Ҳалима Аҳмедова
Шеърлар
Ҳалима Аҳмедова 1960 йилда Бухоро вилоятининг (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа тумани, Пўлат қишлоғида туғилган. ТошДу (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг филология факультетини, кейинчалик Москва шаҳридаги Олий адабиёт курсини тамомлаган ўқиган. “Кўзимнинг тили”, “Тунги марварид гуллар”, “Эрк даричаси”, “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси”, “Нигоҳ қибласи”, “Шафақ ибодати”, “Ёсуман гулининг сояси”, “Ташбеҳ”, “Яшил” номли китоблари чоп этилган.
МУНОЖОТ
Эй дард, кўзларимга солмагин парда,
Мен ёнган оташнинг кулимасми сен?!
Ёшлигимнинг ишққа тўлган кунларин —
Жавоби, ҳам сўлғин гулимасми сен?!
Фурсат бер, кўнглимни ювай тонг билан,
Шудрингга тулдирай кўзим жомини.
Шунча яшаб ҳали топганимча йўқ,
Афсунгар ва дилбар хаёт номини.
Туннинг дарахтида пишган олмалар —
Юлдузлар ҳидидан айланар бошим…
Агар, ошиқ бўлсанг мискин жонимга,
Кўнглингга келмасин аччиқ кўз ёшим.
Эй дард, ёлвораман
Аллоҳ ишқила,
Қоронғу нигоҳим этгил мунаввар.
Бедард шамол каби кезай боғларни,
Куёш уфклардан келтирса хабар.
Осмонга юксалган дарахтлар каби
Зумрад ҳаволарни туйиб яшайин.
Ўлимдан қўрқмаган майсалардайин —
Ўзимни бир бора суйиб яшайин.
Эй дард, кўзларимга солмагин парда…
ВАТАН
Мен ҳеч кимга кўтармадим қўл,
Ва ҳеч кимга етмас зиёним.
Аммо сенинг олдингда тупроқ,
Айб қилгандай титрайди жоним.
Райҳонларга чулғаниб кетган —
Онам ҳиди келади сендан.
Биламанки хокисоргинам,
Сен ҳеч нарса кутмайсан мендан.
Маломатга қолиб бу бошим,
Сенга бағрим бериб ётган чоғ.
Юпатдинг ҳам, тушундинг мени —
Дўсту яқинларимдан кўпроқ
Мен туғилган кунимдан бошлаб,
Талпинганим сен бўлдинг, ишон.
Сенинг зарра-зарраларингда —
Ҳақ жамоли бўлди намоён.
Ўзга тупроқ тортмас дилимни,
Жойнамозим ўзинг, чўкдим тиз.
Ахир сендан юрагимгача
Боғлаб турар илоҳий илдиз.
Болам деб хўп яйратдинг мени,
Имкон бердинг ўйнаб кулгани
Фақат мени ўлгандан сўнг ҳам —
Қучоғингга олсанг бўлгани.
***
Жуда гўлман,
Жуда бефаҳм,
Ишонаман, ким нима деса.
Ҳатто дарахт бўлишин айтиб,
Алдаб қўяр
Кичкина майса.
Муҳаббатнинг кўчаларида
Минг адашиб алданганим рост.
Юпатаман ўзимни гоҳо:
Алданиш ҳам ошиқларга хос.
Ғанимлардан шикоятим йўқ,
Дўстлар мени алдади ёмон.
Гарчи умид, орзуларимни
Меҳр билан этганман эҳсон…
Ҳаёт эса қистайди ҳамон:
Яхши кун бор олдинда,
Югур…
Кўп алданиб чарчаган кўнглим
Не учундир,
Бўлар беҳузур.
Мен ҳам энди анойи эмас,
Ҳаёт, мени алдама сен ҳам:
Ўша кунга етиб боргунча
Ўлмайсан, деб,
Аввал ич қасам.
