Темур Пўлатов
Ўзбекистон ва Тожикистон халқ ёзувчиси
Устоз Темур Пўлатов қаламига мансуб «Морские кочевники» асарининг тўлиқ матнини таниқли шоир, юксак дидли ёзувчи ва моҳир таржимон Шерзод Комил Ҳалил таржимасида ҳукмингизга ҳавола қиламиз. Ўйлаймизки, адабиёт ихлосмандлари учун бу таржима ажойиб совға бўлади.
Барчага мароқли мутолаа тилаб, Холдор Вулқон.
Денгиз кўчманчилари
(Қисса)
Баҳайбат баржада, флотдан ҳайдалган камида беш юзта хавфли жиноятчилар — маҳаллий сартларнинг йўлбошчилари бўлиши тахмин қилинган кимсалар жойлашиб олган бўлиб, улар дарё бўйидаги ботқоқликлар орасида лангар ташлаган жойга катта — кичик кемаларнинг бир тўп отим масофада яқинлашиш тақиқлаб қўйилганди. Император бу муҳим маросимга шахсан ўзи ташриф буюрди, инчунун, махфийлик пардаси туширилган бу сузувчи қамоқхонани кўриб у жуда мамнун бўлди. Дарҳақиқат, ҳамма нарса оқилона ва ғайрат ила ташкил этилганди — сувайриғичлар ботқоқликлар узра ташланган, жиноятчиларнинг сувларини ўзларига тозартиришган ва бошқа мавжуд механизмлар билан сув ўтларини ювиб, югуриб, уларни маҳбуслар дастурхонига хушбўй ва тўйимли қилиб тортишганди. Ташкилотчилар, уларнинг сузувчи қамоқхонаси кўп асрлар мобайнида, цивилизацияли жамиятлар оқ танлиларнинг қора танлиларга нисбатан зўравонлиги сўнги дамга қадар қоралангунча ишлайди деб умид қилишарди. Аммо, таассуфки, ҳатто энг мукаммал уйғунлаштирилган тизимларда ҳам ҳеч ким аҳамият бермайдиган кичик бўшлиқ бўлади ва табиат ҳеч қандай тартиботга бўйсунмаган ҳолда бу имкониятдан фойдаланади. Бўрон вақтида лангар ташламасдан очиқ денгизга кирган ва чексиз сувлар узра улоқиб кетган сузувчи қамоқхона билан ҳам шу ҳол рўй берди…
Негадир бу бахтсиз ҳодиса газеталар саҳифаларида ёритилмади, маърифатли онг узоқ вақт давомида бу ҳодисалар силсиласидан қоронғуда қолди. Алал-оқибат ҳокимият чалкашликлари шу даражага бориб етдики, либераллар бу даҳшатли сирни очиш учун ундан фойдаландилар.
Эркин фикрлайдиган доираларда шунчалик кўп мунозаралар ва тортишувлар бўлдики, улар ҳаяжонланиб, спортчи ва йўлбошчи Кўккўз исмли йигит изларини топиш ва сузувчи қамоқхонани азоблардан қутқариш учун дарҳол яхтада очиқ денгизга чиқишга қарор қилдилар…
Суюклиси рўмолча силкитиб у билан хайрлашган кундан бери ҳар кеча чироқлари пориллаб турадиган денгизни кўриш учун бу ерга келади, то сокин ва сирли туюлган ой нурлари сувлар сиртида ботиб кетгунча шу ердан қараб ўтиради…
Ниҳоят арвоҳга ўхшайдиган бу ёлғиз аёл маёқлар олдидан олисга қараб силжий бошлайди ва ерга тушаётган шаклу-шамойилининг кўринишидан шодлик туяди, худди тез орада у келадигандек, бироқ шу ерга келганда қизил қоровул маёқлар ортда қолгани сингари умид ҳам сўнади.
— Алвидо, — деб пичирлайди у, ва тун бу чаён сўзларни денгизга элтади, у ерда биргина яхта кекса ва касал одам билан сузиб бормоқда.
Бу одам титрайди, у гарчи нима излаётганини эслай олмаса-да, ҳали ҳам баъзи хотиралар билан яшайди. Унинг яхтаси анчадан буён бошқариб бўлмайдиган яроқсиз ҳолга келиб қолган, ҳамма қулайликларини йўқотган, шилимшиқлик ва яна аллақандай қобиқ билан қопланган, бамисли океанда сузиб юрган тобутга ўхшарди бу.
Бир замонлар хушбичим яхта бўлган бу нимарсадан унга яқинлашиб келган кемалар бир кун бу жасур саёҳатчини ана шу тобутда кўрадилар ва унга салом беришади, зеро, тиришқоқлик ва орзу доим мақтовга сазовор бўлган. Алалхусус, деярли доим сузувчи тобут тагида ётадиган бу одамни ҳатто келинчаги ҳам танимаса керак. Унинг либерал дўстлари эслолмасалар ҳам керак эҳтимол; улар янги низоларни бошдан ўтказиб, у ҳақида аллақачон унутишган, мабодо уни эслашса ҳам, албатта унинг қилмишларини қоралашади. Дарҳақиқат, Кўккўзнинг айбдорлиги ҳам бор эди!
Уни бундай фавқулодда жасоратга ундаган эҳтирос, шунчалик улкан ва ёлқинли эдики, бу нимарса бошқа барча инсоний эҳтиросларни сўндирди ва унинг ўз касаллиги домига тортди — энди бундан ё даволаниб ё ўлиб қутилиш мумкин. Лекин Кўккўз ўлмади, билъакс, касал бўлганидан сўнг, худди қайта туғилгандек бўлди — бу қайта туғилишнинг сабабларининг ўзи алоҳида ҳолат.
Саёҳат аввалида, у худди ўша баржанинг изидан сузиб кетадигандек туюлди, чунки кўпинча туман ичида у ноаниқ овозларни эшитарди, кимдир ғўлдирарди нуқул, буни у сарт йўлбошчиларининг чақириғи деган гумонда эди. Яна бир неча уринишдан сўнг, охирги буюк ҳаракат бошланади. У улар томон шу мақсадда овоз берди, бунга жавобан кемадан жавоб келаркан Кўккўз яхтани кўринмас сузувчи қамоқхона томон йўналтирди.
Бироқ ҳозиргина сув сатҳини кесиб ўтган акула қанотлари қуёш ёғдулари остида кўриниш бераркан у туманнинг тарқалганлигини кўрди. Баржа қаерда? Нега овозлар ғойиб бўлди? У шу алфозда бир ой суздими, ё икки ой, сузиб кетаверди, нечоғки ахийри даҳшатли бир ҳақиқатни тушуниб етди: маълум бўлишича, яхта жаҳон океанида пайдо бўлгунча, қанча ороллар ва қоялар атрофини айланиб ўтиб, бир хил юлдузлар остида чўкиб кетган кемалар маскани бўлмиш абадият айланаси дейиладиган катта гирдоб ҳудудига кириб келганди. Бу ерда оқим шу қадар тез ва кенг эдики, ҳатто катта кемалар ҳам буни енгиб ўтишга қодир эмас, яхтадан чиқишга бўлган ҳар қандай уриниш эса шаксиз ҳалокат. Кўккўз аллақачон умидсиз эди, аммо бир куни тонгда уни чақиришди. Кўккўз кабинадан ташқарига қаради, чироқни ёқди ва шунда унинг яхтаси ёнида қайиқ сузиб юрганлигини кўрди. У яхтани катта тезликда сузаётганини, қайиқи ҳеч ким бошқармасада янада тезроқ сузаётганлигини кўрди. Бир неча шу каби лаҳзалардан сўнг, у кўздан ғойиб бўларди.
— Тушунтиринг дўстим, бизни бу ерда қандай оқим олиб келди ва бу ердан қандай чиқиш керак?
— Бу тез айланадиган оқим, милорд, — деб жавоб берди нотаниш йигит. — Ҳар ўттиз йил ўз доирасини ташкил қилади, Магеллан устунлари дейишади буни, балки бу ҳақда эшитгандирсиз?!
— Йўқ, йўқ! — қичқирди Кўккўз тафсилотларни билишга улгуролмай қолишдан қўрқиб, алқисса нотаниш қайиқ ундан олдинлаб кета бошлаганди.
Нотаниш ҳам овозини борича ғайратсиз тушунтирди:
— Магеллан устунлари княз, кичик оқимларга бўлинади, агар шу оқимлар йил ўтгани сари кучини йўқотади. Шундагина биз Дониш Оранг-Утан ороли яқинига сузиб озодлик томон қочиб қутула оламиз.
— Буни қандай айтаяпсиз? — Кўккўз қўрқиб кетди. — Наҳот ўттиз йилдан кейин қутулсак?
— Йўқ, бу ерда аллақачон йигирма беш йил қолган, — Кўккўзнинг оқариб кетганини кўрган нотаниш одам унга тасалли беришга қарор қилди: — Умидингизни сўндирманг султон, сиз ҳали жуда ёшсиз! Аммо мен бу вақтгача етиб боролмасам керак, гарчи менинг қайиғим тезроқ ҳаракат қилса ҳам.
— Ғалати, нега у тез ҳаракат қилмоқда. Ахир унга ҳеч қандай ёрдам берганингиз йўқку?!
-Гап шундаки, ёрдам бериш бу ерда умуман фойдасиз. Сиз ҳам елканларни пастга туширинг ва кутинг, сизнинг яхтангиз ҳам ўз-ўзидан ҳаракатга келади. Кимдир оқим кучини енгишга ҳаракат қилса, тўлқинлар буни ёқтирмайди, агар курашишдан воз кечсангиз улар сизни ўзлари олиб юришади. Мағрурлигингизни унутинг ва камтар бўлинг дўстим! Алалхусус, сиз катта енгилликни ҳис қиласиз… Акс ҳолда, оқим сизнинг барча импульсларингизни йўқ қилади.
Нотаниш одам охирги сўзларини айтганида ундан анча олислашиб кетганди, шу сабаб Кўккўзнинг кейинги сўзларини эшитмади:
— Сиз кимсиз ўзи? Ва бу ерга қандай келиб қолдингиз? — ва у нотаниш одамнинг уни нега бунчалик ғалати номлар билан чақирганини билмоқчи эди: гоҳ султон, гоҳ княз, гоҳ милорд? Қандай тилсим бор бу сўзларда?
«- Унинг кимлиги менга муҳимми, ё ўзимнинг ким эканлигим муҳимми?» — ўйлади Кўккўз ва нотаниш одамнинг маслаҳатларига амал қилиб елканларни пастга туширди. Сўнг палубада узоқ вақт юрганча яна шубҳага бора бошлади:
«- Агар у Магеллан устунларига биринчи бўлиб етиб олиш учун мени алдаган бўлса, кейин нима бўлади? Бу эски ҳийла-найранг, лекин мен яшашим керак. Ё, худойим, қандайдир ғайриинсоний қайиқ қаёққа шошмоқда…»
Кейин Кўккўз нотаниш одамунга сахийлик билан улашган унвонлар ҳақида янада мураккаб хаёлларга борди. «Балки у айтган барча номларда аллақандай сир бормикан?.. Умуман олганда мағрурлик ва ўзни тўлиқ оқим иродасига топшириш нимани англатади?..»
— Йўқ, йўқ! — қичқириб юборди қатъиятга тўлган Кўккўз.
У елканларни яна кўтарди, шамал уларни силкита бошлади, Кўккўз тўлқин асирлигидан қутилиш учун охирги уринишини қилиш учун рулга ёпишди. У яхтани бироз ўнг тарафга бурди, денгиз оқими — унинг иродасига бўйсунганга ўхшади, бу унга тасалли берди, Кўккўз ўрта оқим кенг бўлмаслигига, хавфсиз йўналишга ўтиб олиш бир соатдан ошмаслигига ўзини ишонтирди. У кучини жамлаб тиришганча тураркан, орадан ўтган бир-икки соатни илғамай ҳам қолди, агар ёнидан бошқа бир қайиқ сузиб ўтмаганида балки вақтнинг югуриклигидан ҳамон бехабар қоларди.
Қайиқдаги одам ўрнидан туриб Кўккўзнинг беҳуда ҳаракатларини кузатаркан, у томон овоз берди:
— Мен сизни анчадан бери кузатиб турибман ва сизнинг бардошингиздан ҳайратдаман. Аммо сиз ақлдан оздирувчи ҳаракатни амалга ошираяпсиз, лекин буни ўзингиз сезганингиз йўқ. Эҳтиёт бўлинг, оқим яхтани айлантириб бошингизни уни тобут қилиб ёпиши мумкин!
— Лекин сиз бу даҳшатли оқимни кўрмаяпсизми, қаранг у қанчалик узун? — ғазабланди Кўккўз.
— Аммо буни билишдан нима наф? — Кўккўзнинг қўполлигидан хафа бўлмай хоиржам жавоб қилди нотаниш одам. — Буни аниқлашнинг ўзи қўрқинчли. Ҳа, бу ҳис этиб бўлмайдиган даражада даҳшатли.
— У улкан ва чексиз эканлигини, бутун оламни — еру-осмонни ўраб олганини айтмоқчимисиз? — Кўккўз уни масхаралашга қарор қилди.
Аммо нотаниш одам жавоб бермади, чунки гаплашишнинг маъноси қолмаганди, қолаверса, денгиз овозларни тубсизликка сингдириб уни узоқ масофага олиб кетди…
Кўккўз қаршиликни тўхтатди, энди оқимсиз яхта ўз-ўзидан сузиб борарди, унга ҳатто сузиш тезлашгандек туюлди.
Эҳтимол бу ҳол унинг хаёлида содир бўлаётгандир. Акс ҳолда у аллақачон кексайиб қолганини ва нега Донишманд Оран-Утан оролига етиб бормаслигини изоҳлашни бошлаган бўлмасмиди?
Кўп ўтмай унинг шубҳаларини яхтаси яқинида пайдо бўлган бошқа бир қайиқ тарқатиб юборди:
— Сизда яхтада дон борми, ака? — у оқим баландлигига кўтарилганда қўлларини Кўккўз тарафга силкитди. — Эвазига мен сизга пиёз таклиф қилишим мумкин.
-Йўқ эди менда, — ҳайрон бўлганча жавоб берди Кўккўз. — Лекин қараб турингчи, мен кунжакларга бир қараб кўрай, балки топилиб қолар.
У кабинага кириб, бироз турди, лекин оқим қайиқни бир жойда ушлаб турмаслигини сезаркан, қайиқчи билан гаплашишга улгуролмай қолишидан қўрқиб дарҳол унга юз тутди.
— Йўқ, афсуски, — деди худди узр сўрагандек эгилиброқ Кўккўз. — Дон нима учун керак эди дўстим?
— Йўл узоқ, мен пиёз етиштиришга қарор қилгандим. Аммо у яхши ўсмаяпти. Мен йўлда тўплаган тупроқ арпа учун кўпроқ мос келаркан…
Тупроғи бор қайиқ ичида қизиқиш билан назар солган Кўккўз унда ўсиб турган сариқ пояларни кўраркан хавотирланиб сўради:
— Менга қаранг сиз шу тезликда неччи йилдан сўнг Магеллан устунларига етиб боришингиз мумкин?
