Таниқли шоир ва ёзувчи Шерзод Комил Ҳалилнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Холдор Вулқон билан суҳбати.
Шерзод Комил Ҳалил: — Холдор Вулқон ўзини қандай ижодкор деб ҳисоблайди? Айтмоқчи бўлганим, ижодингизда поэзия ва наср, адабиётшунослик ва публицистика параллел бир оқим ўлароқ намоён бўлади. Ўзингиз бунга нима дейсиз?..
Холдор Вулқон: — Одам ўзини инсон қадами етмаган, кўз илғамас юксакликлардаги ижодкор деб хисоблаши ҳам мумкин.Лекин ҳар бир ижодкорга адолатли баҳо берадиган юксак дидли адабиёт муҳлисларининг руҳи, шуурида ростгўй, шаффоф, теран ва ўта бешафқат бир кўзгу борки, у кўзгуни асло синдириб, ё алдаб бўлмайди ва ўша кўзгу ижодкорнинг ҳохиш иродасига том тескари бор ҳақиқатни беғамгина акс этдириб тураверади.
Менинг арзимас ижодимдаги параллелликларга келадиган бўлсак, тўғриси, мен бу ҳақда ҳеч қачон жиддий ўйлаб, бош қотирмаган эканман. Ғайбдан келгувчи сирли илҳом нимани ва қайси жанрда ёзишга буюрган бўлса, ўшани тасратиб ёзаверганман. Бошқа ижодкорларда бу жараён қандай кечади, билмайман. Аммо мен ҳеч қачон қўл чиқиб кетмасин учун ўзимни мажбурлаб, шунчаки қоғоз қоралаган эмасман. Илҳом деган илоҳий тошқин келган маҳал қирғоқларини қўпориб оқувчи талотумли дарёга тушиб кетган одамдай оқим бўйлаб оқиб кетавераман, то бирон қирғоққа урилиб, тўхтамагунимча.Ёзавераман, ёзавераман, гўё мени кимдир ёздираётгандай, ихтиёримдан чиқиб, бўйсунмай қўйган қўлим қаламнинг давомига айланиб қолади гўё.Мен асосан ўзим учун ёзаман. Яхшироқ нарса ёзолсам, шундай ҳолатга тушаманки, у ҳолатни мен бу дунёда ҳеч нарсага алишмайман. Баъзан ўз ёзган нарсаларимни ўқиб; — шу нарсани мен ёздимми? -дея ҳайратланаман ҳам. Мен манашу Худо берадиган оний, илоҳий жазбанинг қулиман, шу жазба учунгина ёруғ дунёда яшайман. Ким билади, балки бу сирли жараённинг юзага чиқишида муттасил ўқиш ва машқларнинг мунтазамлиги ҳам ўз ижобий таъсирини ўтказгандир.Ёшлигимда жуда кўп китоб ўқирдим. Дадам раҳматли менга Фурқат, Муқумий, Завқийларнинг китобларини олиб келиб берганлар. Уйимизда иссиқхона -парник бўлар, узун қиш кечалари мен ўша парникдаги печкага кўмир қалаб, ўт ёқардим. Гўлахи эдим. Осуда жимлик ҳукмрон парникдаги чироқ ёруғида дадам совға қилган китобларни мароқ билан ўқирдим. Айниқса, Гулҳанийнинг «Хапалак» номли шеъридаги: «Қўлини қум била ювиб, юзига суртар гувалак» деган мисраларини ўқиб, кулиб, қотар эдим. Қишлоғимизда оқ сариқдан келган, юрса, бироз оқсоқланиб одимлайдиган, қийиқ кўзлари кулганда кўринмай кетадиган Қобилжон ака деган одам бўлиб, қишлоғимиз кутубхонасини бошқарар эдилар. Қутб жимлиги ҳукмрон ўша кутубхона менинг энг севимли муқаддас узлатгохим, қароргохим эди. Ёлғизликни жимликни севар эдим. Ўша кутубхонадаги яхши китобларни уйга олиб келардимда, қайта топширмаслик учун уларни муқовасидан ажратиб, муқова ичига Карл Маркснингми, Лениннингми асарларини жойлаб, елимлаб, топшириб юборардим.