Муҳаммад Раҳмон 1949 йилнинг 18 ноябрида Қашкадарё вилояти, Китоб туманидаги Паландара қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2003). ТошДУнинг журналистика факултетида тахсил олган (1967— 72). «Мувозанат» (1976), «Яшил дарё» (1979), «Юрагимнинг дастхати» (1986), «Ижобат» (1984), «Асраганим, авайлаганим» (1987) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Болалар учун ҳам асарлар ёзган («Момоқаймоқ», 1978; «Ерга тушган камалак», 1981; «Қанотли тушлар», 1989). К. Чуковский, А. Л. Барто шеърларини, Лизолетта Велскоф-Генрихнинг «Токей Ито» романини ўзбек тилига таржима қилган.
Муҳаммад Раҳмон 2010 йил 31 январь куни вафот этган.
Муҳаммад Раҳмон ҳақида
Мен Тошкентда 16 қаватли бинога жойлашган газета ва журналларда ишлайдиган ижодкор дўстларни, устозларни зиёрат қилиш учун лифтга чиқиб, кутилмаганда халқимизнинг энг севимли шоирларидан бири Муҳаммад Раҳмонга дуч келдим. Саломлашай дедиму, лекин шу ондаёқ бу фикримдан қайтдим.Муҳаммад ака катта шоир бўлсалар, мени умрида кўрмаган бўлса, ким экан дея ҳайрон бўлмасинлар дедим. Лекин кутилмаганда Муҳаммад аканинг ўзлари: — Холдоржон, яхши юрибсизми? Ижодлар яхшими? -десалар бўладими. Саломлашмаганимга уялиб кетдим. Биз кўришдик. Бир биримиздан ҳол -аҳвол сўрадик. Шунда Муҳаммад аканинг нафақат истеъдодли лирик шоир, балки кўнглида кири йўқ, камтарин, самимий инсон эканликларини англадим. Жойлари Жаннатдан бўлсин.
Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Муҳаммад Раҳмон
Шеърлар
БИНАФША
Ҳаволарга сочилмоқда
Оромижон бир атр.
Бинафшалар очилмоқда
Тупроқ ёриб қайдадир.
Очилмоқда титраб-титраб,
Рангпаргина, нафармон.
Биз болалар уни излаб
Боғ кезамиз андармон.
— Бинафшажон, қайдасан, айт,
Кўрсатақол юзингни.
Кўмгандирсан балки бу пайт
Хору хасга ўзингни.
Ҳатлаб-ҳатлаб юргандирсан
Ариқларни ёқалаб.
Хилватларда тургандирсан
Кўзгинангни уқалаб.
Киргандирсан балки секин,
Халал бермай тинчгина,
Баҳоргача ерга кўксин
Босган токлар пинжига.
Ё биз билан бекинмачоқ
Ўйнаяпсан тутдирмай.
Жўнар кимдир тоқати тоқ,
Сени кутиб ўтирмай.
— Қиш заҳри бор ҳали ерда,
Ерда, — дер у хўрсиниб,
— Алданибмиз, ҳали эрта,
Эрта, — дер у хўрсиниб.
Дўстим, сўниб ҳавасларинг
Чалинибсан тумовга.
Бинафшанинг нафаслари
Урилмоқда димоққа.
Жонсаракдир қалбда ҳислар,
Яна олға чопамиз.
Кетаверсин умидсизлар,
Биз, барибир, топамиз,
Бинафшажон, ўтди баҳор,
Ўтди ёзлар, ўтди куз.
Келдим бир кун дунё билан
Шундай яқин, юзма-юз.
Ишонч менга сабот берди,
Сабоқ берди тўзимдан.
Юрагимга кураш кирди,
Қочди уйқу кўзимдан.
Бинафшажон, бугун яна,
Туйғулар тирик, зийрак.
Чорлаяпсан бизни, ана,
Бўлиб ёруғ келажак.
Этигимда лойи қат-қат
Қишнинг шалтоқ йўлларин,
Кетмоқдаман сенга фақат
Узатганча қўлларим.
Кундан-кунга яқинроқсан,
Нафасларинг жонимда —
«Ҳали эрта…» — Кимдир баъзан
Минғирлайди ёнимда.
Тўхтамаймиз аммо бизлар,
Яна олға чопамиз.
Кетаверсин умидсизлар,
Биз, барибир, топамиз!
