Шарифжон Аҳмад ўзбек замонавий адабиёти, наср модернизмининг асосчиларидан бири. Бадиий диди юксак бундай ёзувчилар адабиётимизда бармоқ билан санарли даражада оз. Темур Пўлатов, Ҳайриддин Султон, Олим Отахон, Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Саломат Вафо, Тўхтамурод Рустам ва бошқа бир қатор ёзувчилар ижодини шундай баҳолаш мумкин. Шарифжон Аҳмад Андижон вилоятининг Асака туманида дунёга келган.У ҳозир тақдир тақазоси билан Нидерландияда яшаб, бадиий ижод ва таржимачилик билан шуғулланади.
Шарифжон Аҳмад
Ватанлар узала
(Ҳикоя)
— Айтгин-чи, кишида Ватан нечта – неча дона, неча нафар – қанча бўлади?
— Билсанг-билмасанг – битта, нари борса – хоҳлаганча.
— Қалам-чи, қалам қанча бўлади?
— Тушунмадим…
— Демоқчиман:
боягина бу ерда учта қалам бор эди, биттасини бергин – шу гапларни ёзиб қўяй.
ВАТАН (I).
Сиз ўзингизни ҳеч чиғаноқ туйганмисиз?
Чиғаноқлар асосан денгиз тубларида ва соҳилларда кўплаб учрайди. Ана уни пуфласангиз, пуфламай қулоққа тутсангиз, товушлар сизни адо қилади. Худди ана шу чиғаноқлар ичида шиллиққуртлар яшайди. Улар шундай шилимшиқки, гўрига минг бора ғишт қаласангиз-да шиллиққуртлигини ҳеч ташламайди.
Мен шиллиққуртман. Гоҳи замон шундай шиллиққуртлик қилгим келадики, чиғаноғимдан чиқмай куну тунларимни еб битиравераман. /Наҳот битта, биттагина Ватан?/ Албатта, туну кунларимни еб битиргач, баъзида қўзичоқдай булоқ сувларини ҳовучлагим, наҳанг каби тоғларда тухум қўйгим, наҳанг каби тоғларда тухум қўйиб, қобонларнинг қонини ичгим ва одамлардек шиллиққурт бўлгим келади.
Мана, ҳозир сабоқдош қизнинг қўлидан тутаман. Қўлидан тутаман-да, чамаси биттагина чиғаноқ етишмаяпти сизга, демак, бошпанасиз кимсасиз, мен сизни ўз чиғаноғимга киритаман, аммо бир шарти бор, дақиқасига фалон танга ижара ҳақи тўлайсиз, ана ундан сўнг сиз ҳам тоғларда бемалол тухум қўя оласиз, юринг мен билан, дейман. Қиз кўзларимга фаромуш қараб туради-туради-да, ижара ҳақи тўлай олиш қурби йўқлигидан афсус чекади. Мана бундай:
-…с-у-у-с…
Яна “мана, ҳозир” – айни шу ҳикояни ёзишда давом этаман. Давом этарканман, яна шундай дейман: мен яна бир бировни биламан. Ҳозир уни йўқлаб бораман. Йўқлаб борганим заҳоти эса чиғаноғимни ўғирлаб кетишганини англайман.
ВАТАН (II).
Мен кўм-кўк ва зангор тушлар кўраман. Тушларимда мен Ватан нима эканлигини биламан.
Зимистоннинг даричасини очиб турган панжарадор дераза, деворга ёлғиз илиб қўйилган жимиртак сурат, ҳар бир сўз, ҳар бир сатрини Искандар Мақдуний шиддати билан забт этганинг китоб, синоатнинг сирига етмаслигинг, илк бора муҳаббат кўрфазида чўкиб ўлганинг – бариси Ватан.
Мен қувғинлик нима эканлигини биламан.
Зимистоннинг даричасини очиб турган панжарадор деразага тортилган парда, деворга ёлғиз илинган жимиртак сурат ёнидаги дурдона, ҳар бир сўз ва ҳар бир сатрини Искандар Мақдуний шиддати билан забт этганинг китобни шаҳарнинг бошқа бир четида яна кимдир биров харид қилгани – буларнинг бариси – қувғинлик. Сўнг… сўнг тушларингга баҳайбат ВАТАН кирса, билки, бу ҳам қувғинлик.
Мен тушларимда…
— Айтгин-чи, кишида Ватан нечта – неча дона, неча нафар – қанча бўлади?
— Билсанг-билмасанг – битта, нари борса – хоҳлаганча.
— Қалам-чи, қалам қанча бўлади?
— Тушунмадим…
— Демоқчиман:
боягина бу ерда учта қалам бор эди, биттасини бергин – шу гапларни ёзиб қўяй:
/Истайманки, саноқсиз бўлсин Ватан,/қишлоқдаги дўкондек битта бўлмасин Ватан,/кишилар чопмасин ҳар кун фақат бир дўконга,/ҳар уйда бўлсин битта-милён дўкон./Кеча, бугун, эрта – кунларга ҳокимлик қила олсин якка/ҳар ким, хоҳласа нимта-нимта қилиб олсин кунларни/ва саноқсиз шу вақт бўлакларида/боқий ватанлар узра учиб ўтаркан,/ҳайқирсин — /вақтли ватанларда парвоз қилиш нақадар тотли!/
1989 йил.