***
Бегуноҳ парвардигор,
Гуноҳкорман олдингда..
Майсаларга айлансам,
Қоламанми ёдингда?!
Райҳон барги силкиниб,
Юз очса шаббодага,
Шабнамга кўнгил берсам,
Қонаманми бодага?!
Ишқ фаслидан адашиб,
Дил сўраса қалдирғоч.
Карбало дашти учун
Жоним бўларми хирож?!
Субҳидам кокилларин
Тараса малак ёғду.
Мендан умидин узиб,
Ташлаб кетарми қайғу?
Бегуноҳ Парвардигор,
Гуноҳкорман олдингда
Ҳалимадан воз кечсам
Қоламанми ёдингда…
Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизликда адашган манму?
Оллоҳ, кафтларингда бир куни
Майса бўлиб эгиламанму?
* * *
Ёмғир каби ёғилса жоним,
Қароғларим бўлармикин жом?
Тиғ урилган бағрим қонига
Юрагини чаярму оқшом?
Мен нур бўлиб ўпсам жимгина,
Дил шаҳрининг эртакларини,
Тилларида сўзлашаманму
Онам қабрин чечакларини?
Қушлар кўзин қорачиғида,
Асир этиб кўмилган манму?
О, жаҳаннам оташи, сандан
Қочиб, санга интиламанму?
Кўз ёш каби силқиган жонни
Ичканида ичиккан дийдор,
Дил қонидан ман сарҳуш ўлсам,
Бандангманму, айт, Парвардигор?!
Хаёл кечалари қисмат боғида,
Ёлғизлиқда адашган манму?..
* * *
Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Кишанлар ясадим қоронғу тундан.
Қонаган оёғин кўзимга суртиб,
Бир юрак сўрадим телба Жунундан.
Вужудни хокистар этди аланга,
Япроқни куйдирди тийра бўзларим.
Қайта дарахт бўлиб юксатарманми,
Тупрокқа тўлганда ишқли кўзларим?
Яратган, азобинг ичра очилдим,
Гарчи нигоҳингда ниҳон эдим ман.
Заминга хокистар бўлиб қоришдим,
Қушлар кўзидаги осмон эдим ман.
Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,
Ашким дарёсидан юраккинам нам.
Дилнинг кўз ёшини қурита олмас
Ўн саккиз минг олам қуёшлари ҳам.
Сўнгагим ичида оққан баҳорлар,
Ё раб, музлагайми умрим сўнгида?
Менинг ишққа тўла ўжар юрагим
Чирсиллаб ёнмоқда кўзим ўнгида.
Ёнган юрагимни кўмаман ўзим,
Япрокдар бандида қолар доғларим.
Бир кун дарахт бўлиб юксалсам, Оллоҳ,
Мени танигайми кузги боғларим?!
* * *
Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Балки у хаёлим, балки афсонам.
Покиза кунларин шу йўлга боглаб,
Кечмоқда қисматим — йўловчи санам.
Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Юрагим вужуддан кетар ситилиб,
Яшайман кимнингдир ёдидан қочган –
Адашган арвоҳдай унга интилиб.
Уфқлар ортида зангори йўл бор…
Руҳимни излайман, қайда у, эвоҳ?
Осмон, юлдузларнинг қабрини кўрсат,
Унда кўмильганми руҳим бегуноҳ?
Уфклар ортида зангори йўл бор,
Ўлим эрк устига қадалган туғдир.
Кетаман, қонталаш уфқ ортига,
Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир.
Уфқлар ортида зангори йўл бор,
Ҳайқир, далли дилим, сен нечун нигун?
Нега жим кечасан, лаъливаш қоним,
Сен кимни изисан, кўзимдаги мунг?
Уфқлар ортида зангори йўл бор…
* * *
Салом, бошим узра айланган хазон,
Келдингми, кўнглимда этавергин сайр…
Кўзимга гўдакдек жовдираб боққан
Ям-яшил умидлар, хайр энди, хайр…
Соғиниб боряпман, нафасма-нафас…
«Қишлоқдан нима олиб борай?»