* * *
Онам Иқбол Шербобоева хотирасига.
Эриётир муздек бу бағир,
Тўкаяпман аста ёшимни.
Дайдиб кетган болангман, ахир,
Онажоним, кўтар бошингни.
Паландара шамоли яна
Югурмоқда ўнгу сўлимдан.
Келдим бугун қошингга, мана,
Етаклади соғинч қўлимдан-
Танимассан ўғлингни рости,
Танимассан балки, онажон.
Одам бўлди, у қанча ўсди,
Сен оламдан ўтгандан буён.
Иқбол эди номинг ва лекин —
Иқбол сенга боқмади кулиб.
Қирқ ёшингда ҳаётинг секин,
Сариқ гулдек қолди-ку сўлиб.
Ич-ичига чўккан кўзингни
Васса шифтга тикканча у кун
Шивирладинг сўзингни:
— Болагинам, йетимлик қурсин!..
Энди сизни ким ювиб-тарар,
Бошингизни силар қайси қўл?
Болаларим, борингиз шаҳар,
Шаҳар боринг, шудир тўғри йўл.
Сағирхона эшиги фақат,
Сизлар учун очиқдир доим.
Еганингиз бўлар беминнат,
Умр кўринг узоқ, илойим…
Эй, сен менинг меҳрибон онам,
Эй кўнглимнинг умид матлаби,
Содда эдинг, доно эдинг ҳам,
Шарқнинг ҳамма аёли каби!
Бу жумбоқли оламнинг сенга
Кўп томони бўлган қоронғи.
Доим турган лекин эсингда
Шу Ватаннинг оқил йўриғи!
Кунимизга у қолди яраб,
Ишончларинг оқланди, она.
Айтганингдек, “оқ ювиб, тараб”,
Катта қилди ўзи замона!
Эриётир муздек бу бағир,
Тўкаяпман аста ёшимни.
Кўп соғинган болангман, ахир,
Кўтара қол, она, бошингни.
Ўксима, қўй, фақат ўксима,
Қилмадим, деб сизларга шафқат.
Ер шамоли урар кўксима,
Шунинг ўзи зотан катта бахт.
Уятдаман, удда қилмадим,
Ҳеч нарсани, она, у маҳал.
Энди ўша ўғиллик қарзим,
Ватанимдан узсам лоақал.
Зиммамдаким доимо шу юк,
Она,хайр,энди кетаман.
Мени кутар ўзингдек буюк,
Ўзинг каби суюк шу Ватан!
* * *
Ухламадим тун бўйи,
Қулоқ тутдим ўлтириб:
Турналар ўтди бу кеч.
Осмонларни тўлдириб.
Чақмоқ чақиб қолди гоҳ,
Гоҳ гулдирак ўкириб.
Турналар ўтаверди
Осмонларни тўлдириб.
…Яна қанча баҳорни
Қаршилайман ўй суриб,
Неча бор ўтар турна
Осмонларни тўлдириб.
Учар юлдузим бир кун,
Учар умрим сўлдириб-
Турналар ўтаверар
Осмонларни тўлдириб…
* * *
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар
Бўғзимга тиқилган ҳаяжонимни
Қутулардим айтиб бир йўла,
Қийнамасдим бунча жонимни.
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар
Турналар ўтганда бошимдан сузиб
Югурмасдим, йўқ, телба-девона —
Мен улар ортидан қўлимни чўзиб.
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар
Қўзимни узолмай лол қолган чоғлар
Титратмасди кўксимни ҳайқириқ бўлиб
Шу пурвиқор тоғлар, шу баланд тоғлар.
Армондай ич-ичдан келар хўрсиниқ:
Бунчалар юксаксиз, бунча мунаввар.
Юлдузлар, мен сизга бир сўз айтардим
Ҳайратимнннг тили бўлсайди агар.
Тўлғанар ўзанда жоду бир оҳанг,
Оқар мангуликдай, бўлмас ҳеч тамом.
Ҳофиз дарёларим, мени қийнаманг,
Кезмай соҳилларда бесўз, бекалом,
Оймисан, тун аро бокира, латиф,
Қунмисан, қаролмай қамашар кўзим.
Гулим, на тараф бор сенга, на таъриф.
Топиб айтар эдим уни мен ўзим.
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар.
Малулман, борурман сиғиниб такрор,
Билмас бу гўзаллик ҳеч интиҳони
Ва мен бахтиёрман: ҳар кунимда бор
Ўртаниш, завқланиш, севиш имкони!