— Билмадим, аммо сиз яхтангизда ўз вақтида етиб борасиз, агар…
— Аммо сизнинг қайиғингиз тезроқ сузади?!
— Бу шунчаки ташқаридан қараганда шундай, — қичқирди суҳбатдоши, уни қайиғи аллақачон узоқ масофага кетиб қолганди. -Ҳар ким ёлғиз ўзи бориши керак, иккита кема, масалан, бизники каби учрашганда, оқим улардан бирини олдинга сижитади, иккинчисини эса ортга, кейин ҳамма нарса яна секинлашади ва ҳар ким ўзига ажратилган сув узра сузади… Хайр, Буюк устунларда кўришгунча!
— Хайр, — деди Кўккўз надомат билан, у яна энди бутунлай ёлғиз қолганди.
«-Мен ҳам нимадир етиштиришим керак, — деб ўйлади у. — Шундай кенг яхтада мен лимон плантациясини ташкил қилишим мумкин, кейин уларни қовоққа алиштириш фойдали бўлади.»
У яхтаси билан сузиб бораркан, бошқа сузаётганларни балиқ овлаш билан шуғулланаётганини пайқади. У кемасининг пастки қисмидагиларнинг уловида товуқлар югураётганини, темирчилар пичоқ ва қилич ясаш билан бандлигини, кўрпа-тўшак тикаётган аёлларни, колбалар устида сеҳру жоду қилаётган кимёгарларни, ўз жонига қасд қилишга қарор қилганларга ўз хизматини таклиф қилиб жасадларни кўрсатаётганларни кўрди. Уларнинг ҳар бири Кўккўз билан ўзаро алмашишни сўрашарди, ундан консерва эвазига пул сўрашмасди, алалхусус, на олтин, на кумушнинг қиймати йўқ эди, чунки оқим бошчилигидаги жамият санъатсиз табиий алмашинув билан яшарди.
Кўккўз ғамгин сувга қараб тураркан, улоида ёнбошлаб олган кимдир унга бақирди:
— Ҳей дўстим, сизга ёш аёл ёқадими? — У жирканиб ҳали жавоб беришга улгурмасиданоқ у унга шарт қўйди: -Бунинг эвазига калит керак, ёки Библия каби темир темир чиқинди ҳам бўлаверади.
Кўккўз баъзида ярим тунда яхтасининг қуйида югуриб юрган оёқларнинг шовуридан уйғониб кетарди, эрталаблари ўзининг шабгир стулига ўтирганча рафиқасини завқлантирадиган табиатнинг гўзаллигини тамоша қиларди. У денгиз кўчманчиларига энди етиб олганида, улар туман ичра изсиз ғойиб бўлишган ва бундан Кўккўз тушкунликка тушмаганди, бироқ товар алмашишга келганда моҳирлик қилмаса узоққа бора олмаслигига амин бўлди. Ҳа, бу мопед билан узоққа бориб бўлмайди, ҳамма қатори алмашишни, олишни, беришни билиш керак. У ҳисобчи дафтарчаси каби дафтар очиб ишни бошлади, у ерда барчасини диққат билан ёзиб чиқди — виски идишлари, тормоз(буларни яхтада қандай тушганлиги номаълум), рафиқасининг олмос маржонлари(у яхтага кирганида балки тасодифан тушириб қўйган шекилли), Ҳегел, Бердяев, Ницше асарлари ва бошқа аҳамиятсиз нарсаларни ўпиб қўйди.
Бу ҳаракатларини ҳар ҳолда унга фойдаси тегди. Кўккуз унга бир аёлни таклиф қилиб эвазига нима бера олиши сўраган одамга: «Хаскаш!» — деди ва уни ялтироқ жилосини боши узра кўтариб кўрсатди. Қайиқдаги одам норози бўлиб бақирди, кейин баъзур розилик билдирди, нобель мукофоти лауреати бош кийими ва фракидаги кимса шу тариқа ундан хаскашни юлқиб оларкан деди:
— Кўп эснаманг, Ҳозир ортдан бир қайиқ келади — уни олинг ва ҳаётдан завқланинг!
Хаскашни олган лауреат тез орада туман ичига кириб ғойиб бўлди, Кўккўз эса кучини тўплаб, режасини олдиндан ўйлаб асабийлашди: аёлнинг қайиғи келганда яхтани у томонга буриб йўлни тўсади, бортдан енгашганча аёлнинг елкасидан ушлайди ва уни палубага кўтаради ва кабинага олиб боради. Эрталаб ундан зерикканда уни креслога алмаштиради.
У қўрқув ила аёл келаётган қайиқни кутди, яхтаси билан унга етиб олгач, Кўккўз аввалдан режа қилганидек у томон энгашди, лекин у томонга қўллари етмади.
— Ҳой, сиз нима қилаяпсиз? — қичқириб юборди аёл.
— Сизни ўпиш учун тутмоқчиман! — аммо у ҳеч нарса қила олмаслигини кўриб кулиб юборди, узоқ кулди, токи аёл ундан узоқлашиб кетгунга қадар. Бу тахлит ҳаёжондан сўнг, Кўккўз меланхолияга тушиб соқолини учини тишлаганча яхтада ётди.
«Бу қандай ҳаёт?» У узун хўрсинди. Унинг бу маҳзун хўрсиниғини шу ўртадан сузиб ўтиб кетаётган воиз пайқади. У жуда ғалати кийинганди, бошида мусулмон салласи бор эди, аввал Инжилни, сўнг Қуръонни варақлади, сўнг Буддҳанинг юзи олдида бир паст муз қотди:
— Ўғлим, — деди у Кўккўзга. — Қайғу сени Худога яқинлаштиради. Унга ишон ва У билан руҳий алоқани изла…
— Муқаддас ота, — қичққирди Кўккўз, гарчи унинг қайси динга мансублигини билмаса ҳам. — Сиз бу ерга нима учун келдингиз?
— О, менинг ҳаётим бу ердан бошқа яна қаерда бўлиши мумкин? — дея унга ҳайрон бўлиб боқди ваъзгўй. Бироз вақт борлиги учун унга асосий нарса ҳақида гапиришга қарор қилди: — Фақат Худонинг кечиришидан умидвор бўл. Фақат У руҳингни озод қилади…
Кўккўз бу гапларга унчалик диққат билан қулоқ солмади. Ваъзгўй ҳам энди қайиғида катта балиқларни тутиш учун арфа учун керак бўладиган арқонни эша бошлади. Кўккўз унинг ваъзлари эвазига нимадир таклиф қилмоқчи эди, лекин воиз тезда у билан хайрлашди:
— Ҳеч қачон тижорат билан шуғулланманг, у танани қувонтиради, лекин руҳни чарчатади.
«-Сиз фирибгарсиз ва ўзингизга ўхшаганларга қарши эмассиз…» — Кўккўз унинг ортидан қичқирмоқчи, буни исботламоқчи ва уни масхара қилмоқчи эди, лекин кутилмаганда қўлини у томон силкитди ва палубага ётиб олди.
«Ҳаммаси жойида, ортиқча муаммо йўқ, -ўйлади у. — Мен ҳали ҳаммамиз Донишманд Оран-Утан оролига етганимизда уни уялтиришга вақт топаман…»
Батаҳқиқ учрашув содир бўлишига у амин эди, негаки у билан аввал денгизда учрашганлар кейинги гал Магеллан устунлари атрофида кўришажакларини таъкидлаган ва у бунга ишонарди. Бироқ йўлда Кўккўз яна биринчи учрашган одам билан тўқнаш келди, у оқим ҳақидаги ўз тажрибаларини унга айтиб берди. Лекин у бу сафар қайиқни орқага қайириб, оқимга терс равишда ғайрат билан ортга суза бошлади.
— Қаерга кетаяпсиз дўстим? — сўради ундан Кўккўз, у қайиғи ила текис оқимларга ўтиб олгач. — Сиз қайтишга қарор қилганга ўхшайсиз…
— Мен қўрқяпман…» — дея жавоб қилди қайиқчи. — Ахир мен жуда қариб қолдим, йўл эса узоқ — яна ўн беш йил юриш керак. Мен устунларга етиб боролмаслигимдан қўрқаман…
— Сиз ғалати одам экансиз, — унга кулиб қаради Кўккўз. — Ахир нима фарқи бор, ўн беш йил олдинга ё ўн беш йил орқага сузишни, икаласи бир хил эмасми? Қани бу ерда мантиқ?
— Агар мен бошлаган жойимга қайтсам, мен аввалги нуқтага қайтганимни биламан Хўш, сизнингча мени олдинда нима кутмоқда? Манзилга етиб бориш учун менга ўн беш йил кераклигини ким аниқ айта олади? Балки ўттиз йил керакдир? Эҳтимол абадий сузиш лозимдир? Устунларга етиб олишимиз балки ҳеч қандай эркинлик бермас бизга? Сиз жаноб, бу ҳақда аниқ бир нарса дея оласизми?
— Ажабо сизга лаънатлар бўлсин, ўттиз рақамини менга сиз сингдиргандингиз! — ғазабланди Кўккўз. — Мен бунга ишондим, ҳатто шу рақамга кўникдим ҳам, буни тан оламан, ҳа даставвал бу мени даҳшатга солди. Энди эса қалбимга яна шубҳа уруғини экаяпсиз…
— Ҳеч қиси йўқ, — деди қайиқчи ҳорғин. — Сиз бошқа рақамларга ҳам албатта кўникасиз, бизнинг йўлимизни чексизлигига, алал-оқибат унинг ҳеч нарсани англатмаслигига кўникасиз тасаддуқ, — унинг фалсафий хулосаси шундай якунланди.
— Беҳуда башоратларингизни бас қилинг ва мени генерал, княз ва султон деб чақиришингизни ҳам бошқа эшитишни истамасман!
Қайиқчи унга бошқа жавоб қилмади ва бемаъни эшкак эшишини давом эттирди. Унинг маънисиз бу ҳаракатларини фойдаси йўқлигини Кўккўз пайқаб турарди, оқим унинг қайиғини ҳамон ўз майлида бир жойда ўйнатиб турарди. Қайиқчи сароб ичра яшарди.
— Сиз дарвоқе кўр одамсиз! — у томонга қараб қичқирди Кўккўз, бироқ унинг яхтаси аллақачон ундан узоқлашиб кетган ва буни унга тушунтириш энди бефойда эди.
Ўжар қайиқчи билан учрашувдан сўнг, дарҳақиқат Кўккўзнинг қалбидан янгидан шубҳа уйғонди. Магеллан устунларигача бўлган саёҳат ўттиз йил эмас, балки ундан узоқроқ давом этса-чи?! Наҳот барча жоҳиллик ва алдов қурбони ўлароқ сузиб юрган бўлса бу бетийиқ денгизда? «Нима қилиш керак, — бетин ўйларди Кўккўз. — Умидни йўқотган одамларга ёрдам бериш керак, ҳа, умидсизликка тушган қайиқчиларга йўл кўрсатиш учун у яхта билан худди йўлбошловчи каби денгизни сузиб ўтади. » Мен уларни ўз орқамдан эргаштираман, чунки ҳар бир жамиятда бир етакчи лозим бўлади… Ҳалиги қайиқчи бекорга мени княз, султон деб атамаган… Эҳтимол у менинг ҳақиқий мақсадимни тахмин қилгандир…»
«Лекин буни қандай амалга ошириш керак?» — фикрлари чувалиб ўтирарди Кўккўзни, алалхусус, оқимнинг адашган табиати ҳақидаги гаплар уни даҳшатга соларди иттифоқо. Агар кимдир уни алдаб, оқимнинг иродасига қарши бирор нарса уюштирган бўлса, бу ҳол батаҳқиқ оқимга хуш келмас. Зеро у барча нарсалар устидан ғолибо бўлган ҳукмдор, воқейликларнинг чин устаси инчунун.
Наҳотки эркинлик ва раҳмдиллик ила бутун денгиз кўчманчиларини озодлик сари етаклаб бориш оқим учун етарли эмасми? Шубҳасиз у ўз қонун-қоидалари доирасида ҳеч кимга зулм этмаслигига Кўккуз ишонади, зеро у белгиланган вақтдан олдин ҳеч кимни йўқ қилмайди, уларга инсоний эҳтиросларни намоён қилиш имкониятини беради…
Бу илоҳий ҳукм. Башарти Кўккўз оқимнинг руҳоний билимига ишонади, у билан ярашишга чақирган ваъзгўй ҳам балки шу боисдан унга ғайрат билан хизмат қилиши бежиз эмас.Кўккўз шундай ўйларди, итттифоқо денгиз кўчманчиларининг ўз ҳукмронлиги остида бэрлаштиришга бўлган истаги унинг хаёлларида шу қадар жунбуш қилардики, у жасорат кўрсатиш учун ҳар нарсага тайёр бўлиш лозимлигини ич-ичидан ҳис қилди. Аммо ўзи ҳеч нарса ўйлай олмагани учун тажриба ва донолик учун бошқалар билан маслаҳат қилишга қарор қилди. Балки кимдир, Ахиллеснинг товонини кўрсатар, Кўккўз эса нафақат оқимни, балки бу ҳийлагар одамларни ҳам бўйсундириш учун келажак денгиз жамоасини олдинга бошлаш учун қўлидан келадиган ҳамма ишни қилади. Кўккўз шу мақсадга уларга бир савол ила мурожаат қила бошлади:
— Сиз жуда ёлғиздек кўринасиз дўстим? Қайғуга ботган ҳолда, ҳатто қаёққа кетаётганингизни ҳам билмайсиз. Агар биргаликда саъй-ҳаракатлар қилсак, одамларни жасоратга ундашимиз мумкин.
-Сиз нима таклиф қиласиз, жаноб? — сўрарди улар ундан қизиқувчанлик билан.
— Барчани бир мақсад сари тўплаб оқимнинг ихтиёрига қарши сузамиз.
— Жим бўлинг! — қўрқув ила оқим уларни суҳбатини тинглаши мумкинлигидан чўчиб уни сўзлашдан тўхтатарди улар. — Бу мумкин эмас!
— Ахир нима учун мумкин эмас? — сўрарди бироз сустлашиб Кўккўз.- Оқимнинг кучи бор-йўғи хаёлий, тушуняпсизларми хаёлий. Демак у ҳеч кимга ҳеч нарса қилишга рухсат бермайди, шундайми? Бизнинг ҳуқуқимиз қаерда унда? Нега унинг кучига ишонишимиз керак? Ким унга бундай кучни берди? У Худоми, императорми, султонми, қуёшми? Сизларнинг қўрқоқликларингиз мени ҳайратга қолдиради! — у яхтада чайқалганча шу тахлит бақиришда давом этаркан, уни қайсидир хобгоҳларда эшитишарди: — Сизлар фаол эмассизлар! — ҳайқирарди у.
Унинг эҳтиросли ҳайқириқларини тинглаганлар фақат бир нарсани сўрашард: — Бу одам ким ўзи?
Кўккўз улар атрофидан сузиб ўтаркан, агар оқ танлиғкўчманчиларни кўрса шундай дерди:
— Мен — қиролман!
Қоронғу хобгоҳларда тор дунёқарашли одамларни кўрса, уларга тушунтирарди:
— Мен — Султонман!