(Укамнинг сўрови)
Кузнинг оқшомида осмон хўмрайган,
Олисда бир юлдуз титрайди дилгир.
Ечинган дарахтлар талвасасида —
Негадир қуёшдан олдим хавотир….
Кун сайин жонимнинг ичкарисида,
Улғайиб боради аллақандай чўғ.
Теграмдан айланиб ўтади кунлар,
Қачон яшаганим эсимда ҳам йўқ.
Деразамдан боққан хазонлар билан
Дарди ҳол қиламан телбаларга хос.
Ўйлайман гоҳида ўзимдан қочиб:
Дунёга шунчаки келганман холос…
Нега тирилишни истамаяпман
Менсиз ҳам ўликлар тўлган замонда?!
Дуч келган одамдан сўрайвераман:
Хабарингиз йўқми қуёш томондан?!
Сен қўнғироқ қилдинг қуёш томондан
Ёки хаёлимда бу бўлди содир.
Исо Масиҳдаги нодир нафасни
Ҳар бир ҳужайрамда сезаяпман ҳозир.
Ҳозир икки дунё ўртасидаги
Йўлдайин сархушман,
Йўлдайин музтар.
Кузнинг оқшомида бу совуқ симлар,
Қизиб кетди сендан келтириб хабар.
Шаъм эдим яна ҳам баландроқ ёндим,
Сенинг овозингни эшитган маҳал.
Хазон қамалида қолган уйимга.
Меҳринг кириб келди ўзингдан аввал.
Укажон,
Қишлоқ осмонида сузган булутнинг
Тўзғин хаёлини келтиргин менга.
Дадамни соғиниб сарғайиб кетган —
Боғнинг шамолини келтиргин менга.
Ҳануз уйимизда осиғлиқ турган,
Онам нимчасининг ҳидин қўмсар дил.
Унинг тугмасида бизни кўрганда,
Порлаб кетадиган нурни олиб кел.
Ҳеч кимдан сўрамай томорқамизда,
Фасл танламасдан ўсгувчи гулнинг
Шиддату шахдини олиб кел менга
Токи тирилтирай сўлган кўнглимни.
Олифта оҳанглар тегди жонимга,
Соғиндим ҳаётнинг ҳалол авжини.
Олиб кел қишлоқча куйлаган ўша.
Нотага сиғмаган ариқ мавжини.
Юкинг анча оғир бўлади, магар
Уларни оғринмай елканга юкла.
Қўрқмагин, ақлдан озганимча йўқ.
Хўрсинма,
Мен энди тирикман ука.
Менга далаларнинг қалбин олиб кел.
2
Деразамнинг ёнида,
Ку-кулайди мусича:
— Райҳон экиб берайми?
— Райҳон экиб берайми?
Ҳаёт кўнглин пайпаслаб
Энтикиб кетади куз:
— Армон экиб берайми?
— Армон экиб берайми?
Ёмғир кўзу қошимда
Тушар рақси самога:
— Маржон экиб берайми?
Маржон экиб берайми?
Жон даласин бошида
Куймаланар деҳқон ишқ:
— Ҳижрон экиб берайми?
— Ҳижрон экиб берайми?
Қайга қочай ўзимдан
Эски дилимга янги —
— Жаҳон экиб берайми?
— Жаҳон экиб берайми?
3
Менга шодлик юбор,
Ва яшил умид,
Райҳонлар нафаси сўнаётган дам,
Ишқдай беғуборлик юборгин яна,
Ўзимда тонгларинг кўрайин мен ҳам…
Ва борай қушларнинг анжуманига.
Парвозни ўрганиш учун олай дарс,
Катталашиб борар ахир кундан кун,
Дунё билан менинг орамдаги дарз.