* * *
Юлдузлар оқиб келяпти,
Ой оқиб келяпти қалқиб-қалқиб,
Салқин-салқин боғлар нафаси,
Даралардан учган гулдурос
Оқиб келяпти…
Сув тилига кўчган тош қўшиқлари,
Исмсиз ўтларнинг бўйлари
Оқиб келяпти.
Қайердадир қиз турар
Соҳилдаги дарахтга суяниб,
Паришон ўй-хаёллар
Оқиб келяпти.
Мен шуларнинг ҳаммасини сипқормоқчиман,
Тумшуғидан отимнинг томчилайди сув,
Отим бўлса пишқирар бетоқат: —
Тўймадингми ҳали ҳам, кеч бўлди…
ХАЛҚ ОҲАНГЛАРИДА
Севар ёрим, саломат бўл!
(халқ қўшиқларидан)
Дилда кир йўқ, кин ҳам йўқ,
Сендан менинг гинам йўқ.
Қўл кўтарсам қўл синсин,
Санчадиган нинам йўқ.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!
Ишқ роҳи ў ўйдим-ўйдим,
Телбараб суйдим, суйдим.
У кунларим қайтмагай,
Бир куйдиринг, бир куйдим.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!
Ошно бўлдим сен билан,
Рўшно бўлдим сен билан,
Икки олам дастимда-
Подшо бўлдим сен билан.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!
Карамлар учун қуллуқ,
Хуш дамлар учун қуллуқ.
Ситаминг ҳатто роҳат,
Аламлар учун қуллуқ.
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!
Ишқ дегани омонлик,
Гоҳ ранг-рўйи сомонлик.
Соғинсин-у ҳар кимса,
Соғинмасин ёмонлик.
Ошиқ ўйга айлансин,
Ғазал, куйга айлансин.
Ҳеч бўлмаса мен каби
Дуогўйга айлансин:
Севар ёрим, саломат бўл!
Севар ёрим, саломат бўл!
* * *
Сен ҳам эслайсанми гоҳ қолиб холи,
Қўмсайсанми кўнгил кўчаларини…
Мунаввар айлади ойдин хаёлинг
Савдоли бу умрим кечаларини!
Сен ҳам эслайсанми ёшлигингни — шаън,
Ранги, ифорини — нечук эди ул?
Мени маст қилади қирқ йил наридан
Китобинг қатига қистирилган гул…
Обу оташидан дунёни ўтдинг,
Бекарам, бир кам деб қарғарсан ёмон…
Севги-чи, илк севги… наҳот, унутдинг,
Мен эса соғиниб яшайман ҳамон.
Номалар битардим сенга бир талай,
Қоғозга ишониб сирларнинг сирин.
Хатжилдни ёпардим ширачин ялаб –
Хатжилдлар ўзингдек, сўзингдек ширин!
Тонмайман бўғзимга ботса ҳам тиши,
Эслаб хўрсингулик ёзим, кишим бор.
Йўкдир дунёсининг мен билан иши,
Менинг бу дунёда йўқлар кишим бор!
Сен ҳам эслайсанми…
ТАҚВИМ ВАРАҚЛАЁТГАН ОДАМ
Тақвим варақлаётган одам
Хомуш тортиши керак:
Умр ўтяпти, умр!
Тақвим варақлаётган одам
Ўйга толиши керак:
Рози қила олдимми ота-онамни?
Фарзандларим тарбияси нечук?
Тиқ этса эшикка термилиб,
Кўзлари йўлимга тўрт бўлмадими
Ўсал ётган биродаримнинг?
Учмадимми шайтон васвасасига,
Иймоним саломатми?
Сўнгти манзилимга қўйиб қайтсалар,
Йўлда биров астойдил куйиб,
Хўрсиниб-хўрсиниб айта оларми:
«Кетган — қайтар,
Кетмонлаган қайтмайди!»
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Ўзгачароқ ўйлаши ҳам мумкин
Тақвим варақлаётган одам:
Тушликни қаердан қилсам экан,
Эрта кимнинг йилоши эди?
Ўтириб қолмадимми бир жойда узоқ,
Кимнинг тагига сув қуйсам экан?..
Пойабзал қалашиб ётар остонасида нуқул,
Худонинг берган куни уйида меҳмон —
Ёмби топиб олганми ялангоёқ қўшним?!