Баъзан улар у билан баҳслашса уларга:
— Мен — бонзаман, — дерди. — Агар сиз қора танли сайёҳларни кўрган бўлсангиз «Осмоннинг ўзи уларни қутқариш учун мени юборди!
Денгиз кўчманчилари агар унинг яхтаси ёнида бироз муддат бўлса-да, кўпроқ сузишга муваффақ бўлганларида аллақачон унга ишонган бўлишарди, аммо уларнинг вақти қисқа, қолаверса шу лаҳзада оқим кучи билан ҳам ҳисоблашишлари лозим саналарди. Ҳеч шубҳасиз янги ҳукмдорга ҳар доим содиқлик қасамёди қабул қилиниши бор гап…
Лекин улар оқимни ўз ҳукмдори деб билишлари ва уни меҳрли исмлар ва алқовлар чақиришлари оқимнинг ранги ва характер хусусиятлари билан чамбарчас боғланганлигини Кўккўз: Сокин Ота, Қора Лочин, Кўк кўзли қаҳрамон каби улуғлашлардан аллақачон билиб олганди. Ва улар бунга ғайрат ва шавқ билан куйланган қўшиқ ҳам қўшдилар:
Денгиз кўчманчиларининг қўшиғи
Умид-ла қараймиз биз узоқларга,
На ташвиш, на қайғу қўймас хатарга;
Осудалик қалбга солмайди ғулу —
Тушларимизга сиз берасиз улгу.
Бизни суронларга бошлайсиз буюк,
Чорлайсиз ҳар жойда ташаккур, қуллуқ!
Сиз бизга отасиз, баётимизни,
Топширгаймиз сизга ҳаётимизни.
Биз азоб чекмасмиз: ҳеч вақт, ҳеч ерда.
Доира узра оқар ўнгу-сўлимиз,
Отамиз нажотга чорлар йўлимиз!
Бошлайсиз манзилга бизни ажойиб!
Ҳар ерда бордирсиз нажиб, ғаройиб!
Сиз бизга отасиз, баётимизни,
Топширгаймиз сизга ҳаётимизни!
Унинг бирликка бўлган чақириғи денгиз кўчманчилари орасида ҳеч қандай хайрихоҳлик уйғотмагани туфайли Кўккўз уларни лаънатлади ва фақат ўзигагина тасалли бериш ҳозир энг тўғриси деган хаёлга борди…
Денгизга ўттиз тўққиз кеча-ю кундуз ёмғир ёғди, Кўккўз Муқаддас Китобда айтилган қирқинчи кунни ҳам кутишга қарор қилди. Ёмғирнинг овози уни ғазаблантирарди, у ўйлаш учун сукунат топиш илинжида яшринадиган жой изларди. Денгизга тасодифан шўнғиб, у сув остида шундай сукун ҳукм сурган гўша борлигини пайқади, у шу ерда қолишни истарди. Кўккўз ъув остида бироз сузаркан, сукунатга қулоқ тутиб, чайқалиб кетди, аммо кейин бўғилиб яхтага қараб шошди. Аммо шу кундан бошлаб у вақтини муайян соатларини денгизда ўтказа бошлади: у балиқ ва медузалар ичра сузарди, фақат овқатланиш ва ухлаш учунгина яхтага қайтарди. Унинг заиф ўпкаси аста-секинлик билан сув ости ҳаётига кўника бошлади, гарчи Кўккўз тез-тез касал бўлиб тушкунликка тушган бўлса-да, ўзида нимадир ўзгараётганлигини сеза бошлади. Бир куни юзига қараганида бурнининг тепасида — қоқ пешонасида танга катталигидаги туйнукни эслатадиган ўсимта пайдо бўлганлигини кўрди, қизиғи у сувга тушганида бу туйнук унга нафас олиб, нафас чиқариш воситаси бўлганлигини кўриб у ҳайратга тушди.
Бу эврилиш Кўккўзни умуман хафа қилгани йўқ, билъакс энди делфинлар билан сувда пойга қилиб, унинг ичига кириб чучкуратадиган сувни ҳавога отиши мумкин эди. У шу куйи ўзини сувда тутаркан аввалига делфинлар унга олазарак қараб чўчқанинг хириллашини эслатувчи ғалати товушлар чиқариб атрофида бегонадек сузишди, аммо кейин Кўккўзнинг осудалиги ва уларга зиёни тегмаслигини ҳис қилишиб, уни ўзларининг сафларига қабул қилишди. Дельфинлар ва Кўккўзни хафа қиладиган ягона ҳолат шунда эдики, у сув остидан шошқин бир алфозда сув юзасига чиқиб қуёш нурлари остида денгиз узра ҳавода муаллақ учиб сўнг яна тубга шўнғий олмасди. Гарчи Кўккўз бунга қўлидан келганча интиларди, аммо дельфинлар билан сув юзасига чиқиб эгри чизиқни акс эттириш лозим бўлганда, у ахмоқона жилмайиб бошини шунчаки сувдан чиқариб қўйиш билан кифояланар ва бу жуда ачиниш уйғотарди унга. Эҳтимол унинг бу заифлигини кўрган дельфинлар ундан юз ўгиришар, ким билсин.
Шунга қарамай Кўккўзнинг тиришқоқлиги ва қатъиятини ҳаётнинг ўзи мукофотлади. Унинг оёқлари ўсиб акуланикига ўхшаш ғалати дум пайдо бўлгани, танасини балиқ тангалари қоплай бошлаганини ва у дельфин ва акула ўртасида алланечук яратиққа айланганини ҳис қилди. Энди Кўккўз дельфинлар билан сув юзасида сакрашда рақобатлаша оларди, унинг ғайрати ва эҳтироси улардан баландроқ ва узоқроққа сакрашга омил бўлганди инчунун. Батаҳқиқ у дельфинларга қараганда нисбатан чуқурроққа шўнғир ва денгиз тубидан тушига кирган балиқларни ушлаб кўрарди. Вақти-вақти билан сув юзасига чиққанида аллақандай денгиз қароқчисининг унинг яхтасини ўғирлаб, оқшомги ой нурларида Кўккўзнинг китобини варақлаб алмашишга яроқли нарсаларини санаб чиқаётгмнлигини кўрди. Билъакс Кўккўз бундан ранжигани йўқ. Аксинча янги турмуш тарзи Кўккўзни денгиз кўчманчиларини синчковлик билан ўрганиш имконини берди, улар ҳар доимгидек оқим ихтиёрига бўйсунганча сузишга жаҳд қилишган, ўзларини шунга топширишганди. Илгарилари у яхтада сузиб юрганида атрофидаги қайиқларнинг ҳаракати унга сирли туюларди. У улар қаёққа кетаётганини, ундан олислашиб кетаяптими, яхтасидан олдинлаб кетганларми, манзилга етиб бора оладиларми, тўғриси бу ишларнинг замирига унчалик тушунмасди. Гўё унинг олдида қайиқлар шахмат тахтасида бўлганлари каби ўзгача бир жумбоқдай туюлар, бу сузишлар нимани билдиришини у англай олмасди. Энди эса у уларни кетма-кетликда, муайян масофаларда, бир-бирларидан ортда қолмаслик учун жаҳд билан сузиб кетаётганлигини кўрди. Агар биринчи қайиқ, ўзини биринчи деб биларкан, устун бошига ҳам биринчи бўлиб сузиб боришни истайди, ўз навбатида иккинчи қайиқ учинчи қайиқни, учинчи қайиқ эса тўртинчи қайиқни қувиб ўтишни мўлжаллайди, ўз навбатида тўртинчи қайиқ ҳам биринчи қайиқдан олдинроқ боришни исташи шубҳасиз.
Улар биринчи кунда ҳам, иккинчи кунда ҳам ва умуман ҳар куни бошқаларни қувиб ўтиш ҳақида ўйлайди, Кўккўз эса буларни илгари пайқамасди, энди эса эркинликда буларни ҳаммасини англаб етаркан, кўчманчи қабилалар ва халқлар сабаб унга ато этилган ҳолатдан мамнун ҳолда дельфинлар билан бирга сузиб борарди. Яшил кўзли акулалар унга хушмуомилалик ила боқишар, Кўккўз ва уларни думларидаги ўхшашлик бунга сабабдир эҳтимол. Аммо улардан қочган Кўккўз шундай акробатик спектакл кўрсатдики, унинг атрофида оғзини очганча қолган акулалар умидсизликка тушиб тишларини ғижирлатишди. Сув устида учиб юриш, антиқа ва чиройли сакрашлар, яхтасининг ортига яшриниш, акула оғзини очиши билан унга сув оқимини отиш каби хислатларни аллақачон ўзлаштириб олгани унинг кулишига, қичқиришига ва умуман ғолиблик ҳиссига эга бўлиши Кўккўзга қўшимча куч бағишларди. Кўккўз денгизда шу тариқа сайрини давом эттираркан, китоб ўқиганча вақтни ўлдиришга қарор қилган қандайдир бир ёлғизликка гирифтор қайиқчини кўрди. Қуёшга қарши соябон унинг хушбичим юзини ёпиб турар, қайиғида оёғи остида мойчечак ўсиб турарди. Кўккўз унинг ортидан узоқ вақт сузди, атир ва гуллар ҳидидан энтикаркан, қалбида қандайдир узоқ хотиралар қўзғалди. У қайлиғи билан ётган ўтлоқни эслади, лебералларнинг чиройли аёлларга тўла лекин маккор эркинлигига қарши фитна уюштирилган салонларни ёдига келтирди. Аввалига Кўккўз нотаниш кимса билан гаплашишдан қўрқди, пешонасидаги ўсимта туфайли унинг нигоҳи билан рўбару бўлишдан чўчиди. Гўё у балга эртакчи кийимида келганга ўхшарди… Кейин у балда нафақат кийимда балки ниқобда ҳам келганман деб ҳис қилди ўзини Кўккўз ва зудлик билан чуқурлик ичра шўнғиб қандайдир балиқ жабрасидан тутганча хоним қайиғи томон яқинлашди!
Аввалига у ёлғиз хоним билан саломлашди:
— Хайрли кун, хоним! — у бироз эгилиб балиқни қайиққа унинг оёқлари остига қўйди.
Хоним бу каби туйқусдан пайдо бўлган одам ва ҳолатдан қичқириб юборди ва қайиқда эшкак эша бошлади, лекин Кўккўз уни ўз вақтида қайиғини тутганча, унинг ҳайратини тезла йўққа чиқарди:
— Мен бу ерга сув ости балидан келдим, — деди юзидаги жабрамонанд ўсимтага ишора қиларкан. — Қаранг, мен ниқоб кияман…
Денгизда бироз енгил туман бор эди, шу сабаб хоним унинг юзини аниқ кўролмади, билъакс, анчайин тинчланди ва ҳатто жилмайиб қўйди:
— Сиз у ерда жуда кулгули кўринсангиз керак…
— Ҳа, ҳа, жуда кулгули Кўккўз. — Хуллас, шу балиқ сизга бал эгасидан совға…
— О, баллар, баллар! — хитоб қилди хоним ва хўрсиниб қўяркан, унинг юзида ноаниқ хотиралар сояси из солганлиги сезилди. Кўзларида ёш қалқди, бурни жийирилди, Кўккўз алам ичра сув остида соқолини тишлади. У қайиқни қўйиб юбориб орқага суза бошлаганида, хоним аллақачон тинчланиб қолган ва ҳатто айтиш жоизки унинг ташқи қиёфасидан бир қадар хурсанд бўлганга ҳам ўхшарди.
— Мен сизни бирданига кетиб қолишингиздан қўрқардим, — дея тан олди у. — Узр, баллар ҳақида сўзлаб менинг қалбимни вайрон қилманг. Яхшиси, нега ниқоб кийганингизни тан олганингиз яхшироқ…
— Кўрмаяпсизми, графиня, мен кекса ва соб бўлган дуэлчи, қиморбозман. Қирғоқ ортидан кредиторларим мени излашмоқда. Улар танимасликлари учун мен бу даҳшатли кулгули ниқобни кийиб юришга мажбурман… Мадомики, улар мени кимлигимга шубҳа қила бошласалар мен дарҳол сув остига шўнғийман, ҳайтовур мен зўр сузувчиман.
— О, қандай романтизм, — қичқириб юборди хоним. Улар сизни делфинлар ва камбағал кредиторлар билан чалкаштириб юборишади… Бу фазилатларингизни қадрлаш учун сезгир аёл бўлиш шарт эмас, — деди у ҳар эҳтиёт шарт.
Кўккўз бир неча кун давомида бу иштиёқманд хоним атрофида сузиб юрди, уни қайиғини ушлаб сузар фақат қоронғу тушгандагина ўз хобгоҳига қайғу билан йўл олар, туни билан ухлай олмас, тонг отишини сабрсизлик билан кутар ва тонг отганда денгиз тубидаги марварид ва маржонларни туҳфа қилиш учун унинг оёғи остига сочарди.
Кўккўз сувда бўлган кезлари унинг яхтаси ўз-ўзидан сузиб юрарди. У уни гоҳ олдинда, карвоннинг биринчи қаторида кетаётганини кўрарди, гоҳ эса орқага қолиб кетарди яхта. Шунда ҳамманинг кўзи қуёш нурлари таъсирида қамашиб турганида Кўккўз яхтага қайтиб, унинг хонимнинг қайиғи тарафга яқинлаштирди, у Донишманд Оранг- Утан оролигача шундай йўлда бирга давом этишни, кейин қолган кунларининг охиригача у билан бирга яшашни ўйлади…
У аёлга бу ҳақда айтганида, аёл аввалига бунга шубҳа билан қаради, лекин у кўп ишонтирганидан сўнгини унинг яхтасига ўтиб қолган йўлда давом этишга қарор қилди.
— Ишонинг бу ер биз учун жуда кенг, биз лимон плантациясини ташкил этишимиз мумкин, бу менинг эски орзуйим. Менда жуда кўп нарсалар бор, айтайлик қармоқ, иккита тебранадиган стул, шарқона роҳатбахш анзир пиёзи, мен денгиз тубидан олган ром бочкаси. Менинг хўжалигимни юритувчи бекам бўлишингизни истардим…
— Биз кемада рақсга тушишимиз мумкин, шундайми? — деди хоним хаёлга чўмиб. — Айнан бал халатларида.
— Ва ниқоб кийган ҳолда, — хўрсинди Кўккўз.
Яхта яна қайиққа яқинлашганда, у сувга тушаркан, думини яширганча суза бошлади. Аммо думсиз сузиб ўтиш осон эмасди, у яхтани тезроқ туманга киришини истарди шу сабаб, севгилиси қайиққа қайтиши керак эди.
Шундай бўлди ҳам, аммо шундан сўнг, аёлнинг қайиғи яхтага яқинлашиш учун қанча ҳаракат қилса ҳам ҳеч иложи бўлмади.
Бир оқшом улар ниҳоят жуда яқин келганда, аёл мулойимлик у томон қўлини узатди.
— Севгилим, — дея пичирлади у Кўккўзнинг сочларини силаб. — Ниқобингизни ечиб менга яқинроқ келинг…
Кўккўз эгилиб аёлнинг қўлларини ўпди, ўзини ён тарафга ташлаб юзини унинг тиззаларига қўяркан, туйқусдан унинг шалоплаган думи аёлнинг кўкрагига келиб урилди.