Менга шодлик юбор,
Қайғудан ортган.
Ва дил пардасида чалгувчи рубоб,
Сени маст айласа, ёзғирма мени,
Кўзим косасида чайқалган гулоб.
Менга шодлик юбор
Ва беғуборлик
Бунча кўп киряпман ернинг тушига,
Ҳолим ўхшаб борар лаҳзама-лаҳза,
Соҳилнинг денгизга талпинишига.
Шафақ кўзгусидан ўчирмай тургин,
Ҳали ҳам кўнглимга беряпман пардоз.
Руҳимдаги баланд туғёнлар билан —
Бандангман, бандангман, бандангман, холос.
Менга шодлик юбор,
Ғамдай чиройли,
Ва тундан сокинлик,
қалдирғочдан сас.
Дилимдаги дилни,
Жондаги жонни,
Соғиниб боряпман, нафасма-нафас…
Менга шодлик юбор,
Ғамдай чиройли.
4
Эй тун, саҳарим бор сендан айрилсам,
Шамсу меҳварим бор сендан айрилсам.
Юзинг оқ, қилмишинг бунчалар қора,
Эй дўст, зафарим бор, сендан айрилсам.
Кунларим кунларга уриб синдирдинг,
Зеру забарим бор сендан айрилсам.
Ғамнинг бутасида, гуллатдинг кўнглим,
Недан хатарим бор сендан айрилсам.
Нигоҳингни йиртсам заққум кўринди,
Ҳақдан назарим бор сендан айрилсам.
Кулган қуёшимни йиғлатдинг фосиқ,
Нурдан хабарим бор сендан айрилсам.
«Менсиз тупроқсан», — деб қўрқитма ҳаёт,
УНГА сафарим бор сендан айрилсам.
Йиллар туҳфа қилган гўзал изтироб
Устоз Иброҳим Ғафуровга
1
Боғлар тушига киради осмон,
Хазонни опичлаб ўйнайди шамол.
Тўққизинчи қават деразасидан —
Оқиб чиқаверар муаттар хаёл.
Бу хаёл лиммо-лим соғинчга тўлган,
Ненидир излайди йиллар қатидан.
Ором топиб қайтар баъзи-баъзида,
Болалик кунларин зиёратидан.
Туннинг юрагини ҳовучлагандай,
Деразада ўйнар чироқ шуъласи.
Ва тонг қалбин жойлаб сўзлар кўксига,
Ухламай чиқади хаёл эгаси.
Ажин эмас унинг манглайидаги —
Китоб саҳифаси эрур беҳисоб.
Кўнгил хонасида яшайди дўстдек,
Йиллар туҳфа қилган гўзал изтироб.
Ундан ҳол сўраманг, сўз сўранг ундан,
Ҳаяжон тошқини тошаётган дам.
Қаҳ-қаҳа уради ғамлар устидан,
Умрини китобга едирган одам.
2
Мумтоз мусиқадай жаранглар ҳаёт,
Тунлардан-тунларга, кундан-кунларга.
Ярми хазин, ярми шодликка тўлиб-
Кетиб бораяпти тирик аланга.
Сўлим туйғуларда, сўлим ҳисларда
Эркалаб қўяди мумтоз ҳаётни.
Жонидан ортиқроқ суяди балки,
Ватан тимсолида адабиётни.
Осмон кенглигини, вақт шиддатини
Таржима қилади уфқ тилига.
У хокисор ҳамда ўчмас аланга,
Нур сочишга келган халқнинг дилига.
Ҳар майса ёнида хаёлга толиб,
Борлиққа ўргатар унинг шевасин.
Диллардан-дилларга қилади тортиқ,
Туйғу дарахтининг ширин мевасин.
Худодан келган сўз,
Ва юрак қонин —
Қўшиб юракларга қўяди малҳам.
Бир ҳовуч ёғдуга чаяр дунёни,
Кўнглини қуёшга едирган одам.