Чапқанот қўшнимиз — ёлғиз аёлнинг
Эшик дастбандига кеча аллаким
Илиб кетди бир сават оқ гул! —
Сабаби 8 мартмикан фақат?..
…Ватан учун осилиб кетиш,
Ватанга «осилиб» ҳам яшаш мумкин…
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Дейлик, гарчи Улуғбек эмас,
Ал-Беруний ёки Галилей,
Валекин мунажжим иштиёқи-ла
Кузатиб бориши мумкин у
Буржларда қуёшнинг ҳаракатини.
Тақвим варақларидан
Кунма-кун, соатма-соат
Кузатиб бориш мумкин!
Масалан, жавзонинг йигирманчиси:
Қуёш чиқиши — роппа-роса беш.
Бир ярим — авжи камоли,
Вақти заволи — етти ярим…
Етказган кунига шукур қилиш керак,
Тасаннолар айтиши керак
Ҳисобдон инсоннинг заковатига
Тақвим варақлаётган одам.
Лекин…
Хулосаси бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин.
Айтдим-ку, сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Хусусан, қалбини ўраган бўлса
Кулча илон каби ҳасад ва ғараз,
Кибру ҳаво ўраган бўлса.
Ҳамма ва ҳамма нарсага,
Борингки, Қуёшга ҳам
Мефистофел назари ила боқса:
«Биламиз, ҳозиру нозирсиз қаерда, қачон —
Босган қадамингиз ўлчоқли!»
…Бир кифтимда раҳмон,
Бир кифтимда шайтон –
Ўзинг инсоф бергил бандаларингга.
КЎҲИ ПАДАРКУШ
Тутаб ётар кўҳи Падаркуш*,
Шамол увлар мағораларида.
Кўрган каби хатарли бир туш
Жилғалар тўлганар жарларда.
Чўзилган ҳу, уфққа қадар
Қизғалдоқлар — узун қонли из.
Бунда мунгли қиссалар айтар
Ҳар бир сўқмоқ, ҳар майса, ялпиз.
Кўринмайди юлдуз-да, ой-да,
Таҳликали кишнаган отлар…
Улуғбекни худди шу жойда
Қувиб етган эмиш жаллодлар!
Ўғил — нонкўр, қисмат — беомон,
Ёзиқда ёзгани ўқилган:
Бу жойларда бир вақт, бир замон
Улуғбекнинг қони тўқилган!
…Тикиламан зирваларга жим,
Юрак-бағрим ғуссаларга ғарқ…
Шарқ, ростдан ҳам нозиксан, тилсим,
Билиб бўлмас сени бирдан, Шарқ!
Ҳиммат деган бўлар-да шунча,
Неклик борми бундан ҳам ортиқ –
Зеру забар подшоларингга
Ҳаж сафарин айлабсан тортиқ!
Йиғлабсиқтаб ком, анжом билан
Олис йўлга кузатганинг дам, —
Унутмабсан улар ортидан
Ҳатто… қотил жўнатишни ҳам!..
____________
*Ҳисор тизмаларидан бирининг номи, Ургут ва Китоб туманлари чегарасида.
* * *
Сен ҳам эслайсанми гоҳ қолиб холи,
Қўмсайсанми кўнгил кўчаларини…
Мунаввар айлади ойдин хаёлинг
Савдоли бу умрим кечаларини!
Сен ҳам эслайсанми ёшлигингни — шаън,
Ранги, ифорини — нечук эди ул?
Мени маст қилади қирқ йил наридан
Китобинг қатига қистирилган гул…
Обу оташидан дунёни ўтдинг,
Бекарам, бир кам деб қарғарсан ёмон…
Севги-чи, илк севги… наҳот, унутдинг,
Мен эса соғиниб яшайман ҳамон.
Номалар битардим сенга бир талай,
Қоғозга ишониб сирларнинг сирин.
Хатжилдни ёпардим ширачин ялаб –
Хатжилдлар ўзингдек, сўзингдек ширин!
Тонмайман бўғзимга ботса ҳам тиши,
Эслаб хўрсингулик ёзим, кишим бор.
Йўкдир дунёсининг мен билан иши,
Менинг бу дунёда йўқлар кишим бор!