Бу мудхиш жиноятимдан Қобилжон ака бечаранинг хабари йўқ эди.Мени қувонтирган нарса, ўшанда бутунлай бошқа китоблар муқоваси ичига Карл Маркс ва Лениннинг асарлари жойланганини комиссиялар хитлаб қолмагани ва маъсум гўдакдай бегунох, беғубор қалб эгаси Қобилжон кутубхоначининг қамалмагани, Сибирга сургун қилинмагани, отувга ҳукм бўлиб кетмаганлари. Қолаверса, менинг қалбимга руҳий хотиржамлик ва ҳаловат бағишлаб, «Китоб ва ошқовоқ ўғрилиги ўғрилик хисобланмайди» дея эски китобларда ҳам келади. Саволингда «публицистика» дебсан. Дарвоқе, мана, довдир қалам менга бўйсунмай, қоғоз саҳросида шиша ғарибидай, ширакайф майхўрдай гандираклаб, ўзидан ўзи ўша ёқларга қараб кетяпти. Мен аввал ижодимни (агар уни ижод деб бўлса) шеър ёзишдан бошлаганман. Маҳалламизда сочларини ўстириб, елкаларига тушириб юрадиган, бўйи унча баланд бўлмаган, оқ сариқдан келган, озғин, лекин юмалоқ юзли, қўйкўз, сталинча мўйлов қўйган ва кўксига Лениннинг суратини игнада туш билан чизиб олган, маишатни, май ичишни яхши кўрадиган, пойчалари сурнайга ўхшаш «клёш» шим кийиб юрадиган Олимжон Матмуродов деган рассом ва истеъдодли шоир бор эди.
Бошқаларга ўхшамайдиган, ноанъанавий ҳаёт кечирадиган у рассомга ва шоирга ғойибона ҳавас қилар эдим. Олимжон Матмуродовнинг чизган карикатуралари, ажойиб шеърлари туман газетасида пайдар пай чоп этилиб турарди. Унинг:
Мавсумий онларга эш бўлма юрак
деган мисрасини бот бот эслайман. Олимжон Матмуродовнинг юксак бадиий дидини юқоридаги мисрадан ҳам билиб олса бўлади. Афсуски шу бир мисрадан бошқа шеърлари ёдимда қолмаган экан. Велосипедининг рулидаги тўрхалтада бир ёки икки шиша вино доимо бирга юрадиган у дарвеш шоирнинг, хароботийнинг буюклигини мен ўша пайтлардаёқ англаб етганман. Туман газетасида биринчи шеърим элон қилинганда, (шеърим гарчанд талаб даражасида бўлмаса ҳам) у: «Яхши шеър ёзибсиз» дея мени муборакбод этганди. У шеър «Орзуларим» деб аталарди.
Орзуларим
Орзуларим самовот узра,
Қанот қоқиб, бўлингиз турна.
Парвоз қилинг Комунна тамон,
Юксак учган турналарсимон.
Тинчлик куйин сиз янгроқ этинг,
Курра узра янгратиб кетинг!
Ўша газетада чоп этилган шеъримни юз марта ўқиб ҳам тўймасдим, ҳаяжондан еру кўкка сиғмас эдим гўё. Кейинчалик Республика матбуоти саҳифаларида, газета журналларда туркум туркум шеърларим эълон қилиниб, китобларим нашр этилганда ҳам ўша туман газетасида чоп этилган миттигина шеър ҳаяжоничалик, туйғуни, ҳаяжонни бошқа ҳеч қачон туймадим, ҳис қилмадим.