— Ёрдам беринг! Йиртқич ҳайвон! — у қўрқиб қичқирди.
Кўккўзнинг ранги оқариб кетди, шу тобда денгизга шўнғиб кетмоқчи ҳам бўлди, аммо думига чалкашиб бироз иккиланиб қолди.
Яқин атрофда қайиқда сузаётганлар аёлнинг қичқириғини эшитаркан, у томонга яқинлашиб қўлларидаги қуролдан унга ўқ бўшатишди. Кўккўзга ўқ теккач, ундан қон оқа бошлади ва у ўзини денгизга ташлади. У ҳарчанд тубга қараб сузишга интилмасин, барибир акулаларнинг эътиборини тортди. Қон кетаётгани боис, у тезда заифлвшди ва ҳушидан кетди, лекин дельфинлар буни вақтида пайқашганди. Улар уни ўраб олишиб уни пастдан тепага сув юзасига итара бошлашди. Улар ичидаги бир зукко дельфин уни қанотлари устига олди ва яхта томонга яқинлашиб у билан тепага сакради ва Кўккўзни яхта ичига итариб юборди. Кўп кунлар дельфинлар яхта атрофида сузиб юрди, улар ўзига келган Кўккўзни ниҳоят денгизга, улар олдига шўнғизини кутишарди. Билланиҳоя бундай ҳаёт уларни зериктиргач, улар яхтани тақдири илоҳий ихтиёрига топшириб ўзлари ортга қолиб кетишди…
Иккинчи қисм
«Биз ҳаммамиз одам зотини соғингандик», деди қамоқхона бошлиғи ғайритабиий тарзда яхтасидан тушиб, қирғоққа қадам қўйган тажрибали Кўккўзга.
Бошлиғи уни самимий кутиб олишга шошилди ва Кўккўзни тирсагидан тутиб оролга биринчи қадамини ташлашига ёрдам берди.
— Донишманд Оранг-Утан оролига хуш келибсиз! — қамоқхона бошлиғи уни қутлади ва қўшиб қўйди: — Йўқ, йўқ, мен сиздан ҳужжатларингизни талаб қилмайман, мен бюрократ эмасман!
У маймун назар билан ундаги галстук ва костюмга боққанча ундаги жабрани илғади, ҳатто унинг эътиборини думини ёпиб турувчи шимда маҳорат билан боғлаб қўйилган соат занжирлари тортди: — Сиз мутлақо расмий кишисиз, адашмадимми?
— Қайсидир маънода шундай, — Кўккўз янада хижолат тортди.
— Сиз Қироллик қамоқхонасининг Бош Инспектрисиз ва бизнинг баъзи тажрибаларимизни ўрганиш учун келгансиз, тўғрими? Мен бу ҳақда ўн икки йил олдин Метрополияга ҳисобот юборгандим.
— Кўряпсизми, — Кўккўз оқим ҳақида яна нимадир деб ғўлдиради.
— О, ҳамма нарса аниқ! Сиз император сайёҳлик идорасидансиз. Мен у ерга биринчи маротаба тахминан тўққиз йил олдин боргандим, лекин сизнинг даҳшатли тарзда бандлигингизни билиб олдингизга киролмаганман. Кечиринг, кечиринг, биз нимагадир арзиймизми ўзи? Яна бир бор хуш келибсиз… Мен келганингиздан қанчалар хурсандман, энди ҳеч бўлмаганда юракдан суҳбатлашадиган бир кишим бўлади.
Эллик ёшларни қоралаб қолган қамоқхона бошлиғи деярли Кўккўз билан тенгдош эди, лекин у табиий равишда ёшроқ ва кучлироқ кўринарди, чунки у умрининг аксарият қисмини шу жаннатмакон оролда ўтказганди. Орол ҳақиқатан ҳам самовий эканлигига Кўккўз бошлиқ орқасидан судралганча бораётганида яна бир бор амин бўлди.
Қумли пляжнинг тор йўлаги ортида узумзорлар, бананзору ёввойи ёнғоқзорлар бошланарди, бу ерда маймунлар қироллик қушларига тақлид қилиб дарахтлар бўйлаб энишарди.
Қамоқхона бошлиғини кўриб, маймунлар унга қуйилиб қарашди, эҳтимол унга салом беришгандир, бошлиқ эса уларга бармоғини эгилтирди. Аммо маймунлар унинг бу қилиғига жим қараб турмадилар, уни масхара қилиш учун Кўккўзга кокос отдилар.
Турма бошлиғи атрофга олазарак қаради ва маймунларнинг меҳмон билан бешафқат ҳазил қилишларини англаб: — Буларга жиддий эътибор қилманг, — деди. — Мен ҳали ҳам маймунларни қандай мақола билан жазолаш бўйича кўрсатма ололмаяпман. Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги афсуски менинг саволларимга жавоб қайтармайди, ўзбошимчалик билан бу масала билан шуғулланиш эса менинг принципларимга кирмайди.
— Нега бу шундоқ ҳам Худо томонидан жазоланган зарарсиз махлуқларку, — деди Кўккўз сахийлик билан, лекин бошлиқ ундан анча узоқлашиб кетганини ва ўзини овал туйнук яқинида қолиб кетганини пайқади. Лекин у туриб қолмади, йўлак охирида эса бир чуқурчага дуч келди. Қамоқхона бошлиғи уни чақиргунга қадар у ерда учта доира чизди:
— Кўряпманки, сиз саросимада турибсиз, валинеъматим… Лекин сиз бемалол саёҳат қила оласиз.
Ниҳоят Кўккўз катта қийинчилик билан ўз доирасидан чиқиб, генерал Денгизхон ўғлига яқинлашганда у нозиктаъблик билан унга тушунтирди:
— Хижолат бўлманг! Денгизда узоқ вақт сузган одамда доира аста-секинлик билан маъносини йўқотади, аммо бу ўтиб кетади!
Кўккўз, бошлиқнинг маслаҳатига амал қилиб олдинга юрди, генерал Денгизхон ўғли, уни кулбасига етаклаб борди.Кириш жойида уларни жуда бешафқат кўринадиган катта горилла кутиб олди. Горилла панжасини кўтариб хўжайин билан саломлашди, генерал унга қисқача деди:
— Чунга-чанга!
Хизматкорга иссиқ бўлишига қарамай кийилган пўлат дубулға узатилди, маймун уни олди ва усталик билан устунга илиб қўйди, сўнг хўжайинга кийимларини ечишга ёрдам берди, у этикларини ечди ва уйга кийишга мўлжалланган туфлисини ўзига тортди.
— Меҳмонга ҳозироқ ғамхўрлик қилинг, — буюрди хўжайин, лекин мағрур маймун ўзини тушунмаганга солаётгандек туюлди ва Кўккўзга тикилди ва унинг тор шолварини кўриб кулиб юборди, сўнг хўжайиннинг норози нигоҳини кўриб, стол устидаги ашқол-дашқолларни силкитди.
— Ундан яхшилик сўраш бефойда, — узр сўради генарал Денгизхон ўғли. — Ўлгудай дангаса ва худди одамдек ўжар.
— Йўқ, мен ўзим… безовта бўлманг… — пичирлади Кўккўз ва шляпасини ечди.
Генерал Денгизхон ўғли эса маймунни ҳинд ёнғоғи пўчоқларини сочаётганини кўриб унга танбеҳ берди:
— Сиз қорин оролининг барча мартишкалари, — у Кўккўзга тушунарсиз завқ билан гапира бошлади, — қўрқинчли зинокор Чики-чикини бу ерга судраб келдингизми?!
Генерал Денгизхон ўғли гапираётганида хона ўртасидаги челак айлана бошлади, унга юпқа том узра ёғаётган ёмғирдан сув оқа бошлади.
Бошлиқ Кўккўзнинг қўлидан ушлаб хонанинг одми ҳолатига ишора қилди, у ерда фақат иккита нарса: илгич ва стол бор эди, сўнг уни қўшни хонага бошлади, бу ётоқхона шекилли, унда хўжайин учун кенг тўшак, унинг маймун хизматкори учун эса аксинча торроқ тўшак ҳозирланганди.
Унинг тўшаги бахтга қарши жуда даҳшатли таъассурот қолдирди: ёстиқ ва чойшаб маймун ўйинлари вақтида ғажилганди.
— Қаранг, мен жуда камтарона яшайман. Ҳатто бу ҳолат инсон табиатига хос эмас. Мен ёрдамчи сифатида маймунни ишга олдим, демак ундан келадиган бу каби кўнгилсизликларга ҳам чидашга мажбурман… Кечирасиз, — деди у соатига қараркан, — менинг бир қоидам бор, аввал менинг ишим, кейин ҳамма нарса. Агар қарши бўлмасангиз биз ҳозироқ қирғоққа қайтишимиз лозим ва у ерда мен сизга Император Сайёҳлик Идорасига нима ҳақида хабар бериш кераклиги ҳақида маълумот бераман, сиз орқага ўтинг ва эгнимдан маҳкам ушланг.
— Нима сабабдан? Сизни безовта қилмоқчи эмасман, — эътироз билдирди Кўккўз, бироз чарчоқдан сўнг яна куч-қувватга тўлганини сезар экан.
— Қаршилик қилманг, шундай қилсак ҳаммамизга яхшироқ бўлади, акс ҳолда баржанинг келишига кечикамиз…
Кўккўз қамоқхонани бошлиғининг кўрсатмаларига амал қилишга рози бўлди ва маймуннинг норози бақириғи остида кулбани тарк этишди.
— Мен хизматкоримга сизга қарашни топширганим билан у бундан бош тортарди. Унга бир сўз айтсам, минглаб баҳоналар топган бўларди.
Шундай қилиб улар ёввойи мевали дарахтзордан ўтиб, маймунларнинг ғазабшиванда қаҳқаҳа ва қийқириқлари остида йўлга тушишаркан, одам ва ҳайвонлар ўртасидаги бу учрашув ҳар ҳолда дўстона бўлди дейиш мумкин. Улар унинг атрофида югуриб, турфа юз қиёфаларини кўрсатишди, думларини кўтаришди, ўзларини ноодатий жойларда намоён қилишди, Кўккўзга кокос отишди.
Кўккўз мева отаётган маймунлардан қочиб борарди, аммо қамоқхона бошлиғидан ажралиб қолмаслиги учун ўзаро чандиб олишган тасма туфайли на ўтира оларди, на бошини яшира оларди .
У бу шовқинли оролда тушунмаган ягона нарсаси шу эдики, ҳеч қаерда маймунлар тўдасининг боши хўжайиннинг хизматкори бўлмаган?! Кўриниб турибдики бу хўжайин маймунларга чангалзорлар орасидаги энг қисқа йўлларни, жарликлар ва бошқа тўсиқларни кўрсата олган эҳтимол.
Хизматкорининг яқин атрофдалигини сезган бошлиқ тушуниш қийин бўлган нарсани айтди. Кўккўз уни тушуниб олиш учун у томонга қулоқларини динг қилганча диққат қилди.
— Кечирасиз, сэр — деди қамоқхона бошлиғи, — менинг чиркин махлуқларим қаердадир шу атрофда айланиб юрибди.
— Ҳа, шу атрофдан кимдир сакрагандай туюлди, — пичирлади Кўккўз, — имкон қадар гориллани ғазаблантирмаслик учун секин.
— О, фирибгар, — туйқус ҳаёжондан титради хўжайин. — Энди нима қилсам-а? Ундан қандай қутилиш мумкин? У ҳар доим менинг ишларимга аралашади, — ва Кўккўзга яширинча деди: — Биламан, у яна орол бошлиғи бўлишни хоҳлайди, лекин ҳали-бери бунга етишолмайди.
— Бу мумкин эмас, — деб пичирлади Кўккўз вазиятнинг даҳшатини тасаввур қилиб.
— Ҳа, ҳа, бу атрофдан уни ҳайдаб юборишга ёрдам беринг! Бақиринг, ёки бирор нарса қилинг? Мен ўзим уни уришардим, лекин кўраяпсиз-ку, мени безовта қилишмоқда. Агар ҳозир мен бунга вақт ажратсам биз вақт ритмини йўқотиб қўйишимиз мумкин. Манзилга ўз вақтида етиб боришимиз учун биз ритмга риоя қилишимиз муҳим. Сиз ҳам кеч қолишни хоҳламайсиз-ку, тўғрими?
— Ҳа бу ёқимсиз бўларди, — жавоб берди Кўккўз, хўжайин уни йўлдан оздирадиган тарзда гапираётганини аниқ илғамасдан.
Ахир уни жўнбош хизматкорга бақиришдан қўрқиши аниқ эди, шундай экан ғазабланишга қандай журъат этсин.
— Ҳа, биз яхши қадам ташлаб бораяпмиз, уни бузиш уят бўларди, — такрорлади Кўккўз. — Аммо Худо гувоҳ, мен сизни хизматкорингизни қандай ҳайдаб юборишни билмайман.
Генерал Денгизхон ўғли узоқ вақт ҳеч нарса демади, лекин хавотирда эди, алланималар дея мунгли ғўлдиради; меҳмон ҳам унга ноаниқ нимадир деди, улар бир-бирларига ҳар хил тушунарсиз нарсаларни айтиб уларни изма-из яширин таъқиб қилиб келаётган маймундан қутилишни хоҳлаб, югургудек манзилга ошиқишарди.
Тўсатдан дарахтзор тугади, йўлда икки-учта яккам дарахт учради ва денгизнинг тор қирғоғи томон йўл кўзга ташланди. Бир пасда улар деярли сувга яқинлашишди, совуқ тўлқин уларнинг оёғини ялаганида, орол бошлиғи ва Кўккўз тўхтаб, оғир ҳарсиллаб нафас олганча кичкина чодир олдида турган омонат икки стулга баъзур чўкдилар.
Бошлиқ соатига қаради.
— Биз беш дақиқа олдин келдик, — деди безовталаниб атрофга қараркан, у ҳамон шўртумшуқ хизматкорини излаб алангларди.
— Мен унинг стулига ўтирдим шекилли, — деди Кўккўз, оёқлари яқинида кокос ёнғоқлари пўчоқларини пайқаркан. Сўнг:
— Ҳеч нарса абадий эмас, — дея жаҳлдор жилмайди Кўккўз, — Сиз доимо унинг инжиқликларига сабр қилишингиз шарт эмас.
Аммо бу гапларни бироз ишончсиз янгради, унга ҳатто ўзи ҳам ишонмади.
Қамоқхона бошлиғи эса қулайроқ стулга ўрнашганча яна соатига қараб қўяркан, суҳбатни одатдаги ижтимоий мавзуларга қаратмоқчи бўлиб меҳмонга ўгирилди:
— Метрополияда нима янгиликлар? Маликанинг аҳволи қандай? Унинг жамоатчилик олдида тўрлари узун бўйинбоғда хушчақчақ ва ширин қиёфада кўриниш берган вақтларини эслайсизми? Ҳеч ким ўшанда бу ёқимли аёлнинг организмида даҳшатли ўсимта ўсаётганини пайқамаган. Унинг операцияси қандай ўтганидан хабарингиз борми?