Сен ҳам эслайсанми…
ҲАЗРАТИ БИШИР ҲИКМАТЛАРИ
* * *
Бу боғ хазон сипоҳи, куздан ҳам қолар бир кун,
Баҳор келса, қорлару муздан ҳам қолар бир кун.
Пешоб билан ўзига ер хатлаган қашқирлар,
Биздан қолганди бу боғ, сиздан ҳам қолар бир кун.
* * *
Пайғомдек чўп бўлиб чойимга келмиш,
Бир ҳикмат йиллару ойимга келмиш…
Фано даштининг мен тупроғи бўлдим,
Подшолар бош эгиб пойимга келмиш.
* * *
Чақув бозорида чопиб бердилар,
Ит бўлиб бағримни қопиб бердилар.
Бўлди назаркардам улуғлар охир,
Нокаслар менга дўст топиб бердилар.
* * *
Зулмат бошқа-бошқа, нур бошқа-бошқа,
Тош – бошқа, мис – бошқа, дур – бошқа-бошқа.
Мен тавба қиламан фосиқлар учун,
Гарчи сўроқ бошқа, гўр бошқа-бошқа.
* * *
Баайни кумуш зар, тиллага келди,
Йил моҳи рамазон паллага келди.
Худоё , етказган кунингга шукур,
Аждаҳо нафслар чиллага келди.
* * *
Келдиму кўп хотири малол бўлдим,
Дунё, ишларингдан гангу лол бўлдим.
Нега ўт эмасман, пода еб кетса,
Нега мен соҳиби илми ҳол бўлдим.
* * *
Нега бунча биғиллар пуккамас чикка бола,
Туғилибоқ кимга зор, кимга ичиккан бола?!
…Қиёмат кунигача йиғлармиш отасини –
Кўриб қолишга бир кун, б-и-р кун кечиккан бола!
* * *
Фитна, ғавғосидан дор ухламайди…
Неча тул, етимлар зор ухламайди.
Ҳаттоки илонлар ухлайди қишда,
Лекин қўш оёқ бу мор ухламайди.
* * *
Биби Малокатдан туғилган эрман,
Хом сут ҳам эммаган бандаман, ерман…
Сендан ком бўлмади қари онамдек,
Дунё, беширдирман, ҳам беширман.¹
¹ Сут эммай ўсганлигига ишора
* * *
Хуш агар нозу адоси қоши қаролар яхшидир,
Топса малҳам дил яроси савти наволар яхшидир.
Якка қол, ўртанма ҳаргиз маҳрами дил бўлмаса,
Мардуми ғайблар билан махфилоролар яхшидир.
* * *
Ҳимматинг ҳам, миннатинг ҳам тожи сарим, кулоҳимдир,
Фалак тоқига чирмашган тутун эрмас, ул оҳимдир.
Билганлари таъқиб ўлди, ҳама манга рақиб ўлди,
Сенга дўст-ёр тутинганим манинг бор-йўқ гуноҳимдир.
* * *
Тоғлар гўзал, боғларни сарафроз кўрадирман,
Юлдузлар порлоқ, баланд – хўб ва соз кўрадирман.
Суратим, сийратимдан дам урарға заъф йўқ –
Қачон ўзимни комил ҳам мумтоз кўрадирман?!
* * *
Югурик вақт дарвозада қабза урар,
Ухлама, деб, ҳар сония, лаҳза урар:
То бир силаб олгунингча соқолингни,
Неварангнинг мўйлови ҳам сабза урар…
* * *
Саркаш дарё бўлиб оқ, йўлинг бандлиғ бўлмағай,
Очилиб кул гул каби, заҳархандлиғ бўлмағай.
Унутма, бу дунёда етим ҳам бор, хор-зор бор,
То бу шодмонлиғ сенга гиёвандлиғ бўлмағай.
* * *
Қўш тақимда бир улоқ, учар оқ, қора тулпор,
Хирқирар чавандозлар: — Қўйвор-а, қўйвор, қўйвор!..
Тушгиси йўқ шаштидан на унинг ва на бунинг,
Олдда эса – алҳазар! – жаҳаннам бор, жарлик бор!
* * *
Кетма, дўст, тун қоронғу, дўнг, чуқур, пастлик ёмон,
Ҳар қадамда дайди ит – захму шикастлик ёмон,
Ҳазир ўл, дейман, нега титраб кетяпман ўзим? –
Қолмоқдаман кулбамда ёлғиз – бекаслик ёмон.
