, ёнимда бўлмасанг бул кеч.
Жамол очганда оппоқ тонг хиёбон сайридин хомуш,
Фарид қайтар кўнгил тўлмай, ёнимда бўлмасанг бул кеч.
***
Шодлигим дунёча — бисёр дил аро,
Fамларим бир уйчалик бор дил аро.
Барини шарҳ айламоққа йўқ илож,
Қанча меҳру қанча озор дил аро.
Бир томони қақшаётган чўл эса,
Бир томон кетганча гулзор дил аро.
Изтироб ҳузру ҳаловатдир бари,
Гоҳида янграйди «Гулёр» дил аро.
Fамга ҳам шодликка ҳам доим чидар,
Сабру тоқатли бу шунқор дил аро.
Ҳеч ҳазон фаслин Фарид жон кўрмасин,
Номус отлиғ эзгу гулзор дил аро.
* * *
Ўзингсан менга ёр аълодан аъло,
Бу гулшанда гули раънодан аъло.
Сабаб, кулгуларинг жонимга ором,
Тўлиб шўх-шўх оқар дарёдан аъло.
Сабаб, сен соҳиби бир нуқтадонсан,
Сўзинг маъноси ҳар маънодан аъло.
Само юлдузга бой, аммоки менга,
Фақат сен юлдузи Зуҳродан аъло.
Десам кулма ягона оламим сен,
Бу дунёда бари танҳодан аъло.
Керак улфат, керак ошно валекин,
Йигитга яхши ёр ошнодан аъло.
Ўзингдан ўзга йўқ, ёри вафодор,
Фаридга борлигинг дунёдан аъло.
* * *
Ким одамларсиз ўз умрин соз деяр қилғай хато,
Яъни умри фаслини у ёз деяр қилғай хато.
Ким одамларнинг иши битмайди менсиз дер ёмон,
Ким одамларсиз ўзин эъзоз деяр қилғай хато.
Эй табаррук, эй ғўдайган кимса сал пастроққа туш,
Кимки манманликни хуш парвоз деяр қилғай хато.
Тинглаяпсан гапларимни, тескари лек эснама,
Ким одобда ўзини мумтоз деяр қилғай хато.
Умримиздир бир гўзал қиз ишвасича, ўйласам,
Кимки кампирнинг фироғин ноз деяр қилғай хато.
Асрасин Оллоҳ, Фарид танҳо қолишликдан мудом,
Ким одамларсиз ўз умрин соз деяр қилғай хато.
КОИНОТДА ЗАРРА ЖОНИМ
Бўлай дер сенга жон вобаста-вобаста,
Бориб жон, жонажон вобаста-вобаста.
Яқин ҳеч тутмасанг-да ёр, бу жонни,
Кўнгил асли ниҳон вобаста-вобаста.
Бу ўткинчи жаҳонда, борму дейман,
Сенга бўлмоқ омон вобаста-вобаста.
Дема ёлғиз у юлдуз, баҳру барни,
Яна кенг осмон вобаста-вобаста.
Бу саҳро, бу гулистон деб аталгувчи
Жаҳонда карвон вобаста-вобаста.
Фарид бу коинотда зарра жоним —
Бўлай дер сенга жон вобаста-вобаста.
КУТИШНИНГ ЯХШИЛИГИ
Нетай мен, дилбарим мендан йироқ бўлса, йироқ бўлса,
Висол оқшоми деб кутган кечам ўтли фироғ бўлса.
Юрак туйғусидай тўлқин урарди боғдаги гуллар,
Илож қанча бу хил ҳижрон туни кўксимга доғ бўлса.
Ҳамиша тунларим қийноқ билан ўтсин менинг, майли,
Мени кўп қийнамоқдан ул гўзалнинг вақти чоғ бўлса.
Нечун кутмай, уни бу кеч, йўлига нега кўз тикмай,
Гўзал бу Андижон шаҳрим чаманзор бўлса, боғ бўлса.
Кутиш фурсатларидин яхши он йўқ, яхши фурсат йўқ,
Фарид истайди, доим кўнглида шу иштиёқ бўлса.