Катта бўлгач, мен ўша дарвеш шоирнинг улфатига, шишадошига айландим. У вақтлар маст ҳолатда мотоцикл бошқариб, ўқдай учиб юрар эдим.Бир куни бирга улфатчилик қилиб ўтиргандик, Олимжон ака кутилмаганда : -Холдоржон, мен тамом бўлган одамман. Сиз ичманг, иложи бўлса, ичкиликни ташланг. Сиз ҳали адабиётда улкан ишларни амалга оширишингиз керак деган эди, ўзини ўзи танқид қилиб. -Э, Олимжон ака, ундай деманг -дедим мен, унинг кўнглини кўтариб. Шоир эса, авлиёдек ўзининг тамом бўлганини, бу дунёда узоқ яшамаслигини англаб етган экан ўшанда. Ростдан ҳам Олимжон Матмуродов узоқ яшамади. Қишлоғимиздан чиққан шундай буюк шоирни мастликда пичоқлаб қўйишди. Шоирнинг касалхонада жони узулди. Жойлари Жаннатдан бўлсин.
Кўплаб ижодкорлар фақат битта жанрда, ё насрда, ё назмдагина ижод қиладилар. Мен прозада ҳам поэзияда ҳам бирдай ёзавераман.Ҳар икки жанрда ҳам ўзимни денгиздаги дельфиндай ҳис қиламан. Ёзган чизганларим қай даражада эканига эса, адабиёт ихлосмандлари у ёки бу маънода ўз баҳоларини берар.
Шерзод Комил Ҳалил: — Сиз мансуб авлод адабиётга қандай мақсадлар билан келганди? Бугун улар ижодий камолотнинг қай босқичида етиб келишди? Сизнинг шу авлодга мансуб ижодкор сифатида бу борада ўзингизга қўйган баҳойингиз ва ўзингиз мансуб бўлган авлодга муносабатингиз қанақа?. Ижоднинг муайян давонида йилларни сарҳисоб қилиб айтганда, муайян муносабатлар шаклланиши табиий. Шундай эмасми?
Холдор Вулқон: — Мен ижодда қайси авлодга мансуб эканимни билмайман. Бу ҳақда ҳатто ўйламаганман.Чунки мен Андижонда яшаганман, ёзган чизганим эса, кўпроқ Тошкентдаги марказий нашрларда чоп этилар эди. Шоир ёзувчилар билан эса, кам учрашар эдим. Шоир ёзувчи дўстларимнинг айримлари ҳозир ҳам бор, айримлари бу фано тупроғини тарк этиб, уқбога, боқий дунёга кўчиб кетишди. Уларнинг ижодига муносабатим яхши.Барчалари буюк истеъдод эгалари. Эсдан чиқиб, номлари эътироф этилмай қолса, дўстларим ранжиб қолишларини истамаганим учун рўйхат келтиришдан тийилдим. Андижонда яшаб ижод қилаётган, Андижон Давлат Университетининг филология факультасида кафедра мудири бўлиб ишлайдиган истеъдодли шоир ва ёзувчи, адабиётшунос олим дўстим Ҳалим Карим билан Телеграм канали орқали салом алигимиз бор. Дўстимнинг умри узоқ бўлсин. Мен Ҳалим Каримнинг иккита ҳикоясини инглиз тилига таржима қилдим. Адабий қаҳрамонлари тирикдай, юксак дид билан ёзилган, жаҳон адабиётининг йирик вакиллари ёзган ҳикоялар билан бемалол беллаша оладиган бақувват, психоаналитикаси, яъни руҳий таҳлили теран ҳикоялар. Баъзан, вақт топилганда шунақа бадиий таржима билан ҳам шуғилланиб тураман ва кўплаб япон шоирларининг хайку ва танкаларини она тилимизга ўгирганим билан фахрланиб юраман ўзимча.