* * *
Ҳассасин дўқиллатиб келар эди бу гадо,
Ҳар уйдан хайр-эҳсон тилар эди бу гадо.
Тўхтаб ўтмасди фақат бойларнинг эшигида,
Чамамда, бир нарсани билар эди бу гадо.
* * *
Комилликка қалб йўл бўлғай – Саидаҳмат,
Сафар иста, мақбул бўлғай – Саидаҳмат.
Минг ранж ила ўз қалбингга етолсанг,
Зиёратинг қабул бўлғай, Саидаҳмат.
* * *
Сиз – шаҳри азимдансиз, мен – кўҳи баланддаман,
Лекин аҳли дил қайда бўлса мен ҳам андаман.
Султонманми гадоман, саидманми ё ғулом,
Куням, унвоним банда, бандадирман бандаман!
* * *
Қалъайи иймоннинг посбони эдим,
Ишқу муҳаббатнинг достони эдим.
Ваҳ, мардум билмади жон фидо қилсам,
Балки, мен ердан-мас, осмони эдим.
* * *
Янграгин ҳам ярагин дил кориға, рақси само,
Мен борай ўздин яна ҳар сориға, рақси само.
Қўл эмас қўллар – қанот, ёздим, мана, парвоз учун,
Восили эт холиқо дийдориға, рақси само.
* * *
Бандайи ғофил, кўзинг оч, мен дилингни дил қилай,
Ҳам тариқат, ҳам ҳақиқат шевасин тадбил қилай.
Сен учун дунёйи дун шароб тўла хумдир магар,
Мен ўшал дунёни тошға урибон чил-чил қилай.
* * *
Менда сўз йўқ дегали, очгали – сенда қучоқ,
Ўт эдик, оташ эдик, энди – кул босган ўчоқ.
Дўст, дўст, не сир-синоат, бу фаромушлик надир:
Олмадинг, кесгач анор, ўртада қолди пичоқ…
* * *
Борсан сонда бугун, саноқда борсан,
Эрта ким билади, бекассан, хорсан.
Кафанлик қайғуси бошимда салла, —
Ё фалак, бунчалар шумсан, ғаддорсан!
* * *
Сўнгги пушаймон бу! Ол, ақл пешлаб:
Бекорга боқишмас ем ташлаб, қашлаб, —
Бўрдоқи калласи танидан жудо,
Ётар пештахтада тилини тишлаб!
* * *
Санамо, бу ишқни мен байт айласам,
Ҳар кўнгил авроғига қайд айласам.
Ётсангиз ойдинда сиз ойдек бўлиб,
Ойни мен баркаш қилиб савт айласам!
* * *
Ёлғонни қўймадинг, бўлди, десак ҳам,
Сабримиз косаси тўлди, десак ҳам.
Энди тобутингни ким кўтаради,
Кимса ишонмайди, ўлди, десак ҳам.
* * *
Эгри мўрикондан эгри тутун чиққан,
Асл нав деганлари гоҳ ўтин чиққан.
Сен бу сувга тупурмагин, ризқинг учун,
Новдан ташлаб, тегирмондан бутун чиққан!..
* * *
Балки ўғридирсан, балки тўғрисан,
Иснодсан ё шараф, тагли-туглисан.
Кимсан, деб сўрашмас зурриёдингдан,
Сўрашар аввало:
Кимнинг ўғлисан?..
* * *
Макрдан бехабар, кўзида хоби,
Бадмаст май тилади, келмасдан тоби.
Нўхатдек тош отдим, тешилди хумлар,
Тизиллаб отилди Шайтон пешоби…
* * *
Тириклик ташвиши бор, азизим, тирик жонда,
Балиқлар сувда ҳалак, шер, оҳулар – ўрмонда.
Оқармоқда соч-соқол ун чангида қолгандек,
Ўтар бизнинг умримиз баайни тегирмонда.
* * *
Кўчадан бош эгиб юриб борарди,
Балки қилмишидан кўриб борарди:
Шамолда парпираб қўлсиз бир енги
Ўғрининг юзига уриб борарди!
* * *
Шайтон қутқу солар, гоҳ баланд дасти,
Бор унинг азалдан бандага қасди.
Барҳақ барҳақлигин тасдиғи учун
Ойни муҳр қилиб фалакка босди.
* * *
Бугун бу ердамиз, эрта андамиз,
Ҳамиша бири кам, омад кандамиз.