— Менимча, бу муваффаққиятли бўлди. Мен охирги марта кўрганимда шундай эди…
Кўккўз айёрлик билан ёлғон гапиришга қарор қилди, лекин қамоқхона бошлиғи уни айбдор қилмаслиги учун давом этди:
— Оҳ, мен уни жуда узоқ вақтдан буён кўрмадим, нақ йигирма беш йил. Ҳозир уни қандай қариганини тасаввур қила олмайман. У менинг дўстим сенатор Таваккал ўғли билан ишқий муносабатда бўлди — бу жуда қизиқ, аммо ҳаммаси қандай тугаганидан ҳам хабарим йўқ. Қолаверса, ўша вақтда аристократлар ва буржуазия ўртасида бу каби алоқалар урф бўлганди, бундай суверен одатлар рағбатлантириларди. Сенатор Таваккал ўғли буржуазия вакили эди шубҳасиз… Кечирасиз! — тўсатдан у хотираларини бўлишишни тўхтатишга мажбур бўлди.
— Биз деярли асосий нарсани ўтказиб юбордик. Эшитаяпсизми?! — деди бу вақтда унга бошлиқ.
Кўккўз қулоқ тутди ва оёғига сув тўлқинларининг келиб урилганини кўрди ва қамоқхона бошлиғининг ғайритабиий ҳаракатларидан ажабланиб:
— Нима бўлаяпти ўзи? — дея кутилмаганда бақириб юборди у, туйқус юзага келаётган ҳодисалардан чўчиб.
— Шошманг, мен сизга ҳаммасини айтиб бераман, — бошлиқнинг овози ғайритабиий янгради, бу ҳол Кўккўзни янада ҳайратда қолдирди.
У мезбонни бу кўрган нарсаси ҳақида ташвишланмаслигидан ҳайрон бўлди — бундан ҳатто бироз хижолат ҳам тортди, танида чарчоқни ҳис қилди, бошлиқни эса Кўккўзга нисбатан қизиқиши йўқола бошлаганди, сувда узоқ вақт қолганидан кейин териси яшил рангга айланган бу ғалати жонзодга у бефарқ қараб турарди.
Генерал Денгизхон ўғли денгизчиларни ҳаёжонга солиш учун улар томонга қараб овозини борича бақирди:
— Ҳей полвонлар, — бироқ улар жавоб қилмадилар, чунки у ёқдаги оломоннинг ҳеч бири бу томонга бошини ҳам ҳеч йўғи буриб қўймади.
Дарвоқе, маймунлар ҳам уларни ҳаёжон билан кузатишарди. Улар бир чеккага тўпланганча, оломоннинг чақирмоқчидек, узун таёқларни силкитиб тукли қўлларини боғланган белбоғларни ҳилпиратишар ва бошлари узра улкан кокос қобиқларини денгиз томонга отишарди.
Генерал Денгизхон ўғли бу манзарадан беихтиёр кулиб қўйди ва меҳмонни енгидан тортди:
— Ажойиб-а, шундай эмасми?! Худди циркдаги тамошалар сингари! Бечора пигмейлар*… Бу гориллалар уларни тутишга интилади, улар бегоналарга тоқат қилмайдилар. Мен уларни бундан ҳимоя қилиш учун баржанинг нарёғида айланадиган қурилма қурдим… Кўряпсизми, гориллалар панжаларини уларга узатган заҳоти бу қурилма сезилмай айланиб, уларни ён томонга олиб кетмоқда. Ёшлигимда, император қўриқчиси офицери бўлганимда(ўшанда ҳозирги метрополияда эдим), иккита пигмей баобаб дарахти ичидан асал қидираётганини тамоша қилгандим. Горилла уларни тепадан кўриб қолганди. Кейин чўчқалар баланд овозда жўравоз бўлганча чинқирдилар. Горилла уларнинг орқасидан югурди, у йўлида учраган ҳамма нарсани уриб синдириб кўксига муштлади, у жуда ғазабланганди! Бахтсиз пигмейлар қўрқувдан оёқлари қалтираб ўтириб қолишди. Шунда ғалати ҳодиса рўй берди. Кўзлари ёниб турган горилла узун тукли панжаларини уларга узатди, икаласини ёқасидан ушлаб бошларини бир-бирига урди. Пегмейлар тамом бўлишди…
— Кечирасиз, — мезбон оҳиста пешонасини силади.
— Дарвоқе, мен бундан ўн йил олдин бюрога нима сабабдан ёзганларимни сизга кўрсатаман, — мавзуни ўзгартирди қамоқхона бошлиғи. — Энди сиз ҳам бой сайёҳлар кўриши керак бўлган нарсаларни кўришингиз мумкин. Давлатнинг юқори мартабаларига айланиб юрган одам сифатида, бундан чорак аср олдин кучли бўрон бўлганини эшитгандирсиз.
Ўшанда дарё бўйида турган сузувчи қамоқхона очиқ денгизга қараб дом-дараксиз кетди. Мана энди бу кўраётганлaрингиз ўша баржа, айнан ўша қамоқхона, унинг ичидаги кўплаб одамлар — маҳбуслар — пегмейларнинг маҳаллий раҳнамолари.
— Ҳа, ҳа, мен бир нарсани эсладим, — деди Кўккўз. — Демак, бу ҳақиқатан ҳам ўша қочоқ қамоқхонанинг айнан ўзи?
— Жуда тўғри! — хитоб қилди хўжайин, ниҳоят, меҳмонга қизиқиш уйғота олганидан ҳаяжонланиб. — Мен сизга, жаноб, қалам ва қоғозни олиб, ҳикоямнинг энг қизиқарли тафсилотларини, оролга қилган саёҳатингиздаги беғубор эслатма сифатида ёзишни маслаҳат берардим.
— Балки сиз ҳақсиз. Мен шундай қиламан, — деб жавоб берди Кўккўз ва қоғозни бошлиқдан олди ва пешонаси тиришиб ёзиб олишга чоғланди.
— Дарҳақиқат, шуни таъкидлашим керак: менинг ҳикоям жуда кўп тафсилотлар билан боғлиқ бўлади, зеро мен буни миямда узоқ вақтдан бери пишитиб келаман, инчунун, сиз каби жаноб инспекторни кутиб, буни ёддан ўрганганман, шунинг учун ортиқча ҳеч нарса, сентиментал бирор нарса йўқ бунда, менинг бирор-бир ҳиссиётларим йўқ ҳатто! Тўғри ўтиринг ва уни илоҳиёт академиясидаги маъруза каби сўзма-сўз ёзинг …
… Шундай қилиб, менинг экипажимнинг даҳшатига кўра, маҳбуслар ярим соатлик пляжда кемада эдилар ва бизни денгиз олиб кетаётганини кўрганимизда, биз дарҳол энг фавқулодда чораларга тайёргарлик кўрдик. Ғалаён бўлиши мумкин эди. Аммо тартибсизлик ва қирғин ўрнига, жиноятчилар: «Озодлик! Озодлик!» — дея бизни, қўриқчиларни қучоқлашга шошилди, биз ҳам Худонинг раҳм — шафқатидан таъсирландик. Мен кераксиз ҳаддан ошишдан сақланишнинг ягона йўли шу эканини билиб, яқин орада ҳукумат қочиб кетган қамоқхонани топади, кейин яна тартиб ҳукм суради деб ўйлаб, улар билан биродар бўлишга буйруқ бердим … Лекин кўп вақт ўтди, балки бир ой, ва бизнинг баржамиз, рулсиз ва шамолсиз, ватанимиз қирғоқларидан узоқроқ ва узоқроққа олиб кетилган, биз ҳам, соқчилар ҳам, асирлар ҳам, тинч ва ўзаро тушуниш шароитида яшашни давом эттирдик — биз овқатландик бирга кемада юрдик ҳатто бирга балиқ овлашдик. Албатта, мен қамоқхона тартибини қўпол равишда бузганимни тушундим, лекин умид қиламанки, сиз ҳам, оддий фуқаро сингари менинг бошқа иложим йўқлигини тушунасиз. Эллик маҳбус бор эди — раҳбарлардан ташқари, бизда фақат ўнта қўриқчи бор эди ва биз томондан ҳар қандай жиддийлик ғалаёнга олиб келиши мумкин эди ва бу бутун баржанинг ўлимига олиб келарди …
— Йўқ! — Кўккўз тўсатдан унинг гапини тўхтатди, лекин бу жуда нозиклик билан эмасди. — Сиз ҳали ҳам жавобгарликни ўз зиммангизга олишингиз керак. Ҳатто энг фавқулодда ҳолатларда ҳам, сиз мундир шарафини йўқотмаслигингиз керак эди, бу императорнинг ўзи бизга рухсат берган тартиб ва қоидаларни заифлаштиради! Ахир, ўзингиз ўйланг, ўзини ҳимоя қилиш туйғусидан келиб чиққан ҳолда, кийиму мундирини ечиб, исёнчилар оломонида эриб кетадиган давлатнинг келажаги нима бўларди? Судя жиноятчини кўрганда қалтирайдиган давлатда қўрқув ғалаба қозонмайдими? Бундай шаротда парик ва мантия яширган ва хароба уйларда юрган солиқ инспектори тугмаларини узиш оломон учун жоиз бўлмайдими?..
— Ҳа, сиз буни мендан сўрашга тўла ҳақлисиз, — генерал Денгизхон ўғли хафа бўлмади, билъакс суҳбатдошининг кутилмаган гапиришини кўриб, хурсанд бўлди. — Лекин бу ҳақда кейин гаплашамиз …
— Кечирасиз, — меҳмон кечирим сўради ва оломонга ва баржа тарафга боқди.
— Бир сўз билан айтганда, жаноб, бизнинг қамоқхона денгизда сузиб юрган, маҳбуслар эса озодликдан баҳраманд бўлишган. Биз нейтрал сувлар бўйлаб суздик ва қандайдир қўшни давлат сувларига тушдик, кейин, ростини айтсам, ҳукуматимиз қачондир бизни топиб, ватанимизга қайтаради деган умидимизни йўқотдик. Кейин мен нима қилишим ҳақида ўйлай бошладим. Ишонинг, бу жуда аччиқ, деярли умидсиз фикрлар эди. Қолаверса, мен тақдирнинг аянчли доираси орқали ўтаётган оқим ҳақида шунчалик кўп нарса эшитган эдимки, баъзида мен сузувчи қамоқхонамизни шу оқим ушлаб олганми, деб ўйлаб, тушкунликка тушиб қолдим …
— Ҳа, оқим, — деди Кўккўз, лекин унинг фикри дарҳол сўнди.
— Нимадир дедингизми? — эшитмаганга ўхшади бошлиқ, лекин жавоб олмагач сўзида давом этди ва дастлабки кичик фалсафий бурилиш қилди: — Мана, биз ҳаммамиз миямизни эҳтиросларга тўла нарсага айлантирмоқдамиз, ўзимизни ичимизда чўкмоқдамиз, бизда тажриба мавжуд, энди ҳар қандай ишга биз тасаввуф ва алкимёни ҳайратга соладиган осмондан қараймиз, лекин буларнинг ҳаммаси майда -чуйда, чунки дунёда ҳамма нарса оддий, чунки ҳамма нарса — бу тартибнинг узилмаган занжири, аниқроғи қонун ва тартиб. … Бу бизнинг баржамизга ҳам таълуқли. Бир марта, туман ичида, биз қамоқхонамиз энди сузмаётганини, балки турғун турганини ҳис қилдик. Ҳа, биз ҳозир бўлдик, шунча кун юрганимиздан сўнг, биз тўсатдан тўхтадик — ва ҳамма нарса, соқчилар ва мамлакат аҳолисининг бошлиқлари йиғилдик. Ва кейин буни маҳбуслар бизга қарши қилмаганликларини, аксинча, вазият жуда чалкашиб кетганини кўриб, жуда ҳайрон бўлдик … Бироқ, бизнинг чалкашликларимиз узоқ давом этмади. Маҳбуслар гўё анча олдин келишиб олганидек, бирдан сувга сакраб тушишди ва ғазаб билан баржани тасма билан боғлай бошлашди.
Қўриқчилар милтиқларини уларга қаратиб қўйишганди ва мен «юриш» буйруғини берганимда баржа ҳаракатланаётганини ҳис қилдим, бир оз ўнгга ва чапга эгилиб, секин сузиб кетавердик. Биз зудлик билан тумандан чиқиб кетдик ва мен баржа қандайдир орол яқинида келиб қолганини ва маҳбуслар қолган кучларини жамлаб жаҳл билан бақириб: “Озодлик! Озодлик! дея ҳайқиришарди. Аммо бизга — ўз қўриқчиларига бирон ҳатти-ҳаракат қилишдан тийилишди. Шунда мен ўзимни саройлардагидек яна бахтлиман деб ўйладим, чунки бу ҳаракатнинг ўзи улар учун эркинликка тенг эди… Бироздан кейин мен яна бир ҳақиқатни англадим, бу ҳатто мени ҳайратда қолдирди. Улар учун сузувчи қамоқхонанинг қаерга, олдинга ёки орқага силжиши муҳим эмас эди, муҳими у шунчаки ҳаракатда бўлса бас, шу боис биз орол бўйлаб аёвсиз айлана чизганча айланиб юравердик; афтидан, бу улар учун энг қулай йўл эди.
Биз битта айлана қурдик ва шу айланишда мен оролнинг барча жозибасини кўришга муваффақ бўлдим — ҳа, орол ҳақиқатан ҳам гўзал эди, тақсир. Шу боис мен ҳеч нарса ҳақида ташвишланмадим ва ҳеч нарсадан афсусланмадим. Шундай қилиб, биз уларни кун бўйи шу орол бўйлаб айлантириб юравердик ва кечқурун маҳбусларнинг ёмон ниятлари йўқлигини англаб, мен соқчиларга қирғоққа тушишни буюрдим. Энди мен яна умид қиламанки, биз эртами кеч ватанимизга қайтамиз, чунки сузувчи қамоқхона ернинг маълум бир нуқтаси яқинида қолиб кетган, бизнинг қутқарувчи кемаларимиз буни топиш қийин эмас.
Мен метрополия билан қандай боғланиш ва оролда қандай вақтинчалик ҳаётни ташкил қилиш ҳақида ўйлаётганимда, озодликнинг сароблиги маҳбусларни сира тарк этмаслигини, аксинча, улар муносиб асирликда эканликларини ҳис қилаётганликларини ҳис қилдим. Сузувчи қамоқхона билан бир айланада узоқ вақт сайр қилишимиз туфайли сувнинг ишқаланиш кучи орол бурчакларини ўзгариб юборди, Донишманд Оранг-Утан ороли тангадек думалоқ бўлиб қолди — буни сиз, жаноб Император инспектори, яхтада ўтирганингизда пайқадингизми?
— Йўқ, афсуски, вақтим йўқ эди, — деди Кўккўз, бу вазиятда ўзини жуда ҳам беҳафсала кўрсатмаслик учун, сўнг бу борада алланималарни дафтарига ёзиб қўйган бўлди.
— Сизга сўз бераман, тақсир! – бошлиқ ўрнидан туриб, унга қаради. — Эртага буюк суверенитетимиз кунида баржада мароқли сайр қиламиз, кейин ҳаммасини кўрасиз.