Шерзод Комил Ҳалил: — Шеърларингизга эътибор тортдиган инжа бир самимийлик, табиийлик бор. Тасвир ниҳоятда қуюқ, табиат пейзажини ниҳоятда оригинал бир нигоҳ билан чизасиз, бу шоирнинг санъаткорлиги билан боғлиқми, табиатга яқинлиги биланми, бундан қатъий назар шеърларингиздаги айни чоғда содда ва табиий самимият руҳи, зўриқишларсиз яратиладиган профессионализм ярқ этиб кўринади. Мен бу ҳақда ўйларканман, шоирнинг жаҳон шеъриятининг энг яхши анъаналарини пухта ўзлаштирганлигида(ахир сиз рус ва инглиз тилларида, худди ўзбек тилидагидек бемалол ўқиб, ёза оласиз), қолаверса, бой ҳаётий тажрибага эга эканлигида(гарчи ҳаётингизни муайян қисми Ўзбекистонда кечган бўлса-да, эндиликда кўп йиллардан бери Канадада яшаб келасиз)деб биламан. Ўзингиз шеърларингизда эстетик нафислик ва инсон руҳиятини шу узвийлик билан моҳирона боғлаган силлогизм табиати ҳақида нима дея оласиз?
Холдор Вулқон: — Шеърларимни мақтаганингни кўриб, истеъдодли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг бир гапи ёдимга тушди. У пайтлар Сирожиддин Абдулла Ориповнинг ўринбосари бўлиб ишларди уюшмада.Бир куни уюшмага борсам, у истеъдодли шоир Рустам Мусурмон билан гаплашиб турган экан. Кўришдик. Суҳбат жараёнида Сирожиддин мени табрикларкан: -Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев «Ватан» шеърингизни қўшиққа айлантирибдилар -деди. -Йўғе? -дедим мен ишонқирамай. -Рост, Рустам иккаламиз уйларига борган эдик , Шер ака ўша қўшиқни куйлаб бердилар бизга. Зўр чиқибди лекин -деди у. Мен ҳушхабар учун раҳмат айтиб, Сирожидиннинг «Соч толасидай чоки гирибонида куйдим» деган мисрасини тавсифлай бошладим. Шунда Сирожиддин: -Шоир билан муносабатни яхшилай десанг, унинг шеърини мақта -деган экан устоз Ғафур Ғулом -деди. Бу гапдан учаламиз кулдик. Энди мен ёзган шеърларда ростдан ҳам ўша сен айтгандай озгина оригиналлик, яъни ўзига ҳослик бўлса, демак, ижодда мен ҳам нимагадир эришибман, Худога шукр.Назмда манзара лирикаси жанри бадиий адабиётдаги, фалсафа, муҳаббат лирикаси каби икки дунёлик боқий мавзулардан бири хисобланади. Худо халқ қилган хилқат, яъний бизни қамраб турган борлиқ гўзалликларидан ҳайратланиш, улар ҳақда нимадир ёзиб, кимгадир ҳайрат ва туйғу бағишлашга уриниш эса, менинг энг севимли машғулотимдир. Ҳа, кўпчилик шоир одам халқ дарди ҳасратларини куйлаши, мазлумларни золимлардан ҳимоя қилиши керак -дейди. Мустабид ҳукмдорлар эзиб, азоблаётган халқ, золим қамчилари зарбасидан азоб чекканича ўз шоирларига умидвор қарайди. Чин маънодаги Худо юқтирган шоирларгина қатлгохда туриб ҳам золимлар кўзига тик қарай оладилар ва улар шохларнинг азалий ва мангу мухолифларидир. Шоирларни отадилар, осадилар, қувғин қиладилар. Шундай вазиятларда халқ ҳам ўз шоирларининг ҳимоясига чиқса эди. Лекин, мазлумларнинг халоскори эканман деб, шоирлар шеърларда қора бўёқни қуюқлаштириши, шеърни хақорат ва масхара қуролига айлантирмасликлари керак. Акс ҳолда ундай ёзғавалар санъат асари эмас, балки йиғи сиғи, оҳу фарёд, килкиллаб турган қон, йиринг тўла хақорат хандагига, қора шеъриятга айланади. Шоир одам ҳатто ижтимоий сиёсий асар ёзганда ҳам, мумкин қадар санъат даражасида идрок қилиш, фикр айтишга ҳаракат қилмоғи керак. Қолаверса, ижтимоий сиёсий шеърлар вақт ўтиши билан ўз фаоллигини йўқотиши, худди социалистик реализм йўлида ёзилган асарлар каби ўз муаллифидан олдинроқ ўлиши ва унутилиши ҳам мумкин.Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтираман. 1980 йиллари мен «Васият» номли пахта яккаҳокимлигига қарши шеър ёзганман. У шеър Тошкенда, Дўрмондаги ёзувчилар боғида ўтказилган Ёш ёзувчиларнинг 5 семинарида анча шов шувларга сабаб бўлган.