Осмон тўнтарилган қозондир, Эгам,
Тўқ ўтгач тўйингга келган бандамиз.
* * *
Қўрқув ва итоат надир, — ўйлагин,
Мен айтмай – эшитма, девор бўйлагин:
Ичида қарғаниб кир ювар аёл,
Муштлар жомашовда эрнинг кўйлагин!
* * *
Дашти фаносида югурдим, елдим,
Бегона эканман мен бунда, билдим.
Худойим, изн бер бир зум дам олай,
Ниҳоят, ўзимнинг уйимга келдим.
* * *
Шундоқ ҳам кўнглимда бор эди чега,
Нега ишин қилдинг бедил ғанимни…
Нега кексаликдан гап очдинг, нега,
Сенсиз ҳам билардим қартайганимни!..
* * *
Айт, қачон йилдирим Ғирот сўрадим,
Самарқанд, Бухоро, Ҳирот сўрадим.
Уйинг, бола-чақанг, жонинг соғ бўлсин! –
Сендан ҳам ушмундоқ мурод сўрадим.
* * *
Иддао устага, эгасигами:
Сачрар учқун бўлиб фарёди, ғами.
Кесганнинг ҳолини кесилганда кўр:
Чархда чириллайди пичоқнинг дами.
* * *
Мен кўҳи баланддан энар эдим, дўст,
Сен шаҳри азимдан келар эдинг, дўст.
Агарчи йўлимиз тескари эди,
Асли бир манзилга кетар эдик, дўст.
* * *
Қулоқ — гўш¹ ўртанмас, ўйга толмайди,
Неча бор чўзилган, эсга олмайди.
Бошқадир, ҳа, юзнинг йўриғи бошқа:
Битта тарсакини унутолмайди!
¹ Қулоқнинг форсийча номи.
* * *
— Ҳақ дея ҳайқирган айбдор топилган:
Ким дорга тортилган, кимдир чопилган…
Нега индамайсан, сен жимсан нега?
— Оғзимда ноним бор… оғзим ёпилган!..
* * *
Гуноҳкор бандангман, шу экан борим:
Қусурдан холимас амалим, корим.
Кечиргин бир лаҳза унутган бўлсам,
Сен мени унутма, Парвардигорим!
* * *
Туёғидаги “хат”ни оч бўрига “ўқитган”
От ёлларин шамоллар ҳали-ҳамон тарайди.
Эминликдир, ҳушёрлик ёвузликни йиқитган,
Тушовдаги тулпорни итпашша ҳам талайди!
* * *
Кўп кўрганман жазавангни, шовушингни,
Кўтармасанг бўлармиди товушингни.
Насиҳатинг учун қуллуқ…
Ўнгу терсдир,
Тўғри кийиб олгин, болам, кавушингни.
* * *
Кўклам – кечалари ёп-ёруғ тушдир,
Кундузи руҳимда сайраган қушдир.
Елда чайқаламан қизғалдоқ каби,
Ёраб, нафасларинг бунчалар хушдир!
* * *
Аё замон, сенми бу нав тарз берган,
Ажиб бир ҳол мантиғини йўқлайди:
Шифтга қараб уф тортади қарз берган,
Қарз кўтарган хуррак отиб ухлайди!
* * *
Гулу гулшанга оро райҳонларни севарлар,
Руҳафзо қумриларни – сайронларни севарлар.
Илму аъмолинг нима? Ўзинг, ўзлигинг надир? –
Кўзи учун, бил, фақат жайронларни севарлар!
* * *
Эй, шоҳ, демасман, ғариб-ғурабо бандани қўй,
Сен алар кўзига боқ – шум надим, гандани қўй.
Ҳасби ҳол билмак учун шартми гадолик суврати,
Хуфиёна сайри шаб, кулоҳу жандани қўй!
* * *
Кўзларингга дунёни аломат кўрсатайму?
Олиб дардларинг яна саломат кўрсатайму?
Қайтсаму аслиға у мардумсиёқ газандалар –
Каромат устиға боз каромат кўрсатайму?!
* * *
Ажаб нусхалар кўрдим – дўст-ёр, танишни хушламас,
Кимса қоқмас эшигин – бориш-келишни хушламас.
Меҳмон-ку – сеники, у бўйлаб деворни чимрилар,
Остонангда ечилган кавуш, калишни хушламас!