У яна ўтирди ва давом этди:
— Шундай қилиб, бизнинг оролимиз бутунлай юмалоқ бўлиб қолди ва қандайдир тарзда сузувчи қамоқхонани бошқариш учун мен ўз жамоамга баржани узун пўлат сим билан боғлаш учун қирғоққа жимгина кичик ғилдиракларни ўрнатишни буюрдим. Натижада жуда ўзига хос манзара пайдо бўлди — улар, яъни маҳбуслар ўз қамоқхонасига камар билан боғланган қамоқхона эса ўз навбатида, сим билан қирғоққа боғланган ва улар айлана бўйлаб юрганлари учун маҳбусларга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмасдан симтўр ҳам улар билан орол бўйлаб кўчиб ўтди … Энди, афсуски, сиз бу симтўрларни кўролмайсиз, чунки кўп йиллик хизматдан у эскирган ва эндиликда денгиз тубига тушиб кетган … Сиз тахмин қилганингиздек, мен бу арқонсиз доира бўйлаб суза оламан, чунки қамоқхона шусиз ҳам ҳеч қаерга сузиб кетмайди, тушунганингиздек тартиб ичида тартиб мавжуд. Айтайлик, қамоқхона маъмуриятидан қандайдир ўта педантик инспектор келиб қолса, мен томондан юқорида айтиб ўтилган симтўр билан қамоқхонани ишончли боғлайдиган маъмурият йўқлигини кўриб, мени оқламайди албатта. Шу оддий симтўр учун мен дўстим сенатор Қорахондан ушбу муҳим ишда менга ёрдам беришини ва агар керак бўлса буни юқори идорадан сўрашни, агар Сенат менинг илтимосимни кўпчилик овозига кўра, рад этса, императорнинг ўзига шахсан мурожаат қилишини илтимос қилдим. Мен ҳатто Қорахонга ваъда берганман, агар у бизга симтўр олиб берса, мен ўз навбатида императорга оролни рафиқаси Осмон маликаси шарафига ўзгартиришга рухсат бериш учун илтимоснома билан мурожаат қиламан. Ва кейин сиз, жаноб, келажакдаги туристик қўлланмаларингизда бу оролни романтик тарзда — Осмон Маликаси ороли деб номлашингиз мумкин. Ахир, сиз оролни ибтидоий ҳайвоннинг ҳозирги номидан келиб чиқишига рози бўлмайсиз-ку?
— Ҳа, «Донишманд Оранг-Утан ороли» номини ўзгартириш керак! – деб астойдил рози бўлди Кўккўз ва буни генерал Денгизхон кўз ўнгида дафтарига қайд этди.
Бошлиқ яна бир қизиқ гап айтмоқчи эди, лекин бирдан жингалак горилла хизматкорини кўриб, қичқирди:
— Бу ерда нима қиляпсан, хунук махлуқ?! Сен метрополиядан келган ҳурматли меҳмоннинг олдида мени шарманда қилаяпсан!
Кўккўз улардан унча узоқ бўлмаган жойда баржадан кўзини узмай ўтирган гориллани кўриб, эгасидан кам хавотирга тушди. Унинг ифлос юзи жиддий эди, оғзи пастга осилиб турарди. Маймун эгасининг қичқириғини эшитиб, истар-истамас ўрнидан турди ва баъзур чакалакзорлар орасига кириб кетди.
Генерал Денгизхон ўзини узоқ вақт тинчитолмади, у ёқдан-бу ёққа юриб, қўлларини орқасига олиб, тиним билмай нималарнидир минғирларди, сўкиб қарғанарди.
— Алқисса, — деб нолиди у, — ҳар доим одамни фикрини тўзғитиб сочиб юборадиган бир кор-ҳол рўй бераверади нуқул. Бунинг учун мени маъзур тутинг, балки менинг менинг миямда бирон тартибсизлик бордир, ким билсин. Келинг, яхшиси шундай қилайлик: сиз менга ўзингизни қизиқтирган саволларни беринг ва мен уларга ҳеч нарсани яширмасдан жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Бошлиқ яна ўриндиққа келиб ўтирди ва Кўккўзни тинглашга тутинди, бироқ у ҳали савол берадиган даражада хаёлини бир ерга тўплаб олгани йўқ эди. Қолаверса, савол бериш доим жуда оғриқли, Кўккўз эса ўзини бу борада зўрламоқчи эмасди. Аммо у бошлиқнинг хизматкори билан яна тўқнашувини ўйлаб, атрофга хавотир билан қаради ва ниҳоят унга юзланиб:
— Қолган жамоангиз қаерда? Мен сизнинг уйингизда яна бир бошқа одам яшаётганини сезмадим.
— Ҳа, мен ёлғизман, баржага боғланган жиноятчи пигмейларни ҳисобга олмаса шундай.
Бу ерга келганимиздан сўнг, бир йил ўтгач, мен оролга ортиқча ходимларни сақлаб ўтириш шарт эмаслигини тушуниб етгандим, шунинг учун қўриқчиларимга айтдим: қайтиб кетинглар жаноблар! Ҳамма уйига кетсин, қандай хоҳласа, шундай кетаверинглар.
Зеро улар бу ерда жуда бахтсиз эдилар, тўғри эркин эдилар, кун бўйи орол бўйлаб кезишарди, топган-тутган гиёҳлару меваларни еб умргузаронлик қилишарди. Шунинг учун мен уларга ўзларини қийнамасликларини истаб кетиш буйруғини бердим. Улар тўнғиллаб, ажралишди. Мен уларнинг ҳар бирига оролимизнинг координаталарини аниқ тавсифини бердим, аммо энди улар қаёққа кетишгани менга номаълум. Чунки ҳеч қайсиларини ҳеч йўғи ортга ҳам қайтиб келмади. Йигирма беш йил ичида сиз жаноб инспектор, метрополиядан бу ерга ташриф буюрган биринчи одамсиз. Қўриқчиларнинг тақдири қандай бўлган билмадим, балки йўлда ҳалок бўлишгандир, бир нарса дейишим қийин. Уларнинг бари ишдан бўшагач бу ердан кетишган, ишдан бўшаганлар учун эса, мен жавобгар эмасман. Йўқ, йўқ, фақат нотўғри хаёлга борманг, мен пигмейларнинг сузувчи қамоқхонасидаги деворда қоқилган ҳар бир мих учун жавобгарман, — бошлиқ оролни бурилишига яқинлашиб келаётган баржани Кўккўзга қўли билан ишора қилиб кўрсатди, аммо кўп денгиздаги баржани оролдаги зич чакалакзорлар тўсиб қўйди.
— Йигирма беш йил дедингиз, — деди меҳмон хаёли қочиб. — Бу кўп вақт. Шу вақт ичида маҳбуслар ичида муддати тугаганлар ҳам борми?
— Очиғини тан оламан, ҳамма учун, ҳа, ҳамма учун қамоқ муддати аллақачон тугаган! Аммо бу борада уларга ёрдам бериш учун мен бирор нарса қила олмайман. Маҳбусларнинг ўзлари қамоқхонага келгач, ҳужжатларини йўқ қилишган, чунки улар шу йўл билан озодликка эришмоқчи бўлишган. Улар ўзларини ўтмишдаги жинояти изларини шу тариқа йўқ қилишга уринишган… Ҳа, — генерал Денгизхон ишонч билан таъкидлади, — уларнинг жазо муддати кўп вақтлар олдин тугаб бўлган!
-Тушунарли, — деди Кўккўз, — энди бунинг аҳамияти йўқ, муҳими уларнинг ҳаммаси озод… Янги келганлар-чи?! Сизда янги келганлар ҳам борми?
Бу савол кутилганидан фарқли ўлароқ, бошлиқни қаттиқ ҳаёжонга солди ва аҳволини Кўккўздан яшириш учун ўрнидан турди. Меҳмонга орқасини ўгирди, мўйловини силаб маъюс жилмайди. Сўнг иродасини бир жойга жамлаб, меҳмоннинг беўхшов думига назар ташлади.
— Тўғрисини айтсам, сизнинг бу саволингиз юрагимда наштардек санчилди. Чунки мени янги келганлардан бошқа ҳеч нарса ҳаёжонлантирмайди. Аммо таъажжубки, улар шунчаки бу ерда мавжуд эмас! Ҳа, худди шундай, сиз бунга ҳайрон бўлманг?! Қамоқхонада инспекцияси менинг сўровларимга жавоб бермай келмоқда, улар менинг илтимосларимга ўзларини кардек тутишмоқда. Агар улар бу ғайритабиий шароитда менинг қандай ишлаётганимни билишганида эди, ўзларини бу қадар кибрли тутишмаган бўлар эди. Менга эса ҳаммадан ҳам кўра янгилар керак… Маҳбусларни сувдаги ҳаракатларини пайқадингизми, уларда яшашга бўлган иштиёқ пасайиб кетганини кўрдингизми?! Мен кузатаётган вақт соати уларнинг аҳволи ниҳоятда абгорлигига шаъма қилмоқда…
Вақт ўтиши билан орол айлана бошлаганда, маҳбуслар ҳам йигирма тўрт соат у билан бирга айланиб юраверади. Айрим кунлар орол бўйлаб узоқроқроқ айланиш дақиқалари бор — йигирма тўрт соату йигирма тўрт дақиқа. Бу нимани англатади тақсир? Айланавериш уларни шубҳаю гумонларга етакламайдими? Сиз ва мен эркинлик метафизик нарса эканлигини тушунамиз, уларни вақт лаҳзаларидан чалғитиш учун янги туртки керак бўлади. Шу маънода маҳкумлар учун янги келганлар вақт маъносини йўқотиш ва туртки учун яхши рағбат бўлади. Ўз навбатида янгилар ҳам шунча вақтдан бери ўзлари баҳраманд бўлиб келган эркинликдан негадир бу ердагилар фойдаланмаётганини кўргач, уларда эркинлик ҳақиқатан шунчалик яхшими ёки йўқлигига шубҳа уйғонади… Бундан эскилар янги келганларнинг саросимали ҳолини кўриб, ўзларининг тўғри йўлда эканлигига ишонадилар. Шунинг учун бу ердагиларга бошлиқ сифатида мен ҳам янги келганларга муҳтожман, ҳеч бўлмаса битта бўлса ҳам янги маҳбус келиши учун Худога ибодат қиламан. Ҳақиқатан ҳам, жаноб, — деди бошлиқ афсус билан, — менинг хизматкоримга ўхшаган нусхаларни, ўша тукли жониворни шундай қамоқхоналарга жўната олмасак, улар учун эркинлик тушунчаси буйруқларни норозилик билан бажариш ва ҳар сафар қонунларни қайта-қайта бузишини томошабин сифатида кузатишга мажбур бўласиз.
— Аммо сиз бундай кишиларни оқимнинг ҳар бир жабҳасида топишингиз мумкин, — деди Кўккўз. — Ишончим комилки, у ерда жиноий ниятли кўплаб одамлар бор.
— Сиз қандай ҳолат ҳақида гапираяпсиз? — бошлиқ кўзларини юмди. — Мен бунга шубҳа билан қарайман…
— Магелланнинг машҳур устунлари бу ердан унча узоқда эмаслигини эшитгандим, — деди Кўккўз тортинчоқлик билан.
— Магелланми? Шундайми? — сўради бошлиқ. — Билмайман, билмайман. Бироқ шу ўртада катта чўзилган устунлар деб аташ мумкин бўлган ғалати қоялар бор. Туман туфайли улар ҳозир кўринмайди. Умуман олганда улар кам кўринади, умуман уларни йўқ деб ҳам айтиш мумкин… Қизиқ, бу ҳақда қандай гап эшитгансиз, жаноб инспектор?
— Йўқ, бу ҳақда бирор тайинли гап эшитмаганман десам бўлаверади, — иккиланиб деди Кўккўз, бошлиқнинг Магеллан устунларининг йўқлиги ҳақидаги ишонч билан гапирган гапларидан сўнг.
— Унда мен сизнинг бу борадаги саволингизга тўлиқ жавоб бердим деб умид қиламан, — деди бошлиқ. Кейин ўрнидан туриб, титраб: — Денгизни долғаланаётганини пайқадингизми? Юринг, кулбага қайтайлик, акс ҳолда ёмғирда қолишимиз мумкин…
Кўккўз ўрнидан турди ва бехосдан денгизга қаради: оролнинг кўринадиган қисмини айланиб чиққан баржа энди унинг кўринмайдиган иккинчи ярмига ўтиб кетганди…
Оқшом қўшни хонада уйқусизликдан азоб чекаётган Кўккўз дераза ташқарисида рўй бераётган шовқин-суронни ва кулба ичидан аллакимнинг минғирлаганини эшитди. Даҳшатли горилла икки марта шу ўртадан югуриб ўтди. Кейин шов-шув сусайди, меҳмон генерал Денгизхоннинг хизматкорини койиб танбеҳ бераётганини эшитди.
— Мени тинч қўясанми-йўқми, — қичқирди у. — Доим менинг ишларимга аралашасан, иркит махлуқ! Инсон ҳаётини тушунадигандек кўрсатма менга ўзингни. Ё, сени ҳибсга олишимни хоҳлаяпсанми? Мен сени маймунлар устингдан кулиши учун қафасга солиб қўйишим мумкин.
Бироздан сўнг бошлиқ ўзининг жаҳлидан тушиб, сипороқ оҳангда давом этди: — Мен сенга оролнинг бошқа ҳайвонларидан кўра кўпроқ ҳуқуқ ва эркинлик бердим. Бу етарли эмасми? Сен янада кўпроқ нарса хоҳлайсанми? Хўп, бунга эришдинг ҳам дейлик, сен бу эркинликни нима қиласан, ҳеч бу ҳақда ўйлаб кўрганмисан? Сен ўзингни ҳайвоний анархизминг билан нарсаларнинг оқилона тартибини бузасан, тушунаяпсанми? Энди кўзимдан йўқол!
Бунга жавобан хизматкор, эмраниб, нималардир дея ғўлдиради. Хўжайин уни гапини бўлиб:
— Кет, мен энди ухлашим керак, — деди.- Эртага мен янги иш учун уйғонишим керак. Сени бемаза юзингни кўрмаслигим учун, кўрпанг билан уни беркитиб ёт.
Эҳтимол улар яна давом этишгандир, аммо чарчаган Кўккўз қолган гапларни эшита олмай ухлаб қолди.
Эрталаб уйғонганида кулбада ҳеч кимни топмади, дераза ортида ҳайратланарли даражада тунги ёмғир билан ювилган орол қуёши чарақлаб турарди.
Бугун жуда муҳим кун, — ўйлади Кўккўз, — мустақиллик қўлга киритилган бу кун ахир.
У чамадонидан пальтосини чиқарди, ахир инспектор байрамда ўз мавқейига яраша кийиниши керак. Давлат герби билан безалган мундир бироз каттароқ бўлиб чиқди. У кароватга ётиб, думини юқорига кўтариб, узоқ вақт давомида қулай ҳолатни қидирди, сўнг пальто остида думни боғлаб яшириш мумкинлигини илғади. Шундан сўнг, у кулбадан чиқиб таниш тўқай бўйлаб қирғоққа олиб борадиган йўл бўйлаб юрди. Меҳмонни яқинлашаётганини сезган маймунлар кечаги бачканаликларини давом эттириш учун ёнғоқлар билан қуролланишди, бироқ оқ кўйлак ва пальто кийган Кўккўз билан юзма-юз бўлишгач, бироз анграйиб қолишди. Сўнг ҳаммалари дарахтдан дарахтга сакраб, узоқ вақт унга тикилишди ва ахийри қийқира бошладилар.