Васият
Мабодо мен ўлсам, мени ёқинглар,
Куйдириб, кулимни совуринг кўкка,
Сўнгра осмонгамас, ерга боқинглар,
Йиғлаб, кўз ёш тўкиб, тушганча чўкка.
Оппоқ кафанимни қизилга бўяб,
Шиорлар ёзинг бахт саодат ҳақда.
Сўнгра, хурсанд бўлиб: -тежалдия -деб,
Қабрим ўрнига ҳам экингиз пахта!
Мана энди пахта яккаҳокимлигига бархам берилди ва ўша шеърнинг актуаллиги қолмади хисоб. Шунинг учун ҳам мен барча ижтимоий ва сиёсий мавзуда ёзилган, белига қилич тақиб олган қаҳрли шеърларимни тўплаб, ҳаммасини ахлат қутисига улоқтирганман. Албатта, ҳар ким ўзи истагандай ижод қилади. Лекин шоирларимиз ижтимоий сиёсий бақир чақир ва фисқу фасод тўла ёзғиндилар билан ўзларининг покиза шеърларини, туйғуларини кир қилмай, боқий мавзуларда гўзал санъат асарлари яратишларининг тарафдориман.Бу борада бобомиз ҳазрати Алишер Навоийдан ўрнак олмоғимиз фойдали. Ҳазрат Навоий ҳох муҳаббат мавзусида бўлсин, ҳох фалсафий дидактикада бўлсин, фисқу фасоддан йироқ, бўёқлари кир қилинмаган картина каби ҳайратомуз санъат асарлари яратганлар. Бордию ижодда Мир Алишер Навоий ҳазратларидан ҳам ўтиб, ўзиб кетганлар бўлса, улар билан бахслашиб ўтирмаймиз. Мен шунчаки айтдим, қўйдим.
Ҳақиқий шоир ҳатто энг тушкун кайфиятдаги қора шеърни ҳам санъат даражасида ёза олади.
Француз шоири Эдгар Аллан По нинг қарға ҳақидаги поэмаси бор.Эдгарнинг ўша поэмаси қоп қора қайғуга лиқ тўла бўлсада, ўқиган одамни сеҳрлаб қўяди. Эдгар По бу маҳобатли картинани, соф санъат асарини сўз ёрдамида мусаввирона маҳорат билан ишлар экан, оламдан ўтган хотини Ленора билан боғлиқ чидаб бўлмас зил замбил изтиробларини бир дона французча «Жамей», яъний «Ҳеч қачон» деган дахшатли калима устига юклайди ва шу тариқа шеърдаги дард залворини, кўламини кенгайтириб, банддан бандга тобора кучайтириб бораверади. Аввалига ярим кечаси шоир каминда ёнаётган кўмир шуъласидан юзлари ёришиб, сояси деворда лопиллаб ўтирган маҳал эшик тақиллайди. Шоир «Бу тунаш учун жой сўраб кулбам эшигини оҳиста тақиллатаётган биронта адашган тунги йўловчидир?» дея ўйлайди.
Аниқ ёдимда… орзиқиш, кутиш… кеч куз зулмати
ўчоқда ёнаётган кўмир, алангасининг шуъласи…
О, қанчалар орзиқиб кутдим мен тонг отишини,
қийноқларга, изтиробларга, зулматда порлаган
чироқларданда маҳзун ва маъюс олис кунларим
ва Ленора ҳақдаги саволларга жавоб ахтариб.