* * *
Пайкалда ажабтовур кураш эди, жанг эди,
Бир-бирига ўралиб аҳволлари танг эди…
Ер талашган бу икки нодон, билсанг, аслида
Қачондир кетмоқ бўлган битта чувалчанг эди!
* * *
Чоку чок бағрим яна тилиндими, дейман-ов,
Беш кунлигинг, эй дунё, билиндими, дейман-ов,
Мен юз йил яшамадим, сайёд қувган оҳунинг
Соясида бир лаҳза кўз илинди, дейман-ов.
* * *
То саҳар қон ютиб зикрида бўлдик,
Анга қурбон бўлмак фикрида бўлдик.
Ўлмадик оёқдир осиб ҳам ўзни, —
Хисби-ҳимояти, илкида бўлдик!
* * *
Юлдузлар оқиб келяпти,
Ой оқиб келяпти қалқиб-қалқиб,
Салқин-салқин боғлар нафаси,
Даралардан учган гулдурос
Оқиб келяпти…
Сув тилига кўчган тош қўшиқлари,
Исмсиз ўтларнинг бўйлари
Оқиб келяпти.
Қаердадир қиз турар
Соҳилдаги дарахтга суяниб,
Паришон ўй-хаёллар
Оқиб келяпти.
Мен шуларнинг ҳаммасини сипқормоқчиман,
Тумшуғидан отимнинг томчилайди сув,
Отим бўлса пишқирар бетоқат:
— Тўймадингми ҳали ҳам, кеч бўлди…
ОЙБЕК
Бўлолса ҳам қалбингга тилмоч
Қўл — қўл экан, кўз ҳам кўз экан.
Яшар кимдир лутфингга муҳтож,
Сўз ҳам асли ризқу рўз экан.
Изҳор истар муҳаббат, меҳр,
Изҳор истар мендан бу юрак.
Иссиқ нондек уларни ҳозир
Сизга узиб беришим керак.
Кўзларимда унсиз бир нидо,
Ҳаяжонлар жоним қасдида.
Ўлтирибман тилимдан жудо
Бўғриққан қалб рўпарасида.
Менда қолди ҳаққингиз, дўстлар,
Рози бўлинг, дўстларим, энди.
Ёнаяпти ичимда сўзлар,
Димоғимда куйган нон ҳиди!..
* * *
Нима гап, шаббода?
Тинчликми, қуёш?
Учрамовдим ҳали бунақасига:
Келиб қолди қаердан ўжар ва бебош
Бу майсалар йўл ёқасига?
Нега улар бунча хотиржам, вазмин,
Ҳавода қамчидек ўйнар мезонлар…
Ҳозир устларига жонсиз гавдасин
Ташлаб юборади хазонлар.
Оҳ, бу ҳавонинг ҳам авзойи ёмон…
Шоирлар қайдасиз, ошиқлар, келинг.
Минг йиллик севгингиз бўлмаса ёлғон
Қўлидан етакланг, бошпана беринг.
Қолиб кетмасин, йўқ, хазон остида,
Заиф жуссасини эзвормасин қор.
…Нақ куз билан қиш ўртасида
Боладек адашиб юрибди баҳор!
* * *
Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Қўл-оёқсиз, ўжар чўққигир —
Чирмовуқгулларнинг тунлар арқондан
Юқорига ўрмалагани.
Забт этиб уйларни қаватма-қават
Балконлардан ичкарига мўралагани…
Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Муздек бетон деворлар аро
Қафасларда саъваларнинг,
Тўтиларнинг, беданаларнинг
Пайдо бўлгани.
Тасодифмас уларнинг субҳи содиқда
Ҳаволарга рақиялардай
Гоҳ узуқ, гоҳ чўзиқ товушлар отгани…
Мен энди сезяпман,
Тасодиф эмас
Идорада гулибеорнинг
Девордаги тувакдан ўзини ташлаб
Елкам узра боққани қоғозларимга…
Мен энди сезяпман,
Йўҳ, улар шунчаки гул эмас.
Қуш эмас,
Уйимизга, ўйларимизга
Билдирмай, сездирмай суқилиб кирган
Табиатнинг уста «айғоқчилари».
Интиқом яқин!
Қайлардадир тоғлар ортида
Асабий чайқалмоқда адл-адл дарахтлар,
Зангори қўшин.
Улар фармон кутмоқда!
Бошла!
Бошла юришингни ТАБИАТ!