Кўккўз аввалига уларга эътибор бермай олдинга юрди, у хижолат бўлар, асабийликдан елка қисарди. У маймунлар унга ёнғоқ отишидан чўчиб, ҳар дақиқа уларга жилмаяр ва бир нарсадан жуда афсуслангандек хўрсинарди.
Маймунлар унинг ҳийласини тушунишди ва барчалари маслаҳатлашиш учун баобаб дарахтига шохларига ғуж бўлиб йиғилдилар. Улар турли хил юз ифодалари, панжа ва думлари билан бир-бирларига ҳар хил ишоралар қилардилар, ахийри уларнинг пешонасини оқ тук қоплаган мўйнали катта маймун панжаси билан дарахт шохини уриб, унга итоат қилишни буюрганида, ҳаммалари жим бўлиб қолдилар. У оҳиста, имо қилгандек гапирди, барча маймунлар унга бош ирғади. Улар Кўккўзни баобаб дарахти яқинига келишини кутиб туришди, у дарахт остига яқинлашганда, оқ маймун унинг олдига сакраб тушди. Кўккўз нимадир қилишга улгурмади, маймун уни бўйнига сакраганда икаласи ўтлоқ узра думалаганча йиқилиб тушди. Агар хўжайин хизматкорининг қичқириғи бўлмаганда ҳаммаси қандай тугаши номаълум эди. Горилла югуриб келганида маймунлар бир зумда ғойиб бўлиб, ўзларини дарахтлар барглари орасида олишга улгуришди. Кўккўз хижолат бўлиб ўрнидан турди ва пальтосини ечиб горилла олдида изза бўлганча туриб қолди. Горилла йўл бошлаб, уни хўжайин томонга элтиш учун югургилаб кетди. Кўккўз унга эргашиш учун бор кучини сарфлашга мажбур бўлди, чунки у жуда тез ҳаракат қиларди. Бу ноқулайликка қарамай, меҳмон бу сафар йўлбошчи хўжайин эмас, балки хизматкор маймун эканлиги боис ўзини анча хотиржам ва қулай ҳис қилди. Улар олдиларидан катта тош қоялар чиққунча деярли югургудек йўл босиб келишди.Кўккўз қояга яқинлашгагда, қоятошда алланиманидир чизаётган бошлиқни кўрди. Диққат билан назар солинса, орол эгаси мармар юзасига анча тартибли ҳарфлар қаторини анчадан бери ўйиб юрганлигини кўриши мумкин эди. Шошқин йўловчиларнинг ҳансираган овозини эшитган генерал Денгизхон ўғли иш жойидан бошини кўтарди ва пальто кийган меҳмонни қарши олди:
— Хайрли тонг, инспектор! Сизни мустақиллигимиз куни билан табриклайман! Ушбу бахтли кунни дўстона даврамизда қаршилаётганимиздан хурсандман.
— Орол устига Ватанимиз байроғини кўтаришимиз керак, — деб ғўлдиради Кўккўз ва гориллага хавотир билан қаради, у маймунлар билан бўлган саргузаштларни генерал Денгизхонга айтишини истамасди.
— Ҳа, байроқ ҳақида мутлақо ҳақсиз, — деди мезбон. — Лекин мен мустақиллигимиз кунида халқаро ишларни мураккаблаштиришни хоҳламасдим. Ҳозирча Сенатнинг оролни метрополияга қўшиб олиш тўғрисидаги расмий қарори йўқ, шунинг учун биз фақат бу кунда милтиқлардан кўкка ўқ узиш билан чекланамиз!
— Бу ҳам мантиқан тўғри, — рози бўлди Кўккўз ва бошлиқнинг хизматкорига яна бир бор қараб тинчланди. У ўт устида ётганча, оғзидан кўпик чиқариб оғир нафас оларди.
— У ўзини шу тариқа тутади доим, — Кўккўзнинг кўзларини тутди бошлиқ. — Эй, ўрнингдан тур, кет бу ердан.
Буйруқдан сўнг, хизматкор буталар орасига сингиб ғойиб бўлди. Икалалари ёлғиз қолишгач, бир-бирларининг байрамона либосларига қараб мамнунлик билан қойил қолишди.
Кўккўзнинг қаршисида турган бошлиқ янги формада, ён томонида қилич дастаси кўриниб турган ҳолда, кўксида медаллар билан ниҳоятда қаттиққўл ва таъсирчан кўринарди. Генерал Денгизхон ўғлининг қўлларида оқ қўлқоплар ва кўксидаги ёрқин қизил мато билан бинафшаранг аралашган орденлари унга ўзгача салобат бахш этиб турарди. Бу номаълум медаллар унинг ғалати ташқи кўринишида ҳам қандайдир инсоний қиёфа бахш этарди.
— Кўряпман, сиз муҳим ишлар билан бандсиз, — деди Кўккўз, қоядаги ёзувларни кўздан кечираркан, гарчи уларга қараб ҳеч нарсани тушунмаса ҳам.
— Ҳа, булар жуда муҳим, шунчалик муҳимки, ҳатто байрам кунлари ҳам ишлашим керак! — деди генерал Денгизхон ўғли.
Бошлиқ унга қизил мармардаги улкан ҳарфларни кўрсатаркан деди:
— Мана, кўряпсизми, мен деярли оролдаги бутун умримни шу ишга бахш этдим.Сохта камтарликни йиғиштириб қўйиб, мен бу ҳақда сиздан сўрамоқчиман, бу ҳақиқатан ҳам жуда таъсирли, шундай эмасми?!
— Ҳа, бу ҳурмат уйғотадиган томоша, — деди меҳмон бироз бемаънилик билан, гарчи у бу ишни маъно-мазмунини ҳали ҳам тушуниб етгани йўқ эди. У бу санъатга иккинчи ва учинчи бор тикилиб қарагач, унинг қандайдир алоҳида ўзига хослигини ўзича эътироф этган бўлди.
— Бу жуда чуқур нарсага ўхшайди, — деди меҳмон.
— Сиз мутлақо ҳақсиз! Бу император қамоқхонаси тўғрисидаги қонун!
У меҳмоннинг юзида акс этган ҳайратни кўриб қўшимчасига давом этди: — Шундай, бу қамоқхона қонуни, бу тартибни сақлашни асосий қонунлари, ва қамоқда сақлаш жойлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Ўз-ўзидан бундай эшитилган ва кўрилган нарса меҳмонни
ҳайратлантириши керак эди, ахир қамоқхона ҳақидаги қонунларни улкан тошларга ўйиб ёзиш осон иш эканми?! Кўккўз бу борада сарфланган меҳнатнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида алланималар деб ғўлдиради, бироқ генерал Денгизхон ўғли унинг гапини бўлиб:
— Биласизми, жаноб инспектор, мен баржада сақлаб юрган қонун китобларининг юз нусхаси ҳам номаълум шароитларда аста-секинлик билан ғойиб бўлди, шунинг учун мен ушбу қоятошларда низомни бутун матнини қайта тиклашга қарор қилдим. Нега дейсизми?! Биринчидан низом пигмей маҳбуслари ҳаётининг асосий қонунларидир, унда ҳатто энг арзимас вергул ҳам ажойиб мазмун ифода этади. Умид қиламанки, буларни сизга тушунтиришим шарт эмас.
— Тўғри, — дарҳол рози бўлди меҳмон. -Аммо нечун айнан мармарга ўйиб ёзаётганингиз қизиқ.
— О, бу ростдан ҳам қизиқ савол! Маҳаллий йўлбошчилар асирликда бўлганида, улар учун қонун кичик бир китоб чегарасида бўлиши кифоя эди. Яъни, улар эга бўлган энг кам эркинлик бу — берилган нарсаларни тановул қилиш, ухлаш ёки бедор туриш, ҳукм сўнгини кутиш, мавжуд бўлиш ва яшаш эркинлигини танлашдан ортиқ ҳеч нарса сўрамасдилар. Энди ҳаммаси ўзгарди. Шунинг учун қонун ҳам энди уларнинг кўз ўнгида улкан нисбага кўтарилиши лозим, буни қонунни жисмонан чўзиш орқали амалга ошириш лозим. Қонун Домокл қиличи** каби улар устидан ҳукм юритиши керак. Агар маҳбуслар айланиб юрганида қоятошларга назар солса, дунё тартиботи ва тартиб-интизомга ишончи ортиши керак, агар бундай бўлмаганда, мен шунча куч сарфлаб умримни бу машаққатли ишга сарфламаган бўлардим… Бошқача қилиб айтганда жаноб, кичик бир эркинликни бошқариш учун унда кичик қонун ҳукмронлик қилиши кифоя, катта эркинлик учун эса катта қонунлар керак.
Албатта мен қамоқхона бошлиғи сифатида шундоқ ҳам етарли обрўга эга бўлишим мумкин, аммо метрополия томондан тўсатдан текширув келса, бунда ҳам шошиб қолишни истамасдим. Ўйлайманки бу жой мазкур тош оролнинг асосий диққатга сазавор жойларидан бири сифатида сизни идорангизга етарлича қизиқиш уйғота олади деб ўйлайман. Ахир бу ерда ҳайратга тушадиган нарса бор. Бу — ақл ва қўлнинг ўжарлик билан амалга ошираётган сабр ва жозибасидир…
— Ўжарлик борасида мутлақо ҳақсиз, — деди меҳмон мезбоннинг гапини қўллаб-қувватлаб.
— Мана мен бутун бошли хатбошини деярли тугатдим ва энди фақат битта вергулни, фикрни тўғирлаш керак бўлган белгини сайқаллаш билан бандман. Кейинроқ, янги куч ва қувват билан яна давом этаман. Хўш, сизнинг бу борада фикрингиз қандай? Мана шу оддий вергул учун мен бир ойдан бери курашдим, чунки бу жойда мармар жуда қаттиқ эди, лекин мен охир-оқибат синдиришга муваффақ бўлдим. Энди мен бу вергул ўрнидаги зўрға тирналган жойдан кейин яна давом этишим керак. Лекин сиз бу матнни вергулсиз ўқиб кўринг, унда бошқа маъно, вергул билан ўқиганда эса бошқа маънони тушунасиз.
Қамоқдан қочганда жазо, отув йўли билан амалга оширилади дейилганда бу ерда вергул қонун руҳини талқин қилишда улкан роль ўйнаётганини кўраяпсизми?! Ёки мана бу, қўриқчига қилинган ҳужум ҳақидаги бандни олинг, бу ерда вергул бундай ҳолда маҳбусни ўлим жазоси кутишини тушунтиради. Вергулни ёпганимизда эса, матн ўзга маъно касб этади. Яъни худди шундай қилмишингиз кечирилади деган ифода билан маънони чалкаштириб юборишингиз мумкин.
Агар судья сизни афв этиши керак бўлса, у шунчаки кўзларини бу ерда вергулга тикмайди, аксинча ҳолатда унга таянади. Шу боис оддий шу кичкина қовурға саналадиган вергул одамлар тақдирини ҳал қилишда улкан аҳамият касб этишини унутмаслик лозим. Дарвоқе қонунда вергулнинг роли ҳақида шоҳимиз Дунёшоҳнинг йилномаларида ҳам сўз юритилган. Тўрт юз йил олдин ёзилган бу матнларни мен тасодифан ўқиб ҳайратда қолдим. У граматикага зид қонунларини тузар экан, вергулни шаҳардан кейин эмас, қишлоқдан кейин, ўзининг жоҳилона ўрнида туриши керак бўлган жойга қўйди. Қонун оталаридан бири бу бемаъниликка эътибор қаратишга журъат этганида, бизнинг Дунёшоҳ унга тахминан шундай деди: — Мен бу ерда вергулни қолдираман. Бу ўз навбатида муҳокамалар учун сабаб бўлиб, бизнинг демократик анъаналаримизни янада ривожланишига қўл келди. Қаранг қанчалар донолик бу! — деди генерал Денгизхон ўғли. — Мана сиз ҳаракат қилиб кўринг, мен тирнаган вергулни ҳам ўрнидан кўчириб бўлмайди. Бу бизнинг ҳозирги мустақиллигимизни инкор этиш билан ўзгартириб бўлмагани каби буни ҳам ўзгартиролмайсиз, шунга қарамай мен уни ҳали тўла-тўкис якунига етмадим. Бу ҳали ҳаммаси эмас тақсир!
Ушбу қонунда худди шу низомни бир қанча бошқа бандлари томонидан рад этиладиган қатор бандлар мавжуд. Яна бундан ҳам қизиқроқ нарсани айтайми?! Бу қонунда шундай моддалар борки, унинг биринчи ярми худди думини ютадиган илон каби иккинчи ярми томонидан инкор этилади… Мен сизнинг юзингизда бироз довдирашни кўраяпман, хотиржам бўлинг жаноб, булар қонунни эркин талқин қилиш учун жуда муҳим саналади! Сиз судья қонунни ўз йўналишига кўра талқин қилади дейишингиз мумкин, лекин рад этилган бандлар-чи, бунга имкон бермайди-ку?! Мени кечирасиз, — кутилмаганда генерал Денгизхон тушунтиришларини ниҳоят тўхтатди. — Мен сизни жуда чарчатиб қўйган кўринаман. Буларни барчасини тинглаб туриш кимга ҳам маъқул бўларди. Юринг, пастга тушайлик!
Пастга тушишда бошлиқ, меҳмонга ёрдам берди ва буталар томон қичқирди:
— Эй, ахмоқ!
Шунда хизматкор горилла айбдор нигоҳ билан унинг олдига судралиб чиқди, унинг қоядаги бутун суҳбатни тинглагани аниқ бўлди.
— Тўдангиз билан баржага боринг, уни банан билан тўлдириш вақти келди!
Хизматкор итоаткорлик билан тўқай томонга йўл олди, у йўл-йўлакай новда ва буталарни синдириб борарди, кўп ўтмай ўрмон ичидан унинг чинқириғи янгради…
Генерал Денгизхон ўғли кечгача қоядаги вергулни ёзувга мослаштириш учун тинмай ишлади. Кўккўз бу борада унга ёрдам берди. У бошлиқни қўлидан иш асбоблари пастга тушиб кетганда, у ердан уларни олиб келиб берар, сув олиб чиқар, нафаси сиқиб тепага чиқар ва пастга тушарди. Генерал Денгизхон ўғли вақти-вақти билан томоғини намлаш учун сув ичар ва камарда ўзини ушлаб турарди.