Ёқутранг дарпарда нафасимдан хилпиллар экан
қайғу тўла юрагимда титроқ ва алахсираш, ҳамда
тушунарсиз қўрқувни енгиб, ўрнимдан туриб:-
назаримда, адашган йўловчи ярим тун зулматида
тунагани жой сўраб, кулбам эшигини оҳиста, оҳиста
тақиллатмоқда — дея пичирладим ўзимга ўзим.
Шубҳаю ҳавотирларни енгиб, мен дедим:-
Ярим тунда мудраб, эшикни оҳиста тақиллаганин,
тушуниксиз чертки товушини эшитмай қолганим
ва бироз ҳаяллаганим учун афу этгайсиз мени -дея
кулбам эшигини оҳиста очдим, очдиму лекин ташқарида,
йўқ эди зулматдан бошқа ҳеч нарса.
Ҳали ҳеч ким кўрмаган сирли тушни кўраётгандай
нигохим ҳайратдан соққадай қотди.
Тун зулмати эса, ҳамон аввалгидек сақларди сукут.
Фақат менинг қуёшим — Леноранинг номи янграрди,
яъни шивирлардим мен унинг исмини қайта ва қайта,
бошқа ҳеч нарса.
Мен титраб, қайрилиб, яна ўз ҳонамга қайтдим,
лекин, кўп ўтмай, яна тақиллагандай бўлди нимадир.
Бу сафар товуш эшитилди аввалгидан кўра аниқроқ.
«Балки дарахт шохи шамолда тебранган маҳал
дарча ойнасига тегиб кетгандир?» дея ўйладим.
Ҳа, у шамол, бошқа ҳеч нарса.
(Холдор Вулқон таржимаси)
Таржимани тўлиқ келтирсак, суҳбат хажми чўзилиб кетади. Поэмани қисқароқ изохлайман.
Шоир кулба эшигини очаркан, ташқарида қоронғу зулматдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини кўриб, ҳайрат ва қўрқувдан аъзойи бадани жимирлаб кетади. Эшикни ёпиб, жойига келиб ўтирса, яна нимадир тақиллайди. Шоир балки шамолдир деб ўйлайди. Ва ойнаси охиста тақиллаётган деразани очса, ичкарига қоп қора қарға учиб киради ва кулба эшиги устидаги ҳайкалча бошига қўнганича индамай ўтираверади.
Шоир қарғага: — Эй попишаги юлинган қуш, тун ва қаро зулмат абадий ҳукмрон бўлган жойда сенинг номинг нима эди? — дея сўраса, қарға: «Ҳеч қачон!» дея жавоб беради. Қарагин, қарғанинг исми «Ҳеч қачон» экан. Нақадар мудхиш, қўрқинчли исм! Шундай эмасми? Шоир қарғага қайта ва қайта саволлар бераркан, фақат бир жавобнигина олади. «Ҳеч қачон!» — Айтгин, эй қуш, мен севимли Ленорам билан арши аълода яна қайта учрашаманми? -деса, қарға яна: «Ҳеч қачон!» дея жавоб бераркан, шоир: -О қарға, менинг юрагимдан қонли тумшуғингни суғир! -дейди. Қарға бўлса яна: «Ҳеч қачон!» дея жавоб беради. Охири қарға каттариб, ҳеч қачон оқармайдиган қоп қоронғу зулматга, зимистонга айланади. Бу поэма инсон ўлса, бу дунёга абадий қайтиб келмаслиги каби дахшатли «ҳеч қачон» деган бир дона сўз устига қурилган ёлғизликнинг қайғули сурати. Кўраяпсанми, сеҳргар шоирнинг санъатини, сўз сеҳрини, жодусини?! Агар қора шеърни шу даражада қойиллатиб ёзадиган шоирларимиз бўлса, мен уларга фақат қойил қолган бўлардим. Чунки бу поэмада, майда ғийбат, фисқу фасод йўқ. Дард бор, фақат дард!
Ҳа, мен рус ва инглиз тилларида бемалол сўзлаша оламан ва ёза биламан. Эстетик нафислик тўғрисида тўхталсак, ижодкорлар, жумладан ўзинг ёзган латиф шеъру ҳикоялар сенинг руҳиятинг, борлиғинг билан узвий боғлиқ ҳаётий силлогизм, яъний ақлий хулосадир. Бадиий ижод аҳли, у қайси соҳага мансублигидан қатъий назар, барчаси ёппасига нусхакаш, кўчирмакаш, қип -қизил плагиатлардир. Улар ўз асарларим деб юрган нарсалар аслида Худои Таоло ва Таборак устунсиз, пойдеворсиз, барпо этган азалий мавжуд фазодаги муаллақ дунёнинг нафис гўзалликларидан кўчирилган нусхалар ҳалос. Яъний бу оламда биронта плагиат бўлмаган рассом ҳам, композитор ҳам, шоир, ёзувчи ҳам йўқ. Улар табиатдан кўчирган нусхаларнинг энг нафиси ҳам, Худои Таоло яратган хилқат гўзаллиги қаршисида тўпоридир, ғоят қўполдир.
Шерзод Комил Ҳалил: — Насрий асарларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Мен бу ўринда ижодингиздаги жиддий креативлик ва сатиранинг уйғунлигини тушунишни истардим. Бир ёзувчи табиатида ҳам жиддий драматизм ҳам сатиранинг хослигини қандай тушунтирасиз?
Холдор Вулқон: — Синчиклаб боқсанг, инсон ҳаётининг ўзи бошдан оёқ трагикомедиядан иборат. Инсон бир кун кулса, уч кун хафа бўлиб юради. Ақлли одамлар ўзи шундоқ ҳам ғам қайғуга тўла дунёда ўз умрини оғуга бўктирмай, иложи борича қувноқ яшашга ҳаракат қиладилар.Мен ҳам прозаик асарларимда юмордан, сатирадан фойдаланаман. Асарни ўқиётган одам зерикиб, эснамасин, қийналмай ўқисин ва ўқиётиб, асар тугаб қолаётганидан ташвишга тушсин дейман. Бунга қай даражада эриша олганимни ўқувчилар айтар.Баъзан ўзим ёзган, ҳали ҳеч ким эшитмаган латифаларни ҳам асарларга киритиб юбораман. Кейин бундааай қараб, агар ўша нарса таржимда бошқа тилларга кўчмаслигини англаб етсам, уни дарҳол асардан чиқариб ташлайман. Гап сатира ва юмор ҳақида борар экан, шундай латифалардан бирини ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилсак.
Ҳуллас, бир одам сомса, шашлигу, қази қартани саримсоқ пиёзга қўшиб еб, автобусга чиқибди. Чиқиб, кекириб юборибдилар. Автобус тўла одам. Салонни саримсоқпиёзнинг сассиғи тутиб кетибди. Шу маҳал орқа ўриндиқда ўтирганларича сигарет чекиб, қарта ўйнаб кетаётган барзанги йигитлар ҳалиги одамга ўқрайиб, хунук қараб қўйишибди. Кекириб юборган одам анча юргач, секин ҳалиги барзангиларга қараб, қўлини кўксига қўйганича: — Акалар, узр энди, кекирасизлар -дер эмиш. Бу гапни эшитиб, барзангилар бироз ҳайрат билан бармоқларини чаккаларига парма қилиб: -Бечаранинг томи болахонаси билан бирга сурилибди -дея ачинишибдию яна қарта ўйнашда давом этишибди. Шунда ҳалиги одам яна барзангиларга қараб: -Акалар, намунча такаббурсизлар? Ҳа, одам кекирим сўраганда, кекириб қўйсаларинг нима бўлади? -дебди. Бу гапни эшитиб барзангилар ғазаб билан ўрнидан тураркан, улардан бири: -Э, бу жиннихонадан қочган жинни шекилли! Ур, автобусдан тушириб юбор! Тевиб тейла! -деб, кекиргични эшик тамон сура бошлабди. Шунда кекиргич автобус тутқичини махкам ушлаганича: -Йўқ, кекирмагунларингизча автобусдан тушмайман! -дебди, ўжарлик қилиб, оёқ тираганича.Барзангилар кекиргични катта тезликда кетиб бораётган автобусдан тепиб, тушириб юборишибди. Кекиргич автобус эшиги билан бирга ерга қулабди. Кейин чанг тўзон ичра яримта ғишт бўлагини топиб олиб, автобуснинг ортидан отаркан: -Аблахлар! Одам деган сал кекиримли бўлиши керакда! -дер эмиш. Бу эпизод гарчанд кулгили бўлсада, таржимада кўчмайди. Утилизация қилинган ўша латифа жонвор суҳбатимизга асқотганидан хурсандман.