Кўпинча иш оралиғида меҳмон ярим кўзлари билан аллақачон ўйилган моддаларни ўрганар ва улардан ҳайратланарли даражада саводхонликни топарди, матнда бирор зерикарли имло хатоси учрамасди. Аммо бошлиқнинг саводи ҳаминқадар эди. Кўккўз бу ҳақда ҳайратини билдирганда, у ғурурсиз жавоб қилди:
— Нега ҳайрон бўласиз тақсир, ахир менда кучли хотира бор. Бунинг учун қонунни бир неча бор варақлашимни ўзи кифоя эди. Оғзаки тартибда буларни эслаб қолишимга шуни ўзи етарли. Йўқ, мен ёзилганларни маъносини ўрганишга уринмайман — бу фойдасиз машқ. Маҳбуслар билан ишлашда мендан нима талаб қилинишини билиш учун менинг тажрибамдан маълум. Иттифоқо, низом ва қонунлар ўз-ўзидан яшайверади, мен ҳам яшайман, демак бизнинг манфаъатларимиз бир-бири билан чамбарчас боғланган. Ҳа, ҳаммаси шундай жаноб инспектор…
У бу гапларни ишни тугатиб улар пастга энаётганда айтди.
— Энди эса, — деди генерал Денгизхон ўғли меҳмонни тирсагидан тутиб, мундиридан мармар чангини қоқаркан, — сайр қилиш вақти келди.
Кўккўз унга хавотир билан боқиб сўради:
— Уйга қайтишга шошилсак яхши бўларди. Мустақиллигимиз кунида ҳар хил тукли махлуқлар билан юзма-юз бўлишни истамасдим.
— Тўғри айтасиз, — рози бўлди мезбон.
— Мен сизга айтсам, — деди Кўккўз, — ўша ғайриинсоний горилладан кўра, маҳаллий бошлиқлардан бирини ўзингизга хизматкор қилганингиз афзалроқ.
— Мен сизнинг бу жуда қизиқарли бўлган таклифингиз ҳақида ўйлаб кўраман, — деди бошлиқ.
Улар тўқай бшйлаб то қирғоққа етгунча, бошқа фикр алмашмадилар. Атрофда ҳайратланарли сукут ҳукм сурарди, гўё орол сукунат қўйнига ғарқ бўлганди. Бу маймунлар ҳам бузишга журъат эта олмайдиган мустақиллик байрамининг тантанали сукути эди.
— Менга айтишди, жаноб, сизга тасқара маймун ҳужум қилибди, — ғўлдиради генерал Денгизхон ўғли.
— Майли, бунга эътибор қаратиб ўтирманг, — жавоб қилди Кўккўз, бошлиқнинг маймун хизматкорини гап етказганидан ранжиб.
Аммо бу шармандали воқеани у қачон айтган бўлиши мумкин?! Ахир у кун бўйи уй эгасидан узоққа кетгани йўқ, гарчи горилла энг яқин буталар орасида яширинган бўлса ҳам, унинг қулоғига сезилмас даражада шивирлай олмайди. Балки хўжайин ва хизматклри меҳмонга тушунарсиз имо-ишоралар тилида гаплашар?! Эҳтимол уларнинг махфий алифбоси бордир, бу иркит жўн билан қопланган махлуқ генерал Денгизхон ўғлига оролда содир бўлаётган барча нарсалар ҳақида ўзларига маълум тил орқали хабар бериб турар?! Кўккўз бу топишмоқ устида бош қотираркан, улар қирғоқ бўйига келиб қолишганини кўрди. У ердан димоқда сув ўтлари ва балиқ ҳиди уриларди. Меҳмон у ерда қандайдир оддий ёғочдан ишланган шабадада тебранаётган икки ғилдиракли узун текис тахта турганига кўзи тушди.
— Оролнинг яна бир диққатга сазовор бўлган бу жойи ҳақида ҳам ёзсангиз сайёҳлик идорангиз учун ҳам кўп фойдали бўлар эди, — деди генерал Денгизхон ўғли мулойимлик билан меҳмонни тирсагидан тутаркан, уни ғижирлаган тахта тарафга элтди. Ортиқча саволларни кутмасдан генерал Денгизхон ўғли шундай тушунтириш берди: — Мен буни маҳаллий раҳбарлар озодликка эришган тақдирда ишлатишлари учун ўйлаб топганман. Башарти буни бу ерга ташриф буюрувчилар кўнгил очишда ишлатиши мумкин бўлади.
Ахир бу пигмейлар ҳеч нарсага арзимайди, шундай эмасми?
— Тўлиқ қўшиламан, — деди Кўккўз, хўжайин қўлидан тортиб тахта устига чиқишга таклиф қилди. — Илтимос, қизиқишларингизни чекламанг, бемалол.
У меҳмонни тахта устига чиқишини кутиб турди, Кўккўз бироз чайқалиб, думи туфайли эҳтиёткорлик билан юрди.
— Мен уни ишга тушираяпман! — деб бирдан бақирди бошлиқ ва меҳмон эътироз билдиришга улгурмай нимадир уни зудлик билан чертиб юборгандай бўлди. Кўккўз тахтадан отилқиб, ҳавода чирпирак бўлганча бир зумда қирғоқ чизиғидан учиб ўтди ва тўғри бориб денгизга тушди.
У қичқириб юборди ва аммо бу қўрқув фарёди эмас эди, уни сув тўлқинлари ютиб юборди. Кўккўз атрофида жимлик сукутида балиқлар сузиб юрганини кўрди. Бу Кўккўз излаган ўша бахтиёр сукунат эди.
Ҳали денгизга унча ўрганмаган Кўккўз сувдан бошини чиқариб икки дақиқа нафас олди, лекин кўп ўтмай ўзининг асл ҳолатига қайтиб, нафас олиш борасида бошқа қийинчилик туймади. Яқин атрофда ов қилаётган делфинлар уни кўриб Кўккўздан нарироққа сузиб кетишди. Кейин эса унинг пальтоси орасидан думини кўришгач, делфинлар эски танишини таниб, унга яқинроқ келишди. Уларнинг ўйноқилиги Кўккўзга бироз таъсир қилди, у ҳатто қуёш нурлари остида улар билан сув устида катта сакрашлар қилди. Бу вақтда бошлиқ, қирғоқда хотиржам ўтириб унинг қандай қилиб сувдан ташқарига чиқаётгани ва яна тубсизлик қаърига шўнғиётганлигини пайқади.
— Йўқ, — деб ўйлади бошлиқ, гарчи бу пайтда унга ҳавас қилаётган бўлса ҳам — одамнинг мижози денгизга эмас, ерга яқиндир. Ҳа, айнан тупроққа…
Дельфинлар билан сузаётган Кўккўз денгизда абадий қолиш-қолмаслигини аллақачон ўйлаб, сўнги шубҳаларини миясидан қувиб чиқараётганди. Унга катта таъассурот қолдирган император инспектори роли Кўккўзга орол эгасини сабр-тоқатини синаб кўришга имкон бермасди.
— Агар мен тўсатдан ғойиб бўлсам ва қайтиб келмасам, бошлиқ бундай зарбага бардош беролмайди. Ахир мен унинг барча хаёлларини, оролдаги ҳаётини тартибга солиш бўйича барча режаларини ва барча орзуларини бузиб қўйманми бу ҳолатда, — деб ўйларди у. — Бу мен унга нисбатан ғайриинсоний бўларди. Яна мустақиллик кунидай тантанали кунда ўзимни бундай тутишим бошлиққа хиёнат қилиш билан бирга унга нисбатан икки баробар ғайриинсонийликдир…
Шу боис у қирғоқ томон сузди. Маҳбуслар ўтирган баржа, генерал Денгизхон ўғли ўтирган жойга яқинлашганини кўрди. Кўккўз ва сузаётган қамоқхона бўлган баржа бир впқтнинг ўзида бошлиққа яқин боришди. Генерал Денгизхон ўғли саёз сувдан бир неча одим отиб, баржага эпчиллик билан чиқиб оларкан, меҳмонга қичқирди:
— Ахмоқона бу воқеа учун афв этасиз! Ўйлайманки, баржадаги ёқимли саёҳат сизнинг аччиқланишингизни кеткизади. Илтимос, баржага чиқиб бизга қўшилинг.
У кемада энгашиб, Кўккўзни баржага чиқишига ёрдам бермоқчи бўлди. Лекин қўллари ҳавода муаллақ қолди. Кўккўзни баржага чиқишига оқимга ўхшаш аллақандай номаълум куч йўл бермади.
— Хўш, нега бундай қилаяпсиз? — генерал Денгизхон ўғли қўл узатиб эпчиллик билан уни ўзига чорлади. — Бундай кунда сиз ва бизнинг қиладиган ишларимиз бор. Тезроқ менинг олдимга чиқинг, банан тарқатишни бошлаймиз, жаноб инспектор…
Ўйлаб кўринг, улар ҳали сизни кимлигингизни ҳам билишмайди, мен сизни уларга хайрия жамиятидан деб таништиришим мумкин.
Бошлиқ меҳмон нега унинг баржасига чиқмаётганидан қаттиқ хижолат тортаётганди. У билмасдики, Кўкўз қўлидан келганча, у томон ҳаракат қилмоқда, лекин оқим уни сувдан чиқармаяпти.
— Сиз пигмейлар учун банан ейиш қанчалик қувончли эканлигини билсангиз эди, — дерди бошлиқ. — Ахир улар одатда сувда сузадиган нарсаларни, сув ўтларию ўлик балиқларни ейишади. Аммо биз уларга ўзгача ҳашамат тлртиқ этаяпмиз. Ахир бу улар учун ҳақиқатан ҳам шаҳона таом!..
Генерал Денгизхон ўғли уни ниҳоят мундиридан ушлаб, палуба томон тортди, аммо сирғанчиқ думи яна бунга халақит берди.
— Албатта, — унга ваъда берди Кўккўз, — мен бу борада сизга ёрдам беришга йўқ демайман.
Зеро, Кўккўзга расмий инспекторликдан кўра хайрихоҳлик кўпроқ ёқарди. Меҳмонга ўрнак бўлиш учун генерал Денгизхон ўғли ғуж бананлардан бир дастасини олиб ҳийла қилиш учун баржа учига бориб уни пигмейларга кўрсатди.
— Тақсир, муқаддас битиклардан ўқиб, руҳингизни тозаловчи бирор сўз айтганча, уларга бананларни ирғиатасиз. Мана шундай, — у бананларн маҳбуслар оломони томон ташлаб, минғирлади: — Инсон фақат нон билан яшамайди.
Маҳбуслар Худонинг инъоми бўлган бананларни олиш учун қўлларини кўкка чўздилар. Улар тиллари билан тамшаниб, бурунлари билан мева ҳидини туйиб, унга човут солдилар, бироқ бананни энг новча маҳбус биринчилардан бўлиб илиб олди.
Шов-шув сурони ичра, ҳаммалари уни ҳасад ичра лаънатладилар.
— Хўш, энди баржага чиқа қолинг жаноб, — бошлиқ Кўккўзни яна бир бор таклиф қилди ва шу ўртада банан ғужумларидан бирини тўймас оломон ичра ташлаб қўйди.
Лекин шу лаҳзада қандай шармандалик юз берди: у тўсатдан кема устида қалқиб бананни сиққанча кема ичига очилган ўрадан ичкарига қулади. Кўккўз уни ўзи яратган қамоқхона ичида ўралиб қолганини кўрганида, генерал Денгизхон ўғли уни бекорга бунчалик жидду-жаҳд билан баржага чиқишга таклиф қилаётганини бутун маъно-мазмунини тушунди. Генерал Денгизхон ўғли ўзини озод қилишга уриниб кўрди, лекин уни қайишлар маҳкам ушлаб, ўзини денгизга отишига, баржанинг четини маҳкам тутиб олишига тўсқинлик қилди. Кўккўз уни тузоқдан озод қилиш учун у томон шошилди, унга ёрдам беришни хоҳлади, лекин оқим уни қўйиб юбормади, генерал Денгизхон ўғлининг энди бутун умиди фақат хизматкори — горилладан эканлиги аён бўлди.
Янги маҳбус ўзини озод қилишни сўраб қўлларини яшил рангга айланган горилла томон чўзди, маймун ҳам эгаси томон югурди, унинг панжалари палубага тегиши билан у ҳам қўлга олинди — у генерал Денгизхон ўғлига талпинганда қафас очилди ва маймун унга кириши билан қамалди. У панжалари билан уни суриб очмоқчи бўлди, лекин эплолмади ва итоаткорона ўтирди. Горилланинг сўлғин нигоҳида хўжайинга ўзидан ҳам кўра кўпроқ ачинганлиги кўриниб турарди. Маймун ҳам асирга олинганини кўрган генерал Денгизхон ўғли маҳбуслар оломонига маъюс термулди. Генерал Денгизхон ўғлини қайишлар билан маҳкамроқ сиқиб, қамоқхона ичига тезроқ тортиб олишди.
Генерал Денгизхон ўғли ўзининг улар каби эмаслигини унинг ўз илоҳи, ҳуқуқлари ва ўз тушунчалари борлигини уқтириш учун уларга бақиргиси келди, амма бадтар сиққан камар унинг дадиллигини кесиб, фақат овозининг ғўлдирагани эшитилди холос…
Бу шарафсиз воқеанинг ягона сабаби ўша банан васваси эди. Энди пигмейлар унга қандай муносабатда бўлишини ҳеч ким билмайди
Кўккўз-чи?! У буларни барчаси ўз кўзи билан кўраркан, генерал Денгизхон ўғлига ёрдам бериш ўта қийин юмуш эканлигини тушунди. Уни оломон орасидан топиш ва камарлардан халос қилиш учун ким ҳам бу тақдир қафасига ўзини ташларди. Яна унинг хизматкори билан бирга халос қилиш лозим, чунки улар бир қафасга қамалган. Йўқ, бу жуда қалтис ва муаммоли, қолаверса оқим уни энди қўйиб юбориши даргумон. Кўккўз сўнги бор делфиндек хириллаб — улардан ажралиб туришнинг иложи йўқ эди — океан тубига ғойиб бўлди, у сувнинг тўлқинлари узра сузиб кетди, шунда ҳамма нарса туйқус зулматга чўмди, ҳамма нарса чуқурроқ ғайритабиий ҳаётга сингиб кетди…
Делфинлар Кўккўз абадий ғойиб бўлган жойни синчковлик билан айланиб чиқишди, кейин уни тезроқ унутишлари учун очиқ денгизга сузиб кетишди. Делфинлардан бирининг кўзи кўк эди…
1987.
Рус тилидан Шерзод Комил Ҳалил таржимаси
Таржимон изоҳлари:
*Пигмейлар - Африканинг экваториал ўрмонларида яшовчи қора танли кичик негрилли халқлари одамлари.
** Домокл қиличи — Сиракузалик тиран Катта Дионисий(мил.авв.V-аср охири) одамлар ичидан бир кунлик тахтни эгаллаш учун Домоклга имкон беради. Унга хушбўйликлар сепилиб, айтган ҳар бир нарсаси бажарилади. Базму-жамшид ва фаровонлик муҳайё этилади. Ҳашамат ва хурсандчиликдан қувноқ бўлган пайтида Домокл тўсатдан отнинг ёлига осилган қинсиз қилични кўради ва фаровонликнинг хаёлий табиатини англайди. Дионисий унга шу тариқа ҳокимиятга эга бўлган одам доимо ўлим ёқасида яшашини кўрсатади. Мажозий маънода бу зоҳирий фаровонликка эга бўлган одам устидан доимий таҳдид борлигиги англатади. Цицерон(мил.авв.106-43)нинг «Тускулан суҳбатлари»да домокл қиличи ҳақида шундай эслатилган.