Шерзод Комил Ҳалил: — Айни кунларда қандай асарлар устида ишлаяпсиз? Истиқбол режалари қандай?.. Ижодингизда ўзингиз истаган босқичга чиқа олдингизми, эртанги кундан адабиёт борасида умидингиз қандай? Адабиёт оламига энди кириб келаётганда нимага эришмоқчи эдингиз, нимага эриша олдингиз? Адабиётдаги орзуларингиз ва армонларингиз ҳақида тўхталсангиз. Келажакдаги ўзбек адабиётидан нима кутаяпсиз?
Холдор Вулқон: — Айни кунларда ёзган чизганларимни инглиз тилига таржима қилиш билан бандман.Ижодимда ўзим истаган босқичга кўтарилганимча йўқ. Агар ўзим истаган чўққига кўтарилсам, ижод тақа тақ тўхтайди. Бу эса, фожиа.Кўплар балки ишонмас, лекин мен баъзан тушларимда ҳам ёзиб чиқаман. Мен деярли йигирма йил хорижда, адабий мухитдан, шоир ёзувчи дўстларимдан узилган ҳолатда ҳаёт кечирмоқдаман. Худди шу йиллар давомида уй қамоғида ўтирган одамдай. Гарчанд мен оила аъзоларим, бола чақаларим, невараларим даврасида ҳаёт кечирсамда, ижодкор сифатида ёлғизман. Ўзимни ёлғизлик деб аталган кимсасиз оролда яшаётган Робинзон Крузодай ҳис қиламан. Соҳилда гулханлар ёқиб, бепоён ҳаёт денгизида кемаларнинг йўлига умидвор қарайман. Мен чексиз коинотда бир ўзи танҳо яшайдиган ИНСОНИЯТ каби ёлғизман.Соҳилдаги қумда баъзан адабиётни тушунадиган сенга ўхшаш одамларнинг изини кўриб, қувонаман.Шундай вазиятда мен учун ёлғизликда ақлдан озиб қолмасликнинг ягона йўли бадиий ижоддир.
Орзу етиб бўлмайдиган нарса. Шунинг учун донишманд халқимиз «Нийятингизга етинг» дея дуо қилади. Орзунгизга етинг деб эмас. Нийятим Ватанимга борсам, менинг ҳам ёзган чизганларим ҳамма ёзувчилар қатори она Ватанимда нашрдан чиқса, китобларим халқимиз қўлига етиб борса.
Келажакни кўриш учун эса, бугунга назар ташламоқнинг ўзи кифоя. Бугун замонавий адабиётимизнинг кенжа авлодига мансуб, истеъдоди чақмоқдай ярақлаган ёш ёзувчи шоирлар ижодини кўздан кечириб, тўғриси, уларга ич ичимдан ҳавасим келади. Шулардан бири сен ўзингсан.Мақтовлардан талтайиб кетма. Сен ва сен каби дидли ижодкор ёшлар бор экан, адабиётимиз келажаги буюк дея баралла айтиш мумкин.
Шерзод Комил Ҳалил: -Мароқли суҳбат учун катта раҳмат.
Холдор Вулқон: — Сенга ҳам раҳмат.